UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 14-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 14 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 14 октября 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 14 October 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

[Кўчирма]

Фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигини ошириш орқали ғалла ҳосилдорлигини ошириш бўйича олиб борилган тизимли ишлар натижасида жорий йилда 7 млн тоннадан ортиқ ғалла етиштирилиши таъминланди.

Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган ғалла нархини ҳосилдорликдан келиб чиқиб белгилашни назарда тутувчи янги тартиб жорий этилди. Бунинг натижасида жорий йил ҳосилидан қабул қилинган ғалланинг ўртача харид нархи бир тоннаси учун 1 420 минг сўмни ташкил этди ёки ўтган йилга нисбатан деярли икки баробарга ошди.

Бозор муносабатлари иқтисодиётнинг барча жабҳаларига кенг жорий этилиши, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятнинг эркинлаштирилиши аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг ғалла ва уни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотларга ошиб бораётган талабларни тўлиқ қондириш имкониятини яратди.

«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизимидаги ташкилотлар томонидан 2018 йилда 1 470 минг тонна ва 2019 йилнинг 9 ойида — 1 077 минг тонна ун ишлаб чиқарилган, шунингдек, 2018 йилда тадбиркорлар томонидан 650 минг тонна ун ва деярли 2,3 млн тонна дон, 2019 йилнинг 9 ойида эса 345 минг тонна ун ва 1,7 млн тонна ғалла импорт қилинди, бу ўз навбатида аҳолига ун ва ноннинг узлуксиз етказилишини таъминлаш имконини берди.

2018 йил 1 октябрдан 2019 йил 1 октябрга қадар чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик хўжаликлари ва спирт ишлаб чиқарувчи маҳаллий ташкилотлар ҳамда бошқа тадбиркорлик субъектларига биржа савдолари орқали 900 минг тонна ғалла сотилди.

Шунингдек, 2018 йил октябрь ойидан бошлаб олий навли ун барча истеъмолчиларга биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилмоқда. Бундан ташқари, 2019 йил март ойидан буён макарон, қандолатчилик маҳсулотлари ҳамда ноннинг миллий турларини ишлаб чиқарувчиларга биржа савдоларида 70 минг тоннадан ортиқ I навли ун тоннаси 1,5 млн. сўмдан 2,1 млн сўмгача бўлган нархларда сотилди.

Шу билан бирга, I нав уннинг улгуржи ва чакана нархларини маъмурий тартибда белгилаш нархларни шакллантиришнинг тўлақонли бозор механизмларини жорий қилиш имконини бермаяпти ва ун ишлаб чиқарувчи ташкилотлар ишлаб чиқарилган ва сотилган ҳар бир тонна ундан салкам 900 минг сўм зарар кўрмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш тўғрисида» 2019 йил 9 октябрдаги 2787-III-сон қарори ижроси юзасидан, шунингдек, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини янада камайтириш, дон ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳасига ҳамда ун нархларини шакллантиришга тўлақонли бозор муносабатларини жорий этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясининг манзиллигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2019 йил 15 октябрдан:

«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилади. Бунда, ғалланинг бошланғич нархи сотувчи томонидан амалдаги харид нархи, тайёрлаш, ташиш, сақлаш ва бошқа харажатлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади;

давлат харидлари доирасида сотиб олинган буғдойни қайта ишлашдан олинадиган ун барча истеъмолчиларга ҳеч қандай чекловларсиз 100 фоиз олдиндан тўловни амалга ошириш орқали очиқ биржа савдоларида сотилади. Бунда, 2019 йил 1 декабрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан шакллантирилган рўйхатга киритилган қолипли нон ишлаб чиқарувчи ташкилотларга, унни биржа савдоларида 30 фоиз олдиндан тўлов ва якуний ҳисоб-китобни 10 кун ичида амалга оширишга рухсат этилади;

ун нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида 2019 йил ҳосилидан тайёрланган буғдойнинг тоннаси ун ишлаб чиқаришга 1 300 минг сўмдан улгуржи нархларда сотилади. Бунда, буғдойнинг ўртача харид нархи ва улгуржи нархи ўртасидаги 120 минг сўм миқдоридаги салбий фарқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қопланади;

«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизимидаги ташкилотлар ўртасида ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойнинг ички айланмаси қўшилган қиймат солиғисиз улгуржи нархларда (1 300 минг сўм) ҳамда тайёрлаш, ташиш ва сақлаш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

2. «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компаниясига қуйидагилар юзасидан масъулият юкланади:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда донни қайта ишлаш ташкилотлари савдо кунлари бўйича тасдиқланган ҳажмдаги ун ва дон маҳсулотларининг узлуксиз биржасавдоларига қўйилиши ҳамда ушбу маҳсулотларга талаб ортганда биржа савдоларига қўшимча ун ва дон ҳажмларини қўйиш;

календарь ойи бошланишидан 5 кун олдин биржа савдоларига қўйиладиган ун ва дон ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ ва «Тошкент товар хомашё биржаси» АЖнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш.

3. Белгилансинки, ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектлар биржа қоидаларига амал қилган ҳолда биржа савдоларида маҳаллий ҳамда импорт қилинган ун ва дон маҳсулотларини эркин сотиш ва сотиб олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖ ва «Тошкент товар хомашё биржаси» АЖ билан биргаликда ички бозорда нархларнинг сунъий равишда ошиб кетиши ва бозордаги бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, зарур ҳолларда, бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилинадиган ун ва доннинг максимал миқдорини (лимитини) белгилайди ҳамда талаб ва таклифдан келиб чиқиб ушбу ҳажмларга тузатишлар киритади.

4. «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси томонидан ун ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг харажатларини 18,9 млрд сўмга мақбуллаштириш ҳамда маҳсулот таннархини 10,3 фоизга арзонлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2019 йилда бюджетдан маблағ олувчиларнинг ун ва қолипли нон харид қилиш билан боғлиқ қўшимча харажатларини қоплаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағ ажратсин;

бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар ҳамда белгиланган ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдорида пенсия олувчиларига ҳар ойлик пул компенсацияси октябрь ойи учун қайта ҳисоб-китоб қилиниб ноябрь ойида тўланишини таъминласин;

2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ушбу қарорнинг амалга оширилиши билан боғлиқ харажатларни қоплашга маблағлар ажратилишини назарда тутсин.

7. Қуйидагилар учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг шахсан жавобгарлиги белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда тадбиркорлик субъектларининг, биринчи навбатда қолипли нон ишлаб чиқарувчи ва уннинг чакана савдоси билан, айниқса, республиканинг чекка ҳудудларида уннинг чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг маҳаллий унни сотиш бўйича ўтказиладиган биржа савдоларида иштирок этишига имконият яратиш ва уларнинг ушбу савдоларга жалб этилишини таъминлаш;

барча аҳоли пунктларида истеъмолчиларга ун ва қолипли ноннинг узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш;

аҳолининг эҳтиёжманд қатламларининг ун нархи эркинлаштирилиши билан боғлиқ қўшимча харажатларини қоплаш учун берилаётган пул компенсацияларини ўз вақтида тўланишини таъминлаш.

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси топшириғига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокурорлари томонидан барча аҳоли пунктларидаги чакана савдо шахобчаларида ун ва қолипли ноннинг истеъмолчиларга узлуксиз етказиб берилиши устидан кунлик қатъий назорат ўрнатилиши ҳамда 2020 йил 1 январгача ҳар ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий маълумотлар киритиб борилиши маълумот учун қабул қилинсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида ҳамда Интернет тармоғида кенг ёритилишини ташкил этсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси 2020 йил 1 январдан бошлаб, донни қайта ишлаш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган ун ҳажмлари тўғрисидаги маълумотларни ҳар чоракдан кейинги ойнинг 20-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлигига тақдим этиб борсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти икки ой муддатда қишлоқ хўжалиги ташкилотларида ғалла етиштириш учун талаб этиладиган ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ҳамда бошқа ресурсларни етказиб беришнинг амалдаги тизимини янада такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, тижорат банклари билан биргаликда 2021 йил ғалла ҳосилини молиялаштиришда қишлоқ хўжалиги ташкилотларига имтиёзли кредитлар ажратиш тизимини такомиллаштирсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда ривожланган давлатлар тажрибасини чуқур таҳлил қилган ҳолда 2021 йил ҳосилидан бошлаб бозорда шаклланган талаб ва таклиф асосида қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан ғаллани эркин нархларда сотиш тизимини жорий этсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги 866-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 249-сон қарори билан тасдиқланган нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхатининг 1 ва 2-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 24 августдаги 684-сон қарори 2-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошилари чиқариб ташлансин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги 731-сон қарорида :

а) 2-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

б) 3-банднинг «б» кичик бандидаги «ушбу қарорнинг 2-бандида назарда тутилган» сўзлари чиқариб ташлансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 14 октябрь,

866-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 14.10.2019 й., 09/19/866/3911-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.06.2021 й., 06/21/6241/0527-сон, 12.08.2021 й., 06/21/6277/0788-сон; 10.06.2026 й., 06/26/108/0579-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Don, un va non yetkazib berish tizimiga bozor mexanizmlarini toʻliq joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

[Koʻchirma]

Fermer xoʻjaliklarining moddiy manfaatdorligini oshirish orqali gʻalla hosildorligini oshirish boʻyicha olib borilgan tizimli ishlar natijasida joriy yilda 7 mln tonnadan ortiq gʻalla yetishtirilishi taʼminlandi.

Davlat ehtiyojlari uchun xarid qilinadigan gʻalla narxini hosildorlikdan kelib chiqib belgilashni nazarda tutuvchi yangi tartib joriy etildi. Buning natijasida joriy yil hosilidan qabul qilingan gʻallaning oʻrtacha xarid narxi bir tonnasi uchun 1 420 ming soʻmni tashkil etdi yoki oʻtgan yilga nisbatan deyarli ikki barobarga oshdi.

Bozor munosabatlari iqtisodiyotning barcha jabhalariga keng joriy etilishi, tadbirkorlik subyektlari faoliyatining hamda tashqi iqtisodiy faoliyatning erkinlashtirilishi aholi va iqtisodiyot tarmoqlarining gʻalla va uni qayta ishlashdan olinadigan mahsulotlarga oshib borayotgan talablarni toʻliq qondirish imkoniyatini yaratdi.

“Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi tizimidagi tashkilotlar tomonidan 2018-yilda 1 470 ming tonna va 2019-yilning 9 oyida — 1 077 ming tonna un ishlab chiqarilgan, shuningdek, 2018-yilda tadbirkorlar tomonidan 650 ming tonna un va deyarli 2,3 mln tonna don, 2019-yilning 9 oyida esa 345 ming tonna un va 1,7 mln tonna gʻalla import qilindi, bu oʻz navbatida aholiga un va nonning uzluksiz yetkazilishini taʼminlash imkonini berdi.

2018-yil 1-oktabrdan 2019-yil 1-oktabrga qadar chorvachilik, parrandachilik, baliqchilik xoʻjaliklari va spirt ishlab chiqaruvchi mahalliy tashkilotlar hamda boshqa tadbirkorlik subyektlariga birja savdolari orqali 900 ming tonna gʻalla sotildi.

Shuningdek, 2018-yil oktabr oyidan boshlab oliy navli un barcha isteʼmolchilarga birja savdolari orqali hech qanday cheklovlarsiz sotilmoqda. Bundan tashqari, 2019-yil mart oyidan buyon makaron, qandolatchilik mahsulotlari hamda nonning milliy turlarini ishlab chiqaruvchilarga birja savdolarida 70 ming tonnadan ortiq I navli un tonnasi 1,5 mln. soʻmdan 2,1 mln soʻmgacha boʻlgan narxlarda sotildi.

Shu bilan birga, I nav unning ulgurji va chakana narxlarini maʼmuriy tartibda belgilash narxlarni shakllantirishning toʻlaqonli bozor mexanizmlarini joriy qilish imkonini bermayapti va un ishlab chiqaruvchi tashkilotlar ishlab chiqarilgan va sotilgan har bir tonna undan salkam 900 ming soʻm zarar koʻrmoqda.

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasining “Gʻalla yetishtiruvchi fermer xoʻjaliklarining moliyaviy barqarorligini taʼminlash toʻgʻrisida” 2019-yil 9-oktabrdagi 2787-III-son qarori ijrosi yuzasidan, shuningdek, davlatning iqtisodiyotga aralashuvini yanada kamaytirish, don ishlab chiqarish va qayta ishlash sohasiga hamda un narxlarini shakllantirishga toʻlaqonli bozor munosabatlarini joriy etish, aholining ehtiyojmand qatlamlari ijtimoiy himoyasining manzilligini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra 2019-yil 15-oktabrdan:

“Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi tizimidagi tashkilotlar tomonidan 2019-yil hosilidan tayyorlangan va un ishlab chiqarishga yoʻnaltiriladigan bugʻdoydan boshqa gʻalla isteʼmolchilarining barcha toifalariga faqat birja savdolari orqali hech qanday cheklovlarsiz sotiladi. Bunda, gʻallaning boshlangʻich narxi sotuvchi tomonidan amaldagi xarid narxi, tayyorlash, tashish, saqlash va boshqa xarajatlardan kelib chiqqan holda shakllantiriladi;

davlat xaridlari doirasida sotib olingan bugʻdoyni qayta ishlashdan olinadigan un barcha isteʼmolchilarga hech qanday cheklovlarsiz 100 foiz oldindan toʻlovni amalga oshirish orqali ochiq birja savdolarida sotiladi. Bunda, 2019-yil 1-dekabrga qadar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan shakllantirilgan roʻyxatga kiritilgan qolipli non ishlab chiqaruvchi tashkilotlarga, unni birja savdolarida 30 foiz oldindan toʻlov va yakuniy hisob-kitobni 10 kun ichida amalga oshirishga ruxsat etiladi;

un narxi keskin oshib ketishining oldini olish maqsadida 2019-yil hosilidan tayyorlangan bugʻdoyning tonnasi un ishlab chiqarishga 1 300 ming soʻmdan ulgurji narxlarda sotiladi. Bunda, bugʻdoyning oʻrtacha xarid narxi va ulgurji narxi oʻrtasidagi 120 ming soʻm miqdoridagi salbiy farq Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan qoplanadi;

“Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi tizimidagi tashkilotlar oʻrtasida un ishlab chiqarishga yoʻnaltiriladigan bugʻdoyning ichki aylanmasi qoʻshilgan qiymat soligʻisiz ulgurji narxlarda (1 300 ming soʻm) hamda tayyorlash, tashish va saqlash xarajatlari hisobga olingan holda amalga oshiriladi.

2. “Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasiga quyidagilar yuzasidan masʼuliyat yuklanadi:

Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va sanoat vazirligi bilan birgalikda donni qayta ishlash tashkilotlari savdo kunlari boʻyicha tasdiqlangan hajmdagi un va don mahsulotlarining uzluksiz birjasavdolariga qoʻyilishi hamda ushbu mahsulotlarga talab ortganda birja savdolariga qoʻshimcha un va don hajmlarini qoʻyish;

kalendar oyi boshlanishidan 5 kun oldin birja savdolariga qoʻyiladigan un va don hajmlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ va “Toshkent tovar xomashyo birjasi” AJning rasmiy veb-saytlarida joylashtirish.

3. Belgilansinki, tashkiliy-huquqiy shakllaridan qatʼi nazar barcha xoʻjalik yurituvchi subyektlar birja qoidalariga amal qilgan holda birja savdolarida mahalliy hamda import qilingan un va don mahsulotlarini erkin sotish va sotib olish huquqiga egadirlar.

Oʻzbekiston Respublikasi Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi “Oʻzbekiston respublika tovar-xom ashyo birjasi” AJ va “Toshkent tovar xomashyo birjasi” AJ bilan birgalikda ichki bozorda narxlarning sunʼiy ravishda oshib ketishi va bozordagi boshqa salbiy holatlarning oldini olish maqsadida, zarur hollarda, bir savdo sessiyasida bir xaridor tomonidan xarid qilinadigan un va donning maksimal miqdorini (limitini) belgilaydi hamda talab va taklifdan kelib chiqib ushbu hajmlarga tuzatishlar kiritadi.

4. “Oʻzdonmahsulot” aksiyadorlik kompaniyasi tomonidan un ishlab chiqaruvchi tashkilotlarning xarajatlarini 18,9 mlrd soʻmga maqbullashtirish hamda mahsulot tannarxini 10,3 foizga arzonlashtirish boʻyicha chora-tadbirlar rejasi ishlab chiqilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi:

2019-yilda budjetdan mablagʻ oluvchilarning un va qolipli non xarid qilish bilan bogʻliq qoʻshimcha xarajatlarini qoplash, shuningdek, aholining ijtimoiy himoyaga muhtoj qatlamlarini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha chora-tadbirlarni moliyalashtirish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan mablagʻ ajratsin;

bola ikki yoshga toʻlgunga qadar bola parvarishi boʻyicha nafaqa, 14 yoshgacha bolalari boʻlgan oilalarga nafaqa va moddiy yordam oluvchi oilalar hamda belgilangan yoshga doir pensiyaning eng kam miqdorida pensiya oluvchilariga har oylik pul kompensatsiyasi oktabr oyi uchun qayta hisob-kitob qilinib noyabr oyida toʻlanishini taʼminlasin;

2020-yil uchun Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti parametrlarini shakllantirishda ushbu qarorning amalga oshirilishi bilan bogʻliq xarajatlarni qoplashga mablagʻlar ajratilishini nazarda tutsin.

7. Quyidagilar uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar, Toshkent shahar, tumanlar va shaharlar hokimlarining shaxsan javobgarligi belgilansin:

Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi bilan birgalikda tadbirkorlik subyektlarining, birinchi navbatda qolipli non ishlab chiqaruvchi va unning chakana savdosi bilan, ayniqsa, respublikaning chekka hududlarida unning chakana savdosi bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlarning mahalliy unni sotish boʻyicha oʻtkaziladigan birja savdolarida ishtirok etishiga imkoniyat yaratish va ularning ushbu savdolarga jalb etilishini taʼminlash;

barcha aholi punktlarida isteʼmolchilarga un va qolipli nonning uzluksiz yetkazib berilishini taʼminlash;

aholining ehtiyojmand qatlamlarining un narxi erkinlashtirilishi bilan bogʻliq qoʻshimcha xarajatlarini qoplash uchun berilayotgan pul kompensatsiyalarini oʻz vaqtida toʻlanishini taʼminlash.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi topshirigʻiga muvofiq Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahri prokurorlari tomonidan barcha aholi punktlaridagi chakana savdo shaxobchalarida un va qolipli nonning isteʼmolchilarga uzluksiz yetkazib berilishi ustidan kunlik qatʼiy nazorat oʻrnatilishi hamda 2020-yil 1-yanvargacha har haftada Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga va Vazirlar Mahkamasiga tahliliy maʼlumotlar kiritib borilishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi va Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi ushbu qarorning maqsad va vazifalarini ommaviy axborot vositalarida hamda Internet tarmogʻida keng yoritilishini tashkil etsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat statistika qoʻmitasi 2020-yil 1-yanvardan boshlab, donni qayta ishlash korxonalari tomonidan ishlab chiqarilgan un hajmlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni har chorakdan keyingi oyning 20-sanasiga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va sanoat vazirligi hamda Moliya vazirligiga taqdim etib borsin.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va sanoat vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Moliya vazirligi, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi, “Oʻzbekneftgaz” aksiyadorlik jamiyati, “Oʻzkimyosanoat” aksiyadorlik jamiyati ikki oy muddatda qishloq xoʻjaligi tashkilotlarida gʻalla yetishtirish uchun talab etiladigan yoqilgʻi-moylash mahsulotlari, mineral oʻgʻitlar, oʻsimliklarni himoya qilish vositalarini hamda boshqa resurslarni yetkazib berishning amaldagi tizimini yanada takomillashtirish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

14. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Moliya vazirligi, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi, tijorat banklari bilan birgalikda 2021-yil gʻalla hosilini moliyalashtirishda qishloq xoʻjaligi tashkilotlariga imtiyozli kreditlar ajratish tizimini takomillashtirsin.

15. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi Iqtisodiyot va sanoat vazirligi, Moliya vazirligi, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashi bilan birgalikda rivojlangan davlatlar tajribasini chuqur tahlil qilgan holda 2021-yil hosilidan boshlab bozorda shakllangan talab va taklif asosida qishloq xoʻjaligi tashkilotlari tomonidan gʻallani erkin narxlarda sotish tizimini joriy etsin.

16. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritilsin.

17. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov va Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha maslahatchisi A.D. Vaxabov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 14-oktabrdagi 866-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar

1. Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 30-martdagi 249-son qarori bilan tasdiqlangan narxlari (tariflari) davlat tomonidan tartibga solinadigan ijtimoiy ahamiyatli tovarlar (xizmatlar) va ularning strategik turlari roʻyxatining 1 va 2-bandlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

2. Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 24-avgustdagi 684-son qarori 2-bandining ikkinchi va uchinchi xatboshilari chiqarib tashlansin.

3. Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 13-sentabrdagi 731-son qarorida :

a) 2-band oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin;

b) 3-bandning “b” kichik bandidagi “ushbu qarorning 2-bandida nazarda tutilgan” soʻzlari chiqarib tashlansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 14-oktabr,

866-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 14.10.2019-y., 09/19/866/3911-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.06.2021-y., 06/21/6241/0527-son, 12.08.2021-y., 06/21/6277/0788-son; 10.06.2026-y., 06/26/108/0579-son)

lex.uz