📅 2019-yil 18-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 18-oktabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 18 октябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 18 октября 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 18 October 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш тизимини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 октябрдаги 881-сон қарорига 1-ИЛОВА
Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
балансда сақловчи — давлат мулки ҳисобланган объект балансида ҳисобга олинган юридик шахс;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги;
ижарага берувчи — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари;
объект — моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти ва унга туташ ҳудуд;
фойдаланувчи — моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектидан доимий ёки вақтинча фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахс.
3. Моддий маданий мерос объектларининг кўчадиган ашёлари — маданий бойликлардан тегишлича музейлар, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши, архив иши тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ фойдаланилади.
4. Давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан иловадаги схемага мувофиқ фойдаланилади.
2-боб. Давлат мулки ҳисобланган объектни фойдаланишга бериш бўйича таклифлар тайёрлаш ва уларни кўриб чиқиш
5. Балансда сақловчи ҳар йили 1 ноябрга қадар келгуси йилда фойдаланиш таклиф этилаётган янги объект, шунингдек, объектнинг бир қисми ёки фойдаланиш мақсади ва шартларини ўзгартириш таклиф этилаётган объект бўйича қуйидагиларни кўрсатган ҳолда ваколатли органнинг ҳудудий бошқармасига (кейинги ўринларда ҳудудий бошқарма деб аталади) таклиф киритади:
объектнинг тўлиқ номи ва жойлашган жойи;
объект ва унинг ҳудудининг эгалик ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатлар (ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома) нусхалари;
объектдан таклиф этилаётган фойдаланиш мақсадлари ва шартлари;
объектни ижарага беришнинг таклиф этилаётган муддати.
Ҳудудий бошқарма объектнинг балансда сақловчиси бўлган ҳолатда, ушбу бандда кўрсатилган таклиф ва ҳужжатлар ҳудудий бошқарма томонидан тайёрланади.
6. Ҳудудий бошқарма 7 иш куни мобайнида фойдаланишга бериш таклиф этилаётган давлат мулки ҳисобланган объектни жойига чиқиб ўрганади ва объектдан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги ёки фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса тайёрлайди.
7. Ҳудудий бошқарма қуйидаги ҳолларда объектдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса беради:
объект авария ҳолатида эканлиги — объектнинг техник ҳолати бўйича тузилган далолатнома асосида;
объектда асрашга доир ишлар амалга оширилаётганлиги — моддий маданий мерос кўчмас мулк объектини асрашга доир ишлар учун рухсатнома асосида;
объектнинг ҳуқуқи бўйича низо судда кўриб чиқилаётганлиги — суд ҳужжати ёки судга киритилган даъво аризаси асосида;
объектнинг инсон ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир этиши мумкинлиги — давлат санитария-эпидемиология хизмати органларининг хулосаси асосида.
8. Ҳудудий бошқарма қуйидаги ҳолларда объектдан таклиф этилаётган фойдаланиш мақсадлари ва шартларини мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса беради:
ушбу Низомнинг 24-бандида кўрсатилган фойдаланиш мажбуриятларини бажаришга мос бўлмаган ҳолларда;
объект сезиларли равишда динамик таъсир остида қолиши;
объектга юқори намлик таъсир этиши;
алкоголли маҳсулотларни ва ҳайвонлар терисини сотиш;
юкларни ташиш учун мўлжалланган воситалар (контейнерлар) ёки ваколатли орган билан келишилмаган ҳолда вақтинча шохобчалардан фойдаланиш;
сертификатга эга бўлмаган ёки белгиланган ягона техник талабларга жавоб бермайдиган товарларни сотиш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари бундан мустасно.
Ҳудудий бошқарма объектнинг балансда сақловчиси билан биргаликда таклиф этилаётган фойдаланиш мақсадлари ва шартларига келишилган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин. Ушбу ҳолатда объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари юзасидан ижобий хулоса берилган ҳисобланади.
9. Ҳудудий бошқарма хулосани етарли далиллар ва қонунчилик нормалари билан аниқ ва тўлиқ асослаши лозим. Хулоса 2 нусхада тузилади ва ҳудудий бошқарма раҳбари томонидан тасдиқланади.
10. Ҳудудий бошқарма бир иш куни мобайнида:
ижобий хулосани ёки салбий хулосани — балансда сақловчига;
ижобий хулосани ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатлар билан биргаликда — ваколатли органга юборади.
11. Ваколатли орган 5 иш куни мобайнида ҳудудий бошқарма томонидан берилган хулосанинг асосли эканлигини текширади, зарур ҳолларда қўшимча материал ва ахборотларни сўраб олади.
Ваколатли орган ҳудудий бошқарма томонидан берилган ижобий хулосанинг асосли эканлигини текшириш натижалари билан биргаликда кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сон қарорига билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгашига (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) киритади. Кенгашга киритилган таклифлар Кенгашнинг навбатдаги мажлисида, бироқ 30 кундан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.
12. Кенгаш таклиф этилган фойдаланиш мақсадлари ва шартларини тасдиқлаш ёки етарли даражада асослантирилган ҳолда тасдиқлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади ва ушбу қарорни ваколатли органга юборади.
Кенгаш объектдан оқилона фойдаланишни кўзлаб таклиф этилган фойдаланиш мақсадлари ва шартларини уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритган ҳолда тасдиқлаши мумкин.
Кенгаш томонидан тасдиқланган фойдаланиш мақсадлари ва шартлари бўйича ваколатни орган раҳбарининг буйруғи қабул қилинади.
13. Доимий ва даврий равишда диний урф-одатлар ва маросимлар ўтказиб туриладиган давлат мулки ҳисобланган объектдан (диний таълим муассасалари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар биносидан) фойдаланиш мақсадлари ва шартлари ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси билан келишилади.
Объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари ҳудудий бошқарма томонидан туризм соҳасидаги ваколатли давлат органи билан келишилади.
14. Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда, юқори туристик салоҳиятга ва алоҳида аҳамиятга эга бўлган объектлар рўйхатини тасдиқлайди.
Ҳудудий бошқарма мазкур рўйхатга киритилган алоҳида аҳамиятга эга бўлган ҳар бир объектдан фойдаланиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқади ва ваколатли органга киритади.
15. Алоҳида аҳамиятга эга бўлган объектдан фойдаланиш концепциясининг лойиҳаси Кенгаш томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Ушбу рўйхатга киритилган объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари тасдиқланган концепцияга мувофиқ ишлаб чиқилиши лозим.
16. Ваколатли орган бир иш куни мобайнида:
Кенгаш томонидан тасдиқланган фойдаланиш мақсадлари ва шартларини манфаатдор томонларга — ҳудудий бошқарма, объектнинг балансда сақловчиси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, ижарага берувчига юборади ва расмий веб-сайтида эълон қилади;
фойдаланиш мақсадлари ва шартларини тасдиқлаш Кенгаш томонидан рад этилган ҳолатда, бунинг сабабларни кўрсатган ҳолда ҳудудий бошқарма ва объектнинг балансда сақловчисига ёзма билдириш юборади.
17. Ваколатли орган, унинг ҳудудий бошқармаси ҳамда жисмоний ва юридик шахслар давлат мулки ҳисобланган бўш турган ёки оқилона фойдаланилмаётган объектни фойдаланишга бериш таклифи билан чиқиши мумкин ва бу таклиф ушбу Низомга мувофиқ кўриб чиқилади.
Давлат мулки ҳисобланган бўш турган ёки оқилона фойдаланилмаётган объект бўйича ундан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари ушбу Низомга мувофиқ тасдиқланган ҳолатда, балансда сақловчи мазкур объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартларини бажариши лозим.
18. Ваколатли орган ва унинг ҳудудий бошқармаси ўз маблағлари ҳисобидан Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги мамлакатнинг энг оммабоп камида 2 та электрон нашрида (сайтда) ҳар 3 ойда камида бир маротаба фойдаланишга бериладиган ва фойдаланишга берилган давлат мулки ҳисобланган объектлар рўйхатини эълон қилиб боради.
Мазкур эълон бўйича талабгорлар (талабгор) талабномалари (буюртманомалари) ижарага берувчи томонидан қабул қилинади ҳамда давлат мулки ҳисобланган объект юридик ва жисмоний шахсларга ягона электрон савдо майдончасида онлайн-аукционлар йўли билан ҳам ижарага берилиши мумкинлигига ҳавола кўрсатилади.
19. Ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишган ҳолда объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартларининг асосий талабларини ҳамда танловга тушган таклифларни баҳолаш мезонларини белгилайди.
20. Давлат мулки ҳисобланган объектни бир йилгача бўлган муддатга фойдаланишга бериш уни қисқа муддатда фойдаланишга бериш ҳисобланади.
Қуйидаги фаолият (хизмат) турлари учун давлат мулки ҳисобланган объект қисқа муддатга фойдаланишга берилиши лозим:
савдо фаолияти;
эсдалик совғалари ва ҳунармандчилик буюмларини сотиш;
компьютер, нусха кўчириш ва Интернет хизматларини кўрсатиш;
фото, видео ва экскурсия хизматларини кўрсатиш.
21. Ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатилган фаолият (хизмат) турларидан бошқа ҳолатларда объектни беш йилгача муддатга фойдаланишга бериш мумкин, давлат мулки ҳисобланган объектни ва унга туташ ҳудудларни инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш бундан мустасно.
22. Беш йилдан ўттиз йилгача бўлган муддатга объектни ижарага бериш унинг узоқ муддатга фойдаланишга бериш ҳисобланади.
Объектни узоқ муддатга ижарага (фойдаланишга) бериш инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда, объект ҳудудида туризм инфратузилмаси объектлари, шу жумладан жойлаштириш воситалари жойлашган ёки барпо этиладиган объектлар берилиши мумкин.
3-боб. Фойдаланувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
23. Фойдаланувчи:
юридик ва жисмоний шахслардан объектни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид зарур маълумот, ахборот, тушунтириш ва ҳужжатларни сўраш ҳамда белгиланган тартибда олиш;
объектни оммалаштириш ва уни тарғиб қилиш;
объектни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича ваколатли органга таклиф киритиш;
объект бўйича давлат назоратини амалга оширишда иштирок этиш;
давлат мулки ҳисобланган объектдан уларнинг белгиланган мақсад ва шартларда фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Фойдаланувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
24. Фойдаланувчи:
давлат мулки ҳисобланган объектдан унинг белгиланган мақсадига ва шартларига кўра оқилона фойдаланиши;
объектда ёнғинларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар кўриши, ёнғин ўчоқларининг ўз вақтида тугатилишини таъминлаши;
объект зараркунандаларига қарши курашиш тадбирларини амалга ошириши ва объектга табиий ва техноген таъсирларнинг салбий оқибатларининг олдини олиши;
объектни муҳофаза қилишга қаратилган белгиланган талабларга риоя этиши;
фойдаланиш объектнинг тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматига салбий таъсир қилмаслигини таъминлаши;
фойдаланишда объектга ҳар қандай салбий таъсирларнинг олдини олиши ва авария ҳолатига қарши ишларни амалга ошириши;
фойдаланиш ва фойдаланиш учун объектни жиҳозлаш объект ва унга туташ объект, уларнинг умумий ансамблини бузмаслигини, объектнинг ички ва ташқи кўриниши билан уйғунлашган ҳолда амалга оширилишини таъминлаши;
алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлардаги, шу жумладан ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлардаги объектдан фойдаланиш ушбу ҳудудларнинг тарихий муҳити билан уйғун бўлишини таъминлаши;
объектдан фойдаланишдан, жумладан, давлат мулки ҳисобланган объектдан фойдаланишдан топилган маблағлар ва уларнинг сарфланиши ҳақида ваколатли орган ва унинг ҳудудий бошқармасига уларнинг сўровига асосан ахборот тақдим этиши;
фуқаролар кириши учун объектнинг очиқлигини таъминлаши ва объектни илмий ва илмий-техник тадқиқ этиш учун шароит яратиши, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
ваколатли орган ва унинг ҳудудий бошқармаси мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда объект ҳолати бўйича давлат назоратини амалга оширишга шароит яратиши шарт.
Фойдаланувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
4-боб. Давлат мулки ҳисобланган объектни фойдаланишга бериш
25. Кенгаш томонидан тасдиқланган фойдаланиш мақсадлари ва шартлари асосида:
давлат мулки ҳисобланган объектни ижарага бериш — Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ;
давлат мулки ҳисобланган объектни ва унга туташ ҳудудларни инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш — Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги 53-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ амалга оширилади.
26. Тасдиқланган фойдаланиш мақсадлари ва шартлари ушбу объект бўйича ижара шартномасининг ажралмас қисми (шартнома шартларининг бир қисми) ҳисобланади.
27. Давлат мулки ҳисобланган объектни текин фойдаланишга бириктириш мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги ваколатли органнинг хулосасини инобатга олиб, ушбу объект Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан:
моддий маданий мерос объектини сақлаш мақсадида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларига;
болалар нодавлат нотижорат ташкилотларига;
ногиронлиги бўлган шахслар нодавлат нотижорат ташкилотларига;
диний ташкилотларга текин фойдаланишга бириктирилиши мумкин.
28. Давлат мулки ҳисобланган объектни текин фойдаланишга бириктириб бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ ижарага берувчи, балансда сақловчи ва текин фойдаланувчи ўртасида текин фойдаланиш шартномаси тузилади.
29. Ҳудудий бошқарма қуйидагилар билан объектни муҳофаза қилиш ва сақлаш шартномасини тузади ва унинг бажарилишини назорат қилади:
балансда сақловчи билан — объект балансда сақловчининг ҳисобида бўлган муддатга;
ижарага олувчи, текин фойдаланувчи, инвестиция мажбуриятлари билан ижарага олувчи билан — тегишлича шартноманинг амал қилиш муддатига;
объектдан текин фойдаланувчи билан ушбу объектдан текин фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорида муддат кўрсатилмаган бўлса — чекланмаган муддатга.
Объектни муҳофаза қилиш ва сақлаш шартномасининг намунавий шакли ваколатли орган томонидан тасдиқланади.
5-боб. Якунловчи қоида
30. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан фойдаланиш
Босқичлар Масъуллар Амалга ошириладиган тадбирлар Амалга ошириш муддати 1-босқич Баланс сақловчи Фойдаланиш таклиф этилаётган янги объект, объектнинг бир қисми ёки фойдаланиш мақсади ва шартлари ўзгартириш таклиф этилаётган объект бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигининг (кейинги ўринларда — ваколатли орган) ҳудудий бошқармасига (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқарма) таклиф киритади. Ҳар йили 1 ноябрга қадар, йил давомида заруратга қараб 2-босқич Ҳудудий бошқарма 1. Фойдаланишга бериш таклиф этилаётган давлат мулки ҳисобланган объектни жойига чиқиб ўрганади ва объектдан фойдаланишга мақсадга мувофиқлиги ёки фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса тайёрлайди. 2. Фойдаланиш мақсадлари ва шартларини туризм соҳасида ваколатли давлат органи билан келишилади. 3. Ижобий хулосани ёки салбий хулосани балансда сақловчига, ижобий хулосани ва тегишли ҳужжатлар билан биргаликда ваколатли органга юборади. 7 иш куни 1 иш куни 3-босқич Ваколатли орган 1. Берилган хулосанинг асосли эканлигини текширади, зарур ҳолларда қўшимча материал ва ахборотларни сўраб олади. 2. Доимий ва даврий равишда диний урф-одатлар ва маросимлар ўтказиб туриладиган давлат мулки ҳисобланган объектдан фойдаланиш мақсадлари ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси билан келишилади. 3. Ваколатли орган ҳудудий бошқарма томонидан берилган ижобий хулосани асосли эканлигини текшириш натижалари билан биргаликда кўриб чиқиш учун ваколатли органнинг Илмий-эксперт кенгашига киритади. 5 иш куни 4-босқич Ваколатли органнинг Илмий-эксперт кенгаши Кенгаш таклиф этилган фойдаланиш мақсадлари ва шартларини тасдиқлаш ёки етарли асослантирилган ҳолда тасдиқлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади ва ушбу қарорни ваколатли органга юборади. Навбатдаги мажлисида, бироқ 30 кундан кўп бўлмаган муддатда 5-босқич Ваколатли орган 1. Тасдиқланган фойдаланиш шартларини расмий веб-сайтида эълон қилади ва манфаатдор томонларга юборади. 2. Тасдиқланган фойдаланиш шартларига риоя қилинишини назорат қилади. 1 иш куни мунтазам — камида ҳар чорак 6-босқич Ижарага берувчи Қонунчиликда белгиланган тартибда танловни ташкил этади ва ижара шартномасини расмийлаштиради. белгиланган муддатда
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 октябрдаги 881-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 6 мартдаги 53-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 3-сон, 22-модда) билан тасдиқланган Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда ижарага бериш тартиби тўғрисида низомда :
а) 5-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«5. Рўйхатлар, шу жумладан объектлардан фойдаланиш мақсади ва шартлари ишчи орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланадиган Моддий маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ кўриб чиқилиб, тасдиқланади ёки тегишли асослар кўрсатилган ҳолда тасдиқлаш рад этилади»;
б) 9-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Объектлардан ушбу Низомда назарда тутилмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш фақат ишчи органнинг Илмий-эксперт кенгашининг қарорига мувофиқ амалга оширилиши мумкин».
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 18 октябрь,
881-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
Moddiy madaniy meros obyektlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Faol investitsiyalar va ijtimoiy rivojlanish yili”da amalga oshirishga oid Davlat dasturi toʻgʻrisida” 2019-yil 17-yanvardagi PF-5635-son Farmoniga muvofiq, shuningdek, moddiy madaniy meros obyektlaridan oqilona foydalanish tizimini yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Moddiy madaniy meros obyektlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi madaniyat vaziri B.S. Sayfullayev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Yoshlar siyosati, madaniyat, maʼnaviyat, ommaviy axborot vositalari, ijodiy va jamoat tashkilotlari masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 18-oktabrdagi 881-son qaroriga 1-ILOVA
Moddiy madaniy meros obyektlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom moddiy madaniy meros obyektlaridan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
balansda saqlovchi — davlat mulki hisoblangan obyekt balansida hisobga olingan yuridik shaxs;
vakolatli organ — Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligi;
ijaraga beruvchi — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi Davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanish markazining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududiy boshqarmalari;
obyekt — moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyekti va unga tutash hudud;
foydalanuvchi — moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektidan doimiy yoki vaqtincha foydalanuvchi yuridik va jismoniy shaxs.
3. Moddiy madaniy meros obyektlarining koʻchadigan ashyolari — madaniy boyliklardan tegishlicha muzeylar, madaniy boyliklarning olib chiqilishi va olib kirilishi, arxiv ishi toʻgʻrisidagi qonunchilikka muvofiq foydalaniladi.
4. Davlat mulki hisoblangan moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlaridan ilovadagi sxemaga muvofiq foydalaniladi.
2-bob. Davlat mulki hisoblangan obyektni foydalanishga berish boʻyicha takliflar tayyorlash va ularni koʻrib chiqish
5. Balansda saqlovchi har yili 1-noyabrga qadar kelgusi yilda foydalanish taklif etilayotgan yangi obyekt, shuningdek, obyektning bir qismi yoki foydalanish maqsadi va shartlarini oʻzgartirish taklif etilayotgan obyekt boʻyicha quyidagilarni koʻrsatgan holda vakolatli organning hududiy boshqarmasiga (keyingi oʻrinlarda hududiy boshqarma deb ataladi) taklif kiritadi:
obyektning toʻliq nomi va joylashgan joyi;
obyekt va uning hududining egalik huquqini belgilovchi hujjatlar (yer uchastkasiga boʻlgan huquqning davlat roʻyxatidan oʻtkazilgani toʻgʻrisida guvohnoma, binolar, inshootlar, koʻp yillik daraxtlarga boʻlgan huquqning davlat roʻyxatidan oʻtkazilgani toʻgʻrisida guvohnoma) nusxalari;
obyektdan taklif etilayotgan foydalanish maqsadlari va shartlari;
obyektni ijaraga berishning taklif etilayotgan muddati.
Hududiy boshqarma obyektning balansda saqlovchisi boʻlgan holatda, ushbu bandda koʻrsatilgan taklif va hujjatlar hududiy boshqarma tomonidan tayyorlanadi.
6. Hududiy boshqarma 7 ish kuni mobaynida foydalanishga berish taklif etilayotgan davlat mulki hisoblangan obyektni joyiga chiqib oʻrganadi va obyektdan foydalanish maqsadga muvofiqligi yoki foydalanish maqsadga muvofiq emasligi haqida xulosa tayyorlaydi.
7. Hududiy boshqarma quyidagi hollarda obyektdan foydalanish maqsadga muvofiq emasligi haqida xulosa beradi:
obyekt avariya holatida ekanligi — obyektning texnik holati boʻyicha tuzilgan dalolatnoma asosida;
obyektda asrashga doir ishlar amalga oshirilayotganligi — moddiy madaniy meros koʻchmas mulk obyektini asrashga doir ishlar uchun ruxsatnoma asosida;
obyektning huquqi boʻyicha nizo sudda koʻrib chiqilayotganligi — sud hujjati yoki sudga kiritilgan daʼvo arizasi asosida;
obyektning inson hayoti va sogʻligʻiga salbiy taʼsir etishi mumkinligi — davlat sanitariya-epidemiologiya xizmati organlarining xulosasi asosida.
8. Hududiy boshqarma quyidagi hollarda obyektdan taklif etilayotgan foydalanish maqsadlari va shartlarini maqsadga muvofiq emasligi haqida xulosa beradi:
ushbu Nizomning 24-bandida koʻrsatilgan foydalanish majburiyatlarini bajarishga mos boʻlmagan hollarda;
obyekt sezilarli ravishda dinamik taʼsir ostida qolishi;
obyektga yuqori namlik taʼsir etishi;
alkogolli mahsulotlarni va hayvonlar terisini sotish;
yuklarni tashish uchun moʻljallangan vositalar (konteynerlar) yoki vakolatli organ bilan kelishilmagan holda vaqtincha shoxobchalardan foydalanish;
sertifikatga ega boʻlmagan yoki belgilangan yagona texnik talablarga javob bermaydigan tovarlarni sotish, milliy hunarmandchilik mahsulotlari bundan mustasno.
Hududiy boshqarma obyektning balansda saqlovchisi bilan birgalikda taklif etilayotgan foydalanish maqsadlari va shartlariga kelishilgan holda oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritishi mumkin. Ushbu holatda obyektdan foydalanish maqsadlari va shartlari yuzasidan ijobiy xulosa berilgan hisoblanadi.
9. Hududiy boshqarma xulosani yetarli dalillar va qonunchilik normalari bilan aniq va toʻliq asoslashi lozim. Xulosa 2 nusxada tuziladi va hududiy boshqarma rahbari tomonidan tasdiqlanadi.
10. Hududiy boshqarma bir ish kuni mobaynida:
ijobiy xulosani yoki salbiy xulosani — balansda saqlovchiga;
ijobiy xulosani ushbu Nizomning 5-bandida koʻrsatilgan hujjatlar bilan birgalikda — vakolatli organga yuboradi.
11. Vakolatli organ 5 ish kuni mobaynida hududiy boshqarma tomonidan berilgan xulosaning asosli ekanligini tekshiradi, zarur hollarda qoʻshimcha material va axborotlarni soʻrab oladi.
Vakolatli organ hududiy boshqarma tomonidan berilgan ijobiy xulosaning asosli ekanligini tekshirish natijalari bilan birgalikda koʻrib chiqish uchun Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 30-martdagi 265-son qaroriga bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining Ilmiy-ekspert kengashiga (keyingi oʻrinlarda Kengash deb ataladi) kiritadi. Kengashga kiritilgan takliflar Kengashning navbatdagi majlisida, biroq 30 kundan koʻp boʻlmagan muddatda koʻrib chiqiladi.
12. Kengash taklif etilgan foydalanish maqsadlari va shartlarini tasdiqlash yoki yetarli darajada asoslantirilgan holda tasdiqlashni rad etish haqida qaror qabul qiladi va ushbu qarorni vakolatli organga yuboradi.
Kengash obyektdan oqilona foydalanishni koʻzlab taklif etilgan foydalanish maqsadlari va shartlarini ularga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritgan holda tasdiqlashi mumkin.
Kengash tomonidan tasdiqlangan foydalanish maqsadlari va shartlari boʻyicha vakolatni organ rahbarining buyrugʻi qabul qilinadi.
13. Doimiy va davriy ravishda diniy urf-odatlar va marosimlar oʻtkazib turiladigan davlat mulki hisoblangan obyektdan (diniy taʼlim muassasalari, masjidlar, cherkovlar, sinagogalar, monastirlar va boshqalar binosidan) foydalanish maqsadlari va shartlari vakolatli organ tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi bilan kelishiladi.
Obyektdan foydalanish maqsadlari va shartlari hududiy boshqarma tomonidan turizm sohasidagi vakolatli davlat organi bilan kelishiladi.
14. Vakolatli organ Oʻzbekiston Respublikasi Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi bilan kelishgan holda, yuqori turistik salohiyatga va alohida ahamiyatga ega boʻlgan obyektlar roʻyxatini tasdiqlaydi.
Hududiy boshqarma mazkur roʻyxatga kiritilgan alohida ahamiyatga ega boʻlgan har bir obyektdan foydalanish konsepsiyasi loyihasini ishlab chiqadi va vakolatli organga kiritadi.
15. Alohida ahamiyatga ega boʻlgan obyektdan foydalanish konsepsiyasining loyihasi Kengash tomonidan koʻrib chiqiladi va tasdiqlanadi. Ushbu roʻyxatga kiritilgan obyektdan foydalanish maqsadlari va shartlari tasdiqlangan konsepsiyaga muvofiq ishlab chiqilishi lozim.
16. Vakolatli organ bir ish kuni mobaynida:
Kengash tomonidan tasdiqlangan foydalanish maqsadlari va shartlarini manfaatdor tomonlarga — hududiy boshqarma, obyektning balansda saqlovchisi, Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi, ijaraga beruvchiga yuboradi va rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi;
foydalanish maqsadlari va shartlarini tasdiqlash Kengash tomonidan rad etilgan holatda, buning sabablarni koʻrsatgan holda hududiy boshqarma va obyektning balansda saqlovchisiga yozma bildirish yuboradi.
17. Vakolatli organ, uning hududiy boshqarmasi hamda jismoniy va yuridik shaxslar davlat mulki hisoblangan boʻsh turgan yoki oqilona foydalanilmayotgan obyektni foydalanishga berish taklifi bilan chiqishi mumkin va bu taklif ushbu Nizomga muvofiq koʻrib chiqiladi.
Davlat mulki hisoblangan boʻsh turgan yoki oqilona foydalanilmayotgan obyekt boʻyicha undan foydalanish maqsadlari va shartlari ushbu Nizomga muvofiq tasdiqlangan holatda, balansda saqlovchi mazkur obyektdan foydalanish maqsadlari va shartlarini bajarishi lozim.
18. Vakolatli organ va uning hududiy boshqarmasi oʻz mablagʻlari hisobidan Internet jahon axborot tarmogʻidagi mamlakatning eng ommabop kamida 2 ta elektron nashrida (saytda) har 3 oyda kamida bir marotaba foydalanishga beriladigan va foydalanishga berilgan davlat mulki hisoblangan obyektlar roʻyxatini eʼlon qilib boradi.
Mazkur eʼlon boʻyicha talabgorlar (talabgor) talabnomalari (buyurtmanomalari) ijaraga beruvchi tomonidan qabul qilinadi hamda davlat mulki hisoblangan obyekt yuridik va jismoniy shaxslarga yagona elektron savdo maydonchasida onlayn-auksionlar yoʻli bilan ham ijaraga berilishi mumkinligiga havola koʻrsatiladi.
19. Vakolatli organ Oʻzbekiston Respublikasi Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi, Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi va Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi bilan kelishgan holda obyektdan foydalanish maqsadlari va shartlarining asosiy talablarini hamda tanlovga tushgan takliflarni baholash mezonlarini belgilaydi.
20. Davlat mulki hisoblangan obyektni bir yilgacha boʻlgan muddatga foydalanishga berish uni qisqa muddatda foydalanishga berish hisoblanadi.
Quyidagi faoliyat (xizmat) turlari uchun davlat mulki hisoblangan obyekt qisqa muddatga foydalanishga berilishi lozim:
savdo faoliyati;
esdalik sovgʻalari va hunarmandchilik buyumlarini sotish;
kompyuter, nusxa koʻchirish va Internet xizmatlarini koʻrsatish;
foto, video va ekskursiya xizmatlarini koʻrsatish.
21. Ushbu Nizomning 20-bandida koʻrsatilgan faoliyat (xizmat) turlaridan boshqa holatlarda obyektni besh yilgacha muddatga foydalanishga berish mumkin, davlat mulki hisoblangan obyektni va unga tutash hududlarni investitsiya majburiyatlari olgan holda ijaraga berish bundan mustasno.
22. Besh yildan oʻttiz yilgacha boʻlgan muddatga obyektni ijaraga berish uning uzoq muddatga foydalanishga berish hisoblanadi.
Obyektni uzoq muddatga ijaraga (foydalanishga) berish investitsiya majburiyatlari olgan holda, obyekt hududida turizm infratuzilmasi obyektlari, shu jumladan joylashtirish vositalari joylashgan yoki barpo etiladigan obyektlar berilishi mumkin.
3-bob. Foydalanuvchining huquq va majburiyatlari
23. Foydalanuvchi:
yuridik va jismoniy shaxslardan obyektni muhofaza qilish va ulardan foydalanishga oid zarur maʼlumot, axborot, tushuntirish va hujjatlarni soʻrash hamda belgilangan tartibda olish;
obyektni ommalashtirish va uni targʻib qilish;
obyektni muhofaza qilish va undan oqilona foydalanishni tashkil etish boʻyicha vakolatli organga taklif kiritish;
obyekt boʻyicha davlat nazoratini amalga oshirishda ishtirok etish;
davlat mulki hisoblangan obyektdan ularning belgilangan maqsad va shartlarda foydalanish huquqiga ega.
Foydalanuvchi qonunchilikka muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
24. Foydalanuvchi:
davlat mulki hisoblangan obyektdan uning belgilangan maqsadiga va shartlariga koʻra oqilona foydalanishi;
obyektda yongʻinlarning oldini olish yuzasidan chora-tadbirlar koʻrishi, yongʻin oʻchoqlarining oʻz vaqtida tugatilishini taʼminlashi;
obyekt zararkunandalariga qarshi kurashish tadbirlarini amalga oshirishi va obyektga tabiiy va texnogen taʼsirlarning salbiy oqibatlarining oldini olishi;
obyektni muhofaza qilishga qaratilgan belgilangan talablarga rioya etishi;
foydalanish obyektning tarixiy, ilmiy, badiiy yoki oʻzgacha madaniy qimmatiga salbiy taʼsir qilmasligini taʼminlashi;
foydalanishda obyektga har qanday salbiy taʼsirlarning oldini olishi va avariya holatiga qarshi ishlarni amalga oshirishi;
foydalanish va foydalanish uchun obyektni jihozlash obyekt va unga tutash obyekt, ularning umumiy ansamblini buzmasligini, obyektning ichki va tashqi koʻrinishi bilan uygʻunlashgan holda amalga oshirilishini taʼminlashi;
alohida muhofaza qilinadigan tarixiy-madaniy hududlardagi, shu jumladan YUNESKOning Umumjahon merosi roʻyxatiga kiritilgan hududlardagi obyektdan foydalanish ushbu hududlarning tarixiy muhiti bilan uygʻun boʻlishini taʼminlashi;
obyektdan foydalanishdan, jumladan, davlat mulki hisoblangan obyektdan foydalanishdan topilgan mablagʻlar va ularning sarflanishi haqida vakolatli organ va uning hududiy boshqarmasiga ularning soʻroviga asosan axborot taqdim etishi;
fuqarolar kirishi uchun obyektning ochiqligini taʼminlashi va obyektni ilmiy va ilmiy-texnik tadqiq etish uchun sharoit yaratishi, qonun hujjatlarida nazarda tutilgan hollar bundan mustasno;
vakolatli organ va uning hududiy boshqarmasi mansabdor shaxslariga qonun hujjatlarida belgilangan tartibda obyekt holati boʻyicha davlat nazoratini amalga oshirishga sharoit yaratishi shart.
Foydalanuvchi qonunchilikka muvofiq boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.
4-bob. Davlat mulki hisoblangan obyektni foydalanishga berish
25. Kengash tomonidan tasdiqlangan foydalanish maqsadlari va shartlari asosida:
davlat mulki hisoblangan obyektni ijaraga berish — Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-dekabrdagi 660-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat mulkini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq;
davlat mulki hisoblangan obyektni va unga tutash hududlarni investitsiya majburiyatlari olgan holda ijaraga berish — Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 6-martdagi 53-son qarori bilan tasdiqlangan Moddiy madaniy meros obyektlarini va ularga tutash hududlarni ularni obodonlashtirish va zarur holatda saqlash boʻyicha investitsiya majburiyatlari olgan holda ijaraga berish tartibi toʻgʻrisida nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
26. Tasdiqlangan foydalanish maqsadlari va shartlari ushbu obyekt boʻyicha ijara shartnomasining ajralmas qismi (shartnoma shartlarining bir qismi) hisoblanadi.
27. Davlat mulki hisoblangan obyektni tekin foydalanishga biriktirish maqsadga muvofiqligi haqidagi vakolatli organning xulosasini inobatga olib, ushbu obyekt Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasining qaroriga asosan:
moddiy madaniy meros obyektini saqlash maqsadida faoliyat yuritayotgan nodavlat notijorat tashkilotlariga;
bolalar nodavlat notijorat tashkilotlariga;
nogironligi boʻlgan shaxslar nodavlat notijorat tashkilotlariga;
diniy tashkilotlarga tekin foydalanishga biriktirilishi mumkin.
28. Davlat mulki hisoblangan obyektni tekin foydalanishga biriktirib berish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasining qaroriga muvofiq ijaraga beruvchi, balansda saqlovchi va tekin foydalanuvchi oʻrtasida tekin foydalanish shartnomasi tuziladi.
29. Hududiy boshqarma quyidagilar bilan obyektni muhofaza qilish va saqlash shartnomasini tuzadi va uning bajarilishini nazorat qiladi:
balansda saqlovchi bilan — obyekt balansda saqlovchining hisobida boʻlgan muddatga;
ijaraga oluvchi, tekin foydalanuvchi, investitsiya majburiyatlari bilan ijaraga oluvchi bilan — tegishlicha shartnomaning amal qilish muddatiga;
obyektdan tekin foydalanuvchi bilan ushbu obyektdan tekin foydalanish boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Vazirlar Mahkamasining qarorida muddat koʻrsatilmagan boʻlsa — cheklanmagan muddatga.
Obyektni muhofaza qilish va saqlash shartnomasining namunaviy shakli vakolatli organ tomonidan tasdiqlanadi.
5-bob. Yakunlovchi qoida
30. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Moddiy madaniy meros obyektlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Davlat mulki hisoblangan moddiy madaniy merosning koʻchmas mulk obyektlaridan foydalanish
Bosqichlar Masʼullar Amalga oshiriladigan tadbirlar Amalga oshirish muddati 1-bosqich Balans saqlovchi Foydalanish taklif etilayotgan yangi obyekt, obyektning bir qismi yoki foydalanish maqsadi va shartlari oʻzgartirish taklif etilayotgan obyekt boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Madaniy meros agentligining (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organ) hududiy boshqarmasiga (keyingi oʻrinlarda — hududiy boshqarma) taklif kiritadi. Har yili 1-noyabrga qadar, yil davomida zaruratga qarab 2-bosqich Hududiy boshqarma 1. Foydalanishga berish taklif etilayotgan davlat mulki hisoblangan obyektni joyiga chiqib oʻrganadi va obyektdan foydalanishga maqsadga muvofiqligi yoki foydalanish maqsadga muvofiq emasligi haqida xulosa tayyorlaydi. 2. Foydalanish maqsadlari va shartlarini turizm sohasida vakolatli davlat organi bilan kelishiladi. 3. Ijobiy xulosani yoki salbiy xulosani balansda saqlovchiga, ijobiy xulosani va tegishli hujjatlar bilan birgalikda vakolatli organga yuboradi. 7 ish kuni 1 ish kuni 3-bosqich Vakolatli organ 1. Berilgan xulosaning asosli ekanligini tekshiradi, zarur hollarda qoʻshimcha material va axborotlarni soʻrab oladi. 2. Doimiy va davriy ravishda diniy urf-odatlar va marosimlar oʻtkazib turiladigan davlat mulki hisoblangan obyektdan foydalanish maqsadlari va shartlari Oʻzbekiston Respublikasi Din ishlari boʻyicha qoʻmitasi bilan kelishiladi. 3. Vakolatli organ hududiy boshqarma tomonidan berilgan ijobiy xulosani asosli ekanligini tekshirish natijalari bilan birgalikda koʻrib chiqish uchun vakolatli organning Ilmiy-ekspert kengashiga kiritadi. 5 ish kuni 4-bosqich Vakolatli organning Ilmiy-ekspert kengashi Kengash taklif etilgan foydalanish maqsadlari va shartlarini tasdiqlash yoki yetarli asoslantirilgan holda tasdiqlashni rad etish haqida qaror qabul qiladi va ushbu qarorni vakolatli organga yuboradi. Navbatdagi majlisida, biroq 30 kundan koʻp boʻlmagan muddatda 5-bosqich Vakolatli organ 1. Tasdiqlangan foydalanish shartlarini rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi va manfaatdor tomonlarga yuboradi. 2. Tasdiqlangan foydalanish shartlariga rioya qilinishini nazorat qiladi. 1 ish kuni muntazam — kamida har chorak 6-bosqich Ijaraga beruvchi Qonunchilikda belgilangan tartibda tanlovni tashkil etadi va ijara shartnomasini rasmiylashtiradi. belgilangan muddatda
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 18-oktabrdagi 881-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
2. Vazirlar Mahkamasining 2014-yil 6-martdagi 53-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2017-y., 3-son, 22-modda) bilan tasdiqlangan Moddiy madaniy meros obyektlarini va ularga tutash hududlarni ularni obodonlashtirish va zarur holatda saqlash boʻyicha investitsiya majburiyatlari olgan holda ijaraga berish tartibi toʻgʻrisida nizomda :
a) 5-band quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“5. Roʻyxatlar, shu jumladan obyektlardan foydalanish maqsadi va shartlari ishchi organ tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarori bilan tasdiqlanadigan Moddiy madaniy meros obyektlaridan foydalanish tartibi toʻgʻrisida nizomga muvofiq koʻrib chiqilib, tasdiqlanadi yoki tegishli asoslar koʻrsatilgan holda tasdiqlash rad etiladi”;
b) 9-bandning ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“Obyektlardan ushbu Nizomda nazarda tutilmagan boshqa maqsadlarda foydalanish faqat ishchi organning Ilmiy-ekspert kengashining qaroriga muvofiq amalga oshirilishi mumkin”.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 18-oktabr,
881-son