UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 30-oktabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 30 октябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 октября 2019 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 October 2019 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг

буйруғи

ҚОИДАЛАРИ

рўйхати

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгашига апелляциялар ва Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгилари деб эътироф этиш тўғрисидаги аризаларни бериш ва уларни кўриб чиқиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 октябрдаги 856-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгашига апелляциялар ва Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгилари деб эътироф этиш тўғрисидаги аризаларни бериш ва уларни кўриб чиқиш қоидалари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Ҳукумат баённома қарорлари ва идоравий норматив ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.

4. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ҳамда Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни барча манфаатдор шахсларга етказилишини, «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинишини таъминласин.

5. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

6. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари Т. Абдусаттаров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 30 октябрдаги 494-мҳ-сон буйруғига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгашига апелляциялар ва Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгилари деб эътироф этиш тўғрисидаги аризаларни бериш ва уларни кўриб чиқиш

Ушбу Қоидалар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 октябрдаги 856-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгашига (бундан буён матнда Апелляция кенгаши деб юритилади) апелляциялар ва Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгилари деб эътироф этиш тўғрисидаги аризаларни бериш ҳамда уларни кўриб чиқиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Апелляция кенгашига Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 октябрдаги 856-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги низомнинг 5-бандида кўрсатилган масалалар юзасидан апелляциялар топширилиши мумкин.

2. Апелляция кенгашига Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатини эътироф этиш тўғрисидаги аризалар (бундан буён матнда ариза деб юритилади) топширилиши мумкин.

3. Апелляциялар тегишлилиги бўйича талабнома берувчи ва манфаатдор шахслар томонидан берилади.

Мазкур Қоидаларнинг 2-бандида назарда тутилган ариза ўз товар белгисини Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгиси деб ҳисоблаган шахс томонидан берилади.

3 1 . Апелляция ва ариза Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) «Интеллектуал мулк муҳофазаси портали» (бундан буён матнда Портал деб юритилади) орқали топширилади .

2-боб. Апелляциялар ва аризаларни бериш шартлари

4. Ушбу Қоидаларнинг 1 ва 2-бандларида кўзда тутилган апелляциялар ёки аризаларни бериш билан боғлиқ ҳаракатларни мазкур Қоидаларнинг 3-бандида кўрсатилган шахслар шахсан ўзлари ёки вакиллари, шу жумладан Патент вакилларининг давлат реестрига киритилган патент вакиллари орқали топширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий истиқомат қиладиган жисмоний шахслар ва чет эл юридик шахслари ёки уларнинг вакиллари башарти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб кўзда тутилмаган бўлса, апелляциялар ёки аризаларни бериш билан боғлиқ ҳаракатларни, Патент вакилларининг давлат реестрига киритилган патент вакиллари орқали амалга оширадилар.

5. Вакилнинг, тегишли ҳолларда патент вакилининг ваколатлари қонунчиликка мувофиқ расмийлаштирилган ва ваколатларнинг ҳажми кўрсатилган ишончнома билан тасдиқланади.

6. Апелляция ёки ариза ихтиёрий шаклда тузилади.

7. Апелляция ёки аризада қуйидагилар кўрсатилади:

а) апелляция ёки ариза берган юридик шахслар учун — унинг номи, жойлашган ери (почта манзили), жисмоний шахслар учун фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи (тўлиқ манзили) ва бошқа маълумотлар;

б) ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуғига талабнома, товар белгисига, шу жумладан белгини халқаро рўйхатдан ўтказишга талабнома, товар келиб чиққан жой номларига, интеграл микросхемалар топологиясига талабноманинг рақами ёки апелляция оид бўлган объектга берилган муҳофаза ҳужжатининг, шу жумладан белгини халқаро рўйхатдан ўтказиш рақами.

Аризада товар белгисига гувоҳноманинг ёки уни рўйхатдан ўтказиш учун берилган талабноманинг рўйхат рақами кўрсатилади. Ариза Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий муҳофазага эга бўлмаган белгига оид бўлса, аризага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 сентябрдаги 480-сон қарори билан тасдиқланган Товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларини рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ тайёрланган товар белгиси намунаси илова қилинади.

в) устидан шикоят берилган қарорнинг қонунга зидлиги, патент, гувоҳнома берилганлиги ёки ҳуқуқий муҳофаза берилганлиги қонунга зидлигининг асоси, апелляция берувчи шахснинг барча сабаб ва далиллари, таклиф этилган объектнинг унга қарши қуйилган барча объектлар билан таққосланган таҳлилини (муҳофаза ҳужжати бериш рад этилганда) апелляция ўз ичига олиши керак.

Товар келиб чиққан жой номларини рўйхатдан ўтказишни бекор қилиш ҳақидаги апелляция ва/ёки унга илова қилинган материаллар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

жуғрофий объектга хос бўлган шартларнинг йўқолганлиги ҳақида ва/ёки Ўзбекистон Республикасининг товар келиб чиққан жой номлари давлат реестрида кўрсатилган ўзига хос хусусиятларга эга бўлган товарни ишлаб чиқариш имкони йўқлиги ҳақида;

чет эл юридик шахслари ёки чет эл фуқаролари томонидан товар келиб чиққан мамлакатда ушбу товар келиб чиққан жой номига бўлган ҳуқуқ йўқотилганлиги ҳақида;

товар Ўзбекистон Республикасининг товар келиб чиққан жой номлари давлат реестрида ушбу товар келиб чиққан жой номига нисбатан кўрсатилган ўзига хос хусусиятларни йўқотганлиги ҳақида.

Аризада Товарлар ва хизматларнинг халқаро таснифига мувофиқ ҳаммага маълум бўлган товар белгиси деб топиш сўралаётган товарларнинг рўйхати кўрсатилиши керак.

Ариза ва унга илова қилинадиган материаллар товар белгисининг ҳаммага маълум товар белгиси деб эътироф этилганлигини тасдиқлайдиган аниқ маълумотлардан иборат бўлиши керак. Қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар шундай материаллар сифатида тақдим этилиши мумкин:

товар белгисидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кенг фойдаланилгани ҳақида;

товар белгисидан фойдаланилган ҳолда товарлар реализация қилинган аҳоли пунктларининг рўйхати;

ушбу товарлар реализациясининг ҳажми ҳақида;

ярмарка ва кўргазмаларда товар белгисидан фойдаланилган маҳсулотлар ва/ёки хизматлар рекламаси ва тақдимотини ҳам ҳисобга олган ҳолда, товар белгисидан фойдаланиш усули ҳақида;

товар истеъмолчиларининг ўртача йиллик сони ҳақида;

товар белгиси машҳур бўлган мамлакатлар ҳақида;

Вазирлик белгилаган тавсияномаларни ҳисобга олган ҳолда, ихтисослашган мустақил ташкилот томонидан товар истеъмолчилари орасида ўтказилган сўров натижалари ҳақида.

Товар белгисидан узоқ вақт давомида, узлуксиз, кенг ва катта ҳажмда фойдаланилганлиги исботи сифатида маҳсулот сифатини назорат қилувчи ташкилотлар, савдо ташкилотлари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва жамиятларнинг хулосалари (маълумотномалари), декларациялар, сифат сертификатлари ва шу каби ҳужжатлар тақдим этилиши мумкин.

Аризада товар белгисидан фойдаланиш қайси санадан бошлангани ва ариза берган шахс қайси санадан бошлаб ўз товар белгисини Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгиси сифатида эътироф этганлиги кўрсатилиши керак.

г) апелляция ёки ариза берган шахснинг апелляция ёки ариза моҳияти бўйича аниқ баён қилинган талаблари.

8. Апелляция битта ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуғига талабнома ёки товар белгисига, товар келиб чиққан жой номларига, интеграл микросхемалар топологиясига талабномага ёхуд битта муҳофазаланадиган объект — ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуғига, товар белгисига, шу жумладан белгини халқаро рўйхатдан ўтказишга, товар келиб чиққан жой номларига, интеграл микросхемалар топологиясига оид бўлиши керак.

Ариза ҳам битта товар белгисига тааллуқли бўлиши керак.

9. Апелляциялар Ўзбекистон Республикасининг « Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида », « Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида », « Селекция ютуқлари тўғрисида », « Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида »ги қонунларида белгиланган муддатларда берилади.

10. Апелляциялар ва аризаларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган миқдорларда давлат божлари тўланади. Давлат божлари ягона биллинг тизими орқали электрон шаклда амалга оширилади. Бунда давлат божи тўланмаган тақдирда, апелляция ёки аризани кўриб чиқиш бўйича юридик аҳамиятга молик ҳаракатлар амалга оширилмайди.

11. Апелляция ёки ариза ўзбек ёки рус тилларида топширилади. Барча қўшимча материаллар, шу жумладан техник ҳужжатлар ўзбек ёки рус тилларида уч ой муддат ичида топширилади.

Барча қўшимча материаллар, шу жумладан техник ҳужжатлар тақдим қилинмаган тақдирда, ушбу материаллар апелляция ёки аризани кўриб чиқишда эътиборга олинмайди.

3-боб. Апелляциялар ва аризаларни рўйхатга олиш ҳамда қабул қилиш

12. Вазирликка келиб тушган апелляция рўйхатга олинади ва унга рўйхат рақами берилади.

13. Агар апелляция ушбу Қоидаларнинг 2-бобида назарда тутилган шартларга жавоб берса, Апелляция кенгашига келиб тушган санадан эътиборан ўн кунлик муддат ичида апелляция берган шахсга апелляция кўриб чиқишга қабул қилинганлиги ҳақида Портал орқали билдиришнома юборилади.

Тегишли апелляциялар ҳуқуқ эгасига Апелляция кенгаши йиғилиши ўтказилгунга қадар ўз мулоҳазаларини Апелляция кенгашига ва апелляция берган шахсга тақдим этиши ҳақидаги таклиф билан юборилади.

14. Агар апелляция мазкур Қоидаларнинг 2-бобида белгиланган шартлар инобатга олинмасдан топширилган бўлса, апелляция берган шахсга апелляцияни кўриб чиқиш учун зарур бўлган маълумотларни уч ой муддат ичида тақдим этиш таклифи баён қилинган сўровнома Портал орқали юборилади.

Сўровномада талаб қилинган маълумотлар кўрсатилган муддатда тақдим этилмаса, апелляция бўйича иш юритиш тўхтатилади ва бу ҳақда Портал орқали апелляция берган шахсга хабар берилади.

15. Апелляция берган шахс кўриб чиқишнинг исталган босқичида апелляцияни чақириб олиши мумкин. Бу ҳолда, апелляция бўйича иш юритиш тўхтатилади.

16. Йиғилишдан ўн кун аввал томонларга Апелляция кенгаши йиғилишининг ўтказилиш жойи, санаси ва вақти ҳақидаги билдиришнома юборилади.

Бунда апелляция берган шахсга билдиришнома Портал орқали юборилади.

17. Ушбу Қоидаларнинг 12 — 16-бандларида белгиланган тартиб Апелляция кенгашига топшириладиган аризаларга нисбатан ҳам қўлланилади, 14-банднинг иккинчи хатбошиси бундан мустасно.

4-боб. Апелляциялар ва аризаларни кўриб чиқиш муддатлари

18. Апелляциялар қуйидаги муддатларда кўриб чиқилади:

а) келиб тушган санасидан эътиборан икки ой мобайнида:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасасининг (бундан буён матнда Давлат муассасаси деб юритилади) ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуғи, товар белгиси, товар келиб чиққан жой номларига талабномани кўриб чиқишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляциялар;

Давлат муассасасининг фойдали моделга патент бериш тўғрисидаги ёки патент беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляциялар;

Давлат муассасасининг селекция ютуғига патент беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляциялар, агар қўшимча синовлар ўтказиш зарурати туғилмаса.

б) келиб тушган санасидан эътиборан тўрт ой мобайнида:

Давлат муассасасининг ихтиро, фойдали модель, саноат намунасига патент бериш тўғрисидаги ёки патент беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляциялар;

Давлат муассасасининг товар белгиси, товар келиб чиққан жой номларини рўйхатдан ўтказиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляциялар;

Давлат муассасасининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга ошириладиган муҳофаза бериш тўғрисидаги ёки муҳофаза беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляциялар;

Давлат муассасасининг интеграл микросхемалар топологиясини рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан берилган апелляциялар;

ихтиро, фойдали модель, саноат намунасига патент берилишига қарши берилган апелляциялар;

интеграл микросхемалар топологиясининг рўйхатдан ўтказилишига қарши берилган апелляциялар;

ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси патентларининг ҳақиқийлигига қарши берилган апелляциялар;

белгини халқаро рўйхатдан ўтказишнинг Ўзбекистон Республикасида амал қилишига қарши берилган апелляциялар;

интеграл микросхемалар топологиясининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги апелляциялар;

товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси учун гувоҳнома, товар келиб чиққан жой номларидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш ҳақидаги апелляциялар;

товар келиб чиққан жой номлари рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш ҳақидаги апелляциялар;

в) келиб тушган санасидан эътиборан олти ой мобайнида:

селекция ютуғига патент берилишига қарши апелляциялар;

селекция ютуғи патентларининг ҳақиқийлигига қарши берилган апелляциялар, агар қўшимча синовлар ўтказиш зарурияти туғилмаса.

Аризалар Апелляция кенгаши томонидан ушбу аризалар келиб тушган санадан эътиборан тўрт ой ичида кўриб чиқилади.

19. Апелляция ёки ариза берган шахс, бошқа манфаатдор шахслар илтимосномасига биноан Апелляция кенгаши мажлиси кенгаш қарорига кўра кечроқ, лекин олти ойдан кўп бўлмаган муддатга кўчирилиши мумкин. Бунда апелляцияларни ёки аризаларни кўриб чиқишнинг белгиланган муддати ўтиши Апелляция кенгаши мажлисининг янги санасигача тўхтатиб турилади.

20. Муддатлар йиғилиш ўтказишнинг аниқ календарь санаси билан белгиланади.

21. Иш бўйича иш юритиш тўхтатилиши билан барча ўтиб кетмаган муддатларнинг ўтиши ҳам тўхтатилади. Иш бўйича иш юритиш барча зарур маълумотлар ва/ёки материаллар олинмагунга қадар, тўхтатиб турилади. Иш бўйича иш юритиш тикланган кундан бошлаб муддатларнинг ўтиши давом этади.

22. Ишни кўриб чиқишни бошқа кунга кўчириш, тухтатиш, тўлиқ ёки қисмлари бўйича тугатиш Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 октябрдаги 856-сон қарори билан тасдиқланган Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги низомнинг 18 — 20-бандларига мувофиқ амалга оширилади.

5-боб. Апелляциялар ва аризаларни кўриб чиқиш

23. Апелляция ёки аризани кўриб чиқиш Апелляция кенгаши раиси, унинг ўринбосари, кенгаш аъзолари ва котиби таркибидаги Апелляция кенгаши мажлисида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари Апелляция кенгаши раиси ҳисобланади. Апелляция кенгашининг таркибига интеллектуал мулк соҳасидаги мустақил олимлар ва мутахассислар киради. Апелляция кенгаши таркибида адлия органлари ва муассасаларининг ходимлари сони Апелляция кенгаши аъзолари умумий сонининг ўттиз фоизидан ошмаслиги лозим .

Апелляция кенгаши таркиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланади.

Апелляция кенгаши аъзоларига Портал орқали иш билан танишиш ҳамда бевосита апелляцияни кўриб чиқиш жараёнида фойдаланиш имконияти яратилади.

23 1 . Апелляция кенгаши аъзоси кўрилаётган апелляция ишида томон ёки унинг вакили бўлганда, у овоз беришда иштирок этмайди.

24. Апелляция кенгашида ишни кўриб чиқишда апелляция ёки ариза берган шахс ёки унинг вакили, шу жумладан патент вакили ҳамда бошқа манфаатдор юридик ёхуд жисмоний шахслар қатнашиши мумкин.

Ишни кўриб чиқишда қатнашиш ҳуқуқи бўлган ва Апелляция кенгаши мажлиси ўтказиладиган сана ва жойи ҳақида хабардор қилинган исталган шахснинг келмай қолиши ишни кўриб чиқишга тўсиқ бўла олмайди.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган шахслар Апелляция кенгашининг исталган аъзосига ёки бутун таркибига нисбатан асосланган раддия бериши мумкин. Раддия ишнинг моҳиятини кўриб чиқиш бошлангунга қадар берилиши лозим.

Раддия Апелляция кенгаши аъзолари томонидан кўриб чиқилиши керак. Агар раддия қаноатлантирилса, апелляция ёки ариза бошқа таркибда кўриб чиқилади. Ишни кўриб чиқишда қатнашадиган шахслар йиғилишнинг янги санаси ва вақти ҳақида ушбу Қоидаларнинг 16-бандида белгиланган тартибда хабардор этиладилар.

25. Апелляция кенгаши бир шахс ёки бир неча шахснинг битта объектга — муҳофазаланаётган ёки талабнома берилган ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуғи, товар белгиси, товар келиб чиққан жой номлари, интеграл микросхемалар топологиясига оид бир неча апелляциялари кўриб чиқишда эканлигини аниқласа, томонларнинг розилигини олган ҳолда, бу апелляцияларни кўриб чиқишни битта йиғилишда бирлаштириши мумкин. Апелляция кенгашининг қарори ҳар бир иш бўйича алоҳида чиқарилади.

Агар аризалар бир ёки бир неча шахслар томонидан берилган бўлса ҳамда уларда битта товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгисини Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгиси сифатида эътироф этиш сўралаётган бўлса, Апелляция кенгаши бир неча аризаларнинг кўриб чиқилишини бирлаштириши мумкин.

26. Томонлардан бири мазкур иш юритувдан чиқиб кетганда (апелляция ёки ариза берган шахснинг вафот этиши, юридик шахснинг тугатилиши, қайта ташкил этилиши ва шу кабилар), Апелляция кенгаши асосланган ариза бўйича ушбу томонни меросхўри ёки ҳуқуқий ворислари билан алмаштиради. Ҳуқуқий ворислик апелляция жараёнининг исталган босқичида амалга оширилиши мумкин.

27. Ишнинг моҳиятидан келиб чиқиб, қўшимча материаллар ва маълумотлар тақдим этишнинг зарурати пайдо бўлса, қўшимча материаллар ва маълумотлар Апелляция кенгаши белгилаган муддатларда Портал орқали топширилади.

Қўшимча материаллар ва маълумотлар тақдим этувчи томоннинг расмий илтимосномасига кўра, қўшимча материаллар ва маълумотларни тақдим этиш муддати Апелляция кенгаши томонидан уч ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин. Расмий илтимоснома билан сўралган маълумотларга жавоб бериш муддатини узайтириш учун узайтиришнинг ҳар бир ойи учун белгиланган давлат божи тўлови ягона биллинг тизими орқали электрон шаклда амалга оширилади. Бу ҳолда, апелляция ёки аризани кўриб чиқиш муддатларининг ўтиши узайтириш муддати давомида тўхтатилади.

Давлат божи тўланмаса, расмий илтимоснома берилмаган деб ҳисобланади.

28. Апелляция кенгаши аъзолари иш кўриб чиқилишида ва қарор қабул қилишда мустақилдирлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, Ўзбекистон Республикасининг интеллектуал мулк объектлари муҳофазаси соҳасидаги халқаро шартномаларига, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 октябрдаги 856-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги низомга амал қиладилар.

29. Апелляция кенгашида ишни кўриб чиқишда тижорат ва хизмат сирлари ошкор этилишини олдини олиш мақсадида, кенгаш иштирокчилари исталган бирининг расмий илтимосномаси бўйича ишни кўриб чиқиш махфийлиги ҳақида ажрим чиқаради. Бу ҳолда, кенгаш йиғилишига киритилган иштирокчиларнинг ҳаммаси Апелляция кенгашида ишни кўриб чиқиш муносабати билан ўзларига маълум бўладиган тижорат ва хизмат сирларидан иборат бўлган аниқ маълумотларнинг махфийлигини сақлаш ҳақида мажбуриятни оладилар.

30. Апелляция кенгашида ишни юритиш ўзбек ёки рус тилларида олиб борилади. Иш юритиш олиб бориладиган тилни тушунмайдиган шахсларга материаллар билан таржимон орқали танишиш ва Апелляция кенгаши ​​​​​​​ ишида қатнашиш, шунингдек кенгаш йиғилишида ўзбек ёки рус тилларида сўзга чиқиш ҳуқуқи билан таъминланади.

Апелляция кенгаши мажлисини фототасвирга тушириш, аудио ва видеоёзувини амалга ошириш, шунингдек оммавий ахборот воситаларида трансляция қилиниши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 октябрдаги 856-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги низомнинг 15-бандига кўра амалга оширилади.

31. Апелляция ёки аризани кўриб чиқиш Апелляция кенгаши раисининг ишнинг моҳиятини баён қиладиган маърузаси билан бошланади. Ишни кўришнинг кейинги босқичлари одатда қуйидагилардан иборат бўлади:

апелляция ёки ариза берган шахс ва/ёки унинг вакили, шу жумладан патент вакилининг сўзи;

ишга жалб қилинган экспертнинг сўзи;

кўриб чиқишда иштирок этувчи шахсларнинг Апелляция кенгаши аъзолари ва йиғилиш иштирокчиларининг саволларига жавоблари;

кўриб чиқишда иштирок этувчи шахслар томонидан олдинги сўзланган нутқларнинг тўлдирилиши.

32. Апелляция кенгашининг мажлислари жараёнлари видеоёзувда қайд этиб борилади ва баённома юритилмайди.

33. Ишни кўриб чиқишда ҳар бир томон ўз талабларининг асоси сифатида келтирган далилларни исботлайди.

Апелляцияни кўриб чиқишда исбот ва далиллар томонлар ва бошқа иштирокчилар тарафидан ёзма равишда тақдим қилинади ҳамда нусхаси барча иштирокчиларга тарқатилади.

Агар тақдим қилинган исботлар етарли бўлмаса, Апелляция кенгаши томонлар ва апелляция жараёнининг бошқа иштирокчиларига қўшимча исботлар тақдим этишни таклиф қилади.

34. Томонлардан бири бошқа томоннинг нуқтаи назари асосли ва қонунийлигини ёзма равишда тан олган ҳамда низодан воз кечган ҳолда, Апелляция кенгаши апелляция бўйича иш юритишни тўхтатади. Апелляция кенгашига худди ўша томонлар орасидаги ўша иш ва ўша асослар бўйича такрорий мурожаат этиш ушбу ишни ҳал қилиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган янгидан пайдо бўлган ҳолатлар аниқланганда мумкин бўлади.

35. Апелляция кенгаши апелляцияни кўриб чиқиш натижаси бўйича апелляцияни қаноатлантириш, қисман қаноатлантириш ёки апелляцияни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Апелляция кенгаши аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатини эътироф этиш тўғрисида ёки эътироф этишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиш бекор қилинганлиги тўғрисидаги қарор қабул қилинган ҳолда, Апелляция кенгаши бир вақтнинг ўзида ушбу рўйхатдан ўтказилиш билан боғлиқ товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаларни муддатидан аввал тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

6-боб. Апелляция кенгашининг қарорлари

36. Апелляция кенгашининг қарори апелляция ёки ариза моҳиятини кўриб чиқиш тугагандан сўнг кенгаш аъзоларининг ёпиқ йиғилиши натижаси бўйича кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Апелляция кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Апелляция кенгаши раиси ва аъзолари овоз беришда бетараф қолиш ҳуқуқига эга эмас. Апелляция кенгаши раиси энг охирида овоз беради.

Апелляция кенгашининг қарори Апелляция кенгаши раиси ва ишни кўриб чиқишда қатнашган Апелляция кенгашининг барча аъзолари томонидан Портал орқали электрон ҚР-код (матрик штрихли код) қўйиш билан тасдиқланади ва манфаатдор шахслар қарор ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган пайтдан эътиборан кучга киради. Бунда қарор апелляция ёки ариза берган шахс ёхуд уларнинг вакилларининг, шу жумладан патент вакилларининг Порталдаги шахсий кабинетига юборилади.

Апелляция ёки аризани кўриб чиқишда қатнашган шахслар ва Апелляция кенгаши аъзолари кенгаш йиғилишида ёки Апелляция кенгаши йиғилиши ўтказилган санадан эътиборан уч иш куни мобайнида Портал орқали ўзларининг алоҳида фикр-мулоҳазаларини билдириш ҳуқуқига эгадирлар.

Раислик қилувчи Апелляция кенгаши қарорининг хулоса чиқарилган қисмини апелляция ёки аризани кўриб чиқишда қатнашганларга ўқиб эшиттиради.

37. Апелляция кенгашининг қарори Портал орқали электрон шаклда баён қилинади ҳамда кириш, тавсифлаш, асослаш ва хулоса қисмларидан иборат бўлиб, унда қуйидагилар кўрсатилади:

а) кириш қисмида:

иш рақами (рўйхатга олиш рақами) ва апелляция ёки ариза топширилган сана;

қарор қабул қилинган сана;

Апелляция кенгашининг таркиби;

Апелляция ёки ариза топширган шахснинг ва (ёки) унинг вакилининг, шу жумладан патент вакилининг фамилияси, отасининг исми;

низони кўриб чиқишда қатнашган бошқа шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

б) тавсифлаш қисмида:

апелляция ёки ариза берган шахс талабларининг қисқача баёни;

апелляция ёки ариза берган шахс мулоҳазасининг қисқача баёни ёки давлат экспертизаси вакилининг тушунтиришлари;

апелляцияда иштирок этаётган томонлар ва/ёки уларнинг вакиллари тушунтиришларининг қисқача баёни;

в) асослаш қисмида:

низонинг Апелляция кенгаши томонидан аниқланган жиҳатлари;

томонларнинг илтимосномалари ва исботларини Апелляция кенгаши қабул қилишига ёки рад этишига сабаб бўлган далиллар ва фактлар;

Апелляция кенгаши қарор қабул қилишда амал қилган қонунчилик ҳужжатлари;

г) хулоса қисмида:

қўйилган талаблар бўйича уларни қаноатлантириш, қисман қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида, қабул қилинган қарор юзасидан шикоят бериш муддатлари ва тартиби ҳақидаги маълумотлар.

39. Апелляция кенгаши қарорлари қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида апелляция ёки ариза берган шахсларга ва бошқа манфаатдор шахсларга Вазирлик томонидан юборилади, шунингдек унинг расмий нашрида ва веб-сайтида тарафларнинг розилиги билан ёки шахси кўрсатилмаган тарзда маълумот тариқасида эълон қилиниши мумкин, бундан мазкур банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар мустасно.

Ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси ҳамда селекция ютуқлари билан боғлиқ қарорлар тарафларнинг розилиги билан ва шахси кўрсатилмаган тарзда маълумот тариқасида унинг расмий нашрида ва веб-сайтида эълон қилиниши мумкин.

7-боб. Якуний қоида

40. Мазкур Қоидаларни бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 30 октябрдаги 494-мҳ-сон буйруғига 2-ИЛОВА

Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси директорининг 2008 йил 25 декабрдаги 100-сон «Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг Апелляция кенгашига апелляциялар ва аризаларни топшириш ҳамда кўриб чиқиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1889, 2009 йил 24 январь).

2. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директорининг 2011 йил 26 августдаги 23-сон «Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идорасининг Апелляция кенгашига апелляциялар ва аризаларни топшириш ҳамда кўриб чиқиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруққа ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1889-1, 2011 йил 30 сентябрь).

3. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директорининг 2013 йил 15 апрелдаги 66-сон «Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг Апелляция кенгашига апелляциялар ва аризаларни топшириш ҳамда кўриб чиқиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1889-2, 2013 йил 7 май).

4. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги бош директорининг 2017 йил 6 ноябрдаги 22-сон «Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг Апелляция кенгашига апелляциялар ва аризаларни топшириш ҳамда кўриб чиқиш қоидаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1889-3, 2017 йил 16 ноябрь).

Вазир Р. ДАВЛЕТОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 30 октябрь,

494-мҳ-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.10.2019 й., 10/19/3190/3984-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 17.10.2022 й., 10/22/3392/0951-сон; 12.08.2026 й., 10/26/3190-1/0836-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining

buyrugʻi

QOIDALARI

roʻyxati

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Apellyatsiya kengashiga apellyatsiyalar va Oʻzbekiston Respublikasida hammaga maʼlum tovar belgilari deb eʼtirof etish toʻgʻrisidagi arizalarni berish va ularni koʻrib chiqish qoidalarini tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 9-oktabrdagi 856-son “Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Apellyatsiya kengashi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qaroriga muvofiq, buyuraman:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Apellyatsiya kengashiga apellyatsiyalar va Oʻzbekiston Respublikasida hammaga maʼlum tovar belgilari deb eʼtirof etish toʻgʻrisidagi arizalarni berish va ularni koʻrib chiqish qoidalari 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

3. Mazkur buyruq davlat roʻyxatidan oʻtkazilsin va bu haqda Hukumat bayonnoma qarorlari va idoraviy normativ hujjatlarni huquqiy ekspertizadan oʻtkazish boshqarmasi Idoraviy normativ-huquqiy hujjatlarning davlat reyestriga tegishli yozuv kiritsin.

4. Adliya vazirligi huzuridagi Intellektual mulk agentligi hamda Qonun hujjatlarini tahlil qilish va turkumlash boshqarmasi ushbu idoraviy normativ-huquqiy hujjatni barcha manfaatdor shaxslarga yetkazilishini, “Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami” — “Sobraniye zakonodatelstva Respubliki Uzbekistan”da hamda Oʻzbekiston Respublikasi Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasida eʼlon qilinishini taʼminlasin.

5. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

6. Mazkur buyruqning ijrosini nazorat qilish vazir oʻrinbosari T. Abdusattarov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2019-yil 30-oktabrdagi 494-mh-son buyrugʻiga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Apellyatsiya kengashiga apellyatsiyalar va Oʻzbekiston Respublikasida hammaga maʼlum tovar belgilari deb eʼtirof etish toʻgʻrisidagi arizalarni berish va ularni koʻrib chiqish

Ushbu Qoidalar Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 9-oktabrdagi 856-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Apellyatsiya kengashi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Apellyatsiya kengashiga (bundan buyon matnda Apellyatsiya kengashi deb yuritiladi) apellyatsiyalar va Oʻzbekiston Respublikasida hammaga maʼlum tovar belgilari deb eʼtirof etish toʻgʻrisidagi arizalarni berish hamda ularni koʻrib chiqish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Apellyatsiya kengashiga Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 9-oktabrdagi 856-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Apellyatsiya kengashi toʻgʻrisidagi nizomning 5-bandida koʻrsatilgan masalalar yuzasidan apellyatsiyalar topshirilishi mumkin.

2. Apellyatsiya kengashiga Oʻzbekiston Respublikasida hammaga maʼlum tovar belgilari roʻyxatini eʼtirof etish toʻgʻrisidagi arizalar (bundan buyon matnda ariza deb yuritiladi) topshirilishi mumkin.

3. Apellyatsiyalar tegishliligi boʻyicha talabnoma beruvchi va manfaatdor shaxslar tomonidan beriladi.

Mazkur Qoidalarning 2-bandida nazarda tutilgan ariza oʻz tovar belgisini Oʻzbekiston Respublikasida hammaga maʼlum tovar belgisi deb hisoblagan shaxs tomonidan beriladi.

3 1 . Apellyatsiya va ariza Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining (bundan buyon matnda Vazirlik deb yuritiladi) “Intellektual mulk muhofazasi portali” (bundan buyon matnda Portal deb yuritiladi) orqali topshiriladi .

2-bob. Apellyatsiyalar va arizalarni berish shartlari

4. Ushbu Qoidalarning 1 va 2-bandlarida koʻzda tutilgan apellyatsiyalar yoki arizalarni berish bilan bogʻliq harakatlarni mazkur Qoidalarning 3-bandida koʻrsatilgan shaxslar shaxsan oʻzlari yoki vakillari, shu jumladan Patent vakillarining davlat reyestriga kiritilgan patent vakillari orqali topshirilishi mumkin.

Oʻzbekiston Respublikasidan tashqarida doimiy istiqomat qiladigan jismoniy shaxslar va chet el yuridik shaxslari yoki ularning vakillari basharti, Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalarida boshqacha tartib koʻzda tutilmagan boʻlsa, apellyatsiyalar yoki arizalarni berish bilan bogʻliq harakatlarni, Patent vakillarining davlat reyestriga kiritilgan patent vakillari orqali amalga oshiradilar.

5. Vakilning, tegishli hollarda patent vakilining vakolatlari qonunchilikka muvofiq rasmiylashtirilgan va vakolatlarning hajmi koʻrsatilgan ishonchnoma bilan tasdiqlanadi.

6. Apellyatsiya yoki ariza ixtiyoriy shaklda tuziladi.

7. Apellyatsiya yoki arizada quyidagilar koʻrsatiladi:

a) apellyatsiya yoki ariza bergan yuridik shaxslar uchun — uning nomi, joylashgan yeri (pochta manzili), jismoniy shaxslar uchun familiyasi, ismi, otasining ismi, turar joyi (toʻliq manzili) va boshqa maʼlumotlar;

b) ixtiro, foydali model, sanoat namunasi, seleksiya yutugʻiga talabnoma, tovar belgisiga, shu jumladan belgini xalqaro roʻyxatdan oʻtkazishga talabnoma, tovar kelib chiqqan joy nomlariga, integral mikrosxemalar topologiyasiga talabnomaning raqami yoki apellyatsiya oid boʻlgan obyektga berilgan muhofaza hujjatining, shu jumladan belgini xalqaro roʻyxatdan oʻtkazish raqami.

Arizada tovar belgisiga guvohnomaning yoki uni roʻyxatdan oʻtkazish uchun berilgan talabnomaning roʻyxat raqami koʻrsatiladi. Ariza Oʻzbekiston Respublikasida huquqiy muhofazaga ega boʻlmagan belgiga oid boʻlsa, arizaga Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 19-sentabrdagi 480-son qarori bilan tasdiqlangan Tovar belgilari va xizmat koʻrsatish belgilarini roʻyxatdan oʻtkazish boʻyicha davlat xizmatini koʻrsatishning maʼmuriy reglamentiga muvofiq tayyorlangan tovar belgisi namunasi ilova qilinadi.

v) ustidan shikoyat berilgan qarorning qonunga zidligi, patent, guvohnoma berilganligi yoki huquqiy muhofaza berilganligi qonunga zidligining asosi, apellyatsiya beruvchi shaxsning barcha sabab va dalillari, taklif etilgan obyektning unga qarshi quyilgan barcha obyektlar bilan taqqoslangan tahlilini (muhofaza hujjati berish rad etilganda) apellyatsiya oʻz ichiga olishi kerak.

Tovar kelib chiqqan joy nomlarini roʻyxatdan oʻtkazishni bekor qilish haqidagi apellyatsiya va/yoki unga ilova qilingan materiallar quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olishi kerak:

jugʻrofiy obyektga xos boʻlgan shartlarning yoʻqolganligi haqida va/yoki Oʻzbekiston Respublikasining tovar kelib chiqqan joy nomlari davlat reyestrida koʻrsatilgan oʻziga xos xususiyatlarga ega boʻlgan tovarni ishlab chiqarish imkoni yoʻqligi haqida;

chet el yuridik shaxslari yoki chet el fuqarolari tomonidan tovar kelib chiqqan mamlakatda ushbu tovar kelib chiqqan joy nomiga boʻlgan huquq yoʻqotilganligi haqida;

tovar Oʻzbekiston Respublikasining tovar kelib chiqqan joy nomlari davlat reyestrida ushbu tovar kelib chiqqan joy nomiga nisbatan koʻrsatilgan oʻziga xos xususiyatlarni yoʻqotganligi haqida.

Arizada Tovarlar va xizmatlarning xalqaro tasnifiga muvofiq hammaga maʼlum boʻlgan tovar belgisi deb topish soʻralayotgan tovarlarning roʻyxati koʻrsatilishi kerak.

Ariza va unga ilova qilinadigan materiallar tovar belgisining hammaga maʼlum tovar belgisi deb eʼtirof etilganligini tasdiqlaydigan aniq maʼlumotlardan iborat boʻlishi kerak. Quyidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan hujjatlar shunday materiallar sifatida taqdim etilishi mumkin:

tovar belgisidan Oʻzbekiston Respublikasi hududida keng foydalanilgani haqida;

tovar belgisidan foydalanilgan holda tovarlar realizatsiya qilingan aholi punktlarining roʻyxati;

ushbu tovarlar realizatsiyasining hajmi haqida;

yarmarka va koʻrgazmalarda tovar belgisidan foydalanilgan mahsulotlar va/yoki xizmatlar reklamasi va taqdimotini ham hisobga olgan holda, tovar belgisidan foydalanish usuli haqida;

tovar isteʼmolchilarining oʻrtacha yillik soni haqida;

tovar belgisi mashhur boʻlgan mamlakatlar haqida;

Vazirlik belgilagan tavsiyanomalarni hisobga olgan holda, ixtisoslashgan mustaqil tashkilot tomonidan tovar isteʼmolchilari orasida oʻtkazilgan soʻrov natijalari haqida.

Tovar belgisidan uzoq vaqt davomida, uzluksiz, keng va katta hajmda foydalanilganligi isboti sifatida mahsulot sifatini nazorat qiluvchi tashkilotlar, savdo tashkilotlari, isteʼmolchilar huquqlarini himoya qiluvchi tashkilotlar va jamiyatlarning xulosalari (maʼlumotnomalari), deklaratsiyalar, sifat sertifikatlari va shu kabi hujjatlar taqdim etilishi mumkin.

Arizada tovar belgisidan foydalanish qaysi sanadan boshlangani va ariza bergan shaxs qaysi sanadan boshlab oʻz tovar belgisini Oʻzbekiston Respublikasida hammaga maʼlum tovar belgisi sifatida eʼtirof etganligi koʻrsatilishi kerak.

g) apellyatsiya yoki ariza bergan shaxsning apellyatsiya yoki ariza mohiyati boʻyicha aniq bayon qilingan talablari.

8. Apellyatsiya bitta ixtiro, foydali model, sanoat namunasi, seleksiya yutugʻiga talabnoma yoki tovar belgisiga, tovar kelib chiqqan joy nomlariga, integral mikrosxemalar topologiyasiga talabnomaga yoxud bitta muhofazalanadigan obyekt — ixtiro, foydali model, sanoat namunasi, seleksiya yutugʻiga, tovar belgisiga, shu jumladan belgini xalqaro roʻyxatdan oʻtkazishga, tovar kelib chiqqan joy nomlariga, integral mikrosxemalar topologiyasiga oid boʻlishi kerak.

Ariza ham bitta tovar belgisiga taalluqli boʻlishi kerak.

9. Apellyatsiyalar Oʻzbekiston Respublikasining “ Ixtirolar, foydali modellar va sanoat namunalari toʻgʻrisida ”, “ Tovar belgilari, xizmat koʻrsatish belgilari va tovar kelib chiqqan joy nomlari toʻgʻrisida ”, “ Seleksiya yutuqlari toʻgʻrisida ”, “ Integral mikrosxemalar topologiyalarini huquqiy muhofaza qilish toʻgʻrisida ”gi qonunlarida belgilangan muddatlarda beriladi.

10. Apellyatsiyalar va arizalarni koʻrib chiqish uchun Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan miqdorlarda davlat bojlari toʻlanadi. Davlat bojlari yagona billing tizimi orqali elektron shaklda amalga oshiriladi. Bunda davlat boji toʻlanmagan taqdirda, apellyatsiya yoki arizani koʻrib chiqish boʻyicha yuridik ahamiyatga molik harakatlar amalga oshirilmaydi.

11. Apellyatsiya yoki ariza oʻzbek yoki rus tillarida topshiriladi. Barcha qoʻshimcha materiallar, shu jumladan texnik hujjatlar oʻzbek yoki rus tillarida uch oy muddat ichida topshiriladi.

Barcha qoʻshimcha materiallar, shu jumladan texnik hujjatlar taqdim qilinmagan taqdirda, ushbu materiallar apellyatsiya yoki arizani koʻrib chiqishda eʼtiborga olinmaydi.

3-bob. Apellyatsiyalar va arizalarni roʻyxatga olish hamda qabul qilish

12. Vazirlikka kelib tushgan apellyatsiya roʻyxatga olinadi va unga roʻyxat raqami beriladi.

13. Agar apellyatsiya ushbu Qoidalarning 2-bobida nazarda tutilgan shartlarga javob bersa, Apellyatsiya kengashiga kelib tushgan sanadan eʼtiboran oʻn kunlik muddat ichida apellyatsiya bergan shaxsga apellyatsiya koʻrib chiqishga qabul qilinganligi haqida Portal orqali bildirishnoma yuboriladi.

Tegishli apellyatsiyalar huquq egasiga Apellyatsiya kengashi yigʻilishi oʻtkazilgunga qadar oʻz mulohazalarini Apellyatsiya kengashiga va apellyatsiya bergan shaxsga taqdim etishi haqidagi taklif bilan yuboriladi.

14. Agar apellyatsiya mazkur Qoidalarning 2-bobida belgilangan shartlar inobatga olinmasdan topshirilgan boʻlsa, apellyatsiya bergan shaxsga apellyatsiyani koʻrib chiqish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlarni uch oy muddat ichida taqdim etish taklifi bayon qilingan soʻrovnoma Portal orqali yuboriladi.

Soʻrovnomada talab qilingan maʼlumotlar koʻrsatilgan muddatda taqdim etilmasa, apellyatsiya boʻyicha ish yuritish toʻxtatiladi va bu haqda Portal orqali apellyatsiya bergan shaxsga xabar beriladi.

15. Apellyatsiya bergan shaxs koʻrib chiqishning istalgan bosqichida apellyatsiyani chaqirib olishi mumkin. Bu holda, apellyatsiya boʻyicha ish yuritish toʻxtatiladi.

16. Yigʻilishdan oʻn kun avval tomonlarga Apellyatsiya kengashi yigʻilishining oʻtkazilish joyi, sanasi va vaqti haqidagi bildirishnoma yuboriladi.

Bunda apellyatsiya bergan shaxsga bildirishnoma Portal orqali yuboriladi.

17. Ushbu Qoidalarning 12 — 16-bandlarida belgilangan tartib Apellyatsiya kengashiga topshiriladigan arizalarga nisbatan ham qoʻllaniladi, 14-bandning ikkinchi xatboshisi bundan mustasno.

4-bob. Apellyatsiyalar va arizalarni koʻrib chiqish muddatlari

18. Apellyatsiyalar quyidagi muddatlarda koʻrib chiqiladi:

a) kelib tushgan sanasidan eʼtiboran ikki oy mobaynida:

Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi “Intellektual mulk markazi” davlat muassasasining (bundan buyon matnda Davlat muassasasi deb yuritiladi) ixtiro, foydali model, sanoat namunasi, seleksiya yutugʻi, tovar belgisi, tovar kelib chiqqan joy nomlariga talabnomani koʻrib chiqishga qabul qilishni rad etish toʻgʻrisidagi qarori ustidan berilgan apellyatsiyalar;

Davlat muassasasining foydali modelga patent berish toʻgʻrisidagi yoki patent berishni rad etish toʻgʻrisidagi qarori ustidan berilgan apellyatsiyalar;

Davlat muassasasining seleksiya yutugʻiga patent berishni rad etish toʻgʻrisidagi qarori ustidan berilgan apellyatsiyalar, agar qoʻshimcha sinovlar oʻtkazish zarurati tugʻilmasa.

b) kelib tushgan sanasidan eʼtiboran toʻrt oy mobaynida:

Davlat muassasasining ixtiro, foydali model, sanoat namunasiga patent berish toʻgʻrisidagi yoki patent berishni rad etish toʻgʻrisidagi qarori ustidan berilgan apellyatsiyalar;

Davlat muassasasining tovar belgisi, tovar kelib chiqqan joy nomlarini roʻyxatdan oʻtkazish yoki roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish toʻgʻrisidagi qarori ustidan berilgan apellyatsiyalar;

Davlat muassasasining Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalariga muvofiq amalga oshiriladigan muhofaza berish toʻgʻrisidagi yoki muhofaza berishni rad etish toʻgʻrisidagi qarori ustidan berilgan apellyatsiyalar;

Davlat muassasasining integral mikrosxemalar topologiyasini roʻyxatdan oʻtkazishni rad etish toʻgʻrisidagi qarori ustidan berilgan apellyatsiyalar;

ixtiro, foydali model, sanoat namunasiga patent berilishiga qarshi berilgan apellyatsiyalar;

integral mikrosxemalar topologiyasining roʻyxatdan oʻtkazilishiga qarshi berilgan apellyatsiyalar;

ixtiro, foydali model, sanoat namunasi patentlarining haqiqiyligiga qarshi berilgan apellyatsiyalar;

belgini xalqaro roʻyxatdan oʻtkazishning Oʻzbekiston Respublikasida amal qilishiga qarshi berilgan apellyatsiyalar;

integral mikrosxemalar topologiyasining roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini toʻxtatish haqidagi apellyatsiyalar;

tovar belgisi va xizmat koʻrsatish belgisi uchun guvohnoma, tovar kelib chiqqan joy nomlaridan foydalanish huquqi toʻgʻrisidagi guvohnomaning amal qilishini toʻxtatish haqidagi apellyatsiyalar;

tovar kelib chiqqan joy nomlari roʻyxatdan oʻtkazilganligini bekor qilish haqidagi apellyatsiyalar;

v) kelib tushgan sanasidan eʼtiboran olti oy mobaynida:

seleksiya yutugʻiga patent berilishiga qarshi apellyatsiyalar;

seleksiya yutugʻi patentlarining haqiqiyligiga qarshi berilgan apellyatsiyalar, agar qoʻshimcha sinovlar oʻtkazish zaruriyati tugʻilmasa.

Arizalar Apellyatsiya kengashi tomonidan ushbu arizalar kelib tushgan sanadan eʼtiboran toʻrt oy ichida koʻrib chiqiladi.

19. Apellyatsiya yoki ariza bergan shaxs, boshqa manfaatdor shaxslar iltimosnomasiga binoan Apellyatsiya kengashi majlisi kengash qaroriga koʻra kechroq, lekin olti oydan koʻp boʻlmagan muddatga koʻchirilishi mumkin. Bunda apellyatsiyalarni yoki arizalarni koʻrib chiqishning belgilangan muddati oʻtishi Apellyatsiya kengashi majlisining yangi sanasigacha toʻxtatib turiladi.

20. Muddatlar yigʻilish oʻtkazishning aniq kalendar sanasi bilan belgilanadi.

21. Ish boʻyicha ish yuritish toʻxtatilishi bilan barcha oʻtib ketmagan muddatlarning oʻtishi ham toʻxtatiladi. Ish boʻyicha ish yuritish barcha zarur maʼlumotlar va/yoki materiallar olinmagunga qadar, toʻxtatib turiladi. Ish boʻyicha ish yuritish tiklangan kundan boshlab muddatlarning oʻtishi davom etadi.

22. Ishni koʻrib chiqishni boshqa kunga koʻchirish, tuxtatish, toʻliq yoki qismlari boʻyicha tugatish Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 9-oktabrdagi 856-son qarori bilan tasdiqlangan Adliya vazirligining Apellyatsiya kengashi toʻgʻrisidagi nizomning 18 — 20-bandlariga muvofiq amalga oshiriladi.

5-bob. Apellyatsiyalar va arizalarni koʻrib chiqish

23. Apellyatsiya yoki arizani koʻrib chiqish Apellyatsiya kengashi raisi, uning oʻrinbosari, kengash aʼzolari va kotibi tarkibidagi Apellyatsiya kengashi majlisida amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining oʻrinbosari Apellyatsiya kengashi raisi hisoblanadi. Apellyatsiya kengashining tarkibiga intellektual mulk sohasidagi mustaqil olimlar va mutaxassislar kiradi. Apellyatsiya kengashi tarkibida adliya organlari va muassasalarining xodimlari soni Apellyatsiya kengashi aʼzolari umumiy sonining oʻttiz foizidan oshmasligi lozim .

Apellyatsiya kengashi tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri tomonidan tasdiqlanadi.

Apellyatsiya kengashi aʼzolariga Portal orqali ish bilan tanishish hamda bevosita apellyatsiyani koʻrib chiqish jarayonida foydalanish imkoniyati yaratiladi.

23 1 . Apellyatsiya kengashi aʼzosi koʻrilayotgan apellyatsiya ishida tomon yoki uning vakili boʻlganda, u ovoz berishda ishtirok etmaydi.

24. Apellyatsiya kengashida ishni koʻrib chiqishda apellyatsiya yoki ariza bergan shaxs yoki uning vakili, shu jumladan patent vakili hamda boshqa manfaatdor yuridik yoxud jismoniy shaxslar qatnashishi mumkin.

Ishni koʻrib chiqishda qatnashish huquqi boʻlgan va Apellyatsiya kengashi majlisi oʻtkaziladigan sana va joyi haqida xabardor qilingan istalgan shaxsning kelmay qolishi ishni koʻrib chiqishga toʻsiq boʻla olmaydi.

Ushbu bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan shaxslar Apellyatsiya kengashining istalgan aʼzosiga yoki butun tarkibiga nisbatan asoslangan raddiya berishi mumkin. Raddiya ishning mohiyatini koʻrib chiqish boshlangunga qadar berilishi lozim.

Raddiya Apellyatsiya kengashi aʼzolari tomonidan koʻrib chiqilishi kerak. Agar raddiya qanoatlantirilsa, apellyatsiya yoki ariza boshqa tarkibda koʻrib chiqiladi. Ishni koʻrib chiqishda qatnashadigan shaxslar yigʻilishning yangi sanasi va vaqti haqida ushbu Qoidalarning 16-bandida belgilangan tartibda xabardor etiladilar.

25. Apellyatsiya kengashi bir shaxs yoki bir necha shaxsning bitta obyektga — muhofazalanayotgan yoki talabnoma berilgan ixtiro, foydali model, sanoat namunasi, seleksiya yutugʻi, tovar belgisi, tovar kelib chiqqan joy nomlari, integral mikrosxemalar topologiyasiga oid bir necha apellyatsiyalari koʻrib chiqishda ekanligini aniqlasa, tomonlarning roziligini olgan holda, bu apellyatsiyalarni koʻrib chiqishni bitta yigʻilishda birlashtirishi mumkin. Apellyatsiya kengashining qarori har bir ish boʻyicha alohida chiqariladi.

Agar arizalar bir yoki bir necha shaxslar tomonidan berilgan boʻlsa hamda ularda bitta tovar belgisi, xizmat koʻrsatish belgisini Oʻzbekiston Respublikasida hammaga maʼlum tovar belgisi sifatida eʼtirof etish soʻralayotgan boʻlsa, Apellyatsiya kengashi bir necha arizalarning koʻrib chiqilishini birlashtirishi mumkin.

26. Tomonlardan biri mazkur ish yurituvdan chiqib ketganda (apellyatsiya yoki ariza bergan shaxsning vafot etishi, yuridik shaxsning tugatilishi, qayta tashkil etilishi va shu kabilar), Apellyatsiya kengashi asoslangan ariza boʻyicha ushbu tomonni merosxoʻri yoki huquqiy vorislari bilan almashtiradi. Huquqiy vorislik apellyatsiya jarayonining istalgan bosqichida amalga oshirilishi mumkin.

27. Ishning mohiyatidan kelib chiqib, qoʻshimcha materiallar va maʼlumotlar taqdim etishning zarurati paydo boʻlsa, qoʻshimcha materiallar va maʼlumotlar Apellyatsiya kengashi belgilagan muddatlarda Portal orqali topshiriladi.

Qoʻshimcha materiallar va maʼlumotlar taqdim etuvchi tomonning rasmiy iltimosnomasiga koʻra, qoʻshimcha materiallar va maʼlumotlarni taqdim etish muddati Apellyatsiya kengashi tomonidan uch oydan oshmagan muddatga uzaytirilishi mumkin. Rasmiy iltimosnoma bilan soʻralgan maʼlumotlarga javob berish muddatini uzaytirish uchun uzaytirishning har bir oyi uchun belgilangan davlat boji toʻlovi yagona billing tizimi orqali elektron shaklda amalga oshiriladi. Bu holda, apellyatsiya yoki arizani koʻrib chiqish muddatlarining oʻtishi uzaytirish muddati davomida toʻxtatiladi.

Davlat boji toʻlanmasa, rasmiy iltimosnoma berilmagan deb hisoblanadi.

28. Apellyatsiya kengashi aʼzolari ish koʻrib chiqilishida va qaror qabul qilishda mustaqildirlar hamda Oʻzbekiston Respublikasi qonunchiligiga, Oʻzbekiston Respublikasining intellektual mulk obyektlari muhofazasi sohasidagi xalqaro shartnomalariga, shuningdek Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 9-oktabrdagi 856-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Apellyatsiya kengashi toʻgʻrisidagi nizomga amal qiladilar.

29. Apellyatsiya kengashida ishni koʻrib chiqishda tijorat va xizmat sirlari oshkor etilishini oldini olish maqsadida, kengash ishtirokchilari istalgan birining rasmiy iltimosnomasi boʻyicha ishni koʻrib chiqish maxfiyligi haqida ajrim chiqaradi. Bu holda, kengash yigʻilishiga kiritilgan ishtirokchilarning hammasi Apellyatsiya kengashida ishni koʻrib chiqish munosabati bilan oʻzlariga maʼlum boʻladigan tijorat va xizmat sirlaridan iborat boʻlgan aniq maʼlumotlarning maxfiyligini saqlash haqida majburiyatni oladilar.

30. Apellyatsiya kengashida ishni yuritish oʻzbek yoki rus tillarida olib boriladi. Ish yuritish olib boriladigan tilni tushunmaydigan shaxslarga materiallar bilan tarjimon orqali tanishish va Apellyatsiya kengashi ​​​​​​​ ishida qatnashish, shuningdek kengash yigʻilishida oʻzbek yoki rus tillarida soʻzga chiqish huquqi bilan taʼminlanadi.

Apellyatsiya kengashi majlisini fototasvirga tushirish, audio va videoyozuvini amalga oshirish, shuningdek ommaviy axborot vositalarida translyatsiya qilinishi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 9-oktabrdagi 856-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligining Apellyatsiya kengashi toʻgʻrisidagi nizomning 15-bandiga koʻra amalga oshiriladi.

31. Apellyatsiya yoki arizani koʻrib chiqish Apellyatsiya kengashi raisining ishning mohiyatini bayon qiladigan maʼruzasi bilan boshlanadi. Ishni koʻrishning keyingi bosqichlari odatda quyidagilardan iborat boʻladi:

apellyatsiya yoki ariza bergan shaxs va/yoki uning vakili, shu jumladan patent vakilining soʻzi;

ishga jalb qilingan ekspertning soʻzi;

koʻrib chiqishda ishtirok etuvchi shaxslarning Apellyatsiya kengashi aʼzolari va yigʻilish ishtirokchilarining savollariga javoblari;

koʻrib chiqishda ishtirok etuvchi shaxslar tomonidan oldingi soʻzlangan nutqlarning toʻldirilishi.

32. Apellyatsiya kengashining majlislari jarayonlari videoyozuvda qayd etib boriladi va bayonnoma yuritilmaydi.

33. Ishni koʻrib chiqishda har bir tomon oʻz talablarining asosi sifatida keltirgan dalillarni isbotlaydi.

Apellyatsiyani koʻrib chiqishda isbot va dalillar tomonlar va boshqa ishtirokchilar tarafidan yozma ravishda taqdim qilinadi hamda nusxasi barcha ishtirokchilarga tarqatiladi.

Agar taqdim qilingan isbotlar yetarli boʻlmasa, Apellyatsiya kengashi tomonlar va apellyatsiya jarayonining boshqa ishtirokchilariga qoʻshimcha isbotlar taqdim etishni taklif qiladi.

34. Tomonlardan biri boshqa tomonning nuqtai nazari asosli va qonuniyligini yozma ravishda tan olgan hamda nizodan voz kechgan holda, Apellyatsiya kengashi apellyatsiya boʻyicha ish yuritishni toʻxtatadi. Apellyatsiya kengashiga xuddi oʻsha tomonlar orasidagi oʻsha ish va oʻsha asoslar boʻyicha takroriy murojaat etish ushbu ishni hal qilish uchun muhim ahamiyatga ega boʻlgan yangidan paydo boʻlgan holatlar aniqlanganda mumkin boʻladi.

35. Apellyatsiya kengashi apellyatsiyani koʻrib chiqish natijasi boʻyicha apellyatsiyani qanoatlantirish, qisman qanoatlantirish yoki apellyatsiyani qanoatlantirishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Apellyatsiya kengashi arizani koʻrib chiqish natijasi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasida hammaga maʼlum tovar belgilari roʻyxatini eʼtirof etish toʻgʻrisida yoki eʼtirof etishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

Tovar kelib chiqqan joy nomini roʻyxatdan oʻtkazish bekor qilinganligi toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan holda, Apellyatsiya kengashi bir vaqtning oʻzida ushbu roʻyxatdan oʻtkazilish bilan bogʻliq tovar kelib chiqqan joy nomidan foydalanish huquqi toʻgʻrisidagi guvohnomalarni muddatidan avval toʻxtatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.

6-bob. Apellyatsiya kengashining qarorlari

36. Apellyatsiya kengashining qarori apellyatsiya yoki ariza mohiyatini koʻrib chiqish tugagandan soʻng kengash aʼzolarining yopiq yigʻilishi natijasi boʻyicha koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlgan taqdirda Apellyatsiya kengashi raisining ovozi hal qiluvchi hisoblanadi.

Apellyatsiya kengashi raisi va aʼzolari ovoz berishda betaraf qolish huquqiga ega emas. Apellyatsiya kengashi raisi eng oxirida ovoz beradi.

Apellyatsiya kengashining qarori Apellyatsiya kengashi raisi va ishni koʻrib chiqishda qatnashgan Apellyatsiya kengashining barcha aʼzolari tomonidan Portal orqali elektron QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyish bilan tasdiqlanadi va manfaatdor shaxslar qaror haqida tegishli tarzda xabardor qilingan paytdan eʼtiboran kuchga kiradi. Bunda qaror apellyatsiya yoki ariza bergan shaxs yoxud ularning vakillarining, shu jumladan patent vakillarining Portaldagi shaxsiy kabinetiga yuboriladi.

Apellyatsiya yoki arizani koʻrib chiqishda qatnashgan shaxslar va Apellyatsiya kengashi aʼzolari kengash yigʻilishida yoki Apellyatsiya kengashi yigʻilishi oʻtkazilgan sanadan eʼtiboran uch ish kuni mobaynida Portal orqali oʻzlarining alohida fikr-mulohazalarini bildirish huquqiga egadirlar.

Raislik qiluvchi Apellyatsiya kengashi qarorining xulosa chiqarilgan qismini apellyatsiya yoki arizani koʻrib chiqishda qatnashganlarga oʻqib eshittiradi.

37. Apellyatsiya kengashining qarori Portal orqali elektron shaklda bayon qilinadi hamda kirish, tavsiflash, asoslash va xulosa qismlaridan iborat boʻlib, unda quyidagilar koʻrsatiladi:

a) kirish qismida:

ish raqami (roʻyxatga olish raqami) va apellyatsiya yoki ariza topshirilgan sana;

qaror qabul qilingan sana;

Apellyatsiya kengashining tarkibi;

Apellyatsiya yoki ariza topshirgan shaxsning va (yoki) uning vakilining, shu jumladan patent vakilining familiyasi, otasining ismi;

nizoni koʻrib chiqishda qatnashgan boshqa shaxslarning familiyasi, ismi, otasining ismi;

b) tavsiflash qismida:

apellyatsiya yoki ariza bergan shaxs talablarining qisqacha bayoni;

apellyatsiya yoki ariza bergan shaxs mulohazasining qisqacha bayoni yoki davlat ekspertizasi vakilining tushuntirishlari;

apellyatsiyada ishtirok etayotgan tomonlar va/yoki ularning vakillari tushuntirishlarining qisqacha bayoni;

v) asoslash qismida:

nizoning Apellyatsiya kengashi tomonidan aniqlangan jihatlari;

tomonlarning iltimosnomalari va isbotlarini Apellyatsiya kengashi qabul qilishiga yoki rad etishiga sabab boʻlgan dalillar va faktlar;

Apellyatsiya kengashi qaror qabul qilishda amal qilgan qonunchilik hujjatlari;

g) xulosa qismida:

qoʻyilgan talablar boʻyicha ularni qanoatlantirish, qisman qanoatlantirish yoki qanoatlantirishni rad etish toʻgʻrisida, qabul qilingan qaror yuzasidan shikoyat berish muddatlari va tartibi haqidagi maʼlumotlar.

39. Apellyatsiya kengashi qarorlari qabul qilingan kundan boshlab oʻn ish kuni mobaynida apellyatsiya yoki ariza bergan shaxslarga va boshqa manfaatdor shaxslarga Vazirlik tomonidan yuboriladi, shuningdek uning rasmiy nashrida va veb-saytida taraflarning roziligi bilan yoki shaxsi koʻrsatilmagan tarzda maʼlumot tariqasida eʼlon qilinishi mumkin, bundan mazkur bandning ikkinchi xatboshisida koʻrsatilgan holatlar mustasno.

Ixtiro, foydali model, sanoat namunasi hamda seleksiya yutuqlari bilan bogʻliq qarorlar taraflarning roziligi bilan va shaxsi koʻrsatilmagan tarzda maʼlumot tariqasida uning rasmiy nashrida va veb-saytida eʼlon qilinishi mumkin.

7-bob. Yakuniy qoida

40. Mazkur Qoidalarni buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2019-yil 30-oktabrdagi 494-mh-son buyrugʻiga 2-ILOVA

Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar

1. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat patent idorasi direktorining 2008-yil 25-dekabrdagi 100-son “Oʻzbekiston Respublikasi Intellektual mulk agentligining Apellyatsiya kengashiga apellyatsiyalar va arizalarni topshirish hamda koʻrib chiqish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 1889, 2009-yil 24-yanvar).

2. Oʻzbekiston Respublikasi Intellektual mulk agentligi bosh direktorining 2011-yil 26-avgustdagi 23-son “Oʻzbekiston Respublikasi Davlat patent idorasining Apellyatsiya kengashiga apellyatsiyalar va arizalarni topshirish hamda koʻrib chiqish qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida”gi buyruqqa oʻzgartirishlar kiritish haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 1889-1, 2011-yil 30-sentabr).

3. Oʻzbekiston Respublikasi Intellektual mulk agentligi bosh direktorining 2013-yil 15-apreldagi 66-son “Oʻzbekiston Respublikasi Intellektual mulk agentligining Apellyatsiya kengashiga apellyatsiyalar va arizalarni topshirish hamda koʻrib chiqish qoidalariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 1889-2, 2013-yil 7-may).

4. Oʻzbekiston Respublikasi Intellektual mulk agentligi bosh direktorining 2017-yil 6-noyabrdagi 22-son “Oʻzbekiston Respublikasi Intellektual mulk agentligining Apellyatsiya kengashiga apellyatsiyalar va arizalarni topshirish hamda koʻrib chiqish qoidalariga oʻzgartirishlar va qoʻshimcha kiritish toʻgʻrisida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 1889-3, 2017-yil 16-noyabr).

Vazir R. DAVLETOV

Toshkent sh.,

2019-yil 30-oktabr,

494-mh-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 30.10.2019-y., 10/19/3190/3984-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 17.10.2022-y., 10/22/3392/0951-son; 12.08.2026-y., 10/26/3190-1/0836-son)

lex.uz