UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 7-oktabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 7 октябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 7 октября 2019 г. · Документы министерств и ведомств · Государственного комитета по экологии и охране окружающей среды

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 7 October 2019 · Ministry and agency documents · Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг

Қарори

ҚОИДАЛАРИ

Маиший чиқиндиларни ташиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги ПҚ-4291-сон «2019 — 2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сон «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қарор қилади:

1. Маиший чиқиндиларни ташиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги бош директорининг 2014 йил 16 октябрдаги 104-сон «Маиший чиқиндиларни ташиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2625, 2014 йил 12 ноябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 46-сон, 555-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Респубикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2019 йил 7 ноябрдаги 11-сон қарорига ИЛОВА

Маиший чиқиндиларни ташиш

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидаларига мувофиқ қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни (бундан буён матнда маиший чиқиндилар деб юритилади) ташиш қоидаларини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

қаттиқ маиший чиқиндилар — жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек уларнинг ҳудудида ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш (қадоқлаш) материаллари, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари, супуринди, шунингдек қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғқозонларидан фойдаланиш натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар);

суюқ маиший чиқиндилар — жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (оқова сувлар, чиқинди тўкиладиган ўралар ва септикларда йиғилган турли хил суюқ чиқиндилар, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган ювинди чиқиндилари, марказлашмаган канализациянинг нажас чиқиндилари);

йирик габаритли маиший чиқиндилар — жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскирган мебеллар, маиший техникалар (совуткичлар, кир ювиш машиналари, телевизорлар ва шу кабилар), ташкилий техникалар (компьютерлар, принтерлар ва шу кабилар), техник ускуналар, автотранспорт воситаларини алмаштириш натижасида ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндилар, шунингдек дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришда ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, кесиш ишлари қолдиқлари, барглар ва бошқалар) ва ўлчамлари бўйича 0,75 м 3 ҳажмли контейнерларга жойлаштиришнинг имкони бўлмаган қурилиш чиқиндилари;

истеъмолчи — хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктирилган ҳудудда истиқомат қилувчи ва унга оммавий шартнома асосида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиладиган жисмоний шахс, шунингдек хизмат кўрсатувчи ташкилот билан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатишга шартнома тузган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор;

хизмат кўрсатувчи ташкилот — ўзига бириктирилган ҳудудда истеъмолчиларга қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатувчи, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилот;

«сигнал» усули — чиқинди ташиш техникаси билан аҳоли яшаш пунктларини айланиб чиқиб, сигнал бериш йўли билан истеъмолчиларни хабардор қилиш орқали якка тартибдаги турар жой секторидаги қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш.

2. Мазкур Қоидалар радиоактив ва биологик чиқиндилар, даволаш-профилактика муассасалари чиқиндилари, зарарли моддаларни атмосферага чиқариб ташлаш ва зарарли моддаларни сув объектларига оқизиб юбориш билан боғлиқ ишлар соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга келтириладиган муносабатларга татбиқ этилмайди.

2-боб. Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш

1-§. Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишни ташкил қилиш

3. Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш режали ёки режадан ташқари бўлиши мумкин. Бунда маиший чиқиндиларни:

режали олиб чиқиб кетиш — қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича йўналиш жадвалига мувофиқ;

режадан ташқари олиб чиқиб кетиш — истеъмолчиларнинг буюртмаси асосида, келишилган ҳолда, алоҳида тўлов эвазига суюқ ва йирик габаритли маиший чиқиндилар, чорвачилик, қурилиш чиқиндилари, тупроқ, шунингдек дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, кесиш ишлари қолдиқлари, барглар ва бошқалар) ва смётни олиб чиқиб кетиш орқали амалга оширилади.

4. Хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларнинг узлуксиз олиб чиқиб кетилишини ташкил этиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

ихтисослаштирилган транспорт воситаларининг (чиқинди ташиш машиналарининг) ҳаракат йўналишларини белгилаш;

ихтисослаштирилган транспорт воситаларининг экипажига (бундан буён матнда экипаж деб юритилади) хавфсизлик техникаси, саноат ва ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари, шунингдек экологик назорат бўйича йўриқнома ва тушунтиришлар бериш;

ишчи ходимларни белгиланган тартибда ва нормалар бўйича махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа жамоавий, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминлаш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича йўналиш чизмаси ва жадвалига риоя қилиниши юзасидан мониторинг (шу жумладан ихтисослаштирилган транспорт воситалари ҳаракатини реал вақт режимида автоматлаштирилган кузатиш тизимидан (GPS) фойдаланган ҳолда) олиб бориш ҳамда ҳисобини юритиш.

2-§. Ихтисослаштирилган транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишларини белгилаш

5. Хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан ихтисослаштирилган транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишларини белгилаш мақсадида мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича йўналиш чизмаси ҳамда 2-иловасига мувофиқ шаклда Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича йўналиш жадвали (бундан буён матнда йўналиш чизмаси ва жадвали деб юритилади) тузилади.

6. Йўналиш чизмаси ва жадвалида маиший чиқиндилар ташиб кетиладиган объектларнинг (маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ташкилотларнинг), кўчаларнинг номи ҳамда йўналиш бўйича сарфланадиган вақт ва масофалар кўрсатилади.

7. Хизмат кўрсатувчи ташкилот йўналиш чизмаси ва жадвалини ишлаб чиқишда қуйидаги маълумотларга асосланиши зарур:

хизмат кўрсатилиши лозим бўлган объектлар ва ҳудудларнинг батафсил тавсифи;

объектлар бўйича чиқиндиларнинг тўпланиш ҳажми;

ҳудуддаги йўлларнинг техник ҳолати;

кўчалардаги транспорт ва йўловчилар ҳаракатининг серқатновлиги;

чиқиндиларни зарарсизлантириш ҳамда қайта ишлаш объектлари ҳақидаги умумий маълумотлар;

ҳар бир ҳудуддаги чиқинди сақлаш контейнерларининг умумий сони ва ҳажми;

чиқиндиларни юклаш ва тушириш ишларига талаб этиладиган вақт.

8. Йўналиш чизмаси ва жадвалини ишлаб чиқишда қуйидагилар инобатга олинади:

ихтисослаштирилган транспорт воситаларида ҳаракатланишда йўлдан унумли фойдаланиш коэффициентининг максимал даражасига эришиш;

ихтисослаштирилган транспорт воситаларининг юк кўтариш имкониятидан унумли фойдаланиш коэффициентининг максимал даражасига эришиш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни транспорт ҳаракати серқатнов бўлган кўчалардан олиб чиқиб кетиш сутканинг тунги пайтларида амалга оширилиши;

қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишда турар жой ва нотурар жой объектлар йўналишларини бирлаштириш;

қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта юклаш ёки зарарсизлантириш объектларига олиб борувчи ҳар бир йўналишни имкон қадар мақбул йўллар бўйича белгилаш.

9. Қаттиқ маиший чиқиндилар олиб чиқиб кетиладиган объектлар, уларда тўпланадиган чиқиндиларнинг миқдори, хизмат кўрсатиладиган ҳудудларда транспорт воситаларининг ҳаракатланиш шарт-шароитлари ўзгарган ҳолларда ихтисослаштирилган транспорт воситаларининг ҳаракат йўналишлари қайта кўриб чиқилиши лозим.

3-§. Ихтисослаштирилган транспорт воситаларини йўналишга чиқаришда қўйиладиган талаблар

10. Хизмат кўрсатувчи ташкилот ихтисослаштирилган транспорт воситаларини белгиланган ҳаракат йўналишига чиқаришдан олдин ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтишини, транспорт воситаларининг техник созлигини, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига ҳамда хавфсизлик техникаси талабларига жавоб беришини таъминлаши лозим.

11. Ихтисослаштирилган транспорт воситаларини йўналишга чиқаришда ҳайдовчининг ёнида қуйидаги ҳужжатлар бўлиши зарур:

ҳайдовчининг тиббий кўрикдан ўтганлиги ва транспорт воситасининг навбатчи механик томонидан кунлик техник кўрикдан ўтганлиги қайд этилган йўл варақаси;

мазкур транспорт воситаси турини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки унинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва (ёки) «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали бериладиган электрон шакли;

транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномаси (техник паспорти) ёки унинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва (ёки) «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали бериладиган электрон шакли;

қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича йўналиш чизмаси ва жадвали;

лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун бериладиган рухсатнома — лицензия карточкаси (Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат унитар корхоналари ва муассасалари бундан мустасно);

транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёки унинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва (ёки) «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали бериладиган электрон шакли.

12. Ихтисослаштирилган транспорт воситаларининг ҳар бир қатнови тўғрисидаги маълумотлар (транспорт воситасининг давлат рақами, автопаркдан йўналишга чиқиш ва қайтиб келиш санаси, вақти, спидометр кўрсаткичлари, техник ҳолати, экипаж таркибининг фамилияси, исми, отасининг исми) ип ўтказиб тикилган журналда ёки электрон шаклда қайд этиб борилади.

4-§. Қаттиқ маиший чиқиндиларни юклаш ва ташиш

13. Қаттиқ маиший чиқиндилар ихтисослаштирилган транспорт воситаларида (чиқинди ташиш машиналари ва бошқа ихтисослаштирилган машиналарда) ташилади (йирик габаритли маиший ва қурилиш чиқиндилари, шунингдек дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар бундан мустасно).

14. Чиқинди тўплаш шохобчаларидаги, шунингдек ташкилотлардаги қаттиқ маиший чиқиндиларни вақтинчалик тўплаш ва сақлаш учун ташкил этилган жойлардаги чиқинди контейнерлари экипаж юкловчилари томонидан ихтисослаштирилган транспорт воситасининг манипулятор механизмига ўрнатилади ва унинг махсус механизми ёрдамида (механик тарзда) чиқинди кузовига бўшатилади.

15. Манипулятор механизми билан жиҳозланмаган ихтисослаштирилган транспорт воситасининг чиқинди кузовига контейнерларни бўшатиш экипаж юкловчилари томонидан қўл кучи билан амалга оширилади.

16. «Сигнал» усулида йўналиш жадвали бўйича етиб келган ихтисослаштирилган транспорт воситасига қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш истеъмолчилар ва экипаж аъзолари томонидан амалга оширилади.

Бунда қаттиқ маиший чиқиндилар махсус чиқинди қопларида (пакетларда) ёки ғилдиракли контейнерларда (40 ― 120 л) сақланган ҳолларда уларни ихтисослаштирилган транспорт воситасига жойлаштириш экипаж юкловчилари томонидан амалга оширилади.

17. Қаттиқ маиший чиқиндиларни ихтисослаштирилган транспорт воситасига юклаш жараёни пиёдалар, автомототранспорт воситалари ҳамда велосипедлар ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги лозим.

18. Чиқинди сақлаш контейнерлари қаттиқ маиший чиқиндилардан тўлиқ, қолдиқсиз тозаланиши ҳамда санитария талабларига мувофиқ дезинфекция қилиниши керак.

19. Қаттиқ маиший чиқиндиларни юклаш ва ташиш ишлари уларни тушириб қолдириш, авария ҳолатини пайдо қилиш, инсонлар соғлиғи ва атроф-муҳитга зарар етказиш эҳтимолларини истисно қилувчи усуллар билан амалга оширилади.

20. Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташишга ихтисослаштирилмаган — ағдарма ва бортли махсус транспорт воситаларидан маиший чиқиндиларни ташиш мақсадида фойдаланилганда, чиқиндиларнинг тўкилиши ва суюқликнинг (фильтрат) оқиши ҳамда чиқинди чангларининг атмосфера ҳавосига тарқалишини олдини олиш чоралари кўрилиши лозим.

21. Қаттиқ маиший чиқиндиларни юклаш ва ташишда қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

контейнерларда сақланаётган чиқиндилар ёки чиқинди уюмларидан иккиламчи хом ашё ажратиб олиш;

юклаш жойида чиқинди қолдиқларини қолдириш ёки уларни ён атрофга сочиб юбориш;

экипаж аъзоси бўлмаган шахсларни жалб қилиш («сигнал» усулида тўплаш ва олиб чиқиб кетиш ҳоллари бундан мустасно) ёки уларни ихтисослаштирилган транспорт воситасида ташиш.

5-§. Суюқ маиший чиқиндиларни юклаш ва ташиш

22. Суюқ маиший чиқиндилар ушбу турдаги чиқиндиларни ташишга ихтисослаштирилган транспорт воситасида (ассенизация транспорт воситасида) ташилади.

23. Ассенизация транспорт воситаларини суюқ маиший чиқиндилар йиғиладиган ўрага яқинлаштиришдан олдин иш жойи диққат билан кўздан кечирилиши ва транспорт воситаси ҳамда экипаж аъзосининг ўрага хавфсиз яқинлашишини таъминлайдиган минимал масофа аниқлаб олиниши лозим.

24. Суюқ маиший чиқиндилар йиғиладиган ўрада тўпланган заҳарли газлардан сақланиш мақсадида тегишли ҳимоя воситаларидан (респираторлардан) фойдаланилади.

25. Ассенизация транспорт воситаси юк ортиладиган жойда қўл тормози билан ишончли тўхтатилган бўлиши, қияликда туриб ишлаш зарур бўлган ҳолларда ғилдираклари остига поналар ёки қистирмалар қўйилади.

26. Юклаш ишлари якунлангач, сўрувчи шланг суюқ маиший чиқиндилар йиғиладиган ўрага оқиб кетишини таъминлаган ҳолда, сув билан ювиб тозаланиши зарур.

27. Ассенизация транспорт воситасининг насос ва узатма механизмини мойлаш ишлари транспорт воситасининг двигатели ўчирилган ҳолатда амалга оширилиши шарт.

28. Ассенизация транспорт воситаларининг кўчаларда ифлосланган ва нуқсонлари бўлган ҳолда ҳаракатланиши, шунингдек улардан бошқа турдаги юкларни ташиш мақсадида фойдаланиш тақиқланади.

6-§. Йирик габаритли маиший ва қурилиш чиқиндиларини юклаш ва ташиш

29. Йирик габаритли маиший ва қурилиш чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш учун ағдарма, бортли ёки мультилифт тизими билан жиҳозланган транспорт воситаларидан фойдаланилади.

30. Йирик габаритли маиший ва қурилиш чиқиндиларини юклаш ишлари экипаж юкловчилари томонидан қўл кучи билан ёки тегишли махсус юклаш машина-механизмлари ёрдамида амалга оширилади.

31. Йирик габаритли маиший ва қурилиш чиқиндиларини очиқ кузовли транспорт воситаларида ташиш, уларнинг устига маиший чиқиндиларни тушиб қолишининг (сочилиб кетишининг) олдини олувчи брезент ёки бошқа материаллар билан ёпилган ҳолда амалга оширилади.

32. Махсус ажратилган майдончаларда тўпланган йирик габаритли маиший чиқиндилар уларнинг тўпланиш меъёрларига мувофиқ, бироқ ҳар ойда камида икки марта олиб чиқиб кетилиши зарур.

7-§. Маиший чиқиндиларни полигонга жойлаштириш

33. Полигон ҳудудига кираётган ва чиқиб кетаётган ихтисослаштирилган транспорт воситалари кириш/чиқиш пунктида махсус назорат-дезинфекция ҳудудидан (ҳовуздан) ўтиши, оғирлиги тарозида (юк билан ва юксиз) тортилиши ва бу ҳақда йўл варақалари ҳамда ип ўтказиб тикилган журналда ёки электрон шаклда қайд этиб борилади.

34. Ихтисослаштирилган транспорт воситаларининг полигонга кириши ва унинг ҳудудида ҳаракатланиши йўналиш чизмаси бўйича амалга оширилиши лозим.

35. Маиший чиқиндиларни тушириш вақтида транспорт воситаси қўл тормозида ишончли тўхтатилган ва узатмалар қутиси нейтрал ҳолга келтирилган бўлиши керак.

36. Маиший чиқиндилар полигонга очиқ кузовли транспорт воситасида ташилган ҳолларда:

транспорт воситаси ёки тиркаманинг бортлари полигоннинг камида икки нафар масъул ходими ёрдамида очилиши;

бортлар очилишидан олдин юкланган чиқиндилар хавфсиз ҳолатда эканлигига ишонч ҳосил қилиниши лозим.

37. Маиший чиқиндилар устига ёпилган брезент ёки бошқа материални олиб ташлаш учун кузов устига чиқиш ман этилади. Бундай ишлар бортлар очилганидан кейин, ердан туриб бажарилиши керак.

38. Брезент ёки бошқа материални бортларни очмасдан олиб ташлаш лозим бўлганда мазкур иш транспорт воситасининг зинапояси устида ёки бошқа хавфсиз жойда турган ҳолда бажарилиши керак.

39. Маиший чиқиндилар қўл кучи билан тушириладиган ҳолларда, бундай ишлар шамолга тескари йўналишда, кузовнинг фақат бир томонидан амалга оширилиши лозим.

40. Ихтисослаштирилган транспорт воситалари маиший чиқиндиларни тушириш майдончасида кетма-кет жойлаштирилган ҳолларда, уларнинг оралиғи 1 метрдан кам бўлмаслиги, ёнма-ён турган транспорт воситалари орасидаги масофа 4 метрдан кам бўлмаслиги зарур.

41. Экипаж юкловчиларининг полигон ҳудудига киришлари тақиқланади. Улар транспорт воситасининг қайтишини полигоннинг маиший хоналарида кутишлари керак.

3-боб. Ихтисослаштирилган транспорт воситасининг экипажига қўйиладиган умумий талаблар

42. Экипаж — ҳайдовчи, шунингдек юкловчилардан (1-2 киши) иборат бўлади.

43. Экипаж қуйидагиларга мажбур:

хавфсизлик техникаси, саноат ва ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари, юкларни ташишнинг умумий қоидалари, қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидалари, шунингдек санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига ҳамда ушбу Қоидаларга риоя қилиш;

авария ёки нохуш ҳодиса юз берган тақдирда тегишли шахслар ҳамда органларга, шу билан бирга, ўзи фаолият юритаётган ташкилотнинг масъул ходимига бу ҳақда дарҳол хабар бериш;

эҳтиёткорликни таъминлаган ҳолда талофотларнинг кучайиб кетишини олдини олиш чораларини кўриш.

Экипаж қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

4-боб. Ихтисослаштирилган транспорт воситаларидан фойдаланишга қўйиладиган талаблар

44. Ҳар бир ихтисослаштирилган транспорт воситаси ростлаш ва кичик таъмирлаш учун зарур бўлган бирламчи асбоб-ускуналар, мосламалар, захира ғилдираги ҳамда тиббиёт қутичаси, ўт ўчиргич, авария тўхташ белгиси, шунингдек шатакка олиш воситалари билан таъминланган бўлиши керак.

45. Ихтисослаштирилган транспорт воситаларидан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:

транспорт воситаларидан ўзга мақсадларда фойдаланиш;

транспорт воситасининг кабинасидан ташқарида одам ташиш;

транспорт воситасининг кузовидан ташқарида чиқинди ташиш;

транспорт воситасини силтантириш ёки кескин ҳаракатлантириш йўли билан кузовдан қаттиқ маиший чиқиндиларни тушириш;

транспорт воситасини кузови кўтарилган ҳолатда юргизиш;

чиқиндиларни кузовдан туширмасдан ундаги иккиламчи хом ашёни ажратиб олиш.

5-боб. Атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қўйиладиган талаблар

46. Хизмат кўрсатувчи ташкилот маиший чиқиндиларни ташишда атроф-муҳитнинг чиқиндилар билан ифлосланишини олдини олиш чораларини кўриши зарур.

47. Маиший чиқиндиларни аҳоли яшаш пунктлари ерларига, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларга ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерларга, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш объектларига ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарар етказиш таҳдиди келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа жойларга кўмиб ташлаш тақиқланади.

6-боб. Якуний қоидалар

48. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

49. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан келишилган.

Маиший чиқиндиларни ташиш қоидаларига 1-ИЛОВА

Маиший чиқиндиларни ташиш қоидаларига 2-ИЛОВА

Намуна _______________________________________________________нинг (ташкилот номи) қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича _____-сонли ЙЎНАЛИШ ЖАДВАЛИ Гараждан чиқиш вақти: __________ Гаражга қайтиш вақти: __________ Наряддаги соат __________ I. Чиқинди тўплаш шохобчаларидан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш Т/р МФЙ номи Кўчалар номи Аҳоли сони Меъёр бўйича ҳосил бўлувчи қаттиқ маиший чиқинди хажми, м 3 Ҳафта кунлари Душанба Сешанба Чоршанба Пайша нба Жума Шанба Якшанба 1. соат ___ дан ___ гача ... ... ... .... .... Дам олиш куни * 2. ... ... ... .... ... ... .... ... ... ... ... .... ... ... .... Жами II. Қаттиқ маиший чиқиндиларни «сигнал усули»да олиб чиқиб кетиш 1. соат ___ дан ___ гача ... ... ... .... .... Дам олиш куни * 2. ... ... ... .... ... ... .... .. ... ... ... .... ... ... .... Жами III. Юридик ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорларда ҳосил бўлувчи қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш Юридик ташкилотлар ва ЯТТлар номи Кўчалар номи Ўрнатилган контейнерларнинг умумий хажми, м 3 Ҳафта кунлари Душанба Сешанба Чоршанба Пайшанба Жума Шанба Якшанба 1. соат ___ дан ___ гача ... ... ... .... .... Дам олиш куни * 2. ... ... ... .... ... ... .... Жами Раҳбар _____________________ _______________________________ (имзо) (Ф.И.О) Бош муҳандис _____________________ _______________________________ (имзо) (Ф.И.О) Раҳбар ўринбосари _____________________ _______________________________ (имзо) (Ф.И.О)

Раис Б. КУЧКАРОВ

Транспорт вазири А. РАМАТОВ

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М. САЛИЕВ

Соғлиқни сақлаш вазири А. ШАДМАНОВ

Ички ишлар вазири П. БОБОЖОНОВ

Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Б. ЗАКИРОВ

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси в.б. Б. ГУЛЯМОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 7 октябрь,

2019 йил 25 сентябрь

2019 йил 19 сентябрь

2019 йил 27 сентябрь

2019 йил 27 сентябрь

2019 йил 23 сентябрь

2019 йил 25 сентябрь

11-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.11.2019 й., 10/19/3195/4007-сон; 17.05.2021 й., 10/21/3195-1/0460-сон, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 22.10.2026 й., 10/26/3958/1065)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasining

Qarori

QOIDALARI

Maishiy chiqindilarni tashish qoidalarini tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 17-apreldagi PQ-4291-son “2019 — 2028-yillar davrida Oʻzbekiston Respublikasida qattiq maishiy chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish strategiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida”gi qarori hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 6-fevraldagi 95-son “Chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlarni tasdiqlash toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi qaror qiladi:

1. Maishiy chiqindilarni tashish qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Oʻzbekiston “Oʻzkommunxizmat” agentligi bosh direktorining 2014-yil 16-oktabrdagi 104-son “Maishiy chiqindilarni tashish qoidalarini tasdiqlash haqida”gi buyrugʻi (roʻyxat raqami 2625, 2014-yil 12-noyabr) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2014-y., 46-son, 555-modda) oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.

3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respubikasi Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasining 2019-yil 7-noyabrdagi 11-son qaroriga ILOVA

Maishiy chiqindilarni tashish

Mazkur Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 6-fevraldagi 95-son qarori bilan tasdiqlangan Qattiq va suyuq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha xizmatlar koʻrsatish qoidalariga muvofiq qattiq va suyuq maishiy chiqindilarni (bundan buyon matnda maishiy chiqindilar deb yuritiladi) tashish qoidalarini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

qattiq maishiy chiqindilar — jismoniy shaxslarning hayoti va faoliyati hamda yuridik shaxslarning faoliyati natijasida hosil boʻluvchi organik va noorganik chiqindilar, shuningdek ularning hududida va obodonlashtirish obyektlaridagi tabiiy jarayonlar natijasida hosil boʻluvchi chiqindilar (oziq-ovqat va oʻsimlik chiqindilari, toʻqimachilik mahsulotlari, oʻrash-joylash (qadoqlash) materiallari, shisha, rezina, qogʻoz, plastmassa, yogʻoch chiqindilari, oʻzining foydalanish xususiyatlarini yoʻqotgan uy-roʻzgʻor buyumlari, supurindi, shuningdek qattiq yoqilgʻida ishlovchi maishiy pechkalar va isitish bugʻqozonlaridan foydalanish natijasida hosil boʻluvchi chiqindilar);

suyuq maishiy chiqindilar — jismoniy shaxslarning hayoti va faoliyati hamda yuridik shaxslarning faoliyati natijasida hosil boʻluvchi chiqindilar (oqova suvlar, chiqindi toʻkiladigan oʻralar va septiklarda yigʻilgan turli xil suyuq chiqindilar, ishlab chiqarish jarayonida hosil boʻladigan yuvindi chiqindilari, markazlashmagan kanalizatsiyaning najas chiqindilari);

yirik gabaritli maishiy chiqindilar — jismoniy va maʼnaviy jihatdan eskirgan mebellar, maishiy texnikalar (sovutkichlar, kir yuvish mashinalari, televizorlar va shu kabilar), tashkiliy texnikalar (kompyuterlar, printerlar va shu kabilar), texnik uskunalar, avtotransport vositalarini almashtirish natijasida hosil boʻladigan qattiq maishiy chiqindilar, shuningdek daraxt va butalarni kesish hamda agrotexnik ishlov berishda hosil boʻladigan chiqindilar (daraxt va buta shox-shabbalari, kesish ishlari qoldiqlari, barglar va boshqalar) va oʻlchamlari boʻyicha 0,75 m 3 hajmli konteynerlarga joylashtirishning imkoni boʻlmagan qurilish chiqindilari;

isteʼmolchi — xizmat koʻrsatuvchi tashkilotga biriktirilgan hududda istiqomat qiluvchi va unga ommaviy shartnoma asosida maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha xizmatlar koʻrsatiladigan jismoniy shaxs, shuningdek xizmat koʻrsatuvchi tashkilot bilan maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha xizmatlar koʻrsatishga shartnoma tuzgan yuridik shaxs yoki yakka tartibdagi tadbirkor;

xizmat koʻrsatuvchi tashkilot — oʻziga biriktirilgan hududda isteʼmolchilarga qattiq va suyuq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha xizmatlar koʻrsatuvchi, chiqindilar bilan bogʻliq ishlarni amalga oshirish sohasida xizmat koʻrsatishga ixtisoslashgan tashkilot;

“signal” usuli — chiqindi tashish texnikasi bilan aholi yashash punktlarini aylanib chiqib, signal berish yoʻli bilan isteʼmolchilarni xabardor qilish orqali yakka tartibdagi turar joy sektoridagi qattiq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish.

2. Mazkur Qoidalar radioaktiv va biologik chiqindilar, davolash-profilaktika muassasalari chiqindilari, zararli moddalarni atmosferaga chiqarib tashlash va zararli moddalarni suv obyektlariga oqizib yuborish bilan bogʻliq ishlar sohasidagi qonunchilik hujjatlari bilan tartibga keltiriladigan munosabatlarga tatbiq etilmaydi.

2-bob. Maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish

1-§. Qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketishni tashkil qilish

3. Maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish rejali yoki rejadan tashqari boʻlishi mumkin. Bunda maishiy chiqindilarni:

rejali olib chiqib ketish — qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish boʻyicha yoʻnalish jadvaliga muvofiq;

rejadan tashqari olib chiqib ketish — isteʼmolchilarning buyurtmasi asosida, kelishilgan holda, alohida toʻlov evaziga suyuq va yirik gabaritli maishiy chiqindilar, chorvachilik, qurilish chiqindilari, tuproq, shuningdek daraxt va butalarni kesish hamda agrotexnik ishlov berishdan hosil boʻladigan chiqindilar (daraxt va buta shox-shabbalari, kesish ishlari qoldiqlari, barglar va boshqalar) va smyotni olib chiqib ketish orqali amalga oshiriladi.

4. Xizmat koʻrsatuvchi tashkilot tomonidan qattiq maishiy chiqindilarning uzluksiz olib chiqib ketilishini tashkil etish maqsadida quyidagi chora-tadbirlar amalga oshiriladi:

ixtisoslashtirilgan transport vositalarining (chiqindi tashish mashinalarining) harakat yoʻnalishlarini belgilash;

ixtisoslashtirilgan transport vositalarining ekipajiga (bundan buyon matnda ekipaj deb yuritiladi) xavfsizlik texnikasi, sanoat va yongʻin xavfsizligi, yoʻl harakati xavfsizligi qoidalari, shuningdek ekologik nazorat boʻyicha yoʻriqnoma va tushuntirishlar berish;

ishchi xodimlarni belgilangan tartibda va normalar boʻyicha maxsus kiyim-bosh, maxsus poyabzal hamda boshqa jamoaviy, shaxsiy himoya va gigiyena vositalari bilan taʼminlash;

qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish boʻyicha yoʻnalish chizmasi va jadvaliga rioya qilinishi yuzasidan monitoring (shu jumladan ixtisoslashtirilgan transport vositalari harakatini real vaqt rejimida avtomatlashtirilgan kuzatish tizimidan (GPS) foydalangan holda) olib borish hamda hisobini yuritish.

2-§. Ixtisoslashtirilgan transport vositalarining harakat yoʻnalishlarini belgilash

5. Xizmat koʻrsatuvchi tashkilot tomonidan ixtisoslashtirilgan transport vositalarining harakat yoʻnalishlarini belgilash maqsadida mazkur Qoidalarning 1-ilovasiga muvofiq shaklda Qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish boʻyicha yoʻnalish chizmasi hamda 2-ilovasiga muvofiq shaklda Qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish boʻyicha yoʻnalish jadvali (bundan buyon matnda yoʻnalish chizmasi va jadvali deb yuritiladi) tuziladi.

6. Yoʻnalish chizmasi va jadvalida maishiy chiqindilar tashib ketiladigan obyektlarning (mahalla fuqarolar yigʻinlari va tashkilotlarning), koʻchalarning nomi hamda yoʻnalish boʻyicha sarflanadigan vaqt va masofalar koʻrsatiladi.

7. Xizmat koʻrsatuvchi tashkilot yoʻnalish chizmasi va jadvalini ishlab chiqishda quyidagi maʼlumotlarga asoslanishi zarur:

xizmat koʻrsatilishi lozim boʻlgan obyektlar va hududlarning batafsil tavsifi;

obyektlar boʻyicha chiqindilarning toʻplanish hajmi;

hududdagi yoʻllarning texnik holati;

koʻchalardagi transport va yoʻlovchilar harakatining serqatnovligi;

chiqindilarni zararsizlantirish hamda qayta ishlash obyektlari haqidagi umumiy maʼlumotlar;

har bir hududdagi chiqindi saqlash konteynerlarining umumiy soni va hajmi;

chiqindilarni yuklash va tushirish ishlariga talab etiladigan vaqt.

8. Yoʻnalish chizmasi va jadvalini ishlab chiqishda quyidagilar inobatga olinadi:

ixtisoslashtirilgan transport vositalarida harakatlanishda yoʻldan unumli foydalanish koeffitsiyentining maksimal darajasiga erishish;

ixtisoslashtirilgan transport vositalarining yuk koʻtarish imkoniyatidan unumli foydalanish koeffitsiyentining maksimal darajasiga erishish;

qattiq maishiy chiqindilarni transport harakati serqatnov boʻlgan koʻchalardan olib chiqib ketish sutkaning tungi paytlarida amalga oshirilishi;

qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketishda turar joy va noturar joy obyektlar yoʻnalishlarini birlashtirish;

qattiq maishiy chiqindilarni qayta yuklash yoki zararsizlantirish obyektlariga olib boruvchi har bir yoʻnalishni imkon qadar maqbul yoʻllar boʻyicha belgilash.

9. Qattiq maishiy chiqindilar olib chiqib ketiladigan obyektlar, ularda toʻplanadigan chiqindilarning miqdori, xizmat koʻrsatiladigan hududlarda transport vositalarining harakatlanish shart-sharoitlari oʻzgargan hollarda ixtisoslashtirilgan transport vositalarining harakat yoʻnalishlari qayta koʻrib chiqilishi lozim.

3-§. Ixtisoslashtirilgan transport vositalarini yoʻnalishga chiqarishda qoʻyiladigan talablar

10. Xizmat koʻrsatuvchi tashkilot ixtisoslashtirilgan transport vositalarini belgilangan harakat yoʻnalishiga chiqarishdan oldin haydovchilarning tibbiy koʻrikdan oʻtishini, transport vositalarining texnik sozligini, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga hamda xavfsizlik texnikasi talablariga javob berishini taʼminlashi lozim.

11. Ixtisoslashtirilgan transport vositalarini yoʻnalishga chiqarishda haydovchining yonida quyidagi hujjatlar boʻlishi zarur:

haydovchining tibbiy koʻrikdan oʻtganligi va transport vositasining navbatchi mexanik tomonidan kunlik texnik koʻrikdan oʻtganligi qayd etilgan yoʻl varaqasi;

mazkur transport vositasi turini boshqarish huquqini beruvchi haydovchilik guvohnomasi yoki uning Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali va (yoki) “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali beriladigan elektron shakli;

transport vositasining roʻyxatdan oʻtkazilganligi toʻgʻrisida guvohnomasi (texnik pasporti) yoki uning Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali va (yoki) “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali beriladigan elektron shakli;

qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish boʻyicha yoʻnalish chizmasi va jadvali;

litsenziyalanadigan faoliyat turini amalga oshirish uchun beriladigan ruxsatnoma — litsenziya kartochkasi (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining yoki Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari bilan tashkil etilgan davlat unitar korxonalari va muassasalari bundan mustasno);

transport vositalari egalarining fuqarolik javobgarligini majburiy sugʻurta qilish boʻyicha sugʻurta polisi yoki uning Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali va (yoki) “Ijtimoiy karta” mobil ilovasi orqali beriladigan elektron shakli.

12. Ixtisoslashtirilgan transport vositalarining har bir qatnovi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar (transport vositasining davlat raqami, avtoparkdan yoʻnalishga chiqish va qaytib kelish sanasi, vaqti, spidometr koʻrsatkichlari, texnik holati, ekipaj tarkibining familiyasi, ismi, otasining ismi) ip oʻtkazib tikilgan jurnalda yoki elektron shaklda qayd etib boriladi.

4-§. Qattiq maishiy chiqindilarni yuklash va tashish

13. Qattiq maishiy chiqindilar ixtisoslashtirilgan transport vositalarida (chiqindi tashish mashinalari va boshqa ixtisoslashtirilgan mashinalarda) tashiladi (yirik gabaritli maishiy va qurilish chiqindilari, shuningdek daraxt va butalarni kesish hamda agrotexnik ishlov berishdan hosil boʻladigan chiqindilar bundan mustasno).

14. Chiqindi toʻplash shoxobchalaridagi, shuningdek tashkilotlardagi qattiq maishiy chiqindilarni vaqtinchalik toʻplash va saqlash uchun tashkil etilgan joylardagi chiqindi konteynerlari ekipaj yuklovchilari tomonidan ixtisoslashtirilgan transport vositasining manipulyator mexanizmiga oʻrnatiladi va uning maxsus mexanizmi yordamida (mexanik tarzda) chiqindi kuzoviga boʻshatiladi.

15. Manipulyator mexanizmi bilan jihozlanmagan ixtisoslashtirilgan transport vositasining chiqindi kuzoviga konteynerlarni boʻshatish ekipaj yuklovchilari tomonidan qoʻl kuchi bilan amalga oshiriladi.

16. “Signal” usulida yoʻnalish jadvali boʻyicha yetib kelgan ixtisoslashtirilgan transport vositasiga qattiq maishiy chiqindilarni joylashtirish isteʼmolchilar va ekipaj aʼzolari tomonidan amalga oshiriladi.

Bunda qattiq maishiy chiqindilar maxsus chiqindi qoplarida (paketlarda) yoki gʻildirakli konteynerlarda (40 ― 120 l) saqlangan hollarda ularni ixtisoslashtirilgan transport vositasiga joylashtirish ekipaj yuklovchilari tomonidan amalga oshiriladi.

17. Qattiq maishiy chiqindilarni ixtisoslashtirilgan transport vositasiga yuklash jarayoni piyodalar, avtomototransport vositalari hamda velosipedlar harakatiga toʻsqinlik qilmasligi lozim.

18. Chiqindi saqlash konteynerlari qattiq maishiy chiqindilardan toʻliq, qoldiqsiz tozalanishi hamda sanitariya talablariga muvofiq dezinfeksiya qilinishi kerak.

19. Qattiq maishiy chiqindilarni yuklash va tashish ishlari ularni tushirib qoldirish, avariya holatini paydo qilish, insonlar sogʻligʻi va atrof-muhitga zarar yetkazish ehtimollarini istisno qiluvchi usullar bilan amalga oshiriladi.

20. Qattiq maishiy chiqindilarni tashishga ixtisoslashtirilmagan — agʻdarma va bortli maxsus transport vositalaridan maishiy chiqindilarni tashish maqsadida foydalanilganda, chiqindilarning toʻkilishi va suyuqlikning (filtrat) oqishi hamda chiqindi changlarining atmosfera havosiga tarqalishini oldini olish choralari koʻrilishi lozim.

21. Qattiq maishiy chiqindilarni yuklash va tashishda quyidagilarga yoʻl qoʻyilmaydi:

konteynerlarda saqlanayotgan chiqindilar yoki chiqindi uyumlaridan ikkilamchi xom ashyo ajratib olish;

yuklash joyida chiqindi qoldiqlarini qoldirish yoki ularni yon atrofga sochib yuborish;

ekipaj aʼzosi boʻlmagan shaxslarni jalb qilish (“signal” usulida toʻplash va olib chiqib ketish hollari bundan mustasno) yoki ularni ixtisoslashtirilgan transport vositasida tashish.

5-§. Suyuq maishiy chiqindilarni yuklash va tashish

22. Suyuq maishiy chiqindilar ushbu turdagi chiqindilarni tashishga ixtisoslashtirilgan transport vositasida (assenizatsiya transport vositasida) tashiladi.

23. Assenizatsiya transport vositalarini suyuq maishiy chiqindilar yigʻiladigan oʻraga yaqinlashtirishdan oldin ish joyi diqqat bilan koʻzdan kechirilishi va transport vositasi hamda ekipaj aʼzosining oʻraga xavfsiz yaqinlashishini taʼminlaydigan minimal masofa aniqlab olinishi lozim.

24. Suyuq maishiy chiqindilar yigʻiladigan oʻrada toʻplangan zaharli gazlardan saqlanish maqsadida tegishli himoya vositalaridan (respiratorlardan) foydalaniladi.

25. Assenizatsiya transport vositasi yuk ortiladigan joyda qoʻl tormozi bilan ishonchli toʻxtatilgan boʻlishi, qiyalikda turib ishlash zarur boʻlgan hollarda gʻildiraklari ostiga ponalar yoki qistirmalar qoʻyiladi.

26. Yuklash ishlari yakunlangach, soʻruvchi shlang suyuq maishiy chiqindilar yigʻiladigan oʻraga oqib ketishini taʼminlagan holda, suv bilan yuvib tozalanishi zarur.

27. Assenizatsiya transport vositasining nasos va uzatma mexanizmini moylash ishlari transport vositasining dvigateli oʻchirilgan holatda amalga oshirilishi shart.

28. Assenizatsiya transport vositalarining koʻchalarda ifloslangan va nuqsonlari boʻlgan holda harakatlanishi, shuningdek ulardan boshqa turdagi yuklarni tashish maqsadida foydalanish taqiqlanadi.

6-§. Yirik gabaritli maishiy va qurilish chiqindilarini yuklash va tashish

29. Yirik gabaritli maishiy va qurilish chiqindilarini olib chiqib ketish uchun agʻdarma, bortli yoki multilift tizimi bilan jihozlangan transport vositalaridan foydalaniladi.

30. Yirik gabaritli maishiy va qurilish chiqindilarini yuklash ishlari ekipaj yuklovchilari tomonidan qoʻl kuchi bilan yoki tegishli maxsus yuklash mashina-mexanizmlari yordamida amalga oshiriladi.

31. Yirik gabaritli maishiy va qurilish chiqindilarini ochiq kuzovli transport vositalarida tashish, ularning ustiga maishiy chiqindilarni tushib qolishining (sochilib ketishining) oldini oluvchi brezent yoki boshqa materiallar bilan yopilgan holda amalga oshiriladi.

32. Maxsus ajratilgan maydonchalarda toʻplangan yirik gabaritli maishiy chiqindilar ularning toʻplanish meʼyorlariga muvofiq, biroq har oyda kamida ikki marta olib chiqib ketilishi zarur.

7-§. Maishiy chiqindilarni poligonga joylashtirish

33. Poligon hududiga kirayotgan va chiqib ketayotgan ixtisoslashtirilgan transport vositalari kirish/chiqish punktida maxsus nazorat-dezinfeksiya hududidan (hovuzdan) oʻtishi, ogʻirligi tarozida (yuk bilan va yuksiz) tortilishi va bu haqda yoʻl varaqalari hamda ip oʻtkazib tikilgan jurnalda yoki elektron shaklda qayd etib boriladi.

34. Ixtisoslashtirilgan transport vositalarining poligonga kirishi va uning hududida harakatlanishi yoʻnalish chizmasi boʻyicha amalga oshirilishi lozim.

35. Maishiy chiqindilarni tushirish vaqtida transport vositasi qoʻl tormozida ishonchli toʻxtatilgan va uzatmalar qutisi neytral holga keltirilgan boʻlishi kerak.

36. Maishiy chiqindilar poligonga ochiq kuzovli transport vositasida tashilgan hollarda:

transport vositasi yoki tirkamaning bortlari poligonning kamida ikki nafar masʼul xodimi yordamida ochilishi;

bortlar ochilishidan oldin yuklangan chiqindilar xavfsiz holatda ekanligiga ishonch hosil qilinishi lozim.

37. Maishiy chiqindilar ustiga yopilgan brezent yoki boshqa materialni olib tashlash uchun kuzov ustiga chiqish man etiladi. Bunday ishlar bortlar ochilganidan keyin, yerdan turib bajarilishi kerak.

38. Brezent yoki boshqa materialni bortlarni ochmasdan olib tashlash lozim boʻlganda mazkur ish transport vositasining zinapoyasi ustida yoki boshqa xavfsiz joyda turgan holda bajarilishi kerak.

39. Maishiy chiqindilar qoʻl kuchi bilan tushiriladigan hollarda, bunday ishlar shamolga teskari yoʻnalishda, kuzovning faqat bir tomonidan amalga oshirilishi lozim.

40. Ixtisoslashtirilgan transport vositalari maishiy chiqindilarni tushirish maydonchasida ketma-ket joylashtirilgan hollarda, ularning oraligʻi 1 metrdan kam boʻlmasligi, yonma-yon turgan transport vositalari orasidagi masofa 4 metrdan kam boʻlmasligi zarur.

41. Ekipaj yuklovchilarining poligon hududiga kirishlari taqiqlanadi. Ular transport vositasining qaytishini poligonning maishiy xonalarida kutishlari kerak.

3-bob. Ixtisoslashtirilgan transport vositasining ekipajiga qoʻyiladigan umumiy talablar

42. Ekipaj — haydovchi, shuningdek yuklovchilardan (1-2 kishi) iborat boʻladi.

43. Ekipaj quyidagilarga majbur:

xavfsizlik texnikasi, sanoat va yongʻin xavfsizligi, yoʻl harakati xavfsizligi qoidalari, yuklarni tashishning umumiy qoidalari, qattiq va suyuq maishiy chiqindilarni toʻplash va olib chiqib ketish boʻyicha xizmatlar koʻrsatish qoidalari, shuningdek sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga hamda ushbu Qoidalarga rioya qilish;

avariya yoki noxush hodisa yuz bergan taqdirda tegishli shaxslar hamda organlarga, shu bilan birga, oʻzi faoliyat yuritayotgan tashkilotning masʼul xodimiga bu haqda darhol xabar berish;

ehtiyotkorlikni taʼminlagan holda talofotlarning kuchayib ketishini oldini olish choralarini koʻrish.

Ekipaj qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

4-bob. Ixtisoslashtirilgan transport vositalaridan foydalanishga qoʻyiladigan talablar

44. Har bir ixtisoslashtirilgan transport vositasi rostlash va kichik taʼmirlash uchun zarur boʻlgan birlamchi asbob-uskunalar, moslamalar, zaxira gʻildiragi hamda tibbiyot qutichasi, oʻt oʻchirgich, avariya toʻxtash belgisi, shuningdek shatakka olish vositalari bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.

45. Ixtisoslashtirilgan transport vositalaridan foydalanishda quyidagilar taqiqlanadi:

transport vositalaridan oʻzga maqsadlarda foydalanish;

transport vositasining kabinasidan tashqarida odam tashish;

transport vositasining kuzovidan tashqarida chiqindi tashish;

transport vositasini siltantirish yoki keskin harakatlantirish yoʻli bilan kuzovdan qattiq maishiy chiqindilarni tushirish;

transport vositasini kuzovi koʻtarilgan holatda yurgizish;

chiqindilarni kuzovdan tushirmasdan undagi ikkilamchi xom ashyoni ajratib olish.

5-bob. Atrof-muhitni muhofaza qilishga qoʻyiladigan talablar

46. Xizmat koʻrsatuvchi tashkilot maishiy chiqindilarni tashishda atrof-muhitning chiqindilar bilan ifloslanishini oldini olish choralarini koʻrishi zarur.

47. Maishiy chiqindilarni aholi yashash punktlari yerlariga, tabiatni muhofaza qilish, sogʻlomlashtirish, rekreatsiya maqsadlariga moʻljallangan yerlarga va tarixiy-madaniy ahamiyatga molik yerlarga, fuqarolarning hayoti va sogʻligʻiga, shuningdek tabiatni muhofaza qilish obyektlariga hamda muhofaza etiladigan tabiiy hududlarga zarar yetkazish tahdidi kelib chiqishi mumkin boʻlgan boshqa joylarga koʻmib tashlash taqiqlanadi.

6-bob. Yakuniy qoidalar

48. Mazkur Qoidalar talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

49. Mazkur Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi, Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Qurilish vazirligi va Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi bilan kelishilgan.

Maishiy chiqindilarni tashish qoidalariga 1-ILOVA

Maishiy chiqindilarni tashish qoidalariga 2-ILOVA

Namuna _______________________________________________________ning (tashkilot nomi) qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish boʻyicha _____-sonli YOʻNALISH JADVALI Garajdan chiqish vaqti: __________ Garajga qaytish vaqti: __________ Naryaddagi soat __________ I. Chiqindi toʻplash shoxobchalaridan qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish T/r MFY nomi Koʻchalar nomi Aholi soni Meʼyor boʻyicha hosil boʻluvchi qattiq maishiy chiqindi xajmi, m 3 Hafta kunlari Dushanba Seshanba Chorshanba Paysha nba Juma Shanba Yakshanba 1. soat ___ dan ___ gacha ... ... ... .... .... Dam olish kuni * 2. ... ... ... .... ... ... .... ... ... ... ... .... ... ... .... Jami II. Qattiq maishiy chiqindilarni “signal usuli”da olib chiqib ketish 1. soat ___ dan ___ gacha ... ... ... .... .... Dam olish kuni * 2. ... ... ... .... ... ... .... .. ... ... ... .... ... ... .... Jami III. Yuridik tashkilotlar va yakka tartibdagi tadbirkorlarda hosil boʻluvchi qattiq maishiy chiqindilarni olib chiqib ketish Yuridik tashkilotlar va YTTlar nomi Koʻchalar nomi Oʻrnatilgan konteynerlarning umumiy xajmi, m 3 Hafta kunlari Dushanba Seshanba Chorshanba Payshanba Juma Shanba Yakshanba 1. soat ___ dan ___ gacha ... ... ... .... .... Dam olish kuni * 2. ... ... ... .... ... ... .... Jami Rahbar _____________________ _______________________________ (imzo) (F.I.O) Bosh muhandis _____________________ _______________________________ (imzo) (F.I.O) Rahbar oʻrinbosari _____________________ _______________________________ (imzo) (F.I.O)

Rais B. KUCHKAROV

Transport vaziri A. RAMATOV

Uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vaziri M. SALIYEV

Sogʻliqni saqlash vaziri A. SHADMANOV

Ichki ishlar vaziri P. BOBOJONOV

Qurilish vazirining birinchi oʻrinbosari B. ZAKIROV

Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi raisi v.b. B. GULYAMOV

Toshkent sh.,

2019-yil 7-oktabr,

2019-yil 25-sentabr

2019-yil 19-sentabr

2019-yil 27-sentabr

2019-yil 27-sentabr

2019-yil 23-sentabr

2019-yil 25-sentabr

11-son

(Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 08.11.2019-y., 10/19/3195/4007-son; 17.05.2021-y., 10/21/3195-1/0460-son, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 22.10.2026-y., 10/26/3958/1065)

lex.uz