📅 2019-yil 23-oktabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Bosh prokuraturasi Ichki ishlar vazirligi Davlat xavfsizlik xizmati
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 23-oktabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Bosh prokuraturasi Ichki ishlar vazirligi Davlat xavfsizlik xizmati
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 23 октябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Бош прокуратураси Ички ишлар вазирлиги Давлат хавфсизлик хизмати
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 23 октября 2019 г. · Документы министерств и ведомств · Генеральной прокуратуры Министерства внутренних дел Службы государственной безопасности
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 23 October 2019 · Ministry and agency documents · Bosh prokuraturasi Ichki ishlar vazirligi Davlat xavfsizlik xizmati
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг
Қарори
НИЗОМ
рўйхати
Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатини ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатини узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати қарор қилади:
1. Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатини ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатини узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматининг 2019 йил 23 октябрдаги 52, 82, 27-сон қарорига 1-ИЛОВА
Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатини ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатини узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг ҳамкорлиги тартиби тўғрисида
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 42 1 -моддасига мувофиқ суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатини ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатини (бундан буён матнда ижро ҳужжати деб юритилади) узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган қарздор жисмоний шахснинг (бундан буён матнда қарздор деб юритилади) Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (бундан буён матнда Мажбурий ижро бюроси деб юритилади), Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари (бундан буён матнда Чегара қўшинлари деб юритилади) билан ҳамкорлигини ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунига (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) мувофиқ қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш (бундан буён матнда қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш деб юритилади) мазкур Низомда белгиланган тартибда қўлланиладиган мажбурий ижро этиш чораларидан бири ҳисобланади.
Мазкур Низом талаблари эксклав ҳудудларда доимий яшовчи фуқароларнинг доимий яшаш жойидан Ўзбекистон Республикасининг бошқа ҳудудига ўтишларида ва қайтишларида қўлланилмайди.
2. Қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш ижро ҳужжати талаблари қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра белгиланган муддатда ижро этилмаган ҳолларда қўлланилади.
Агар ижро ҳужжати суд ҳужжати бўлмаса ва суд ҳужжати асосида берилмаган бўлса, ундирувчи қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Давлат ижрочиси ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорида қарздор томонидан ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаган тақдирда унга нисбатан мажбурий ижро ҳаракатлари қўлланилиши, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чекланишини кўрсатади.
3. Қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди:
ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кунда базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ошмайдиган миқдорда сумма ундиришни назарда тутувчи ижро иши бўйича (алимент ёки бошқа даврий тўловларни ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бундан мустасно), шунингдек суд қарорини ижро этиш учун етарли мол-мулк олиб қўйилган тақдирда;
қарздор сифатида юридик шахс иштирок этган ижро ҳужжати бўйича.
4. Давлат ижрочиси қарорининг ижроси ички ишлар органлари ва Чегара қўшинлари томонидан муҳокама қилинишига, тўхтатилишига ёки бошқача тарзда тўсқинлик қилинишига йўл қўйилмайди, суд тартибида ёхуд шикоят ёки протест келтириш бундан мустасно.
Ижро иши юритилиши Қонунда белгиланган ҳолларда суд ёки давлат ижрочиси томонидан тўхтатиб турилиши мумкин.
2-боб. Қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашни жорий этиш
5. Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар ихтиёрий равишда бажариш учун белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли, бундан жарима тариқасидаги жиноий жазо бўйича ижро ишини юритиш ҳоллари мустасно.
6. Ижро ҳужжатидаги талабларни қарздор томонидан ижро этиш муддати ижро иши юритиш қўзғатилган кундан ўн беш кундан ошиб кетмайдиган ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда давлат ижрочиси томонидан белгиланади.
6 1 . Давлат ижрочиси жарима тариқасидаги жиноий жазони ижро этишни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқариш билан бир вақтда ҳукм қилинган шахснинг ёки қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш ҳақидаги қарор қабул қилиши шарт.
7. Қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги ариза ундирувчи ёки унинг вакили томонидан давлат ижрочисига тақдим қилинади. Ушбу ариза қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашнинг асослантирилган сабабини ўз ичига олган бўлиши лозим.
Давлат ижрочиси қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашни қўллаш тўғрисидаги ундирувчининг аризасини кўриб чиқиб махсус электрон тизим орқали қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилади ёки аризани қаноатлантиришни рад қилади ва ундирувчига ёхуд унинг вакилига ёзма ёки электрон шаклда асослантирилган жавоб юборади.
8. Давлат ижрочисининг қарздор чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори катта давлат ижрочиси томонидан махсус электрон тизим орқали электрон шаклда тасдиқланади.
9. Қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарор тасдиқлангандан сўнг чеклов қўйилганлиги тўғрисидаги маълумот Ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими (бундан кейин матнда Ягона электрон ҳамкорлик тизими деб юритилади) орқали автоматик тарзда Ўзбекистон Республикасидан Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига (бундан буён матнда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси деб юритилади) ҳамда Чегара қўшинларига юборилади.
Қарздорга нисбатан чеклов қўйилгани тўғрисидаги маълумотда кўрсатиладиган ахборот томонлар ўртасидаги келишув ва техник йўриқномага асосан белгиланади.
10. Ижро ҳужжатларида қарздор ёки ундирувчининг (агар қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш ундирувчининг аризасига биноан қўлланилган бўлса) электрон почтаси ёки телефон (мобиль) рақами ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги хабарнома унинг жўнатилганлиги ва қабул қилиниб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи махсус автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобиль алоқа воситалари орқали қисқа хабар (SMS) кўринишида йўлланади.
Қарздор ёки ундирувчи электрон почтаси ёки телефон (мобиль) рақамига қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги хабарномани электрон шаклда ёки қисқа хабар (SMS) кўринишида юбориш имкони бўлмаган тақдирда, давлат ижрочиси томонидан қарор чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмасдан қарорнинг кўчирма нусхалари яшаш манзили бўйича почта орқали қарздорга ва ундирувчига (агар қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш ундирувчининг аризасига биноан қўлланилган бўлса) юборилади.
11. Агар қарздор чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс бўлса, чеклов қўйилганлиги тўғрисидаги маълумот, кейинчалик тегишли органга маълумот бериш учун Ягона электрон ҳамкорлик тизими орқали автоматик тарзда давлат ижрочиси томонидан фақат Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига юборилади.
12. Чеклов қўйилгани тўғрисидаги маълумот қабул қилинганлиги ҳақидаги электрон хабарнома Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ва Чегара қўшинлари томонидан Мажбурий ижро бюросига Ягона электрон ҳамкорлик тизими орқали юборилади.
Қабул қилинган чеклов Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ва Чегара қўшинлари томонидан шу вақтнинг ўзида ўзининг идоравий электрон базасига киритилади.
13. Техник носозликлар, шунингдек вақтинча электрон ҳужжат алмашинуви имкони бўлмаган ҳолатларда ушбу Низомнинг 9 ва 11-бандларида назарда тутилган маълумотлар факс ёки ҳужжатли маълумотни тезкор жўнатиш имконини берадиган бошқа алоқа воситалари орқали юборилиши мумкин.
14. Ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари (бошқармалари) ҳамда Чегара қўшинлари бўлинмалари суд ёки давлат ижрочиси томонидан қарздорга нисбатан қўлланилган вақтинча чеклаш олиб ташланмагунга қадар қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишига йўл қўймасликка мажбурдирлар.
Ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари (бошқармалари) ҳамда Чегара қўшинлари бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикасидан чиқиши чекланган қарздор аниқланган тақдирда, унга Мажбурий ижро бюросининг қайси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикасидан чиқиши чеклангани тўғрисида маълумот берилади ва тўлиқ ахборотни Мажбурий ижро бюросининг расмий веб-сайтидан (www.mib.uz) олиши мумкинлиги тушунтирилади.
3-боб. Қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш
15. Қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашга асос бўлган ижро ҳужжати талаблари ижро этилганда ёхуд Қонунда белгиланган асосларга кўра ижро ҳужжати тугатилганда, тамомланганда ёки алиментларни олдиндан тўлаш ҳамда алиментларни тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминланганда, шунингдек қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги давлат ижрочисининг қарори бекор қилинганда давлат ижрочиси:
махсус электрон тизим орқали қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишига қўйилган вақтинча чекловни олиб ташлайди;
қарздорни ва ундирувчини ушбу Низомнинг 10-бандида белгиланган тартибда хабардор қилади.
16. Махсус электрон тизимдан қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишига қўйилган вақтинча чеклов олиб ташланганда чеклов олиб ташлангани тўғрисидаги маълумот Ягона электрон ҳамкорлик тизими орқали автоматик тарзда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига ҳамда Чегара қўшинларига юборилади.
Техник носозликлар, шунингдек вақтинча электрон ҳужжат алмашиш имкони бўлмаган бошқа ҳолатларда чеклов олиб ташлангани тўғрисидаги маълумот шу вақтнинг ўзида факс ёки ҳужжатли маълумотни тезкор жўнатиш имконини берадиган бошқа алоқа воситалари орқали юборилади.
17. Қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашга асос бўлган ижро ҳужжати талаблари электрон тўлов тизимлари орқали ижро этилганда Мажбурий ижро бюроси томонидан:
қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишига қўйилган вақтинча чеклов Ижро ҳужжатларининг ягона электрон базасидан автоматик тарзда олиб ташланади;
чеклов олиб ташлангани тўғрисидаги маълумот Ягона электрон ҳамкорлик тизими орқали автоматик тарзда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига ҳамда Чегара қўшинларига юборилади.
18. Ягона электрон ҳамкорлик тизими орқали Мажбурий ижро бюросидан чеклов олиб ташлангани тўғрисидаги маълумот келиб тушган тақдирда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ва Чегара қўшинлари томонидан шу вақтнинг ўзида қарздорнинг чиқишига вақтинча чеклов олиб ташланади.
19. Давлат ижрочиси қуйидаги ҳолларда қарздорнинг илтимосномасига асосан қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашни ҳаракатдан тўхтатиб туриши лозим:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида касалхонага ётқизишни талаб қиладиган қарздорнинг соғлиғини тиклаш заруриятини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда;
алимент тўловларини ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича алимент тўлаши шарт бўлган, чет давлатга уч ойгача бўлган муддатга бориб келувчи шахсларни чет давлатдан қайтиб келмаслиги натижасида алимент тўловларини тўлаш юзасидан фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилишга доир суғурта полиси мавжуд бўлганда, бунда суғурта полисининг мавжудлиги Мажбурий ижро бюроси ва Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали автоматик равишда аниқланади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарздорни Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетувчи расмий делегация таркибига киритиш ҳақидаги қарори мавжуд бўлганда.
Бунда, қарздорнинг чиқишига вақтинча чекловни тўхтатиб туриш тўғрисида давлат ижрочиси қарор қабул қилади ва катта давлат ижрочиси томонидан тасдиқланади ва ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган тартибда чеклов олиб ташланади.
19 1 . Алимент тўлаши шарт бўлган, чет давлатга уч ойгача бўлган муддатга бориб келувчи шахслар чет давлатдан қайтиб келмаслиги натижасида алимент тўловларини тўлаш юзасидан фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш суғурта фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган суғурталовчилар томонидан амалга оширилади.
Алимент тўловларини тўлаш юзасидан фуқаролик жавобгарликни суғурталаш шартлари суғурта фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган суғурталовчилар ва Мажбурий ижро бюроси ўртасида тузиладиган бош келишувда белгиланади.
20. Қарздорнинг чиқишига вақтинча чекловни олиб ташлашга қуйидагилар асос бўлмайди:
давлат ижрочиси ва суд томонидан ижро иши юритиш тўхтатиб турилганлиги, давлат ижрочисининг қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори суд томонидан тўхтатиб турилган ҳоллар бундан мустасно;
алимент қарзини жорий кун ҳолатига тўлаганлиги;
ижро иши юритиш Қонуннинг 25-моддасига асосан бошқа давлат ижрочисига юборилганлиги.
21. Мажбурий ижро бюроси, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ҳамда Чегара қўшинлари томонидан қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашлар ҳисоби бўйича электрон маълумотлар базаси юритилади.
22. Чиқиши вақтинча чекланган қарздор томонидан ижро ҳужжати талаблари беш йил давомида бажарилмаса (алимент бўйича қарздорлик бундан мустасно), Мажбурий ижро бюроси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига ва Чегара қўшинларига чеклов мавжудлиги тўғрисидаги янгиланган маълумотни юборади.
4-боб. Якуний қоидалар
23. Қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги, қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашни тўхтатиш тўғрисидаги, шунингдек қарздорнинг чиқишини вақтинча чеклашни рад қилиш тўғрисидаги давлат ижрочисининг қарори устидан Мажбурий ижро бюросининг юқори турувчи органига ёки судга шикоят қилиниши ёхуд протест келтирилиши мумкин.
24. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизматининг 2019 йил 23 октябрдаги 52, 82, 27-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг 2009 йил 20 августдаги 9, 11, 76-сон «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаётган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш ҳамда Суд департаменти, ички ишлар идоралари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларининг ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 1997, 2009 йил 25 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлар тўплами, 2009 й., 35-сон, 389-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг 2015 йил 11 августдаги 1, 25, 81-сон «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаётган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш ҳамда Суд департаменти, ички ишлар идоралари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларининг ҳамкорлиги тартиби тўғрисидаги низомнинг 1-бандига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қарори (рўйхат рақами 1997-1, 2015 йил 11 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлар тўплами, 2015 й., 32-сон, 434-модда).
Бош прокурор Н. ЙЎЛДОШЕВ
Ички ишлар вазири П. БОБОЖОНОВ
Давлат хавфсизлик хизмати раиси А. АЗИЗОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 23 октябрь,
Тошкент ш.,
2019 йил 23 октябрь,
Тошкент ш.,
2019 йил 23 октябрь,
52-сон
82-сон
27-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmatining
Qarori
NIZOM
roʻyxati
Sud hujjati asosida berilgan ijro hujjatini yoki ijro hujjati boʻlgan sud hujjatini uzrsiz sabablarga koʻra ijro etmagan qarzdor jismoniy shaxsning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishini vaqtincha cheklashni taʼminlash yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi, Ichki ishlar vazirligi va Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining hamkorligi tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi, Ichki ishlar vazirligi va Davlat xavfsizlik xizmati qaror qiladi:
1. Sud hujjati asosida berilgan ijro hujjatini yoki ijro hujjati boʻlgan sud hujjatini uzrsiz sabablarga koʻra ijro etmagan qarzdor jismoniy shaxsning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishini vaqtincha cheklashni taʼminlash yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi, Ichki ishlar vazirligi va Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining hamkorligi tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar 2-ilovaga muvofiq oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilsin.
3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi, Ichki ishlar vazirligi va Davlat xavfsizlik xizmatining 2019-yil 23-oktabrdagi 52, 82, 27-son qaroriga 1-ILOVA
Sud hujjati asosida berilgan ijro hujjatini yoki ijro hujjati boʻlgan sud hujjatini uzrsiz sabablarga koʻra ijro etmagan qarzdor jismoniy shaxsning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishini vaqtincha cheklashni taʼminlash yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi, Ichki ishlar vazirligi va Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlarining hamkorligi tartibi toʻgʻrisida
Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish toʻgʻrisida”gi Qonunining 42 1 -moddasiga muvofiq sud hujjati asosida berilgan ijro hujjatini yoki ijro hujjati boʻlgan sud hujjatini (bundan buyon matnda ijro hujjati deb yuritiladi) uzrsiz sabablarga koʻra ijro etmagan qarzdor jismoniy shaxsning (bundan buyon matnda qarzdor deb yuritiladi) Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishini vaqtincha cheklashni taʼminlash yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi (bundan buyon matnda Majburiy ijro byurosi deb yuritiladi), Ichki ishlar vazirligi va Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari (bundan buyon matnda Chegara qoʻshinlari deb yuritiladi) bilan hamkorligini tashkil etish tartibini belgilaydi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Oʻzbekiston Respublikasining “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish toʻgʻrisida”gi Qonuniga (bundan buyon matnda Qonun deb yuritiladi) muvofiq qarzdorning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishini vaqtincha cheklash (bundan buyon matnda qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash deb yuritiladi) mazkur Nizomda belgilangan tartibda qoʻllaniladigan majburiy ijro etish choralaridan biri hisoblanadi.
Mazkur Nizom talablari eksklav hududlarda doimiy yashovchi fuqarolarning doimiy yashash joyidan Oʻzbekiston Respublikasining boshqa hududiga oʻtishlarida va qaytishlarida qoʻllanilmaydi.
2. Qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash ijro hujjati talablari qarzdor tomonidan uzrsiz sabablarga koʻra belgilangan muddatda ijro etilmagan hollarda qoʻllaniladi.
Agar ijro hujjati sud hujjati boʻlmasa va sud hujjati asosida berilmagan boʻlsa, undiruvchi qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash toʻgʻrisidagi ariza bilan sudga murojaat qilishga haqli.
Davlat ijrochisi ijro ishi yuritishni qoʻzgʻatish toʻgʻrisidagi qarorida qarzdor tomonidan ijro hujjatidagi talablarni ixtiyoriy ravishda bajarish uchun belgilangan muddatda uzrsiz sabablarga koʻra ijro etilmagan taqdirda unga nisbatan majburiy ijro harakatlari qoʻllanilishi, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishini vaqtincha cheklanishini koʻrsatadi.
3. Qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash quyidagi hollarda qoʻllanilmaydi:
ijro ishi yuritishni qoʻzgʻatish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kunda bazaviy hisoblash miqdorining besh baravaridan oshmaydigan miqdorda summa undirishni nazarda tutuvchi ijro ishi boʻyicha (aliment yoki boshqa davriy toʻlovlarni undirishni nazarda tutuvchi ijro hujjatlari bundan mustasno), shuningdek sud qarorini ijro etish uchun yetarli mol-mulk olib qoʻyilgan taqdirda;
qarzdor sifatida yuridik shaxs ishtirok etgan ijro hujjati boʻyicha.
4. Davlat ijrochisi qarorining ijrosi ichki ishlar organlari va Chegara qoʻshinlari tomonidan muhokama qilinishiga, toʻxtatilishiga yoki boshqacha tarzda toʻsqinlik qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi, sud tartibida yoxud shikoyat yoki protest keltirish bundan mustasno.
Ijro ishi yuritilishi Qonunda belgilangan hollarda sud yoki davlat ijrochisi tomonidan toʻxtatib turilishi mumkin.
2-bob. Qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklashni joriy etish
5. Sud hujjati asosida berilgan ijro hujjatidagi yoki ijro hujjati boʻlgan sud hujjatidagi talablar ixtiyoriy ravishda bajarish uchun belgilangan muddatda qarzdor jismoniy shaxs tomonidan uzrsiz sabablarga koʻra ijro etilmaganda, davlat ijrochisi undiruvchining arizasi boʻyicha yoki oʻz tashabbusi bilan qarzdor jismoniy shaxsning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishini vaqtincha cheklash toʻgʻrisida qaror chiqarishga haqli, bundan jarima tariqasidagi jinoiy jazo boʻyicha ijro ishini yuritish hollari mustasno.
6. Ijro hujjatidagi talablarni qarzdor tomonidan ijro etish muddati ijro ishi yuritish qoʻzgʻatilgan kundan oʻn besh kundan oshib ketmaydigan ijro ishi yuritishni qoʻzgʻatish toʻgʻrisidagi qarorda davlat ijrochisi tomonidan belgilanadi.
6 1 . Davlat ijrochisi jarima tariqasidagi jinoiy jazoni ijro etishni nazarda tutuvchi ijro hujjatlari boʻyicha ijro ishi yuritishni qoʻzgʻatish toʻgʻrisida qaror chiqarish bilan bir vaqtda hukm qilingan shaxsning yoki qarzdorning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishini vaqtincha cheklash haqidagi qaror qabul qilishi shart.
7. Qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash toʻgʻrisidagi ariza undiruvchi yoki uning vakili tomonidan davlat ijrochisiga taqdim qilinadi. Ushbu ariza qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklashning asoslantirilgan sababini oʻz ichiga olgan boʻlishi lozim.
Davlat ijrochisi qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklashni qoʻllash toʻgʻrisidagi undiruvchining arizasini koʻrib chiqib maxsus elektron tizim orqali qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash toʻgʻrisida qaror qabul qiladi yoki arizani qanoatlantirishni rad qiladi va undiruvchiga yoxud uning vakiliga yozma yoki elektron shaklda asoslantirilgan javob yuboradi.
8. Davlat ijrochisining qarzdor chiqishini vaqtincha cheklash toʻgʻrisidagi qarori katta davlat ijrochisi tomonidan maxsus elektron tizim orqali elektron shaklda tasdiqlanadi.
9. Qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash toʻgʻrisidagi qaror tasdiqlangandan soʻng cheklov qoʻyilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumot Yagona idoralararo elektron hamkorlik tizimi (bundan keyin matnda Yagona elektron hamkorlik tizimi deb yuritiladi) orqali avtomatik tarzda Oʻzbekiston Respublikasidan Ichki ishlar vazirligining Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasiga (bundan buyon matnda Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasi deb yuritiladi) hamda Chegara qoʻshinlariga yuboriladi.
Qarzdorga nisbatan cheklov qoʻyilgani toʻgʻrisidagi maʼlumotda koʻrsatiladigan axborot tomonlar oʻrtasidagi kelishuv va texnik yoʻriqnomaga asosan belgilanadi.
10. Ijro hujjatlarida qarzdor yoki undiruvchining (agar qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash undiruvchining arizasiga binoan qoʻllanilgan boʻlsa) elektron pochtasi yoki telefon (mobil) raqami haqidagi maʼlumotlar mavjud boʻlgan taqdirda, qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash toʻgʻrisidagi xabarnoma uning joʻnatilganligi va qabul qilinib olinganligi faktini qayd etish imkonini beruvchi maxsus avtomatlashtirilgan tizimdan foydalangan holda elektron pochtaga yoki mobil aloqa vositalari orqali qisqa xabar (SMS) koʻrinishida yoʻllanadi.
Qarzdor yoki undiruvchi elektron pochtasi yoki telefon (mobil) raqamiga qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash toʻgʻrisidagi xabarnomani elektron shaklda yoki qisqa xabar (SMS) koʻrinishida yuborish imkoni boʻlmagan taqdirda, davlat ijrochisi tomonidan qaror chiqarilgan kunning ertasidan kechiktirmasdan qarorning koʻchirma nusxalari yashash manzili boʻyicha pochta orqali qarzdorga va undiruvchiga (agar qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash undiruvchining arizasiga binoan qoʻllanilgan boʻlsa) yuboriladi.
11. Agar qarzdor chet el fuqarosi yoki fuqaroligi boʻlmagan shaxs boʻlsa, cheklov qoʻyilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumot, keyinchalik tegishli organga maʼlumot berish uchun Yagona elektron hamkorlik tizimi orqali avtomatik tarzda davlat ijrochisi tomonidan faqat Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasiga yuboriladi.
12. Cheklov qoʻyilgani toʻgʻrisidagi maʼlumot qabul qilinganligi haqidagi elektron xabarnoma Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasi va Chegara qoʻshinlari tomonidan Majburiy ijro byurosiga Yagona elektron hamkorlik tizimi orqali yuboriladi.
Qabul qilingan cheklov Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasi va Chegara qoʻshinlari tomonidan shu vaqtning oʻzida oʻzining idoraviy elektron bazasiga kiritiladi.
13. Texnik nosozliklar, shuningdek vaqtincha elektron hujjat almashinuvi imkoni boʻlmagan holatlarda ushbu Nizomning 9 va 11-bandlarida nazarda tutilgan maʼlumotlar faks yoki hujjatli maʼlumotni tezkor joʻnatish imkonini beradigan boshqa aloqa vositalari orqali yuborilishi mumkin.
14. Ichki ishlar organlarining Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlimlari (boshqarmalari) hamda Chegara qoʻshinlari boʻlinmalari sud yoki davlat ijrochisi tomonidan qarzdorga nisbatan qoʻllanilgan vaqtincha cheklash olib tashlanmagunga qadar qarzdorning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishiga yoʻl qoʻymaslikka majburdirlar.
Ichki ishlar organlarining Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish boʻlimlari (boshqarmalari) hamda Chegara qoʻshinlari boʻlinmalari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishi cheklangan qarzdor aniqlangan taqdirda, unga Majburiy ijro byurosining qaysi tuman (shahar) boʻlimlari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishi cheklangani toʻgʻrisida maʼlumot beriladi va toʻliq axborotni Majburiy ijro byurosining rasmiy veb-saytidan (www.mib.uz) olishi mumkinligi tushuntiriladi.
3-bob. Qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklashni olib tashlash
15. Qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklashga asos boʻlgan ijro hujjati talablari ijro etilganda yoxud Qonunda belgilangan asoslarga koʻra ijro hujjati tugatilganda, tamomlanganda yoki alimentlarni oldindan toʻlash hamda alimentlarni toʻlash majburiyatini garov bilan taʼminlanganda, shuningdek qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash toʻgʻrisidagi davlat ijrochisining qarori bekor qilinganda davlat ijrochisi:
maxsus elektron tizim orqali qarzdorning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishiga qoʻyilgan vaqtincha cheklovni olib tashlaydi;
qarzdorni va undiruvchini ushbu Nizomning 10-bandida belgilangan tartibda xabardor qiladi.
16. Maxsus elektron tizimdan qarzdorning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishiga qoʻyilgan vaqtincha cheklov olib tashlanganda cheklov olib tashlangani toʻgʻrisidagi maʼlumot Yagona elektron hamkorlik tizimi orqali avtomatik tarzda Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasiga hamda Chegara qoʻshinlariga yuboriladi.
Texnik nosozliklar, shuningdek vaqtincha elektron hujjat almashish imkoni boʻlmagan boshqa holatlarda cheklov olib tashlangani toʻgʻrisidagi maʼlumot shu vaqtning oʻzida faks yoki hujjatli maʼlumotni tezkor joʻnatish imkonini beradigan boshqa aloqa vositalari orqali yuboriladi.
17. Qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklashga asos boʻlgan ijro hujjati talablari elektron toʻlov tizimlari orqali ijro etilganda Majburiy ijro byurosi tomonidan:
qarzdorning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishiga qoʻyilgan vaqtincha cheklov Ijro hujjatlarining yagona elektron bazasidan avtomatik tarzda olib tashlanadi;
cheklov olib tashlangani toʻgʻrisidagi maʼlumot Yagona elektron hamkorlik tizimi orqali avtomatik tarzda Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasiga hamda Chegara qoʻshinlariga yuboriladi.
18. Yagona elektron hamkorlik tizimi orqali Majburiy ijro byurosidan cheklov olib tashlangani toʻgʻrisidagi maʼlumot kelib tushgan taqdirda Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasi va Chegara qoʻshinlari tomonidan shu vaqtning oʻzida qarzdorning chiqishiga vaqtincha cheklov olib tashlanadi.
19. Davlat ijrochisi quyidagi hollarda qarzdorning iltimosnomasiga asosan qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklashni harakatdan toʻxtatib turishi lozim:
Oʻzbekiston Respublikasi hududidan tashqarida kasalxonaga yotqizishni talab qiladigan qarzdorning sogʻligʻini tiklash zaruriyatini tasdiqlovchi hujjatlar mavjud boʻlganda;
aliment toʻlovlarini undirishni nazarda tutuvchi ijro hujjatlari boʻyicha aliment toʻlashi shart boʻlgan, chet davlatga uch oygacha boʻlgan muddatga borib keluvchi shaxslarni chet davlatdan qaytib kelmasligi natijasida aliment toʻlovlarini toʻlash yuzasidan fuqarolik javobgarligini sugʻurta qilishga doir sugʻurta polisi mavjud boʻlganda, bunda sugʻurta polisining mavjudligi Majburiy ijro byurosi va Oʻzbekiston Respublikasi Istiqbolli loyihalar milliy agentligining axborot tizimlarini integratsiya qilish orqali avtomatik ravishda aniqlanadi;
Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti yoki Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarzdorni Oʻzbekiston Respublikasidan chiqib ketuvchi rasmiy delegatsiya tarkibiga kiritish haqidagi qarori mavjud boʻlganda.
Bunda, qarzdorning chiqishiga vaqtincha cheklovni toʻxtatib turish toʻgʻrisida davlat ijrochisi qaror qabul qiladi va katta davlat ijrochisi tomonidan tasdiqlanadi va ushbu Nizomning 15-bandida koʻrsatilgan tartibda cheklov olib tashlanadi.
19 1 . Aliment toʻlashi shart boʻlgan, chet davlatga uch oygacha boʻlgan muddatga borib keluvchi shaxslar chet davlatdan qaytib kelmasligi natijasida aliment toʻlovlarini toʻlash yuzasidan fuqarolik javobgarligini sugʻurtalash sugʻurta faoliyatini amalga oshirish uchun tegishli litsenziyaga ega boʻlgan sugʻurtalovchilar tomonidan amalga oshiriladi.
Aliment toʻlovlarini toʻlash yuzasidan fuqarolik javobgarlikni sugʻurtalash shartlari sugʻurta faoliyatini amalga oshirish uchun tegishli litsenziyaga ega boʻlgan sugʻurtalovchilar va Majburiy ijro byurosi oʻrtasida tuziladigan bosh kelishuvda belgilanadi.
20. Qarzdorning chiqishiga vaqtincha cheklovni olib tashlashga quyidagilar asos boʻlmaydi:
davlat ijrochisi va sud tomonidan ijro ishi yuritish toʻxtatib turilganligi, davlat ijrochisining qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash toʻgʻrisidagi qarori sud tomonidan toʻxtatib turilgan hollar bundan mustasno;
aliment qarzini joriy kun holatiga toʻlaganligi;
ijro ishi yuritish Qonunning 25-moddasiga asosan boshqa davlat ijrochisiga yuborilganligi.
21. Majburiy ijro byurosi, Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasi hamda Chegara qoʻshinlari tomonidan qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklashlar hisobi boʻyicha elektron maʼlumotlar bazasi yuritiladi.
22. Chiqishi vaqtincha cheklangan qarzdor tomonidan ijro hujjati talablari besh yil davomida bajarilmasa (aliment boʻyicha qarzdorlik bundan mustasno), Majburiy ijro byurosi Migratsiya va fuqarolikni rasmiylashtirish bosh boshqarmasiga va Chegara qoʻshinlariga cheklov mavjudligi toʻgʻrisidagi yangilangan maʼlumotni yuboradi.
4-bob. Yakuniy qoidalar
23. Qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklash toʻgʻrisidagi, qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklashni toʻxtatish toʻgʻrisidagi, shuningdek qarzdorning chiqishini vaqtincha cheklashni rad qilish toʻgʻrisidagi davlat ijrochisining qarori ustidan Majburiy ijro byurosining yuqori turuvchi organiga yoki sudga shikoyat qilinishi yoxud protest keltirilishi mumkin.
24. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi, Ichki ishlar vazirligi va Davlat xavfsizlik xizmatining 2019-yil 23-oktabrdagi 52, 82, 27-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilayotgan ayrim idoraviy normativ-huquqiy hujjatlar
1. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, Ichki ishlar vazirligi va Milliy xavfsizlik xizmatining 2009-yil 20-avgustdagi 9, 11, 76-son “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etishdan boʻyin tovlayotgan shaxslarning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishini vaqtincha cheklash hamda Sud departamenti, ichki ishlar idoralari va Davlat chegarasini qoʻriqlash organlarining hamkorligi tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 1997, 2009-yil 25-avgust) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlar toʻplami, 2009-y., 35-son, 389-modda).
2. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi, Ichki ishlar vazirligi va Milliy xavfsizlik xizmatining 2015-yil 11-avgustdagi 1, 25, 81-son “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etishdan boʻyin tovlayotgan shaxslarning Oʻzbekiston Respublikasidan chiqishini vaqtincha cheklash hamda Sud departamenti, ichki ishlar idoralari va Davlat chegarasini qoʻriqlash organlarining hamkorligi tartibi toʻgʻrisidagi nizomning 1-bandiga qoʻshimcha kiritish toʻgʻrisida”gi qarori (roʻyxat raqami 1997-1, 2015-yil 11-avgust) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlar toʻplami, 2015-y., 32-son, 434-modda).
Bosh prokuror N. YOʻLDOSHEV
Ichki ishlar vaziri P. BOBOJONOV
Davlat xavfsizlik xizmati raisi A. AZIZOV
Toshkent sh.,
2019-yil 23-oktabr,
Toshkent sh.,
2019-yil 23-oktabr,
Toshkent sh.,
2019-yil 23-oktabr,
52-son
82-son
27-son