📅 2019-yil 21-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 21-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 21 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 21 ноября 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 21 November 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва унга идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Автомобиль йўллари соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва унга идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Респубикаси Молия вазирлиги ва Транспорт вазирлигининг юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва унга идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 ноябрдаги 924-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш, бошқариш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) ғазначилик ҳисобварақларида жамланади ҳамда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ сарфланади.
3. Жамғарма автомобиль йўллари соҳасида лойиҳалаш, қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишларини ривожлантириш, илмий-тадқиқот, лойиҳа-конструкторлик, технологик ишларни қўллаб-қувватлаш, автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, интеллектуал тизимлар, техник воситалар ва дастурий маҳсулотларни кенг жорий этиш, автомобиль йўллари соҳасига малакали мутахассисларни жалб этиш ҳамда Қўмита ва унга идоравий мансуб ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш мақсадида ташкил этилади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби
4. Жамғарма маблағлари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:
а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хорижий давлатлар автотранспорт воситаларининг кирганлиги ва транзит ўтиши учун йиғимнинг 25 фоизи;
б) оғир юкли ва катта ҳажмли транспорт воситаларининг умумий фойдаланишдаги йўллар бўйлаб юриши учун тўловнинг 100 фоизи (қатнов йўлини келишиб олиш ва юришга рухсатномани расмийлаштириш, транспорт воситаси умумий ҳақиқий вазнининг йўл қўйиладиган умумий вазндан ошиб кетганлиги, ғилдирак ўқи ҳақиқий юкламаларининг йўл қўйиладиган йўл конструкцияларидан ошиб кетганлиги ҳамда транспорт воситаси ҳажмларининг ошиб кетганлиги учун тўлов);
в) тегишли рухсатномасиз оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли юкларни ташиш ва юк билан ёки юксиз ҳолдаги габарит ўлчамлари белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларида йўлга чиқиш учун ундириладиган жарималар суммасининг 80 фоизи;
г) юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
д) халқаро ташкилотлар ва молия институтларининг, шунингдек, бошқа хорижий донорларнинг грантлари;
е) Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушган даромадлар бўйича тушумлар;
ж) тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари жорий этилгандан бошлаб 2 йил давомида улар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ундирилган жарима суммасининг 10 фоизи ва ишга туширилганидан 2 йил ўтгандан сўнг 10 фоизи;
з) йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималар суммасининг 5 фоизи (махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарима суммасидан ташқари);
и) махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари қайд этган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарима суммасининг 5 фоизи (тадбиркорлик субъектларига тегишли махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ҳамда тегишли оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун ҳамда божхона органлари томонидан ундирилган жарима суммаси бундан мустасно);
к) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида жойлашган ер участкаларида ва иншоотларида ташқи реклама объектлари (конструкциялари) қуриш учун электрон аукционлар якунлари бўйича ҳуқуқ тақдим этишдан тушадиган маблағлар, шунингдек, ташқи рекламанинг ўрнатилган объектлари (конструкциялари) учун ойлик тўловларнинг 60 фоизи;
л) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида жойлашган ер участкаларида ва иншоотларида ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун йиғимларнинг 60 фоизи;
л 1 ) юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорти воситалари ва тиркамаларининг автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши ҳуқуқи учун йиғимнинг 90 фоизи;
л 2 ) тадбиркорлик субъектларига тегишли ўлчов-назорат шохобчалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун дастлабки 2 йил давомида ундирилган жарималар суммасидан тушган маблағларнинг 35 фоизи, ишга туширилганидан 2 йил ўтганидан сўнг 45 фоизи;
л 3 ) махсус кўрикдан ўтказиш ва техник хулоса ишлаб чиқиш хизматлари учун тўловлардан келиб тушган маблағларнинг 50 фоизи;
м) қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Мазкур банднинг « з » ва «и» кичик бандларида кўзда тутилган маблағлар Давлат бюджетидан камайтирилган ҳолда Жамғармага йўналтирилади.
3-боб. Жамғарма маблағларини бошқариш
5. Жамғарма маблағлари Қўмита раиси ёки унинг мажбуриятларини бажарувчи шахс томонидан бошқарилади.
6. Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириш учун тақдим этилган илмий-амалий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар ва тажриба-конструкторлик ишлари лойиҳалари (кейинги ўринларда лойиҳалар деб аталади) Қўмитанинг тармоқ Илмий-техник кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) томонидан кўриб чиқилади.
Ишлаб чиқилган технологияларни тажриба-саноат синовларидан ўтказиш, маҳсулотнинг синов партияларини чиқаришни ва серияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ва ишларни мувофиқлаштириш мақсадида буюртмалар портфелини шакллантириш учун Қўмита марказий аппарати томонидан лойиҳалар Кенгашга кўриб чиқиш учун киритилади.
Кенгаш лойиҳаларнинг илмий-техник экспертизасини ўтказади ва лойиҳани Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштиришга қабул қилиш ёки лойиҳани молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Зарурат бўлганда, тегишли тармоқда етарли даражада билим ва малакага эга бўлган олимлар ёки мутахассислар эксперт сифатида жалб этилади.
Кенгаш қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва унинг раиси имзолайдиган баённома тарзида расмийлаштирилади.
7. Қўмита ва унга идоравий мансуб корхоналар ходимларини моддий рағбатлантириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва унга идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
4-боб. Жамғарма маблағларини сарфлаш тартиби
8. Жамғарманинг маблағлари қуйидагиларга сарфланади:
Қўмита марказий аппарати ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий бошқармалари, шунингдек, Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» давлат муассасаси ҳамда «Автойўлинвест» агентлиги ходимларига қўшимча ҳақлар, устамалар, мукофот пуллари, моддий ёрдам, ижтимоий ва бошқа тўловларни тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш;
Қўмита марказий аппарати ходимларининг мамлакат ичига ва ундан ташқарига хизмат сафари харажатларини тўлаш, енгил автотранспорт воситаларини харид қилиш ва сақлаш, Қўмита ва унга идоравий мансуб корхоналар раҳбарияти учун мобиль алоқа хизматларига ҳақ тўлаш, шунингдек, идоравий мансуб корхоналар ходимларининг мамлакат ташқарисига хизмат сафари харажатларини тўлаш;
офис жиҳозлари ва мебеллар, асосий воситалар, инвентарлар ва товар-моддий бойликларни харид қилиш;
видеоконференция тизимини ўрнатиш ва сақлаш, Қўмита ва унга идоравий мансуб корхоналарда комплекс ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
Қўмита ва унга идоравий мансуб корхоналар ходимларининг даволаниши ва тиббий хизмат бўйича харажатларини қисман қоплаш, шунингдек, санаторий, дам олиш масканлари ва даволаниш-соғломлаштириш муассасалари, пансионатлар ва бошқаларга йўлланмаларни харид қилиш;
йўл хўжалиги соҳасидаги кам таъминланган оилаларни ва фахрийларини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш;
Қўмитага юкланган вазифаларни бажариш учун консалтинг ва бошқа ташкилотлардан хорижий мутахассисларни ўрнатилган тартибда шартнома асосида жалб қилиш ҳамда маҳаллий мутахассисларни, маслаҳатчиларни шартнома асосида жалб қилиш;
йўл-қурилиш фаолияти соҳасидаги Давлат илмий дастурлари бажарилишини молиялаштириш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва йўл-қурилиш материаллари ҳамда конструкцияларини ишлаб чиқариш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқариш, меҳнат самарадорлигини ошириш, йўл-қурилиш фаолиятини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимларини яратиш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини молиялаштириш, илмий ва илмий-тадқиқот ташкилотлари томонидан йўл-қурилиш фаолияти соҳасидаги нормалар ва қоидалар ишлаб чиқилишини молиялаштириш, йўл-қурилиш фаолияти соҳасида илмий-техник ва илмий-методик адабиётлар (шу жумладан, даврий нашрлар) тайёрлаш ҳамда чоп этиш, бу фаолиятни илмий-методик ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни ташкил этиш, йўл-қурилиш фаолияти соҳасидаги халқаро кўргазмалар, ярмаркалар, тадбирлар, лойиҳалар ва дастурларда иштирок этиш, тармоқ ходимларининг малакаси оширилишини ва илғор хорижий тажрибани ўрганишини ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, чет мамлакатларга ва таълим муассасаларига амалиётларини ташкил этиш, шунингдек, инновацион лойиҳалар ва замонавий технологиялар жорий этилишини рағбатлантириш;
республикада илк бор илмий тадқиқотлар натижалари текшириладиган (ишлов бериладиган) экспериментал объектларни лойиҳалаштириш ва қуришни илмий қўллаб-қувватлашга сарфланадиган илмий ташкилотлар ва лойиҳа ташкилотларининг қўшимча харажатларини қоплаш;
илмий-техник симпозиумлар, конференциялар, семинарлар, тренинглар, кўргазмалар, давра суҳбатлари, амалий машғулотлар, маҳорат дарсларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, илмий, норматив, методик, техник, технологик ҳужжатлар ва бошқа илмий-техник ахборот манбаларини харид қилиш;
Қўмитага идоравий мансуб корхоналар тасарруфидаги маъмурий, ишлаб чиқариш ва бошқа бино ҳамда иншоотларни, шу жумладан, ижтимоий объектларни (болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, пансионатлар, дам олиш масканлари ва бошқалар) қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, уларни зарур инвентарь, жиҳозлар, алоқа, компьютер ва ташкилий техника билан таъминлаш;
ўқитишнинг илғор шакллари ва усулларини, компьютер ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
Қўмитага идоравий мансуб корхоналарни замонавий лабораториялар, компьютер ва бошқа асбоб-ускуналар ҳамда техник воситалар билан жиҳозлаш;
рисолалар, буклетлар, китоблар, тўпламлар ва бошқа ахборот-маърифий материаллар ишлаб чиқиш ҳамда эълон қилиш;
вакиллик харажатларини тўлаш ва совғалар харид қилиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасига келган вақтида хорижий ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда мутахассисларини қабул қилиш ва уларга ҳамроҳлик қилиш;
Қўмита ва унга идоравий мансуб корхоналарнинг, шунингдек, Қўмитага идоравий мансуб корхоналар иштирокида ташкил этиладиган қўшма корхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг устав фондларини, айланма маблағларини шакллантириш ва тўлдириш;
илмий-тадқиқот, лойиҳа-конструкторлик, технологик ишларни ўтказиш билан боғлиқ инвестиция лойиҳаларининг техник иқтисодий асоси/техник иқтисодий ҳисобини ишлаб чиқиш;
республикада замонавий ландшафт дизайни элементларини ўзлаштириш, йўлбўйи инфратузилма объектларини ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани жорий этиш;
автомобиль йўли ўқининг майдонларида вазн ўлчовчи стационар назорат постларини жойлаштириш, уларни автотранспорт воситаларининг габарит параметрлари ва оғирликларини ўлчаш учун ускуналар билан таъминлаш ҳамда махсус автомобилларда кўчма вазн ўлчов назорат постини ташкил этиш, назорат постлари ходимларини сақлаш, шунингдек, автотранспорт воситаларининг рухсат этилган вазн ва габарит параметрларига риоя этилиши устидан назорат қилиш учун Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларини шартнома асосида жалб этиш;
«Қўмита раиси стипендияси»ни таъсис этиш ва тўлаш билан боғлиқ чора-тадбирларни молиялаштириш;
Қўмитанинг иқтисодий ночор корхона ва ташкилотларини молиявий соғломлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда қўшимча бажарилган йўл ишлари (молиявий манбаси аниқ бўлмаган) натижасида юзага келган дебиторлик қарздорликларини сўндириш мақсадида қайтариб бериш шарти билан молиявий ёрдам бериш.
9. Жамғарманинг маблағлари Жамғарма даромадлари ва харажатларининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланган сметаси доирасида Қўмита раисининг ёки унинг мажбуриятларини бажарувчи шахснинг қарори асосида сарфланади.
5-боб. Якунловчи қоида
10. Қўмита тасдиқланган харажатлар сметаларига мувофиқ Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун жавобгардир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 ноябрдаги 924-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва унга идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) ва унга идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом:
Қўмита марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий бошқармалари, «Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти» давлат муассасаси ҳамда «Автойўлинвест» агентлиги (кейинги ўринларда бошқармалар деб аталади) ходимларига;
Қўмита тузилмасидаги йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхоналари, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари, кўприклардан фойдаланиш унитар корхоналари, «Ўзйўлкўкаламзорлаштириш» унитар корхонаси таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар худудий корхоналари, «Дўрмонавтойўл» ва «Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари, «Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш Дирекцияси» давлат унитар корхонаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий бошқармалари таркибидаги «Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда таркибий корхоналар деб аталади) ходимларига (ишлаб чиқариш ходимлари бундан мустасно) жорий қилинади.
2-боб. Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тадбирларини амалга ошириш
3. Қўмита, бошқармалар ва таркибий корхоналар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, шунингдек, қўшимча меҳнат кафолатлари Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига , ушбу Низомга, бошқа қонун ҳужжатларига, жамоа шартномасига ва бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.
4. Қўмита, бошқармалар ва таркибий корхоналар ходимларининг лавозим маошлари қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткаси асосида белгиланади.
Ходимларнинг лавозим маоши белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини Ягона тариф сеткасининг тегишли разряди тариф коэффициентига кўпайтириш йўли билан аниқланади.
5. Қўмита ва бошқармалар ходимлари меҳнатига хақ тўлаш, мукофотлаш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш қуйидаги маблағлар ҳисобига амалга оширилади:
а) бюджет маблағлари ҳисобига:
лавозим маошлари;
бир йилда икки ойлик иш ҳақи фонди миқдоридаги маблағлар;
бир йилда бир ойлик иш ҳақи фонди миқдоридаги моддий ёрдам маблағлари;
қонун ҳужжатларида белгиланган миқдор ва тартибда давлат хизматчиларининг лавозим маошига меҳнатни рағбатлантириш маблағлари (рағбатлантириш коэффициенти);
меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдорида шакллантириладиган бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди маблағлари;
давлат мукофотлари билан тақдирланганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдор ва тартибда рағбатлантириш.
б) Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси, бюджетдан ташқари жамғармалар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига:
ходимнинг умумий иш стажи давомийлигидан келиб чиқиб узоқ муддат хизмати учун лавозим маошига ҳар ойлик устамалар;
байрам саналарига мукофотлаш;
хизмат вазифаларини сидқидилдан ва самарали бажарганлик учун юқори малакали ходимларнинг лавозим маошларига устамалар;
ой ва йил якунлари бўйича мукофотлар;
ходимнинг пенсияга чиқиши муносабати билан қимматбаҳо совғалар ёки пул маблағлари билан тақдирлаш;
ходимларни ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг соғлигини тиклаш, овқатланиш ва транспорт харажатларини қоплаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва бошқалар.
6. Таркибий корхоналар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, лавозим маошларига қўшимчалар ва устамалар, шунингдек, мукофотлар ва бошқа барча турдаги тўловлар:
Қўмита таркибидаги йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхоналари, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари, кўприклардан фойдаланиш унитар корхоналари, «Ўзйўлкўкаламзорлаштириш» унитар корхонаси таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар худудий корхоналари, «Дўрмонавтойўл» ва «Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари — автомобиль йўлларини сақлаш ва кўкаламзорлаштириш харажатларига ажратилган маблағлар лимити доирасида амалга оширилади;
«Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш Дирекцияси» давлат унитар корхонаси ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳудудий бошқармалари таркибидаги «Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхоналари — буюртмачилик функциясини бажарган иш хажмларидан белгиланган тартибда ажратиладиган ажратмалар ҳисобидан корхона раҳбарлари томонидан жамоа шартномаларида, шунингдек, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилган бошқа локал ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
Ходимларни мукофотлаш ва ходимларга бериладиган қўшимча ва устамалар белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ходимлар давлат мукофотлари, фахрий унвонлар билан тақдирланганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда рағбатлантирилади.
3-боб. Ходимларни мукофотлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш
7. Қўмита, бошқармалар ва таркибий корхоналарнинг ходимларига узоқ муддат хизмати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига фоиз миқдорида ҳар ойда қуйидаги миқдорларда устамалар тўланади:
Иш стажи Устамалар миқдорлари (лавозим маошига нисбатан фоиз ҳисобида) 3 йилдан 5 йилгача 100 5 йилдан 10 йилгача 150 10 йилдан 15 йилгача 200 15 йилдан 25 йилгача 250 25 йилдан ортиқ 300
Узоқ муддат хизмат қилганлик учун устама олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Қўмита томонидан тасдиқланадиган тартиб ёки жамоа шартномаси асосида амалга оширилади.
8. Қўмита, бошқармалар ва таркибий корхоналар ходимларига байрам саналарида — Янги йил байрами, Хотин-қизлар куни, Наврўз байрами, Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик куни, Ўқитувчи ва мураббийлар куни, Конституция куни, диний байрамларда («Рўза ҳайит» (Ийд ал-Фитр) ва «Қурбон ҳайит» (Ийд ал-Адҳа) ҳамда касб байрамида Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан ойлик лавозим маошининг рағбатлантириш коэффицентини ҳисобга олган ҳолда уч баробари миқдорида мукофот берилади.
9. Қўмита, бошқармалар ва таркибий корхоналарнинг хизмат вазифаларини сидқидилдан ва самарали бажариб келаётган юқори малакали ва ташаббускор ходимларига ҳар ой якуни бўйича лавозим маошининг рағбатлантириш коэффицентини ҳисобга олган ҳолда 250 фоизгача устамалар тўланади.
Устаманинг аниқ миқдори тегишлилиги бўйича белгиланган тартибда Қўмита, бошқармалар ва таркибий корхоналар раҳбари томонидан белгиланади.
10. Қўмита, бошқармалар ва таркибий корхоналар ходимларига иш кўрсаткичларининг бажарилишига қараб, лавозим ойлик маошининг рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда ҳар ой якуни бўйича 300 фоизгача ва йил якуни бўйича беш баробари миқдорида мукофотлар берилади.
11. Қўмита, бошқармалар ва таркибий корхоналар ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш ва уларнинг меҳнати самарадорлигини ошириш мақсадида:
ҳар ойда транспорт харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробаригача;
ҳар ойда овқатланиш харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баробаригача;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун ходимларга бир йилда бир маротаба базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баробаригача бўлган миқдорда тўловлар амалга оширилади.
12. Касаба уюшмаси ташкилоти билан келишилган ҳолда Қўмита, бошқармалар ва таркибий корхоналар ходимларига ва (ёки) уларнинг оила аъзоларига қуйидаги ҳолатларда базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баробаригача бўлган миқдорда моддий ёрдам берилади:
ходим вафот этганда — бунда моддий ёрдам хотинига (эрига) тўлаб берилади, агар ходимнинг хотини (эри) бўлмаса, моддий ёрдам фарзандларига ёки қонуний вакилларига (васийлари ва ҳомийларига) ёхуд уларнинг вояга етмаган фарзандларини асраб олган шахсларга тўлаб берилади, шунингдек, ходим турмуш қурмаган бўлса, моддий ёрдам ота-онаси ёки боқимандалар ўртасида тенг улушларда тақсимланади;
50, 55, 60 (юбилей) ёши муносабати билан, пенсияга чиққанда, ходимнинг ўзи, шунингдек унинг фарзандлари турмуш қурганда;
яқин қариндоши вафот этганда, вафоти тўғрисида гувоҳнома нусхаси тақдим этилганда;
алоҳида заруратга кўра (бахтсиз ҳодиса, фалокат, узоқ муддатли касаллик сабабли даволаниш ва бошқа ҳолатларда).
13. Қўмита, бошқармалар ва таркибий корхоналар ходимларига даволаниш муассасаларига, дам олиш, санаторийлар, пансионатлар, туризм базалари ва болаларни соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида бир йилда бир марталик компенсация тўлови берилади.
4-боб. Ходимларни моддий рағбатлантиришни таъминлаш юзасидан масъулият
14. Қўмита, бошқармалар ва таркибий корхоналар раҳбарлари ва бош бухгалтерлари ходимлар меҳнатини нормалаш ва ҳисобга олишнинг ташкил этилиши, лавозим маошлари ва тариф ставкаларининг тўғри белгиланганлиги, ушбу Низомда назарда тутилган қўшимчалар, устамалар ва мукофотлар тўғри ҳисоблаб чиқилганлиги, маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланганлиги учун шахсан жавоб беради.
15. Қўмита, худудий бошқармалар ва таркибий корхоналарни молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ тегишли манбалар ҳисобига амалга оширилади.
5-боб. Якунловчи қоида
16. Ходимларни моддий рағбатлантириш бўйича таклифлар киритишда холис ёндашув таъминланади ва ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 ноябрдаги 924-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобилда хорижий юк ташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришлари, бўлишлари, юк олиб ўтишлари ва ундан чиқиб кетишлари тартиби тўғрисида» 1995 йил 11 январдаги 11-сон қарорида :
5-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Йиғимларни ундириш миллий валюта «сўм»да нақд пулсиз шаклда ёки тижорат банклари томонидан бевосита божхона постларида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича нақд пул шаклида амалга оширилади, олинган маблағларнинг 20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ҳисоб рақамига, қолган 80 фоизи Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисоб рақамига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилади»;
15-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Белгилаб қўйилсинки, хорижий мамлакатларнинг оғир юк кўтарувчи ва катта ҳажмли транспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб юришидан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказилади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль йўллари инфратузилмасини янада ривожлантириш ва йўл ҳаракатини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 26 июлдаги 584-сон қарори 7-бандининг «в» кичик банди ҳамда 8-бандининг учинчи хатбоши чиқариб ташлансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 21 ноябрь,
924-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
NIZOM
Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasining faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizomni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi va unga idoraviy mansub tashkilotlar xodimlari mehnatiga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Avtomobil yoʻllari sohasini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash hamda Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi va unga idoraviy mansub tashkilotlar xodimlari mehnatiga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respubikasi Moliya vazirligi va Transport vazirligining yuridik shaxs tashkil etmagan holda Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasini tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
2. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi va unga idoraviy mansub tashkilotlar xodimlari mehnatiga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga 3-ilovaga muvofiq oʻzgartirishlar kiritilsin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
5. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari — transport vaziri A.J. Ramatov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 21-noyabrdagi 924-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) mablagʻlarini shakllantirish, boshqarish va undan foydalanish tartibini belgilaydi.
2. Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi va uning mablagʻlari Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda Qoʻmita deb ataladi) gʻaznachilik hisobvaraqlarida jamlanadi hamda tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetasiga muvofiq sarflanadi.
3. Jamgʻarma avtomobil yoʻllari sohasida loyihalash, qurish, qayta qurish, taʼmirlash va saqlash ishlarini rivojlantirish, ilmiy-tadqiqot, loyiha-konstruktorlik, texnologik ishlarni qoʻllab-quvvatlash, avtomobil yoʻllarida xavfsizlikni taʼminlash, zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, intellektual tizimlar, texnik vositalar va dasturiy mahsulotlarni keng joriy etish, avtomobil yoʻllari sohasiga malakali mutaxassislarni jalb etish hamda Qoʻmita va unga idoraviy mansub tashkilotlar xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish maqsadida tashkil etiladi.
2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish tartibi
4. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagilar hisobidan shakllantiriladi:
a) Oʻzbekiston Respublikasi hududiga xorijiy davlatlar avtotransport vositalarining kirganligi va tranzit oʻtishi uchun yigʻimning 25 foizi;
b) ogʻir yukli va katta hajmli transport vositalarining umumiy foydalanishdagi yoʻllar boʻylab yurishi uchun toʻlovning 100 foizi (qatnov yoʻlini kelishib olish va yurishga ruxsatnomani rasmiylashtirish, transport vositasi umumiy haqiqiy vaznining yoʻl qoʻyiladigan umumiy vazndan oshib ketganligi, gʻildirak oʻqi haqiqiy yuklamalarining yoʻl qoʻyiladigan yoʻl konstruksiyalaridan oshib ketganligi hamda transport vositasi hajmlarining oshib ketganligi uchun toʻlov);
v) tegishli ruxsatnomasiz ogʻir vaznli, yirik gabaritli, xavfli yuklarni tashish va yuk bilan yoki yuksiz holdagi gabarit oʻlchamlari belgilangan normalardan ortiq boʻlgan transport vositalarida yoʻlga chiqish uchun undiriladigan jarimalar summasining 80 foizi;
g) yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;
d) xalqaro tashkilotlar va moliya institutlarining, shuningdek, boshqa xorijiy donorlarning grantlari;
e) Jamgʻarmaning vaqtincha boʻsh mablagʻlarini tijorat banklari depozitlariga joylashtirishdan tushgan daromadlar boʻyicha tushumlar;
j) tadbirkorlik subyektlari tomonidan avtomobil yoʻllarida yoʻl harakati qoidalari buzilganligini maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari joriy etilgandan boshlab 2 yil davomida ular orqali qayd etilgan yoʻl harakati qoidabuzarliklari uchun undirilgan jarima summasining 10 foizi va ishga tushirilganidan 2 yil oʻtgandan soʻng 10 foizi;
z) yoʻl harakati qoidalari buzilganligi uchun jarimalar summasining 5 foizi (maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari qayd etgan yoʻl harakati qoidalari buzilganligi uchun jarima summasidan tashqari);
i) maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari qayd etgan yoʻl harakati qoidalari buzilganligi uchun jarima summasining 5 foizi (tadbirkorlik subyektlariga tegishli maxsus avtomatlashtirilgan foto va video qayd etish dasturiy-texnik vositalari hamda tegishli ogʻirlik va gabarit nazorati boʻyicha statsionar shoxobchalar orqali qayd etilgan yoʻl harakati qoidalari buzilganligi uchun hamda bojxona organlari tomonidan undirilgan jarima summasi bundan mustasno);
k) umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarining ajratilgan mintaqalarida joylashgan yer uchastkalarida va inshootlarida tashqi reklama obyektlari (konstruksiyalari) qurish uchun elektron auksionlar yakunlari boʻyicha huquq taqdim etishdan tushadigan mablagʻlar, shuningdek, tashqi reklamaning oʻrnatilgan obyektlari (konstruksiyalari) uchun oylik toʻlovlarning 60 foizi;
l) umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarining ajratilgan mintaqalarida joylashgan yer uchastkalarida va inshootlarida tashqi reklamani joylashtirish huquqi uchun yigʻimlarning 60 foizi;
l 1 ) yuk koʻtarish quvvati 10 tonnadan yuqori boʻlgan yuk avtotransporti vositalari va tirkamalarining avtomobil yoʻllari boʻylab harakatlanishi huquqi uchun yigʻimning 90 foizi;
l 2 ) tadbirkorlik subyektlariga tegishli oʻlchov-nazorat shoxobchalari orqali qayd etilgan yoʻl harakati qoidalari buzilganligi uchun dastlabki 2 yil davomida undirilgan jarimalar summasidan tushgan mablagʻlarning 35 foizi, ishga tushirilganidan 2 yil oʻtganidan soʻng 45 foizi;
l 3 ) maxsus koʻrikdan oʻtkazish va texnik xulosa ishlab chiqish xizmatlari uchun toʻlovlardan kelib tushgan mablagʻlarning 50 foizi;
m) qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
Mazkur bandning “ z ” va “i” kichik bandlarida koʻzda tutilgan mablagʻlar Davlat budjetidan kamaytirilgan holda Jamgʻarmaga yoʻnaltiriladi.
3-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish
5. Jamgʻarma mablagʻlari Qoʻmita raisi yoki uning majburiyatlarini bajaruvchi shaxs tomonidan boshqariladi.
6. Jamgʻarma mablagʻlari hisobiga moliyalashtirish uchun taqdim etilgan ilmiy-amaliy tadqiqotlar, innovatsion ishlanmalar va tajriba-konstruktorlik ishlari loyihalari (keyingi oʻrinlarda loyihalar deb ataladi) Qoʻmitaning tarmoq Ilmiy-texnik kengashi (keyingi oʻrinlarda Kengash deb ataladi) tomonidan koʻrib chiqiladi.
Ishlab chiqilgan texnologiyalarni tajriba-sanoat sinovlaridan oʻtkazish, mahsulotning sinov partiyalarini chiqarishni va seriyali ishlab chiqarishni tashkil etish boʻyicha loyihalarni amalga oshirish va ishlarni muvofiqlashtirish maqsadida buyurtmalar portfelini shakllantirish uchun Qoʻmita markaziy apparati tomonidan loyihalar Kengashga koʻrib chiqish uchun kiritiladi.
Kengash loyihalarning ilmiy-texnik ekspertizasini oʻtkazadi va loyihani Jamgʻarma mablagʻlari hisobiga moliyalashtirishga qabul qilish yoki loyihani moliyalashtirishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
Zarurat boʻlganda, tegishli tarmoqda yetarli darajada bilim va malakaga ega boʻlgan olimlar yoki mutaxassislar ekspert sifatida jalb etiladi.
Kengash qarorlari koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi va uning raisi imzolaydigan bayonnoma tarzida rasmiylashtiriladi.
7. Qoʻmita va unga idoraviy mansub korxonalar xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish va moliyaviy qoʻllab-quvvatlash Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi va unga idoraviy mansub tashkilotlar xodimlari mehnatiga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
4-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini sarflash tartibi
8. Jamgʻarmaning mablagʻlari quyidagilarga sarflanadi:
Qoʻmita markaziy apparati va uning Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar hududiy boshqarmalari, shuningdek, Avtomobil yoʻllari ilmiy-tadqiqot instituti” davlat muassasasi hamda “Avtoyoʻlinvest” agentligi xodimlariga qoʻshimcha haqlar, ustamalar, mukofot pullari, moddiy yordam, ijtimoiy va boshqa toʻlovlarni toʻlash hamda ularni moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy muhofaza qilish;
Qoʻmita markaziy apparati xodimlarining mamlakat ichiga va undan tashqariga xizmat safari xarajatlarini toʻlash, yengil avtotransport vositalarini xarid qilish va saqlash, Qoʻmita va unga idoraviy mansub korxonalar rahbariyati uchun mobil aloqa xizmatlariga haq toʻlash, shuningdek, idoraviy mansub korxonalar xodimlarining mamlakat tashqarisiga xizmat safari xarajatlarini toʻlash;
ofis jihozlari va mebellar, asosiy vositalar, inventarlar va tovar-moddiy boyliklarni xarid qilish;
videokonferensiya tizimini oʻrnatish va saqlash, Qoʻmita va unga idoraviy mansub korxonalarda kompleks axborot tizimini ishlab chiqish va joriy etish;
Qoʻmita va unga idoraviy mansub korxonalar xodimlarining davolanishi va tibbiy xizmat boʻyicha xarajatlarini qisman qoplash, shuningdek, sanatoriy, dam olish maskanlari va davolanish-sogʻlomlashtirish muassasalari, pansionatlar va boshqalarga yoʻllanmalarni xarid qilish;
yoʻl xoʻjaligi sohasidagi kam taʼminlangan oilalarni va faxriylarini ijtimoiy va moddiy qoʻllab-quvvatlash;
Qoʻmitaga yuklangan vazifalarni bajarish uchun konsalting va boshqa tashkilotlardan xorijiy mutaxassislarni oʻrnatilgan tartibda shartnoma asosida jalb qilish hamda mahalliy mutaxassislarni, maslahatchilarni shartnoma asosida jalb qilish;
yoʻl-qurilish faoliyati sohasidagi Davlat ilmiy dasturlari bajarilishini moliyalashtirish va ularni ishlab chiqarishga joriy etish, avtomobil yoʻllarini loyihalashtirish, qurish, taʼmirlash va yoʻl-qurilish materiallari hamda konstruksiyalarini ishlab chiqarish, ishlab chiqarishni tashkil etish va boshqarish, mehnat samaradorligini oshirish, yoʻl-qurilish faoliyatini boshqarishning avtomatlashtirilgan tizimlarini yaratish sohasidagi ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik ishlarini moliyalashtirish, ilmiy va ilmiy-tadqiqot tashkilotlari tomonidan yoʻl-qurilish faoliyati sohasidagi normalar va qoidalar ishlab chiqilishini moliyalashtirish, yoʻl-qurilish faoliyati sohasida ilmiy-texnik va ilmiy-metodik adabiyotlar (shu jumladan, davriy nashrlar) tayyorlash hamda chop etish, bu faoliyatni ilmiy-metodik va axborot-tahliliy jihatdan taʼminlashni tashkil etish, yoʻl-qurilish faoliyati sohasidagi xalqaro koʻrgazmalar, yarmarkalar, tadbirlar, loyihalar va dasturlarda ishtirok etish, tarmoq xodimlarining malakasi oshirilishini va ilgʻor xorijiy tajribani oʻrganishini tashkil etish, kadrlar tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, shu jumladan, chet mamlakatlarga va taʼlim muassasalariga amaliyotlarini tashkil etish, shuningdek, innovatsion loyihalar va zamonaviy texnologiyalar joriy etilishini ragʻbatlantirish;
respublikada ilk bor ilmiy tadqiqotlar natijalari tekshiriladigan (ishlov beriladigan) eksperimental obyektlarni loyihalashtirish va qurishni ilmiy qoʻllab-quvvatlashga sarflanadigan ilmiy tashkilotlar va loyiha tashkilotlarining qoʻshimcha xarajatlarini qoplash;
ilmiy-texnik simpoziumlar, konferensiyalar, seminarlar, treninglar, koʻrgazmalar, davra suhbatlari, amaliy mashgʻulotlar, mahorat darslariga tayyorgarlik koʻrish va oʻtkazish, ilmiy, normativ, metodik, texnik, texnologik hujjatlar va boshqa ilmiy-texnik axborot manbalarini xarid qilish;
Qoʻmitaga idoraviy mansub korxonalar tasarrufidagi maʼmuriy, ishlab chiqarish va boshqa bino hamda inshootlarni, shu jumladan, ijtimoiy obyektlarni (bolalar sogʻlomlashtirish oromgohlari, pansionatlar, dam olish maskanlari va boshqalar) qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash, shuningdek, ularni zarur inventar, jihozlar, aloqa, kompyuter va tashkiliy texnika bilan taʼminlash;
oʻqitishning ilgʻor shakllari va usullarini, kompyuter hamda axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish;
Qoʻmitaga idoraviy mansub korxonalarni zamonaviy laboratoriyalar, kompyuter va boshqa asbob-uskunalar hamda texnik vositalar bilan jihozlash;
risolalar, bukletlar, kitoblar, toʻplamlar va boshqa axborot-maʼrifiy materiallar ishlab chiqish hamda eʼlon qilish;
vakillik xarajatlarini toʻlash va sovgʻalar xarid qilish, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasiga kelgan vaqtida xorijiy va xalqaro tashkilotlar rahbarlari hamda mutaxassislarini qabul qilish va ularga hamrohlik qilish;
Qoʻmita va unga idoraviy mansub korxonalarning, shuningdek, Qoʻmitaga idoraviy mansub korxonalar ishtirokida tashkil etiladigan qoʻshma korxonalarning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, ularning ustav fondlarini, aylanma mablagʻlarini shakllantirish va toʻldirish;
ilmiy-tadqiqot, loyiha-konstruktorlik, texnologik ishlarni oʻtkazish bilan bogʻliq investitsiya loyihalarining texnik iqtisodiy asosi/texnik iqtisodiy hisobini ishlab chiqish;
respublikada zamonaviy landshaft dizayni elementlarini oʻzlashtirish, yoʻlboʻyi infratuzilma obyektlarini rivojlantirish sohasidagi ilgʻor xorijiy tajribani joriy etish;
avtomobil yoʻli oʻqining maydonlarida vazn oʻlchovchi statsionar nazorat postlarini joylashtirish, ularni avtotransport vositalarining gabarit parametrlari va ogʻirliklarini oʻlchash uchun uskunalar bilan taʼminlash hamda maxsus avtomobillarda koʻchma vazn oʻlchov nazorat postini tashkil etish, nazorat postlari xodimlarini saqlash, shuningdek, avtotransport vositalarining ruxsat etilgan vazn va gabarit parametrlariga rioya etilishi ustidan nazorat qilish uchun Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Yoʻl harakati xavfsizligi xizmati xodimlarini shartnoma asosida jalb etish;
“Qoʻmita raisi stipendiyasi”ni taʼsis etish va toʻlash bilan bogʻliq chora-tadbirlarni moliyalashtirish;
Qoʻmitaning iqtisodiy nochor korxona va tashkilotlarini moliyaviy sogʻlomlashtirish, moddiy-texnik bazasini mustahkamlash hamda qoʻshimcha bajarilgan yoʻl ishlari (moliyaviy manbasi aniq boʻlmagan) natijasida yuzaga kelgan debitorlik qarzdorliklarini soʻndirish maqsadida qaytarib berish sharti bilan moliyaviy yordam berish.
9. Jamgʻarmaning mablagʻlari Jamgʻarma daromadlari va xarajatlarining Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishgan holda tasdiqlangan smetasi doirasida Qoʻmita raisining yoki uning majburiyatlarini bajaruvchi shaxsning qarori asosida sarflanadi.
5-bob. Yakunlovchi qoida
10. Qoʻmita tasdiqlangan xarajatlar smetalariga muvofiq Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanilishi uchun javobgardir.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 21-noyabrdagi 924-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi va unga idoraviy mansub tashkilotlar xodimlari mehnatiga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda Qoʻmita deb ataladi) va unga idoraviy mansub tashkilotlar xodimlari mehnatiga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom:
Qoʻmita markaziy apparati, Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar hududiy boshqarmalari, “Avtomobil yoʻllari ilmiy-tadqiqot instituti” davlat muassasasi hamda “Avtoyoʻlinvest” agentligi (keyingi oʻrinlarda boshqarmalar deb ataladi) xodimlariga;
Qoʻmita tuzilmasidagi yoʻllardan muntazam foydalanish unitar korxonalari, tuman yoʻllardan foydalanish unitar korxonalari, koʻpriklardan foydalanish unitar korxonalari, “Oʻzyoʻlkoʻkalamzorlashtirish” unitar korxonasi tarkibidagi Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar xududiy korxonalari, “Doʻrmonavtoyoʻl” va “Qamchiqavtoyoʻl” ixtisoslashtirilgan yoʻllardan foydalanish unitar korxonalari, “Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini qurish va rekonstruksiya qilish Direksiyasi” davlat unitar korxonasi hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar hududiy boshqarmalari tarkibidagi “Mintaqaviy yoʻllarga buyurtmachi xizmati” davlat unitar korxonalari (keyingi oʻrinlarda tarkibiy korxonalar deb ataladi) xodimlariga (ishlab chiqarish xodimlari bundan mustasno) joriy qilinadi.
2-bob. Xodimlar mehnatiga haq toʻlash va moddiy ragʻbatlantirish tadbirlarini amalga oshirish
3. Qoʻmita, boshqarmalar va tarkibiy korxonalar xodimlarining mehnatiga haq toʻlash, shuningdek, qoʻshimcha mehnat kafolatlari Oʻzbekiston Respublikasining Mehnat kodeksiga , ushbu Nizomga, boshqa qonun hujjatlariga, jamoa shartnomasiga va boshqa normativ hujjatlarga muvofiq amalga oshiriladi.
4. Qoʻmita, boshqarmalar va tarkibiy korxonalar xodimlarining lavozim maoshlari qonun hujjatlariga muvofiq mehnatga haq toʻlash boʻyicha yagona tarif setkasi asosida belgilanadi.
Xodimlarning lavozim maoshi belgilangan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorini Yagona tarif setkasining tegishli razryadi tarif koeffitsiyentiga koʻpaytirish yoʻli bilan aniqlanadi.
5. Qoʻmita va boshqarmalar xodimlari mehnatiga xaq toʻlash, mukofotlash va ularga moddiy yordam koʻrsatish quyidagi mablagʻlar hisobiga amalga oshiriladi:
a) budjet mablagʻlari hisobiga:
lavozim maoshlari;
bir yilda ikki oylik ish haqi fondi miqdoridagi mablagʻlar;
bir yilda bir oylik ish haqi fondi miqdoridagi moddiy yordam mablagʻlari;
qonun hujjatlarida belgilangan miqdor va tartibda davlat xizmatchilarining lavozim maoshiga mehnatni ragʻbatlantirish mablagʻlari (ragʻbatlantirish koeffitsiyenti);
mehnatga haq toʻlash fondining 15 foizi miqdorida shakllantiriladigan budjet muassasalari va tashkilotlari xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish maxsus fondi mablagʻlari;
davlat mukofotlari bilan taqdirlanganligi uchun qonun hujjatlarida belgilangan miqdor va tartibda ragʻbatlantirish.
b) Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi, budjetdan tashqari jamgʻarmalar va qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobiga:
xodimning umumiy ish staji davomiyligidan kelib chiqib uzoq muddat xizmati uchun lavozim maoshiga har oylik ustamalar;
bayram sanalariga mukofotlash;
xizmat vazifalarini sidqidildan va samarali bajarganlik uchun yuqori malakali xodimlarning lavozim maoshlariga ustamalar;
oy va yil yakunlari boʻyicha mukofotlar;
xodimning pensiyaga chiqishi munosabati bilan qimmatbaho sovgʻalar yoki pul mablagʻlari bilan taqdirlash;
xodimlarni ijtimoiy muhofaza qilish maqsadida ularning sogʻligini tiklash, ovqatlanish va transport xarajatlarini qoplash hamda qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini xarid qilish va boshqalar.
6. Tarkibiy korxonalar xodimlarining mehnatiga haq toʻlash, lavozim maoshlariga qoʻshimchalar va ustamalar, shuningdek, mukofotlar va boshqa barcha turdagi toʻlovlar:
Qoʻmita tarkibidagi yoʻllardan muntazam foydalanish unitar korxonalari, tuman yoʻllardan foydalanish unitar korxonalari, koʻpriklardan foydalanish unitar korxonalari, “Oʻzyoʻlkoʻkalamzorlashtirish” unitar korxonasi tarkibidagi Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar xududiy korxonalari, “Doʻrmonavtoyoʻl” va “Qamchiqavtoyoʻl” ixtisoslashtirilgan yoʻllardan foydalanish unitar korxonalari — avtomobil yoʻllarini saqlash va koʻkalamzorlashtirish xarajatlariga ajratilgan mablagʻlar limiti doirasida amalga oshiriladi;
“Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini qurish va rekonstruksiya qilish Direksiyasi” davlat unitar korxonasi va Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar hududiy boshqarmalari tarkibidagi “Mintaqaviy yoʻllarga buyurtmachi xizmati” davlat unitar korxonalari — buyurtmachilik funksiyasini bajargan ish xajmlaridan belgilangan tartibda ajratiladigan ajratmalar hisobidan korxona rahbarlari tomonidan jamoa shartnomalarida, shuningdek, ish beruvchi tomonidan kasaba uyushmasi qoʻmitasi yoki xodimlarning boshqa vakillik organi bilan kelishib qabul qilgan boshqa lokal hujjatlar asosida amalga oshiriladi.
Xodimlarni mukofotlash va xodimlarga beriladigan qoʻshimcha va ustamalar belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Xodimlar davlat mukofotlari, faxriy unvonlar bilan taqdirlanganligi uchun qonun hujjatlarida belgilangan miqdorda va tartibda ragʻbatlantiriladi.
3-bob. Xodimlarni mukofotlash, moddiy ragʻbatlantirish va ijtimoiy muhofaza qilish
7. Qoʻmita, boshqarmalar va tarkibiy korxonalarning xodimlariga uzoq muddat xizmati uchun ragʻbatlantirish koeffitsiyentini hisobga olgan holda lavozim maoshiga foiz miqdorida har oyda quyidagi miqdorlarda ustamalar toʻlanadi:
Ish staji Ustamalar miqdorlari (lavozim maoshiga nisbatan foiz hisobida) 3 yildan 5 yilgacha 100 5 yildan 10 yilgacha 150 10 yildan 15 yilgacha 200 15 yildan 25 yilgacha 250 25 yildan ortiq 300
Uzoq muddat xizmat qilganlik uchun ustama olish huquqini beruvchi ish staji Qoʻmita tomonidan tasdiqlanadigan tartib yoki jamoa shartnomasi asosida amalga oshiriladi.
8. Qoʻmita, boshqarmalar va tarkibiy korxonalar xodimlariga bayram sanalarida — Yangi yil bayrami, Xotin-qizlar kuni, Navroʻz bayrami, Xotira va qadrlash kuni, Mustaqillik kuni, Oʻqituvchi va murabbiylar kuni, Konstitutsiya kuni, diniy bayramlarda (“Roʻza hayit” (Iyd al-Fitr) va “Qurbon hayit” (Iyd al-Adha) hamda kasb bayramida Oʻzbekiston kasaba uyushmalari kuni munosabati bilan oylik lavozim maoshining ragʻbatlantirish koeffitsentini hisobga olgan holda uch barobari miqdorida mukofot beriladi.
9. Qoʻmita, boshqarmalar va tarkibiy korxonalarning xizmat vazifalarini sidqidildan va samarali bajarib kelayotgan yuqori malakali va tashabbuskor xodimlariga har oy yakuni boʻyicha lavozim maoshining ragʻbatlantirish koeffitsentini hisobga olgan holda 250 foizgacha ustamalar toʻlanadi.
Ustamaning aniq miqdori tegishliligi boʻyicha belgilangan tartibda Qoʻmita, boshqarmalar va tarkibiy korxonalar rahbari tomonidan belgilanadi.
10. Qoʻmita, boshqarmalar va tarkibiy korxonalar xodimlariga ish koʻrsatkichlarining bajarilishiga qarab, lavozim oylik maoshining ragʻbatlantirish koeffitsiyentini hisobga olgan holda har oy yakuni boʻyicha 300 foizgacha va yil yakuni boʻyicha besh barobari miqdorida mukofotlar beriladi.
11. Qoʻmita, boshqarmalar va tarkibiy korxonalar xodimlarini ijtimoiy muhofaza qilish va ularning mehnati samaradorligini oshirish maqsadida:
har oyda transport xarajatlarini qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining ikki barobarigacha;
har oyda ovqatlanish xarajatlarini qoplash uchun bazaviy hisoblash miqdorining toʻrt barobarigacha;
qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini xarid qilish uchun xodimlarga bir yilda bir marotaba bazaviy hisoblash miqdorining oʻttiz barobarigacha boʻlgan miqdorda toʻlovlar amalga oshiriladi.
12. Kasaba uyushmasi tashkiloti bilan kelishilgan holda Qoʻmita, boshqarmalar va tarkibiy korxonalar xodimlariga va (yoki) ularning oila aʼzolariga quyidagi holatlarda bazaviy hisoblash miqdorining oʻn barobarigacha boʻlgan miqdorda moddiy yordam beriladi:
xodim vafot etganda — bunda moddiy yordam xotiniga (eriga) toʻlab beriladi, agar xodimning xotini (eri) boʻlmasa, moddiy yordam farzandlariga yoki qonuniy vakillariga (vasiylari va homiylariga) yoxud ularning voyaga yetmagan farzandlarini asrab olgan shaxslarga toʻlab beriladi, shuningdek, xodim turmush qurmagan boʻlsa, moddiy yordam ota-onasi yoki boqimandalar oʻrtasida teng ulushlarda taqsimlanadi;
50, 55, 60 (yubiley) yoshi munosabati bilan, pensiyaga chiqqanda, xodimning oʻzi, shuningdek uning farzandlari turmush qurganda;
yaqin qarindoshi vafot etganda, vafoti toʻgʻrisida guvohnoma nusxasi taqdim etilganda;
alohida zaruratga koʻra (baxtsiz hodisa, falokat, uzoq muddatli kasallik sababli davolanish va boshqa holatlarda).
13. Qoʻmita, boshqarmalar va tarkibiy korxonalar xodimlariga davolanish muassasalariga, dam olish, sanatoriylar, pansionatlar, turizm bazalari va bolalarni sogʻlomlashtirish muassasalariga yoʻllanmalar qiymatining 50 foizidan koʻp boʻlmagan miqdorida bir yilda bir martalik kompensatsiya toʻlovi beriladi.
4-bob. Xodimlarni moddiy ragʻbatlantirishni taʼminlash yuzasidan masʼuliyat
14. Qoʻmita, boshqarmalar va tarkibiy korxonalar rahbarlari va bosh buxgalterlari xodimlar mehnatini normalash va hisobga olishning tashkil etilishi, lavozim maoshlari va tarif stavkalarining toʻgʻri belgilanganligi, ushbu Nizomda nazarda tutilgan qoʻshimchalar, ustamalar va mukofotlar toʻgʻri hisoblab chiqilganligi, mablagʻlardan maqsadli va oqilona foydalanganligi uchun shaxsan javob beradi.
15. Qoʻmita, xududiy boshqarmalar va tarkibiy korxonalarni moliyalashtirish qonun hujjatlarida belgilangan tartibda tasdiqlangan xarajatlar smetasiga muvofiq tegishli manbalar hisobiga amalga oshiriladi.
5-bob. Yakunlovchi qoida
16. Xodimlarni moddiy ragʻbatlantirish boʻyicha takliflar kiritishda xolis yondashuv taʼminlanadi va ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 21-noyabrdagi 924-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga kiritilayotgan oʻzgartirishlar
1. Vazirlar Mahkamasining “Avtomobilda xorijiy yuk tashuvchilarning Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirishlari, boʻlishlari, yuk olib oʻtishlari va undan chiqib ketishlari tartibi toʻgʻrisida” 1995-yil 11-yanvardagi 11-son qarorida :
5-bandning ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“Yigʻimlarni undirish milliy valyuta “soʻm”da naqd pulsiz shaklda yoki tijorat banklari tomonidan bevosita bojxona postlarida Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining toʻlov kunidagi kursi boʻyicha naqd pul shaklida amalga oshiriladi, olingan mablagʻlarning 20 foizi Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining hisob raqamiga, qolgan 80 foizi Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi hisob raqamiga qonun hujjatlarida belgilangan tartibda oʻtkaziladi”;
15-bandning ikkinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon qilinsin:
“Belgilab qoʻyilsinki, xorijiy mamlakatlarning ogʻir yuk koʻtaruvchi va katta hajmli transport vositalarining Oʻzbekiston Respublikasi hududi boʻylab yurishidan tushgan mablagʻlar Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi hisob raqamiga oʻtkaziladi”.
2. Vazirlar Mahkamasining “Avtomobil yoʻllari infratuzilmasini yanada rivojlantirish va yoʻl harakatini tashkil etish tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 26-iyuldagi 584-son qarori 7-bandining “v” kichik bandi hamda 8-bandining uchinchi xatboshi chiqarib tashlansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 21-noyabr,
924-son