📅 2019-yil 25-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 25-noyabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 25 ноябрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 25 ноября 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 25 November 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташишда йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида
Бугунги кунда республика бўйича жамоат транспортида, шу жумладан, автобус, метро, трамвай, троллейбус йўналишларида бир кунда 3 миллионга яқин, йил давомида 1,1 миллиарддан ортиқ йўловчиларга хизмат кўрсатилмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида автобус йўналишларида 808 миллион, метрополитенда 56 миллион, трамвайда 3,2 миллион ва троллейбусда 525 минг нафар йўловчи ташилиб, 872 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилган.
Бироқ, ўтказилган таҳлил натижалари умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчиларга хизмат кўрсатишда қатор ечимини кутиб турган муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан:
биринчидан, умумий фойдаланиладиган транспортда, шу жумладан, автобус, метро, трамвай, троллейбус йўналишларида кўрсатилган хизматлар учун ягона тўлов тизими мавжуд эмас;
иккинчидан, умумий фойдаланиладиган транспортнинг йўналишлари ўзаро мақбуллаштирилмаган, кўрсатиладиган хизматга нисбатан, шу жумладан, масофа ва вақт кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда аҳолига йўналишлар бўйича қулай тўлов шартлари таклиф этилмаган;
учинчидан, умумий фойдаланиладиган транспортда замонавий технологиялар асосида тўловларни амалга ошириш борасида аҳолига қулай шарт-шароитлар яратилмаган ва ахборот-коммуникация соҳасидаги янгиликлар соҳага кенг жалб этилмаган.
Қайд этилган муаммоларни бартараф этиш, жамоат транспортида йўловчиларни ташишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш, йўлкира ҳақини йиғишда шаффофликни таъминлаш, умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Акциядорлик тижорат «Алоқабанк»нинг:
умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини (кейинги ўринларда автоматлаштирилган тизим деб аталади) босқичма-босқич жорий этиш;
умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини амалга оширишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича ихтисослаштирилган компанияни (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган компания деб аталади) Транспорт вазирлиги таркибидаги «Ўзавтотранстехника» илмий ишлаб чиқариш маркази» ДУК, Акциядорлик тижорат «Алоқабанк» муассислигида ташкил этилган «Aloqа Aktiv» МЧЖ ва «Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖ ҚК иштирокида устав фонди (капитали)да 12 млн АҚШ долларига тенг миқдорида томонларнинг тегишли равишда 25, 24 ва 51 фоиз улуши билан масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этиш;
Ихтисослаштирилган компаниянинг устав фонди (капитали)да Транспорт вазирлигининг «Ўзавтотранстехника» илмий ишлаб чиқариш маркази» ДУКнинг 3 млн АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги улушини шакллантириш учун Транспорт вазирлигининг Транспорт ва логистика соҳасини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра, умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш босқичма-босқич:
Тошкент шаҳрида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ва «Тошкент метрополитени» УКнинг айрим йўналишларида кўрсатилган йўловчи ташиш хизматлари учун — 2020 йил 1 январдан бошлаб;
Нукус шаҳри ва вилоят марказларида йўловчи ташиш хизматлари учун — 2020 йил 1 августдан бошлаб;
Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида йўловчи ташиш хизматлари учун — 2021 йил 1 январдан бошлаб амалга оширилади.
3. Белгилансинки:
ихтисослаштирилган компания автоматлаштирилган тизимни жорий этиш бўйича буюртмачи ҳисобланади ва автоматлаштирилган тизим оператори сифатида қатнашади;
инвестиция харажатларини қоплаш муддати давомида — 2026 йил 31 декабрга қадар ихтисослаштирилган компания хизматлари учун воситачилик тўлови Тошкент шаҳар жамоат транспортида (автобус ва метро) белгиланган амалдаги чекланган тарифдан келиб чиққан ҳолда, автоматлаштирилган тизим орқали ўтган барча транзакцияларнинг 4 фоизи, 2027 йил 1 январдан бошлаб — 3 фоизи миқдорда ўрнатилади;
Нукус шаҳри ва вилоят марказлари жамоат транспортида (автобус, трамвай, троллейбус) ихтисослаштирилган компания хизматлари учун воситачилик тўлови белгиланган амалдаги чекланган тарифдан келиб чиққан ҳолда, автоматлаштирилган тизим орқали ўтган барча транзакцияларнинг 3 фоизи миқдорида ўрнатилади;
алоҳида фуқаролар тоифалари учун имтиёзли транспорт карталарини шахсийлаштириш ва карта таннархи бўйича сотиш давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади;
аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи юридик шахсларнинг (кейинги ўринларда ташувчилар деб аталади) автоматлаштирилган тизимга уланиши йўловчи ташиш хизматлари кўрсатиш ҳуқуқини берувчи тендер (танлов) бўйича битимларда акс эттирилади;
«Ягона умумреспублика процессинг маркази» МЧЖ ҚК автоматлаштирилган тизимнинг дастурий-аппарат комплексини ишлаб чиқиш, интеграциялаштириш, жорий этишни таъминлаш бўйича ижрочи;
Транспорт вазирлиги автоматлаштирилган тизим республиканинг барча ҳудудларида жорий этилиши бўйича мувофиқлаштирувчи орган;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари автоматлаштирилган тизим 2020-2021 йилларда амалиётга тўлиқ жорий этилиши учун шахсан масъул ҳисобланадилар.
4. Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда автоматлаштирилган тизим учун тарифларни белгилаш тартиби тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
Бунда, битта тўлов билан бир нечта транспорт ёки транспорт туридан фойдаланиш имконияти, йўналишдаги вақт ҳамда масофадан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган тариф режаларини жорий этиш, шунингдек, ушбу тарифлар бўйича тушган маблағларни ташувчилар ўртасида тақсимлаш тартиби назарда тутилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тўлов тизимлари ва автоматлаштирилган тизимни ўзаро интеграциялаштириш, умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини банк пластик карточкалари ёрдамида амалга ошириш, шунингдек, кўрсатилган хизматлар учун воситачилик тўловларисиз тушумлар тўлиқлигини таъминлаган ҳолда транспорт карталарини тўлдириш учун терминаллар, банкоматлар ва ахборот киоскалари орқали тўловларни қабул қилиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмуни ва моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ҳамда аҳоли эътиборига етказилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 25 ноябрь,
948-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Umumiy foydalaniladigan transportda yoʻlovchi tashishda yoʻlkira haqini toʻlashning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish toʻgʻrisida
Bugungi kunda respublika boʻyicha jamoat transportida, shu jumladan, avtobus, metro, tramvay, trolleybus yoʻnalishlarida bir kunda 3 millionga yaqin, yil davomida 1,1 milliarddan ortiq yoʻlovchilarga xizmat koʻrsatilmoqda.
Joriy yilning 9 oyi mobaynida avtobus yoʻnalishlarida 808 million, metropolitenda 56 million, tramvayda 3,2 million va trolleybusda 525 ming nafar yoʻlovchi tashilib, 872 milliard soʻmlik xizmat koʻrsatilgan.
Biroq, oʻtkazilgan tahlil natijalari umumiy foydalaniladigan transportda yoʻlovchilarga xizmat koʻrsatishda qator yechimini kutib turgan muammolar mavjudligini koʻrsatmoqda. Xususan:
birinchidan, umumiy foydalaniladigan transportda, shu jumladan, avtobus, metro, tramvay, trolleybus yoʻnalishlarida koʻrsatilgan xizmatlar uchun yagona toʻlov tizimi mavjud emas;
ikkinchidan, umumiy foydalaniladigan transportning yoʻnalishlari oʻzaro maqbullashtirilmagan, koʻrsatiladigan xizmatga nisbatan, shu jumladan, masofa va vaqt koʻrsatkichlarini inobatga olgan holda aholiga yoʻnalishlar boʻyicha qulay toʻlov shartlari taklif etilmagan;
uchinchidan, umumiy foydalaniladigan transportda zamonaviy texnologiyalar asosida toʻlovlarni amalga oshirish borasida aholiga qulay shart-sharoitlar yaratilmagan va axborot-kommunikatsiya sohasidagi yangiliklar sohaga keng jalb etilmagan.
Qayd etilgan muammolarni bartaraf etish, jamoat transportida yoʻlovchilarni tashishda zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish orqali aholiga transport xizmatlari koʻrsatish sifatini yaxshilash, yoʻlkira haqini yigʻishda shaffoflikni taʼminlash, umumiy foydalaniladigan transportda yoʻlovchi tashish tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi, Toshkent shahar hokimligi, Aksiyadorlik tijorat “Aloqabank”ning:
umumiy foydalaniladigan transportda yoʻlovchi tashish uchun yoʻlkira haqini toʻlashning avtomatlashtirilgan tizimini (keyingi oʻrinlarda avtomatlashtirilgan tizim deb ataladi) bosqichma-bosqich joriy etish;
umumiy foydalaniladigan transportda yoʻlovchi tashish uchun yoʻlkira haqini amalga oshirishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish boʻyicha ixtisoslashtirilgan kompaniyani (keyingi oʻrinlarda ixtisoslashtirilgan kompaniya deb ataladi) Transport vazirligi tarkibidagi “Oʻzavtotranstexnika” ilmiy ishlab chiqarish markazi” DUK, Aksiyadorlik tijorat “Aloqabank” muassisligida tashkil etilgan “Aloqa Aktiv” MChJ va “Yagona umumrespublika protsessing markazi” MChJ QK ishtirokida ustav fondi (kapitali)da 12 mln AQSh dollariga teng miqdorida tomonlarning tegishli ravishda 25, 24 va 51 foiz ulushi bilan masʼuliyati cheklangan jamiyat shaklida tashkil etish;
Ixtisoslashtirilgan kompaniyaning ustav fondi (kapitali)da Transport vazirligining “Oʻzavtotranstexnika” ilmiy ishlab chiqarish markazi” DUKning 3 mln AQSh dollari ekvivalenti miqdoridagi ulushini shakllantirish uchun Transport vazirligining Transport va logistika sohasini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlaridan foydalanish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.
2. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga koʻra, umumiy foydalaniladigan transportda yoʻlovchi tashish uchun yoʻlkira haqini toʻlashning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish bosqichma-bosqich:
Toshkent shahrida “Toshshahartransxizmat” AJ va “Toshkent metropoliteni” UKning ayrim yoʻnalishlarida koʻrsatilgan yoʻlovchi tashish xizmatlari uchun — 2020-yil 1-yanvardan boshlab;
Nukus shahri va viloyat markazlarida yoʻlovchi tashish xizmatlari uchun — 2020-yil 1-avgustdan boshlab;
Oʻzbekiston Respublikasining barcha hududida yoʻlovchi tashish xizmatlari uchun — 2021-yil 1-yanvardan boshlab amalga oshiriladi.
3. Belgilansinki:
ixtisoslashtirilgan kompaniya avtomatlashtirilgan tizimni joriy etish boʻyicha buyurtmachi hisoblanadi va avtomatlashtirilgan tizim operatori sifatida qatnashadi;
investitsiya xarajatlarini qoplash muddati davomida — 2026-yil 31-dekabrga qadar ixtisoslashtirilgan kompaniya xizmatlari uchun vositachilik toʻlovi Toshkent shahar jamoat transportida (avtobus va metro) belgilangan amaldagi cheklangan tarifdan kelib chiqqan holda, avtomatlashtirilgan tizim orqali oʻtgan barcha tranzaksiyalarning 4 foizi, 2027-yil 1-yanvardan boshlab — 3 foizi miqdorda oʻrnatiladi;
Nukus shahri va viloyat markazlari jamoat transportida (avtobus, tramvay, trolleybus) ixtisoslashtirilgan kompaniya xizmatlari uchun vositachilik toʻlovi belgilangan amaldagi cheklangan tarifdan kelib chiqqan holda, avtomatlashtirilgan tizim orqali oʻtgan barcha tranzaksiyalarning 3 foizi miqdorida oʻrnatiladi;
alohida fuqarolar toifalari uchun imtiyozli transport kartalarini shaxsiylashtirish va karta tannarxi boʻyicha sotish davlat xizmatlari markazlari orqali amalga oshiriladi;
aholiga transport xizmati koʻrsatuvchi yuridik shaxslarning (keyingi oʻrinlarda tashuvchilar deb ataladi) avtomatlashtirilgan tizimga ulanishi yoʻlovchi tashish xizmatlari koʻrsatish huquqini beruvchi tender (tanlov) boʻyicha bitimlarda aks ettiriladi;
“Yagona umumrespublika protsessing markazi” MChJ QK avtomatlashtirilgan tizimning dasturiy-apparat kompleksini ishlab chiqish, integratsiyalashtirish, joriy etishni taʼminlash boʻyicha ijrochi;
Transport vazirligi avtomatlashtirilgan tizim respublikaning barcha hududlarida joriy etilishi boʻyicha muvofiqlashtiruvchi organ;
Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi va Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari avtomatlashtirilgan tizim 2020-2021-yillarda amaliyotga toʻliq joriy etilishi uchun shaxsan masʼul hisoblanadilar.
4. Transport vazirligi Moliya vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan birgalikda ikki oy muddatda avtomatlashtirilgan tizim uchun tariflarni belgilash tartibi toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
Bunda, bitta toʻlov bilan bir nechta transport yoki transport turidan foydalanish imkoniyati, yoʻnalishdagi vaqt hamda masofadan kelib chiqqan holda belgilanadigan tarif rejalarini joriy etish, shuningdek, ushbu tariflar boʻyicha tushgan mablagʻlarni tashuvchilar oʻrtasida taqsimlash tartibi nazarda tutilsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankiga toʻlov tizimlari va avtomatlashtirilgan tizimni oʻzaro integratsiyalashtirish, umumiy foydalaniladigan transportda yoʻlovchi tashish uchun yoʻlkira haqini bank plastik kartochkalari yordamida amalga oshirish, shuningdek, koʻrsatilgan xizmatlar uchun vositachilik toʻlovlarisiz tushumlar toʻliqligini taʼminlagan holda transport kartalarini toʻldirish uchun terminallar, bankomatlar va axborot kioskalari orqali toʻlovlarni qabul qilish tavsiya etilsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi bilan birgalikda ushbu qarorning mazmuni va mohiyati ommaviy axborot vositalarida keng yoritilishini hamda aholi eʼtiboriga yetkazilishini taʼminlasin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda qonun hujjatlariga ushbu qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari — transport vaziri A.J. Ramatov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 25-noyabr,
948-son