UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 24-oktabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 24 октябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 октября 2019 г. · Документы министерств и ведомств · Государственного комитета ветеринарии и развития животноводства

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 October 2019 · Ministry and agency documents · Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг

Қарори

НИЗОМ

Эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 апрелдаги ПҚ-4297-сон «Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси қарор қилади:

1. Эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2019 йил 24 октябрдаги 12-сон қарорига ИЛОВА

Эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 апрелдаги ПҚ-4297-сон «Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар — ҳайвонлар, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё, ветеринария дори воситалари, микроорганизмлар штаммлари, озуқалар ва озуқабоп қўшимчалар, ветеринария техника воситалари;

эпизоотия — тегишли ҳудудда ҳайвонларнинг ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлари тарқалиши;

юқори хавфга эга бўлган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар — барча турдаги тирик ҳайвонлар (ёввойи ҳайвонлар, цирк ва зоопарк ҳайвонлари, лаборатория ҳайвонлари ва бошқа номаҳсулдор ҳайвонлар бундан мустасно), термик ишловдан ўтмаган келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот;

ўрта хавфга эга бўлган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар — истеъмол ёки қайта ишлаш учун мўлжалланган қайта ишланган келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашё;

мутахассис — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги давлат ветеринария инспекторлари ёки Қўмита томонидан жалб этилган мазкур соҳа экспертлари.

2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ветеринария жиҳатдан юқори ёки ўрта хавфга эга бўлган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб кирилиши маълум бўлганда, хорижий мамлакат ҳудудидан давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олий киришнинг янги савдо йўналишлари очилганда, шунингдек хорижий мамлакат ҳудудидан давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб келишда ҳайвонларнинг ўта хавфли касаллик қўзғатувчилари кириб келиши хавфи мавжуд бўлганда ёҳуд носоғлом эпизоотик ҳудудда ишлаб чиқарилган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар олиб кирилиши режалаштирилганда, мазкур хорижий давлат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассисларни ушбу мамлакатларга юбориш зарурати вужудга келади.

3. Хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш мутахассислар томонидан амалга оширилади.

2-боб. Хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассисларни юбориш заруратини аниқлаш мезонлари

4. Қуйидаги мезонлардан бири мавжуд бўлса, хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассислар ушбу мамлакатга юборилади:

олиб кирилиши режалаштирилган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товар етиштирилган ёки ишлаб чиқарилган хорижий мамлакат ҳудудида эпизоотия тарқалганлиги тўғрисидаги маълумотлар мазкур давлат ветеринария хизмати томонидан маълум қилинганда ёки ветеринария соҳасидаги халқаро ташкилот (Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти) расмий веб-сайтларида эълон қилинганда;

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг хавфини баҳолаш натижасида мазкур товарларнинг ветеринария хавфи даражаси юқори ёки ўрта деб белгиланганда.

3-боб. Хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассисларни юбориш

5. Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар етиштириладиган ва ишлаб чиқариладиган хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассис юборишни сўраб юридик ёки жисмоний шахс Қўмитага мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда ариза топширади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади (агар мавжуд бўлса):

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларнинг олди-сотди (етказиб бериш) шартномалари нусхалари;

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш режаси.

Ариза ёзма ёки электрон шаклда тақдим этилади.

Ёзма тарзда берилган аризага иловалар мавжуд бўлса, иловаларнинг ҳар бир бети тикилган ҳолда биринчи бети аризачининг имзоси билан тасдиқланиши лозим.

6. Аризачи тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилиги ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлиги учун жавобгар ҳисобланади.

7. Хорижий мамлакатнинг давлат ветеринария хизмати бўйича ваколатли органи мазкур ҳудуддаги эпизоотик вазиятни ўрганиш юзасидан мурожаат (таклиф) қилса, унинг мурожаати (таклифи) мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган шаклда бўлиши талаб этилмайди.

8. Қўмита ариза ёки хорижий мамлакатнинг давлат ветеринария хизмати бўйича ваколатли органидан мазкур ҳудуддаги эпизоотик вазиятни ўрганиш юзасидан мурожаат (таклиф) келиб тушган санадан бошлаб етти иш куни ичида хорижий мамлакат ҳудудига мутахассисларни юбориш зарурати мавжудлигини мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган мезонлар асосида ўрганиб чиқади.

Қўмита ариза ёки мурожаатни (таклиф) ўрганиб чиқиш жараёнида хорижий мамлакатнинг давлат ветеринария хизмати бўйича ваколатли органидан зарур бўлган маълумотларни сўраб олишга ҳақли.

9. Қўмита томонидан аризани кўриб чиқиш натижасида хорижий мамлакат ҳудудига мутахассисларни юбориш зарурати:

мавжуд деб топилганда — бу ҳақда аризачи бир иш куни ичида хабардор қилинади ҳамда хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш муддати келишилади;

мавжуд эмас деб топилганда — аризачига бир иш куни ичида сабаблари кўрсатилган ҳолда маълум қилинади.

10. Қўмита томонидан мурожаатни (таклифни) кўриб чиқиш натижасида хорижий мамлакат ҳудудига мутахассисларни юбориш зарурати:

мавжуд деб топилганда — хорижий мамлакатнинг давлат ветеринария хизмати бўйича ваколатли органига беш иш куни ичида маълум қилинади ҳамда хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш муддати келишилади;

мавжуд эмас деб топилганда — хорижий мамлакатнинг давлат ветеринария хизмати бўйича ваколатли органига беш иш куни ичида сабаблари кўрсатилган ҳолда маълум қилинади.

11. Қуйидаги ҳолларда Қўмита томонидан хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш учун мутахассисларни юбориш рад этилади:

аризачининг аризасида нотўғри маълумотлар қайд этилган ёки тўлиқ қайд этилмаганда;

олиб келиниши режалаштирилаётган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш учун чеклов (тақиқ) ўрнатилганда;

хорижий мамлакат ҳудудида ҳайвонларнинг ўта хавфли юқумли касалликлари, келиб чиқиш сабаблари номаълум бўлган ҳайвонларнинг ялпи касалликлари ва ҳайвонларнинг илгари қайд этилмаган юқумли касалликлари пайдо бўлганда;

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товар олиб келиниши режалаштирилган хорижий мамлакат ҳудудида ҳайвонларнинг юқумли касалликлари қўзғатувчилари мавжудлиги ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд бўлганда.

12. Қўмита хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш учун мутахассисларни юбориш рад этилганлиги тўғрисида аризачига бир иш куни ичида рад этиш асосларини кўрсатган ҳолда маълум қилиши лозим.

13. Хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш билан боғлиқ барча харажатлар Вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон Республикаси ташқарисига хизмат сафарига юборилганда хизмат сафари харажатлари учун маблағлар бериш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2730, 2015 йил 19 ноябрь) мувофиқ томонларнинг ўзаро келишувига (шартномага) асосан аризачи ёки мурожаат (таклиф) қилган хорижий мамлакатнинг давлат ветеринария хизмати бўйича ваколатли органи томонидан қопланади.

14. Хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш Кўмита томонидан хорижий мамлакатнинг ваколатли давлат ветеринария органи билан келишилган ҳолда ва ҳамкорликда амалга оширилади.

15. Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ва давлат ветеринария хизматида камида беш йил узлуксиз иш стажига, олий маълумотга эга бўлган ветеринария мутахассислари (ветеринария мутахассислиги билан боғлиқ бўлмаган лавозимлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг қарори асосида хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш учун юборилади.

16. Хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш жараёнида мутахассислар томонидан қуйидаги ветеринария тадбирлари амалга оширилади:

хорижий мамлакатнинг давлат ветеринария хизматини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари, бошқарув тизими ва ваколатлари, ҳайвонлар бош сони, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва уларни истеъмолга яроқлилиги бўйича хулосалар бериш жараёнини текшириш;

хорижий мамлакат ҳудудидаги давлат ветеринария назорати остидаги товарларни етиштириш ва ишлаб чиқариш жойларида мониторинг ўтказиш ва текшириш;

Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилотининг Ҳалқаро ветеринария кодекси талабларига ва стандартларига мувофиқ текширув ва таҳлилларни ўтказиш;

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни етиштириш ва ишлаб чиқариш тизимининг Ўзбекистон Республикасининг ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқлигини текшириш;

ҳайвонларни карантинга қўйиш бўйича амалга ошириладиган тадбирлар (касалликлар профилактикаси, даволаш ва диагностика) ва уларнинг самарадорлигини кузатиш;

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларда олиб бориладиган назорат ва назорат тариқасида ўтказилган лаборатория таҳлиллари натижалари ҳамда уларнинг расмийлаштирилган ҳисоботлари мавжудлигини кўриб чиқиш;

зарур ҳолларда ветеринария сертификатлаштириш тизимини ўрганиш учун давлат ветеринария назорати остидаги товарлардан намуналарни танлаб олиш.

17. Эпизоотик вазият ўрганилган хорижий мамлакат ҳудудидан қайтиб келган кундан бошлаб уч иш куни ичида мутахассис томонидан ҳисобот тайёрланади ва Қўмитага тақдим этилади.

Бунда, давлат ветеринария назорати остидаги товарлардан намуналарни танлаб олиш орқали лаборатория текширувлари ҳамда бошқа текширувлар ўтказилган ҳолларда, мазкур текширувларнинг натижалари чиққан кундан бошлаб уч иш куни ичида ҳисобот тайёрланиши ва Қўмитага тақдим этилиши лозим.

18. Мутахассис томонидан тақдим этилган ҳисобот асосида Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспектори томонидан бир кунлик муддатда қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

ўрганиш натижасида эпизоотия аниқланганда, Ўзбекистон Республикасига юқумли касалликлар кириб келиш хавфи мавжуд деб топилганда ёки давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни етиштириш ва ишлаб чиқариш тизими Ўзбекистон Республикасининг ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига номувофиқ деб топилганда — давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб киришни тақиқлаш;

ўрганиш натижасида эпизоотик вазият барқарор топилганда, Ўзбекистон Республикасига юқумли касалликлар кириб келиш хавфи йўқлиги ҳамда давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни етиштириш ва ишлаб чиқариш тизими Ўзбекистон Республикасининг ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ деб топилганда — давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб кириш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда рухсатнома бериш.

19. Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга рухсатнома бериш ёки олиб киришни тақиқлаш тўғрисидаги қарор аризачи ёки мурожаат (таклиф) қилган хорижий мамлакатнинг давлат ветеринария хизмати бўйича ваколатли органига уч иш куни ичида юборилади.

20. Хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазият ўрганилган ветеринария назорати остидаги товарлар чегара ветеринария пунктларида давлат ветеринария инспекторлари томонидан қонунчиликда ўрнатилган тартибда назоратдан ўтказилади.

4-боб. Якуний қоидалар

25. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

26. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассисларни хорижий мамлакатларга юбориш заруратини аниқлаш мезонлари ва юбориш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар етиштириладиган ва ишлаб чиқариладиган хорижий мамлакат ҳудудидаги эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида мутахассис юборилиши юз асидан АРИЗА Эпизоотик вазиятни ўрганиш мақсадида __________________ давлатига мутахассис ажратишингиз сўралади. 1. Импорт қилувчи: (юридик манзили, СТИР, тел., электрон почта) 2. Экспорт қилувчи: (юридик манзили, тел., электрон почта, веб-сайт) 3. Товар номи: 4. Товарнинг ТИФ ТН коди: 5. Товар етиштирилган ва ишлаб чиқарилган давлат номи: 6. Товар етиштирилган ва ишлаб чиқарилган давлатнинг ҳудуди (штат, провинция, хўжалик ва ҳ.к.) номи: 7. Товарни экспорт қилишдан олдин карантинга олиш жойи (агарда тирик ҳайвон бўлса): 8. Товар ишлаб чиқарувчининг хорижий мамлакатдаги давлат ветеринария хизмати томонидан рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги реестр рақами (гўшт комбинатлари, сут заводлари ва ҳ.к): 9. Аризага иловалар (агар мавжуд бўлса): Ф.И.О.: Имзо:

Раис Б. НОРҚОБИЛОВ

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А. ИКРАМОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 24 октябрь,

2019 йил 24 октябрь

12-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.11.2019 й., 10/19/3198/4095-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон, 29.04.2022 й., 10/22/3198-1/0371-сон; 20.03.2024 й., 10/24/3198-2/0230-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasining

Qarori

NIZOM

Epizootik vaziyatni oʻrganish maqsadida mutaxassislarni xorijiy mamlakatlarga yuborish zaruratini aniqlash mezonlari va yuborish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 23-apreldagi PQ-4297-son “Tashqi iqtisodiy faoliyatni amalga oshirishda maʼmuriy tartib-taomillarni yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga asosan Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi qaror qiladi:

1. Epizootik vaziyatni oʻrganish maqsadida mutaxassislarni xorijiy mamlakatlarga yuborish zaruratini aniqlash mezonlari va yuborish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasining 2019-yil 24-oktabrdagi 12-son qaroriga ILOVA

Epizootik vaziyatni oʻrganish maqsadida mutaxassislarni xorijiy mamlakatlarga yuborish zaruratini aniqlash mezonlari va yuborish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 23-apreldagi PQ-4297-son “Tashqi iqtisodiy faoliyatni amalga oshirishda maʼmuriy tartib-taomillarni yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga asosan epizootik vaziyatni oʻrganish maqsadida mutaxassislarni xorijiy mamlakatlarga yuborish zaruratini aniqlash mezonlari va yuborish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlar — hayvonlar, kelib chiqishi hayvonotga mansub mahsulot va xom ashyo, veterinariya dori vositalari, mikroorganizmlar shtammlari, ozuqalar va ozuqabop qoʻshimchalar, veterinariya texnika vositalari;

epizootiya — tegishli hududda hayvonlarning oʻta xavfli va boshqa yuqumli kasalliklari tarqalishi;

yuqori xavfga ega boʻlgan davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlar — barcha turdagi tirik hayvonlar (yovvoyi hayvonlar, sirk va zoopark hayvonlari, laboratoriya hayvonlari va boshqa nomahsuldor hayvonlar bundan mustasno), termik ishlovdan oʻtmagan kelib chiqishi hayvonotga mansub mahsulot;

oʻrta xavfga ega boʻlgan davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlar — isteʼmol yoki qayta ishlash uchun moʻljallangan qayta ishlangan kelib chiqishi hayvonotga mansub mahsulot va xom ashyo;

mutaxassis — Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasi (bundan buyon matnda Qoʻmita deb yuritiladi) va uning hududiy boshqarmalaridagi davlat veterinariya inspektorlari yoki Qoʻmita tomonidan jalb etilgan mazkur soha ekspertlari.

2. Oʻzbekiston Respublikasi hududiga veterinariya jihatdan yuqori yoki oʻrta xavfga ega boʻlgan davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarni olib kirilishi maʼlum boʻlganda, xorijiy mamlakat hududidan davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarni oliy kirishning yangi savdo yoʻnalishlari ochilganda, shuningdek xorijiy mamlakat hududidan davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarni olib kelishda hayvonlarning oʻta xavfli kasallik qoʻzgʻatuvchilari kirib kelishi xavfi mavjud boʻlganda yohud nosogʻlom epizootik hududda ishlab chiqarilgan davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlar olib kirilishi rejalashtirilganda, mazkur xorijiy davlat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish maqsadida mutaxassislarni ushbu mamlakatlarga yuborish zarurati vujudga keladi.

3. Xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish mutaxassislar tomonidan amalga oshiriladi.

2-bob. Xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish maqsadida mutaxassislarni yuborish zaruratini aniqlash mezonlari

4. Quyidagi mezonlardan biri mavjud boʻlsa, xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish maqsadida mutaxassislar ushbu mamlakatga yuboriladi:

olib kirilishi rejalashtirilgan davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovar yetishtirilgan yoki ishlab chiqarilgan xorijiy mamlakat hududida epizootiya tarqalganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar mazkur davlat veterinariya xizmati tomonidan maʼlum qilinganda yoki veterinariya sohasidagi xalqaro tashkilot (Butunjahon hayvonlar sogʻligʻini saqlash tashkiloti) rasmiy veb-saytlarida eʼlon qilinganda;

davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarning xavfini baholash natijasida mazkur tovarlarning veterinariya xavfi darajasi yuqori yoki oʻrta deb belgilanganda.

3-bob. Xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish maqsadida mutaxassislarni yuborish

5. Davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlar yetishtiriladigan va ishlab chiqariladigan xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish maqsadida mutaxassis yuborishni soʻrab yuridik yoki jismoniy shaxs Qoʻmitaga mazkur Nizomning ilovasiga muvofiq shaklda ariza topshiradi. Arizaga quyidagi hujjatlar ilova qilinadi (agar mavjud boʻlsa):

davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarning oldi-sotdi (yetkazib berish) shartnomalari nusxalari;

davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarni Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirish rejasi.

Ariza yozma yoki elektron shaklda taqdim etiladi.

Yozma tarzda berilgan arizaga ilovalar mavjud boʻlsa, ilovalarning har bir beti tikilgan holda birinchi beti arizachining imzosi bilan tasdiqlanishi lozim.

6. Arizachi taqdim etilgan hujjatlarning ishonchliligi va qonunchilik hujjatlariga muvofiqligi uchun javobgar hisoblanadi.

7. Xorijiy mamlakatning davlat veterinariya xizmati boʻyicha vakolatli organi mazkur hududdagi epizootik vaziyatni oʻrganish yuzasidan murojaat (taklif) qilsa, uning murojaati (taklifi) mazkur Nizomning ilovasida koʻrsatilgan shaklda boʻlishi talab etilmaydi.

8. Qoʻmita ariza yoki xorijiy mamlakatning davlat veterinariya xizmati boʻyicha vakolatli organidan mazkur hududdagi epizootik vaziyatni oʻrganish yuzasidan murojaat (taklif) kelib tushgan sanadan boshlab yetti ish kuni ichida xorijiy mamlakat hududiga mutaxassislarni yuborish zarurati mavjudligini mazkur Nizomning 4-bandida koʻrsatilgan mezonlar asosida oʻrganib chiqadi.

Qoʻmita ariza yoki murojaatni (taklif) oʻrganib chiqish jarayonida xorijiy mamlakatning davlat veterinariya xizmati boʻyicha vakolatli organidan zarur boʻlgan maʼlumotlarni soʻrab olishga haqli.

9. Qoʻmita tomonidan arizani koʻrib chiqish natijasida xorijiy mamlakat hududiga mutaxassislarni yuborish zarurati:

mavjud deb topilganda — bu haqda arizachi bir ish kuni ichida xabardor qilinadi hamda xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish muddati kelishiladi;

mavjud emas deb topilganda — arizachiga bir ish kuni ichida sabablari koʻrsatilgan holda maʼlum qilinadi.

10. Qoʻmita tomonidan murojaatni (taklifni) koʻrib chiqish natijasida xorijiy mamlakat hududiga mutaxassislarni yuborish zarurati:

mavjud deb topilganda — xorijiy mamlakatning davlat veterinariya xizmati boʻyicha vakolatli organiga besh ish kuni ichida maʼlum qilinadi hamda xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish muddati kelishiladi;

mavjud emas deb topilganda — xorijiy mamlakatning davlat veterinariya xizmati boʻyicha vakolatli organiga besh ish kuni ichida sabablari koʻrsatilgan holda maʼlum qilinadi.

11. Quyidagi hollarda Qoʻmita tomonidan xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish uchun mutaxassislarni yuborish rad etiladi:

arizachining arizasida notoʻgʻri maʼlumotlar qayd etilgan yoki toʻliq qayd etilmaganda;

olib kelinishi rejalashtirilayotgan davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarni Oʻzbekiston Respublikasiga olib kirish uchun cheklov (taqiq) oʻrnatilganda;

xorijiy mamlakat hududida hayvonlarning oʻta xavfli yuqumli kasalliklari, kelib chiqish sabablari nomaʼlum boʻlgan hayvonlarning yalpi kasalliklari va hayvonlarning ilgari qayd etilmagan yuqumli kasalliklari paydo boʻlganda;

davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovar olib kelinishi rejalashtirilgan xorijiy mamlakat hududida hayvonlarning yuqumli kasalliklari qoʻzgʻatuvchilari mavjudligi haqida aniq maʼlumotlar mavjud boʻlganda.

12. Qoʻmita xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish uchun mutaxassislarni yuborish rad etilganligi toʻgʻrisida arizachiga bir ish kuni ichida rad etish asoslarini koʻrsatgan holda maʼlum qilishi lozim.

13. Xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish bilan bogʻliq barcha xarajatlar Vazirliklar, idoralar, korxonalar va tashkilotlar xodimlari Oʻzbekiston Respublikasi tashqarisiga xizmat safariga yuborilganda xizmat safari xarajatlari uchun mablagʻlar berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga (roʻyxat raqami 2730, 2015-yil 19-noyabr) muvofiq tomonlarning oʻzaro kelishuviga (shartnomaga) asosan arizachi yoki murojaat (taklif) qilgan xorijiy mamlakatning davlat veterinariya xizmati boʻyicha vakolatli organi tomonidan qoplanadi.

14. Xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish Koʻmita tomonidan xorijiy mamlakatning vakolatli davlat veterinariya organi bilan kelishilgan holda va hamkorlikda amalga oshiriladi.

15. Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi boʻlgan va davlat veterinariya xizmatida kamida besh yil uzluksiz ish stajiga, oliy maʼlumotga ega boʻlgan veterinariya mutaxassislari (veterinariya mutaxassisligi bilan bogʻliq boʻlmagan lavozimlar bundan mustasno) Oʻzbekiston Respublikasi Bosh davlat veterinariya inspektorining qarori asosida xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish uchun yuboriladi.

16. Xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish jarayonida mutaxassislar tomonidan quyidagi veterinariya tadbirlari amalga oshiriladi:

xorijiy mamlakatning davlat veterinariya xizmatini tartibga soluvchi qonunchilik hujjatlari, boshqaruv tizimi va vakolatlari, hayvonlar bosh soni, mahsulot ishlab chiqarish hajmi va ularni isteʼmolga yaroqliligi boʻyicha xulosalar berish jarayonini tekshirish;

xorijiy mamlakat hududidagi davlat veterinariya nazorati ostidagi tovarlarni yetishtirish va ishlab chiqarish joylarida monitoring oʻtkazish va tekshirish;

Butunjahon hayvonlar sogʻligʻini saqlash tashkilotining Halqaro veterinariya kodeksi talablariga va standartlariga muvofiq tekshiruv va tahlillarni oʻtkazish;

davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarni yetishtirish va ishlab chiqarish tizimining Oʻzbekiston Respublikasining veterinariya, veterinariya-sanitariya qoidalari va normalariga muvofiqligini tekshirish;

hayvonlarni karantinga qoʻyish boʻyicha amalga oshiriladigan tadbirlar (kasalliklar profilaktikasi, davolash va diagnostika) va ularning samaradorligini kuzatish;

davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarda olib boriladigan nazorat va nazorat tariqasida oʻtkazilgan laboratoriya tahlillari natijalari hamda ularning rasmiylashtirilgan hisobotlari mavjudligini koʻrib chiqish;

zarur hollarda veterinariya sertifikatlashtirish tizimini oʻrganish uchun davlat veterinariya nazorati ostidagi tovarlardan namunalarni tanlab olish.

17. Epizootik vaziyat oʻrganilgan xorijiy mamlakat hududidan qaytib kelgan kundan boshlab uch ish kuni ichida mutaxassis tomonidan hisobot tayyorlanadi va Qoʻmitaga taqdim etiladi.

Bunda, davlat veterinariya nazorati ostidagi tovarlardan namunalarni tanlab olish orqali laboratoriya tekshiruvlari hamda boshqa tekshiruvlar oʻtkazilgan hollarda, mazkur tekshiruvlarning natijalari chiqqan kundan boshlab uch ish kuni ichida hisobot tayyorlanishi va Qoʻmitaga taqdim etilishi lozim.

18. Mutaxassis tomonidan taqdim etilgan hisobot asosida Oʻzbekiston Respublikasi Bosh davlat veterinariya inspektori tomonidan bir kunlik muddatda quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:

oʻrganish natijasida epizootiya aniqlanganda, Oʻzbekiston Respublikasiga yuqumli kasalliklar kirib kelish xavfi mavjud deb topilganda yoki davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarni yetishtirish va ishlab chiqarish tizimi Oʻzbekiston Respublikasining veterinariya, veterinariya-sanitariya qoidalari va normalariga nomuvofiq deb topilganda — davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarni olib kirishni taqiqlash;

oʻrganish natijasida epizootik vaziyat barqaror topilganda, Oʻzbekiston Respublikasiga yuqumli kasalliklar kirib kelish xavfi yoʻqligi hamda davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarni yetishtirish va ishlab chiqarish tizimi Oʻzbekiston Respublikasining veterinariya, veterinariya-sanitariya qoidalari va normalariga muvofiq deb topilganda — davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarni olib kirish uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ruxsatnoma berish.

19. Davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlarni Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirishga ruxsatnoma berish yoki olib kirishni taqiqlash toʻgʻrisidagi qaror arizachi yoki murojaat (taklif) qilgan xorijiy mamlakatning davlat veterinariya xizmati boʻyicha vakolatli organiga uch ish kuni ichida yuboriladi.

20. Xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyat oʻrganilgan veterinariya nazorati ostidagi tovarlar chegara veterinariya punktlarida davlat veterinariya inspektorlari tomonidan qonunchilikda oʻrnatilgan tartibda nazoratdan oʻtkaziladi.

4-bob. Yakuniy qoidalar

25. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

26. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.

Epizootik vaziyatni oʻrganish maqsadida mutaxassislarni xorijiy mamlakatlarga yuborish zaruratini aniqlash mezonlari va yuborish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish qoʻmitasiga Davlat veterinariya xizmati nazorati ostidagi tovarlar yetishtiriladigan va ishlab chiqariladigan xorijiy mamlakat hududidagi epizootik vaziyatni oʻrganish maqsadida mutaxassis yuborilishi yuz asidan ARIZA Epizootik vaziyatni oʻrganish maqsadida __________________ davlatiga mutaxassis ajratishingiz soʻraladi. 1. Import qiluvchi: (yuridik manzili, STIR, tel., elektron pochta) 2. Eksport qiluvchi: (yuridik manzili, tel., elektron pochta, veb-sayt) 3. Tovar nomi: 4. Tovarning TIF TN kodi: 5. Tovar yetishtirilgan va ishlab chiqarilgan davlat nomi: 6. Tovar yetishtirilgan va ishlab chiqarilgan davlatning hududi (shtat, provinsiya, xoʻjalik va h.k.) nomi: 7. Tovarni eksport qilishdan oldin karantinga olish joyi (agarda tirik hayvon boʻlsa): 8. Tovar ishlab chiqaruvchining xorijiy mamlakatdagi davlat veterinariya xizmati tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilganlik toʻgʻrisidagi reyestr raqami (goʻsht kombinatlari, sut zavodlari va h.k): 9. Arizaga ilovalar (agar mavjud boʻlsa): F.I.O.: Imzo:

Rais B. NORQOBILOV

Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi raisi A. IKRAMOV

Toshkent sh.,

2019-yil 24-oktabr,

2019-yil 24-oktabr

12-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 29.11.2019-y., 10/19/3198/4095-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son, 29.04.2022-y., 10/22/3198-1/0371-son; 20.03.2024-y., 10/24/3198-2/0230-son)

lex.uz