📅 2019-yil 3-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 3-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 3 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 3 декабря 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 3 December 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЎЙХАТИ
Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармони ва «Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4391-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда олий таълим муассасаларининг молиявий бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш, уларга бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилишда кўпроқ имкониятлар яратиш, олий таълимдаги ислоҳотлар самарадорлигини ва таълим сифатини янада ошириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга замонавий шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4391-сон қарорига мувофиқ 2020 йилдан бошлаб таълим хизматлари бозорида олий таълим муассасаларининг айрим бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига талаб юқорилиги ва молиявий барқарорлигини инобатга олиб, уларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказишга розилик берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Илмий педагогик салоҳияти юқори, молиявий фаолияти барқарор, моддий-техника базаси етарли даражада, таълим хизматлари бозорида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига талаб юқорилигини инобатга олиб, 2020 йил 1 январдан бошлаб, тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасалари рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагилар ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасаларининг қўшимча вазифалари этиб белгилансин:
қўшимча таълим хизматларини кўрсатиш, иқтисодиёт тармоқлари мутахассисларининг малакасини ошириш ва бошқа пуллик хизматларни жорий этиш;
тегишли соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган илмий изланишларни ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда соҳанинг илмий муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган фундаментал, амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш;
республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали олий таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳиятини доимий ошириб бориш;
замонавий педагогик технологиялардан кенг фойдалана оладиган ва илмий изланиш олиб борадиган профессор-ўқитувчиларни танлаш мақсадида олий таълим муассасаси ҳамда профессор-ўқитувчилар ўртасида бир йиллик муддатли шартномалар тузиш амалиётини жорий этиш.
4. Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасалари васийлик кенгашларига қуйидаги ваколатлар берилсин:
олий таълим муассасасининг молия йили учун шакллантириладиган бизнес-режаси (унда муассасанинг асосий фаолияти кўрсаткичлари жумладан, муассасада кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этишнинг мақсадлари, режалаштирилаётган натижалари ва таҳлили кўрсатилади) ҳамда даромадлар ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш ва уларнинг ижросини муҳокама қилиш;
олий таълим муассасаси томонидан автотранспорт воситалари, шунингдек, бошқа асосий воситаларни харид қилиш ва уларни ҳисобдан чиқаришга (бино ва иншоотлар бундан мустасно) ҳамда бино, иншоотларни капитал таъмирлаш, реконструкция қилишга рухсат бериш;
олий таълим муассасасининг йиллик ҳамда даврий молиявий ҳисоботларини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш;
олий таълим муассасасини ривожлантириш ва молиявий фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш, шу жумладан мақсадли капитал жамғармасини (эндаумент фонд) шакллантириш;
зарур ҳолларда, олий таълим муассасаси ректорининг асосланган мурожаатига кўра, олий таълим муассасасининг молиявий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида республика тижорат банкларидан кредитлар олиш масалаларини кўриб чиқиш;
олий таълим муассасаси фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб бериш, шу жумладан, янги факультетлар, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини жорий этиш;
бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда олий таълим муассасаси ректори ва олий таълим муассасаси кенгаши ваколатини белгилаш, шу жумладан, харажатлар сметасига ҳамда штатлар жадвалига ўзгартиришлар киритиш, асосий воситаларни харид қилиш ва олий таълим муассаси тасарруфидаги маблағлар, моддий бойликлар ва мулкдан фойдаланиш бўйича ваколатлар доирасини белгилаш;
олий таълим муассасасида самарадорлик мезонларига асосланган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш ва тартибини белгилаш;
кенгаш қарори билан олий таълим муассасасининг ташкилий тузилмасига қўшимча янги лавозим, таркибий бўлинмалар ва штат бирликларини жорий этиш.
5. Ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасаларининг бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идоралар 2020 йил 1 январга қадар мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб олий таълим муассасаларининг васийлик кенгаши тўғрисидаги низомни ва васийлик кенгашларининг янгиланган таркибини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 11 июлдаги ПҚ-4391-сон қарорига мувофиқ ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасаларига қуйидаги ҳуқуқлар берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:
а) юқори малакали мутахассисларни жалб этиш, кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини ошириш мақсадида ходимларга устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорларини мустақил белгилаш;
б) иқтидорли, шунингдек аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларидан бўлган талабаларни моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
в) сақлаш харажатлари, вазифа ва мажбуриятларни бажариш, ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш ҳамда ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув ва илмий лабораториялар ҳамда сарфланадиган лаборатория материалларини (реактивлар, кимёвий идиш, бутловчи, биологик материаллар ва бошқа объектлар), шу жумладан китоблар, журналлар, ўқув адабиётлари харид қилиш ва чоп эттириш учун маблағларни мустақил сарфлаш;
г) олий таълим муассасаси инфратузилмасига сервис хизматлари кўрсатишнинг алоҳида турлари, жумладан бино ва иншоотлар, талабалар турар жойлари, спорт объектларидан фойдаланиш, уларни тозалаш, таъмирлаш, компьютер техникаси ва телекоммуникация тармоқларини сақлаш ва юридик хизматлар кўрсатишни аутсорсинг шартларида ташкил этиш;
д) бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора билан келишилган ҳолда:
олий таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти, унинг моддий-техник базаси имкониятларини инобатга олиб, талабаларни тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш;
олий таълим муассасасини ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш.
Бунда, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабалар учун тўлов-контракт қиймати миқдорлари бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатларидан келиб чиқиб белгиланади.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтаётган олий таълим муассасасида тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларнинг тўлов-контракт маблағларни тўлаш муддатлари томонларнинг ўзаро келишувига кўра шартнома асосида белгиланади.
8. Белгилаб қўйилсинки:
ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида таълим олаётган талабаларни ўқитиш билан боғлиқ харажатлар учун бюджет маблағларини ажратиш бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги), тури, босқичи ва шаклидан келиб чиқиб давлат гранти асосидаги ўрин учун сарфланадиган харажатларнинг норматив миқдорларига мувофиқ амалга оширилади. Бунда, бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг йиллик чекланган суммаси давлат гранти асосида таълим олаётган контингент сони ва ҳар бир давлат гранти асосидаги ўрин учун сарфланадиган харажатларнинг норматив миқдорлари асосида ҳисобланади;
ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида таълим олаётган талабалар учун бюджет маблағлари бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора ҳамда олий таълим муассасаси ўртасида имзоланадиган давлат буюртмасини бажаришни молиялаштириш битими асосида харажатлар сметасида бюджет тизими бюджетлари иқтисодий харажатлар таснифининг бир сатрида режалаштирилган ҳолда ажратилади (мақсадли маблағлар, шу жумладан стипендия тўловлари, олий ўқув юртидан кейинги таълим харажатлари, капитал қўйилмалар харажатлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида ажратиладиган маблағлар бундан мустасно);
ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида таълим олаётган талабалар учун ажратилган бюджет маблағлари (мақсадли маблағлар бундан мустасно) олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади ва ҳисобот даври охирида маблағларнинг қолдиғи олий таълим муассасаси ҳисобида қолдирилади;
ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасаларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, жумладан ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва стипендия тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш учун жавобгарлик мазкур муассасалар ректор (директор)лари зиммасига юкланади;
ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасалари асосий воситалар ва товар-моддий бойликларни (бино ва иншоотлар ҳамда ўқув-илмий лаборатория жиҳозлари бундан мустасно) сотишдан тушган маблағларни тўлиғича ўзларининг ривожлантириш жамғармаси бўйича шахсий ғазна ҳисобварағида жамлайди ва сарфлайди;
ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасалари ривожлантириш жамғармасига тушган барча маблағлардан моддий-техника базани мустаҳкамлашга, ўз ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантиришга, фаолиятни самарали ташкил этиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга сарфлаш улушини мустақил белгилайди;
ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасалари ўқув жараёнига жалб этилган хорижий юқори малакали ўқитувчи ва мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилайди (қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан кам бўлмаган миқдорда);
2021 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасалари кўчмас мулкини ижарага беришдан тушган маблағнинг 1 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги давлат мулки ижара марказларига, қолган қисми эса — электрон савдо майдончаси операторига тўланган тўлов чегирилгандан кейин мазкур олий таълим муассасасининг ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади;
ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасалари юридик шахс мақомига эга бўлган бюджет маблағларини олувчи давлат ташкилоти ҳисобланади.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар:
давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида таълим олаётган талабаларни ўқитиш учун олий таълим муассасасига ажратиладиган Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағларини бакалавриат таълим йўналиши (магистратура мутахассислиги), тури, босқичи ва шаклидан келиб чиқиб ҳар бир давлат гранти асосидаги ўрин учун сарфланадиган норматив харажатларни ҳисоблаш методологиясини;
бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора ҳамда олий таълим муассасаси ўртасида имзоланадиган давлат буюртмасини бажаришни молиялаштириш намунавий битими лойиҳасини;
давлат буюртмасини бажаришни молиялаштириш доирасида олий таълим муассасасига ажратилган маблағларни сарфлаш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
Олий таълим муассасаси васийлик кенгаши томонидан тасдиқланган молиялаштириш манбалари кесимида шакллантирилган молиявий ҳисоботи белгиланган тартибда бўйсунуви бўйича тегишли вазирликлар ва идораларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилиши белгилаб қўйилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасалари ҳисобига иқтисод қилинган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағларини ҳар молия йилида флагман олий таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш учун йўналтиришни назарда тутсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги 2021 йил 1 ноябрга қадар тажриба тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилган олий таълим муассасаларининг молиявий ҳолати натижалари ҳамда қолган олий таълим муассасаларини мазкур тизимга ўтказиш, тизим учун ишлаб чиқилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 декабрдаги 967-сон қарорига ИЛОВА
2020 йил 1 январдан бошлаб, тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилаётган олий таълим муассасалари
1. Самарқанд давлат чет тиллар институти 2. Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти 3. Тошкент давлат юридик университети 4. Тошкент давлат иқтисодиёт университети 5. Тошкент молия институти 6. Тошкент давлат шарқшунослик институти 7. Тошкент фармацевтика институти 8. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети 9. Урганч давлат университети 10. Тошкент темир йўл муҳандислари институти
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 3 декабрь,
967-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
ROʻYXATI
Oliy taʼlim muassasalarini bosqichma-bosqich oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazish toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Faol investitsiyalar va ijtimoiy rivojlanish yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi toʻgʻrisida” 2019-yil 17-yanvardagi PF-5635-son Farmoni va “Oliy va oʻrta maxsus taʼlim tizimiga boshqaruvning yangi tamoyillarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 11-iyuldagi PQ-4391-son qarori ijrosini taʼminlash hamda oliy taʼlim muassasalarining moliyaviy boshqaruv tizimini tubdan takomillashtirish, ularga budjetdan tashqari mablagʻlarni jalb qilishda koʻproq imkoniyatlar yaratish, oliy taʼlimdagi islohotlar samaradorligini va taʼlim sifatini yanada oshirish, professor-oʻqituvchilar va talabalarga zamonaviy shart-sharoitlar yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oliy va oʻrta maxsus taʼlim tizimiga boshqaruvning yangi tamoyillarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 11-iyuldagi PQ-4391-son qaroriga muvofiq 2020-yildan boshlab taʼlim xizmatlari bozorida oliy taʼlim muassasalarining ayrim bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklariga talab yuqoriligi va moliyaviy barqarorligini inobatga olib, ularni bosqichma-bosqich oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazishga rozilik berilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Ilmiy pedagogik salohiyati yuqori, moliyaviy faoliyati barqaror, moddiy-texnika bazasi yetarli darajada, taʼlim xizmatlari bozorida bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklariga talab yuqoriligini inobatga olib, 2020-yil 1-yanvardan boshlab, tajriba-sinov tariqasida oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtayotgan oliy taʼlim muassasalari roʻyxati ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Quyidagilar oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtayotgan oliy taʼlim muassasalarining qoʻshimcha vazifalari etib belgilansin:
qoʻshimcha taʼlim xizmatlarini koʻrsatish, iqtisodiyot tarmoqlari mutaxassislarining malakasini oshirish va boshqa pullik xizmatlarni joriy etish;
tegishli sohadagi dolzarb muammolarni hal etishga yoʻnaltirilgan ilmiy izlanishlarni tashkil etish, soha boʻyicha ilmiy va ilmiy-pedagog kadrlar tayyorlash, ilmiy-tadqiqot muassasalari bilan hamkorlikda sohaning ilmiy muammolarini hal etishga yoʻnaltirilgan fundamental, amaliy va innovatsion izlanishlarni amalga oshirish;
respublika va xorijiy oliy taʼlim muassasalari hamda ilmiy markazlarga istiqbolli yosh bitiruvchilarni magistratura va doktoranturaga muntazam yuborish orqali oliy taʼlim muassasasining ilmiy-pedagogik salohiyatini doimiy oshirib borish;
zamonaviy pedagogik texnologiyalardan keng foydalana oladigan va ilmiy izlanish olib boradigan professor-oʻqituvchilarni tanlash maqsadida oliy taʼlim muassasasi hamda professor-oʻqituvchilar oʻrtasida bir yillik muddatli shartnomalar tuzish amaliyotini joriy etish.
4. Oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtayotgan oliy taʼlim muassasalari vasiylik kengashlariga quyidagi vakolatlar berilsin:
oliy taʼlim muassasasining moliya yili uchun shakllantiriladigan biznes-rejasi (unda muassasaning asosiy faoliyati koʻrsatkichlari jumladan, muassasada kadrlar tayyorlash tizimini tashkil etishning maqsadlari, rejalashtirilayotgan natijalari va tahlili koʻrsatiladi) hamda daromadlar va xarajatlar parametrlarini tasdiqlash va ularning ijrosini muhokama qilish;
oliy taʼlim muassasasi tomonidan avtotransport vositalari, shuningdek, boshqa asosiy vositalarni xarid qilish va ularni hisobdan chiqarishga (bino va inshootlar bundan mustasno) hamda bino, inshootlarni kapital taʼmirlash, rekonstruksiya qilishga ruxsat berish;
oliy taʼlim muassasasining yillik hamda davriy moliyaviy hisobotlarini muhokama qilish va tasdiqlash;
oliy taʼlim muassasasini rivojlantirish va moliyaviy faoliyati bilan bogʻliq boshqa masalalarni hal etish, shu jumladan maqsadli kapital jamgʻarmasini (endaument fond) shakllantirish;
zarur hollarda, oliy taʼlim muassasasi rektorining asoslangan murojaatiga koʻra, oliy taʼlim muassasasining moliyaviy faoliyatini qoʻllab-quvvatlash maqsadida respublika tijorat banklaridan kreditlar olish masalalarini koʻrib chiqish;
oliy taʼlim muassasasi faoliyatining asosiy yoʻnalishlarini belgilab berish, shu jumladan, yangi fakultetlar, bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarini joriy etish;
boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirlik va idora bilan kelishilgan holda oliy taʼlim muassasasi rektori va oliy taʼlim muassasasi kengashi vakolatini belgilash, shu jumladan, xarajatlar smetasiga hamda shtatlar jadvaliga oʻzgartirishlar kiritish, asosiy vositalarni xarid qilish va oliy taʼlim muassasi tasarrufidagi mablagʻlar, moddiy boyliklar va mulkdan foydalanish boʻyicha vakolatlar doirasini belgilash;
oliy taʼlim muassasasida samaradorlik mezonlariga asoslangan mehnatga haq toʻlash tizimini joriy etish va tartibini belgilash;
kengash qarori bilan oliy taʼlim muassasasining tashkiliy tuzilmasiga qoʻshimcha yangi lavozim, tarkibiy boʻlinmalar va shtat birliklarini joriy etish.
5. Oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtayotgan oliy taʼlim muassasalarining boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirlik va idoralar 2020-yil 1-yanvarga qadar mazkur qaror talablaridan kelib chiqib oliy taʼlim muassasalarining vasiylik kengashi toʻgʻrisidagi nizomni va vasiylik kengashlarining yangilangan tarkibini qayta koʻrib chiqsin va tasdiqlasin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oliy va oʻrta maxsus taʼlim tizimiga boshqaruvning yangi tamoyillarini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 11-iyuldagi PQ-4391-son qaroriga muvofiq oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtayotgan oliy taʼlim muassasalariga quyidagi huquqlar berilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin:
a) yuqori malakali mutaxassislarni jalb etish, koʻrsatiladigan taʼlim xizmatlari sifatini oshirish maqsadida xodimlarga ustamalar va moddiy ragʻbatlantirishning boshqa turlari miqdorlarini mustaqil belgilash;
b) iqtidorli, shuningdek aholining ijtimoiy himoyaga muhtoj qatlamlaridan boʻlgan talabalarni moddiy ragʻbatlantirish va qoʻllab-quvvatlash;
v) saqlash xarajatlari, vazifa va majburiyatlarni bajarish, oʻqitishning innovatsion shakl va uslublarini joriy etish hamda xodimlarni qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, moddiy-texnik bazani mustahkamlash, dasturiy taʼminotlar, zamonaviy axborot-kommunikatsiya vositalari, oʻquv va ilmiy laboratoriyalar hamda sarflanadigan laboratoriya materiallarini (reaktivlar, kimyoviy idish, butlovchi, biologik materiallar va boshqa obyektlar), shu jumladan kitoblar, jurnallar, oʻquv adabiyotlari xarid qilish va chop ettirish uchun mablagʻlarni mustaqil sarflash;
g) oliy taʼlim muassasasi infratuzilmasiga servis xizmatlari koʻrsatishning alohida turlari, jumladan bino va inshootlar, talabalar turar joylari, sport obyektlaridan foydalanish, ularni tozalash, taʼmirlash, kompyuter texnikasi va telekommunikatsiya tarmoqlarini saqlash va yuridik xizmatlar koʻrsatishni autsorsing shartlarida tashkil etish;
d) boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirlik va idora bilan kelishilgan holda:
oliy taʼlim muassasasining ilmiy-pedagogik salohiyati, uning moddiy-texnik bazasi imkoniyatlarini inobatga olib, talabalarni toʻlov-kontrakt asosida oʻqishga qabul qilish parametrlarini belgilash, yangi bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarini ochish;
oliy taʼlim muassasasini oʻzini oʻzi toʻliq moliyaviy taʼminlash miqdoridan kelib chiqib, toʻlov-kontrakt asosida oʻqitish qiymatini belgilash.
Bunda, 2020/2021 oʻquv yilidan boshlab, toʻlov-kontrakt asosida qabul qilingan talabalar uchun toʻlov-kontrakt qiymati miqdorlari bir talabani bir yillik oʻqitish xarajatlaridan kelib chiqib belgilanadi.
7. Shunday tartib oʻrnatilsinki, oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtayotgan oliy taʼlim muassasasida toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan talabalarning toʻlov-kontrakt mablagʻlarni toʻlash muddatlari tomonlarning oʻzaro kelishuviga koʻra shartnoma asosida belgilanadi.
8. Belgilab qoʻyilsinki:
oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalarida davlat buyurtmasi asosida taʼlim olayotgan talabalarni oʻqitish bilan bogʻliq xarajatlar uchun budjet mablagʻlarini ajratish bakalavriat taʼlim yoʻnalishi (magistratura mutaxassisligi), turi, bosqichi va shaklidan kelib chiqib davlat granti asosidagi oʻrin uchun sarflanadigan xarajatlarning normativ miqdorlariga muvofiq amalga oshiriladi. Bunda, budjetdan ajratiladigan mablagʻlarning yillik cheklangan summasi davlat granti asosida taʼlim olayotgan kontingent soni va har bir davlat granti asosidagi oʻrin uchun sarflanadigan xarajatlarning normativ miqdorlari asosida hisoblanadi;
oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalarida davlat buyurtmasi asosida taʼlim olayotgan talabalar uchun budjet mablagʻlari boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirlik va idora hamda oliy taʼlim muassasasi oʻrtasida imzolanadigan davlat buyurtmasini bajarishni moliyalashtirish bitimi asosida xarajatlar smetasida budjet tizimi budjetlari iqtisodiy xarajatlar tasnifining bir satrida rejalashtirilgan holda ajratiladi (maqsadli mablagʻlar, shu jumladan stipendiya toʻlovlari, oliy oʻquv yurtidan keyingi taʼlim xarajatlari, kapital qoʻyilmalar xarajatlari va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Vazirlar Mahkamasi qarorlari asosida ajratiladigan mablagʻlar bundan mustasno);
oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalarida davlat buyurtmasi asosida taʼlim olayotgan talabalar uchun ajratilgan budjet mablagʻlari (maqsadli mablagʻlar bundan mustasno) oliy taʼlim muassasasining budjetdan tashqari mablagʻlar boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga oʻtkaziladi va hisobot davri oxirida mablagʻlarning qoldigʻi oliy taʼlim muassasasi hisobida qoldiriladi;
oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalarining budjet va budjetdan tashqari mablagʻlaridan oqilona va samarali foydalanish, jumladan xodimlar mehnatiga haq toʻlash va stipendiya toʻlovlarini oʻz vaqtida va toʻliq amalga oshirish uchun javobgarlik mazkur muassasalar rektor (direktor)lari zimmasiga yuklanadi;
oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalari asosiy vositalar va tovar-moddiy boyliklarni (bino va inshootlar hamda oʻquv-ilmiy laboratoriya jihozlari bundan mustasno) sotishdan tushgan mablagʻlarni toʻligʻicha oʻzlarining rivojlantirish jamgʻarmasi boʻyicha shaxsiy gʻazna hisobvaragʻida jamlaydi va sarflaydi;
oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalari rivojlantirish jamgʻarmasiga tushgan barcha mablagʻlardan moddiy-texnika bazani mustahkamlashga, oʻz xodimlarini ijtimoiy himoya qilish va moddiy ragʻbatlantirishga, faoliyatni samarali tashkil etish bilan bogʻliq boshqa tadbirlarga sarflash ulushini mustaqil belgilaydi;
oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalari oʻquv jarayoniga jalb etilgan xorijiy yuqori malakali oʻqituvchi va mutaxassislar mehnatiga haq toʻlash miqdorlarini bozor konyunkturasidan kelib chiqib belgilaydi (qonunchilik hujjatlarida belgilangan miqdorlardan kam boʻlmagan miqdorda);
2021-yil 1-yanvardan boshlab oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalari koʻchmas mulkini ijaraga berishdan tushgan mablagʻning 1 foizi — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligining hududiy boʻlinmalari huzuridagi davlat mulki ijara markazlariga, qolgan qismi esa — elektron savdo maydonchasi operatoriga toʻlangan toʻlov chegirilgandan keyin mazkur oliy taʼlim muassasasining rivojlantirish jamgʻarmasiga yoʻnaltiriladi;
oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalari yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan budjet mablagʻlarini oluvchi davlat tashkiloti hisoblanadi.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Moliya vazirligi bilan birgalikda 2020-yil 1-yanvarga qadar:
davlat buyurtmasi (davlat granti) asosida taʼlim olayotgan talabalarni oʻqitish uchun oliy taʼlim muassasasiga ajratiladigan Oʻzbekiston Respublikasining Davlat budjeti mablagʻlarini bakalavriat taʼlim yoʻnalishi (magistratura mutaxassisligi), turi, bosqichi va shaklidan kelib chiqib har bir davlat granti asosidagi oʻrin uchun sarflanadigan normativ xarajatlarni hisoblash metodologiyasini;
boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirlik va idora hamda oliy taʼlim muassasasi oʻrtasida imzolanadigan davlat buyurtmasini bajarishni moliyalashtirish namunaviy bitimi loyihasini;
davlat buyurtmasini bajarishni moliyalashtirish doirasida oliy taʼlim muassasasiga ajratilgan mablagʻlarni sarflash tartibini ishlab chiqsin va tasdiqlasin.
Oliy taʼlim muassasasi vasiylik kengashi tomonidan tasdiqlangan moliyalashtirish manbalari kesimida shakllantirilgan moliyaviy hisoboti belgilangan tartibda boʻysunuvi boʻyicha tegishli vazirliklar va idoralarga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga taqdim etilishi belgilab qoʻyilsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tizimida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtgan oliy taʼlim muassasalari hisobiga iqtisod qilingan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetining mablagʻlarini har moliya yilida flagman oliy taʼlim muassasalari faoliyatini rivojlantirish uchun yoʻnaltirishni nazarda tutsin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Iqtisodiyot va sanoat vazirligi, Moliya vazirligi 2021-yil 1-noyabrga qadar tajriba tariqasida oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilgan oliy taʼlim muassasalarining moliyaviy holati natijalari hamda qolgan oliy taʼlim muassasalarini mazkur tizimga oʻtkazish, tizim uchun ishlab chiqilishi lozim boʻlgan normativ-huquqiy hujjatlar boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — Oʻzbekiston Respublikasi moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduxakimov hamda Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 3-dekabrdagi 967-son qaroriga ILOVA
2020-yil 1-yanvardan boshlab, tajriba-sinov tariqasida oʻzini oʻzi moliyalashtirish tizimiga oʻtkazilayotgan oliy taʼlim muassasalari
1. Samarqand davlat chet tillar instituti 2. Samarqand iqtisodiyot va servis instituti 3. Toshkent davlat yuridik universiteti 4. Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti 5. Toshkent moliya instituti 6. Toshkent davlat sharqshunoslik instituti 7. Toshkent farmatsevtika instituti 8. Oʻzbekiston davlat jahon tillari universiteti 9. Urganch davlat universiteti 10. Toshkent temir yoʻl muhandislari instituti
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 3-dekabr,
967-son