UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 11-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 11 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 11 декабря 2019 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 11 December 2019 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

КЎРСАТКИЧЛАР

Сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда сув хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, сув истеъмолчилари уюшмалари (кейин ўринларда уюшмалар деб аталади), фермер ва деҳқон хўжаликлари, кластер ташкилотлари ҳамда бошқа сув истемолчиларининг (кейинги ўринларда сув истеъмолчилари деб аталади) суғориш тармоқлари, улардаги гидротехник иншоотлар ва сув олиш жойларининг техник ҳолати, шунингдек, ўзаро сув хўжалиги муносабатлари, сувнинг ҳисоб-китоби ва сувдан самарали фойдаланишнинг ҳолати қониқарсиз аҳволда ҳамда қуйидаги тизимли камчиликларга йўл қўйилмоқда:

биринчидан, уюшмалар фаолияти уларга юкланган вазифаларга мутаносиб равишда ташкил қилинмаган. Уюшмаларнинг ижро органлари соҳа бўйича малакали раҳбар ва мутахассислар билан таъминланмаган. Уюшмалар раҳбарларига қишлоқ хўжалиги ва у билан боғлиқ бошқа вазифалар юклатилган бўлиб, сув хўжалиги бўйича асосий вазифалар эътибордан четда қолмоқда;

иккинчидан, уюшмаларнинг сув истеъмолчилари билан сув истеъмоли бўйича шартномавий муносабатлари талаб даражасида йўлга қўйилмаган, шартномавий мажбуриятлар ижроси юзасидан тизимли назорат қилинмайди. Уюшмалар томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилмаяпти. Натижада уюшмаларнинг молиявий ҳолати ёмонлашиб, иш ҳақи, бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар, электр энергияси учун ва бошқа мажбурий тўловлардан қарздорлиги юқорилигича қолмоқда;

учинчидан, уюшмаларни бинолар билан таъминлаш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятини самарали ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ташкилий масалалар ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотлар эътиборидан четда қолмоқда;

тўртинчидан, сув истеъмолчиларининг сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлашга, суғориш тармоқларини ва улардаги гидротехник иншоотларни таъмирлашга, сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий қилишга эътибор берилмаяпти, сувнинг ҳисоб-китобини юритиш қониқарсиз ҳолатда.

Қишлоқ хўжалигида сувни бошқариш тизимини ва сув истеъмоли бўйича шартномавий муносабатларни янада такомиллаштириш, сув истеъмолчиларига кўрсатиладиган сув хўжалиги хизматларини ҳамда суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларини оқилона бошқариш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Сув истеъмолчилари, уюшмалар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг мавжуд уюшмалар негизида ҳар бир туман (Қувасой шаҳри)да биттадан уюшмани 1-иловага мувофиқ кўрсаткичлар асосида ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар уюшмалар фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари, кластер ташкилотлари ва бошқа сув истеъмолчилари (кейинги ўринларда сув истеъмолчилари деб аталади) ўртасида ўзаро сув хўжалиги муносабатларини тартибга солиш ҳамда сув истеъмоли бўйича шартномавий муносабатларни йўлга қўйиш;

сув хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда сув истеъмолчиларининг сув истеъмоли режалари ва сув олиш лимитларини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш, ажратилган лимит доирасида сув етказиб бериш, унинг ҳисоб-китобини ва тизимли мониторингини олиб бориш;

сув хўжалиги ташкилотлари билан биргаликда уюшма ва унинг гидроучасткаларини малакали кадрлар билан бутлаш ҳамда уларнинг фаолиятини самарали ташкил қилиш;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда ўз ҳисобидаги суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни таъмирлаш ва тиклаш, сув истеъмолчиларининг сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш ҳамда уларнинг ички суғориш тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш ишларини ташкил қилиш;

сув хўжалиги ташкилотлари билан биргаликда суғориш тармоғини реконструкция қилиш ва қуриш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишларини белгиланган тартибда ташкил қилиш;

ўз ҳисобидаги сув хўжалиги объектларидан мақсадли фойдаланиш, уларни техник соз ҳолда сақлаш;

сув хўжалиги ташкилотлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда сувни бошқаришда инновацион усулларни жорий этиш, сув истеъмолчилари томонидан томчилатиб суғориш ва сувни тежайдиган бошқа технологиялар жорий қилинишини ташкил қилиш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

сув истеъмоли режалари, сув олиш лимитлари, бизнес-режалари уюшманинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади;

қайта ташкил этилаётган уюшмалар давлат рўйхатидан ўтказилаётганда давлат божи тўловларидан, истисно тариқасида, озод қилинади.

4. Уюшмаларнинг ижрочи директорлари лавозимига сув хўжалиги соҳаси бўйича олий маълумотли, иш тажрибасига эга бўлган шахсларни тайинлаш тавсия этилсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар (Қувасой шаҳри) ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:

уюшмаларни қайта ташкил этиш масалаларига кўмаклашсин;

уюшмалар томонидан сув истеъмолчиларига кўрсатилган сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилишни ташкил қилишда ёрдам кўрсатсинлар;

уюшмалар фаолиятини самарали ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатсинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:

уюшмаларни вазирлик тизимидаги ташкилотлар биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирсин;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда уюшмаларни малакали мутахассислар билан таъминлаш ва уларнинг малакасини ошириш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда уюшмаларга сув истеъмоли бўйича режаларни ишлаб чиқиш, сув олиш лимитларини тасдиқлаш, шартномалар тузиш ҳамда сувнинг ҳисоб-китобини юритишда тизимли равишда амалий ёрдам кўрсатсин;

уюшмаларга суғориш тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш, сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ишларини ташкил қилишда кўмаклашсин;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда уюшмаларнинг сув хўжалиги объектларини модернизациялаш, қуриш ва реконструкция қилиш ишларини белгиланган тартибда ташкил қилсин;

уюшмалар билан биргаликда сув хўжалиги объектлари ва сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича намунавий тартибни ишлаб чиқсин ҳамда уни жорий қилишда кўмаклашсин.

7. Белгилаб қўйилсинки:

уюшмалар томонидан барча сув истеъмолчиларига кўрсатиладиган сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар миқдори уюшмаларнинг умумий йиғилишида ҳар йили тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда шартномалар асосида амалга оширилади;

2020 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхоналарига бошоқли дон етиштириш харажатларини молиялаштириш мақсадида ажратиладиган кредитлар ҳисобидан уюшмаларга сув хўжалиги хизмати харажатлари учун ажратиладиган маблағ жами кредитларнинг 1 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, пахта хомашёсини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ажратиладиган кредитларда эса 2 фоиздан кам бўлмаган миқдорда белгиланиши тавсия этилади.

Ушбу банднинг учинчи хат бошисида назарда тутилган маблағлар сув истеъмолчилари томонидан уларга уюшмалар кўрсатадиган хизматлар учун тўланиши мажбурий ҳисобланади.

8. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларига амал қилиниши, уюшмалар томонидан сув лимит асосида етказиб берилиши ҳамда сув истеъмолчилари томонидан сувдан оқилона фойдаланилиши устидан тизимли равишда назорат ўрнатсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Энергетика вазирлигининг:

уюшмаларнинг электр энергияси, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича 2019 йил 1 апрель ҳолатига кўра қарзларни тўлаш муддатини 2022 йилга қадар узайтириш ҳамда уларни 2-иловага мувофиқ жадвалга асосан 2024 йил 31 декабрга қадар тўлиқ қоплаш;

уюшмаларга солиқ ва йиғимлар бўйича ҳисобланган пеняларни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Уюшмалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар (Қувасой шаҳри) ҳокимликлари билан биргаликда ушбу қарорга 2-иловада назарда тутилган қарздорлик белгиланган муддатларда тўланиши учун масъулдирлар.

10. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси уюшмаларга солиқ ва йиғимлар бўйича ҳисобланган пеняларни ҳисобдан чиқарсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Ж. Вахабов, Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Ш.Р. Хамраев ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрдаги 982-сон қарорига 1-ИЛОВА

Мавжуд уюшмалар негизида ҳар бир туман (Қувасой шаҳар)да биттадан уюшма ташкил қилиш бўйича

Мавжуд уюшмалар сони Мавжуд уюшмалар негизида янгидан ташкил қилинадиган уюшмалар сони Янгидан ташкил қилинадиган уюшмаларнинг ҳудудий гидроучасткалари * сони Қорақалпоғистон Республикаси 127 15 127 вилоятлар: Андижон 99 14 99 Бухоро 131 11 131 Жиззах 116 12 116 Қашқадарё 152 13 152 Навоий 55 6 55 Наманган 134 11 134 Самарқанд 41 14 41 Сурхондарё 151 13 151 Сирдарё 108 8 108 Тошкент 148 15 148 Фарғона 128 16 128 Хоразм 113 10 113 Жами 1503 158 1503

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрдаги 982-сон қарорига 2-ИЛОВА

Уюшмаларнинг 2019 йил 1 апрель ҳолатига кўра электр энергияси учун, солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорликлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари

млн сўм Электр энергиясидан Солиқ ва йиғимлардан жами қарздорлик жами қарздорликни тўлаш муддатлари асосий қарздорлик пеня асосий қарздорликни тўлаш муддатлари 2022 йил 2023 йил 2024 йил 2022 йил 2023 йил 2024 йил Қорақалпоғистон Республикаси 648 276 216 216 216 вилоятлар: Андижон 13789 4 596,3 4 596,3 4 596,4 3 888 1 376 1 296 1 296 1 296 Бухоро 756 263 252 252 252 Жиззах 19823 6 607,7 6 607,7 6 607,6 1 440 503 480 480 480 Қашқадарё 4899 1 633,0 1 633,0 1 633,0 3 096 993 1 032 1 032 1 032 Навоий 8079 2 693,0 2 693,0 2 693,0 936 268 312 312 312 Наманган 4351 1 450,3 1 450,3 1 450,4 2 988 1 175 996 996 996 Самарқанд 2 088 571 696 696 696 Сурхондарё 12 4,0 4,0 4,0 2 124 709 708 708 708 Сирдарё 56380 18 793,3 18 793,3 18 793,4 3 960 1 434 1 320 1 320 1 320 Тошкент 27526 9 175,3 9 175,3 9 175,4 1 116 350 372 372 372 Фарғона 5567 1 855,7 1 855,7 1 855,6 5 040 1 601 1 680 1 680 1 680 Хоразм 25 8,3 8,3 8,4 900 324 300 300 300 Жами 140 451,0 46 817,0 46 817,0 46 817,2 28 980 9 843 9 660 9 660 9 660

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 11 декабрь,

982-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.12.2019 й., 09/19/982/4137-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон, 13.05.2022 й., 09/22/255/0412-сон; 28.09.2023 й., 09/23/500/0732-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

KOʻRSATKICHLAR

Suv isteʼmolchilari uyushmalari faoliyatini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Suv xoʻjaligi infratuzilmasini modernizatsiya qilish va texnologik qayta jihozlash hamda suv xoʻjaligi sohasini boshqarish tizimini takomillashtirish borasida keng koʻlamli islohotlar amalga oshirilmoqda.

Shu bilan birga, suv isteʼmolchilari uyushmalari (keyin oʻrinlarda uyushmalar deb ataladi), fermer va dehqon xoʻjaliklari, klaster tashkilotlari hamda boshqa suv istemolchilarining (keyingi oʻrinlarda suv isteʼmolchilari deb ataladi) sugʻorish tarmoqlari, ulardagi gidrotexnik inshootlar va suv olish joylarining texnik holati, shuningdek, oʻzaro suv xoʻjaligi munosabatlari, suvning hisob-kitobi va suvdan samarali foydalanishning holati qoniqarsiz ahvolda hamda quyidagi tizimli kamchiliklarga yoʻl qoʻyilmoqda:

birinchidan, uyushmalar faoliyati ularga yuklangan vazifalarga mutanosib ravishda tashkil qilinmagan. Uyushmalarning ijro organlari soha boʻyicha malakali rahbar va mutaxassislar bilan taʼminlanmagan. Uyushmalar rahbarlariga qishloq xoʻjaligi va u bilan bogʻliq boshqa vazifalar yuklatilgan boʻlib, suv xoʻjaligi boʻyicha asosiy vazifalar eʼtibordan chetda qolmoqda;

ikkinchidan, uyushmalarning suv isteʼmolchilari bilan suv isteʼmoli boʻyicha shartnomaviy munosabatlari talab darajasida yoʻlga qoʻyilmagan, shartnomaviy majburiyatlar ijrosi yuzasidan tizimli nazorat qilinmaydi. Uyushmalar tomonidan koʻrsatilgan xizmatlar uchun toʻlovlar oʻz vaqtida va toʻliq amalga oshirilmayapti. Natijada uyushmalarning moliyaviy holati yomonlashib, ish haqi, budjet va budjetdan tashqari jamgʻarmalar, elektr energiyasi uchun va boshqa majburiy toʻlovlardan qarzdorligi yuqoriligicha qolmoqda;

uchinchidan, uyushmalarni binolar bilan taʼminlash, ularning moddiy-texnika bazasini mustahkamlash va faoliyatini samarali tashkil etish bilan bogʻliq boshqa tashkiliy masalalar hokimliklar va mutasaddi tashkilotlar eʼtiboridan chetda qolmoqda;

toʻrtinchidan, suv isteʼmolchilarining suv olish joylarini suvni boshqarish va hisobga olish vositalari bilan jihozlashga, sugʻorish tarmoqlarini va ulardagi gidrotexnik inshootlarni taʼmirlashga, suvni tejaydigan texnologiyalarni keng joriy qilishga eʼtibor berilmayapti, suvning hisob-kitobini yuritish qoniqarsiz holatda.

Qishloq xoʻjaligida suvni boshqarish tizimini va suv isteʼmoli boʻyicha shartnomaviy munosabatlarni yanada takomillashtirish, suv isteʼmolchilariga koʻrsatiladigan suv xoʻjaligi xizmatlarini hamda sugʻorish va kollektor-drenaj tarmoqlarining texnik holatini yaxshilash, suv resurslarini oqilona boshqarish va ulardan samarali foydalanishni taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Suv isteʼmolchilari, uyushmalar, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari, Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi, Adliya vazirligi, Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻzbekiston fermer, dehqon xoʻjaliklari va tomorqa yer egalari kengashining mavjud uyushmalar negizida har bir tuman (Quvasoy shahri)da bittadan uyushmani 1-ilovaga muvofiq koʻrsatkichlar asosida tashkil etish toʻgʻrisidagi takliflari maʼqullansin.

2. Quyidagilar uyushmalar faoliyatining ustuvor yoʻnalishlari etib belgilansin:

fermer va dehqon xoʻjaliklari, tomorqa yer egalari, klaster tashkilotlari va boshqa suv isteʼmolchilari (keyingi oʻrinlarda suv isteʼmolchilari deb ataladi) oʻrtasida oʻzaro suv xoʻjaligi munosabatlarini tartibga solish hamda suv isteʼmoli boʻyicha shartnomaviy munosabatlarni yoʻlga qoʻyish;

suv xoʻjaligi va qishloq xoʻjaligi tashkilotlari hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda suv isteʼmolchilarining suv isteʼmoli rejalari va suv olish limitlarini ishlab chiqish hamda belgilangan tartibda tasdiqlash, ajratilgan limit doirasida suv yetkazib berish, uning hisob-kitobini va tizimli monitoringini olib borish;

suv xoʻjaligi tashkilotlari bilan birgalikda uyushma va uning gidrouchastkalarini malakali kadrlar bilan butlash hamda ularning faoliyatini samarali tashkil qilish;

mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda oʻz hisobidagi sugʻorish tarmoqlari va ulardagi gidrotexnik inshootlarni taʼmirlash va tiklash, suv isteʼmolchilarining suv olish joylarini suvni boshqarish va hisobga olish vositalari bilan jihozlash hamda ularning ichki sugʻorish tarmoqlarini taʼmirlash va tiklash ishlarini tashkil qilish;

suv xoʻjaligi tashkilotlari bilan birgalikda sugʻorish tarmogʻini rekonstruksiya qilish va qurish, sugʻoriladigan yerlarning meliorativ holatini yaxshilash ishlarini belgilangan tartibda tashkil qilish;

oʻz hisobidagi suv xoʻjaligi obyektlaridan maqsadli foydalanish, ularni texnik soz holda saqlash;

suv xoʻjaligi tashkilotlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda suvni boshqarishda innovatsion usullarni joriy etish, suv isteʼmolchilari tomonidan tomchilatib sugʻorish va suvni tejaydigan boshqa texnologiyalar joriy qilinishini tashkil qilish.

3. Belgilab qoʻyilsinki:

suv isteʼmoli rejalari, suv olish limitlari, biznes-rejalari uyushmaning umumiy yigʻilishi tomonidan tasdiqlanadi;

qayta tashkil etilayotgan uyushmalar davlat roʻyxatidan oʻtkazilayotganda davlat boji toʻlovlaridan, istisno tariqasida, ozod qilinadi.

4. Uyushmalarning ijrochi direktorlari lavozimiga suv xoʻjaligi sohasi boʻyicha oliy maʼlumotli, ish tajribasiga ega boʻlgan shaxslarni tayinlash tavsiya etilsin.

5. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va tumanlar (Quvasoy shahri) hokimlari Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi hamda Suv xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda:

uyushmalarni qayta tashkil etish masalalariga koʻmaklashsin;

uyushmalar tomonidan suv isteʼmolchilariga koʻrsatilgan suv xoʻjaligi xizmatlari uchun toʻlovlar oʻz vaqtida amalga oshirilishni tashkil qilishda yordam koʻrsatsinlar;

uyushmalar faoliyatini samarali tashkil etishda amaliy yordam koʻrsatsinlar.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi:

uyushmalarni vazirlik tizimidagi tashkilotlar binosiga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirsin;

mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda uyushmalarni malakali mutaxassislar bilan taʼminlash va ularning malakasini oshirish choralarini koʻrsin;

Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi bilan birgalikda uyushmalarga suv isteʼmoli boʻyicha rejalarni ishlab chiqish, suv olish limitlarini tasdiqlash, shartnomalar tuzish hamda suvning hisob-kitobini yuritishda tizimli ravishda amaliy yordam koʻrsatsin;

uyushmalarga sugʻorish tarmoqlarini taʼmirlash va tiklash, suv olish joylarini suvni boshqarish va hisobga olish vositalari bilan jihozlash, suvni tejaydigan sugʻorish texnologiyalarini joriy qilish ishlarini tashkil qilishda koʻmaklashsin;

mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari bilan birgalikda uyushmalarning suv xoʻjaligi obyektlarini modernizatsiyalash, qurish va rekonstruksiya qilish ishlarini belgilangan tartibda tashkil qilsin;

uyushmalar bilan birgalikda suv xoʻjaligi obyektlari va suv resurslaridan foydalanish boʻyicha namunaviy tartibni ishlab chiqsin hamda uni joriy qilishda koʻmaklashsin.

7. Belgilab qoʻyilsinki:

uyushmalar tomonidan barcha suv isteʼmolchilariga koʻrsatiladigan suv xoʻjaligi xizmatlari uchun toʻlovlar miqdori uyushmalarning umumiy yigʻilishida har yili tasdiqlanadi hamda belgilangan tartibda shartnomalar asosida amalga oshiriladi;

2020-yil 1-yanvardan boshlab qishloq xoʻjaligi korxonalariga boshoqli don yetishtirish xarajatlarini moliyalashtirish maqsadida ajratiladigan kreditlar hisobidan uyushmalarga suv xoʻjaligi xizmati xarajatlari uchun ajratiladigan mablagʻ jami kreditlarning 1 foizidan kam boʻlmagan miqdorda, paxta xomashyosini yetishtirish xarajatlarini moliyalashtirish uchun ajratiladigan kreditlarda esa 2 foizdan kam boʻlmagan miqdorda belgilanishi tavsiya etiladi.

Ushbu bandning uchinchi xat boshisida nazarda tutilgan mablagʻlar suv isteʼmolchilari tomonidan ularga uyushmalar koʻrsatadigan xizmatlar uchun toʻlanishi majburiy hisoblanadi.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Suv xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Suv xoʻjaligi obyektlari xavfsizligini va suvdan foydalanishni nazorat qilish inspeksiyasi suvdan foydalanish va suv isteʼmoli boʻyicha qonunchilik hujjatlari talablariga amal qilinishi, uyushmalar tomonidan suv limit asosida yetkazib berilishi hamda suv isteʼmolchilari tomonidan suvdan oqilona foydalanilishi ustidan tizimli ravishda nazorat oʻrnatsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Suv xoʻjaligi vazirligi va Energetika vazirligining:

uyushmalarning elektr energiyasi, soliq va boshqa majburiy toʻlovlar boʻyicha 2019-yil 1-aprel holatiga koʻra qarzlarni toʻlash muddatini 2022-yilga qadar uzaytirish hamda ularni 2-ilovaga muvofiq jadvalga asosan 2024-yil 31-dekabrga qadar toʻliq qoplash;

uyushmalarga soliq va yigʻimlar boʻyicha hisoblangan penyalarni hisobdan chiqarish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.

Uyushmalar Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar, tumanlar (Quvasoy shahri) hokimliklari bilan birgalikda ushbu qarorga 2-ilovada nazarda tutilgan qarzdorlik belgilangan muddatlarda toʻlanishi uchun masʼuldirlar.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi uyushmalarga soliq va yigʻimlar boʻyicha hisoblangan penyalarni hisobdan chiqarsin.

11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining Agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha maslahatchisi A.J. Vaxabov, Oʻzbekiston suv xoʻjaligi vaziri Sh.R. Xamrayev va Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri R.Q. Davletov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 11-dekabrdagi 982-son qaroriga 1-ILOVA

Mavjud uyushmalar negizida har bir tuman (Quvasoy shahar)da bittadan uyushma tashkil qilish boʻyicha

Mavjud uyushmalar soni Mavjud uyushmalar negizida yangidan tashkil qilinadigan uyushmalar soni Yangidan tashkil qilinadigan uyushmalarning hududiy gidrouchastkalari * soni Qoraqalpogʻiston Respublikasi 127 15 127 viloyatlar: Andijon 99 14 99 Buxoro 131 11 131 Jizzax 116 12 116 Qashqadaryo 152 13 152 Navoiy 55 6 55 Namangan 134 11 134 Samarqand 41 14 41 Surxondaryo 151 13 151 Sirdaryo 108 8 108 Toshkent 148 15 148 Fargʻona 128 16 128 Xorazm 113 10 113 Jami 1503 158 1503

Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 11-dekabrdagi 982-son qaroriga 2-ILOVA

Uyushmalarning 2019-yil 1-aprel holatiga koʻra elektr energiyasi uchun, soliq va yigʻimlar boʻyicha qarzdorliklari hamda ularni toʻlash muddatlari

mln soʻm Elektr energiyasidan Soliq va yigʻimlardan jami qarzdorlik jami qarzdorlikni toʻlash muddatlari asosiy qarzdorlik penya asosiy qarzdorlikni toʻlash muddatlari 2022-yil 2023-yil 2024-yil 2022-yil 2023-yil 2024-yil Qoraqalpogʻiston Respublikasi 648 276 216 216 216 viloyatlar: Andijon 13789 4 596,3 4 596,3 4 596,4 3 888 1 376 1 296 1 296 1 296 Buxoro 756 263 252 252 252 Jizzax 19823 6 607,7 6 607,7 6 607,6 1 440 503 480 480 480 Qashqadaryo 4899 1 633,0 1 633,0 1 633,0 3 096 993 1 032 1 032 1 032 Navoiy 8079 2 693,0 2 693,0 2 693,0 936 268 312 312 312 Namangan 4351 1 450,3 1 450,3 1 450,4 2 988 1 175 996 996 996 Samarqand 2 088 571 696 696 696 Surxondaryo 12 4,0 4,0 4,0 2 124 709 708 708 708 Sirdaryo 56380 18 793,3 18 793,3 18 793,4 3 960 1 434 1 320 1 320 1 320 Toshkent 27526 9 175,3 9 175,3 9 175,4 1 116 350 372 372 372 Fargʻona 5567 1 855,7 1 855,7 1 855,6 5 040 1 601 1 680 1 680 1 680 Xorazm 25 8,3 8,3 8,4 900 324 300 300 300 Jami 140 451,0 46 817,0 46 817,0 46 817,2 28 980 9 843 9 660 9 660 9 660

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2019-yil 11-dekabr,

982-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 12.12.2019-y., 09/19/982/4137-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son, 13.05.2022-y., 09/22/255/0412-son; 28.09.2023-y., 09/23/500/0732-son)

lex.uz