📅 2019-yil 17-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 17-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 17 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 декабря 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 December 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тошкент Кимё халқаро университети фаолиятини ташкил этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Республика иқтисодиёт тармоқлари учун архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм ва бизнес соҳаларида халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш, олий таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатларини янада кучайтириш, хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ҳамда Тошкент Кимё халқаро университети фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) «Global education school» нодавлат таълим муассасаси ҳамда «YUKET LLC» масъулияти чекланган жамияти (Корея Республикаси) (кейинги ўринларда — Муассис) ҳамкорлигида ташкил этилган «Тошкент Кимё халқаро университети» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона (кейинги ўринларда — Университет) ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг «Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2018 йил 27 мартдаги 241-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилган лицензия асосида 2018 йилнинг сентябрь ойидан бошлаганлиги;
б) Муассислар томонидан Университетнинг асосий вазифалари этиб:
меҳнат бозорининг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларига, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм, бизнес, тиббиёт, мехатроника ва робототехника соҳаларида ҳамда талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар бўйича олий малакали кадрлар тайёрлаш;
кадрлар тайёрлашда архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм, бизнес, тиббиёт, мехатроника ва робототехника соҳалари бўйича фаолият олиб бораётган ташкилотларда талабалар амалиётини мунтазам ташкил этиш;
ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда хорижий тажрибани, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ўқув жараёнига малакали хорижий, хорижда таҳсил олган ва малака оширган маҳаллий мутахассисларни жалб этиш;
илмий изланишларга эҳтиёжни инобатга олган ҳолда архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм, бизнес, тиббиёт, мехатроника ва робототехника соҳаларида ҳамда талаб юқори бўлган бошқа йўналишлар бўйича инновацион ва илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш;
архитектура ва шаҳарсозлик, қурилиш, муқобил энергия, туризм, бизнес, тиббиёт, мехатроника ва робототехника соҳаларида илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, интеграцияни кучайтириб бориш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;
Университет ректори Муассис томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда, лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;
Университетнинг тузилмаси Муассис томонидан тасдиқланади;
Университет таълим фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда Олий таълимнинг давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ Университет томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари асосида ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширади;
Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади;
Университетга талабалар умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотга эга абитуриентлар ўртасида кириш имтиҳонларини ўтказиш орқали қабул қилинади;
абитуриентларни қабул қилиш параметрлари ва тартиби, битирувчиларнинг якуний аттестацияси тартиби ва шартлари Университет томонидан Муассис билан келишилган ҳолда белгиланади;
Университетда тўлов-контракт асосида кундузги, сиртқи ва кечки шаклда ўқитилади, талабалар ўқиши учун тўлов-контракт маблағлари миқдори Муассис томонидан белгиланади.
3. Муассиснинг ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида бепул (Университет гранти асосида) 10 нафардан кам бўлмаган абитуриентларни ўқишга қабул қилиш мажбуриятларни ўз зиммасига олиши тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
4. Белгилаб қўйилсинки, Университетнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, уни ўқув ва лаборатория жиҳозлари, мебель, компьютер техникаси, ўқув ва услубий адабиётлар, шунингдек, бошқа моддий-техник жиҳозлар билан таъминлаш қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:
Университет муассислари маблағлари;
тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ташкилотларининг грантлари, шунингдек, хорижий ҳамкорларнинг маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
5. Университетда янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари меҳнат бозори талаблари ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда очилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг виза талабномаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Университет буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кўп марталик визалар давлат божи ундирилмасдан белгиланган тартибда берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш манзиллари бўйича вақтинча рўйхатдан ўтказилиши ҳамда муддати узайтирилишини таъминласин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 17 декабрь,
1007-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Toshkent Kimyo xalqaro universiteti faoliyatini tashkil etishning qoʻshimcha chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Respublika iqtisodiyot tarmoqlari uchun arxitektura va shaharsozlik, qurilish, muqobil energiya, turizm va biznes sohalarida xalqaro talablar va standartlarga muvofiq yuqori malakali kadrlar tayyorlash, oliy taʼlim sohasida davlat-xususiy sheriklik munosabatlarini yanada kuchaytirish, xorijiy davlatlarning yetakchi oliy taʼlim muassasalari bilan uzoq muddatli munosabatlarni rivojlantirish hamda Toshkent Kimyo xalqaro universiteti faoliyatini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
a) “Global education school” nodavlat taʼlim muassasasi hamda “YUKET LLC” masʼuliyati cheklangan jamiyati (Koreya Respublikasi) (keyingi oʻrinlarda — Muassis) hamkorligida tashkil etilgan “Toshkent Kimyo xalqaro universiteti” masʼuliyati cheklangan jamiyati shaklidagi qoʻshma korxona (keyingi oʻrinlarda — Universitet) oʻz faoliyatini Vazirlar Mahkamasining “Nodavlat taʼlim xizmatlari koʻrsatish sohasidagi faoliyatini litsenziyalash tartibini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2018-yil 27-martdagi 241-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi tomonidan berilgan litsenziya asosida 2018-yilning sentabr oyidan boshlaganligi;
b) Muassislar tomonidan Universitetning asosiy vazifalari etib:
mehnat bozorining ehtiyojlarini inobatga olgan holda, mamlakatni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanish istiqbollariga, shuningdek, 2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasida belgilangan vazifalarga muvofiq, arxitektura va shaharsozlik, qurilish, muqobil energiya, turizm, biznes, tibbiyot, mexatronika va robototexnika sohalarida hamda talab yuqori boʻlgan boshqa yoʻnalishlar boʻyicha oliy malakali kadrlar tayyorlash;
kadrlar tayyorlashda arxitektura va shaharsozlik, qurilish, muqobil energiya, turizm, biznes, tibbiyot, mexatronika va robototexnika sohalari boʻyicha faoliyat olib borayotgan tashkilotlarda talabalar amaliyotini muntazam tashkil etish;
oʻquv-tarbiya jarayonini tashkil etishda xorijiy tajribani, zamonaviy pedagogik va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish, oʻquv jarayoniga malakali xorijiy, xorijda tahsil olgan va malaka oshirgan mahalliy mutaxassislarni jalb etish;
ilmiy izlanishlarga ehtiyojni inobatga olgan holda arxitektura va shaharsozlik, qurilish, muqobil energiya, turizm, biznes, tibbiyot, mexatronika va robototexnika sohalarida hamda talab yuqori boʻlgan boshqa yoʻnalishlar boʻyicha innovatsion va ilmiy-tadqiqot faoliyatini olib borish;
arxitektura va shaharsozlik, qurilish, muqobil energiya, turizm, biznes, tibbiyot, mexatronika va robototexnika sohalarida ilmiy-tadqiqot va taʼlim muassasalari, tashkilotlar bilan mustahkam hamkorlik aloqalarini oʻrnatish, integratsiyani kuchaytirib borish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Belgilansinki:
Universitet masʼuliyati cheklangan jamiyat shaklidagi nodavlat oliy taʼlim tashkiloti hisoblanadi;
Universitet rektori Muassis tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan holda, lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod qilinadi;
Universitetning tuzilmasi Muassis tomonidan tasdiqlanadi;
Universitet taʼlim faoliyatini Oʻzbekiston Respublikasining taʼlim toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari hamda Oliy taʼlimning davlat taʼlim standarti talablariga muvofiq Universitet tomonidan ishlab chiqilib, tasdiqlangan oʻquv rejalari va dasturlari asosida oʻzbek, rus va ingliz tillarida amalga oshiradi;
Universitet bitiruvchilariga Oʻzbekiston Respublikasida oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjat sifatida eʼtirof etiladigan belgilangan namunadagi diplom beriladi;
Universitetga talabalar umumiy oʻrta, oʻrta maxsus, kasb-hunar maʼlumotga ega abituriyentlar oʻrtasida kirish imtihonlarini oʻtkazish orqali qabul qilinadi;
abituriyentlarni qabul qilish parametrlari va tartibi, bitiruvchilarning yakuniy attestatsiyasi tartibi va shartlari Universitet tomonidan Muassis bilan kelishilgan holda belgilanadi;
Universitetda toʻlov-kontrakt asosida kunduzgi, sirtqi va kechki shaklda oʻqitiladi, talabalar oʻqishi uchun toʻlov-kontrakt mablagʻlari miqdori Muassis tomonidan belgilanadi.
3. Muassisning har yili ijtimoiy himoyaga muhtoj oilalarning qobiliyatli, iqtidorli hamda oʻzlashtirish koʻrsatkichlari yuqori boʻlgan farzandlari orasidan tanlov asosida bepul (Universitet granti asosida) 10 nafardan kam boʻlmagan abituriyentlarni oʻqishga qabul qilish majburiyatlarni oʻz zimmasiga olishi toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
4. Belgilab qoʻyilsinki, Universitetning bino va inshootlarini rekonstruksiya qilish va kapital taʼmirlash, uni oʻquv va laboratoriya jihozlari, mebel, kompyuter texnikasi, oʻquv va uslubiy adabiyotlar, shuningdek, boshqa moddiy-texnik jihozlar bilan taʼminlash quyidagi manbalar hisobiga amalga oshiriladi:
Universitet muassislari mablagʻlari;
toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;
xoʻjalik faoliyatidan va shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan tushadigan tushumlar;
jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya tashkilotlarining grantlari, shuningdek, xorijiy hamkorlarning mablagʻlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
5. Universitetda yangi bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklari mehnat bozori talablari hamda ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanish istiqbollaridan kelib chiqib, belgilangan tartibda ochiladi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligining viza talabnomalariga binoan mazkur qarorni amalga oshirish doirasida jalb qilinadigan xorijiy professor-oʻqituvchilar tarkibi va maʼmuriy xodimlar hamda ularning oila aʼzolari uchun kirish vizalari konsullik yigʻimlari va haqiqiy xarajatlarning oʻrnini qoplash hisobidan yigʻimlar undirilmasdan, belgilangan tartibda rasmiylashtirilishini taʼminlasin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Universitet buyurtmanomalariga binoan mazkur qarorni amalga oshirish doirasida jalb qilinadigan xorijiy professor-oʻqituvchilar tarkibi va maʼmuriy xodimlar hamda ularning oila aʼzolari uchun koʻp martalik vizalar davlat boji undirilmasdan belgilangan tartibda berilishi va muddati uzaytirilishini, shuningdek, ularning yashash manzillari boʻyicha vaqtincha roʻyxatdan oʻtkazilishi hamda muddati uzaytirilishini taʼminlasin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari A.A. Abduxakimov, Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi boshligʻi U.N. Tashkenbayev zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 17-dekabr,
1007-son