📅 2019-yil 24-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019-yil 24-dekabr · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2019 йил 24 декабрь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 24 декабря 2019 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 24 December 2019 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҳажмлари
ҳажмлари
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»
Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида
Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш, экологик муҳитни барқарорлаштириш ҳамда табиий мувозанатни тиклаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Натижада ушбу ҳудудда 1 126 минг гектар майдон экишга тайёрланиб, 461 минг гектарда ўрмон барпо қилиш ишлари амалга оширилди, жумладан, 93 км масофада ҳимоя тўсиқлари ташкил этилиб, келгуси экиш мавсумларида ушбу ҳудудда экиш ишларини давом эттириш учун 420 гектар майдонда саксовул ниҳолхоналари ташкил этилди.
Орол денгизининг суви қуриган тубидан кўтарилаётган қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ишларини изчиллик билан давом эттириш ҳамда глобал иқлим ўзгаришлари ва Орол денгизи қуришининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ҳамда аҳолининг ҳаёти ва фаолиятига салбий таъсирини янада юмшатиш, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни тизимли амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Орол денгизининг суви қуриган тубида «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари (кейинги ўринларда «яшил қопламалар» деб аталади) барпо этишни давом эттириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар:
Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019 йилнинг куз-қиш ва 2020 йилнинг баҳор ва куз-қиш мавсумлари давомида «яшил қопламалар» барпо этиш ҳажмлари 1-иловага мувофиқ;
Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019 йилнинг куз-қиш ва 2020 йилнинг баҳор ва куз-қиш мавсумлари давомида «яшил қопламалар» барпо этиш учун чўл ўсимликлари уруғларини тайёрлаш ҳажмлари 2-иловага мувофиқ;
Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 2019 йилнинг қиш 2020 йил баҳор мавсумида ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш бўйича «Йўл харита»си 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудини белгиланган тартибда хатловдан ўтказсин, бунда:
тупроқ типларини ва шўрланиш даражасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилсин;
2019-2020 йилларда «яшил қопламалар» барпо этиладиган майдонларни аниқласин ва харитасини ишлаб чиқсин;
2019-2020 йилларда «яшил қопламалар» барпо этиладиган ер майдонлари доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида давлат ўрмон фондига берилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:
а) «яшил қопламалар» барпо этиладиган ҳудудларни ўрмон хўжаликларининг имкониятидан келиб чиқиб бириктирилишини, «яшил қопламалар» амалга ошириладиган ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорлари ўз муддатида ва сифатли барпо этилиши назорат қилинишини;
«яшил қопламалар» барпо этиладиган ўрмон хўжаликлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибига асосан белгиланган тартибда компенсация харажатлари тўланиши назарда тутилишини таъминласин;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019 йилнинг куз-қиш ва 2020 йилнинг баҳор ва куз-қиш мавсумлари давомида жами 700 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» барпо этилишини ташкил этсин.
5. Қуйидагилар «яшил қопламалар» барпо этишнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 15 февралдаги 132-сон қарорининг 1-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган маблағларнинг қолдиқ қисми 2019-2020 йиллар давомида «яшил қопламалар» барпо этиш учун Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг банкдаги ҳисобварағига 10 кун муддатда график асосида ўтказиб берилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда «яшил қопламалар» барпо этишга мўлжалланган лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиб, халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси «яшил қопламалар» барпо этиш учун:
ўрмон хўжаликларидан қўшимча 1000 нафар ходим жалб этилишини;
ишчилар озиқ-овқат ва махсус кийим-кечаклар билан таъминланишини;
чўл ўсимликлари уруғлари захирасини жамғариш ва экиш учун узлуксиз етказиб беришни;
касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш воситалари билан таъминлашни;
вақтинча бино ва иншоотлар қуришни;
авиация, алоқа ва бошқа хизматларни жалб этишни;
зарур техника ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш ва бошқа тадбирларни мувофиқлаштириб борсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши:
а) «яшил қопламалар» барпо этиш учун жалб этилган ишчи ходимларни ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўрсин;
б) Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан биргаликда:
заруратга кўра, кичик аэродромлар ташкил этилишини;
ишчи ходимларни ҳудуддаги яшаш жойидан «яшил қопламалар» барпо этиш жойигача бўлган масофага ташиш учун тадбиркорлик субъектларидан шартнома асосида 20 та автобус ва уруғ ташиш учун 10 та юк ташишга мўлжалланган транспорт воситалари ажратилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти билан биргаликда икки ҳафта муддатда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги тегишли ўрмон хўжаликларига зарур талабдан келиб чиқиб, суюлтирилган углеводород газини, ёқилғи-мойлаш маҳсулоти лимити ажратилишини белгиланган тартибда ҳал этиш чораларини кўрсин.
11. «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги тегишли ўрмон хўжаликларига ишчи ходимлар жойлашган вақтинча яшаш масканларини мавсум давомида газ баллонлари ва суюлтирилган углеводород газ билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўрсин.
Бунда газ баллонлари ва суюлтирилган углеводород газ «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти томонидан ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси талаби асосида тасдиқланган график асосида етказиб берилиши инобатга олинсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг сўровига асосан «яшил қопламалар» барпо этилаётган ҳудудда зарур алоқа воситаларидан фойдаланиш учун белгиланган тартибда шарт-шароитлар яратилишини таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги илмий-техник дастурлар доирасида эълон қилинган илмий-техник лойиҳалар танлови натижаларига асосан Оролбўйи минтақасида экологик ҳолатни яхшилаш, Орол фожиасининг салбий оқибатларини камайтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини самарали муҳофаза қилиш ҳамда ўрмон хўжалигини ривожлантириш муаммолари билан боғлиқ фундаментал, амалий, илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмаларга белгиланган тартибда экспертиза хулосалари олингандан кейин грантлар йўналтирилишини таъминласин.
14. Мўйноқ шаҳрини кўкаламзорлаштириш учун мос бўлган дарахт кўчатларини етиштириш, тайёрлаш, экиш ва парваришлаш ишларини тизимли ташкил этиш мақсадида:
а) Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:
Мўйноқ давлат ўрмон хўжалигида 20 гектар майдонда кўчатхона ташкил этилишини;
манзарали дарахт ва бута кўчатлари шартнома асосида етказиб берилишини таъминласин;
б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши:
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси биргаликда бир ой муддатда Мўйноқ шаҳрининг тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилишини ва агротехник талаблар асосида парваришланишини ташкил этиш бўйича молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, тасдиқласин.
15. Қуйидагилар Мўйноқ шаҳрини кўкаламзорлаштиришнинг молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар маблағлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Ж. Бакиров, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Р. Сариев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги 1031-сон қарорига 1-ИЛОВА
Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019 йилнинг куз-қиш ва 2020 йилнинг баҳор ва куз-қиш мавсумлари давомида «яшил қопламалар» барпо этиш
минг гектар Т/р Дарахт ва бута турлари 2019 — 2020 йилларда ўрмон барпо қилиш тадбирлари: шу жумладан: 2019 йил куз-қиш 2020 йил баҳор 2020 йил куз-қиш жами шундан: жами шундан: жами шундан: жами шундан: уруғдан кўчатдан уруғдан кўчатдан уруғдан кўчатдан уруғдан кўчатдан 1. Саксовул (қандим билан бирга) 500 400 100 109 80 29 212 180 32 179 140 39 2. Қорабуроқ 200 200 - 60 60 - 70 70 - 70 70 - Жами: 700 600 100 169 140 29 282 250 32 249 210 39
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги 1031-сон қарорига 2-ИЛОВА
Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019 йилнинг куз-қиш ва 2020 йилнинг баҳор ва куз-қиш мавсумлари давомида «яшил қопламалар» барпо этиш учун чўл ўсимликлари уруғларини тайёрлаш
тонна Т/р Дарахт ва бута турлари Жами 2019- 2020 йилларда тайёрланадиган уруғ миқдори шу жумладан: 2019 йил куз-қиш мавсумларида 2020 йил баҳор мавсумида 2020 йил куз-қиш мавсумларида 1. Саксовул 1064 376 332 356 2. Қандим 536 280 - 256 3. Қорабуроқ 800 150 300 350 Жами: 2400 806 632 962
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 декабрдаги 1031-сон қарорига 3-ИЛОВА
Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 2019 йилнинг қиш 2020 йил баҳор мавсумида ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш бўйича
Т/р Амалга ошириладиган тадбирлар Амалга ошириш механизми Муддати Масъуллар 1. 700 минг гектар майдонда ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш бўйича учун ер майдонларини аниқлаш. 1. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш бўйича ер майдонларини хатловдан ўтказиш. 2. Хатлов натижасидан аниқланган ер майдонларини ўрмон фонди ер балансига ўтказилишини таъминлаш. 2019 йил декабрь Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 2. Орол денгизининг суви қуриган тубида ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш учун ер майдонларининг тупроқ таркиби ва денгиз чўкиндилари турларини аниқлаш. 1. Орол денгизининг суви қуриган тубида ўрмон мелиорация тадбирлари ўтказиладиган майдонларни координатларини аниқлаш ва денгиз чўкиндилари турини ўрганиш. 2. Суви қуриган денгиз ости чўкинди ётқизиқларининг турларидан келиб чиқиб, ўрмон мелиорация тадбирлари бажариладиган ҳудудларни карта — схемасини тайёрлаш. 3. Ҳудудда ўрмон мелиорация тадбирларини ўтказиш технологиясини ва экиладиган дарахт ва бута турларини аниқлаш. 4. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш усулларини ишлаб чиқиш. 2019 йил декабрь Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 3. Орол денгизининг суви қуриган тубида ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш учун талаб этиладиган уруғлик захирасини жамғариш. 1. Чўл ва яйлов ўсимликлари уруғлари тайёрланадиган ўрмонзорларни ва бутазор майдонларини аниқлаш. 2. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш бўйича лойиҳа ҳужжатларидан келиб чиқиб, чўл ва яйлов ўсимликлари уруғларини турлари бўйича уруғлик жамғариш ҳажмини аниқлаш. 2019 йил декабрь Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 4. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш учун талаб этиладиган техника, транспорт воситалари, агрегатлар ва механизмлар, эҳтиёт қисмлар, вагон уйлар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, алоқа воситалари, ишчи кучи, озиқ-овқат ва кийим-кечаклар дислокациясини белгилаш. 1. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш учун талаб этиладиган техника, транспорт воситалари, агрегатлар ва механизмлар, эҳтиёт қисмлар, вагон уйлар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, алоқа воситалари, ишчи кучи, озиқ-овқат ва кийим-кечаклар ва зарур маблағларни миқдори ва манбасини ишлаб чиқиш. 2. Ишчи кучи дислокациясини ишлаб чиқиш. 2019 йил декабрь Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши 5. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш учун талаб этиладиган техникалар билан таъминлаш ҳамда жалб этиладиган ишчи-ходимларга қулай шарт-шароитлар яратиш. 1. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга оширишда қатнашаётган ишчи-ходимлар яшашлари, уларнинг ҳордиқ чиқариш?ари ва овқатланишлари учун махсус мослаштирилган мобил вагончалар (кўчма ётоқлар)ни таъмирлаш ва мавсум давомида соз ҳолатда сақлаш мақсадида зарур эҳтиёт қисмлар билан бирга тегишли мутахассисларни юбориш. 2. Ҳудуднинг совуқ об-ҳаво шароитини инобатга олиб, ишчи-ходимлар учун қишки кийим-кечак, қўлқоплар, захира оёқ кийимлар, термос ҳамда бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлашни ташкил этиш. 3. Ҳудудлардан сафарбар этилаётган техникаларнинг соз ҳолатда бўлиши, ишчи-ходимларнинг оилаларидан хабар олиб туриш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш. 2019 йил декабрь мавсум даврида Доимий Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 6. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш учун ҳудудлардан жалб этиладиган трактор ва бошқа техникаларни Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига етказиш. 1. Тадбирга жалб этиладиган трактор ва бошқа техникаларни Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига етказиб бериш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудлар жойлашувини инобатга олган ҳолда график ишлаб чиқиш. 2. Тасдиқланган график асосида трактор ва бошқа техникаларнинг Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманига етказилишини ташкил этиш. 2019 йил декабрь Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 7. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга оширишда АН-2 самолётларидан фойдланишни ташкил этиш. 1. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш учун шартнома асосида АН-2 самолётларини жалб этиш. 2. Ҳудудда авиация учун зарур аэродромлар ва йўлларни ташкил этиш. 3. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш учун жалб этилган АН-2 самолётларини узлуксиз ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш. Экиш мавсумида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Транспорт вазирлиги, «Uzbekistan Нelicopters» МЧЖ 8. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга ошириш (саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари уруғларини сепиш, ниҳолларини экиш). 1. Аниқланган ҳудудлардан уруғ теришни ташкил этиш ва ушбу тадбирларга маҳаллий аҳолини жалб этиш чоралар кўриш. 2. Терилган уруғларни техникалар билан экиладиган ҳудудларга ва вақтинча аэродромларга етказиш. 3. Уруғларни АН-2 самолётларида экишни ташкил этиш. 4. Техникалар ёрдамида уруғ экиладиган ҳудудларни белгилаб чиқиш. 5. Уруғларни экишни ташкил этиш. 6. Саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари ниҳолларни қазиш бўйича гуруҳлар тузиш. 7. Саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экиладиган ҳудудларга ниҳолларни, кўчат экиш агрегатларини ва кўчат экиш мосламаларини (меч Колесева) етказиш. 8. Қум билан тўлган ариқларни аниқлаш. 9. Уруғ ва ниҳолларни сифатли экилишини мониторинг қилиш. 2019 йил декабрь — 2020 йил март Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Транспорт вазирлиги, «Uzbekistan Нelicopters» МЧЖ 9. Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжаликларида чўл ўсимликлари ниҳоларини етиштириш учун кўчатхоналар ташкил этиш. 1. Кўчатхоналар ташкил этиш учун ер майдонларини аниқлаш ва уларни экишга тайёрлаш. 2. Кўчатхоналарга саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари уруғларини экиш. 2019 йил декабрь — 2020 йил февраль Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 10. 3 минг гектар майдонда маҳсулдор яйловзорлар барпо этиш. 1. Яйлов ўсимликлари ўсадиган ҳудудларни аниқлаш. 2. Аниқланган ҳудудлардан уруғларни тайёрлашни ташкил этиш. 3. Тайёрланган уруғларни экиладиган ҳудудларга етказиш. 4. Яйлов ўсимликлари уруғларини уруғларини алоҳида турма-тур экишни ташкил этиш. 2019 йил декабрь Экиш мавсумида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 11. Ўрмон мелиорация тадбирларини узлуксиз молиялаштиришни ташкил этиш. Ишлаб чиқилган лойиҳа смета харажатларига асосан молиялаштиришни ташкил этиш. 2019 йил IV чорак ва 2020 йил I чоракда Молия вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 12. Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида «Яшил воҳа» барпо этишни ташкил этиш. 1. «Яшил воҳа» барпо этиш учун 3 гектар ер майдонини аниқлаш. 2. Танланган ер майдонини экишга тайёрлаш. 3. «Яшил воҳа» барпо этиш учун талаб этиладиган манзарали ва мевали дарахт ва бута турларини аниқлаш. 4. Танланган манзарали ва мевали дарахт ва бута кўчатларини экиш. 2019 йил декабрь 2020 йил, март-апрель Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси 13. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга оширишни ташкил этишни мониторинг қилиш. 1. Ўрмон мелиорация тадбирларини амалга оширишни ташкил этишни мониторинг қилиш мақсадида масъул ходимлардан иборат ишчи гуруҳ тузиб, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида махсус «Штаб» фаолиятини ташкил этиш. 2. Ҳар бир ҳудудларга бириктирилган масъуллар томонидан тақдим этилган кунлик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш, умумлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб борилишини таъминлаш. Мавсум давомида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 24 декабрь,
1031-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
hajmlari
hajmlari
“YOʻL XARITASI”
Orol dengizi tubidagi suvi qurigan hududlarda “yashil qoplamalar” — himoya oʻrmonzorlari barpo etish boʻyicha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Orol dengizi tubidagi suvi qurigan hududlarda “yashil qoplamalar” — himoya oʻrmonzorlari barpo etish, ekologik muhitni barqarorlashtirish hamda tabiiy muvozanatni tiklash maqsadida tizimli ishlar olib borilmoqda.
Natijada ushbu hududda 1 126 ming gektar maydon ekishga tayyorlanib, 461 ming gektarda oʻrmon barpo qilish ishlari amalga oshirildi, jumladan, 93 km masofada himoya toʻsiqlari tashkil etilib, kelgusi ekish mavsumlarida ushbu hududda ekish ishlarini davom ettirish uchun 420 gektar maydonda saksovul niholxonalari tashkil etildi.
Orol dengizining suvi qurigan tubidan koʻtarilayotgan qum, tuz va chang zarrachalarining salbiy taʼsirini kamaytirish, ushbu hududlarda choʻl oʻsimliklaridan “yashil qoplamalar” — himoya oʻrmonzorlari barpo etish ishlarini izchillik bilan davom ettirish hamda global iqlim oʻzgarishlari va Orol dengizi qurishining qishloq xoʻjaligi rivojlanishi hamda aholining hayoti va faoliyatiga salbiy taʼsirini yanada yumshatish, shuningdek, 2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasida belgilangan vazifalarni tizimli amalga oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi va Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining Orol dengizining suvi qurigan tubida “yashil qoplamalar” — himoya oʻrmonzorlari (keyingi oʻrinlarda “yashil qoplamalar” deb ataladi) barpo etishni davom ettirish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
2. Quyidagilar:
Orol dengizining suvi qurigan hududida 2019-yilning kuz-qish va 2020-yilning bahor va kuz-qish mavsumlari davomida “yashil qoplamalar” barpo etish hajmlari 1-ilovaga muvofiq;
Orol dengizining suvi qurigan hududida 2019-yilning kuz-qish va 2020-yilning bahor va kuz-qish mavsumlari davomida “yashil qoplamalar” barpo etish uchun choʻl oʻsimliklari urugʻlarini tayyorlash hajmlari 2-ilovaga muvofiq;
Orol dengizining suvi qurigan hududlarida 2019-yilning qish 2020-yil bahor mavsumida oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish boʻyicha “Yoʻl xarita”si 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Oʻzbekiston Respublikasi Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi hamda Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi bilan birgalikda bir oy muddatda Orol dengizining suvi qurigan hududini belgilangan tartibda xatlovdan oʻtkazsin, bunda:
tuproq tiplarini va shoʻrlanish darajasini oʻrganishga alohida eʼtibor qaratilsin;
2019-2020-yillarda “yashil qoplamalar” barpo etiladigan maydonlarni aniqlasin va xaritasini ishlab chiqsin;
2019-2020-yillarda “yashil qoplamalar” barpo etiladigan yer maydonlari doimiy foydalanish huquqi asosida davlat oʻrmon fondiga berilishini taʼminlasin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi:
a) “yashil qoplamalar” barpo etiladigan hududlarni oʻrmon xoʻjaliklarining imkoniyatidan kelib chiqib biriktirilishini, “yashil qoplamalar” amalga oshiriladigan hududlarda himoya oʻrmonzorlari oʻz muddatida va sifatli barpo etilishi nazorat qilinishini;
“yashil qoplamalar” barpo etiladigan oʻrmon xoʻjaliklari xodimlariga Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi va uning tizimiga kiruvchi tashkilotlar xodimlari mehnatiga haq toʻlash tartibiga asosan belgilangan tartibda kompensatsiya xarajatlari toʻlanishi nazarda tutilishini taʼminlasin;
b) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi bilan birgalikda Orol dengizining suvi qurigan hududida 2019-yilning kuz-qish va 2020-yilning bahor va kuz-qish mavsumlari davomida jami 700 ming gektar maydonda “yashil qoplamalar” barpo etilishini tashkil etsin.
5. Quyidagilar “yashil qoplamalar” barpo etishning moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjetining prognozga nisbatan oshirib bajarilgan qismi hisobidan ajratiladigan mablagʻlar;
yuridik va jismoniy shaxslarning, shu jumladan Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya institutlari va donor tashkilotlar mablagʻlari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
6. “Oʻzbekneftgaz” aksiyadorlik jamiyati Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Orol dengizi tubidagi suvi qurigan hududlarda “yashil qoplamalar” — himoya oʻrmonzorlari barpo etishni jadallashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 15-fevraldagi 132-son qarorining 1-bandi uchinchi xatboshisida nazarda tutilgan mablagʻlarning qoldiq qismi 2019-2020-yillar davomida “yashil qoplamalar” barpo etish uchun Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasining bankdagi hisobvaragʻiga 10 kun muddatda grafik asosida oʻtkazib berilishini taʼminlasin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan birgalikda “yashil qoplamalar” barpo etishga moʻljallangan loyiha takliflarini ishlab chiqib, xalqaro moliya institutlari va donor tashkilotlarning mablagʻlarini jalb etish choralarini koʻrsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi “yashil qoplamalar” barpo etish uchun:
oʻrmon xoʻjaliklaridan qoʻshimcha 1000 nafar xodim jalb etilishini;
ishchilar oziq-ovqat va maxsus kiyim-kechaklar bilan taʼminlanishini;
choʻl oʻsimliklari urugʻlari zaxirasini jamgʻarish va ekish uchun uzluksiz yetkazib berishni;
kasallik va zararkunandalarga qarshi kurashish vositalari bilan taʼminlashni;
vaqtincha bino va inshootlar qurishni;
aviatsiya, aloqa va boshqa xizmatlarni jalb etishni;
zarur texnika va asbob-uskunalarni sotib olish va boshqa tadbirlarni muvofiqlashtirib borsin.
9. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi:
a) “yashil qoplamalar” barpo etish uchun jalb etilgan ishchi xodimlarni ichimlik suvi bilan uzluksiz taʼminlash choralarini koʻrsin;
b) Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi bilan birgalikda:
zaruratga koʻra, kichik aerodromlar tashkil etilishini;
ishchi xodimlarni hududdagi yashash joyidan “yashil qoplamalar” barpo etish joyigacha boʻlgan masofaga tashish uchun tadbirkorlik subyektlaridan shartnoma asosida 20 ta avtobus va urugʻ tashish uchun 10 ta yuk tashishga moʻljallangan transport vositalari ajratilishini taʼminlasin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va sanoat vazirligi Energetika vazirligi, “Oʻzbekneftgaz” aksiyadorlik jamiyati bilan birgalikda ikki hafta muddatda Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi tizimidagi tegishli oʻrmon xoʻjaliklariga zarur talabdan kelib chiqib, suyultirilgan uglevodorod gazini, yoqilgʻi-moylash mahsuloti limiti ajratilishini belgilangan tartibda hal etish choralarini koʻrsin.
11. “Hududgaztaʼminot” aksiyadorlik jamiyati Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi bilan birgalikda Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi tizimidagi tegishli oʻrmon xoʻjaliklariga ishchi xodimlar joylashgan vaqtincha yashash maskanlarini mavsum davomida gaz ballonlari va suyultirilgan uglevodorod gaz bilan uzluksiz taʼminlash choralarini koʻrsin.
Bunda gaz ballonlari va suyultirilgan uglevodorod gaz “Hududgaztaʼminot” aksiyadorlik jamiyati tomonidan va yoqilgʻi-moylash mahsulotlari “Oʻzbekneftgaz” aksiyadorlik jamiyati tomonidan Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi talabi asosida tasdiqlangan grafik asosida yetkazib berilishi inobatga olinsin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasining soʻroviga asosan “yashil qoplamalar” barpo etilayotgan hududda zarur aloqa vositalaridan foydalanish uchun belgilangan tartibda shart-sharoitlar yaratilishini taʼminlasin.
13. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi ilmiy-texnik dasturlar doirasida eʼlon qilingan ilmiy-texnik loyihalar tanlovi natijalariga asosan Orolboʻyi mintaqasida ekologik holatni yaxshilash, Orol fojiasining salbiy oqibatlarini kamaytirish, oʻsimlik va hayvonot dunyosini samarali muhofaza qilish hamda oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish muammolari bilan bogʻliq fundamental, amaliy, ilmiy-tadqiqot va innovatsion ishlanmalarga belgilangan tartibda ekspertiza xulosalari olingandan keyin grantlar yoʻnaltirilishini taʼminlasin.
14. Moʻynoq shahrini koʻkalamzorlashtirish uchun mos boʻlgan daraxt koʻchatlarini yetishtirish, tayyorlash, ekish va parvarishlash ishlarini tizimli tashkil etish maqsadida:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi:
Moʻynoq davlat oʻrmon xoʻjaligida 20 gektar maydonda koʻchatxona tashkil etilishini;
manzarali daraxt va buta koʻchatlari shartnoma asosida yetkazib berilishini taʼminlasin;
b) Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi:
Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi va Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi birgalikda bir oy muddatda Moʻynoq shahrining tuproq-iqlim sharoitiga mos boʻlgan manzarali daraxt va buta koʻchatlari ekilishini va agrotexnik talablar asosida parvarishlanishini tashkil etish boʻyicha moliyalashtirish manbalarini aniq koʻrsatgan holda kompleks chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqib, tasdiqlasin.
15. Quyidagilar Moʻynoq shahrini koʻkalamzorlashtirishning moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi respublika budjetining prognozga nisbatan oshirib bajarilgan qismi hisobidan ajratiladigan mablagʻlar;
Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasining Oʻrmon xoʻjaligini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari;
yuridik va jismoniy shaxslarning, shu jumladan Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlarining homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya institutlari va donor tashkilotlar mablagʻlari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
16. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha maslahatchisi A.D. Vaxabov, Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi raisi N.J. Bakirov, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi Q.R. Sariyev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 24-dekabrdagi 1031-son qaroriga 1-ILOVA
Orol dengizining suvi qurigan hududida 2019-yilning kuz-qish va 2020-yilning bahor va kuz-qish mavsumlari davomida “yashil qoplamalar” barpo etish
ming gektar T/r Daraxt va buta turlari 2019 — 2020-yillarda oʻrmon barpo qilish tadbirlari: shu jumladan: 2019-yil kuz-qish 2020-yil bahor 2020-yil kuz-qish jami shundan: jami shundan: jami shundan: jami shundan: urugʻdan koʻchatdan urugʻdan koʻchatdan urugʻdan koʻchatdan urugʻdan koʻchatdan 1. Saksovul (qandim bilan birga) 500 400 100 109 80 29 212 180 32 179 140 39 2. Qoraburoq 200 200 - 60 60 - 70 70 - 70 70 - Jami: 700 600 100 169 140 29 282 250 32 249 210 39
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 24-dekabrdagi 1031-son qaroriga 2-ILOVA
Orol dengizining suvi qurigan hududida 2019-yilning kuz-qish va 2020-yilning bahor va kuz-qish mavsumlari davomida “yashil qoplamalar” barpo etish uchun choʻl oʻsimliklari urugʻlarini tayyorlash
tonna T/r Daraxt va buta turlari Jami 2019- 2020-yillarda tayyorlanadigan urugʻ miqdori shu jumladan: 2019-yil kuz-qish mavsumlarida 2020-yil bahor mavsumida 2020-yil kuz-qish mavsumlarida 1. Saksovul 1064 376 332 356 2. Qandim 536 280 - 256 3. Qoraburoq 800 150 300 350 Jami: 2400 806 632 962
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 24-dekabrdagi 1031-son qaroriga 3-ILOVA
Orol dengizining suvi qurigan hududlarida 2019-yilning qish 2020-yil bahor mavsumida oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish boʻyicha
T/r Amalga oshiriladigan tadbirlar Amalga oshirish mexanizmi Muddati Masʼullar 1. 700 ming gektar maydonda oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish boʻyicha uchun yer maydonlarini aniqlash. 1. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish boʻyicha yer maydonlarini xatlovdan oʻtkazish. 2. Xatlov natijasidan aniqlangan yer maydonlarini oʻrmon fondi yer balansiga oʻtkazilishini taʼminlash. 2019-yil dekabr Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi, Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi 2. Orol dengizining suvi qurigan tubida oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish uchun yer maydonlarining tuproq tarkibi va dengiz choʻkindilari turlarini aniqlash. 1. Orol dengizining suvi qurigan tubida oʻrmon melioratsiya tadbirlari oʻtkaziladigan maydonlarni koordinatlarini aniqlash va dengiz choʻkindilari turini oʻrganish. 2. Suvi qurigan dengiz osti choʻkindi yotqiziqlarining turlaridan kelib chiqib, oʻrmon melioratsiya tadbirlari bajariladigan hududlarni karta — sxemasini tayyorlash. 3. Hududda oʻrmon melioratsiya tadbirlarini oʻtkazish texnologiyasini va ekiladigan daraxt va buta turlarini aniqlash. 4. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish usullarini ishlab chiqish. 2019-yil dekabr Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi 3. Orol dengizining suvi qurigan tubida oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish uchun talab etiladigan urugʻlik zaxirasini jamgʻarish. 1. Choʻl va yaylov oʻsimliklari urugʻlari tayyorlanadigan oʻrmonzorlarni va butazor maydonlarini aniqlash. 2. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish boʻyicha loyiha hujjatlaridan kelib chiqib, choʻl va yaylov oʻsimliklari urugʻlarini turlari boʻyicha urugʻlik jamgʻarish hajmini aniqlash. 2019-yil dekabr Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi 4. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish uchun talab etiladigan texnika, transport vositalari, agregatlar va mexanizmlar, ehtiyot qismlar, vagon uylar, yoqilgʻi-moylash mahsulotlari, aloqa vositalari, ishchi kuchi, oziq-ovqat va kiyim-kechaklar dislokatsiyasini belgilash. 1. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish uchun talab etiladigan texnika, transport vositalari, agregatlar va mexanizmlar, ehtiyot qismlar, vagon uylar, yoqilgʻi-moylash mahsulotlari, aloqa vositalari, ishchi kuchi, oziq-ovqat va kiyim-kechaklar va zarur mablagʻlarni miqdori va manbasini ishlab chiqish. 2. Ishchi kuchi dislokatsiyasini ishlab chiqish. 2019-yil dekabr Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi 5. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish uchun talab etiladigan texnikalar bilan taʼminlash hamda jalb etiladigan ishchi-xodimlarga qulay shart-sharoitlar yaratish. 1. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirishda qatnashayotgan ishchi-xodimlar yashashlari, ularning hordiq chiqarish?ari va ovqatlanishlari uchun maxsus moslashtirilgan mobil vagonchalar (koʻchma yotoqlar)ni taʼmirlash va mavsum davomida soz holatda saqlash maqsadida zarur ehtiyot qismlar bilan birga tegishli mutaxassislarni yuborish. 2. Hududning sovuq ob-havo sharoitini inobatga olib, ishchi-xodimlar uchun qishki kiyim-kechak, qoʻlqoplar, zaxira oyoq kiyimlar, termos hamda boshqa zarur jihozlar bilan taʼminlashni tashkil etish. 3. Hududlardan safarbar etilayotgan texnikalarning soz holatda boʻlishi, ishchi-xodimlarning oilalaridan xabar olib turish va ularni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash choralarini koʻrish. 2019-yil dekabr mavsum davrida Doimiy Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari 6. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish uchun hududlardan jalb etiladigan traktor va boshqa texnikalarni Qoraqalpogʻiston Respublikasining Moʻynoq tumaniga yetkazish. 1. Tadbirga jalb etiladigan traktor va boshqa texnikalarni Qoraqalpogʻiston Respublikasining Moʻynoq tumaniga yetkazib berish yuzasidan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyat hokimliklari bilan birgalikda hududlar joylashuvini inobatga olgan holda grafik ishlab chiqish. 2. Tasdiqlangan grafik asosida traktor va boshqa texnikalarning Qoraqalpogʻiston Respublikasining Moʻynoq tumaniga yetkazilishini tashkil etish. 2019-yil dekabr Transport vazirligi, “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari 7. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirishda AN-2 samolyotlaridan foydlanishni tashkil etish. 1. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish uchun shartnoma asosida AN-2 samolyotlarini jalb etish. 2. Hududda aviatsiya uchun zarur aerodromlar va yoʻllarni tashkil etish. 3. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish uchun jalb etilgan AN-2 samolyotlarini uzluksiz yoqilgʻi-moylash mahsulotlari va ehtiyot qismlar bilan taʼminlash. Ekish mavsumida Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Transport vazirligi, “Uzbekistan Nelicopters” MCHJ 8. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirish (saksovul va boshqa choʻl oʻsimliklari urugʻlarini sepish, nihollarini ekish). 1. Aniqlangan hududlardan urugʻ terishni tashkil etish va ushbu tadbirlarga mahalliy aholini jalb etish choralar koʻrish. 2. Terilgan urugʻlarni texnikalar bilan ekiladigan hududlarga va vaqtincha aerodromlarga yetkazish. 3. Urugʻlarni AN-2 samolyotlarida ekishni tashkil etish. 4. Texnikalar yordamida urugʻ ekiladigan hududlarni belgilab chiqish. 5. Urugʻlarni ekishni tashkil etish. 6. Saksovul va boshqa choʻl oʻsimliklari nihollarni qazish boʻyicha guruhlar tuzish. 7. Saksovul va boshqa choʻl oʻsimliklari ekiladigan hududlarga nihollarni, koʻchat ekish agregatlarini va koʻchat ekish moslamalarini (mech Koleseva) yetkazish. 8. Qum bilan toʻlgan ariqlarni aniqlash. 9. Urugʻ va nihollarni sifatli ekilishini monitoring qilish. 2019-yil dekabr — 2020-yil mart Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Transport vazirligi, “Uzbekistan Nelicopters” MCHJ 9. Qoraqalpogʻiston Respublikasi oʻrmon xoʻjaliklarida choʻl oʻsimliklari niholarini yetishtirish uchun koʻchatxonalar tashkil etish. 1. Koʻchatxonalar tashkil etish uchun yer maydonlarini aniqlash va ularni ekishga tayyorlash. 2. Koʻchatxonalarga saksovul va boshqa choʻl oʻsimliklari urugʻlarini ekish. 2019-yil dekabr — 2020-yil fevral Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi 10. 3 ming gektar maydonda mahsuldor yaylovzorlar barpo etish. 1. Yaylov oʻsimliklari oʻsadigan hududlarni aniqlash. 2. Aniqlangan hududlardan urugʻlarni tayyorlashni tashkil etish. 3. Tayyorlangan urugʻlarni ekiladigan hududlarga yetkazish. 4. Yaylov oʻsimliklari urugʻlarini urugʻlarini alohida turma-tur ekishni tashkil etish. 2019-yil dekabr Ekish mavsumida Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi 11. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini uzluksiz moliyalashtirishni tashkil etish. Ishlab chiqilgan loyiha smeta xarajatlariga asosan moliyalashtirishni tashkil etish. 2019-yil IV chorak va 2020-yil I chorakda Moliya vazirligi, Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi 12. Orol dengizining suvi qurigan hududida “Yashil voha” barpo etishni tashkil etish. 1. “Yashil voha” barpo etish uchun 3 gektar yer maydonini aniqlash. 2. Tanlangan yer maydonini ekishga tayyorlash. 3. “Yashil voha” barpo etish uchun talab etiladigan manzarali va mevali daraxt va buta turlarini aniqlash. 4. Tanlangan manzarali va mevali daraxt va buta koʻchatlarini ekish. 2019-yil dekabr 2020-yil, mart-aprel Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi 13. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirishni tashkil etishni monitoring qilish. 1. Oʻrmon melioratsiya tadbirlarini amalga oshirishni tashkil etishni monitoring qilish maqsadida masʼul xodimlardan iborat ishchi guruh tuzib, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Moʻynoq tumanida maxsus “Shtab” faoliyatini tashkil etish. 2. Har bir hududlarga biriktirilgan masʼullar tomonidan taqdim etilgan kunlik maʼlumotlarni toʻplash, tahlil qilish, umumlashtirish va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi hamda Vazirlar Mahkamasiga taqdim etib borilishini taʼminlash. Mavsum davomida Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2019-yil 24-dekabr,
1031-son