UzbekAI

← Qonunlar

📅 2019-yil 27-noyabr · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Davlat soliq qoʻmitasi

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2019 йил 27 ноябрь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Давлат солиқ қўмитаси

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 27 ноября 2019 г. · Документы министерств и ведомств · Государственного налогового комитета

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 27 November 2019 · Ministry and agency documents · Davlat soliq qoʻmitasi

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг

Қарори

НИЗОМ

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги ПҚ-4389-сон «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қарор қилади:

1. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2019 йил 27 ноябрдаги 2019-58-сон қарорига ИЛОВА

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги ПҚ-4389-сон «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан давлат солиқ хизмати органлари (бундан буён матнда солиқ органи деб юритилади) томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шаклларда амалга ошириладиган солиқ назорати тадбирини видеотасвирга олиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

солиқ назорати тадбири — Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ солиқ тўловчиларда солиқ назоратининг айрим шаклларида амалга ошириладиган тадбирлар (бундан буён матнда назорат тадбири деб юритилади);

видеотасвирга олиш мосламалари — видеотасвирга олиш қурилмалари, жумладан видеокамералар ва видеотасвирга олиш имконини берувчи бошқа қурилмалар;

видеотасвирга олиш жараёнининг иштирокчилари (бундан буён матнда иштирокчилар деб юритилади) — солиқ органининг ходимлари, солиқ тўловчилар ҳамда уларнинг вакиллари ва бошқа шахслар (назорат тадбирига жалб қилинган мутахассислар, экспертлар, таржимонлар, зарур ҳолларда холис ва харидорлар);

видеотасвирга олиш — солиқ органи раҳбари ёки раҳбар ўринбосарининг буйруғига асосан иштирокчилар томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган назорат тадбири жараёнини видеотасвирга олиш мосламаларидан фойдаланган ҳолда кузатиш ва қайд этиш (тасвирга олиш).

2. Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган солиқ назорати жараёнини, далилларни қайд этиш учун назорат тадбирлари жараёни видеотасвирга олинади, бундан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда видеотасвирга олиш тақиқланган муайян тартибга бўйсунувчи объектлар мустасно.

3. Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчи тўғрисида олинган ҳар қандай маълумот солиқ сирини ташкил этади, бундан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно. Солиқ органига келиб тушган, солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлар сақлаш ва фойдаланишнинг махсус режимига эга бўлади.

2-боб. Видеотасвирга олиш жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

4. Назорат тадбирини видеотасвирга олиш жараёнида солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:

а) солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари ҳуқуқлари:

солиқ органининг назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи билан танишиш;

назорат тадбири якуни бўйича олинган видеотасвир маълумотларидан нусха олиш;

солиқ органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

солиқ органлари мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилиш;

солиқ органи томонидан амалга ошириладиган назорат тадбири жараёнини видеотасвирга олиш;

б) солиқ тўловчилар ва уларнинг вакиллари мажбуриятлари:

назорат тадбирини солиқ органи томонидан видеотасвирга олиш учун шароит яратиш;

солиқ органи мансабдор шахсларининг назорат тадбирини видеотасвирга олишига тўсқинлик қилмаслик;

солиқ органи ходимларининг талабига кўра назорат тадбири якуни бўйича олинган видеотасвир маълумотларидан нусха бериш.

5. Видеотасвирга олиш жараёнида солиқ органининг мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:

а) солиқ органи мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари:

солиқ органи томонидан амалга ошириладиган назорат тадбири жараёнини солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари ва бошқа шахслар иштирокида видеотасвирга олиш;

солиқ тўловчидан видеотасвирга олиш жараёнининг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган ҳолатларни бартараф этишни талаб қилиш;

назорат тадбири якуни бўйича солиқ тўловчи ва унинг вакиллари томонидан олинган видеотасвир маълумотларидан нусха олиш;

б) солиқ органи мансабдор шахсларининг мажбуриятлари:

иштирокчиларни назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан таништириш;

назорат тадбири жараёнида солиқ тўловчи ҳамда унинг вакиллари ва бошқа шахсларга видеотасвирга олиш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш;

солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари талабига кўра солиқ назорати тадбири якуни бўйича олинган видеотасвир маълумотларидан нусха бериш;

солиқ тўловчи ва унинг вакиллари фаолиятига алоқадор ахборотларни бошқа шахсларга ошкор этмаслик, бундан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно;

солиқ тўловчи ва унинг вакилларининг назорат тадбирини видеотасвирга олишига тўсқинлик қилмаслик.

6. Видеотасвирга олиш жараёнининг иштирокчилари бўлган бошқа шахслар қуйидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга:

а) видеотасвирга олиш жараёни иштирокчилари бўлган бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари:

видеотасвирга олиш жараёнининг сабаблари билан танишиш;

видеотасвирга олиниши юзасидан ўз эътирозларини билдириш;

б) видеотасвирга олиш жараёнининг иштирокчилари бўлган бошқа шахсларнинг мажбуриятлари:

солиқ органи мансабдор шахсларининг назорат тадбирини видеотасвирга олиш жараёнига тўсқинлик қилмаслик;

назорат тадбири жараёнида ўзига маълум бўлган солиқ тўловчи ва унинг вакиллари фаолиятига алоқадор ахборотларни бошқа шахсларга ошкор этмаслик, бундан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.

3-боб. Назорат тадбирларини видеотасвирга олиш

7. Назорат тадбирлари жараёнини видеотасвирга олиш солиқ органи раҳбари ёки раҳбар ўринбосарининг назорат тадбирини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи асосида амалга оширилади.

8. Солиқ органи томонидан қуйидаги назорат тадбирларининг видеотасвирга олинишига йўл қўйилади:

солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни ҳисобга олишда;

хронометраж кўздан кечиришда;

хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги сонининг ва ҳақиқий сонининг мувофиқлиги юзасидан мониторингда;

солиқ текширувларида;

назорат-касса техникасини қўллашда;

акциз тўланадиган айрим турдаги товарларни маркалашда;

солиқ мониторингида.

9. Амалга ошириладиган назорат тадбирида қуйидаги жараёнлар видеотасвирга олинади:

солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектлари билан боғлиқ ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо ҳамда бошқа биноларини, шу жумладан жойларни кўздан кечириш, шунингдек солиқ тўловчининг мол-мулкини инвентаризациядан ўтказишда;

солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик фактини қайд этишда;

назорат хариди билан бошланадиган текширишларда харид кузатувини амалга оширилиши, назорат-касса техникаси ҳамда тўлов терминаллари кўрсаткичи бўйича ҳисоботларни олиниши ҳамда кассадаги пул маблағларини саноқдан ўтказилиши жараёнини кузатишда;

солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари томонидан текшириш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари томонидан текшириш ҳужжатларига имзо қўйишдан бош тортилганда;

солиқ тўловчи ҳамда унинг вакиллари ва бошқа шахслар томонидан солиқ назоратининг амалга оширилишига тўсқинлик қилинганда;

солиққа оид ҳуқуқбузарлик предметлари (буюм ва ҳужжатлар), иш бўйича далиллар олиб қўйилганда;

солиқ тўловчи ёки унинг вакилларининг талабларига кўра;

зарур бўлганда ҳужжатлар нусхаларини тайёрлашда ҳамда иш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларда.

10. Назорат тадбирини видеотасвирга олиш солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолиятини тўхтатиб қўймайдиган ва фаолият кўрсатишига зиён етказмайдиган тарзда амалга оширилади.

11. Видеотасвирга олиш вақти назорат тадбирида солиқ тўловчи томонидан даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёки солиқ солиш объектлари билан боғлиқ ҳудудларни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо ҳамда бошқа биноларни, шу жумладан жойларни кўздан кечириш, шунингдек солиқ тўловчининг мол-мулкини инвентаризациядан ўтказиш, ишга доир далилларни, предметларни (буюм ва ҳужжатларни) олиш жараёни давомийлигида амалга оширилади.

12. Солиқ органи томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга ошириладиган назорат тадбири жараёни видеотасвирга олинган ҳолларда холисларнинг иштирок этиши талаб этилмайди, бундан қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган ҳоллар мустасно.

13. Назорат тадбири натижаси бўйича тузилган далолатномада (баённомада, маълумотномада) тадбир жараёнини видеотасвирга олиш мосламаси (қурилманинг русуми ва серия рақами), видеотасвирга олинган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.

14. Солиқ органи томонидан амалга оширилаётган назорат тадбири жараёнини видеотасвирга олишда солиқ тўловчи ёки унинг вакиллари, шунингдек бошқа шахслар томонидан тўсқинлик қилинганда ва қаршилик кўрсатилганда солиқ органи ходими мазкур ҳолат юзасидан далолатномани (баённомани) расмийлаштириб, тегишлилиги бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларини назорат тадбирида иштирок этишга жалб қилиши мумкин.

4-боб. Назорат тадбирларида олинган видеотасвир маълумотларидан фойдаланиш

15. Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчилар фаолиятида амалга оширилган назорат тадбири жараёнида олинган видеотасвир маълумотлари назорат тадбирлари натижаси бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар билан бирга алоҳида сақланади.

16. Иштирокчилар томонидан солиқ тўловчиларнинг фаолиятида амалга оширилган назорат тадбири жараёнида олинган видеотасвир маълумотларидан ушбу назорат тадбирлари натижаларини кўриб чиқиш, солиқ органлари томонидан қарор қабул қилиш, шунингдек суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда кўриб чиқишда фойдаланиш мумкин.

17. Назорат тадбирларида олинган видеотасвир маълумотларидан хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келадиган тарзда тарқатиш тақиқланади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат тадбирларида олинган видеотасвир маълумотларидан профилактика мақсадларда солиқ тўловчига нисбатан қонуний чора кўрилгандан сўнг оммавий ахборот воситаларида ёритиш бундан мустасно.

5-боб. Якуний қоидалар

18. Солиқ органи томонидан ўтказиладиган назорат тадбирларини видеотасвирга олиш билан боғлиқ низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

19. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

20. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. МУСАЕВ

Савдо-саноат палатаси раиси А. ИКРАМОВ

Тошкент ш.,

2019 йил 27 ноябрь,

2019 йил 27 ноябрь

2019-58-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.12.2019 й., 10/20/3207/0001-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 15.04.2025 й., 10/25/3207-1/0346-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasining

Qarori

NIZOM

Davlat soliq xizmati organlari tomonidan soliq toʻlovchilar faoliyatida amalga oshiriladigan soliq nazorati tadbirini videotasvirga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 10-iyuldagi PQ-4389-son “Soliq maʼmuriyatchiligini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi qaror qiladi:

1. Davlat soliq xizmati organlari tomonidan soliq toʻlovchilar faoliyatida amalga oshiriladigan soliq nazorati tadbirini videotasvirga olish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oydan keyin kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasining 2019-yil 27-noyabrdagi 2019-58-son qaroriga ILOVA

Davlat soliq xizmati organlari tomonidan soliq toʻlovchilar faoliyatida amalga oshiriladigan soliq nazorati tadbirini videotasvirga olish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 10-iyuldagi PQ-4389-son “Soliq maʼmuriyatchiligini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida”gi qaroriga asosan davlat soliq xizmati organlari (bundan buyon matnda soliq organi deb yuritiladi) tomonidan soliq toʻlovchilar faoliyatida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda va shakllarda amalga oshiriladigan soliq nazorati tadbirini videotasvirga olish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

soliq nazorati tadbiri — Oʻzbekiston Respublikasining Soliq kodeksiga muvofiq soliq toʻlovchilarda soliq nazoratining ayrim shakllarida amalga oshiriladigan tadbirlar (bundan buyon matnda nazorat tadbiri deb yuritiladi);

videotasvirga olish moslamalari — videotasvirga olish qurilmalari, jumladan videokameralar va videotasvirga olish imkonini beruvchi boshqa qurilmalar;

videotasvirga olish jarayonining ishtirokchilari (bundan buyon matnda ishtirokchilar deb yuritiladi) — soliq organining xodimlari, soliq toʻlovchilar hamda ularning vakillari va boshqa shaxslar (nazorat tadbiriga jalb qilingan mutaxassislar, ekspertlar, tarjimonlar, zarur hollarda xolis va xaridorlar);

videotasvirga olish — soliq organi rahbari yoki rahbar oʻrinbosarining buyrugʻiga asosan ishtirokchilar tomonidan soliq toʻlovchilar faoliyatida amalga oshiriladigan nazorat tadbiri jarayonini videotasvirga olish moslamalaridan foydalangan holda kuzatish va qayd etish (tasvirga olish).

2. Soliq organlari tomonidan soliq toʻlovchilar faoliyatida amalga oshiriladigan soliq nazorati jarayonini, dalillarni qayd etish uchun nazorat tadbirlari jarayoni videotasvirga olinadi, bundan normativ-huquqiy hujjatlarda videotasvirga olish taqiqlangan muayyan tartibga boʻysunuvchi obyektlar mustasno.

3. Soliq organlari tomonidan soliq toʻlovchi toʻgʻrisida olingan har qanday maʼlumot soliq sirini tashkil etadi, bundan qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollar mustasno. Soliq organiga kelib tushgan, soliq sirini tashkil etuvchi maʼlumotlar saqlash va foydalanishning maxsus rejimiga ega boʻladi.

2-bob. Videotasvirga olish jarayoni ishtirokchilarining huquq va majburiyatlari

4. Nazorat tadbirini videotasvirga olish jarayonida soliq toʻlovchilar va ularning vakillari quyidagi huquq va majburiyatlarga ega:

a) soliq toʻlovchilar va ularning vakillari huquqlari:

soliq organining nazorat tadbirini oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyrugʻi bilan tanishish;

nazorat tadbiri yakuni boʻyicha olingan videotasvir maʼlumotlaridan nusxa olish;

soliq organlari mansabdor shaxslarining harakatlari (harakatsizligi) ustidan belgilangan tartibda shikoyat qilish;

soliq organlari mansabdor shaxslarining qonunga xilof harakatlari tufayli yetkazilgan zararning oʻrni qoplanishini talab qilish;

soliq organi tomonidan amalga oshiriladigan nazorat tadbiri jarayonini videotasvirga olish;

b) soliq toʻlovchilar va ularning vakillari majburiyatlari:

nazorat tadbirini soliq organi tomonidan videotasvirga olish uchun sharoit yaratish;

soliq organi mansabdor shaxslarining nazorat tadbirini videotasvirga olishiga toʻsqinlik qilmaslik;

soliq organi xodimlarining talabiga koʻra nazorat tadbiri yakuni boʻyicha olingan videotasvir maʼlumotlaridan nusxa berish.

5. Videotasvirga olish jarayonida soliq organining mansabdor shaxslari quyidagi huquq va majburiyatlarga ega:

a) soliq organi mansabdor shaxslarining huquqlari:

soliq organi tomonidan amalga oshiriladigan nazorat tadbiri jarayonini soliq toʻlovchi yoki uning vakillari va boshqa shaxslar ishtirokida videotasvirga olish;

soliq toʻlovchidan videotasvirga olish jarayonining toʻliq amalga oshirilishiga toʻsqinlik qilayotgan holatlarni bartaraf etishni talab qilish;

nazorat tadbiri yakuni boʻyicha soliq toʻlovchi va uning vakillari tomonidan olingan videotasvir maʼlumotlaridan nusxa olish;

b) soliq organi mansabdor shaxslarining majburiyatlari:

ishtirokchilarni nazorat tadbirini oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyruq bilan tanishtirish;

nazorat tadbiri jarayonida soliq toʻlovchi hamda uning vakillari va boshqa shaxslarga videotasvirga olish bilan bogʻliq huquq va majburiyatlarini tushuntirish;

soliq toʻlovchi yoki uning vakillari talabiga koʻra soliq nazorati tadbiri yakuni boʻyicha olingan videotasvir maʼlumotlaridan nusxa berish;

soliq toʻlovchi va uning vakillari faoliyatiga aloqador axborotlarni boshqa shaxslarga oshkor etmaslik, bundan qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollar mustasno;

soliq toʻlovchi va uning vakillarining nazorat tadbirini videotasvirga olishiga toʻsqinlik qilmaslik.

6. Videotasvirga olish jarayonining ishtirokchilari boʻlgan boshqa shaxslar quyidagi huquq va majburiyatlarga ega:

a) videotasvirga olish jarayoni ishtirokchilari boʻlgan boshqa shaxslarning huquqlari:

videotasvirga olish jarayonining sabablari bilan tanishish;

videotasvirga olinishi yuzasidan oʻz eʼtirozlarini bildirish;

b) videotasvirga olish jarayonining ishtirokchilari boʻlgan boshqa shaxslarning majburiyatlari:

soliq organi mansabdor shaxslarining nazorat tadbirini videotasvirga olish jarayoniga toʻsqinlik qilmaslik;

nazorat tadbiri jarayonida oʻziga maʼlum boʻlgan soliq toʻlovchi va uning vakillari faoliyatiga aloqador axborotlarni boshqa shaxslarga oshkor etmaslik, bundan qonunchilik hujjatlarida belgilangan hollar mustasno.

3-bob. Nazorat tadbirlarini videotasvirga olish

7. Nazorat tadbirlari jarayonini videotasvirga olish soliq organi rahbari yoki rahbar oʻrinbosarining nazorat tadbirini oʻtkazish toʻgʻrisidagi buyrugʻi asosida amalga oshiriladi.

8. Soliq organi tomonidan quyidagi nazorat tadbirlarining videotasvirga olinishiga yoʻl qoʻyiladi:

soliq solish obyektlarini va soliq solish bilan bogʻliq obyektlarni hisobga olishda;

xronometraj koʻzdan kechirishda;

xoʻjalik yurituvchi subyektlar xodimlarining hisobotdagi sonining va haqiqiy sonining muvofiqligi yuzasidan monitoringda;

soliq tekshiruvlarida;

nazorat-kassa texnikasini qoʻllashda;

aksiz toʻlanadigan ayrim turdagi tovarlarni markalashda;

soliq monitoringida.

9. Amalga oshiriladigan nazorat tadbirida quyidagi jarayonlar videotasvirga olinadi:

soliq toʻlovchi tomonidan daromadlar olish uchun foydalanilayotgan yoki soliq solish obyektlari bilan bogʻliq hududlarni, ishlab chiqarish, omborxona, savdo hamda boshqa binolarini, shu jumladan joylarni koʻzdan kechirish, shuningdek soliq toʻlovchining mol-mulkini inventarizatsiyadan oʻtkazishda;

soliq toʻlovchi yoki uning vakillari tomonidan sodir etilgan huquqbuzarlik faktini qayd etishda;

nazorat xaridi bilan boshlanadigan tekshirishlarda xarid kuzatuvini amalga oshirilishi, nazorat-kassa texnikasi hamda toʻlov terminallari koʻrsatkichi boʻyicha hisobotlarni olinishi hamda kassadagi pul mablagʻlarini sanoqdan oʻtkazilishi jarayonini kuzatishda;

soliq toʻlovchi yoki uning vakillari tomonidan tekshirish bilan bogʻliq boʻlgan hujjatlar taqdim etilmaganda;

soliq toʻlovchi yoki uning vakillari tomonidan tekshirish hujjatlariga imzo qoʻyishdan bosh tortilganda;

soliq toʻlovchi hamda uning vakillari va boshqa shaxslar tomonidan soliq nazoratining amalga oshirilishiga toʻsqinlik qilinganda;

soliqqa oid huquqbuzarlik predmetlari (buyum va hujjatlar), ish boʻyicha dalillar olib qoʻyilganda;

soliq toʻlovchi yoki uning vakillarining talablariga koʻra;

zarur boʻlganda hujjatlar nusxalarini tayyorlashda hamda ish uchun ahamiyatli boʻlgan boshqa holatlarda.

10. Nazorat tadbirini videotasvirga olish soliq toʻlovchilarning qonuniy faoliyatini toʻxtatib qoʻymaydigan va faoliyat koʻrsatishiga ziyon yetkazmaydigan tarzda amalga oshiriladi.

11. Videotasvirga olish vaqti nazorat tadbirida soliq toʻlovchi tomonidan daromadlar olish uchun foydalanilayotgan yoki soliq solish obyektlari bilan bogʻliq hududlarni, ishlab chiqarish, omborxona, savdo hamda boshqa binolarni, shu jumladan joylarni koʻzdan kechirish, shuningdek soliq toʻlovchining mol-mulkini inventarizatsiyadan oʻtkazish, ishga doir dalillarni, predmetlarni (buyum va hujjatlarni) olish jarayoni davomiyligida amalga oshiriladi.

12. Soliq organi tomonidan soliq toʻlovchilar faoliyatida amalga oshiriladigan nazorat tadbiri jarayoni videotasvirga olingan hollarda xolislarning ishtirok etishi talab etilmaydi, bundan qonunchilik hujjatlarida koʻrsatilgan hollar mustasno.

13. Nazorat tadbiri natijasi boʻyicha tuzilgan dalolatnomada (bayonnomada, maʼlumotnomada) tadbir jarayonini videotasvirga olish moslamasi (qurilmaning rusumi va seriya raqami), videotasvirga olingan holatlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar aks ettiriladi.

14. Soliq organi tomonidan amalga oshirilayotgan nazorat tadbiri jarayonini videotasvirga olishda soliq toʻlovchi yoki uning vakillari, shuningdek boshqa shaxslar tomonidan toʻsqinlik qilinganda va qarshilik koʻrsatilganda soliq organi xodimi mazkur holat yuzasidan dalolatnomani (bayonnomani) rasmiylashtirib, tegishliligi boʻyicha huquqni muhofaza qilish organlari vakillarini nazorat tadbirida ishtirok etishga jalb qilishi mumkin.

4-bob. Nazorat tadbirlarida olingan videotasvir maʼlumotlaridan foydalanish

15. Soliq organlari tomonidan soliq toʻlovchilar faoliyatida amalga oshirilgan nazorat tadbiri jarayonida olingan videotasvir maʼlumotlari nazorat tadbirlari natijasi boʻyicha rasmiylashtirilgan hujjatlar bilan birga alohida saqlanadi.

16. Ishtirokchilar tomonidan soliq toʻlovchilarning faoliyatida amalga oshirilgan nazorat tadbiri jarayonida olingan videotasvir maʼlumotlaridan ushbu nazorat tadbirlari natijalarini koʻrib chiqish, soliq organlari tomonidan qaror qabul qilish, shuningdek sud va huquqni muhofaza qiluvchi organlarda koʻrib chiqishda foydalanish mumkin.

17. Nazorat tadbirlarida olingan videotasvir maʼlumotlaridan xizmatdan tashqari maqsadlarda foydalanish, ijtimoiy tarmoqlarga joylashtirish, shuningdek yuridik va jismoniy shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlari buzilishiga olib keladigan tarzda tarqatish taqiqlanadi, qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda nazorat tadbirlarida olingan videotasvir maʼlumotlaridan profilaktika maqsadlarda soliq toʻlovchiga nisbatan qonuniy chora koʻrilgandan soʻng ommaviy axborot vositalarida yoritish bundan mustasno.

5-bob. Yakuniy qoidalar

18. Soliq organi tomonidan oʻtkaziladigan nazorat tadbirlarini videotasvirga olish bilan bogʻliq nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.

19. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.

20. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.

Davlat soliq qoʻmitasi raisi B. MUSAYEV

Savdo-sanoat palatasi raisi A. IKRAMOV

Toshkent sh.,

2019-yil 27-noyabr,

2019-yil 27-noyabr

2019-58-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 30.12.2019-y., 10/20/3207/0001-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 15.04.2025-y., 10/25/3207-1/0346-son)

lex.uz