📅 2020-yil 4-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 4-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 4 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 4 января 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 4 January 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СЎРОВНОМА
НИЗОМ
ДАСТУРИ
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг « Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида »ги ва « Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ, шунингдек, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва болаларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.И. Баситханова ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги 3-сон қарорига 1-ИЛОВА
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва болаларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва болаларга (кейинги ўринларда жабрланувчи деб аталади) ҳимоя ордерини, шунингдек тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга (кейинги ўринларда зўравонлик содир этган шахслар деб аталади) ҳимоя ордерининг нусхасини бериш (кейинги ўринларда жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларга ҳимоя ордерини бериш деб аталади) тартибини белгилайди.
2. Ҳимоя ордери ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ серия ва рақамга эга бўлган, қатъий ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.
3. Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори (кейинги ўринларда профилактика инспектори деб аталади), шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори (кейинги ўринларда хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор деб аталади) ҳамда вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар (кейинги ўринларда инспектор-психолог деб аталади) томонидан ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ берилади.
4. Ҳимоя ордери ички ишлар органларининг Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва болаларни ҳисобга олиш ягона ахборот тизими орқали рўйхатга олинади.
2-боб. Ҳимоя ордерини бериш тартиби
5. Қуйидагилар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади:
тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчиси (унинг қонуний вакили)нинг мурожаати;
жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;
тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар;
Жабрланувчига нисбатан бир календарь йил давомида икки ва ундан ортиқ марта тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолати аниқланганда, профилактика инспектори ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор ҳимоя ордерини ташаббус тартибида беради.
5 1 . Жабрланувчи (унинг қонуний вакили) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат этган тақдирда, ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани мустақил равишда электрон шаклда тўлдиради.
6. Хотин-қизлар ва болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ва ташкилотлар жабрланган хотин-қизлар ва болалар бўйича маълумотга эга бўлгач ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги хабарномани дарҳол ички ишлар органларига тақдим этади.
7. Хабарнома қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ички ишлар органлари навбатчилик қисмидаги дафтарда қайд этилади.
8. Тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида ҳабар берган шахслар ва тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва болалар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қўриқланади.
9. Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилган мурожаатлар ва хабарлар дарҳол профилактика инспекторига ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига, шунингдек, ҳолат таълим ташкилотлари ҳудудида содир этилган бўлса, инспектор-психологларга тақдим этилади.
ЯИДХП орқали юборилган мурожаатлар профилактика инспектори ва инспектор-психологнинг планшетига ҳамда «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя ахборот тизимига» автоматик тарзда юборилади.
10. Профилактика инспектори, хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор ва инспектор-психолог ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари томонидан тақдим этилган ёки ЯИДХП орқали келиб тушган мурожаатлар ва хабарларни 24 соат мобайнида ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш давомида:
жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслар ҳамда бошқа шахслар билан ҳолат юзасидан суҳбат ўтказади;
жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахснинг турмуш тарзи, тазйиқ ва зўравонлик содир этилишининг келиб чиқиши сабаблари ва шарт-шароитларини, шунингдек, бир календарь йил давомида мавжуд бўлган тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларини ўрганади;
жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини амалга оширади.
11. Профилактика инспектори, хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор ва инспектор-психолог мурожаат ва хабарларни ўрганиш якуни бўйича:
тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланган тақдирда — ҳимоя ордерини расмийлаштиради;
Бунда ҳимоя ордери зўравонликдан жабрланувчи болага ёки унинг қонуний вакилига «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази (кейинги ўринларда — «Инсон» маркази) ходими иштирокида топширилади.
зўравонлик содир этган шахсларга ҳимоя ордери берилганлиги тўғрисида жабрланувчининг (унинг қонуний вакилининг) розилиги билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, шунингдек, бошқа тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотларни хабардор қилади;
тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланмаган тақдирда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли чораларни белгилайди ҳамда бу ҳақда фуқаролар йиғини раиси, маҳалладаги хотин-қизлар фаоли ва ижтимоий ходим иштирокида далолатнома расмийлаштиради мурожаат ЯИДХП орқали юборилган тақдирда, мурожаатчига уни рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда қайтарилганлиги ҳақида хабар юборилади;
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланган тақдирда — ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материалларини жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборади.
12. Ўн саккиз ёшга тўлмаган, шунингдек, суд томонидан муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги аризаси уларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирокида кўриб чиқилади.
Шахс ҳимоя ордерини олишни ва уни имзолашни рад этганда, профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор ёхуд инспектор-психолог холислар иштирокида далолатнома тузади ҳамда уни ушбу хатти-ҳаракатни давом эттирган тақдирда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши тўғрисида расмий огоҳлантиради ва бу ҳақда жабрланувчини хабардор қилади.
13. Ҳимоя ордери жабрланувчи (шу жумладан унинг қонуний вакили) ҳамда зўравонлик содир этган шахс иштирокида профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор томонидан планшет ёрдамида электрон шаклда расмийлаштирилади. Бунда зўравонлик содир этган шахс ўн олти ёшга тўлмаган ҳолларда ҳимоя ордери берилмайди.
Ҳимоя ордери ҳужжатнинг ҳақиқийлигини текшириш имконини берувчи QR-код (матрик штрихли код)га эга бўлади.
14. Электрон шаклда расмийлаштирилган ҳимоя ордери жабрланувчи (унинг қонуний вакили) ҳамда зўравонлик содир этган шахсга юборилади.
Жабрланувчи ёки зўравонлик содир этган шахсга ҳимоя ордерини электрон шаклда юборишнинг имкони бўлмаганда ёки уларнинг (шу жумладан жабрланувчининг қонуний вакили) талабига асосан ҳимоя ордерининг чоп этилган қоғоз нусхаси ҳам тақдим этилиши мумкин.
Зўравонлик содир этган шахс ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни имзолашни рад этган тақдирда, ҳимоя ордерини топшираётган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан холислар иштирокида далолатнома тузилади.
15. Ҳимоя ордери ўттиз кун муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.
16. Профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор ёхуд инспектор-психолог ҳимоя ордери берилганидан сўнг уч кун муддатда бу ҳақда тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосарини хабардор қилади.
17. Туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосари ҳимоя ордерини расмийлаштириш учун тўпланган материалларни ўрганиб, тарафлар фикрини эшитган ҳолда профилактика инспекторининг, хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторнинг ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги қарорини бекор қилишга ҳақли.
3-боб. Ҳимоя ордерининг ижросини таъминлаш тартиби
18. Ҳимоя ордерида қуйидаги чекловлар назарда тутилиши мумкин:
тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;
тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёхуд уни содир этишга мойил бўлган шахснинг жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш (иш жойларида ва таълим муассасаларида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс билан билвосита алоқасига йўл қўйилади);
тазйиқ ўтказилган ва зўравонлик содир этилган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахснинг бир хонада ёки транспорт воситасида (болаларга нисбатан зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс учун) бирга бўлишини тақиқлаш;
тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахснинг зиммасига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини даволаш, унга маслаҳат бериш, уни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш учун харажатларнинг, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек, маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини юклаш;
зўравонлик содир этган шахснинг қуролни (бундан хизмат қуроли мустасно) сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек, қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини тақиқлаш.
Ҳимоя ордерида қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган бошқа чекловларни назарда тутиш тақиқланади.
18 1 . Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилишда суд вояга етмаган шахсга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган чекловлардан ташқари қуйидаги чекловларни қўллашга ҳақли:
зўравонлик содир этган шахснинг муайян жойларга боришини тақиқлаш;
наркологик касалликдан амбулатория ёки стационар шароитларда даволаниш каби мажбуриятлардан бирини ёки бир нечтасини зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига юклатиш;
зўравонлик содир этган шахснинг зўравонликдан жабрланувчи яшайдиган уй-жой майдонидан ёки агар бир хонадонда доимий яшаса унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчининг ўқиш ёки иш жойига ёхуд у жойлашган бошқа жойларга яқинлашиш ҳуқуқини вақтинчалик чеклаш.
19. Зўравонлик содир этган шахсдан қурол ва унинг ўқ-дориларини олиб қўйиш ҳамда сақлаш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
20. Профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор ёхуд инспектор-психолог ҳимоя ордерини расмийлаштиришда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан ўтказилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда зўравонлик содир этган шахсга ушбу Низомнинг 18-бандида белгиланган битта ёки бир нечта чекловни бир вақтнинг ўзида қўллаши мумкин.
21. Ҳимоя ордери амал қилиш даврида:
а) профилактика инспекторлари ҳамда хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор:
тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, шу жумладан уларнинг сабабларини ҳамда шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўради;
зўравонликдан жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс бир жойда ишласа ёхуд ўқиса, жабрланувчига ҳимоя ордери берилганидан кейин бир иш куни ичида зўравонликдан жабрланувчининг иш ёки ўқиш жойига, агар тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёхуд уни содир этишга мойил бўлган шахс ташкилот раҳбари бўлса, юқори турувчи органга, зўравонликдан жабрланувчи ва зўравонлик содир этган ёхуд уни содир этишга мойил бўлган шахс ўртасидаги бевосита алоқани тақиқлаш тўғрисида тақдимнома юборади;
хотин-қизлар ва болаларга тазйиқ ўтказаётган ва уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахслар билан мунтазам асосда профилактика ишларини олиб боради;
зўравонлик содир этган шахсни тузатиш дастуридан ўтказиш чораларини кўради;
ҳимоя ордери талабларининг ижроси устидан назорат қилади ҳамда унинг талабларини бузган зўравонлик содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради;
б) меҳнат органлари:
зўравонликдан жабрланувчи таълим олаётган ёки ишлаётган ташкилот раҳбари томонидан тақдимнома олганидан кейин уч иш куни ичида зўравонликдан жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс ўртасидаги бевосита алоқани бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди;
хотин-қизлар ва болаларга нисбатан иш жойида тазйиқ ва зўравонлик ўтказилган ҳолларда, бундай ҳолларга йўл қўймасликка қаратилган, шунингдек, хотин-қизлар ва болалар билан ўзаро муносабатлар маданиятини ошириш бўйича ташкилотларда профилактика тадбирларини ўтказади;
ҳимоя ордери талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқлаган тақдирда бу ҳақда профилактика инспекторига ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга ёхуд инспектор-психолог хабар беради;
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ишлаётган ёки таълим олаётган ташкилот раҳбари тақдимномани олганидан кейин уч иш куни ичида жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ўртасидаги бевосита алоқани бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширади;
в) таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ҳамда таълим муассасалари:
тақдимнома олганидан кейин уч иш куни ичида зўравонликдан жабрланувчи ҳамда зўравонлик содир этган шахс ўртасидаги бевосита алоқани бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни кўради;
таълим муассасаларида таҳсил олувчилар орасидан хотин-қизлар ва болаларга нисбатан тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этишга мойил шахслар аниқланганда уларнинг хулқ-атворини тузатиш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларини ижтимоий реабилитация қилиш ҳамда мослаштириш чора-тадбирларни амалга оширади;
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларнинг таълим муассасаларида бўш вақтни мазмунли ўтказишини таъминлаш мақсадида тадбирлар ташкил этади;
ҳимоя ордери талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда бу ҳақда профилактика инспекторига ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга ёхуд инспектор-психолог хабар беради;
г) давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари:
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини амалга оширади;
ҳимоя ордери талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда бу ҳақда профилактика инспекторига ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга ёхуд инспектор-психолог хабар беради;
д) Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари:
хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўради;
жабрланувчини ижтимоий реабилитация қилиш ҳамда бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширади;
хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказганлиги ва зўравонлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобда турадиган шахслар билан низоли вазиятларни профилактика қилиш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш чораларини кўради;
хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларида ижтимоий реабилитация қилишга ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга доир тадбирлар ўтказади;
ҳимоя ордери талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда бу ҳақда профилактика инспекторига ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга ёхуд инспектор-психолог хабар беради;
е) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари:
хотин-қизлар ва болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга оширишда давлат органларига кўмаклашади;
хотин-қизлар ва болаларга тазйиқ ўтказаётган ва уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахслар билан олиб бориладиган профилактика ишларида қатнашади;
ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати мобайнида тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи зўравонликни содир этган шахс, шунингдек, жабрланувчи билан келгусида бундай ҳолларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла фаоллари иштирокида суҳбатлар ўтказади;
бу ҳақда профилактика инспекторига ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга ёхуд инспектор-психолог хабар беради.
22. Зўравонлик содир этган шахслар томонидан ҳимоя ордери талабларига риоя этмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор ёхуд инспектор-психолог томонидан ўз ваколати доирасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда чора-тадбирлар амалга оширилади.
4-боб. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тартиби
23. Ҳимоя ордери амал қилиши даврида хавф бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати жабрланувчи (унинг қонуний вакили)нинг аризасига кўра бир йилгача муддатга жиноят ишлари бўйича суд томонидан узайтирилиши мумкин.
Бунда болага берилган ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати зўравонликдан жабрланувчи ўн саккиз ёшга тўлгач тугаши ҳисобга олинган ҳолда узайтирилади.
24. Тазйиқ ва зўравонлик ёки уларни содир этиш хавфи бартараф этилмаган тақдирда, тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган профилактика (катта) инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи (унинг қонуний вакили)нинг аризасига кўра бир иш куни ичида ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича материаллар тайёрланади ҳамда ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома расмийлаштирилган ҳолда жабрланувчининг яшаш жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига юборилади.
26. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати узайтирилган тақдирда, зўравонлик содир этган шахслар зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтади.
27. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати узайтирилган даврда зўравонлик содир этган шахсларга қўшимча чекловлар ёки профилактик чора-тадбирлар белгиланиши мумкин.
28. Ўн саккиз ёшга тўлмаган, шунингдек, суд томонидан муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ҳимоя ордерини бериш ҳамда уни узайтириш тўғрисидаги ариза қонуний вакили, васийлик ёки ҳомийлик органининг вакили ҳозирлигида кўриб чиқилади.
5-боб. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини тугатиш тартиби
29. Ҳимоя ордерининг амал қилиши қуйидаги ҳолатларда тугатилади:
жабрланувчи ҳимоя ордерини тугатишни сўраб мурожаат қилганда;
ҳимоя ордерида белгиланган муддат (узайтирилган муддат) тугаганда;
жабрланувчи ёки зўравонлик содир этган шахсдан бири суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
содир этган жинояти учун жабрланувчи ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг бирига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланганда;
жабрланувчилар ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг бири содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этилганда;
жабрланувчилар ёки зўравонлик содир этган шахсларнинг бири мажбурий даволанишга юборилганда;
жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларнинг бири қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш жойидан узоқ муддатга бошқа мамлакатга чиқиб кетганда;
жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслардан бири вафот этганда.
30. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати тугаганлиги тўғрисида шу куннинг ўзида жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслар хабардор қилинади.
6-боб. Ҳимоя ордерини бериш фаолияти устидан мониторинг олиб бориш тартиби
31. Ҳимоя ордерини бериш фаолияти устидан ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари томонидан мониторинг олиб борилади.
32. Профилактика инспекторлари ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар ёхуд инспектор-психологлар томонидан тақдим этилган жабрланувчи, зўравонлик содир этган шахсларга берилган ҳимоя ордери тўғрисидаги статистик маълумотлар туман ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари томонидан умумлаштириб, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаларига кейинги ойнинг 2-кунига қадар тақдим этилади.
33. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармалари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари ушбу маълумотларни ўрганиб, умумлаштиради ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматига кейинги ойнинг 5-кунига қадар тақдим этади.
34. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғининг хотин-қизларни тазйиқдан ҳимоя қилиш, шу жумладан, ҳимоя ордерини бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи ҳар ойда тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғи ҳузурида ўтказиладиган тезкор йиғилишларда муҳокама қилиб борилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
36. Хотин-қизлар ва болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини молиялаштириш «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасида ҳамда «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 46-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
37. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларга ҳимоя ордерини бериш тартиби
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Ижро муддати 1-босқич Тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва болалар (уларнинг қонуний вакиллари), жисмоний ёки юридик шахслар, ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари Хотин-қизлар ва болалар (уларнинг қонуний вакиллари) тазйиқ ва (ёки) зўравонликдан жабрланганлиги тўғрисида ички ишлар органларига мурожаат қилинади (хабар берилади). Заруратга қараб 2-босқич Ички ишлар органлари навбатчилик қисми 1. Мурожаат ва хабарлар ички ишлар органлари навбатчилик қисмидаги дафтарга қайд этилади. 2. Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилган мурожаатлар ва хабарлар профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторига ёхуд инспектор-психологга тақдим этилади. Дарҳол 3-босқич Профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор 1. Ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари томонидан тақдим этилган ёки ЯИДХП орқали келиб тушган мурожаатлар ва хабарларни ўрганиб чиқади ва унинг якуни бўйича: тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланган тақдирда — ҳимоя ордерини расмийлаштиради; тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланмаган тақдирда — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли чораларни белгилайди ҳамда бу ҳақда фуқаролар йиғини раиси, маҳалладаги хотин-қизлар фаоли ва ижтимоий ходим иштирокида далолатномани расмийлаштиради; Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланган тақдирда — ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материалларини жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборади. 2. Ҳимоя ордери берилгани ҳақида тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими)нинг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси, гуруҳи) (кейинги ўринларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими деб аталади) бошлиғини хабардор қилади. 24 соат мобайнида Ҳимоя ордери берилганидан сўнг уч кун муддатда 4-босқич Туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосари 1. Ҳимоя ордерини расмийлаштириш учун тўпланган материалларни ўрганиб, тарафлар фикрини эшитган ҳолда профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторнинг ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги қарорини бекор қилишга ҳақли. 2. Ҳимоя ордерини бериш фаолияти устидан мониторинг олиб боради. 3. Профилактика инспекторлари томонидан жабрланувчи, зўравонлик содир этган шахсларга берилган ҳимоя ордери тўғрисидаги статистик маълумотларни умумлаштириб, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармалари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаларига тақдим этади. Заруратга қараб Ҳар ойда Ҳар ойнинг 2-кунига қадар 5-босқич Туман (шаҳар) ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиғи Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғининг хотин-қизлар ва болаларни тазйиқдан ҳимоя қилиш, шу жумладан, ҳимоя ордерини бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи тезкор йиғилишларда муҳокама қилиб борилади. Ҳар ойда 6-босқич Меҳнат органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари, таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари 1. Ушбу Низомнинг 21-бандига мувофиқ зиммаларига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширади. 2. Амалга оширилган ишлар тўғрисида профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторига ёхуд инспектор-психологга хабар беради. Ҳимоя ордери амал қилиши мобайнида 7-босқич Профилактика инспектори ёки хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор 1. Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, шу жумладан, уларнинг сабабларини ҳамда шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўради. 2. Хотин-қизлар ва болаларга тазйиқ ўтказаётган ва уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахслар билан мунтазам равишда профилактика ишларини олиб боради. 3. Ҳимоя ордери талабларининг ижроси устидан назорат қилади ҳамда унинг талабларини бузган зўравонлик содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради. Мунтазам равишда Мунтазам равишда Ҳимоя ордери амал қилиши даврида 8-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармалари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари Жабрланувчи, зўравонлик содир этган шахсларга берилган ҳимоя ордери тўғрисидаги статистик маълумотлар умумлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматига тақдим этилади. Кейинги ойнинг 5-кунига қадар
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва болаларга ҳимоя ордерини бериш хизматини кўрсатиш учун
Ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар: 1. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР): 2. Паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси серияси ва рақами: 3. Фамилияси: 4. Исми: 5. Отасининг исми: 6. Туғилган йили ва санаси: 7. Яшаш манзили: 8. Телефон рақами: Мурожаатнинг қисқача мазмуни:
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги 3-сон қарорига 2-ИЛОВА
Тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан (кейинги ўринларда тузатиш дастури деб аталади) ўтиши тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахс — хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш билан таҳдид қилишга, болаларга нисбатан жисмоний, жинсий, руҳий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш билан таҳдид қилиш, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация қилиш ва таъқиб этиш (буллинг)га қаратилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик қилган шахс;
тузатиш дастури — шахснинг зўравонликка мойил хулқ-атворини ўзгартиришда унга руҳий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга ҳамда ижтимоий ҳаётга мослаштиришга қаратилган тарбиявий ахамиятга эга бўлган тадбирлар мажмуи;
тузатиш дастуридан ўтувчи шахс — хотин-қизлар ва болаларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий, иқтисодий, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация қилиш ва таъқиб этиш (буллинг) каби зўравонликларни содир этган ҳамда зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахс;
психокоррекция — тузатиш дастури доирасида шахснинг ривожланиш жараёнидаги камчилик ва бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида унга фаол психологик-педагогик таъсир кўрсатиш, шахсларнинг психофизиологик имкониятлари ва жамият томонидан қўйилаётган талаблар ўртасидаги номутаносибликни бартараф этишга қаратилган тадбирлар мажмуи.
3. Тузатиш дастури зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг (кейинги ўринларда зўравонлик содир этган шахс деб аталади) хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлигининг олдини олиш ва уларнинг тажовузкор хулқ-атворини ижобий томонга ўзгартириш юзасидан психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга доир чора-тадбирлар амалга ошириш ҳамда унинг ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларини мустақил назорат қилишга кўмаклашиш орқали хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик такроран содир этилишининг олдини олиш ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
4. Тузатиш дастурининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий тадбирларни белгилаш;
хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик содир этилишига олиб келган ва унга имкон берган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш;
яширин (латент) зўравонликни аниқлаш, тоифалаш ва якка тартибда ёки гуруҳ таркибида тузатиш;
зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг содир этган хатти-ҳаракатларининг салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида улар билан якка тартибда ёки гуруҳ шаклида тушунтириш ишларини олиб бориш;
зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини камситмаган ва бузмаган ҳолда ўз ҳиссиётларини очиқ намоён этишга, хатти-ҳаракатларини назорат қилишга ўргатиш;
шахснинг низоли ҳолатга тушишининг олдини олиш, бошқа шахсларга нисбатан бағрикенглик билан муносабатда бўлиш кўникмаларини шакллантириш;
зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг атрофидаги шахслар томонидан унга нисбатан салбий психологик таъсир ўтказилиши оқибатида учинчи шахсга нисбатан зўравонлик ўтказиш ҳолатига тушмаслик кўникмасини шакллантириш.
5. Тузатиш дастури зўравонлик содир этган жамиятда ўрнатилган умуммажбурий хулқ-атвор қоидаларига риоя қилиш мақсадида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, меҳнат, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлимлари, туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари, бюджет ташкилотларидаги психолог мутахассисларнинг реестрига киритилган психологлар ёки грант доирасида жалб этилган психологлар (кейинги ўринларда деб психологлар аталади), хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар (кейинги ўринларда ваколатли орган ва ташкилотлар деб аталади) томонидан бир ойгача бўлган муддатда амалга оширилади.
6. Ваколатли орган ва ташкилотлар ўз ваколатлари доирасида тузатиш дастури борасидаги тадбирларни бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда амалга оширади.
7. Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган ҳамда руҳий ҳолати бузилган шахслар тузатиш дастуридан ўтказилмайди ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мажбурий даволанишга юборилиши мумкин.
2-боб. Тузатиш дастуридан ўтказиш тартиби
8. Ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда ички ишлар органларининг таянч пункти профилактика (катта) инспектори (кейинги ўринларда профилактика инспектори деб аталади) ёки ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори зўравонлик содир этган шахснинг тузатиш дастуридан ўтишини ҳимоя ордерида белгилаб, тузатиш дастуридан ўтувчи шахсга имзо қўйдириб таништиради.
11. Шахс қуйидаги ташкилотларда тузатиш дастуридан ўтади:
фуқаролар йиғинининг Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиясида — оила-турмуш доирасидаги низоли вазиятлар юзасидан;
таълим муассасасида — тузатиш дастуридан ўтиши белгиланган таълим муассасасида таҳсил олувчи, ўқитувчи ёки бошқа ходим билан боғлиқ низолар юзасидан;
соғлиқни сақлаш муассасасида — тузатиш дастуридан ўтувчи шахснинг руҳий ҳолати бўйича;
меҳнат органларида — тузатиш дастуридан ўтувчи вақтинча ишсиз шахсларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича;
туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлимларида — тузатиш дастуридан ўтувчи ёшлар билан якка ва гуруҳ шаклида тарбиявий ишларни олиб бориш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ҳамда бандлигини таъминлаш ва улар билан боғлиқ низолар бўйича.
12. Профилактика инспектори:
тузатиш дастуридан ўтувчи шахслар билан ваколатли орган ва ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган тадбирларни умумлаштириш ҳамда фаолиятни мониторинг қилиш мақсадида ҳар бир шахс бўйича уларга оид маълумотларни «E-ijtimoiy profilaktika» электрон ахборот тизимининг «E-tuzatish dasturi» модулига киритиб боради (электрон ахборот тизими фаолияти йўлга қўйилгунга қадар мазкур маълумотлар ҳар бир шахс бўйича очилган алоҳида йиғмажилдда жамланади);
ҳимоя ордери расмийлаштирилган кундан бошлаб икки иш куни ичида шахсни тузатиш дастуридан ўтказиш тадбирларини ташкил қилиш учун зўравонлик содир этган шахс билан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар режасини ишлаб чиқади;
режани туман (шаҳар) «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази билан электрон ахборот тизими орқали келишади ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиги томонидан тасдиқлангандан сўнг ваколатли орган ва ташкилотларга юборилишини таъминлайди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори томонидан ҳимоя ордери расмийлаштирилган ҳолатларда, профилактика инспектори Профилактика бўлими бошлиғининг топшириғига кўра, ушбу бандда назарда тутилган тадбирларни бажаради.
12 1 . Туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи зўравонлик содир этган шахс билан амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ижроси таъминланмаган ҳолатлар бўйича ўз ваколати доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг масъул раҳбарларига хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади.
13. Зўравонлик содир этган шахсларнинг тузатиш дастуридан ўтиши қуйидаги тартибда амалга оширилади:
фуқаролар йиғини оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси оила-турмуш доирасидаги низолардан келиб чиқиб тузатиш дастуридан ўтишга юборилган шахсни ўз ваколати доирасида ўрганади, низони бартараф этиб, тузатиш тадбирларини амалга оширади ва тузатиш дастуридан ўтувчи шахсни ўз назоратига олади;
таълим муассасаси тузатиш дастуридан ўтувчи таҳсил олувчилар, ўқитувчи ёки бошқа ходим билан боғлиқ низоларни бартараф этиш чораларини амалга оширади, низолашувчи томонларни келиштиради ва содир этилиши мумкин бўлган низоли ҳолатларнинг олдини олади;
соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан белгиланган тартибда шахслар руҳий ҳолати текширилади ва ушбу Низомга 2-иловада кўрсатилган тартибда тузатиш дастуридан ўтади. Бунда тузатиш дастуридан ўтказишнинг аниқ муддати тегишли соғлиқни сақлаш муассасаси раҳбари томонидан шахснинг руҳий-психофизиологик ҳолати ҳисобга олинган ҳолда мустақил белгиланади;
меҳнат органлари тузатиш дастуридан ўтувчи вақтинча ишсиз шахсларнинг бандлигини таъминлайди ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кўради;
Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бўлимлари тузатиш дастуридан ўтувчи ёшлар билан якка ва гуруҳ тартибида тарбиявий ишларни амалга оширади ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни таъминлайди, профилактик чора-тадбирларни ташкил этади;
Психологлар зўравонлик содир этган шахсларни зўравонлик содир этилишининг олдини олиш бўйича махсус психокоррекция дастурларидан ўтказиш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги психологлар мазкур дастур доирасида зўравонлик содир этган шахслар билан ишлаш учун жалб этилишига йўл қўйилмайди.
Хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлари зўравонлик ҳолатларига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлайди ва зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс билан якка тартибдаги профилактик тадбирларни ўтказади.
14. Ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган ваколатли орган ва ташкилотлар тузатиш дастурини амалга оширишда зўравонликни содир этган ёки зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахслар ҳамда бошқа шахсларда зўравонликка қарши иммунитет шакллантирилишига кўмаклашади.
15. Ваколатли орган ва ташкилотлар тузатиш дастуридан ўтувчи шахслар билан якка тартибда ва гуруҳ шаклида ўтказилган психологик, психокоррекцион, педагогик, ижтимоий ва тиббий йўналишлардаги тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни профилактика инспекторига юборади.
Профилактика инспектори хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор билан биргаликда ваколатли орган ва ташкилотларда тузатиш дастуридан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилади ва унинг якуний натижаларини фуқаролар йиғинида туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи иштирокида муҳокама қилинишини таъминлайди.
3-боб. Якунловчи қоидалар
16. Тузатиш дастуридан ўтиш жараёнида зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс билан ўтказилган профилактик суҳбатлар, шахснинг шахсий ҳаётига оид маълумотлар ошкор этилмайди ва тарқатилмайди.
17. Тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиш билан боғлиқ чора-тадбирларни молиялаштириш «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахсларни тузатишнинг намунавий
Т/р Тадбирлар номи Давомийлиги Якка тартибда суҳбат 1 . Зўравонликка мойил хулқ-атворни тузатиш дастури моҳиятини тушунтириш. Шахсни диагностикадан ўтказиш. 3 соатгача 2. Зўравонлик ҳолатини келтириб чиқарган сабаблар ва шароитларни ўрганиш ҳамда аниқлаш. 3 соатгача 3. Шахснинг психоэмоционал ҳолатини коррекциялаш, унинг айбдорлик ҳиссини аниқлаш ва ундан халос этиш ҳамда бошқа шахсларга нисбатан бағрикенглик билан муносабатда бўлиш кўникмаларини шакллантириш. 3 соатгача 4. Шахснинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини камситмаган ҳолда ўз ҳиссиётларини очиқ намоён этишга, хатти-ҳаракатларини назорат қилишга ўргатиш. 2 соатгача Гуруҳда ишлаш 1. Агрессияни бошқариш. Уй вазифаси. 4 соатгача 2. Шахслараро муносабатларни аниқлаш. Бошқа шахслар билан муносабатларни яхшилаш. Ассертивликни шакллантириш (шахсни ташқи таъсирга берилмасдан ўз хулқ-атворини мустақил бошқаришга ўргатиш). Уй вазифаси. 4 соатгача 3. Салбий ҳиссиётлардан халос бўлишни ўргатиш. Характеридаги ижобий ҳиссиётларни намоён этиш. Машғулот. 4 соатгача
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 4 январь,
3-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SOʻROVNOMA
NIZOM
DASTURI
Xotin-qizlarni tazyiq va zoʻravonlikdan himoya qilish tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining “ Xotin-qizlarni tazyiq va zoʻravonlikdan himoya qilish toʻgʻrisida ”gi va “ Bolalarni zoʻravonlikning barcha shakllaridan himoya qilish toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq, shuningdek, xotin-qizlar va bolalarning huquqlari, erkinliklari hamda qonuniy manfaatlari tazyiq va zoʻravonlikdan ishonchli himoya qilinishini taʼminlash borasidagi ishlar samaradorligini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlar va bolalarga himoya orderini berish, ijrosini taʼminlash va monitoring olib borish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
Tazyiq va zoʻravonlik sodir etgan yoki sodir etishga moyil boʻlgan shaxslarning zoʻravonlik xulq-atvorini oʻzgartirish boʻyicha tuzatish dasturidan oʻtishi tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarini bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — Oʻzbekiston Xotin-qizlar qoʻmitasi raisi E.I. Basitxanova va Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 4-yanvardagi 3-son qaroriga 1-ILOVA
Tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlar va bolalarga himoya orderini berish, ijrosini taʼminlash va monitoring olib borish toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom ichki ishlar organlari tomonidan tazyiq va (yoki) zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlar va bolalarga (keyingi oʻrinlarda jabrlanuvchi deb ataladi) himoya orderini, shuningdek tazyiq va zoʻravonlik sodir etgan yoki sodir etishga moyil boʻlgan shaxslarga (keyingi oʻrinlarda zoʻravonlik sodir etgan shaxslar deb ataladi) himoya orderining nusxasini berish (keyingi oʻrinlarda jabrlanuvchi va zoʻravonlik sodir etgan shaxslarga himoya orderini berish deb ataladi) tartibini belgilaydi.
2. Himoya orderi ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq seriya va raqamga ega boʻlgan, qatʼiy hisobi yuritiladigan hujjat hisoblanadi.
3. Himoya orderi ichki ishlar organlarining tayanch punkti profilaktika (katta) inspektori (keyingi oʻrinlarda profilaktika inspektori deb ataladi), shuningdek, huquqbuzarliklar profilaktikasi boʻlimlari xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektori (keyingi oʻrinlarda xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor deb ataladi) hamda voyaga yetmaganlar masalalari boʻyicha inspektor-psixologlar (keyingi oʻrinlarda inspektor-psixolog deb ataladi) tomonidan ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq beriladi.
4. Himoya orderi ichki ishlar organlarining Tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlar va bolalarni hisobga olish yagona axborot tizimi orqali roʻyxatga olinadi.
2-bob. Himoya orderini berish tartibi
5. Quyidagilar himoya orderini berish uchun asos hisoblanadi:
tazyiq va zoʻravonlik jabrlanuvchisi (uning qonuniy vakili)ning murojaati;
jismoniy yoki yuridik shaxslarning xabarlari, shu jumladan, ommaviy axborot vositalari va (yoki) ijtimoiy tarmoqlar orqali tarqalgan xabarlar;
tazyiq yoki zoʻravonlik sodir etish yoxud ularni sodir etishga urinish holatlarining vakolatli organlar va tashkilotlar xodimlari tomonidan bevosita aniqlanishi;
davlat organlaridan va boshqa tashkilotlardan olingan materiallar;
Jabrlanuvchiga nisbatan bir kalendar yil davomida ikki va undan ortiq marta tazyiq hamda zoʻravonlik holati aniqlanganda, profilaktika inspektori va xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor himoya orderini tashabbus tartibida beradi.
5 1 . Jabrlanuvchi (uning qonuniy vakili) Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali (keyingi oʻrinlarda — YIDXP) orqali murojaat etgan taqdirda, ushbu Nizomga 4-ilovaga muvofiq shakldagi soʻrovnomani mustaqil ravishda elektron shaklda toʻldiradi.
6. Xotin-qizlar va bolalarni tazyiq va zoʻravonlikdan himoya qilishni amalga oshiruvchi vakolatli organlar va tashkilotlar jabrlangan xotin-qizlar va bolalar boʻyicha maʼlumotga ega boʻlgach ushbu Nizomga 3-ilovaga muvofiq shakldagi xabarnomani darhol ichki ishlar organlariga taqdim etadi.
7. Xabarnoma qonunchilik hujjatlariga muvofiq ichki ishlar organlari navbatchilik qismidagi daftarda qayd etiladi.
8. Tazyiq va zoʻravonlik toʻgʻrisida habar bergan shaxslar va tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlar va bolalar toʻgʻrisidagi shaxsga doir maʼlumotlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qoʻriqlanadi.
9. Ichki ishlar organlarining navbatchilik qismida belgilangan tartibda qayd etilgan murojaatlar va xabarlar darhol profilaktika inspektoriga yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektorga hamda “Inson” ijtimoiy xizmatlar markaziga, shuningdek, holat taʼlim tashkilotlari hududida sodir etilgan boʻlsa, inspektor-psixologlarga taqdim etiladi.
YIDXP orqali yuborilgan murojaatlar profilaktika inspektori va inspektor-psixologning planshetiga hamda “Yagona milliy ijtimoiy himoya axborot tizimiga” avtomatik tarzda yuboriladi.
10. Profilaktika inspektori, xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor va inspektor-psixolog ichki ishlar organlari navbatchilik qismlari tomonidan taqdim etilgan yoki YIDXP orqali kelib tushgan murojaatlar va xabarlarni 24 soat mobaynida oʻrganib chiqadi hamda oʻrganish davomida:
jabrlanuvchi va zoʻravonlik sodir etgan shaxslar hamda boshqa shaxslar bilan holat yuzasidan suhbat oʻtkazadi;
jabrlanuvchi va zoʻravonlik sodir etgan shaxsning turmush tarzi, tazyiq va zoʻravonlik sodir etilishining kelib chiqishi sabablari va shart-sharoitlarini, shuningdek, bir kalendar yil davomida mavjud boʻlgan tazyiq hamda zoʻravonlik holatlarini oʻrganadi;
jabrlanuvchi va zoʻravonlik sodir etgan shaxslarni ijtimoiy reabilitatsiya qilish va ijtimoiy moslashtirish chora-tadbirlarini amalga oshiradi.
11. Profilaktika inspektori, xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor va inspektor-psixolog murojaat va xabarlarni oʻrganish yakuni boʻyicha:
tazyiq va zoʻravonlik holatlari aniqlangan taqdirda — himoya orderini rasmiylashtiradi;
Bunda himoya orderi zoʻravonlikdan jabrlanuvchi bolaga yoki uning qonuniy vakiliga “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazi (keyingi oʻrinlarda — “Inson” markazi) xodimi ishtirokida topshiriladi.
zoʻravonlik sodir etgan shaxslarga himoya orderi berilganligi toʻgʻrisida jabrlanuvchining (uning qonuniy vakilining) roziligi bilan fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarini, shuningdek, boshqa tazyiq va zoʻravonlikdan himoya qilishni amalga oshiruvchi vakolatli organlar hamda tashkilotlarni xabardor qiladi;
tazyiq va zoʻravonlik holatlari aniqlanmagan taqdirda qonunchilik hujjatlariga muvofiq tegishli choralarni belgilaydi hamda bu haqda fuqarolar yigʻini raisi, mahalladagi xotin-qizlar faoli va ijtimoiy xodim ishtirokida dalolatnoma rasmiylashtiradi murojaat YIDXP orqali yuborilgan taqdirda, murojaatchiga uni rad etish asoslari koʻrsatilgan holda qaytarilganligi haqida xabar yuboriladi;
Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat kodeksida nazarda tutilgan jinoyat belgilari aniqlangan taqdirda — himoya orderini berish toʻgʻrisidagi masalani koʻrib chiqish bilan bir vaqtda ish materiallarini jinoiy javobgarlik masalasini hal qilish uchun tegishli huquqni muhofaza qiluvchi organga yuboradi.
12. Oʻn sakkiz yoshga toʻlmagan, shuningdek, sud tomonidan muomala layoqati cheklangan yoki muomalaga layoqatsiz deb topilgan tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlanuvchiga himoya orderini berish toʻgʻrisidagi arizasi ularning qonuniy vakili yoki vasiylik va homiylik organining vakili ishtirokida koʻrib chiqiladi.
Shaxs himoya orderini olishni va uni imzolashni rad etganda, profilaktika inspektori yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor yoxud inspektor-psixolog xolislar ishtirokida dalolatnoma tuzadi hamda uni ushbu xatti-harakatni davom ettirgan taqdirda qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgarlikka tortilishi toʻgʻrisida rasmiy ogohlantiradi va bu haqda jabrlanuvchini xabardor qiladi.
13. Himoya orderi jabrlanuvchi (shu jumladan uning qonuniy vakili) hamda zoʻravonlik sodir etgan shaxs ishtirokida profilaktika inspektori yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor tomonidan planshet yordamida elektron shaklda rasmiylashtiriladi. Bunda zoʻravonlik sodir etgan shaxs oʻn olti yoshga toʻlmagan hollarda himoya orderi berilmaydi.
Himoya orderi hujjatning haqiqiyligini tekshirish imkonini beruvchi QR-kod (matrik shtrixli kod)ga ega boʻladi.
14. Elektron shaklda rasmiylashtirilgan himoya orderi jabrlanuvchi (uning qonuniy vakili) hamda zoʻravonlik sodir etgan shaxsga yuboriladi.
Jabrlanuvchi yoki zoʻravonlik sodir etgan shaxsga himoya orderini elektron shaklda yuborishning imkoni boʻlmaganda yoki ularning (shu jumladan jabrlanuvchining qonuniy vakili) talabiga asosan himoya orderining chop etilgan qogʻoz nusxasi ham taqdim etilishi mumkin.
Zoʻravonlik sodir etgan shaxs himoya orderini olish toʻgʻrisidagi tegishli hujjatni imzolashni rad etgan taqdirda, himoya orderini topshirayotgan ichki ishlar organining mansabdor shaxsi tomonidan xolislar ishtirokida dalolatnoma tuziladi.
15. Himoya orderi oʻttiz kun muddatgacha beriladi va ushbu order rasmiylashtirilgan paytdan eʼtiboran kuchga kiradi.
16. Profilaktika inspektori yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor yoxud inspektor-psixolog himoya orderi berilganidan soʻng uch kun muddatda bu haqda tegishli tuman (shahar) ichki ishlar organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boshqarmasi, tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmasi (boʻlimi) boshligʻining huquqbuzarliklar profilaktikasi masalalari boʻyicha oʻrinbosarini xabardor qiladi.
17. Tuman (shahar) ichki ishlar organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boshqarmasi, tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmasi (boʻlimi) boshligʻining huquqbuzarliklar profilaktikasi masalalari boʻyicha oʻrinbosari himoya orderini rasmiylashtirish uchun toʻplangan materiallarni oʻrganib, taraflar fikrini eshitgan holda profilaktika inspektorining, xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektorning himoya orderini berish toʻgʻrisidagi qarorini bekor qilishga haqli.
3-bob. Himoya orderining ijrosini taʼminlash tartibi
18. Himoya orderida quyidagi cheklovlar nazarda tutilishi mumkin:
tazyiq oʻtkazishni va zoʻravonlik sodir etishni taqiqlash;
tazyiq oʻtkazgan yoki zoʻravonlik sodir etgan yoxud uni sodir etishga moyil boʻlgan shaxsning jabrlanuvchilar bilan aloqasini taqiqlash (ish joylarida va taʼlim muassasalarida tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlanuvchining tazyiq oʻtkazgan va zoʻravonlik sodir etgan yoki uni sodir etishga moyil boʻlgan shaxs bilan bilvosita aloqasiga yoʻl qoʻyiladi);
tazyiq oʻtkazilgan va zoʻravonlik sodir etilgan taqdirda tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlanuvchining hamda tazyiq oʻtkazgan va zoʻravonlik sodir etgan yoki uni sodir etishga moyil boʻlgan shaxsning bir xonada yoki transport vositasida (bolalarga nisbatan zoʻravonlik sodir etgan yoki uni sodir etishga moyil boʻlgan shaxs uchun) birga boʻlishini taqiqlash;
tazyiq oʻtkazgan va zoʻravonlik sodir etgan yoki uni sodir etishga moyil boʻlgan shaxsning zimmasiga tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlanuvchini davolash, unga maslahat berish, uni tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlanuvchilarga yordam koʻrsatish boʻyicha maxsus markazga joylashtirish uchun xarajatlarning, yetkazilgan moddiy zararning oʻrnini qoplash, shuningdek, maʼnaviy ziyonni kompensatsiya qilish majburiyatini yuklash;
zoʻravonlik sodir etgan shaxsning qurolni (bundan xizmat quroli mustasno) saqlash va olib yurish huquqini himoya orderining amal qilishi yoki unda koʻrsatilgan muddat davrida cheklash yoxud taqiqlash, shuningdek, qurol sotib olish uchun ruxsatnoma olishga doir huquqini taqiqlash.
Himoya orderida qonunchilik hujjatlarida belgilanmagan boshqa cheklovlarni nazarda tutish taqiqlanadi.
18 1 . Himoya orderining amal qilish muddatini uzaytirish toʻgʻrisidagi masalani hal qilishda sud voyaga yetmagan shaxsga nisbatan zoʻravonlik sodir etgan shaxsga ushbu Nizomning 18-bandida nazarda tutilgan cheklovlardan tashqari quyidagi cheklovlarni qoʻllashga haqli:
zoʻravonlik sodir etgan shaxsning muayyan joylarga borishini taqiqlash;
narkologik kasallikdan ambulatoriya yoki statsionar sharoitlarda davolanish kabi majburiyatlardan birini yoki bir nechtasini zoʻravonlik sodir etgan shaxsning zimmasiga yuklatish;
zoʻravonlik sodir etgan shaxsning zoʻravonlikdan jabrlanuvchi yashaydigan uy-joy maydonidan yoki agar bir xonadonda doimiy yashasa uning bir qismidan foydalanish, jabrlanuvchining oʻqish yoki ish joyiga yoxud u joylashgan boshqa joylarga yaqinlashish huquqini vaqtinchalik cheklash.
19. Zoʻravonlik sodir etgan shaxsdan qurol va uning oʻq-dorilarini olib qoʻyish hamda saqlash qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
20. Profilaktika inspektori yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor yoxud inspektor-psixolog himoya orderini rasmiylashtirishda xotin-qizlar va bolalarga nisbatan oʻtkazilgan tazyiq va zoʻravonlik holatidan kelib chiqqan holda zoʻravonlik sodir etgan shaxsga ushbu Nizomning 18-bandida belgilangan bitta yoki bir nechta cheklovni bir vaqtning oʻzida qoʻllashi mumkin.
21. Himoya orderi amal qilish davrida:
a) profilaktika inspektorlari hamda xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor:
tazyiq va zoʻravonlikning oldini olish, shu jumladan ularning sabablarini hamda shart-sharoitlarini aniqlash va bartaraf etish choralarini koʻradi;
zoʻravonlikdan jabrlanuvchi hamda tazyiq oʻtkazgan va zoʻravonlik sodir etgan yoki uni sodir etishga moyil boʻlgan shaxs bir joyda ishlasa yoxud oʻqisa, jabrlanuvchiga himoya orderi berilganidan keyin bir ish kuni ichida zoʻravonlikdan jabrlanuvchining ish yoki oʻqish joyiga, agar tazyiq oʻtkazgan va zoʻravonlik sodir etgan yoxud uni sodir etishga moyil boʻlgan shaxs tashkilot rahbari boʻlsa, yuqori turuvchi organga, zoʻravonlikdan jabrlanuvchi va zoʻravonlik sodir etgan yoxud uni sodir etishga moyil boʻlgan shaxs oʻrtasidagi bevosita aloqani taqiqlash toʻgʻrisida taqdimnoma yuboradi;
xotin-qizlar va bolalarga tazyiq oʻtkazayotgan va ularga nisbatan zoʻravonlik sodir etgan shaxslar bilan muntazam asosda profilaktika ishlarini olib boradi;
zoʻravonlik sodir etgan shaxsni tuzatish dasturidan oʻtkazish choralarini koʻradi;
himoya orderi talablarining ijrosi ustidan nazorat qiladi hamda uning talablarini buzgan zoʻravonlik sodir etgan shaxslarni javobgarlikka tortish yuzasidan oʻz vakolatlari doirasida choralar koʻradi;
b) mehnat organlari:
zoʻravonlikdan jabrlanuvchi taʼlim olayotgan yoki ishlayotgan tashkilot rahbari tomonidan taqdimnoma olganidan keyin uch ish kuni ichida zoʻravonlikdan jabrlanuvchi hamda tazyiq oʻtkazgan va zoʻravonlik sodir etgan yoki uni sodir etishga moyil boʻlgan shaxs oʻrtasidagi bevosita aloqani bartaraf etishga qaratilgan chora-tadbirlar amalga oshirilishini taʼminlaydi;
xotin-qizlar va bolalarga nisbatan ish joyida tazyiq va zoʻravonlik oʻtkazilgan hollarda, bunday hollarga yoʻl qoʻymaslikka qaratilgan, shuningdek, xotin-qizlar va bolalar bilan oʻzaro munosabatlar madaniyatini oshirish boʻyicha tashkilotlarda profilaktika tadbirlarini oʻtkazadi;
himoya orderi talablariga rioya etmaslik holatlari aniqlagan taqdirda bu haqda profilaktika inspektoriga yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektorga yoxud inspektor-psixolog xabar beradi;
tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlanuvchi ishlayotgan yoki taʼlim olayotgan tashkilot rahbari taqdimnomani olganidan keyin uch ish kuni ichida jabrlanuvchi hamda tazyiq oʻtkazgan va (yoki) zoʻravonlik sodir etgan yoxud ularni sodir etishga moyil boʻlgan shaxs oʻrtasidagi bevosita aloqani bartaraf etishga qaratilgan harakatlarni amalga oshiradi;
v) taʼlimni davlat tomonidan boshqarish organlari hamda taʼlim muassasalari:
taqdimnoma olganidan keyin uch ish kuni ichida zoʻravonlikdan jabrlanuvchi hamda zoʻravonlik sodir etgan shaxs oʻrtasidagi bevosita aloqani bartaraf etishga qaratilgan chora-tadbirlarni koʻradi;
taʼlim muassasalarida tahsil oluvchilar orasidan xotin-qizlar va bolalarga nisbatan tazyiq oʻtkazish va zoʻravonlik sodir etishga moyil shaxslar aniqlanganda ularning xulq-atvorini tuzatish, shuningdek, tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlanganlarini ijtimoiy reabilitatsiya qilish hamda moslashtirish chora-tadbirlarni amalga oshiradi;
tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlanganlarning taʼlim muassasalarida boʻsh vaqtni mazmunli oʻtkazishini taʼminlash maqsadida tadbirlar tashkil etadi;
himoya orderi talablariga rioya etmaslik holatlari aniqlangan taqdirda bu haqda profilaktika inspektoriga yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektorga yoxud inspektor-psixolog xabar beradi;
g) davlat sogʻliqni saqlash tizimini boshqarish organlari va sogʻliqni saqlash muassasalari:
tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlanuvchilarga birinchi tibbiy yordam koʻrsatish chora-tadbirlarini amalga oshiradi;
himoya orderi talablariga rioya etmaslik holatlari aniqlangan taqdirda bu haqda profilaktika inspektoriga yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektorga yoxud inspektor-psixolog xabar beradi;
d) Oʻzbekiston Respublikasi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari:
xotin-qizlarga nisbatan tazyiq va zoʻravonlik holatlariga olib keladigan sabablar hamda shart-sharoitlarni aniqlash va bartaraf etish yuzasidan amaliy choralar koʻradi;
jabrlanuvchini ijtimoiy reabilitatsiya qilish hamda buzilgan huquqlarini tiklash boʻyicha kompleks chora-tadbirlarni amalga oshiradi;
xotin-qizlarga nisbatan tazyiq oʻtkazganligi va zoʻravonlik sodir etganligi uchun profilaktik hisobda turadigan shaxslar bilan nizoli vaziyatlarni profilaktika qilish, tazyiq va zoʻravonlikning oldini olish choralarini koʻradi;
xotin-qizlarni reabilitatsiya qilish va moslashtirish markazlarida ijtimoiy reabilitatsiya qilishga hamda oʻz joniga qasd qilishning oldini olishga doir tadbirlar oʻtkazadi;
himoya orderi talablariga rioya etmaslik holatlari aniqlangan taqdirda bu haqda profilaktika inspektoriga yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektorga yoxud inspektor-psixolog xabar beradi;
e) fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va mahallalardagi xotin-qizlar faollari:
xotin-qizlar va bolalarni tazyiq va zoʻravonlikdan himoya qilishga doir tadbirlarni amalga oshirishda davlat organlariga koʻmaklashadi;
xotin-qizlar va bolalarga tazyiq oʻtkazayotgan va ularga nisbatan zoʻravonlik sodir etgan shaxslar bilan olib boriladigan profilaktika ishlarida qatnashadi;
himoya orderining amal qilish muddati mobaynida tegishli hududda istiqomat qiluvchi zoʻravonlikni sodir etgan shaxs, shuningdek, jabrlanuvchi bilan kelgusida bunday hollarning oldini olish maqsadida mahalla faollari ishtirokida suhbatlar oʻtkazadi;
bu haqda profilaktika inspektoriga yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektorga yoxud inspektor-psixolog xabar beradi.
22. Zoʻravonlik sodir etgan shaxslar tomonidan himoya orderi talablariga rioya etmaslik holatlari aniqlangan taqdirda profilaktika inspektori yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor yoxud inspektor-psixolog tomonidan oʻz vakolati doirasida qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda chora-tadbirlar amalga oshiriladi.
4-bob. Himoya orderining amal qilish muddatini uzaytirish tartibi
23. Himoya orderi amal qilishi davrida xavf bartaraf etilmagan boʻlsa, himoya orderining amal qilish muddati jabrlanuvchi (uning qonuniy vakili)ning arizasiga koʻra bir yilgacha muddatga jinoyat ishlari boʻyicha sud tomonidan uzaytirilishi mumkin.
Bunda bolaga berilgan himoya orderining amal qilish muddati zoʻravonlikdan jabrlanuvchi oʻn sakkiz yoshga toʻlgach tugashi hisobga olingan holda uzaytiriladi.
24. Tazyiq va zoʻravonlik yoki ularni sodir etish xavfi bartaraf etilmagan taqdirda, tegishli hududda tazyiq va zoʻravonlikning yakka tartibdagi profilaktikasini amalga oshirish uchun masʼul boʻlgan profilaktika (katta) inspektori yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor tomonidan tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlanuvchi (uning qonuniy vakili)ning arizasiga koʻra bir ish kuni ichida himoya orderining amal qilish muddatini uzaytirish boʻyicha materiallar tayyorlanadi hamda himoya orderining amal qilish muddatini uzaytirish toʻgʻrisidagi iltimosnoma rasmiylashtirilgan holda jabrlanuvchining yashash joyidagi jinoyat ishlari boʻyicha tuman (shahar) sudiga yuboriladi.
26. Himoya orderining amal qilish muddati uzaytirilgan taqdirda, zoʻravonlik sodir etgan shaxslar zoʻravonlik xulq-atvorini oʻzgartirish boʻyicha tuzatish dasturidan oʻtadi.
27. Himoya orderining amal qilish muddati uzaytirilgan davrda zoʻravonlik sodir etgan shaxslarga qoʻshimcha cheklovlar yoki profilaktik chora-tadbirlar belgilanishi mumkin.
28. Oʻn sakkiz yoshga toʻlmagan, shuningdek, sud tomonidan muomala layoqati cheklangan yoki muomalaga layoqatsiz deb topilgan tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlanuvchiga himoya orderini berish hamda uni uzaytirish toʻgʻrisidagi ariza qonuniy vakili, vasiylik yoki homiylik organining vakili hozirligida koʻrib chiqiladi.
5-bob. Himoya orderining amal qilish muddatini tugatish tartibi
29. Himoya orderining amal qilishi quyidagi holatlarda tugatiladi:
jabrlanuvchi himoya orderini tugatishni soʻrab murojaat qilganda;
himoya orderida belgilangan muddat (uzaytirilgan muddat) tugaganda;
jabrlanuvchi yoki zoʻravonlik sodir etgan shaxsdan biri sud tomonidan muomalaga layoqatsiz deb topilganda;
sodir etgan jinoyati uchun jabrlanuvchi yoki zoʻravonlik sodir etgan shaxslarning biriga nisbatan qamoq ehtiyot chorasi qoʻllanganda;
jabrlanuvchilar yoki zoʻravonlik sodir etgan shaxslarning biri sodir etgan jinoyati uchun ozodlikdan mahrum etilganda;
jabrlanuvchilar yoki zoʻravonlik sodir etgan shaxslarning biri majburiy davolanishga yuborilganda;
jabrlanuvchi va zoʻravonlik sodir etgan shaxslarning biri qonun hujjatlariga muvofiq doimiy yashash joyidan uzoq muddatga boshqa mamlakatga chiqib ketganda;
jabrlanuvchi va zoʻravonlik sodir etgan shaxslardan biri vafot etganda.
30. Himoya orderining amal qilish muddati tugaganligi toʻgʻrisida shu kunning oʻzida jabrlanuvchi va zoʻravonlik sodir etgan shaxslar xabardor qilinadi.
6-bob. Himoya orderini berish faoliyati ustidan monitoring olib borish tartibi
31. Himoya orderini berish faoliyati ustidan ichki ishlar organlarining huquqbuzarliklar profilaktikasi boʻlinmalari tomonidan monitoring olib boriladi.
32. Profilaktika inspektorlari yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektorlar yoxud inspektor-psixologlar tomonidan taqdim etilgan jabrlanuvchi, zoʻravonlik sodir etgan shaxslarga berilgan himoya orderi toʻgʻrisidagi statistik maʼlumotlar tuman huquqbuzarliklar profilaktikasi boʻlimlari tomonidan umumlashtirib, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari va Toshkent shahar ichki ishlar bosh boshqarmasi huquqbuzarliklar profilaktikasi boshqarmalariga keyingi oyning 2-kuniga qadar taqdim etiladi.
33. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari, Toshkent viloyati va Toshkent shahar ichki ishlar bosh boshqarmalari huquqbuzarliklar profilaktikasi boshqarmalari ushbu maʼlumotlarni oʻrganib, umumlashtiradi va Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Huquqbuzarliklar profilaktikasi xizmatiga keyingi oyning 5-kuniga qadar taqdim etadi.
34. Huquqbuzarliklar profilaktikasi boʻlimi boshligʻining xotin-qizlarni tazyiqdan himoya qilish, shu jumladan, himoya orderini berish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlar yuzasidan hisoboti har oyda tegishli tuman (shahar) ichki ishlar organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boshqarmasi, tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmasi (boʻlimi) boshligʻi huzurida oʻtkaziladigan tezkor yigʻilishlarda muhokama qilib boriladi.
7-bob. Yakunlovchi qoidalar
36. Xotin-qizlar va bolalarni tazyiq va zoʻravonlikdan himoya qilish chora-tadbirlarini moliyalashtirish “Xotin-qizlarni tazyiq va zoʻravonlikdan himoya qilish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 31-moddasida hamda “Bolalarni zoʻravonlikning barcha shakllaridan himoya qilish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 46-moddasida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
37. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlarga himoya orderini berish, ijrosini taʼminlash va monitoring olib borish toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlarga himoya orderini berish, ijrosini taʼminlash va monitoring olib borish toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Jabrlanuvchi va zoʻravonlik sodir etgan shaxslarga himoya orderini berish tartibi
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Ijro muddati 1-bosqich Tazyiq va (yoki) zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlar va bolalar (ularning qonuniy vakillari), jismoniy yoki yuridik shaxslar, vakolatli organlar va tashkilotlar xodimlari Xotin-qizlar va bolalar (ularning qonuniy vakillari) tazyiq va (yoki) zoʻravonlikdan jabrlanganligi toʻgʻrisida ichki ishlar organlariga murojaat qilinadi (xabar beriladi). Zaruratga qarab 2-bosqich Ichki ishlar organlari navbatchilik qismi 1. Murojaat va xabarlar ichki ishlar organlari navbatchilik qismidagi daftarga qayd etiladi. 2. Ichki ishlar organlarining navbatchilik qismida belgilangan tartibda qayd etilgan murojaatlar va xabarlar profilaktika inspektori yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektoriga yoxud inspektor-psixologga taqdim etiladi. Darhol 3-bosqich Profilaktika inspektori yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor 1. Ichki ishlar organlari navbatchilik qismlari tomonidan taqdim etilgan yoki YIDXP orqali kelib tushgan murojaatlar va xabarlarni oʻrganib chiqadi va uning yakuni boʻyicha: tazyiq va zoʻravonlik holatlari aniqlangan taqdirda — himoya orderini rasmiylashtiradi; tazyiq va zoʻravonlik holatlari aniqlanmagan taqdirda — qonunchilik hujjatlariga muvofiq tegishli choralarni belgilaydi hamda bu haqda fuqarolar yigʻini raisi, mahalladagi xotin-qizlar faoli va ijtimoiy xodim ishtirokida dalolatnomani rasmiylashtiradi; Oʻzbekiston Respublikasining Jinoyat kodeksida nazarda tutilgan jinoyat belgilari aniqlangan taqdirda — himoya orderini berish toʻgʻrisidagi masalani koʻrib chiqish bilan bir vaqtda ish materiallarini jinoiy javobgarlik masalasini hal qilish uchun tegishli huquqni muhofaza qiluvchi organga yuboradi. 2. Himoya orderi berilgani haqida tegishli tuman (shahar) ichki ishlar organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boshqarmasi, tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmasi (boʻlimi)ning huquqbuzarliklar profilaktikasi boʻlimi (boʻlinmasi, guruhi) (keyingi oʻrinlarda huquqbuzarliklar profilaktikasi boʻlimi deb ataladi) boshligʻini xabardor qiladi. 24 soat mobaynida Himoya orderi berilganidan soʻng uch kun muddatda 4-bosqich Tuman (shahar) ichki ishlar organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boshqarmasi, tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmasi (boʻlimi) boshligʻining huquqbuzarliklar profilaktikasi masalalari boʻyicha oʻrinbosari 1. Himoya orderini rasmiylashtirish uchun toʻplangan materiallarni oʻrganib, taraflar fikrini eshitgan holda profilaktika inspektori yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektorning himoya orderini berish toʻgʻrisidagi qarorini bekor qilishga haqli. 2. Himoya orderini berish faoliyati ustidan monitoring olib boradi. 3. Profilaktika inspektorlari tomonidan jabrlanuvchi, zoʻravonlik sodir etgan shaxslarga berilgan himoya orderi toʻgʻrisidagi statistik maʼlumotlarni umumlashtirib, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari, Toshkent viloyati va Toshkent shahar ichki ishlar bosh boshqarmalari huquqbuzarliklar profilaktikasi boshqarmalariga taqdim etadi. Zaruratga qarab Har oyda Har oyning 2-kuniga qadar 5-bosqich Tuman (shahar) ichki ishlar organlari faoliyatini muvofiqlashtirish boshqarmasi, tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmasi (boʻlimi) boshligʻi Huquqbuzarliklar profilaktikasi boʻlimi boshligʻining xotin-qizlar va bolalarni tazyiqdan himoya qilish, shu jumladan, himoya orderini berish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlar yuzasidan hisoboti tezkor yigʻilishlarda muhokama qilib boriladi. Har oyda 6-bosqich Mehnat organlari, taʼlimni davlat tomonidan boshqarish organlari, taʼlim muassasalari, davlat sogʻliqni saqlash tizimini boshqarish organlari, sogʻliqni saqlash muassasalari, Oʻzbekiston Respublikasi Oila va xotin-qizlar qoʻmitasining hududiy boʻlinmalari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari, mahallalardagi xotin-qizlar faollari 1. Ushbu Nizomning 21-bandiga muvofiq zimmalariga yuklangan vazifa va funksiyalarni amalga oshiradi. 2. Amalga oshirilgan ishlar toʻgʻrisida profilaktika inspektori yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektoriga yoxud inspektor-psixologga xabar beradi. Himoya orderi amal qilishi mobaynida 7-bosqich Profilaktika inspektori yoki xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor 1. Tazyiq va zoʻravonlikning oldini olish, shu jumladan, ularning sabablarini hamda shart-sharoitlarini aniqlash va bartaraf etish choralarini koʻradi. 2. Xotin-qizlar va bolalarga tazyiq oʻtkazayotgan va ularga nisbatan zoʻravonlik sodir etgan shaxslar bilan muntazam ravishda profilaktika ishlarini olib boradi. 3. Himoya orderi talablarining ijrosi ustidan nazorat qiladi hamda uning talablarini buzgan zoʻravonlik sodir etgan shaxslarni javobgarlikka tortish yuzasidan oʻz vakolatlari doirasida choralar koʻradi. Muntazam ravishda Muntazam ravishda Himoya orderi amal qilishi davrida 8-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, viloyatlar ichki ishlar boshqarmalari, Toshkent viloyati va Toshkent shahar ichki ishlar bosh boshqarmalari huquqbuzarliklar profilaktikasi boshqarmalari Jabrlanuvchi, zoʻravonlik sodir etgan shaxslarga berilgan himoya orderi toʻgʻrisidagi statistik maʼlumotlar umumlashtiriladi va Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Jamoat xavfsizligi departamenti Huquqbuzarliklar profilaktikasi xizmatiga taqdim etiladi. Keyingi oyning 5-kuniga qadar
Tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlarga himoya orderini berish, ijrosini taʼminlash va monitoring olib borish toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlarga himoya orderini berish, ijrosini taʼminlash va monitoring olib borish toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
Tazyiq va zoʻravonlikdan jabrlangan xotin-qizlar va bolalarga himoya orderini berish xizmatini koʻrsatish uchun
Ariza beruvchi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar: 1. Jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (JSHSHIR): 2. Pasport yoki identifikatsiyalovchi ID-kartasi seriyasi va raqami: 3. Familiyasi: 4. Ismi: 5. Otasining ismi: 6. Tugʻilgan yili va sanasi: 7. Yashash manzili: 8. Telefon raqami: Murojaatning qisqacha mazmuni:
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 4-yanvardagi 3-son qaroriga 2-ILOVA
Tazyiq oʻtkazgan va zoʻravonlik sodir etgan yoki sodir etishga moyil boʻlgan shaxslarning zoʻravonlik xulq-atvorini oʻzgartirish boʻyicha tuzatish dasturidan oʻtishi tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom tazyiq oʻtkazgan va zoʻravonlik sodir etgan yoki sodir etishga moyil boʻlgan shaxsning zoʻravonlik xulq-atvorini oʻzgartirish boʻyicha tuzatish dasturidan (keyingi oʻrinlarda tuzatish dasturi deb ataladi) oʻtishi tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
tazyiq oʻtkazgan va zoʻravonlik sodir etgan yoki sodir etishga moyil boʻlgan shaxs — xotin-qizlarga nisbatan jismoniy, ruhiy, jinsiy yoki iqtisodiy taʼsir oʻtkazish yoki bunday taʼsir oʻtkazish bilan tahdid qilishga, bolalarga nisbatan jismoniy, jinsiy, ruhiy taʼsir oʻtkazish yoki bunday taʼsir oʻtkazish bilan tahdid qilish, gʻamxoʻrlik koʻrsatmaslik, ekspluatatsiya qilish va taʼqib etish (bulling)ga qaratilgan harakat yoki harakatsizlik qilgan shaxs;
tuzatish dasturi — shaxsning zoʻravonlikka moyil xulq-atvorini oʻzgartirishda unga ruhiy va ijtimoiy yordam koʻrsatishga hamda ijtimoiy hayotga moslashtirishga qaratilgan tarbiyaviy axamiyatga ega boʻlgan tadbirlar majmui;
tuzatish dasturidan oʻtuvchi shaxs — xotin-qizlar va bolalarga nisbatan jismoniy, ruhiy, jinsiy, iqtisodiy, gʻamxoʻrlik koʻrsatmaslik, ekspluatatsiya qilish va taʼqib etish (bulling) kabi zoʻravonliklarni sodir etgan hamda zoʻravonlik sodir etishga moyil boʻlgan shaxs;
psixokorreksiya — tuzatish dasturi doirasida shaxsning rivojlanish jarayonidagi kamchilik va boʻshliqlarni bartaraf etish maqsadida unga faol psixologik-pedagogik taʼsir koʻrsatish, shaxslarning psixofiziologik imkoniyatlari va jamiyat tomonidan qoʻyilayotgan talablar oʻrtasidagi nomutanosiblikni bartaraf etishga qaratilgan tadbirlar majmui.
3. Tuzatish dasturi zoʻravonlik sodir etgan yoki sodir etishga moyil boʻlgan shaxsning (keyingi oʻrinlarda zoʻravonlik sodir etgan shaxs deb ataladi) xotin-qizlar va bolalarga nisbatan zoʻravonligining oldini olish va ularning tajovuzkor xulq-atvorini ijobiy tomonga oʻzgartirish yuzasidan psixologik va ijtimoiy yordam koʻrsatishga doir chora-tadbirlar amalga oshirish hamda uning gʻayriijtimoiy xatti-harakatlarini mustaqil nazorat qilishga koʻmaklashish orqali xotin-qizlar va bolalarga nisbatan zoʻravonlik takroran sodir etilishining oldini olish hamda zoʻravonlikdan jabrlanuvchining xavfsizligini taʼminlash maqsadida amalga oshiriladi.
4. Tuzatish dasturining vazifalari quyidagilardan iborat:
xotin-qizlar va bolalarga nisbatan zoʻravonlikning oldini olish, aniqlash va ularga chek qoʻyish uchun samarali tashkiliy tadbirlarni belgilash;
xotin-qizlar va bolalarga nisbatan zoʻravonlik sodir etilishiga olib kelgan va unga imkon bergan sabablar hamda shart-sharoitlarni bartaraf etish;
yashirin (latent) zoʻravonlikni aniqlash, toifalash va yakka tartibda yoki guruh tarkibida tuzatish;
zoʻravonlik sodir etgan yoki sodir etishga moyil boʻlgan shaxsning sodir etgan xatti-harakatlarining salbiy oqibatlarini bartaraf etish maqsadida ular bilan yakka tartibda yoki guruh shaklida tushuntirish ishlarini olib borish;
zoʻravonlik sodir etgan yoki sodir etishga moyil boʻlgan shaxsning boshqa shaxslarning huquqlarini kamsitmagan va buzmagan holda oʻz hissiyotlarini ochiq namoyon etishga, xatti-harakatlarini nazorat qilishga oʻrgatish;
shaxsning nizoli holatga tushishining oldini olish, boshqa shaxslarga nisbatan bagʻrikenglik bilan munosabatda boʻlish koʻnikmalarini shakllantirish;
zoʻravonlik sodir etgan yoki sodir etishga moyil boʻlgan shaxsning atrofidagi shaxslar tomonidan unga nisbatan salbiy psixologik taʼsir oʻtkazilishi oqibatida uchinchi shaxsga nisbatan zoʻravonlik oʻtkazish holatiga tushmaslik koʻnikmasini shakllantirish.
5. Tuzatish dasturi zoʻravonlik sodir etgan jamiyatda oʻrnatilgan umummajburiy xulq-atvor qoidalariga rioya qilish maqsadida mahalliy ijro etuvchi hokimiyat, mehnat, taʼlimni davlat tomonidan boshqarish organlari va taʼlim muassasalari, davlat sogʻliqni saqlash tizimini boshqarish organlari va sogʻliqni saqlash muassasalari, mahallalardagi xotin-qizlar faollari, tuman (shahar) yoshlar ishlari boʻlimlari, tuman (shahar) oila va xotin-qizlar boʻlimlari, budjet tashkilotlaridagi psixolog mutaxassislarning reyestriga kiritilgan psixologlar yoki grant doirasida jalb etilgan psixologlar (keyingi oʻrinlarda deb psixologlar ataladi), xotin-qizlar masalalari boʻyicha boshlangʻich tashkilotlar (keyingi oʻrinlarda vakolatli organ va tashkilotlar deb ataladi) tomonidan bir oygacha boʻlgan muddatda amalga oshiriladi.
6. Vakolatli organ va tashkilotlar oʻz vakolatlari doirasida tuzatish dasturi borasidagi tadbirlarni boshqa davlat organlari, nodavlat notijorat tashkilotlar hamda fuqarolik jamiyatining boshqa institutlari bilan hamkorlikda amalga oshiradi.
7. Surunkali alkogolizm, giyohvandlik yoki zaharvandlikka mubtalo boʻlgan hamda ruhiy holati buzilgan shaxslar tuzatish dasturidan oʻtkazilmaydi va qonunchilik hujjatlariga muvofiq majburiy davolanishga yuborilishi mumkin.
2-bob. Tuzatish dasturidan oʻtkazish tartibi
8. Himoya orderi berilgan har bir holatda ichki ishlar organlarining tayanch punkti profilaktika (katta) inspektori (keyingi oʻrinlarda profilaktika inspektori deb ataladi) yoki huquqbuzarliklar profilaktikasi boʻlimlari xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektori zoʻravonlik sodir etgan shaxsning tuzatish dasturidan oʻtishini himoya orderida belgilab, tuzatish dasturidan oʻtuvchi shaxsga imzo qoʻydirib tanishtiradi.
11. Shaxs quyidagi tashkilotlarda tuzatish dasturidan oʻtadi:
fuqarolar yigʻinining Oilaviy qadriyatlarni mustahkamlash komissiyasida — oila-turmush doirasidagi nizoli vaziyatlar yuzasidan;
taʼlim muassasasida — tuzatish dasturidan oʻtishi belgilangan taʼlim muassasasida tahsil oluvchi, oʻqituvchi yoki boshqa xodim bilan bogʻliq nizolar yuzasidan;
sogʻliqni saqlash muassasasida — tuzatish dasturidan oʻtuvchi shaxsning ruhiy holati boʻyicha;
mehnat organlarida — tuzatish dasturidan oʻtuvchi vaqtincha ishsiz shaxslarning bandligini taʼminlash hamda kasb-hunarga oʻqitish va ularni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash boʻyicha;
tuman (shahar) yoshlar ishlari boʻlimlarida — tuzatish dasturidan oʻtuvchi yoshlar bilan yakka va guruh shaklida tarbiyaviy ishlarni olib borish, yoshlarning boʻsh vaqtini mazmunli oʻtkazish hamda bandligini taʼminlash va ular bilan bogʻliq nizolar boʻyicha.
12. Profilaktika inspektori:
tuzatish dasturidan oʻtuvchi shaxslar bilan vakolatli organ va tashkilotlar tomonidan amalga oshirilayotgan tadbirlarni umumlashtirish hamda faoliyatni monitoring qilish maqsadida har bir shaxs boʻyicha ularga oid maʼlumotlarni “E-ijtimoiy profilaktika” elektron axborot tizimining “E-tuzatish dasturi” moduliga kiritib boradi (elektron axborot tizimi faoliyati yoʻlga qoʻyilgunga qadar mazkur maʼlumotlar har bir shaxs boʻyicha ochilgan alohida yigʻmajildda jamlanadi);
himoya orderi rasmiylashtirilgan kundan boshlab ikki ish kuni ichida shaxsni tuzatish dasturidan oʻtkazish tadbirlarini tashkil qilish uchun zoʻravonlik sodir etgan shaxs bilan amalga oshirilishi lozim boʻlgan ishlar rejasini ishlab chiqadi;
rejani tuman (shahar) “Inson” ijtimoiy xizmatlar markazi bilan elektron axborot tizimi orqali kelishadi hamda tuman (shahar) hokimi oʻrinbosari — Oila va xotin-qizlar boʻlimi boshligi tomonidan tasdiqlangandan soʻng vakolatli organ va tashkilotlarga yuborilishini taʼminlaydi.
Huquqbuzarliklar profilaktikasi boʻlimlari xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektori tomonidan himoya orderi rasmiylashtirilgan holatlarda, profilaktika inspektori Profilaktika boʻlimi boshligʻining topshirigʻiga koʻra, ushbu bandda nazarda tutilgan tadbirlarni bajaradi.
12 1 . Tuman (shahar) hokimi oʻrinbosari — Oila va xotin-qizlar boʻlimi boshligʻi zoʻravonlik sodir etgan shaxs bilan amalga oshirilishi lozim boʻlgan tadbirlar davlat organlari va tashkilotlar tomonidan ijrosi taʼminlanmagan holatlar boʻyicha oʻz vakolati doirasida davlat organlari va tashkilotlarining masʼul rahbarlariga xotin-qizlar huquqlari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash borasidagi qonunchilik hujjatlari buzilishi hamda ularni keltirib chiqaruvchi sabab va shart-sharoitlarni bartaraf etish yuzasidan koʻrib chiqilishi majburiy boʻlgan taqdimnomalar kiritadi.
13. Zoʻravonlik sodir etgan shaxslarning tuzatish dasturidan oʻtishi quyidagi tartibda amalga oshiriladi:
fuqarolar yigʻini oilaviy qadriyatlarni mustahkamlash komissiyasi oila-turmush doirasidagi nizolardan kelib chiqib tuzatish dasturidan oʻtishga yuborilgan shaxsni oʻz vakolati doirasida oʻrganadi, nizoni bartaraf etib, tuzatish tadbirlarini amalga oshiradi va tuzatish dasturidan oʻtuvchi shaxsni oʻz nazoratiga oladi;
taʼlim muassasasi tuzatish dasturidan oʻtuvchi tahsil oluvchilar, oʻqituvchi yoki boshqa xodim bilan bogʻliq nizolarni bartaraf etish choralarini amalga oshiradi, nizolashuvchi tomonlarni kelishtiradi va sodir etilishi mumkin boʻlgan nizoli holatlarning oldini oladi;
sogʻliqni saqlash muassasalari tomonidan belgilangan tartibda shaxslar ruhiy holati tekshiriladi va ushbu Nizomga 2-ilovada koʻrsatilgan tartibda tuzatish dasturidan oʻtadi. Bunda tuzatish dasturidan oʻtkazishning aniq muddati tegishli sogʻliqni saqlash muassasasi rahbari tomonidan shaxsning ruhiy-psixofiziologik holati hisobga olingan holda mustaqil belgilanadi;
mehnat organlari tuzatish dasturidan oʻtuvchi vaqtincha ishsiz shaxslarning bandligini taʼminlaydi va ularni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash choralarini koʻradi;
Yoshlar ishlari agentligining hududiy boʻlimlari tuzatish dasturidan oʻtuvchi yoshlar bilan yakka va guruh tartibida tarbiyaviy ishlarni amalga oshiradi va ularning boʻsh vaqtini mazmunli oʻtkazishni taʼminlaydi, profilaktik chora-tadbirlarni tashkil etadi;
Psixologlar zoʻravonlik sodir etgan shaxslarni zoʻravonlik sodir etilishining oldini olish boʻyicha maxsus psixokorreksiya dasturlaridan oʻtkazish choralarini koʻradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Ijtimoiy himoya milliy agentligi tizimidagi psixologlar mazkur dastur doirasida zoʻravonlik sodir etgan shaxslar bilan ishlash uchun jalb etilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
Xotin-qizlar masalalari boʻyicha boshlangʻich tashkilotlari zoʻravonlik holatlariga olib keladigan sabablar hamda shart-sharoitlarni aniqlaydi va zoʻravonlik sodir etgan yoki uni sodir etishga moyil boʻlgan shaxs bilan yakka tartibdagi profilaktik tadbirlarni oʻtkazadi.
14. Ushbu Nizomning 13-bandida koʻrsatilgan vakolatli organ va tashkilotlar tuzatish dasturini amalga oshirishda zoʻravonlikni sodir etgan yoki zoʻravonlik sodir etishga moyil boʻlgan shaxslar hamda boshqa shaxslarda zoʻravonlikka qarshi immunitet shakllantirilishiga koʻmaklashadi.
15. Vakolatli organ va tashkilotlar tuzatish dasturidan oʻtuvchi shaxslar bilan yakka tartibda va guruh shaklida oʻtkazilgan psixologik, psixokorreksion, pedagogik, ijtimoiy va tibbiy yoʻnalishlardagi tadbirlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni profilaktika inspektoriga yuboradi.
Profilaktika inspektori xotin-qizlar masalalari boʻyicha inspektor bilan birgalikda vakolatli organ va tashkilotlarda tuzatish dasturidan oʻtgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni tahlil qiladi va uning yakuniy natijalarini fuqarolar yigʻinida tuman (shahar) hokimi oʻrinbosari — Oila va xotin-qizlar boʻlimi boshligʻi ishtirokida muhokama qilinishini taʼminlaydi.
3-bob. Yakunlovchi qoidalar
16. Tuzatish dasturidan oʻtish jarayonida zoʻravonlik sodir etgan yoki uni sodir etishga moyil boʻlgan shaxs bilan oʻtkazilgan profilaktik suhbatlar, shaxsning shaxsiy hayotiga oid maʼlumotlar oshkor etilmaydi va tarqatilmaydi.
17. Tazyiq oʻtkazgan va zoʻravonlik sodir etgan yoki sodir etishga moyil boʻlgan shaxsning zoʻravonlik xulq-atvorini oʻzgartirish boʻyicha tuzatish dasturidan oʻtish bilan bogʻliq chora-tadbirlarni moliyalashtirish “Xotin-qizlarni tazyiq va zoʻravonlikdan himoya qilish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 31-moddasida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
18. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Tazyiq oʻtkazgan va zoʻravonlik sodir etgan yoki sodir etishga moyil boʻlgan shaxslarning zoʻravonlik xulq-atvorini oʻzgartirish boʻyicha tuzatish dasturidan oʻtishi tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Zoʻravonlik sodir etgan yoki uni sodir etishga moyil boʻlgan shaxslarni tuzatishning namunaviy
T/r Tadbirlar nomi Davomiyligi Yakka tartibda suhbat 1 . Zoʻravonlikka moyil xulq-atvorni tuzatish dasturi mohiyatini tushuntirish. Shaxsni diagnostikadan oʻtkazish. 3 soatgacha 2. Zoʻravonlik holatini keltirib chiqargan sabablar va sharoitlarni oʻrganish hamda aniqlash. 3 soatgacha 3. Shaxsning psixoemotsional holatini korreksiyalash, uning aybdorlik hissini aniqlash va undan xalos etish hamda boshqa shaxslarga nisbatan bagʻrikenglik bilan munosabatda boʻlish koʻnikmalarini shakllantirish. 3 soatgacha 4. Shaxsning boshqa shaxslarning huquqlarini kamsitmagan holda oʻz hissiyotlarini ochiq namoyon etishga, xatti-harakatlarini nazorat qilishga oʻrgatish. 2 soatgacha Guruhda ishlash 1. Agressiyani boshqarish. Uy vazifasi. 4 soatgacha 2. Shaxslararo munosabatlarni aniqlash. Boshqa shaxslar bilan munosabatlarni yaxshilash. Assertivlikni shakllantirish (shaxsni tashqi taʼsirga berilmasdan oʻz xulq-atvorini mustaqil boshqarishga oʻrgatish). Uy vazifasi. 4 soatgacha 3. Salbiy hissiyotlardan xalos boʻlishni oʻrgatish. Xarakteridagi ijobiy hissiyotlarni namoyon etish. Mashgʻulot. 4 soatgacha
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 4-yanvar,
3-son