📅 2020-yil 10-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 10-yanvar · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Adliya vaziri
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 10 январь · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Адлия вазири
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 10 января 2020 г. · Документы министерств и ведомств · Министр юстиции
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 10 January 2020 · Ministry and agency documents · Adliya vaziri
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 сентябрдаги ПФ-5816-сон «Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сон « Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида »ги, 2019 йил 5 апрелдаги ПҚ-4270-сон « Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида »ги ва 2019 йил 20 ноябрдаги ПҚ-4525-сон « Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида »ги қарорларига мувофиқ, буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 4 январдаги 2-мҳ-сон буйруғи (рўйхат рақами 3113, 2019 йил 4 январь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.01.2019 й., 10/19/3113/2422-сон) билан тасдиқланган Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Ҳукумат баённома қарорлари ва идоравий норматив ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бошқармаси Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
3. Қонун ҳужжатларини таҳлил қилиш ва туркумлаш бошқармаси ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинишини таъминласин.
4. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
5. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари А. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2020 йил 10 январдаги 8-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 3-банднинг тўққизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг шахсини ҳамда юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини аниқлашда нотариус тегишли ахборот ресурсларидан фойдаланади.».
2. Қуйидаги мазмундаги 3 1 -банд билан тўлдирилсин:
«3 1 . Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимига (бундан буён матнда Тизим деб юритилади) қуйидаги шахсларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (бундан буён матнда ЖШШИР деб юритилади) киритилиши шарт:
Ўзбекистон Республикасининг биометрик паспортга эга бўлган фуқаролари;
Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
ЖШШИР мавжуд бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
ЖШШИР мавжуд бўлган 16 ёшга тўлмаган фуқаролар.
16 ёшга тўлмаган фуқароларда ЖШШИР мавжуд бўлмаганда Тизимга уларнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномасининг серияси ва рақами киритилади.
Мазкур банд талаблари қонун ҳужжатларига мувофиқ яшаш гувоҳномасисиз ва доимий пропискасиз Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган чэт эл фуқароларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Юридик шахснинг солиқ тўловчининг идентификация рақами (бундан буён матнда СТИР деб юритилади) Тизимга киритилиши шарт.».
3. 4-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Нотариусга мурожаат этган шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёхуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асоси бўлсада (шубҳа туғдирсада), аммо шу фуқаронинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, у нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори мавжуд ёки мавжуд эмаслигини Тизим орқали текширади.».
4. Қуйидаги мазмундаги 8 1 ва 8 2 -бандлар билан тўлдирилсин:
«8 1 . Тарафлар турли ҳудудларда жойлашган нотариал идорада масофадан туриб видеоконференцалоқа режимида битимларни нотариал тасдиқлаши мумкин ва бундай битим уларнинг биргаликдаги иштирокисиз амалга оширилаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида тарафлар нотариуслар ҳузурида бўлиши шарт.
Мазкур тартиб асосида барча турдаги битимларни тасдиқлаш мумкин. Бу каби битимларни тасдиқлашда тегишлилигига қараб битимларни тасдиқлашнинг умумий қоидалари қўлланилади.
Битимни нотариал тасдиқлаш тарафларнинг тегишли нотариусга бериладиган аризасига асосан амалга оширилади ва ариза нотариал тартибда шаҳодатлантирилмайди.
Бунда битимнинг биринчи тарафи мурожаат қилган нотариус қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:
битимнинг биринчи тарафи томонидан тақдим қилинган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, шахсини тасдиқловчи (битимнинг иккинчи тарафининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси) ва бошқа ҳужжатларнинг қонунийлигини ўрганиб чиқади;
видеоконференцалоқа орқали битимни тасдиқлашда тегишли битим карточкасини яратади ва маълумотларни Тизимга киритади;
битимнинг биринчи тарафи билан ўзаро мулоқотда нотариус томонидан қандай турдаги битим тузилаётганлигини, битимнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиради, ушбу битим мазмуни тарафларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текширади, тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб бўлганлигини аниқлайди ҳамда ҳужжат матни билан тарафлар тўлиқ танишиб, нотариус томонидан овоз чиқариб ўқиб берилган ҳолда битимнинг биринчи тарафи томонидан имзоланади ҳамда бармоқ изларини сканер қилиш жараёнини видеоконференцалоқа орқали Тизимда тўлиқ қайд этади;
тарафлар ҳамда уларнинг ўзаро келишилган бошқа шартлари ҳақидаги маълумотлар асосида битим лойиҳасини электрон шаклда тузади;
Тизимда жойлаштирилган битим лойиҳасини чоп этади ва битимнинг тегишли қисмига битимнинг биринчи тарафига имзо қўйдиради ҳамда бармоқ изларини сканер қилиш жараёнини видеоконференцалоқа орқали Тизимда тўлиқ қайд этади ва битим билан бирга сақлайди.
Битимда тасдиқловчи ёзув кўрсатилиши лозим.
Мисол:
Мен Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳар, Тинчлик кўчаси, 1-уйда жойлашган, Нурафшон шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасининг нотариуси Р.Г.В., фуқаро Б.А.Г.нинг менинг ҳузуримда қўйган имзосини хақиқийлигини шаҳодатлайман.
Сотувчининг шахси аниқланди, муомалага лаёқатлилиги текширилди, яъни шахсий мулоқот давомида унинг муомалага лаёқатлилигига шубҳа туғилмади, нотариал ҳаракатни амалга ошириш давомида унинг муомалага лаёқатсиз эканлиги хақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас.
Шартнома сотувчининг ҳохиш-иродаси ва амалдаги қонун ҳужжатлари асосида видеоконференцалоқа орқали масофадан туриб расмийлаштирилаётганлигини тасдиқлайман. Уй-жой сотувчига тегишлилиги текширилди, бу жараён «Нотариус» ААТда видеоконференцалоқа орқали тўлиқ қайд этилди.
Сотувчи фуқаро Б.А.Г. томонидан тақдим қилинган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари Нурафшон шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасида сақланади.
Ушбу ҳужжат, уй-жой олди-сотди шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланиб, мазкур шартнома Тошкент шаҳар, М. Улуғбек тумани, Барака кўчасида жойлашган, М. Улуғбек туман 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси З.Г.Г. томонидан видеоконференцалоқа орқали тасдиқланган.
Нотариус битимни имзолаб, муҳр билан тасдиқлайди ва мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларни сканер қилиб Тизимга жойлаштиради.
Битимнинг иккинчи тарафи мурожаат қилган нотариус қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:
Тизимга жойлаштирилган битим билан боғлиқ ҳужжатларни юклаб олади ва чоп этади;
Тизим орқали битимнинг биринчи тарафи мурожаат қилган нотариус билан видеоконференцалоқа орқали видеомулоқот ўрнатади, бунда нотариус ва нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи тарафлар тасвирга тўлиқ туширилиши шарт.
Шунингдек, нотариус битимнинг иккинчи тарафига қандай турдаги битим тузилаётганлигини, битимнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтиради, ушбу битим мазмуни тарафларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текширади, тарафлар ўртасида ҳисоб-китоб бўлганлигини аниқлайди ҳамда ҳужжат матнини сотиб олувчига тўлиқ таништириб, овоз чиқариб ўқиб беради. Битимнинг иккинчи тарафи томонидан битим имзолангандан сўнг, унинг бармоқ изларини сканер қилиш жараёни видеоконференцалоқа орқали Тизимда тўлиқ қайд этилади.
Битимда тасдиқловчи ёзув кўрсатилиши лозим.
Мисол:
Ушбу шартномани, мен Тошкент шаҳар, М. Улуғбек тумани, Барака кўчасида жойлашган, М. Улуғбек туман 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси З.Г.Г. тарафларнинг хоҳиш-иродаси ва амалдаги қонунларга асосан сотувчи — Б.А.Г. Нурафшон шаҳар 1-сон ДНИда бўлган ҳолда видеоконференцалоқа орқали масофадан туриб тасдиқладим. Бу жараён «Нотариус» ААТда видеоконференцалоқа орқали тўлиқ қайд этилди.
Сотувчи Б.А.Г.нинг шахси Нурафшон шаҳар 1-сон давлат нотариал идорасининг нотариуси Р.Г.В. томонидан аниқланди ва сотиб олувчи А.А.В.нинг шахси мен, М. Улуғбек туман 1-сон давлат нотариал идораси нотариуси З.Г.Г. аниқладим.
Сотиб олувчининг шахси аниқланди, муомалага лаёқатлилиги текширилди, яъни шахсий мулоқот давомида унинг муомалага лаёқатлилигига шубҳа туғилмади, нотариал ҳаракатни амалга ошириш давомида унинг муомалага лаёқатсиз эканлиги хақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас.
Электрон шаклда берилган ҳужжат қоғозда берилган ҳужжат билан тенг юридик кучга эга.
Тарафлар томонидан имзоланган ҳужжатлар битта йиғмажилд шаклига келтирилади, бунда махсус тешик очгич (люверс) ёрдамида тешган ҳолда ип ўтказиб тикилади, рақамланади, ҳужжатнинг охирги варағи ёрлиқ билан елимланган ҳолда нотариуснинг имзоси билан тасдиқланиб, муҳр босилади ва тегишли ёзув киритилади.
Яхлит ҳолга келтирилган битим битимнинг иккинчи тарафи мурожаат қилган нотариус томонидан сканер қилиниб Тизимда шу реестр рақам қайд қилинган карточкага жойлаштирилади.
Битим икки нусхада тузилади, бир нусхаси битимнинг иккинчи тарафи мурожаат қилган нотариал идорада сақланади ва иккинчи нусхаси битимнинг иккинчи тарафига берилади.
Битимнинг иккинчи тарафига унинг сўровига кўра битимнинг нусхаси ўзи мурожаат қилган нотариус томонидан чоп этиб берилиши мумкин.
8 2 . Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар асосида нотариал ҳаракатни амалга оширишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ушбу ҳужжатнинг асл нусхаси тақдим этилмасдан, унинг ўрнига нотариал ҳаракатнинг ноёб рақами билан мурожаат қилинганда нотариус томонидан ушбу ҳужжатлар Тизим орқали ноёб рақам ёки мурожаат қилувчининг ЖШШИР орқали текширилади ва шу асосда нотариал ҳаракат амалга оширилади.
Ҳужжат ва унинг ноёб рақами шубҳа туғдирган тақдирда нотариус ушбу ҳужжатни тасдиқлаган нотариусга ёки идоравий нотариал архивга мурожаат қилиш орқали маълумотларга аниқлик киритиши мумкин.
Мазкур банднинг қоидалари 2020 йил 1 январдан кейин тасдиқланган ҳужжатларга нисбатан амал қилади.».
5. 10-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Нотариус ҳужжатни экспертизага юбориш тўғрисида қарор чиқаради ва унда қарор чиқарилган сана, қарор чиқарган нотариуснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, нотариал идоранинг номи, ҳужжатнинг номи, у кимнинг номига берилганлиги, нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун ҳужжат ким томонидан тақдим этилганлиги (фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат, юридик шахс бўлса унинг номи ва жойлашган ери (почта манзили), СТИР, ҳужжатни экспертизага юбориш заруратини келтириб чиқарган ҳолатлар, ҳужжат экспертиза қилиниши учун қаерга (қайси экспертиза муассасасига) юборилаётганлиги ва экспертиза ҳал этиши учун қўйилаётган саволлар кўрсатилади.».
6. 12-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Бунда нотариал тасдиқланадиган битим, ариза ва бошқа ҳужжатларнинг мазмуни Тизимга аниқ ва тўлиқ киритилиши лозим.».
7. 18-банднинг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Васиятноманинг дубликати васият қилувчига, у вафот этганидан кейин эса васиятномада кўрсатилган ёки унинг қонун бўйича меросхўрларига (мерос трансмиссияси бўйича) ёхуд уларнинг вакилларига васият қилувчининг ўлим ҳақидаги гувоҳномаси ёки далолатнома ёзувидан кўчирма тақдим этилганидан кейин берилади.».
8. 24-банднинг ўн биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«битим предметининг кадастр қиймати (агар мавжуд бўлса) ва тарафлар томонидан келишилган баҳо;».
9. 27-бандда :
биринчи ва учинчи хатбошилардаги «битимларни» деган сўз «шартномаларни (келишувларни)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулкни олди-сотди шартномаларини тасдиқлашда, ушбу Йўриқноманинг 40-банди қоидалари қўлланилади.».
10. 29-бандда :
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Эр ёки хотиндан бири вафот этганда уларнинг никоҳи давомида орттирилган умумий биргаликдаги мол-мулкига нисбатан ворислик қоидалари қўлланилади.»;
тўртинчи ва бешинчи хатбошилар тегишлича бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
11. 32-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмидаги улушни бошқа шахсга ўтказишда олди-сотди шартномаси умумий улушли мулкнинг имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бошқа иштирокчиларининг яшаш манзили номаълум бўлган ҳолларда ҳам тасдиқланади. Мазкур ҳолда сотувчи ички ишлар органларининг Манзил-маълумотлар бюроси томонидан берилган тегишли маълумотномани нотариусга тақдим этиши керак.».
12. 40-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«40. Кўчмас мулк ёки унинг бир қисми бошқа шахсга ўтказилаётганда, мазкур Йўриқноманинг 39-бандида кўрсатиб ўтилган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилиб олиниб ўрганилгандан сўнг, қуйидаги ҳужжатлар нотариус томонидан идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан Тизим орқали автоматик тарзда ёки курьерлик хизматидан фойдаланган ҳолда олинади:
коммунал хизматлар (газ таъминоти, совуқ сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариш, иссиқлик таъминоти (марказий иситиш ва иссиқ сув таъминоти) бўйича хизматлар) ва электр энергияси учун тўланадиган мажбурий тўловлар бўйича қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар, бундан тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар ўртасидаги кўчмас мулк олди-сотди шартномалари мустасно;
кадастр маълумотномаси;
солиқлар бўйича бюджет олдида қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома;
турар жойда доимий пропискада бўлган шахслар ҳақидаги ички ишлар органининг маълумотномаси;
кўчмас мулк ёки унинг бир қисми гаровга қўйилган бўлса, гаровга олувчининг розилиги.
Бунда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ваколатларига кирадиган коммунал хизматлар бўйича қарздорликлар ҳақида маълумотлар фақат Мажбурий ижро бюроси ахборот тизими орқали онлайн режимда текширилади.».
13. 45-бандда :
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан (бундан буён матнда Реестр деб аталади) кўчирма ёки гувоҳнома;»;
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«қурилиши тугалланмаган объектга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида Реестрдан кўчирма.»;
олтинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
14. 46-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Умрбод таъминлаш шарти билан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини бошқа шахсга бериш шартномаси бўйича уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини мулк қилиб бериш мажбуриятини олган шахснинг вафотига ёки ушбу шартнома бекор қилингунга қадар нотариус томонидан уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига тақиқ қўйилади.».
15. Қуйидаги мазмундаги 56 1 -банд билан тўлдирилсин:
«56 1 . Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга фақат нотариуснинг талабномасига асосан нотариус томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқ эгасини ўзгартириш шаклида киритилади ва бир вақтнинг ўзида Реестрдан кўчирма берилади.».
16. 58-бандда :
бешинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
олтинчи — ўн тўртинчи хатбошилар тегишлича бешинчи — ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
17. 136-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«мерос таркибининг мерос қолдирувчига тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (бунда мерос мулки кўчмас мулк бўлса, кадастр маълумотномаси);».
Вазир Р. ДАВЛЕТОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 10 январь,
8-мҳ-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirining
buyrugʻi
Notariuslar tomonidan notarial harakatlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi yoʻriqnomaga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 9-sentabrdagi PF-5816-son “Oʻzbekiston Respublikasida notariat tizimini tubdan isloh qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi Farmoni hamda 2018-yil 13-apreldagi PQ-3666-son “ Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi faoliyatini yanada takomillashtirishga doir tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida ”gi, 2019-yil 5-apreldagi PQ-4270-son “ Koʻchmas mulkka boʻlgan huquqlarni davlat roʻyxatidan oʻtkazish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ”gi va 2019-yil 20-noyabrdagi PQ-4525-son “ Mamlakatda biznes muhitini yanada yaxshilash va tadbirkorlikni qoʻllab quvvatlash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ”gi qarorlariga muvofiq, buyuraman:
1. Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2019-yil 4-yanvardagi 2-mh-son buyrugʻi (roʻyxat raqami 3113, 2019-yil 4-yanvar) (Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 05.01.2019-y., 10/19/3113/2422-son) bilan tasdiqlangan Notariuslar tomonidan notarial harakatlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi yoʻriqnomaga ilovaga muvofiq oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilsin.
2. Mazkur buyruq davlat roʻyxatidan oʻtkazilsin va bu haqda Hukumat bayonnoma qarorlari va idoraviy normativ hujjatlarni huquqiy ekspertizadan oʻtkazish boshqarmasi Idoraviy normativ-huquqiy hujjatlarning davlat reyestriga tegishli yozuv kiritsin.
3. Qonun hujjatlarini tahlil qilish va turkumlash boshqarmasi ushbu idoraviy normativ-huquqiy hujjatni “Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami” — “Sobraniye zakonodatelstva Respubliki Uzbekistan”da hamda Oʻzbekiston Respublikasi Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasida eʼlon qilinishini taʼminlasin.
4. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
5. Mazkur buyruq ijrosini nazorat qilish vazir oʻrinbosari A. Tashkulov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining 2020-yil 10-yanvardagi 8-mh-son buyrugʻiga ILOVA
Notariuslar tomonidan notarial harakatlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi yoʻriqnomaga kiritilayotgan oʻzgartirish va qoʻshimchalar
1. 3-bandning toʻqqizinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Notarial harakatni amalga oshirishni soʻrab murojaat qilgan fuqaroning shaxsini hamda yuridik shaxsning huquq layoqatini aniqlashda notarius tegishli axborot resurslaridan foydalanadi.”.
2. Quyidagi mazmundagi 3 1 -band bilan toʻldirilsin:
“3 1 . Notarial harakatlarni amalga oshirishda “Notarius” avtomatlashtirilgan axborot tizimiga (bundan buyon matnda Tizim deb yuritiladi) quyidagi shaxslarning jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami (bundan buyon matnda JShShIR deb yuritiladi) kiritilishi shart:
Oʻzbekiston Respublikasining biometrik pasportga ega boʻlgan fuqarolari;
Oʻzbekiston Respublikasida yashash guvohnomasiga ega boʻlgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar;
JShShIR mavjud boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi hududida vaqtincha yashayotgan chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslar;
JShShIR mavjud boʻlgan 16 yoshga toʻlmagan fuqarolar.
16 yoshga toʻlmagan fuqarolarda JShShIR mavjud boʻlmaganda Tizimga ularning tugʻilganlik haqida guvohnomasining seriyasi va raqami kiritiladi.
Mazkur band talablari qonun hujjatlariga muvofiq yashash guvohnomasisiz va doimiy propiskasiz Oʻzbekiston Respublikasi hududidan koʻchmas mulk sotib olish huquqiga ega boʻlgan chet el fuqarolariga nisbatan tatbiq etilmaydi.
Yuridik shaxsning soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (bundan buyon matnda STIR deb yuritiladi) Tizimga kiritilishi shart.”.
3. 4-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Notariusga murojaat etgan shaxsning ruhiy holati buzilganligi yoki aqli zaifligi oqibatida oʻz xatti-harakatlarining ahamiyatini tushuna olmaydi yoki shu harakatlarni boshqara olmaydi deb yoxud spirtli ichimliklarni yoki giyohvandlik va psixotrop moddalarni isteʼmol qilishi oqibatida oʻz oilasini ogʻir moddiy ahvolga solib qoʻyadi deb hisoblash uchun asosi boʻlsada (shubha tugʻdirsada), ammo shu fuqaroning muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklanganligi toʻgʻrisida maʼlumotlar boʻlmasa, u notarial harakatni amalga oshirishni kechiktiradi va sudning shu shaxsni muomalaga layoqatsiz yoki muomala layoqati cheklangan deb topganligi toʻgʻrisidagi qarori mavjud yoki mavjud emasligini Tizim orqali tekshiradi.”.
4. Quyidagi mazmundagi 8 1 va 8 2 -bandlar bilan toʻldirilsin:
“8 1 . Taraflar turli hududlarda joylashgan notarial idorada masofadan turib videokonferensaloqa rejimida bitimlarni notarial tasdiqlashi mumkin va bunday bitim ularning birgalikdagi ishtirokisiz amalga oshirilayotgan boʻlsa, bir vaqtning oʻzida taraflar notariuslar huzurida boʻlishi shart.
Mazkur tartib asosida barcha turdagi bitimlarni tasdiqlash mumkin. Bu kabi bitimlarni tasdiqlashda tegishliligiga qarab bitimlarni tasdiqlashning umumiy qoidalari qoʻllaniladi.
Bitimni notarial tasdiqlash taraflarning tegishli notariusga beriladigan arizasiga asosan amalga oshiriladi va ariza notarial tartibda shahodatlantirilmaydi.
Bunda bitimning birinchi tarafi murojaat qilgan notarius quyidagi harakatlarni amalga oshiradi:
bitimning birinchi tarafi tomonidan taqdim qilingan mulk huquqini tasdiqlovchi hujjat, shaxsini tasdiqlovchi (bitimning ikkinchi tarafining shaxsini tasdiqlovchi hujjat nusxasi) va boshqa hujjatlarning qonuniyligini oʻrganib chiqadi;
videokonferensaloqa orqali bitimni tasdiqlashda tegishli bitim kartochkasini yaratadi va maʼlumotlarni Tizimga kiritadi;
bitimning birinchi tarafi bilan oʻzaro muloqotda notarius tomonidan qanday turdagi bitim tuzilayotganligini, bitimning mazmun-mohiyati va ahamiyatini tushuntiradi, ushbu bitim mazmuni taraflarning asl maqsadiga mos kelish-kelmasligini va qonun talablariga zid kelish-kelmasligini tekshiradi, taraflar oʻrtasida hisob-kitob boʻlganligini aniqlaydi hamda hujjat matni bilan taraflar toʻliq tanishib, notarius tomonidan ovoz chiqarib oʻqib berilgan holda bitimning birinchi tarafi tomonidan imzolanadi hamda barmoq izlarini skaner qilish jarayonini videokonferensaloqa orqali Tizimda toʻliq qayd etadi;
taraflar hamda ularning oʻzaro kelishilgan boshqa shartlari haqidagi maʼlumotlar asosida bitim loyihasini elektron shaklda tuzadi;
Tizimda joylashtirilgan bitim loyihasini chop etadi va bitimning tegishli qismiga bitimning birinchi tarafiga imzo qoʻydiradi hamda barmoq izlarini skaner qilish jarayonini videokonferensaloqa orqali Tizimda toʻliq qayd etadi va bitim bilan birga saqlaydi.
Bitimda tasdiqlovchi yozuv koʻrsatilishi lozim.
Misol:
Men Toshkent viloyati, Nurafshon shahar, Tinchlik koʻchasi, 1-uyda joylashgan, Nurafshon shahar 1-son davlat notarial idorasining notariusi R.G.V., fuqaro B.A.G.ning mening huzurimda qoʻygan imzosini xaqiqiyligini shahodatlayman.
Sotuvchining shaxsi aniqlandi, muomalaga layoqatliligi tekshirildi, yaʼni shaxsiy muloqot davomida uning muomalaga layoqatliligiga shubha tugʻilmadi, notarial harakatni amalga oshirish davomida uning muomalaga layoqatsiz ekanligi xaqida hech qanday maʼlumotlar mavjud emas.
Shartnoma sotuvchining hoxish-irodasi va amaldagi qonun hujjatlari asosida videokonferensaloqa orqali masofadan turib rasmiylashtirilayotganligini tasdiqlayman. Uy-joy sotuvchiga tegishliligi tekshirildi, bu jarayon “Notarius” AATda videokonferensaloqa orqali toʻliq qayd etildi.
Sotuvchi fuqaro B.A.G. tomonidan taqdim qilingan mulk huquqini tasdiqlovchi hujjatlarning asl nusxalari Nurafshon shahar 1-son davlat notarial idorasida saqlanadi.
Ushbu hujjat, uy-joy oldi-sotdi shartnomasining ajralmas qismi hisoblanib, mazkur shartnoma Toshkent shahar, M. Ulugʻbek tumani, Baraka koʻchasida joylashgan, M. Ulugʻbek tuman 1-son davlat notarial idorasi notariusi Z.G.G. tomonidan videokonferensaloqa orqali tasdiqlangan.
Notarius bitimni imzolab, muhr bilan tasdiqlaydi va mulk huquqini tasdiqlovchi hujjatlar va boshqa hujjatlarni skaner qilib Tizimga joylashtiradi.
Bitimning ikkinchi tarafi murojaat qilgan notarius quyidagi harakatlarni amalga oshiradi:
Tizimga joylashtirilgan bitim bilan bogʻliq hujjatlarni yuklab oladi va chop etadi;
Tizim orqali bitimning birinchi tarafi murojaat qilgan notarius bilan videokonferensaloqa orqali videomuloqot oʻrnatadi, bunda notarius va notarial harakatni amalga oshirishda ishtirok etuvchi taraflar tasvirga toʻliq tushirilishi shart.
Shuningdek, notarius bitimning ikkinchi tarafiga qanday turdagi bitim tuzilayotganligini, bitimning mazmun-mohiyati va ahamiyatini tushuntiradi, ushbu bitim mazmuni taraflarning asl maqsadiga mos kelish-kelmasligini va qonun talablariga zid kelish-kelmasligini tekshiradi, taraflar oʻrtasida hisob-kitob boʻlganligini aniqlaydi hamda hujjat matnini sotib oluvchiga toʻliq tanishtirib, ovoz chiqarib oʻqib beradi. Bitimning ikkinchi tarafi tomonidan bitim imzolangandan soʻng, uning barmoq izlarini skaner qilish jarayoni videokonferensaloqa orqali Tizimda toʻliq qayd etiladi.
Bitimda tasdiqlovchi yozuv koʻrsatilishi lozim.
Misol:
Ushbu shartnomani, men Toshkent shahar, M. Ulugʻbek tumani, Baraka koʻchasida joylashgan, M. Ulugʻbek tuman 1-son davlat notarial idorasi notariusi Z.G.G. taraflarning xohish-irodasi va amaldagi qonunlarga asosan sotuvchi — B.A.G. Nurafshon shahar 1-son DNIda boʻlgan holda videokonferensaloqa orqali masofadan turib tasdiqladim. Bu jarayon “Notarius” AATda videokonferensaloqa orqali toʻliq qayd etildi.
Sotuvchi B.A.G.ning shaxsi Nurafshon shahar 1-son davlat notarial idorasining notariusi R.G.V. tomonidan aniqlandi va sotib oluvchi A.A.V.ning shaxsi men, M. Ulugʻbek tuman 1-son davlat notarial idorasi notariusi Z.G.G. aniqladim.
Sotib oluvchining shaxsi aniqlandi, muomalaga layoqatliligi tekshirildi, yaʼni shaxsiy muloqot davomida uning muomalaga layoqatliligiga shubha tugʻilmadi, notarial harakatni amalga oshirish davomida uning muomalaga layoqatsiz ekanligi xaqida hech qanday maʼlumotlar mavjud emas.
Elektron shaklda berilgan hujjat qogʻozda berilgan hujjat bilan teng yuridik kuchga ega.
Taraflar tomonidan imzolangan hujjatlar bitta yigʻmajild shakliga keltiriladi, bunda maxsus teshik ochgich (lyuvers) yordamida teshgan holda ip oʻtkazib tikiladi, raqamlanadi, hujjatning oxirgi varagʻi yorliq bilan yelimlangan holda notariusning imzosi bilan tasdiqlanib, muhr bosiladi va tegishli yozuv kiritiladi.
Yaxlit holga keltirilgan bitim bitimning ikkinchi tarafi murojaat qilgan notarius tomonidan skaner qilinib Tizimda shu reyestr raqam qayd qilingan kartochkaga joylashtiriladi.
Bitim ikki nusxada tuziladi, bir nusxasi bitimning ikkinchi tarafi murojaat qilgan notarial idorada saqlanadi va ikkinchi nusxasi bitimning ikkinchi tarafiga beriladi.
Bitimning ikkinchi tarafiga uning soʻroviga koʻra bitimning nusxasi oʻzi murojaat qilgan notarius tomonidan chop etib berilishi mumkin.
8 2 . Oʻzbekiston Respublikasi hududida notarial tasdiqlangan arizalar, ijara shartnomalari va ishonchnomalar asosida notarial harakatni amalga oshirishda jismoniy va yuridik shaxslar tomonidan ushbu hujjatning asl nusxasi taqdim etilmasdan, uning oʻrniga notarial harakatning noyob raqami bilan murojaat qilinganda notarius tomonidan ushbu hujjatlar Tizim orqali noyob raqam yoki murojaat qiluvchining JShShIR orqali tekshiriladi va shu asosda notarial harakat amalga oshiriladi.
Hujjat va uning noyob raqami shubha tugʻdirgan taqdirda notarius ushbu hujjatni tasdiqlagan notariusga yoki idoraviy notarial arxivga murojaat qilish orqali maʼlumotlarga aniqlik kiritishi mumkin.
Mazkur bandning qoidalari 2020-yil 1-yanvardan keyin tasdiqlangan hujjatlarga nisbatan amal qiladi.”.
5. 10-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Notarius hujjatni ekspertizaga yuborish toʻgʻrisida qaror chiqaradi va unda qaror chiqarilgan sana, qaror chiqargan notariusning familiyasi, ismi va otasining ismi, notarial idoraning nomi, hujjatning nomi, u kimning nomiga berilganligi, notarial harakatni amalga oshirish uchun hujjat kim tomonidan taqdim etilganligi (familiyasi, ismi, otasining ismi, turar joyi va shaxsini tasdiqlovchi hujjat, yuridik shaxs boʻlsa uning nomi va joylashgan yeri (pochta manzili), STIR, hujjatni ekspertizaga yuborish zaruratini keltirib chiqargan holatlar, hujjat ekspertiza qilinishi uchun qayerga (qaysi ekspertiza muassasasiga) yuborilayotganligi va ekspertiza hal etishi uchun qoʻyilayotgan savollar koʻrsatiladi.”.
6. 12-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Bunda notarial tasdiqlanadigan bitim, ariza va boshqa hujjatlarning mazmuni Tizimga aniq va toʻliq kiritilishi lozim.”.
7. 18-bandning oltinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Vasiyatnomaning dublikati vasiyat qiluvchiga, u vafot etganidan keyin esa vasiyatnomada koʻrsatilgan yoki uning qonun boʻyicha merosxoʻrlariga (meros transmissiyasi boʻyicha) yoxud ularning vakillariga vasiyat qiluvchining oʻlim haqidagi guvohnomasi yoki dalolatnoma yozuvidan koʻchirma taqdim etilganidan keyin beriladi.”.
8. 24-bandning oʻn birinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“bitim predmetining kadastr qiymati (agar mavjud boʻlsa) va taraflar tomonidan kelishilgan baho;”.
9. 27-bandda :
birinchi va uchinchi xatboshilardagi “bitimlarni” degan soʻz “shartnomalarni (kelishuvlarni)” degan soʻzlar bilan almashtirilsin;
quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Tadbirkorlik subyektlari — yuridik shaxslar oʻrtasidagi koʻchmas mulkni oldi-sotdi shartnomalarini tasdiqlashda, ushbu Yoʻriqnomaning 40-bandi qoidalari qoʻllaniladi.”.
10. 29-bandda :
quyidagi mazmundagi toʻrtinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Er yoki xotindan biri vafot etganda ularning nikohi davomida orttirilgan umumiy birgalikdagi mol-mulkiga nisbatan vorislik qoidalari qoʻllaniladi.”;
toʻrtinchi va beshinchi xatboshilar tegishlicha beshinchi va oltinchi xatboshilar deb hisoblansin.
11. 32-bandning ikkinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“Uy, kvartira, uyning yoki kvartiraning bir qismidagi ulushni boshqa shaxsga oʻtkazishda oldi-sotdi shartnomasi umumiy ulushli mulkning imtiyozli sotib olish huquqiga ega boshqa ishtirokchilarining yashash manzili nomaʼlum boʻlgan hollarda ham tasdiqlanadi. Mazkur holda sotuvchi ichki ishlar organlarining Manzil-maʼlumotlar byurosi tomonidan berilgan tegishli maʼlumotnomani notariusga taqdim etishi kerak.”.
12. 40-band quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“40. Koʻchmas mulk yoki uning bir qismi boshqa shaxsga oʻtkazilayotganda, mazkur Yoʻriqnomaning 39-bandida koʻrsatib oʻtilgan mulk huquqini tasdiqlovchi hujjatlar talab qilib olinib oʻrganilgandan soʻng, quyidagi hujjatlar notarius tomonidan idoralararo elektron hamkorlik yoʻli bilan Tizim orqali avtomatik tarzda yoki kuryerlik xizmatidan foydalangan holda olinadi:
kommunal xizmatlar (gaz taʼminoti, sovuq suv taʼminoti va oqova suvlarni chiqarish, issiqlik taʼminoti (markaziy isitish va issiq suv taʼminoti) boʻyicha xizmatlar) va elektr energiyasi uchun toʻlanadigan majburiy toʻlovlar boʻyicha qarzi mavjud emasligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnomalar, bundan tadbirkorlik subyektlari — yuridik shaxslar oʻrtasidagi koʻchmas mulk oldi-sotdi shartnomalari mustasno;
kadastr maʼlumotnomasi;
soliqlar boʻyicha budjet oldida qarzi mavjud emasligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma;
turar joyda doimiy propiskada boʻlgan shaxslar haqidagi ichki ishlar organining maʼlumotnomasi;
koʻchmas mulk yoki uning bir qismi garovga qoʻyilgan boʻlsa, garovga oluvchining roziligi.
Bunda Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosining vakolatlariga kiradigan kommunal xizmatlar boʻyicha qarzdorliklar haqida maʼlumotlar faqat Majburiy ijro byurosi axborot tizimi orqali onlayn rejimda tekshiriladi.”.
13. 45-bandda :
beshinchi xatboshi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“yer uchastkasiga boʻlgan huquqning davlat roʻyxatidan oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi Koʻchmas mulk obyektlariga boʻlgan huquqlarning davlat reyestridan (bundan buyon matnda Reyestr deb ataladi) koʻchirma yoki guvohnoma;”;
quyidagi mazmundagi oltinchi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“qurilishi tugallanmagan obyektga boʻlgan huquqni davlat roʻyxatidan oʻtkazish toʻgʻrisida Reyestrdan koʻchirma.”;
oltinchi xatboshi yettinchi xatboshi deb hisoblansin.
14. 46-band quyidagi mazmundagi xatboshi bilan toʻldirilsin:
“Umrbod taʼminlash sharti bilan uy, kvartira, uyning yoki kvartiraning bir qismini boshqa shaxsga berish shartnomasi boʻyicha uy, kvartira, uyning yoki kvartiraning bir qismini mulk qilib berish majburiyatini olgan shaxsning vafotiga yoki ushbu shartnoma bekor qilingunga qadar notarius tomonidan uy, kvartira, uyning yoki kvartiraning bir qismiga taqiq qoʻyiladi.”.
15. Quyidagi mazmundagi 56 1 -band bilan toʻldirilsin:
“56 1 . Koʻchmas mulkka nisbatan mulk huquqi va boshqa ashyoviy huquqlar haqidagi maʼlumotlar Reyestrga faqat notariusning talabnomasiga asosan notarius tomonidan axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda huquq egasini oʻzgartirish shaklida kiritiladi va bir vaqtning oʻzida Reyestrdan koʻchirma beriladi.”.
16. 58-bandda :
beshinchi xatboshi chiqarib tashlansin;
oltinchi — oʻn toʻrtinchi xatboshilar tegishlicha beshinchi — oʻn uchinchi xatboshilar deb hisoblansin.
17. 136-bandning toʻrtinchi xatboshisi quyidagi tahrirda bayon etilsin:
“meros tarkibining meros qoldiruvchiga tegishli ekanligini tasdiqlovchi hujjat (bunda meros mulki koʻchmas mulk boʻlsa, kadastr maʼlumotnomasi);”.
Vazir R. DAVLETOV
Toshkent sh.,
2020-yil 10-yanvar,
8-mh-son