📅 2020-yil 30-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 30-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 30 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 30 января 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 30 January 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
РЎЙХАТИ
Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 11 декабрдаги ПҚ-4549-сон қарори ижроси юзасидан, шунингдек, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида бериш ҳисобига аҳоли бандлигини, даромадларини ва турмуш даражасини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Марказий банк ва тижорат банкларининг Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) томонидан интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки:
а) интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ишлари Агентлик ва Жамғарма томонидан, шунингдек, Агентлик билан келишган ҳолда бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади;
б) интенсив боғ, токзорлар ва иссиқхоналар тижорат банклари, лизинг компаниялари, Жамғарма ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан аҳолига лизинг ёки кредит шартлари асосида берилади;
в) интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналарни қуриш ишлари қуйидаги манбалар ҳисобига молиялаштирилади:
тижорат банкларининг оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида» 2018 йил 7 июндаги ПҚ-3777-сон қарори асосида «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури (кейинги ўринларда «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури деб аталади) доирасида ажратиладиган кредитлар;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари;
Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;
г) интенсив боғ ёки токзорлар — улар ҳосилга киргунга қадар (турига кўра) имтиёзли давр билан, иссиқхоналар — уч йилгача имтиёзли давр билан лизинг олувчига етти йилгача муддатга лизингга берилади;
д) тижорат банклари интенсив боғ ва токзорлар ташкил этиш ҳамда иссиқхона қуриш лойиҳаларини молиялаштириш учун ташаббускорларга — 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга кредит ажратиши мумкин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
аҳолига интенсив боғ, токзорлар ва иссиқхоналарни лизинг шартлари асосида бериш тўғрисидаги лизинг шартномасининг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқсин;
ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги 52-сон қарорига ИЛОВА
Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида бериш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
лизинг (кредит) объекти — қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган интенсив боғ ва токзорлар, иссиқхоналар;
лизинг (кредит) олувчи — лизинг (кредит) шартномаси бўйича лизинг (кредит) объектини эгалик қилиш ва фойдаланиш учун олаётган жисмоний ёки юридик шахс;
лизинг (кредит) тўловлари — лизинг (кредит) олувчи томонидан лизинг (кредит) берувчига лизинг (кредит) объекти қийматини қоплаш учун тўланадиган тўловлар, фоиз (устама) тўловлари, шунингдек, лизинг (кредит) объектини барпо этиш, қуриш, сотиб олиш, етказиб бериш билан боғлиқ бўлган барча харажатларни қоплаш учун тўланган тўловлар йиғиндиси;
ташаббускорлар — интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонага талабгор бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки хўжалик юритувчи субъектлар.
3. Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ишлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлиги ва Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан келишган ҳолда бошқа ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
4. Интенсив боғ, токзорлар ва иссиқхоналар ташаббускорларга лизинг ва кредит шартлари асосида тижорат банклари, лизинг ташкилотлари (кейинги ўринларда лизинг берувчи деб аталади) ва Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан берилади.
5. Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ишлари қуйидаги манбалар ҳисобига молиялаштирилади:
тижорат банкларининг оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш тўғрисида» 2018 йил 7 июндаги ПҚ-3777-сон қарори асосида «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури (кейинги ўринларда «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури деб аталади) доирасида ажратиладиган кредитлар;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари;
Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
6. Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига лизинг ёки кредит шартлари асосида бериш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
2-боб. Интенсив боғ, токзорлар барпо этиш ва иссиқхоналар қуриш
7. Туман ҳокимлиги:
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонага талабгор бўлган ташаббускорларнинг дастлабки рўйхатини ушбу Низомга 2-иловада келтирилган жадвалга мувофиқ шакллантиради;
интенсив боғ, токзор барпо этиш ёки иссиқхона қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигига ёки Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига (кейинги ўринларда сотувчи деб аталади) ёзма равишда мурожаат қилади.
8. Сотувчи интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонани ташаббускорларга лизинг ёки кредит шартлари асосида бериш учун лизинг берувчини ёки тижорат банкини аниқлайди, икки ой муддатда туман ҳокимлиги томонидан таклиф этилаётган ер майдонининг тупроқ-иқлим шароити, сув таъминоти ҳамда ташаббускорларнинг талабини инобатга олган ҳолда интенсив боғ, токзор барпо этиш ёки иссиқхона қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиб тасдиқлайди ва туман ҳокимлигига тақдим этади.
9. Туман ҳокимлиги тақдим этилган интенсив боғ, токзор барпо этиш ёки иссиқхона қуриш лойиҳасини ташаббускорлар билан келишган ҳолда уларнинг якуний рўйхатини ушбу Низомга 2-иловада келтирилган жадвалга мувофиқ тасдиқлайди. Мазкур рўйхатга киритилган ташаббускорлар лизинг (кредит) объектини харид қилишдан бош тортган тақдирда, тегишли ҳоким ёрдамчилари тавсиясига кўра алмаштирилиши мумкин.
Туман ҳокимлиги томонидан якуний рўйхат тақдим этилмаган тақдирда, ушбу Низомга 2-иловада келтирилган жадвалга мувофиқ якуний рўйхат сотувчи томонидан тегишли ҳоким ёрдамчилари тавсия этган рўйхат асосида шакллантирилади.
Ҳоким ёрдамчиси томонидан ташаббускорлар тавсия этилмаган тақдирда, сотувчи томонидан якуний рўйхат мустақил равишда шакллантирилади ва ушбу рўйхат ахборот тариқасида туман ҳокимлигига тақдим этилади.
Якуний рўйхатга маҳаллий аҳоли билан кооперация асосида ишни ташкил этиш истагида бўлган бир ёки бир нечта хўжалик субъектлари ҳам киритилиши мумкин.
10. Туман ҳокимлиги ўн кун муддатда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган очиқ ер майдонлари, захирада турган ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалладан қисқарган майдонлар, шунингдек, яроқсиз деб топилган боғ ва токзорлар жойлашган ерларда интенсив боғ, токзор барпо этиш учун 10 гектардан, иссиқхона қуриш учун 3 гектардан кам бўлмаган ер майдонини ижарага олиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукционга чиқарилишини таъминлайди ва бу ҳақида сотувчига хабар беради.
Сотувчи ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини электрон онлайн-аукцион орқали қўлга киритиши керак.
Агар электрон онлайн-аукционда сотувчидан бошқа юридик ёки жисмоний шахс ғолиб бўлса, ушбу шахс мазкур Низомда сотувчи учун назарда тутилган барча ҳуқуқларга эга бўлади ҳамда унга юклатилган мажбуриятларни ўз зиммасига олади.
11. Сотувчи интенсив боғ, токзор барпо этиш ёки иссиқхона қуриш учун ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини қўлга киритгандан сўнг ўн кун муддатда:
лизинг объектини сотиш юзасидан лизинг берувчи билан шартнома имзолайди, Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бундан мустасно;
интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонани ташаббускорларга кредит шартлари асосида бериш бўйича тижорат банки билан битим тузади.
12. Сотувчи интенсив боғ, токзор барпо этиш ёки иссиқхона қуриш лойиҳасини амалга оширишда танлов савдолари ташкил этувчиларни, лойиҳачи ташкилотларни, шунингдек, таъминотчи ва қурилиш ташкилотларини белгиланган тартибда жалб қилиши мумкин, шунингдек, маҳаллий ва хорижий маслаҳатчиларни (экспертларни) ёллаши мумкин.
3-боб. Интенсив боғ, токзор ёки иссиқхоналарни лизинг ва кредит шартлари асосида бериш
1-§. Интенсив боғ, токзор ёки иссиқхоналарни лизинг шартлари асосида бериш
13. Лизинг берувчи лизинг олувчи билан лизинг объектини тўғридан-тўғри сотиш бўйича лизинг шартномасини имзолайди ҳамда лизинг олувчи ўн беш кун муддатда лизинг объекти қийматининг 20 фоиздан кам бўлмаган миқдорида аванс (бўнак) маблағни лизинг берувчига тўлаб беради.
14. Лизинг берувчи лизинг объекти қийматининг 20 фоиздан кам бўлмаган миқдорида аванс (бўнак) маблағни сотувчига тўлаб беради.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобига барпо қилинадиган боғ ва токзорлар ёки қуриладиган иссиқхоналар қийматининг қолган қисми сотувчи билан лизинг берувчи ўртасида тузиладиган олди-сотди шартномасига мувофиқ бўлиб-бўлиб тўланади.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан лизинг объектини лизингга сотиш тартиби Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади.
15. Аванс (бўнак) маблағ тўлаб берилгандан сўнг сотувчи ва лизинг берувчи ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси билан сотувчининг розилик хати лизинг объектига бўлган мулк ҳуқуқи ва эгаллаб турган ер участкасига бўлган ҳуқуқ лизинг берувчи номига давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.
16. Давлат хизматлари маркази орқали ҳудудий туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри филиали лизинг объекти эгаллаган ер майдонини ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатилган муддат ва шартлар асосида лизинг берувчи номига белгиланган тартибда расмийлаштириб беради.
17. Лизинг объекти, жумладан, интенсив боғ ёки токзор — улар ҳосилга киргунга қадар (турига кўра) имтиёзли давр билан, иссиқхона — уч йилгача имтиёзли давр билан лизинг олувчига етти йилгача муддатга лизингга берилади. Бунда имтиёзли давр асосий қарзга нисбатан татбиқ этилади, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лизинг объектлари бундан мустасно.
18. Лизинг фоиз ставкаси ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳар бир молиялаштириш манбаи учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган фоиз ставкаларига лизинг берувчининг маржаси қўшиб ҳисобланган ҳолда белгиланади. Бунда лизинг берувчининг маржаси 4 фоиздан юқори бўлмаслиги лозим.
19. Тижорат банклари ўзаро келишилган шартлар асосида лизинг берувчига интенсив боғ, токзор ёки иссиқҳона сотиб олиш учун тижорат кредити ажратиши мумкин.
20. Тасодифан нобуд бўлиши, йўқолиши, ўғирланиши, шикастланиши, бузилиши ва барвақт эскириши хавфи билан боғлиқ бўлган тарздаги ҳар қандай етказилиши мумкин бўлган зарардан лизинг объектини суғурталаш тарафларнинг келишувига биноан амалга оширилади. Бундай келишув бўлмаган тақдирда, лизинг олувчи лизинг объекти суғуртаси учун жавоб беради.
21. Лизинг объекти қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги аванс (бўнак) маблағ тўлангандан сўнг лизинг берувчи ўн кун муддатда лизинг объектини лизинг олувчига қабул қилиш — топшириш далолатномаси асосида топширади.
Лизинг тўловларининг қолган қисми шартноманинг бутун амал қилиш муддатига тақсимланади ва бўлиб-бўлиб тўланади. Лизинг тўловларининг миқдорлари ва даврийлиги лизинг шартномаси билан белгиланади.
22. Лизинг объектига бўлган мулк ҳуқуқи лизинг олувчи томонидан лизинг объекти қиймати тўлиқ тўлангунга қадар лизинг берувчига тегишли бўлади.
23. Лизинг берувчи лизинг муддати давомида лизинг объектидан мақсадли фойдаланилишини ва лизинг тўловлари ўз вақтида тўлаб борилишини назорат қилади.
24. Лизинг объектидан мақсадсиз фойдаланилганда ёки лизинг тўловлари лизинг шартномасида белгиланган муддатларда амалга оширилмаганда лизинг шартномаси бекор қилиниши мумкин.
2-§. Интенсив боғ, токзор ёки иссиқхоналарни кредит шартлари асосида бериш
25. Интенсив боғ, токзорлар ёки иссиқхоналар мазкур Низомнинг 2-иловаси билан тасдиқланган якуний рўйхатга киритилган ташаббускорларга кредит шартлари асосида тўғридан-тўғри сотилиши (берилиши) мумкин.
26. Тижорат банклари интенсив боғ ва токзорлар ташкил этиш ҳамда иссиқхона қуриш лойиҳаларини молиялаштириш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга ташаббускорларга кредит ажратиши мумкин.
Кредитлар рақамлашган ҳолда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратилади.
26 1 . Ташаббускорга кредит расмийлаштириб берилгандан ва кредит объекти суммаси тижорат банки томонидан сотувчига ўтказиб берилгандан сўнг сотувчининг розилик хати асосида кредит объектига бўлган мулк ҳуқуқи ва эгаллаб турган ер участкасига бўлган ҳуқуқ тижорат банки номига давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос ҳисобланади.
26 2 . Давлат хизматлари маркази орқали ҳудудий туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри филиали кредит объекти эгаллаган ер майдонини ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатилган муддат ва шартлар асосида тижорат банки номига белгиланган тартибда расмийлаштириб беради.
26 3 . Кредит объекти қиймати тўлангандан сўнг сотувчи тижорат банки вакили иштирокида ўн кун муддатда кредит объектини ташаббускорга қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида топширади.
Кредит тўловлари кредит шартномасининг бутун амал қилиш муддатида бўлиб-бўлиб тўланади. Кредит тўловларининг миқдорлари ва даврийлиги кредит шартномаси билан белгиланади.
26 4 . Кредит объектига бўлган мулк ҳуқуқи ташаббускор томонидан кредит объекти қиймати тўлиқ тўлангунга қадар тижорат банкига тегишли бўлади.
26 5 . Тижорат банки кредит шартномаси муддати давомида кредит объектидан мақсадли фойдаланилишини ва кредит тўловлари ўз вақтида тўлаб борилишини назорат қилади.
26 6 . Кредит объектидан мақсадсиз фойдаланилганда ёки кредит тўловлари кредит шартномасида белгиланган муддатларда амалга оширилмаганда кредит шартномаси бекор қилиниши мумкин.
27. Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ҳамда иссиқҳона қуриш лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан кредитлар белгиланган тартибда ажратилади.
28. Кредит фоизи ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳар бир молиялаштириш манбаси учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган фоиз ставкаларида қўлланилади. Бунда тижорат банкининг маржаси 4 фоиздан юқори бўлмаслиги лозим.
29. Тижорат банклари ўзаро келишилган шартларда ташаббускорларга интенсив боғ, токзор ёки иссиқхона сотиб олиш учун тижорат кредити ажратиши мумкин.
3-§. Интенсив боғ, токзор ёки иссиқхоналарни электрон онлайн аукцион савдолари орқали сотиш
26 7 . Сотувчи томонидан интенсив боғ, токзор барпо этилиб ёки иссиқхона қуриб битказилгандан сўнг туман ҳокимлиги томонидан 6 ой муддатда уларни харид қиладиган ташаббускорларнинг якуний рўйхати тақдим этилмаган тақдирда, сотувчи интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонани лотларга бўлган ҳолда «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали электрон онлайн аукцион савдоларига қўйиши мумкин.
26 8 . Интенсив боғ, токзор ёки иссиқхоналарни лотларга бўлган ҳолда «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали электрон онлайн аукцион савдоларида сотиш ва шартномани расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сон қарори билан тасдиқланган Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламентида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилади.
26 9 . Сотувчи ва аукцион ғолиби ўртасидаги Интенсив боғ, токзор ёки иссиқхоналарнинг олди-сотди шартномасида тўловларни тўлаш шартлари ва муддатлари кўрсатилади.
Электрон онлайн аукцион савдолари ғолиби тўловларни тўлаш учун «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали кредит олиши мумкин.
26 10 . Электрон онлайн аукцион савдолари ғолиби томонидан интенсив боғ, токзорлар ва иссиқхона қиймати тўлиқ тўлангандан сўнг объект сотувчи томонидан қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида ўтказиб берилади.
4-боб. Интенсив боғ, токзорлар ёки иссиқхоналарга бўлган ҳуқуқни расмийлаштириш
30. Лизинг берувчи лизинг тўловлари тўлиқ тўлаб бўлингандан сўнг беш кун муддатда лизинг объектининг мулк ҳуқуқини лизинг олувчига ўтказиш тўғрисида далолатнома расмийлаштиради, лизинг объектининг мулк ҳуқуқини ва эгаллаган ер майдонини лизинг олувчи номига расмийлаштириш тўғрисида туман ҳокимлигига ёзма равишда мурожаат қилади.
Кредит олувчи кредит эвазига сотилган интенсив боғ, токзор ва иссиқхоналарнинг барча тўловлари тўлиқ тўлаб бўлингандан сўнг беш кун муддатда кредит объектининг мулк ҳуқуқини кредит олувчига ўтказиш тўғрисида далолатнома расмийлаштиради, кредит объектининг мулк ҳуқуқини ва эгаллаган ер майдонини кредит олувчи номига расмийлаштириш тўғрисида туман ҳокимлигига ёзма равишда мурожаат қилади.
31. Сотувчи интенсив боғ, токзорлар ёки иссиқхона қиймати ташаббускорлар томонидан тўлиқ тўлаб берилгандан сўнг беш кун муддатда интенсив боғ, токзорлар ёки иссиқхонага мулк ҳуқуқини ва улар эгаллаган ер участкасига ижара ҳуқуқини ташаббускор номига расмийлаштириш тўғрисида туман ҳокимлигига ёзма равишда мурожаат қилади.
32. Туман ҳокимлиги ўн кун муддатда ташаббускорларни (лизинг ёки кредит олувчини) деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтказилишини ва унга интенсив боғ, токзорлар ёки иссиқхонага бўлган мулк ҳуқуқини ва улар эгаллаган ер участкасига ижара ҳуқуқини бериш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоят ҳокимларига тегишли қарор қабул қилинишини сўраб мурожаат қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоят ҳокимлари беш кун муддатда туман ҳокимлиги томонидан деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтказилган ташаббускорлар (лизинг ёки кредит олувчи)га интенсив боғ, токзорлар ёки иссиқхонага бўлган мулк ҳуқуқини ва улар эгаллаган ер участкасига ижара ҳуқуқини бериш тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ва вилоят ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинишини таъминлайди.
33. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоят ҳокимларининг қарорида деҳқон хўжалигининг интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонадаги ягона ирригация ва бошқа ягона объектлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 30-моддасига асосан ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) мавжудлиги ҳамда ердан фойдаланишга оид мажбуриятлар кўрсатилиши шарт.
5-боб. Якунловчи қоидалар
34. Барпо этилган интенсив боғ, токзор ёки қурилган иссиқхонанинг сифати учун сотувчи масъул ҳисобланади.
35. Лизинг берувчи лизинг даврида лизинг олувчилар томонидан интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонада экилган кўчатларни (экинларни) белгиланган агротехник талаблар асосида парваришлаш ишларини мунтазам назорат қилиб боради.
36. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш, уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш, уларни аҳолига лизинг ва кредит шартлари асосида бериш
Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддатлар 1-босқич Туман ҳокимлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари Интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонага талабгор бўлган ташаббускорларнинг дастлабки рўйхатини шакллантириш. Ташаббускорлар мурожаати асосида 2-босқич Туман ҳокимлиги Интенсив боғ, токзор барпо этиш ёки иссиқхона қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноатни ривожлантириш агентлигига ёки Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ёзма мурожаат қилиш. Ташаббускорнинг дастлабки рўйхати шакллантирилгандан сўнг 3-босқич Агросаноатни ривожлантириш агентлиги , Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 1. Интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонани ташаббускорларга лизинг ёки кредит шартлари асосида бериш учун лизинг ташкилотини ёки тижорат банкини аниқлаш. 2. Интенсив боғ, токзор барпо этиш ёки иссиқхона қуриш лойиҳасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва туман ҳокимлигига тақдим этиш. Икки ой муддатда 4-босқич Туман ҳокимлиги Ташаббускорга лизинг ёки кредит шартлари асосида бериш учун интенсив боғ, токзор барпо этишга 10 гектардан ҳамда иссиқхона қуриш учун 3 гектардан кам бўлмаган ер майдонини Агросаноатни ривожлантириш агентлигига, Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 10 йилдан кам бўлмаган муддатга вақтинча фойдаланиш шарти билан ажратиш. Истисно ҳолларда ер участкасининг жойлашуви, контур яхлитлиги ва бошқа шароитларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда интенсив боғ ва токзор барпо этиш учун 5 гектардан кам бўлмаган ер майдони ажратилиши мумкин. 10 кун муддатда 5-босқич Агросаноатни ривожлантириш агентлиги , Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Интенсив боғ ва токзор барпо этиш, иссиқхона қуриш ҳамда унга бўлган ҳуқуқни расмийлаштириш. Лойиҳада белгиланган муддатларда 6-босқич Агросаноатни ривожлантириш агентлиги 1. Лизинг объектини харид қилиш юзасидан шартнома имзолаш. 2. Тижорат банки билан интенсив боғ, токзор ёки иссиқхона учун кредит ажратиш бўйича битим тузиш. 10 кун муддатда 7-босқич Лизинг ташкилотлари, Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, тижорат банклари 1. Лизинг шартномасини имзолаш, лизинг объекти қийматининг 20 фоиздан кам бўлмаган миқдорида аванс (бўнак) маблағни лизинг берувчига тўлаб бериш . 2. Ўзаро келишилган шартларда ташаббускорларга интенсив боғ, токзор ёки иссиқхона сотиб олиш учун кредит ажратиш. Шартнома имзолангандан сўнг 15 кун муддатда 8-босқич Лизинг ташкилотлари, Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонани ташаббускорга қабул қилиш — топшириш далолатномаси асосида топшириш. 10 кун муддатда 9-босқич Лизинг ташкилотлари, Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси 1. Лизинг тўловлари тўлиқ тўлаб бўлингандан сўнг интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонага мулк ҳуқуқини ташаббускорга ўтказиш тўғрисидаги далолатномани расмийлаштириш; 2. Интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонага бўлган мулк ҳуқуқи ва эгаллаган ер майдонига бўлган ҳуқуқни ташаббускор номига расмийлаштириш тўғрисида туман ҳокимлигига ёзма равишда мурожаат қилиш. 5 кун муддатда 10-босқич Туман ҳокимлиги 1. Ташаббускорларни (лизинг олувчини) деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтказиш. 2. Деҳқон хўжалигига интенсив боғ, токзорлар ёки иссиқхонага мулк ҳуқуқини ва улар эгаллаган ер участкасига ижара ҳуқуқини бериш тўғрисида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинишини таъминлаш. 10 кун муддатда
Интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, иссиқхоналар қуриш ҳамда уларни аҳолига имтиёзли лизинг шартлари асосида бериш тартиби тўғрисидага низомга 2-ИЛОВА
___________вилояти ______________туманида интенсив боғ, токзор ёки иссиқхонани лизинг (кредит) шартлари асосида олувчи ташаббускорлар
Т/р Ташаббускорлар Барпо этиладиган интенсив боғ, токзор ёки қуриладиган иссиқхона манзили (ҳудуди, контур рақами) Барпо этиладиган интенсив боғ ёки токзорнинг жами майдони, га шундан: токзор майдони, га узум навлари номи интенсив боғ майдони, га мевали дарахт тури ва навлари 1 2 3 4 ... Жами: Туман ҳокими (муҳр) имзо Ф.И.О.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 30 январь,
52-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
ROʻYXATI
Oilaviy tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash dasturlari doirasida bogʻdorchilik, uzumchilik va issiqxona xoʻjaligini rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Meva-sabzavotchilik va uzumchilik tarmogʻini yanada rivojlantirish, sohada qoʻshilgan qiymat zanjirini yaratishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 11-dekabrdagi PQ-4549-son qarori ijrosi yuzasidan, shuningdek, oilaviy tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash dasturlari doirasida intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalar qurish hamda ularni aholiga lizing va kredit shartlari asosida berish hisobiga aholi bandligini, daromadlarini va turmush darajasini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Kambagʻallikni qisqartirish va bandlik vazirligi, Markaziy bank va tijorat banklarining Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) hamda Oʻzbekiston fermerlari kengashi huzuridagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) tomonidan intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalar qurish hamda ularni aholiga lizing va kredit shartlari asosida berish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.
2. Intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalar qurish hamda ularni aholiga lizing va kredit shartlari asosida berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
4. Belgilansinki:
a) intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalar qurish ishlari Agentlik va Jamgʻarma tomonidan, shuningdek, Agentlik bilan kelishgan holda boshqa tashkilotlar tomonidan amalga oshiriladi;
b) intensiv bogʻ, tokzorlar va issiqxonalar tijorat banklari, lizing kompaniyalari, Jamgʻarma hamda boshqa tashkilotlar tomonidan aholiga lizing yoki kredit shartlari asosida beriladi;
v) intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalarni qurish ishlari quyidagi manbalar hisobiga moliyalashtiriladi:
tijorat banklarining oilaviy tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash dasturlari, shu jumladan, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Har bir oila — tadbirkor” dasturini amalga oshirish toʻgʻrisida” 2018-yil 7-iyundagi PQ-3777-son qarori asosida “Har bir oila — tadbirkor” dasturi (keyingi oʻrinlarda “Har bir oila — tadbirkor” dasturi deb ataladi) doirasida ajratiladigan kreditlar;
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligining Agrosanoatni rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari;
Oʻzbekiston fermerlari kengashi huzuridagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari;
Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar;
g) intensiv bogʻ yoki tokzorlar — ular hosilga kirgunga qadar (turiga koʻra) imtiyozli davr bilan, issiqxonalar — uch yilgacha imtiyozli davr bilan lizing oluvchiga yetti yilgacha muddatga lizingga beriladi;
d) tijorat banklari intensiv bogʻ va tokzorlar tashkil etish hamda issiqxona qurish loyihalarini moliyalashtirish uchun tashabbuskorlarga — 3 yilgacha imtiyozli davr bilan 7 yilgacha muddatga kredit ajratishi mumkin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda:
aholiga intensiv bogʻ, tokzorlar va issiqxonalarni lizing shartlari asosida berish toʻgʻrisidagi lizing shartnomasining namunaviy loyihasini ishlab chiqsin;
oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — moliya vaziri J.A. Qoʻchqorov, Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha maslahatchisi A.D. Vaxabov va Oʻzbekiston Respublikasi qishloq xoʻjaligi vaziri J.A. Xodjayev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 30-yanvardagi 52-son qaroriga ILOVA
Intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalar qurish hamda ularni aholiga lizing va kredit shartlari asosida berish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalar qurish hamda ularni aholiga lizing va kredit shartlari asosida berish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:
lizing (kredit) obyekti — qishloq xoʻjaligi mahsulotlari yetishtiriladigan intensiv bogʻ va tokzorlar, issiqxonalar;
lizing (kredit) oluvchi — lizing (kredit) shartnomasi boʻyicha lizing (kredit) obyektini egalik qilish va foydalanish uchun olayotgan jismoniy yoki yuridik shaxs;
lizing (kredit) toʻlovlari — lizing (kredit) oluvchi tomonidan lizing (kredit) beruvchiga lizing (kredit) obyekti qiymatini qoplash uchun toʻlanadigan toʻlovlar, foiz (ustama) toʻlovlari, shuningdek, lizing (kredit) obyektini barpo etish, qurish, sotib olish, yetkazib berish bilan bogʻliq boʻlgan barcha xarajatlarni qoplash uchun toʻlangan toʻlovlar yigʻindisi;
tashabbuskorlar — intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonaga talabgor boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarosi yoki xoʻjalik yurituvchi subyektlar.
3. Intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalar qurish ishlari Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligi va Oʻzbekiston fermerlari kengashi huzuridagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi bilan kelishgan holda boshqa tashkilotlar tomonidan amalga oshiriladi.
4. Intensiv bogʻ, tokzorlar va issiqxonalar tashabbuskorlarga lizing va kredit shartlari asosida tijorat banklari, lizing tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda lizing beruvchi deb ataladi) va Oʻzbekiston fermerlari kengashi huzuridagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi hamda boshqa tashkilotlar tomonidan beriladi.
5. Intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalar qurish ishlari quyidagi manbalar hisobiga moliyalashtiriladi:
tijorat banklarining oilaviy tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash dasturlari, shu jumladan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Har bir oila — tadbirkor” dasturini amalga oshirish toʻgʻrisida” 2018-yil 7-iyundagi PQ-3777-son qarori asosida “Har bir oila — tadbirkor” dasturi (keyingi oʻrinlarda “Har bir oila — tadbirkor” dasturi deb ataladi) doirasida ajratiladigan kreditlar;
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligining Agrosanoatni rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari;
Oʻzbekiston fermerlari kengashi huzuridagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari;
Oʻzbekiston Respublikasi Bandlikka koʻmaklashish davlat jamgʻarmasi mablagʻlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
6. Intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalar qurish hamda ularni aholiga lizing yoki kredit shartlari asosida berish ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.
2-bob. Intensiv bogʻ, tokzorlar barpo etish va issiqxonalar qurish
7. Tuman hokimligi:
fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari bilan birgalikda intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonaga talabgor boʻlgan tashabbuskorlarning dastlabki roʻyxatini ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan jadvalga muvofiq shakllantiradi;
intensiv bogʻ, tokzor barpo etish yoki issiqxona qurish loyihasini amalga oshirish toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligiga yoki Oʻzbekiston fermerlari kengashi huzuridagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga (keyingi oʻrinlarda sotuvchi deb ataladi) yozma ravishda murojaat qiladi.
8. Sotuvchi intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonani tashabbuskorlarga lizing yoki kredit shartlari asosida berish uchun lizing beruvchini yoki tijorat bankini aniqlaydi, ikki oy muddatda tuman hokimligi tomonidan taklif etilayotgan yer maydonining tuproq-iqlim sharoiti, suv taʼminoti hamda tashabbuskorlarning talabini inobatga olgan holda intensiv bogʻ, tokzor barpo etish yoki issiqxona qurish loyihasini ishlab chiqib tasdiqlaydi va tuman hokimligiga taqdim etadi.
9. Tuman hokimligi taqdim etilgan intensiv bogʻ, tokzor barpo etish yoki issiqxona qurish loyihasini tashabbuskorlar bilan kelishgan holda ularning yakuniy roʻyxatini ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan jadvalga muvofiq tasdiqlaydi. Mazkur roʻyxatga kiritilgan tashabbuskorlar lizing (kredit) obyektini xarid qilishdan bosh tortgan taqdirda, tegishli hokim yordamchilari tavsiyasiga koʻra almashtirilishi mumkin.
Tuman hokimligi tomonidan yakuniy roʻyxat taqdim etilmagan taqdirda, ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan jadvalga muvofiq yakuniy roʻyxat sotuvchi tomonidan tegishli hokim yordamchilari tavsiya etgan roʻyxat asosida shakllantiriladi.
Hokim yordamchisi tomonidan tashabbuskorlar tavsiya etilmagan taqdirda, sotuvchi tomonidan yakuniy roʻyxat mustaqil ravishda shakllantiriladi va ushbu roʻyxat axborot tariqasida tuman hokimligiga taqdim etiladi.
Yakuniy roʻyxatga mahalliy aholi bilan kooperatsiya asosida ishni tashkil etish istagida boʻlgan bir yoki bir nechta xoʻjalik subyektlari ham kiritilishi mumkin.
10. Tuman hokimligi oʻn kun muddatda qishloq xoʻjaligida foydalanilmayotgan ochiq yer maydonlari, zaxirada turgan hosildorligi past boʻlgan paxta va gʻalladan qisqargan maydonlar, shuningdek, yaroqsiz deb topilgan bogʻ va tokzorlar joylashgan yerlarda intensiv bogʻ, tokzor barpo etish uchun 10 gektardan, issiqxona qurish uchun 3 gektardan kam boʻlmagan yer maydonini ijaraga olish huquqini elektron onlayn-auksionga chiqarilishini taʼminlaydi va bu haqida sotuvchiga xabar beradi.
Sotuvchi yer uchastkasini ijaraga olish huquqini elektron onlayn-auksion orqali qoʻlga kiritishi kerak.
Agar elektron onlayn-auksionda sotuvchidan boshqa yuridik yoki jismoniy shaxs gʻolib boʻlsa, ushbu shaxs mazkur Nizomda sotuvchi uchun nazarda tutilgan barcha huquqlarga ega boʻladi hamda unga yuklatilgan majburiyatlarni oʻz zimmasiga oladi.
11. Sotuvchi intensiv bogʻ, tokzor barpo etish yoki issiqxona qurish uchun yer uchastkasini ijaraga olish huquqini qoʻlga kiritgandan soʻng oʻn kun muddatda:
lizing obyektini sotish yuzasidan lizing beruvchi bilan shartnoma imzolaydi, Oʻzbekiston fermerlari kengashi huzuridagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi bundan mustasno;
intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonani tashabbuskorlarga kredit shartlari asosida berish boʻyicha tijorat banki bilan bitim tuzadi.
12. Sotuvchi intensiv bogʻ, tokzor barpo etish yoki issiqxona qurish loyihasini amalga oshirishda tanlov savdolari tashkil etuvchilarni, loyihachi tashkilotlarni, shuningdek, taʼminotchi va qurilish tashkilotlarini belgilangan tartibda jalb qilishi mumkin, shuningdek, mahalliy va xorijiy maslahatchilarni (ekspertlarni) yollashi mumkin.
3-bob. Intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonalarni lizing va kredit shartlari asosida berish
1-§. Intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonalarni lizing shartlari asosida berish
13. Lizing beruvchi lizing oluvchi bilan lizing obyektini toʻgʻridan-toʻgʻri sotish boʻyicha lizing shartnomasini imzolaydi hamda lizing oluvchi oʻn besh kun muddatda lizing obyekti qiymatining 20 foizdan kam boʻlmagan miqdorida avans (boʻnak) mablagʻni lizing beruvchiga toʻlab beradi.
14. Lizing beruvchi lizing obyekti qiymatining 20 foizdan kam boʻlmagan miqdorida avans (boʻnak) mablagʻni sotuvchiga toʻlab beradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligining Agrosanoatni rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash davlat maqsadli jamgʻarmasi mablagʻlari hisobiga barpo qilinadigan bogʻ va tokzorlar yoki quriladigan issiqxonalar qiymatining qolgan qismi sotuvchi bilan lizing beruvchi oʻrtasida tuziladigan oldi-sotdi shartnomasiga muvofiq boʻlib-boʻlib toʻlanadi.
Oʻzbekiston fermerlari kengashi huzuridagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi tomonidan lizing obyektini lizingga sotish tartibi Jamgʻarma Vasiylik kengashi tomonidan tasdiqlangan nizom asosida amalga oshiriladi.
15. Avans (boʻnak) mablagʻ toʻlab berilgandan soʻng sotuvchi va lizing beruvchi oʻrtasida tuzilgan oldi-sotdi shartnomasi bilan sotuvchining rozilik xati lizing obyektiga boʻlgan mulk huquqi va egallab turgan yer uchastkasiga boʻlgan huquq lizing beruvchi nomiga davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun asos hisoblanadi.
16. Davlat xizmatlari markazi orqali hududiy tuman yer tuzish va koʻchmas mulk kadastri filiali lizing obyekti egallagan yer maydonini ushbu Nizomning 10-bandida koʻrsatilgan muddat va shartlar asosida lizing beruvchi nomiga belgilangan tartibda rasmiylashtirib beradi.
17. Lizing obyekti, jumladan, intensiv bogʻ yoki tokzor — ular hosilga kirgunga qadar (turiga koʻra) imtiyozli davr bilan, issiqxona — uch yilgacha imtiyozli davr bilan lizing oluvchiga yetti yilgacha muddatga lizingga beriladi. Bunda imtiyozli davr asosiy qarzga nisbatan tatbiq etiladi, “Har bir oila — tadbirkor” dasturi hamda Oʻzbekiston fermerlari kengashi huzuridagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobiga amalga oshiriladigan lizing obyektlari bundan mustasno.
18. Lizing foiz stavkasi ushbu Nizomning 5-bandida nazarda tutilgan har bir moliyalashtirish manbai uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan foiz stavkalariga lizing beruvchining marjasi qoʻshib hisoblangan holda belgilanadi. Bunda lizing beruvchining marjasi 4 foizdan yuqori boʻlmasligi lozim.
19. Tijorat banklari oʻzaro kelishilgan shartlar asosida lizing beruvchiga intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqhona sotib olish uchun tijorat krediti ajratishi mumkin.
20. Tasodifan nobud boʻlishi, yoʻqolishi, oʻgʻirlanishi, shikastlanishi, buzilishi va barvaqt eskirishi xavfi bilan bogʻliq boʻlgan tarzdagi har qanday yetkazilishi mumkin boʻlgan zarardan lizing obyektini sugʻurtalash taraflarning kelishuviga binoan amalga oshiriladi. Bunday kelishuv boʻlmagan taqdirda, lizing oluvchi lizing obyekti sugʻurtasi uchun javob beradi.
21. Lizing obyekti qiymatining 20 foizidan kam boʻlmagan miqdordagi avans (boʻnak) mablagʻ toʻlangandan soʻng lizing beruvchi oʻn kun muddatda lizing obyektini lizing oluvchiga qabul qilish — topshirish dalolatnomasi asosida topshiradi.
Lizing toʻlovlarining qolgan qismi shartnomaning butun amal qilish muddatiga taqsimlanadi va boʻlib-boʻlib toʻlanadi. Lizing toʻlovlarining miqdorlari va davriyligi lizing shartnomasi bilan belgilanadi.
22. Lizing obyektiga boʻlgan mulk huquqi lizing oluvchi tomonidan lizing obyekti qiymati toʻliq toʻlangunga qadar lizing beruvchiga tegishli boʻladi.
23. Lizing beruvchi lizing muddati davomida lizing obyektidan maqsadli foydalanilishini va lizing toʻlovlari oʻz vaqtida toʻlab borilishini nazorat qiladi.
24. Lizing obyektidan maqsadsiz foydalanilganda yoki lizing toʻlovlari lizing shartnomasida belgilangan muddatlarda amalga oshirilmaganda lizing shartnomasi bekor qilinishi mumkin.
2-§. Intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonalarni kredit shartlari asosida berish
25. Intensiv bogʻ, tokzorlar yoki issiqxonalar mazkur Nizomning 2-ilovasi bilan tasdiqlangan yakuniy roʻyxatga kiritilgan tashabbuskorlarga kredit shartlari asosida toʻgʻridan-toʻgʻri sotilishi (berilishi) mumkin.
26. Tijorat banklari intensiv bogʻ va tokzorlar tashkil etish hamda issiqxona qurish loyihalarini moliyalashtirish uchun 3 yilgacha imtiyozli davr bilan 7 yilgacha muddatga tashabbuskorlarga kredit ajratishi mumkin.
Kreditlar raqamlashgan holda Oilaviy tadbirkorlikni rivojlantirish dasturlarining yagona elektron platformasi orqali ajratiladi.
26 1 . Tashabbuskorga kredit rasmiylashtirib berilgandan va kredit obyekti summasi tijorat banki tomonidan sotuvchiga oʻtkazib berilgandan soʻng sotuvchining rozilik xati asosida kredit obyektiga boʻlgan mulk huquqi va egallab turgan yer uchastkasiga boʻlgan huquq tijorat banki nomiga davlat roʻyxatidan oʻtkazish uchun asos hisoblanadi.
26 2 . Davlat xizmatlari markazi orqali hududiy tuman yer tuzish va koʻchmas mulk kadastri filiali kredit obyekti egallagan yer maydonini ushbu Nizomning 10-bandida koʻrsatilgan muddat va shartlar asosida tijorat banki nomiga belgilangan tartibda rasmiylashtirib beradi.
26 3 . Kredit obyekti qiymati toʻlangandan soʻng sotuvchi tijorat banki vakili ishtirokida oʻn kun muddatda kredit obyektini tashabbuskorga qabul qilish-topshirish dalolatnomasi asosida topshiradi.
Kredit toʻlovlari kredit shartnomasining butun amal qilish muddatida boʻlib-boʻlib toʻlanadi. Kredit toʻlovlarining miqdorlari va davriyligi kredit shartnomasi bilan belgilanadi.
26 4 . Kredit obyektiga boʻlgan mulk huquqi tashabbuskor tomonidan kredit obyekti qiymati toʻliq toʻlangunga qadar tijorat bankiga tegishli boʻladi.
26 5 . Tijorat banki kredit shartnomasi muddati davomida kredit obyektidan maqsadli foydalanilishini va kredit toʻlovlari oʻz vaqtida toʻlab borilishini nazorat qiladi.
26 6 . Kredit obyektidan maqsadsiz foydalanilganda yoki kredit toʻlovlari kredit shartnomasida belgilangan muddatlarda amalga oshirilmaganda kredit shartnomasi bekor qilinishi mumkin.
27. Intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish hamda issiqhona qurish loyihalarini moliyalashtirish uchun tijorat banklari tomonidan kreditlar belgilangan tartibda ajratiladi.
28. Kredit foizi ushbu Nizomning 5-bandida koʻrsatilgan har bir moliyalashtirish manbasi uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan foiz stavkalarida qoʻllaniladi. Bunda tijorat bankining marjasi 4 foizdan yuqori boʻlmasligi lozim.
29. Tijorat banklari oʻzaro kelishilgan shartlarda tashabbuskorlarga intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxona sotib olish uchun tijorat krediti ajratishi mumkin.
3-§. Intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonalarni elektron onlayn auksion savdolari orqali sotish
26 7 . Sotuvchi tomonidan intensiv bogʻ, tokzor barpo etilib yoki issiqxona qurib bitkazilgandan soʻng tuman hokimligi tomonidan 6 oy muddatda ularni xarid qiladigan tashabbuskorlarning yakuniy roʻyxati taqdim etilmagan taqdirda, sotuvchi intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonani lotlarga boʻlgan holda “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali elektron onlayn auksion savdolariga qoʻyishi mumkin.
26 8 . Intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonalarni lotlarga boʻlgan holda “E-auksion” elektron savdo platformasi orqali elektron onlayn auksion savdolarida sotish va shartnomani rasmiylashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2021-yil 24-noyabrdagi 709-son qarori bilan tasdiqlangan Dehqon xoʻjaligi yuritish uchun yer uchastkalarini ijaraga berishning maʼmuriy reglamentida belgilangan tartib va muddatlarda amalga oshiriladi.
26 9 . Sotuvchi va auksion gʻolibi oʻrtasidagi Intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonalarning oldi-sotdi shartnomasida toʻlovlarni toʻlash shartlari va muddatlari koʻrsatiladi.
Elektron onlayn auksion savdolari gʻolibi toʻlovlarni toʻlash uchun “Har bir oila — tadbirkor” dasturi hamda Oʻzbekiston fermerlari kengashi huzuridagi Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan tijorat banklari orqali kredit olishi mumkin.
26 10 . Elektron onlayn auksion savdolari gʻolibi tomonidan intensiv bogʻ, tokzorlar va issiqxona qiymati toʻliq toʻlangandan soʻng obyekt sotuvchi tomonidan qabul qilish-topshirish dalolatnomasi asosida oʻtkazib beriladi.
4-bob. Intensiv bogʻ, tokzorlar yoki issiqxonalarga boʻlgan huquqni rasmiylashtirish
30. Lizing beruvchi lizing toʻlovlari toʻliq toʻlab boʻlingandan soʻng besh kun muddatda lizing obyektining mulk huquqini lizing oluvchiga oʻtkazish toʻgʻrisida dalolatnoma rasmiylashtiradi, lizing obyektining mulk huquqini va egallagan yer maydonini lizing oluvchi nomiga rasmiylashtirish toʻgʻrisida tuman hokimligiga yozma ravishda murojaat qiladi.
Kredit oluvchi kredit evaziga sotilgan intensiv bogʻ, tokzor va issiqxonalarning barcha toʻlovlari toʻliq toʻlab boʻlingandan soʻng besh kun muddatda kredit obyektining mulk huquqini kredit oluvchiga oʻtkazish toʻgʻrisida dalolatnoma rasmiylashtiradi, kredit obyektining mulk huquqini va egallagan yer maydonini kredit oluvchi nomiga rasmiylashtirish toʻgʻrisida tuman hokimligiga yozma ravishda murojaat qiladi.
31. Sotuvchi intensiv bogʻ, tokzorlar yoki issiqxona qiymati tashabbuskorlar tomonidan toʻliq toʻlab berilgandan soʻng besh kun muddatda intensiv bogʻ, tokzorlar yoki issiqxonaga mulk huquqini va ular egallagan yer uchastkasiga ijara huquqini tashabbuskor nomiga rasmiylashtirish toʻgʻrisida tuman hokimligiga yozma ravishda murojaat qiladi.
32. Tuman hokimligi oʻn kun muddatda tashabbuskorlarni (lizing yoki kredit oluvchini) dehqon xoʻjaligi sifatida roʻyxatdan oʻtkazilishini va unga intensiv bogʻ, tokzorlar yoki issiqxonaga boʻlgan mulk huquqini va ular egallagan yer uchastkasiga ijara huquqini berish toʻgʻrisida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi va viloyat hokimlariga tegishli qaror qabul qilinishini soʻrab murojaat qiladi.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi va viloyat hokimlari besh kun muddatda tuman hokimligi tomonidan dehqon xoʻjaligi sifatida roʻyxatdan oʻtkazilgan tashabbuskorlar (lizing yoki kredit oluvchi)ga intensiv bogʻ, tokzorlar yoki issiqxonaga boʻlgan mulk huquqini va ular egallagan yer uchastkasiga ijara huquqini berish toʻgʻrisida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashining va viloyat hokimining tegishli qarori qabul qilinishini taʼminlaydi.
33. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi va viloyat hokimlarining qarorida dehqon xoʻjaligining intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonadagi yagona irrigatsiya va boshqa yagona obyektlar boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Yer kodeksining 30-moddasiga asosan oʻzganing yer uchastkasidan cheklangan tarzda foydalanish huquqi (servitut) mavjudligi hamda yerdan foydalanishga oid majburiyatlar koʻrsatilishi shart.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
34. Barpo etilgan intensiv bogʻ, tokzor yoki qurilgan issiqxonaning sifati uchun sotuvchi masʼul hisoblanadi.
35. Lizing beruvchi lizing davrida lizing oluvchilar tomonidan intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonada ekilgan koʻchatlarni (ekinlarni) belgilangan agrotexnik talablar asosida parvarishlash ishlarini muntazam nazorat qilib boradi.
36. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradilar.
Intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalar qurish, ularni aholiga lizing va kredit shartlari asosida berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalar qurish, ularni aholiga lizing va kredit shartlari asosida berish
Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddatlar 1-bosqich Tuman hokimligi, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari Intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonaga talabgor boʻlgan tashabbuskorlarning dastlabki roʻyxatini shakllantirish. Tashabbuskorlar murojaati asosida 2-bosqich Tuman hokimligi Intensiv bogʻ, tokzor barpo etish yoki issiqxona qurish loyihasini amalga oshirish toʻgʻrisida Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Agrosanoatni rivojlantirish agentligiga yoki Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga yozma murojaat qilish. Tashabbuskorning dastlabki roʻyxati shakllantirilgandan soʻng 3-bosqich Agrosanoatni rivojlantirish agentligi , Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi 1. Intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonani tashabbuskorlarga lizing yoki kredit shartlari asosida berish uchun lizing tashkilotini yoki tijorat bankini aniqlash. 2. Intensiv bogʻ, tokzor barpo etish yoki issiqxona qurish loyihasini ishlab chiqish, tasdiqlash va tuman hokimligiga taqdim etish. Ikki oy muddatda 4-bosqich Tuman hokimligi Tashabbuskorga lizing yoki kredit shartlari asosida berish uchun intensiv bogʻ, tokzor barpo etishga 10 gektardan hamda issiqxona qurish uchun 3 gektardan kam boʻlmagan yer maydonini Agrosanoatni rivojlantirish agentligiga, Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga 10 yildan kam boʻlmagan muddatga vaqtincha foydalanish sharti bilan ajratish. Istisno hollarda yer uchastkasining joylashuvi, kontur yaxlitligi va boshqa sharoitlaridan kelib chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi bilan kelishilgan holda intensiv bogʻ va tokzor barpo etish uchun 5 gektardan kam boʻlmagan yer maydoni ajratilishi mumkin. 10 kun muddatda 5-bosqich Agrosanoatni rivojlantirish agentligi , Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi Intensiv bogʻ va tokzor barpo etish, issiqxona qurish hamda unga boʻlgan huquqni rasmiylashtirish. Loyihada belgilangan muddatlarda 6-bosqich Agrosanoatni rivojlantirish agentligi 1. Lizing obyektini xarid qilish yuzasidan shartnoma imzolash. 2. Tijorat banki bilan intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxona uchun kredit ajratish boʻyicha bitim tuzish. 10 kun muddatda 7-bosqich Lizing tashkilotlari, Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi, tijorat banklari 1. Lizing shartnomasini imzolash, lizing obyekti qiymatining 20 foizdan kam boʻlmagan miqdorida avans (boʻnak) mablagʻni lizing beruvchiga toʻlab berish . 2. Oʻzaro kelishilgan shartlarda tashabbuskorlarga intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxona sotib olish uchun kredit ajratish. Shartnoma imzolangandan soʻng 15 kun muddatda 8-bosqich Lizing tashkilotlari, Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi Intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonani tashabbuskorga qabul qilish — topshirish dalolatnomasi asosida topshirish. 10 kun muddatda 9-bosqich Lizing tashkilotlari, Fermer xoʻjaliklarini qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi 1. Lizing toʻlovlari toʻliq toʻlab boʻlingandan soʻng intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonaga mulk huquqini tashabbuskorga oʻtkazish toʻgʻrisidagi dalolatnomani rasmiylashtirish; 2. Intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonaga boʻlgan mulk huquqi va egallagan yer maydoniga boʻlgan huquqni tashabbuskor nomiga rasmiylashtirish toʻgʻrisida tuman hokimligiga yozma ravishda murojaat qilish. 5 kun muddatda 10-bosqich Tuman hokimligi 1. Tashabbuskorlarni (lizing oluvchini) dehqon xoʻjaligi sifatida roʻyxatdan oʻtkazish. 2. Dehqon xoʻjaligiga intensiv bogʻ, tokzorlar yoki issiqxonaga mulk huquqini va ular egallagan yer uchastkasiga ijara huquqini berish toʻgʻrisida viloyat hokimining qarori qabul qilinishini taʼminlash. 10 kun muddatda
Intensiv bogʻ va tokzorlar barpo etish, issiqxonalar qurish hamda ularni aholiga imtiyozli lizing shartlari asosida berish tartibi toʻgʻrisidaga nizomga 2-ILOVA
___________viloyati ______________tumanida intensiv bogʻ, tokzor yoki issiqxonani lizing (kredit) shartlari asosida oluvchi tashabbuskorlar
T/r Tashabbuskorlar Barpo etiladigan intensiv bogʻ, tokzor yoki quriladigan issiqxona manzili (hududi, kontur raqami) Barpo etiladigan intensiv bogʻ yoki tokzorning jami maydoni, ga shundan: tokzor maydoni, ga uzum navlari nomi intensiv bogʻ maydoni, ga mevali daraxt turi va navlari 1 2 3 4 ... Jami: Tuman hokimi (muhr) imzo F.I.O.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 30-yanvar,
52-son