UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 5-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 5 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 5 февраля 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 5 February 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

«Самарқанд вилоятида мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш кимёвий мажмуасини барпо этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 3 апрелдаги ПҚ-4265-сон қарори ижросини таъминлаш, жумладан, кимё тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, замонавий энергия тежамкор технологияларни жорий этган ҳолда юқори самарали мураккаб ва фосфорли минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмларини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 3 апрелдаги ПҚ-4265-сон қарорига мувофиқ «Самарқандкимё» АЖ устав капиталидаги 60,35 фоиз давлат акцияларини ва «Ўзкимёсаноат» АЖнинг 39,65 фоиз акцияларини экологик жиҳатдан зарарсиз замонавий кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар қабул қилиш шарти билан салоҳиятли инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб борган ҳолда «ноль» харид қийматида сотишга розилик берилганлиги;

б) хорижий инвестор «Ferkensco Management Limited» (Кипр) компанияси (кейинги ўринларда инвестор деб аталади) билан «Ўзкимёсаноат» АЖ ўртасида «Самарқандкимё» АЖ негизида «Самарқанд вилоятида мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш кимёвий мажмуасини барпо этиш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) ўзаро келишувга эришилганлиги;

в) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, «Ўзкимёсаноат» АЖ ва инвестор ўртасида 2019 йил 1 ноябрь куни ҳамкорликнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги 1-сон Келишув имзоланганлиги, унда инвесторга:

Ҳукумат кафолатини талаб этмаган ҳолда, лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари натижасига кўра аниқланган қийматда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, шунингдек, хорижий ва маҳаллий молия институтларининг кредитларини жалб қилиш;

лойиҳани амалга ошириш натижасида 200 млн АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилишини таъминлаш;

2023 йил 1 июлга қадар «Самарқандкимё» АЖ негизида мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқаришнинг замонавий, экологик жиҳатдан зарарсиз мажмуасининг (кейинги ўринларда объект деб аталади) ишга туширилишини таъминлаш;

«Самарқандкимё» АЖнинг кредитор қарздорликларини сўндириш, ишга туширилган объектда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун камида 500 та янги иш ўринлари яратиш;

«Самарқандкимё» АЖда йиллик қуввати 600 минг тонна минерал ўғитлар, жумладан 300 минг тонна моноаммонийфосфат (МАФ) ва 300 минг тонна мураккаб минерал ўғитлар (NPK) ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар юкланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги объект қурилиши даврида «Самарқандкимё» АЖ ишчиларини иш билан таъминлаш ҳамда объект ишга туширилгач, ишчиларни уларнинг тегишли малакалари бўлган тақдирда, янги қурилган кимёвий мажмуада иш билан таъминлаш чоралари кўрилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда «Ўзкимёсаноат» АЖ сўровига биноан инвестор инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қабул қилинган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш учун объектга кириш очиқлигини таъминласин.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзкимёсаноат» АЖ, Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда инвестор билан «Самарқандкимё» АЖ устав капиталидаги 100 фоиз акцияларни «ноль» харид қийматида, шу жумладан мазкур қарор 1-бандининг «в» кичик бандида кўрсатилган мажбуриятларни инобатга олган ҳолда, сотиш бўйича олди-сотди шартномасини имзоласин.

3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Ўзкимёсаноат» АЖ билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар базавий лойиҳа натижаларига асосан инвесторнинг инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларига аниқлик киритган ҳолда ўзаро Инвестициявий битим белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

4. Белгилансинки, олди-сотди шартномаси ва Инвестициявий битимда кўрсатилган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар белгиланган муддатларда ва ҳажмда бажарилмаган тақдирда, акциялар ўз эгаларига самарали бошқаришни ташкил қилиш учун қайтарилади, инвестор томонидан илгари киритилган инвестициялар қайтарилмайди.

5. «Самарқандкимё» АЖ ва инвесторга 2021 йил 1 июлга қадар қурилиш ишларини лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтнинг ўзида олиб боришга истисно тариқасида рухсат берилсин.

6. Самарқанд вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография, ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда инвестор ёки «Самарқандкимё» АЖ мурожаат қилган кундан бошлаб бир ойдан ошмаган муддатда лойиҳа доирасида қурилиш ишлари учун доимий ёки муддатли (вақтинча) фойдаланиш, жумладан, муҳандислик коммуникацияларини ўтказиш ва вақтинчалик иншоотларни қуриш учун зарур бўладиган ер майдонлари ва иншоотлар белгиланган тартибда ажратилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси лойиҳа белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказилишини ҳамда лойиҳани амалга ошириш даврида табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига амал қилиниши юзасидан тегишли назорат ўрнатилишини таъминласин.

8. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ талаб этилган миқдорда электр энергияси ҳамда табиий газ етказиб бериш юзасидан 2020 йил 10 февралга қадар «Самаркандкимё» АЖ билан ўзаро шартномалар белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

9. «Ўзкимёсаноат» АЖ «Самарқандкимё» АЖга мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш учун зарур миқдорда хомашё ресурслари, шу жумладан сувсиз сиқилган аммиак, калий хлориди, карбамид ва бошқа кимёвий маҳсулотларни кимё ташкилотлари билан тузилган шартномалар асосида белгиланган тартибда мунтазам етказиб бериш чораларини кўрсин.

10. «Самарқандкимё» АЖ Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда лойиҳа ҳужжатларининг экспертизадан ўтказилишини ва тасдиқланишини таъминласин, шунингдек, ишлаб чиқилаётган ишчи ҳужжатларнинг эксперт кузатувини ўрнатсин.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги лойиҳа доирасида олиб бориладиган қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини амалга оширсин.

11. Лойиҳани амалга ошириш доирасида 2023 йил 1 февралга қадар объектни қуриш доирасида импорт қилинадиган товарлар ва материаллар, хомашё, ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи буюмлар, технологик ускуналар, приборлар, транспорт воситаларининг эҳтиёт қисмлари, ёқилғи-мойлаш материаллари мажбурий тартибда сертификатлаштиришдан озод этилсин.

12. Лойиҳани амалга ошириш даврида инвестор ҳамда «Самарқандкимё» АЖ буюртмаларига асосан ўрнатилган тартибда қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги — хорижий мутахассисларга кўп мартали кириш визаларини, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги Тошкент ҳамда Самарқанд халқаро аэропортида расмийлаштиришни;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги — хорижий мутахассисларга кўп мартали кириш визаларини берилишини ва узайтирилишини ҳамда улар вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишини;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги — Ўзбекистон Республикасига хорижий ишчи кучини жалб этишга (Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан бўлмаган) рухсатномалар бериш (муддатини узайтириш) ҳамда чет эл фуқароларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини олиб бориш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилишини таъминласин.

13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 5 февраль,

61-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.02.2020 й., 09/20/61/0125-сон; 29.09.2020 й., 09/20/593/1340-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

“Samarqand viloyatida murakkab mineral oʻgʻitlar ishlab chiqarish kimyoviy majmuasini barpo etish” investitsiya loyihasini amalga oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kimyo sanoatini yanada isloh qilish va uning investitsiyaviy jozibadorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 3-apreldagi PQ-4265-son qarori ijrosini taʼminlash, jumladan, kimyo tarmogʻiga toʻgʻridan toʻgʻri xorijiy investitsiyalarni keng jalb qilish, zamonaviy energiya tejamkor texnologiyalarni joriy etgan holda yuqori samarali murakkab va fosforli mineral oʻgʻitlar ishlab chiqarish hajmlarini yanada oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Kimyo sanoatini yanada isloh qilish va uning investitsiyaviy jozibadorligini oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 3-apreldagi PQ-4265-son qaroriga muvofiq “Samarqandkimyo” AJ ustav kapitalidagi 60,35 foiz davlat aksiyalarini va “Oʻzkimyosanoat” AJning 39,65 foiz aksiyalarini ekologik jihatdan zararsiz zamonaviy kimyoviy mahsulotlar ishlab chiqarishni tashkil etish hamda investitsiya va ijtimoiy majburiyatlar qabul qilish sharti bilan salohiyatli investorlar bilan toʻgʻridan toʻgʻri muzokaralar olib borgan holda “nol” xarid qiymatida sotishga rozilik berilganligi;

b) xorijiy investor “Ferkensco Management Limited” (Kipr) kompaniyasi (keyingi oʻrinlarda investor deb ataladi) bilan “Oʻzkimyosanoat” AJ oʻrtasida “Samarqandkimyo” AJ negizida “Samarqand viloyatida murakkab mineral oʻgʻitlar ishlab chiqarish kimyoviy majmuasini barpo etish” investitsiya loyihasini amalga oshirish yuzasidan (keyingi oʻrinlarda loyiha deb ataladi) oʻzaro kelishuvga erishilganligi;

v) Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, “Oʻzkimyosanoat” AJ va investor oʻrtasida 2019-yil 1-noyabr kuni hamkorlikning asosiy tamoyillari toʻgʻrisidagi 1-son Kelishuv imzolanganligi, unda investorga:

Hukumat kafolatini talab etmagan holda, loyihaning texnik-iqtisodiy asoslari natijasiga koʻra aniqlangan qiymatda toʻgʻridan toʻgʻri xorijiy investitsiyalar, shuningdek, xorijiy va mahalliy moliya institutlarining kreditlarini jalb qilish;

loyihani amalga oshirish natijasida 200 mln AQSh dollaridan kam boʻlmagan miqdorda toʻgʻridan toʻgʻri xorijiy investitsiyalar oʻzlashtirilishini taʼminlash;

2023-yil 1-iyulga qadar “Samarqandkimyo” AJ negizida murakkab mineral oʻgʻitlar ishlab chiqarishning zamonaviy, ekologik jihatdan zararsiz majmuasining (keyingi oʻrinlarda obyekt deb ataladi) ishga tushirilishini taʼminlash;

“Samarqandkimyo” AJning kreditor qarzdorliklarini soʻndirish, ishga tushirilgan obyektda Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari uchun kamida 500 ta yangi ish oʻrinlari yaratish;

“Samarqandkimyo” AJda yillik quvvati 600 ming tonna mineral oʻgʻitlar, jumladan 300 ming tonna monoammoniyfosfat (MAF) va 300 ming tonna murakkab mineral oʻgʻitlar (NPK) ishlab chiqarishni tashkil etish boʻyicha investitsiyaviy va ijtimoiy majburiyatlar yuklanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

Samarqand viloyati hokimligi obyekt qurilishi davrida “Samarqandkimyo” AJ ishchilarini ish bilan taʼminlash hamda obyekt ishga tushirilgach, ishchilarni ularning tegishli malakalari boʻlgan taqdirda, yangi qurilgan kimyoviy majmuada ish bilan taʼminlash choralari koʻrilishini taʼminlasin.

Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi hamda “Oʻzkimyosanoat” AJ soʻroviga binoan investor investitsiya loyihasini amalga oshirish doirasida qabul qilingan investitsiyaviy va ijtimoiy majburiyatlarning bajarilishi monitoringini olib borish uchun obyektga kirish ochiqligini taʼminlasin.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi “Oʻzkimyosanoat” AJ, Samarqand viloyati hokimligi bilan birgalikda bir oy muddatda investor bilan “Samarqandkimyo” AJ ustav kapitalidagi 100 foiz aksiyalarni “nol” xarid qiymatida, shu jumladan mazkur qaror 1-bandining “v” kichik bandida koʻrsatilgan majburiyatlarni inobatga olgan holda, sotish boʻyicha oldi-sotdi shartnomasini imzolasin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi va “Oʻzkimyosanoat” AJ bilan birgalikda 2020-yil 1-iyulga qadar bazaviy loyiha natijalariga asosan investorning investitsiyaviy va ijtimoiy majburiyatlariga aniqlik kiritgan holda oʻzaro Investitsiyaviy bitim belgilangan tartibda rasmiylashtirilishini taʼminlasin.

4. Belgilansinki, oldi-sotdi shartnomasi va Investitsiyaviy bitimda koʻrsatilgan investitsiyaviy va ijtimoiy majburiyatlar belgilangan muddatlarda va hajmda bajarilmagan taqdirda, aksiyalar oʻz egalariga samarali boshqarishni tashkil qilish uchun qaytariladi, investor tomonidan ilgari kiritilgan investitsiyalar qaytarilmaydi.

5. “Samarqandkimyo” AJ va investorga 2021-yil 1-iyulga qadar qurilish ishlarini loyiha hujjatlarini ishlab chiqish bilan bir vaqtning oʻzida olib borishga istisno tariqasida ruxsat berilsin.

6. Samarqand viloyati hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Yer resurslari, geodeziya, kartografiya, va davlat kadastri davlat qoʻmitasi bilan birgalikda investor yoki “Samarqandkimyo” AJ murojaat qilgan kundan boshlab bir oydan oshmagan muddatda loyiha doirasida qurilish ishlari uchun doimiy yoki muddatli (vaqtincha) foydalanish, jumladan, muhandislik kommunikatsiyalarini oʻtkazish va vaqtinchalik inshootlarni qurish uchun zarur boʻladigan yer maydonlari va inshootlar belgilangan tartibda ajratilishini taʼminlasin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi loyiha belgilangan tartibda ekologik ekspertizadan oʻtkazilishini hamda loyihani amalga oshirish davrida tabiatni muhofaza qilish qonunchiligiga amal qilinishi yuzasidan tegishli nazorat oʻrnatilishini taʼminlasin.

8. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududgaztaʼminot” AJ talab etilgan miqdorda elektr energiyasi hamda tabiiy gaz yetkazib berish yuzasidan 2020-yil 10-fevralga qadar “Samarkandkimyo” AJ bilan oʻzaro shartnomalar belgilangan tartibda rasmiylashtirilishini taʼminlasin.

9. “Oʻzkimyosanoat” AJ “Samarqandkimyo” AJga murakkab mineral oʻgʻitlar ishlab chiqarish uchun zarur miqdorda xomashyo resurslari, shu jumladan suvsiz siqilgan ammiak, kaliy xloridi, karbamid va boshqa kimyoviy mahsulotlarni kimyo tashkilotlari bilan tuzilgan shartnomalar asosida belgilangan tartibda muntazam yetkazib berish choralarini koʻrsin.

10. “Samarqandkimyo” AJ Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi bilan birgalikda loyiha hujjatlarining ekspertizadan oʻtkazilishini va tasdiqlanishini taʼminlasin, shuningdek, ishlab chiqilayotgan ishchi hujjatlarning ekspert kuzatuvini oʻrnatsin.

Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi loyiha doirasida olib boriladigan qurilish-montaj ishlari sifati yuzasidan davlat arxitektura-qurilish nazoratini amalga oshirsin.

11. Loyihani amalga oshirish doirasida 2023-yil 1-fevralga qadar obyektni qurish doirasida import qilinadigan tovarlar va materiallar, xomashyo, uskunalar, mashina va mexanizmlar, butlovchi buyumlar, texnologik uskunalar, priborlar, transport vositalarining ehtiyot qismlari, yoqilgʻi-moylash materiallari majburiy tartibda sertifikatlashtirishdan ozod etilsin.

12. Loyihani amalga oshirish davrida investor hamda “Samarqandkimyo” AJ buyurtmalariga asosan oʻrnatilgan tartibda quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi — xorijiy mutaxassislarga koʻp martali kirish vizalarini, zarur hollarda, Islom Karimov nomidagi Toshkent hamda Samarqand xalqaro aeroportida rasmiylashtirishni;

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi — xorijiy mutaxassislarga koʻp martali kirish vizalarini berilishini va uzaytirilishini hamda ular vaqtincha turgan joyi boʻyicha roʻyxatga olinishini;

Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi — Oʻzbekiston Respublikasiga xorijiy ishchi kuchini jalb etishga (Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolaridan boʻlmagan) ruxsatnomalar berish (muddatini uzaytirish) hamda chet el fuqarolariga Oʻzbekiston Respublikasi hududida mehnat faoliyatini olib borish huquqini tasdiqlovchi hujjat taqdim etilishini taʼminlasin.

13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining maslahatchisi — energetika vaziri A.S. Sultanov zimmasiga yuklatilsin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 5-fevral,

61-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 05.02.2020-y., 09/20/61/0125-son; 29.09.2020-y., 09/20/593/1340-son)

lex.uz