UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 31-yanvar · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 31 январь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 31 января 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 31 January 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

МИҚДОРЛАРИ *

МИҚДОРИ

РЎЙХАТИ

Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида» 2019 йил 17 июндаги ПҚ-4359-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари учун стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан тажриба-синов тариқасида олий таълим муассасаларида давлат гранти ва стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга (давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) стипендиялар базавий миқдорда (400 минг сўм), шунингдек, «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига эга бўлган талабаларга стипендиялар базавий стипендия миқдорига нисбатан қўшимча 15 фоиз миқдорда тўланганлиги;

тўлов-контракт асосида таълим олиш учун талабаларга уларнинг ўз хоҳишларига кўра, контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш тартиби жорий этилганлиги, бунда стипендияли тўлов-контрактлар таркибида базавий стипендия миқдорининг йиллик суммаси назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш бўйича 2019/2020 ўқув йилининг биринчи семестрида тажриба-синов тариқасида амалга оширилган ишлар натижасидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг 2020 йил 1 февралдан бошлаб қуйидагиларни жорий қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолдаги шакли (ўқитишнинг кундузги шакли) бўйича таълим олаётган талабаларни (2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) қатъий белгиланган миқдордаги базавий стипендия билан таъминлаш;

ўқув семестри якуни бўйича фанлардан фақат «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи — 86 балл ва ундан юқори) эга бўлган талабаларнинг стипендиясини базавий стипендияга нисбатан 20 фоизга оширилган ҳолда белгилаш;

ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиз ва ундан ортиқ қисми «қониқарли» баҳо (рейтинг кўрсаткичи — 71 баллдан кам) бўлган давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларга (2019/2020 ўқув йилида давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) навбатдаги ўқув семестри мобайнида стипендия тайинламаслик;

тўлов-контракт асосида таълим олаётган 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тўловларини Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга ошириш;

тегишли молия йилида олий таълим муассасаларида стипендия тўловлари учун режалаштирилган бюджет маблағларига нисбатан 10 фоиз ҳамда тўлов-контракт бўйича режалаштирилган тушумларнинг 2 фоиз миқдоридаги маблағлар ҳисобига Талабаларни рағбатлантириш жамғармасини (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил этиш;

алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча талабаларни белгиланган стипендияларга нисбатан Жамғарма ҳисобига қўшимча равишда 50 фоизгача миқдорда рағбатлантириш;

Жамғарма маблағлари ҳисобига олий таълим муассасасида давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган алоҳида иқтидорга эга, халқаро, республика ва олий таълим миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари ғолиблари, шунингдек, олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ алоҳида ҳолларда (касаллиги ёки оила аъзоларининг вафоти каби) талабаларга базавий стипендияга нисбатан 10 бараваргача миқдорда бўлган бир марталик рағбатлантириш ёки моддий ёрдам тўловини жорий этиш.

3. Қуйидагилар:

Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ;

Олий таълим муассасалари талабалари учун стипендияларнинг белгиланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида таълим олаётган «аъло» (рейтинг кўрсаткичи — 86 балл ва ундан юқори) ҳамда «яхши» (рейтинг кўрсаткичи — 71 балл ва ундан юқори) ўзлаштириш кўрсаткичларига эга бўлган талабаларга тажриба-синов тариқасида 2019 йил 1 сентябрдан 2020 йил 1 февралга қадар ҳақиқатда тўланган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Олий ўқув юртлари талабаларига стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида» 2001 йил 17 августдаги 344-сон қарори асосида тўланиши лозим бўлган миқдорлар орасидаги тафовут тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларга 2020 йил учун ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари доирасида қопланади;

2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари учун 2020 йил 1 февралдан бошлаб стипендиялар, истисно тариқасида, талабаларнинг ўзлаштириш баҳоларидан келиб чиққан ҳолда 3-иловага мувофиқ тўланади;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт асосида таълим олувчи номли давлат стипендиялари соҳиблари, 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилишини инобатга олиб, уларга тегишли ўқув йили учун контракт қиймати миқдорини стипендиясиз шаклда тўлаш имконияти яратилади;

стипендиялар 2027 йил 1 январга қадар нақд пул шаклида ёки банк карталари, шу жумладан, ижтимоий карта орқали, 2027 йил 1 январдан бошлаб эса фақат ижтимоий карта орқали тўланади;

республика олий таълим муассасалари талабалари бўлган Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига ёхуд инвестиция визасига эга бўлган хорижий инвесторлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари олий таълим муассасаларида таълим олаётганда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган шартларда стипендия олишга ҳақлидирлар.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси ҳамда Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Абдулла Авлоний ва Ислом Каримов номли давлат стипендияларини олувчи талабаларга стипендиялар тайинлашда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида» 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан белгиланган тартиблар сақлаб қолинсин.

Бунда, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб номли давлат стипендияларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар талабаларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланиши инобатга олинсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда олий таълим муассасаларида стипендиялар тайинлашни янада такомиллаштириш юзасидан, жумладан ижтимоий адолат тамойилларига риоя қилган ҳолда талабаларга «ижтимоий» ва «академик» стипендияларни жорий этиш механизмларини назарда тутувчи асосланган таклифларни 2020 йил 1 сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

8. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2017 йил 21 ноябрдаги 930-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 11-сон, 267-модда) 1-илованинг 12-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«12. Сиртқи (махсус сиртқи) таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи (махсус сиртқи) таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчисига кўчиришга рухсат берилади».

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарорига 1-ИЛОВА

Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом давлат олий таълим муассасаларининг талабаларига (хорижий талабалардан ташқари) стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом республикада фаолият кўрсатаётган хорижий олий таълим муассасалари, уларнинг филиаллари ва хусусий олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

стипендия — олий таълим муассасаларида ўқитишнинг ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (кейинги ўринларда ўқитишнинг кундузги шакли деб аталади) давлат гранти ҳамда стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга (хорижий талабалардан ташқари) қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар ойма-ой тўланадиган пул таъминоти;

стипендиянинг базавий миқдори — давлат гранти ҳамда стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга тўланадиган стипендиянинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрнатиладиган энг кам миқдори;

стипендия комиссияси — олий таълим муассасаларида талабаларга стипендиялар тайинлаш учун ҳар бир ўқув йилида ўқув ишлари бўйича проректор (филиал директори ўринбосари) раислигида, факультетларнинг деканлари (бакалавриат даражасида факультет деканати мавжуд бўлмаган олий таълим муассасаларида — ўқув-услубий бўлим ёки бошқарма бошлиғи), касаба уюшмаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти, академик гуруҳлар, бухгалтерия вакилларидан иборат таркибда ташкил этиладиган ҳамда олий таълим муассасасининг ректори (филиал директори) ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс томонидан тасдиқланадиган комиссия;

ўзлаштириш (рейтинг назорати) кўрсаткичи — олий таълим муассасасида бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) ўқув режалари асосида ўтилган фанлар (машғулотлар) бўйича талабалар билим ва маҳоратининг синови натижалари;

ўзлаштираётган талаба — бундан аввалги ўқув семестри учун ўзлаштириш (рейтинг назорати) кўрсаткичлари бўйича академик қарзи мавжуд бўлмаган талаба;

Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси — олий таълим муассасаларида ўқув семестри якуни бўйича фанларни ўзлаштираётган, алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни моддий қўллаб-қувватлашни ташкил этиш жамғармаси.

3. Олий таълим муассасалари талабаларига ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари, алоҳида қобилият ва иқтидорга эгалиги, жамоат ишларида фаоллиги, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги каби мезонлардан келиб чиқиб стипендия комиссияси хулосасига кўра, олий таълим муассасалари талабалари учун стипендияларнинг белгиланган миқдорлари асосида стипендия тайинланади ва бошқа рағбатлантириш чоралари кўрилади.

2-боб. Давлат гранти асосида таълим олувчи талабаларга стипендия тайинлаш ва тўлаш тартиби

4. Олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида ўқитишнинг кундузги шаклида таълим олувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

5. Биринчи курс талабаларига ўқув йилининг 1-семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари (баҳолари) маълум бўлгунга қадар стипендиянинг базавий миқдорида стипендия тайинланади ва тўланади.

6. Аввалги ўқув семестри натижаларига кўра стипендиялар:

а) қуйидаги тартибда тайинланади ва тўланади:

барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат «аъло» баҳо (рейтинг кўрсаткичи — 86 балл ва ундан юқори) бўлган талабаларга стипендиянинг базавий миқдори 20 фоизга оширилган ҳолда;

фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоизидан кам қисмини «қониқарли» баҳога (рейтинг кўрсаткичи — 71 баллдан кам) ўзлаштираётган талабаларга — стипендиянинг базавий миқдорида;

б) фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоизи ва ундан ортиқ қисми «қониқарли» баҳо (рейтинг кўрсаткичи — 71 баллдан кам) бўлган талабаларга (тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи ҳамда 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар бундан мустасно) навбатдаги ўқув семестри мобайнида стипендия тайинланмайди.

3-боб. Тўлов-контракт асосида таълим олувчи талабаларга стипендия тайинлаш ва тўлаш тартиби

7. Тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга ўз хоҳишларига кўра, контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилади.

Стипендияли тўлов-контракт таркибига базавий стипендия миқдорининг йиллик суммаси киритилади ҳамда стипендия йил мобайнида ойма-ой тўлаб борилади.

8. Олий таълим муассасаларида стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар базавий миқдордаги стипендия тайинланади ва тўланади.

9. Олий таълим муассасаларида стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга стипендиялар белгиланган тартибда улар томонидан тўлов-контракт суммаси тўланганидан кейин берилади.

4-боб. Номли давлат стипендияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси ҳамда Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Абдулла Авлоний ва Ислом Каримов номли давлат стипендияларини олувчи талабаларга стипендиялар тайинлаш Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида» 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган Магистратура босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Бакалавриат босқичи талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендиялари ҳамда уларни тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартиблар асосида амалга оширилади.

Ушбу Низом Камолиддин Беҳзод номидаги, Ботир Зокиров номидаги ва «Олий Бош қўмондон» давлат стипендияларини олувчи талаба ва курсантларга стипендиялар тайинлаш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда номли давлат стипендиялари соҳибларига талабалар учун белгиланадиган стипендиялар тайинланмайди.

10 1 . Давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг 200 нафари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти грантига даъвогар бўлади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ ўтказилган танлов натижаларига кўра ғолиб бўлган ушбу тоифадаги талабаларга иккинчи курснинг ўқув йили бошидан Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси тайинланади ва тўланади.

10 2 . «Аъло» баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклида давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётган Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг талаба-қизлари (кейинги ўринларда — талаба-қизлар) олий таълим муассасаларининг Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Қизлар учун махсус стипендия (кейинги ўринларда – Махсус стипендия) берилади.

Махсус стипендия ўқув семестри якуни натижаларига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат «аъло» баҳо бўлган ҳамда Ижтимоий реестрига киритилган оилаларнинг талаба-қизларига (кейинги ўринларда — талаба-қизлар) тайинланади ва тўланади.

Махсус стипендияни тўлаш тўғрисидаги қарор Ижтимоий реестрга киритилганлиги тўғрисидаги маълумотнома асосида олий таълим муассасаси кенгаши томонидан тасдиқланади ва олий таълим муассасаси ректори (филиал директори) буйруғи асосида расмийлаштирилади.

Махсус стипендия талаба-қизларга олий таълим муассасаларида умумий шартларда бериладиган стипендия сақлаб қолинган ҳолда қуйидаги миқдорларга қўшимча тарзда ойма-ой тайинланади ва тўланади:

Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оиланинг аъзоси бўлган талаба-қизларга махсус стипендия базавий стипендиянинг икки баравари миқдорида;

Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оиланинг аъзоси бўлган талаба-қизларга махсус стипендия базавий стипендия миқдорида;

Ижтимоий реестрнинг «камбағаллик чегарасидаги оила» тоифасига киритилган оиланинг аъзоси бўлган талаба-қизларга махсус стипендия Ижтимоий реестрнинг «камбағал оила» тоифасига киритилган оиланинг талаба-қизлари учун белгиланган миқдорларда.

Талаба-қизларга махсус стипендия мазкур банднинг бешинчи — еттинчи хатбошиларида назарда тутилган миқдордаги пул маблағларини нақд пулсиз шаклда уларнинг ижтимоий карталарига ўтказиш йўли билан тўланади.

Махсус стипендияни тўлаш ўқув семестри натижаларига кўра барча фанлар бўйича унинг ўзлаштириш кўрсаткичи фақат «аъло» баҳо бўлгандагина давом эттирилади.

Махсус стипендияни тўлаш қуйидаги ҳолларда келгуси ўқув семестридан бошлаб тўхтатилади:

талаба-қизларнинг ўқув семестри натижалари бўйича барча фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари «аъло» бўлмаганда;

махсус стипендия тўланаётган талаба-қизнинг оиласи Ижтимоий реестрдан чиқарилганда.

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда номли давлат стипендияларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар талабаларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъи назар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига қопланади ва стипендия соҳибларига белгиланган миқдорларда стипендия тайинланади ва тўланади.

5-боб. 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган талабаларга стипендия тайинлаш ва тўлаш тартиби

12. 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган, жумладан, тўлов-контракт асосида таълим олувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

13. Аввалги ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ўзлаштираётган талабаларга стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) миқдорларда стипендия тайинланади ва тўланади.

6-боб. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга стипендия тайинлаш ва тўлаш тартиби

14. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи, жумладан, тўлов-контракт асосида таълим олувчи талабаларга стипендия тўловлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

15. Аввалги ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъи назар тўлиқ давлат таъминотида бўлган ўзлаштираётган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга базавий стипендия миқдорида стипендия тайинланади ва тўланади.

Бунда олий таълим муассасаларидаги бакалавриат ва магистратура босқичида таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабаларга, уларнинг таълим олиш тури (грант ёки тўлов-контракт асосида) ва ўзлаштириш кўрсаткичидан қатъи назар, Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) миқдорларда стипендия тайинланади ва тўланади.

7-боб. Талабаларни рағбатлантириш жамғармасини шакллантириш ва жамғарма маблағлари ҳисобига талабаларга моддий рағбатлантиришларни тайинлаш ва тўлаш тартиби

16. Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларидан фойдаланиш, Жамғарма маблағлари ҳисобига талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш олий таълим муассасасининг кенгаши томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Жамғарма маблағларидан давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга тўлов қайси шаклда (стипендияли ёки стипендиясиз) амалга оширилишидан қатъи назар, белгиланган мезонлар асосида рағбатлантириш тўловлари тайинланади.

17. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:

тегишли молия йилида олий таълим муассасаларида стипендия тўловлари учун режалаштирилган бюджет маблағларига нисбатан 10 фоиз миқдоридаги маблағлар;

тегишли молия йилида тўлов-контракт бўйича режалаштирилган тушумларнинг 2 фоизи миқдоридаги маблағлар.

17 1 . Жамғарма учун шакллантирилган маблағлар олий таълим ташкилотининг харажатлар сметасида бюджет тизими бюджетлари харажатларининг иқтисодий таснифи бўйича алоҳида харажат моддасида бир сатрда, йилнинг чораклари ва ойлари кесимида режалаштирилган ҳолда акс эттирилади.

18. Олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таълим олаётган (стипендияли ёки стипендиясиз шаклда эканлигидан қатъи назар), ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари «аъло» баҳо (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) бўлган талабалар стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 20 фоиз миқдорида Жамғарма ҳисобига рағбатлантирилади.

19. Ўқув семестри якуни бўйича фанларни ўзлаштираётган, республика ва халқаро миқёсдаги илмий журналларда якка муаллифликда мақолалар чоп этганлиги, яратган инновацион ечимлари ва ишланмалари турли грантларга номзод сифатида тақдим этилганлиги ва унга лойиқ топилганлиги, интеллектуал мулк объектлари, жумладан, саноат мулки объектларини яратишдаги иштироки ва таклиф қилаётган (иштирок этаётган) стартап лойиҳалари учун, жамоат ишларида фаол (халқаро ва республика миқёсидаги якка ва жамоавий тартибда ўтказилган спорт мусобақалари, кўрик-танловлар, фан олимпиадаларидаги иштироки ва совринли ўринлардан бирини эгаллаганлиги учун), шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча талабалар белгиланган стипендияларга нисбатан қўшимча равишда Жамғарма маблағлари ҳисобидан 50 фоизгача миқдорда рағбатлантирилиши мумкин.

Бунда, олий таълим муассасаларида стипендиясиз тўлов-контракт асосида таълим олаётган ва ўқув семестри якуни бўйича фанларни ўзлаштираётган талабалар қўшимча равишда Жамғарма маблағлари ҳисобига базавий стипендияга нисбатан 50 фоизгача миқдорда рағбатлантирилиши мумкин.

20. Жамғарма маблағлари ҳисобидан олий таълим муассасасида давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган халқаро, республика ва олий таълим миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари ғолиблари, шунингдек, олий таълим муассасаси кенгаши томонидан белгиланган мезонларга мувофиқ (оғир касаллиги сабабли белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома ёки яқин қариндошларининг вафоти каби) талабаларга базавий стипендияга нисбатан 10 бараваргача миқдорда бўлган бир марталик рағбатлантириш ёки моддий ёрдам тўлови берилиши мумкин.

Бунда, стипендия тўловларига ажратилган Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағларининг ҳисобот даври якуни бўйича бўшаб қолган қисмини талабаларни қўшимча равишда моддий рағбатлантиришга йўналтиришга рухсат берилади.

20 1. Олий таълим муассасаларидаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчиси бўлган бакалавр ва магистратура босқичида таълим олаётган талабаларга, уларнинг таълим олиш тури (грант ёки тўлов-шартнома асосида) ва ўзлаштириш кўрсаткичидан қатъи назар, Жамғарма маблағлари ҳисобидан базавий стипендиянинг беш баравари миқдорида ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.

20 2 . Жамғарма маблағлари мазкур Низомнинг 15-банди иккинчи хатбошисида назарда тутилган мақсадлар учун ҳам сарфланади.

8-боб. Талабаларга стипендия тайинлаш ва тўлашни амалга оширувчи стипендия комиссиялари ишини ташкил этиш

21. Стипендия тўлаш учун стипендия комиссияси тавсия этган талабаларнинг рўйхатлари олий таълим муассасаси ректорининг (филиал директорининг) ёки унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг буйруғи билан тасдиқланади.

22. Ўзлаштираётган талабаларга стипендия тайинлаш ўқув йилида икки маротаба ўтказилади ва стипендия аввалги семестрлар якуний назорат натижалари эълон қилинганидан сўнг, ҳар бир ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб тайинланади.

23. Давлат гранти асосида таълим олаётган, ўқув семестри учун ўзлаштириш натижалари бўйича узрсиз сабабларга кўра академик қарзи (бир ёки ундан ортиқ фанлар бўйича 55 фоиздан кам рейтингга) бўлган олий таълим муассасаларининг талабалари кейинги ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб стипендия олиш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

24. Белгиланган тартибда академик қарзини бартараф этган (тегишли фанлар бўйича 55 ва ундан ортиқ фоиз тўплаган) ва фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиздан кам қисми «қониқарли» баҳо (рейтинг кўрсаткичи 71 баллдан кам) бўлган давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларга стипендия академик қарзни бартараф этиш муддати тугаганидан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб, стипендиянинг базавий миқдорида кейинги ўқув семестрига қадар тайинланади.

25. Касаллиги ёки тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланадиган бошқа узрли сабабларга кўра, академик қарзи бўлган талабалар академик қарзларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда бартараф этгунларига қадар стипендиядан маҳрум этилмайдилар.

26. Ўқув режаси асосида амалга оширилган малака амалиётлари ва таътиллар даврида талабаларнинг стипендия олиш ҳуқуқи сақланади.

27. Пенсия оладиган талабаларга стипендия умумий асосларда тайинланади.

28. Талабаларга академик таътил даврида стипендия тўланмайди.

Талаба академик таътилдан қайтганидан кейин унга стипендия тўлаш стипендиянинг базавий миқдорида жорий ўқув семестрининг охирига қадар тикланади (стипендиясиз тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар бундан мустасно).

29. Ўз хоҳишига кўра, ўқиши бошқа олий таълим муассасасига кўчирилиши, саломатлиги (тиббий комиссия маълумотномаси асосида), ўқув интизоми ва олий таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги, бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги, ўқиш учун белгиланган тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги, талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан олий таълим муассасасидан четлатилган талабалар ўқишга тикланганда мазкур ўқув семестри учун стипендия базавий миқдорда тайинланади (стипендиясиз тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар бундан мустасно).

30. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили даври учун талабаларга стипендия қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида умумий асосларда тўлиқ миқдорда тўланади.

2 ёшгача боласи бўлган ва ўқишни таълимнинг кундузги шаклида давом эттираётган талаба аёлларга стипендия умумий асосларда тўлиқ миқдорда тўланади. Бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш таътилида бўлиш даврида стипендия тўланмайди.

31. Белгиланган тартибда бир олий таълим муассасасидан (факультетдан) бошқасига, шунингдек, таълимнинг сиртқи шаклидан кундузги шаклига ўтказилган талабаларга стипендия улар томонидан баҳолаш (рейтинг назорати) натижалари бўйича, ўқув режаларидаги тафовутлар бартараф этилганидан кейин тайинланади.

Академик қарз мавжуд бўлмаганида стипендия академик маълумотномада (рейтинг дафтарчасида) кўрсатилган, аввалги ўқув жойидаги баҳолаш (рейтинг назорати) натижалари бўйича тайинланади ва янги ўқув жойига қайд этилган пайтдан бошлаб олий таълим муассасаси ректорининг (филиал директорининг) ёки унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг буйруғи асосида тўланади.

Ўқишни бир олий таълим муассасасидан бошқасига кўчираётган талабаларга ёзги таътил вақтида стипендия тўлаш уларнинг ўқишни кўчиришдан аввалги таълим олган олий таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.

32. Стипендияли тўлов-контракт миқдори битирувчи курс талабалари томонидан июль ва август ойлари учун базавий стипендия суммаси (қисмларга бўлиб тўланганда — охирги ўқув семестридаги) тўлов-контракт миқдоридан чегирилган ҳолда тўланади.

Бунда, чегириб қолинаётган стипендия суммаси талабага тўланадиган базавий стипендиянинг жорий даврдаги белгиланган миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.

33. Талабаларнинг стипендияларидан ушлаб қолинишига йўл қўйилмайди.

Талабаларга стипендия тўловларини тўғри тайинлаш ва тўлаш устидан назорат қилиш олий таълим муассасасининг стипендия комиссиясига юкланади.

9-боб. Якунловчи қоида

34. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарорига 2-ИЛОВА

Олий таълим муассасалари талабалари учун стипендияларнинг белгиланган

Т/р Стипендия номи ва қўшимча тўловлар Стипендия миқдори (бир ойда, сўм) 1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси 1811191 2. Беруний, Ибн Сино, Навоий, Камолиддин Беҳзод, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Тўлепберген Қаипбергенов, Ибройим Юсупов, Ботир Зокиров, Абдулла Авлоний ва Ислом Каримов номли давлат стипендиялари 1207461 3. Давлат гранти асосида, шунингдек, бир йиллик ўқитиш қийматининг стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган, барча фанлар бўйича фақат «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) эга бўлган талабалар учун стипендия 513600 4. Давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун базавий стипендия ва қизлар учун махсус стипендия 428000 5. 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар учун стипендия белгиланган стипендияларга нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда назарда тутилади 6. Алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар учун қўшимча тўлов ** белгиланган стипендияларга нисбатан 50 фоизгача юқори миқдорда назарда тутилади 7. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабалар учун стипендия Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) миқдорда назарда тутилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарорига 3-ИЛОВА

2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари учун талабаларнинг ўзлаштириш баҳоларидан келиб чиққан ҳолда тўланадиган стипендиялар

Т/р Рейтинг кўрсаткичи Стипендия миқдори, сўм 1. Рейтинг назорати натижаларига эга талабалар: 86 — 100 балл 804974 71 — 85 балл 603730 55 — 70 балл 402487 2. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи, рейтинг назорати натижаларига эга талабалар: 86 — 100 балл 873 576 71 — 85 балл 655 182 55 — 70 балл 436 788 3. Давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи, рейтинг назорати натижаларига эга талабалар: 86 — 100 балл 768 134 71 — 85 балл 576 101 55 — 70 балл 384 067 4. Олий таълим муассасаларида математика, амалий — математика ва информатика, ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги мутахассисликлари бўйича таълим олаётган, рейтинг назорати натижаларига эга талабалар: 86 — 100 балл 876 070 71 — 85 балл 657 053 55 — 70 балл 438 035 5. Кар-соқов ва кўзи ожиз талабаларга стипендия белгиланганга нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда назарда тутилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 январдаги 59-сон қарорига 4-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий ўқув юртлари талабаларига стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида» 2001 йил 17 августдаги 344-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2001 йил, 15-16-сон, 105-модда).

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида» 2017 йил 25 январдаги ПҚ-2744-сон қарори) 2017 йил 23 июндаги 417-сон қарорига илованинг 2-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий инвесторлар учун инвестиция визаси жорий этилганлиги ҳамда улар ва уларнинг оила аъзоларининг республика ҳудудида бўлиши учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 11 октябрдаги 864-сон қарорига илованинг 2-банди .

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 31 январь,

59-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.02.2020 й., 09/20/59/0126-сон; 07.11.2020 й., 09/20/691/1474-сон; 12.03.2021 й., 09/21/132/0202-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.10.2021 й., 09/21/656/0996-сон, 04.11.2021 й., 09/21/674/1029-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 15.08.2023 й., 09/23/384/0613-сон; 13.06.2025 й., 09/25/362/0507-сон; 27.08.2025 й., 09/25/538/0782-сон; 04.11.2025 й., 09/25/690/1011-сон; 02.02.2026 й., 09/26/35/0101-сон; 22.05.2026 й., 09/26/271/0529-сон; 03.07.2026 й., 09/26/353/0680-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

MIQDORLARI *

MIQDORI

ROʻYXATI

Oliy taʼlim muassasalari talabalariga toʻlanadigan stipendiyalar miqdorlarini belgilash hamda stipendiyalar tayinlash va toʻlash tartibini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2019/2020 oʻquv yilida Oʻzbekiston Respublikasining oliy taʼlim muassasalariga oʻqishga qabul qilishning davlat buyurtmasi parametrlari toʻgʻrisida” 2019-yil 17-iyundagi PQ-4359-son qarori ijrosini taʼminlash, shuningdek, oliy taʼlim muassasalari talabalari uchun stipendiyalar tayinlash va toʻlash tartibini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. 2019/2020 oʻquv yilidan boshlab:

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Moliya vazirligi tomonidan tajriba-sinov tariqasida oliy taʼlim muassasalarida davlat granti va stipendiyali toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan talabalarga (davlat granti asosida taʼlim olayotgan bitiruvchi kurs talabalari bundan mustasno) stipendiyalar bazaviy miqdorda (400 ming soʻm), shuningdek, “aʼlo” oʻzlashtirish koʻrsatkichiga ega boʻlgan talabalarga stipendiyalar bazaviy stipendiya miqdoriga nisbatan qoʻshimcha 15 foiz miqdorda toʻlanganligi;

toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olish uchun talabalarga ularning oʻz xohishlariga koʻra, kontrakt qiymatini stipendiyali yoki stipendiyasiz shaklda toʻlash tartibi joriy etilganligi, bunda stipendiyali toʻlov-kontraktlar tarkibida bazaviy stipendiya miqdorining yillik summasi nazarda tutilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Oliy taʼlim muassasalari talabalariga stipendiyalar tayinlash va toʻlash boʻyicha 2019/2020 oʻquv yilining birinchi semestrida tajriba-sinov tariqasida amalga oshirilgan ishlar natijasidan kelib chiqib Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Moliya vazirligi hamda tizimida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirliklar va idoralarning 2020-yil 1-fevraldan boshlab quyidagilarni joriy qilish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin:

davlat granti, shuningdek, stipendiyali toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishning ishlab chiqarishdan ajralgan holdagi shakli (oʻqitishning kunduzgi shakli) boʻyicha taʼlim olayotgan talabalarni (2019/2020 oʻquv yilida davlat granti asosida taʼlim olayotgan bitiruvchi kurs talabalari bundan mustasno) qatʼiy belgilangan miqdordagi bazaviy stipendiya bilan taʼminlash;

oʻquv semestri yakuni boʻyicha fanlardan faqat “aʼlo” oʻzlashtirish koʻrsatkichiga (reyting koʻrsatkichi — 86 ball va undan yuqori) ega boʻlgan talabalarning stipendiyasini bazaviy stipendiyaga nisbatan 20 foizga oshirilgan holda belgilash;

oʻquv semestri yakuni boʻyicha fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichlarining 30 foiz va undan ortiq qismi “qoniqarli” baho (reyting koʻrsatkichi — 71 balldan kam) boʻlgan davlat granti asosida taʼlim olayotgan talabalarga (2019/2020 oʻquv yilida davlat granti asosida taʼlim olayotgan bitiruvchi kurs talabalari bundan mustasno) navbatdagi oʻquv semestri mobaynida stipendiya tayinlamaslik;

toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan 1 va 2-guruh nogironligi boʻlgan hamda toʻliq davlat taʼminotida boʻlgan yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar sirasiga kiruvchi talabalarga stipendiya toʻlovlarini Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari hisobiga amalga oshirish;

tegishli moliya yilida oliy taʼlim muassasalarida stipendiya toʻlovlari uchun rejalashtirilgan budjet mablagʻlariga nisbatan 10 foiz hamda toʻlov-kontrakt boʻyicha rejalashtirilgan tushumlarning 2 foiz miqdoridagi mablagʻlar hisobiga Talabalarni ragʻbatlantirish jamgʻarmasini (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) tashkil etish;

alohida qobiliyat va iqtidor egasi boʻlgan, jamoat ishlarida faol, shuningdek, ijtimoiy himoyaga muhtoj davlat granti va toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan barcha talabalarni belgilangan stipendiyalarga nisbatan Jamgʻarma hisobiga qoʻshimcha ravishda 50 foizgacha miqdorda ragʻbatlantirish;

Jamgʻarma mablagʻlari hisobiga oliy taʼlim muassasasida davlat granti va toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan alohida iqtidorga ega, xalqaro, respublika va oliy taʼlim miqyosida oʻtkazilgan fan olimpiadalari va sport musobaqalari gʻoliblari, shuningdek, oliy taʼlim muassasasi kengashi tomonidan belgilangan mezonlarga muvofiq alohida hollarda (kasalligi yoki oila aʼzolarining vafoti kabi) talabalarga bazaviy stipendiyaga nisbatan 10 baravargacha miqdorda boʻlgan bir martalik ragʻbatlantirish yoki moddiy yordam toʻlovini joriy etish.

3. Quyidagilar:

Oliy taʼlim muassasalari talabalariga stipendiyalar tayinlash va toʻlash tartibi toʻgʻrisida nizom 1-ilovaga muvofiq;

Oliy taʼlim muassasalari talabalari uchun stipendiyalarning belgilangan miqdorlari 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

4. Belgilab qoʻyilsinki:

oliy taʼlim muassasalarida davlat granti asosida taʼlim olayotgan “aʼlo” (reyting koʻrsatkichi — 86 ball va undan yuqori) hamda “yaxshi” (reyting koʻrsatkichi — 71 ball va undan yuqori) oʻzlashtirish koʻrsatkichlariga ega boʻlgan talabalarga tajriba-sinov tariqasida 2019-yil 1-sentabrdan 2020-yil 1-fevralga qadar haqiqatda toʻlangan hamda Vazirlar Mahkamasining “Oliy oʻquv yurtlari talabalariga stipendiyalar toʻlash tartibi va miqdorlari toʻgʻrisida” 2001-yil 17-avgustdagi 344-son qarori asosida toʻlanishi lozim boʻlgan miqdorlar orasidagi tafovut tizimida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirliklar va idoralarga 2020-yil uchun ajratilgan Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari doirasida qoplanadi;

2019/2020 oʻquv yilida oliy taʼlim muassasalarining davlat granti asosida taʼlim olayotgan bitiruvchi kurs talabalari uchun 2020-yil 1-fevraldan boshlab stipendiyalar, istisno tariqasida, talabalarning oʻzlashtirish baholaridan kelib chiqqan holda 3-ilovaga muvofiq toʻlanadi;

2019/2020 oʻquv yilidan boshlab toʻlov-kontrakt asosida taʼlim oluvchi nomli davlat stipendiyalari sohiblari, 1 va 2-guruh nogironligi boʻlgan, toʻliq davlat taʼminotida boʻlgan yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar sirasiga kiruvchi talabalarga stipendiya toʻlovlari Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari hisobiga amalga oshirilishini inobatga olib, ularga tegishli oʻquv yili uchun kontrakt qiymati miqdorini stipendiyasiz shaklda toʻlash imkoniyati yaratiladi;

stipendiyalar 2027-yil 1-yanvarga qadar naqd pul shaklida yoki bank kartalari, shu jumladan, ijtimoiy karta orqali, 2027-yil 1-yanvardan boshlab esa faqat ijtimoiy karta orqali toʻlanadi;

respublika oliy taʼlim muassasalari talabalari boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasida yashash guvohnomasiga yoxud investitsiya vizasiga ega boʻlgan xorijiy investorlar, shuningdek, ularning oila aʼzolari oliy taʼlim muassasalarida taʼlim olayotganda Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari uchun nazarda tutilgan shartlarda stipendiya olishga haqlidirlar.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyasi hamda Beruniy, Ibn Sino, Navoiy, Ulugʻbek, Imom al-Buxoriy, Bobur, Pahlavon Mahmud, Toʻlepbergen Qaipbergenov, Ibroyim Yusupov, Abdulla Avloniy va Islom Karimov nomli davlat stipendiyalarini oluvchi talabalarga stipendiyalar tayinlashda Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston iqtidorli yoshlarini taqdirlash va moddiy ragʻbatlantirish toʻgʻrisida” 2008-yil 13-oktabrdagi 226-son qarori bilan belgilangan tartiblar saqlab qolinsin.

Bunda, 2019/2020 oʻquv yilidan boshlab nomli davlat stipendiyalarini toʻlash bilan bogʻliq xarajatlar talabalarning davlat granti yoki toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotganidan qatʼi nazar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobiga qoplanishi inobatga olinsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Moliya vazirligi bilan birgalikda oliy taʼlim muassasalarida stipendiyalar tayinlashni yanada takomillashtirish yuzasidan, jumladan ijtimoiy adolat tamoyillariga rioya qilgan holda talabalarga “ijtimoiy” va “akademik” stipendiyalarni joriy etish mexanizmlarini nazarda tutuvchi asoslangan takliflarni 2020-yil 1-sentabrga qadar Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 4-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

8. Vazirlar Mahkamasining “Oliy taʼlim muassasasida sirtqi (maxsus sirtqi) va kechki (smenali) taʼlimni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomlarni tasdiqlash haqida” 2017-yil 21-noyabrdagi 930-son qaroriga (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 11-son, 267-modda) 1-ilovaning 12-bandi quyidagi tahrirda bayon etilsin:

“12. Sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimdan kunduzgi taʼlimga hamda sirtqi (maxsus sirtqi) taʼlimning bir taʼlim sohasidan ikkinchisiga koʻchirishga ruxsat beriladi”.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim va sogʻliqni saqlash masalalari kotibiyatiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 31-yanvardagi 59-son qaroriga 1-ILOVA

Oliy taʼlim muassasalari talabalariga stipendiyalar tayinlash va toʻlash tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom davlat oliy taʼlim muassasalarining talabalariga (xorijiy talabalardan tashqari) stipendiyalar tayinlash va toʻlash tartibini belgilaydi.

Ushbu Nizom respublikada faoliyat koʻrsatayotgan xorijiy oliy taʼlim muassasalari, ularning filiallari va xususiy oliy taʼlim muassasalariga nisbatan tatbiq etilmaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi tushunchalardan foydalaniladi:

stipendiya — oliy taʼlim muassasalarida oʻqitishning ishlab chiqarishdan ajralgan holda (keyingi oʻrinlarda oʻqitishning kunduzgi shakli deb ataladi) davlat granti hamda stipendiyali toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan talabalarga (xorijiy talabalardan tashqari) qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa toʻlovlardan qatʼi nazar oyma-oy toʻlanadigan pul taʼminoti;

stipendiyaning bazaviy miqdori — davlat granti hamda stipendiyali toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan talabalarga toʻlanadigan stipendiyaning qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻrnatiladigan eng kam miqdori;

stipendiya komissiyasi — oliy taʼlim muassasalarida talabalarga stipendiyalar tayinlash uchun har bir oʻquv yilida oʻquv ishlari boʻyicha prorektor (filial direktori oʻrinbosari) raisligida, fakultetlarning dekanlari (bakalavriat darajasida fakultet dekanati mavjud boʻlmagan oliy taʼlim muassasalarida — oʻquv-uslubiy boʻlim yoki boshqarma boshligʻi), kasaba uyushmasi va Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi boshlangʻich tashkiloti, akademik guruhlar, buxgalteriya vakillaridan iborat tarkibda tashkil etiladigan hamda oliy taʼlim muassasasining rektori (filial direktori) yoki uning vazifasini bajaruvchi shaxs tomonidan tasdiqlanadigan komissiya;

oʻzlashtirish (reyting nazorati) koʻrsatkichi — oliy taʼlim muassasasida bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari (magistratura mutaxassisliklari) oʻquv rejalari asosida oʻtilgan fanlar (mashgʻulotlar) boʻyicha talabalar bilim va mahoratining sinovi natijalari;

oʻzlashtirayotgan talaba — bundan avvalgi oʻquv semestri uchun oʻzlashtirish (reyting nazorati) koʻrsatkichlari boʻyicha akademik qarzi mavjud boʻlmagan talaba;

Talabalarni ragʻbatlantirish jamgʻarmasi — oliy taʼlim muassasalarida oʻquv semestri yakuni boʻyicha fanlarni oʻzlashtirayotgan, alohida qobiliyat va iqtidor egasi boʻlgan, jamoat ishlarida faol, shuningdek, ijtimoiy himoyaga muhtoj talabalarni moddiy qoʻllab-quvvatlashni tashkil etish jamgʻarmasi.

3. Oliy taʼlim muassasalari talabalariga oʻquv semestri yakuni boʻyicha fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichlari, alohida qobiliyat va iqtidorga egaligi, jamoat ishlarida faolligi, shuningdek, ijtimoiy himoyaga muhtojligi kabi mezonlardan kelib chiqib stipendiya komissiyasi xulosasiga koʻra, oliy taʼlim muassasalari talabalari uchun stipendiyalarning belgilangan miqdorlari asosida stipendiya tayinlanadi va boshqa ragʻbatlantirish choralari koʻriladi.

2-bob. Davlat granti asosida taʼlim oluvchi talabalarga stipendiya tayinlash va toʻlash tartibi

4. Oliy taʼlim muassasalarida davlat granti asosida oʻqitishning kunduzgi shaklida taʼlim oluvchi talabalarga stipendiya toʻlovlari Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari hisobiga amalga oshiriladi.

5. Birinchi kurs talabalariga oʻquv yilining 1-semestri yakuni boʻyicha fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichlari (baholari) maʼlum boʻlgunga qadar stipendiyaning bazaviy miqdorida stipendiya tayinlanadi va toʻlanadi.

6. Avvalgi oʻquv semestri natijalariga koʻra stipendiyalar:

a) quyidagi tartibda tayinlanadi va toʻlanadi:

barcha fanlar boʻyicha oʻzlashtirish koʻrsatkichi faqat “aʼlo” baho (reyting koʻrsatkichi — 86 ball va undan yuqori) boʻlgan talabalarga stipendiyaning bazaviy miqdori 20 foizga oshirilgan holda;

fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichlarining 30 foizidan kam qismini “qoniqarli” bahoga (reyting koʻrsatkichi — 71 balldan kam) oʻzlashtirayotgan talabalarga — stipendiyaning bazaviy miqdorida;

b) fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichlarining 30 foizi va undan ortiq qismi “qoniqarli” baho (reyting koʻrsatkichi — 71 balldan kam) boʻlgan talabalarga (toʻliq davlat taʼminotida boʻlgan yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar sirasiga kiruvchi hamda 1 va 2-guruh nogironligi boʻlgan talabalar bundan mustasno) navbatdagi oʻquv semestri mobaynida stipendiya tayinlanmaydi.

3-bob. Toʻlov-kontrakt asosida taʼlim oluvchi talabalarga stipendiya tayinlash va toʻlash tartibi

7. Toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan talabalarga oʻz xohishlariga koʻra, kontrakt qiymatini stipendiyali yoki stipendiyasiz shaklda toʻlash huquqi beriladi.

Stipendiyali toʻlov-kontrakt tarkibiga bazaviy stipendiya miqdorining yillik summasi kiritiladi hamda stipendiya yil mobaynida oyma-oy toʻlab boriladi.

8. Oliy taʼlim muassasalarida stipendiyali toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan talabalarga oʻquv semestri yakuni boʻyicha fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichlaridan qatʼi nazar bazaviy miqdordagi stipendiya tayinlanadi va toʻlanadi.

9. Oliy taʼlim muassasalarida stipendiyali toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan talabalarga stipendiyalar belgilangan tartibda ular tomonidan toʻlov-kontrakt summasi toʻlanganidan keyin beriladi.

4-bob. Nomli davlat stipendiyalarini tayinlash va toʻlash tartibi

10. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyasi hamda Beruniy, Ibn Sino, Navoiy, Ulugʻbek, Imom al-Buxoriy, Bobur, Pahlavon Mahmud, Toʻlepbergen Qaipbergenov, Ibroyim Yusupov, Abdulla Avloniy va Islom Karimov nomli davlat stipendiyalarini oluvchi talabalarga stipendiyalar tayinlash Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston iqtidorli yoshlarini taqdirlash va moddiy ragʻbatlantirish toʻgʻrisida” 2008-yil 13-oktabrdagi 226-son qarori bilan tasdiqlangan Magistratura bosqichi talabalari uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining davlat stipendiyalari va ularni tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom hamda Bakalavriat bosqichi talabalari uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va nomli davlat stipendiyalari hamda ularni tayinlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartiblar asosida amalga oshiriladi.

Ushbu Nizom Kamoliddin Behzod nomidagi, Botir Zokirov nomidagi va “Oliy Bosh qoʻmondon” davlat stipendiyalarini oluvchi talaba va kursantlarga stipendiyalar tayinlash tartibiga nisbatan tatbiq etilmaydi.

Bunda, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hamda nomli davlat stipendiyalari sohiblariga talabalar uchun belgilanadigan stipendiyalar tayinlanmaydi.

10 1 . Davlat oliy taʼlim muassasalari bakalavriatining kunduzgi taʼlim shakliga kirish imtihonlarida (test sinovlari, kasbiy (ijodiy) imtihon, yozma imtihon) eng yuqori ball toʻplagan abituriyentlarning 200 nafari Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti grantiga daʼvogar boʻladi va Vazirlar Mahkamasi tomonidan belgilanadigan tartibga muvofiq oʻtkazilgan tanlov natijalariga koʻra gʻolib boʻlgan ushbu toifadagi talabalarga ikkinchi kursning oʻquv yili boshidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti stipendiyasi tayinlanadi va toʻlanadi.

10 2 . “Aʼlo” baholarga oʻqiyotgan, ijtimoiy himoyaga muhtoj boʻlgan, oliy taʼlim muassasalari bakalavriatining kunduzgi taʼlim shaklida davlat granti yoki toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan Ijtimoiy reyestrga kiritilgan oilalarning talaba-qizlari (keyingi oʻrinlarda — talaba-qizlar) oliy taʼlim muassasalarining Talabalarni ragʻbatlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan Qizlar uchun maxsus stipendiya (keyingi oʻrinlarda – Maxsus stipendiya) beriladi.

Maxsus stipendiya oʻquv semestri yakuni natijalariga koʻra barcha fanlar boʻyicha oʻzlashtirish koʻrsatkichi faqat “aʼlo” baho boʻlgan hamda Ijtimoiy reyestriga kiritilgan oilalarning talaba-qizlariga (keyingi oʻrinlarda — talaba-qizlar) tayinlanadi va toʻlanadi.

Maxsus stipendiyani toʻlash toʻgʻrisidagi qaror Ijtimoiy reyestrga kiritilganligi toʻgʻrisidagi maʼlumotnoma asosida oliy taʼlim muassasasi kengashi tomonidan tasdiqlanadi va oliy taʼlim muassasasi rektori (filial direktori) buyrugʻi asosida rasmiylashtiriladi.

Maxsus stipendiya talaba-qizlarga oliy taʼlim muassasalarida umumiy shartlarda beriladigan stipendiya saqlab qolingan holda quyidagi miqdorlarga qoʻshimcha tarzda oyma-oy tayinlanadi va toʻlanadi:

Ijtimoiy reyestrning “davlat taʼminotidagi oila” toifasiga kiritilgan oilaning aʼzosi boʻlgan talaba-qizlarga maxsus stipendiya bazaviy stipendiyaning ikki baravari miqdorida;

Ijtimoiy reyestrning “kambagʻal oila” toifasiga kiritilgan oilaning aʼzosi boʻlgan talaba-qizlarga maxsus stipendiya bazaviy stipendiya miqdorida;

Ijtimoiy reyestrning “kambagʻallik chegarasidagi oila” toifasiga kiritilgan oilaning aʼzosi boʻlgan talaba-qizlarga maxsus stipendiya Ijtimoiy reyestrning “kambagʻal oila” toifasiga kiritilgan oilaning talaba-qizlari uchun belgilangan miqdorlarda.

Talaba-qizlarga maxsus stipendiya mazkur bandning beshinchi — yettinchi xatboshilarida nazarda tutilgan miqdordagi pul mablagʻlarini naqd pulsiz shaklda ularning ijtimoiy kartalariga oʻtkazish yoʻli bilan toʻlanadi.

Maxsus stipendiyani toʻlash oʻquv semestri natijalariga koʻra barcha fanlar boʻyicha uning oʻzlashtirish koʻrsatkichi faqat “aʼlo” baho boʻlgandagina davom ettiriladi.

Maxsus stipendiyani toʻlash quyidagi hollarda kelgusi oʻquv semestridan boshlab toʻxtatiladi:

talaba-qizlarning oʻquv semestri natijalari boʻyicha barcha fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichlari “aʼlo” boʻlmaganda;

maxsus stipendiya toʻlanayotgan talaba-qizning oilasi Ijtimoiy reyestrdan chiqarilganda.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hamda nomli davlat stipendiyalarini toʻlash bilan bogʻliq xarajatlar talabalarning davlat granti yoki toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotganidan qatʼi nazar Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari hisobiga qoplanadi va stipendiya sohiblariga belgilangan miqdorlarda stipendiya tayinlanadi va toʻlanadi.

5-bob. 1 va 2-guruh nogironligi boʻlgan talabalarga stipendiya tayinlash va toʻlash tartibi

12. 1 va 2-guruh nogironligi boʻlgan, jumladan, toʻlov-kontrakt asosida taʼlim oluvchi talabalarga stipendiya toʻlovlari Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari hisobiga amalga oshiriladi.

13. Avvalgi oʻquv semestri yakuni boʻyicha fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichlaridan qatʼi nazar 1 va 2-guruh nogironligi boʻlgan oʻzlashtirayotgan talabalarga stipendiyaning bazaviy miqdoriga nisbatan 50 foiz yuqori (oshirilgan) miqdorlarda stipendiya tayinlanadi va toʻlanadi.

6-bob. Toʻliq davlat taʼminotida boʻlgan yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar sirasiga kiruvchi talabalarga stipendiya tayinlash va toʻlash tartibi

14. Toʻliq davlat taʼminotida boʻlgan yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar sirasiga kiruvchi, jumladan, toʻlov-kontrakt asosida taʼlim oluvchi talabalarga stipendiya toʻlovlari Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari hisobiga amalga oshiriladi.

15. Avvalgi oʻquv semestri yakuni boʻyicha fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichlaridan qatʼi nazar toʻliq davlat taʼminotida boʻlgan oʻzlashtirayotgan yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar sirasiga kiruvchi talabalarga bazaviy stipendiya miqdorida stipendiya tayinlanadi va toʻlanadi.

Bunda oliy taʼlim muassasalaridagi bakalavriat va magistratura bosqichida taʼlim olayotgan toʻliq davlat taʼminotida boʻlgan yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar sirasiga kiruvchi talabalarga, ularning taʼlim olish turi (grant yoki toʻlov-kontrakt asosida) va oʻzlashtirish koʻrsatkichidan qatʼi nazar, Talabalarni ragʻbatlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan stipendiyaning bazaviy miqdoriga nisbatan 50 foiz yuqori (oshirilgan) miqdorlarda stipendiya tayinlanadi va toʻlanadi.

7-bob. Talabalarni ragʻbatlantirish jamgʻarmasini shakllantirish va jamgʻarma mablagʻlari hisobiga talabalarga moddiy ragʻbatlantirishlarni tayinlash va toʻlash tartibi

16. Talabalarni ragʻbatlantirish jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) mablagʻlaridan foydalanish, Jamgʻarma mablagʻlari hisobiga talabalarni moddiy qoʻllab-quvvatlash oliy taʼlim muassasasining kengashi tomonidan tasdiqlanadigan tartibga muvofiq amalga oshiriladi.

Jamgʻarma mablagʻlaridan davlat granti va toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan talabalarga toʻlov qaysi shaklda (stipendiyali yoki stipendiyasiz) amalga oshirilishidan qatʼi nazar, belgilangan mezonlar asosida ragʻbatlantirish toʻlovlari tayinlanadi.

17. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish manbalari quyidagilar hisoblanadi:

tegishli moliya yilida oliy taʼlim muassasalarida stipendiya toʻlovlari uchun rejalashtirilgan budjet mablagʻlariga nisbatan 10 foiz miqdoridagi mablagʻlar;

tegishli moliya yilida toʻlov-kontrakt boʻyicha rejalashtirilgan tushumlarning 2 foizi miqdoridagi mablagʻlar.

17 1 . Jamgʻarma uchun shakllantirilgan mablagʻlar oliy taʼlim tashkilotining xarajatlar smetasida budjet tizimi budjetlari xarajatlarining iqtisodiy tasnifi boʻyicha alohida xarajat moddasida bir satrda, yilning choraklari va oylari kesimida rejalashtirilgan holda aks ettiriladi.

18. Oliy taʼlim muassasalarida toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan (stipendiyali yoki stipendiyasiz shaklda ekanligidan qatʼi nazar), oʻquv semestri yakuni boʻyicha fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichlari “aʼlo” baho (reyting koʻrsatkichi 86 ball va undan yuqori) boʻlgan talabalar stipendiyaning bazaviy miqdoriga nisbatan 20 foiz miqdorida Jamgʻarma hisobiga ragʻbatlantiriladi.

19. Oʻquv semestri yakuni boʻyicha fanlarni oʻzlashtirayotgan, respublika va xalqaro miqyosdagi ilmiy jurnallarda yakka mualliflikda maqolalar chop etganligi, yaratgan innovatsion yechimlari va ishlanmalari turli grantlarga nomzod sifatida taqdim etilganligi va unga loyiq topilganligi, intellektual mulk obyektlari, jumladan, sanoat mulki obyektlarini yaratishdagi ishtiroki va taklif qilayotgan (ishtirok etayotgan) startap loyihalari uchun, jamoat ishlarida faol (xalqaro va respublika miqyosidagi yakka va jamoaviy tartibda oʻtkazilgan sport musobaqalari, koʻrik-tanlovlar, fan olimpiadalaridagi ishtiroki va sovrinli oʻrinlardan birini egallaganligi uchun), shuningdek, ijtimoiy himoyaga muhtoj davlat granti va toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan barcha talabalar belgilangan stipendiyalarga nisbatan qoʻshimcha ravishda Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan 50 foizgacha miqdorda ragʻbatlantirilishi mumkin.

Bunda, oliy taʼlim muassasalarida stipendiyasiz toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan va oʻquv semestri yakuni boʻyicha fanlarni oʻzlashtirayotgan talabalar qoʻshimcha ravishda Jamgʻarma mablagʻlari hisobiga bazaviy stipendiyaga nisbatan 50 foizgacha miqdorda ragʻbatlantirilishi mumkin.

20. Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan oliy taʼlim muassasasida davlat granti va toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan xalqaro, respublika va oliy taʼlim miqyosida oʻtkazilgan fan olimpiadalari va sport musobaqalari gʻoliblari, shuningdek, oliy taʼlim muassasasi kengashi tomonidan belgilangan mezonlarga muvofiq (ogʻir kasalligi sababli belgilangan shakldagi tibbiy maʼlumotnoma yoki yaqin qarindoshlarining vafoti kabi) talabalarga bazaviy stipendiyaga nisbatan 10 baravargacha miqdorda boʻlgan bir martalik ragʻbatlantirish yoki moddiy yordam toʻlovi berilishi mumkin.

Bunda, stipendiya toʻlovlariga ajratilgan Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlarining hisobot davri yakuni boʻyicha boʻshab qolgan qismini talabalarni qoʻshimcha ravishda moddiy ragʻbatlantirishga yoʻnaltirishga ruxsat beriladi.

20 1. Oliy taʼlim muassasalaridagi Oʻzbekiston yoshlar ittifoqining boshlangʻich tashkilot yetakchisi boʻlgan bakalavr va magistratura bosqichida taʼlim olayotgan talabalarga, ularning taʼlim olish turi (grant yoki toʻlov-shartnoma asosida) va oʻzlashtirish koʻrsatkichidan qatʼi nazar, Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan bazaviy stipendiyaning besh baravari miqdorida har oylik qoʻshimcha haq toʻlanadi.

20 2 . Jamgʻarma mablagʻlari mazkur Nizomning 15-bandi ikkinchi xatboshisida nazarda tutilgan maqsadlar uchun ham sarflanadi.

8-bob. Talabalarga stipendiya tayinlash va toʻlashni amalga oshiruvchi stipendiya komissiyalari ishini tashkil etish

21. Stipendiya toʻlash uchun stipendiya komissiyasi tavsiya etgan talabalarning roʻyxatlari oliy taʼlim muassasasi rektorining (filial direktorining) yoki uning vazifalarini bajaruvchi shaxsning buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.

22. Oʻzlashtirayotgan talabalarga stipendiya tayinlash oʻquv yilida ikki marotaba oʻtkaziladi va stipendiya avvalgi semestrlar yakuniy nazorat natijalari eʼlon qilinganidan soʻng, har bir oʻquv semestri oyining birinchi kunidan boshlab tayinlanadi.

23. Davlat granti asosida taʼlim olayotgan, oʻquv semestri uchun oʻzlashtirish natijalari boʻyicha uzrsiz sabablarga koʻra akademik qarzi (bir yoki undan ortiq fanlar boʻyicha 55 foizdan kam reytingga) boʻlgan oliy taʼlim muassasalarining talabalari keyingi oʻquv semestri oyining birinchi kunidan boshlab stipendiya olish huquqidan mahrum qilinadi.

24. Belgilangan tartibda akademik qarzini bartaraf etgan (tegishli fanlar boʻyicha 55 va undan ortiq foiz toʻplagan) va fanlardan oʻzlashtirish koʻrsatkichlarining 30 foizdan kam qismi “qoniqarli” baho (reyting koʻrsatkichi 71 balldan kam) boʻlgan davlat granti asosida taʼlim olayotgan talabalarga stipendiya akademik qarzni bartaraf etish muddati tugaganidan keyingi oyning birinchi kunidan boshlab, stipendiyaning bazaviy miqdorida keyingi oʻquv semestriga qadar tayinlanadi.

25. Kasalligi yoki tegishli hujjatlar bilan tasdiqlanadigan boshqa uzrli sabablarga koʻra, akademik qarzi boʻlgan talabalar akademik qarzlarini qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlarda bartaraf etgunlariga qadar stipendiyadan mahrum etilmaydilar.

26. Oʻquv rejasi asosida amalga oshirilgan malaka amaliyotlari va taʼtillar davrida talabalarning stipendiya olish huquqi saqlanadi.

27. Pensiya oladigan talabalarga stipendiya umumiy asoslarda tayinlanadi.

28. Talabalarga akademik taʼtil davrida stipendiya toʻlanmaydi.

Talaba akademik taʼtildan qaytganidan keyin unga stipendiya toʻlash stipendiyaning bazaviy miqdorida joriy oʻquv semestrining oxiriga qadar tiklanadi (stipendiyasiz toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan talabalar bundan mustasno).

29. Oʻz xohishiga koʻra, oʻqishi boshqa oliy taʼlim muassasasiga koʻchirilishi, salomatligi (tibbiy komissiya maʼlumotnomasi asosida), oʻquv intizomi va oliy taʼlim muassasasining ichki tartib va odob-axloq qoidalarini buzganligi, bir semestr davomida darslarni uzrli sabablarsiz 74 soatdan ortiq qoldirganligi, oʻqish uchun belgilangan toʻlovlar oʻz vaqtida amalga oshirilmaganligi, talaba sud tomonidan ozodlikdan mahrum etilganligi munosabati bilan oliy taʼlim muassasasidan chetlatilgan talabalar oʻqishga tiklanganda mazkur oʻquv semestri uchun stipendiya bazaviy miqdorda tayinlanadi (stipendiyasiz toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan talabalar bundan mustasno).

30. Homiladorlik va tugʻish taʼtili davri uchun talabalarga stipendiya qonunchilik hujjatlarida belgilangan muddatlar mobaynida umumiy asoslarda toʻliq miqdorda toʻlanadi.

2 yoshgacha bolasi boʻlgan va oʻqishni taʼlimning kunduzgi shaklida davom ettirayotgan talaba ayollarga stipendiya umumiy asoslarda toʻliq miqdorda toʻlanadi. Bola 2 yoshga toʻlguniga qadar uni parvarishlash taʼtilida boʻlish davrida stipendiya toʻlanmaydi.

31. Belgilangan tartibda bir oliy taʼlim muassasasidan (fakultetdan) boshqasiga, shuningdek, taʼlimning sirtqi shaklidan kunduzgi shakliga oʻtkazilgan talabalarga stipendiya ular tomonidan baholash (reyting nazorati) natijalari boʻyicha, oʻquv rejalaridagi tafovutlar bartaraf etilganidan keyin tayinlanadi.

Akademik qarz mavjud boʻlmaganida stipendiya akademik maʼlumotnomada (reyting daftarchasida) koʻrsatilgan, avvalgi oʻquv joyidagi baholash (reyting nazorati) natijalari boʻyicha tayinlanadi va yangi oʻquv joyiga qayd etilgan paytdan boshlab oliy taʼlim muassasasi rektorining (filial direktorining) yoki uning vazifalarini bajaruvchi shaxsning buyrugʻi asosida toʻlanadi.

Oʻqishni bir oliy taʼlim muassasasidan boshqasiga koʻchirayotgan talabalarga yozgi taʼtil vaqtida stipendiya toʻlash ularning oʻqishni koʻchirishdan avvalgi taʼlim olgan oliy taʼlim muassasalari tomonidan amalga oshiriladi.

32. Stipendiyali toʻlov-kontrakt miqdori bitiruvchi kurs talabalari tomonidan iyul va avgust oylari uchun bazaviy stipendiya summasi (qismlarga boʻlib toʻlanganda — oxirgi oʻquv semestridagi) toʻlov-kontrakt miqdoridan chegirilgan holda toʻlanadi.

Bunda, chegirib qolinayotgan stipendiya summasi talabaga toʻlanadigan bazaviy stipendiyaning joriy davrdagi belgilangan miqdoridan kelib chiqib aniqlanadi.

33. Talabalarning stipendiyalaridan ushlab qolinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

Talabalarga stipendiya toʻlovlarini toʻgʻri tayinlash va toʻlash ustidan nazorat qilish oliy taʼlim muassasasining stipendiya komissiyasiga yuklanadi.

9-bob. Yakunlovchi qoida

34. Mazkur Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 31-yanvardagi 59-son qaroriga 2-ILOVA

Oliy taʼlim muassasalari talabalari uchun stipendiyalarning belgilangan

T/r Stipendiya nomi va qoʻshimcha toʻlovlar Stipendiya miqdori (bir oyda, soʻm) 1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Davlat stipendiyasi 1811191 2. Beruniy, Ibn Sino, Navoiy, Kamoliddin Behzod, Ulugʻbek, Imom al-Buxoriy, Bobur, Pahlavon Mahmud, Toʻlepbergen Qaipbergenov, Ibroyim Yusupov, Botir Zokirov, Abdulla Avloniy va Islom Karimov nomli davlat stipendiyalari 1207461 3. Davlat granti asosida, shuningdek, bir yillik oʻqitish qiymatining stipendiyali toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan, barcha fanlar boʻyicha faqat “aʼlo” oʻzlashtirish koʻrsatkichiga (reyting koʻrsatkichi 86 ball va undan yuqori) ega boʻlgan talabalar uchun stipendiya 513600 4. Davlat granti, shuningdek, stipendiyali toʻlov-kontrakt asosida taʼlim olayotgan talabalar uchun bazaviy stipendiya va qizlar uchun maxsus stipendiya 428000 5. 1 va 2-guruh nogironligi boʻlgan talabalar uchun stipendiya belgilangan stipendiyalarga nisbatan 50 foiz yuqori miqdorda nazarda tutiladi 6. Alohida qobiliyat va iqtidor egasi boʻlgan, jamoat ishlarida faol, shuningdek, ijtimoiy himoyaga muhtoj talabalar uchun qoʻshimcha toʻlov ** belgilangan stipendiyalarga nisbatan 50 foizgacha yuqori miqdorda nazarda tutiladi 7. Toʻliq davlat taʼminotida boʻlgan yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar sirasiga kiruvchi talabalar uchun stipendiya Talabalarni ragʻbatlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan stipendiyaning bazaviy miqdoriga nisbatan 50 foiz yuqori (oshirilgan) miqdorda nazarda tutiladi

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 31-yanvardagi 59-son qaroriga 3-ILOVA

2019/2020 oʻquv yilida oliy taʼlim muassasalarining davlat granti asosida taʼlim olayotgan bitiruvchi kurs talabalari uchun talabalarning oʻzlashtirish baholaridan kelib chiqqan holda toʻlanadigan stipendiyalar

T/r Reyting koʻrsatkichi Stipendiya miqdori, soʻm 1. Reyting nazorati natijalariga ega talabalar: 86 — 100 ball 804974 71 — 85 ball 603730 55 — 70 ball 402487 2. Yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar sirasiga kiruvchi, reyting nazorati natijalariga ega talabalar: 86 — 100 ball 873 576 71 — 85 ball 655 182 55 — 70 ball 436 788 3. Davlat taʼminotida boʻlgan yetim bolalar va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalar sirasiga kiruvchi, reyting nazorati natijalariga ega talabalar: 86 — 100 ball 768 134 71 — 85 ball 576 101 55 — 70 ball 384 067 4. Oliy taʼlim muassasalarida matematika, amaliy — matematika va informatika, axborot texnologiyalari va axborot xavfsizligi mutaxassisliklari boʻyicha taʼlim olayotgan, reyting nazorati natijalariga ega talabalar: 86 — 100 ball 876 070 71 — 85 ball 657 053 55 — 70 ball 438 035 5. Kar-soqov va koʻzi ojiz talabalarga stipendiya belgilanganga nisbatan 50 foiz yuqori miqdorda nazarda tutiladi

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 31-yanvardagi 59-son qaroriga 4-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Oliy oʻquv yurtlari talabalariga stipendiyalar toʻlash tartibi va miqdorlari toʻgʻrisida” 2001-yil 17-avgustdagi 344-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QHT, 2001-yil, 15-16-son, 105-modda).

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida” (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining birinchi prezidenti Islom Abdugʻaniyevich Karimovning xotirasini abadiylashtirish toʻgʻrisida” 2017-yil 25-yanvardagi PQ-2744-son qarori) 2017-yil 23-iyundagi 417-son qaroriga ilovaning 2-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Xorijiy investorlar uchun investitsiya vizasi joriy etilganligi hamda ular va ularning oila aʼzolarining respublika hududida boʻlishi uchun qoʻshimcha qulay shart-sharoitlar yaratilganligi munosabati bilan Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida” 2019-yil 11-oktabrdagi 864-son qaroriga ilovaning 2-bandi .

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 31-yanvar,

59-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 01.02.2020-y., 09/20/59/0126-son; 07.11.2020-y., 09/20/691/1474-son; 12.03.2021-y., 09/21/132/0202-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 26.10.2021-y., 09/21/656/0996-son, 04.11.2021-y., 09/21/674/1029-son; 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 15.08.2023-y., 09/23/384/0613-son; 13.06.2025-y., 09/25/362/0507-son; 27.08.2025-y., 09/25/538/0782-son; 04.11.2025-y., 09/25/690/1011-son; 02.02.2026-y., 09/26/35/0101-son; 22.05.2026-y., 09/26/271/0529-son; 03.07.2026-y., 09/26/353/0680-son)

lex.uz