📅 2020-yil 14-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 14-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 14 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 14 февраля 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 14 February 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг муомаласи соҳасидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида» 2019 йил 15 февралдаги ПҚ-4193-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Маълумот учун қабул қилинсинки:
а) Ўзбекистон Республикасининг «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида» 1999 йил 19 августдаги 813-I-сон Қонунига мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 11 апрелдаги ПФ-5409-сон Фармонига биноан ички ишлар органлари томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташишга рухсатномалар берилиши бекор қилинган;
в) Вазирлар Маҳкамасининг «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида» 2002 йил 28 июндаги 236-сон қарори билан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкланган;
г) Вазирлар Маҳкамасининг «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тўғрисида» 2003 йил 16 июлдаги 315-сон қарорига асосан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш ва ташиш фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади, лицензия олиш учун улар томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ички ишлар органларининг объектнинг техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси тақдим этилади.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналогларини ва прекурсорларни ташиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 февралдаги 85-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси органлари ва бўлинмаларининг экспертиза ва тезкор-қидирув фаолиятида, шунингдек, Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасалари фаолиятида фойдаланиладиган гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташишга татбиқ этилмайди.
3. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлардан иборат юкларнинг юк жўнатувчиси ва юкни қабул қилиб олувчиси фақат гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар бўлиши мумкин.
4. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни автомобиль, шунингдек, қўл юки билан ҳаво ва темир йўл йўловчи транспортида ташиш гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг хоссаларини биладиган ва улар билан муомала қила оладиган юкни жўнатувчи (юкни олувчи)нинг вакили — масъул шахснинг (кейинги ўринларда ташиш учун масъул шахс деб аталади) мажбурий кузатувида амалга оширилади.
Юк жўнатувчи (юк олувчи)нинг қарорига асосан гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ҳаво кемасининг юк-багаж бўлимлари ва темир йўл юк вагонлари билан (қўл юки сифатида эмас) ташиш масъул шахс кузатувида амалга оширилиши мумкин.
5. Юк жўнатувчи (юк олувчи)нинг қарорига асосан гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташиш ушбу мақсадларга ажратиладиган махсус юк жўнатувчи (юк олувчи) ходимларининг қўриқловида амалга оширилиши мумкин.
6. Ташиш учун масъул шахс, қўриқлаш ходимлари, шунингдек, ташишни амалга оширувчи ходимлар, автотранспорт воситаларнинг ҳайдовчилари (автомобиль транспортида ташишда) юк жўнатувчи (юк олувчи)нинг буйруғи (фармойиши) билан тайинланади.
Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташишда йўлда бўлиш вақти 8 соатдан ортиқни ташкил этган тақдирда икки нафар ташиш учун масъул шахс, икки нафар қўриқлаш ходими, шунингдек, ҳар бир автотранспорт воситасига икки нафар ҳайдовчи (автомобиль транспортида ташишда) ажратилиши тавсия этилади.
7. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташишда ташиш учун масъул шахснинг ёнида юк жўнатувчи юридик шахс раҳбарининг имзоси билан тасдиқланган ташилаётган юкларнинг товар-транспорт юкхати бўлиши керак.
8. Ташиш учун масъул шахс мажбуриятларига қуйидагилар киради:
қўриқлаш ва кузатувни амалга ошираётган ходимларга, автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига (автомобиль транспортида ташишда) гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ортиш, ташиш ва туширишда ташиш қоидалари, юкнинг тавсифи ҳамда шахсий, жамоат ва экологик хавфсизлик чоралари тўғрисида йўриқнома бериш;
юк олинадиган жойларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар тўғри қадоқланганлигини ва уларнинг маркировкасини, тамғаларнинг бутлигини ташқи томондан кўздан кечириш ва гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни қабул қилиш;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар ортилишини, маҳкамланишини ва туширилишини кузатиш;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар жўнатиш жойидан етказиш жойигача кузатиб борилишини ва қўриқланишини таъминлаш, ташиш йўналишига қатъий риоя қилиш;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар жўнатиш жойидан етказиш жойигача ташиш чоғида, шунингдек, транспорт воситаларининг тўхтаб туриши давомида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш;
қўриқлаш ва ташишни амалга оширувчи ходимларнинг шахсий хавфсизлигини, шунингдек, жамоат, экологик хавфсизлик ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг бутлигини таъминлаш чораларига риоя қилиниши юзасидан хатти-ҳаракатларига раҳбарлик қилиш;
белгиланган жойга келгандан кейин гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни юкни олувчига топшириш.
9. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни шаҳар йўловчилар транспортида қўл юки сифатида, шунингдек, автомобиль транспортида шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташилишига йўл қўйилмайди.
2-боб. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни автомобиль транспортида ташиш
10. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни автомобиль транспортида ташиш гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташишга лицензияга эга бўлган юридик шахслар — ташувчилар (юкни жўнатувчилар, юкни олувчилар) томонидан амалга оширилади.
11. Хавфли юклар тоифасига киритилган прекурсорларни автомобиль транспортида ташиш Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 16 февралдаги 35-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида хавфли юкларни автомобиль транспортида ташиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
12. Ташиш учун масъул шахс вазифаларини автотранспорт воситасининг ҳайдовчисига юклаш тақиқланади.
3-боб. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ҳаво транспортида ташиш
1-§. Ташишга қабул қилиш
13. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташишга қабул қилиш ва ташиш ташувчи авиакомпания томонидан белгиланган қоидалар ва стандартлар бўйича амалга оширилади.
Ташиш учун қабул қилинаётган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар хавфли юклар тоифасига кирган тақдирда, уларни ташиш учун қабул қилишда Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти (ИКАО)нинг хавфли юкларни ҳавода хавфсиз ташиш бўйича техник қўлланмалари инобатга олиниши лозим.
14. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар ҳам йўловчи, ҳам юк ташувчи ҳаво кемаларида ташилиши мумкин. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни доимий рейсларни бажарувчи ҳаво кемаларида ташиш юк ташиладиган идишлар учун мажбурий тарзда бутун ташиш йўналиши бўйлаб олдиндан жойни банд қилиш (бронлаштириш) шарти билан амалга оширилади.
Хавфли юклар тоифасига кирувчи прекурсорларни йўловчи ташувчи ҳаво кемаларида ташишга йўл қўйилмайди.
15. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташиш учун қабул қилишда уларни шартли равишда қимматбаҳо юклар тоифасига (VAL) киритиш ва бу тоифадаги юкларга тааллуқли бўлган ташиш қоидалари ва бутлигини таъминлаш регламентини қўллаш лозим. Ташиш учун қабул қилинаётган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар хавфли юклар тоифасига кирган тақдирда, бу тоифадаги юклама учун белгиланган ташиш қоидаларини ҳам қўллаш лозим.
16. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар ташишга қабул қилинганлиги ҳақидаги ёзма хабарларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг юк туширишдаги аниқ номланиши (кимёвий формуласи)дан фойдаланилади.
2-§. Ташиш ҳужжатлари, қадоқлаш, маркировка
17. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг қадоғи ишончли ёпилиши, унда нуқсон (шикаст)лар бўлмаслиги лозим.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар шундай қадоқланган бўлиши керакки, аниқ кўриниб турувчи ташқи аралашув изларини қолдирмасдан ичидагиларни алмаштириш ёки олиб қўйиш имкони бўлмаслиги керак.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг ҳар бир қадоғи юкни жўнатувчи ва ташувчи томонидан тамғаланади ва тортилади, қайд этилган оғирлик ташиш ҳужжатларидаги оғирлик билан солиштирилади ва қадоққа ёпиштириладиган юк ёрлиқларида кўрсатилади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг ҳар бир қадоғи уларда нуқсон (шикаст)лар мавжуд эмаслиги юзасидан текширилган бўлиши керак. Қадоқда нуқсони (шикастланган) бўлган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар ташиш учун қабул қилинмайди ва дарҳол аэропорт ҳудудидан олиб чиқиб кетилади. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг қадоғидаги нуқсон (шикаст)лар ҳақда икки нусхада далолатнома тузилади ва у юк жўнатувчи томонидан имзоланади. Далолатноманинг бир нусхаси ташувчида ёки унинг ваколатли агентида қолади, иккинчи нусхаси эса юк жўнатувчига берилади.
18. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлардан иборат трансфер юкнинг қадоқларида нуқсон (шикаст)лар аниқланганида трансфер пунктида (ушбу ёки ўзга юк ташувчининг бошқа рейсига қайта юклашда) юк қайта тортиб кўрилади, юкнинг қадоғи шикастланганлиги тўғрисида икки нусхада далолатнома тузилади ва заруриятга қараб юк қайта қадоқланади ва янгидан тамғаланади. Далолатноманинг бир нусхаси гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар билан бирга жўнатиладиган ҳужжатларга илова қилинади, иккинчиси эса — трансфер аэропортида қолдирилади.
19. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташиш учун контейнер ва қулфланадиган қутилардан фойдаланилганда улар қуйидагиларни таъминлаши лозим:
гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни контейнер (қути)нинг тамғаланган қисмидан аниқ кўриниб турувчи ташқи аралашув изларини қолдирмасдан ёки юк ташувчининг тамғасини бузмасдан чиқариб олиш ва қайтариб қўйиш имконини истисно қилиши;
гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни жойлаштириш учун фойдаланиладиган контейнернинг бутун майдони назорат тартибида кўздан кечириш учун қулай бўлишини, қулфланадиган қути ва контейнерларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг бир қисми яширилиши мумкин бўлган яширин жойлар бўлмаслиги.
20. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг ташиш ҳужжатларини расмийлаштиришда қуйидаги талаблар бажарилиши лозим:
авиа юкхати (накладной)да юк ичидагиларни «VAL» махсус ишлов коди, хавфли юклар тоифасига кирувчи прекурсорларни ташишда эса — «Nature and Quantity of Goods» (юкнинг тавсифи ва хусусияти) устунида хавфли юкларни ишлов кодлари кўрсатилган бўлиши;
юк кузатув ҳужжатларида бир килограммнинг юздан бир қисмигача аниқлик билан ўлчанган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг ҳақиқий оғирлиги ҳамда ҳар бир қадоқнинг ўлчамлари кўрсатилган бўлиши;
«VAL» махсус ишлов коди, хавфли юклар тоифасига кирувчи прекурсорларни ташишда эса — хавфли юкларни ишлов кодлари юк декларациясининг «Nature of Goods» (юкнинг тавсифи) устунида кўрсатилган бўлиши;
юк ҳақидаги маълумот стандарт бланкага ёки NOTOС (Special Load Notification to Captain — махсус юк тўғрисида ҳаво кемаси командирига хабарнома)га киритилиши.
3-§. Ташишни ташкил этиш
21. Гиёҳвандлик воситаларига, психотроп моддаларга, уларнинг аналоглари ва прекурсорларга жўнатиш, трансфер қилиш ва етказиш пунктларида уларга қайта ишлов бериш, уларни ортиш ва туширишда ҳақиқий қабул қилиб олинган юкнинг миқдори тўғрисидаги маълумотлар авиа юкхати (накладной) ва юк декларациясига киритилган ёзувлар билан солиштирилиши зарур.
Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар ташувчи жавобгарлигига берилган вақтдан бошлаб улар рухсатсиз яқинлашишдан ҳимояланган бўлиши керак. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни бирор-бир сабабларга кўра қўриқланадиган ҳудудда жойлаштириш имкони бўлмаганда, уларнинг бутлигини таъминлаш бўйича махсус чоралар кўрилиши лозим.
22. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни жўнатиш (трансфер қилиш, етказиш) аэропортларида сақлашда махсус журналда қуйидаги маълумотлар қайд қилиниши керак:
ҳар бир қадоқнинг тавсифи (ўлчамлари, оғирлиги, бошқа фарқловчи хусусиятлари);
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар қўриқланадиган ҳудудга жойлаштирилган сана ва вақт, юкни ушбу ҳудудга келтирган ва унга киришга рухсати бўлган шахслар ҳақида маълумотлар;
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар қўриқланадиган ҳудуддан олиб кетилган сана ва вақт, юкни ушбу ҳудуддан олиб кетган шахслар ҳақида маълумотлар.
Махсус журнал юкни жўнатиш (трансфер қилиш, етказиш) аэропортининг ҳаракат хизматининг бошлиғи ёки шу хизматнинг навбатчи диспетчери томонидан электрон шаклда юритилади.
23. Жўнатиш жараёнида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар аэропортга ҳаво кемаси учишидан 3 соат олдин тамғаланган қадоқда келтирилиши ва белгиланган тартибда ташувчининг ваколатли шахсларига топширилиши, ташувчи томонидан ажратилган қўриқлаш хизмати ва авиация хавфсизлиги хизмати ходимлари иштирокида тўпланиши ва ҳаво кемаси бортига ортилиши керак.
24. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар ташиш учун масъул шахснинг кузатувида ташилганда, ушбу шахс йўловчи сифатида ташилади ҳамда авиация қоидалари билан белгиланган учиш олди текширувлардан ўтказилади.
25. Гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари ҳаво кемасининг юк-багаж бўлимларида ташилганда, ташиш учун масъул шахс юкнинг ҳаво кемасига етказилишини ва ундан олиб кетилишини кузатиб туриши, юкни ортиш ва тушириш ишларини назорат қилиши, юк юклагандан сўнг юк бўлинмалари тамғаланганлигини текширишга мажбур.
Ташиш учун масъул шахс йўловчилар салонига охирги навбатда, гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари юк-багаж бўлимларига ортилганидан ва барча бошқа йўловчилар салонга чиқиб бўлганидан сўнг киради.
26. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни қўл юки сифатида ҳаво кемасининг йўловчилар салонида ташишда, ташиш учун масъул шахс ва қўриқлаш ходимлари гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар билан бирга ҳаво кемасига бошқа йўловчилардан алоҳида етиб келади ҳамда йўловчилар салонида улар учун ажратилган жойларга йўловчилар киришидан олдин ёки кейин жойлаштирилади.
4-§. Юк етиб келгандан сўнг уни сақлаш ва бериш
27. Юкни олувчи гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни қабул қилиш учун юк жўнатувчи кўрсатган вақтда юкни етказиш аэропортига етиб келиши зарур.
Юкни олувчи юкни етказиш аэропортига ўз вақтида етиб келмаган тақдирда, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар етиб келганлиги ҳақида юкни олувчига хабар бериш юк уни етказиш аэропортига етказган ҳаво кемасидан тушириб олинганидан сўнг 3 соат ичида амалга оширилиши керак.
28. Юк ташувчи гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни фақат авиа юкхати (накладной)да кўрсатилган юк қабул қилувчига, ёхуд у томондан юкни олиш ваколатлари берилган ҳамда авиа юкхати (накладной)да кўрсатилган шахсга топширади.
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг топширилиши юкнинг бутлигини таъминлаш чоралари кўрилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
29. Ташувчи гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни авиа юкхати (накладной)да кўрсатилган барча шартлар бажарилгандан сўнг қабул қилувчига беради ва юк топширилганлиги фактини юк қабул қилувчининг авиа юкхати (накладной)нинг нусхасида қабул қилувчи имзоси билан тасдиқлайди, булар охирги ташувчида юкнинг қабул қилинганлиги тўғрисидаги тилхат ва ташиш шартномаси бажарилганлигини тасдиқловчи далил сифатида қолади.
30. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни суриштирув, дастлабки тергов ёки суд органларининг талабига кўра ёхуд юкни олувчи йўқлиги сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни юкни олувчига топшириш ҳисобланади, бунда ташувчи юкни жўнатувчига ёки юкни олувчига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар бундай тарзда топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳамда юкнинг бу турда топширилиши асосланганлигини исботловчи ҳужжатларни (нарсаларнинг олиб қўйилганлиги, тақдим этилганлиги тўғрисидаги суриштирувчи, терговчининг баённомаси, суд мажлисининг баённомасидан қўчирма, талаб қилиб олинмаган юкни топшириш далолатномаси) тақдим қилади.
31. Агар юкни олувчи гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган етказиш пунктига етиб келганлиги тўғрисидаги хабарнома жўнатилгандан сўнг юкни талаб қилиб олмаса, қабул қилишдан бош тортса ёки қабул қила олмаса, ташувчи юкни жўнатувчига гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни юкни олувчига бериш имкони йўқлиги ҳақида хабар беришга ва юкни жўнатувчи гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар бўйича қарор қабул қилгунига қадар уларни юкни жўнатувчи ҳисобига сақлаш учун ўзида қолдиришга мажбур.
Юкни олувчи хабардор қилинган кундан бошлаб ўттиз кун ичида юк олиб кетилмаган ва бу юкка нисбатан юк жўнатувчининг бирор-бир қарори олинмаган бўлса, бундай юк талаб қилиб олинмаган деб ҳисобланади ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилади.
4-боб. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни темир йўл транспортида ташиш
32. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни темир йўл транспортида ташиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 апрелдаги 109-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида йўловчилар, багаж ва юк багаж ташиш қоидалари ҳамда ушбу Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.
33. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни темир йўл транспортида ташишда қуйидаги умумий талаблар белгиланади:
гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташишга тайёрлаш бўйича;
гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташиш учун фойдаланиладиган идиш ва қадоқларнинг яроқлилиги бўйича;
гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташишда назоратни ташкил этиш бўйича талаблар.
Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташишга қўйиладиган талаблар юкни жўнатувчи, юкни олувчи, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташиш жараёнида қатнашувчи темир йўл транспорти ходимлари, ташиш учун масъул шахс, шунингдек, ҳаракатланувчи йўловчи ва юк вагонларини, гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташишда фойдаланиладиган контейнерларни ишлаб чиқариш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш билан шуғулланувчи, юкни жўнатувчи ва юкни олувчига транспорт-экспедиция хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.
34. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни юклаш меъёрлари, уларни ташиш учун йўловчи ва юк вагонларининг типини танлаш, ушбу мақсадларда уларнинг техник ва тижорат жиҳатдан яроқлилигини аниқлаш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг вагонларда маҳкамланиши темир йўл устави, юкларни ташиш қоидалари, йўловчи ва багажни ташиш қоидалари талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
1-§. Ташишга қабул қилиш, ташишни ташкил қилиш
35. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташиш учун тақдим этиш фақат умумий фойдаланиш жойларидан ташқарида амалга оширилади, умумий ҳамда умумий бўлмаган фойдаланиш жойларида қабул қилиниши мумкин бўлган кичик ва контейнерли жўнатмалар бундан мустасно.
36. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни бу турдаги юкларни юклаш ва тушириш учун тегишли жиҳозлар ва мосламаларга эга бўлмаган умумий ҳамда умумий бўлмаган фойдаланиш жойларида ортиш тақиқланади.
37. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташишни ҳам йўловчи, ҳам юк вагонларида амалга ошириш мумкин. Доимий рейслар бажарадиган темир йўл транспортида гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташиш бутун йўналиш бўйича ташилаётган юклар учун жойларни олдиндан мажбурий бронлаштириш шарти билан амалга оширилади.
38. «Нетто» оғирлиги (юкнинг соф оғирлиги) 1 килограммдан, бироқ ҳажми 1 литрдан ортиқ бўлмаган кичик қадоқлардаги гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташиш юкларни ташиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
39. Юк жўнатувчи томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар ташишга фақат юкларни ташиш қоидаларида белгиланган жўнатиш турлари билан, ушбу маҳсулот учун ишлаб чиқарувчининг техник ҳужжатларида белгиланган идиш ва қадоқларда тақдим этилади.
Хавфли юклар тоифасига киритилган прекурсорлар йўловчи поездларда ташилишига йўл қўйилмайди.
40. Психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар юк вагонларида ташилганда ташиш учун масъул шахс юкнинг вагонга етказилишини ва ундан олиб кетилишини кузатиб туриши, юкни ортиш ва тушириш ишларини назорат қилиши, юк юклагандан сўнг юк бўлинмалари тамғаланганлигини текширишга мажбур.
Ташиш учун масъул шахс йўловчи вагонига охирги навбатда, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар юк вагонига ортилганидан ҳамда барча бошқа йўловчилар йўловчи вагонига чиқиб бўлганидан сўнг киради.
41. Гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари қўл юки сифатида йўловчи вагонида ташилганда ташиш учун масъул шахс поезд жўнашидан камида 2 соат олдин станция (вокзал) бошлиғи ҳузурига етиб келишга ва қўл юки сифатида ташиладиган юкни тақдим этишга мажбур.
Станция (вокзал) бошлиғи юк қадоқнинг ташқи ҳолатини, зарур бўлганда эса юкнинг «брутто» (юкнинг идиши билан умумий) оғирлигини ҳам текшириши шарт.
Ташиш учун масъул шахсни поездга ўтказиш худди шундай юкни олиб ўтаётган бошқа йўловчи бўлмаган тақдирда навбатсиз амалга оширилади.
Ташиш учун масъул шахснинг поездга ўтказилганлиги тўғрисида станция (вокзал) бошлиғи поезд бошлиғи (бригадири)ни хабардор қилишга ҳамда бу ҳақда билдирги ва йўл қатновида белги қўйишга мажбур.
42. Гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналогларини қўл юки сифатида йўловчи вагонида ташишда ташиш учун масъул шахс ва қўриқлаш ходимларига алоҳида купе ажратилиши лозим, бунда купедаги барча жойлар тўланган ва йўл ҳужжати (билет)да купедаги барча жойлар кўрсатилган бўлиши керак. Купедаги жойларнинг нархи ушбу Низомнинг 6-бандига мувофиқ масъул шахс ва қўриқлаш ходимларини тайинлаган юк жўнатувчи (юк олувчи) томонидан қопланади.
Бунда ташиш учун масъул шахс ва қўриқлаш ходимлари гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари билан бирга йўловчи поездига бошқа йўловчилардан алоҳида етиб келади ҳамда улар учун ажратилган купега йўловчилар киришидан олдин ёки кейин жойлаштирилади.
43. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни қўл юки сифатида йўловчи поездларида ташишда бир нафар йўловчи учун ўрнатилган қўл юки нормаларида белгиланган миқдордаги гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг ташилишига рухсат берилади.
44. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 12 августдаги 177-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати нарядлари томонидан қўриқланиши ва кузатиб борилиши керак бўлган юклар рўйхатига киритилган гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ташишда улар мажбурий тартибда юкни жўнатувчи (юкни олувчи) ҳисобига «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг ҳарбийлаштирилган қўриқлови билан таъминланади.
45. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорлар юкни жўнатувчи (юкни олувчи)нинг қўриқлаш ходимлари қўриқловида ташилганда, ушбу ходимлар юкни қўриқлаш мажбуриятларидан фақат юкнинг келгусида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати қўриқлови остида темир йўл бўйлаб ташилиши учун топширилган вақтдан бошлаб озод этилишлари мумкин.
46. Прекурсорларни юк поезди билан ташишда фавқулодда вазиятлар (авария, ёнғин, портлаш, табиий офат, ва шу кабилар) юзага келганда ёки прекурсорларнинг сизиб чиқаётганлиги аниқланганда, поезд машинисти ёки унинг ёрдамчиси бу ҳақда тегишли чоралар кўриш учун дарҳол энг яқин станция навбатчисини хабардор қилишга мажбур.
Бундай хабарни олган станция бошлиғи, ўз навбатида, дарҳол транспортда хавфсизликни таъминлаш ички ишлар органларини хабардор қилиши ҳамда улар билан ҳамкорликда ҳодиса ва унинг оқибатларини бирламчи бартараф этиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, юкни қўриқлаш, юкни олувчини хабардор қилиш, шунингдек, воқеа жойига ҳодиса ва унинг оқибатларини бартараф этиш учун авария-қутқарув бригадалари етиб келиши бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирларнинг амалга оширилишини ташкил этиши лозим.
2-§. Ортиш ва туширишга қўйиладиган талаблар
47. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни ортиш ва тушириш темир йўл устави, юкларни ташиш қоидалари ва норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
48. Юкни жўнатувчи гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни вагонлар ва контейнерларга ушбу маҳсулот учун белгиланган стандарт меъёрлари ёки техник шартларда белгиланган нормалардан ошмаган ҳолда юклаши шарт.
49. Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, уларнинг аналоглари ва прекурсорларни вагонлар ва контейнерларда, шунингдек, очиқ ҳаракатланувчи таркибдаги махсус контейнерларда жойлаштириш ва маҳкамлаш юкларни юклаш ва маҳкамлаш техник шартларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Юкларни вагонлар ва контейнерларда маҳкамлаш учун фойдаланиладиган материал ташилаётган гиёҳвандлик воситаларига, психотроп моддаларга, уларнинг аналоглари ва прекурсорларга нисбатан инерт бўлиши керак.
5-боб. Якунловчи қоидалар
50. Ташиш давомида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ва прекурсорларнинг йўқотилиши ёки талон-торож қилиниши аниқланганда ёхуд улар жойлаштирилган идишлар ва қадоқларда рухсатсиз аралашув излари топилганда, ташиш учун масъул шахс:
ҳаво ва темир йўл транспорти билан ташишда — қўниш аэропорти диспетчери (энг яқин станция навбатчиси)га ва юкни олувчига ахборот бериш ҳамда ҳодисани расмий қайд этиш учун ҳодиса ҳақида дарҳол ҳаво кемасининг экипажи аъзоси (поезд бошлиғи (бригадири)ни хабардор қилиши;
автомобиль транспорти билан ташишда — ҳодиса ҳақида дарҳол энг яқин ички ишлар органи (пости) ва юкни олувчини хабардор қилиши;
юкни қидириб топиш ва ҳодиса жойининг дахлсизлигини таъминлаш чораларини кўриши шарт.
51. Прекурсорларни ташишда фавқулодда вазиятлар (авария, ёнғин, портлаш, табиий офат ва шу кабилар.) юзага келганда ёки прекурсорларнинг сизиб чиқаётганлиги аниқланганда, ташиш учун масъул шахс ҳодисани ва унинг оқибатларини бирламчи бартараф этиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, авария-қутқарув хизматларни хабардор қилиш ҳамда улар билан ҳодиса жойида ҳамкорликда ҳаракат қилиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаши лозим.
52. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 14 февраль,
85-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning muomalasi sohasidagi nizomlarni tasdiqlash toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Davlat xizmatlari koʻrsatish milliy tizimini yanada kompleks rivojlantirish choralari haqida” 2019-yil 15-fevraldagi PQ-4193-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Maʼlumot uchun qabul qilinsinki:
a) Oʻzbekiston Respublikasining “Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar toʻgʻrisida” 1999-yil 19-avgustdagi 813-I-son Qonuniga muvofiq giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar va prekursorlarning muomalada boʻlishi litsenziyalanadigan faoliyat turi hisoblanadi;
b) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Tadbirkorlik faoliyati sohasidagi litsenziyalash va ruxsat berish tartib-taomillarini yanada qisqartirish va soddalashtirish, biznes yuritish shart-sharoitlarini yaxshilash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 11-apreldagi PF-5409-son Farmoniga binoan ichki ishlar organlari tomonidan giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar va prekursorlarni tashishga ruxsatnomalar berilishi bekor qilingan;
v) Vazirlar Mahkamasining “Faoliyatning ayrim turlarini litsenziyalash toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunini amalga oshirish chora-tadbirlari haqida” 2002-yil 28-iyundagi 236-son qarori bilan giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar va prekursorlarning muomalada boʻlishi sohasidagi faoliyatini litsenziyalash Sogʻliqni saqlash vazirligi zimmasiga yuklangan;
g) Vazirlar Mahkamasining “Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar va prekursorlarning muomalada boʻlishi bilan bogʻliq faoliyatni litsenziyalash toʻgʻrisida” 2003-yil 16-iyuldagi 315-son qaroriga asosan giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar va prekursorlarni saqlash va tashish faqat yuridik shaxslar tomonidan amalga oshiriladi, litsenziya olish uchun ular tomonidan Sogʻliqni saqlash vazirligiga ichki ishlar organlarining obyektning texnik talablarga muvofiqligi toʻgʻrisidagi xulosasi taqdim etiladi.
2. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi hududida giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglarini va prekursorlarni tashish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining taʼlim va sogʻliqni saqlash masalalari boʻyicha oʻrinbosari, Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov va Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.K. Shadmanov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 14-fevraldagi 85-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi hududida giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “Giyohvandlik vositalari va psixotrop moddalar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuniga muvofiq giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar va prekursorlarning muomalada boʻlishi bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziyaga ega boʻlgan yuridik shaxslar tomonidan giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizom talablari Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Davlat bojxona qoʻmitasi organlari va boʻlinmalarining ekspertiza va tezkor-qidiruv faoliyatida, shuningdek, Adliya vazirligining sud-ekspertiza muassasalari faoliyatida foydalaniladigan giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashishga tatbiq etilmaydi.
3. Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlardan iborat yuklarning yuk joʻnatuvchisi va yukni qabul qilib oluvchisi faqat giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar va prekursorlarning muomalada boʻlishi bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziyaga ega boʻlgan yuridik shaxslar boʻlishi mumkin.
4. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni avtomobil, shuningdek, qoʻl yuki bilan havo va temir yoʻl yoʻlovchi transportida tashish giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning xossalarini biladigan va ular bilan muomala qila oladigan yukni joʻnatuvchi (yukni oluvchi)ning vakili — masʼul shaxsning (keyingi oʻrinlarda tashish uchun masʼul shaxs deb ataladi) majburiy kuzatuvida amalga oshiriladi.
Yuk joʻnatuvchi (yuk oluvchi)ning qaroriga asosan giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni havo kemasining yuk-bagaj boʻlimlari va temir yoʻl yuk vagonlari bilan (qoʻl yuki sifatida emas) tashish masʼul shaxs kuzatuvida amalga oshirilishi mumkin.
5. Yuk joʻnatuvchi (yuk oluvchi)ning qaroriga asosan giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashish ushbu maqsadlarga ajratiladigan maxsus yuk joʻnatuvchi (yuk oluvchi) xodimlarining qoʻriqlovida amalga oshirilishi mumkin.
6. Tashish uchun masʼul shaxs, qoʻriqlash xodimlari, shuningdek, tashishni amalga oshiruvchi xodimlar, avtotransport vositalarning haydovchilari (avtomobil transportida tashishda) yuk joʻnatuvchi (yuk oluvchi)ning buyrugʻi (farmoyishi) bilan tayinlanadi.
Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashishda yoʻlda boʻlish vaqti 8 soatdan ortiqni tashkil etgan taqdirda ikki nafar tashish uchun masʼul shaxs, ikki nafar qoʻriqlash xodimi, shuningdek, har bir avtotransport vositasiga ikki nafar haydovchi (avtomobil transportida tashishda) ajratilishi tavsiya etiladi.
7. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashishda tashish uchun masʼul shaxsning yonida yuk joʻnatuvchi yuridik shaxs rahbarining imzosi bilan tasdiqlangan tashilayotgan yuklarning tovar-transport yukxati boʻlishi kerak.
8. Tashish uchun masʼul shaxs majburiyatlariga quyidagilar kiradi:
qoʻriqlash va kuzatuvni amalga oshirayotgan xodimlarga, avtotransport vositalari haydovchilariga (avtomobil transportida tashishda) giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni ortish, tashish va tushirishda tashish qoidalari, yukning tavsifi hamda shaxsiy, jamoat va ekologik xavfsizlik choralari toʻgʻrisida yoʻriqnoma berish;
yuk olinadigan joylarda giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar toʻgʻri qadoqlanganligini va ularning markirovkasini, tamgʻalarning butligini tashqi tomondan koʻzdan kechirish va giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni qabul qilish;
giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar ortilishini, mahkamlanishini va tushirilishini kuzatish;
giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar joʻnatish joyidan yetkazish joyigacha kuzatib borilishini va qoʻriqlanishini taʼminlash, tashish yoʻnalishiga qatʼiy rioya qilish;
giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar joʻnatish joyidan yetkazish joyigacha tashish chogʻida, shuningdek, transport vositalarining toʻxtab turishi davomida xavfsizlik qoidalariga rioya qilish;
qoʻriqlash va tashishni amalga oshiruvchi xodimlarning shaxsiy xavfsizligini, shuningdek, jamoat, ekologik xavfsizlik va giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning butligini taʼminlash choralariga rioya qilinishi yuzasidan xatti-harakatlariga rahbarlik qilish;
belgilangan joyga kelgandan keyin giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarni yukni oluvchiga topshirish.
9. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni shahar yoʻlovchilar transportida qoʻl yuki sifatida, shuningdek, avtomobil transportida shahar atrofida, shaharlararo va xalqaro yoʻnalishlar boʻyicha tashilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
2-bob. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni avtomobil transportida tashish
10. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni avtomobil transportida tashish giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar va prekursorlarni tashishga litsenziyaga ega boʻlgan yuridik shaxslar — tashuvchilar (yukni joʻnatuvchilar, yukni oluvchilar) tomonidan amalga oshiriladi.
11. Xavfli yuklar toifasiga kiritilgan prekursorlarni avtomobil transportida tashish Vazirlar Mahkamasining 2011-yil 16-fevraldagi 35-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasida xavfli yuklarni avtomobil transportida tashish qoidalariga muvofiq amalga oshiriladi.
12. Tashish uchun masʼul shaxs vazifalarini avtotransport vositasining haydovchisiga yuklash taqiqlanadi.
3-bob. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni havo transportida tashish
1-§. Tashishga qabul qilish
13. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashishga qabul qilish va tashish tashuvchi aviakompaniya tomonidan belgilangan qoidalar va standartlar boʻyicha amalga oshiriladi.
Tashish uchun qabul qilinayotgan giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar xavfli yuklar toifasiga kirgan taqdirda, ularni tashish uchun qabul qilishda Fuqaro aviatsiyasi xalqaro tashkiloti (IKAO)ning xavfli yuklarni havoda xavfsiz tashish boʻyicha texnik qoʻllanmalari inobatga olinishi lozim.
14. Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar ham yoʻlovchi, ham yuk tashuvchi havo kemalarida tashilishi mumkin. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni doimiy reyslarni bajaruvchi havo kemalarida tashish yuk tashiladigan idishlar uchun majburiy tarzda butun tashish yoʻnalishi boʻylab oldindan joyni band qilish (bronlashtirish) sharti bilan amalga oshiriladi.
Xavfli yuklar toifasiga kiruvchi prekursorlarni yoʻlovchi tashuvchi havo kemalarida tashishga yoʻl qoʻyilmaydi.
15. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashish uchun qabul qilishda ularni shartli ravishda qimmatbaho yuklar toifasiga (VAL) kiritish va bu toifadagi yuklarga taalluqli boʻlgan tashish qoidalari va butligini taʼminlash reglamentini qoʻllash lozim. Tashish uchun qabul qilinayotgan giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar xavfli yuklar toifasiga kirgan taqdirda, bu toifadagi yuklama uchun belgilangan tashish qoidalarini ham qoʻllash lozim.
16. Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar tashishga qabul qilinganligi haqidagi yozma xabarlarda giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning yuk tushirishdagi aniq nomlanishi (kimyoviy formulasi)dan foydalaniladi.
2-§. Tashish hujjatlari, qadoqlash, markirovka
17. Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning qadogʻi ishonchli yopilishi, unda nuqson (shikast)lar boʻlmasligi lozim.
Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar shunday qadoqlangan boʻlishi kerakki, aniq koʻrinib turuvchi tashqi aralashuv izlarini qoldirmasdan ichidagilarni almashtirish yoki olib qoʻyish imkoni boʻlmasligi kerak.
Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning har bir qadogʻi yukni joʻnatuvchi va tashuvchi tomonidan tamgʻalanadi va tortiladi, qayd etilgan ogʻirlik tashish hujjatlaridagi ogʻirlik bilan solishtiriladi va qadoqqa yopishtiriladigan yuk yorliqlarida koʻrsatiladi.
Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning har bir qadogʻi ularda nuqson (shikast)lar mavjud emasligi yuzasidan tekshirilgan boʻlishi kerak. Qadoqda nuqsoni (shikastlangan) boʻlgan giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar tashish uchun qabul qilinmaydi va darhol aeroport hududidan olib chiqib ketiladi. Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning qadogʻidagi nuqson (shikast)lar haqda ikki nusxada dalolatnoma tuziladi va u yuk joʻnatuvchi tomonidan imzolanadi. Dalolatnomaning bir nusxasi tashuvchida yoki uning vakolatli agentida qoladi, ikkinchi nusxasi esa yuk joʻnatuvchiga beriladi.
18. Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlardan iborat transfer yukning qadoqlarida nuqson (shikast)lar aniqlanganida transfer punktida (ushbu yoki oʻzga yuk tashuvchining boshqa reysiga qayta yuklashda) yuk qayta tortib koʻriladi, yukning qadogʻi shikastlanganligi toʻgʻrisida ikki nusxada dalolatnoma tuziladi va zaruriyatga qarab yuk qayta qadoqlanadi va yangidan tamgʻalanadi. Dalolatnomaning bir nusxasi giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar bilan birga joʻnatiladigan hujjatlarga ilova qilinadi, ikkinchisi esa — transfer aeroportida qoldiriladi.
19. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashish uchun konteyner va qulflanadigan qutilardan foydalanilganda ular quyidagilarni taʼminlashi lozim:
giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni konteyner (quti)ning tamgʻalangan qismidan aniq koʻrinib turuvchi tashqi aralashuv izlarini qoldirmasdan yoki yuk tashuvchining tamgʻasini buzmasdan chiqarib olish va qaytarib qoʻyish imkonini istisno qilishi;
giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni joylashtirish uchun foydalaniladigan konteynerning butun maydoni nazorat tartibida koʻzdan kechirish uchun qulay boʻlishini, qulflanadigan quti va konteynerlarda giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning bir qismi yashirilishi mumkin boʻlgan yashirin joylar boʻlmasligi.
20. Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning tashish hujjatlarini rasmiylashtirishda quyidagi talablar bajarilishi lozim:
avia yukxati (nakladnoy)da yuk ichidagilarni “VAL” maxsus ishlov kodi, xavfli yuklar toifasiga kiruvchi prekursorlarni tashishda esa — “Nature and Quantity of Goods” (yukning tavsifi va xususiyati) ustunida xavfli yuklarni ishlov kodlari koʻrsatilgan boʻlishi;
yuk kuzatuv hujjatlarida bir kilogrammning yuzdan bir qismigacha aniqlik bilan oʻlchangan giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning haqiqiy ogʻirligi hamda har bir qadoqning oʻlchamlari koʻrsatilgan boʻlishi;
“VAL” maxsus ishlov kodi, xavfli yuklar toifasiga kiruvchi prekursorlarni tashishda esa — xavfli yuklarni ishlov kodlari yuk deklaratsiyasining “Nature of Goods” (yukning tavsifi) ustunida koʻrsatilgan boʻlishi;
yuk haqidagi maʼlumot standart blankaga yoki NOTOS (Special Load Notification to Captain — maxsus yuk toʻgʻrisida havo kemasi komandiriga xabarnoma)ga kiritilishi.
3-§. Tashishni tashkil etish
21. Giyohvandlik vositalariga, psixotrop moddalarga, ularning analoglari va prekursorlarga joʻnatish, transfer qilish va yetkazish punktlarida ularga qayta ishlov berish, ularni ortish va tushirishda haqiqiy qabul qilib olingan yukning miqdori toʻgʻrisidagi maʼlumotlar avia yukxati (nakladnoy) va yuk deklaratsiyasiga kiritilgan yozuvlar bilan solishtirilishi zarur.
Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlar tashuvchi javobgarligiga berilgan vaqtdan boshlab ular ruxsatsiz yaqinlashishdan himoyalangan boʻlishi kerak. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni biror-bir sabablarga koʻra qoʻriqlanadigan hududda joylashtirish imkoni boʻlmaganda, ularning butligini taʼminlash boʻyicha maxsus choralar koʻrilishi lozim.
22. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni joʻnatish (transfer qilish, yetkazish) aeroportlarida saqlashda maxsus jurnalda quyidagi maʼlumotlar qayd qilinishi kerak:
har bir qadoqning tavsifi (oʻlchamlari, ogʻirligi, boshqa farqlovchi xususiyatlari);
giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar qoʻriqlanadigan hududga joylashtirilgan sana va vaqt, yukni ushbu hududga keltirgan va unga kirishga ruxsati boʻlgan shaxslar haqida maʼlumotlar;
giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar qoʻriqlanadigan hududdan olib ketilgan sana va vaqt, yukni ushbu hududdan olib ketgan shaxslar haqida maʼlumotlar.
Maxsus jurnal yukni joʻnatish (transfer qilish, yetkazish) aeroportining harakat xizmatining boshligʻi yoki shu xizmatning navbatchi dispetcheri tomonidan elektron shaklda yuritiladi.
23. Joʻnatish jarayonida giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar aeroportga havo kemasi uchishidan 3 soat oldin tamgʻalangan qadoqda keltirilishi va belgilangan tartibda tashuvchining vakolatli shaxslariga topshirilishi, tashuvchi tomonidan ajratilgan qoʻriqlash xizmati va aviatsiya xavfsizligi xizmati xodimlari ishtirokida toʻplanishi va havo kemasi bortiga ortilishi kerak.
24. Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar tashish uchun masʼul shaxsning kuzatuvida tashilganda, ushbu shaxs yoʻlovchi sifatida tashiladi hamda aviatsiya qoidalari bilan belgilangan uchish oldi tekshiruvlardan oʻtkaziladi.
25. Giyohvandlik vositalari va ularning analoglari havo kemasining yuk-bagaj boʻlimlarida tashilganda, tashish uchun masʼul shaxs yukning havo kemasiga yetkazilishini va undan olib ketilishini kuzatib turishi, yukni ortish va tushirish ishlarini nazorat qilishi, yuk yuklagandan soʻng yuk boʻlinmalari tamgʻalanganligini tekshirishga majbur.
Tashish uchun masʼul shaxs yoʻlovchilar saloniga oxirgi navbatda, giyohvandlik vositalari va ularning analoglari yuk-bagaj boʻlimlariga ortilganidan va barcha boshqa yoʻlovchilar salonga chiqib boʻlganidan soʻng kiradi.
26. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni qoʻl yuki sifatida havo kemasining yoʻlovchilar salonida tashishda, tashish uchun masʼul shaxs va qoʻriqlash xodimlari giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar bilan birga havo kemasiga boshqa yoʻlovchilardan alohida yetib keladi hamda yoʻlovchilar salonida ular uchun ajratilgan joylarga yoʻlovchilar kirishidan oldin yoki keyin joylashtiriladi.
4-§. Yuk yetib kelgandan soʻng uni saqlash va berish
27. Yukni oluvchi giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni qabul qilish uchun yuk joʻnatuvchi koʻrsatgan vaqtda yukni yetkazish aeroportiga yetib kelishi zarur.
Yukni oluvchi yukni yetkazish aeroportiga oʻz vaqtida yetib kelmagan taqdirda, giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar yetib kelganligi haqida yukni oluvchiga xabar berish yuk uni yetkazish aeroportiga yetkazgan havo kemasidan tushirib olinganidan soʻng 3 soat ichida amalga oshirilishi kerak.
28. Yuk tashuvchi giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni faqat avia yukxati (nakladnoy)da koʻrsatilgan yuk qabul qiluvchiga, yoxud u tomondan yukni olish vakolatlari berilgan hamda avia yukxati (nakladnoy)da koʻrsatilgan shaxsga topshiradi.
Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning topshirilishi yukning butligini taʼminlash choralari koʻrilgan holda amalga oshirilishi lozim.
29. Tashuvchi giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni avia yukxati (nakladnoy)da koʻrsatilgan barcha shartlar bajarilgandan soʻng qabul qiluvchiga beradi va yuk topshirilganligi faktini yuk qabul qiluvchining avia yukxati (nakladnoy)ning nusxasida qabul qiluvchi imzosi bilan tasdiqlaydi, bular oxirgi tashuvchida yukning qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi tilxat va tashish shartnomasi bajarilganligini tasdiqlovchi dalil sifatida qoladi.
30. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni surishtiruv, dastlabki tergov yoki sud organlarining talabiga koʻra yoxud yukni oluvchi yoʻqligi sababli huquqni muhofaza qilish organlariga berish giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni yukni oluvchiga topshirish hisoblanadi, bunda tashuvchi yukni joʻnatuvchiga yoki yukni oluvchiga giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar bunday tarzda topshirilganligini tasdiqlovchi hujjatlarni hamda yukning bu turda topshirilishi asoslanganligini isbotlovchi hujjatlarni (narsalarning olib qoʻyilganligi, taqdim etilganligi toʻgʻrisidagi surishtiruvchi, tergovchining bayonnomasi, sud majlisining bayonnomasidan qoʻchirma, talab qilib olinmagan yukni topshirish dalolatnomasi) taqdim qiladi.
31. Agar yukni oluvchi giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar Oʻzbekiston Respublikasi hududida joylashgan yetkazish punktiga yetib kelganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma joʻnatilgandan soʻng yukni talab qilib olmasa, qabul qilishdan bosh tortsa yoki qabul qila olmasa, tashuvchi yukni joʻnatuvchiga giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni yukni oluvchiga berish imkoni yoʻqligi haqida xabar berishga va yukni joʻnatuvchi giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar boʻyicha qaror qabul qilguniga qadar ularni yukni joʻnatuvchi hisobiga saqlash uchun oʻzida qoldirishga majbur.
Yukni oluvchi xabardor qilingan kundan boshlab oʻttiz kun ichida yuk olib ketilmagan va bu yukka nisbatan yuk joʻnatuvchining biror-bir qarori olinmagan boʻlsa, bunday yuk talab qilib olinmagan deb hisoblanadi va huquqni muhofaza qilish organlariga topshiriladi.
4-bob. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni temir yoʻl transportida tashish
32. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni temir yoʻl transportida tashish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2012-yil 13-apreldagi 109-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi temir yoʻl transportida yoʻlovchilar, bagaj va yuk bagaj tashish qoidalari hamda ushbu Nizom talablariga muvofiq amalga oshiriladi.
33. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni temir yoʻl transportida tashishda quyidagi umumiy talablar belgilanadi:
giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashishga tayyorlash boʻyicha;
giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashish uchun foydalaniladigan idish va qadoqlarning yaroqliligi boʻyicha;
giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashishda nazoratni tashkil etish boʻyicha talablar.
Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashishga qoʻyiladigan talablar yukni joʻnatuvchi, yukni oluvchi, giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashish jarayonida qatnashuvchi temir yoʻl transporti xodimlari, tashish uchun masʼul shaxs, shuningdek, harakatlanuvchi yoʻlovchi va yuk vagonlarini, giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashishda foydalaniladigan konteynerlarni ishlab chiqarish, ularga texnik xizmat koʻrsatish va taʼmirlash bilan shugʻullanuvchi, yukni joʻnatuvchi va yukni oluvchiga transport-ekspeditsiya xizmatlarini koʻrsatuvchi tashkilotlar uchun majburiy hisoblanadi.
34. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni yuklash meʼyorlari, ularni tashish uchun yoʻlovchi va yuk vagonlarining tipini tanlash, ushbu maqsadlarda ularning texnik va tijorat jihatdan yaroqliligini aniqlash, giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning vagonlarda mahkamlanishi temir yoʻl ustavi, yuklarni tashish qoidalari, yoʻlovchi va bagajni tashish qoidalari talablariga muvofiq boʻlishi lozim.
1-§. Tashishga qabul qilish, tashishni tashkil qilish
35. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashish uchun taqdim etish faqat umumiy foydalanish joylaridan tashqarida amalga oshiriladi, umumiy hamda umumiy boʻlmagan foydalanish joylarida qabul qilinishi mumkin boʻlgan kichik va konteynerli joʻnatmalar bundan mustasno.
36. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni bu turdagi yuklarni yuklash va tushirish uchun tegishli jihozlar va moslamalarga ega boʻlmagan umumiy hamda umumiy boʻlmagan foydalanish joylarida ortish taqiqlanadi.
37. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashishni ham yoʻlovchi, ham yuk vagonlarida amalga oshirish mumkin. Doimiy reyslar bajaradigan temir yoʻl transportida giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashish butun yoʻnalish boʻyicha tashilayotgan yuklar uchun joylarni oldindan majburiy bronlashtirish sharti bilan amalga oshiriladi.
38. “Netto” ogʻirligi (yukning sof ogʻirligi) 1 kilogrammdan, biroq hajmi 1 litrdan ortiq boʻlmagan kichik qadoqlardagi giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashish yuklarni tashish qoidalariga muvofiq amalga oshiriladi.
39. Yuk joʻnatuvchi tomonidan giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar tashishga faqat yuklarni tashish qoidalarida belgilangan joʻnatish turlari bilan, ushbu mahsulot uchun ishlab chiqaruvchining texnik hujjatlarida belgilangan idish va qadoqlarda taqdim etiladi.
Xavfli yuklar toifasiga kiritilgan prekursorlar yoʻlovchi poyezdlarda tashilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
40. Psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar yuk vagonlarida tashilganda tashish uchun masʼul shaxs yukning vagonga yetkazilishini va undan olib ketilishini kuzatib turishi, yukni ortish va tushirish ishlarini nazorat qilishi, yuk yuklagandan soʻng yuk boʻlinmalari tamgʻalanganligini tekshirishga majbur.
Tashish uchun masʼul shaxs yoʻlovchi vagoniga oxirgi navbatda, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar yuk vagoniga ortilganidan hamda barcha boshqa yoʻlovchilar yoʻlovchi vagoniga chiqib boʻlganidan soʻng kiradi.
41. Giyohvandlik vositalari va ularning analoglari qoʻl yuki sifatida yoʻlovchi vagonida tashilganda tashish uchun masʼul shaxs poyezd joʻnashidan kamida 2 soat oldin stansiya (vokzal) boshligʻi huzuriga yetib kelishga va qoʻl yuki sifatida tashiladigan yukni taqdim etishga majbur.
Stansiya (vokzal) boshligʻi yuk qadoqning tashqi holatini, zarur boʻlganda esa yukning “brutto” (yukning idishi bilan umumiy) ogʻirligini ham tekshirishi shart.
Tashish uchun masʼul shaxsni poyezdga oʻtkazish xuddi shunday yukni olib oʻtayotgan boshqa yoʻlovchi boʻlmagan taqdirda navbatsiz amalga oshiriladi.
Tashish uchun masʼul shaxsning poyezdga oʻtkazilganligi toʻgʻrisida stansiya (vokzal) boshligʻi poyezd boshligʻi (brigadiri)ni xabardor qilishga hamda bu haqda bildirgi va yoʻl qatnovida belgi qoʻyishga majbur.
42. Giyohvandlik vositalari va ularning analoglarini qoʻl yuki sifatida yoʻlovchi vagonida tashishda tashish uchun masʼul shaxs va qoʻriqlash xodimlariga alohida kupe ajratilishi lozim, bunda kupedagi barcha joylar toʻlangan va yoʻl hujjati (bilet)da kupedagi barcha joylar koʻrsatilgan boʻlishi kerak. Kupedagi joylarning narxi ushbu Nizomning 6-bandiga muvofiq masʼul shaxs va qoʻriqlash xodimlarini tayinlagan yuk joʻnatuvchi (yuk oluvchi) tomonidan qoplanadi.
Bunda tashish uchun masʼul shaxs va qoʻriqlash xodimlari giyohvandlik vositalari va ularning analoglari bilan birga yoʻlovchi poyezdiga boshqa yoʻlovchilardan alohida yetib keladi hamda ular uchun ajratilgan kupega yoʻlovchilar kirishidan oldin yoki keyin joylashtiriladi.
43. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni qoʻl yuki sifatida yoʻlovchi poyezdlarida tashishda bir nafar yoʻlovchi uchun oʻrnatilgan qoʻl yuki normalarida belgilangan miqdordagi giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarning tashilishiga ruxsat beriladi.
44. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2010-yil 12-avgustdagi 177-son qarori bilan tasdiqlangan “Oʻzbekiston temir yoʻllari” aksiyadorlik jamiyatining harbiylashtirilgan qoʻriqlash xizmati naryadlari tomonidan qoʻriqlanishi va kuzatib borilishi kerak boʻlgan yuklar roʻyxatiga kiritilgan giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni tashishda ular majburiy tartibda yukni joʻnatuvchi (yukni oluvchi) hisobiga “Oʻzbekiston temir yoʻllari” aksiyadorlik jamiyatining harbiylashtirilgan qoʻriqlovi bilan taʼminlanadi.
45. Giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlar yukni joʻnatuvchi (yukni oluvchi)ning qoʻriqlash xodimlari qoʻriqlovida tashilganda, ushbu xodimlar yukni qoʻriqlash majburiyatlaridan faqat yukning kelgusida “Oʻzbekiston temir yoʻllari” aksiyadorlik jamiyatining harbiylashtirilgan qoʻriqlash xizmati qoʻriqlovi ostida temir yoʻl boʻylab tashilishi uchun topshirilgan vaqtdan boshlab ozod etilishlari mumkin.
46. Prekursorlarni yuk poyezdi bilan tashishda favqulodda vaziyatlar (avariya, yongʻin, portlash, tabiiy ofat, va shu kabilar) yuzaga kelganda yoki prekursorlarning sizib chiqayotganligi aniqlanganda, poyezd mashinisti yoki uning yordamchisi bu haqda tegishli choralar koʻrish uchun darhol eng yaqin stansiya navbatchisini xabardor qilishga majbur.
Bunday xabarni olgan stansiya boshligʻi, oʻz navbatida, darhol transportda xavfsizlikni taʼminlash ichki ishlar organlarini xabardor qilishi hamda ular bilan hamkorlikda hodisa va uning oqibatlarini birlamchi bartaraf etish, jabrlanganlarga birinchi tibbiy yordam koʻrsatish, yukni qoʻriqlash, yukni oluvchini xabardor qilish, shuningdek, voqea joyiga hodisa va uning oqibatlarini bartaraf etish uchun avariya-qutqaruv brigadalari yetib kelishi boʻyicha kechiktirib boʻlmaydigan tadbirlarning amalga oshirilishini tashkil etishi lozim.
2-§. Ortish va tushirishga qoʻyiladigan talablar
47. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni ortish va tushirish temir yoʻl ustavi, yuklarni tashish qoidalari va normativ-texnik hujjatlar talablariga muvofiq amalga oshirilishi lozim.
48. Yukni joʻnatuvchi giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni vagonlar va konteynerlarga ushbu mahsulot uchun belgilangan standart meʼyorlari yoki texnik shartlarda belgilangan normalardan oshmagan holda yuklashi shart.
49. Giyohvandlik vositalarini, psixotrop moddalarni, ularning analoglari va prekursorlarni vagonlar va konteynerlarda, shuningdek, ochiq harakatlanuvchi tarkibdagi maxsus konteynerlarda joylashtirish va mahkamlash yuklarni yuklash va mahkamlash texnik shartlariga muvofiq amalga oshirilishi kerak.
Yuklarni vagonlar va konteynerlarda mahkamlash uchun foydalaniladigan material tashilayotgan giyohvandlik vositalariga, psixotrop moddalarga, ularning analoglari va prekursorlarga nisbatan inert boʻlishi kerak.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
50. Tashish davomida giyohvandlik vositalari, psixotrop moddalar, ularning analoglari va prekursorlarning yoʻqotilishi yoki talon-toroj qilinishi aniqlanganda yoxud ular joylashtirilgan idishlar va qadoqlarda ruxsatsiz aralashuv izlari topilganda, tashish uchun masʼul shaxs:
havo va temir yoʻl transporti bilan tashishda — qoʻnish aeroporti dispetcheri (eng yaqin stansiya navbatchisi)ga va yukni oluvchiga axborot berish hamda hodisani rasmiy qayd etish uchun hodisa haqida darhol havo kemasining ekipaji aʼzosi (poyezd boshligʻi (brigadiri)ni xabardor qilishi;
avtomobil transporti bilan tashishda — hodisa haqida darhol eng yaqin ichki ishlar organi (posti) va yukni oluvchini xabardor qilishi;
yukni qidirib topish va hodisa joyining daxlsizligini taʼminlash choralarini koʻrishi shart.
51. Prekursorlarni tashishda favqulodda vaziyatlar (avariya, yongʻin, portlash, tabiiy ofat va shu kabilar.) yuzaga kelganda yoki prekursorlarning sizib chiqayotganligi aniqlanganda, tashish uchun masʼul shaxs hodisani va uning oqibatlarini birlamchi bartaraf etish, jabrlanganlarga birinchi tibbiy yordam koʻrsatish, avariya-qutqaruv xizmatlarni xabardor qilish hamda ular bilan hodisa joyida hamkorlikda harakat qilish boʻyicha kechiktirib boʻlmaydigan chora-tadbirlarning amalga oshirilishini taʼminlashi lozim.
52. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 14-fevral,
85-son