UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 19-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 19 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 19 февраля 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 19 February 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш, фитосанитария чораларини қўллаш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 29 июлдаги ПҚ-4406-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш, фитосанитария чораларини қўллаш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи И.К. Эргашев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 февралдаги 99-сон қарорига ИЛОВА

Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш, фитосанитария чораларини қўллаш ва бекор қилиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом фитосанитар хавфни таҳлил қилиш, фитосанитария чораларини қўллаш ва бекор қилиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланади:

расмий кураш — карантиндаги зарарли организмларни йўқ қилиш ёки тарқалган ҳудудини чеклаб қўйиш, шунингдек, тартибга солинадиган, карантин остида бўлмаган зарарли организмларни бошқариш мақсадида мажбурий фитосанитария тартиб-қоидаларини қўллашни таъминлаш бўйича фаол чоралар;

фитосанитар таҳлил натижаси — зарарли организмнинг хавфлилик даражасини аниқлаш ва унга қарши қўлланиладиган зарур фитосанитария чоралари интенсивлигини белгилаш мақсадида ўтказиладиган биологик ёки бошқа илмий ва иқтисодий маълумотларни баҳолаш натижаси;

фитосанитария чораси — карантиндаги зарарли организмларнинг кириб келиши ёки тарқалишининг олдини олишга, шунингдек, тартибга солинадиган, карантин остида бўлмаган зарарли организмларнинг иқтисодиётга таъсир кўрсатишини чеклашга қаратилган (кўздан кечириш, таҳлил, назорат, тақиқ қўйиш ва бошқалар) қонунчилик ҳужжатлари, регламент ёки расмий тартиб;

фитосанитар хавф — зарарли организмнинг кириб келиши ва тарқалиш эҳтимоли ҳамда у билан боғлиқ иқтисодий оқибатлар даражаси;

фитосанитар хавфни баҳолаш — зарарли организмларнинг карантиндаги зарарли организм деб белгиловчи мезонларга мувофиқлигини аниқлаш, унинг кириб келиши, мослашиши ва тарқалиш эҳтимолини баҳолаш, шунингдек, потенциал иқтисодий ва экологик оқибатларни аниқлаш жараёни;

фитосанитар хавфни бошқаришни баҳолаш — фитосанитар хавфни таҳлил қилишнинг баҳолаш босқичида аниқланган хавфга таъсир қилиш йўлларини белгилаш, уларни қўллаш самарадорлигини баҳолаш ва энг мақбулини танлашдан иборат.

2-боб. Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш

3. Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан амалга оширилади ҳамда организм зарарли эканлигини, тартибга солиниши кераклигини ва унга қарши фитосанитария чоралари қандай даражада таъсирчан эканлигини аниқлаш мақсадида биологик ёки бошқа илмий ва иқтисодий маълумотларни баҳолаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида карантин аҳамиятига эга бўлган зарарли организмлар рўйхатини шакллантириш ва қайта кўриб чиқиш жараёнидан иборат.

4. Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш методикаси Агентлик томонидан тасдиқланади ва фитосанитар хавф таҳлили тизимига доир халқаро талабларига мувофиқ унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

5. Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш методикасида фитосанитар хавфни таҳлил қилишнинг тегишли босқичида чоралар ва уларни амалга ошириш тартиби белгиланади.

6. Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш уч босқичда амалга оширилади:

хавфни таҳлил қилиш жараёнини бошлаш (дастлабки босқич);

фитосанитар хавфни баҳолаш;

фитосанитар хавфни бошқаришни баҳолаш.

7. Агентлик томонидан фитосанитар хавфни таҳлил қилиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

зарарли организм кириб келишида потенциал хавф мавжуд бўлиши ва тарқалиш йўллари аниқланганда;

фитосанитария чораларини қўллашни талаб қиладиган зарарли организм аниқланганда.

8. Агентлик фитосанитар хавфни баҳолашда тегишли вазирликлар ва идоралар, ўсимликлар ҳимояси ва карантини соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасалари, аккредитациядан ўтган лабораториялар, шунингдек, хорижий экспертлар ва маслаҳатчиларни белгиланган тартибда шартнома асосида жалб қилиши мумкин.

9. Фитосанитар хавфни баҳолаш натижасига кўра, Агентлик томонидан Фитосанитар хавфни бошқаришни баҳолаш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилинади.

3-боб. Фитосанитар хавфни таҳлил қилишнинг дастлабки босқичлари

10. Фитосанитар хавфни таҳлил қилишнинг дастлабки босқичи зарарли организмни аниқлаш ва унинг муайян фитосанитар хавфли зоналарда (ҳудудларда) тарқалиш йўлларини аниқлашдан иборат.

11. Зарарли организм кириб келиши хавфи мавжуд бўлган янги тарқалиш йўллари аниқланганда, Ўзбекистон Республикасига илгари олиб кирилмаган карантин остидаги маҳсулот олиб кирилишида, илмий-тадқиқот ва селекция мақсадида ўсимликларнинг янги турларини импорт қилишда, қадоқлаш орқали, почта жўнатмалари, чиқинди, юк, қўл юки ва бошқа йўллар билан табиий тарқалганда, фитосанитар хавф таҳлили ўтказилади.

Бунда зарарли организмнинг тарқалиш йўллари аниқланганлиги тўғрисидаги маълумот ҳар қандай расмий манбалардан, маълумотлар базаларидан, илмий ва бошқа адабиётлардан олиниши мумкин.

12. Фитосанитар хавф таҳлили маълум бир ҳудудда (минтақада) зарарланиш ўчоғи аниқланганда, импорт қилинадиган маҳсулотларда, илмий-тадқиқотлар натижасида ва ўрганиш ҳамда мониторинг даврида кутилмаган зарарли организмлар аниқланганда, фитосанитар хавф таҳлили ўтказилади.

Зарарли организм аниқланиши билан боғлиқ фитосанитар хавф таҳлили маълум бир ҳудудда (минтақа) зарарланиш ўчоқлари аниқланганда, зарарли организм импорт қилинаётган маҳсулотларда ёки илмий-тадқиқот натижасида ва ўрганиш ёки мониторинг даврида кутилмаган зарари аниқланганда ўтказилади.

13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фанлар академиясининг ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасалари томонидан ўрганиш ёки мониторинг натижасида аниқланган зарарли организмлар ҳақида Агентликга ҳар чоракда ёки зарарли организмлар аниқланган вақтда маълумот берилади.

14. Мазкур Низомнинг 7-бандида кўрсатилган ҳолларда ёки зарарли организм аниқланган вақтдан эътиборан тўқсон кун ичида Агентлик фитосанитар хавф таҳлилини амалга оширади ва якуни бўйича фитосанитар чоралар белгилаш юзасидан қарор қабул қилади.

Қўшимча маълумот тўплаш, илмий-тадқиқотлар ўтказиш зарурати туғилганда, фитосанитар хавфни таҳлилини тайёрлаш икки йилгача бўлган муддатга Агентлик томонидан узайтирилиши мумкин.

4-боб. Фитосанитар хавфни бошқаришни баҳолаш

15. Фитосанитар хавфни бошқаришни баҳолаш қуйидаги принципларга асосланади:

«фитосанитария чораларининг иқтисодий самарадорлиги ва амалга ошириш имконияти» принципи — фитосанитария чоралари қўлланилишининг устунлиги зарарли организм кириб келмаслигидан ва фитосанитар хавф ўтказилаётган ҳудуднинг иқтисодий оқибатлар таъсири остида қолмаслигидан иборат. Хавфсизликни таъминлашга эришиш учун минимал чораларнинг ҳар бири бўйича самарадорлик даражаси таҳлил қилинади;

фитосанитария чораларининг «минимал таъсир» принципи — қўлланиладиган чоралар кераклигидан ортиқча савдони чегарамаслиги, хавф остида қолган ҳудудни самарали ҳимоя қилиш учун зарур бўлган минимал ҳудудга чоралар қўлланилишидан иборат;

«эквивалентлик» принципи — бир хил натижага эга фитосанитария чоралари муқобил сифатида кўрилиши лозим, агар қўлланилган чоралардан бирида ижобий натижаларга эришилса, қўшимча чоралар қўллаш талаб этилмаслигидан иборат;

«камситишга йўл қўймаслик» принципи — ўрганилаётган зарарли организм фитосанитар хавф ўтказилган ҳудудга мослашган бўлса, импорт жараёнида қўлланиладиган чораларнинг фитосанитар хавф таҳлили ўтказилган ҳудудда қўлланилаётган чоралардан юқори даражада бўлмаслиги керак. Худди шу тарзда, бир хил фитосанитар мақомга эга бўлган экспорт қилувчи давлатларга турли хил фитосанитария чоралари қўлланилмаслиги лозим.

16. Фитосанитар хавфни бошқаришни баҳолаш босқичида Агентлик томонидан «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни , ўсимликлар карантини қоидалари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида қуйидаги фитосанитария чоралари кўрилиши мумкин:

юкларга нисбатан уларни олиб киришда ва олиб киргандан сўнг кўздан кечиришда қўлланиладиган текширув ўтказиш шакли, юкни зарасизлантириш, товарга, ундан фойдаланиш ёки унинг тақсимланишига доир чекловлар жорий этиш, шунингдек, муайян маҳсулотни олиб кириш муддатларини белгилаш йўли орқали;

карантин остидаги маҳсулотга нисбатан уни олиб кириш, транзит олиб ўтиш, олиб чиқиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, сотиш ва йўқ қилишга доир фитосанитария талабларини белгилаш;

Ўзбекистон Республикасига карантин остидаги маҳсулотни олиб киришга тақиқ ўрнатиш ва уни бекор қилиш;

Ўзбекистон Республикаси ёки унинг алоҳида ҳудудларида карантин назоратини ўрнатиш.

17. Бирор бир мақбул чоралар бўлмаганлигини исботлаш, хавфни бошқаришнинг бир ёки бир нечта усулларини танлаш фитосанитар хавфни бошқаришни баҳолаш босқичининг натижаси ҳисобланади.

18. Фитосанитария чоралари қўлланилгандан сўнг Агентлик томонидан доимий мониторинг ва фитосанитария чораларини қайта кўриб чиқиш амалга оширилади.

19. Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш натижалари маълум бўлган кундан эътиборан фитосанитария чоралари оммавий ахборот воситаларида, Агентликнинг расмий веб-сайтида ва «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига жойлаштирилади.

5-боб. Транзит юкларга нисбатан фитосанитар хавфни таҳлил қилиш

20. Импорт ва экспорт қилувчи томонларнинг ўсимликлар карантини бўйича ваколатли органларидан бири ёки иккиси томондан ишлаб чиқилган фитосанитар хавф таҳлили бўйича ахборот алмашиш орқали транзит юкларга нисбатан соддалаштирилган тартибда фитосанитар хавф таҳлили амалга оширилади.

21. Транзит юкларда потенциал фитосанитар хавфни аниқлаш мақсадида Агентлик қуйидаги мавжуд маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади:

божхона хизмати органлари томонидан юкга нисбатан қўлланиладиган тартиб-таомиллар;

транзит тарзида олиб ўтилаётган карантин остидаги маҳсулот тури, шунингдек, унинг келиб чиқиш мамлакати;

транзит маҳсулотларни фитосанитар сертификатларини мавжудлиги;

транзит юкларини ташиш воситалари ва усуллари;

транзит юкларга алоқадор бўлган бошқариладиган зарарли организмлар;

маҳаллий ўсимликлар орқали зарарли организмларнинг тарқалиши;

транзит йўналиши тўғрисидаги маълумотлар;

зарарли организмларнинг юкга боғлиқ бўлмаган ҳолда кириб келиш эҳтимоли;

транзит тарзида олиб ўтилаётган юкларга нисбатан тегишли фитосанитария чоралари кўрилганлиги;

қадоқлаш турлари;

юкларни ташиш шартлари.

22. Потенциал фитосанитар хавф аниқланган тақдирда, фитосанитария чораларини техник асослантириш ва зарурлигини белгилаш мақсадида Агентлик транзит тарзида олиб ўтилаётган муайян карантин остидаги маҳсулотга ёки зарарли организмга нисбатан хавф таҳлилини амалга оширади.

23. Хавфни баҳолаш натижаларига кўра, фитосанитар хавфни бошқаришда Агентлик транзит юкларни фитосанитария чоралари қўлланилиши талаб этиладиган ёки талаб этилмайдиган тоифаларга ажратади.

6-боб. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш ёки транзит тарзида олиб ўтишга тақиқ ўрнатиш ва уни бекор қилиш

24. Бир ёки бир нечта давлатлар, уларнинг алоҳида ҳудудларида ёки мазкур ҳудудларда жойлашган ташкилотларда ишлаб чиқилган карантин остидаги маҳсулотни олиб киришга тақиқ ўрнатилади.

25. Карантин остидаги маҳсулотни олиб киришда қуйидаги ҳолларда тақиқ ўрнатилади:

маҳсулотларни фитосанитар сертификати мавжуд бўлмаганлиги;

фитосанитар хавфни таҳлил қилиш натижаларига асосан;

бир ёки бир нечта давлатларнинг ҳудудларида ўсимликлар карантини объектлари ўчоғлари мавжудлиги тўғрисида расмий маълумотга эга бўлганда;

Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган карантин остидаги маҳсулотлардан иборат юкларда ўсимликлар карантини давлат назорати амалга оширилиши вақтида мунтазам равишда ўсимликлар карантини объектлари аниқланганда.

Агентлик томонидан карантин остидаги маҳсулотни олиб киришга ўрнатилган тақиқ экспор қилувчи давлатнинг ўсимликлар ҳимояси ва карантини бўйича миллий ташкилоти ёки бошқа ваколатли органи томонидан берилган расмий материаллар асосида олиб борилган фитосанитар хавф таҳлили жараёни якунларига мувофиқ Агентлик томонидан бекор қилинади.

26. Транзит юкларга нисбатан фитосанитария чораларини қўллаш имкони бўлмаган тақдирда, карантин остидаги маҳсулотлар транзит тарзида олиб ўтилишига тақиқ ўрнатилади.

27. Карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш ёки транзит тарзида олиб ўтишга тақиқ ўрнатиш тўғрисидаги қарорда унинг сабаблари, амал қилиш муддати ва кучга кириш санаси кўрсатилади.

28. Карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш ёки транзит тарзида олиб ўтишга тақиқ Агентлик томонидан маълум бир муддатга ёки тақиқ сабаблари бартараф этилгунга қадар ўрнатилади.

29. Карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш ёки транзит тарзида олиб ўтишга тақиқ ўрнатиш ёки уни ечиш тўғрисидаги қарор, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган экиш материаллари, карантин остидаги маҳсулотлар ва уларнинг тарқалиш ҳудудлари Рўйхати Агентликнинг расмий веб-сайтида ва «Ягона дарча» божхона ахборот тизимига жойлаштирилади.

7-боб. Якунловчи қоида

30. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 19 февраль,

99-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.02.2020 й., 09/20/99/0192-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 26.07.2024 й., 09/24/453/0558-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Fitosanitar xavfni tahlil qilish, fitosanitariya choralarini qoʻllash va bekor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini chuqur qayta ishlash va oziq-ovqat sanoatini yanada rivojlantirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 29-iyuldagi PQ-4406-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Fitosanitar xavfni tahlil qilish, fitosanitariya choralarini qoʻllash va bekor qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining agrar va oziq-ovqat sohalarini rivojlantirish masalalari boʻyicha maslahatchisi A.D. Vaxabov va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻsimliklar karantini davlat inspeksiyasi boshligʻi I.K. Ergashev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 19-fevraldagi 99-son qaroriga ILOVA

Fitosanitar xavfni tahlil qilish, fitosanitariya choralarini qoʻllash va bekor qilish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom fitosanitar xavfni tahlil qilish, fitosanitariya choralarini qoʻllash va bekor qilish tartibini belgilaydi.

2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalanadi:

rasmiy kurash — karantindagi zararli organizmlarni yoʻq qilish yoki tarqalgan hududini cheklab qoʻyish, shuningdek, tartibga solinadigan, karantin ostida boʻlmagan zararli organizmlarni boshqarish maqsadida majburiy fitosanitariya tartib-qoidalarini qoʻllashni taʼminlash boʻyicha faol choralar;

fitosanitar tahlil natijasi — zararli organizmning xavflilik darajasini aniqlash va unga qarshi qoʻllaniladigan zarur fitosanitariya choralari intensivligini belgilash maqsadida oʻtkaziladigan biologik yoki boshqa ilmiy va iqtisodiy maʼlumotlarni baholash natijasi;

fitosanitariya chorasi — karantindagi zararli organizmlarning kirib kelishi yoki tarqalishining oldini olishga, shuningdek, tartibga solinadigan, karantin ostida boʻlmagan zararli organizmlarning iqtisodiyotga taʼsir koʻrsatishini cheklashga qaratilgan (koʻzdan kechirish, tahlil, nazorat, taqiq qoʻyish va boshqalar) qonunchilik hujjatlari, reglament yoki rasmiy tartib;

fitosanitar xavf — zararli organizmning kirib kelishi va tarqalish ehtimoli hamda u bilan bogʻliq iqtisodiy oqibatlar darajasi;

fitosanitar xavfni baholash — zararli organizmlarning karantindagi zararli organizm deb belgilovchi mezonlarga muvofiqligini aniqlash, uning kirib kelishi, moslashishi va tarqalish ehtimolini baholash, shuningdek, potensial iqtisodiy va ekologik oqibatlarni aniqlash jarayoni;

fitosanitar xavfni boshqarishni baholash — fitosanitar xavfni tahlil qilishning baholash bosqichida aniqlangan xavfga taʼsir qilish yoʻllarini belgilash, ularni qoʻllash samaradorligini baholash va eng maqbulini tanlashdan iborat.

2-bob. Fitosanitar xavfni tahlil qilish

3. Fitosanitar xavfni tahlil qilish Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi huzuridagi Oʻsimliklar karantini va himoyasi agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan amalga oshiriladi hamda organizm zararli ekanligini, tartibga solinishi kerakligini va unga qarshi fitosanitariya choralari qanday darajada taʼsirchan ekanligini aniqlash maqsadida biologik yoki boshqa ilmiy va iqtisodiy maʼlumotlarni baholash, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasida karantin ahamiyatiga ega boʻlgan zararli organizmlar roʻyxatini shakllantirish va qayta koʻrib chiqish jarayonidan iborat.

4. Fitosanitar xavfni tahlil qilish metodikasi Agentlik tomonidan tasdiqlanadi va fitosanitar xavf tahlili tizimiga doir xalqaro talablariga muvofiq unga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritiladi.

5. Fitosanitar xavfni tahlil qilish metodikasida fitosanitar xavfni tahlil qilishning tegishli bosqichida choralar va ularni amalga oshirish tartibi belgilanadi.

6. Fitosanitar xavfni tahlil qilish uch bosqichda amalga oshiriladi:

xavfni tahlil qilish jarayonini boshlash (dastlabki bosqich);

fitosanitar xavfni baholash;

fitosanitar xavfni boshqarishni baholash.

7. Agentlik tomonidan fitosanitar xavfni tahlil qilish toʻgʻrisidagi qaror quyidagi hollarda qabul qilinadi:

zararli organizm kirib kelishida potensial xavf mavjud boʻlishi va tarqalish yoʻllari aniqlanganda;

fitosanitariya choralarini qoʻllashni talab qiladigan zararli organizm aniqlanganda.

8. Agentlik fitosanitar xavfni baholashda tegishli vazirliklar va idoralar, oʻsimliklar himoyasi va karantini sohasidagi ilmiy-tadqiqot muassasalari, akkreditatsiyadan oʻtgan laboratoriyalar, shuningdek, xorijiy ekspertlar va maslahatchilarni belgilangan tartibda shartnoma asosida jalb qilishi mumkin.

9. Fitosanitar xavfni baholash natijasiga koʻra, Agentlik tomonidan Fitosanitar xavfni boshqarishni baholash zarurligi toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi.

3-bob. Fitosanitar xavfni tahlil qilishning dastlabki bosqichlari

10. Fitosanitar xavfni tahlil qilishning dastlabki bosqichi zararli organizmni aniqlash va uning muayyan fitosanitar xavfli zonalarda (hududlarda) tarqalish yoʻllarini aniqlashdan iborat.

11. Zararli organizm kirib kelishi xavfi mavjud boʻlgan yangi tarqalish yoʻllari aniqlanganda, Oʻzbekiston Respublikasiga ilgari olib kirilmagan karantin ostidagi mahsulot olib kirilishida, ilmiy-tadqiqot va seleksiya maqsadida oʻsimliklarning yangi turlarini import qilishda, qadoqlash orqali, pochta joʻnatmalari, chiqindi, yuk, qoʻl yuki va boshqa yoʻllar bilan tabiiy tarqalganda, fitosanitar xavf tahlili oʻtkaziladi.

Bunda zararli organizmning tarqalish yoʻllari aniqlanganligi toʻgʻrisidagi maʼlumot har qanday rasmiy manbalardan, maʼlumotlar bazalaridan, ilmiy va boshqa adabiyotlardan olinishi mumkin.

12. Fitosanitar xavf tahlili maʼlum bir hududda (mintaqada) zararlanish oʻchogʻi aniqlanganda, import qilinadigan mahsulotlarda, ilmiy-tadqiqotlar natijasida va oʻrganish hamda monitoring davrida kutilmagan zararli organizmlar aniqlanganda, fitosanitar xavf tahlili oʻtkaziladi.

Zararli organizm aniqlanishi bilan bogʻliq fitosanitar xavf tahlili maʼlum bir hududda (mintaqa) zararlanish oʻchoqlari aniqlanganda, zararli organizm import qilinayotgan mahsulotlarda yoki ilmiy-tadqiqot natijasida va oʻrganish yoki monitoring davrida kutilmagan zarari aniqlanganda oʻtkaziladi.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Qishloq xoʻjaligi vazirligi, Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi, Fanlar akademiyasining oʻsimliklar karantini va himoyasi sohasidagi ilmiy-tadqiqot muassasalari tomonidan oʻrganish yoki monitoring natijasida aniqlangan zararli organizmlar haqida Agentlikga har chorakda yoki zararli organizmlar aniqlangan vaqtda maʼlumot beriladi.

14. Mazkur Nizomning 7-bandida koʻrsatilgan hollarda yoki zararli organizm aniqlangan vaqtdan eʼtiboran toʻqson kun ichida Agentlik fitosanitar xavf tahlilini amalga oshiradi va yakuni boʻyicha fitosanitar choralar belgilash yuzasidan qaror qabul qiladi.

Qoʻshimcha maʼlumot toʻplash, ilmiy-tadqiqotlar oʻtkazish zarurati tugʻilganda, fitosanitar xavfni tahlilini tayyorlash ikki yilgacha boʻlgan muddatga Agentlik tomonidan uzaytirilishi mumkin.

4-bob. Fitosanitar xavfni boshqarishni baholash

15. Fitosanitar xavfni boshqarishni baholash quyidagi prinsiplarga asoslanadi:

“fitosanitariya choralarining iqtisodiy samaradorligi va amalga oshirish imkoniyati” prinsipi — fitosanitariya choralari qoʻllanilishining ustunligi zararli organizm kirib kelmasligidan va fitosanitar xavf oʻtkazilayotgan hududning iqtisodiy oqibatlar taʼsiri ostida qolmasligidan iborat. Xavfsizlikni taʼminlashga erishish uchun minimal choralarning har biri boʻyicha samaradorlik darajasi tahlil qilinadi;

fitosanitariya choralarining “minimal taʼsir” prinsipi — qoʻllaniladigan choralar kerakligidan ortiqcha savdoni chegaramasligi, xavf ostida qolgan hududni samarali himoya qilish uchun zarur boʻlgan minimal hududga choralar qoʻllanilishidan iborat;

“ekvivalentlik” prinsipi — bir xil natijaga ega fitosanitariya choralari muqobil sifatida koʻrilishi lozim, agar qoʻllanilgan choralardan birida ijobiy natijalarga erishilsa, qoʻshimcha choralar qoʻllash talab etilmasligidan iborat;

“kamsitishga yoʻl qoʻymaslik” prinsipi — oʻrganilayotgan zararli organizm fitosanitar xavf oʻtkazilgan hududga moslashgan boʻlsa, import jarayonida qoʻllaniladigan choralarning fitosanitar xavf tahlili oʻtkazilgan hududda qoʻllanilayotgan choralardan yuqori darajada boʻlmasligi kerak. Xuddi shu tarzda, bir xil fitosanitar maqomga ega boʻlgan eksport qiluvchi davlatlarga turli xil fitosanitariya choralari qoʻllanilmasligi lozim.

16. Fitosanitar xavfni boshqarishni baholash bosqichida Agentlik tomonidan “Oʻsimliklar karantini toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni , oʻsimliklar karantini qoidalari va boshqa qonunchilik hujjatlari asosida quyidagi fitosanitariya choralari koʻrilishi mumkin:

yuklarga nisbatan ularni olib kirishda va olib kirgandan soʻng koʻzdan kechirishda qoʻllaniladigan tekshiruv oʻtkazish shakli, yukni zarasizlantirish, tovarga, undan foydalanish yoki uning taqsimlanishiga doir cheklovlar joriy etish, shuningdek, muayyan mahsulotni olib kirish muddatlarini belgilash yoʻli orqali;

karantin ostidagi mahsulotga nisbatan uni olib kirish, tranzit olib oʻtish, olib chiqish, ishlab chiqarish, qayta ishlash, saqlash, tashish, sotish va yoʻq qilishga doir fitosanitariya talablarini belgilash;

Oʻzbekiston Respublikasiga karantin ostidagi mahsulotni olib kirishga taqiq oʻrnatish va uni bekor qilish;

Oʻzbekiston Respublikasi yoki uning alohida hududlarida karantin nazoratini oʻrnatish.

17. Biror bir maqbul choralar boʻlmaganligini isbotlash, xavfni boshqarishning bir yoki bir nechta usullarini tanlash fitosanitar xavfni boshqarishni baholash bosqichining natijasi hisoblanadi.

18. Fitosanitariya choralari qoʻllanilgandan soʻng Agentlik tomonidan doimiy monitoring va fitosanitariya choralarini qayta koʻrib chiqish amalga oshiriladi.

19. Fitosanitar xavfni tahlil qilish natijalari maʼlum boʻlgan kundan eʼtiboran fitosanitariya choralari ommaviy axborot vositalarida, Agentlikning rasmiy veb-saytida va “Yagona darcha” bojxona axborot tizimiga joylashtiriladi.

5-bob. Tranzit yuklarga nisbatan fitosanitar xavfni tahlil qilish

20. Import va eksport qiluvchi tomonlarning oʻsimliklar karantini boʻyicha vakolatli organlaridan biri yoki ikkisi tomondan ishlab chiqilgan fitosanitar xavf tahlili boʻyicha axborot almashish orqali tranzit yuklarga nisbatan soddalashtirilgan tartibda fitosanitar xavf tahlili amalga oshiriladi.

21. Tranzit yuklarda potensial fitosanitar xavfni aniqlash maqsadida Agentlik quyidagi mavjud maʼlumotlarni toʻplaydi va tahlil qiladi:

bojxona xizmati organlari tomonidan yukga nisbatan qoʻllaniladigan tartib-taomillar;

tranzit tarzida olib oʻtilayotgan karantin ostidagi mahsulot turi, shuningdek, uning kelib chiqish mamlakati;

tranzit mahsulotlarni fitosanitar sertifikatlarini mavjudligi;

tranzit yuklarini tashish vositalari va usullari;

tranzit yuklarga aloqador boʻlgan boshqariladigan zararli organizmlar;

mahalliy oʻsimliklar orqali zararli organizmlarning tarqalishi;

tranzit yoʻnalishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;

zararli organizmlarning yukga bogʻliq boʻlmagan holda kirib kelish ehtimoli;

tranzit tarzida olib oʻtilayotgan yuklarga nisbatan tegishli fitosanitariya choralari koʻrilganligi;

qadoqlash turlari;

yuklarni tashish shartlari.

22. Potensial fitosanitar xavf aniqlangan taqdirda, fitosanitariya choralarini texnik asoslantirish va zarurligini belgilash maqsadida Agentlik tranzit tarzida olib oʻtilayotgan muayyan karantin ostidagi mahsulotga yoki zararli organizmga nisbatan xavf tahlilini amalga oshiradi.

23. Xavfni baholash natijalariga koʻra, fitosanitar xavfni boshqarishda Agentlik tranzit yuklarni fitosanitariya choralari qoʻllanilishi talab etiladigan yoki talab etilmaydigan toifalarga ajratadi.

6-bob. Oʻzbekiston Respublikasi hududiga karantin ostidagi mahsulotni olib kirish yoki tranzit tarzida olib oʻtishga taqiq oʻrnatish va uni bekor qilish

24. Bir yoki bir nechta davlatlar, ularning alohida hududlarida yoki mazkur hududlarda joylashgan tashkilotlarda ishlab chiqilgan karantin ostidagi mahsulotni olib kirishga taqiq oʻrnatiladi.

25. Karantin ostidagi mahsulotni olib kirishda quyidagi hollarda taqiq oʻrnatiladi:

mahsulotlarni fitosanitar sertifikati mavjud boʻlmaganligi;

fitosanitar xavfni tahlil qilish natijalariga asosan;

bir yoki bir nechta davlatlarning hududlarida oʻsimliklar karantini obyektlari oʻchogʻlari mavjudligi toʻgʻrisida rasmiy maʼlumotga ega boʻlganda;

Oʻzbekiston Respublikasiga olib kirilayotgan karantin ostidagi mahsulotlardan iborat yuklarda oʻsimliklar karantini davlat nazorati amalga oshirilishi vaqtida muntazam ravishda oʻsimliklar karantini obyektlari aniqlanganda.

Agentlik tomonidan karantin ostidagi mahsulotni olib kirishga oʻrnatilgan taqiq ekspor qiluvchi davlatning oʻsimliklar himoyasi va karantini boʻyicha milliy tashkiloti yoki boshqa vakolatli organi tomonidan berilgan rasmiy materiallar asosida olib borilgan fitosanitar xavf tahlili jarayoni yakunlariga muvofiq Agentlik tomonidan bekor qilinadi.

26. Tranzit yuklarga nisbatan fitosanitariya choralarini qoʻllash imkoni boʻlmagan taqdirda, karantin ostidagi mahsulotlar tranzit tarzida olib oʻtilishiga taqiq oʻrnatiladi.

27. Karantin ostidagi mahsulotni olib kirish yoki tranzit tarzida olib oʻtishga taqiq oʻrnatish toʻgʻrisidagi qarorda uning sabablari, amal qilish muddati va kuchga kirish sanasi koʻrsatiladi.

28. Karantin ostidagi mahsulotni olib kirish yoki tranzit tarzida olib oʻtishga taqiq Agentlik tomonidan maʼlum bir muddatga yoki taqiq sabablari bartaraf etilgunga qadar oʻrnatiladi.

29. Karantin ostidagi mahsulotni olib kirish yoki tranzit tarzida olib oʻtishga taqiq oʻrnatish yoki uni yechish toʻgʻrisidagi qaror, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi hududiga olib kirilishi taqiqlangan ekish materiallari, karantin ostidagi mahsulotlar va ularning tarqalish hududlari Roʻyxati Agentlikning rasmiy veb-saytida va “Yagona darcha” bojxona axborot tizimiga joylashtiriladi.

7-bob. Yakunlovchi qoida

30. Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 19-fevral,

99-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 20.02.2020-y., 09/20/99/0192-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 16.12.2021-y., 09/21/752/1166-son, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 26.07.2024-y., 09/24/453/0558-son)

lex.uz