UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 28-fevral · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 28 февраль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 февраля 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 February 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш тартибини соддалаштириш ва бизнес муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 20 ноябрдаги ПҚ-4525-сон қарорига мувофиқ тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш ва электр ҳисоблагичларии қиёслашдан ўтказиш тартибини соддалаштириш, муддатларини қисқартириш ва сарф-харажатларни оптималлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қаpoр қилади:

1. 2020 йил 1 мартдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

электр энергиясининг барча истеъмолчиларига ўрнатилган электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини даврий қиёслашдан ўтказиш учун «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва унинг таркибидаги ташкилотларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади;

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва унинг таркибидаги ташкилотларга тўғридан-тўғри мурожаат қилинганда, қиёслашдан ўтказиш бўйича барча харажатлар мазкур ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.

2. Белгилаб қўйилсинки:

электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси доирасида назарда тутилган истеъмолчиларнинг мазкур тизимга мос келмайдиган электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини даврий қиёслов муддати келганда, ушбу приборларни қиёсловдан ўтказмасдан ўрнига автоматлаштирилган тизимга мос келувчи приборлар ўрнатилади;

электр энергиясини ҳисобга олиш приборларини истеъмолчиларни мурожаатига кўра Давлат хизматлари марказлари орқали фақат электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасининг созлиги ёки қўллашга яроқлилиги, метрологик тавсифлари бўйича мунозарали саволлар туғилганда қиёслашдан ўтказилади.

3. «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш дирекцияси» масъулияти чекланган жамиятини «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг филиалига айлантириш, штат жадвалини кўпайтириш йўли билан қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 20 ноябрдаги ПҚ-4525-сон қарорига мувофиқ электр таъминоти тизимига уланиш тартиботларни соддалаштириш ва муддатларини қисқартириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Энергетика вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидагилар назарда тутилган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритишни тезлаштирсин:

улаш босқичларини оптималлаштириш ва қурилиш муддатларини камида йигирма беш кунга қисқартириш;

тадбиркорлик субъектларининг қуввати 140кВ (160кВА)гача бўлган электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш ишларини амалга ошириш бўйича табақаланган муддатларни белгилаш;

қурилиш-монтаж ишлари ниҳоясига етказилгандан сўнг электр қурилмаларини «тайёр ҳолда» улаш бўйича шартномаларнинг намунавий шаклларини тасдиқлаш;

ўз вақтида қурилиш-монтаж ишларини бажармаган ташкилотларнинг мажбурият ва жавобгарлигини белгилаш.

5. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги:

Молия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти билан биргаликда 2020 йил 1 сентябрга кадар электр таъминоти ташкилотларида янги биллинг тизимини ҳамда ресурсларни бошқариш, ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларини автоматлаштириш тизими (ERP)ни жорий этиш бўйича танловни белгиланган тартибда ўтказишга доир чораларни кўрсин ва якунланишини таъминласин;

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва Адлия вазирлиги билан биргаликда лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ва электротехника маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ташкилотларни истеъмолчилар томонидан танлаш имкониятини берадиган ҳамда нархларни рақобат асосида шакллантирадиган онлайн платформа 2020 йил 1 октябрга кадар ишга туширилишини таъминласин.

6. Паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини таннархини пасайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янада модернизация қилиш ва янгилаш Дастури тўғрисида» 2016 йил 23 ноябрдаги ПҚ-2661-сон қарори доирасида Обод қишлоқ, Обод маҳалла, қишлоқ жойларда арзон уй жойлар, шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурлари, Ҳукумат топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга амалга оширилган ташрифлари доирасидаги топшириқлар, фуқаролар мурожаатлари асосида паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларини реконструкция қилиш, янгиларини қуриш ишлари бажарилишини назарда тутган манзилли дастур шакллантирилиб, амалга ошириш;

иқтисодий самарадорликни баҳолаган ҳолда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ҳудудий электр тармоқлари ташкилотлари таркибида 2020 йилда темир-бетон таянчлари, металл ва бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехлари ва қурилиш бўлинмаларини ташкил этиш;

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тизимидаги ташкилотларга 0,4 — 6 — 10 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларини лойиҳалаш ва қуриш ишларини амалга ошириш ҳуқуқини бериш бўйича таклифлари маъкуллансин.

Энергетика вазирлиги ва «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти билан биргаликда паст кучланишли тармоқларни янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш бўйича «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тизимидаги ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишларни қабул қилиш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташки савдо вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга кадар:

35 — 110 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларини 2025 йилларда янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш дастурини;

0,4 — 6 — 10 кВ кучланишли электр узатиш тармоқларини 2021 — 2025 йилларда янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш дастурини молиялаштириш манбаларини аниқлаган ҳолда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятларининг «Қўшкўпир электротехника заводи» МЧЖ устав капиталидаги «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга тегишли 20,937 фоиз ҳамда «Хоразм ҲЭТК» АЖга тегишли 79,063 фоиз улушларни «Энерго-РЭС» МЧЖга баланс (қолдиқ) қийматида сотиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 28 февраль,

111-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.02.2020 й., 09/20/111/0241-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.06.2022 й., 09/22/340/0544-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Tadbirkorlik subyektlarini elektr tarmoqlariga ulash tartibini soddalashtirish va biznes muhitini yanada yaxshilash chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mamlakatda biznes muhitini yanada yaxshilash va tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 20-noyabrdagi PQ-4525-son qaroriga muvofiq tadbirkorlik subyektlarini elektr tarmoqlariga ulash va elektr hisoblagichlarii qiyoslashdan oʻtkazish tartibini soddalashtirish, muddatlarini qisqartirish va sarf-xarajatlarni optimallashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. 2020-yil 1-martdan boshlab shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq:

elektr energiyasining barcha isteʼmolchilariga oʻrnatilgan elektr energiyasini hisobga olish priborlarini davriy qiyoslashdan oʻtkazish uchun “Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyati va uning tarkibidagi tashkilotlarga toʻgʻridan toʻgʻri murojaat qilish huquqi beriladi;

“Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyati va uning tarkibidagi tashkilotlarga toʻgʻridan toʻgʻri murojaat qilinganda, qiyoslashdan oʻtkazish boʻyicha barcha xarajatlar mazkur tashkilotlarning oʻz mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

2. Belgilab qoʻyilsinki:

elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish loyihasi doirasida nazarda tutilgan isteʼmolchilarning mazkur tizimga mos kelmaydigan elektr energiyasini hisobga olish priborlarini davriy qiyoslov muddati kelganda, ushbu priborlarni qiyoslovdan oʻtkazmasdan oʻrniga avtomatlashtirilgan tizimga mos keluvchi priborlar oʻrnatiladi;

elektr energiyasini hisobga olish priborlarini isteʼmolchilarni murojaatiga koʻra Davlat xizmatlari markazlari orqali faqat elektr energiyasini hisobga olish uskunasining sozligi yoki qoʻllashga yaroqliligi, metrologik tavsiflari boʻyicha munozarali savollar tugʻilganda qiyoslashdan oʻtkaziladi.

3. “Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyatining “Elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish direksiyasi” masʼuliyati cheklangan jamiyatini “Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyatining filialiga aylantirish, shtat jadvalini koʻpaytirish yoʻli bilan qayta tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mamlakatda biznes muhitini yanada yaxshilash va tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 20-noyabrdagi PQ-4525-son qaroriga muvofiq elektr taʼminoti tizimiga ulanish tartibotlarni soddalashtirish va muddatlarini qisqartirish boʻyicha normativ-huquqiy hujjat loyihasini ishlab chiqish belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

Energetika vazirligi Adliya vazirligi, boshqa vazirlik va idoralar bilan birgalikda quyidagilar nazarda tutilgan tegishli normativ-huquqiy hujjat loyihasini Vazirlar Mahkamasiga kiritishni tezlashtirsin:

ulash bosqichlarini optimallashtirish va qurilish muddatlarini kamida yigirma besh kunga qisqartirish;

tadbirkorlik subyektlarining quvvati 140kV (160kVA)gacha boʻlgan elektr qurilmalarini elektr tarmoqlariga ulash ishlarini amalga oshirish boʻyicha tabaqalangan muddatlarni belgilash;

qurilish-montaj ishlari nihoyasiga yetkazilgandan soʻng elektr qurilmalarini “tayyor holda” ulash boʻyicha shartnomalarning namunaviy shakllarini tasdiqlash;

oʻz vaqtida qurilish-montaj ishlarini bajarmagan tashkilotlarning majburiyat va javobgarligini belgilash.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi:

Moliya vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, “Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyati bilan birgalikda 2020-yil 1-sentabrga kadar elektr taʼminoti tashkilotlarida yangi billing tizimini hamda resurslarni boshqarish, ishlab chiqarish va boshqarish jarayonlarini avtomatlashtirish tizimi (ERP)ni joriy etish boʻyicha tanlovni belgilangan tartibda oʻtkazishga doir choralarni koʻrsin va yakunlanishini taʼminlasin;

“Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyati va Adliya vazirligi bilan birgalikda loyihalash, qurilish-montaj va elektrotexnika mahsulotlarni ishlab chiqaruvchi tashkilotlarni isteʼmolchilar tomonidan tanlash imkoniyatini beradigan hamda narxlarni raqobat asosida shakllantiradigan onlayn platforma 2020-yil 1-oktabrga kadar ishga tushirilishini taʼminlasin.

6. Past kuchlanishli elektr tarmoqlarini yangidan qurish, modernizatsiya va rekonstruksiya qilish ishlarini jadallashtirish hamda qurilish-montaj ishlarini tannarxini pasaytirish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi va “Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyatining:

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2017 — 2021-yillarda past kuchlanishli elektr tarmoqlarini yanada modernizatsiya qilish va yangilash Dasturi toʻgʻrisida” 2016-yil 23-noyabrdagi PQ-2661-son qarori doirasida Obod qishloq, Obod mahalla, qishloq joylarda arzon uy joylar, shaharlarda arzon koʻp kvartirali uylar qurish dasturlari, Hukumat topshiriqlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hududlarga amalga oshirilgan tashriflari doirasidagi topshiriqlar, fuqarolar murojaatlari asosida past kuchlanishli elektr uzatish tarmoqlari va transformator punktlarini rekonstruksiya qilish, yangilarini qurish ishlari bajarilishini nazarda tutgan manzilli dastur shakllantirilib, amalga oshirish;

iqtisodiy samaradorlikni baholagan holda “Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyatining hududiy elektr tarmoqlari tashkilotlari tarkibida 2020-yilda temir-beton tayanchlari, metall va beton mahsulotlarini ishlab chiqarish sexlari va qurilish boʻlinmalarini tashkil etish;

“Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyati tizimidagi tashkilotlarga 0,4 — 6 — 10 kV kuchlanishli elektr uzatish tarmoqlari va transformator punktlarini loyihalash va qurish ishlarini amalga oshirish huquqini berish boʻyicha takliflari maʼkullansin.

Energetika vazirligi va “Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyati bilan birgalikda past kuchlanishli tarmoqlarni yangidan qurish, modernizatsiya va rekonstruksiya qilish boʻyicha “Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyati tizimidagi tashkilotlar tomonidan amalga oshirilgan ishlarni qabul qilish tartibini bir oy muddatda ishlab chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlasin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi va “Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyati Moliya vazirligi, Investitsiyalar va tashki savdo vazirligi bilan birgalikda 2020-yil 1-dekabrga kadar:

35 — 110 kV kuchlanishli elektr uzatish tarmoqlari va podstansiyalarini 2025-yillarda yangidan qurish, modernizatsiya va rekonstruksiya qilish dasturini;

0,4 — 6 — 10 kV kuchlanishli elektr uzatish tarmoqlarini 2021 — 2025-yillarda yangidan qurish, modernizatsiya va rekonstruksiya qilish dasturini moliyalashtirish manbalarini aniqlagan holda ishlab chiqsin va Vazirlar Mahkamasiga tasdiqlash uchun kiritsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi, “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” va “Hududiy elektr tarmoqlari” aksiyadorlik jamiyatlarining “Qoʻshkoʻpir elektrotexnika zavodi” MChJ ustav kapitalidagi “Oʻzbekiston milliy elektr tarmoqlari” AJga tegishli 20,937 foiz hamda “Xorazm HETK” AJga tegishli 79,063 foiz ulushlarni “Energo-RES” MChJga balans (qoldiq) qiymatida sotish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi energetika vaziri A.S. Sultanov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 28-fevral,

111-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 29.02.2020-y., 09/20/111/0241-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 21.06.2022-y., 09/22/340/0544-son)

lex.uz