UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 3-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 3 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 3 марта 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 3 March 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТУЗИЛМАСИ

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

РЎЙХАТИ

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 21 октябрдаги ПФ-5850-сон Фармонида белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида ўзбек тилининг ўрнини кучайтириш ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети (кейинги ўринларда — Университет) олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш методикасини такомиллаштириш, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг малакасини ошириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш ҳамда атамашунослик бўйича таянч олий таълим муассасаси этиб белгилансин.

2. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари ҳамда республикада доимий истиқомат қилаётган бошқа тилларда сўзлашувчи аҳоли, шу жумладан хорижий фуқаролар учун Университет ҳузурида юридик шахс мақомига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат университетлари ҳамда педагогика институтлари ҳузурида ҳудудий бўлинмаларига эга бўлган Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этилсин.

3. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган ўқув ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;

давлат хизматчиларининг ўзбек адабий тили меъёрлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имлоси, давлат тилида иш юритиш асослари, расмий ҳужжатлар ва уларни ёзиш бўйича назарий ҳамда амалий билимлари, кўникма ва маҳоратини узлуксиз ошириб бориш механизмларини жорий этиш;

аҳолининг ёзма ва оғзаки саводхонлигини ошириш, ўзбек адабий тили меъёрлари, ўзбек тилининг тузилиши бўйича амалий билимлари, кўникма ва маҳоратини тизимли асосда ошириб бориш бўйича таъсирчан чоралар кўриш;

давлат хизматчилари ва аҳолининг нутқ маданияти ҳамда нотиқлик маҳоратини ошириш;

соҳалар кесимида давлат тилида иш юритиш бўйича оммабоп қўлланмалар яратиш;

ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;

соҳага оид ўқув ва малака ошириш курсларининг, шу жумладан масофавий ўқитишнинг ўқув режалари ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштириб бориш;

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда талабгорларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш.

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш.

4. Қуйидагилар:

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ходимлари умумий чекланган сони 53 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ҳудудий бўлинмаларининг намунавий тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳудудий бўлинмалари ташкил этиладиган олий таълим муассасалари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилансинки:

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари учун татбиқ этиладиган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари қўлланилади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ўқув режадаги фанларни ўқитиш учун профессор-ўқитувчилар ҳамда мутахассислар штат ва соатбай асосида жалб этилади;

малака ошириш курсларига машғулотлар ўтказиш учун соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этиладиган шахсларга соатбай иш ҳақининг миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга кўпайтирилади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимлари (кейинги ўринларда — тингловчилар) пулли шартнома асосида ўқитилади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари тингловчилари тегишли олий таълим муассасаларининг Ахборот-ресурс маркази электрон адабиётлар фондидан бепул асосда фойдаланади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида аҳоли учун ўзбек тилида ёзма ва нутқ маданиятини шакллантириш бўйича ташкил этиладиган бепул ўқув курслари харажатлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади;

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларида иш жойидан ажралган ҳолда таълим олаётган тингловчилар учун ўқиш даврида асосий иш жойидаги лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.

6. Марказнинг ҳудудий бўлинмалари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги давлат университетлари ҳамда педагогика институтларининг биноларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида ҳамда тегишли коммунал ва фойдаланиш харажатларини қоплаган ҳолда жойлаштирилсин.

7. Қуйидагилар Марказни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

тингловчиларни пулли шартнома асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолияти ва шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлардан тушадиган тушумлар;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари ва илмий фаолиятга оид давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлар;

халқаро молия ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентлари, халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академияси давлат тилини ривожлантириш, ушбу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

2020 йилдан бошлаб долзарб филологик илмий-техник муаммолар ечимига бағишланган фундаментал, амалий ва инновация лойиҳалари бажарилишини мақсадли молиялаштириш;

университетнинг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида 2021 йилдан бошлаб таянч докторантура ва докторантурага қабул квоталарини ошириш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

а) бир ой муддатда мазкур қарор билан жорий этилаётган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, Университетнинг янгиланган ташкилий тузилмасини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

б) икки ой муддатда Марказ уставини белгиланган тартибда тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш;

в) 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб республика ҳудудларида ўзбек тилини янада ривожлантириш, ушбу йўналишда республика таълим муассасаларида она тили ва адабиёти ўқитувчиларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш ва узоқ ҳудудлардан ўқишга қабул қилинган талабалар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида давлат университетлари ҳамда педагогика институтларида ўзбек тили ва адабиёти бакалавриат таълим йўналиши бўйича сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитишни ташкил этиш;

г) 2020 йилдан бошлаб илғор педагогик технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда, ўзбек тили бўйича замон талабларига жавоб берадиган, такомиллаштирилган янги авлод ўқув адабиётларини яратишни кенгайтириш;

д) ўзбек тилининг луғат бойлигини янги сўзлар билан доимий бойитиб бориш ва ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб боришга мўлжалланган Ўзбек шевашунослиги марказини бир ой муддатда ташкил этиш;

е) Университетда:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб «Синхрон таржима» ва «Компьютер лингвистикаси» магистратура мутахассисликлари бўйича;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич «Адабий манбашунослик ва матншунослик (этнология)», «Компьютер лингвистикаси», «Психология», «Социология», «Таржима назарияси ва амалиёти (тиллар бўйича)», «Фольклоршунослик ва шевашунослик», бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда «Бадиий таржима», «Илмий-техник таржима» ва «Таржима назарияси ва амалиёти (тиллар бўйича)» магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш чораларини кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Фанлар академияси билан биргаликда:

давлат тилининг ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилининг компьютер дастурларини, янги ўқитиш методикасига асосланган ўзбек тилини билиш даражасини баҳолашнинг халқаро стандартини яратиш чора-тадбирлари режасини ишлаб чиқиш;

хорижий университетларда мавжуд бўлган ўзбек тили марказларини зарур илмий, ўқув-услубий ва малакали кадрлар билан таъминлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш, ўзбек тили бўйича илмий тадқиқот ва таълим дастурларини ҳамкорликда амалга ошириш чораларини кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда:

жаҳон ҳамжамиятининг, хусусан, хорижлик ёшларнинг ўзбек тилига бўлган қизиқишини фан ва таълимдаги ҳамкорлик лойиҳалари орқали ошириш;

Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги маданий-гуманитар ва илмий-таълим ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ўзбек тили тарғиботини кенг йўлга қўйиш ва бу борада хориждаги мавжуд инфратузилма, восита ва имкониятлардан самарали фойдаланиш;

хорижий мамлакатларда ўзбек тилини тарғиб қилиш, уни ўргатиш ва ўқитишни қўллаб-қувватлаш орқали ўзбек маданияти, фани ва таълимини жаҳонда оммалаштириш мақсадида ўзбек тили байрамига бағишланган комплекс акция ва тадбирлар ўтказиш чораларини кўрсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси билан биргаликда:

2020 йилдан бошлаб Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендияси танловларини ўтказишда ўзбек тили методикаси соҳасини инобатга олсин ҳамда ушбу соҳа мутахассисларининг Жамғарма танловларида иштирок этишини таъминласин;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Университетда ҳамкор хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари доирасида кадрлар тайёрлашни ташкил этсин.

13. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Университет профессор-ўқитувчиларини етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларига қисқа муддатли стажировкаларга юбориш билан боғлиқ харажатлар Университетнинг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилишига рухсат берилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар 2019/2020 ўқув йили давомида олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти кафедралари ташкил этилишини таъминласин.

15. Белгилаб қўйилсинки, Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш (шу жумладан, профессор-ўқитувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш) ва сақлаш харажатлари, шунингдек, Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш, жумладан, мебель, ўқув ва масофавий таълим учун зарур жиҳозлар, компьютер техникаси билан таъминлаш харажатлари тингловчиларни пулли шартнома асосида ўқитишдан тушган маблағлар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

16. Вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўз тизимидаги ташкилотларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари харажатлар сметаларини шакллантиришда ходимларининг давлат тилида иш юритиш асослари бўйича малакасини ошириш учун тўланадиган маблағлар режалаштирилишини назарда тутсин.

17. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда Марказни Тошкент шаҳрида бўш турган ва фойдаланилмаётган бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирсин.

18. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

19. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаментига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги 117-сон қарорига 1-ИЛОВА

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги 117-сон қарорига 2-ИЛОВА

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳудудий бўлинмаларининг

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги 117-сон қарорига 3-ИЛОВА

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этиладиган олий таълим муассасалари

1. Қорақалпоқ давлат университети

2. Андижон давлат университети

3. Бухоро давлат университети

4. Гулистон давлат университети

5. Жиззах давлат педагогика институти

6. Навоий давлат педагогика институти

7. Наманган давлат университети

8. Самарқанд давлат университети

9. Термиз давлат университети

10. Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти

11. Урганч давлат университети

12. Фарғона давлат университети

13. Қарши давлат университети

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 3 март,

117-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.03.2020 й., 09/20/117/0247-сон; 29.09.2020 й., 09/20/592/1336-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2021 й., 09/21/545/0832-сон, 29.10.2021 й., 09/21/662/1001-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон ; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TUZILMASI

NAMUNAVIY TUZILMASI

ROʻYXATI

Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbek tilining davlat tili sifatidagi nufuzi va mavqeyini tubdan oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 21-oktabrdagi PF-5850-son Farmonida belgilangan vazifalarning samarali ijrosini taʼminlash, shuningdek, Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universitetining mamlakatimiz ijtimoiy-siyosiy, iqtisodiy hayotida oʻzbek tilining oʻrnini kuchaytirish va xalqaro miqyosdagi obroʻ-eʼtiborini mustahkamlash borasidagi faoliyatini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti (keyingi oʻrinlarda — Universitet) oliy taʼlim muassasalarida oʻzbek tili va adabiyotini oʻqitish metodikasini takomillashtirish, oʻzbek tili va adabiyoti oʻqituvchilarining malakasini oshirish, ilmiy tadqiqotlar olib borish, davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish hamda atamashunoslik boʻyicha tayanch oliy taʼlim muassasasi etib belgilansin.

2. Vazirlik va idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari xodimlari hamda respublikada doimiy istiqomat qilayotgan boshqa tillarda soʻzlashuvchi aholi, shu jumladan xorijiy fuqarolar uchun Universitet huzurida yuridik shaxs maqomiga hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlardagi davlat universitetlari hamda pedagogika institutlari huzurida hududiy boʻlinmalariga ega boʻlgan Davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish markazi (keyingi oʻrinlarda — Markaz) tashkil etilsin.

3. Quyidagilar Markazning asosiy vazifalari etib belgilansin:

oʻzbek adabiy tili meʼyorlari va davlat tilida ish yuritish boʻyicha doimiy faoliyat koʻrsatadigan oʻquv va malaka oshirish kurslarini tashkil etish;

davlat xizmatchilarining oʻzbek adabiy tili meʼyorlari, lotin yozuviga asoslangan oʻzbek alifbosi va imlosi, davlat tilida ish yuritish asoslari, rasmiy hujjatlar va ularni yozish boʻyicha nazariy hamda amaliy bilimlari, koʻnikma va mahoratini uzluksiz oshirib borish mexanizmlarini joriy etish;

aholining yozma va ogʻzaki savodxonligini oshirish, oʻzbek adabiy tili meʼyorlari, oʻzbek tilining tuzilishi boʻyicha amaliy bilimlari, koʻnikma va mahoratini tizimli asosda oshirib borish boʻyicha taʼsirchan choralar koʻrish;

davlat xizmatchilari va aholining nutq madaniyati hamda notiqlik mahoratini oshirish;

sohalar kesimida davlat tilida ish yuritish boʻyicha ommabop qoʻllanmalar yaratish;

oʻquv jarayoniga zamonaviy pedagogik va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng joriy etish;

sohaga oid oʻquv va malaka oshirish kurslarining, shu jumladan masofaviy oʻqitishning oʻquv rejalari va dasturlarini tizimli ravishda takomillashtirib borish;

Oʻzbekiston Respublikasining fuqaroligiga qabul qilishda talabgorlarning davlat tilini bilish darajasini aniqlash.

normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini lingvistik ekspertizadan oʻtkazish.

4. Quyidagilar:

Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti huzuridagi Davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish markazining xodimlari umumiy cheklangan soni 53 nafardan iborat boʻlgan tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq;

Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti huzuridagi Davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish markazining hududiy boʻlinmalarining namunaviy tuzilmasi 2-ilovaga muvofiq;

Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti huzuridagi Davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish markazi hududiy boʻlinmalari tashkil etiladigan oliy taʼlim muassasalari roʻyxati 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

5. Belgilansinki:

Markaz va uning hududiy boʻlinmalari xodimlari mehnatiga haq toʻlashda oliy taʼlim muassasalari pedagog kadrlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish hududiy markazlari uchun tatbiq etiladigan mehnatga haq toʻlash miqdorlari va shartlari qoʻllaniladi;

Markaz va uning hududiy boʻlinmalarida oʻquv rejadagi fanlarni oʻqitish uchun professor-oʻqituvchilar hamda mutaxassislar shtat va soatbay asosida jalb etiladi;

malaka oshirish kurslariga mashgʻulotlar oʻtkazish uchun soatbay ish haqi toʻlash shartlari bilan jalb etiladigan shaxslarga soatbay ish haqining miqdori belgilangan miqdorlardan 25 foizga koʻpaytiriladi;

Markaz va uning hududiy boʻlinmalarida vazirlik va idoralar, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va xoʻjalik birlashmalari xodimlari (keyingi oʻrinlarda — tinglovchilar) pulli shartnoma asosida oʻqitiladi;

Markaz va uning hududiy boʻlinmalari tinglovchilari tegishli oliy taʼlim muassasalarining Axborot-resurs markazi elektron adabiyotlar fondidan bepul asosda foydalanadi;

Markaz va uning hududiy boʻlinmalarida aholi uchun oʻzbek tilida yozma va nutq madaniyatini shakllantirish boʻyicha tashkil etiladigan bepul oʻquv kurslari xarajatlari Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbek tilini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanadi;

Markaz va uning hududiy boʻlinmalarida ish joyidan ajralgan holda taʼlim olayotgan tinglovchilar uchun oʻqish davrida asosiy ish joyidagi lavozimi va oʻrtacha oylik ish haqi saqlanadi.

6. Markazning hududiy boʻlinmalari Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlardagi davlat universitetlari hamda pedagogika institutlarining binolariga tekin foydalanish huquqi asosida hamda tegishli kommunal va foydalanish xarajatlarini qoplagan holda joylashtirilsin.

7. Quyidagilar Markazni moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oʻzbek tilini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari;

tinglovchilarni pulli shartnoma asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;

xoʻjalik faoliyati va shartnoma asosida koʻrsatiladigan xizmatlardan tushadigan tushumlar;

Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari va ilmiy faoliyatga oid davlat maqsadli dasturlarini amalga oshirish uchun ajratilgan mablagʻlar;

xalqaro moliya va boshqa institutlar, xorijiy tashkilotlarning grantlari doirasida tushadigan mablagʻlar;

yuridik va jismoniy shaxslarning, shu jumladan Oʻzbekiston Respublikasi norezidentlari, xalqaro tashkilotlarning homiylik xayriyalari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi, Moliya vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Fanlar akademiyasi davlat tilini rivojlantirish, ushbu yoʻnalishdagi ilmiy-tadqiqot ishlarini qoʻllab-quvvatlash maqsadida:

2020-yildan boshlab dolzarb filologik ilmiy-texnik muammolar yechimiga bagʻishlangan fundamental, amaliy va innovatsiya loyihalari bajarilishini maqsadli moliyalashtirish;

universitetning ilmiy salohiyatini oshirish maqsadida 2021-yildan boshlab tayanch doktorantura va doktoranturaga qabul kvotalarini oshirish choralarini koʻrsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi:

a) bir oy muddatda mazkur qaror bilan joriy etilayotgan oʻzgarishlarni inobatga olgan holda, Universitetning yangilangan tashkiliy tuzilmasini belgilangan tartibda tasdiqlash;

b) ikki oy muddatda Markaz ustavini belgilangan tartibda tasdiqlash va davlat roʻyxatidan oʻtkazish;

v) 2020/2021 oʻquv yilidan boshlab respublika hududlarida oʻzbek tilini yanada rivojlantirish, ushbu yoʻnalishda respublika taʼlim muassasalarida ona tili va adabiyoti oʻqituvchilariga boʻlgan ehtiyojni toʻliq qoplash va uzoq hududlardan oʻqishga qabul qilingan talabalar uchun qulay sharoitlar yaratish maqsadida davlat universitetlari hamda pedagogika institutlarida oʻzbek tili va adabiyoti bakalavriat taʼlim yoʻnalishi boʻyicha sirtqi va kechki taʼlim shaklida oʻqitishni tashkil etish;

g) 2020-yildan boshlab ilgʻor pedagogik texnologiyalardan samarali foydalangan holda, oʻzbek tili boʻyicha zamon talablariga javob beradigan, takomillashtirilgan yangi avlod oʻquv adabiyotlarini yaratishni kengaytirish;

d) oʻzbek tilining lugʻat boyligini yangi soʻzlar bilan doimiy boyitib borish va ushbu yoʻnalishda ilmiy tadqiqotlar olib borishga moʻljallangan Oʻzbek shevashunosligi markazini bir oy muddatda tashkil etish;

e) Universitetda:

2020/2021 oʻquv yilidan boshlab “Sinxron tarjima” va “Kompyuter lingvistikasi” magistratura mutaxassisliklari boʻyicha;

2021/2022 oʻquv yilidan boshlab bosqichma-bosqich “Adabiy manbashunoslik va matnshunoslik (etnologiya)”, “Kompyuter lingvistikasi”, “Psixologiya”, “Sotsiologiya”, “Tarjima nazariyasi va amaliyoti (tillar boʻyicha)”, “Folklorshunoslik va shevashunoslik”, bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari hamda “Badiiy tarjima”, “Ilmiy-texnik tarjima” va “Tarjima nazariyasi va amaliyoti (tillar boʻyicha)” magistratura mutaxassisliklari boʻyicha kadrlar tayyorlash choralarini koʻrsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi hamda Fanlar akademiyasi bilan birgalikda:

davlat tilining axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, xususan, Internet jahon axborot tarmogʻida munosib oʻrin egallashini taʼminlash, oʻzbek tilining kompyuter dasturlarini, yangi oʻqitish metodikasiga asoslangan oʻzbek tilini bilish darajasini baholashning xalqaro standartini yaratish chora-tadbirlari rejasini ishlab chiqish;

xorijiy universitetlarda mavjud boʻlgan oʻzbek tili markazlarini zarur ilmiy, oʻquv-uslubiy va malakali kadrlar bilan taʼminlash, oʻqituvchilar malakasini oshirish, oʻzbek tili boʻyicha ilmiy tadqiqot va taʼlim dasturlarini hamkorlikda amalga oshirish choralarini koʻrsin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi hamda Respublika maʼnaviyat va maʼrifat markazi Tashqi ishlar vazirligi bilan birgalikda:

jahon hamjamiyatining, xususan, xorijlik yoshlarning oʻzbek tiliga boʻlgan qiziqishini fan va taʼlimdagi hamkorlik loyihalari orqali oshirish;

Oʻzbekistonning xalqaro miqyosdagi madaniy-gumanitar va ilmiy-taʼlim hamkorligini rivojlantirishga koʻmaklashish maqsadida oʻzbek tili targʻibotini keng yoʻlga qoʻyish va bu borada xorijdagi mavjud infratuzilma, vosita va imkoniyatlardan samarali foydalanish;

xorijiy mamlakatlarda oʻzbek tilini targʻib qilish, uni oʻrgatish va oʻqitishni qoʻllab-quvvatlash orqali oʻzbek madaniyati, fani va taʼlimini jahonda ommalashtirish maqsadida oʻzbek tili bayramiga bagʻishlangan kompleks aksiya va tadbirlar oʻtkazish choralarini koʻrsin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi Mutaxassislarni xorijda tayyorlash va vatandoshlar bilan muloqot qilish boʻyicha “El-yurt umidi” jamgʻarmasi bilan birgalikda:

2020-yildan boshlab Mutaxassislarni xorijda tayyorlash va vatandoshlar bilan muloqot qilish boʻyicha “El-yurt umidi” jamgʻarmasi stipendiyasi tanlovlarini oʻtkazishda oʻzbek tili metodikasi sohasini inobatga olsin hamda ushbu soha mutaxassislarining Jamgʻarma tanlovlarida ishtirok etishini taʼminlasin;

2020/2021 oʻquv yilidan boshlab Universitetda hamkor xorijiy oliy taʼlim muassasalari bilan qoʻshma taʼlim dasturlari doirasida kadrlar tayyorlashni tashkil etsin.

13. 2020/2021 oʻquv yilidan boshlab Universitet professor-oʻqituvchilarini yetakchi xorijiy oliy taʼlim muassasalari hamda ilmiy markazlariga qisqa muddatli stajirovkalarga yuborish bilan bogʻliq xarajatlar Universitetning moliyaviy imkoniyatlaridan kelib chiqib, belgilangan tartibda budjetdan tashqari mablagʻlari hisobidan moliyalashtirilishiga ruxsat berilsin.

14. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, tizimida oliy taʼlim muassasalari boʻlgan vazirlik va idoralar 2019/2020 oʻquv yili davomida oliy taʼlim muassasalarida oʻzbek tili va adabiyoti kafedralari tashkil etilishini taʼminlasin.

15. Belgilab qoʻyilsinki, Markaz va uning hududiy boʻlinmalari xodimlari mehnatiga haq toʻlash (shu jumladan, professor-oʻqituvchilarning mehnatiga haq toʻlash) va saqlash xarajatlari, shuningdek, Markaz va uning hududiy boʻlinmalari faoliyatini tashkil etish, jumladan, mebel, oʻquv va masofaviy taʼlim uchun zarur jihozlar, kompyuter texnikasi bilan taʼminlash xarajatlari tinglovchilarni pulli shartnoma asosida oʻqitishdan tushgan mablagʻlar va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi.

16. Vazirliklar, idoralar va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari oʻz tizimidagi tashkilotlarning budjet va budjetdan tashqari xarajatlar smetalarini shakllantirishda xodimlarining davlat tilida ish yuritish asoslari boʻyicha malakasini oshirish uchun toʻlanadigan mablagʻlar rejalashtirilishini nazarda tutsin.

17. Toshkent shahar hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan birgalikda bir oy muddatda Markazni Toshkent shahrida boʻsh turgan va foydalanilmayotgan binoga tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirsin.

18. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

19. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri I.U. Madjidov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Davlat tilini rivojlantirish departamentiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 3-martdagi 117-son qaroriga 1-ILOVA

Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti huzuridagi Davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish markazi

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 3-martdagi 117-son qaroriga 2-ILOVA

Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti huzuridagi Davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish markazi hududiy boʻlinmalarining

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 3-martdagi 117-son qaroriga 3-ILOVA

Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti huzuridagi Davlat tilida ish yuritish asoslarini oʻqitish va malaka oshirish markazining hududiy boʻlinmalari tashkil etiladigan oliy taʼlim muassasalari

1. Qoraqalpoq davlat universiteti

2. Andijon davlat universiteti

3. Buxoro davlat universiteti

4. Guliston davlat universiteti

5. Jizzax davlat pedagogika instituti

6. Navoiy davlat pedagogika instituti

7. Namangan davlat universiteti

8. Samarqand davlat universiteti

9. Termiz davlat universiteti

10. Toshkent viloyati Chirchiq davlat pedagogika instituti

11. Urganch davlat universiteti

12. Fargʻona davlat universiteti

13. Qarshi davlat universiteti

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 3-mart,

117-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 04.03.2020-y., 09/20/117/0247-son; 29.09.2020-y., 09/20/592/1336-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.08.2021-y., 09/21/545/0832-son, 29.10.2021-y., 09/21/662/1001-son, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 15.05.2024-y., 09/24/282/0347-son ; 16.12.2025-y., 09/25/791/1167-son)

lex.uz