📅 2020-yil 5-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 5-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 5 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 5 марта 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 5 March 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
ДАСТУРИ
Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазоларни ижро этиш муассасаларининг фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида
[Кўчирма]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 11 августдаги ПҚ-3200-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасаларининг фаолияти самарадорлигини таъминлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ҳамда бу борадаги илғор ютуқларни уларнинг фаолиятига татбиқ этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини; жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ҳудудларини жиҳозлашга қўйиладиган умумий талабларни, муассасаларда режим турларини, уларни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлашни; маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлашни; маҳкумлар билан тарбиявий ишлар олиб боришни, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни; жазони ижро этиш муассасалари ҳузуридаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этишни ва маҳкумларнинг бандлигини таъминлашни назарда тутувчи Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасалари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
б) 14 та жазони ижро этиш колонияларининг 60 та яшаш ётоқхоналарини кубрик типидаги хоналарга ўзгартириш йўли билан реконструкция қилиш ва 3 та янги бино қуришни назарда тутувчи 2020 — 2024 йилларда жазони ижро этиш колонияларининг яшаш ётоқхоналарини кубрик типидаги хоналарга ўтказган ҳолда уларни босқичма-босқич қуриш ва реконструкция қилиш дастури 2-иловага мувофиқ;
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, замонавий техник қўриқлаш воситалари ва видеокузатув мосламаларини харид қилиш бўйича буюртмачи этиб белгилансин.
Бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотлар белгиланган тартибда тендер (танлов) асосида аниқланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
мавжуд ва ташкил этиладиган майдонлардан самарали ва оқилона фойдаланишни ҳисобга олиб, кейинчалик улар асосида колониялардаги яшаш ётоқхоналарини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун техник топшириқлар тайёрланишини;
лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашда санитария қоидалари ва нормалари ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини;
лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилишини таъминласин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертиза ва тендер ўтказиш, шунингдек, объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича ҳаражатлар ҳар йилги Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури доирасида;
жазони ижро этиш муассасаларини видеокузатув воситалари ва видеорегистраторлар билан таъминлаш бўйича харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган бюджет маблағлари, Жазони ижро этиш департаментининг Марказлаштирилган жамғармаси ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаалар ҳисобига амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги 2020 — 2024 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини шакллантиришда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида колониялардаги яшаш ётоқхоналарини қуриш ва реконструкция қилиш учун белгиланган тартибда марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳисобига тегишли лимитлар ажратилишини назарда тутсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ва ушбу қарор доирасида объектларда амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши сифати устидан зарур давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимликлари келгусида озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасаларидан 50 метр масофада маъмурий, маиший, хўжалик бино ва иншоотлари қурилиши учун ер участкалари ажратилишига, улар ижарага берилишига, шунингдек, баландлиги 6 метрдан юқори бўлган бино ва иншоотлар қурилишига йўл қўймасинлар.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р Бобожонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5 мартдаги 128-сон қарорига 1-ИЛОВА
Озодликдан маҳрум этиш туридаги жазони ижро этиш муассасалари тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг озодликдан маҳрум этиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг (кейинги ўринларда жазони ижро этиш муассасалари деб аталади) мақоми, вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, жиҳозланишини ва фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган умумий талабларни белгилайди.
2. Жазони ижро этиш муассасалари озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазоларни ижро этиш соҳасидаги давлат муассасаси ҳисобланади.
3. Жазони ижро этиш муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
4. Жазони ижро этиш муассасалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти (кейинги ўринларда — ЖИЭД) тизими таркибига киради ва қуйи турувчи бошлиқларнинг юқори турувчи бошлиқларга ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига бўйсиниши асосида фаолият юритади.
5. Жазони ижро этиш муассасаси юридик шахс ҳисобланади, фаолиятини амалга ошириш учун ўз мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварағига ва банк ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрларга, шунингдек, ўз фаолиятини амалга ошириш учун муассасанинг номи ёзилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган бланкаларга эга бўлади.
Жазони ижро этиш муассасалари хўжалик юритувчи бошқа субъектлар билан ҳамкорликда фаолият юритиш ҳуқуқига эга.
6. Жазони ижро этиш муассасаларининг бинолари ва ҳудудлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда режимли объектлар тоифасига киради.
7. Жазони ижро этиш муассасаларига расмий ном Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан берилади.
2-боб . Жазони ижро этиш муассасаларининг турлари
8. Жазони ижро этиш муассасаларига қуйидагилар киради:
жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан, даволаш ҳуқуқи асосидаги;
тарбия колониялари;
турмалар;
маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхоналар.
Тергов ҳибсхоналари озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган (кейинги ўринларда маҳкумлар деб аталади) ва хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун қолдирилган шахсларга нисбатан жазони ижро этиш муассасалари функцияларини бажаради.
Жазони ижро этиш колониялари манзил-колонияларга, умумий, қаттиқ, махсус режимли колонияларга бўлинади ва вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.
Тарбия колониялари вояга етмаган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.
Турмалар вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.
9. Маҳкума аёллар, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг собиқ ходимларига мансуб маҳкумлар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган маҳкум шахслар ушбу тоифа маҳкумлар учун мўлжалланган, жазони ижро этиш муассасаларининг суд томонидан тайинланган режими турига мувофиқ ажратилган участкаларида жазони ўтайдилар.
10. Жазони ижро этиш муассасаларининг режими тури ва тўлдирилиш лимити Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.
11. Жазони ижро этиш муассасаларининг сиғими маҳкумлар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган яшаш майдонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Битта жазони ижро этиш муассасасида маҳкумлар сони 3000 нафардан ошмаслиги лозим.
3-боб. Жазони ижро этиш муассасаларини жиҳозлашга қўйиладиган умумий талаблар
12. Жазони ижро этиш муассасаларининг ҳудуди яшаш ва ишлаб чиқариш ҳудудидан, шунингдек, туташ ва ёрдамчи ҳудудлардан ташкил топади.
13. Маҳкумлар яшаши учун зарур шарт-шароитлар яратилган, ажратилган ҳудуд яшаш ҳудуди деб аталади.
14. Яшаш ҳудудида:
маҳкумлар учун яшаш жойлари — умумий яшаш ётоқхоналари, хоналар, камералар;
маданий-маиший бинолар — ошхоналар, клуб, кутубхона, мактаб, ҳаммом ва кир ювиш мажмуаси, маҳкумлар товар харид қилиши учун савдо шахобчаси (дўкон), маҳкумлар сафланиши ва спорт билан шуғулланиши учун майдончалар, омборлар ва бошқа коммунал-маиший бино ва иншоотлар;
махсус бинолар — тиббиёт қисми, қисқа ва узоқ муддатли учрашувлар учун хоналар, интизомий бўлинма, маҳкумларни қабул қилиш бўлинмаси, муассаса маъмурияти учун бино жойлаштирилади.
Аёл маҳкумаларни сақлашга мўлжалланган колониялар ҳузурида болаларнинг нормал яшаши ва ривожланиши учун шароитлар яратилган болалар уйи ташкил этилади.
15. Маҳкумлар ишлайдиган ажратилган ҳудуд ишлаб чиқариш ҳудуди деб аталади.
Ишлаб чиқариш ҳудуди доирасида:
ишлаб чиқариш саноат ва ишлаб чиқариш қурилиш объектлари;
омборхона бинолари;
ишлаб чиқариш ходимлари учун бино ва иншоотлар;
бошқа ёрдамчи бино ва иншоотлар жойлаштирилади.
16. Тарбия колониялари ва манзил-колонияларнинг яшаш ва ишлаб чиқариш ҳудудлари ажратилган участкаларга бўлинмайди.
17. Туташ ва ёрдамчи ҳудудлар уларда жазони ижро этиш муассасасининг нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида жиҳозланган бино ва иншоотларни жойлаштириш учун мўлжалланган.
Туташ ва ёрдамчи ҳудудларда назорат ўтказиш жойи, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ходимлари, омборлар, хизмат автотранспорт воситалари учун гараж, ёнғин хавфсизлиги бригадаси, коммунал-маиший иншоотлар жойлашади.
18. Жазони ижро этиш муассасалари ҳудуди мухандислик-техник қўриқлаш воситалари, қурилмалари ва коммуникация тармоқлари билан жиҳозланади.
19. Жазони ижро этиш муассасалари ҳудудида муассасалар фаолиятини ташкил этиш ва маҳкумлар қонунчиликда белгиланган шароитларда сақланишини таъминлаш учун бошқа бино ва иншоотлар ҳам жойлаштирилиши мумкин.
20. Жазони ижро этиш муассасаларининг бино ва иншоотлари қонунчилик томонидан тасдиқланган маҳкумлар учун яшаш майдони нормаларига ва санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.
21. Жазони ижро этиш муассасаларининг периметри асосий тўсиқ билан жихозланади (манзил-колониялар бундан мустасно). Асосий тўсиқ транспорт ва одамларнинг назорат ўтиш жойларидан ташқари, бошқа жойлардан киришининг олдини олиш, шунингдек, қўриқлаш чизиғини белгилаш ва объектни ташқи томондан кузатишни қийинлаштириш учун мўлжалланади.
22. Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасаларидан 50 метр масофада маъмурий, маиший, хўжалик бино ва иншоотлари қурилиши учун ер участкалари ажратиш, уларни ижарага бериш, шунингдек, баландлиги 6 метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар қурилишига йўл қўйилмайди.
23. Жазони ижро этиш муассасаларига кириб-чиқиш ва ички режимлар, қўриқлаш билан боғлиқ тадбирлар, шунингдек, жихозлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан тасдиқланади.
4 -боб . Жазони ижро этиш муассасаларининг асосий вазифалари ва функциялари
24. Қуйидагилар Жазони ижро этиш муассасаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
маҳкумларга нисбатан жиноий жазоларни ижро этиш;
жазони ижро этиш муассасаларида қўриқлаш ва хавфсизликни таъминлаш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш;
маҳкумларни тарбиялаш, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, шунингдек, уларга озод этилганидан сўнг ижтимоий мослашуви учун кўмаклашиш фаолиятини ташкил этиш;
жазони ижро этиш муассасаларининг молия-хўжалик ва ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш орқали маҳкумларнинг бандлигини таъминлаш;
шахсий таркиб ва кадрлар билан ишлаш, ходимларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ишларни ташкил этиш.
25. Ўзига юкланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда жазони ижро этиш муассасалари қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) маҳкумларга нисбатан жиноий жазоларни ижро этиш соҳасида:
судларнинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари аниқ ва сўзсиз ижро этилишини таъминлайди;
маҳкумлар қонунчилик талабларига мувофиқ жойлаштирилишини таъминлайди;
маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги материалларни ўз вақтида расмийлаштиради ва уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича Комиссияга тақдим этиш учун ЖИЭДга юборади;
амнистия ва афв этиш тўғрисидаги ҳужжатларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлайди;
маҳкумларнинг ажратиб қўйилиши, қўриқланиши ва назорат қилинишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органларининг жиноят иш юритуви соҳасидаги халқаро ҳамкорлик билан боғлиқ, шу жумладан, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган маҳкумларни топшириш (экстрадиция қилиш) билан боғлиқ қарорларини ижро этади;
б) жазони ижро этиш муассасаларида қўриқлаш ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш соҳасида:
жазони ижро этиш муассасаларида ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликка риоя этилишини таъминлайди;
жазони ижро этиш муассасалари ҳудудларида бўлган маҳкумлар, шунингдек, ходимлар (ишчилар ва хизматчилар) ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлайди;
ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
маҳкумлар орасида кўнгилли ёнғин ўчириш отрядларини ташкил этиш ва уларга тушунтиришлар беришда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий тузилмалари билан ҳамкорлик қилади;
жазони ижро этиш муассасаларида, маҳкумларни меҳнатга жалб этадиган ташкилотларнинг ишлаб чиқариш объектларида назорат қилишнинг замонавий муҳандислик-техник қўриқлаш воситаларидан фойдаланган ҳолда зарур даражада кузатув ва назорат ташкил этилишини таъминлайди;
таклиф, ариза ва шикоятларни белгиланган тартибда кўриб чиқади;
маҳкумлар томонидан жазони ижро этишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини таъминлайди;
жазони ижро этиш муассасаларида тегишли белгиланган нормаларга мос келадиган сақлаш шарт-шароитларини яратади;
маҳкумларнинг моддий-маиший таъминотини ва уларга тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил этади, шунингдек, маҳкумларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ва уларнинг мажбурий даволанишини амалга оширади;
в) маҳкумларни тарбиялаш, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, шунингдек, уларга озод этилганидан сўнг ижтимоий мослашуви учун кўмаклашиш фаолиятини ташкил этиш соҳасида:
маҳкумлар ўртасида қонунларга итоаткорлик, шахсга, жамиятга, меҳнатга, инсоний қадриятлар ва анъаналарга нисбатан ҳурматни шакллантириш, билим ва маданий даражасини оширишга қаратилган тарбиявий-профилактик ва тушунтириш ишларини амалга оширади;
маҳкумлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берувчи шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ташкил этади;
маъмурий назорат ўрнатилиши лозим бўлган маҳкумлар тоифасини аниқлаб, тегишли тақдимномаларни судга киритади;
тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширади;
жазони ижро этиш муассасаларига тақиқланган предметларнинг (наркотик воситалар, психотроп, портловчи ва заҳарли моддалар, диний-экстремистик тусдаги адабиётлар ва бошқалар) кириб келиши йўлларини аниқланиши ва бартараф этилишини таъминлайди;
маҳкумлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини ташкил этади ва ўтказади;
маҳкумларни озод этилганидан сўнг кейинчалик ишга жойлаштириш мақсадида уларни меҳнат бозорида талаб бўлган касбни эгаллашлари учун касбга тайёрлашни ташкил этади;
жазони ижро этиш муассасаларидан қочган маҳкумлар ва қамоққа олинган шахслар, шунингдек, манзил-колонияларда сақланаётган ва ушбу муассасалар ҳудудини ўзбошимчалик билан тарк этган маҳкумларни қидириш ва ушлашни амалга оширади;
г) жазони ижро этиш муассасаларининг молия-хўжалик ва ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш орқали маҳкумларнинг бандлигини таъминлаш соҳасида:
молиявий-иқтисодий фаолиятни ташкил этиш ва бухгалтерия ҳамда статистика ҳисоботларини зарур даражада юритиш, олиб борилаётган молиявий ва хўжалик фаолиятининг мақсадга мувофиқлиги ҳамда қонунчиликка мослиги устидан назорат қилишни ташкил этади;
жазони ижро этиш муассасалари ишлаб чиқариш ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини ташкил этади ва ривожлантиришга кўмаклашади;
жазони ижро этиш муассасаларини моддий-техник таъминлаш, мол-мулкдан мақсадга мувофиқ фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш ва қўриқлаш, шунингдек, уларнинг сақланиши ва оқилона ишлатилиши бўйича зарур чораларни кўради;
шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритишни амалга оширади;
ишлаб чиқариш (қишлоқ хўжалиги) участкаларида, алоҳида ҳолларда эса бошқа корхоналарда маҳкумларнинг ахлоқий ва моддий манфаатдорлиги учун шарт-шароитлар яратиш йўли билан уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш.
д) кадрлар ва шахсий таркиб билан ишлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ходимларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида:
ахборот-таҳлил ишларини амалга оширади, жазони ижро этиш муассасаси фаолиятини режалаштиради ва прогноз қилади;
кадрларни танлаш ва жой жойига қўйиш, уларни қайта тайёрлаш ва жанговор, жисмоний ҳамда ижтимоий-сиёсий тайёргарлиги, профессионал даражасини ошириш бўйича тадбирларни ташкил қилади;
жазони ижро этиш муассасалари шахсий таркибининг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлигини оширади, фавқулодда вазиятларда куч ва воситаларнинг ҳаракатланишга шайлигини назорат қилади;
ходимлар (ишчилар ва хизматчилар) ва уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоясини ва шахсий хавфсизлигини таъминлайди;
ходимлар орасида ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тадбирларни амалга оширади, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлайди;
ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ишларини ташкил этади.
Жазони ижро этиш муассасаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
5-боб. Жазони ижро этиш муассасаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
26. Жазони ижро этиш муассасалари юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
жазони ижро этиш муассасалари ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари ва бошқа муассасаларнинг маълумотлар базаларидан (шу жумладан, электрон базаларидан) ахборот, статистик ва бошқа материалларни сўраш ва олиш;
қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, жазони ижро этиш муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари бўйича таклифларни ЖИЭДга киритиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилиш, давлат органлари, жамоат ташкилотлари вакилларини тарбиявий профилактик тадбирларга, маҳкумларни ижтимоий реабилитация қилишга ва мослаштиришга жалб этиш;
ЖИЭД билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;
маҳкумларнинг ахлоқий савиясини ривожлантириш, тарбиявий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилаётган шахсларга ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатишга фуқаролик жамияти институтлари, жамоатчилик вакиллари ва фуқароларни жалб этиш;
маҳкумларни бошқа жойга кўчиришда белгиланган йўналишлар бўйича ички ишлар органларининг тегишли бўлинмалари билан ҳамкорликни амалга ошириш;
маҳкумларни ўқитиш (умумий, касб-ҳунар ва олий таълим) жараёни масалалари бўйича таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги фаолиятни ташкил этиш;
озод этилаётган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам бериш, уларни ишга жойлаштириш ва уларнинг маиший турмуш шароитларини яхшилаш масалалари бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг ижтимоий мослашув марказлари билан ҳамкорликни амалга ошириш;
маҳкумларга пенсия тайинлаш ва уларга пенсия тўлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
ЖИЭД билан биргаликда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари билан ҳамкорлик қилиш;
соғлиқни сақлаш органлари билан ҳамкорликда маҳкумларга малакали даволаш-диагностика ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни турли экспертизадан ўтказиш, текшириш, шу жумладан, манзил-колонияларда сақланаётган маҳкумларни дори-дармонлар билан таъминлаш масалалари юзасидан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш;
Тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари билан маҳкумларнинг ногиронлигини тасдиқлаш ва белгилаш, уларнинг касбий меҳнатга қобилиятини йўқотганлиги даражасини аниқлаш масалалари бўйича ҳамкорликни амалга ошириш;
ходимларнинг моддий-техник ва ижтимоий таъминотини яхшилаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таклифларни ЖИЭДга киритиш;
ЖИЭД билан келишган ҳолда ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи жазони ижро этиш муассасаларини ривожлантириш ва моддий-техник базасини модернизация қилиш учун инвестициялар (шу жумладан, хорижий инвестициялар) жалб қилиш чораларини кўриш.
Жазони ижро этиш муассасалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
27. Жазони ижро этиш муассасалари:
маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида зарур чоралар кўришга;
муассаса фаолияти бўйича зарур маълумотларни тайёрлаш ва ЖИЭД раҳбариятига тақдим этишга;
ушбу Низом ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга мажбурдир.
Жазони ижро этиш муассасалари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
28. Жазони ижро этиш муассасалари ўзига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун жавоб беради.
6-боб . Жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини ташкил этиш
29. Жазони ижро этиш муассасаларига жазони ижро этиш муассасалари бошлиқлари раҳбарлик қиладилар.
Тошкент шаҳрида жойлашган жазони ижро этиш муассасалари бошлиқлари ЖИЭД бошлиғининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги жазони ижро этиш муассасалари бошлиқлари ЖИЭД бошлиғи билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири ва минтақавий мувофиқлаштириш марказлари бошлиқлари тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
30. Жазони ижро этиш муассасалари бошлиқлари ЖИЭД бошлиғи томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ўринбосарларга эга бўлади.
31. Иш юритиш ва махфийлик тартиботини ташкил этиш ва таъминлаш бўйича чора-тадбирлар жазони ижро этиш муассасалари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
32. Жазони ижро этиш муассасаларини моддий-техник воситалар ва бошқа мол-мулк билан таъминлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.
7-боб. Якунловчи қоида
33. Жазони ижро этиш муассасалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5 мартдаги 128-сон қарорига 2-ИЛОВА
2020 — 2024 йилларда жазони ижро этиш колонияларининг яшаш ётоқхоналарини кубрик типидаги хоналарга ўтказган ҳолда уларни босқичма-босқич қуриш ва реконструкция қилиш
Т/р Жазони ижро этиш муассасаси номи Жойлашган жойи Бинолар номи Бажариладиган ишлар сони Бажариш муддатлари 2020 йил 2021 йил 2022 йил 2023 йил 2024 йил Умумий тартибли жазони ижро этиш муассасалари 1. 1-сон ЖИЭК Бухоро вилояти Когон тумани ётоқхона реконструкция қилиш 6 2 2 2 2. 2-сон ЖИЭК Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ётоқхона реконструкция қилиш 4 2 2 қуриш 1 1 3. 3-сон ЖИЭК Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ётоқхона реконструкция қилиш 4 2 2 4. 4-сон ЖИЭК Навоий вилояти Навоий шаҳри ётоқхона реконструкция қилиш 2 2 5. 5-сон ЖИЭК Навоий вилояти Қизилтепа шаҳри ётоқхона реконструкция қилиш 2 2 қуриш 1 1 6. 6-сон ЖИЭК Наманган вилояти тумани ётоқхона реконструкция қилиш 6 2 2 2 7. 7-сон ЖИЭК Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ётоқхона реконструкция қилиш 9 2 3 4 Аралаш тартибли жазони ижро этиш муассасалари 8. 21-сон ЖИЭК Тошкент вилояти Зангиота тумани ётоқхона реконструкция қилиш 4 2 2 9. 22-сон ЖИЭК Тошкент вилояти Зангиота тумани ётоқхона реконструкция қилиш 2 2 Қаттиқ тартибли жазони ижро этиш муассасалари 10. 10-сон ЖИЭК Қашқадарё вилояти Косон тумани ётоқхона реконструкция қилиш 6 4 2 11. 11-сон ЖИЭК Навоий вилояти Кармана тумани ётоқхона реконструкция қилиш 3 1 2 12. 12-сон ЖИЭК Навоий вилояти Зарафшон шаҳри ётоқхона реконструкция қилиш 1 1 қуриш 1 1 13. 13-сон ЖИЭК Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ётоқхона реконструкция қилиш 5 2 3 14. 14-сон ЖИЭК Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри ётоқхона реконструкция қилиш 6 2 4 ЖАМИ: реконструкция қилиш 60 6 8 14 16 16 қуриш 3 1 1 1
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 5 март,
128-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
DASTURI
Ozodlikdan mahrum qilish bilan bogʻliq jazolarni ijro etish muassasalarining faoliyati samaradorligini taʼminlash boʻyicha tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida
[Koʻchirma]
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ichki ishlar organlarining ozodlikdan mahrum etish bilan bogʻliq boʻlgan jazolarni ijro etish sohasidagi faoliyatini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 11-avgustdagi PQ-3200-son qaroriga muvofiq, shuningdek, ozodlikdan mahrum qilish turidagi jazolarni ijro etish muassasalarining faoliyati samaradorligini taʼminlash, ularning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini hamda bu boradagi ilgʻor yutuqlarni ularning faoliyatiga tatbiq etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
a) jazoni ijro etish muassasalari faoliyatini tashkil etish, qayta tashkil etish va tugatish tartibini; jazoni ijro etish muassasalari va ularning hududlarini jihozlashga qoʻyiladigan umumiy talablarni, muassasalarda rejim turlarini, ularni qoʻriqlash va xavfsizligini taʼminlashni; mahkumlarning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlariga rioya etilishini taʼminlashni; mahkumlar bilan tarbiyaviy ishlar olib borishni, ular oʻrtasida huquqbuzarliklarning oldini olishni; jazoni ijro etish muassasalari huzuridagi korxonalarning ishlab chiqarish faoliyatini tashkil etishni va mahkumlarning bandligini taʼminlashni nazarda tutuvchi Ozodlikdan mahrum qilish turidagi jazolarni ijro etish muassasalari toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
b) 14 ta jazoni ijro etish koloniyalarining 60 ta yashash yotoqxonalarini kubrik tipidagi xonalarga oʻzgartirish yoʻli bilan rekonstruksiya qilish va 3 ta yangi bino qurishni nazarda tutuvchi 2020 — 2024-yillarda jazoni ijro etish koloniyalarining yashash yotoqxonalarini kubrik tipidagi xonalarga oʻtkazgan holda ularni bosqichma-bosqich qurish va rekonstruksiya qilish dasturi 2-ilovaga muvofiq;
2. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi obyektlarni qurish va rekonstruksiya qilish, shuningdek, zamonaviy texnik qoʻriqlash vositalari va videokuzatuv moslamalarini xarid qilish boʻyicha buyurtmachi etib belgilansin.
Bosh loyihachi va bosh pudratchi tashkilotlar belgilangan tartibda tender (tanlov) asosida aniqlanadi.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
mavjud va tashkil etiladigan maydonlardan samarali va oqilona foydalanishni hisobga olib, keyinchalik ular asosida koloniyalardagi yashash yotoqxonalarini qurish va rekonstruksiya qilish boʻyicha loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish uchun texnik topshiriqlar tayyorlanishini;
loyiha-smeta hujjatlarini tayyorlashda sanitariya qoidalari va normalari hamda shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya etilishini;
loyiha-smeta hujjatlari ekspertizadan oʻtkazilishini taʼminlasin.
5. Belgilab qoʻyilsinki:
loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish, ekspertiza va tender oʻtkazish, shuningdek, obyektlarni qurish va rekonstruksiya qilish boʻyicha harajatlar har yilgi Oʻzbekiston Respublikasining Investitsiya dasturi doirasida;
jazoni ijro etish muassasalarini videokuzatuv vositalari va videoregistratorlar bilan taʼminlash boʻyicha xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining asoslangan hisob-kitoblari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan ajratiladigan budjet mablagʻlari, Jazoni ijro etish departamentining Markazlashtirilgan jamgʻarmasi hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbaalar hisobiga amalga oshiriladi.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va sanoat vazirligi, Moliya vazirligi 2020 — 2024-yillarga moʻljallangan Investitsiya dasturini shakllantirishda tasdiqlangan loyiha-smeta hujjatlari asosida koloniyalardagi yashash yotoqxonalarini qurish va rekonstruksiya qilish uchun belgilangan tartibda markazlashtirilgan kapital qoʻyilmalar hisobiga tegishli limitlar ajratilishini nazarda tutsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi loyiha-smeta hujjatlari belgilangan tartibda davlat ekspertizasidan oʻtkazilishini taʼminlasin va ushbu qaror doirasida obyektlarda amalga oshiriladigan qurilish-montaj ishlari bajarilishi sifati ustidan zarur davlat arxitektura-qurilish nazoratini oʻrnatsin.
8. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, Toshkent shahri va viloyatlar hokimliklari kelgusida ozodlikdan mahrum qilish turidagi jazolarni ijro etish muassasalaridan 50 metr masofada maʼmuriy, maishiy, xoʻjalik bino va inshootlari qurilishi uchun yer uchastkalari ajratilishiga, ular ijaraga berilishiga, shuningdek, balandligi 6 metrdan yuqori boʻlgan bino va inshootlar qurilishiga yoʻl qoʻymasinlar.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ikki oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R Bobojonov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 5-martdagi 128-son qaroriga 1-ILOVA
Ozodlikdan mahrum etish turidagi jazoni ijro etish muassasalari toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining ozodlikdan mahrum etish turidagi jazoni ijro etish muassasalarining (keyingi oʻrinlarda jazoni ijro etish muassasalari deb ataladi) maqomi, vazifalari, huquq va majburiyatlarini, jihozlanishini va faoliyatini tashkil etishga qoʻyiladigan umumiy talablarni belgilaydi.
2. Jazoni ijro etish muassasalari ozodlikdan mahrum etish bilan bogʻliq jazolarni ijro etish sohasidagi davlat muassasasi hisoblanadi.
3. Jazoni ijro etish muassasalari oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga va boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
4. Jazoni ijro etish muassasalari Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Jazoni ijro etish departamenti (keyingi oʻrinlarda — JIED) tizimi tarkibiga kiradi va quyi turuvchi boshliqlarning yuqori turuvchi boshliqlarga va Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziriga boʻysinishi asosida faoliyat yuritadi.
5. Jazoni ijro etish muassasasi yuridik shaxs hisoblanadi, faoliyatini amalga oshirish uchun oʻz mustaqil balansiga, shaxsiy gʻazna hisobvaragʻiga va bank hisobvaragʻiga, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrlarga, shuningdek, oʻz faoliyatini amalga oshirish uchun muassasaning nomi yozilgan va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbining tasviri tushirilgan blankalarga ega boʻladi.
Jazoni ijro etish muassasalari xoʻjalik yurituvchi boshqa subyektlar bilan hamkorlikda faoliyat yuritish huquqiga ega.
6. Jazoni ijro etish muassasalarining binolari va hududlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda rejimli obyektlar toifasiga kiradi.
7. Jazoni ijro etish muassasalariga rasmiy nom Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri tomonidan beriladi.
2-bob . Jazoni ijro etish muassasalarining turlari
8. Jazoni ijro etish muassasalariga quyidagilar kiradi:
jazoni ijro etish koloniyalari, shu jumladan, davolash huquqi asosidagi;
tarbiya koloniyalari;
turmalar;
mahkumlar uchun ixtisoslashtirilgan kasalxonalar.
Tergov hibsxonalari ozodlikdan mahrum etishga hukm qilingan (keyingi oʻrinlarda mahkumlar deb ataladi) va xoʻjalik xizmatiga oid ishlarni bajarish uchun qoldirilgan shaxslarga nisbatan jazoni ijro etish muassasalari funksiyalarini bajaradi.
Jazoni ijro etish koloniyalari manzil-koloniyalarga, umumiy, qattiq, maxsus rejimli koloniyalarga boʻlinadi va voyaga yetgan mahkumlarni saqlash uchun moʻljallangan.
Tarbiya koloniyalari voyaga yetmagan mahkumlarni saqlash uchun moʻljallangan.
Turmalar voyaga yetgan mahkumlarni saqlash uchun moʻljallangan.
9. Mahkuma ayollar, sudlar va huquqni muhofaza qiluvchi organlarning sobiq xodimlariga mansub mahkumlar, chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan mahkum shaxslar ushbu toifa mahkumlar uchun moʻljallangan, jazoni ijro etish muassasalarining sud tomonidan tayinlangan rejimi turiga muvofiq ajratilgan uchastkalarida jazoni oʻtaydilar.
10. Jazoni ijro etish muassasalarining rejimi turi va toʻldirilish limiti Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri tomonidan belgilanadi.
11. Jazoni ijro etish muassasalarining sigʻimi mahkumlar uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan yashash maydonidan kelib chiqqan holda belgilanadi.
Bitta jazoni ijro etish muassasasida mahkumlar soni 3000 nafardan oshmasligi lozim.
3-bob. Jazoni ijro etish muassasalarini jihozlashga qoʻyiladigan umumiy talablar
12. Jazoni ijro etish muassasalarining hududi yashash va ishlab chiqarish hududidan, shuningdek, tutash va yordamchi hududlardan tashkil topadi.
13. Mahkumlar yashashi uchun zarur shart-sharoitlar yaratilgan, ajratilgan hudud yashash hududi deb ataladi.
14. Yashash hududida:
mahkumlar uchun yashash joylari — umumiy yashash yotoqxonalari, xonalar, kameralar;
madaniy-maishiy binolar — oshxonalar, klub, kutubxona, maktab, hammom va kir yuvish majmuasi, mahkumlar tovar xarid qilishi uchun savdo shaxobchasi (doʻkon), mahkumlar saflanishi va sport bilan shugʻullanishi uchun maydonchalar, omborlar va boshqa kommunal-maishiy bino va inshootlar;
maxsus binolar — tibbiyot qismi, qisqa va uzoq muddatli uchrashuvlar uchun xonalar, intizomiy boʻlinma, mahkumlarni qabul qilish boʻlinmasi, muassasa maʼmuriyati uchun bino joylashtiriladi.
Ayol mahkumalarni saqlashga moʻljallangan koloniyalar huzurida bolalarning normal yashashi va rivojlanishi uchun sharoitlar yaratilgan bolalar uyi tashkil etiladi.
15. Mahkumlar ishlaydigan ajratilgan hudud ishlab chiqarish hududi deb ataladi.
Ishlab chiqarish hududi doirasida:
ishlab chiqarish sanoat va ishlab chiqarish qurilish obyektlari;
omborxona binolari;
ishlab chiqarish xodimlari uchun bino va inshootlar;
boshqa yordamchi bino va inshootlar joylashtiriladi.
16. Tarbiya koloniyalari va manzil-koloniyalarning yashash va ishlab chiqarish hududlari ajratilgan uchastkalarga boʻlinmaydi.
17. Tutash va yordamchi hududlar ularda jazoni ijro etish muassasasining normal faoliyat koʻrsatishini taʼminlash maqsadida jihozlangan bino va inshootlarni joylashtirish uchun moʻljallangan.
Tutash va yordamchi hududlarda nazorat oʻtkazish joyi, jazoni ijro etish muassasasi maʼmuriyati xodimlari, omborlar, xizmat avtotransport vositalari uchun garaj, yongʻin xavfsizligi brigadasi, kommunal-maishiy inshootlar joylashadi.
18. Jazoni ijro etish muassasalari hududi muxandislik-texnik qoʻriqlash vositalari, qurilmalari va kommunikatsiya tarmoqlari bilan jihozlanadi.
19. Jazoni ijro etish muassasalari hududida muassasalar faoliyatini tashkil etish va mahkumlar qonunchilikda belgilangan sharoitlarda saqlanishini taʼminlash uchun boshqa bino va inshootlar ham joylashtirilishi mumkin.
20. Jazoni ijro etish muassasalarining bino va inshootlari qonunchilik tomonidan tasdiqlangan mahkumlar uchun yashash maydoni normalariga va sanitariya qoidalariga, normalariga va gigiyena normativlariga, shaharsozlik normalari va qoidalariga muvofiq boʻlishi kerak.
21. Jazoni ijro etish muassasalarining perimetri asosiy toʻsiq bilan jixozlanadi (manzil-koloniyalar bundan mustasno). Asosiy toʻsiq transport va odamlarning nazorat oʻtish joylaridan tashqari, boshqa joylardan kirishining oldini olish, shuningdek, qoʻriqlash chizigʻini belgilash va obyektni tashqi tomondan kuzatishni qiyinlashtirish uchun moʻljallanadi.
22. Ozodlikdan mahrum qilish turidagi jazolarni ijro etish muassasalaridan 50 metr masofada maʼmuriy, maishiy, xoʻjalik bino va inshootlari qurilishi uchun yer uchastkalari ajratish, ularni ijaraga berish, shuningdek, balandligi 6 metrdan ortiq boʻlgan bino va inshootlar qurilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
23. Jazoni ijro etish muassasalariga kirib-chiqish va ichki rejimlar, qoʻriqlash bilan bogʻliq tadbirlar, shuningdek, jixozlash tartibi Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri tomonidan tasdiqlanadi.
4 -bob . Jazoni ijro etish muassasalarining asosiy vazifalari va funksiyalari
24. Quyidagilar Jazoni ijro etish muassasalarining asosiy vazifalari hisoblanadi:
mahkumlarga nisbatan jinoiy jazolarni ijro etish;
jazoni ijro etish muassasalarida qoʻriqlash va xavfsizlikni taʼminlash, mahkumlarning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlariga rioya qilish;
mahkumlarni tarbiyalash, ular tomonidan huquqbuzarliklar sodir etilishining oldini olish, shuningdek, ularga ozod etilganidan soʻng ijtimoiy moslashuvi uchun koʻmaklashish faoliyatini tashkil etish;
jazoni ijro etish muassasalarining moliya-xoʻjalik va ishlab chiqarish faoliyati samaradorligini oshirish orqali mahkumlarning bandligini taʼminlash;
shaxsiy tarkib va kadrlar bilan ishlash, xodimlarni qayta tayyorlash, malakasini oshirish, huquqiy va ijtimoiy himoya qilish boʻyicha ishlarni tashkil etish.
25. Oʻziga yuklangan vazifalardan kelib chiqqan holda jazoni ijro etish muassasalari quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
a) mahkumlarga nisbatan jinoiy jazolarni ijro etish sohasida:
sudlarning hukmlari, ajrimlari va qarorlari aniq va soʻzsiz ijro etilishini taʼminlaydi;
mahkumlar qonunchilik talablariga muvofiq joylashtirilishini taʼminlaydi;
mahkumlarni afv etish toʻgʻrisidagi materiallarni oʻz vaqtida rasmiylashtiradi va ularni Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi afv etish masalalari boʻyicha Komissiyaga taqdim etish uchun JIEDga yuboradi;
amnistiya va afv etish toʻgʻrisidagi hujjatlarning oʻz vaqtida ijro etilishini taʼminlaydi;
mahkumlarning ajratib qoʻyilishi, qoʻriqlanishi va nazorat qilinishini taʼminlaydi;
Oʻzbekiston Respublikasi vakolatli davlat organlarining jinoyat ish yurituvi sohasidagi xalqaro hamkorlik bilan bogʻliq, shu jumladan, chet el fuqarolari yoki fuqaroligi boʻlmagan mahkumlarni topshirish (ekstraditsiya qilish) bilan bogʻliq qarorlarini ijro etadi;
b) jazoni ijro etish muassasalarida qoʻriqlash va xavfsizlikni taʼminlash, shuningdek, mahkumlarning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlariga rioya qilish sohasida:
jazoni ijro etish muassasalarida huquq-tartibot va qonuniylikka rioya etilishini taʼminlaydi;
jazoni ijro etish muassasalari hududlarida boʻlgan mahkumlar, shuningdek, xodimlar (ishchilar va xizmatchilar) va fuqarolarning xavfsizligini taʼminlaydi;
yongʻin xavfsizligini taʼminlash boʻyicha chora-tadbirlarni amalga oshiradi;
mahkumlar orasida koʻngilli yongʻin oʻchirish otryadlarini tashkil etish va ularga tushuntirishlar berishda Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligining hududiy tuzilmalari bilan hamkorlik qiladi;
jazoni ijro etish muassasalarida, mahkumlarni mehnatga jalb etadigan tashkilotlarning ishlab chiqarish obyektlarida nazorat qilishning zamonaviy muhandislik-texnik qoʻriqlash vositalaridan foydalangan holda zarur darajada kuzatuv va nazorat tashkil etilishini taʼminlaydi;
taklif, ariza va shikoyatlarni belgilangan tartibda koʻrib chiqadi;
mahkumlar tomonidan jazoni ijro etishning belgilangan tartibiga rioya etilishini taʼminlaydi;
jazoni ijro etish muassasalarida tegishli belgilangan normalarga mos keladigan saqlash shart-sharoitlarini yaratadi;
mahkumlarning moddiy-maishiy taʼminotini va ularga tibbiy xizmat koʻrsatilishini tashkil etadi, shuningdek, mahkumlarga nisbatan tibbiy yoʻsindagi majburlov choralarini qoʻllash va ularning majburiy davolanishini amalga oshiradi;
v) mahkumlarni tarbiyalash, ular tomonidan huquqbuzarliklar sodir etilishining oldini olish, shuningdek, ularga ozod etilganidan soʻng ijtimoiy moslashuvi uchun koʻmaklashish faoliyatini tashkil etish sohasida:
mahkumlar oʻrtasida qonunlarga itoatkorlik, shaxsga, jamiyatga, mehnatga, insoniy qadriyatlar va anʼanalarga nisbatan hurmatni shakllantirish, bilim va madaniy darajasini oshirishga qaratilgan tarbiyaviy-profilaktik va tushuntirish ishlarini amalga oshiradi;
mahkumlar oʻrtasida huquqbuzarliklar profilaktikasi, huquqbuzarliklar sodir etilishiga imkon beruvchi shart-sharoitlarni aniqlash va bartaraf etishga qaratilgan chora-tadbirlarni tashkil etadi;
maʼmuriy nazorat oʻrnatilishi lozim boʻlgan mahkumlar toifasini aniqlab, tegishli taqdimnomalarni sudga kiritadi;
tezkor-qidiruv tadbirlarini amalga oshiradi;
jazoni ijro etish muassasalariga taqiqlangan predmetlarning (narkotik vositalar, psixotrop, portlovchi va zaharli moddalar, diniy-ekstremistik tusdagi adabiyotlar va boshqalar) kirib kelishi yoʻllarini aniqlanishi va bartaraf etilishini taʼminlaydi;
mahkumlar oʻrtasida huquqiy targʻibot ishlarini tashkil etadi va oʻtkazadi;
mahkumlarni ozod etilganidan soʻng keyinchalik ishga joylashtirish maqsadida ularni mehnat bozorida talab boʻlgan kasbni egallashlari uchun kasbga tayyorlashni tashkil etadi;
jazoni ijro etish muassasalaridan qochgan mahkumlar va qamoqqa olingan shaxslar, shuningdek, manzil-koloniyalarda saqlanayotgan va ushbu muassasalar hududini oʻzboshimchalik bilan tark etgan mahkumlarni qidirish va ushlashni amalga oshiradi;
g) jazoni ijro etish muassasalarining moliya-xoʻjalik va ishlab chiqarish faoliyati samaradorligini oshirish orqali mahkumlarning bandligini taʼminlash sohasida:
moliyaviy-iqtisodiy faoliyatni tashkil etish va buxgalteriya hamda statistika hisobotlarini zarur darajada yuritish, olib borilayotgan moliyaviy va xoʻjalik faoliyatining maqsadga muvofiqligi hamda qonunchilikka mosligi ustidan nazorat qilishni tashkil etadi;
jazoni ijro etish muassasalari ishlab chiqarish hamda qishloq xoʻjaligi faoliyatini tashkil etadi va rivojlantirishga koʻmaklashadi;
jazoni ijro etish muassasalarini moddiy-texnik taʼminlash, mol-mulkdan maqsadga muvofiq foydalanish, texnik xizmat koʻrsatish va qoʻriqlash, shuningdek, ularning saqlanishi va oqilona ishlatilishi boʻyicha zarur choralarni koʻradi;
shartnomaviy-huquqiy va talabnoma-daʼvo ishlarini yuritishni amalga oshiradi;
ishlab chiqarish (qishloq xoʻjaligi) uchastkalarida, alohida hollarda esa boshqa korxonalarda mahkumlarning axloqiy va moddiy manfaatdorligi uchun shart-sharoitlar yaratish yoʻli bilan ularning ish bilan bandligini taʼminlash.
d) kadrlar va shaxsiy tarkib bilan ishlash, ularni qayta tayyorlash va malakasini oshirish, xodimlarni huquqiy va ijtimoiy himoya qilish sohasida:
axborot-tahlil ishlarini amalga oshiradi, jazoni ijro etish muassasasi faoliyatini rejalashtiradi va prognoz qiladi;
kadrlarni tanlash va joy joyiga qoʻyish, ularni qayta tayyorlash va jangovor, jismoniy hamda ijtimoiy-siyosiy tayyorgarligi, professional darajasini oshirish boʻyicha tadbirlarni tashkil qiladi;
jazoni ijro etish muassasalari shaxsiy tarkibining jangovar va safarbarlik tayyorgarligini oshiradi, favqulodda vaziyatlarda kuch va vositalarning harakatlanishga shayligini nazorat qiladi;
xodimlar (ishchilar va xizmatchilar) va ularning oila aʼzolarini huquqiy, ijtimoiy himoyasini va shaxsiy xavfsizligini taʼminlaydi;
xodimlar orasida oʻz vakolatlarini suiisteʼmol qilish, boshqa huquqbuzarliklar sodir etilishining oldini olish va bartaraf etish boʻyicha tadbirlarni amalga oshiradi, odob-axloq qoidalariga qatʼiy amal qilinishini taʼminlaydi;
xodimlarning huquqiy ongi va huquqiy madaniyatini oshirish boʻyicha ishlarini tashkil etadi.
Jazoni ijro etish muassasasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa funksiyalarni ham amalga oshirishi mumkin.
5-bob. Jazoni ijro etish muassasalarining huquq va majburiyatlari
26. Jazoni ijro etish muassasalari yuklangan vazifalarni bajarish uchun quyidagi huquqlarga ega:
jazoni ijro etish muassasalari vakolatiga kiradigan masalalar boʻyicha davlat boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari, huquqni muhofaza qilish tuzilmalari va boshqa muassasalarning maʼlumotlar bazalaridan (shu jumladan, elektron bazalaridan) axborot, statistik va boshqa materiallarni soʻrash va olish;
qonunchilik va huquqni qoʻllash amaliyotini takomillashtirish, jazoni ijro etish muassasalari faoliyati samaradorligini oshirish masalalari boʻyicha takliflarni JIEDga kiritish;
huquqni muhofaza qilish, davlat organlari, jamoat tashkilotlari vakillarini tarbiyaviy profilaktik tadbirlarga, mahkumlarni ijtimoiy reabilitatsiya qilishga va moslashtirishga jalb etish;
JIED bilan birgalikda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Inson huquqlari boʻyicha vakili (Ombudsman), Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Tadbirkorlik subyektlarining huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha vakil, Inson huquqlari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Milliy markazi hamda boshqa tashkilotlar bilan hamkorlik qilish;
mahkumlarning axloqiy saviyasini rivojlantirish, tarbiyaviy tadbirlarni tashkil etish va oʻtkazish, jazoni ijro etish muassasalaridan ozod etilayotgan shaxslarga ijtimoiy va moddiy yordam koʻrsatishga fuqarolik jamiyati institutlari, jamoatchilik vakillari va fuqarolarni jalb etish;
mahkumlarni boshqa joyga koʻchirishda belgilangan yoʻnalishlar boʻyicha ichki ishlar organlarining tegishli boʻlinmalari bilan hamkorlikni amalga oshirish;
mahkumlarni oʻqitish (umumiy, kasb-hunar va oliy taʼlim) jarayoni masalalari boʻyicha taʼlim muassasalari bilan hamkorlikdagi faoliyatni tashkil etish;
ozod etilayotgan shaxslarga ijtimoiy-huquqiy yordam berish, ularni ishga joylashtirish va ularning maishiy turmush sharoitlarini yaxshilash masalalari boʻyicha tumanlar (shaharlar) hokimliklarining ijtimoiy moslashuv markazlari bilan hamkorlikni amalga oshirish;
mahkumlarga pensiya tayinlash va ularga pensiya toʻlash masalalari boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi budjetdan tashqari Pensiya jamgʻarmasining tuman (shahar) boʻlimlari bilan oʻzaro hamkorlik qilish;
JIED bilan birgalikda saylovlarga tayyorgarlik koʻrish va ularni oʻtkazish boʻyicha viloyat, tuman va shahar saylov komissiyalari bilan hamkorlik qilish;
sogʻliqni saqlash organlari bilan hamkorlikda mahkumlarga malakali davolash-diagnostika va shoshilinch tibbiy yordam koʻrsatish, ularni turli ekspertizadan oʻtkazish, tekshirish, shu jumladan, manzil-koloniyalarda saqlanayotgan mahkumlarni dori-darmonlar bilan taʼminlash masalalari yuzasidan oʻzaro hamkorlikni amalga oshirish;
Tibbiy-ijtimoiy ekspert komissiyalari bilan mahkumlarning nogironligini tasdiqlash va belgilash, ularning kasbiy mehnatga qobiliyatini yoʻqotganligi darajasini aniqlash masalalari boʻyicha hamkorlikni amalga oshirish;
xodimlarning moddiy-texnik va ijtimoiy taʼminotini yaxshilash, ularning malakasini oshirish va qayta tayyorlash boʻyicha takliflarni JIEDga kiritish;
JIED bilan kelishgan holda ishlab chiqarish va qishloq xoʻjaligi faoliyatini amalga oshiruvchi jazoni ijro etish muassasalarini rivojlantirish va moddiy-texnik bazasini modernizatsiya qilish uchun investitsiyalar (shu jumladan, xorijiy investitsiyalar) jalb qilish choralarini koʻrish.
Jazoni ijro etish muassasalari qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
27. Jazoni ijro etish muassasalari:
mahkumlarning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish boʻyicha oʻz vakolatlari doirasida zarur choralar koʻrishga;
muassasa faoliyati boʻyicha zarur maʼlumotlarni tayyorlash va JIED rahbariyatiga taqdim etishga;
ushbu Nizom va boshqa qonunchilik hujjatlarida belgilangan asosiy vazifalarning bajarilishini taʼminlashga majburdir.
Jazoni ijro etish muassasalari qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.
28. Jazoni ijro etish muassasalari oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalar bajarilishi uchun javob beradi.
6-bob . Jazoni ijro etish muassasalari faoliyatini tashkil etish
29. Jazoni ijro etish muassasalariga jazoni ijro etish muassasalari boshliqlari rahbarlik qiladilar.
Toshkent shahrida joylashgan jazoni ijro etish muassasalari boshliqlari JIED boshligʻining taqdimnomasiga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlardagi jazoni ijro etish muassasalari boshliqlari JIED boshligʻi bilan kelishgan holda Qoraqalpogʻiston Respublikasi ichki ishlar vaziri va mintaqaviy muvofiqlashtirish markazlari boshliqlari taqdimnomasiga koʻra Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimidan ozod etiladi.
30. Jazoni ijro etish muassasalari boshliqlari JIED boshligʻi tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan oʻrinbosarlarga ega boʻladi.
31. Ish yuritish va maxfiylik tartibotini tashkil etish va taʼminlash boʻyicha chora-tadbirlar jazoni ijro etish muassasalari tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
32. Jazoni ijro etish muassasalarini moddiy-texnik vositalar va boshqa mol-mulk bilan taʼminlash belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
7-bob. Yakunlovchi qoida
33. Jazoni ijro etish muassasalari Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tashkil etiladi, qayta tashkil etiladi va tugatiladi.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 5-martdagi 128-son qaroriga 2-ILOVA
2020 — 2024-yillarda jazoni ijro etish koloniyalarining yashash yotoqxonalarini kubrik tipidagi xonalarga oʻtkazgan holda ularni bosqichma-bosqich qurish va rekonstruksiya qilish
T/r Jazoni ijro etish muassasasi nomi Joylashgan joyi Binolar nomi Bajariladigan ishlar soni Bajarish muddatlari 2020-yil 2021-yil 2022-yil 2023-yil 2024-yil Umumiy tartibli jazoni ijro etish muassasalari 1. 1-son JIEK Buxoro viloyati Kogon tumani yotoqxona rekonstruksiya qilish 6 2 2 2 2. 2-son JIEK Qashqadaryo viloyati Qarshi shahri yotoqxona rekonstruksiya qilish 4 2 2 qurish 1 1 3. 3-son JIEK Qashqadaryo viloyati Qarshi shahri yotoqxona rekonstruksiya qilish 4 2 2 4. 4-son JIEK Navoiy viloyati Navoiy shahri yotoqxona rekonstruksiya qilish 2 2 5. 5-son JIEK Navoiy viloyati Qiziltepa shahri yotoqxona rekonstruksiya qilish 2 2 qurish 1 1 6. 6-son JIEK Namangan viloyati tumani yotoqxona rekonstruksiya qilish 6 2 2 2 7. 7-son JIEK Toshkent viloyati Boʻstonliq tumani yotoqxona rekonstruksiya qilish 9 2 3 4 Aralash tartibli jazoni ijro etish muassasalari 8. 21-son JIEK Toshkent viloyati Zangiota tumani yotoqxona rekonstruksiya qilish 4 2 2 9. 22-son JIEK Toshkent viloyati Zangiota tumani yotoqxona rekonstruksiya qilish 2 2 Qattiq tartibli jazoni ijro etish muassasalari 10. 10-son JIEK Qashqadaryo viloyati Koson tumani yotoqxona rekonstruksiya qilish 6 4 2 11. 11-son JIEK Navoiy viloyati Karmana tumani yotoqxona rekonstruksiya qilish 3 1 2 12. 12-son JIEK Navoiy viloyati Zarafshon shahri yotoqxona rekonstruksiya qilish 1 1 qurish 1 1 13. 13-son JIEK Toshkent viloyati Chirchiq shahri yotoqxona rekonstruksiya qilish 5 2 3 14. 14-son JIEK Toshkent viloyati Olmaliq shahri yotoqxona rekonstruksiya qilish 6 2 4 JAMI: rekonstruksiya qilish 60 6 8 14 16 16 qurish 3 1 1 1
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 5-mart,
128-son