📅 2020-yil 9-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 9-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 9 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 9 марта 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 9 March 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
СХЕМАСИ
СХЕМАСИ
НИЗОМ
СХЕМАСИ
НИЗОМ
Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида » 2017 йил 1 ноябрдаги ПҚ-3365-сон, « Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида » 2018 йил 7 майдаги ПҚ-3698-сон ҳамда « Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида » 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4546-сон қарорларига мувофиқ, шунингдек, илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини шакллантириш ва амалга оширишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Стартап» лойиҳаларни танлаб олиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IT-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорига 1-ИЛОВА
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган фундаментал, амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларни (кейинги ўринларда давлат буюртмаси деб аталади) шакллантириш, бажариш ва молиялаштириш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
академик ҳаракатчанлик — илмий ходимларнинг ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида ўтказиладиган илмий тадбирларда иштирок этиши, тажриба алмашиши;
амалий тадқиқотлар — амалий мақсадларга эришиш ва аниқ вазифаларни ҳал этиш учун асосан янги билимларни ва фундаментал тадқиқотлар натижаларини қўллашга йўналтирилган тадқиқотлар;
бенефициар (лойиҳадан фойда олувчи) — илмий-тадқиқот лойиҳасининг амалга оширилишидан манфаатдор бўлган шахс;
давлат буюртмаси — илмий-тадқиқот лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга ошириш топшириғи;
илмий экспертиза — илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича асослантирилган қарор қабул қилиш мақсадида уни ўрганиш, таҳлил қилиш, баҳолаш ва хулоса тайёрлашга қаратилган фаолият;
илмий-тадқиқот лойиҳаси — фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар шаклида мақсад ва вазифалари, ижрочилари ва бажариш муддатлари, манбалари, воситалари (уларнинг шакллантириш манбаларидан қатъи назар) илмий ва (ёки) илмий-техник натижаларни, ноу-хау ва янги технологияларни олишга қаратилган ташкилий-техник ва бошқа зарур чора-тадбирлар мажмуи;
илмий-техник кенгаш — Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида илмий лойиҳаларни илмий экспертизадан ўтказиш мақсадида тегишли фан йўналишлари бўйича соҳага оид олимлар, давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларидан шакллантирилган ҳамда жамоатчилик асосида фаолият юритадиган илмий-техник жамоа;
инновацион лойиҳалар — амалга ошириш муддати, инфратузилмаси, ижрочилари, молиялаштириш манбаи ва ҳажмига эга инновацияни яратиш ва ишлаб чиқаришга йўналтирилган тадқиқотлар;
коллегиал орган — Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг ҳайъати;
лойиҳанинг ижрочи ташкилоти — илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга оширувчи илмий фаолият субъектлари, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолияти билан шуғулланадиган бошқа ташкилотлар;
мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари — Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларида белгиланган давлат сиёсати вазифаларининг илмий ечимини таъминлашга йўналтирилган, шунингдек, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари олдида турган ўзига хос муаммоларни ҳал этиш бўйича илмий асосланган комплекс ечимларни ишлаб чиқишга қаратилган, танлов ташкил қилиш учун альтернатив лойиҳа таклифларини шакллантириш имкони чегараланган илмий-тадқиқот лойиҳалари;
саноат ҳамкори — илмий-тадқиқот лойиҳаси натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этишдан манфаатдор бўлган ва шунга мувофиқ лойиҳани ҳамкорликда молиялаштириш таклифига эга саноат ёки тармоқ корхонаси;
тажриба-конструкторлик лойиҳаси — тажриба, конструкторлик намуналари, асбоблар, материаллар, буюмлар ва бошқа илмий ишланмаларни лойиҳалаш, тайёрлаш ва синовдан ўтказиш, ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳа;
ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳалари — фан ва технологияларнинг устувор йўналишларига мувофиқ илмий фаолият субъектларининг ташаббуслари асосида қабул қилинадиган, альтернатив лойиҳа таклифлари талаб қилинмайдиган илмий-тадқиқот лойиҳалари;
тематик илмий-тадқиқот лойиҳалари — илмий фаолиятнинг илғор йўналишлари, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг эҳтиёжлари ва муаммоларидан келиб чиққан ҳолда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг эҳтиёжлари асосида ишлаб чиқиладиган, молиявий ҳажми кўрсатилган, мавзу доирасида олинадиган якуний маҳсулоти аниқ акс эттирилган мунтазам равишда эълон қилинадиган, танлов асосида молиялаштириладиган илмий-тадқиқот лойиҳалари;
фундаментал тадқиқотлар — табиат, жамият ва инсоннинг тузилиши, шаклланиши ва ривожланишига оид асосий қонуниятлар ҳақидаги янги билимларни олишга, улар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни, шунингдек, муайян фаолият натижасида яратилган объектларни ўрганишга қаратилган назарий ва (ёки) тажриба ўтказишга қаратилган тадқиқотлар.
3. Давлат буюртмаси тематик илмий-тадқиқот лойиҳалари, мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари ҳамда илмий фаолият субъектларининг ташаббуслари асосидаги илмий-тадқиқот лойиҳалари асосида шакллантирилади.
4. Давлат буюртмасини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъулият Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига (кейинги ўринларда Буюртмачи деб аталади) юкланади.
5. Фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни бажариш учун давлат буюртмаси Буюртмачи билан илмий-тадқиқот лойиҳаларининг ижрочи ташкилоти ўртасида шартнома тузиш орқали амалга оширилади.
2-боб. Илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат буюртмасини шакллантириш ва амалга оширишга қўйиладиган умумий талаблар
6. Давлат буюртмаси мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ривожлантириш вазифалари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларида назарда тутилган мақсадларга эришиш учун шакллантирилади.
7. Давлат буюртмаси бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар йўналишлари, тематикалари ва молиялаштириш ҳажмлари Буюртмачи томонидан шакллантирилади ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини белгиланган тартибда танловдан ташқари (альтернатив лойиҳа таклифлари мавжуд бўлмаганда) ёки танлов асосида (альтернатив лойиҳа таклифлари ичидан) саралаб олиш учун асос бўлади.
8. Буюртмачи давлат буюртмасини бажариш бўйича илмий-тадқиқот лойиҳалари танловини мазкур Низомнинг 3-бобида белгиланган талаблар асосида эълон қилади.
Эълонлар Буюртмачининг расмий веб-сайтига аризаларни шакллантириш, рўйхатдан ўтказиш ва топшириш тартиби, муддати ва талаблари кўрсатилган ҳолда жойлаштирилади.
9. Фундаментал илмий-тадқиқот лойиҳалари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
табиат, жамият, инсон, онг ва сунъий равишда яратилган объектларнинг тузилиши, фаолияти ва ривожланишининг асосий қонуниятларини очишга қаратилган янги билимларни эгаллаш;
илм-фаннинг муайян соҳасидаги тадқиқотлар натижаларини назариялар, тушунчалар, методологиялар, усуллар, тавсиялар шаклида қўллаш мақсадида тадқиқ этиш;
илм-фан назарияси ва методологиясини бойитишга, келгусида бажариладиган амалий тадқиқотлар ҳамда уларни амалий қўллашга қаратилган инновация ишлари учун асос сифатида хизмат қилиш.
Фундаментал лойиҳаларни амалга оширишнинг энг кўп муддати беш йилгача бўлиши мумкин.
Фундаментал лойиҳалар танловида қатнашувчи илмий жамоанинг раҳбари илмий даражага эга бўлиши шарт.
10. Амалий илмий-тадқиқот лойиҳалари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
ишлаб чиқариш ва/ёки ижтимоий, шунингдек, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида янги конструкциялар, материаллар, усуллар, хизматларни яратишга ёки мавжудларини такомиллаштиришга хизмат қилиши;
иқтисодиётнинг реал секторини шакллантиришга кўмаклашиш, ишлаб чиқариш соҳасида энергия ва ресурсларни тежашни таъминлаш, миллий иқтисодиёт субъектлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг инновацион таркибини ва қўшимча қийматини ошириш;
юқори технологияли маҳсулотлар намуналарини тайёрлаш ва/ёки ишланмаларнинг техник ва технологик синовларининг натижалари ва/ёки олинган илмий-техник натижани иқтисодиётнинг реал секторига жорий қилиш;
илмий-техник маҳсулотлар ва унга илмий-техник ҳужжатлар тўпламини, шу жумладан лойиҳалаш ҳужжатларини ва/ёки технологик ҳужжатларни тасдиқлаш, лаборатория қоидалари ва/ёки техник шартлар ва паспортлар, шунингдек, ишлаб чиқаришни ташкил қилиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар тўпламини ишлаб чиқиш.
Амалий лойиҳаларни амалга оширишнинг энг кўп муддати уч йилгача бўлиши мумкин.
Амалий лойиҳалар танловида қатнашувчи илмий жамоанинг раҳбари илмий даражага эга бўлиши шарт.
11. Инновацион лойиҳалари қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур:
аввал бажарилган фундаментал ва амалий тадқиқотлар асосида маҳаллий хомашёлардан фойдаланган ҳолда импорт ўрнини босувчи, экспортга мўлжалланган янги маҳсулот ва технологияларни яратиш, мавжудларини сифат жиҳатидан такомиллаштириш, таннархини пасайтириш, меҳнат бозорида янги иш ўринларини яратишни таъминлаш;
кейинчалик улардан амалиётда фойдаланиш мақсадида амалга ошириладиган конструкторлик, тажриба намуналари, асбоблар, материаллар, буюмлар ва бошқа илмий ишланмаларни лойиҳалаш, тайёрлаш ва синовдан ўтказиш, ривожлантириш билан боғлиқ тажриба-конструкторлик ишларини бажариш;
юқори технологияга асосланган маҳсулотлар намуналари ёки прототипларини яратиш ва/ёки тажриба-лаборатория технологиясини татбиқ этиш, илмий ҳажмдор маҳсулотни ишлаб чиқаришга тайёрлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада қўллаш учун янги турдаги хизматларнинг тажриба-синовини ўтказиш (соғлиқни сақлаш, банк-молия сектори ва бошқалар).
Инновацион лойиҳаларни амалга оширишнинг энг кўп муддати икки йилгача бўлиши мумкин.
Инновацион лойиҳалар танловида қатнашувчи илмий жамоанинг раҳбари илмий даражага эга бўлиши шарт.
12. Илмий-тадқиқот лойиҳаларига ташкилотлардан тақдим этиладиган аризалар Буюртмачи томонидан рўйхатдан ўтказилиб, идентификация рақами олингандан сўнг қабул қилинади. Рўйхатдан ўтиш тартиби ва ижрочи ташкилотларга қўйиладиган талаблар Буюртмачи томонидан белгиланади ва Буюртмачининг расмий веб-сайтида ва/ёки зарур ҳолларда бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
3-боб. Давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш тартиби
1-§. Тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш тартиби
13. Тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларига буюртма давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, илмий фаолият субъектларининг асосланган таклифлари, шунингдек, фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммолари, тижоратлаштириш имконияти мавжуд якуний тайёр маҳсулот/технологияларга бўлган эҳтиёжлари таҳлилининг натижалари асосида Буюртмачи томонидан ишлаб чиқилади.
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
14. Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари давлат буюртмасига киритиш учун иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммоларини ва реал эҳтиёжларини чуқур таҳлил қилиш ва ҳудудий муаммоларни ҳал этишга қаратилган илмий-тадқиқотлар бўйича белгиланган тартибда ва шаклда асосланган таклифлар (кейинги ўринларда таклифлар деб аталади) тайёрлайди. Таклифлар Буюртмачининг расмий сўровига асосан ёки ихтиёрий равишда кўриб чиқиш учун мунтазам равишда тақдим этилиши мумкин.
Бунда давлат буюртмасига киритиш учун илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан уларнинг илмий-техник ёки илмий кенгашларида кўриб чиқилиб, маъқулланган тематик лойиҳа эълони учун таклиф ушбу муассасаларнинг юқори турувчи вазирлик ва идораларига тақдим этилади.
Юқори турувчи вазирлик ва идоралар илмий-тадқиқот ҳамда олий таълим муассасаларидан олинган таклифларни умумлаштиради ва кўриб чиқиш учун Буюртмачига тақдим этади.
Иқтисодиёт тармоқларининг илмий ечимни таъминлаш талаб этиладиган эҳтиёжлари бўйича таклифлар тўғридан-тўғри Буюртмачига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан таклифлар ҳудуд иқтисодиётининг муаммоларини ва илмий-техник ишланмаларга бўлган эҳтиёжларни таҳлил қилиш, шунингдек, ҳудуддаги юқори турувчи ташкилоти мавжуд бўлмаган бошқа ташкилотларнинг таклифлари асосида шакллантирилади.
15. Давлат буюртмасига киритиш учун тематик лойиҳа эълони учун таклифларни шакллантиришда қуйидаги принципларга риоя этилади:
илмий-тадқиқот мавзусининг долзарблиги ва тематик лойиҳа мавзусида аниқ якуний маҳсулотга буюртмани акс этганлиги;
фан ва технологиялар ривожи учун устуворлиги;
иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва республика ҳудудларининг аниқ муаммоларини ҳал этишга қаратилганлиги;
лойиҳа натижасида якуний маҳсулотни яратилиши асосланганлиги;
ишланманинг рақобатбардошлилиги;
тайёр маҳсулотни ишлаб чиқишга йўналтирилганлиги;
лойиҳа натижаларининг тижоратлаштириш имкониятининг мавжудлиги;
лойиҳанинг натижадорлиги (маҳсулот ёки такомиллаштирилган технология);
лойиҳанинг молиялаштириш прогноз ҳажмлари белгиланганлиги.
16. Тематик илмий-тадқиқот лойиҳалар бўйича таклифларни шакллантириш учун, зарур ҳолларда, Буюртмачи томонидан мавзу ва лойиҳа натижасида яратиладиган маҳсулотни иқтисодиётга кераклиги тўғрисида манфаатдор давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига сўров юборилади.
Тематик илмий-тадқиқот лойиҳалар бўйича таклифлар Буюртмачи томонидан мунтазам равишда қабул қилинади.
17. Таклифларни шакллантиришда уларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги учун тематик илмий-тадқиқот бўйича таклиф берган (бенефициар) томон жавобгар бўлади.
18. Буюртмачи таклиф(лар) қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз кун давомида келиб тушган таклифлар йиғма рўйхатини шакллантиради, уларнинг такрорланишининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, амалга оширилаётган ва аввал амалга оширилган лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда ўрганиб чиқади.
19. Тематик илмий-тадқиқот лойиҳалар бўйича таклифларни ўрганиш жараёнига зарур ҳолларда, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг тегишли мутахассислари, шу жумладан хорижий экспертлар ҳам жалб этилиши мумкин.
20. Буюртмачи тематик илмий-тадқиқот лойиҳалар бўйича таклифлар рўйхатини шакллантиришда мавзу доирасида амалга ошириладиган лойиҳанинг тури, кутилаётган якуний натижаси ва амалга ошириш муддатларидан келиб чиқиб, молиялаштиришнинг прогноз ҳажмини белгилаши мумкин.
21. Буюртмачи тематик илмий-тадқиқот лойиҳалар долзарблиги ҳамда аҳамиятини, кутилаётган якуний натижасини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳаларни амалга ошириш муддатларини белгилайди.
22. Буюртмачининг таркибий бўлинмалари таклиф(лар) қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз кун муддат ичида лойиҳа таснифи ва унга қўйиладиган талабларни ишлаб чиқади ва эълон учун тайёрлайди.
23. Тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларга давлат буюртмаси Буюртмачининг буйруғи билан тасдиқланади ва лойиҳани топширишнинг аниқ муддати ва тартиби белгиланган ҳолда унинг расмий веб-сайтида ва зарур ҳолларда бошқа оммавий ахборот воситаларида танлов эълон қилинади.
Ўрганиш натижаларига кўра, айрим таклифлар эълонга берилмаслиги ва қайта кўриб чиқиш учун таклиф этувчига қайтарилиши ёки асослантирилган ҳолда рад этилиши мумкин.
2-§. Мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш тартиби
24. Мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, давлат дастурлари ва концепцияларда баён этилган вазифа ва топшириқлар асосида (агар бу топшириқларни ижроси тематик илмий-тадқиқот лойиҳалар танловлари доирасида бажарилиши мумкин бўлмаса) ҳамда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари олдида турган ўзига хос муаммоларни ҳал этиш эҳтиёжидан келиб чиқиб мурожаатга мувофиқ қабул қилинади. Бунда танлов ташкил қилиш учун альтернатив лойиҳа таклифларини шакллантириш имкони чегараланганлиги учун лойиҳалар тегишли илмий-техник кенгашда ўтказилган илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра танловдан ташқари молиялаштирилади.
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
25. Мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари икки ёки ундан ортиқ илмий фаолият субъектлари, халқаро ва хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин.
26. Давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари қабул қилинганидан кейин ўттиз кун ичида мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича таклифларни Буюртмачига тақдим этади. Бунда таклиф қилинаётган илмий лойиҳанинг мақсадлилиги, ўзига хослиги ва танлов ташкил қилиш учун альтернатив лойиҳа таклифларини шакллантириш имкони йўқлиги ёки чегараланганлиги асослаб берилиши шарт.
Буюртмачининг ўрганишлари ва хулосаси асосида танлов ўтказиш имкони бўлган топшириқларга тематик илмий лойиҳалар шакллантирилиб, танловга қўйилиши мумкин.
27. Буюртмачи мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини тегишли илмий кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра танловдан ташқари молиялаштиришга йўналтиради.
28. Ариза берувчи (бенефициар) мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантиришда ва амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича таклифлар учун жавобгардир.
29. Буюртмачи таклиф(лар) қабул қилинган санадан бошлаб ўттиз кун давомида келиб тушган таклифларнинг йиғма рўйхатини шакллантиради, такрорланишларининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, амалга оширилаётган ва аввал амалга оширилган лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда тегишли илмий кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра молиялаштиришга тавсия беради.
30. Мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш жараёнига зарур ҳолларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг тегишли мутахассислари, шу жумладан хорижий экспертлар ҳам жалб этилиши мумкин.
31. Буюртмачи лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий имконият мавжуд бўлганда, маблағлар лимитини ошириш ёки маблағларни тадқиқот йўналишлари ўртасида қайта тақсимлаш ҳуқуқига эга.
Қабул қилинган барча турдаги лойиҳа ҳужжатларининг молиявий-иқтисодий экспертизаси Буюртмачи томонидан амалга оширилади.
Молиявий-иқтисодий экспертиза лойиҳа фан йўналиши бўйича тегишли илмий-техник кенгаш томонидан молиялаштиришга тавсия этиш тўғрисидаги баённома Буюртмачига тақдим этилган кундан бошлаб ўн иш кунида амалга оширилади.
Молиявий-иқтисодий экспертизадан ўтмаган лойиҳалар кейинги босқичга ўтказилмайди ва молиялаштирилмайди.
3-§. Ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш тартиби
32. Ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳалари илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолиятини амалга оширувчи бошқа манфаатдор ташкилотларнинг асосланган таклифлари асосида илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларига мувофиқ шакллантирилади, тегишли илмий-техник кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра танловларсиз молиялаштирилади.
Буюртмачи устувор йўналишларга мувофиқ ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларига эълон беради.
Эълон бўйича ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларига талаб этиладиган ҳужжатлар Буюртмачининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва унда лойиҳа талабномаларини қабул қилиш муддатлари, амалга ошириш муддатлари ва лойиҳаларни амалга оширишдан кутилаётган натижалар кўрсатилган бўлиши зарур.
33. Ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича лойиҳа талабномалари Буюртмачи томонидан белгиланган талаблар ва шаклларга мувофиқ тақдим этилади.
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш ушбу Низомга 3-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
34. Ташаббускор лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари тадқиқот турлари бўйича ишларни бажариш муддатига қўйиладиган талабларни ҳисобга олган ҳолда, асослантирилган календарь иш режаларига мувофиқ белгиланади.
35. Ташаббускор лойиҳаларни молиялаштириш ҳажми лойиҳани амалга оширувчи ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китоблар ва молиявий режалар асосида белгиланади.
36. Илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан тақдим этилган ташаббускор лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари ва молиялаштириш ҳажми лойиҳа талабномаларининг ўтказилаётган экспертизаси натижаси бўйича тегишли илмий-техник кенгашлар ва буюртмачининг қарори билан ўзгартирилиши мумкин.
37. Амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш учун ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларининг талабномалари илмий фаолият субъектлари ва саноат ҳамкорлари билан биргаликда тақдим этилиши мумкин.
Бундай аризада саноат ҳамкори томонидан қўшма (улушли) молиялаштириш ҳажми, шу жумладан қўшма молиялаштириш харажатлари турлари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.
38. Буюртмачи берилган эълонга кўра, тадқиқот йўналишларига кўра ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича келиб тушган лойиҳаларни қабул қилади, уларнинг техник экспертизасини ўтказади ва ҳузуридаги илмий-техник кенгашларда лойиҳанинг илмий экспертизани ва очиқ муҳокамаси ташкил этади.
4-боб. Давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳа таклифларини қабул қилиш, эълон ва танловларни ташкил этиш тартиби
39. Буюртмачи:
тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларига мунтазам равишда танлов эълон қилади ва тегишли илмий-техник кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра энг мақбул лойиҳалардан бирини танлаб, молиялаштиришга тавсия этади;
мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларига таклиф қабул қилади, тегишли илмий-техник кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра танловсиз молиялаштиришга тавсия этади;
илм-фаннинг устувор йўналишлари бўйича ташаббускор лойиҳаларга эълон беради ва тегишли илмий-техник кенгашда илмий экспертиза ва лойиҳанинг очиқ муҳокамаси натижасига кўра танловсиз молиялаштиришга тавсия этади.
40. Ташаббускор лойиҳаларга эълон ва тематик лойиҳалари танлов талаблари Буюртмачининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда лойиҳа талабномаларини қабул қилиш муддатлари, лойиҳа мавзуларининг номи, амалга ошириш муддатлари ва лойиҳаларни молиялаштиришнинг прогноз миқдори, лойиҳаларни амалга оширишдан кутилаётган натижалар, лойиҳаларни амалга ошириш бўйича топшириқни ўз ичига олган маълумотлар кўрсатилади.
Мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чиқарилган топшириқларнинг асосланганлигига қараб, танловлар ўтказилиши ёки танловларсиз молиялаштириш учун коллегиал органга хулоса берилиши мумкин.
41. Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, Буюртмачининг талаблари ва танлов ҳужжатларига мувофиқ илмий фаолият субъектлари, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун лойиҳа ҳужжатлари тўплами билан лойиҳалар танловида қатнашиш, ҳужжатлар тўпламини эълонда белгиланган муддатларга мувофиқ тақдим этиш ҳуқуқига эга.
42. Лойиҳа талабномаси таркибидаги ҳужжатларнинг асосий рўйхати ва уларни расмийлаштириш (тўлдириш) ва тақдим этиш тартиби Буюртмачи томонидан тасдиқланади ҳамда Буюртмачининг расмий веб-сайтида ва зарур ҳолларда, бошқа оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.
43. Лойиҳа талабномалари Буюртмачи томонидан эълон қилинган ҳужжатлар эълон ёки танлов шартларида белгиланган санага қадар қабул қилинади.
44. Буюртмачи илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича келиб тушган барча лойиҳани рўйхатдан ўтказади ва уларга рўйхатга олиш рақамларини беради ҳамда техник экспертизадан ўтказади. Техник талабларга мос лойиҳалар илмий экспертиза ва очиқ муҳокама ўтказиш учун буюртмачи ҳузуридаги тегишли илмий-техник кенгашларга йўналтирилади.
45. Ёпиқ мавзудаги (махсус йўналишдаги) илмий-тадқиқот лойиҳаларига эълон ва танловлар давлат буюртмасига қўйилган талаблар доирасида махфий иш юритиш талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Ёпиқ илмий-тадқиқот лойиҳаларига эълон ва танловлар очиқланмайди. Танловда иштирок этиш учун таклифлар лойиҳа талабномалари, олдиндан белгиланган ижрочи ташкилот бўлмаган тақдирда, буюртмачи томонидан махсус алоқа каналлари орқали қабул қилишнинг тегишли даражасига эга ташкилотларга юборилади.
46. Халқаро битимлар доирасида амалга ошириладиган тематик ёки ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларига эълон ва танловлар ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.
5-боб. Давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳалари талабномаларига қўйиладиган талаблар
47. Лойиҳа талабномасида лойиҳани амалга оширадиган илмий жамоа таркибига киритилган ижрочилар сони, шунингдек, лойиҳанинг асосий ижрочилари тўғрисида тўлиқ маълумотлар кўрсатилиши керак.
48. Лойиҳани амалга ошириш бошланган вақтда тузилган илмий жамоанинг ўртача ёши, қоида тариқасида, 45 ёшдан ошмаслиги керак. Тадқиқот гуруҳининг ўртача ёши ижрочилар ёшининг арифметик ўртача даражаси сифатида ҳисобланади.
49. Академик ва илмий алмашинувни рағбатлантириш, академик ҳаракатчанлик ва ҳамкорликни ривожлантириш учун 45 ёшгача бўлган ёш олимларнинг миллий (республика) илмий ва хорижий таълим муассасаларига қисқа ва узоқ муддатли хизмат сафарлари (жумладан илмий анжуманларда иштирок этиш) лойиҳа талабномаларга киритилиши мумкин.
Хизмат сафарининг мақсади илмий-тадқиқот лойиҳаси календарь режасига мос келиши ва лойиҳа кўрсаткичларининг бажарилишига хизмат қилиши лозим.
50. Фундаментал илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун лойиҳа талабномасига қўйиладиган асосий талаб илмий жамоа ва лойиҳани амалга оширувчи ташкилотнинг фалсафа доктори ёки фан доктори илмий унвони бўйича илмий гуруҳ аъзоларидан камида биттаси томонидан илмий диссертация тайёрлаш ва ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборат бўлиши лозим.
51. Амалий ва инновацион лойиҳаларни амалга оширишда саноат ёки тармоқ томонидан ҳамкорликда молиялаштиришга қизиқиш бўлган тақдирда, лойиҳа талабномаларига саноат ёки тармоқ ҳамкори тўғрисидаги маълумот ва унинг молиявий иштироки (ҳамкорликда молиялаштириш) ҳажми ва турларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши керак.
52. Ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, шунингдек, илмий изланувчилар институтини ривожлантириш учун илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун илмий-тадқиқот гуруҳига илмий стажёр лавозими киритилиши лозим.
53. Ижрочи ташкилотлар лойиҳани тўлиқ ёки қисман амалга ошириш учун хорижий олимларни ва хорижий илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлайдиган мутахассисларни, таълим муассасаларини, ташкилотларни ва тадбиркорлик субъектларини жалб қилиши мумкин.
54. Ҳар бир лойиҳа талабномаси Буюртмачи томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган шаклларга мувофиқ тузилган қуйидаги ҳужжатларни ўз ичига олиши зарур:
илмий-тадқиқот гуруҳининг таркиби ҳар бир лавозимга талаблар тавсифи билан;
лойиҳа маблағларининг илмий-тадқиқот лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурс базасини (бинолар, жиҳозлар, инвентарлар, дастурий таъминот, маълумотлар базалари, маълумот манбалари ва бошқалар) шакллантиришга йўналтирилганлиги (камида 40 фоиз миқдорида), илмий жамоа учун яратиб бериладиган шарт-шароитлар мавжудлигини кўрсатувчи маълумотлар;
ушбу ишларни амалга ошириш билан шуғулланадиган тадқиқот гуруҳи аъзолари билан ишлашнинг кетма-кетлигини тавсифловчи календарь режа;
харажатлар йўналишлари кўрсатилган, зарур молиялаштириш ҳажми ва муддатларини акс эттирувчи молиявий режа ва ҳисоб-китоблар;
тадқиқотнинг кутилаётган натижаларини қўллаш соҳаси кўрсатилган ҳолда унинг асосий натижалари тавсифи.
55. Лойиҳа ва тадқиқот турига қараб, лойиҳа талабномалари таркибига қўйиладиган талабларнинг тўлиқ рўйхати Буюртмачи томонидан белгиланади, тасдиқланади ва расмий веб-сайтида ва зарур ҳолларда, бошқа оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.
6-боб. Лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш ва лойиҳа талабномаларини танлов асосида саралаб олиш тартиби
1-§. Лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш ва лойиҳа талабномаларини танлов асосида саралаб олишга қўйилган умумий талаблар
56. Тематик лойиҳалар танловига ҳужжатлар топшириш муддатининг охирги санасигача танлов ҳужжатларида белгиланган талабларга жавоб берадиган камида иккита лойиҳа талабномаси келиб тушган бўлса, танлов ҳақиқий деб ҳисобланади. Бу ҳолда лойиҳа талабномалари экспертиза ва кейинги танлов учун юборилади.
57. Агар танловда битта иштирокчи қатнашган бўлса ёки ҳеч ким қатнашмаган бўлса, у ҳолда танлов бўлмаган деб ҳисобланади. Бу ҳолда Буюртмачи ушбу лойиҳа бўйича бир хил шартлар ва талаблар асосида қайта танлов ўтказиши шарт.
58. Агар лойиҳаларнинг техник экспертизаси натижаларига кўра, Буюртмачи барча лойиҳаларни рад этса ёки битта ҳужжат талабномаси танлов ҳужжатлари талабларига жавоб берса, танлов бўлмаган деб топилади ва қайта танлов эълон қилинади.
59. Танлов ҳужжатлари шартларини ўзгартирмасдан, қайта танловда янги таклифларни қабул қилиш муддати камида ўн иш куни деб белгиланади. Агар қайта танловга муқобил лойиҳа талабномаси келиб тушмаса, дастлабки босқичда танловга келиб тушган битта лойиҳа Буюртмачи томонидан суҳбат асосида аризачи билан музокара ўтказилиб, ижобий хулоса натижасига кўра белгиланган тартибда кейинги босқичга йўналтирилади.
60. Олинган лойиҳа талабномаларининг экспертизаси Буюртмачи томонидан ташкил қилинади. Бунда дастлаб техник ва кейинчалик илмий экспертизани ўтказиш йўли билан якуний хулоса шакллантирилади.
2-§. Лойиҳа ҳужжатларининг техник экспертизаси
61. Қабул қилинган барча турдаги лойиҳа ҳужжатларининг техник экспертизаси Буюртмачи томонидан амалга оширилади. Техник экспертизани ўтказиш муддати лойиҳа талабномалари учун ҳужжатларни қабул қилиш тугаган кундан бошлаб ўн беш кундан ошмаслиги керак.
62. Техник экспертиза тақдим этилган ҳужжатларнинг Буюртмачи томонидан тасдиқланган талабларга мувофиқлигини, шунингдек, лойиҳа ҳужжатларига кўра тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилишда хатоларни аниқлаш мақсадида амалга оширилади.
63. Техник экспертиза қуйидаги тартибларни ўз ичига олади:
талабномага илова қилинган шаклларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини, зарур имзо, муҳр ва штампларнинг мавжудлигини текшириш;
илгари топширилган лойиҳа талабномасига ўхшаш ёки шу мавзуда бажарилган лойиҳаларнинг мавжудлиги ва лойиҳа талабномаларининг такрорланишини аниқлаш;
тақдим этилган молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар мавжудлигини ўрганиш;
лойиҳа талабномасига кўра, ҳар тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларни текшириш, техник хатолар ва ноаниқликлар йўқлигини текшириш.
64. Лойиҳа ҳужжатлари бўйича техник экспертизанинг ижобий хулосаси бўлган тақдирда, ҳужжатлар тўплами Буюртмачи томонидан илмий экспертизани ўтказиш учун Буюртмачи ҳузуридаги фан йўналишлари бўйича тегишли илмий-техник кенгашларга юборилади.
65. Лойиҳа ҳужжатлари бўйича техник экспертизанинг салбий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, Буюртмачи лойиҳани тақдим этган муассасага (ташкилотга) бу ҳақда ёзма равишда маълум қилади. Буюртмачи томонидан камчиликларни бартараф этиш учун уч иш кунидан кам бўлмаган муддат белгиланади.
Буюртмачи лойиҳа талабномада кўрсатилган тартибда асослантирилган хулосани тегишли ташкилотга (муассасага) етказади.
Агар лойиҳа тақдим этган ташкилот (муассаса) Буюртмачи томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан асослантирилган таклифларни белгиланган муддатда тақдим этмаса, лойиҳа кўриб чиқиш жараёнидан олиб ташланади ва илмий экспертизадан ўтказилмайди. Мазкур ҳолатда лойиҳа ҳужжатлари уни тақдим этган ташкилотга (муассаса) қайтариб юборилмайди ҳамда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Буюртмачида сақланади. Лойиҳани тақдим этган ташкилот (муассаса)нинг ёзма мурожаатига асосан лойиҳа ҳужжатлари Буюртмачи томонидан қайтарилиши мумкин.
66. Танловга битта лойиҳа тақдим этилган ҳолларда лойиҳаларни алоҳида тартибда кўриб чиқиш учун Буюртмачининг буйруғига биноан Буюртмачининг таркибий бўлинмаларининг масъул ходимларидан камида беш кишидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилади.
Ишчи гуруҳ беш иш куни ичида ягона иштирокчининг лойиҳасини кўриб чиқади ва унинг танлов таклифларини таққослайди.
Индивидуал тартибда кўриб чиқилаётган лойиҳа ушбу мавзу бўйича илмий изланишларнинг ҳозирги босқичида талабга эга бўлиши, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг, шу жумладан тижоратлаштириш имкониятига эга бўлган якуний тайёр маҳсулот технологияларига йўналтирилган лойиҳаларнинг эҳтиёжларига жавоб бериши керак.
Текшириш натижаларига кўра, ишчи гуруҳ лойиҳани илмий-техник кенгашда кўриб чиқиш учун асос бўлган тегишли баённи тасдиқлайди.
3-§. Лойиҳаларнинг илмий экспертизаси
67. Давлат буюртмаси асосида бажариладиган илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасидаги илмий лойиҳалар давлат илмий экспертизасидан ўтказилиши шарт.
68. Лойиҳа талабномаларининг илмий экспертизаси икки босқичда ўтказилади:
биринчи босқичда ҳар бир лойиҳа талабномаси Буюртмачи томонидан мустақил экспертларни, шу жумладан хорижий экспертларни жалб этган ҳолда экспертиза қилинади;
иккинчи босқичда ҳар бир лойиҳа талабномаси фан йўналишлари бўйича тегишли илмий-техник кенгашлар (ИТК) томонидан очиқ муҳокамадан ўтказилади.
69. Илмий экспертиза лойиҳанинг илмий янгилиги ва амалий аҳамиятини, уни техник жиҳатдан амалга ошириш имкониятларини, шу жумладан моддий-техник базанинг етарли эканлиги, илмий салоҳиятнинг ва илмий жамоанинг илмий натижалари мавжудлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.
70. Илмий экспертиза қуйидаги тамойилларга асосланган ҳолда амалга оширилади:
экспертларнинг мустақиллиги;
илмий лойиҳани илмий ёндашув асосида, холис, тўлиқ ва ҳар томонлама ўрганиш;
экспертиза натижаларининг асослантирилганлиги;
экспертларнинг чуқур билимга эгалиги, юқори даражада профессионал ва касбий маҳоратга эгалиги;
давлат, хизмат ва тижорат сирларига риоя қилган ҳолда экспертиза натижаларининг очиқлиги;
жамоат, техника ва экологик хавфсизликка, миллий ва халқаро стандартларга риоя қилиш.
71. Илмий экспертизани амалга ошириш жараёнида унинг натижаларидан шахсан манфаатдор бўлган жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг қатнашишига йўл қўйилмайди.
72. Илмий экспертиза муддати Буюртмачи томонидан ИТКга лойиҳа келиб тушган санадан бошлаб бир ойдан ошмаслиги керак.
73. Лойиҳа талабномаларининг илмий экспертизаси икки босқичда ўтказилади.
74. Илмий экспертизанинг биринчи босқичида лойиҳа талабномаси келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида иккита эксперт бўйича таклиф Буюртмачига киритилади. Буюртмачи томонидан экспертлар рўйхатга олингандан сўнг, экспертларга лойиҳалар кўриб чиқиш ва баҳолаш учун тақдим қилинади.
Экспертларга қўйиладиган талаблар, уларни танлаш ва экспертизага тайинлаш тартиби Буюртмачи томонидан белгиланади.
75. Илмий экспертизанинг биринчи босқичида экспертлар лойиҳа талабномасини бир ой муддатда кўриб чиқади. Экспертиза натижаларига кўра, ҳар бир эксперт лойиҳа бўйича ўзининг эксперт хулосасини беради ва уни 100 баллик шкала бўйича баҳолайди, бунда 0 балл — энг паст кўрсаткич, 100 балл — энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Бунда агар бир лойиҳа бўйича икки эксперт баҳоларидаги фарқ 25 баллдан юқори бўлса, экспертиза натижаларини аниқлаштириш мақсадида учинчи эксперт қўшимча экспертиза учун тайинланади.
Лойиҳа талабномасининг якуний эксперт баҳоси барча эксперт баҳоларининг ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади.
Илмий экспертизанинг биринчи босқичи натижалари Буюртмачи томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган эксперт хулосалари илмий экспертизанинг иккинчи босқичини ўтказиш учун ИТКга юборилади.
Илмий экспертизадан ўтмаган лойиҳалар ИТК томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган баённома ва эксперт хулосалари билан бирга Буюртмачига қайтарилади. Буюртмачи асослантирилган рад этиш хулосасини лойиҳа раҳбарларига интерфаол хизмат орқали билдириш учун электрон платформага жойлаштиради.
76. Илмий экспертизанинг иккинчи босқичида лойиҳалар ИТК йиғилишида очиқ муҳокама (тақдимот) шаклида кўриб чиқилади. Илмий лойиҳанинг раҳбари илмий лойиҳа тақдимоти билан ИТК йиғилишларида қатнашади. ИТК аъзолари тадқиқот лойиҳаси ва лойиҳани қўллаш мавзуси бўйича саволлар бериш ҳуқуқига эга.
77. Тақдимот ва очиқ муҳокаманинг натижаларига кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга ИТК аъзолари лойиҳа талабномасини 100 балл тизимидан фойдаланган ҳолда баҳолайди, бунда 0 балл энг паст баҳо ва 100 балл энг юқори баҳо ҳисобланади. ИТК аъзоларининг баҳолари йиғилиш баённомасида қайд этилади. ИТК томонидан лойиҳа таклифининг якуний баҳоси ИТК аъзолари баҳоларининг ўртача арифметик қиймати билан белгиланади.
Лойиҳа талабномасини баҳолаш жараёнида лойиҳани амалга оширишни режалаштирилаётган тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари ва аъзоларининг қатнашишига йўл қўйилмайди.
78. ИТК йиғилишининг қоидалари ва қарорларини қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги илмий-техник кенгашлар тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.
79. ИТК томонидан якуний баҳоси 60 ва ундан юқори балл бўлган тақдирда, лойиҳа талабномаси илмий экспертизанинг иккинчи босқичидан ўтган деб ҳисобланади.
80. Ҳар бир лойиҳа талабнома бўйича илмий экспертиза якунлангач, ИТК хулоса ва тавсиялар беради. ИТК қарорлари ва хулосалари йиғилиш баёни шаклида тузилиб, раис томонидан тасдиқланади.
81. ИТК аъзоси баҳолаш жараёнида кўпчиликнинг фикрига қўшилмаса, ўзининг алоҳида фикрини билдиришга ҳақли. ИТК аъзосининг алоҳида фикри йиғилиш баённомасига киритилади.
82. ИТК ўхшаш мавзулар ва йўналишлар бўйича бирлаштирган, уларни бажариш жараёнини мақбуллаштириш мақсадида иш ҳажми ва харажатларни аниқлайдиган режалаштирилган ишларни тўғрилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши мумкин.
83. ИТК экспертизаси натижалари таҳлил қилиниб, умумлаштирилганидан сўнг ўн кун ичида коллегиал органга кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Коллегиал орган лойиҳа буюртмаларини тўғри ва холис баҳолаганлигини текшириш мақсадида қўшимча экспертиза ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Қўшимча экспертиза ўтказиш тартиби коллегиал орган томонидан тасдиқланади.
Коллегиал орган ИТК раисларини қабул қилинган қарорларга тушунтириш беришни сўраб муҳокамага таклиф қилишга ҳақли.
Зарур ҳолларда, лойиҳа талабномаси илмий экспертиза жараёнида ишлаб чиқилган хулоса ва тавсиялар асосида, шунингдек коллегиал органнинг кўрсатмасига мувофиқ ИТК томонидан қайта ишланиб, унинг мавзуси ва таркибига қисман ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тавсиялар билан Буюртмачига тақдим этилиши мумкин.
Бунда ИТК томонидан бир маротаба лойиҳа раҳбарига уч иш куни ичида тегишли ўзгартиришлар қилишга рухсат берилади, ўзгартирилган лойиҳа қайта экспертиза ва муҳокамадан ўтказилади. ИТК баёнида ва унинг қарор қисмида лойиҳа талабномасини қайта ишлаш билан боғлиқ барча жараёнлар тўлиқ асослантирилиши лозим.
84. Ижобий баҳоланган ва молиялаштиришга тавсия этилган илмий-тадқиқот лойиҳаларининг якуний рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор коллегиал орган томонидан ҳужжатлар тақдим этилган санадан бошлаб ўн иш куни мобайнида қабул қилинади.
85. Ижобий баҳоланган лойиҳаларни тасдиқлаш бўйича коллегиал орган йиғилишида низо юзага келган тақдирда, коллегиал орган қарори билан лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашида кўриб чиқиш учун йўналтирилиши ва бунда ИТК раиси томонидан тақдимот ўтказилиши мумкин. Жамоатчилик кенгаши бир ой муддатда лойиҳа бўйича, шу жумладан лойиҳаларни молиялаштириш ёки молиялаштиришни рад этиш бўйича ўз тавсияларини коллегиал органга тақдим этади.
86. Буюртмачи коллегиал орган қарори қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн беш кун муддатда илмий-тадқиқот лойиҳасининг ижрочи ташкилоти билан белгиланган тартибда шартнома имзолаши зарур.
Шартномада молиялаштириш шартлари ва томонларнинг мажбуриятлари назарда тутилиши лозим.
Шартномаларнинг намунавий шакллари, шу жумладан илова қилинган шакллар, жадваллар ва бошқа материаллар буюртмачи томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
7-боб. Лойиҳалар бўйича ўтказиладиган илмий экспертизани баҳолаш мезонлари
87. Давлат буюртмасини амалга ошириш доирасида илмий-тадқиқот лойиҳалари танловига тақдим этилган лойиҳа талабномасининг илмий-техник даражасини баҳолаш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:
а) фундаментал тадқиқотлар учун:
ташаббускор лойиҳаларнинг фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлиги;
лойиҳанинг мақсадли танлов мавзуси ва шартларига мувофиқлиги;
мавзунинг долзарблиги, тадқиқотнинг янгилиги ва ушбу йўналишда илмий натижаларнинг мавжудлиги ва даражаси ҳамда янги билимларни олиш, янги назариялар, усуллар, тушунчаларни яратишга қаратилганлиги;
тадқиқот мавзуси бўйича зарур илмий салоҳият ва илмий маълумотларнинг мавжудлиги (юқори малакали олимлар жамоаси, сўнгги беш йил ичида нашр этилган илмий нашрларнинг сони ва сифати, патентларнинг мавжудлиги, етакчи миллий ва хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликнинг мавжудлиги ва бошқалар);
лойиҳа ижрочилари таркибида 35 ёшгача бўлган ёш олимларнинг мавжудлиги, уларнинг сони ва сифат хусусиятлари;
зарур моддий-техник базадан (бинолар, жиҳозлар, инвентарлар, дастурий таъминот, маълумотлар базаси, ахборот ресурслари ва бошқалар) фойдаланиш имконияти;
б) амалий лойиҳалар учун:
тадқиқотнинг илмий янгилиги, амалий муаммоларни ҳал қилиш учун янги усулларни ўрганишнинг кутилаётган самараси;
тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш имконияти, шу жумладан саноат ҳамкори ва лойиҳани амалга оширишдаги томонлар ҳиссасини баҳолаш;
лойиҳани амалга ошириш натижасида кутилаётган натижалар: илмий-техник ҳужжатлар тўпламини (технологик ёки лаборатория регламентлари, техник паспорт, техник шартлар, лойиҳалаш ҳужжатлари ва бошқалар), экспериментал (лаборатория, ишлаб чиқариш, клиник) синовларни ўтказиш учун янги ёндашувлар ва усулларни ишлаб чиқиш;
зарур салоҳият — илмий (ушбу масала бўйича юқори малакали олимлар жамоаси) ва моддий-техник ресурслар (асбоблар, ускуналар, материаллар ва бошқа воситалар)нинг мавжудлиги;
лойиҳа ижрочилари таркибида 35 ёшгача бўлган ёш олимларнинг мавжудлиги (докторантлар, мустақил изланувчилар, магистрлар, бакалаврлар);
лойиҳа ижрочиларининг илмий салоҳияти: илмий нашрларнинг мавжудлиги (хорижий нашрларда мақолалар, патентлар ёки бошқа илмий ҳужжатлар, монографиялар, ўқув қўлланмалари, дастурий маҳсулотлар), шунингдек, сўнгги беш йил ичида нашр этилган халқаро ва миллий конференцияларда илмий мақола ва тезислар;
в) инновацион лойиҳалар учун:
лойиҳани амалга оширишдан кутилаётган натижалар: импорт ўрнини босувчи ёки экспортга йўналтирилган юқори технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш (тайёрлаш) учун илмий-техник ҳужжатларни ишлаб чиқишни (тасдиқлаш) режалаштириш;
лойиҳани тижоратлаштириш истиқболлари ва саноат ҳамкори даражасини ва лойиҳани амалга оширишга қўшган ҳиссасини баҳолаш (маҳсулот маълум бир истеъмолчи учун мос бўлган бозорга кириш ва аниқ истиқболга эга бўлиши керак);
инновация объектига талаб даражаси: маҳсулотга (технология, ишланма) талаб — саноат ҳамкори ва (ёки) бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лойиҳани амалга ошириш учун шарт-шароитларни яратишда кафолатлар мавжудлиги (лойиҳани амалга оширишга қизиқиш, зарур материаллар ёки бошқа манбаларни тақдим этишда иштирок этиш);
муҳофаза қилинадиган ҳужжатларнинг мавжудлиги: патент (дастурий маҳсулот учун гувоҳнома) ва таклиф қилинаётган маҳсулот (технология) учун илмий-техник ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами ёки техник регламент, синов сертификати, техник шартлар, эълон қилинган илмий мақолалар, патентга (дастурий маҳсулотга) топширилган талабнома (сертификат) ва ишлаб чиқарилган лаборатория регламентлари, лаборатория синовлари;
лойиҳа ижрочиларининг тегишли илмий-техник ёки инновацион фаолият ва тажриба-конструкторлик ишлари бўйича амалий тажрибасининг мавжудлиги: маҳсулот тажриба намунасининг мавжудлиги, ишлаб чиқариш режалаштирилаётган маҳсулотнинг илмий-техник ёки ишчи тажриба-технологик ҳужжатлари ва/ёки маҳсулотнинг лаборатория, тажриба намунасининг мавжудлиги;
ишлаб чиқариш базасининг технологик жиҳатдан таъминланганлик даражаси: ишлаб чиқариш базаси, асбоблар, ускуналар ва бошқа зарур инфратузилма мавжудлиги ёки режалаштирилаётганлиги (лойиҳани амалга ошириш пайтида), шунингдек, маҳаллий ресурслар (хом ашё ва бутловчи қисмлар) билан таъминланганлиги (мавжудлиги).
8-боб. Илмий-тадқиқот лойиҳаларини давлат буюртмаси асосида молиялаштириш
88. Давлат буюртмаси асосида илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ажратилган ҳамда ушбу мақсадлар учун жалб қилинган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Бунда тармоқ ва саноат корхоналари муаммоларини ҳал этишга қаратилган давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳалари тармоқ ва саноат корхоналари билан келишувлар асосида шерикликда молиялаштирилиши мумкин.
Давлат буюртмаси асосида илмий-тадқиқот лойиҳаларни молиялаштириш тегишли молия йилидан бошлаб қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Илмий-тадқиқот лойиҳалари Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъатининг тегишли қарорлари асосида Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) орқали молиялаштирилади;
Ҳар бир илмий-тадқиқот лойиҳасини молиялаштириш учун алоҳида шахсий ҳисобварақ очилади;
Ижрочи ташкилот томонидан ҳар бир илмий-тадқиқот лойиҳалар бўйича белгиланган тартибда харажатлар сметаси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
89. Ҳар бир илмий-тадқиқот лойиҳаси ҳамда ҳисоботларни (оралиқ ва якуний) мустақил экспертлар томонидан илмий экспертизадан ўтказилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмига тенг ҳажмда гонорар тўланади.
90. Лойиҳа доирасида ажратилган маблағлар илмий изланишлар олиб боришга, шунингдек, иш ҳақидан ташқари, умумий маблағнинг камида 40 фоизи илмий асбоб-ускуналар, хом ашёлар ҳамда бошқа зарур материалларни харид қилиш ва моддий-техника базасини ривожлантириш билан боғлиқ бошқа харажатларга йўналтирилиши лозим, бунда фундаментал, шунингдек, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги лойиҳаларда мазкур миқдор 20 фоизгача камайтирилиши мумкин.
8 1 -боб. Давлат илмий дастурлари доирасида амалга ошириладиган илмий лойиҳалар харажатларини режалаштириш тартиби
90 1 . Лойиҳа илмий раҳбари бошқа жойга ишга ўтган ҳолларда лойиҳанинг амалга оширилиш жойи (ижрочи ташкилот) ўзгартирилмайди.
90 2 . Харажатлар калькуляциясини тузишда харажатларнинг умумий молиявий ҳажми лойиҳа бажарилишининг бутун даври учун шу жумладан, ҳар бир молиявий йил кесимида алоҳида жадвалларда кўрсатилади.
90 3 . Лойиҳаларни амалга ошириш учун харажатлар калькуляцияси қуйидагича режалаштирилади:
иш ҳақи тўловлари;
иш ҳақига тенглаштирилган тўловлар;
ягона ижтимоий тўлов;
бошқа харажатлар шу жумладан, илмий хизмат сафарлари харажатлари ҳамда асосий воситаларни сотиб олиш харажатлари.
90 4 . Меҳнатга ҳақ тўлаш фондини шакллантиришда:
лойиҳани бажаришда иштирок этувчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари раҳбар, илмий ва ишлаб чиқариш ходимларига белгиланган тегишли базавий лавозим маошлари асосида, ёрдамчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тегишли нормативлар ҳамда вақтинчалик пудрат шартномалари асосида ҳисобланган иш ҳақи тўловлари;
иш ҳақини минтақавий тартибга солиш ҳисобига, шу жумладан, чўл, сувсиз ва баланд тоғли ҳудудларда ишлаш учун минтақавий коэффициентлар бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тўловлар;
ҳомиладорлик ва туғиш даврига касаллик варақаси бўйича тўловлар (лойиҳани бажаришда қатнашувчи ташқи ўриндошларга татбиқ этилмайди);
илмий ходимлар, илмий ёрдамчи ва бошқа ходимлар учун иш ҳақи фондига киритилган ва қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тўлов турлари лойиҳани бажариш учун ажратилган маблағлар доирасида ҳисобга олинади.
90 5 . Ягона ижтимоий тўловлар иш ҳақи фондига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган миқдорда режалаштирилади.
90 6 . Сафар харажатларида, лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этувчи илмий ва илмий ёрдамчи ходимларнинг сафар харажатлари белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ акс эттирилади.
Лойиҳаларни амалга ошириш билан бевосита боғлиқ бўлган ижрочи ташкилотлар илмий ходимларининг республика доирасида ҳамда хорижий хизмат сафарлари тадбирларда иштирок этиш учун тақдим этилган асословчи ҳужжатлар ва лойиҳанинг календарь режасига мувофиқ амалга оширилади.
Хорижий хизмат сафарлари харажатларини тўлаш учун миллий валютани хорижий валютага айлантириш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.
90 7 . Бошқа харажатларнинг ҳар бир тури сарфланадиган маблағлар ва уларнинг тақсимоти харажатлар калькуляциясида алоҳида жадвалларда асослаб кўрсатилади. Харажат турлари ҳар бир лойиҳанинг мазмуни ва хусусиятидан келиб чиқиб шакллантирилади.
90 8 . Давлат бюджети ҳисобидан лойиҳаларни бажариш учун ажратилган маблағларнинг қуйидаги харажатларга сарфланиши ман этилади:
бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш;
объектларни қўриқлаш хизмати тўловлари;
транспорт воситаларини (махсус транспорт воситалари бундан мустасно), ҳашаматли юмшоқ мебеллар ва аксессуарларни, уяли телефонларни сотиб олиш харажатлари, лойиҳа ижрочиси бўлмаган ходимларнинг хизмат сафарлари;
жамоат транспорти, махсус йўналишли транспорт воситалари, идоравий транспорт воситаларида иш жойига қатнаш учун йўл ҳақини тўлаш;
даволаниш ва дам олиш, экскурсиялар ва саёҳатлар, спорт секциялари, тўгараклар, клублардаги тадбирлар, маданий-кўнгилочар ва жисмоний тарбия (спорт) тадбирларига ташрифлар ҳамда шахсий истеъмол молларини сотиб олиш харажатлари;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириладиган, шунингдек ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш ҳамда жорий харажатларини қоплаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ижрочи ташкилотларда устама харажатлар.
90 9 . Лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратилган молиявий маблағлар Коллегиал орган қарорига мувофиқ Буюртмачи буйруғи билан тасдиқланади.
90 10 . Буюртмачининг Коллегиал орган қарорига мувофиқ қабул қилинган буйруғи асосида давлат илмий дастурларини бажаришга Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар бўйича харажатлар сметаси доирасида ижрочи ташкилотларга ажратилган маблағлар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида ҳар бир ижрочи ташкилот учун (инновацион, амалий ва фундаментал лойиҳалар бўйича) очилган шахсий ғазна ҳисобварағи орқали молиялаштирилади.
90 11 . Лойиҳалар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фақат юридик шахс мақомига эга бўлган ташкилотлар орқали молиялаштирилади.
90 12 . Давлат илмий дастурларини бажариш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар бўйича харажатлар сметаси ижрочи ташкилотлар бўйича барча илмий лойиҳаларнинг умумий суммаси Бюджет тизими бюджетлари иқтисодий харажатлар таснифининг бир сатрида — 42 99 990 (Товар ва хизматлар сотиб олиш бўйича бошқа харажатлар) моддаси орқали акс эттирилган ҳолда тузилади ва молиялаштирилади.
90 13 . Лойиҳаларни Давлат бюджетидан молиялаштиришни муддатидан олдин тўхтатиш Илмий-техник кенгашнинг ушбу лойиҳаларни молиялаштиришни давом эттириш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги хулосаларига асосан Буюртмачининг қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Буюртмачининг қарорига асосан лойиҳаларни бажариш муддати узайтирилиши ҳамда молиялаштириш ҳажмига ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Бунда узайтирилган муддатда амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларининг календарь режаси қўшимча шартнома билан тасдиқланади.
90 14 . Лойиҳаларни молиялаштириш муддатидан олдин тўхтатилганда, лойиҳа учун ажратилган маблағларнинг фойдаланилмаган қолдиқ суммаси ижрочи ташкилотларнинг шахсий ғазна ҳисобварағидан белгиланган тартибда чегирилади.
Тўхтатилган лойиҳалар шунингдек, тегишли молия йилида лойиҳалар бўйича сарф этилмаган маблағлар Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади.
90 15 . Лойиҳаларга ажратилган маблағлар ҳисобидан харид қилинган барча асосий воситалар ижрочи ташкилотларнинг балансида қайд этилади ва уларнинг мулки ҳисобланади.
90 16 . Лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган бюджет маблағларидан ўз вақтида ва мақсадли фойдаланиш бўйича жавобгарлик ижрочи ташкилотлар раҳбарлари ва бош ҳисобчилари, шунингдек, лойиҳа раҳбарлари зиммаларига юклатилади.
90 17 . Лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича давлат молиявий назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.
9-боб. Давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳаларини мониторинг қилиш
91. Давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳалари мониторинги уларнинг тасдиқланган режасига кўра бажарилишини, молиявий маблағларнинг мақсадга мувофиқ сарфланишини, белгиланган муддатларда ҳисоботлар тақдим этилишини ва олинган натижаларнинг самарадорлигини баҳолашни ўз ичига олади.
Давлат буюртмаси асосида амалга оширилаётган илмий лойиҳаларнинг натижалари мониторинги Буюртмачи томонидан амалга оширилади.
92. Ижрочи ташкилотлар Давлат буюртмаси асосида амалга оширилган лойиҳаларнинг ҳисоботларини (оралиқ ва якуний) Буюртмачига шартномаларда белгиланган муддатларда тақдим этади.
Саноат ҳамкорлари иштирокида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича тайёрланган ҳисоботлар саноат ҳамкорлари томонидан ҳам тасдиқланган бўлиши лозим.
93. Буюртмачи ҳисоботларни қабул қилади, шунингдек, давлат буюртмасини бажариш бўйича ахборот ва бошқа таҳлилий материалларни тайёрлайди ҳамда тегишли ИТКга тақдим этади.
Ҳисоботлар ва молиявий-иқтисодий масалалар бўйича таҳлил қилиш, кўриб чиқиш ва фикр бериш буюртмачи томонидан амалга оширилади.
94. Буюртмачи фан йўналишлари бўйича илмий-техник кенгашлар билан биргаликда зарур ҳолларда мустақил эксперт ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, лойиҳаларнинг бажарилиши мониторингини амалга оширади.
Мониторинг қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
тақдим этилган ҳисоботларни экспертлар томонидан кўриб чиқиш;
ИТК йиғилишларида илмий-тадқиқот лойиҳаси раҳбари томонидан ҳисоботларни ҳимоя қилиш;
зарур ҳолларда лойиҳани бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш, бунда қуйидаги асосий жиҳатларга эътибор қаратиш:
илмий-тадқиқот ишларининг лойиҳа бўйича имзоланган шартнома ва унинг календарь режасига асосан бажарилиш ҳолати;
ижрочи ташкилот томонидан илмий-техник лойиҳанинг амалга оширилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилганлиги;
ажратилган молиявий маблағнинг мақсадли сарфланаётганлиги;
илмий лойиҳалар натижалари бўйича етакчи хорижий журналларда мақолалар чоп этиш борасида эришилган натижалар ва уларнинг мавжуд салоҳиятга нисбатан қиёсий таҳлили;
ҳар бир лойиҳа доирасида қўлга киритиладиган якуний натижалар ва уларни тижоратлаштириш имкониятлари.
95. Буюртмачи томонидан ижрочи ташкилот билан келишилган ҳолда оралиқ ҳисоботларни мониторинг қилиш ҳамда қабул қилиш жараёнида, агар саноат ҳамкори мавжуд бўлса, тадқиқот дастурига ва келишув шартларига аниқликлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
96. Белгиланган ишларнинг алоҳида босқичларининг режалаштирилган ҳажмларини ўз муддатида бажармаслик, шунингдек, ҳисоботларни топшириш муддатларини ва молиявий интизомни бузиш Буюртмачининг ташаббуси билан молиялаштиришни тўхтатилишига ва шартномани бекор қилинишига асос бўлиши ва ижрочи ташкилотга нисбатан тегишли чоралар кўришга олиб келиши мумкин.
97. Давлат буюртмаси асосида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот лойиҳалари мониторинги натижалари бўйича ИТК хулосалари Буюртмачи томонидан илмий йўналишларнинг истиқболини белгилаш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштиришни давом эттириш ёки тўхтатиш бўйича қарорлар қабул қилиш учун асос ҳисобланади.
98. Илмий-тадқиқот лойиҳасини молиялаштиришни тўхтатиш тўғрисидаги қарор коллегиал орган томонидан ИТК хулосаси асосида ёки лойиҳани амалга оширувчи ташкилот талабига биноан қабул қилинади.
99. Агар келишмовчилик ёки фарқли натижа ижрочи ташкилотга маълум бўлса, бу ҳақда беш кун ичида буюртмачига маълум қилиниши керак.
Буюртмачи тақдим этилган ҳужжатлар асосида (билдиришнома, тадқиқот лойиҳалари тўғрисидаги ҳисобот), аниқланган ўзгаришлар ёки олинган натижалар кутилганидан ўзгача бўлса, лойиҳаларни келгусида молиялаштириш ёки лойиҳанинг мақсадли параметрларини қайта расмийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади.
Буюртмачи тақдим этилган ҳужжатлар (ариза-хабарнома, ҳисобот илмий-тадқиқот лойиҳалари) асосида кутилган натижалардан фарқли ўлароқ, натижалар илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлмаганлиги аниқланган бўлса, илмий-тадқиқот лойиҳаларини молиялаштиришни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Молиялаштирилиши тўхтатилган лойиҳалардан бўшаган маблағлар мазкур лойиҳалар амалга оширилган ижрочи ташкилотда муваффақиятли амалга оширилаётган бошқа илмий лойиҳа(лар)га (бунда лойиҳанинг календарь режасига қўшимча маблағ ҳисобидан амалга ошириладиган ишларни назарда тутган ҳолда ўзгартириш киритилиши лозим) ёки янги истиқболли амалий ва инновацион лойиҳа(лар)ни, шу жумладан ижрочи ташкилот томонидан тайёрланган лойиҳа(лар)ни молиялаштиришга йўналтирилади.
Бунда янги истиқболли амалий ва инновацион лойиҳа(лар)ни амалга ошириш муддати молиялаштирилиши тўхтатилган лойиҳа(лар)нинг якунланиш муддати билан мос бўлиши лозим.
Давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг ҳисоботлари буюртмачи томонидан мажбурий электрон рўйхатга олиниши лозим.
10-боб. Давлат буюртмаси асосида амалга оширилган илмий-тадқиқот лойиҳалари натижаларини рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш тартиби
100. Давлат буюртмаси асосида амалга оширилган илмий-тадқиқот лойиҳалари натижалари ҳужжатлаштирилади ва Буюртмачига шартномага мувофиқ ГОСТ 7.32-2001 давлатлараро стандарти талабларига мувофиқ тузилган тадқиқот ҳисоботи ёки илмий-техник маҳсулотлар шаклида тақдим этилади.
101. Илмий-тадқиқот лойиҳаларининг ижрочи ташкилоти томонидан Буюртмачига қуйидагилар тақдим этилади:
илмий-тадқиқот лойиҳалари ижрочи ташкилотининг расмий бланкидаги йўлланма хати;
тадқиқот лойиҳалари ҳақида ҳисобот;
давлатлараро стандарт талабларига мувофиқ тузилган ГОСТ 7.9-95 «Хулоса ва аннотация. Умумий талаблар» реферат.
102. Илмий-тадқиқот лойиҳалари натижалари тўғрисидаги маълумот илмий-тадқиқот лойиҳалари ижрочи ташкилоти томонидан тузилган реферат шаклида давлатлараро стандарт ГОСТ 7.9-95 талабларига мувофиқ Буюртмачининг электрон маълумотлар базасига киритилади.
103. Давлат буюртмаси асосида тўлиқ амалга оширилган илмий-тадқиқот лойиҳасини қабул қилиш тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштирилади, улар томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланади ва Буюртмачи томонидан тасдиқланади.
11-боб. Давлат буюртмаси асосида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот лойиҳалари натижаларига бўлган ҳуқуқлар
104. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига илмий фаолият субъектлари томонидан олинган интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ давлатнинг илмий ва олий таълим, шунингдек, бошқа давлат муассасалари номидан, агар интеллектуал мулк объектлари муаллиф (муаллифлари) билан тузилган шартномаларда бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, давлатга тегишли бўлади.
105. Давлат илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан амалга оширилган илмий-тадқиқот фаолияти натижаларидан ва интеллектуал мулк объектларига мутлақ эгалик ҳуқуқидан олинган даромад уларнинг тасарруфига мустақил ишлатиш ҳуқуқи билан ўтказиб берилади.
Давлат учун стратегик аҳамиятга эга бўлган ёки давлат сири ҳисобланган маълумотларни қамраб олувчи интеллектуал мулк объектларини тижоратлаштириш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
12-боб. Якунловчи қоидалар
106. Давлат буюртмаси асосида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳаларининг (ёш олимлар лойиҳалари бундан мустасно) илмий раҳбарлари илмий даражага эга бўлиши шарт.
Фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларнинг ҳар бир ижрочиси фақат бир лойиҳада тўлиқ ставкада ва икки лойиҳада ўриндош сифатида иштирок этиши мумкин, бунда уларнинг умумий улуши икки тўлиқ ставкадан ошмаслиги лозим.
107. Лойиҳа раҳбарлари ижрочи ташкилотларнинг раҳбарлари билан бир қаторда лойиҳа доирасида бажариладиган тадқиқотларнинг илмий-техник савияси, ҳисоботларни белгиланган муддатларда топширилиши, шунингдек, молиявий маблағларнинг самарали ва мақсадли сарф қилиниши ҳамда танловга лойиҳаларни тақдим этишда унда келтирилган илмий янгилик, ноу-хау ва ғояларни экспертиза жараёнларида очиқ муҳокамага қўйишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида ижрочи ташкилот ваколатли тузилмасининг (хизматининг) хулосасини илова қилинишига шахсан жавобгар бўлади.
108. Ижрочи ташкилот лойиҳаларни амалга ошириш учун тегишли шарт-шароитлар яратади, ҳисоботларни илмий ёки илмий-техник кенгашда муҳокама қилади, лойиҳа раҳбарининг таклифига кўра, тадқиқотларнинг сифатли бажарилишини таъминлаш учун «вақтинчалик илмий жамоа» ташкил этади. Жамоага бошқа ташкилотларнинг ходимлари ҳам аъзо бўлиши мумкин. Ташкилот раҳбари лойиҳа раҳбарини жамоа раҳбари этиб тасдиқлайди.
109. Ижрочи ташкилот лойиҳа илмий раҳбари узоқ муддатга бетоблиги сабабли иш қобилиятини йўқотган, доимий истиқомат қилиш учун республикадан четга чиқиб кетган, ўз аризасига кўра илмий раҳбарликдан воз кечган ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда, Буюртмачига лойиҳа илмий раҳбарини алмаштириш бўйича таклиф (ташкилот раҳбарининг йўлланма хати, ташкилот илмий ёки илмий-техник кенгаши қароридан кўчирма ва тавсия этилаётган янги лойиҳа раҳбари тўғрисида маълумот) киритади.
110. Лойиҳа илмий раҳбари бошқа жойга ишга ўтган ҳолларда ушбу лойиҳанинг амалга оширилиш жойи (ижрочи ташкилот) ўзгартирилмайди.
111. Ижрочи ташкилотнинг қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган фаолияти тўхтатилганда, фаолияти тўхтатилган ташкилотдаги лойиҳалар илмий йўналиши мос бошқа ташкилотга ўтказилади.
112. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ёш олимларнинг илмий лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзолари томонидан амалга оширилади.
Ёш олимларнинг илмий-тадқиқот лойиҳаларида илмий даражаси, унвони, мансаби ва иш жойидан қатъи назар, 40 ёшгача бўлган ёш олимлар иштирок этишлари мумкин.
113. Ушбу қоида талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
114. Давлат буюртмаси бажарилишини аниқ шартлари ва тартиби тегишли шартнома билан тартибга солинади.
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида тематик илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш тартиби
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида мақсадли илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш тартиби
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида ташаббускор илмий-тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш тартиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Стартап» лойиҳаларни тасдиқлаш, молиялаштириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «стартап» лойиҳаларни тасдиқлаш, молиялаштириш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
илмий-техник кенгаш — илмий изланишларнинг асосий йўналишлари бўйича Буюртмачининг илмий сиёсатини амалга оширишга ва ишлаб чиқишга, «стартап» лойиҳаларни баҳолашга, экспертиза қилишга ва натижаларини амалга ошириш ишларини мониторинг қилишга кўмаклашувчи, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширувчи, етакчи олимлар, экспертлар, мутахассислар ҳамда давлат органларининг юқори малакали мутахассисларидан иборат таркибдаги илмий-техник жамоа;
ишчи орган — «стартап» лойиҳаларни баҳолашда техник таъминлаш ва кўмаклашишни, шунингдек, лойиҳалар мониторингини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг масъул таркибий бўлинмаси;
коллегиал орган — Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъати;
«стартап» компания — илмий, илмий-техник ва инновацион фаолият натижаларини илгари суриш ҳамда тижоратлаштириш учун ташкил этиладиган юридик шахс;
«стартап» лойиҳалар — амалга ошиш хавфи юқори бўлган шароитда янги маҳсулот ёки хизмат турини яратувчи инновацион ишланмаларнинг қўлланилиши, кўлами ва тез ўсиш суръати билан фарқланадиган янги бизнес лойиҳа;
талабнома берувчи (талабгор) — лойиҳа эгаси ва/ёки «стартап» лойиҳани ишлаб чиққан шахс.
3. Ушбу Низомга мувофиқ тасдиқланган «стартап» лойиҳалар Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) орқали молиялаштирилади.
«Стартап» лойиҳалар қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилади:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги ПҚ-3698-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Жамғармага ажратилган маблағлар;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ажратилган маблағлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. «Стартап» лойиҳалар танловини эълон қилиш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (кейинги ўринларда Буюртмачи деб аталади) томонидан амалга оширилади.
5. Буюртмачи эълонга мувофиқ талабнома берувчи томонидан топширилган «стартап» лойиҳаларни хўжалик бирлашмаларига, тижорат банкларига ва венчур жамғармаларга келгусида молиялаштириш масаласини кўриб чиқиш учун тавсия қилиш ҳуқуқига эга.
6. «Стартап» лойиҳаларни тасдиқлаш, молиялаштириш ва амалга ошириш мазкур Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. «Стартап» лойиҳаларни тасдиқлаш тартиби
7. Буюртмачи «стартап» лойиҳаларга бир йилда камида икки марта эълон беради. Эълон шартлари, йўналишлари ҳамда лойиҳаларни топшириш муддатлари Буюртмачининг расмий сайтида ва зарур ҳолларда бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Лойиҳа ҳужжатларини қабул қилиш ишчи орган томонидан амалга оширилади. Лойиҳалар бўйича ҳужжатлар талабнома берувчи томонидан эълон талабларига кўра тайёрланади ва топширилади.
8. «Стартап» лойиҳалар танловида ташкилий-ҳуқуқий шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар барча илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари, тажриба-конструкторлик ташкилотлари, инновацион марказлар, хусусий компаниялар ва жисмоний шахслар иштирок этишлари мумкин.
9. «Стартап» лойиҳалар экспертизаси қуйидагича уч босқичда амалга оширилади:
биринчи босқич — тақдим этилган талабномаларнинг танлов шартларига мослиги юзасидан ўтказиладиган техник экспертиза;
иккинчи босқич — техник экспертизадан ўтган «стартап» лойиҳаларнинг молиявий-иқтисодий экспертизаси;
учинчи босқич — биринчи ва иккинчи босқичлардан муваффақиятли ўтган «стартап» лойиҳаларни илмий-техник кенгаш томонидан экспертизадан ўтказиш, илмий-техник кенгаш мажлисида кўриб чиқиш ва баҳолаш.
10. Техник экспертиза ишчи орган томонидан ўн иш куни ичида ўтказилади.
Техник экспертизадан ўтган «стартап» лойиҳалар беш иш куни ичида молиявий-иқтисодий экспертизадан ўтказиш учун Буюртмачининг Молиявий-иқтисодий ва техник экспертиза бўлимига берилади.
«Стартап» лойиҳалар бўйича молиявий-иқтисодий экспертиза беш иш куни ичида ўтказилади.
11. «Стартап» лойиҳалар бўйича экспертиза ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан махсус илмий-техник кенгаш шакллантирилади.
Илмий-техник кенгаш таркибига инновацион тадбиркорлик, молия ва иқтисодиёт соҳасида юқори салоҳиятли тадбиркорлар, олимлар, экспертлар, вазирлик ва идоралар вакиллари киритилади.
12. Ҳар бир «стартап» лойиҳа илмий даражага ёки тадбиркорлик тажрибасига эга бўлган иккита мустақил экспертлар томонидан ўн иш куни ичида кўриб чиқилади. Экспертлар таркиби илмий-техник кенгаш томонидан белгиланади. «Стартап» лойиҳа ижрочисининг ўзи иштирок этган лойиҳада эксперт бўлиб иштирок этишига йўл қўйилмайди.
13. Тақдим этилган «стартап» лойиҳалар экспертлар томонидан 100 баллик шкала асосида баҳоланади. «Стартап» лойиҳаларни баҳолаш мезонлари ва методикаси Буюртмачи томонидан тасдиқланади.
14. Экспертлар томонидан берилган хулоса ўн иш куни ичида илмий-техник кенгашда ўзаро очиқ муҳокама шаклида кўриб чиқилади.
15. Талабнома берувчи (талабгор) илмий-техник кенгаш мажлисида «стартап» лойиҳа тақдимоти билан иштирок этади.
16. Илмий-техник кенгашда «стартап» лойиҳалар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
лойиҳанинг инновационлиги — аввал қўлланилмаган технологиялар ва (ёки) жараённи ташкил этиш принциплари ёки аввал ишлаб чиқарилмаган маҳсулотнинг янги қўлланилиш даражаси;
лойиҳанинг инвестициявий жозибадорлиги — қўшимча даромад келтирадиган ҳамда уни амалга оширишда инвестициялар хавфини камайтирадиган қулай инвестицион ва инновацион шароитлар ва афзалликлар йиғиндиси;
интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқнинг муҳофазаланганлиги — муҳофаза ҳужжатлари, ва/ёки илмий-техник ҳужжатларнинг тўлиқ комплекти ва/ёки маҳсулотнинг (технологиянинг) техник регламенти, синов ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатномалар ёки маҳсулотнинг тажриба нусхаси мавжудлиги;
лойиҳанинг ресурс билан таъминланганлиги — лойиҳани техник амалга ошириш имкониятлари (моддий-техник база, ходимлар, муҳофаза ҳужжатлари мавжудлиги ва бошқалар);
лойиҳани амалга ошириш самарадорлиги;
лойиҳа учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босадиган илмий ҳажмдор маҳсулотларни олишни ташкил қилиш истиқболлари.
17. Илмий-техник кенгаш эксперт хулосалари ва очиқ муҳокама натижалари асосида «стартап» лойиҳаларни молиялаштириш ёки молиялаштирмаслик юзасидан қарор қабул қилади.
18. Илмий-техник кенгаш қарорлари ва хулосалари илмий-техник кенгаш йиғилиши баёни шаклида расмийлаштирилади ҳамда илмий-техник кенгаш котиби томонидан имзоланади ва унинг раиси томонидан тасдиқланади.
19. Илмий-техник кенгаш аъзоси баҳолаш жараёнида кўпчиликнинг фикрига қўшилмаса, ўзининг алоҳида фикрини билдиришга ҳақли. Илмий-техник кенгаш аъзосининг алоҳида фикри йиғилиш баённомасига киритилади.
20. Илмий-техник кенгаш экспертизасининг натижалари ишчи орган томонидан беш иш куни давомида коллегиал органга кўриб чиқиш учун киритилади. Коллегиал орган «стартап» лойиҳа тўғри ва холис экспертизадан ўтказилганлигини текшириш мақсадида қўшимча экспертиза тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Қўшимча экспертиза ўтказиш тартиби коллегиал орган томонидан тасдиқланади.
21. Коллегиал орган ҳар бир «стартап» лойиҳани илмий-техник кенгаш раиси ёки унинг ўринбосари иштирокида кўриб чиқилади. Коллегиал орган томонидан «стартап» лойиҳани молиялаштириш ёки молиялаштирмаслик тўғрисидаги қарори қабул қилинади ва Вазир томонидан тасдиқланади.
22. «Стартап» лойиҳаларни молиялаштириш бўйича коллегиал орган мажлисида мунозарали ҳолат юзага келса, «стартап» лойиҳа илмий-техник кенгаш раиси иштирокида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашига (кейинги ўринларда Жамоатчилик кенгаши деб аталади) кўриб чиқишга киритилиши мумкин.
23. Жамоатчилик кенгаши бир ой муддат ичида «стартап» лойиҳани молиялаштириш ёки молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Жамоатчилик кенгашининг қарори тавсиявий аҳамиятга эга.
3-боб. Лойиҳаларни молиялаштириш тартиби
24. «Стартап» лойиҳаларни молиялаштириш коллегиал орган қарори ва Буюртмачининг буйруғига мувофиқ амалга оширилади.
25. «Стартап» лойиҳаларни молиялаштириш Буюртмачи, талабнома берувчи (талабгор) ва Жамғарма ўртасида тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади.
26. Агар давлат муассасаси ёки жисмоний шахс томонидан берилган «стартап» лойиҳа коллегиал орган томонидан маъқулланса, у ҳолда молиялаштириш тўғрисидаги шартнома ушбу «стартап» лойиҳани амалга ошириш учун очилган юридик шахс (компания) билан тузилади.
27. Молиялаштирилаётган «стартап» лойиҳалар ижрочи ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази, Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ёки «Яшнобод» инновация технопарки резиденти мақомини олиш ҳуқуқига эга.
4-боб. «Стартап» лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини мониторинг қилиш тартиби
28. «Стартап» лойиҳаларнинг ижрочи ташкилотлари календарь режада белгиланган муддатларда Буюртмачига ҳисобот тақдим этади.
29. «Стартап» лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини мониторинг қилиш илмий-техник кенгашни жалб қилган ҳолда, ишчи орган томонидан амалга оширилади.
Ишчи орган беш иш куни муддатида мониторинг натижалари бўйича умумлаштирилган ҳисоботни Буюртмачига тақдим қилади.
30. «Стартап» лойиҳаларда белгиланган муддатда режалаштирилган ишлар бажарилмаганлиги ҳамда лойиҳалар бўйича ҳисоботларни тақдим этиш бўйича муддатлар бузилиши молиялаштиришни тўхтатиш, шунингдек, «стартап» лойиҳа ижрочиси ва Буюртмачи ўртасидаги шартномани бекор қилиш учун асос бўлади.
5-боб. Якунловчи қоида
31. Ушбу Низом қоидаларини бузишда айбланган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
32. Стартап лойиҳасига ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишга талабнома берувчи (талабгор) ва ижрочи ташкилот раҳбари жавобгардирлар.
«Стартап» лойиҳаларни тасдиқлаш, молиялаштириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
«Стартап» лойиҳаларини тасдиқлаш ва молиялаштириш тартибининг
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сон қарорига 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги (кейинги ўринларда Буюртмачи деб аталади) ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар (кейинги ўринларда ИТК деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. ИТК ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, ушбу Низом, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
илмий-техник кенгаш — Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида илмий лойиҳаларни илмий экспертизадан ўтказиш мақсадида тегишли фан йўналишлари бўйича соҳага оид олимлар, давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларнинг юқори малакали мутахассисларидан иборат таркибда шакллантириладиган ва жамоатчилик асосида фаолият юритадиган илмий-техник жамоа;
илмий экспертиза — илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича асослантирилган қарор қабул қилиш мақсадида уни ўрганиш, таҳлил қилиш, баҳолаш ва хулоса тайёрлашга қаратилган фаолият;
экспертлар — тегишли илм-фан соҳалари ва йўналишлари бўйича тақдим этилган илмий-техник лойиҳаларни, илмий-техник ва инновацион фаолият билан боғлиқ ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш учун илмий-техник кенгашлар томонидан шакллантирилган олим ва мутахассислардан таркиб топган илмий-техник гуруҳ.
4. ИТК томонидан қабул қилинган қарорлар хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлар бўлиб, учинчи шахсларга, манфаатдор вазирлик ва идоралар раҳбарларига, шу жумладан лойиҳа раҳбарларига тақдим этилмайди.
2-боб. ИТКнинг асосий вазифалари ва функциялари
5. ИТКнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
илмий-тадқиқот ишлари учун давлат буюртмасига келиб тушган илмий-тадқиқот лойиҳаларининг экспертизасини ташкил этиш, экспертиза натижалари бўйича асосланган хулосалар ишлаб чиқиш;
фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, инновацион фаолият ва рақобатбардош илмий-техник маҳсулотлар бозорини кенгайтиришга қаратилган замонавий технологияларни жорий этиш бўйича, шунингдек, тегишли танловларда уларнинг иштироки учун тавсиялар бериш;
Буюртмачига илмий фаолиятга оид давлат дастурларини (зарур ҳолларда халқаро ҳамкорлик дастурларини) кўриб чиқиш, такомиллаштириш, рўйхатга олиш ва тасдиқлаш бўйича тегишли илмий-техник хулосалар тайёрлаш;
нодавлат нотижорат ташкилотлари, олим ва мутахассислар, хўжалик юритувчи субъектлар, илмий-ишлаб чиқариш тузилмалари, илмий-техник марказлар ва технопарклар томонидан тақдим этилган лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш натижалари асосида Буюртмачига хулоса ва тавсиялар киритиш;
давлат буюртмаси доирасида муаллифлик асосида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот лойиҳаларининг плагиатини аниқлаш ва идентификациялаш;
оралиқ ва якуний ҳисоботларни таҳлил қилиш, ҳар бир илмий-тадқиқот лойиҳаси амалга оширилишини мониторинг қилиш ёки лойиҳаларни тугатиш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш ва лойиҳаларни молиялаштиришни давом эттириш бўйича Буюртмачига хулосалар киритиш;
иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада илмий-тадқиқот ҳамда инновацион фаолият натижаларини қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш;
Буюртмачининг коллегиал органида кўриб чиқиш учун ишлаб чиқилган дастурларнинг эксперт хулосаларини таҳлил қилиш ва тайёрлаш;
илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларидаги объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш юзасидан хулоса ишлаб чиқиш;
илмий фаолиятга оид давлат дастурлари ва лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш, уларнинг натижаларини илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш соҳаларига татбиқ этишда иштирок этиш, олиб борилаётган тадқиқотларни яхшилаш ва фаоллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
6. ИТК унга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
давлат буюртмаси доирасидаги илмий фаолиятга оид лойиҳалар, шунингдек Буюртмачи томонидан молиялаштириладиган «стартап» лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказади;
грант маблағлари олган лойиҳаларни амалга ошириш давомида олинган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларни эшитади, грант маблағлари олган лойиҳаларни режалаштирилган иш босқичлари ва кўрсаткичларига мувофиқлигини аниқлайди, зарур ҳолларда режалаштирилган тадқиқотларни тартибга солиш ва керакли натижаларни олиш бўйича тавсиялар беради;
грант маблағлари олган лойиҳаларни амалга ошириш давомида олинган натижалар мониторингини амалга оширади, шунингдек, уларни патентлаш ва лицензиялаш ва ушбу лойиҳалар бўйича ҳисоботларни мониторинг қилиш юзасидан тавсиялар беради;
мамлакатни илмий-техник ва инновацион ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепциясини ишлаб чиқишга таклифлар тайёрлайди, шунингдек, илмий тадқиқотлар ва илғор технологияларни яратишнинг устувор йўналишлари ва истиқболларини ривожлантириш, яратилган илмий-инновацион салоҳият асосида ривожланиш концепциясини амалга ошириш йўллари ва механизмларини белгилашда иштирок этади;
давлат буюртмаси доирасида тақдим этилган ҳужжатлар, илмий-техник дастурлар ва лойиҳаларни, шунингдек, бошқа лойиҳа таклифларини илмий экспертизадан ўтказади ҳамда экспертиза натижаларини Буюртмачининг коллегиал органига тасдиқлаш учун тақдим этади.
7. Илмий лойиҳаларнинг илмий экспертизаси фан йўналишлари бўйича тегишли ИТК томонидан амалга оширилади. Бунда илмий экспертиза муддати Буюртмачи томонидан ИТКга лойиҳа юборилган санадан бошлаб бир ойдан ошмаслиги лозим.
8. Илмий лойиҳаларнинг илмий экспертизасининг иккинчи босқичи бир ой мобайнида амалга оширилади. Бунда лойиҳа бўйича қўшимча экспертиза ўтказилиши талаб этиладиган ҳолларда ушбу муддат Буюртмачи билан келишилган ҳолда яна икки ойгача узайтирилиши мумкин. ИТК томонидан қабул қилинган қарорлар Буюртмачига беш кун ичида тақдим этилади.
9. ИТК томонидан тақдим этилган мониторинг ва ҳисобот натижалари экспертизадан ўтган лойиҳани молиялаштиришни давом эттириш, тўхтатиш ёки вазифалари ва босқичларини қайта кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.
3-боб. ИТК раиси ва аъзоларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги
10. ИТК раиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
илмий фаолиятга оид давлат дастурлари лойиҳаларининг йиллик ва якуний ҳисоботларини экспертиза учун қабул қилиш, экспертларни белгилаш, ҳисоботларнинг очиқ муҳокамасини ташкил этиш;
мониторингни ўтказиш қоидалари бўйича экспертларга кўрсатма бериш, олинган натижаларнинг мувофиқлигини баҳолаш бўйича ишчи учрашувлар ўтказиш;
лойиҳа раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш учун лойиҳаларни кўриб чиқиш жадвалини шакллантириш ва зарур ҳолларда унинг санаси ва вақтини Буюртмачи билан келишилган ҳолда кўчириш;
илмий-тадқиқот лойиҳаларига давлат буюртмасини шакллантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
ИТК ва унинг экспертлар фаолиятига, шунингдек, илмий котибнинг ишига раҳбарлик қилиш;
Буюртмачининг коллегиал органи ёки жамоатчилик кенгаши муҳокамаларида иштирок этиш ва ИТК хулосаларини асослаб бериш.
ИТК раиси ва унинг ўринбосари илмий лойиҳалар танловида иштирок этиш ҳуқуқига эга, аммо ўз лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва муҳокама қилишда иштирок этмайди.
11. ИТК раиси:
экспертиза натижаларини очиқ эълон қилмаслик, экспертиза учун тақдим этилган лойиҳаларга тегишли маълумотларни тарқатмаслик;
мониторинг ўтказиш қоидалари бўйича экспертларга кўрсатма бериш, олинган натижаларнинг режалаштирилган ишлар ва кўрсаткичларга мувофиқлигини баҳолаш, шунингдек, намунавий эксперт хулосалари ва протоколларини тўлдириш бўйича ишчи йиғилишлар ўтказиш;
Буюртмачи томонидан тасдиқланган ИТК мажлислар режа-жадвали бўйича лойиҳа раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш, лойиҳалар бўйича эшитилган ҳисоботлар бўйича қарорлар лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш ва уларни тасдиқлаш;
лойиҳани давом эттириш бўйича Буюртмачига тавсиялар билан бирга иш дастурини тўғрилаш ёки уларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, шунингдек, ИТК томонидан қабул қилинган қарорларни лойиҳа раҳбарларига етказиш;
Буюртмачининг коллегиал органида ва жамоатчилик кенгашида (зарур ҳолларда) ИТКнинг қарорлари ва илмий-тадқиқот лойиҳалари бўйича тавсияларни (хулосаларни) ҳимоя қилишга мажбур.
ИТК раиси ИТК қарорларининг бажарилишини назорат қилади ва кенгашнинг навбатдаги мажлислари тўғрисида ИТК аъзоларини хабардор қилади.
12. ИТК аъзолари (экспертлар) қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзлари аъзо бўлган ИТК йиғилишларида иштирок этиш;
илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси бўйича келиб тушган илмий-тадқиқот лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш;
илмий-тадқиқот лойиҳаларининг илмий-техник даражасини, уларни амалга ошириш имкониятларини холис баҳолаш, уларни молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги ва ҳажми бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
ҳисобот даврида олинган илмий натижаларнинг аҳамиятини баҳолаш, лойиҳада эълон қилинган ва ҳисобот даврида олинган илмий натижаларнинг мувофиқлик даражасини баҳолаш;
илмий-тадқиқот лойиҳалари раҳбарларининг ишлар ҳолати ва лойиҳа натижалари, уларни мониторинг қилиш жараёни ҳақидаги ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилишда иштирок этиш, улар ишида иштирок этган ИТК баённомалари билан танишиш;
илм-фан, техника ва инновация соҳасидаги олимлар ва мутахассисларни тегишли илмий лойиҳалар натижаларини мониторинг қилиш ёки таҳлил қилиш жараёнига жалб қилиш бўйича Буюртмачига таклифлар киритиш.
ИТК аъзолари илмий лойиҳалар танловида умумий асосларда иштирок этиш ҳуқуқига эга, лекин ўз лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва муҳокама қилишда иштирок этмайди.
13. ИТК аъзолари (экспертлар):
раис ва унинг ўринбосарининг ИТК фаолиятига тааллуқли топшириқларини бажариши, кўриб чиқилган лойиҳалар бўйича хулосаларни ўз вақтида тақдим этиши;
лойиҳалар бўйича экспертизани илмий асосланган ҳолда ва холис ўтказиши;
иш жараёнида уларга тақдим этилган маълумотларнинг ошкор этмаслиги;
экспертиза жараёнида юзага келаётган манфаатлар тўқнашуви (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ҳақида тегишли ИТКга хабар бериши;
ўзлари экспертиза қилган ёки ИТКда муҳокама қилинган лойиҳалар мазмуни, улар бўйича ҳисоботлар ва йиғилиш баённомалари, уларнинг натижалари ва тадқиқот йўналишлари, эксперт хулосалари, лойиҳа манбалари ва молиялаштириш ҳажми ҳақида лойиҳа ижрочилари таркибига кирувчи ҳар қандай шахсга маълумот бермаслиги шарт.
14. ИТК илмий котиби:
ҳар бир лойиҳа бўйича ИТК мажлиси баённомасини юритади ва расмийлаштиради;
лойиҳалар бўйича ҳисобот ҳужжатларини қабул қилиб олади, сақланишини ва Буюртмачига қайтарилишини таъминлайди;
лойиҳа раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш жадвалини тузади ва тасдиқлаш учун ИТК раисига тақдим этади;
ИТК аъзоларига ИТК мажлиси вақти ва жойи тўғрисида хабар беради;
ИТК раиси ва унинг ўринбосарининг ИТК фаолиятига оид топшириқларини бажаради.
ИТК илмий котиби умумий асосда илмий лойиҳалар танловида иштирок этиш ҳуқуқига эга, лекин ўз лойиҳаларини муҳокама қилишда иштирок этмайди.
15. ИТК аъзолари (экспертлар) ўзларига юкланган мажбурият ва вазифаларни бажариш учун масъулдир.
ИТК аъзолари (экспертлар) томонидан экспертизадан ўтказиш тартиби мунтазам равишда бузилиши, ўз вазифаларини бажармаслик, малакасизлиги ва манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бермаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, улар ИТК аъзолигидан чиқарилади.
4-боб. ИТК фаолиятини ташкил этиш
16. ИТК фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш, ташкилий-техник қўллаб-қувватлаш ҳамда мувофиқлаштириш Буюртмачи томонидан амалга оширилади.
ИТК таркиби Буюртмачи томонидан тасдиқланади ва унинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
ИТК фаолиятига эксперт сифатида номзодлар илмий фаолиятнинг тегишли соҳасидаги зарур назарий ва амалий билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассислар орасидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, вазирлик ва идоралар, улар тасарруфидаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан тавсия этилади.
17. Танлов учун тақдим этилган илмий-техник лойиҳалар тегишли ИТК йиғилишларида лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш натижалари асосида очиқ муҳокама орқали кўриб чиқилади.
18. ИТК раис, раис ўринбосари, илмий котиб ва унинг аъзоларидан иборат бўлиб, улар соҳаларга тегишли лойиҳалар бўйича мутахассис-экспертлар сифатида ҳам иштирок этишлари мумкин. ИТК аъзолари ва экспертлар ИТК фаолиятида ихтиёрий равишда жамоатчилик асосида иштирок этиш учун жалб қилинади.
ИТК раиси бўлмаганда, унинг вазифаларини раис ўринбосари бажаради.
19. Буюртмачи ИТК аъзолари ва экспертлар таркибини мунтазам равишда алмаштириб туради. Бунда олдин ИТК аъзоси сифатида фаолият юритган мутахассислар уч ойдан сўнг ушбу ИТК таркибга қайта жалб қилиниши мумкин. Ҳар уч ойда ИТК аъзоларининг ўттиз фоизигача ҳамда ҳар тўққиз ойда ИТК раиси ва унинг ўринбосарлари янгилаб борилади.
20. ИТК илмий тадқиқотларнинг қуйидаги устувор йўналишлари бўйича тузилади:
тарих ва ижтимоий фанлар;
филология, психология ва педагогика фанлари;
иқтисодиёт ва ҳуқуқ фанлари;
археология фанлари;
математика, физика, механика фанлари;
техника фанлари;
информатика, ахборот-коммуникация технологиялари;
архитектура, қурилиш, дизайн ва шаҳарсозлик;
қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
ўрмон хўжалиги;
тиббиёт фанлари;
фармакология ва фармацевтика;
кимё фанлари;
кимёвий технологиялар ва нанотехнологиялар;
ер тўғрисидаги фанлар;
биология фанлари, биотехнология, экология;
стартап лойиҳалар.
21. Зарур ҳолларда, Буюртмачи томонидан бошқа долзарб илмий-техник йўналишлар бўйича қўшимча ИТКлар ташкил этилиши ҳамда ИТК йўналишлари ўзгартирилиши мумкин.
22. ИТК раислари тегишли ИТК аъзолари иштирокида йиғилишда очиқ овоз бериш йўли билан сайланади ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.
23. ИТК мажлислари Буюртмачи томонидан тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ ўтказилади. Зарур ҳолларда, ИТКнинг навбатдан ташқари муҳокамалари ўтказилиши мумкин.
24. ИТК мажлислари қоида тариқасида очиқ ўтказилади. Зарур ҳолларда, ИТК мажлисларига танлов иштирокчилари, лойиҳа ижрочилари, манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари таклиф қилиниши мумкин.
25. ИТК мажлислари унинг аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Лойиҳаларни эшитиш ва муҳокама қилишда шаффофлик ва холисликни таъминлаш учун йиғилишда аудио- ва видеоёзувдан фойдаланиш мумкин. ИТК мажлиси баённомаси, аудио- ва видеоёзувлар Буюртмачига тақдим этилади.
26. ИТКнинг қарори, агар унинг мажлисида иштирок этганларнинг аксарияти унга овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, ИТК раисининг фикри ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
ИТК мажлисида қарор очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Алоҳида масалалар бўйича ИТК аъзолари билан келишилган ҳолда яширин овоз бериш ўтказилиши мумкин.
27. ИТК йиғилишида муҳокама қилинадиган масалалар бўйича ҳужжатлар йиғилишдан камида беш кун олдин ИТК илмий котибига тақдим этилади.
28. ИТК қарорлари баённома шаклида тузилади. ИТКнинг баённомаси раис (унинг йўқлигида раис ўринбосари) ва илмий котиб томонидан имзоланади. ИТКнинг илмий котиби ИТК баённомаларини сақланишини таъминлайди.
6-боб. Якунловчи қоида
29. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 9 март,
133-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
SXEMASI
SXEMASI
NIZOM
SXEMASI
NIZOM
Ilmiy-tadqiqot va innovatsion faoliyatni rivojlantirishning normativ-huquqiy bazasini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Ilmiy-tadqiqot muassasalarining infratuzilmasini yanada mustahkamlash va innovatsion faoliyatni rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2017-yil 1-noyabrdagi PQ-3365-son, “ Iqtisodiyot tarmoqlari va sohalariga innovatsiyalarni joriy etish mexanizmlarini takomillashtirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida ” 2018-yil 7-maydagi PQ-3698-son hamda “ Byurokratik toʻsiqlarni yanada qisqartirish hamda davlat organlari va tashkilotlari faoliyatiga zamonaviy boshqaruv tamoyillarini joriy qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2019-yil 9-dekabrdagi PQ-4546-son qarorlariga muvofiq, shuningdek, ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasini shakllantirish va amalga oshirishning normativ-huquqiy bazasini takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Quyidagilar:
Ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq;
“Startap” loyihalarni tanlab olish va moliyalashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom 2-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi huzuridagi Ilmiy-texnik kengashlar toʻgʻrisidagi nizom 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi innovatsion rivojlanish vaziri I.Yu. Abdurahmonov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Telekommunikatsiyalar, IT-texnologiyalar va innovatsion faoliyatni rivojlantirish, axborot xavfsizligini taʼminlash masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 9-martdagi 133-son qaroriga 1-ILOVA
Ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan moliyalashtiriladigan fundamental, amaliy tadqiqotlar hamda innovatsion loyihalarni (keyingi oʻrinlarda davlat buyurtmasi deb ataladi) shakllantirish, bajarish va moliyalashtirish tartibini belgilaydi.
2. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
akademik harakatchanlik — ilmiy xodimlarning oʻz ish joyidan ajralmagan holda, Oʻzbekiston Respublikasi hududida va uning tashqarisida oʻtkaziladigan ilmiy tadbirlarda ishtirok etishi, tajriba almashishi;
amaliy tadqiqotlar — amaliy maqsadlarga erishish va aniq vazifalarni hal etish uchun asosan yangi bilimlarni va fundamental tadqiqotlar natijalarini qoʻllashga yoʻnaltirilgan tadqiqotlar;
benefitsiar (loyihadan foyda oluvchi) — ilmiy-tadqiqot loyihasining amalga oshirilishidan manfaatdor boʻlgan shaxs;
davlat buyurtmasi — ilmiy-tadqiqot loyihasini Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshirish topshirigʻi;
ilmiy ekspertiza — ilmiy-tadqiqot loyihalari boʻyicha asoslantirilgan qaror qabul qilish maqsadida uni oʻrganish, tahlil qilish, baholash va xulosa tayyorlashga qaratilgan faoliyat;
ilmiy-tadqiqot loyihasi — fundamental, amaliy va innovatsion loyihalar shaklida maqsad va vazifalari, ijrochilari va bajarish muddatlari, manbalari, vositalari (ularning shakllantirish manbalaridan qatʼi nazar) ilmiy va (yoki) ilmiy-texnik natijalarni, nou-xau va yangi texnologiyalarni olishga qaratilgan tashkiliy-texnik va boshqa zarur chora-tadbirlar majmui;
ilmiy-texnik kengash — Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi huzurida ilmiy loyihalarni ilmiy ekspertizadan oʻtkazish maqsadida tegishli fan yoʻnalishlari boʻyicha sohaga oid olimlar, davlat boshqaruvi organlari va tashkilotlarning yuqori malakali mutaxassislaridan shakllantirilgan hamda jamoatchilik asosida faoliyat yuritadigan ilmiy-texnik jamoa;
innovatsion loyihalar — amalga oshirish muddati, infratuzilmasi, ijrochilari, moliyalashtirish manbai va hajmiga ega innovatsiyani yaratish va ishlab chiqarishga yoʻnaltirilgan tadqiqotlar;
kollegial organ — Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligining hayʼati;
loyihaning ijrochi tashkiloti — ilmiy-tadqiqot loyihasini amalga oshiruvchi ilmiy faoliyat subyektlari, ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik faoliyati bilan shugʻullanadigan boshqa tashkilotlar;
maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalari — Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi va Vazirlar Mahkamasining hujjatlarida belgilangan davlat siyosati vazifalarining ilmiy yechimini taʼminlashga yoʻnaltirilgan, shuningdek, davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari oldida turgan oʻziga xos muammolarni hal etish boʻyicha ilmiy asoslangan kompleks yechimlarni ishlab chiqishga qaratilgan, tanlov tashkil qilish uchun alternativ loyiha takliflarini shakllantirish imkoni chegaralangan ilmiy-tadqiqot loyihalari;
sanoat hamkori — ilmiy-tadqiqot loyihasi natijalarini ishlab chiqarishga joriy etishdan manfaatdor boʻlgan va shunga muvofiq loyihani hamkorlikda moliyalashtirish taklifiga ega sanoat yoki tarmoq korxonasi;
tajriba-konstruktorlik loyihasi — tajriba, konstruktorlik namunalari, asboblar, materiallar, buyumlar va boshqa ilmiy ishlanmalarni loyihalash, tayyorlash va sinovdan oʻtkazish, rivojlantirish bilan bogʻliq loyiha;
tashabbuskor ilmiy-tadqiqot loyihalari — fan va texnologiyalarning ustuvor yoʻnalishlariga muvofiq ilmiy faoliyat subyektlarining tashabbuslari asosida qabul qilinadigan, alternativ loyiha takliflari talab qilinmaydigan ilmiy-tadqiqot loyihalari;
tematik ilmiy-tadqiqot loyihalari — ilmiy faoliyatning ilgʻor yoʻnalishlari, shuningdek, iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohaning ehtiyojlari va muammolaridan kelib chiqqan holda davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining ehtiyojlari asosida ishlab chiqiladigan, moliyaviy hajmi koʻrsatilgan, mavzu doirasida olinadigan yakuniy mahsuloti aniq aks ettirilgan muntazam ravishda eʼlon qilinadigan, tanlov asosida moliyalashtiriladigan ilmiy-tadqiqot loyihalari;
fundamental tadqiqotlar — tabiat, jamiyat va insonning tuzilishi, shakllanishi va rivojlanishiga oid asosiy qonuniyatlar haqidagi yangi bilimlarni olishga, ular oʻrtasidagi oʻzaro bogʻliqlikni, shuningdek, muayyan faoliyat natijasida yaratilgan obyektlarni oʻrganishga qaratilgan nazariy va (yoki) tajriba oʻtkazishga qaratilgan tadqiqotlar.
3. Davlat buyurtmasi tematik ilmiy-tadqiqot loyihalari, maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalari hamda ilmiy faoliyat subyektlarining tashabbuslari asosidagi ilmiy-tadqiqot loyihalari asosida shakllantiriladi.
4. Davlat buyurtmasini shakllantirish va amalga oshirish uchun masʼuliyat Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligiga (keyingi oʻrinlarda Buyurtmachi deb ataladi) yuklanadi.
5. Fundamental, amaliy va innovatsion loyihalarni bajarish uchun davlat buyurtmasi Buyurtmachi bilan ilmiy-tadqiqot loyihalarining ijrochi tashkiloti oʻrtasida shartnoma tuzish orqali amalga oshiriladi.
2-bob. Ilmiy-tadqiqot loyihalarini amalga oshirish uchun davlat buyurtmasini shakllantirish va amalga oshirishga qoʻyiladigan umumiy talablar
6. Davlat buyurtmasi mamlakatni ijtimoiy-siyosiy va iqtisodiy rivojlantirish vazifalari, iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohaning ehtiyojlarini hisobga olgan holda, fan va texnologiyalarni rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlarida nazarda tutilgan maqsadlarga erishish uchun shakllantiriladi.
7. Davlat buyurtmasi boʻyicha amalga oshiriladigan loyihalar yoʻnalishlari, tematikalari va moliyalashtirish hajmlari Buyurtmachi tomonidan shakllantiriladi va ilmiy-tadqiqot loyihalarini belgilangan tartibda tanlovdan tashqari (alternativ loyiha takliflari mavjud boʻlmaganda) yoki tanlov asosida (alternativ loyiha takliflari ichidan) saralab olish uchun asos boʻladi.
8. Buyurtmachi davlat buyurtmasini bajarish boʻyicha ilmiy-tadqiqot loyihalari tanlovini mazkur Nizomning 3-bobida belgilangan talablar asosida eʼlon qiladi.
Eʼlonlar Buyurtmachining rasmiy veb-saytiga arizalarni shakllantirish, roʻyxatdan oʻtkazish va topshirish tartibi, muddati va talablari koʻrsatilgan holda joylashtiriladi.
9. Fundamental ilmiy-tadqiqot loyihalari quyidagi talablarga javob berishi lozim:
tabiat, jamiyat, inson, ong va sunʼiy ravishda yaratilgan obyektlarning tuzilishi, faoliyati va rivojlanishining asosiy qonuniyatlarini ochishga qaratilgan yangi bilimlarni egallash;
ilm-fanning muayyan sohasidagi tadqiqotlar natijalarini nazariyalar, tushunchalar, metodologiyalar, usullar, tavsiyalar shaklida qoʻllash maqsadida tadqiq etish;
ilm-fan nazariyasi va metodologiyasini boyitishga, kelgusida bajariladigan amaliy tadqiqotlar hamda ularni amaliy qoʻllashga qaratilgan innovatsiya ishlari uchun asos sifatida xizmat qilish.
Fundamental loyihalarni amalga oshirishning eng koʻp muddati besh yilgacha boʻlishi mumkin.
Fundamental loyihalar tanlovida qatnashuvchi ilmiy jamoaning rahbari ilmiy darajaga ega boʻlishi shart.
10. Amaliy ilmiy-tadqiqot loyihalari quyidagi talablarga javob berishi lozim:
ishlab chiqarish va/yoki ijtimoiy, shuningdek, iqtisodiyotning boshqa tarmoqlarida yangi konstruksiyalar, materiallar, usullar, xizmatlarni yaratishga yoki mavjudlarini takomillashtirishga xizmat qilishi;
iqtisodiyotning real sektorini shakllantirishga koʻmaklashish, ishlab chiqarish sohasida energiya va resurslarni tejashni taʼminlash, milliy iqtisodiyot subyektlari ehtiyojlaridan kelib chiqqan holda, ishlab chiqarilayotgan mahsulotning innovatsion tarkibini va qoʻshimcha qiymatini oshirish;
yuqori texnologiyali mahsulotlar namunalarini tayyorlash va/yoki ishlanmalarning texnik va texnologik sinovlarining natijalari va/yoki olingan ilmiy-texnik natijani iqtisodiyotning real sektoriga joriy qilish;
ilmiy-texnik mahsulotlar va unga ilmiy-texnik hujjatlar toʻplamini, shu jumladan loyihalash hujjatlarini va/yoki texnologik hujjatlarni tasdiqlash, laboratoriya qoidalari va/yoki texnik shartlar va pasportlar, shuningdek, ishlab chiqarishni tashkil qilish uchun zarur boʻlgan boshqa hujjatlar toʻplamini ishlab chiqish.
Amaliy loyihalarni amalga oshirishning eng koʻp muddati uch yilgacha boʻlishi mumkin.
Amaliy loyihalar tanlovida qatnashuvchi ilmiy jamoaning rahbari ilmiy darajaga ega boʻlishi shart.
11. Innovatsion loyihalari quyidagi talablarga javob berishi zarur:
avval bajarilgan fundamental va amaliy tadqiqotlar asosida mahalliy xomashyolardan foydalangan holda import oʻrnini bosuvchi, eksportga moʻljallangan yangi mahsulot va texnologiyalarni yaratish, mavjudlarini sifat jihatidan takomillashtirish, tannarxini pasaytirish, mehnat bozorida yangi ish oʻrinlarini yaratishni taʼminlash;
keyinchalik ulardan amaliyotda foydalanish maqsadida amalga oshiriladigan konstruktorlik, tajriba namunalari, asboblar, materiallar, buyumlar va boshqa ilmiy ishlanmalarni loyihalash, tayyorlash va sinovdan oʻtkazish, rivojlantirish bilan bogʻliq tajriba-konstruktorlik ishlarini bajarish;
yuqori texnologiyaga asoslangan mahsulotlar namunalari yoki prototiplarini yaratish va/yoki tajriba-laboratoriya texnologiyasini tatbiq etish, ilmiy hajmdor mahsulotni ishlab chiqarishga tayyorlash, iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohada qoʻllash uchun yangi turdagi xizmatlarning tajriba-sinovini oʻtkazish (sogʻliqni saqlash, bank-moliya sektori va boshqalar).
Innovatsion loyihalarni amalga oshirishning eng koʻp muddati ikki yilgacha boʻlishi mumkin.
Innovatsion loyihalar tanlovida qatnashuvchi ilmiy jamoaning rahbari ilmiy darajaga ega boʻlishi shart.
12. Ilmiy-tadqiqot loyihalariga tashkilotlardan taqdim etiladigan arizalar Buyurtmachi tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilib, identifikatsiya raqami olingandan soʻng qabul qilinadi. Roʻyxatdan oʻtish tartibi va ijrochi tashkilotlarga qoʻyiladigan talablar Buyurtmachi tomonidan belgilanadi va Buyurtmachining rasmiy veb-saytida va/yoki zarur hollarda boshqa ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.
3-bob. Davlat buyurtmasi asosida amalga oshiriladigan ilmiy-tadqiqot loyihalarini shakllantirish tartibi
1-§. Tematik ilmiy-tadqiqot loyihalarini shakllantirish tartibi
13. Tematik ilmiy-tadqiqot loyihalariga buyurtma davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, ilmiy faoliyat subyektlarining asoslangan takliflari, shuningdek, fan va texnologiyalarni rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlari, iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohaning mavjud muammolari, tijoratlashtirish imkoniyati mavjud yakuniy tayyor mahsulot/texnologiyalarga boʻlgan ehtiyojlari tahlilining natijalari asosida Buyurtmachi tomonidan ishlab chiqiladi.
Ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi doirasida tematik ilmiy-tadqiqot loyihalarini shakllantirish ushbu Nizomga 1-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
14. Davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari davlat buyurtmasiga kiritish uchun iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohaning mavjud muammolarini va real ehtiyojlarini chuqur tahlil qilish va hududiy muammolarni hal etishga qaratilgan ilmiy-tadqiqotlar boʻyicha belgilangan tartibda va shaklda asoslangan takliflar (keyingi oʻrinlarda takliflar deb ataladi) tayyorlaydi. Takliflar Buyurtmachining rasmiy soʻroviga asosan yoki ixtiyoriy ravishda koʻrib chiqish uchun muntazam ravishda taqdim etilishi mumkin.
Bunda davlat buyurtmasiga kiritish uchun ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalari tomonidan ularning ilmiy-texnik yoki ilmiy kengashlarida koʻrib chiqilib, maʼqullangan tematik loyiha eʼloni uchun taklif ushbu muassasalarning yuqori turuvchi vazirlik va idoralariga taqdim etiladi.
Yuqori turuvchi vazirlik va idoralar ilmiy-tadqiqot hamda oliy taʼlim muassasalaridan olingan takliflarni umumlashtiradi va koʻrib chiqish uchun Buyurtmachiga taqdim etadi.
Iqtisodiyot tarmoqlarining ilmiy yechimni taʼminlash talab etiladigan ehtiyojlari boʻyicha takliflar toʻgʻridan-toʻgʻri Buyurtmachiga koʻrib chiqish uchun taqdim etiladi.
Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan takliflar hudud iqtisodiyotining muammolarini va ilmiy-texnik ishlanmalarga boʻlgan ehtiyojlarni tahlil qilish, shuningdek, hududdagi yuqori turuvchi tashkiloti mavjud boʻlmagan boshqa tashkilotlarning takliflari asosida shakllantiriladi.
15. Davlat buyurtmasiga kiritish uchun tematik loyiha eʼloni uchun takliflarni shakllantirishda quyidagi prinsiplarga rioya etiladi:
ilmiy-tadqiqot mavzusining dolzarbligi va tematik loyiha mavzusida aniq yakuniy mahsulotga buyurtmani aks etganligi;
fan va texnologiyalar rivoji uchun ustuvorligi;
iqtisodiyot tarmoqlari, ijtimoiy soha va respublika hududlarining aniq muammolarini hal etishga qaratilganligi;
loyiha natijasida yakuniy mahsulotni yaratilishi asoslanganligi;
ishlanmaning raqobatbardoshliligi;
tayyor mahsulotni ishlab chiqishga yoʻnaltirilganligi;
loyiha natijalarining tijoratlashtirish imkoniyatining mavjudligi;
loyihaning natijadorligi (mahsulot yoki takomillashtirilgan texnologiya);
loyihaning moliyalashtirish prognoz hajmlari belgilanganligi.
16. Tematik ilmiy-tadqiqot loyihalar boʻyicha takliflarni shakllantirish uchun, zarur hollarda, Buyurtmachi tomonidan mavzu va loyiha natijasida yaratiladigan mahsulotni iqtisodiyotga kerakligi toʻgʻrisida manfaatdor davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga soʻrov yuboriladi.
Tematik ilmiy-tadqiqot loyihalar boʻyicha takliflar Buyurtmachi tomonidan muntazam ravishda qabul qilinadi.
17. Takliflarni shakllantirishda ularni amalga oshirishning maqsadga muvofiqligi uchun tematik ilmiy-tadqiqot boʻyicha taklif bergan (benefitsiar) tomon javobgar boʻladi.
18. Buyurtmachi taklif(lar) qabul qilingan sanadan boshlab oʻttiz kun davomida kelib tushgan takliflar yigʻma roʻyxatini shakllantiradi, ularning takrorlanishining oldini olish maqsadida, shuningdek, amalga oshirilayotgan va avval amalga oshirilgan loyihalarni hisobga olgan holda oʻrganib chiqadi.
19. Tematik ilmiy-tadqiqot loyihalar boʻyicha takliflarni oʻrganish jarayoniga zarur hollarda, iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohaning tegishli mutaxassislari, shu jumladan xorijiy ekspertlar ham jalb etilishi mumkin.
20. Buyurtmachi tematik ilmiy-tadqiqot loyihalar boʻyicha takliflar roʻyxatini shakllantirishda mavzu doirasida amalga oshiriladigan loyihaning turi, kutilayotgan yakuniy natijasi va amalga oshirish muddatlaridan kelib chiqib, moliyalashtirishning prognoz hajmini belgilashi mumkin.
21. Buyurtmachi tematik ilmiy-tadqiqot loyihalar dolzarbligi hamda ahamiyatini, kutilayotgan yakuniy natijasini hisobga olgan holda, loyihalarni amalga oshirish muddatlarini belgilaydi.
22. Buyurtmachining tarkibiy boʻlinmalari taklif(lar) qabul qilingan sanadan boshlab oʻttiz kun muddat ichida loyiha tasnifi va unga qoʻyiladigan talablarni ishlab chiqadi va eʼlon uchun tayyorlaydi.
23. Tematik ilmiy-tadqiqot loyihalarga davlat buyurtmasi Buyurtmachining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi va loyihani topshirishning aniq muddati va tartibi belgilangan holda uning rasmiy veb-saytida va zarur hollarda boshqa ommaviy axborot vositalarida tanlov eʼlon qilinadi.
Oʻrganish natijalariga koʻra, ayrim takliflar eʼlonga berilmasligi va qayta koʻrib chiqish uchun taklif etuvchiga qaytarilishi yoki asoslantirilgan holda rad etilishi mumkin.
2-§. Maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalarini shakllantirish tartibi
24. Maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalari boʻyicha takliflar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi va Vazirlar Mahkamasining hujjatlari, davlat dasturlari va konsepsiyalarda bayon etilgan vazifa va topshiriqlar asosida (agar bu topshiriqlarni ijrosi tematik ilmiy-tadqiqot loyihalar tanlovlari doirasida bajarilishi mumkin boʻlmasa) hamda davlat boshqaruvi organlari va mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari oldida turgan oʻziga xos muammolarni hal etish ehtiyojidan kelib chiqib murojaatga muvofiq qabul qilinadi. Bunda tanlov tashkil qilish uchun alternativ loyiha takliflarini shakllantirish imkoni chegaralanganligi uchun loyihalar tegishli ilmiy-texnik kengashda oʻtkazilgan ilmiy ekspertiza va loyihaning ochiq muhokamasi natijasiga koʻra tanlovdan tashqari moliyalashtiriladi.
Ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi doirasida maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalarini shakllantirish ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
25. Maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalari ikki yoki undan ortiq ilmiy faoliyat subyektlari, xalqaro va xorijiy ilmiy markazlar bilan hamkorlikda amalga oshirilishi mumkin.
26. Davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi va Vazirlar Mahkamasining hujjatlari qabul qilinganidan keyin oʻttiz kun ichida maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalari boʻyicha takliflarni Buyurtmachiga taqdim etadi. Bunda taklif qilinayotgan ilmiy loyihaning maqsadliligi, oʻziga xosligi va tanlov tashkil qilish uchun alternativ loyiha takliflarini shakllantirish imkoni yoʻqligi yoki chegaralanganligi asoslab berilishi shart.
Buyurtmachining oʻrganishlari va xulosasi asosida tanlov oʻtkazish imkoni boʻlgan topshiriqlarga tematik ilmiy loyihalar shakllantirilib, tanlovga qoʻyilishi mumkin.
27. Buyurtmachi maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalarini tegishli ilmiy kengashda ilmiy ekspertiza va loyihaning ochiq muhokamasi natijasiga koʻra tanlovdan tashqari moliyalashtirishga yoʻnaltiradi.
28. Ariza beruvchi (benefitsiar) maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalarini shakllantirishda va amalga oshirishning maqsadga muvofiqligi boʻyicha takliflar uchun javobgardir.
29. Buyurtmachi taklif(lar) qabul qilingan sanadan boshlab oʻttiz kun davomida kelib tushgan takliflarning yigʻma roʻyxatini shakllantiradi, takrorlanishlarining oldini olish maqsadida, shuningdek, amalga oshirilayotgan va avval amalga oshirilgan loyihalarni hisobga olgan holda tegishli ilmiy kengashda ilmiy ekspertiza va loyihaning ochiq muhokamasi natijasiga koʻra moliyalashtirishga tavsiya beradi.
30. Maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalarini ekspertizadan oʻtkazish jarayoniga zarur hollarda iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohaning tegishli mutaxassislari, shu jumladan xorijiy ekspertlar ham jalb etilishi mumkin.
31. Buyurtmachi loyihalarni amalga oshirish uchun moliyaviy imkoniyat mavjud boʻlganda, mablagʻlar limitini oshirish yoki mablagʻlarni tadqiqot yoʻnalishlari oʻrtasida qayta taqsimlash huquqiga ega.
Qabul qilingan barcha turdagi loyiha hujjatlarining moliyaviy-iqtisodiy ekspertizasi Buyurtmachi tomonidan amalga oshiriladi.
Moliyaviy-iqtisodiy ekspertiza loyiha fan yoʻnalishi boʻyicha tegishli ilmiy-texnik kengash tomonidan moliyalashtirishga tavsiya etish toʻgʻrisidagi bayonnoma Buyurtmachiga taqdim etilgan kundan boshlab oʻn ish kunida amalga oshiriladi.
Moliyaviy-iqtisodiy ekspertizadan oʻtmagan loyihalar keyingi bosqichga oʻtkazilmaydi va moliyalashtirilmaydi.
3-§. Tashabbuskor ilmiy-tadqiqot loyihalarini shakllantirish tartibi
32. Tashabbuskor ilmiy-tadqiqot loyihalari ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalarining, ilmiy-tadqiqot va tajriba-konstruktorlik faoliyatini amalga oshiruvchi boshqa manfaatdor tashkilotlarning asoslangan takliflari asosida ilmiy tadqiqotlarning ustuvor yoʻnalishlariga muvofiq shakllantiriladi, tegishli ilmiy-texnik kengashda ilmiy ekspertiza va loyihaning ochiq muhokamasi natijasiga koʻra tanlovlarsiz moliyalashtiriladi.
Buyurtmachi ustuvor yoʻnalishlarga muvofiq tashabbuskor ilmiy-tadqiqot loyihalariga eʼlon beradi.
Eʼlon boʻyicha tashabbuskor ilmiy-tadqiqot loyihalariga talab etiladigan hujjatlar Buyurtmachining rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi va unda loyiha talabnomalarini qabul qilish muddatlari, amalga oshirish muddatlari va loyihalarni amalga oshirishdan kutilayotgan natijalar koʻrsatilgan boʻlishi zarur.
33. Tashabbuskor ilmiy-tadqiqot loyihalari boʻyicha loyiha talabnomalari Buyurtmachi tomonidan belgilangan talablar va shakllarga muvofiq taqdim etiladi.
Ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi doirasida tashabbuskor ilmiy-tadqiqot loyihalarini shakllantirish ushbu Nizomga 3-ilovada keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
34. Tashabbuskor loyihalarni amalga oshirish muddatlari tadqiqot turlari boʻyicha ishlarni bajarish muddatiga qoʻyiladigan talablarni hisobga olgan holda, asoslantirilgan kalendar ish rejalariga muvofiq belgilanadi.
35. Tashabbuskor loyihalarni moliyalashtirish hajmi loyihani amalga oshiruvchi tashkilotlar tomonidan taqdim etiladigan hisob-kitoblar va moliyaviy rejalar asosida belgilanadi.
36. Ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalari tomonidan taqdim etilgan tashabbuskor loyihalarni amalga oshirish muddatlari va moliyalashtirish hajmi loyiha talabnomalarining oʻtkazilayotgan ekspertizasi natijasi boʻyicha tegishli ilmiy-texnik kengashlar va buyurtmachining qarori bilan oʻzgartirilishi mumkin.
37. Amaliy va innovatsion loyihalarni amalga oshirish uchun tashabbuskor ilmiy-tadqiqot loyihalarining talabnomalari ilmiy faoliyat subyektlari va sanoat hamkorlari bilan birgalikda taqdim etilishi mumkin.
Bunday arizada sanoat hamkori tomonidan qoʻshma (ulushli) moliyalashtirish hajmi, shu jumladan qoʻshma moliyalashtirish xarajatlari turlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi.
38. Buyurtmachi berilgan eʼlonga koʻra, tadqiqot yoʻnalishlariga koʻra tashabbuskor ilmiy-tadqiqot loyihalari boʻyicha kelib tushgan loyihalarni qabul qiladi, ularning texnik ekspertizasini oʻtkazadi va huzuridagi ilmiy-texnik kengashlarda loyihaning ilmiy ekspertizani va ochiq muhokamasi tashkil etadi.
4-bob. Davlat buyurtmasi asosida amalga oshiriladigan ilmiy-tadqiqot loyiha takliflarini qabul qilish, eʼlon va tanlovlarni tashkil etish tartibi
39. Buyurtmachi:
tematik ilmiy-tadqiqot loyihalariga muntazam ravishda tanlov eʼlon qiladi va tegishli ilmiy-texnik kengashda ilmiy ekspertiza va loyihaning ochiq muhokamasi natijasiga koʻra eng maqbul loyihalardan birini tanlab, moliyalashtirishga tavsiya etadi;
maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalariga taklif qabul qiladi, tegishli ilmiy-texnik kengashda ilmiy ekspertiza va loyihaning ochiq muhokamasi natijasiga koʻra tanlovsiz moliyalashtirishga tavsiya etadi;
ilm-fanning ustuvor yoʻnalishlari boʻyicha tashabbuskor loyihalarga eʼlon beradi va tegishli ilmiy-texnik kengashda ilmiy ekspertiza va loyihaning ochiq muhokamasi natijasiga koʻra tanlovsiz moliyalashtirishga tavsiya etadi.
40. Tashabbuskor loyihalarga eʼlon va tematik loyihalari tanlov talablari Buyurtmachining rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi hamda loyiha talabnomalarini qabul qilish muddatlari, loyiha mavzularining nomi, amalga oshirish muddatlari va loyihalarni moliyalashtirishning prognoz miqdori, loyihalarni amalga oshirishdan kutilayotgan natijalar, loyihalarni amalga oshirish boʻyicha topshiriqni oʻz ichiga olgan maʼlumotlar koʻrsatiladi.
Maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalarni amalga oshirish boʻyicha chiqarilgan topshiriqlarning asoslanganligiga qarab, tanlovlar oʻtkazilishi yoki tanlovlarsiz moliyalashtirish uchun kollegial organga xulosa berilishi mumkin.
41. Tashkiliy-huquqiy shaklidan va idoraviy mansubligidan qatʼi nazar, Buyurtmachining talablari va tanlov hujjatlariga muvofiq ilmiy faoliyat subyektlari, ilmiy-tadqiqot faoliyati bilan shugʻullanuvchi boshqa tashkilotlar ilmiy-tadqiqot loyihalarini amalga oshirish uchun loyiha hujjatlari toʻplami bilan loyihalar tanlovida qatnashish, hujjatlar toʻplamini eʼlonda belgilangan muddatlarga muvofiq taqdim etish huquqiga ega.
42. Loyiha talabnomasi tarkibidagi hujjatlarning asosiy roʻyxati va ularni rasmiylashtirish (toʻldirish) va taqdim etish tartibi Buyurtmachi tomonidan tasdiqlanadi hamda Buyurtmachining rasmiy veb-saytida va zarur hollarda, boshqa ommaviy axborot vositalari orqali eʼlon qilinadi.
43. Loyiha talabnomalari Buyurtmachi tomonidan eʼlon qilingan hujjatlar eʼlon yoki tanlov shartlarida belgilangan sanaga qadar qabul qilinadi.
44. Buyurtmachi ilmiy-tadqiqot loyihalari boʻyicha kelib tushgan barcha loyihani roʻyxatdan oʻtkazadi va ularga roʻyxatga olish raqamlarini beradi hamda texnik ekspertizadan oʻtkazadi. Texnik talablarga mos loyihalar ilmiy ekspertiza va ochiq muhokama oʻtkazish uchun buyurtmachi huzuridagi tegishli ilmiy-texnik kengashlarga yoʻnaltiriladi.
45. Yopiq mavzudagi (maxsus yoʻnalishdagi) ilmiy-tadqiqot loyihalariga eʼlon va tanlovlar davlat buyurtmasiga qoʻyilgan talablar doirasida maxfiy ish yuritish talablaridan kelib chiqqan holda amalga oshiriladi.
Yopiq ilmiy-tadqiqot loyihalariga eʼlon va tanlovlar ochiqlanmaydi. Tanlovda ishtirok etish uchun takliflar loyiha talabnomalari, oldindan belgilangan ijrochi tashkilot boʻlmagan taqdirda, buyurtmachi tomonidan maxsus aloqa kanallari orqali qabul qilishning tegishli darajasiga ega tashkilotlarga yuboriladi.
46. Xalqaro bitimlar doirasida amalga oshiriladigan tematik yoki tashabbuskor ilmiy-tadqiqot loyihalariga eʼlon va tanlovlar ushbu Nizomga muvofiq amalga oshiriladi.
5-bob. Davlat buyurtmasi asosida amalga oshiriladigan ilmiy-tadqiqot loyihalari talabnomalariga qoʻyiladigan talablar
47. Loyiha talabnomasida loyihani amalga oshiradigan ilmiy jamoa tarkibiga kiritilgan ijrochilar soni, shuningdek, loyihaning asosiy ijrochilari toʻgʻrisida toʻliq maʼlumotlar koʻrsatilishi kerak.
48. Loyihani amalga oshirish boshlangan vaqtda tuzilgan ilmiy jamoaning oʻrtacha yoshi, qoida tariqasida, 45 yoshdan oshmasligi kerak. Tadqiqot guruhining oʻrtacha yoshi ijrochilar yoshining arifmetik oʻrtacha darajasi sifatida hisoblanadi.
49. Akademik va ilmiy almashinuvni ragʻbatlantirish, akademik harakatchanlik va hamkorlikni rivojlantirish uchun 45 yoshgacha boʻlgan yosh olimlarning milliy (respublika) ilmiy va xorijiy taʼlim muassasalariga qisqa va uzoq muddatli xizmat safarlari (jumladan ilmiy anjumanlarda ishtirok etish) loyiha talabnomalarga kiritilishi mumkin.
Xizmat safarining maqsadi ilmiy-tadqiqot loyihasi kalendar rejasiga mos kelishi va loyiha koʻrsatkichlarining bajarilishiga xizmat qilishi lozim.
50. Fundamental ilmiy-tadqiqot ishlarini amalga oshirish uchun loyiha talabnomasiga qoʻyiladigan asosiy talab ilmiy jamoa va loyihani amalga oshiruvchi tashkilotning falsafa doktori yoki fan doktori ilmiy unvoni boʻyicha ilmiy guruh aʼzolaridan kamida bittasi tomonidan ilmiy dissertatsiya tayyorlash va himoya qilinishini taʼminlashdan iborat boʻlishi lozim.
51. Amaliy va innovatsion loyihalarni amalga oshirishda sanoat yoki tarmoq tomonidan hamkorlikda moliyalashtirishga qiziqish boʻlgan taqdirda, loyiha talabnomalariga sanoat yoki tarmoq hamkori toʻgʻrisidagi maʼlumot va uning moliyaviy ishtiroki (hamkorlikda moliyalashtirish) hajmi va turlarini tasdiqlovchi hujjatlar ilova qilinishi kerak.
52. Yoshlarni ilmiy faoliyatga jalb qilish, shuningdek, ilmiy izlanuvchilar institutini rivojlantirish uchun ilmiy-tadqiqot loyihalarini amalga oshirish uchun ilmiy-tadqiqot guruhiga ilmiy stajyor lavozimi kiritilishi lozim.
53. Ijrochi tashkilotlar loyihani toʻliq yoki qisman amalga oshirish uchun xorijiy olimlarni va xorijiy ilmiy tashkilotlar bilan hamkorlikda ishlaydigan mutaxassislarni, taʼlim muassasalarini, tashkilotlarni va tadbirkorlik subyektlarini jalb qilishi mumkin.
54. Har bir loyiha talabnomasi Buyurtmachi tomonidan ishlab chiqilgan va tasdiqlangan shakllarga muvofiq tuzilgan quyidagi hujjatlarni oʻz ichiga olishi zarur:
ilmiy-tadqiqot guruhining tarkibi har bir lavozimga talablar tavsifi bilan;
loyiha mablagʻlarining ilmiy-tadqiqot loyihasini amalga oshirish uchun zarur boʻlgan moddiy-texnik resurs bazasini (binolar, jihozlar, inventarlar, dasturiy taʼminot, maʼlumotlar bazalari, maʼlumot manbalari va boshqalar) shakllantirishga yoʻnaltirilganligi (kamida 40 foiz miqdorida), ilmiy jamoa uchun yaratib beriladigan shart-sharoitlar mavjudligini koʻrsatuvchi maʼlumotlar;
ushbu ishlarni amalga oshirish bilan shugʻullanadigan tadqiqot guruhi aʼzolari bilan ishlashning ketma-ketligini tavsiflovchi kalendar reja;
xarajatlar yoʻnalishlari koʻrsatilgan, zarur moliyalashtirish hajmi va muddatlarini aks ettiruvchi moliyaviy reja va hisob-kitoblar;
tadqiqotning kutilayotgan natijalarini qoʻllash sohasi koʻrsatilgan holda uning asosiy natijalari tavsifi.
55. Loyiha va tadqiqot turiga qarab, loyiha talabnomalari tarkibiga qoʻyiladigan talablarning toʻliq roʻyxati Buyurtmachi tomonidan belgilanadi, tasdiqlanadi va rasmiy veb-saytida va zarur hollarda, boshqa ommaviy axborot vositalari orqali eʼlon qilinadi.
6-bob. Loyihalarni ekspertizadan oʻtkazish va loyiha talabnomalarini tanlov asosida saralab olish tartibi
1-§. Loyihalarni ekspertizadan oʻtkazish va loyiha talabnomalarini tanlov asosida saralab olishga qoʻyilgan umumiy talablar
56. Tematik loyihalar tanloviga hujjatlar topshirish muddatining oxirgi sanasigacha tanlov hujjatlarida belgilangan talablarga javob beradigan kamida ikkita loyiha talabnomasi kelib tushgan boʻlsa, tanlov haqiqiy deb hisoblanadi. Bu holda loyiha talabnomalari ekspertiza va keyingi tanlov uchun yuboriladi.
57. Agar tanlovda bitta ishtirokchi qatnashgan boʻlsa yoki hech kim qatnashmagan boʻlsa, u holda tanlov boʻlmagan deb hisoblanadi. Bu holda Buyurtmachi ushbu loyiha boʻyicha bir xil shartlar va talablar asosida qayta tanlov oʻtkazishi shart.
58. Agar loyihalarning texnik ekspertizasi natijalariga koʻra, Buyurtmachi barcha loyihalarni rad etsa yoki bitta hujjat talabnomasi tanlov hujjatlari talablariga javob bersa, tanlov boʻlmagan deb topiladi va qayta tanlov eʼlon qilinadi.
59. Tanlov hujjatlari shartlarini oʻzgartirmasdan, qayta tanlovda yangi takliflarni qabul qilish muddati kamida oʻn ish kuni deb belgilanadi. Agar qayta tanlovga muqobil loyiha talabnomasi kelib tushmasa, dastlabki bosqichda tanlovga kelib tushgan bitta loyiha Buyurtmachi tomonidan suhbat asosida arizachi bilan muzokara oʻtkazilib, ijobiy xulosa natijasiga koʻra belgilangan tartibda keyingi bosqichga yoʻnaltiriladi.
60. Olingan loyiha talabnomalarining ekspertizasi Buyurtmachi tomonidan tashkil qilinadi. Bunda dastlab texnik va keyinchalik ilmiy ekspertizani oʻtkazish yoʻli bilan yakuniy xulosa shakllantiriladi.
2-§. Loyiha hujjatlarining texnik ekspertizasi
61. Qabul qilingan barcha turdagi loyiha hujjatlarining texnik ekspertizasi Buyurtmachi tomonidan amalga oshiriladi. Texnik ekspertizani oʻtkazish muddati loyiha talabnomalari uchun hujjatlarni qabul qilish tugagan kundan boshlab oʻn besh kundan oshmasligi kerak.
62. Texnik ekspertiza taqdim etilgan hujjatlarning Buyurtmachi tomonidan tasdiqlangan talablarga muvofiqligini, shuningdek, loyiha hujjatlariga koʻra taqdim etilgan maʼlumotlarni tahlil qilishda xatolarni aniqlash maqsadida amalga oshiriladi.
63. Texnik ekspertiza quyidagi tartiblarni oʻz ichiga oladi:
talabnomaga ilova qilingan shakllarning toʻliqligi va toʻgʻriligini, zarur imzo, muhr va shtamplarning mavjudligini tekshirish;
ilgari topshirilgan loyiha talabnomasiga oʻxshash yoki shu mavzuda bajarilgan loyihalarning mavjudligi va loyiha talabnomalarining takrorlanishini aniqlash;
taqdim etilgan moliyaviy-iqtisodiy hisob-kitoblar mavjudligini oʻrganish;
loyiha talabnomasiga koʻra, har taqdim etilgan hujjatlarda koʻrsatilgan maʼlumotlarni tekshirish, texnik xatolar va noaniqliklar yoʻqligini tekshirish.
64. Loyiha hujjatlari boʻyicha texnik ekspertizaning ijobiy xulosasi boʻlgan taqdirda, hujjatlar toʻplami Buyurtmachi tomonidan ilmiy ekspertizani oʻtkazish uchun Buyurtmachi huzuridagi fan yoʻnalishlari boʻyicha tegishli ilmiy-texnik kengashlarga yuboriladi.
65. Loyiha hujjatlari boʻyicha texnik ekspertizaning salbiy xulosasi mavjud boʻlgan taqdirda, Buyurtmachi loyihani taqdim etgan muassasaga (tashkilotga) bu haqda yozma ravishda maʼlum qiladi. Buyurtmachi tomonidan kamchiliklarni bartaraf etish uchun uch ish kunidan kam boʻlmagan muddat belgilanadi.
Buyurtmachi loyiha talabnomada koʻrsatilgan tartibda asoslantirilgan xulosani tegishli tashkilotga (muassasaga) yetkazadi.
Agar loyiha taqdim etgan tashkilot (muassasa) Buyurtmachi tomonidan aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan asoslantirilgan takliflarni belgilangan muddatda taqdim etmasa, loyiha koʻrib chiqish jarayonidan olib tashlanadi va ilmiy ekspertizadan oʻtkazilmaydi. Mazkur holatda loyiha hujjatlari uni taqdim etgan tashkilotga (muassasa) qaytarib yuborilmaydi hamda qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Buyurtmachida saqlanadi. Loyihani taqdim etgan tashkilot (muassasa)ning yozma murojaatiga asosan loyiha hujjatlari Buyurtmachi tomonidan qaytarilishi mumkin.
66. Tanlovga bitta loyiha taqdim etilgan hollarda loyihalarni alohida tartibda koʻrib chiqish uchun Buyurtmachining buyrugʻiga binoan Buyurtmachining tarkibiy boʻlinmalarining masʼul xodimlaridan kamida besh kishidan iborat tarkibda ishchi guruh tuziladi.
Ishchi guruh besh ish kuni ichida yagona ishtirokchining loyihasini koʻrib chiqadi va uning tanlov takliflarini taqqoslaydi.
Individual tartibda koʻrib chiqilayotgan loyiha ushbu mavzu boʻyicha ilmiy izlanishlarning hozirgi bosqichida talabga ega boʻlishi, iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohaning, shu jumladan tijoratlashtirish imkoniyatiga ega boʻlgan yakuniy tayyor mahsulot texnologiyalariga yoʻnaltirilgan loyihalarning ehtiyojlariga javob berishi kerak.
Tekshirish natijalariga koʻra, ishchi guruh loyihani ilmiy-texnik kengashda koʻrib chiqish uchun asos boʻlgan tegishli bayonni tasdiqlaydi.
3-§. Loyihalarning ilmiy ekspertizasi
67. Davlat buyurtmasi asosida bajariladigan ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari doirasidagi ilmiy loyihalar davlat ilmiy ekspertizasidan oʻtkazilishi shart.
68. Loyiha talabnomalarining ilmiy ekspertizasi ikki bosqichda oʻtkaziladi:
birinchi bosqichda har bir loyiha talabnomasi Buyurtmachi tomonidan mustaqil ekspertlarni, shu jumladan xorijiy ekspertlarni jalb etgan holda ekspertiza qilinadi;
ikkinchi bosqichda har bir loyiha talabnomasi fan yoʻnalishlari boʻyicha tegishli ilmiy-texnik kengashlar (ITK) tomonidan ochiq muhokamadan oʻtkaziladi.
69. Ilmiy ekspertiza loyihaning ilmiy yangiligi va amaliy ahamiyatini, uni texnik jihatdan amalga oshirish imkoniyatlarini, shu jumladan moddiy-texnik bazaning yetarli ekanligi, ilmiy salohiyatning va ilmiy jamoaning ilmiy natijalari mavjudligini aniqlash maqsadida oʻtkaziladi.
70. Ilmiy ekspertiza quyidagi tamoyillarga asoslangan holda amalga oshiriladi:
ekspertlarning mustaqilligi;
ilmiy loyihani ilmiy yondashuv asosida, xolis, toʻliq va har tomonlama oʻrganish;
ekspertiza natijalarining asoslantirilganligi;
ekspertlarning chuqur bilimga egaligi, yuqori darajada professional va kasbiy mahoratga egaligi;
davlat, xizmat va tijorat sirlariga rioya qilgan holda ekspertiza natijalarining ochiqligi;
jamoat, texnika va ekologik xavfsizlikka, milliy va xalqaro standartlarga rioya qilish.
71. Ilmiy ekspertizani amalga oshirish jarayonida uning natijalaridan shaxsan manfaatdor boʻlgan jismoniy shaxslar va yuridik shaxslar vakillarining qatnashishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
72. Ilmiy ekspertiza muddati Buyurtmachi tomonidan ITKga loyiha kelib tushgan sanadan boshlab bir oydan oshmasligi kerak.
73. Loyiha talabnomalarining ilmiy ekspertizasi ikki bosqichda oʻtkaziladi.
74. Ilmiy ekspertizaning birinchi bosqichida loyiha talabnomasi kelib tushgan kundan boshlab uch ish kuni ichida ikkita ekspert boʻyicha taklif Buyurtmachiga kiritiladi. Buyurtmachi tomonidan ekspertlar roʻyxatga olingandan soʻng, ekspertlarga loyihalar koʻrib chiqish va baholash uchun taqdim qilinadi.
Ekspertlarga qoʻyiladigan talablar, ularni tanlash va ekspertizaga tayinlash tartibi Buyurtmachi tomonidan belgilanadi.
75. Ilmiy ekspertizaning birinchi bosqichida ekspertlar loyiha talabnomasini bir oy muddatda koʻrib chiqadi. Ekspertiza natijalariga koʻra, har bir ekspert loyiha boʻyicha oʻzining ekspert xulosasini beradi va uni 100 ballik shkala boʻyicha baholaydi, bunda 0 ball — eng past koʻrsatkich, 100 ball — eng yuqori koʻrsatkich hisoblanadi.
Bunda agar bir loyiha boʻyicha ikki ekspert baholaridagi farq 25 balldan yuqori boʻlsa, ekspertiza natijalarini aniqlashtirish maqsadida uchinchi ekspert qoʻshimcha ekspertiza uchun tayinlanadi.
Loyiha talabnomasining yakuniy ekspert bahosi barcha ekspert baholarining oʻrtacha arifmetik qiymati sifatida hisoblanadi.
Ilmiy ekspertizaning birinchi bosqichi natijalari Buyurtmachi tomonidan belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan ekspert xulosalari ilmiy ekspertizaning ikkinchi bosqichini oʻtkazish uchun ITKga yuboriladi.
Ilmiy ekspertizadan oʻtmagan loyihalar ITK tomonidan belgilangan tartibda rasmiylashtirilgan bayonnoma va ekspert xulosalari bilan birga Buyurtmachiga qaytariladi. Buyurtmachi asoslantirilgan rad etish xulosasini loyiha rahbarlariga interfaol xizmat orqali bildirish uchun elektron platformaga joylashtiradi.
76. Ilmiy ekspertizaning ikkinchi bosqichida loyihalar ITK yigʻilishida ochiq muhokama (taqdimot) shaklida koʻrib chiqiladi. Ilmiy loyihaning rahbari ilmiy loyiha taqdimoti bilan ITK yigʻilishlarida qatnashadi. ITK aʼzolari tadqiqot loyihasi va loyihani qoʻllash mavzusi boʻyicha savollar berish huquqiga ega.
77. Taqdimot va ochiq muhokamaning natijalariga koʻra, ovoz berish huquqiga ega ITK aʼzolari loyiha talabnomasini 100 ball tizimidan foydalangan holda baholaydi, bunda 0 ball eng past baho va 100 ball eng yuqori baho hisoblanadi. ITK aʼzolarining baholari yigʻilish bayonnomasida qayd etiladi. ITK tomonidan loyiha taklifining yakuniy bahosi ITK aʼzolari baholarining oʻrtacha arifmetik qiymati bilan belgilanadi.
Loyiha talabnomasini baholash jarayonida loyihani amalga oshirishni rejalashtirilayotgan tadqiqotchilar guruhi rahbari va aʼzolarining qatnashishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
78. ITK yigʻilishining qoidalari va qarorlarini qabul qilish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi huzuridagi ilmiy-texnik kengashlar toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq belgilanadi.
79. ITK tomonidan yakuniy bahosi 60 va undan yuqori ball boʻlgan taqdirda, loyiha talabnomasi ilmiy ekspertizaning ikkinchi bosqichidan oʻtgan deb hisoblanadi.
80. Har bir loyiha talabnoma boʻyicha ilmiy ekspertiza yakunlangach, ITK xulosa va tavsiyalar beradi. ITK qarorlari va xulosalari yigʻilish bayoni shaklida tuzilib, rais tomonidan tasdiqlanadi.
81. ITK aʼzosi baholash jarayonida koʻpchilikning fikriga qoʻshilmasa, oʻzining alohida fikrini bildirishga haqli. ITK aʼzosining alohida fikri yigʻilish bayonnomasiga kiritiladi.
82. ITK oʻxshash mavzular va yoʻnalishlar boʻyicha birlashtirgan, ularni bajarish jarayonini maqbullashtirish maqsadida ish hajmi va xarajatlarni aniqlaydigan rejalashtirilgan ishlarni toʻgʻrilash boʻyicha takliflar ishlab chiqishi mumkin.
83. ITK ekspertizasi natijalari tahlil qilinib, umumlashtirilganidan soʻng oʻn kun ichida kollegial organga koʻrib chiqish uchun taqdim etiladi. Kollegial organ loyiha buyurtmalarini toʻgʻri va xolis baholaganligini tekshirish maqsadida qoʻshimcha ekspertiza oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilishga haqli. Qoʻshimcha ekspertiza oʻtkazish tartibi kollegial organ tomonidan tasdiqlanadi.
Kollegial organ ITK raislarini qabul qilingan qarorlarga tushuntirish berishni soʻrab muhokamaga taklif qilishga haqli.
Zarur hollarda, loyiha talabnomasi ilmiy ekspertiza jarayonida ishlab chiqilgan xulosa va tavsiyalar asosida, shuningdek kollegial organning koʻrsatmasiga muvofiq ITK tomonidan qayta ishlanib, uning mavzusi va tarkibiga qisman oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritilgan tavsiyalar bilan Buyurtmachiga taqdim etilishi mumkin.
Bunda ITK tomonidan bir marotaba loyiha rahbariga uch ish kuni ichida tegishli oʻzgartirishlar qilishga ruxsat beriladi, oʻzgartirilgan loyiha qayta ekspertiza va muhokamadan oʻtkaziladi. ITK bayonida va uning qaror qismida loyiha talabnomasini qayta ishlash bilan bogʻliq barcha jarayonlar toʻliq asoslantirilishi lozim.
84. Ijobiy baholangan va moliyalashtirishga tavsiya etilgan ilmiy-tadqiqot loyihalarining yakuniy roʻyxatini tasdiqlash toʻgʻrisidagi qaror kollegial organ tomonidan hujjatlar taqdim etilgan sanadan boshlab oʻn ish kuni mobaynida qabul qilinadi.
85. Ijobiy baholangan loyihalarni tasdiqlash boʻyicha kollegial organ yigʻilishida nizo yuzaga kelgan taqdirda, kollegial organ qarori bilan loyihalar Innovatsion rivojlanish vazirligi huzuridagi Jamoatchilik kengashida koʻrib chiqish uchun yoʻnaltirilishi va bunda ITK raisi tomonidan taqdimot oʻtkazilishi mumkin. Jamoatchilik kengashi bir oy muddatda loyiha boʻyicha, shu jumladan loyihalarni moliyalashtirish yoki moliyalashtirishni rad etish boʻyicha oʻz tavsiyalarini kollegial organga taqdim etadi.
86. Buyurtmachi kollegial organ qarori qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran oʻn besh kun muddatda ilmiy-tadqiqot loyihasining ijrochi tashkiloti bilan belgilangan tartibda shartnoma imzolashi zarur.
Shartnomada moliyalashtirish shartlari va tomonlarning majburiyatlari nazarda tutilishi lozim.
Shartnomalarning namunaviy shakllari, shu jumladan ilova qilingan shakllar, jadvallar va boshqa materiallar buyurtmachi tomonidan ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.
7-bob. Loyihalar boʻyicha oʻtkaziladigan ilmiy ekspertizani baholash mezonlari
87. Davlat buyurtmasini amalga oshirish doirasida ilmiy-tadqiqot loyihalari tanloviga taqdim etilgan loyiha talabnomasining ilmiy-texnik darajasini baholash quyidagi mezonlar asosida amalga oshiriladi:
a) fundamental tadqiqotlar uchun:
tashabbuskor loyihalarning fan va texnologiyalarni rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlariga muvofiqligi;
loyihaning maqsadli tanlov mavzusi va shartlariga muvofiqligi;
mavzuning dolzarbligi, tadqiqotning yangiligi va ushbu yoʻnalishda ilmiy natijalarning mavjudligi va darajasi hamda yangi bilimlarni olish, yangi nazariyalar, usullar, tushunchalarni yaratishga qaratilganligi;
tadqiqot mavzusi boʻyicha zarur ilmiy salohiyat va ilmiy maʼlumotlarning mavjudligi (yuqori malakali olimlar jamoasi, soʻnggi besh yil ichida nashr etilgan ilmiy nashrlarning soni va sifati, patentlarning mavjudligi, yetakchi milliy va xorijiy ilmiy markazlar bilan hamkorlikning mavjudligi va boshqalar);
loyiha ijrochilari tarkibida 35 yoshgacha boʻlgan yosh olimlarning mavjudligi, ularning soni va sifat xususiyatlari;
zarur moddiy-texnik bazadan (binolar, jihozlar, inventarlar, dasturiy taʼminot, maʼlumotlar bazasi, axborot resurslari va boshqalar) foydalanish imkoniyati;
b) amaliy loyihalar uchun:
tadqiqotning ilmiy yangiligi, amaliy muammolarni hal qilish uchun yangi usullarni oʻrganishning kutilayotgan samarasi;
tadqiqot natijalarini tijoratlashtirish imkoniyati, shu jumladan sanoat hamkori va loyihani amalga oshirishdagi tomonlar hissasini baholash;
loyihani amalga oshirish natijasida kutilayotgan natijalar: ilmiy-texnik hujjatlar toʻplamini (texnologik yoki laboratoriya reglamentlari, texnik pasport, texnik shartlar, loyihalash hujjatlari va boshqalar), eksperimental (laboratoriya, ishlab chiqarish, klinik) sinovlarni oʻtkazish uchun yangi yondashuvlar va usullarni ishlab chiqish;
zarur salohiyat — ilmiy (ushbu masala boʻyicha yuqori malakali olimlar jamoasi) va moddiy-texnik resurslar (asboblar, uskunalar, materiallar va boshqa vositalar)ning mavjudligi;
loyiha ijrochilari tarkibida 35 yoshgacha boʻlgan yosh olimlarning mavjudligi (doktorantlar, mustaqil izlanuvchilar, magistrlar, bakalavrlar);
loyiha ijrochilarining ilmiy salohiyati: ilmiy nashrlarning mavjudligi (xorijiy nashrlarda maqolalar, patentlar yoki boshqa ilmiy hujjatlar, monografiyalar, oʻquv qoʻllanmalari, dasturiy mahsulotlar), shuningdek, soʻnggi besh yil ichida nashr etilgan xalqaro va milliy konferensiyalarda ilmiy maqola va tezislar;
v) innovatsion loyihalar uchun:
loyihani amalga oshirishdan kutilayotgan natijalar: import oʻrnini bosuvchi yoki eksportga yoʻnaltirilgan yuqori texnologiyali mahsulotlarni ishlab chiqarishni tashkil etish va ishlab chiqarishni tashkil etish (tayyorlash) uchun ilmiy-texnik hujjatlarni ishlab chiqishni (tasdiqlash) rejalashtirish;
loyihani tijoratlashtirish istiqbollari va sanoat hamkori darajasini va loyihani amalga oshirishga qoʻshgan hissasini baholash (mahsulot maʼlum bir isteʼmolchi uchun mos boʻlgan bozorga kirish va aniq istiqbolga ega boʻlishi kerak);
innovatsiya obyektiga talab darajasi: mahsulotga (texnologiya, ishlanma) talab — sanoat hamkori va (yoki) boshqa xoʻjalik yurituvchi subyektlar tomonidan loyihani amalga oshirish uchun shart-sharoitlarni yaratishda kafolatlar mavjudligi (loyihani amalga oshirishga qiziqish, zarur materiallar yoki boshqa manbalarni taqdim etishda ishtirok etish);
muhofaza qilinadigan hujjatlarning mavjudligi: patent (dasturiy mahsulot uchun guvohnoma) va taklif qilinayotgan mahsulot (texnologiya) uchun ilmiy-texnik hujjatlarning toʻliq toʻplami yoki texnik reglament, sinov sertifikati, texnik shartlar, eʼlon qilingan ilmiy maqolalar, patentga (dasturiy mahsulotga) topshirilgan talabnoma (sertifikat) va ishlab chiqarilgan laboratoriya reglamentlari, laboratoriya sinovlari;
loyiha ijrochilarining tegishli ilmiy-texnik yoki innovatsion faoliyat va tajriba-konstruktorlik ishlari boʻyicha amaliy tajribasining mavjudligi: mahsulot tajriba namunasining mavjudligi, ishlab chiqarish rejalashtirilayotgan mahsulotning ilmiy-texnik yoki ishchi tajriba-texnologik hujjatlari va/yoki mahsulotning laboratoriya, tajriba namunasining mavjudligi;
ishlab chiqarish bazasining texnologik jihatdan taʼminlanganlik darajasi: ishlab chiqarish bazasi, asboblar, uskunalar va boshqa zarur infratuzilma mavjudligi yoki rejalashtirilayotganligi (loyihani amalga oshirish paytida), shuningdek, mahalliy resurslar (xom ashyo va butlovchi qismlar) bilan taʼminlanganligi (mavjudligi).
8-bob. Ilmiy-tadqiqot loyihalarini davlat buyurtmasi asosida moliyalashtirish
88. Davlat buyurtmasi asosida ilmiy-tadqiqot loyihalarini moliyalashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan ushbu maqsadlar uchun ajratilgan hamda ushbu maqsadlar uchun jalb qilingan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
Bunda tarmoq va sanoat korxonalari muammolarini hal etishga qaratilgan davlat buyurtmasi asosida amalga oshiriladigan ilmiy-tadqiqot loyihalari tarmoq va sanoat korxonalari bilan kelishuvlar asosida sheriklikda moliyalashtirilishi mumkin.
Davlat buyurtmasi asosida ilmiy-tadqiqot loyihalarni moliyalashtirish tegishli moliya yilidan boshlab quyidagi tartibda amalga oshiriladi:
Ilmiy-tadqiqot loyihalari Innovatsion rivojlanish vazirligi Hayʼatining tegishli qarorlari asosida Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda — Jamgʻarma) orqali moliyalashtiriladi;
Har bir ilmiy-tadqiqot loyihasini moliyalashtirish uchun alohida shaxsiy hisobvaraq ochiladi;
Ijrochi tashkilot tomonidan har bir ilmiy-tadqiqot loyihalar boʻyicha belgilangan tartibda xarajatlar smetasi ishlab chiqiladi va tasdiqlanadi.
89. Har bir ilmiy-tadqiqot loyihasi hamda hisobotlarni (oraliq va yakuniy) mustaqil ekspertlar tomonidan ilmiy ekspertizadan oʻtkazilganligi uchun Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan mehnatga haq toʻlashning eng kam miqdorining yarmiga teng hajmda gonorar toʻlanadi.
90. Loyiha doirasida ajratilgan mablagʻlar ilmiy izlanishlar olib borishga, shuningdek, ish haqidan tashqari, umumiy mablagʻning kamida 40 foizi ilmiy asbob-uskunalar, xom ashyolar hamda boshqa zarur materiallarni xarid qilish va moddiy-texnika bazasini rivojlantirish bilan bogʻliq boshqa xarajatlarga yoʻnaltirilishi lozim, bunda fundamental, shuningdek, ijtimoiy-gumanitar fanlar sohasidagi loyihalarda mazkur miqdor 20 foizgacha kamaytirilishi mumkin.
8 1 -bob. Davlat ilmiy dasturlari doirasida amalga oshiriladigan ilmiy loyihalar xarajatlarini rejalashtirish tartibi
90 1 . Loyiha ilmiy rahbari boshqa joyga ishga oʻtgan hollarda loyihaning amalga oshirilish joyi (ijrochi tashkilot) oʻzgartirilmaydi.
90 2 . Xarajatlar kalkulyatsiyasini tuzishda xarajatlarning umumiy moliyaviy hajmi loyiha bajarilishining butun davri uchun shu jumladan, har bir moliyaviy yil kesimida alohida jadvallarda koʻrsatiladi.
90 3 . Loyihalarni amalga oshirish uchun xarajatlar kalkulyatsiyasi quyidagicha rejalashtiriladi:
ish haqi toʻlovlari;
ish haqiga tenglashtirilgan toʻlovlar;
yagona ijtimoiy toʻlov;
boshqa xarajatlar shu jumladan, ilmiy xizmat safarlari xarajatlari hamda asosiy vositalarni sotib olish xarajatlari.
90 4 . Mehnatga haq toʻlash fondini shakllantirishda:
loyihani bajarishda ishtirok etuvchi xodimlar mehnatiga haq toʻlash xarajatlari rahbar, ilmiy va ishlab chiqarish xodimlariga belgilangan tegishli bazaviy lavozim maoshlari asosida, yordamchi xodimlar mehnatiga haq toʻlash tegishli normativlar hamda vaqtinchalik pudrat shartnomalari asosida hisoblangan ish haqi toʻlovlari;
ish haqini mintaqaviy tartibga solish hisobiga, shu jumladan, choʻl, suvsiz va baland togʻli hududlarda ishlash uchun mintaqaviy koeffitsiyentlar boʻyicha qonunchilik hujjatlarida belgilangan toʻlovlar;
homiladorlik va tugʻish davriga kasallik varaqasi boʻyicha toʻlovlar (loyihani bajarishda qatnashuvchi tashqi oʻrindoshlarga tatbiq etilmaydi);
ilmiy xodimlar, ilmiy yordamchi va boshqa xodimlar uchun ish haqi fondiga kiritilgan va qonunchilik hujjatlariga zid boʻlmagan boshqa toʻlov turlari loyihani bajarish uchun ajratilgan mablagʻlar doirasida hisobga olinadi.
90 5 . Yagona ijtimoiy toʻlovlar ish haqi fondiga nisbatan Oʻzbekiston Respublikasi Soliq kodeksida belgilangan miqdorda rejalashtiriladi.
90 6 . Safar xarajatlarida, loyihalarni amalga oshirishda ishtirok etuvchi ilmiy va ilmiy yordamchi xodimlarning safar xarajatlari belgilangan normativ-huquqiy hujjatlarga muvofiq aks ettiriladi.
Loyihalarni amalga oshirish bilan bevosita bogʻliq boʻlgan ijrochi tashkilotlar ilmiy xodimlarining respublika doirasida hamda xorijiy xizmat safarlari tadbirlarda ishtirok etish uchun taqdim etilgan asoslovchi hujjatlar va loyihaning kalendar rejasiga muvofiq amalga oshiriladi.
Xorijiy xizmat safarlari xarajatlarini toʻlash uchun milliy valyutani xorijiy valyutaga aylantirish qonunchilik hujjatlariga muvofiq belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
90 7 . Boshqa xarajatlarning har bir turi sarflanadigan mablagʻlar va ularning taqsimoti xarajatlar kalkulyatsiyasida alohida jadvallarda asoslab koʻrsatiladi. Xarajat turlari har bir loyihaning mazmuni va xususiyatidan kelib chiqib shakllantiriladi.
90 8 . Davlat budjeti hisobidan loyihalarni bajarish uchun ajratilgan mablagʻlarning quyidagi xarajatlarga sarflanishi man etiladi:
bino va inshootlarni qurish, rekonstruksiya qilish va kapital taʼmirlash;
obyektlarni qoʻriqlash xizmati toʻlovlari;
transport vositalarini (maxsus transport vositalari bundan mustasno), hashamatli yumshoq mebellar va aksessuarlarni, uyali telefonlarni sotib olish xarajatlari, loyiha ijrochisi boʻlmagan xodimlarning xizmat safarlari;
jamoat transporti, maxsus yoʻnalishli transport vositalari, idoraviy transport vositalarida ish joyiga qatnash uchun yoʻl haqini toʻlash;
davolanish va dam olish, ekskursiyalar va sayohatlar, sport seksiyalari, toʻgaraklar, klublardagi tadbirlar, madaniy-koʻngilochar va jismoniy tarbiya (sport) tadbirlariga tashriflar hamda shaxsiy isteʼmol mollarini sotib olish xarajatlari;
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan bazaviy moliyalashtiriladigan, shuningdek xodimlari mehnatiga haq toʻlash, bino va inshootlarini saqlash hamda joriy xarajatlarini qoplash Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladigan ijrochi tashkilotlarda ustama xarajatlar.
90 9 . Loyihalarni moliyalashtirish uchun ajratilgan moliyaviy mablagʻlar Kollegial organ qaroriga muvofiq Buyurtmachi buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
90 10 . Buyurtmachining Kollegial organ qaroriga muvofiq qabul qilingan buyrugʻi asosida davlat ilmiy dasturlarini bajarishga Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar boʻyicha xarajatlar smetasi doirasida ijrochi tashkilotlarga ajratilgan mablagʻlar belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining axborot tizimida har bir ijrochi tashkilot uchun (innovatsion, amaliy va fundamental loyihalar boʻyicha) ochilgan shaxsiy gʻazna hisobvaragʻi orqali moliyalashtiriladi.
90 11 . Loyihalar Davlat budjeti mablagʻlari hisobidan faqat yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan tashkilotlar orqali moliyalashtiriladi.
90 12 . Davlat ilmiy dasturlarini bajarish uchun Davlat budjetidan ajratiladigan mablagʻlar boʻyicha xarajatlar smetasi ijrochi tashkilotlar boʻyicha barcha ilmiy loyihalarning umumiy summasi Budjet tizimi budjetlari iqtisodiy xarajatlar tasnifining bir satrida — 42 99 990 (Tovar va xizmatlar sotib olish boʻyicha boshqa xarajatlar) moddasi orqali aks ettirilgan holda tuziladi va moliyalashtiriladi.
90 13 . Loyihalarni Davlat budjetidan moliyalashtirishni muddatidan oldin toʻxtatish Ilmiy-texnik kengashning ushbu loyihalarni moliyalashtirishni davom ettirish maqsadga muvofiq emasligi toʻgʻrisidagi xulosalariga asosan Buyurtmachining qaroriga muvofiq amalga oshiriladi.
Buyurtmachining qaroriga asosan loyihalarni bajarish muddati uzaytirilishi hamda moliyalashtirish hajmiga oʻzgartirishlar kiritilishi mumkin. Bunda uzaytirilgan muddatda amalga oshiriladigan ilmiy-tadqiqot ishlarining kalendar rejasi qoʻshimcha shartnoma bilan tasdiqlanadi.
90 14 . Loyihalarni moliyalashtirish muddatidan oldin toʻxtatilganda, loyiha uchun ajratilgan mablagʻlarning foydalanilmagan qoldiq summasi ijrochi tashkilotlarning shaxsiy gʻazna hisobvaragʻidan belgilangan tartibda chegiriladi.
Toʻxtatilgan loyihalar shuningdek, tegishli moliya yilida loyihalar boʻyicha sarf etilmagan mablagʻlar Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasiga yoʻnaltiriladi.
90 15 . Loyihalarga ajratilgan mablagʻlar hisobidan xarid qilingan barcha asosiy vositalar ijrochi tashkilotlarning balansida qayd etiladi va ularning mulki hisoblanadi.
90 16 . Loyihalarni amalga oshirish uchun ajratilgan budjet mablagʻlaridan oʻz vaqtida va maqsadli foydalanish boʻyicha javobgarlik ijrochi tashkilotlar rahbarlari va bosh hisobchilari, shuningdek, loyiha rahbarlari zimmalariga yuklatiladi.
90 17 . Loyihalarni amalga oshirish uchun ajratilgan budjet mablagʻlaridan maqsadli foydalanish boʻyicha davlat moliyaviy nazorati qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Davlat moliyaviy nazorati inspeksiyasi tomonidan amalga oshiriladi.
9-bob. Davlat buyurtmasi asosida amalga oshiriladigan ilmiy-tadqiqot loyihalarini monitoring qilish
91. Davlat buyurtmasi asosida amalga oshiriladigan ilmiy-tadqiqot loyihalari monitoringi ularning tasdiqlangan rejasiga koʻra bajarilishini, moliyaviy mablagʻlarning maqsadga muvofiq sarflanishini, belgilangan muddatlarda hisobotlar taqdim etilishini va olingan natijalarning samaradorligini baholashni oʻz ichiga oladi.
Davlat buyurtmasi asosida amalga oshirilayotgan ilmiy loyihalarning natijalari monitoringi Buyurtmachi tomonidan amalga oshiriladi.
92. Ijrochi tashkilotlar Davlat buyurtmasi asosida amalga oshirilgan loyihalarning hisobotlarini (oraliq va yakuniy) Buyurtmachiga shartnomalarda belgilangan muddatlarda taqdim etadi.
Sanoat hamkorlari ishtirokida amalga oshiriladigan ilmiy-tadqiqot loyihalari boʻyicha tayyorlangan hisobotlar sanoat hamkorlari tomonidan ham tasdiqlangan boʻlishi lozim.
93. Buyurtmachi hisobotlarni qabul qiladi, shuningdek, davlat buyurtmasini bajarish boʻyicha axborot va boshqa tahliliy materiallarni tayyorlaydi hamda tegishli ITKga taqdim etadi.
Hisobotlar va moliyaviy-iqtisodiy masalalar boʻyicha tahlil qilish, koʻrib chiqish va fikr berish buyurtmachi tomonidan amalga oshiriladi.
94. Buyurtmachi fan yoʻnalishlari boʻyicha ilmiy-texnik kengashlar bilan birgalikda zarur hollarda mustaqil ekspert va mutaxassislarni jalb etgan holda, loyihalarning bajarilishi monitoringini amalga oshiradi.
Monitoring quyidagi shakllarda amalga oshiriladi:
taqdim etilgan hisobotlarni ekspertlar tomonidan koʻrib chiqish;
ITK yigʻilishlarida ilmiy-tadqiqot loyihasi rahbari tomonidan hisobotlarni himoya qilish;
zarur hollarda loyihani bevosita joyiga chiqqan holda oʻrganish, bunda quyidagi asosiy jihatlarga eʼtibor qaratish:
ilmiy-tadqiqot ishlarining loyiha boʻyicha imzolangan shartnoma va uning kalendar rejasiga asosan bajarilish holati;
ijrochi tashkilot tomonidan ilmiy-texnik loyihaning amalga oshirilishi uchun zarur shart-sharoitlar yaratib berilganligi;
ajratilgan moliyaviy mablagʻning maqsadli sarflanayotganligi;
ilmiy loyihalar natijalari boʻyicha yetakchi xorijiy jurnallarda maqolalar chop etish borasida erishilgan natijalar va ularning mavjud salohiyatga nisbatan qiyosiy tahlili;
har bir loyiha doirasida qoʻlga kiritiladigan yakuniy natijalar va ularni tijoratlashtirish imkoniyatlari.
95. Buyurtmachi tomonidan ijrochi tashkilot bilan kelishilgan holda oraliq hisobotlarni monitoring qilish hamda qabul qilish jarayonida, agar sanoat hamkori mavjud boʻlsa, tadqiqot dasturiga va kelishuv shartlariga aniqliklar va qoʻshimchalar kiritilishi mumkin.
96. Belgilangan ishlarning alohida bosqichlarining rejalashtirilgan hajmlarini oʻz muddatida bajarmaslik, shuningdek, hisobotlarni topshirish muddatlarini va moliyaviy intizomni buzish Buyurtmachining tashabbusi bilan moliyalashtirishni toʻxtatilishiga va shartnomani bekor qilinishiga asos boʻlishi va ijrochi tashkilotga nisbatan tegishli choralar koʻrishga olib kelishi mumkin.
97. Davlat buyurtmasi asosida amalga oshirilayotgan ilmiy-tadqiqot loyihalari monitoringi natijalari boʻyicha ITK xulosalari Buyurtmachi tomonidan ilmiy yoʻnalishlarning istiqbolini belgilash, ilmiy-tadqiqot loyihalarini moliyalashtirishni davom ettirish yoki toʻxtatish boʻyicha qarorlar qabul qilish uchun asos hisoblanadi.
98. Ilmiy-tadqiqot loyihasini moliyalashtirishni toʻxtatish toʻgʻrisidagi qaror kollegial organ tomonidan ITK xulosasi asosida yoki loyihani amalga oshiruvchi tashkilot talabiga binoan qabul qilinadi.
99. Agar kelishmovchilik yoki farqli natija ijrochi tashkilotga maʼlum boʻlsa, bu haqda besh kun ichida buyurtmachiga maʼlum qilinishi kerak.
Buyurtmachi taqdim etilgan hujjatlar asosida (bildirishnoma, tadqiqot loyihalari toʻgʻrisidagi hisobot), aniqlangan oʻzgarishlar yoki olingan natijalar kutilganidan oʻzgacha boʻlsa, loyihalarni kelgusida moliyalashtirish yoki loyihaning maqsadli parametrlarini qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
Buyurtmachi taqdim etilgan hujjatlar (ariza-xabarnoma, hisobot ilmiy-tadqiqot loyihalari) asosida kutilgan natijalardan farqli oʻlaroq, natijalar ilmiy va amaliy ahamiyatga ega boʻlmaganligi aniqlangan boʻlsa, ilmiy-tadqiqot loyihalarini moliyalashtirishni toʻxtatish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi.
Moliyalashtirilishi toʻxtatilgan loyihalardan boʻshagan mablagʻlar mazkur loyihalar amalga oshirilgan ijrochi tashkilotda muvaffaqiyatli amalga oshirilayotgan boshqa ilmiy loyiha(lar)ga (bunda loyihaning kalendar rejasiga qoʻshimcha mablagʻ hisobidan amalga oshiriladigan ishlarni nazarda tutgan holda oʻzgartirish kiritilishi lozim) yoki yangi istiqbolli amaliy va innovatsion loyiha(lar)ni, shu jumladan ijrochi tashkilot tomonidan tayyorlangan loyiha(lar)ni moliyalashtirishga yoʻnaltiriladi.
Bunda yangi istiqbolli amaliy va innovatsion loyiha(lar)ni amalga oshirish muddati moliyalashtirilishi toʻxtatilgan loyiha(lar)ning yakunlanish muddati bilan mos boʻlishi lozim.
Davlat buyurtmasi asosida amalga oshiriladigan loyihalarning hisobotlari buyurtmachi tomonidan majburiy elektron roʻyxatga olinishi lozim.
10-bob. Davlat buyurtmasi asosida amalga oshirilgan ilmiy-tadqiqot loyihalari natijalarini roʻyxatga olish va hisobini yuritish tartibi
100. Davlat buyurtmasi asosida amalga oshirilgan ilmiy-tadqiqot loyihalari natijalari hujjatlashtiriladi va Buyurtmachiga shartnomaga muvofiq GOST 7.32-2001 davlatlararo standarti talablariga muvofiq tuzilgan tadqiqot hisoboti yoki ilmiy-texnik mahsulotlar shaklida taqdim etiladi.
101. Ilmiy-tadqiqot loyihalarining ijrochi tashkiloti tomonidan Buyurtmachiga quyidagilar taqdim etiladi:
ilmiy-tadqiqot loyihalari ijrochi tashkilotining rasmiy blankidagi yoʻllanma xati;
tadqiqot loyihalari haqida hisobot;
davlatlararo standart talablariga muvofiq tuzilgan GOST 7.9-95 “Xulosa va annotatsiya. Umumiy talablar” referat.
102. Ilmiy-tadqiqot loyihalari natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumot ilmiy-tadqiqot loyihalari ijrochi tashkiloti tomonidan tuzilgan referat shaklida davlatlararo standart GOST 7.9-95 talablariga muvofiq Buyurtmachining elektron maʼlumotlar bazasiga kiritiladi.
103. Davlat buyurtmasi asosida toʻliq amalga oshirilgan ilmiy-tadqiqot loyihasini qabul qilish tegishli hujjatlar bilan rasmiylashtiriladi, ular tomonlarning vakolatli vakillari tomonidan imzolanadi va Buyurtmachi tomonidan tasdiqlanadi.
11-bob. Davlat buyurtmasi asosida amalga oshirilayotgan ilmiy-tadqiqot loyihalari natijalariga boʻlgan huquqlar
104. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobiga ilmiy faoliyat subyektlari tomonidan olingan intellektual mulk obyektlariga boʻlgan huquq davlatning ilmiy va oliy taʼlim, shuningdek, boshqa davlat muassasalari nomidan, agar intellektual mulk obyektlari muallif (mualliflari) bilan tuzilgan shartnomalarda boshqacha qoidalar nazarda tutilmagan boʻlsa, davlatga tegishli boʻladi.
105. Davlat ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalari tomonidan amalga oshirilgan ilmiy-tadqiqot faoliyati natijalaridan va intellektual mulk obyektlariga mutlaq egalik huquqidan olingan daromad ularning tasarrufiga mustaqil ishlatish huquqi bilan oʻtkazib beriladi.
Davlat uchun strategik ahamiyatga ega boʻlgan yoki davlat siri hisoblangan maʼlumotlarni qamrab oluvchi intellektual mulk obyektlarini tijoratlashtirish qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.
12-bob. Yakunlovchi qoidalar
106. Davlat buyurtmasi asosida amalga oshiriladigan ilmiy-tadqiqot loyihalarining (yosh olimlar loyihalari bundan mustasno) ilmiy rahbarlari ilmiy darajaga ega boʻlishi shart.
Fundamental, amaliy va innovatsion loyihalarning har bir ijrochisi faqat bir loyihada toʻliq stavkada va ikki loyihada oʻrindosh sifatida ishtirok etishi mumkin, bunda ularning umumiy ulushi ikki toʻliq stavkadan oshmasligi lozim.
107. Loyiha rahbarlari ijrochi tashkilotlarning rahbarlari bilan bir qatorda loyiha doirasida bajariladigan tadqiqotlarning ilmiy-texnik saviyasi, hisobotlarni belgilangan muddatlarda topshirilishi, shuningdek, moliyaviy mablagʻlarning samarali va maqsadli sarf qilinishi hamda tanlovga loyihalarni taqdim etishda unda keltirilgan ilmiy yangilik, nou-xau va gʻoyalarni ekspertiza jarayonlarida ochiq muhokamaga qoʻyishning maqsadga muvofiqligi toʻgʻrisida ijrochi tashkilot vakolatli tuzilmasining (xizmatining) xulosasini ilova qilinishiga shaxsan javobgar boʻladi.
108. Ijrochi tashkilot loyihalarni amalga oshirish uchun tegishli shart-sharoitlar yaratadi, hisobotlarni ilmiy yoki ilmiy-texnik kengashda muhokama qiladi, loyiha rahbarining taklifiga koʻra, tadqiqotlarning sifatli bajarilishini taʼminlash uchun “vaqtinchalik ilmiy jamoa” tashkil etadi. Jamoaga boshqa tashkilotlarning xodimlari ham aʼzo boʻlishi mumkin. Tashkilot rahbari loyiha rahbarini jamoa rahbari etib tasdiqlaydi.
109. Ijrochi tashkilot loyiha ilmiy rahbari uzoq muddatga betobligi sababli ish qobiliyatini yoʻqotgan, doimiy istiqomat qilish uchun respublikadan chetga chiqib ketgan, oʻz arizasiga koʻra ilmiy rahbarlikdan voz kechgan yoki qonunchilik hujjatlarida belgilangan boshqa hollarda, Buyurtmachiga loyiha ilmiy rahbarini almashtirish boʻyicha taklif (tashkilot rahbarining yoʻllanma xati, tashkilot ilmiy yoki ilmiy-texnik kengashi qaroridan koʻchirma va tavsiya etilayotgan yangi loyiha rahbari toʻgʻrisida maʼlumot) kiritadi.
110. Loyiha ilmiy rahbari boshqa joyga ishga oʻtgan hollarda ushbu loyihaning amalga oshirilish joyi (ijrochi tashkilot) oʻzgartirilmaydi.
111. Ijrochi tashkilotning qonunchilik hujjatlarida koʻrsatilgan faoliyati toʻxtatilganda, faoliyati toʻxtatilgan tashkilotdagi loyihalar ilmiy yoʻnalishi mos boshqa tashkilotga oʻtkaziladi.
112. Ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari doirasida yosh olimlarning ilmiy loyihalari Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi huzuridagi Yoshlar akademiyasi aʼzolari tomonidan amalga oshiriladi.
Yosh olimlarning ilmiy-tadqiqot loyihalarida ilmiy darajasi, unvoni, mansabi va ish joyidan qatʼi nazar, 40 yoshgacha boʻlgan yosh olimlar ishtirok etishlari mumkin.
113. Ushbu qoida talablarini buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
114. Davlat buyurtmasi bajarilishini aniq shartlari va tartibi tegishli shartnoma bilan tartibga solinadi.
Ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi doirasida tematik ilmiy-tadqiqot loyihalarini shakllantirish tartibi
Ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi doirasida maqsadli ilmiy-tadqiqot loyihalarini shakllantirish tartibi
Ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi doirasida tashabbuskor ilmiy-tadqiqot loyihalarini shakllantirish tartibi
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 9-martdagi 133-son qaroriga 2-ILOVA
“Startap” loyihalarni tasdiqlash, moliyalashtirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom “startap” loyihalarni tasdiqlash, moliyalashtirish va amalga oshirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
ilmiy-texnik kengash — ilmiy izlanishlarning asosiy yoʻnalishlari boʻyicha Buyurtmachining ilmiy siyosatini amalga oshirishga va ishlab chiqishga, “startap” loyihalarni baholashga, ekspertiza qilishga va natijalarini amalga oshirish ishlarini monitoring qilishga koʻmaklashuvchi, oʻz faoliyatini jamoatchilik asosida amalga oshiruvchi, yetakchi olimlar, ekspertlar, mutaxassislar hamda davlat organlarining yuqori malakali mutaxassislaridan iborat tarkibdagi ilmiy-texnik jamoa;
ishchi organ — “startap” loyihalarni baholashda texnik taʼminlash va koʻmaklashishni, shuningdek, loyihalar monitoringini amalga oshiruvchi Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligining masʼul tarkibiy boʻlinmasi;
kollegial organ — Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi hayʼati;
“startap” kompaniya — ilmiy, ilmiy-texnik va innovatsion faoliyat natijalarini ilgari surish hamda tijoratlashtirish uchun tashkil etiladigan yuridik shaxs;
“startap” loyihalar — amalga oshish xavfi yuqori boʻlgan sharoitda yangi mahsulot yoki xizmat turini yaratuvchi innovatsion ishlanmalarning qoʻllanilishi, koʻlami va tez oʻsish surʼati bilan farqlanadigan yangi biznes loyiha;
talabnoma beruvchi (talabgor) — loyiha egasi va/yoki “startap” loyihani ishlab chiqqan shaxs.
3. Ushbu Nizomga muvofiq tasdiqlangan “startap” loyihalar Ilm-fanni moliyalashtirish va innovatsiyalarni qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) orqali moliyalashtiriladi.
“Startap” loyihalar quyidagi manbalar hisobidan moliyalashtiriladi:
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2018-yil 7-maydagi PQ-3698-son qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan Jamgʻarmaga ajratilgan mablagʻlar;
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetidan Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligiga ajratilgan mablagʻlar;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.
4. “Startap” loyihalar tanlovini eʼlon qilish Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi (keyingi oʻrinlarda Buyurtmachi deb ataladi) tomonidan amalga oshiriladi.
5. Buyurtmachi eʼlonga muvofiq talabnoma beruvchi tomonidan topshirilgan “startap” loyihalarni xoʻjalik birlashmalariga, tijorat banklariga va venchur jamgʻarmalarga kelgusida moliyalashtirish masalasini koʻrib chiqish uchun tavsiya qilish huquqiga ega.
6. “Startap” loyihalarni tasdiqlash, moliyalashtirish va amalga oshirish mazkur Nizomga ilova qilingan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. “Startap” loyihalarni tasdiqlash tartibi
7. Buyurtmachi “startap” loyihalarga bir yilda kamida ikki marta eʼlon beradi. Eʼlon shartlari, yoʻnalishlari hamda loyihalarni topshirish muddatlari Buyurtmachining rasmiy saytida va zarur hollarda boshqa ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadi.
Loyiha hujjatlarini qabul qilish ishchi organ tomonidan amalga oshiriladi. Loyihalar boʻyicha hujjatlar talabnoma beruvchi tomonidan eʼlon talablariga koʻra tayyorlanadi va topshiriladi.
8. “Startap” loyihalar tanlovida tashkiliy-huquqiy shaklidan va idoraviy mansubligidan qatʼi nazar barcha ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalari, tajriba-konstruktorlik tashkilotlari, innovatsion markazlar, xususiy kompaniyalar va jismoniy shaxslar ishtirok etishlari mumkin.
9. “Startap” loyihalar ekspertizasi quyidagicha uch bosqichda amalga oshiriladi:
birinchi bosqich — taqdim etilgan talabnomalarning tanlov shartlariga mosligi yuzasidan oʻtkaziladigan texnik ekspertiza;
ikkinchi bosqich — texnik ekspertizadan oʻtgan “startap” loyihalarning moliyaviy-iqtisodiy ekspertizasi;
uchinchi bosqich — birinchi va ikkinchi bosqichlardan muvaffaqiyatli oʻtgan “startap” loyihalarni ilmiy-texnik kengash tomonidan ekspertizadan oʻtkazish, ilmiy-texnik kengash majlisida koʻrib chiqish va baholash.
10. Texnik ekspertiza ishchi organ tomonidan oʻn ish kuni ichida oʻtkaziladi.
Texnik ekspertizadan oʻtgan “startap” loyihalar besh ish kuni ichida moliyaviy-iqtisodiy ekspertizadan oʻtkazish uchun Buyurtmachining Moliyaviy-iqtisodiy va texnik ekspertiza boʻlimiga beriladi.
“Startap” loyihalar boʻyicha moliyaviy-iqtisodiy ekspertiza besh ish kuni ichida oʻtkaziladi.
11. “Startap” loyihalar boʻyicha ekspertiza oʻtkazish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan maxsus ilmiy-texnik kengash shakllantiriladi.
Ilmiy-texnik kengash tarkibiga innovatsion tadbirkorlik, moliya va iqtisodiyot sohasida yuqori salohiyatli tadbirkorlar, olimlar, ekspertlar, vazirlik va idoralar vakillari kiritiladi.
12. Har bir “startap” loyiha ilmiy darajaga yoki tadbirkorlik tajribasiga ega boʻlgan ikkita mustaqil ekspertlar tomonidan oʻn ish kuni ichida koʻrib chiqiladi. Ekspertlar tarkibi ilmiy-texnik kengash tomonidan belgilanadi. “Startap” loyiha ijrochisining oʻzi ishtirok etgan loyihada ekspert boʻlib ishtirok etishiga yoʻl qoʻyilmaydi.
13. Taqdim etilgan “startap” loyihalar ekspertlar tomonidan 100 ballik shkala asosida baholanadi. “Startap” loyihalarni baholash mezonlari va metodikasi Buyurtmachi tomonidan tasdiqlanadi.
14. Ekspertlar tomonidan berilgan xulosa oʻn ish kuni ichida ilmiy-texnik kengashda oʻzaro ochiq muhokama shaklida koʻrib chiqiladi.
15. Talabnoma beruvchi (talabgor) ilmiy-texnik kengash majlisida “startap” loyiha taqdimoti bilan ishtirok etadi.
16. Ilmiy-texnik kengashda “startap” loyihalar quyidagi mezonlar asosida baholanadi:
loyihaning innovatsionligi — avval qoʻllanilmagan texnologiyalar va (yoki) jarayonni tashkil etish prinsiplari yoki avval ishlab chiqarilmagan mahsulotning yangi qoʻllanilish darajasi;
loyihaning investitsiyaviy jozibadorligi — qoʻshimcha daromad keltiradigan hamda uni amalga oshirishda investitsiyalar xavfini kamaytiradigan qulay investitsion va innovatsion sharoitlar va afzalliklar yigʻindisi;
intellektual mulk obyektlariga boʻlgan huquqning muhofazalanganligi — muhofaza hujjatlari, va/yoki ilmiy-texnik hujjatlarning toʻliq komplekti va/yoki mahsulotning (texnologiyaning) texnik reglamenti, sinov oʻtkazilganligi toʻgʻrisidagi dalolatnomalar yoki mahsulotning tajriba nusxasi mavjudligi;
loyihaning resurs bilan taʼminlanganligi — loyihani texnik amalga oshirish imkoniyatlari (moddiy-texnik baza, xodimlar, muhofaza hujjatlari mavjudligi va boshqalar);
loyihani amalga oshirish samaradorligi;
loyiha uchun ajratilgan mablagʻlarning maqsadli sarflanishi, eksportga yoʻnaltirilgan yoki import oʻrnini bosadigan ilmiy hajmdor mahsulotlarni olishni tashkil qilish istiqbollari.
17. Ilmiy-texnik kengash ekspert xulosalari va ochiq muhokama natijalari asosida “startap” loyihalarni moliyalashtirish yoki moliyalashtirmaslik yuzasidan qaror qabul qiladi.
18. Ilmiy-texnik kengash qarorlari va xulosalari ilmiy-texnik kengash yigʻilishi bayoni shaklida rasmiylashtiriladi hamda ilmiy-texnik kengash kotibi tomonidan imzolanadi va uning raisi tomonidan tasdiqlanadi.
19. Ilmiy-texnik kengash aʼzosi baholash jarayonida koʻpchilikning fikriga qoʻshilmasa, oʻzining alohida fikrini bildirishga haqli. Ilmiy-texnik kengash aʼzosining alohida fikri yigʻilish bayonnomasiga kiritiladi.
20. Ilmiy-texnik kengash ekspertizasining natijalari ishchi organ tomonidan besh ish kuni davomida kollegial organga koʻrib chiqish uchun kiritiladi. Kollegial organ “startap” loyiha toʻgʻri va xolis ekspertizadan oʻtkazilganligini tekshirish maqsadida qoʻshimcha ekspertiza tayinlash toʻgʻrisida qaror qabul qilishga haqli. Qoʻshimcha ekspertiza oʻtkazish tartibi kollegial organ tomonidan tasdiqlanadi.
21. Kollegial organ har bir “startap” loyihani ilmiy-texnik kengash raisi yoki uning oʻrinbosari ishtirokida koʻrib chiqiladi. Kollegial organ tomonidan “startap” loyihani moliyalashtirish yoki moliyalashtirmaslik toʻgʻrisidagi qarori qabul qilinadi va Vazir tomonidan tasdiqlanadi.
22. “Startap” loyihalarni moliyalashtirish boʻyicha kollegial organ majlisida munozarali holat yuzaga kelsa, “startap” loyiha ilmiy-texnik kengash raisi ishtirokida Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi huzuridagi Jamoatchilik kengashiga (keyingi oʻrinlarda Jamoatchilik kengashi deb ataladi) koʻrib chiqishga kiritilishi mumkin.
23. Jamoatchilik kengashi bir oy muddat ichida “startap” loyihani moliyalashtirish yoki moliyalashtirishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qiladi. Jamoatchilik kengashining qarori tavsiyaviy ahamiyatga ega.
3-bob. Loyihalarni moliyalashtirish tartibi
24. “Startap” loyihalarni moliyalashtirish kollegial organ qarori va Buyurtmachining buyrugʻiga muvofiq amalga oshiriladi.
25. “Startap” loyihalarni moliyalashtirish Buyurtmachi, talabnoma beruvchi (talabgor) va Jamgʻarma oʻrtasida tuziladigan shartnoma shartlariga muvofiq amalga oshiriladi.
26. Agar davlat muassasasi yoki jismoniy shaxs tomonidan berilgan “startap” loyiha kollegial organ tomonidan maʼqullansa, u holda moliyalashtirish toʻgʻrisidagi shartnoma ushbu “startap” loyihani amalga oshirish uchun ochilgan yuridik shaxs (kompaniya) bilan tuziladi.
27. Moliyalashtirilayotgan “startap” loyihalar ijrochi tashkilotlari Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi huzuridagi Ilgʻor texnologiyalar markazi, Innovatsion ishlanmalarni joriy etish ilmiy-amaliy markazi yoki “Yashnobod” innovatsiya texnoparki rezidenti maqomini olish huquqiga ega.
4-bob. “Startap” loyihalarni amalga oshirish jarayonini monitoring qilish tartibi
28. “Startap” loyihalarning ijrochi tashkilotlari kalendar rejada belgilangan muddatlarda Buyurtmachiga hisobot taqdim etadi.
29. “Startap” loyihalarni amalga oshirish jarayonini monitoring qilish ilmiy-texnik kengashni jalb qilgan holda, ishchi organ tomonidan amalga oshiriladi.
Ishchi organ besh ish kuni muddatida monitoring natijalari boʻyicha umumlashtirilgan hisobotni Buyurtmachiga taqdim qiladi.
30. “Startap” loyihalarda belgilangan muddatda rejalashtirilgan ishlar bajarilmaganligi hamda loyihalar boʻyicha hisobotlarni taqdim etish boʻyicha muddatlar buzilishi moliyalashtirishni toʻxtatish, shuningdek, “startap” loyiha ijrochisi va Buyurtmachi oʻrtasidagi shartnomani bekor qilish uchun asos boʻladi.
5-bob. Yakunlovchi qoida
31. Ushbu Nizom qoidalarini buzishda ayblangan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
32. Startap loyihasiga ajratilgan mablagʻlardan maqsadli va samarali foydalanishga talabnoma beruvchi (talabgor) va ijrochi tashkilot rahbari javobgardirlar.
“Startap” loyihalarni tasdiqlash, moliyalashtirish va amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
“Startap” loyihalarini tasdiqlash va moliyalashtirish tartibining
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 9-martdagi 133-son qaroriga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi huzuridagi Ilmiy-texnik kengashlar toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi (keyingi oʻrinlarda Buyurtmachi deb ataladi) huzuridagi Ilmiy-texnik kengashlar (keyingi oʻrinlarda ITK deb ataladi) faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. ITK oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi va Vazirlar Mahkamasining hujjatlari, ushbu Nizom, shuningdek, boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
3. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
ilmiy-texnik kengash — Innovatsion rivojlanish vazirligi huzurida ilmiy loyihalarni ilmiy ekspertizadan oʻtkazish maqsadida tegishli fan yoʻnalishlari boʻyicha sohaga oid olimlar, davlat boshqaruvi organlari va tashkilotlarning yuqori malakali mutaxassislaridan iborat tarkibda shakllantiriladigan va jamoatchilik asosida faoliyat yuritadigan ilmiy-texnik jamoa;
ilmiy ekspertiza — ilmiy-tadqiqot loyihalari boʻyicha asoslantirilgan qaror qabul qilish maqsadida uni oʻrganish, tahlil qilish, baholash va xulosa tayyorlashga qaratilgan faoliyat;
ekspertlar — tegishli ilm-fan sohalari va yoʻnalishlari boʻyicha taqdim etilgan ilmiy-texnik loyihalarni, ilmiy-texnik va innovatsion faoliyat bilan bogʻliq hujjatlarni ekspertizadan oʻtkazish uchun ilmiy-texnik kengashlar tomonidan shakllantirilgan olim va mutaxassislardan tarkib topgan ilmiy-texnik guruh.
4. ITK tomonidan qabul qilingan qarorlar xizmat doirasida foydalanish uchun moʻljallangan hujjatlar boʻlib, uchinchi shaxslarga, manfaatdor vazirlik va idoralar rahbarlariga, shu jumladan loyiha rahbarlariga taqdim etilmaydi.
2-bob. ITKning asosiy vazifalari va funksiyalari
5. ITKning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:
ilmiy-tadqiqot ishlari uchun davlat buyurtmasiga kelib tushgan ilmiy-tadqiqot loyihalarining ekspertizasini tashkil etish, ekspertiza natijalari boʻyicha asoslangan xulosalar ishlab chiqish;
fan va texnologiyalarni rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlarini shakllantirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish, innovatsion faoliyat va raqobatbardosh ilmiy-texnik mahsulotlar bozorini kengaytirishga qaratilgan zamonaviy texnologiyalarni joriy etish boʻyicha, shuningdek, tegishli tanlovlarda ularning ishtiroki uchun tavsiyalar berish;
Buyurtmachiga ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlarini (zarur hollarda xalqaro hamkorlik dasturlarini) koʻrib chiqish, takomillashtirish, roʻyxatga olish va tasdiqlash boʻyicha tegishli ilmiy-texnik xulosalar tayyorlash;
nodavlat notijorat tashkilotlari, olim va mutaxassislar, xoʻjalik yurituvchi subyektlar, ilmiy-ishlab chiqarish tuzilmalari, ilmiy-texnik markazlar va texnoparklar tomonidan taqdim etilgan loyihalarni ekspertizadan oʻtkazish natijalari asosida Buyurtmachiga xulosa va tavsiyalar kiritish;
davlat buyurtmasi doirasida mualliflik asosida amalga oshiriladigan ilmiy-tadqiqot loyihalarining plagiatini aniqlash va identifikatsiyalash;
oraliq va yakuniy hisobotlarni tahlil qilish, har bir ilmiy-tadqiqot loyihasi amalga oshirilishini monitoring qilish yoki loyihalarni tugatish, istiqbolli loyihalarni moliyalashtirish va loyihalarni moliyalashtirishni davom ettirish boʻyicha Buyurtmachiga xulosalar kiritish;
iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohada ilmiy-tadqiqot hamda innovatsion faoliyat natijalarini qoʻllash boʻyicha takliflar ishlab chiqish va kiritish;
Buyurtmachining kollegial organida koʻrib chiqish uchun ishlab chiqilgan dasturlarning ekspert xulosalarini tahlil qilish va tayyorlash;
ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalaridagi obyektlarni noyob ilmiy obyektlar roʻyxatiga kiritish yuzasidan xulosa ishlab chiqish;
ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari va loyihalarning amalga oshirilishini monitoring qilish, ularning natijalarini ilm-fan, taʼlim va ishlab chiqarish sohalariga tatbiq etishda ishtirok etish, olib borilayotgan tadqiqotlarni yaxshilash va faollashtirish boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqish.
6. ITK unga yuklangan asosiy vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
davlat buyurtmasi doirasidagi ilmiy faoliyatga oid loyihalar, shuningdek Buyurtmachi tomonidan moliyalashtiriladigan “startap” loyihalarini ilmiy ekspertizadan oʻtkazadi;
grant mablagʻlari olgan loyihalarni amalga oshirish davomida olingan natijalar toʻgʻrisidagi hisobotlarni eshitadi, grant mablagʻlari olgan loyihalarni rejalashtirilgan ish bosqichlari va koʻrsatkichlariga muvofiqligini aniqlaydi, zarur hollarda rejalashtirilgan tadqiqotlarni tartibga solish va kerakli natijalarni olish boʻyicha tavsiyalar beradi;
grant mablagʻlari olgan loyihalarni amalga oshirish davomida olingan natijalar monitoringini amalga oshiradi, shuningdek, ularni patentlash va litsenziyalash va ushbu loyihalar boʻyicha hisobotlarni monitoring qilish yuzasidan tavsiyalar beradi;
mamlakatni ilmiy-texnik va innovatsion rivojlantirishning uzoq muddatli konsepsiyasini ishlab chiqishga takliflar tayyorlaydi, shuningdek, ilmiy tadqiqotlar va ilgʻor texnologiyalarni yaratishning ustuvor yoʻnalishlari va istiqbollarini rivojlantirish, yaratilgan ilmiy-innovatsion salohiyat asosida rivojlanish konsepsiyasini amalga oshirish yoʻllari va mexanizmlarini belgilashda ishtirok etadi;
davlat buyurtmasi doirasida taqdim etilgan hujjatlar, ilmiy-texnik dasturlar va loyihalarni, shuningdek, boshqa loyiha takliflarini ilmiy ekspertizadan oʻtkazadi hamda ekspertiza natijalarini Buyurtmachining kollegial organiga tasdiqlash uchun taqdim etadi.
7. Ilmiy loyihalarning ilmiy ekspertizasi fan yoʻnalishlari boʻyicha tegishli ITK tomonidan amalga oshiriladi. Bunda ilmiy ekspertiza muddati Buyurtmachi tomonidan ITKga loyiha yuborilgan sanadan boshlab bir oydan oshmasligi lozim.
8. Ilmiy loyihalarning ilmiy ekspertizasining ikkinchi bosqichi bir oy mobaynida amalga oshiriladi. Bunda loyiha boʻyicha qoʻshimcha ekspertiza oʻtkazilishi talab etiladigan hollarda ushbu muddat Buyurtmachi bilan kelishilgan holda yana ikki oygacha uzaytirilishi mumkin. ITK tomonidan qabul qilingan qarorlar Buyurtmachiga besh kun ichida taqdim etiladi.
9. ITK tomonidan taqdim etilgan monitoring va hisobot natijalari ekspertizadan oʻtgan loyihani moliyalashtirishni davom ettirish, toʻxtatish yoki vazifalari va bosqichlarini qayta koʻrib chiqish uchun asos boʻlishi mumkin.
3-bob. ITK raisi va aʼzolarining huquqlari, majburiyatlari va javobgarligi
10. ITK raisi quyidagi huquqlarga ega:
ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari loyihalarining yillik va yakuniy hisobotlarini ekspertiza uchun qabul qilish, ekspertlarni belgilash, hisobotlarning ochiq muhokamasini tashkil etish;
monitoringni oʻtkazish qoidalari boʻyicha ekspertlarga koʻrsatma berish, olingan natijalarning muvofiqligini baholash boʻyicha ishchi uchrashuvlar oʻtkazish;
loyiha rahbarlarining hisobotlarini eshitish uchun loyihalarni koʻrib chiqish jadvalini shakllantirish va zarur hollarda uning sanasi va vaqtini Buyurtmachi bilan kelishilgan holda koʻchirish;
ilmiy-tadqiqot loyihalariga davlat buyurtmasini shakllantirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;
ITK va uning ekspertlar faoliyatiga, shuningdek, ilmiy kotibning ishiga rahbarlik qilish;
Buyurtmachining kollegial organi yoki jamoatchilik kengashi muhokamalarida ishtirok etish va ITK xulosalarini asoslab berish.
ITK raisi va uning oʻrinbosari ilmiy loyihalar tanlovida ishtirok etish huquqiga ega, ammo oʻz loyihalarini ekspertizadan oʻtkazish va muhokama qilishda ishtirok etmaydi.
11. ITK raisi:
ekspertiza natijalarini ochiq eʼlon qilmaslik, ekspertiza uchun taqdim etilgan loyihalarga tegishli maʼlumotlarni tarqatmaslik;
monitoring oʻtkazish qoidalari boʻyicha ekspertlarga koʻrsatma berish, olingan natijalarning rejalashtirilgan ishlar va koʻrsatkichlarga muvofiqligini baholash, shuningdek, namunaviy ekspert xulosalari va protokollarini toʻldirish boʻyicha ishchi yigʻilishlar oʻtkazish;
Buyurtmachi tomonidan tasdiqlangan ITK majlislar reja-jadvali boʻyicha loyiha rahbarlarining hisobotlarini eshitish va muhokama qilish, loyihalar boʻyicha eshitilgan hisobotlar boʻyicha qarorlar loyihalarini tayyorlashda ishtirok etish va ularni tasdiqlash;
loyihani davom ettirish boʻyicha Buyurtmachiga tavsiyalar bilan birga ish dasturini toʻgʻrilash yoki ularni toʻxtatish toʻgʻrisida qaror qabul qilish, shuningdek, ITK tomonidan qabul qilingan qarorlarni loyiha rahbarlariga yetkazish;
Buyurtmachining kollegial organida va jamoatchilik kengashida (zarur hollarda) ITKning qarorlari va ilmiy-tadqiqot loyihalari boʻyicha tavsiyalarni (xulosalarni) himoya qilishga majbur.
ITK raisi ITK qarorlarining bajarilishini nazorat qiladi va kengashning navbatdagi majlislari toʻgʻrisida ITK aʼzolarini xabardor qiladi.
12. ITK aʼzolari (ekspertlar) quyidagi huquqlarga ega:
oʻzlari aʼzo boʻlgan ITK yigʻilishlarida ishtirok etish;
ilmiy-tadqiqot ishlariga davlat buyurtmasi boʻyicha kelib tushgan ilmiy-tadqiqot loyihalarini ekspertizadan oʻtkazish;
ilmiy-tadqiqot loyihalarining ilmiy-texnik darajasini, ularni amalga oshirish imkoniyatlarini xolis baholash, ularni moliyalashtirishning maqsadga muvofiqligi va hajmi boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqish;
hisobot davrida olingan ilmiy natijalarning ahamiyatini baholash, loyihada eʼlon qilingan va hisobot davrida olingan ilmiy natijalarning muvofiqlik darajasini baholash;
ilmiy-tadqiqot loyihalari rahbarlarining ishlar holati va loyiha natijalari, ularni monitoring qilish jarayoni haqidagi hisobotlarini eshitish va muhokama qilishda ishtirok etish, ular ishida ishtirok etgan ITK bayonnomalari bilan tanishish;
ilm-fan, texnika va innovatsiya sohasidagi olimlar va mutaxassislarni tegishli ilmiy loyihalar natijalarini monitoring qilish yoki tahlil qilish jarayoniga jalb qilish boʻyicha Buyurtmachiga takliflar kiritish.
ITK aʼzolari ilmiy loyihalar tanlovida umumiy asoslarda ishtirok etish huquqiga ega, lekin oʻz loyihalarini ekspertizadan oʻtkazish va muhokama qilishda ishtirok etmaydi.
13. ITK aʼzolari (ekspertlar):
rais va uning oʻrinbosarining ITK faoliyatiga taalluqli topshiriqlarini bajarishi, koʻrib chiqilgan loyihalar boʻyicha xulosalarni oʻz vaqtida taqdim etishi;
loyihalar boʻyicha ekspertizani ilmiy asoslangan holda va xolis oʻtkazishi;
ish jarayonida ularga taqdim etilgan maʼlumotlarning oshkor etmasligi;
ekspertiza jarayonida yuzaga kelayotgan manfaatlar toʻqnashuvi (mavjud manfaatlar toʻqnashuvi) haqida tegishli ITKga xabar berishi;
oʻzlari ekspertiza qilgan yoki ITKda muhokama qilingan loyihalar mazmuni, ular boʻyicha hisobotlar va yigʻilish bayonnomalari, ularning natijalari va tadqiqot yoʻnalishlari, ekspert xulosalari, loyiha manbalari va moliyalashtirish hajmi haqida loyiha ijrochilari tarkibiga kiruvchi har qanday shaxsga maʼlumot bermasligi shart.
14. ITK ilmiy kotibi:
har bir loyiha boʻyicha ITK majlisi bayonnomasini yuritadi va rasmiylashtiradi;
loyihalar boʻyicha hisobot hujjatlarini qabul qilib oladi, saqlanishini va Buyurtmachiga qaytarilishini taʼminlaydi;
loyiha rahbarlarining hisobotlarini eshitish jadvalini tuzadi va tasdiqlash uchun ITK raisiga taqdim etadi;
ITK aʼzolariga ITK majlisi vaqti va joyi toʻgʻrisida xabar beradi;
ITK raisi va uning oʻrinbosarining ITK faoliyatiga oid topshiriqlarini bajaradi.
ITK ilmiy kotibi umumiy asosda ilmiy loyihalar tanlovida ishtirok etish huquqiga ega, lekin oʻz loyihalarini muhokama qilishda ishtirok etmaydi.
15. ITK aʼzolari (ekspertlar) oʻzlariga yuklangan majburiyat va vazifalarni bajarish uchun masʼuldir.
ITK aʼzolari (ekspertlar) tomonidan ekspertizadan oʻtkazish tartibi muntazam ravishda buzilishi, oʻz vazifalarini bajarmaslik, malakasizligi va manfaatlar toʻqnashuvi haqida xabar bermaslik holatlari aniqlangan taqdirda, ular ITK aʼzoligidan chiqariladi.
4-bob. ITK faoliyatini tashkil etish
16. ITK faoliyatini tashkil etish va tugatish, tashkiliy-texnik qoʻllab-quvvatlash hamda muvofiqlashtirish Buyurtmachi tomonidan amalga oshiriladi.
ITK tarkibi Buyurtmachi tomonidan tasdiqlanadi va uning rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
ITK faoliyatiga ekspert sifatida nomzodlar ilmiy faoliyatning tegishli sohasidagi zarur nazariy va amaliy bilim va koʻnikmalarga ega boʻlgan mutaxassislar orasidan Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi, vazirlik va idoralar, ular tasarrufidagi ilmiy-tadqiqot va oliy taʼlim muassasalari tomonidan tavsiya etiladi.
17. Tanlov uchun taqdim etilgan ilmiy-texnik loyihalar tegishli ITK yigʻilishlarida loyihalarni ekspertizadan oʻtkazish natijalari asosida ochiq muhokama orqali koʻrib chiqiladi.
18. ITK rais, rais oʻrinbosari, ilmiy kotib va uning aʼzolaridan iborat boʻlib, ular sohalarga tegishli loyihalar boʻyicha mutaxassis-ekspertlar sifatida ham ishtirok etishlari mumkin. ITK aʼzolari va ekspertlar ITK faoliyatida ixtiyoriy ravishda jamoatchilik asosida ishtirok etish uchun jalb qilinadi.
ITK raisi boʻlmaganda, uning vazifalarini rais oʻrinbosari bajaradi.
19. Buyurtmachi ITK aʼzolari va ekspertlar tarkibini muntazam ravishda almashtirib turadi. Bunda oldin ITK aʼzosi sifatida faoliyat yuritgan mutaxassislar uch oydan soʻng ushbu ITK tarkibga qayta jalb qilinishi mumkin. Har uch oyda ITK aʼzolarining oʻttiz foizigacha hamda har toʻqqiz oyda ITK raisi va uning oʻrinbosarlari yangilab boriladi.
20. ITK ilmiy tadqiqotlarning quyidagi ustuvor yoʻnalishlari boʻyicha tuziladi:
tarix va ijtimoiy fanlar;
filologiya, psixologiya va pedagogika fanlari;
iqtisodiyot va huquq fanlari;
arxeologiya fanlari;
matematika, fizika, mexanika fanlari;
texnika fanlari;
informatika, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari;
arxitektura, qurilish, dizayn va shaharsozlik;
qishloq xoʻjaligi, veterinariya va atrof-muhitni muhofaza qilish;
oʻrmon xoʻjaligi;
tibbiyot fanlari;
farmakologiya va farmatsevtika;
kimyo fanlari;
kimyoviy texnologiyalar va nanotexnologiyalar;
yer toʻgʻrisidagi fanlar;
biologiya fanlari, biotexnologiya, ekologiya;
startap loyihalar.
21. Zarur hollarda, Buyurtmachi tomonidan boshqa dolzarb ilmiy-texnik yoʻnalishlar boʻyicha qoʻshimcha ITKlar tashkil etilishi hamda ITK yoʻnalishlari oʻzgartirilishi mumkin.
22. ITK raislari tegishli ITK aʼzolari ishtirokida yigʻilishda ochiq ovoz berish yoʻli bilan saylanadi va Oʻzbekiston Respublikasi innovatsion rivojlanish vazirining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
23. ITK majlislari Buyurtmachi tomonidan tasdiqlangan reja-jadvalga muvofiq oʻtkaziladi. Zarur hollarda, ITKning navbatdan tashqari muhokamalari oʻtkazilishi mumkin.
24. ITK majlislari qoida tariqasida ochiq oʻtkaziladi. Zarur hollarda, ITK majlislariga tanlov ishtirokchilari, loyiha ijrochilari, manfaatdor vazirlik va idoralar vakillari taklif qilinishi mumkin.
25. ITK majlislari uning aʼzolarining uchdan ikki qismi ishtirok etganda vakolatli hisoblanadi. Loyihalarni eshitish va muhokama qilishda shaffoflik va xolislikni taʼminlash uchun yigʻilishda audio- va videoyozuvdan foydalanish mumkin. ITK majlisi bayonnomasi, audio- va videoyozuvlar Buyurtmachiga taqdim etiladi.
26. ITKning qarori, agar uning majlisida ishtirok etganlarning aksariyati unga ovoz bergan boʻlsa, qabul qilingan hisoblanadi. Ovozlar teng boʻlgan taqdirda, ITK raisining fikri hal qiluvchi ahamiyatga ega boʻladi.
ITK majlisida qaror ochiq ovoz berish yoʻli bilan qabul qilinadi. Alohida masalalar boʻyicha ITK aʼzolari bilan kelishilgan holda yashirin ovoz berish oʻtkazilishi mumkin.
27. ITK yigʻilishida muhokama qilinadigan masalalar boʻyicha hujjatlar yigʻilishdan kamida besh kun oldin ITK ilmiy kotibiga taqdim etiladi.
28. ITK qarorlari bayonnoma shaklida tuziladi. ITKning bayonnomasi rais (uning yoʻqligida rais oʻrinbosari) va ilmiy kotib tomonidan imzolanadi. ITKning ilmiy kotibi ITK bayonnomalarini saqlanishini taʼminlaydi.
6-bob. Yakunlovchi qoida
29. Ushbu Nizom talablarini buzganlikda aybdor shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 9-mart,
133-son