📅 2020-yil 11-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 11-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 11 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 марта 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 March 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАЯНЧ ЎҚУВ РЕЖАСИ
РЎЙХАТИ
Ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ёшларнинг истеъдоди ва қобилиятини ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг илм-фанни эгаллашга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, иқтидорини рўёбга чиқариш, узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни баркамол, жисмонан ва руҳан соғлом шахс сифатида Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, болаларда меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, фидойилик, кенг дунёқарашга эга комил инсон бўлишга интилиш туйғусини шакллантириш мақсадида ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.
Ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларда ўқувчи ёшларга буюк аждодларимиз ва адибларимизнинг бой ижодий меросини ўргатиш, уларга муносиб ворис этиб тарбиялашга йўналтирилган комплекс ўқув-тарбия жараёнлари йўлга қўйилди.
Ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини такомиллаштириш, ёш истеъдодларни янада қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ҳамда уларга замон талабларидан келиб чиқиб таълим ва тарбия бериш тизимини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) ушбу Агентлик тизимидаги ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг (кейинги ўринларда ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар) ўқув режалари ва ўқув дастурларини янгидан ишлаб чиқиш ҳамда уларда интерактив тарзда чуқурлаштириб ўқитиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг таянч ўқув режаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларни оталиққа олиш ва ривожлантириш учун бириктириладиган олий таълим муассасалари, вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагиларга:
а) ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларни оталиққа олган олий таълим муассасаларига:
ихтисослик йўналишларидан келиб чиқиб мактабларга олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини дарс машғулоти ўтишга йўналтириш тартибини тегишли касаба уюшмаси билан келишган ҳолда ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;
мактабларда ўқитувчиларни юқори малакали мутахассислардан иборат таркибда шакллантиришга кўмаклашиш, хусусан, уларда магистрлик даражасига эга бўлган педагоглар сонини босқичма-босқич ошириб бориш чораларини кўриш;
таълим жараёнига инновацион педагогик усул ва технологияларни жорий қилишнинг илмий асосларини янада мустаҳкамлаш чораларини кўриш;
юқори синф ўқувчиларини ихтисослик фани бўйича олий таълим муассасаларида таълимни давом эттиришга йўналтириш;
болаларнинг ижодий қобилияти ва иқтидорини ривожлантириш, шунингдек, уларнинг мактабдан ташқари вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида замонавий усул ва услубларини жорий этиш;
б) ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларга бириктирилган вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига:
Агентлик билан биргаликда бир ой муддатда бириктирилган мактаблар фаолиятини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш ва ижросини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббуси доирасида мактабларда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш;
ўқувчиларда ватанпарварлик туйғусини камол топтириш мақсадида таниқли давлат ва жамоат арбоблари, соҳанинг ижодкор ва илғор ёшлари билан учрашувлар ташкил қилиш;
ўқувчиларнинг илм-фанга бўлган қизиқишларини янада кучайтиришга қаратилган, уларнинг зеҳнини чархловчи ва илмий қизиқишларини қўллаб-қувватловчи тадбирларни ташкил қилиш;
мактабларнинг кузатув кенгашларига уларни оталиққа олган ташкилотларнинг раҳбарларига раислик қилиш вазифалари юклансин.
4. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда ўн кун муддатда 1-иловага мувофиқ тасдиқланган таянч ўқув режадаги фанларнинг ўқув дастурлари ва дарсликлар мажмуаларини янгидан шакллантириш бўйича аниқ чоралар белгиланган «йўл харитаси»ни тасдиқласин ва унинг ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳни шакллантирсин.
Бунда Агентлик томонидан:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар таянч ўқув режадаги фанларнинг ўқув дастурларини ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда дарслик муаллифлари билан биргаликда 2020 йил 1 августга қадар ихтисослик фанлари бўйича дарсликларни, 2020-2021 йилларда асосий фанлар бўйича дасрликларни босқичма-босқич яратиш ва чоп этиш ишларини амалга ошириш назарда тутилсин.
5. Агентликнинг ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларда дарс ва факультатив машғулотларни олиб боришда илғор хорижий мамлакатларнинг эътироф этилган дарсликларидан фойдаланиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
6. Агентлик:
а) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларга ташаббускор, кенг дунёқараш ҳамда юқори илмий салоҳиятга эга илғор педагог кадрларни танлов асосида ишга жалб қилиш тартибини;
ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг ички меҳнат тартиби қоидаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
Бунда ўқитувчининг:
фан йўналиши бўйича камида бакалавр даражасидаги олий педагогик маълумот ва камида иккинчи малака тоифасига эга бўлиши;
ўқув фанининг илмий-назарий асослари, мазмуни ва ўқув жараёнида ахборот-коммуникация технологияларини амалиётда қўллай олиши, дарс ўтиш методикаси ва уни ташкил этиш техникасини билиши;
хорижий тиллардан бирини бошланғич даражада ўзлаштирган бўлиши ҳамда илғор халқаро тажрибадан хабардорлиги;
юксак ахлоқий фазилатлар ҳамда ижтимоий-сиёсий билимларга эга бўлиши;
фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ва турли мусобақаларда ютуқларга эришганлиги ҳамда профессионал танловларда юқори натижаларни қўлга киритганлиги каби мезонлар назарда тутилсин.
б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси билан биргаликда 2019/2020 ўқув йили якунида ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларда таълим сифатини ошириш, жумладан, раҳбар ва педагог ходимлар салоҳияти бўйича ўрганишлар ўтказсин ҳамда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларда таълим сифатини ошириш, шунингдек, уларга юксак малакали раҳбар ва педагог ходимларни жалб этиш чораларини кўрсин;
в) халқаро рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабларга юқори малакали хорижий педагогларни ишга ёллашни йўлга қўйсин;
г) ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқитувчилари, раҳбар ва педагог ходимларининг хориждаги етакчи илмий ва таълим муассасаларида малака оширишларини ташкил этиш юзасидан ҳар йил якунига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармасига таклиф киритсин.
7. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб:
ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг маъмурий-бошқарув, педагогик, ўқув-ёрдамчи, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари лавозим маошига 100 фоиз миқдорида ойлик устама ҳақ тўланади, шунингдек, уларни иш ҳақи фонди ҳисобига 50 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади;
ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларда дарс берган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг асосий иш жойидаги лавозим маошларига олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига 30 фоиз миқдорида устама ҳақ тўланади;
келгусида Агентлик тизимида ташкил этиладиган бошқа ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ҳам ушбу меҳнатга ҳақ тўлаш тизими татбиқ этилади.
8. Агентлик:
а) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда иқтидорли болаларни аниқлаш ва ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларга саралаб олиш тартибини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.
Бунда:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг тавсиясига мувофиқ умумтаълим мактабларидаги ижодкор, изланувчан, истеъдодли ҳамда турли танлов ва олимпиадаларда юқори натижалар кўрсатган ўқувчиларга;
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ёшлар академияси тавсиясига мувофиқ газета ва журналларда ижод намуналари, шеър, ҳикоя, илмий мақолалар эълон қилган ўқувчиларга саралаш имтиҳонларида иштирок этиш имконияти берилиши назарда тутилсин.
б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тартибини белгиланган тартибда тасдиқласин.
в) ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларининг овқатланиши, ушбу мактабларда хўжалик фаолияти тизимли йўлга қўйилиши билан боғлиқ молиявий масалаларни қайта кўриб чиқсин ҳамда сарф-харажатларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тўлиқ қопланиши чораларини кўрсин.
Бунда ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчиларини овқатлантириш тизими аутсорсинг шартлари асосида ташкил этилиши инобатга олинсин.
9. Белгилаб қўйилсинки:
ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;
ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларда факультатив машғулотларни олиб бориш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланади;
Агентликка ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг моддий-техник базаси, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарини мустақил белгилаш, мавжуд синфларда ўқувчилар сонини мақбуллаштириш ва тўлдириш, таянч ўқув режаси доирасида ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади;
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 мартдаги 244-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасига хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом Агентлик тизимидаги ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларга ҳамда ушбу мактабларда ишлаш учун жалб этиладиган ўқитувчилар ва мутахассисларга нисбатан татбиқ этилмайди.
10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ваколатлари доирасида Агентлик буюртмалари бўйича жалб этиладиган хорижий ўқитувчилар ва мутахассисларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига кириш визаларининг расмийлаштирилишини, белгиланган тартибда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш манзиллари бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда унинг муддати узайтирилишини таъминласин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бюджетдан ташқари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларнинг моддий-техника базасини такомиллаштириш учун қўшимча маблағларни жалб этиш бўйича зарур чоралар кўрсин.
12. Агентлик манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори С.Н. Бабаходжаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 мартдаги 141-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг
Т/р Ўқув фанлари номи Синфлар ва ҳафталик ўқув соатлари Ҳафталик умумий соат 7 8 9 10 11 I. Асосий фанлар 29 29 30 30 31 149 1. Она тили ва адабиёт 4 4 4 4 4 20 2. Ўзбек тили/рус тили 3 3 3 3 3 15 3. Чет тили 4 4 4 4 4 20 4. Тарих 3 3 3 2 2 13 5. Тарбия 1 1 1 1 1 5 6. Математика 5 5 5 5 5 25 7. Информатика ва ахборот технологиялари 1 1 2 2 2 8 8. Физика ва астрономия 2 2 2 2 3 11 9. Кимё 2 2 2 2 2 10 10. Биология 2 2 2 2 2 10 11. География ва иқтисодиёт 2 2 2 2 2 10 12. Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик 1 1 2 II. * Ихтисослик фанлари 4 4 4 4 4 20 III. ** Мактаб ихтиёридаги соат 1 1 1 1 1 5 Умумий соатлар 34 34 35 35 36 174 IV. *** Факультатив машғулотлар 3 2 2 1 1 9
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартдаги 141-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактабларни оталиққа олиш ва ривожлантириш учун бириктириладиган олий таълим муассасалари, вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари
Т/р Таълим муассасасининг номи Оталиққа оладиган олий таълим муассасалари номи Бириктириладиган вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари 1. Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби Қарши давлат университети Республика маънавият ва маърифат маркази, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 2. Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби Фарғона давлат университети Халқ таълими вазирлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги 3. Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги ижод мактаби Урганч давлат университети Маданият вазирлиги, Хоразм вилояти ҳокимлиги 4. Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби Наманган давлат университети Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Наманган вилояти ҳокимлиги 5. Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби Гулистон давлат университети Сирдарё вилояти ҳокимлиги 6. Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби А. Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёт университети Фанлар академияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 7. Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби Андижон давлат университети Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Андижон вилояти ҳокимлиги 8. Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби Тошкент давлат журналистика университети Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги 9. Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби Қорақалпоқ давлат университети Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши 10. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб Тошкент ахборот технологиял?ри университети, Тошкент шаҳридаги Инха университети, Тошкент шаҳридаги Амити университети Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 11. Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб М. Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Инновацион ривожланиш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 12. Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб Тошкент тиббиёт академияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 11 март,
141-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TAYANCH OʻQUV REJASI
ROʻYXATI
Ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablar faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Yoshlarning isteʼdodi va qobiliyatini har tomonlama rivojlantirish, ularning ilm-fanni egallashga boʻlgan intilishlarini qoʻllab-quvvatlash, iqtidorini roʻyobga chiqarish, uzluksiz taʼlim tizimini yanada takomillashtirish, sifatli taʼlim xizmatlaridan foydalanish imkoniyatlarini oshirish borasida izchil chora-tadbirlar amalga oshirib kelinmoqda.
Yoshlarning intellektual va ijodiy salohiyatini rivojlantirish, iqtidorli oʻquvchilarni qoʻllab-quvvatlash va ragʻbatlantirish uchun zarur shart-sharoitlar yaratish hamda ularni barkamol, jismonan va ruhan sogʻlom shaxs sifatida Vatanga sadoqat ruhida tarbiyalash, bolalarda mehnatsevarlik, vatanparvarlik, fidoyilik, keng dunyoqarashga ega komil inson boʻlishga intilish tuygʻusini shakllantirish maqsadida ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablar tashkil etildi.
Ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarda oʻquvchi yoshlarga buyuk ajdodlarimiz va adiblarimizning boy ijodiy merosini oʻrgatish, ularga munosib voris etib tarbiyalashga yoʻnaltirilgan kompleks oʻquv-tarbiya jarayonlari yoʻlga qoʻyildi.
Ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablar faoliyatini takomillashtirish, yosh isteʼdodlarni yanada qoʻllab-quvvatlash, ragʻbatlantirish hamda ularga zamon talablaridan kelib chiqib taʼlim va tarbiya berish tizimini yanada rivojlantirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Prezident, ijod va ixtisoslashtirilgan maktablarni rivojlantirish agentligining (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) ushbu Agentlik tizimidagi ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarning (keyingi oʻrinlarda ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablar) oʻquv rejalari va oʻquv dasturlarini yangidan ishlab chiqish hamda ularda interaktiv tarzda chuqurlashtirib oʻqitish haqidagi taklifiga rozilik berilsin.
2. Quyidagilar:
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarning tayanch oʻquv rejasi 1-ilovaga muvofiq;
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarni otaliqqa olish va rivojlantirish uchun biriktiriladigan oliy taʼlim muassasalari, vazirliklar, idoralar hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari roʻyxati 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Quyidagilarga:
a) ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarni otaliqqa olgan oliy taʼlim muassasalariga:
ixtisoslik yoʻnalishlaridan kelib chiqib maktablarga oliy taʼlim muassasalarining yuqori malakali professor-oʻqituvchilarini dars mashgʻuloti oʻtishga yoʻnaltirish tartibini tegishli kasaba uyushmasi bilan kelishgan holda ishlab chiqish va amaliyotga tatbiq etish;
maktablarda oʻqituvchilarni yuqori malakali mutaxassislardan iborat tarkibda shakllantirishga koʻmaklashish, xususan, ularda magistrlik darajasiga ega boʻlgan pedagoglar sonini bosqichma-bosqich oshirib borish choralarini koʻrish;
taʼlim jarayoniga innovatsion pedagogik usul va texnologiyalarni joriy qilishning ilmiy asoslarini yanada mustahkamlash choralarini koʻrish;
yuqori sinf oʻquvchilarini ixtisoslik fani boʻyicha oliy taʼlim muassasalarida taʼlimni davom ettirishga yoʻnaltirish;
bolalarning ijodiy qobiliyati va iqtidorini rivojlantirish, shuningdek, ularning maktabdan tashqari vaqtlarini samarali tashkil etish maqsadida zamonaviy usul va uslublarini joriy etish;
b) ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarga biriktirilgan vazirliklar, idoralar hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga:
Agentlik bilan birgalikda bir oy muddatda biriktirilgan maktablar faoliyatini rivojlantirish boʻyicha chora-tadbirlar rejasini tasdiqlash va ijrosini taʼminlash;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 5 ta tashabbusi doirasida maktablarda amalga oshirilayotgan ishlar samaradorligini oshirish;
oʻquvchilarda vatanparvarlik tuygʻusini kamol toptirish maqsadida taniqli davlat va jamoat arboblari, sohaning ijodkor va ilgʻor yoshlari bilan uchrashuvlar tashkil qilish;
oʻquvchilarning ilm-fanga boʻlgan qiziqishlarini yanada kuchaytirishga qaratilgan, ularning zehnini charxlovchi va ilmiy qiziqishlarini qoʻllab-quvvatlovchi tadbirlarni tashkil qilish;
maktablarning kuzatuv kengashlariga ularni otaliqqa olgan tashkilotlarning rahbarlariga raislik qilish vazifalari yuklansin.
4. Agentlik Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi bilan birgalikda oʻn kun muddatda 1-ilovaga muvofiq tasdiqlangan tayanch oʻquv rejadagi fanlarning oʻquv dasturlari va darsliklar majmualarini yangidan shakllantirish boʻyicha aniq choralar belgilangan “yoʻl xaritasi”ni tasdiqlasin va uning ijrosini taʼminlash maqsadida ishchi guruhni shakllantirsin.
Bunda Agentlik tomonidan:
Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi hamda Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi bilan birgalikda 2020-yil 1-iyulga qadar tayanch oʻquv rejadagi fanlarning oʻquv dasturlarini ishlab chiqish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi hamda darslik mualliflari bilan birgalikda 2020-yil 1-avgustga qadar ixtisoslik fanlari boʻyicha darsliklarni, 2020-2021-yillarda asosiy fanlar boʻyicha dasrliklarni bosqichma-bosqich yaratish va chop etish ishlarini amalga oshirish nazarda tutilsin.
5. Agentlikning ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarda dars va fakultativ mashgʻulotlarni olib borishda ilgʻor xorijiy mamlakatlarning eʼtirof etilgan darsliklaridan foydalanish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
6. Agentlik:
a) manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarga tashabbuskor, keng dunyoqarash hamda yuqori ilmiy salohiyatga ega ilgʻor pedagog kadrlarni tanlov asosida ishga jalb qilish tartibini;
ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarning ichki mehnat tartibi qoidalarini ishlab chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlasin.
Bunda oʻqituvchining:
fan yoʻnalishi boʻyicha kamida bakalavr darajasidagi oliy pedagogik maʼlumot va kamida ikkinchi malaka toifasiga ega boʻlishi;
oʻquv fanining ilmiy-nazariy asoslari, mazmuni va oʻquv jarayonida axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini amaliyotda qoʻllay olishi, dars oʻtish metodikasi va uni tashkil etish texnikasini bilishi;
xorijiy tillardan birini boshlangʻich darajada oʻzlashtirgan boʻlishi hamda ilgʻor xalqaro tajribadan xabardorligi;
yuksak axloqiy fazilatlar hamda ijtimoiy-siyosiy bilimlarga ega boʻlishi;
fan olimpiadalari, koʻrik-tanlovlar va turli musobaqalarda yutuqlarga erishganligi hamda professional tanlovlarda yuqori natijalarni qoʻlga kiritganligi kabi mezonlar nazarda tutilsin.
b) Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi, Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi, Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari federatsiyasi bilan birgalikda 2019/2020 oʻquv yili yakunida ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarda taʼlim sifatini oshirish, jumladan, rahbar va pedagog xodimlar salohiyati boʻyicha oʻrganishlar oʻtkazsin hamda 2020/2021 oʻquv yilidan boshlab ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarda taʼlim sifatini oshirish, shuningdek, ularga yuksak malakali rahbar va pedagog xodimlarni jalb etish choralarini koʻrsin;
v) xalqaro rekruting kompaniyalari bilan hamkorlikda maktablarga yuqori malakali xorijiy pedagoglarni ishga yollashni yoʻlga qoʻysin;
g) ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablar oʻqituvchilari, rahbar va pedagog xodimlarining xorijdagi yetakchi ilmiy va taʼlim muassasalarida malaka oshirishlarini tashkil etish yuzasidan har yil yakuniga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti huzuridagi Istiqbolli kadrlarni tayyorlash boʻyicha “El-yurt umidi” jamgʻarmasiga taklif kiritsin.
7. Belgilab qoʻyilsinki, 2020-yil sentabr oyidan boshlab:
ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarning maʼmuriy-boshqaruv, pedagogik, oʻquv-yordamchi, texnik va xizmat koʻrsatuvchi xodimlari lavozim maoshiga 100 foiz miqdorida oylik ustama haq toʻlanadi, shuningdek, ularni ish haqi fondi hisobiga 50 foizdan koʻp boʻlmagan miqdorda ragʻbatlantirish jamgʻarmasi tashkil etiladi;
ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarda dars bergan oliy taʼlim muassasalari professor-oʻqituvchilarining asosiy ish joyidagi lavozim maoshlariga oliy taʼlim muassasalarining budjetdan tashqari mablagʻlari hisobiga 30 foiz miqdorida ustama haq toʻlanadi;
kelgusida Agentlik tizimida tashkil etiladigan boshqa ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablar uchun ham ushbu mehnatga haq toʻlash tizimi tatbiq etiladi.
8. Agentlik:
a) Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi va boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda ikki oy muddatda iqtidorli bolalarni aniqlash va ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarga saralab olish tartibini ishlab chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlanishini taʼminlasin.
Bunda:
Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligining tavsiyasiga muvofiq umumtaʼlim maktablaridagi ijodkor, izlanuvchan, isteʼdodli hamda turli tanlov va olimpiadalarda yuqori natijalar koʻrsatgan oʻquvchilarga;
Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi va Yoshlar akademiyasi tavsiyasiga muvofiq gazeta va jurnallarda ijod namunalari, sheʼr, hikoya, ilmiy maqolalar eʼlon qilgan oʻquvchilarga saralash imtihonlarida ishtirok etish imkoniyati berilishi nazarda tutilsin.
b) Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi hamda boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda uch oy muddatda ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablar xodimlari mehnatiga haq toʻlashning takomillashtirilgan tartibini belgilangan tartibda tasdiqlasin.
v) ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablar oʻquvchilarining ovqatlanishi, ushbu maktablarda xoʻjalik faoliyati tizimli yoʻlga qoʻyilishi bilan bogʻliq moliyaviy masalalarni qayta koʻrib chiqsin hamda sarf-xarajatlarning Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobiga toʻliq qoplanishi choralarini koʻrsin.
Bunda ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablar oʻquvchilarini ovqatlantirish tizimi autsorsing shartlari asosida tashkil etilishi inobatga olinsin.
9. Belgilab qoʻyilsinki:
ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablar faoliyatini moliyalashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari, yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonun hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobiga amalga oshiriladi;
ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarda fakultativ mashgʻulotlarni olib borish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti mablagʻlari hisobiga qoplanadi;
Agentlikka ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarning moddiy-texnik bazasi, pedagog kadrlarning salohiyati hamda ehtiyojidan kelib chiqqan holda oʻquvchilarni qabul qilish kvotalarini mustaqil belgilash, mavjud sinflarda oʻquvchilar sonini maqbullashtirish va toʻldirish, tayanch oʻquv rejasi doirasida oʻzgartirish kiritish huquqi beriladi;
Vazirlar Mahkamasining 2019-yil 25-martdagi 244-son qarori bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasiga xorijdan ishchi kuchini jalb qilish va undan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizom Agentlik tizimidagi ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarga hamda ushbu maktablarda ishlash uchun jalb etiladigan oʻqituvchilar va mutaxassislarga nisbatan tatbiq etilmaydi.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi vakolatlari doirasida Agentlik buyurtmalari boʻyicha jalb etiladigan xorijiy oʻqituvchilar va mutaxassislarga, shuningdek, ularning oila aʼzolariga kirish vizalarining rasmiylashtirilishini, belgilangan tartibda koʻp martalik vizalar berilishi va uzaytirilishini, shuningdek, ularning yashash manzillari boʻyicha vaqtinchalik roʻyxatdan oʻtkazilishi hamda uning muddati uzaytirilishini taʼminlasin.
11. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari budjetdan tashqari hamda qonunchilik bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobiga ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarning moddiy-texnika bazasini takomillashtirish uchun qoʻshimcha mablagʻlarni jalb etish boʻyicha zarur choralar koʻrsin.
12. Agentlik manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
13. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Prezident, ijod va ixtisoslashtirilgan maktablarni rivojlantirish agentligi direktori S.N. Babaxodjayev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim va sogʻliqni saqlash masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 1-martdagi 141-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi ijod va ixtisoslashtirilgan maktablarning
T/r Oʻquv fanlari nomi Sinflar va haftalik oʻquv soatlari Haftalik umumiy soat 7 8 9 10 11 I. Asosiy fanlar 29 29 30 30 31 149 1. Ona tili va adabiyot 4 4 4 4 4 20 2. Oʻzbek tili/rus tili 3 3 3 3 3 15 3. Chet tili 4 4 4 4 4 20 4. Tarix 3 3 3 2 2 13 5. Tarbiya 1 1 1 1 1 5 6. Matematika 5 5 5 5 5 25 7. Informatika va axborot texnologiyalari 1 1 2 2 2 8 8. Fizika va astronomiya 2 2 2 2 3 11 9. Kimyo 2 2 2 2 2 10 10. Biologiya 2 2 2 2 2 10 11. Geografiya va iqtisodiyot 2 2 2 2 2 10 12. Chaqiruvga qadar boshlangʻich tayyorgarlik 1 1 2 II. * Ixtisoslik fanlari 4 4 4 4 4 20 III. ** Maktab ixtiyoridagi soat 1 1 1 1 1 5 Umumiy soatlar 34 34 35 35 36 174 IV. *** Fakultativ mashgʻulotlar 3 2 2 1 1 9
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 11-martdagi 141-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi huzuridagi Ixtisoslashtirilgan taʼlim muassasalari agentligi tizimidagi ijod maktablari va ixtisoslashtirilgan maktablarni otaliqqa olish va rivojlantirish uchun biriktiriladigan oliy taʼlim muassasalari, vazirliklar, idoralar hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari
T/r Taʼlim muassasasining nomi Otaliqqa oladigan oliy taʼlim muassasalari nomi Biriktiriladigan vazirliklar, idoralar hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari 1. Abdulla Oripov nomidagi ijod maktabi Qarshi davlat universiteti Respublika maʼnaviyat va maʼrifat markazi, Qashqadaryo viloyati hokimligi 2. Erkin Vohidov nomidagi ijod maktabi Fargʻona davlat universiteti Xalq taʼlimi vazirligi, Fargʻona viloyati hokimligi 3. Muhammad Rizo Ogahiy nomidagi ijod maktabi Urganch davlat universiteti Madaniyat vazirligi, Xorazm viloyati hokimligi 4. Isʼhoqxon Ibrat nomidagi ijod maktabi Namangan davlat universiteti Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Namangan viloyati hokimligi 5. Halima Xudoyberdiyeva nomidagi ijod maktabi Guliston davlat universiteti Sirdaryo viloyati hokimligi 6. Abdulla Qodiriy nomidagi ijod maktabi A. Navoiy nomidagi Oʻzbek tili va adabiyot universiteti Fanlar akademiyasi, Toshkent shahar hokimligi 7. Muhammad Yusuf nomidagi ijod maktabi Andijon davlat universiteti Oʻzbekiston yoshlar ittifoqi Markaziy Kengashi, Andijon viloyati hokimligi 8. Hamid Olimjon va Zulfiya nomidagi ijod maktabi Toshkent davlat jurnalistika universiteti Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi, Jizzax viloyati hokimligi 9. Ibroyim Yusupov nomidagi ijod maktabi Qoraqalpoq davlat universiteti Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi 10. Muhammad al-Xorazmiy nomidagi ixtisoslashtirilgan maktab Toshkent axborot texnologiyal?ri universiteti, Toshkent shahridagi Inxa universiteti, Toshkent shahridagi Amiti universiteti Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Toshkent shahar hokimligi 11. Mirzo Ulugʻbek nomidagi ixtisoslashtirilgan maktab M. Ulugʻbek nomidagi Oʻzbekiston Milliy universiteti Innovatsion rivojlanish vazirligi, Toshkent shahar hokimligi 12. Abu Ali ibn Sino nomidagi ixtisoslashtirilgan maktab Toshkent tibbiyot akademiyasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Toshkent shahar hokimligi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 11-mart,
141-son