📅 2020-yil 13-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 13-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 13 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 13 марта 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 13 March 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТУЗИЛМАСИ
УСТАВИ
«Термиз» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
«Термиз» эркин иқтисодий зонаси бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, зарур муҳандислик-коммуникация, транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш ва Сурхондарё вилоятида қулай инвестиция муҳитини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг:
«Термиз» эркин иқтисодий зонасини «Термиз карго» маркази жойлашган ҳудуддаги 80,6 гектар ер майдонида ташкил этиш;
«Термиз» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» масъулияти чекланган жамиятини «Термиз» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда — Дирекция) этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар:
«Термиз» эркин иқтисодий зонаси (кейинги ўринларда — «Термиз» ЭИЗ) таркибига кирувчи ҳудудларнинг чегаралари 1-иловага мувофиқ;
«Термиз» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
«Термиз» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг устави 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Қуйидагилар Дирекциянинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:
«Термиз» ЭИЗни ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;
«Термиз» ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш;
Сурхондарё вилояти махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши (кейинги ўринларда — Маъмурий кенгаш) томонидан қабул қилинган қарорларга асосан «Термиз» ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг реестрини юритиш, уларга тегишли гувоҳномалар бериш;
инвесторлар билан инвестициялар киритиш тўғрисида битимлар тузиш;
«Термиз» ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни топиш ва улар билан ишлаш;
белгиланган тартибда танлаб олинган инвесторлар томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилишини тизимли назорат қилиш, кейинчалик натижаларни Маъмурий кенгашга тақдим этиш;
«Термиз» ЭИЗ қатнашчиларига, шу жумладан давлат органларида уларнинг манфаатларини ифода этиш орқали хизматлар кўрсатиш;
«Термиз» ЭИЗ ҳудудида инфратузилма объектларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш жараёнларини мувофиқлаштириш;
«Термиз» ЭИЗ ҳудудидаги ер майдонларини ва кўчмас мулк объектларини бошқариш.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан:
Дирекцияга келгуси йилларда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш шарти билан 2020-2021 йиллар даврида сақлаш харажатлари учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича зарур маблағлар ажратилишини;
Дирекциянинг устав фондини шакллантиришга 1,0 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда келгуси йиллар учун Инвестиция дастурларини шакллантиришда уларга «Термиз» ЭИЗнинг муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини босқичма-босқич ривожлантириш бўйича лойиҳалар белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсин.
6. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда «Термиз» ЭИЗнинг бош режасини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан биргаликда «Термиз» ЭИЗ ҳудудида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жойлаштириш ва ташкил этиш дастурини Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Сурхондарё вилоятининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштириш бўйича икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
Дирекциянинг Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Ат-Термизий кўчаси, la-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилишини ва кейинчалик Дирекция учун замонавий маъмурий бино қурилишини;
Дирекцияни малакали мутахассислар билан таъминлашни, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг мазкур йўналишдаги илғор тажрибаси асосида мутахассисларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб боришни ҳамда Дирекцияга зарур инвентарлар, ташкилий техника ҳамда самарали фаолият олиб бориш учун талаб этиладиган воситаларни харид қилиш ва сақлаш учун маблағлар ажратилишини таъминласин.
7. Сурхондарё вилояти махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари билан биргаликда:
икки ой муддатда Сурхондарё вилояти иқтисодиётининг эҳтиёжлари, шунингдек, мавжуд минерал-хом ашё, қишлоқ хўжалиги ресурсларини ва инфратузилмани инобатга олган ҳолда, «Термиз» ЭИЗ ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
«Термиз» ЭИЗ ҳудудида ўзлаштириш учун таклиф қилинаётган импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турлари тўғрисидаги маълумотларнинг мунтазам равишда тадбиркорлик субъектларига етказилишини таъминласин;
«Термиз» ЭИЗ ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларини жалб этиш, улар билан тизимли ишларни олиб бориш, шунингдек, «Термиз» ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришларни жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомаларини сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқсин;
«Термиз» ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режаларини ишлаб чиқишда тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш бўйича тегишли чоралар кўрсин.
Амалга оширилган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги тўғрисида ахборот Вазирлар Маҳкамасига 2020 йил 15 июль ва 2021 йил 15 январга қадар берилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда «Термиз» ЭИЗ ҳудудида логистика маркази ва божхона пункти ташкил этиш бўйича уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Термиз» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги 44-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ва Сурхондарё вилояти ҳокими Т.А. Боболов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 13 мартдаги 148-сон қарорига 1-ИЛОВА
« Термиз» эркин иқтисодий зонаси таркибига кирувчи ҳудудларнинг чегаралари
1-ер участкаси:
1-бошланғич нуқта Термиз туманидаги «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси ҳудудининг ғарб томонида, «Термиз» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган.
1-нуқтадан чегара «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси ҳудуди бўйлаб жанубий йўналишда 330,0 метр масофада 2-нуқтагача давом этади.
2-нуқтадан чегара Айритом автомагистрал йўлининг «Термиз» эркин иқтисодий зонаси ҳудуди бўйлаб ғарбий йўналишда 616,0 метр масофада 3-нуқтагача давом этади.
3-нуқтадан чегара «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси ҳудуди бўйлаб шимолий йўналишда 1050,0 метр масофада 4-нуқтагача давом этади.
4-нуқтадан чегара «Аму-занг» канали муҳофаза зонасининг «Термиз» эркин иқтисодий зонаси ҳудуди бўйлаб шарқий йўналишда 320,0 метр масофада 5-нуқтагача давом этади.
5-нуқтадан чегара «Аму-занг» канали муҳофаза зонасининг «Термиз» эркин иқтисодий зонаси ҳудуди бўйлаб жанубий йўналишда 755,0 метр масофада 6-нуқтагача давом этади.
6-нуқтадан чегара «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси ҳудуди бўйлаб ғарбий йўналишда 315,0 метр масофада 1-нуқтагача давом этади.
2-ер участкаси:
1-бошланғич нуқта Бойсун аҳоли яшаш пунктидан ғарбий йўналишда 1 950 метр масофада жойлашган Бойсун-Подан автомобиль йўлидаги нуқтадан жанубга қараб 755 метр масофада жойлашади.
1-нуқтадан чегара қуруқ ер бўйлаб 2-нуқтагача умумий йўналишда жанубий-шарққа қараб 610 метр масофага давом этади.
2-нуқтадан чегара умумий йўналишда қуруқ ер бўйлаб 3-нуқтагача жанубга қараб 230 метр масофага давом этади.
3-нуқтадан чегара 4-нуқтагача ғарбий-шимолий-ғарбий йўналишга қараб тўғри чизиқда қуруқ ер бўйлаб 650 метр масофага давом этади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 13 мартдаги 148-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Термиз» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 13 мартдаги 148-сон қарорига 3-ИЛОВА
«Термиз» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг
1-боб. Умумий қоидалар
1. «Термиз» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» (кейинги ўринларда — Дирекция) оператив бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки негизида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади. У ўзига бириктирилган мулкка қонунчилик ҳужжатларида белгиланган доирада ва ўз фаолияти мақсадларида, мулкдор (ёки унинг топшириғига биноан унинг томонидан масъул этиб тайинланган давлат органи — муассис) топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.
2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисобрақамларига, шу жумладан валюта ҳисобракамларига, эмблемага, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.
4. Дирекциянинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — «Термиз» erkin iqtisodiy zonasi direktsiyasi» davlat unitar korxonasi;
қисқартирилган номи — «Termiz» EIZ direktsiyasi» DUK;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Государственное унитарное предприятие «Дирекция свободной экономической зоны «Термиз»;
қисқартирилган номи — ГУП «Дирекция СЭЗ «Термиз»;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — «Directorate of free economic zone «Termiz» State Unitary Company;
қисқартирилган номи — «Directorate of FEZ «Termiz» SUC.
5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Ат-Термизий кўчаси, 1а-уй.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда — Муассис) ҳисобланади.
7. Дирекция ўз номидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.
8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларда иштирокчи (акциядор, аъзо) бўлиши мумкин.
9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.
2-боб. Дирекция фаолиятининг мақсади ва асосий йўналишлари
10. «Термиз» эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда — «Термиз» ЭИЗ) ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, «Термиз» ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш йўли билан оператив бошқариш, «Термиз» ЭИЗ иштирокчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишларни (хизматларни) бажаришдан (кўрсатишдан) фойда олиш Дирекция фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.
11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
Сурхондарё вилояти махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг (кейинги ўринларда — Маъмурий кенгаш) қабул қилинган қарорларига мувофиқ «Термиз» ЭИЗ иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, уларнинг реестрини юритиш;
Маъмурий кенгаш қарорларига мувофиқ инвесторлар билан «Термиз» ЭИЗ ҳудудида инвестиция киритиш тўғрисида битимлар, давлат мулкини «нол» харид қийматида сотиш тўғрисида «Термиз» ЭИЗ иштирокчилари билан шартномалар тузиш;
«Термиз» ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни топиш ва жалб этиш;
ишлаб чиқилган «Термиз» ЭИЗ бош режаси ва Маъмурий кенгаш қарори билан маъқулланган инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш;
«ягона дарча» тамойили асосида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур бўлган барча рухсатномалар беришни ташкил этиш;
белгиланган тартибда танлаб олинган инвесторлар томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилишини тизимли назорат қилиш, кейинчалик натижаларни Маъмурий кенгашга тақдим этиш;
«Термиз» ЭИЗ ҳудудида жойлашган ва давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектларини ўзига берилган ваколатлар доирасида бошқариш;
«Термиз» ЭИЗ ҳудудидаги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ва ташкилотларнинг доимий фаолият юритишини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда «Термиз» ЭИЗ иштирокчиларига кўмаклашиш;
«Термиз» ЭИЗни ривожлантириш дастурининг амалга оширилишини таъминлаш;
экологик ҳолатнинг яхшиланиши юзасидан назоратни таъминлаш, шунингдек, «Термиз» ЭИЗ ҳудудида жойлашган тарихий-маданий бойликларнинг бут сақланиши учун жавоб бериш;
«Термиз» ЭИЗ фаолиятини бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга ошириш.
Қонунчилик ҳужжатларида ушбу Уставда назарда тутилган тегишли фаолият турининг лицензияланиши зарурлиги белгиланган тақдирда, Дирекция фаолиятнинг ушбу турини лицензия олмасдан, тегишли лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битими асосида амалга оширишга ҳақлидир.
12. Дирекция қонунчилик ҳужжатларида фаолиятнинг тақиқланмаган бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Дирекция фаолиятини бошқариш
13. Дирекция Муассисга ва Маъмурий кенгашга ҳисобот беради.
14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;
Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;
Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;
Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;
Дирекция мулки бўйича амалга оширилган битимларни ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш ва Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;
Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва оралиқ, тугатиш балансини тасдиқлаш;
меҳнатга оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш;
меҳнатга оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш.
15. «Термиз» ЭИЗ мустақил бюджети ва «Термиз» ЭИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилиши Маъмурий кенгаш томонидан назорат қилинади.
16. Маъмурий кенгаш томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор Дирекциянинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилади.
17. Директор ижро этувчи орган ҳисобланади.
18. Директор:
қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажаришга, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норма ва қоидаларга риоя қилинишини таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқади ва жорий этади;
«Термиз» ЭИЗни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини ташкил қилади;
Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқаришнинг энг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;
Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ифода этади;
ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини (контрактларни) тузади, ўзгартиради ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;
кадрларни тайёрлаш ва ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади;
Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;
Дирекция томонидан қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;
Дирекцияга юкланган мақсадлар ва вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.
19. Директор:
Муассисга Дирекция фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради;
ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларни бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг тўланишини, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги, Дирекциянинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун, шу жумладан Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқолган тақдирда, етказилган зарар юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради;
«Термиз» ЭИЗнинг Маъмурий кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланадиган мустақил бюджети маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига «Термиз» ЭИЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни келишиш учун белгиланган тартибда тақдим этади.
20. Директор ўзига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
4-боб. Дирекциянинг устав фонди
21. Дирекциянинг устав фонди «Термиз» ЭИЗ фаолиятини оператив бошқаришни амалга ошириш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.
22. Дирекция устав фондининг миқдори 1 млрд сўмни ташкил қилади.
5-боб. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш тартиби
23. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда, Муассис қарорига биноан амалга оширилади.
6-боб. Дирекция мулкини тасарруф этиш
24. Муассис томонидан Дирекцияга оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мол-мулкини ташкил қилади.
25. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.
26. Маъмурий кенгаш Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек, ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.
27. Директор Муассис билан келишган ҳолда, Дирекция мулкини қуйидагича тасарруф этиши мумкин:
асосий воситаларни сотиш, ижарага ёки гаровга бериш;
мол-мулкни бошқа хўжалик жамиятининг устав фондига улуш сифатида киритиш;
бошқа хўжалик жамиятларининг акцияларини (улушларини) сотиб олиш ва сотиш;
мол-мулкни қонунчиликда белгиланган тартибда бошқача тарзда тасарруф этиш.
7-боб. Дирекция бюджетини шакллантириш
28. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
давлат мулки бўлган ва «Термиз» ЭИЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган даромадларнинг бир қисми;
хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;
ЭИЗ иштирокчиларининг ажратмалари ва ЭИЗ иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.
8-боб. Захира фондини ва бошқа фондларни шакллантириш тартиби
29. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек, бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.
9-боб. Даромадни (фойдани) тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби
30. Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция тасарруфида қолади ва ундан Муассис қарорига биноан фойдаланилади.
31. Муассис ўз қарори билан бошқа юридик ва жисмоний шахсларга хайрия мақсадлари учун йўналтириладиган пул маблағларининг чекланган суммасини, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.
32. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарлари ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.
10-боб. Ҳисоботларни тақдим этиш тартиби
33. Дирекция ҳисобот даври тугагач, ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонунчилик ҳужжатларида белгиланадиган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.
34. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолияти Маъмурий кенгаш томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.
35. Директор ҳар чоракда Дирекция фаолиятининг натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
11-боб. Дирекциянинг жавобгарлиги
36. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда, унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.
37. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.
12-боб. Дирекцияни тугатиш ва қайта ташкил этиш
38. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёхуд қайта ташкил этилиши мумкин.
39. Дирекцияни тугатиш Дирекция фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади.
Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 13 март,
148-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TUZILMASI
USTAVI
“Termiz” erkin iqtisodiy zonasi faoliyatini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
“Termiz” erkin iqtisodiy zonasi boshqaruv tizimini yanada takomillashtirish, zarur muhandislik-kommunikatsiya, transport va ishlab chiqarish infratuzilmasi bilan taʼminlash va Surxondaryo viloyatida qulay investitsiya muhitini yaratish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Surxondaryo viloyati hokimligi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Iqtisodiyot va sanoat vazirligining:
“Termiz” erkin iqtisodiy zonasini “Termiz kargo” markazi joylashgan hududdagi 80,6 gektar yer maydonida tashkil etish;
“Termiz” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” masʼuliyati cheklangan jamiyatini “Termiz” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasi (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) etib qayta tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
2. Quyidagilar:
“Termiz” erkin iqtisodiy zonasi (keyingi oʻrinlarda — “Termiz” EIZ) tarkibiga kiruvchi hududlarning chegaralari 1-ilovaga muvofiq;
“Termiz” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining tuzilmasi 2-ilovaga muvofiq;
“Termiz” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining ustavi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
3. Quyidagilar Direksiyaning asosiy vazifalari va faoliyati yoʻnalishlari hisoblanadi:
“Termiz” EIZni rivojlantirish davlat dasturlarining toʻliq va oʻz vaqtida bajarilishini taʼminlash;
“Termiz” EIZ hududida alohida huquqiy rejimga rioya etilishini taʼminlash;
Surxondaryo viloyati maxsus iqtisodiy zonalar va kichik sanoat zonalarining maʼmuriy kengashi (keyingi oʻrinlarda — Maʼmuriy kengash) tomonidan qabul qilingan qarorlarga asosan “Termiz” EIZ qatnashchilarini roʻyxatdan oʻtkazish va ularning reyestrini yuritish, ularga tegishli guvohnomalar berish;
investorlar bilan investitsiyalar kiritish toʻgʻrisida bitimlar tuzish;
“Termiz” EIZ hududida investitsiya loyihalarini amalga oshirish uchun xorijiy va mahalliy investorlarni topish va ular bilan ishlash;
belgilangan tartibda tanlab olingan investorlar tomonidan qabul qilingan majburiyatlarning bajarilishini tizimli nazorat qilish, keyinchalik natijalarni Maʼmuriy kengashga taqdim etish;
“Termiz” EIZ qatnashchilariga, shu jumladan davlat organlarida ularning manfaatlarini ifoda etish orqali xizmatlar koʻrsatish;
“Termiz” EIZ hududida infratuzilma obyektlarini tashkil etish va ularning faoliyat yuritish jarayonlarini muvofiqlashtirish;
“Termiz” EIZ hududidagi yer maydonlarini va koʻchmas mulk obyektlarini boshqarish.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Vazirlar Mahkamasining zaxira jamgʻarmasidan:
Direksiyaga kelgusi yillarda oʻzini oʻzi moliyalashtirishga oʻtkazish sharti bilan 2020-2021-yillar davrida saqlash xarajatlari uchun asoslangan hisob-kitoblar boʻyicha zarur mablagʻlar ajratilishini;
Direksiyaning ustav fondini shakllantirishga 1,0 mlrd soʻm miqdorida mablagʻ ajratilishini taʼminlasin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Moliya vazirligi, Iqtisodiyot va sanoat vazirligi bilan birgalikda kelgusi yillar uchun Investitsiya dasturlarini shakllantirishda ularga “Termiz” EIZning muhandislik-kommunikatsiya va yoʻl-transport infratuzilmasini bosqichma-bosqich rivojlantirish boʻyicha loyihalar belgilangan tartibda kiritilishini nazarda tutsin.
6. Surxondaryo viloyati hokimligi:
Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi hamda Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan birgalikda “Termiz” EIZning bosh rejasini ikki oy muddatda ishlab chiqsin va tasdiqlasin;
Iqtisodiyot va sanoat vazirligi, Moliya vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududgaztaʼminot” AJ, “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ bilan birgalikda “Termiz” EIZ hududida muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmasini joylashtirish va tashkil etish dasturini Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti va Surxondaryo viloyatining mahalliy budjeti mablagʻlari hisobidan teng ulushlarda moliyalashtirish boʻyicha ikki oy muddatda Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin;
Direksiyaning Surxondaryo viloyati, Termiz shahri, At-Termiziy koʻchasi, la-uy manzilidagi binoga tekin foydalanish huquqi bilan joylashtirilishini va keyinchalik Direksiya uchun zamonaviy maʼmuriy bino qurilishini;
Direksiyani malakali mutaxassislar bilan taʼminlashni, shuningdek, xorijiy mamlakatlarning mazkur yoʻnalishdagi ilgʻor tajribasi asosida mutaxassislarning malakasini muntazam ravishda oshirib borishni hamda Direksiyaga zarur inventarlar, tashkiliy texnika hamda samarali faoliyat olib borish uchun talab etiladigan vositalarni xarid qilish va saqlash uchun mablagʻlar ajratilishini taʼminlasin.
7. Surxondaryo viloyati maxsus iqtisodiy zonalar va kichik sanoat zonalarining maʼmuriy kengashi Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Iqtisodiyot va sanoat vazirligi, Savdo-sanoat palatasi va tijorat banklari bilan birgalikda:
ikki oy muddatda Surxondaryo viloyati iqtisodiyotining ehtiyojlari, shuningdek, mavjud mineral-xomashyo, qishloq xoʻjaligi resurslarini va infratuzilmani inobatga olgan holda, “Termiz” EIZ hududida import oʻrnini bosuvchi va eksportga yoʻnaltirilgan tayyor mahsulotlar, materiallar va butlovchi buyumlar turlarini ishlab chiqarish korxonalarini joylashtirish boʻyicha manzilli dasturni ishlab chiqsin va tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;
“Termiz” EIZ hududida oʻzlashtirish uchun taklif qilinayotgan import oʻrnini bosuvchi va eksportga yoʻnaltirilgan tayyor mahsulotlar, materiallar va butlovchi buyumlar turlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning muntazam ravishda tadbirkorlik subyektlariga yetkazilishini taʼminlasin;
“Termiz” EIZ hududida loyihalarni amalga oshirish uchun tadbirkorlik subyektlarini jalb etish, ular bilan tizimli ishlarni olib borish, shuningdek, “Termiz” EIZ hududida ishlab chiqarishlarni joylashtirish boʻyicha investitsiya buyurtmanomalarini sifatli va oʻz vaqtida koʻrib chiqsin;
“Termiz” EIZ hududida ishlab chiqarishlarni tashkil etish boʻyicha investitsiya loyihalarining biznes-rejalarini ishlab chiqishda tadbirkorlik subyektlariga koʻmaklashish boʻyicha tegishli choralar koʻrsin.
Amalga oshirilgan chora-tadbirlarning samaradorligi va natijadorligi toʻgʻrisida axborot Vazirlar Mahkamasiga 2020-yil 15-iyul va 2021-yil 15-yanvarga qadar berilsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasi bilan birgalikda “Termiz” EIZ hududida logistika markazi va bojxona punkti tashkil etish boʻyicha uch oy muddatda Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.
9. Vazirlar Mahkamasining “Termiz” erkin iqtisodiy zonasi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 17-yanvardagi 44-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — Oʻzbekiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov va Surxondaryo viloyati hokimi T.A. Bobolov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 13-martdagi 148-son qaroriga 1-ILOVA
“ Termiz” erkin iqtisodiy zonasi tarkibiga kiruvchi hududlarning chegaralari
1-yer uchastkasi:
1-boshlangʻich nuqta Termiz tumanidagi “Termiz xalqaro savdo markazi” erkin savdo zonasi hududining gʻarb tomonida, “Termiz” erkin iqtisodiy zonasi hududida joylashgan.
1-nuqtadan chegara “Termiz xalqaro savdo markazi” erkin savdo zonasi hududi boʻylab janubiy yoʻnalishda 330,0 metr masofada 2-nuqtagacha davom etadi.
2-nuqtadan chegara Ayritom avtomagistral yoʻlining “Termiz” erkin iqtisodiy zonasi hududi boʻylab gʻarbiy yoʻnalishda 616,0 metr masofada 3-nuqtagacha davom etadi.
3-nuqtadan chegara “Termiz xalqaro savdo markazi” erkin savdo zonasi hududi boʻylab shimoliy yoʻnalishda 1050,0 metr masofada 4-nuqtagacha davom etadi.
4-nuqtadan chegara “Amu-zang” kanali muhofaza zonasining “Termiz” erkin iqtisodiy zonasi hududi boʻylab sharqiy yoʻnalishda 320,0 metr masofada 5-nuqtagacha davom etadi.
5-nuqtadan chegara “Amu-zang” kanali muhofaza zonasining “Termiz” erkin iqtisodiy zonasi hududi boʻylab janubiy yoʻnalishda 755,0 metr masofada 6-nuqtagacha davom etadi.
6-nuqtadan chegara “Termiz xalqaro savdo markazi” erkin savdo zonasi hududi boʻylab gʻarbiy yoʻnalishda 315,0 metr masofada 1-nuqtagacha davom etadi.
2-yer uchastkasi:
1-boshlangʻich nuqta Boysun aholi yashash punktidan gʻarbiy yoʻnalishda 1 950 metr masofada joylashgan Boysun-Podan avtomobil yoʻlidagi nuqtadan janubga qarab 755 metr masofada joylashadi.
1-nuqtadan chegara quruq yer boʻylab 2-nuqtagacha umumiy yoʻnalishda janubiy-sharqqa qarab 610 metr masofaga davom etadi.
2-nuqtadan chegara umumiy yoʻnalishda quruq yer boʻylab 3-nuqtagacha janubga qarab 230 metr masofaga davom etadi.
3-nuqtadan chegara 4-nuqtagacha gʻarbiy-shimoliy-gʻarbiy yoʻnalishga qarab toʻgʻri chiziqda quruq yer boʻylab 650 metr masofaga davom etadi.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 13-martdagi 148-son qaroriga 2-ILOVA
“Termiz” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 13-martdagi 148-son qaroriga 3-ILOVA
“Termiz” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining
1-bob. Umumiy qoidalar
1. “Termiz” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) operativ boshqaruv uchun oʻziga berilgan davlat mulki negizida davlat unitar korxonasi shaklida tashkil etilgan tijorat tashkiloti hisoblanadi. U oʻziga biriktirilgan mulkka qonunchilik hujjatlarida belgilangan doirada va oʻz faoliyati maqsadlarida, mulkdor (yoki uning topshirigʻiga binoan uning tomonidan masʼul etib tayinlangan davlat organi — muassis) topshiriqlariga muvofiq egalik qilish, undan foydalanish va uni tasarruf etish huquqini amalga oshiradi.
2. Direksiya oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Ustavga hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
3. Direksiya yuridik shaxs hisoblanadi, alohida mulkka, mustaqil balansga, banklarda hisobraqamlariga, shu jumladan valyuta hisobrakamlariga, emblemaga, shtamplar va blankalarga, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan, oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va boshqa rekvizitlarga ega boʻladi.
4. Direksiyaning rasmiy nomi:
a) davlat tilida:
toʻliq nomi — “Termiz” erkin iqtisodiy zonasi direktsiyasi” davlat unitar korxonasi;
qisqartirilgan nomi — “Termiz” EIZ direktsiyasi” DUK;
b) rus tilida:
toʻliq nomi — Gosudarstvennoye unitarnoye predpriyatiye “Direksiya svobodnoy ekonomicheskoy zoni “Termiz”;
qisqartirilgan nomi — GUP “Direksiya SEZ “Termiz”;
v) ingliz tilida:
toʻliq nomi — “Directorate of free economic zone “Termiz” State Unitary Company;
qisqartirilgan nomi — “Directorate of FEZ “Termiz” SUC.
5. Direksiyaning joylashgan joyi (pochta manzili): Surxondaryo viloyati, Termiz shahri, At-Termiziy koʻchasi, 1a-uy.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Direksiyaning muassisi (keyingi oʻrinlarda — Muassis) hisoblanadi.
7. Direksiya oʻz nomidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda mulkiy va shaxsiy nomulkiy huquqlarni olishi va amalga oshirishi, majburiyatlar olishi, sudda daʼvogar va javobgar boʻlishi, nizolarni hal etishda boshqa organlarda vakillik qilishi mumkin.
8. Direksiya Muassisning roziligiga koʻra tijorat tashkilotlarining, shuningdek, qonunchilik hujjatlariga muvofiq yuridik shaxslarning qatnashishiga yoʻl qoʻyiladigan notijorat tashkilotlarda ishtirokchi (aksiyador, aʼzo) boʻlishi mumkin.
9. Direksiya boshqa davlat korxonasining muassisi boʻlishi mumkin emas.
2-bob. Direksiya faoliyatining maqsadi va asosiy yoʻnalishlari
10. “Termiz” erkin iqtisodiy zonasini (keyingi oʻrinlarda — “Termiz” EIZ) rivojlantirish davlat dasturlarining toʻliq va oʻz vaqtida bajarilishini taʼminlash, shuningdek, “Termiz” EIZ hududida alohida huquqiy rejimga rioya etilishini taʼminlash yoʻli bilan operativ boshqarish, “Termiz” EIZ ishtirokchilariga xizmatlar koʻrsatishdan hamda ushbu Ustavda nazarda tutilgan boshqa ishlarni (xizmatlarni) bajarishdan (koʻrsatishdan) foyda olish Direksiya faoliyatining asosiy maqsadi hisoblanadi.
11. Quyidagilar Direksiya faoliyatining asosiy yoʻnalishlari hisoblanadi:
Surxondaryo viloyati maxsus iqtisodiy zonalar va kichik sanoat zonalari maʼmuriy kengashining (keyingi oʻrinlarda — Maʼmuriy kengash) qabul qilingan qarorlariga muvofiq “Termiz” EIZ ishtirokchilarini roʻyxatdan oʻtkazish, shuningdek, ularning reyestrini yuritish;
Maʼmuriy kengash qarorlariga muvofiq investorlar bilan “Termiz” EIZ hududida investitsiya kiritish toʻgʻrisida bitimlar, davlat mulkini “nol” xarid qiymatida sotish toʻgʻrisida “Termiz” EIZ ishtirokchilari bilan shartnomalar tuzish;
“Termiz” EIZ hududida investitsiya loyihalarini amalga oshirish uchun xorijiy va mahalliy investorlarni topish va jalb etish;
ishlab chiqilgan “Termiz” EIZ bosh rejasi va Maʼmuriy kengash qarori bilan maʼqullangan investitsiya loyihalarini joylashtirish;
“yagona darcha” tamoyili asosida muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmasi tarmoqlariga ulanish uchun zarur boʻlgan barcha ruxsatnomalar berishni tashkil etish;
belgilangan tartibda tanlab olingan investorlar tomonidan qabul qilingan majburiyatlarning bajarilishini tizimli nazorat qilish, keyinchalik natijalarni Maʼmuriy kengashga taqdim etish;
“Termiz” EIZ hududida joylashgan va davlat mulki boʻlgan koʻchmas mulk obyektlarini oʻziga berilgan vakolatlar doirasida boshqarish;
“Termiz” EIZ hududidagi loyihalarni oʻz vaqtida ishga tushirish va tashkilotlarning doimiy faoliyat yuritishini taʼminlash bilan bogʻliq masalalarni hal etishda “Termiz” EIZ ishtirokchilariga koʻmaklashish;
“Termiz” EIZni rivojlantirish dasturining amalga oshirilishini taʼminlash;
ekologik holatning yaxshilanishi yuzasidan nazoratni taʼminlash, shuningdek, “Termiz” EIZ hududida joylashgan tarixiy-madaniy boyliklarning but saqlanishi uchun javob berish;
“Termiz” EIZ faoliyatini boshqarish boʻyicha boshqa funksiyalarni amalga oshirish.
Qonunchilik hujjatlarida ushbu Ustavda nazarda tutilgan tegishli faoliyat turining litsenziyalanishi zarurligi belgilangan taqdirda, Direksiya faoliyatning ushbu turini litsenziya olmasdan, tegishli litsenziyalovchi organ bilan tuzilgan litsenziya bitimi asosida amalga oshirishga haqlidir.
12. Direksiya qonunchilik hujjatlarida faoliyatning taqiqlanmagan boshqa turlarini ham amalga oshirishi mumkin.
3-bob. Direksiya faoliyatini boshqarish
13. Direksiya Muassisga va Maʼmuriy kengashga hisobot beradi.
14. Muassis quyidagi huquqlarga ega:
Direksiya faoliyatining maqsadi va yoʻnalishlarini belgilash;
Direksiya Ustaviga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish;
Direksiyaning ortiqcha, foydalanilmayotgan yoxud belgilangan maqsadda foydalanilmayotgan mulkini olib qoʻyish va tasarruf etish;
Direksiyaga berilgan mulkdan foydalanishdan olingan sof foydaning bir qismini yoki hammasini olish;
Direksiya mulki boʻyicha amalga oshirilgan bitimlarni haqiqiy emas deb hisoblash va Direksiyaga yetkazilgan zararlarni qoplash toʻgʻrisida sudga daʼvo arizasi bilan murojaat qilish;
Direksiyani qayta tashkil etish yoki tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilish, tugatish komissiyasini tayinlash va oraliq, tugatish balansini tasdiqlash;
mehnatga oid qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Direksiya rahbari bilan mehnat shartnomasini muddatidan oldin toʻxtatish;
mehnatga oid qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Direksiya rahbari bilan mehnat shartnomasini muddatidan oldin bekor qilish.
15. “Termiz” EIZ mustaqil budjeti va “Termiz” EIZni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlaridan maqsadli foydalanilishi Maʼmuriy kengash tomonidan nazorat qilinadi.
16. Maʼmuriy kengash tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan direktor Direksiyaning joriy faoliyatiga rahbarlik qiladi.
17. Direktor ijro etuvchi organ hisoblanadi.
18. Direktor:
qonunchilik hujjatlari talablarini bajarishga, Direksiya xodimlarining mehnat sharoitlarini muhofaza qilish va yaxshilash, atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan oqilona foydalanish sohasidagi norma va qoidalarga rioya qilinishini taʼminlash tadbirlarini ishlab chiqadi va joriy etadi;
“Termiz” EIZni rivojlantirish dasturlarining amalga oshirilishini tashkil qiladi;
Direksiyaning asosiy faoliyatini takomillashtirishga, boshqarishning eng zamonaviy usullarini joriy etishga doir chora-tadbirlarni amalga oshiradi;
Direksiya nomidan ishonchnomasiz harakat qiladi, barcha tashkilotlarda, shu jumladan xorijiy tashkilotlarda uning manfaatlarini ifoda etadi;
xodimlarni ishga qabul qiladi, ular bilan mehnat shartnomalarini (kontraktlarni) tuzadi, oʻzgartiradi va ularning amal qilishini toʻxtatadi;
qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ishonchnomalar beradi;
kadrlarni tayyorlash va oʻqitish, ularning malakasini oshirish chora-tadbirlarini amalga oshiradi;
Direksiyaning barcha xodimlari uchun majburiy boʻlgan buyruqlar chiqaradi va koʻrsatmalar beradi;
Direksiyaning ichki ish tartibini va xoʻjalik faoliyatini tartibga soluvchi hujjatlarni tasdiqlaydi;
Direksiya tomonidan qonunchilik hujjatlariga rioya qilinishini tashkil etish va nazorat qilishni taʼminlaydi;
Direksiyaga yuklangan maqsadlar va vazifalarni bajarish uchun zarur boʻlgan boshqa funksiyalarni amalga oshiradi.
19. Direktor:
Muassisga Direksiya faoliyati toʻgʻrisida belgilangan tartibda hisobot beradi;
oʻz huquqlarini amalga oshirishda va vazifalarni bajarishda Direksiya manfaatlarini koʻzlagan holda harakat qilishi lozim hamda budjetga va budjetdan tashqari jamgʻarmalarga toʻlovlar, ish haqining oʻz vaqtida toʻlanishi, mehnatga oid huquqiy munosabatlardan kelib chiquvchi barcha talablarning va ularga tenglashtirilgan toʻlovlarning toʻlanishini, ishlab chiqarish faoliyati bilan bevosita bogʻliq ehtiyojlarga mablagʻlar oʻtkazilmaganligi, Direksiyaning xatti-harakatlari (harakatsizligi) uchun, shu jumladan Direksiyaga berilgan davlat mol-mulki yoʻqolgan taqdirda, yetkazilgan zarar yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi;
“Termiz” EIZning Maʼmuriy kengash tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishgan holda tasdiqlanadigan mustaqil budjeti mablagʻlarining tasarruf etuvchisi hisoblanadi;
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga “Termiz” EIZning mustaqil budjeti ijrosi toʻgʻrisidagi hisobotni kelishish uchun belgilangan tartibda taqdim etadi.
20. Direktor oʻziga yuklangan vazifalarning bajarilishi, shuningdek, Direksiyaga berilgan davlat mulkining saqlanishi va undan maqsadli foydalanilishi yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.
4-bob. Direksiyaning ustav fondi
21. Direksiyaning ustav fondi “Termiz” EIZ faoliyatini operativ boshqarishni amalga oshirish uchun Muassis tomonidan oʻziga berilgan mablagʻlar, mol-mulk va boshqa aktivlar yigʻindisidan iborat boʻladi.
22. Direksiya ustav fondining miqdori 1 mlrd soʻmni tashkil qiladi.
5-bob. Direksiyaning ustav fondini koʻpaytirish va kamaytirish tartibi
23. Direksiyaning ustav fondini koʻpaytirish yoki kamaytirish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda, Muassis qaroriga binoan amalga oshiriladi.
6-bob. Direksiya mulkini tasarruf etish
24. Muassis tomonidan Direksiyaga operativ boshqaruv huquqi bilan berilgan asosiy fondlar va aylanma mablagʻlar Direksiya mol-mulkini tashkil qiladi.
25. Direksiyaning asosiy fondlari va aylanma mablagʻlari boʻlinmaydi va ulushlar (hissalar, paylar) boʻyicha taqsimlanishi mumkin emas.
26. Maʼmuriy kengash Direksiyaga berilgan davlat mulkidan belgilangan maqsadda foydalanilishini va uning saqlanishini, shuningdek, oʻzgaga berilishini Muassis nomidan nazorat qiladi.
27. Direktor Muassis bilan kelishgan holda, Direksiya mulkini quyidagicha tasarruf etishi mumkin:
asosiy vositalarni sotish, ijaraga yoki garovga berish;
mol-mulkni boshqa xoʻjalik jamiyatining ustav fondiga ulush sifatida kiritish;
boshqa xoʻjalik jamiyatlarining aksiyalarini (ulushlarini) sotib olish va sotish;
mol-mulkni qonunchilikda belgilangan tartibda boshqacha tarzda tasarruf etish.
7-bob. Direksiya budjetini shakllantirish
28. Quyidagilar Direksiya faoliyatini moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:
davlat mulki boʻlgan va “Termiz” EIZ hududida joylashgan binolar va inshootlarni ijaraga berishdan olingan daromadlarning bir qismi;
xizmatlar koʻrsatishdan olingan daromadlar;
EIZ ishtirokchilarining ajratmalari va EIZ ishtirokchilari sifatida roʻyxatdan oʻtish uchun toʻlovlar;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar.
8-bob. Zaxira fondini va boshqa fondlarni shakllantirish tartibi
29. Direksiya oʻz tasarrufida qoladigan sof foyda hisobiga zaxira fondini, shuningdek, boshqa fondlarni tashkil etishi mumkin, ularning miqdori va shakllantirish tartibi Muassis tomonidan tasdiqlanadi.
9-bob. Daromadni (foydani) taqsimlash va zararlarni qoplash tartibi
30. Direksiyaning sof foydasi Direksiya tasarrufida qoladi va undan Muassis qaroriga binoan foydalaniladi.
31. Muassis oʻz qarori bilan boshqa yuridik va jismoniy shaxslarga xayriya maqsadlari uchun yoʻnaltiriladigan pul mablagʻlarining cheklangan summasini, ularni tasarruf etish huquqini Direktorga bergan holda belgilaydi.
32. Direksiyaning xoʻjalik faoliyati natijasida koʻrilgan zararlari ushbu maqsadlar uchun tashkil etilgan zaxira fondi mablagʻlari hisobidan qoplanishi mumkin.
10-bob. Hisobotlarni taqdim etish tartibi
33. Direksiya hisobot davri tugagach, vakolatli organlarga moliya hisobotini va roʻyxati qonunchilik hujjatlarida belgilanadigan boshqa hujjatlarni taqdim etadi hamda hujjatlarning saqlanishi va davlat tomonidan saqlashga berilishi yuzasidan belgilangan tartibda javob beradi.
34. Direksiyaning xoʻjalik subyekti sifatidagi faoliyati Maʼmuriy kengash tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda nazorat qilinadi.
35. Direktor har chorakda Direksiya faoliyatining natijalari va tasdiqlangan rivojlantirish dasturlarining amalga oshirilishi toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga hisobot beradi.
11-bob. Direksiyaning javobgarligi
36. Direksiya oʻz majburiyatlari boʻyicha oʻziga tegishli mulk bilan javob beradi. Muassis Direksiyaning mulki yetarli boʻlmagan taqdirda, uning majburiyatlari boʻyicha subsidiar javobgarlikni amalga oshiradi.
37. Direksiya Muassis majburiyatlari boʻyicha javob bermaydi.
12-bob. Direksiyani tugatish va qayta tashkil etish
38. Direksiya Muassisning qaroriga koʻra, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda yoki sud qaroriga binoan tugatilishi yoxud qayta tashkil etilishi mumkin.
39. Direksiyani tugatish Direksiya faoliyatining huquq va majburiyatlari huquqiy vorislik tartibida boshqa shaxslarga oʻtmagan holda toʻxtatilishiga sabab boʻladi.
Direksiya qayta tashkil etilgan taqdirda, uning huquq va majburiyatlari huquqiy vorisga oʻtadi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 13-mart,
148-son