UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 19-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 19 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 19 марта 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 19 March 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида

[Кўчирма]

Мамлакатимизда истиқболли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, улғайиб келаётган ёш авлодни илмга кенг жалб қилиш ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, шунингдек, халқаро майдонда мамлакатимизнинг нуфузини янада юксалтириш учун иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлигининг:

Хоразм вилояти, Шовот тумани, Комилжон Отаниёзов кўчаси, 65-уй манзилида жойлашган айрим фанлар чуқур ўрганиладиган 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати негизида Ал-Хоразмий номидаги Халқаро физика ва математика мактаб-интернатини (кейинги ўринларда — халқаро мактаб) ташкил этиш;

белгиланган тартибда тасдиқланадиган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ва Хоразм вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобига халқаро мактабни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш, шунингдек, мактаб учун 20 ўринли турар жой биносини қуриш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар халқаро мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тиллари чуқур ўқитилишини ташкил этиш;

ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш;

ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил тадқиқотчилик фаолияти кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш;

маҳаллий ва хорижий мамлакатлардан юқори касб маҳоратига эга бўлган тажрибали ўқитувчиларни жалб қилиш;

иқтидор ва истеъдодни аниқлаш ҳамда камол топтириш бўйича ўқувчиларни республика ва халқаро фан олимпиадалари, танловлар ва бошқа тадбирларда қатнашишга тайёрлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактабнинг 7-синфига 60 нафар ўқувчи қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига халқаро мактабнинг моддий-техника базасидан, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш параметрларига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади;

халқаро мактабда хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳисобланган, тегишли фанларни ўзлаштиришга иштиёқи бўлган иқтидорли ўқувчиларнинг шартнома асосида таълим олиши имконияти яратилади;

аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларининг чуқур ўқитилишини таъминлаш мақсадида илғор хорижий мамлакатларнинг ўқув дастурларини татбиқ этиш ва халқаро мактабда ўқувчиларга чуқур билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва ўқитиш методикасини татбиқ этиш учун хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ҳомийлик маблағлари ҳисобига ишга қабул қилишга рухсат берилади;

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактабнинг директори, директор ўринбосарлари ва ихтисослашган фанлардан дарс берадиган ўқитувчиларига Вазирлар Маҳкамасининг «Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» 2008 йил 7 августдаги 173-сон қарорида назарда тутилган устамалардан ташқари ҳомийлар томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига 100 фоизгача қўшимча устама ҳақ тўланиши мумкин;

халқаро мактаб фаолиятини янада такомиллаштириш бюджетдан ташқари манбалар ва ҳомийлик (беғараз ёрдам) маблағлари ҳисобига амалга оширилиши мумкин;

халқаро мактабга қўшимча бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш Давлат бюджетидан молиялаштириш пасайишига олиб келмайди.

4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

а) икки ой муддатда халқаро мактабнинг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

б) 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб:

Хоразм вилояти ҳокимлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда халқаро мактабни ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда халқаро мактабга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида физика, математика ва чет тили фанларидан тест синовини ҳамда психологик-педагогик диагностикани ўтказсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

2021 йил 1 январга қадар халқаро мактабнинг раҳбар ва бошқа кадрларини аттестациядан ўтказсин ҳамда танлов асосида халқаро мактабни замонавий талабларга жавоб берадиган, юксак малака ва юқори профессионал тайёргарликка эга бошқарув ва бошқа кадрлар билан тўлдиришни таъминласин;

бир ой муддатда халқаро мактабни раҳбар ва бошқа кадрларини аттестациядан ўтказиш ҳамда ходимларни танлов асосида халқаро мактабга ишга қабул қилиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Хоразм вилояти ҳокимлиги билан биргаликда халқаро мактабни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан қайта жиҳозлаш, шунингдек, мактаб учун 20 ўринли турар жой биноси қуриш ишларини (кейинги ўринларда — халқаро мактабнинг қурилиш-тиклаш ишлари) 2021 йил 1 сентябрга қадар тугаллаш чораларини кўрсин.

7. Хоразм вилояти ҳокимлиги халқаро мактабнинг қурилиш-тиклаш ишлари тугаллангунга қадар мактаб ўқувчиларининг узлуксиз таълим олишларини таъминлаш мақсадида ўқиш учун барча қулайликларга эга бўлган бино билан таъминлаш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ҳомийлар, шу жумладан, халқаро мактаб собиқ битирувчилари томонидан тақдим этиладиган ҳомийлик хайрияларини жамлаш учун ғазна ҳисобварағини очишга рухсат берилсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ушбу ғазна ҳисобварақда жамланган маблағларни ушбу қарорда белгиланган мақсадлар учун йўналтирсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бош лойиҳачи ташкилот билан биргаликда халқаро мактабнинг қурилиш-тиклаш ишлари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини ва ваколатли экспертиза органларидан белгиланган тартибда экспертиза хулосалари олинишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги халқаро мактабда олиб бориладиган қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан белгиланган тартибда давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида халқаро мактабнинг жорий таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин.

13. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов, Хоразм вилояти ҳокими Ф.У. Эрманов зиммасига ва Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 19 март,

171-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.03.2020 й., 09/20/171/0340-сон, 31.10.2020 й., 09/20/677/1443-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

Al-Xorazmiy nomidagi Xalqaro fizika va matematika maktab-internatini tashkil etish toʻgʻrisida

[Koʻchirma]

Mamlakatimizda istiqbolli yoshlarni qoʻllab-quvvatlash, ularning iqtidorini roʻyobga chiqarish, ulgʻayib kelayotgan yosh avlodni ilmga keng jalb qilish va intellektual salohiyatini oshirish, shuningdek, xalqaro maydonda mamlakatimizning nufuzini yanada yuksaltirish uchun iqtidorli yoshlarni aniqlash va yuqori malakali kadrlar tayyorlashning uzluksiz tizimini yanada takomillashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Adliya vazirligi hamda Xorazm viloyati hokimligining:

Xorazm viloyati, Shovot tumani, Komiljon Otaniyozov koʻchasi, 65-uy manzilida joylashgan ayrim fanlar chuqur oʻrganiladigan 1-son ixtisoslashtirilgan davlat umumtaʼlim maktab-internati negizida Al-Xorazmiy nomidagi Xalqaro fizika va matematika maktab-internatini (keyingi oʻrinlarda — xalqaro maktab) tashkil etish;

belgilangan tartibda tasdiqlanadigan loyiha-smeta hujjatlari asosida budjetdan tashqari Adliya organlari va muassasalarini rivojlantirish jamgʻarmasi va Xorazm viloyati mahalliy budjeti mablagʻlari hisobiga xalqaro maktabni rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash va qayta jihozlash, shuningdek, maktab uchun 20 oʻrinli turar joy binosini qurish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.

2. Quyidagilar xalqaro maktabning asosiy vazifalari etib belgilansin:

umumiy oʻrta taʼlimning davlat taʼlim standartlari asosida zamonaviy axborot texnologiyalaridan keng foydalangan holda aniq va tabiiy fanlar, shuningdek, chet tillari chuqur oʻqitilishini tashkil etish;

oʻquvchilarning ijodiy salohiyatini namoyon qilish va faollashtirish;

har bir oʻquvchining individual xususiyatlarini hisobga olgan holda mustaqil tadqiqotchilik faoliyati koʻnikmalarini shakllantirish va rivojlantirish;

mahalliy va xorijiy mamlakatlardan yuqori kasb mahoratiga ega boʻlgan tajribali oʻqituvchilarni jalb qilish;

iqtidor va isteʼdodni aniqlash hamda kamol toptirish boʻyicha oʻquvchilarni respublika va xalqaro fan olimpiadalari, tanlovlar va boshqa tadbirlarda qatnashishga tayyorlash.

3. Belgilab qoʻyilsinki:

2020-2021 oʻquv yilidan boshlab xalqaro maktabning 7-sinfiga 60 nafar oʻquvchi qabul qilinadi;

Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligiga xalqaro maktabning moddiy-texnika bazasidan, pedagog kadrlarning salohiyati hamda ehtiyojidan kelib chiqqan holda keyingi yillarda oʻquvchilarni qabul qilish parametrlariga oʻzgartirish kiritish huquqi beriladi;

xalqaro maktabda xorijiy mamlakatlar fuqarolari hisoblangan, tegishli fanlarni oʻzlashtirishga ishtiyoqi boʻlgan iqtidorli oʻquvchilarning shartnoma asosida taʼlim olishi imkoniyati yaratiladi;

aniq va tabiiy fanlar, shuningdek, chet tillarining chuqur oʻqitilishini taʼminlash maqsadida ilgʻor xorijiy mamlakatlarning oʻquv dasturlarini tatbiq etish va xalqaro maktabda oʻquvchilarga chuqur bilim berish, xorijiy mamlakatlarning ilgʻor tajribasi va oʻqitish metodikasini tatbiq etish uchun xorijiy mamlakatlardan oʻqituvchilarni homiylik mablagʻlari hisobiga ishga qabul qilishga ruxsat beriladi;

2020-2021 oʻquv yilidan boshlab xalqaro maktabning direktori, direktor oʻrinbosarlari va ixtisoslashgan fanlardan dars beradigan oʻqituvchilariga Vazirlar Mahkamasining “Ayrim fanlar chuqur oʻrganiladigan davlat ixtisoslashtirilgan umumtaʼlim muassasalari faoliyatini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2008-yil 7-avgustdagi 173-son qarorida nazarda tutilgan ustamalardan tashqari homiylar tomonidan ajratilgan mablagʻlar hisobiga 100 foizgacha qoʻshimcha ustama haq toʻlanishi mumkin;

xalqaro maktab faoliyatini yanada takomillashtirish budjetdan tashqari manbalar va homiylik (begʻaraz yordam) mablagʻlari hisobiga amalga oshirilishi mumkin;

xalqaro maktabga qoʻshimcha budjetdan tashqari mablagʻlarni jalb etish Davlat budjetidan moliyalashtirish pasayishiga olib kelmaydi.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi:

a) ikki oy muddatda xalqaro maktabning ustavi tasdiqlanishini va belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin;

b) 2020-2021 oʻquv yilidan boshlab:

Xorazm viloyati hokimligi, Moliya vazirligi bilan birgalikda xalqaro maktabni oʻquv-metodik majmualar, oʻqituvchilar uchun metodik qoʻllanmalar va badiiy adabiyotlar bilan taʼminlash choralarini koʻrsin;

Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Davlat test markazi bilan birgalikda xalqaro maktabga iqtidorli oʻquvchilarni saralab olish maqsadida fizika, matematika va chet tili fanlaridan test sinovini hamda psixologik-pedagogik diagnostikani oʻtkazsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda:

2021-yil 1-yanvarga qadar xalqaro maktabning rahbar va boshqa kadrlarini attestatsiyadan oʻtkazsin hamda tanlov asosida xalqaro maktabni zamonaviy talablarga javob beradigan, yuksak malaka va yuqori professional tayyorgarlikka ega boshqaruv va boshqa kadrlar bilan toʻldirishni taʼminlasin;

bir oy muddatda xalqaro maktabni rahbar va boshqa kadrlarini attestatsiyadan oʻtkazish hamda xodimlarni tanlov asosida xalqaro maktabga ishga qabul qilish tartibini ishlab chiqsin va tasdiqlasin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi Xorazm viloyati hokimligi bilan birgalikda xalqaro maktabni rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash, moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, yotoqxona, oshxona, kutubxona, faollar zali, oʻquv-laboratoriya jihozlari va kompyuter texnikasi bilan qayta jihozlash, shuningdek, maktab uchun 20 oʻrinli turar joy binosi qurish ishlarini (keyingi oʻrinlarda — xalqaro maktabning qurilish-tiklash ishlari) 2021-yil 1-sentabrga qadar tugallash choralarini koʻrsin.

7. Xorazm viloyati hokimligi xalqaro maktabning qurilish-tiklash ishlari tugallangunga qadar maktab oʻquvchilarining uzluksiz taʼlim olishlarini taʼminlash maqsadida oʻqish uchun barcha qulayliklarga ega boʻlgan bino bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligiga homiylar, shu jumladan, xalqaro maktab sobiq bitiruvchilari tomonidan taqdim etiladigan homiylik xayriyalarini jamlash uchun gʻazna hisobvaragʻini ochishga ruxsat berilsin hamda Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi ushbu gʻazna hisobvaraqda jamlangan mablagʻlarni ushbu qarorda belgilangan maqsadlar uchun yoʻnaltirsin.

10. Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi bosh loyihachi tashkilot bilan birgalikda xalqaro maktabning qurilish-tiklash ishlari boʻyicha loyiha-smeta hujjatlari ishlab chiqilishini va vakolatli ekspertiza organlaridan belgilangan tartibda ekspertiza xulosalari olinishini taʼminlasin.

11. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi xalqaro maktabda olib boriladigan qurilish-montaj ishlari sifati yuzasidan belgilangan tartibda davlat arxitektura-qurilish nazoratini oʻrnatsin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi 2020-2021 oʻquv yilidan boshlab Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjetida xalqaro maktabning joriy taʼminoti uchun zarur mablagʻlarni nazarda tutsin.

13. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi hamda Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasiga ushbu qarorning maqsad va vazifalarini ommaviy axborot vositalarida keng yoritish tavsiya etilsin.

14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri Sh.X. Shermatov, Oʻzbekiston Respublikasi adliya vaziri R.K. Davletov, Xorazm viloyati hokimi F.U. Ermanov zimmasiga va Vazirlar Mahkamasining Taʼlim va sogʻliqni saqlash masalalari kotibiyatiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 19-mart,

171-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 20.03.2020-y., 09/20/171/0340-son, 31.10.2020-y., 09/20/677/1443-son)

lex.uz