📅 2020-yil 23-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 23-mart · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 23 март · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 23 марта 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 23 March 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
ТАРТИБИ
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикасида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда мутасадди давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Ф-5537-сон фармойиши билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) қарорларига мувофиқ:
дунёнинг барча давлатлари билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида мунтазам авиақатновлар тўхтатилганлиги;
хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, (республикада доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар бундан мустасно), шунингдек, йўловчи ташувчи транспорт воситаларини (автобус, енгил автотранспорт ва темир йўл транспорти воситалари) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига барча чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келиши тўхтатилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахсларни 14 кун давомида махсус ажратилган тиббиёт муассасаси ёки карантин тадбирларини ташкил этишга мослаштирилган базалар ёхуд уй шароитида карантинга олиш талаби белгиланганлиги;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти тўхтатилганлиги;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча турдаги оммавий тадбирлар, шу жумладан байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, шунингдек, театр, кино ва концерт дастурлари ҳамда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши (дафн маросимлари 10 — 15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) тўхтатилганлиги;
давлат олий таълим муассасаларида, умумий ўрта, ўрта махсус, мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муассасаларида ҳамда барча нодавлат таълим ташкилотларида таълим жараёнлари тўхтатилганлиги ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган бошқа бир қатор чоралар кўрилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00.01 дан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб (кейинги ўринларда — Тартиб) жорий этилсин:
коронавирус инфекцияси асосан Тошкент шаҳри ҳудудида аниқланганлигини инобатга олиб ва ушбу инфекция республиканинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида бошқа ҳудудлардан Тошкент шаҳрига кириш (автобус, микроавтобус, енгил автотранспорт, авиақатновлар ва темир йўл транспорти воситалари орқали) тўхтатилади, бундан ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек, Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Тошкент шаҳрида меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари (нодавлат ташкилотларида — иш берувчи томонидан тақдим этиладиган тегишли рухсатнома асосида) ходимлари ҳамда юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга рухсат берилади;
Тошкент шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилади;
биринчи босқичда Тошкент шаҳрида, кейинчалик босқичма-босқич Нукус шаҳри, вилоят ва туман марказларида жойлашган барча йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойларини тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади;
республика ҳудудига хорижий давлатлардан, шунингдек, Тошкент шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юкларнинг мажбурий равишда дезинфекция қилиниши таъминланади;
давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар «онлайн» режимга ўтказилади;
фуқаролар томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли икки ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмайди;
идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб («онлайн» режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралари кўрилади.
Ушбу банднинг бешинчи хатбошисида назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
Миллий гвардия ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси» (кейинги ўринларда Санэпидқўм деб юритилади) билан биргаликда ушбу банднинг учинчи хатбошисида белгиланган талабларга сўзсиз риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин;
Тартибнинг амал қилиш даврида, заруратга кўра, қўшимча йўл-патруль хизмати стационар постлари ва блок постлар ташкил этиш чораларини кўрсин.
Ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимларига, истисно тариқасида, Тартиб даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун Санэпидқўм ходимлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённома асосида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасида белгиланган тартибда автотранспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб туриш ҳуқуқи берилсин.
Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор белгиланган тартибда ижро этилганидан ёхуд ижроси тугатилгандан сўнг Санэпидқўм томонидан бериладиган маълумотнома асосида автотранспорт воситаси жарима майдончасидан олиб чиқиб кетилади.
3. Тартибнинг амал қилиш даврида қуйидагилар ўрнатилсин:
а) коронавирус инфекцияси аниқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижий фуқаролар, шу жумладан 2020 йил январь — март ойларида коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига кириб келган шахслар:
Комиссия қарорларига, Санэпидқўм ва эпидемияга қарши курашишга жалб этилган бошқа давлат ташкилотларининг қонуний талабларига риоя этишга;
Ўзбекистонга қайтиб келганлиги, коронавирус инфекцияси қайд этилган ҳудудларда бўлган вақти ва жойи тўғрисида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;
ўзида касаллик аломатлари вужудга келганда касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва ҳаракатланиш йўналишлари ҳақида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;
14 кун давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга;
санитария ва эпидемияга қарши курашиш қоидалари ва изоляция режимида бўлишга оид талабларга қатъий риоя этиш, шу жумладан тиббий ҳимоя воситаларини қўллаш ва жамиятда бир-бирлари орасида масофани сақлашга;
соғлиқни сақлаш органлари томонидан тайинланадиган тиббий текширув ва даволанишдан ўтишга мажбурдирлар;
б) Санэпидқўм органлари томонидан изоляция қилиниши лозимлиги ҳақида талаб қўйилган шахслар билан бирга яшовчи шахслар ҳам 14 кун давомида ёки Санэпидқўм органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга мажбурдирлар;
в) коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, банк карталари ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар вақтинча олиб қўйилади;
г) идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар раҳбарлари (иш берувчилар) қуйидагиларга риоя этишлари шарт:
ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда киритиш тартибини мажбурий жорий этиш;
иш жойларида ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш ва тана ҳарорати юқори бўлган ходимларни иш жойида бўлишига йўл қўймаслик ҳамда ушбу ходимлар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар етказиш;
Санэпидқўм органларининг талабномасига мувофиқ коронавирус инфекциясини юқтирган ходим билан мулоқотда бўлганлар ҳақида дарҳол маълумот бериш, касалланган шахс бўлган жойларни дезинфекциядан ўтказиш чораларини кўриш;
ходимларга изоляция режимида бўлишга оид талабларга риоя этишда кўмаклашиш;
д) савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари Санэпидқўм ва унинг ҳудудий бўлинмалари ёки бошқа ташкилотлар билан шартномалар тузиш йўли билан дезинфекция воситалари билан таъминланади;
е) Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилади.
4. Белгилансинки:
Комиссия мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилиши билан боғлиқ барча масалаларни мувофиқлаштиради ва зарур ҳолларда қўшимча кечиктириб бўлмайдиган тадбирларни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилади;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш билан боғлиқ барча ташкилий масалалар ижросини таъминлайди.
5. Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
ўн кун муддатда республикада коронавирус инфекциясининг тарқалиш даражасини таҳлил қилган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тузилган шартнома асосида нодавлат тиббиёт ташкилотларида ушбу инфекция билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича таклифларни;
бир ой муддатда карантин гуруҳига мансуб бўлган ўта хавфли ва юқумли касалликлар инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) ўтказиладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда бир кун муддатда тўловларни амалга оширишнинг масофавий шаклларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиб амалиётга татбиқ этиш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда хорижий мамлакатларда коронавирус инфекциясига қарши қабул қилинган қонун ҳужжатлари, амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан тиббиёт соҳасидаги янги ёндашув ҳамда ихтиролар тўғрисида ҳар кунлик маълумотни Комиссияга тақдим этиб борсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:
бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигига қарашли санаторий ва бошқа соғломлаштириш масканларида ҳамда давлат тасарруфидаги дам олиш ва соғломлаштириш масканлари, меҳмонхоналари негизида Қорақалпоғистон Республикасида 4 та, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 3 тадан 14 кунлик карантин тадбирлари учун мослаштирилган базалар ташкил этилиши чораларини кўрсин;
карантинда сақланаётган шахсларни бир-биридан ажратган ҳолда улар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг максимал олдини олиш имконини берувчи махсус карантин объектлари қурилишини қисқа муддатларда таъминласин.
10. Комиссияга жорий этилган Тартибнинг амал қилиш даврида қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:
коронавирус инфекцияси аҳоли ўртасида тарқалишини олдини олишга қаратилган зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлаш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларининг фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;
биринчи навбатдаги дори воситалари, ниқоб ва тиббий буюмларнинг (дезинфекция воситалари ва бошқалар) аҳолига қатъий белгиланган нархларда узлуксиз етказиб берилишини назорат қилиш;
республикада коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ вазиятни мунтазам таҳлил қилиш ва вазият барқарорлашгандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Тартибнинг амал қилишини тугатиш юзасидан таклиф киритиш.
11. Комиссияга унинг зиммасига юклатилган қўшимча вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларни текшириш ҳамда назоратни олиб бориш;
алоҳида аҳоли пунктлари ва ҳудудларда карантин тадбирлари ҳамда карантин жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлардан ҳужжатлар талаб қилиш ҳамда уларнинг раҳбарларини коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар бажарилиши тўғрисидаги ахборотларини Комиссия мажлисларида эшитиш;
вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг айби (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) билан коронавирус инфекцияси авж олишига йўл қўйилганда, уларни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш тўғрисида юқори турувчи ташкилотларга, шунингдек, маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўриб чиқиши учун киритиш.
12. Белгилансинки, Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
13. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Тартибнинг амал қилиш даврида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, истисно тариқасида, божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган материаллар ва субстанциялар учун «яшил» йўлаклар ташкил қилади ва ушбу товарларга нисбатан божхона божлари ундирилмайди;
дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган материаллар ва субстанциялар учун, истисно тариқасида, тендерлар ёки танлов савдолари ўтказмасдан энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилади.
14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Тартибнинг амал қилиш даврида аҳолининг реал дарамодларини барқарорлигини таъминлаш мақсадида ишчиларга ойлик иш ҳақлари узлуксиз ва ўз вақтида тўланишини таъминлаб борсин ҳамда республикадаги бандлик даражасини тушиб кетмаслик бўйича аниқ ва манзилли чора-тадбирларни амалга оширсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Санэпидқўм билан биргаликда коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб уй шароитида карантинга жойлаштирилган шахслар томонидан карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан қатъий ва тизимли назорат ўрнатсин ҳамда карантин ўташ даврида ушбу шахсларни биринчи навбатдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, ниқоб ва тиббий буюмлар (дезинфекция воситалари ва бошқалар) билан таъминлаш чораларини кўрсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия Тартибнинг амал қилиш даврида жамоат тартибини сақлаш чораларини кучайтирсин.
17. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда:
ушбу қарорнинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг тушунтирилишини;
масъул вазирлик ва идораларни жалб қилган ҳолда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият ҳамда жорий этилган Тартиб тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотларни кенг жамоатчиликка мунтазам равишда етказиб борилишини таъминласин.
18. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш ўз зиммамда қолдираман.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарорига ИЛОВА
Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом коронавирус инфекцияси аниқланганда ёхуд гумон қилинганда давлат органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан профилактик ҳамда эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
карантин — маълум ҳудудни коронавирус инфекцияси тарқатувчи манбадан муҳофаза қилиш ва уни йўқотишга ҳамда коронавирус инфекциясининг бир жойдан бошқа ҳудудларга тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган маъмурий ва санитария-эпидемиологик тадбирлар мажмуи;
обсерватор — карантин зонада бемор билан мулоқотда бўлмаган соғлом кишиларни сақлаш учун мослаштирилган биноларда (мактаб, меҳмонхона, маъмурий бинолар, сиҳатгоҳлар, болаларнинг ёзги дам олиш оромгоҳлари ва бошқаларда) ташкил этиладиган махсус ажратиладиган жой;
госпитал — коронавирус инфекциясини юқтирганларни даволаш учун юқумли касалликлар шифохонаси ёки бошқа тиббиёт муассасаси базасида ташкил этилган даволаш муассасаси;
провизор госпитал — коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахсларни сақлаш ва даволаш учун юқумли касалликлар шифохонаси ёки бошқа тиббиёт муассасаси базасида ташкил этилган даволаш муассасаси;
изолятор — эпидемияга қарши режимни таъминлаш учун коронавирус инфекцияси аниқланган бемор билан мулоқотда бўлган шахслар жойлаштириладиган юқумли касалликлар шифохонаси ёки бошқа алоҳида ажратилган биноларнинг махсус жиҳозланган хонаси;
санитария-карантин пунктлари — Давлат чегараларини қуруқликда (автомобиль ва темир йўллари), ҳаво ва сув йўллари орқали кесиб ўтиш жойларидаги чегара-божхона мажмуаларида ташкил этиладиган ихтисослашган профилактик муассаса.
2-боб. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморлар аниқланганда давлат органлари ва бошқа ташкилотларининг ҳаракатланиш тартиби
1-§. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморлар аниқланганда ҳаракатланишнинг умумий қоидалари
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси (кейинги ўринларда — Санэпидқўм) ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда барча тиббиёт муассасалари коронавирус инфекциясига гумон қилинган бемор аниқланганда зарур тиббий-санитария чора-тадбирларини амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.
4. Ҳар бир туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасида коронавирус инфекцияси аниқланганда тезкор режа асосида ҳаракатга келтириладиган маслаҳат, эвакуация ва дезинфекция гуруҳлари ташкил этилади.
5. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган бемор аниқланганлиги тўғрисида хабар келганда, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси раҳбари томонидан беморни кўрикдан ўтказиш учун маслаҳат-эвакуация ва дезинфекция гуруҳлари юборилади.
6. Беморни олиб кетиш учун ҳайдовчи жойи салондан ажратилган ва зич ёпиладиган, махсус (тез тиббий ёрдам) автотранспорт воситаси ажратилади, гуруҳ аъзолари тегишли шахсий ҳимоя воситаларини кийган ҳолда бўлишлари шарт.
Инфекционист врач беморга бирламчи ташхис қўйиш ва аҳволини баҳолаш учун тиббий кўрикдан ўтказади.
Эпидемиолог врач бемор билан мулоқотда бўлганларни ва унинг ҳаракатланиш йўналишини аниқлаш мақсадида эпидемиологик суриштирув ўтказади.
Дезинфекция гуруҳи инфекция ўчоғида якуний дезинфекция тадбирларини ўтказади. Беморни олиб келган автотранспорт воситаси махсус майдончада дезинфекция қилинади.
7. Беморда коронавирус инфекциясига гумон ташхиси касалликнинг клиник белгилари (тана ҳароратининг меъёридан юқорилиги, қуруқ йўтал, ҳолсизланиш, нафас сиқилиши) ва эпидемиологик суриштирув натижаларига асосланиб қўйилади.
8. Эпидемиологик суриштирув жараёнида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик нохуш бўлган давлатда ёки ҳудудда бўлганлиги, шунингдек, яшаш ёки иш жойида, сафар давомида юқори нафас йўллари инфекцияси билан оғриган ёки ушбу касалликдан вафот этган бемор билан мулоқотда бўлганлиги аниқланади.
2-§. Санитария-карантин пунктларининг фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларда коронавирусга гумон қилинган бемор аниқланганда ҳаракатланиш тартиби
9. Чегара божхона постларидан ўтаётган йўловчилар дастлаб санитария-карантин пунктларида навбатчи ходимлар томонидан тиббий-санитария кўригидан ўтказилгандан сўнг чегара ва божхона хизматлари назоратидан ўтказилади. Бу жараёнда коронавирус инфекциясининг белгиларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилади.
10. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахс аниқланганда бу ҳақда зудлик билан Давлат чегараси орқали ўтказиш пункти маъмуриятига, ҳудудий тиббиёт бирлашмаси ва Санэпидқўмнинг ҳудудий бўлимига хабар етказилади.
11. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахс изоляция қилинади ва зарур ҳолларда унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади. Бунда маслаҳат гуруҳи етиб келгунга қадар Давлат чегараси орқали ўтказиш пункти маъмурияти томонидан ушбу пункт фаолияти вақтинчалик тўхтатилади.
12. Санитария-карантин пунктлари ходимлари шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказиб, мазкур шахс билан мулоқотда бўлганлар (йўловчи билан бирга келган ва яқин мулоқотда бўлганлар, чегарачилар, тиббиёт ходимлари ва бошқалар)нинг рўйхатини тузадилар ҳамда бошқа зарур маълумотларни (касалликнинг бошланиш вақти, унинг яширин даврида қаерда бўлганлиги, ҳудуддаги эпидемик вазият, касаллик белгиларининг динамикаси) аниқлайдилар.
Санитария-карантин пунктлари ходимларининг кейинги ҳаракатлари маслаҳат гуруҳи кўрсатмалари асосида олиб борилади.
13. Маслаҳат гуруҳи эпидемиологик суриштирув натижаларига қараб, коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморни провизор госпитал (госпитал)га жойлаштириш учун эвакуация гуруҳини, шунингдек, санитария-карантин пунктларида дезинфекция ишларини олиб бориш учун дезинфекция гуруҳини чақиртиради.
14. Чегарадан кириб келишда тиббий-санитария тартиб-таомиллари Халқаро тиббий-санитария қоидаларига биноан белгиланади.
15. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган бемор санитария-карантин пунктларида аниқланганда:
бемор коронавирус инфекциясига гумон қилинганда, дарҳол санитария-карантин пункти изоляторига жойлаштирилади ҳамда бу тўғрисида ушбу Низомга иловада белгиланган тартибда Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлими раҳбарига хабар берилади;
санитария-карантин пунктларининг тиббиёт ходими шахсий ҳимоя воситаларини (комбинезон, этик, тиббий ниқоб, кўзойнак ва қўлқоп) кийган ҳолда тегишли тадбирларни давом эттиради;
Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлими раҳбари инфекция ўчоғига шахсий ҳимоя воситалари ва техника билан таъминланган эвакуация (инфекционист, эпидемиолог, шошилинч тиббий ёрдам хизмати врачи ва ўрта тиббиёт ходими) ҳамда дезинфекция (дезинфекция шифокори ва дезинфектор) гуруҳларини юборади;
эпидемиолог врач эпидемиологик суриштирув ишларини олиб боради ҳамда бемор билан мулоқотда бўлганларни аниқлайди;
дезинфекция гуруҳи инфекция ўчоғида якуний дезинфекция тадбирларини ўтказади;
эвакуация гуруҳи беморни бокс палаталари бўлган махсус ажратилган юқумли касалликлар шифохонасига олиб боради;
тиббиёт муассасаси ходимлари бемордан лаборатория текшируви ўтказиш учун намуналар олади ва вирусология лабораториясига юборади.
3-§. Коронавирусга гумон қилинган бемор уйда ва тиббиёт муассасасида аниқланганда ҳаракатланиш тартиби
16. Коронавирусга гумон қилинган бемор уйда аниқланганда:
тиббиёт ходими беморни уйида тиббий кўрикдан ўтказиб, коронавирус инфекциясига гумон қилган ҳолларда, ушбу Низомга иловада белгиланган тартибда дарҳол ўзи ишлаётган тиббиёт муассасаси раҳбарига, раҳбар эса, Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлими ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига хабар беради;
туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси раҳбари инфекция ўчоғига комбинезон, этик, тиббий ниқоб, кўзойнак ва қўлқопдан иборат шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган тиббиёт ходимлари гуруҳини ва тез тиббий ёрдам машинасини юборади;
Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлими бош врачи беморнинг уйига туман эпидемиолог врачи ва дезинфекцион гуруҳни юборади;
эпидемиолог врач эпидемиологик суриштирув ишларини олиб боради ҳамда бемор билан мулоқотда бўлганларни ва беморнинг ҳаракатланиш йўналишини аниқлайди;
дезинфекция гуруҳи инфекция ўчоғида якуний дезинфекция тадбирларини ўтказади;
бемордан лаборатория текшируви ўтказиш учун намуналар тиббиёт муассасалари томонидан олиниб, вирусология лабораториясига юборилади.
17. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган бемор тиббиёт муассасасида аниқланганда:
тиббиёт муассасасига мурожаат қилган барча беморлар муассасага кириш эшиги олдида ёки қабул бўлимида фильтрдан ўтказилади, тана ҳарорати юқори, нафас сиқиши ҳамда йўталга шикояти аниқланганлар изоляторга жойлаштирилади;
коронавирус инфекциясига гумон қилинган бемор аниқланганда, шифокор бошқа беморларни қабул қилишни тўхтатади ва ушбу Низомга иловада белгиланган тартибда зудлик билан бемор ҳақида тиббиёт муассасаси раҳбарига, у эса, Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлимига хабар беради ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклдаги шошилинч хабарнома юборади;
Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи беморнинг уйига туман эпидемиолог врачи ва дезинфекция гуруҳини юборади;
беморни қабул қилаётган шифокор шахсий ҳимоя воситаларини кийиб, эвакуация ва дезинфекция гуруҳлари келгунга қадар даволаш профилактика муассасасида қолади;
дезинфекция гуруҳи ёки тиббиёт муассасаси ўзининг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда инфекция ўчоғида жорий дезинфекция тадбирларини ўтказади;
дезинфекция гуруҳи беморнинг уйида якуний дезинфекция тадбирларини ўтказади;
беморга аниқ бирламчи ташхис қўйиш мақсадида инфекционист врач уни кўрикдан ўтказади ва суриштирув ишларини олиб боради, бемор кўрикдан ўтказилганидан кейин, эвакуация гуруҳи уни бокс палаталари бўлган махсус ажратилган юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетади;
бемор билан мулоқотда бўлган тиббиёт ходимлари ва беморнинг оила аъзолари бемор алоҳидаланган кундан бошлаб, 14 кун давомида карантинга олинади, агар улар орасида коронавирус инфекциясининг белгилари пайдо бўлса, улар госпиталга ётказилади;
беморни олиб келган автотранспорт воситаси юқумли касалликлар шифохонасининг махсус майдончасида дезинфекция қилинади;
бемордан лаборатория текшируви ўтказиш учун намуналар олиниб, вирусология лабораториясига юборилади.
3-боб. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар учун карантин белгилаш тартиби
18. Коронавирус инфекциясини юқтириш хавфи даражасига қараб, коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда ва мулоқотда бўлган шахсларга бўлинади.
19. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлган шахслар доирасига қуйидагилар киради:
коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан битта хонадонда яшаган шахслар;
коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан бевосита жисмоний мулоқотда (қўл сиқиш, қучоқлашиш) бўлган шахс;
коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан мулоқотда (масалан, йўталаётганда) ҳимояланмаган шахслар;
коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан 2 метрдан кам масофада 15 дақиқадан кўпроқ вақт давомида юзма-юз бўлган шахслар;
15 дақиқа ёки ундан кўпроқ вақт 2 метрдан кам масофада коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан бирга ёпиқ жойда (синф хонасида, йиғилиш хонасида, касалхона кутиш хонасида ва бошқалар) бўлган шахслар;
тиббий мутахассис ёки коронавирус инфекцияси аниқланган шахсни бевосита парваришлашни амалга оширувчи бошқа шахс ёки шахсий ҳимоя воситаларисиз ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузган ҳолда коронавирус инфекцияси аниқланган шахснинг бионамуналари билан ишлаган лаборатория мутахассислари;
самолётда, шаҳарлараро автобусда, поездда коронавирус инфекцияси аниқланган шахсдан ҳар қандай йўналишда икки ўриндиқ оралиғида ёки битта купеда (поездда) бўлган, шунингдек, коронавирус инфекцияси аниқланган шахс учиб кетган самолётда хизмат кўрсатган экипаж аъзолари.
20. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлган шахслар провизор госпитал ёки изоляторга жойлаштирилади.
21. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар доирасига коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан бир самолётда, поездда, автобусда бўлган, аммо улар билан яқин мулоқот қилмаган шахслар киради.
22. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар уй карантинида сақланадилар.
23. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахсларнинг яшаш жойида уй шароитида изоляция қилиш учун шароитлар бўлмаган тақдирда, уларнинг карантинга олиниши маҳаллий ҳокимликлар томонидан таъминланади.
24. Коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, кредит карталари ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар вақтинча олиб қўйилади.
Бунда вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар шахс инфекция юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойларини аниқлаш мақсадида ўрганилади.
Вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар шахс даволаш муассасасидан чиқаётган вақтда ўзига қайтариб берилади ёки унинг яқин қариндошлари ёхуд вакилларига топширилади.
Вақтинчалик олиб қўйилган буюмларни сақлаш (қўриқлаш) тегишли даволаш муассасаси томонидан ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари билан биргаликда ташкиллаштирилади.
25. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар ҳамда улар билан яқин мулоқотда ва мулоқотда бўлган шахсларни карантинда сақлаш муассасаларига етказиш махсус транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус) амалга оширилади, бунда ҳайдовчи ўриндиғи салондан ажратилиши, дезинфекция жиҳозларлари ва ускуналари, ҳимоя ниқоблари, тиббий чиқиндиларни бир марталик йиғиш воситалари билан таъминланиши лозим.
26. Махсус транспорт воситалари ҳар бир ташишдан олдин ва кейин махсус ажратилган майдончада ювилади ва дезинфекцияланади, ишчиларнинг ҳимоя ва иш кийимлари ташиш якунига кўра режим бўйича дезинфекция қилинади.
27. Госпиталда, провизор госпиталда ва изоляторда ҳар куни жорий дезинфекция, улар бўшатилгандан кейин эса якуний дезинфекция ишлари олиб борилиши керак.
28. Карантин жойида мулоқотда бўлган шахсларни, ташриф буюрувчилар, транспорт воситалари киришлари ва чиқишлари, буюмлар, маҳсулотлар ва бошқаларни олиб киришни ва олиб чиқишни қатъий назорат қилиш учун Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан кечаю-кундуз қўриқланади.
29. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлиб, карантинда сақланаётган шахслар орасида коронавирус инфекцияси бор бошқа шахс аниқланса, у госпиталга олинади ҳамда қолган шахслар учун карантин муддати қайтадан бошланади.
30. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлиб, карантинда сақланаётган шахслар орасида карантин муддатида коронавирус инфекцияси бор шахслар аниқланмаса улар даволаш муассасасидан чиқарилади.
31. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар даволаш муолажаларидан сўнг коронавирус инфекциясидан тузалса ҳамда бу тегишли лаборатория текширувлари натижалари билан тасдиқланса, шахс даволаш муассасасидан чиқарилади.
32. Бемор уйига жавоб берилиши олдидан у санитария ишловидан ўтказилади. Госпиталда беморларнинг уйига жавоб бериш тартиби юқумли касалликлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқлари асосида амалга оширилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
33. Карантин даврида ташкил этилган госпитал, провизор госпитал, изолятор ва обсерватор каби муассасалар фаолияти Республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шахар эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссияларининг тегишли қарори билан тугатилади.
34. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Коронавирус инфекциясига гумон қилинганда шошилинч хабар бериш
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 23 март,
176-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
TARTIBI
Koronavirus infeksiyasi tarqalishiga qarshi qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasida aholining sanitariya-epidemiologik osoyishtaligi va xavfsizligini taʼminlash, koronavirus infeksiyasi tarqalishining oldini olishda mutasaddi davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari hamda tashkilotlarning muvofiqlashtirilgan faoliyatini tashkil etish, fuqarolarning hayoti va sogʻligʻini muhofaza qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 29-yanvardagi F-5537-son farmoyishi bilan tashkil etilgan Oʻzbekiston Respublikasiga koronavirusning kirib kelishi va tarqalishining oldini olish boʻyicha chora-tadbirlar dasturini tayyorlash boʻyicha respublika maxsus komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) qarorlariga muvofiq:
dunyoning barcha davlatlari bilan Oʻzbekiston Respublikasi oʻrtasida muntazam aviaqatnovlar toʻxtatilganligi;
xorijiy davlatlar fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni, (respublikada doimiy istiqomat qiluvchi fuqaroligi boʻlmagan shaxslar bundan mustasno), shuningdek, yoʻlovchi tashuvchi transport vositalarini (avtobus, yengil avtotransport va temir yoʻl transporti vositalari) Oʻzbekiston Respublikasi hududiga barcha chegara oʻtkazish punktlari orqali kirib kelishi toʻxtatilganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi hududiga kirib kelayotgan shaxslarni 14 kun davomida maxsus ajratilgan tibbiyot muassasasi yoki karantin tadbirlarini tashkil etishga moslashtirilgan bazalar yoxud uy sharoitida karantinga olish talabi belgilanganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi hududida barcha koʻngilochar obyektlar, shu jumladan tungi klublar, diskoteka, restoran, kafe, oshxona, choyxona, spa va massaj salonlar, karaoke, bilyard zallari, chilim (kalyan) markazlari va kompyuter oʻyinlari xizmatini koʻrsatuvchi tadbirkorlik faoliyati toʻxtatilganligi;
Oʻzbekiston Respublikasi hududida barcha turdagi ommaviy tadbirlar, shu jumladan bayram tadbirlari, xalqaro tadbirlar va sport musobaqalari, shuningdek, teatr, kino va konsert dasturlari hamda toʻylar, oilaviy tantanalar, maʼraka va marosimlar oʻtkazilishi (dafn marosimlari 10 — 15 kishidan koʻp boʻlmagan hollar bundan mustasno) toʻxtatilganligi;
davlat oliy taʼlim muassasalarida, umumiy oʻrta, oʻrta maxsus, maktabdan tashqari va maktabgacha taʼlim muassasalarida hamda barcha nodavlat taʼlim tashkilotlarida taʼlim jarayonlari toʻxtatilganligi va koronavirus infeksiyasi tarqalishining oldini olishga qaratilgan boshqa bir qator choralar koʻrilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi hududida 2020-yil 24-mart soat 00.01 dan boshlab quyidagilarni nazarda tutuvchi koronavirus infeksiyasi tarqalishiga qarshi kuchaytirilgan tartib (keyingi oʻrinlarda — Tartib) joriy etilsin:
koronavirus infeksiyasi asosan Toshkent shahri hududida aniqlanganligini inobatga olib va ushbu infeksiya respublikaning boshqa hududlariga tarqalishining oldini olish maqsadida boshqa hududlardan Toshkent shahriga kirish (avtobus, mikroavtobus, yengil avtotransport, aviaqatnovlar va temir yoʻl transporti vositalari orqali) toʻxtatiladi, bundan ushbu bandning uchinchi xatboshisida nazarda tutilgan hollar mustasno;
Toshkent shahrida doimiy roʻyxatdan oʻtgan shaxslar, shuningdek, Toshkent viloyatida doimiy roʻyxatdan oʻtgan holda Toshkent shahrida mehnat (xizmat) faoliyatini amalga oshirayotgan davlat organlari va muassasalari (nodavlat tashkilotlarida — ish beruvchi tomonidan taqdim etiladigan tegishli ruxsatnoma asosida) xodimlari hamda yuk tashish bilan bogʻliq hollarda Toshkent shahriga kirish va chiqishga ruxsat beriladi;
Toshkent shahriga kiruvchi va chiquvchi shaxslarda koronavirus infeksiyasi alomatlarini aniqlash boʻyicha majburiy tibbiy nazorat oʻrnatiladi;
birinchi bosqichda Toshkent shahrida, keyinchalik bosqichma-bosqich Nukus shahri, viloyat va tuman markazlarida joylashgan barcha yirik dehqon bozorlari va savdo majmualari (supermarket, gipermarket va boshqalar) kirish-chiqish joylarini tegishli mutaxassislar bilan taʼminlagan holda teplovizorlar va antiseptik vositalar bilan jihozlanadi;
respublika hududiga xorijiy davlatlardan, shuningdek, Toshkent shahriga boshqa hududlardan kirib kelayotgan barcha transport vositalari, tovar va yuklarning majburiy ravishda dezinfeksiya qilinishi taʼminlanadi;
davlat idoralari va tashkilotlarida fuqarolar va tadbirkorlik subyektlari vakillarini qabul qilish hamda ularga davlat va boshqa xizmatlarni koʻrsatish imkon qadar “onlayn” rejimga oʻtkaziladi;
fuqarolar tomonidan Internet jahon axborot tarmogʻi va telefon aloqasi uchun toʻlovlar oʻz vaqtida amalga oshirilmaganligi sababli ikki oy davomida oʻchirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi;
idoraviy boʻysunuvi va tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar barcha tashkilotlarning asosiy ish faoliyatiga taʼsir etmagan holda qonun hujjatlarida belgilangan tartibda xodimlarni mehnat taʼtiliga chiqarish, qolgan qismining mehnat faoliyatini maksimal darajada masofadan turib (“onlayn” rejimda yoki masofaviy tarzda) tashkil etish choralari koʻriladi.
Ushbu bandning beshinchi xatboshisida nazarda tutilgan chora-tadbirlarni moliyalashtirish Inqirozga qarshi kurashish jamgʻarmasi hamda qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi:
Milliy gvardiya va Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi” (keyingi oʻrinlarda Sanepidqoʻm deb yuritiladi) bilan birgalikda ushbu bandning uchinchi xatboshisida belgilangan talablarga soʻzsiz rioya etilishi ustidan qatʼiy nazorat oʻrnatsin;
Tartibning amal qilish davrida, zaruratga koʻra, qoʻshimcha yoʻl-patrul xizmati statsionar postlari va blok postlar tashkil etish choralarini koʻrsin.
Ichki ishlar organlari yoʻl-patrul xizmati xodimlariga, istisno tariqasida, Tartib davrida avtotransport vositasini maxsus ruxsatnomasiz boshqarganlik uchun Sanepidqoʻm xodimlari tomonidan rasmiylashtirilgan maʼmuriy bayonnoma asosida Oʻzbekiston Respublikasi Maʼmuriy javobgarlik toʻgʻrisidagi kodeksining 291-moddasida belgilangan tartibda avtotransport vositasini jarima maydonchasiga joylashtirish yoʻli bilan ushlab turish huquqi berilsin.
Bunda maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi qaror belgilangan tartibda ijro etilganidan yoxud ijrosi tugatilgandan soʻng Sanepidqoʻm tomonidan beriladigan maʼlumotnoma asosida avtotransport vositasi jarima maydonchasidan olib chiqib ketiladi.
3. Tartibning amal qilish davrida quyidagilar oʻrnatilsin:
a) koronavirus infeksiyasi aniqlangan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, fuqaroligi boʻlmagan shaxslar va xorijiy fuqarolar, shu jumladan 2020-yil yanvar — mart oylarida koronavirus infeksiyasi qayd etilgan hududlarda boʻlib, Oʻzbekiston hududiga kirib kelgan shaxslar:
Komissiya qarorlariga, Sanepidqoʻm va epidemiyaga qarshi kurashishga jalb etilgan boshqa davlat tashkilotlarining qonuniy talablariga rioya etishga;
Oʻzbekistonga qaytib kelganligi, koronavirus infeksiyasi qayd etilgan hududlarda boʻlgan vaqti va joyi toʻgʻrisida zudlik bilan sogʻliqni saqlash organlariga maʼlumot berishga;
oʻzida kasallik alomatlari vujudga kelganda kasallik yuqishi mumkin boʻlgan davrda muloqotda boʻlgan shaxslar va harakatlanish yoʻnalishlari haqida zudlik bilan sogʻliqni saqlash organlariga maʼlumot berishga;
14 kun davomida uyda yoki maxsus belgilangan joyda izolyatsiya sharoitida boʻlishga;
sanitariya va epidemiyaga qarshi kurashish qoidalari va izolyatsiya rejimida boʻlishga oid talablarga qatʼiy rioya etish, shu jumladan tibbiy himoya vositalarini qoʻllash va jamiyatda bir-birlari orasida masofani saqlashga;
sogʻliqni saqlash organlari tomonidan tayinlanadigan tibbiy tekshiruv va davolanishdan oʻtishga majburdirlar;
b) Sanepidqoʻm organlari tomonidan izolyatsiya qilinishi lozimligi haqida talab qoʻyilgan shaxslar bilan birga yashovchi shaxslar ham 14 kun davomida yoki Sanepidqoʻm organlari tomonidan belgilab berilgan muddat davomida uyda yoki maxsus belgilangan joyda izolyatsiya sharoitida boʻlishga majburdirlar;
v) koronavirus infeksiyasini yuqtirgan yoki ushbu infeksiyani yuqtirganlikda gumon qilinib karantinga joylashtirilgan shaxslarga tegishli boʻlgan mobil telefon, audio va video vositalar, bank kartalari hamda boshqa axborot tashuvchi buyumlar vaqtincha olib qoʻyiladi;
g) idoraviy boʻysunuvi va tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar barcha tashkilotlar rahbarlari (ish beruvchilar) quyidagilarga rioya etishlari shart:
tashrif buyuruvchi shaxslarni faqat tibbiy niqob va tibbiy vositalarni qoʻllagan holda kiritish tartibini majburiy joriy etish;
ish joylarida xodimlarning tana haroratini oʻlchash va tana harorati yuqori boʻlgan xodimlarni ish joyida boʻlishiga yoʻl qoʻymaslik hamda ushbu xodimlar toʻgʻrisida sogʻliqni saqlash organlariga zudlik bilan xabar yetkazish;
Sanepidqoʻm organlarining talabnomasiga muvofiq koronavirus infeksiyasini yuqtirgan xodim bilan muloqotda boʻlganlar haqida darhol maʼlumot berish, kasallangan shaxs boʻlgan joylarni dezinfeksiyadan oʻtkazish choralarini koʻrish;
xodimlarga izolyatsiya rejimida boʻlishga oid talablarga rioya etishda koʻmaklashish;
d) savdo va xizmat koʻrsatish tashkilotlari Sanepidqoʻm va uning hududiy boʻlinmalari yoki boshqa tashkilotlar bilan shartnomalar tuzish yoʻli bilan dezinfeksiya vositalari bilan taʼminlanadi;
e) Toshkent shahri, Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlarda joylashgan dehqon bozorlaridan tashqari barcha bozorlarning faoliyati toʻxtatiladi.
4. Belgilansinki:
Komissiya mazkur qarorda belgilangan chora-tadbirlar amalga oshirilishi bilan bogʻliq barcha masalalarni muvofiqlashtiradi va zarur hollarda qoʻshimcha kechiktirib boʻlmaydigan tadbirlarni amalga oshirish boʻyicha qaror qabul qiladi;
Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Milliy gvardiya, Transport vazirligi, Davlat bojxona qoʻmitasi boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va mahalliy hokimliklar bilan birgalikda mazkur qarorda belgilangan chora-tadbirlarni oʻz vaqtida va toʻliq amalga oshirish bilan bogʻliq barcha tashkiliy masalalar ijrosini taʼminlaydi.
5. Koronavirus infeksiyasi aniqlanganda (gumon qilinganda) bajariladigan profilaktik va epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda:
oʻn kun muddatda respublikada koronavirus infeksiyasining tarqalish darajasini tahlil qilgan holda Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan tuzilgan shartnoma asosida nodavlat tibbiyot tashkilotlarida ushbu infeksiya bilan kasallangan bemorlarga tibbiy xizmat koʻrsatishni tashkil etish boʻyicha takliflarni;
bir oy muddatda karantin guruhiga mansub boʻlgan oʻta xavfli va yuqumli kasalliklar infeksiyasi aniqlanganda (gumon qilinganda) oʻtkaziladigan profilaktik va epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish tartibini ishlab chiqsin hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi va Markaziy bank tijorat banklari bilan birgalikda bir kun muddatda toʻlovlarni amalga oshirishning masofaviy shakllarini kengaytirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlarni ishlab chiqib amaliyotga tatbiq etish choralarini koʻrsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan birgalikda xorijiy mamlakatlarda koronavirus infeksiyasiga qarshi qabul qilingan qonun hujjatlari, amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar, shu jumladan tibbiyot sohasidagi yangi yondashuv hamda ixtirolar toʻgʻrisida har kunlik maʼlumotni Komissiyaga taqdim etib borsin.
9. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari:
bir hafta muddatda Oʻzbekiston Kasaba uyushmalari Federatsiyasi va Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Tibbiy-ijtimoiy xizmatlar agentligiga qarashli sanatoriy va boshqa sogʻlomlashtirish maskanlarida hamda davlat tasarrufidagi dam olish va sogʻlomlashtirish maskanlari, mehmonxonalari negizida Qoraqalpogʻiston Respublikasida 4 ta, viloyatlar va Toshkent shahrida 3 tadan 14 kunlik karantin tadbirlari uchun moslashtirilgan bazalar tashkil etilishi choralarini koʻrsin;
karantinda saqlanayotgan shaxslarni bir-biridan ajratgan holda ular oʻrtasida koronavirus infeksiyasi tarqalishining maksimal oldini olish imkonini beruvchi maxsus karantin obyektlari qurilishini qisqa muddatlarda taʼminlasin.
10. Komissiyaga joriy etilgan Tartibning amal qilish davrida quyidagi qoʻshimcha vazifalar yuklansin:
koronavirus infeksiyasi aholi oʻrtasida tarqalishini oldini olishga qaratilgan zarur chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirishni taʼminlash;
huquqni muhofaza qiluvchi va boshqa davlat organlarining faoliyatini oʻz vakolatlari doirasida muvofiqlashtirish;
birinchi navbatdagi dori vositalari, niqob va tibbiy buyumlarning (dezinfeksiya vositalari va boshqalar) aholiga qatʼiy belgilangan narxlarda uzluksiz yetkazib berilishini nazorat qilish;
respublikada koronavirus infeksiyasi tarqalishi bilan bogʻliq vaziyatni muntazam tahlil qilish va vaziyat barqarorlashgandan soʻng Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga Tartibning amal qilishini tugatish yuzasidan taklif kiritish.
11. Komissiyaga uning zimmasiga yuklatilgan qoʻshimcha vazifalarni amalga oshirish uchun quyidagi huquqlar berilsin:
idoraviy boʻysunuvi va tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar barcha tashkilotlarda koronavirus infeksiyasi tarqalishining oldini olish boʻyicha amalga oshirilayotgan ishlarni tekshirish hamda nazoratni olib borish;
alohida aholi punktlari va hududlarda karantin tadbirlari hamda karantin joriy etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish;
idoraviy boʻysunuvi va tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar barcha tashkilotlardan hujjatlar talab qilish hamda ularning rahbarlarini koronavirus infeksiyasi tarqalishining oldini olish yuzasidan koʻrilayotgan chora-tadbirlar, sanitariya-gigiyena tadbirlari va epidemiyaga qarshi chora-tadbirlar bajarilishi toʻgʻrisidagi axborotlarini Komissiya majlislarida eshitish;
vazirliklar, idoralar va boshqa tashkilotlar mansabdor shaxslarining aybi (harakati yoki harakatsizligi) bilan koronavirus infeksiyasi avj olishiga yoʻl qoʻyilganda, ularni egallab turgan lavozimidan ozod etish toʻgʻrisida yuqori turuvchi tashkilotlarga, shuningdek, maʼmuriy yoki jinoiy javobgarlikka tortish toʻgʻrisidagi masalani huquqni muhofaza qiluvchi organlarga koʻrib chiqishi uchun kiritish.
12. Belgilansinki, Komissiyaning oʻz vakolatlari doirasida qabul qilgan qarorlari idoraviy boʻysunuvi va tashkiliy-huquqiy shaklidan qatʼi nazar barcha tashkilotlar va ularning mansabdor shaxslari, shuningdek, fuqarolar tomonidan bajarilishi majburiy hisoblanadi.
13. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq Tartibning amal qilish davrida Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi va Farmatsevtika tarmogʻini rivojlantirish agentligi tomonidan taqdim etilgan roʻyxat boʻyicha:
Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasi, istisno tariqasida, bojxona chegarasi orqali oʻtkazilayotgan zarur dori vositalari, tibbiy buyumlar, tibbiy texnika, ularni ishlab chiqarish uchun ishlatiladigan materiallar va substansiyalar uchun “yashil” yoʻlaklar tashkil qiladi va ushbu tovarlarga nisbatan bojxona bojlari undirilmaydi;
dori vositalari, tibbiy buyumlar, tibbiy texnika, ularni ishlab chiqarish uchun ishlatiladigan materiallar va substansiyalar uchun, istisno tariqasida, tenderlar yoki tanlov savdolari oʻtkazmasdan eng yaxshi takliflarni tanlab olish yoʻli bilan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnomalar tuzishga ruxsat beriladi.
14. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Markaziy banki, Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi bilan birgalikda Tartibning amal qilish davrida aholining real daramodlarini barqarorligini taʼminlash maqsadida ishchilarga oylik ish haqlari uzluksiz va oʻz vaqtida toʻlanishini taʼminlab borsin hamda respublikadagi bandlik darajasini tushib ketmaslik boʻyicha aniq va manzilli chora-tadbirlarni amalga oshirsin.
15. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Mahalla va oilani qoʻllab-quvvatlash vazirligi Sanepidqoʻm bilan birgalikda koronavirus infeksiyasini yuqtirgan yoki ushbu infeksiyani yuqtirganlikda gumon qilinib uy sharoitida karantinga joylashtirilgan shaxslar tomonidan karantin qoidalariga rioya qilinishi ustidan qatʼiy va tizimli nazorat oʻrnatsin hamda karantin oʻtash davrida ushbu shaxslarni birinchi navbatdagi oziq-ovqat mahsulotlari, dori vositalari, niqob va tibbiy buyumlar (dezinfeksiya vositalari va boshqalar) bilan taʼminlash choralarini koʻrsin.
16. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Mudofaa vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligi, Davlat xavfsizlik xizmati, Milliy gvardiya Tartibning amal qilish davrida jamoat tartibini saqlash choralarini kuchaytirsin.
17. Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi, Elektron ommaviy axborot vositalari milliy assotsiatsiyasi Oʻzbekiston nodavlat notijorat tashkilotlari milliy assotsiatsiyasi bilan hamkorlikda:
ushbu qarorning maqsad va vazifalari ommaviy axborot vositalari va Internet jahon axborot tarmogʻida keng tushuntirilishini;
masʼul vazirlik va idoralarni jalb qilgan holda koronavirus tarqalishi bilan bogʻliq vaziyat hamda joriy etilgan Tartib toʻgʻrisida toʻliq va xolisona maʼlumotlarni keng jamoatchilikka muntazam ravishda yetkazib borilishini taʼminlasin.
18. Ushbu qarorning ijrosini nazorat qilish oʻz zimmamda qoldiraman.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 23-martdagi 176-son qaroriga ILOVA
Koronavirus infeksiyasi aniqlanganda (gumon qilinganda) bajariladigan profilaktik va epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizom koronavirus infeksiyasi aniqlanganda yoxud gumon qilinganda davlat organlari va boshqa tashkilotlari tomonidan profilaktik hamda epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish tartibini belgilaydi.
2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
karantin — maʼlum hududni koronavirus infeksiyasi tarqatuvchi manbadan muhofaza qilish va uni yoʻqotishga hamda koronavirus infeksiyasining bir joydan boshqa hududlarga tarqalishiga yoʻl qoʻymaslikka qaratilgan maʼmuriy va sanitariya-epidemiologik tadbirlar majmui;
observator — karantin zonada bemor bilan muloqotda boʻlmagan sogʻlom kishilarni saqlash uchun moslashtirilgan binolarda (maktab, mehmonxona, maʼmuriy binolar, sihatgohlar, bolalarning yozgi dam olish oromgohlari va boshqalarda) tashkil etiladigan maxsus ajratiladigan joy;
gospital — koronavirus infeksiyasini yuqtirganlarni davolash uchun yuqumli kasalliklar shifoxonasi yoki boshqa tibbiyot muassasasi bazasida tashkil etilgan davolash muassasasi;
provizor gospital — koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan shaxslarni saqlash va davolash uchun yuqumli kasalliklar shifoxonasi yoki boshqa tibbiyot muassasasi bazasida tashkil etilgan davolash muassasasi;
izolyator — epidemiyaga qarshi rejimni taʼminlash uchun koronavirus infeksiyasi aniqlangan bemor bilan muloqotda boʻlgan shaxslar joylashtiriladigan yuqumli kasalliklar shifoxonasi yoki boshqa alohida ajratilgan binolarning maxsus jihozlangan xonasi;
sanitariya-karantin punktlari — Davlat chegaralarini quruqlikda (avtomobil va temir yoʻllari), havo va suv yoʻllari orqali kesib oʻtish joylaridagi chegara-bojxona majmualarida tashkil etiladigan ixtisoslashgan profilaktik muassasa.
2-bob. Koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan bemorlar aniqlanganda davlat organlari va boshqa tashkilotlarining harakatlanish tartibi
1-§. Koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan bemorlar aniqlanganda harakatlanishning umumiy qoidalari
3. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Sanepidqoʻm) va uning Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar boshqarmalari, tuman (shahar) boʻlimlari hamda barcha tibbiyot muassasalari koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan bemor aniqlanganda zarur tibbiy-sanitariya chora-tadbirlarini amalga oshirish uchun masʼul hisoblanadi.
4. Har bir tuman (shahar) tibbiyot birlashmasida koronavirus infeksiyasi aniqlanganda tezkor reja asosida harakatga keltiriladigan maslahat, evakuatsiya va dezinfeksiya guruhlari tashkil etiladi.
5. Koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan bemor aniqlanganligi toʻgʻrisida xabar kelganda, tuman (shahar) tibbiyot birlashmasi rahbari tomonidan bemorni koʻrikdan oʻtkazish uchun maslahat-evakuatsiya va dezinfeksiya guruhlari yuboriladi.
6. Bemorni olib ketish uchun haydovchi joyi salondan ajratilgan va zich yopiladigan, maxsus (tez tibbiy yordam) avtotransport vositasi ajratiladi, guruh aʼzolari tegishli shaxsiy himoya vositalarini kiygan holda boʻlishlari shart.
Infeksionist vrach bemorga birlamchi tashxis qoʻyish va ahvolini baholash uchun tibbiy koʻrikdan oʻtkazadi.
Epidemiolog vrach bemor bilan muloqotda boʻlganlarni va uning harakatlanish yoʻnalishini aniqlash maqsadida epidemiologik surishtiruv oʻtkazadi.
Dezinfeksiya guruhi infeksiya oʻchogʻida yakuniy dezinfeksiya tadbirlarini oʻtkazadi. Bemorni olib kelgan avtotransport vositasi maxsus maydonchada dezinfeksiya qilinadi.
7. Bemorda koronavirus infeksiyasiga gumon tashxisi kasallikning klinik belgilari (tana haroratining meʼyoridan yuqoriligi, quruq yoʻtal, holsizlanish, nafas siqilishi) va epidemiologik surishtiruv natijalariga asoslanib qoʻyiladi.
8. Epidemiologik surishtiruv jarayonida koronavirus infeksiyasi boʻyicha epidemik noxush boʻlgan davlatda yoki hududda boʻlganligi, shuningdek, yashash yoki ish joyida, safar davomida yuqori nafas yoʻllari infeksiyasi bilan ogʻrigan yoki ushbu kasallikdan vafot etgan bemor bilan muloqotda boʻlganligi aniqlanadi.
2-§. Sanitariya-karantin punktlarining faoliyatini tashkil etish hamda ularda koronavirusga gumon qilingan bemor aniqlanganda harakatlanish tartibi
9. Chegara bojxona postlaridan oʻtayotgan yoʻlovchilar dastlab sanitariya-karantin punktlarida navbatchi xodimlar tomonidan tibbiy-sanitariya koʻrigidan oʻtkazilgandan soʻng chegara va bojxona xizmatlari nazoratidan oʻtkaziladi. Bu jarayonda koronavirus infeksiyasining belgilarini aniqlashga alohida eʼtibor qaratiladi.
10. Koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan shaxs aniqlanganda bu haqda zudlik bilan Davlat chegarasi orqali oʻtkazish punkti maʼmuriyatiga, hududiy tibbiyot birlashmasi va Sanepidqoʻmning hududiy boʻlimiga xabar yetkaziladi.
11. Koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan shaxs izolyatsiya qilinadi va zarur hollarda unga birinchi tibbiy yordam koʻrsatiladi. Bunda maslahat guruhi yetib kelgunga qadar Davlat chegarasi orqali oʻtkazish punkti maʼmuriyati tomonidan ushbu punkt faoliyati vaqtinchalik toʻxtatiladi.
12. Sanitariya-karantin punktlari xodimlari shaxsiy himoya vositalaridan foydalangan holda epidemiologik surishtiruv ishlarini oʻtkazib, mazkur shaxs bilan muloqotda boʻlganlar (yoʻlovchi bilan birga kelgan va yaqin muloqotda boʻlganlar, chegarachilar, tibbiyot xodimlari va boshqalar)ning roʻyxatini tuzadilar hamda boshqa zarur maʼlumotlarni (kasallikning boshlanish vaqti, uning yashirin davrida qayerda boʻlganligi, hududdagi epidemik vaziyat, kasallik belgilarining dinamikasi) aniqlaydilar.
Sanitariya-karantin punktlari xodimlarining keyingi harakatlari maslahat guruhi koʻrsatmalari asosida olib boriladi.
13. Maslahat guruhi epidemiologik surishtiruv natijalariga qarab, koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan bemorni provizor gospital (gospital)ga joylashtirish uchun evakuatsiya guruhini, shuningdek, sanitariya-karantin punktlarida dezinfeksiya ishlarini olib borish uchun dezinfeksiya guruhini chaqirtiradi.
14. Chegaradan kirib kelishda tibbiy-sanitariya tartib-taomillari Xalqaro tibbiy-sanitariya qoidalariga binoan belgilanadi.
15. Koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan bemor sanitariya-karantin punktlarida aniqlanganda:
bemor koronavirus infeksiyasiga gumon qilinganda, darhol sanitariya-karantin punkti izolyatoriga joylashtiriladi hamda bu toʻgʻrisida ushbu Nizomga ilovada belgilangan tartibda Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimi rahbariga xabar beriladi;
sanitariya-karantin punktlarining tibbiyot xodimi shaxsiy himoya vositalarini (kombinezon, etik, tibbiy niqob, koʻzoynak va qoʻlqop) kiygan holda tegishli tadbirlarni davom ettiradi;
Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimi rahbari infeksiya oʻchogʻiga shaxsiy himoya vositalari va texnika bilan taʼminlangan evakuatsiya (infeksionist, epidemiolog, shoshilinch tibbiy yordam xizmati vrachi va oʻrta tibbiyot xodimi) hamda dezinfeksiya (dezinfeksiya shifokori va dezinfektor) guruhlarini yuboradi;
epidemiolog vrach epidemiologik surishtiruv ishlarini olib boradi hamda bemor bilan muloqotda boʻlganlarni aniqlaydi;
dezinfeksiya guruhi infeksiya oʻchogʻida yakuniy dezinfeksiya tadbirlarini oʻtkazadi;
evakuatsiya guruhi bemorni boks palatalari boʻlgan maxsus ajratilgan yuqumli kasalliklar shifoxonasiga olib boradi;
tibbiyot muassasasi xodimlari bemordan laboratoriya tekshiruvi oʻtkazish uchun namunalar oladi va virusologiya laboratoriyasiga yuboradi.
3-§. Koronavirusga gumon qilingan bemor uyda va tibbiyot muassasasida aniqlanganda harakatlanish tartibi
16. Koronavirusga gumon qilingan bemor uyda aniqlanganda:
tibbiyot xodimi bemorni uyida tibbiy koʻrikdan oʻtkazib, koronavirus infeksiyasiga gumon qilgan hollarda, ushbu Nizomga ilovada belgilangan tartibda darhol oʻzi ishlayotgan tibbiyot muassasasi rahbariga, rahbar esa, Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimi hamda tuman (shahar) tibbiyot birlashmasiga xabar beradi;
tuman (shahar) tibbiyot birlashmasi rahbari infeksiya oʻchogʻiga kombinezon, etik, tibbiy niqob, koʻzoynak va qoʻlqopdan iborat shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlangan tibbiyot xodimlari guruhini va tez tibbiy yordam mashinasini yuboradi;
Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimi bosh vrachi bemorning uyiga tuman epidemiolog vrachi va dezinfeksion guruhni yuboradi;
epidemiolog vrach epidemiologik surishtiruv ishlarini olib boradi hamda bemor bilan muloqotda boʻlganlarni va bemorning harakatlanish yoʻnalishini aniqlaydi;
dezinfeksiya guruhi infeksiya oʻchogʻida yakuniy dezinfeksiya tadbirlarini oʻtkazadi;
bemordan laboratoriya tekshiruvi oʻtkazish uchun namunalar tibbiyot muassasalari tomonidan olinib, virusologiya laboratoriyasiga yuboriladi.
17. Koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan bemor tibbiyot muassasasida aniqlanganda:
tibbiyot muassasasiga murojaat qilgan barcha bemorlar muassasaga kirish eshigi oldida yoki qabul boʻlimida filtrdan oʻtkaziladi, tana harorati yuqori, nafas siqishi hamda yoʻtalga shikoyati aniqlanganlar izolyatorga joylashtiriladi;
koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan bemor aniqlanganda, shifokor boshqa bemorlarni qabul qilishni toʻxtatadi va ushbu Nizomga ilovada belgilangan tartibda zudlik bilan bemor haqida tibbiyot muassasasi rahbariga, u esa, Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimiga xabar beradi hamda Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan shakldagi shoshilinch xabarnoma yuboradi;
Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimi boshligʻi bemorning uyiga tuman epidemiolog vrachi va dezinfeksiya guruhini yuboradi;
bemorni qabul qilayotgan shifokor shaxsiy himoya vositalarini kiyib, evakuatsiya va dezinfeksiya guruhlari kelgunga qadar davolash profilaktika muassasasida qoladi;
dezinfeksiya guruhi yoki tibbiyot muassasasi oʻzining ichki imkoniyatlaridan kelib chiqqan holda infeksiya oʻchogʻida joriy dezinfeksiya tadbirlarini oʻtkazadi;
dezinfeksiya guruhi bemorning uyida yakuniy dezinfeksiya tadbirlarini oʻtkazadi;
bemorga aniq birlamchi tashxis qoʻyish maqsadida infeksionist vrach uni koʻrikdan oʻtkazadi va surishtiruv ishlarini olib boradi, bemor koʻrikdan oʻtkazilganidan keyin, evakuatsiya guruhi uni boks palatalari boʻlgan maxsus ajratilgan yuqumli kasalliklar shifoxonasiga olib ketadi;
bemor bilan muloqotda boʻlgan tibbiyot xodimlari va bemorning oila aʼzolari bemor alohidalangan kundan boshlab, 14 kun davomida karantinga olinadi, agar ular orasida koronavirus infeksiyasining belgilari paydo boʻlsa, ular gospitalga yotkaziladi;
bemorni olib kelgan avtotransport vositasi yuqumli kasalliklar shifoxonasining maxsus maydonchasida dezinfeksiya qilinadi;
bemordan laboratoriya tekshiruvi oʻtkazish uchun namunalar olinib, virusologiya laboratoriyasiga yuboriladi.
3-bob. Koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan shaxslar uchun karantin belgilash tartibi
18. Koronavirus infeksiyasini yuqtirish xavfi darajasiga qarab, koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan yaqin muloqotda va muloqotda boʻlgan shaxslarga boʻlinadi.
19. Koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan yaqin muloqotda boʻlgan shaxslar doirasiga quyidagilar kiradi:
koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxs bilan bitta xonadonda yashagan shaxslar;
koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxs bilan bevosita jismoniy muloqotda (qoʻl siqish, quchoqlashish) boʻlgan shaxs;
koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxs bilan muloqotda (masalan, yoʻtalayotganda) himoyalanmagan shaxslar;
koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxs bilan 2 metrdan kam masofada 15 daqiqadan koʻproq vaqt davomida yuzma-yuz boʻlgan shaxslar;
15 daqiqa yoki undan koʻproq vaqt 2 metrdan kam masofada koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxs bilan birga yopiq joyda (sinf xonasida, yigʻilish xonasida, kasalxona kutish xonasida va boshqalar) boʻlgan shaxslar;
tibbiy mutaxassis yoki koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxsni bevosita parvarishlashni amalga oshiruvchi boshqa shaxs yoki shaxsiy himoya vositalarisiz yoki ulardan foydalanish qoidalarini buzgan holda koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxsning bionamunalari bilan ishlagan laboratoriya mutaxassislari;
samolyotda, shaharlararo avtobusda, poyezdda koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxsdan har qanday yoʻnalishda ikki oʻrindiq oraligʻida yoki bitta kupeda (poyezdda) boʻlgan, shuningdek, koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxs uchib ketgan samolyotda xizmat koʻrsatgan ekipaj aʼzolari.
20. Koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan yaqin muloqotda boʻlgan shaxslar provizor gospital yoki izolyatorga joylashtiriladi.
21. Koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan muloqotda boʻlgan shaxslar doirasiga koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan bir samolyotda, poyezdda, avtobusda boʻlgan, ammo ular bilan yaqin muloqot qilmagan shaxslar kiradi.
22. Koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan muloqotda boʻlgan shaxslar uy karantinida saqlanadilar.
23. Koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan muloqotda boʻlgan shaxslarning yashash joyida uy sharoitida izolyatsiya qilish uchun sharoitlar boʻlmagan taqdirda, ularning karantinga olinishi mahalliy hokimliklar tomonidan taʼminlanadi.
24. Koronavirus infeksiyasini yuqtirgan yoki ushbu infeksiyani yuqtirganlikda gumon qilinib karantinga joylashtirilgan shaxslarga tegishli boʻlgan mobil telefon, audio va video vositalar, kredit kartalari hamda boshqa axborot tashuvchi buyumlar vaqtincha olib qoʻyiladi.
Bunda vaqtinchalik olib qoʻyilgan buyumlar shaxs infeksiya yuqishi mumkin boʻlgan davrda muloqotda boʻlgan shaxslar va borgan joylarini aniqlash maqsadida oʻrganiladi.
Vaqtinchalik olib qoʻyilgan buyumlar shaxs davolash muassasasidan chiqayotgan vaqtda oʻziga qaytarib beriladi yoki uning yaqin qarindoshlari yoxud vakillariga topshiriladi.
Vaqtinchalik olib qoʻyilgan buyumlarni saqlash (qoʻriqlash) tegishli davolash muassasasi tomonidan ichki ishlar organlari va Milliy gvardiya boʻlinmalari bilan birgalikda tashkillashtiriladi.
25. Koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar hamda ular bilan yaqin muloqotda va muloqotda boʻlgan shaxslarni karantinda saqlash muassasalariga yetkazish maxsus transport vositalarida (avtobus, mikroavtobus) amalga oshiriladi, bunda haydovchi oʻrindigʻi salondan ajratilishi, dezinfeksiya jihozlarlari va uskunalari, himoya niqoblari, tibbiy chiqindilarni bir martalik yigʻish vositalari bilan taʼminlanishi lozim.
26. Maxsus transport vositalari har bir tashishdan oldin va keyin maxsus ajratilgan maydonchada yuviladi va dezinfeksiyalanadi, ishchilarning himoya va ish kiyimlari tashish yakuniga koʻra rejim boʻyicha dezinfeksiya qilinadi.
27. Gospitalda, provizor gospitalda va izolyatorda har kuni joriy dezinfeksiya, ular boʻshatilgandan keyin esa yakuniy dezinfeksiya ishlari olib borilishi kerak.
28. Karantin joyida muloqotda boʻlgan shaxslarni, tashrif buyuruvchilar, transport vositalari kirishlari va chiqishlari, buyumlar, mahsulotlar va boshqalarni olib kirishni va olib chiqishni qatʼiy nazorat qilish uchun Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiya tomonidan kechayu-kunduz qoʻriqlanadi.
29. Koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan muloqotda boʻlib, karantinda saqlanayotgan shaxslar orasida koronavirus infeksiyasi bor boshqa shaxs aniqlansa, u gospitalga olinadi hamda qolgan shaxslar uchun karantin muddati qaytadan boshlanadi.
30. Koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan muloqotda boʻlib, karantinda saqlanayotgan shaxslar orasida karantin muddatida koronavirus infeksiyasi bor shaxslar aniqlanmasa ular davolash muassasasidan chiqariladi.
31. Koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar davolash muolajalaridan soʻng koronavirus infeksiyasidan tuzalsa hamda bu tegishli laboratoriya tekshiruvlari natijalari bilan tasdiqlansa, shaxs davolash muassasasidan chiqariladi.
32. Bemor uyiga javob berilishi oldidan u sanitariya ishlovidan oʻtkaziladi. Gospitalda bemorlarning uyiga javob berish tartibi yuqumli kasalliklar boʻyicha Sogʻliqni saqlash vazirligining tegishli buyruqlari asosida amalga oshiriladi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
33. Karantin davrida tashkil etilgan gospital, provizor gospital, izolyator va observator kabi muassasalar faoliyati Respublika, Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shaxar epidemiyaga qarshi kurash favqulodda komissiyalarining tegishli qarori bilan tugatiladi.
34. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Koronavirus infeksiyasi aniqlanganda (gumon qilinganda) bajariladigan profilaktik va epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Koronavirus infeksiyasiga gumon qilinganda shoshilinch xabar berish
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 23-mart,
176-son