📅 2020-yil 15-fevral · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 15-fevral · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 15 февраль · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 15 февраля 2020 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 15 February 2020 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ҳамда « Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 15 февралдаги 3/12-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси , « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги, « Банклар ва банк фаолияти тўғрисида »ги ҳамда « Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида юридик ва жисмоний шахсларнинг тўлов ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китобларини амалга ошириш тартибини белгилайди, бундан бюджет тизими бюджетларининг ғазна ижроси бўйича амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар мустасно.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
1-сон картотека — тўлов муддатини кутаётган тўлов ҳужжатлари ҳисоби юритиладиган балансдан ташқари ҳисобварақ;
2-сон картотека — муддатида тўланмаган тўлов ҳужжатлари ҳисоби юритиладиган балансдан ташқари ҳисобварақ;
аккредитив — тўловчи томонидан тўланган ёки тўланиши лозим бўлган маблағ шартнома шартлари бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинган тақдирда, маблағларни олувчининг ҳисобига ўтказилишига доир банкнинг шартли мажбурияти;
акцепт — тўловчининг, тўлов унинг ҳисобидан амалга оширилишига розилиги ёки қарздорликни тан олганлиги;
операция куни — фармойишларни қабул қилиш ва уларга ишлов бериш амалга ошириладиган вақтнинг даври;
валюталаш санаси — тўлов ҳужжати асосида пул маблағларини олувчининг ҳисобварағига ўтказиш санаси;
масофавий хизмат кўрсатиш тизими (бундан буён матнда Тизим деб юритилади) — электрон хизматлардан фойдаланиш учун тўлов хизматларидан фойдаланувчи ва ушбу хизматларни етказиб берувчи ўртасидаги алоқани таъминлайдиган телекоммуникация воситалари, рақамли ва ахборот технологиялари, дастурий таъминот ва ускуналар мажмуи;
маблағларни олувчи — пул маблағларини олувчи шахс;
маблағларни олувчининг банки — маблағларни олувчининг пул маблағлари кирим қилинадиган ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи банк;
маблағларни тўловчи — тўлов кимнинг ҳисобидан амалга оширилаётган бўлса, ўша шахс;
маблағларни тўловчининг банки — маблағларни тўловчининг пул маблағлари ҳисобдан чиқариладиган ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи банк;
маблағларни тўловчининг идентификация рақами — юридик шахслар тўловчи сифатида иштирок этадиган тўлов ҳужжатларида солиқ тўловчининг идентификация рақами ва жисмоний шахслар тўловчи сифатида иштирок этадиган тўлов ҳужжатларида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами кўрсатиладиган тўлов ҳужжатининг реквизити;
шахсий варақча — тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун имзолар намуналари қўйилган, бошқа юридик шахслар учун имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақча;
электрон тўлов воситалари — ахборотни ўз ичига олган ва тўловчига тўловни амалга ошириш, шунингдек тўловчи билан электрон тўлов воситаларининг эмитенти ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган бошқа операцияларни амалга ошириш имконини берадиган банк картаси ёки бошқа электрон жисм.
2. Банклар, шу жумладан микромолия банклари (бундан буён матнда банк деб юритилади) орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишда қуйидаги тўлов ҳужжатларидан фойдаланилади:
мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги мемориал ордер;
мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги тўлов топшириқномаси;
мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги тўлов талабномаси;
мазкур Низомнинг 4-иловасига мувофиқ шаклдаги инкассо топшириқномаси;
мазкур Низомнинг 5-иловасига мувофиқ шаклдаги аккредитивга ариза.
Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар электрон тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳам амалга оширилиши мумкин, бунда ушбу ҳисоб-китоблар қонунчилик ҳужжатлари ва тегишли тўлов тизими қоидалари билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
3. Нақд пулсиз ҳисоб-китобларда қўлланиладиган тўлов ҳужжатларининг тури маблағларни тўловчи ва олувчи ўртасида тузиладиган шартномага (битимга) мувофиқ белгиланиши мумкин, бундан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
4. Банк ҳисобварағи шартномасида бошқа муддатлар белгилаб қўйилган бўлмаса, тегишли тўлов ҳужжати банкка келиб тушган операция кунида мазкур Низомда белгиланган тартибда бажарилади, бундан мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар мустасно.
Тўлов ҳужжати операция куни тугаганидан кейин келиб тушса, у маблағларни тўловчининг банки томонидан кейинги операция куни бошланганда олинган деб ҳисобланади ҳамда кейинги операция кунидан кечиктирмай амалга оширилади.
Халқаро тўловлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилган ҳолда, тўлов ҳужжатлари олинган пайтдан эътиборан икки операция кунидан кечиктирмай бажарилади.
5. Банклар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш, солиқ ҳамда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган талабларга мувофиқ ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туришга ёки уларни амалга оширишни рад этишга ҳақли.
7. Маблағлар маблағларни тўловчининг ҳисобварағидан ҳисобдан чиқарилгандан сўнг, маблағларни олувчининг ҳисобварағига ўтказилади, бундан электрон тўлов воситалари орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш мустасно.
8. Маблағларни тўловчининг ҳисобварағида унга қўйилган талабларни бажариш учун зарур бўлган пул маблағлари суммаси мавжуд бўлмаганда ёки етарли бўлмаган тақдирда, маблағларни ҳисобдан чиқариш Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 2342, 2012 йил 15 март) мувофиқ амалга оширилади.
9. Маблағларни тўловчи ва олувчи ўртасида тузилган шартномага доир мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун тўланиши зарур бўлган пеняни ҳисоблаш ва ундириш бўйича банклар жавобгар бўлмайди.
10. Мижоз ҳисоб-китоб операцияларига доир барча масалалар бўйича унга хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилади. Банк ва мижоз ўртасидаги низолар улар ўртасида тузилган банк ҳисобварағи шартномасига мувофиқ ҳал қилинади. Ўзаро келишувга эришилмаган тақдирда, низолар суд орқали ҳал этилади.
11. Банклар ўртасида миллий валютадаги ўзаро ҳисоб-китоблар банкларнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) очилган вакиллик ҳисобварақларидан Марказий банкнинг банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилади.
12. Марказий банкнинг банклараро тўлов тизими орқали электрон тўловлар Марказий банкнинг банклараро тўлов тизими орқали электрон тўловларни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга (рўйхат рақами 1545, 2006 йил 14 февраль) мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Тўлов ҳужжатларини расмийлаштириш ва уларни ижро қилиш
13. Тўлов ҳужжатларида қуйидаги реквизитлар бўлиши шарт:
тўлов ҳужжатининг номи;
тартиб рақами;
ҳужжатнинг санаси;
маблағларни тўловчининг номи;
маблағларни тўловчи ҳисобварағининг рақами;
маблағларни тўловчининг идентификация рақами;
маблағларни тўловчининг банки номи;
маблағларни тўловчининг банки коди;
маблағларни олувчининг номи;
маблағларни олувчи ҳисобварағининг рақами;
маблағларни олувчининг банки номи;
маблағларни олувчининг банки коди;
тўлов суммаси;
тўлов мақсади;
шахсий варақчада кўрсатилган шахс(лар)нинг фамилияси тўлиқлигича, исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари ҳамда уларнинг имзолари (тўлов ҳужжати электрон шаклда тақдим этилган бўлса, банк ва мижоз ўртасидаги шартномага асосан берилган электрон рақамли имзо билан тасдиқланади).
14. Халқаро тўловларни амалга ошириш учун банкка тақдим қилинадиган чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатлари қуйидаги реквизитлардан иборат бўлади:
тўловнинг тури;
ҳужжатнинг санаси;
маблағларни тўловчининг тўлиқ номи ва почта манзили;
маблағларни тўловчининг ҳисобварағи;
тўлов суммаси;
валюта коди;
тўлов мақсади;
тўловни амалга ошириш билан боғлиқ банк комиссион харажатлари;
маблағларни тўловчининг банки номи;
маблағларни тўловчининг банки почта манзили (мамлакат, шаҳар);
маблағларни тўловчининг банки махсус коди;
маблағларни олувчининг банки номи;
маблағларни олувчининг банки почта манзили (мамлакат, шаҳар);
маблағларни олувчининг банки махсус коди;
маблағларни олувчи банкининг маблағларни тўловчининг банкидаги ҳисобварағи;
маблағларни олувчининг тўлиқ номи ва почта манзили;
маблағларни олувчининг ҳисобварағи;
маблағларни тўловчининг олувчига хабари.
15. Тўлов ҳужжатидаги тўлов суммаси рақам ва сўз билан ёзилади, бунда тўлов суммасини сўз билан ёзилганда биринчи сўз катта ҳарф билан ва тийин рақам билан ёзилади.
16. Аккредитивга аризада қўшимча равишда қуйидаги реквизитлар бўлиши керак:
аккредитивнинг амал қилиш муддати;
аккредитив очилаётган шартноманинг тартиб рақами ва санаси;
буюртманинг тартиб рақами;
буюртма берилган сана;
товарнинг (иш, хизмат) номи;
тўловларни амалга ошириш учун асос бўлган ҳужжатнинг тури;
қўшимча шартлар.
17. Агар таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, тўлов ҳужжатларини тўлдиришда маблағларни тўловчи ва олувчининг қисқартирилган фирма номидан фойдаланиш мумкин.
18. Тўлов ҳужжатлари техник воситалардан фойдаланган ҳолда тўлдирилади. Тўлов ҳужжатларини бўяш, чизиш ва тузатишга йўл қўйилмайди.
19. Тўлов топшириқномасида унинг банкка тақдим этилган ва валюталаш санаси кўрсатилади.
Тўлов топшириқномасида кўрсатилган валюталаш санаси тўлов топшириқномаси тақдим этилган санадан эътиборан ўн кундан ошмаслиги керак.
20. Мижозлар томонидан тақдим этилган тўлов ҳужжатларининг расмийлаштирилиши ва улардаги маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик мижознинг ушбу тўлов ҳужжатини имзолаган шахслари зиммасига юклатилади.
Тизим орқали юборилган тўлов ҳужжатларининг қоғоз шаклдаги асл нусхалари банкка тақдим этилмайди. Бунда Тизим орқали юборилган тўлов ҳужжатларидаги маълумотларнинг тўғрилигига мижоз жавобгар ҳисобланади.
21. Банкда 2-сон картотекага кирим қилинган тўлов ҳужжатлари бўйича якуний тўлов автоматик тарзда амалга оширилади. Бунда тўлов ҳужжатининг «Тўлов мақсади» графасида якуний тўлов амалга оширилганлигини билдирувчи «Я/т» белгиси, тўлов ҳужжатининг рақами, санаси ва дастлабки суммаси кўрсатилади.
22. Банк томонидан қоғоз шаклдаги тўлов ҳужжатлари қуйидаги ҳолларда ижрога қабул қилинади:
тўлов ҳужжатларидаги имзолар (раҳбарлик вазифаларини ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширадиган шахснинг) ва муҳр изи шахсий варақчада кўрсатилган намунага мувофиқ бўлганда, бундан мазкур банднинг бешинчи хатбошисида назарда тутилган талаб мустасно;
якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликларидан тўлов ҳужжатларидаги имзо шахсий варақчада кўрсатилган намунага мувофиқ бўлган тақдирда, банк томонидан ижрога қабул қилинади.
Тўлов ҳужжатлари шахсий варақчага имзо қўйган шахслар томонидан имзоланиши шарт. Тўлов ҳужжатларини факсимиле усулида нусха кўчириш воситаларидан фойдаланган ҳолда имзолаш тақиқланади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим қилинган тўлов ҳужжатларига муҳр қўйиш ёки ҳужжатларни муҳр билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Тўлов ҳужжатларига мазкур бандда назарда тутилмаган бошқа ҳужжатларни илова қилинишига талаблар белгиланиши мумкин эмас.
Банк томонидан электрон шаклдаги тўлов ҳужжатлари банк ва мижоз ўртасида тузиладиган шартномага асосан идентификация воситалари орқали тасдиқланган ҳолда қабул қилинади.
23. Банк ҳисобварағи шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қоғоз шаклдаги тўлов ҳужжатлари банк операция куни давомида банкнинг мижозлар билан ишлаш вақтидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.
Электрон шаклдаги тўлов ҳужжатлари банкнинг мижозлар билан ишлаш вақтидан қатъи назар тўлов ҳужжатининг санаси билан у тақдим этилган сана мос келган ҳолларда ижрога қабул қилинади.
24. Банк ҳисобварағидаги маблағлар қуйидагилар асосида ҳисобдан чиқарилади:
қоғоз шаклдаги тўлов ҳужжатларининг асл нусхалари;
тўлов тизимлари орқали олинган электрон шаклдаги тўлов ҳужжатлари;
Тизимдан фойдаланувчиларнинг умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқлари орқали юборган электрон шаклдаги тўлов ҳужжатлари ва тўловни амалга оширишга розиликлари;
электрон тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган транзакциялар бўйича тузилган электрон шаклдаги ҳужжатлар.
25. Мижознинг ҳисобварағига маблағлар қуйидагилар асосида кирим қилинади:
тўлов ҳужжатларининг қоғоз шаклдаги асл нусхаси ёки Тизим орқали юборилган электрон шаклдаги тўлов ҳужжатлари;
тўлов тизимлари орқали келиб тушадиган электрон шаклдаги тўлов ҳужжатлари;
электрон тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган транзакциялар бўйича тузилган электрон шаклдаги ҳужжатлар.
26. Тўлов ҳужжатларининг нусхалари, шунингдек маблағларни кирим қилиш ёки ҳисобдан чиқариш амалга ошириладиган электрон шаклдаги тўлов ҳужжатлари мижознинг ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи масъул ходим томонидан имзоланади.
Мижознинг ҳисобварағига хизмат кўрсатувчи масъул ходим тўлов ҳужжатини тўловга қабул қилиш ва маблағларни тўлаш саналарини кўрсатади ҳамда ўзига бириктирилган банк штампи билан тасдиқлайди.
27. Маблағларни олувчининг банки томонидан Тизим орқали тақдим этилган электрон шаклдаги тўлов ҳужжатлари рўйхат кўринишида чоп этилади ва банкнинг бухгалтерия кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади. Электрон шаклдаги тўлов ҳужжатларини маблағларни олувчига тақдим қилиш тартиби банк ва мижоз ўртасидаги шартномада белгиланади.
3-боб. Мемориал ордерлар билан ҳисоб-китоблар
28. Мемориал ордер банклар томонидан фойдаланиладиган нақд пулсиз тўлов ҳужжати бўлиб, ундан қуйидаги ҳолларда фойдаланилади:
мижозлар билан боғлиқ банк операциялари бўйича ҳисоб-китобларда;
банк хизматларини кўрсатиш бўйича ҳисоб-китобларда;
банкларнинг ички операцияларида;
тўлов ҳужжатлари бўйича қисман тўлов амалга оширилганда;
кўзда тутилмаган ҳолатлар бўйича бухгалтерия ўтказмалари амалга оширилганда;
мижознинг қарздорлик маблағларини қоплашда, агар ушбу талаб банк билан мижоз ўртасида тузилган шартномада белгилаб қўйилган бўлса;
бухгалтерия ҳисобидаги хато ёзувларни тузатишда;
жисмоний шахсларнинг (якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги деҳқон хўжаликларидан ташқари) ёзма мурожаати бўйича маблағларни нақд пулсиз шаклда ўтказишни амалга оширишда, бунда тўлов амалга оширилгандан сўнг, мазкур мурожаат мемориал ордер билан бирга банкнинг бухгалтерия кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади;
мижозлар билан тузиладиган шартномаларда назарда тутилган бошқа ҳолларда.
29. Банкда 2-сон картотекага кирим қилинган тўлов ҳужжатлари бўйича қисман тўлов автоматик тарзда амалга оширилади. Бунда мемориал ордерларнинг «Тўлов мақсади» графасида қисман тўлов амалга оширилганлигини билдирувчи «Қ/т» белгиси, тўлов ҳужжатининг рақами, санаси ва дастлабки суммаси кўрсатилади.
30. Банк тўловчи сифатида қатнашганда ва бухгалтерия ҳисобидаги хато ёзувларни тузатишда фойдаланадиган мемориал ордерлар банк раҳбарининг ва бош бухгалтернинг имзолари (шу жумладан электрон рақамли имзолари) билан тасдиқланиши лозим. Бошқа ҳолларда мемориал ордерлар мазкур операцияни амалга оширган масъул ходимларнинг (бэк-офис бошлиғи, етакчи бухгалтер) имзолари (шу жумладан, электрон рақамли имзолари) билан тасдиқланади.
31. Мемориал ордерлар билан амалга оширилган операцияларнинг тўғрилиги бўйича жавобгарлик мазкур тўлов ҳужжатларини имзолаган шахслар зиммасига юклатилади.
4-боб. Тўлов топшириқномалари билан ҳисоб-китоблар
32. Тўлов топшириқномаси мижознинг унга хизмат кўрсатувчи банкка ўз ҳисобварағидан топшириқномада белгиланган суммани маблағларни олувчининг ҳисобварағига ўтказиш тўғрисидаги топшириғи назарда тутилган тўлов ҳужжатидир.
33. Тўлов топшириқномалари билан товарлар (ишлар, хизматлар), солиқлар ва йиғимлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар амалга оширилиши мумкин.
Солиқлар ҳамда йиғимларни тўлаш учун тўлов топшириқномалари солиқ тўловчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтидаги шахсий кабинети орқали тақдим этилиши мумкин.
34. Банк ҳисобварағи шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тўлов топшириқномаси банк томонидан мижознинг ҳисобварағида маблағлар мавжуд бўлгандагина қабул қилинади, бундан солиқлар ва йиғимлар бўйича тақдим этилган тўлов топшириқномалари мустасно.
35. Мижознинг ҳисобварағида маблағ бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, мижознинг солиқлар ва йиғимлар бўйича тақдим этган тўлов топшириқномалари банк томонидан ижро учун қабул қилинади.
Мижознинг ҳисобварағида етарли маблағ бўлмаган тақдирда, банк томонидан мижознинг солиқлар ва йиғимлар билан боғлиқ тўлов топшириқномалари 2-сон картотекада ҳисобга олинади ва маблағларнинг етарли бўлган қисми доирасида қисман тўлов амалга оширилади, бунда тўлов топшириқномасининг орқа томонида қисман тўлов амалга оширилган сана, тўланган сумма ва қолдиқ кўрсатилади ҳамда имзо қўйилади. Тўлов топшириқномасидаги сумманинг қолган қисми маблағларнинг келиб тушишига қараб қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.
Тизим орқали тақдим қилинган тўлов топшириқномалари асосида амалга оширилган қисман тўловлар ҳисоби дастурий равишда юритилиши мумкин.
Мижознинг ҳисобварағида маблағ бўлмаган тақдирда, солиқлар ва йиғимлар бўйича тақдим этилган тўлов топшириқномалари 2-сон картотекага кирим қилинади ҳамда маблағларнинг келиб тушишига қараб қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.
Мижоз томонидан солиқлар ва йиғимлар бўйича тақдим этилган тўлов топшириқномалари тегишли солиқ органининг ёзма ёки электрон шаклдаги мурожаати, суд қарори ҳамда маблағларни тўловчининг тугатилганлигини тасдиқловчи маълумотлар асосида 2-сон картотекадан чақириб олиниши мумкин.
36. Тўлов топшириқномасининг «Ҳужжат санаси» графасидаги сана у банкка тақдим этилган сана билан бир хил бўлиши керак, улар мос келмаган тақдирда, тўлов топшириқномаси банк томонидан ижро учун қабул қилинмайди.
Агар валюталаш санаси дам олиш кунига тўғри келадиган бўлса, бенефициарнинг банки валюталаш санаси деб белгиланган кундан кейинги биринчи иш кунида пул маблағларини бенефициарнинг банк ҳисобварағига ўтказади.
37. Мижоз пенсиялар, алиментлар ва бошқа тўловларни тўлаш бўйича маблағларни ўтказишга асос бўлган тўлов топшириқномаларини барча зарур ҳужжатлар (маълумотномалар, ўтказмалар рўйхати ва бошқалар) билан бирга, ушбу тўловларни амалга оширувчи ташкилот ёки банкка тақдим этади.
Ушбу ҳужжатлар банкка мижоз билан тузилган шартномада белгиланган шаклларда тақдим қилиниши мумкин.
38. Хўжалик юритувчи субъектнинг кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлари учун ўз ҳисобварағидаги маблағлардан фойдаланиши Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 2342, 2012 йил 15 март) мувофиқ тўлов топшириқномалари асосида амалга оширилади. Бунда тўлов топшириқномасининг «Тўлов мақсади» графасига «Кечиктириб бўлмайдиган эҳтиёжлар суммаси ҳисобидан» деб ёзиб қўйилади.
39. Қоғоз шаклдаги тўлов топшириқномалари банкка икки нусхада тақдим қилинади. Бунда тўлов амалга оширилгандан сўнг, тўлов топшириқномасининг:
биринчи нусхаси банкнинг бухгалтерия кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади;
иккинчи нусхаси маблағларни тўловчининг шахсий ҳисобварағидан кўчирмага илова қилинган ҳолда маблағларни тўловчига тақдим қилинади.
40. Тизимдан фойдаланувчилардан умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқлари орқали олинган электрон шаклдаги тўлов топшириқномаси дастурий назоратдан ўтказилади ва қайта ишлаш учун узатилади. Электрон шаклдаги тўлов топшириқномаси тўлов амалга оширилганидан сўнг, рўйхат кўринишида чоп этилади ва банкнинг бухгалтерия кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.
Маблағларни тўловчининг банки томонидан ижро этилган тўлов топшириқномасининг нусхасини маблағларни тўловчига унинг шахсий ҳисобварағидан кўчирмага илова қилган ҳолда тақдим этиш тартиби мижоз ва банк ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.
Маблағларни олувчининг банкига тўлов тизими орқали келиб тушган электрон шаклдаги тўлов топшириқномалари рўйхат кўринишда чоп этилади ва банкнинг бухгалтерия кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.
Маблағларни олувчининг банкига тўлов топшириқномаси келиб тушганлиги ҳақида маблағларни олувчига хабар бериш ҳамда тўлов топшириқномасининг нусхасини маблағларни олувчига унинг шахсий ҳисобварағидан кўчирмага илова қилган ҳолда тақдим этиш тартиби мижоз ва банк ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.
5-боб. Тўлов талабномалари билан ҳисоб-китоблар
41. Тўлов талабномаси маблағларни тўловчининг ҳисобварағидан унда кўрсатилган суммани тўлаш тўғрисидаги маблағларни олувчининг талаби назарда тутилган тўлов ҳужжати ҳисобланади.
Тўлов талабномаси фақат асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига тақдим этилиши мумкин, бундан чет эл валютасидаги банк ҳисобварақларига тақдим этиладиган тўлов талабномалари мустасно.
42. Тўлов талабномаси товарлар (ишлар, хизматлар), шунингдек маблағларни олувчи ҳамда тўловчи ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган бошқа тўловлар бўйича тақдим этилиши мумкин.
43. Тўлов талабномалари қуйидаги турларга бўлинади:
акцептли тўлов талабномаси, унга мувофиқ тўлов талабномасида назарда тутилган тўловлар маблағларни тўловчи томонидан акцептланганидан кейин амалга оширилади;
акцептсиз тўлов талабномаси, унга мувофиқ тўлов талабномасида назарда тутилган тўловлар маблағларни тўловчининг розилиги бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар амалга оширилади.
Тўлов талабномалари қоғоз шаклда ёки Тизим орқали электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.
44. Товар етказиб берувчи тўлов талабномасининг «Тўлов мақсади» графасида:
шартнома тури, санаси ва тартиб рақами;
товарни жўнатиш (топшириш) санаси ва товар-транспорт ёки қабул қилиш-топшириш ҳужжатлари рақами ҳамда транспорт тури, товарлар почта алоқаси орқали жўнатилганда — почта квитанцияларининг рақами;
товарлар сотиб олувчининг транспорт воситаси билан олиб кетилганда «__-сон ишонч хати асосида сотиб олувчининг транспорт воситаси билан олиб чиқиб кетилган» деган ёзув кўрсатилади.
45. Қоғоз шаклдаги тўлов талабномаси маблағларни олувчи томонидан мазкур Низомнинг 6-иловасига мувофиқ шаклдаги икки нусхада тузилган реестр билан бирга унга хизмат кўрсатувчи банкка ёки тўловчининг банкига тақдим қилинади.
Реестрнинг биринчи нусхаси ташкилот раҳбари ҳамда бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахс томонидан имзоланган ҳамда ташкилот муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак, бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим қилинган реестрда муҳр изининг мавжудлиги талаб этилмайди. Реестрнинг биринчи нусхаси қабул қилиш санаси кўрсатилиб, банк масъул ходимининг имзоси ва банк томонидан унга бириктириб қўйилган банк штампи билан тасдиқланган ҳолда банкда қолади.
Реестрнинг иккинчи нусхаси банк томонидан қабул қилинган санаси кўрсатилиб, масъул ходимнинг имзоси ва банк томонидан унга бириктириб қўйилган банк штампи билан тасдиқланган ҳолда маблағларни олувчига қайтарилади.
46. Қоғоз шаклидаги акцептли тўлов талабномалари:
а) маблағларни тўловчи ва олувчига банкнинг битта филиали томонидан хизмат кўрсатилганда, тўлов талабномаси икки нусхада тақдим қилинади.
Бунда тўлов талабномасининг биринчи нусхаси банкда қолдирилади. Тўлов талабномасининг иккинчи нусхаси кейинги операция кунидан кечиктирмай (бундан маблағларни тўловчи ёки унинг вакили белгиланган муддатда банкка ташриф буюрмаган ҳоллар мустасно), банк томонидан қабул қилиш санаси кўрсатилиб акцептлаш учун маблағларни тўловчи ёки унинг вакилига топширилади;
б) маблағларни тўловчи ва олувчига бир банкнинг турли филиаллари ёки турли банклар томонидан хизмат кўрсатилганда, тўлов талабномалари икки нусхада тақдим қилинади. Тўлов талабномаси маблағларни олувчининг банкига тақдим қилинган бўлса, тўлов талабномасининг барча нусхалари маблағларни тўловчининг банкига юборилади. Бунда маблағларни тўловчининг банкида тўлов талабномасининг:
биринчи нусхаси банкда қолдирилади;
иккинчи нусхаси кейинги операция кунидан кечиктирмай (бундан тўловчи ёки унинг вакили белгиланган муддатда банкка ташриф буюрмаган ҳоллар мустасно), банк томонидан қабул қилиш санаси кўрсатилади ва акцептлаш учун тўловчи ёки унинг вакилига топширилади.
Тўлов талабномаси келиб тушганлиги ҳақида маблағларни тўловчига хабар бериш ҳамда Тизимдан фойдаланувчи маблағларни тўловчи томонидан тўлов талабномаси билан танишганлигини тасдиқлаш тартиби мижоз ва банк ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.
47. Акцептли тўлов талабномасининг нусхаси маблағларни тўловчининг банкига келиб тушган кундан кейинги операция кунидан кечиктирмасдан, маблағларни тўловчи ёки унинг вакилига «Тўлов муддатини кутаётган тўлов ҳужжатлари» журналида ва ушбу тўлов талабномаси биринчи нусхасининг юқори ўнг бурчагига имзо қўйдирган ҳолда топширилади. Бунда топширилган акцептли тўлов талабномаси 1-сон картотекада ҳисобга олинади.
Тизим орқали топширилган акцептли тўлов талабномаларининг олинганлиги маблағларни тўловчи томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланади. Бунда ушбу тўлов талабномаларининг ҳисоби электрон шаклдаги «Тўлов муддатини кутаётган тўлов ҳужжатлари» журналида юритилади ҳамда 1-сон картотекада ҳисобга олинади.
48. Акцептли тўлов талабномаларини акцептлаш муддати улар маблағларни тўловчига топширилган кундан кейинги кундан бошлаб беш операция кунини ташкил қилади.
Бунда маблағларни тўловчининг аризасига асосан акцептли тўлов талабномалари улар топширилган кундан кейинги кундан бошлаб ўн операция куни ичида акцептланиши мумкин.
Маблағларни тўловчи мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатлар ва муддатларда ёзма ёки электрон равишда тўлов талабномасини акцептлашни тўла ёки қисман рад этиши мумкин.
49. Акцептли тўлов талабномаси келиб тушган кундан бошлаб ўн операция куни ичида банк томонидан маблағларни тўловчига топшириш имкони бўлмаган, шу жумладан ушбу муддатда маблағларни тўловчи Тизимга кирмаган ҳолларда тўлов талабномасига банк томонидан «Мижознинг келмаганлиги сабабли ижро этилмади» деган ёзув киритилади ва ижро этилмасдан қайтариб юборилади.
Бунда, мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ўн операция куни ичида маблағларни тўловчининг топшириғига асосан унинг ҳисобварағидан маблағларни ҳисобдан чиқариш, шу жумладан нақд пул бериш операциялари амалга оширилган бўлмаслиги керак, бундан Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтидаги солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали юборилган тўлов топшириқномалари асосида тўловларни амалга ошириш ҳолатлари мустасно.
50. Маблағларни тўловчининг тўлов талабномасини акцептлашни тўла ёки қисман рад этиш тўғрисидаги аризасида рад этиш сабаблари кўрсатилади ҳамда унинг шахсий варақчасида кўрсатилган шахслар томонидан имзоланади (Тизим орқали юборган ҳолларда электрон рақамли имзо билан тасдиқланади).
51. Акцептли тўлов талабномаси тўловчининг рухсати билан ижро қилинади. Дебиторлик-кредиторлик қарзларини солиштириш далолатномаси, етказиб берилган товарлар (бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар) бўйича расмийлаштирилган далолатноманинг тўлов талабномасига илова қилиниши маблағларни акцептсиз равишда ҳисобдан чиқариш учун асос бўлмайди.
52. Акцептли тўлов талабномаси қисман рад этилганда, тўлов акцептланган сумма доирасида амалга оширилади. Маблағларни тўловчининг банки акцептлаш қисман рад этилганлиги ҳақида маблағларни олувчининг банкини уч операция куни ичида хабардор қилади.
Маблағларни тўловчининг ҳисобварағида маблағ бўлмаган тақдирда, тўлов талабномаси акцептланган сумма доирасида 2-сон картотекада ҳисобга олинади.
53. Маблағларни тўловчи томонидан тўлов талабномасини акцептлаш тўла рад этилганда, тўлов талабномаси шу куннинг ўзида 1-сон картотекадан ҳисобдан чиқарилади ҳамда тўлов талабномасини акцептлашни тўла рад этиш тўғрисидаги аризанинг нусхаси билан бирга маблағларни олувчининг банкига ижро этилмасдан кейинги операция кунидан кечикмаган ҳолда қайтариб юборилади.
54. Тўлов талабномаси мазкур Низомнинг 48-бандида белгиланган муддатларда тўлов талабномасини акцептлаш ёки рад этиш (тўлиқ ёки қисман) тўғрисида унинг юқоридаги ўнг бурчагига маблағларни тўловчининг шахсий варақчасида кўрсатилган шахслар томонидан белги ва имзо қўйилган ҳолда маблағларни тўловчининг банкига қайтарилиши керак, бундан тўлов талабномалари акцептлаш учун Тизим орқали тақдим қилинган ҳоллар мустасно.
Маблағларни тўловчи белгиланган муддатда тўлов талабномасини акцептлаши ёки рад этиши (тўлиқ ёки қисман) тўғрисида маълум қилмаган тақдирда, тўлов талабномаси банк томонидан умумий тартибда акцептланган ҳисобланади ҳамда тўлов амалга оширилади.
55. Тўлов талабномасини акцептлашни тўла ёки қисман рад этиш сабаблари банклар томонидан кўриб чиқилмайди.
56. Маблағлар қуйидаги ҳолларда акцептсиз ҳисобдан чиқарилади:
тўлов талабномасига маблағларни тўловчининг суммани тан олганлиги тўғрисидаги ёзма хатининг асл нусхаси илова қилинганда;
банклар томонидан маблағларни тўловчининг банкига унинг кредитлари ва уларга ҳисобланган фоизлари бўйича муддатида тўланмаган қарзларни ундириш учун;
банкдан олинган кредитлар ва уларга ҳисобланган фоизлар бўйича муддатида тўланмаган қарздорликни кафил бўлган шахсдан ундириш учун, бундан кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган ҳоллар мустасно;
қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
57. Қоғоз шаклдаги акцептсиз тўлов талабномалари банкка:
маблағларни тўловчи ва олувчига банкнинг битта филиали томонидан хизмат кўрсатилганда, тўлов талабномалари икки нусхада тақдим қилинади;
маблағларни тўловчи ва олувчига бир банкнинг турли филиаллари ёки турли банклар томонидан хизмат кўрсатилганда, тўлов талабномалари икки нусхада тақдим қилинади. Бунда тўлов талабномаси маблағларни олувчининг банкига тақдим қилинган бўлса, унинг барча нусхалари маблағларни тўловчининг банкига юборилади.
58. Маблағларни тўловчининг банки акцептсиз тўлов талабномалари асосида маблағларни ҳисобдан чиқарганда, тўлов талабномаси олд қисмининг юқори ўнг бурчагига “Акцептсиз” деган ёзув киритади ва тўловни амалга оширади.
59. Акцептланган, қисман акцептланган ёки акцептсиз тўлов талабномаси асосида тўлов амалга оширилгандан кейин, маблағларни тўловчининг банки томонидан тўлов талабномасининг:
биринчи нусхаси банкнинг бухгалтерия кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикилади;
иккинчи нусхаси маблағларни тўловчининг ҳисобварағидан кўчирма билан биргаликда тўловчига берилади. Бунда, тўлов талабномасининг нусхасини маблағларни тўловчига унинг шахсий ҳисобварағидан кўчирмага илова қилган ҳолда тақдим этиш тартиби мижоз ва банк ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.
60. Маблағларни тўловчининг ҳисобварағида маблағлар етарли бўлган ва тўлов талабномалари мазкур Низом талабларига мувофиқ тақдим этилган тақдирда, тўлов мазкур Низомнинг 4-бандида белгиланган муддатларда амалга оширилади.
Маблағларни тўловчининг ҳисобварағида етарли маблағ бўлмаган тақдирда, акцептланган ёки акцептсиз тўлов талабномалари банк томонидан 2-сон картотекада ҳисобга олинади ва маблағларнинг етарли бўлган қисми доирасида тўлов амалга оширилади, бунда тўлов талабномасининг орқа томонида қисман тўлов амалга оширилган сана, қисман тўланган сумма ва қолдиқ кўрсатилиб, имзо қўйилади. Тўлов талабномаси бўйича сумманинг қолган қисми маблағларнинг келиб тушишига қараб тўлаб борилади.
Маблағларни тўловчининг ҳисобварағида маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, акцептланган ёки акцептсиз тўлов талабномалари 2-сон картотекада ҳисобга олинади ҳамда бу ҳақда уч операция кунидан кечикмай маблағларни олувчининг банкига хабар берилади ва маблағларнинг келиб тушишига қараб тўлаб борилади.
Тизим орқали тақдим қилинган тўлов талабномалари асосида амалга оширилган қисман тўловлар ҳисоби дастурий равишда юритилади.
61. Акцептли ва акцептсиз тўлов талабномаларининг 2-сон картотекадан ҳисобдан чиқарилиши суд қарорига, маблағларни олувчининг аризасига ва маблағларни олувчининг фаолияти тугатилганлигини тасдиқловчи маълумотномага асосан амалга оширилади ҳамда ижро этилмасдан қайтариб юборилади.
62. Маблағларни олувчининг банкига тўлов тизими орқали келиб тушган электрон шаклдаги тўлов талабномалари рўйхат кўринишида чоп этилади ва банкнинг бухгалтерия кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.
Электрон шаклдаги тўлов талабномасининг нусхасини маблағларни олувчига унинг шахсий ҳисобварағидан кўчирмага илова қилган ҳолда тақдим этиш тартиби мижоз ва банк ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.
63. Тўлов талабномаси битта операция бўйича такроран тақдим этилиши мумкин эмас, бундан дастлабки тўлов талабномаси маблағларни тўловчининг банкига келиб тушмаган ҳоллар мустасно.
6-боб. Инкассо топшириқномалари билан ҳисоб-китоблар
64. Инкассо топшириқномаси унда кўрсатилган маблағларни тўловчининг банки ҳисобварағидан сўзсиз равишда ҳисобдан чиқариш бўйича маблағларни олувчининг топшириғи назарда тутилган тўлов ҳужжати.
Инкассо топшириқномаси маблағларни тўловчининг фақат асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига тақдим этилиши мумкин, бундан чет эл валютасидаги банк ҳисобварақларига тақдим этиладиган инкассо топшириқномаси мустасно.
65. Қуйидагилар инкассо топшириқномаларини тақдим этиш ҳуқуқига эга:
а) давлат солиқ хизмати органлари — ўз муддатида тўланмаган бюджет тизимига ўтказиладиган солиқлар ва йиғимларни ундириш тўғрисида;
б) божхона органлари — ўз муддатида тўланмаган божхона тўловларини ундириш тўғрисида;
в) давлат ижрочилари ва ундирувчилар ижро ҳужжатлари бўйича пул маблағларини ундириш тўғрисида;
г) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — Ўзбекистон Республикасининг берилган давлат кафолатлари билан амалга оширилган тўловлар ва улар билан боғлиқ харажатлар суммасини қарз олувчидан ундириш ҳамда бюджет ссудаси ёки кредит линияси, шу жумладан фоизларни қайтариш тўғрисида;
д) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (бундан буён матнда Жамғарма деб юритилади) — Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат агентларига («Ўзпахтасаноат» АЖ, «Ўздонмаҳсулот» АЖ, «Ўзагролизинг» АЖ, «Ўзмашлизинг» МЧЖ) ажратилган мақсадли маблағларни қайтариш бўйича мажбуриятлар тижорат агентлари томонидан бажарилмаган тақдирда, уларнинг банк ҳисобварақларига;
е) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги — давлат активларини сотиш бўйича олди-сотди шартномалари ва давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш шартномалари бўйича тадбиркорлик субъектлари тан олган қарздорликларни ундириш тўғрисида.
66. «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар ижро ҳужжатлари ҳисобланади.
67. Инкассо топшириқномаси ижро ҳужжатлари асосида тақдим этилганда, унга ижро ҳужжатининг асл нусхаси, агар асл нусхаси йўқолган бўлса — дубликати илова қилинади, бундан электрон шаклда тақдим этилган ҳолатлар мустасно.
Маблағларни ижро ҳужжатларининг нусхалари асосида ҳисобдан чиқариш тақиқланади.
Ижро ҳужжатлари асосида тақдим этилган инкассо топшириқномасининг «Тўлов мақсади» графасида ижро ҳужжатининг номи, тартиб рақами ва санаси кўрсатилади.
68. Инкассо топшириқномаларининг тўғри тақдим этилиши бўйича жавобгарлик инкассо топшириқномасини тақдим этган органлар зиммасига юклатилади. Инкассо топшириқномалари бўйича тўловларни маблағларни тўловчиларнинг ҳисобварақларидан сўзсиз равишда ҳисобдан чиқаришга оид эътирозлар банк томонидан кўриб чиқилмайди.
69. Инкассо топшириқномалари бўйича маблағларни ундириб олишни тўхтатиб қўйиш ёки чақириб олиш инкассо топшириқномасини тақдим этган орган томонидан ёки ундирувчининг аризасига кўра ёхуд суд қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Инкассо топшириқномаси суд қарорига асосан ёки тўловчи тугатилганлигини тасдиқловчи маълумот мавжуд ҳолларда бекор қилиниши мумкин.
70. Инкассо топшириқномаси маблағларни тўловчи ёки олувчининг банкига қоғоз ва электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.
Қоғоз шаклдаги инкассо топшириқномаси маблағларни тўловчининг банкига тақдим этилганда, ундаги реквизитлар маблағларни олувчининг банки томонидан текширилади ҳамда текширган масъул ходимга бириктирилган штамп билан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг шахсий ғазна ҳисобварақларига маблағларни ундиришни назарда тутувчи инкассо топшириқномалари маблағларни олувчининг банки томонидан тасдиқланиши талаб этилмайди.
71. Инкассо топшириқномаси битта операция бўйича такроран тақдим этилиши мумкин эмас, бундан дастлабки инкассо топшириқномаси маблағларни тўловчининг банкига келиб тушмаган ҳоллар мустасно.
72. Қоғоз шаклдаги инкассо топшириқномаси маблағларни олувчи ёки тўловчининг банкига уч нусхада тақдим қилинади. Бунда инкассо топшириқномасининг:
биринчи ва иккинчи нусхалари ижро учун банкда қолдирилади;
учинчи нусхаси қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда инкассо топшириқномасини қабул қилиб олган масъул ходим томонидан имзоланади ва унга бириктирилган банк штампи билан тасдиқланиб, инкассо топшириқномасини тақдим этган шахсга қайтариб берилади.
Маблағларни олувчининг банкига тақдим этилган инкассо топшириқномасининг биринчи ва иккинчи нусхалари «Тўлов ҳужжатларини расмийлаштириш» журналида қайд этилган ҳолда почта хизмати орқали маблағларни тўловчининг банкига юборилади.
Электрон шаклдаги инкассо топшириқномаси тўлов ҳужжатларини тақдим этиш тизими орқали маблағларни тўловчининг банкига электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда ижро учун юборилади.
73. Маблағларни тўловчининг банки томонидан тўлиқ бажарилган қоғоз шаклдаги инкассо топшириқномасининг:
биринчи нусхаси банкнинг бухгалтерия кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади;
иккинчи нусхаси шахсий ҳисобварағидан кўчирма билан бирга маблағларни тўловчига тақдим этилади.
Электрон шаклда тақдим этилган инкассо топшириқномаларнинг ҳисоби банкда дастурий равишда юритилади.
Маблағларни тўловчининг банки томонидан тўлиқ бажарилган электрон шаклдаги инкассо топшириқномасининг нусхасини шахсий ҳисобварағидан кўчирма билан бирга маблағларни тўловчига тақдим этиш тартиби банк ва мижоз ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.
74. Маблағларни олувчининг банкига тўлов тизими орқали келиб тушган электрон шаклдаги инкассо топшириқномалари рўйхат кўринишида чоп этилади ва банкнинг бухгалтерия кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади.
Электрон шаклдаги инкассо топшириқномасининг нусхасини маблағларни олувчига унинг шахсий ҳисобварағидан кўчирмага илова қилган ҳолда тақдим этиш тартиби мижоз ва банк ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.
75. Маблағларни тўловчининг ҳисобварағида етарли маблағ бўлмаган тақдирда, инкассо топшириқномаси банк томонидан 2-сон картотекада ҳисобга олинади ва маблағларнинг етарли бўлган қисми доирасида тўлов амалга оширилади, бунда инкассо топшириқномасининг орқа томонида қисман тўлов амалга оширилган сана, қисман тўланган сумма ва қолдиқ кўрсатилиб, имзо қўйилади.
Инкассо топшириқномаси бўйича сумманинг қолган қисми маблағларнинг келиб тушишига қараб тўлаб борилади.
Тўлов ҳужжатларини тақдим этиш тизими орқали юборилган инкассо топшириқномаси асосида амалга оширилган қисман тўловлар ҳисоби дастурий равишда юритилади.
76. Маблағларни тўловчининг ҳисобварағида маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, инкассо топшириқномаси 2-сон картотекада ҳисобга олинади ҳамда маблағларнинг келиб тушишига қараб тўлаб борилади.
77. Инкассо топшириқномаси 2-сон картотекада ҳисобга олинганлиги ва тўлов суммаси ҳақида у келиб тушган кундан кейинги операция кунидан кечикмай маблағларни олувчининг банкига ёки маблағларни олувчига хабар берилади.
78. Маблағларни тўловчининг банки инкассо топшириқномасининг ўз айби билан бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
7-боб. Аккредитивлар бўйича ҳисоб-китоблар
79. Аккредитивга ариза маблағларни тўловчи томонидан шартномада кўрсатилган суммани олувчининг аккредитив бўйича ҳисоб-китоблар учун очилган банк ҳисобварағига ўтказишида қўлланиладиган тўлов ҳужжати.
Аккредитив бўйича ҳисоб-китоб қилинганида тўловчининг топшириғи билан ва унинг кўрсатмаларига мувофиқ аккредитив очган банк (банк-эмитент), маблағларни олувчи ёки у кўрсатган шахс ҳужжатларни тақдим этган ва аккредитивда назарда тутилган бошқа шартларни бажарган тақдирда тўловни амалга ошириш мажбуриятини олади.
Аккредитив бўйича халқаро ҳисоб-китобларда чет эл банклари иштирок этганда, ушбу операциялар Халқаро савдо палатасининг стандартлари асосида амалга оширилади.
80. Аккредитивнинг амал қилиш муддати ва у бўйича ҳисоб-китоб қилиш тартиби маблағларни тўловчи ва олувчи ўртасидаги шартномада белгилаб қўйилади.
Бунда шартнома қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:
маблағларни тўловчининг банки номи;
аккредитивнинг тури ва уни бажариш усули;
аккредитив очилганлиги ҳақида маблағларни олувчини хабардор қилиш усули;
аккредитив бўйича маблағлар олиш учун маблағларни олувчи томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхати ва аниқ тавсифи;
товарлар жўнатилганидан (хизматлар кўрсатилганидан, ишлар бажарилганидан) кейин ҳужжатларни тақдим этиш муддатлари, уларни расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар.
Мазкур бандда назарда тутилган талабларга риоя қилинмаганда аккредитив бўйича шартнома тузилмайди ва аккредитив очилмайди.
81. Аккредитив қопланган (депонентланган) ва қопланмаган бўлиши мумкин.
Қопланган (депонентланган) аккредитив очилган тақдирда маблағларни тўловчининг банки уни очиш вақтида мижознинг маблағларини ёки унга берилган кредитни тўловчининг банки мажбуриятлари амал қилиб турадиган бутун муддатга маблағларни олувчининг банки ихтиёрига ўтказади.
Қопланмаган аккредитив очилган тақдирда маблағларни тўловчининг банки маблағларни олувчининг банкига аккредитивнинг бутун суммасини тўловчининг банкига маблағларни олувчининг банкида юритилаётган ҳисобварағидан ўчириш ҳуқуқини беради.
82. Аккредитивлар банклар томонидан 1-сон картотекада ва «Мижозларнинг аккредитивлар бўйича депозитлари» 22602 баланс ҳисобварағида ҳисобга олинади. Маблағларни олувчи учун унга хизмат кўрсатувчи банкда аккредитивлар бўйича алоҳида депозит ҳисобварақлари очилади.
83. Қопланган ва қопланмаган аккредитивлар ўзгартириш киритиш тартибига кўра чақириб олинадиган ва чақириб олинмайдиган турларга бўлинади. Аккредитивда унинг чақириб олинмаслиги назарда тутилмаган бўлса, бундай аккредитив чақириб олинадиган аккредитив ҳисобланади.
Чақириб олинадиган аккредитив маблағларни тўловчининг банки томонидан маблағларни олувчи билан олдиндан келишилмасдан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Аккредитивнинг чақириб олиниши тўловчининг банки учун ҳеч қандай мажбуриятни вужудга келтирмайди.
Чақириб олинадиган аккредитив шартларини ўзгартириш ёки бекор қилиш бўйича маблағларни тўловчининг топшириқлари маблағларни тўловчининг банки орқали берилади ва маблағларни тўловчининг банки томонидан маблағларни олувчининг банкига, олувчининг банки томонидан эса маблағларни олувчига хабар берилади.
84. Маблағларни олувчининг банки аккредитивни ўзгартириш ёки бекор қилиш бўйича хабарнома олмаган тақдирда, чақириб олинадиган аккредитив бўйича барча операцияларни амалга оширишга мажбур.
85. Чақириб олинмайдиган аккредитив маблағларни олувчининг розилигисиз ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин эмас.
86. Маблағларни олувчининг банки чақириб олинмайдиган аккредитивни маблағларни тўловчининг банки билан тузилган шартнома асосида тасдиқлаши мумкин. Бунда чақириб олинмайдиган аккредитив тасдиқланган аккредитив ҳисобланади.
Тасдиқланган аккредитивларда маблағларни олувчининг банки тўловни амалга ошириш бўйича қўшимча мажбуриятлар олади. Тасдиқланган аккредитив маблағларни олувчининг банки розилигисиз ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин эмас.
87. Аккредитивлар бўйича ҳисоб-китоблар, агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, нақд пулсиз тартибда амалга оширилади.
Аккредитивни бошқа шахслар номига қайта расмийлаштириш тақиқланади.
88. Маблағларни тўловчи аккредитив очиш учун унга хизмат кўрсатувчи банкка шартномани илова қилган ҳолда икки нусхада аккредитивга ариза билан мурожаат қилади. Бунда аризанинг (тўлов ҳужжатининг):
биринчи нусхаси тўловлар амалга оширилгандан сўнг банкнинг бухгалтерия кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади;
иккинчи нусхаси маблағларни тўловчининг шахсий ҳисобварағидан кўчирмага илова қилинади.
Аккредитив суммаси бир вақтнинг ўзида кўзда тутилмаган ҳолатлар балансдан ташқари ҳисобварағига кирим қилинади.
89. Қопланган аккредитивда назарда тутилган сумма маблағларни олувчининг банкида очилган ҳисобвараққа маблағларни тўловчининг аризасига (тўлов ҳужжати билан) асосан ўтказилади. Бунда маблағларни олувчининг банки аккредитивда назарда тутилган сумма маблағларни олувчининг ҳисобварағига келиб тушганлиги ҳақида уни хабардор қилади.
90. Маблағларни олувчининг банкига тўлов тизими орқали келиб тушган аккредитивга аризалар банк томонидан икки нусхада чоп этилиб, унинг бир нусхаси банкнинг бухгалтерия кунлик ҳужжатлар йиғмажилдига тикиб қўйилади, иккинчи нусхаси — 1-сон картотекада ҳисобга олинади.
91. Аккредитивнинг муддати тугагунига қадар маблағларни олувчи ва тўловчи ўртасида тузилган шартномада белгиланган ва маблағларни олувчи томонидан аккредитив шартлари бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар икки нусхада тақдим қилинган тақдирда, тегишли сумма унинг ҳисобварағига ўтказиб берилади. Бунда банк томонидан маблағларни олувчининг аккредитив шартларига риоя қилганлиги ҳамда уларнинг бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тўғри расмийлаштирганлиги текширилиши шарт.
92. Маблағларни тўловчи ва олувчи ўртасида тузилган аккредитив бўйича шартномада белгиланган шартларнинг биттаси бажарилмаган тақдирда ҳам аккредитив бўйича тўловлар амалга оширилмайди.
93. Маблағларни олувчининг ҳисобварағига маблағларни ўтказишда банк томонидан тўрт нусхада мемориал ордер расмийлаштирилиб, унинг «Тўлов мақсади» графасида тўлов қайси шартнома асосида амалга оширилаётган бўлса, шу шартноманинг тартиб рақами ва санаси кўрсатилади. Бунда мемориал ордернинг:
биринчи нусхаси тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси билан бирга банкнинг бухгалтерия кунлик ҳужжатлари йиғмажилдига тикиб қўйилади;
иккинчи ва учинчи нусхалари уларга тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси илова қилинган ҳолда маблағларни тўловчининг банкига юборилади;
тўртинчи нусхаси шахсий ҳисобварағидан кўчирма билан бирга маблағларни олувчига берилади ҳамда аккредитив бўйича тўланган сумма 1-сон картотекадан ҳисобдан чиқарилади.
94. Маблағларни тўловчининг банки томонидан аккредитивнинг ижро этилганлиги тўғрисидаги ҳужжат маблағларни олувчининг банкидан олинганидан сўнг, аккредитив суммаси 1-сон картотекадан ҳисобдан чиқарилади ва маблағларни олувчининг банки томонидан тақдим қилинган мемориал ордернинг бир нусхаси тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда маблағларни тўловчига берилади.
95. Аккредитив маблағларни олувчининг банкида:
аккредитив муддати тугаган бўлса;
маблағларни олувчининг аккредитив амал қилиш муддати тугагунга қадар ундан фойдаланишдан воз кечиши ҳақидаги аризасига кўра, агар бундай воз кечиш мумкинлиги аккредитив шартларида назарда тутилган бўлса;
маблағларни тўловчининг аккредитивни бутунлай ёки қисман чақириб олиш ҳақидаги талабига мувофиқ, агар бундай чақириб олишга аккредитив шартлари бўйича йўл қўйилса, ёпилади.
Аккредитив ёпилганлиги ҳақида маблағларни олувчининг банки маблағларни тўловчининг банкини хабардор қилиши керак.
96. Аккредитив маблағларни тўловчига хизмат кўрсатувчи банк томонидан хабарнома олинган кунда «Мижозларнинг аккредитивлар бўйича депозитлари» 22602 баланс ҳисобварағи тегишли суммадан кам бўлмаган суммага камайтирилади ёки ёпилади.
97. Қопланган (депонентланган) аккредитивнинг фойдаланилмаган суммаси аккредитив ёпилиши билан бир вақтда маблағларни тўловчининг банкига қайтариб берилиши керак. Маблағларни тўловчининг банки қайтариб берилган суммаларни маблағларни тўловчининг маблағлари депонентланган ҳисобварағига киритиб қўйиши шарт.
98. Аккредитивдан тўлиқ фойдаланилмаганлиги сабабли, маблағлар тўловчининг банкига қайтарилган тақдирда, банк томонидан очилган 1-сон картотека қайтарилган суммага тенг миқдорда камайтирилади.
99. Аккредитив бўйича қисман тўловлар амалга оширилган тақдирда, маблағларни тўловчининг банки ва маблағларни олувчининг банки амалга оширилган қисман тўловларни 1-сон картотекадан ҳисобдан чиқариб боради.
8-боб. Юридик шахсни қайта ташкил этиш ва тугатиш вақтида маблағларни ҳисобдан чиқариш
100. Қайта ташкил этилаётган (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) юридик шахснинг тўлов ҳужжатлари бўйича тўловлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ унинг асосий ҳисобварағидан амалга оширади.
101. Кредиторлар ва ҳуқуқий ворис ўртасида низо юзага келган тақдирда, маблағлар суд қарорига асосан ҳуқуқий вориснинг ҳисобварағидан ҳисобдан чиқарилади.
102. Тугатилаётган юридик шахснинг ҳисобварағидан маблағлар фақатгина тугатиш комиссияси томонидан тақдим этиладиган тўлов топшириқномалари асосида ҳисобдан чиқарилади ҳамда тугатилаётган юридик шахснинг барча ҳисобварақлари тугатиш комиссиясининг ихтиёрига ўтади.
Тугатилаётган юридик шахснинг шахсий варақчаси ўз кучини йўқотган деб топилиб, унинг ўрнига тугатиш комиссияси аъзоларининг имзо намуналари туширилган шахсий варақча расмийлаштирилади. Бунда имзо намуналари ўз кучини йўқотган деб топилмаган шахсларнинг топшириқларига асосан тугатилаётган юридик шахснинг ҳисобварақларидан маблағларнинг ҳисобдан чиқарилганлиги учун банклар жавобгар бўлмайди.
9-боб. Якуний қоидалар
103. Тўлов интизомига риоя қилмаган банклар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
104. Банкларнинг вакиллик ҳисобварақлари орқали ўтказиладиган операциялар, агар овердрафт (қисқа муддатли кредит бериш) назарда тутилмаган бўлса, банкларнинг вакиллик ҳисобварағидаги маблағлар доирасида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомга 4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомга 5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомга 6-ИЛОВА
Марказий банк раиси М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 15 февраль,
3/12-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining
Qarori
NIZOM
Oʻzbekiston Respublikasida naqd pulsiz hisob-kitoblar toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi hamda “ Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasida naqd pulsiz hisob-kitoblar toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2020-yil 15-fevraldagi 3/12-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasida naqd pulsiz hisob-kitoblar toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasining Fuqarolik kodeksi , “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi, “ Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida ”gi hamda “ Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasida yuridik va jismoniy shaxslarning toʻlov hujjatlaridan foydalangan holda naqd pulsiz hisob-kitoblarini amalga oshirish tartibini belgilaydi, bundan budjet tizimi budjetlarining gʻazna ijrosi boʻyicha amalga oshiriladigan hisob-kitoblar mustasno.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
1-son kartoteka — toʻlov muddatini kutayotgan toʻlov hujjatlari hisobi yuritiladigan balansdan tashqari hisobvaraq;
2-son kartoteka — muddatida toʻlanmagan toʻlov hujjatlari hisobi yuritiladigan balansdan tashqari hisobvaraq;
akkreditiv — toʻlovchi tomonidan toʻlangan yoki toʻlanishi lozim boʻlgan mablagʻ shartnoma shartlari bajarilganligini tasdiqlovchi hujjatlar taqdim qilingan taqdirda, mablagʻlarni oluvchining hisobiga oʻtkazilishiga doir bankning shartli majburiyati;
aksept — toʻlovchining, toʻlov uning hisobidan amalga oshirilishiga roziligi yoki qarzdorlikni tan olganligi;
operatsiya kuni — farmoyishlarni qabul qilish va ularga ishlov berish amalga oshiriladigan vaqtning davri;
valyutalash sanasi — toʻlov hujjati asosida pul mablagʻlarini oluvchining hisobvaragʻiga oʻtkazish sanasi;
masofaviy xizmat koʻrsatish tizimi (bundan buyon matnda Tizim deb yuritiladi) — elektron xizmatlardan foydalanish uchun toʻlov xizmatlaridan foydalanuvchi va ushbu xizmatlarni yetkazib beruvchi oʻrtasidagi aloqani taʼminlaydigan telekommunikatsiya vositalari, raqamli va axborot texnologiyalari, dasturiy taʼminot va uskunalar majmui;
mablagʻlarni oluvchi — pul mablagʻlarini oluvchi shaxs;
mablagʻlarni oluvchining banki — mablagʻlarni oluvchining pul mablagʻlari kirim qilinadigan hisobvaragʻiga xizmat koʻrsatuvchi bank;
mablagʻlarni toʻlovchi — toʻlov kimning hisobidan amalga oshirilayotgan boʻlsa, oʻsha shaxs;
mablagʻlarni toʻlovchining banki — mablagʻlarni toʻlovchining pul mablagʻlari hisobdan chiqariladigan hisobvaragʻiga xizmat koʻrsatuvchi bank;
mablagʻlarni toʻlovchining identifikatsiya raqami — yuridik shaxslar toʻlovchi sifatida ishtirok etadigan toʻlov hujjatlarida soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami va jismoniy shaxslar toʻlovchi sifatida ishtirok etadigan toʻlov hujjatlarida jismoniy shaxsning shaxsiy identifikatsiya raqami koʻrsatiladigan toʻlov hujjatining rekviziti;
shaxsiy varaqcha — tadbirkorlik faoliyati subyektlari uchun imzolar namunalari qoʻyilgan, boshqa yuridik shaxslar uchun imzolar namunalari va muhr izi qoʻyilgan varaqcha;
elektron toʻlov vositalari — axborotni oʻz ichiga olgan va toʻlovchiga toʻlovni amalga oshirish, shuningdek toʻlovchi bilan elektron toʻlov vositalarining emitenti oʻrtasida tuzilgan shartnomada nazarda tutilgan boshqa operatsiyalarni amalga oshirish imkonini beradigan bank kartasi yoki boshqa elektron jism.
2. Banklar, shu jumladan mikromoliya banklari (bundan buyon matnda bank deb yuritiladi) orqali naqd pulsiz hisob-kitoblarni amalga oshirishda quyidagi toʻlov hujjatlaridan foydalaniladi:
mazkur Nizomning 1-ilovasiga muvofiq shakldagi memorial order;
mazkur Nizomning 2-ilovasiga muvofiq shakldagi toʻlov topshiriqnomasi;
mazkur Nizomning 3-ilovasiga muvofiq shakldagi toʻlov talabnomasi;
mazkur Nizomning 4-ilovasiga muvofiq shakldagi inkasso topshiriqnomasi;
mazkur Nizomning 5-ilovasiga muvofiq shakldagi akkreditivga ariza.
Naqd pulsiz hisob-kitoblar elektron toʻlov vositalaridan foydalangan holda ham amalga oshirilishi mumkin, bunda ushbu hisob-kitoblar qonunchilik hujjatlari va tegishli toʻlov tizimi qoidalari bilan belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
3. Naqd pulsiz hisob-kitoblarda qoʻllaniladigan toʻlov hujjatlarining turi mablagʻlarni toʻlovchi va oluvchi oʻrtasida tuziladigan shartnomaga (bitimga) muvofiq belgilanishi mumkin, bundan qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan hollar mustasno.
4. Bank hisobvaragʻi shartnomasida boshqa muddatlar belgilab qoʻyilgan boʻlmasa, tegishli toʻlov hujjati bankka kelib tushgan operatsiya kunida mazkur Nizomda belgilangan tartibda bajariladi, bundan mazkur bandning ikkinchi va uchinchi xatboshilarida nazarda tutilgan holatlar mustasno.
Toʻlov hujjati operatsiya kuni tugaganidan keyin kelib tushsa, u mablagʻlarni toʻlovchining banki tomonidan keyingi operatsiya kuni boshlanganda olingan deb hisoblanadi hamda keyingi operatsiya kunidan kechiktirmay amalga oshiriladi.
Xalqaro toʻlovlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan talablarga rioya etilgan holda, toʻlov hujjatlari olingan paytdan eʼtiboran ikki operatsiya kunidan kechiktirmay bajariladi.
5. Banklar jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish, soliq hamda sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish sohasidagi qonunchilik hujjatlari bilan belgilangan talablarga muvofiq hisobvaraqlar boʻyicha operatsiyalarni toʻxtatib turishga yoki ularni amalga oshirishni rad etishga haqli.
7. Mablagʻlar mablagʻlarni toʻlovchining hisobvaragʻidan hisobdan chiqarilgandan soʻng, mablagʻlarni oluvchining hisobvaragʻiga oʻtkaziladi, bundan elektron toʻlov vositalari orqali hisob-kitoblarni amalga oshirish mustasno.
8. Mablagʻlarni toʻlovchining hisobvaragʻida unga qoʻyilgan talablarni bajarish uchun zarur boʻlgan pul mablagʻlari summasi mavjud boʻlmaganda yoki yetarli boʻlmagan taqdirda, mablagʻlarni hisobdan chiqarish Xoʻjalik yurituvchi subyektlarning bank hisobvaraqlaridan pul mablagʻlarini hisobdan chiqarish tartibi toʻgʻrisidagi yoʻriqnomaga (roʻyxat raqami 2342, 2012-yil 15-mart) muvofiq amalga oshiriladi.
9. Mablagʻlarni toʻlovchi va oluvchi oʻrtasida tuzilgan shartnomaga doir majburiyatlarning bajarilmaganligi yoki lozim darajada bajarilmaganligi uchun toʻlanishi zarur boʻlgan penyani hisoblash va undirish boʻyicha banklar javobgar boʻlmaydi.
10. Mijoz hisob-kitob operatsiyalariga doir barcha masalalar boʻyicha unga xizmat koʻrsatuvchi bankka murojaat qiladi. Bank va mijoz oʻrtasidagi nizolar ular oʻrtasida tuzilgan bank hisobvaragʻi shartnomasiga muvofiq hal qilinadi. Oʻzaro kelishuvga erishilmagan taqdirda, nizolar sud orqali hal etiladi.
11. Banklar oʻrtasida milliy valyutadagi oʻzaro hisob-kitoblar banklarning Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankida (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) ochilgan vakillik hisobvaraqlaridan Markaziy bankning banklararo toʻlov tizimi orqali amalga oshiriladi.
12. Markaziy bankning banklararo toʻlov tizimi orqali elektron toʻlovlar Markaziy bankning banklararo toʻlov tizimi orqali elektron toʻlovlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida nizomga (roʻyxat raqami 1545, 2006-yil 14-fevral) muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Toʻlov hujjatlarini rasmiylashtirish va ularni ijro qilish
13. Toʻlov hujjatlarida quyidagi rekvizitlar boʻlishi shart:
toʻlov hujjatining nomi;
tartib raqami;
hujjatning sanasi;
mablagʻlarni toʻlovchining nomi;
mablagʻlarni toʻlovchi hisobvaragʻining raqami;
mablagʻlarni toʻlovchining identifikatsiya raqami;
mablagʻlarni toʻlovchining banki nomi;
mablagʻlarni toʻlovchining banki kodi;
mablagʻlarni oluvchining nomi;
mablagʻlarni oluvchi hisobvaragʻining raqami;
mablagʻlarni oluvchining banki nomi;
mablagʻlarni oluvchining banki kodi;
toʻlov summasi;
toʻlov maqsadi;
shaxsiy varaqchada koʻrsatilgan shaxs(lar)ning familiyasi toʻliqligicha, ismi va otasi ismining bosh harflari hamda ularning imzolari (toʻlov hujjati elektron shaklda taqdim etilgan boʻlsa, bank va mijoz oʻrtasidagi shartnomaga asosan berilgan elektron raqamli imzo bilan tasdiqlanadi).
14. Xalqaro toʻlovlarni amalga oshirish uchun bankka taqdim qilinadigan chet el valyutasidagi toʻlov hujjatlari quyidagi rekvizitlardan iborat boʻladi:
toʻlovning turi;
hujjatning sanasi;
mablagʻlarni toʻlovchining toʻliq nomi va pochta manzili;
mablagʻlarni toʻlovchining hisobvaragʻi;
toʻlov summasi;
valyuta kodi;
toʻlov maqsadi;
toʻlovni amalga oshirish bilan bogʻliq bank komission xarajatlari;
mablagʻlarni toʻlovchining banki nomi;
mablagʻlarni toʻlovchining banki pochta manzili (mamlakat, shahar);
mablagʻlarni toʻlovchining banki maxsus kodi;
mablagʻlarni oluvchining banki nomi;
mablagʻlarni oluvchining banki pochta manzili (mamlakat, shahar);
mablagʻlarni oluvchining banki maxsus kodi;
mablagʻlarni oluvchi bankining mablagʻlarni toʻlovchining bankidagi hisobvaragʻi;
mablagʻlarni oluvchining toʻliq nomi va pochta manzili;
mablagʻlarni oluvchining hisobvaragʻi;
mablagʻlarni toʻlovchining oluvchiga xabari.
15. Toʻlov hujjatidagi toʻlov summasi raqam va soʻz bilan yoziladi, bunda toʻlov summasini soʻz bilan yozilganda birinchi soʻz katta harf bilan va tiyin raqam bilan yoziladi.
16. Akkreditivga arizada qoʻshimcha ravishda quyidagi rekvizitlar boʻlishi kerak:
akkreditivning amal qilish muddati;
akkreditiv ochilayotgan shartnomaning tartib raqami va sanasi;
buyurtmaning tartib raqami;
buyurtma berilgan sana;
tovarning (ish, xizmat) nomi;
toʻlovlarni amalga oshirish uchun asos boʻlgan hujjatning turi;
qoʻshimcha shartlar.
17. Agar taʼsis hujjatlarida nazarda tutilgan boʻlsa, toʻlov hujjatlarini toʻldirishda mablagʻlarni toʻlovchi va oluvchining qisqartirilgan firma nomidan foydalanish mumkin.
18. Toʻlov hujjatlari texnik vositalardan foydalangan holda toʻldiriladi. Toʻlov hujjatlarini boʻyash, chizish va tuzatishga yoʻl qoʻyilmaydi.
19. Toʻlov topshiriqnomasida uning bankka taqdim etilgan va valyutalash sanasi koʻrsatiladi.
Toʻlov topshiriqnomasida koʻrsatilgan valyutalash sanasi toʻlov topshiriqnomasi taqdim etilgan sanadan eʼtiboran oʻn kundan oshmasligi kerak.
20. Mijozlar tomonidan taqdim etilgan toʻlov hujjatlarining rasmiylashtirilishi va ulardagi maʼlumotlarning toʻgʻriligi uchun javobgarlik mijozning ushbu toʻlov hujjatini imzolagan shaxslari zimmasiga yuklatiladi.
Tizim orqali yuborilgan toʻlov hujjatlarining qogʻoz shakldagi asl nusxalari bankka taqdim etilmaydi. Bunda Tizim orqali yuborilgan toʻlov hujjatlaridagi maʼlumotlarning toʻgʻriligiga mijoz javobgar hisoblanadi.
21. Bankda 2-son kartotekaga kirim qilingan toʻlov hujjatlari boʻyicha yakuniy toʻlov avtomatik tarzda amalga oshiriladi. Bunda toʻlov hujjatining “Toʻlov maqsadi” grafasida yakuniy toʻlov amalga oshirilganligini bildiruvchi “Ya/t” belgisi, toʻlov hujjatining raqami, sanasi va dastlabki summasi koʻrsatiladi.
22. Bank tomonidan qogʻoz shakldagi toʻlov hujjatlari quyidagi hollarda ijroga qabul qilinadi:
toʻlov hujjatlaridagi imzolar (rahbarlik vazifalarini hamda buxgalteriya hisobi va moliyaviy boshqarish vazifalarini amalga oshiradigan shaxsning) va muhr izi shaxsiy varaqchada koʻrsatilgan namunaga muvofiq boʻlganda, bundan mazkur bandning beshinchi xatboshisida nazarda tutilgan talab mustasno;
yakka tartibdagi tadbirkorlar va yuridik shaxs tashkil etmagan holdagi dehqon xoʻjaliklaridan toʻlov hujjatlaridagi imzo shaxsiy varaqchada koʻrsatilgan namunaga muvofiq boʻlgan taqdirda, bank tomonidan ijroga qabul qilinadi.
Toʻlov hujjatlari shaxsiy varaqchaga imzo qoʻygan shaxslar tomonidan imzolanishi shart. Toʻlov hujjatlarini faksimile usulida nusxa koʻchirish vositalaridan foydalangan holda imzolash taqiqlanadi.
Tadbirkorlik subyektlari tomonidan taqdim qilingan toʻlov hujjatlariga muhr qoʻyish yoki hujjatlarni muhr bilan tasdiqlash talab etilmaydi.
Toʻlov hujjatlariga mazkur bandda nazarda tutilmagan boshqa hujjatlarni ilova qilinishiga talablar belgilanishi mumkin emas.
Bank tomonidan elektron shakldagi toʻlov hujjatlari bank va mijoz oʻrtasida tuziladigan shartnomaga asosan identifikatsiya vositalari orqali tasdiqlangan holda qabul qilinadi.
23. Bank hisobvaragʻi shartnomasida boshqacha tartib nazarda tutilgan boʻlmasa, qogʻoz shakldagi toʻlov hujjatlari bank operatsiya kuni davomida bankning mijozlar bilan ishlash vaqtidan kelib chiqqan holda qabul qilinadi.
Elektron shakldagi toʻlov hujjatlari bankning mijozlar bilan ishlash vaqtidan qatʼi nazar toʻlov hujjatining sanasi bilan u taqdim etilgan sana mos kelgan hollarda ijroga qabul qilinadi.
24. Bank hisobvaragʻidagi mablagʻlar quyidagilar asosida hisobdan chiqariladi:
qogʻoz shakldagi toʻlov hujjatlarining asl nusxalari;
toʻlov tizimlari orqali olingan elektron shakldagi toʻlov hujjatlari;
Tizimdan foydalanuvchilarning umumiy foydalanishdagi telekommunikatsiya tarmoqlari orqali yuborgan elektron shakldagi toʻlov hujjatlari va toʻlovni amalga oshirishga roziliklari;
elektron toʻlov vositalaridan foydalangan holda amalga oshirilgan tranzaksiyalar boʻyicha tuzilgan elektron shakldagi hujjatlar.
25. Mijozning hisobvaragʻiga mablagʻlar quyidagilar asosida kirim qilinadi:
toʻlov hujjatlarining qogʻoz shakldagi asl nusxasi yoki Tizim orqali yuborilgan elektron shakldagi toʻlov hujjatlari;
toʻlov tizimlari orqali kelib tushadigan elektron shakldagi toʻlov hujjatlari;
elektron toʻlov vositalaridan foydalangan holda amalga oshirilgan tranzaksiyalar boʻyicha tuzilgan elektron shakldagi hujjatlar.
26. Toʻlov hujjatlarining nusxalari, shuningdek mablagʻlarni kirim qilish yoki hisobdan chiqarish amalga oshiriladigan elektron shakldagi toʻlov hujjatlari mijozning hisobvaragʻiga xizmat koʻrsatuvchi masʼul xodim tomonidan imzolanadi.
Mijozning hisobvaragʻiga xizmat koʻrsatuvchi masʼul xodim toʻlov hujjatini toʻlovga qabul qilish va mablagʻlarni toʻlash sanalarini koʻrsatadi hamda oʻziga biriktirilgan bank shtampi bilan tasdiqlaydi.
27. Mablagʻlarni oluvchining banki tomonidan Tizim orqali taqdim etilgan elektron shakldagi toʻlov hujjatlari roʻyxat koʻrinishida chop etiladi va bankning buxgalteriya kunlik hujjatlar yigʻmajildiga tikib qoʻyiladi. Elektron shakldagi toʻlov hujjatlarini mablagʻlarni oluvchiga taqdim qilish tartibi bank va mijoz oʻrtasidagi shartnomada belgilanadi.
3-bob. Memorial orderlar bilan hisob-kitoblar
28. Memorial order banklar tomonidan foydalaniladigan naqd pulsiz toʻlov hujjati boʻlib, undan quyidagi hollarda foydalaniladi:
mijozlar bilan bogʻliq bank operatsiyalari boʻyicha hisob-kitoblarda;
bank xizmatlarini koʻrsatish boʻyicha hisob-kitoblarda;
banklarning ichki operatsiyalarida;
toʻlov hujjatlari boʻyicha qisman toʻlov amalga oshirilganda;
koʻzda tutilmagan holatlar boʻyicha buxgalteriya oʻtkazmalari amalga oshirilganda;
mijozning qarzdorlik mablagʻlarini qoplashda, agar ushbu talab bank bilan mijoz oʻrtasida tuzilgan shartnomada belgilab qoʻyilgan boʻlsa;
buxgalteriya hisobidagi xato yozuvlarni tuzatishda;
jismoniy shaxslarning (yakka tartibdagi tadbirkorlar va yuridik shaxs tashkil etmagan holdagi dehqon xoʻjaliklaridan tashqari) yozma murojaati boʻyicha mablagʻlarni naqd pulsiz shaklda oʻtkazishni amalga oshirishda, bunda toʻlov amalga oshirilgandan soʻng, mazkur murojaat memorial order bilan birga bankning buxgalteriya kunlik hujjatlar yigʻmajildiga tikib qoʻyiladi;
mijozlar bilan tuziladigan shartnomalarda nazarda tutilgan boshqa hollarda.
29. Bankda 2-son kartotekaga kirim qilingan toʻlov hujjatlari boʻyicha qisman toʻlov avtomatik tarzda amalga oshiriladi. Bunda memorial orderlarning “Toʻlov maqsadi” grafasida qisman toʻlov amalga oshirilganligini bildiruvchi “Q/t” belgisi, toʻlov hujjatining raqami, sanasi va dastlabki summasi koʻrsatiladi.
30. Bank toʻlovchi sifatida qatnashganda va buxgalteriya hisobidagi xato yozuvlarni tuzatishda foydalanadigan memorial orderlar bank rahbarining va bosh buxgalterning imzolari (shu jumladan elektron raqamli imzolari) bilan tasdiqlanishi lozim. Boshqa hollarda memorial orderlar mazkur operatsiyani amalga oshirgan masʼul xodimlarning (bek-ofis boshligʻi, yetakchi buxgalter) imzolari (shu jumladan, elektron raqamli imzolari) bilan tasdiqlanadi.
31. Memorial orderlar bilan amalga oshirilgan operatsiyalarning toʻgʻriligi boʻyicha javobgarlik mazkur toʻlov hujjatlarini imzolagan shaxslar zimmasiga yuklatiladi.
4-bob. Toʻlov topshiriqnomalari bilan hisob-kitoblar
32. Toʻlov topshiriqnomasi mijozning unga xizmat koʻrsatuvchi bankka oʻz hisobvaragʻidan topshiriqnomada belgilangan summani mablagʻlarni oluvchining hisobvaragʻiga oʻtkazish toʻgʻrisidagi topshirigʻi nazarda tutilgan toʻlov hujjatidir.
33. Toʻlov topshiriqnomalari bilan tovarlar (ishlar, xizmatlar), soliqlar va yigʻimlar hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa toʻlovlar boʻyicha hisob-kitoblar amalga oshirilishi mumkin.
Soliqlar hamda yigʻimlarni toʻlash uchun toʻlov topshiriqnomalari soliq toʻlovchilarning Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali va Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining rasmiy veb-saytidagi shaxsiy kabineti orqali taqdim etilishi mumkin.
34. Bank hisobvaragʻi shartnomasida boshqacha tartib nazarda tutilgan boʻlmasa, toʻlov topshiriqnomasi bank tomonidan mijozning hisobvaragʻida mablagʻlar mavjud boʻlgandagina qabul qilinadi, bundan soliqlar va yigʻimlar boʻyicha taqdim etilgan toʻlov topshiriqnomalari mustasno.
35. Mijozning hisobvaragʻida mablagʻ boʻlishi yoki boʻlmasligidan qatʼi nazar, mijozning soliqlar va yigʻimlar boʻyicha taqdim etgan toʻlov topshiriqnomalari bank tomonidan ijro uchun qabul qilinadi.
Mijozning hisobvaragʻida yetarli mablagʻ boʻlmagan taqdirda, bank tomonidan mijozning soliqlar va yigʻimlar bilan bogʻliq toʻlov topshiriqnomalari 2-son kartotekada hisobga olinadi va mablagʻlarning yetarli boʻlgan qismi doirasida qisman toʻlov amalga oshiriladi, bunda toʻlov topshiriqnomasining orqa tomonida qisman toʻlov amalga oshirilgan sana, toʻlangan summa va qoldiq koʻrsatiladi hamda imzo qoʻyiladi. Toʻlov topshiriqnomasidagi summaning qolgan qismi mablagʻlarning kelib tushishiga qarab qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda toʻlanadi.
Tizim orqali taqdim qilingan toʻlov topshiriqnomalari asosida amalga oshirilgan qisman toʻlovlar hisobi dasturiy ravishda yuritilishi mumkin.
Mijozning hisobvaragʻida mablagʻ boʻlmagan taqdirda, soliqlar va yigʻimlar boʻyicha taqdim etilgan toʻlov topshiriqnomalari 2-son kartotekaga kirim qilinadi hamda mablagʻlarning kelib tushishiga qarab qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda toʻlanadi.
Mijoz tomonidan soliqlar va yigʻimlar boʻyicha taqdim etilgan toʻlov topshiriqnomalari tegishli soliq organining yozma yoki elektron shakldagi murojaati, sud qarori hamda mablagʻlarni toʻlovchining tugatilganligini tasdiqlovchi maʼlumotlar asosida 2-son kartotekadan chaqirib olinishi mumkin.
36. Toʻlov topshiriqnomasining “Hujjat sanasi” grafasidagi sana u bankka taqdim etilgan sana bilan bir xil boʻlishi kerak, ular mos kelmagan taqdirda, toʻlov topshiriqnomasi bank tomonidan ijro uchun qabul qilinmaydi.
Agar valyutalash sanasi dam olish kuniga toʻgʻri keladigan boʻlsa, benefitsiarning banki valyutalash sanasi deb belgilangan kundan keyingi birinchi ish kunida pul mablagʻlarini benefitsiarning bank hisobvaragʻiga oʻtkazadi.
37. Mijoz pensiyalar, alimentlar va boshqa toʻlovlarni toʻlash boʻyicha mablagʻlarni oʻtkazishga asos boʻlgan toʻlov topshiriqnomalarini barcha zarur hujjatlar (maʼlumotnomalar, oʻtkazmalar roʻyxati va boshqalar) bilan birga, ushbu toʻlovlarni amalga oshiruvchi tashkilot yoki bankka taqdim etadi.
Ushbu hujjatlar bankka mijoz bilan tuzilgan shartnomada belgilangan shakllarda taqdim qilinishi mumkin.
38. Xoʻjalik yurituvchi subyektning kechiktirib boʻlmaydigan ehtiyojlari uchun oʻz hisobvaragʻidagi mablagʻlardan foydalanishi Xoʻjalik yurituvchi subyektlarning bank hisobvaraqlaridan pul mablagʻlarini hisobdan chiqarish tartibi toʻgʻrisidagi yoʻriqnomaga (roʻyxat raqami 2342, 2012-yil 15-mart) muvofiq toʻlov topshiriqnomalari asosida amalga oshiriladi. Bunda toʻlov topshiriqnomasining “Toʻlov maqsadi” grafasiga “Kechiktirib boʻlmaydigan ehtiyojlar summasi hisobidan” deb yozib qoʻyiladi.
39. Qogʻoz shakldagi toʻlov topshiriqnomalari bankka ikki nusxada taqdim qilinadi. Bunda toʻlov amalga oshirilgandan soʻng, toʻlov topshiriqnomasining:
birinchi nusxasi bankning buxgalteriya kunlik hujjatlar yigʻmajildiga tikib qoʻyiladi;
ikkinchi nusxasi mablagʻlarni toʻlovchining shaxsiy hisobvaragʻidan koʻchirmaga ilova qilingan holda mablagʻlarni toʻlovchiga taqdim qilinadi.
40. Tizimdan foydalanuvchilardan umumiy foydalanishdagi telekommunikatsiya tarmoqlari orqali olingan elektron shakldagi toʻlov topshiriqnomasi dasturiy nazoratdan oʻtkaziladi va qayta ishlash uchun uzatiladi. Elektron shakldagi toʻlov topshiriqnomasi toʻlov amalga oshirilganidan soʻng, roʻyxat koʻrinishida chop etiladi va bankning buxgalteriya kunlik hujjatlar yigʻmajildiga tikib qoʻyiladi.
Mablagʻlarni toʻlovchining banki tomonidan ijro etilgan toʻlov topshiriqnomasining nusxasini mablagʻlarni toʻlovchiga uning shaxsiy hisobvaragʻidan koʻchirmaga ilova qilgan holda taqdim etish tartibi mijoz va bank oʻrtasida tuziladigan shartnomada belgilanadi.
Mablagʻlarni oluvchining bankiga toʻlov tizimi orqali kelib tushgan elektron shakldagi toʻlov topshiriqnomalari roʻyxat koʻrinishda chop etiladi va bankning buxgalteriya kunlik hujjatlar yigʻmajildiga tikib qoʻyiladi.
Mablagʻlarni oluvchining bankiga toʻlov topshiriqnomasi kelib tushganligi haqida mablagʻlarni oluvchiga xabar berish hamda toʻlov topshiriqnomasining nusxasini mablagʻlarni oluvchiga uning shaxsiy hisobvaragʻidan koʻchirmaga ilova qilgan holda taqdim etish tartibi mijoz va bank oʻrtasida tuziladigan shartnomada belgilanadi.
5-bob. Toʻlov talabnomalari bilan hisob-kitoblar
41. Toʻlov talabnomasi mablagʻlarni toʻlovchining hisobvaragʻidan unda koʻrsatilgan summani toʻlash toʻgʻrisidagi mablagʻlarni oluvchining talabi nazarda tutilgan toʻlov hujjati hisoblanadi.
Toʻlov talabnomasi faqat asosiy talab qilib olinguncha depozit hisobvaragʻiga taqdim etilishi mumkin, bundan chet el valyutasidagi bank hisobvaraqlariga taqdim etiladigan toʻlov talabnomalari mustasno.
42. Toʻlov talabnomasi tovarlar (ishlar, xizmatlar), shuningdek mablagʻlarni oluvchi hamda toʻlovchi oʻrtasida tuzilgan shartnomada nazarda tutilgan boshqa toʻlovlar boʻyicha taqdim etilishi mumkin.
43. Toʻlov talabnomalari quyidagi turlarga boʻlinadi:
akseptli toʻlov talabnomasi, unga muvofiq toʻlov talabnomasida nazarda tutilgan toʻlovlar mablagʻlarni toʻlovchi tomonidan akseptlanganidan keyin amalga oshiriladi;
akseptsiz toʻlov talabnomasi, unga muvofiq toʻlov talabnomasida nazarda tutilgan toʻlovlar mablagʻlarni toʻlovchining roziligi boʻlishi yoki boʻlmasligidan qatʼi nazar amalga oshiriladi.
Toʻlov talabnomalari qogʻoz shaklda yoki Tizim orqali elektron shaklda taqdim etilishi mumkin.
44. Tovar yetkazib beruvchi toʻlov talabnomasining “Toʻlov maqsadi” grafasida:
shartnoma turi, sanasi va tartib raqami;
tovarni joʻnatish (topshirish) sanasi va tovar-transport yoki qabul qilish-topshirish hujjatlari raqami hamda transport turi, tovarlar pochta aloqasi orqali joʻnatilganda — pochta kvitansiyalarining raqami;
tovarlar sotib oluvchining transport vositasi bilan olib ketilganda “__-son ishonch xati asosida sotib oluvchining transport vositasi bilan olib chiqib ketilgan” degan yozuv koʻrsatiladi.
45. Qogʻoz shakldagi toʻlov talabnomasi mablagʻlarni oluvchi tomonidan mazkur Nizomning 6-ilovasiga muvofiq shakldagi ikki nusxada tuzilgan reyestr bilan birga unga xizmat koʻrsatuvchi bankka yoki toʻlovchining bankiga taqdim qilinadi.
Reyestrning birinchi nusxasi tashkilot rahbari hamda buxgalteriya hisobi va moliyaviy boshqarish vazifalarini amalga oshiruvchi shaxs tomonidan imzolangan hamda tashkilot muhri bilan tasdiqlangan boʻlishi kerak, bunda tadbirkorlik subyektlari tomonidan taqdim qilingan reyestrda muhr izining mavjudligi talab etilmaydi. Reyestrning birinchi nusxasi qabul qilish sanasi koʻrsatilib, bank masʼul xodimining imzosi va bank tomonidan unga biriktirib qoʻyilgan bank shtampi bilan tasdiqlangan holda bankda qoladi.
Reyestrning ikkinchi nusxasi bank tomonidan qabul qilingan sanasi koʻrsatilib, masʼul xodimning imzosi va bank tomonidan unga biriktirib qoʻyilgan bank shtampi bilan tasdiqlangan holda mablagʻlarni oluvchiga qaytariladi.
46. Qogʻoz shaklidagi akseptli toʻlov talabnomalari:
a) mablagʻlarni toʻlovchi va oluvchiga bankning bitta filiali tomonidan xizmat koʻrsatilganda, toʻlov talabnomasi ikki nusxada taqdim qilinadi.
Bunda toʻlov talabnomasining birinchi nusxasi bankda qoldiriladi. Toʻlov talabnomasining ikkinchi nusxasi keyingi operatsiya kunidan kechiktirmay (bundan mablagʻlarni toʻlovchi yoki uning vakili belgilangan muddatda bankka tashrif buyurmagan hollar mustasno), bank tomonidan qabul qilish sanasi koʻrsatilib akseptlash uchun mablagʻlarni toʻlovchi yoki uning vakiliga topshiriladi;
b) mablagʻlarni toʻlovchi va oluvchiga bir bankning turli filiallari yoki turli banklar tomonidan xizmat koʻrsatilganda, toʻlov talabnomalari ikki nusxada taqdim qilinadi. Toʻlov talabnomasi mablagʻlarni oluvchining bankiga taqdim qilingan boʻlsa, toʻlov talabnomasining barcha nusxalari mablagʻlarni toʻlovchining bankiga yuboriladi. Bunda mablagʻlarni toʻlovchining bankida toʻlov talabnomasining:
birinchi nusxasi bankda qoldiriladi;
ikkinchi nusxasi keyingi operatsiya kunidan kechiktirmay (bundan toʻlovchi yoki uning vakili belgilangan muddatda bankka tashrif buyurmagan hollar mustasno), bank tomonidan qabul qilish sanasi koʻrsatiladi va akseptlash uchun toʻlovchi yoki uning vakiliga topshiriladi.
Toʻlov talabnomasi kelib tushganligi haqida mablagʻlarni toʻlovchiga xabar berish hamda Tizimdan foydalanuvchi mablagʻlarni toʻlovchi tomonidan toʻlov talabnomasi bilan tanishganligini tasdiqlash tartibi mijoz va bank oʻrtasida tuziladigan shartnomada belgilanadi.
47. Akseptli toʻlov talabnomasining nusxasi mablagʻlarni toʻlovchining bankiga kelib tushgan kundan keyingi operatsiya kunidan kechiktirmasdan, mablagʻlarni toʻlovchi yoki uning vakiliga “Toʻlov muddatini kutayotgan toʻlov hujjatlari” jurnalida va ushbu toʻlov talabnomasi birinchi nusxasining yuqori oʻng burchagiga imzo qoʻydirgan holda topshiriladi. Bunda topshirilgan akseptli toʻlov talabnomasi 1-son kartotekada hisobga olinadi.
Tizim orqali topshirilgan akseptli toʻlov talabnomalarining olinganligi mablagʻlarni toʻlovchi tomonidan elektron raqamli imzo bilan tasdiqlanadi. Bunda ushbu toʻlov talabnomalarining hisobi elektron shakldagi “Toʻlov muddatini kutayotgan toʻlov hujjatlari” jurnalida yuritiladi hamda 1-son kartotekada hisobga olinadi.
48. Akseptli toʻlov talabnomalarini akseptlash muddati ular mablagʻlarni toʻlovchiga topshirilgan kundan keyingi kundan boshlab besh operatsiya kunini tashkil qiladi.
Bunda mablagʻlarni toʻlovchining arizasiga asosan akseptli toʻlov talabnomalari ular topshirilgan kundan keyingi kundan boshlab oʻn operatsiya kuni ichida akseptlanishi mumkin.
Mablagʻlarni toʻlovchi mazkur bandning birinchi va ikkinchi xatboshilarida nazarda tutilgan holatlar va muddatlarda yozma yoki elektron ravishda toʻlov talabnomasini akseptlashni toʻla yoki qisman rad etishi mumkin.
49. Akseptli toʻlov talabnomasi kelib tushgan kundan boshlab oʻn operatsiya kuni ichida bank tomonidan mablagʻlarni toʻlovchiga topshirish imkoni boʻlmagan, shu jumladan ushbu muddatda mablagʻlarni toʻlovchi Tizimga kirmagan hollarda toʻlov talabnomasiga bank tomonidan “Mijozning kelmaganligi sababli ijro etilmadi” degan yozuv kiritiladi va ijro etilmasdan qaytarib yuboriladi.
Bunda, mazkur bandning birinchi xatboshisida koʻrsatilgan oʻn operatsiya kuni ichida mablagʻlarni toʻlovchining topshirigʻiga asosan uning hisobvaragʻidan mablagʻlarni hisobdan chiqarish, shu jumladan naqd pul berish operatsiyalari amalga oshirilgan boʻlmasligi kerak, bundan Oʻzbekiston Respublikasi Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali va Oʻzbekiston Respublikasi Soliq qoʻmitasining rasmiy veb-saytidagi soliq toʻlovchilarning shaxsiy kabineti orqali yuborilgan toʻlov topshiriqnomalari asosida toʻlovlarni amalga oshirish holatlari mustasno.
50. Mablagʻlarni toʻlovchining toʻlov talabnomasini akseptlashni toʻla yoki qisman rad etish toʻgʻrisidagi arizasida rad etish sabablari koʻrsatiladi hamda uning shaxsiy varaqchasida koʻrsatilgan shaxslar tomonidan imzolanadi (Tizim orqali yuborgan hollarda elektron raqamli imzo bilan tasdiqlanadi).
51. Akseptli toʻlov talabnomasi toʻlovchining ruxsati bilan ijro qilinadi. Debitorlik-kreditorlik qarzlarini solishtirish dalolatnomasi, yetkazib berilgan tovarlar (bajarilgan ishlar yoki koʻrsatilgan xizmatlar) boʻyicha rasmiylashtirilgan dalolatnomaning toʻlov talabnomasiga ilova qilinishi mablagʻlarni akseptsiz ravishda hisobdan chiqarish uchun asos boʻlmaydi.
52. Akseptli toʻlov talabnomasi qisman rad etilganda, toʻlov akseptlangan summa doirasida amalga oshiriladi. Mablagʻlarni toʻlovchining banki akseptlash qisman rad etilganligi haqida mablagʻlarni oluvchining bankini uch operatsiya kuni ichida xabardor qiladi.
Mablagʻlarni toʻlovchining hisobvaragʻida mablagʻ boʻlmagan taqdirda, toʻlov talabnomasi akseptlangan summa doirasida 2-son kartotekada hisobga olinadi.
53. Mablagʻlarni toʻlovchi tomonidan toʻlov talabnomasini akseptlash toʻla rad etilganda, toʻlov talabnomasi shu kunning oʻzida 1-son kartotekadan hisobdan chiqariladi hamda toʻlov talabnomasini akseptlashni toʻla rad etish toʻgʻrisidagi arizaning nusxasi bilan birga mablagʻlarni oluvchining bankiga ijro etilmasdan keyingi operatsiya kunidan kechikmagan holda qaytarib yuboriladi.
54. Toʻlov talabnomasi mazkur Nizomning 48-bandida belgilangan muddatlarda toʻlov talabnomasini akseptlash yoki rad etish (toʻliq yoki qisman) toʻgʻrisida uning yuqoridagi oʻng burchagiga mablagʻlarni toʻlovchining shaxsiy varaqchasida koʻrsatilgan shaxslar tomonidan belgi va imzo qoʻyilgan holda mablagʻlarni toʻlovchining bankiga qaytarilishi kerak, bundan toʻlov talabnomalari akseptlash uchun Tizim orqali taqdim qilingan hollar mustasno.
Mablagʻlarni toʻlovchi belgilangan muddatda toʻlov talabnomasini akseptlashi yoki rad etishi (toʻliq yoki qisman) toʻgʻrisida maʼlum qilmagan taqdirda, toʻlov talabnomasi bank tomonidan umumiy tartibda akseptlangan hisoblanadi hamda toʻlov amalga oshiriladi.
55. Toʻlov talabnomasini akseptlashni toʻla yoki qisman rad etish sabablari banklar tomonidan koʻrib chiqilmaydi.
56. Mablagʻlar quyidagi hollarda akseptsiz hisobdan chiqariladi:
toʻlov talabnomasiga mablagʻlarni toʻlovchining summani tan olganligi toʻgʻrisidagi yozma xatining asl nusxasi ilova qilinganda;
banklar tomonidan mablagʻlarni toʻlovchining bankiga uning kreditlari va ularga hisoblangan foizlari boʻyicha muddatida toʻlanmagan qarzlarni undirish uchun;
bankdan olingan kreditlar va ularga hisoblangan foizlar boʻyicha muddatida toʻlanmagan qarzdorlikni kafil boʻlgan shaxsdan undirish uchun, bundan kafilning subsidiar javobgar boʻlishi nazarda tutilgan hollar mustasno;
qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa hollarda.
57. Qogʻoz shakldagi akseptsiz toʻlov talabnomalari bankka:
mablagʻlarni toʻlovchi va oluvchiga bankning bitta filiali tomonidan xizmat koʻrsatilganda, toʻlov talabnomalari ikki nusxada taqdim qilinadi;
mablagʻlarni toʻlovchi va oluvchiga bir bankning turli filiallari yoki turli banklar tomonidan xizmat koʻrsatilganda, toʻlov talabnomalari ikki nusxada taqdim qilinadi. Bunda toʻlov talabnomasi mablagʻlarni oluvchining bankiga taqdim qilingan boʻlsa, uning barcha nusxalari mablagʻlarni toʻlovchining bankiga yuboriladi.
58. Mablagʻlarni toʻlovchining banki akseptsiz toʻlov talabnomalari asosida mablagʻlarni hisobdan chiqarganda, toʻlov talabnomasi old qismining yuqori oʻng burchagiga “Akseptsiz” degan yozuv kiritadi va toʻlovni amalga oshiradi.
59. Akseptlangan, qisman akseptlangan yoki akseptsiz toʻlov talabnomasi asosida toʻlov amalga oshirilgandan keyin, mablagʻlarni toʻlovchining banki tomonidan toʻlov talabnomasining:
birinchi nusxasi bankning buxgalteriya kunlik hujjatlar yigʻmajildiga tikiladi;
ikkinchi nusxasi mablagʻlarni toʻlovchining hisobvaragʻidan koʻchirma bilan birgalikda toʻlovchiga beriladi. Bunda, toʻlov talabnomasining nusxasini mablagʻlarni toʻlovchiga uning shaxsiy hisobvaragʻidan koʻchirmaga ilova qilgan holda taqdim etish tartibi mijoz va bank oʻrtasida tuziladigan shartnomada belgilanadi.
60. Mablagʻlarni toʻlovchining hisobvaragʻida mablagʻlar yetarli boʻlgan va toʻlov talabnomalari mazkur Nizom talablariga muvofiq taqdim etilgan taqdirda, toʻlov mazkur Nizomning 4-bandida belgilangan muddatlarda amalga oshiriladi.
Mablagʻlarni toʻlovchining hisobvaragʻida yetarli mablagʻ boʻlmagan taqdirda, akseptlangan yoki akseptsiz toʻlov talabnomalari bank tomonidan 2-son kartotekada hisobga olinadi va mablagʻlarning yetarli boʻlgan qismi doirasida toʻlov amalga oshiriladi, bunda toʻlov talabnomasining orqa tomonida qisman toʻlov amalga oshirilgan sana, qisman toʻlangan summa va qoldiq koʻrsatilib, imzo qoʻyiladi. Toʻlov talabnomasi boʻyicha summaning qolgan qismi mablagʻlarning kelib tushishiga qarab toʻlab boriladi.
Mablagʻlarni toʻlovchining hisobvaragʻida mablagʻlar mavjud boʻlmagan taqdirda, akseptlangan yoki akseptsiz toʻlov talabnomalari 2-son kartotekada hisobga olinadi hamda bu haqda uch operatsiya kunidan kechikmay mablagʻlarni oluvchining bankiga xabar beriladi va mablagʻlarning kelib tushishiga qarab toʻlab boriladi.
Tizim orqali taqdim qilingan toʻlov talabnomalari asosida amalga oshirilgan qisman toʻlovlar hisobi dasturiy ravishda yuritiladi.
61. Akseptli va akseptsiz toʻlov talabnomalarining 2-son kartotekadan hisobdan chiqarilishi sud qaroriga, mablagʻlarni oluvchining arizasiga va mablagʻlarni oluvchining faoliyati tugatilganligini tasdiqlovchi maʼlumotnomaga asosan amalga oshiriladi hamda ijro etilmasdan qaytarib yuboriladi.
62. Mablagʻlarni oluvchining bankiga toʻlov tizimi orqali kelib tushgan elektron shakldagi toʻlov talabnomalari roʻyxat koʻrinishida chop etiladi va bankning buxgalteriya kunlik hujjatlar yigʻmajildiga tikib qoʻyiladi.
Elektron shakldagi toʻlov talabnomasining nusxasini mablagʻlarni oluvchiga uning shaxsiy hisobvaragʻidan koʻchirmaga ilova qilgan holda taqdim etish tartibi mijoz va bank oʻrtasida tuziladigan shartnomada belgilanadi.
63. Toʻlov talabnomasi bitta operatsiya boʻyicha takroran taqdim etilishi mumkin emas, bundan dastlabki toʻlov talabnomasi mablagʻlarni toʻlovchining bankiga kelib tushmagan hollar mustasno.
6-bob. Inkasso topshiriqnomalari bilan hisob-kitoblar
64. Inkasso topshiriqnomasi unda koʻrsatilgan mablagʻlarni toʻlovchining banki hisobvaragʻidan soʻzsiz ravishda hisobdan chiqarish boʻyicha mablagʻlarni oluvchining topshirigʻi nazarda tutilgan toʻlov hujjati.
Inkasso topshiriqnomasi mablagʻlarni toʻlovchining faqat asosiy talab qilib olinguncha depozit hisobvaragʻiga taqdim etilishi mumkin, bundan chet el valyutasidagi bank hisobvaraqlariga taqdim etiladigan inkasso topshiriqnomasi mustasno.
65. Quyidagilar inkasso topshiriqnomalarini taqdim etish huquqiga ega:
a) davlat soliq xizmati organlari — oʻz muddatida toʻlanmagan budjet tizimiga oʻtkaziladigan soliqlar va yigʻimlarni undirish toʻgʻrisida;
b) bojxona organlari — oʻz muddatida toʻlanmagan bojxona toʻlovlarini undirish toʻgʻrisida;
v) davlat ijrochilari va undiruvchilar ijro hujjatlari boʻyicha pul mablagʻlarini undirish toʻgʻrisida;
g) Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi — Oʻzbekiston Respublikasining berilgan davlat kafolatlari bilan amalga oshirilgan toʻlovlar va ular bilan bogʻliq xarajatlar summasini qarz oluvchidan undirish hamda budjet ssudasi yoki kredit liniyasi, shu jumladan foizlarni qaytarish toʻgʻrisida;
d) Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Qishloq xoʻjaligini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi (bundan buyon matnda Jamgʻarma deb yuritiladi) — Jamgʻarma mablagʻlari hisobidan tijorat agentlariga (“Oʻzpaxtasanoat” AJ, “Oʻzdonmahsulot” AJ, “Oʻzagrolizing” AJ, “Oʻzmashlizing” MCHJ) ajratilgan maqsadli mablagʻlarni qaytarish boʻyicha majburiyatlar tijorat agentlari tomonidan bajarilmagan taqdirda, ularning bank hisobvaraqlariga;
e) Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi — davlat aktivlarini sotish boʻyicha oldi-sotdi shartnomalari va davlat koʻchmas mulk obyektlarini ijaraga berish shartnomalari boʻyicha tadbirkorlik subyektlari tan olgan qarzdorliklarni undirish toʻgʻrisida.
66. “Sud hujjatlari va boshqa organlar hujjatlarini ijro etish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunining 7-moddasida nazarda tutilgan hujjatlar ijro hujjatlari hisoblanadi.
67. Inkasso topshiriqnomasi ijro hujjatlari asosida taqdim etilganda, unga ijro hujjatining asl nusxasi, agar asl nusxasi yoʻqolgan boʻlsa — dublikati ilova qilinadi, bundan elektron shaklda taqdim etilgan holatlar mustasno.
Mablagʻlarni ijro hujjatlarining nusxalari asosida hisobdan chiqarish taqiqlanadi.
Ijro hujjatlari asosida taqdim etilgan inkasso topshiriqnomasining “Toʻlov maqsadi” grafasida ijro hujjatining nomi, tartib raqami va sanasi koʻrsatiladi.
68. Inkasso topshiriqnomalarining toʻgʻri taqdim etilishi boʻyicha javobgarlik inkasso topshiriqnomasini taqdim etgan organlar zimmasiga yuklatiladi. Inkasso topshiriqnomalari boʻyicha toʻlovlarni mablagʻlarni toʻlovchilarning hisobvaraqlaridan soʻzsiz ravishda hisobdan chiqarishga oid eʼtirozlar bank tomonidan koʻrib chiqilmaydi.
69. Inkasso topshiriqnomalari boʻyicha mablagʻlarni undirib olishni toʻxtatib qoʻyish yoki chaqirib olish inkasso topshiriqnomasini taqdim etgan organ tomonidan yoki undiruvchining arizasiga koʻra yoxud sud qaroriga muvofiq amalga oshiriladi.
Inkasso topshiriqnomasi sud qaroriga asosan yoki toʻlovchi tugatilganligini tasdiqlovchi maʼlumot mavjud hollarda bekor qilinishi mumkin.
70. Inkasso topshiriqnomasi mablagʻlarni toʻlovchi yoki oluvchining bankiga qogʻoz va elektron shaklda taqdim etilishi mumkin.
Qogʻoz shakldagi inkasso topshiriqnomasi mablagʻlarni toʻlovchining bankiga taqdim etilganda, undagi rekvizitlar mablagʻlarni oluvchining banki tomonidan tekshiriladi hamda tekshirgan masʼul xodimga biriktirilgan shtamp bilan tasdiqlanadi.
Oʻzbekiston Respublikasi budjet tizimi budjetlarining shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga mablagʻlarni undirishni nazarda tutuvchi inkasso topshiriqnomalari mablagʻlarni oluvchining banki tomonidan tasdiqlanishi talab etilmaydi.
71. Inkasso topshiriqnomasi bitta operatsiya boʻyicha takroran taqdim etilishi mumkin emas, bundan dastlabki inkasso topshiriqnomasi mablagʻlarni toʻlovchining bankiga kelib tushmagan hollar mustasno.
72. Qogʻoz shakldagi inkasso topshiriqnomasi mablagʻlarni oluvchi yoki toʻlovchining bankiga uch nusxada taqdim qilinadi. Bunda inkasso topshiriqnomasining:
birinchi va ikkinchi nusxalari ijro uchun bankda qoldiriladi;
uchinchi nusxasi qabul qilish sanasi koʻrsatilgan holda inkasso topshiriqnomasini qabul qilib olgan masʼul xodim tomonidan imzolanadi va unga biriktirilgan bank shtampi bilan tasdiqlanib, inkasso topshiriqnomasini taqdim etgan shaxsga qaytarib beriladi.
Mablagʻlarni oluvchining bankiga taqdim etilgan inkasso topshiriqnomasining birinchi va ikkinchi nusxalari “Toʻlov hujjatlarini rasmiylashtirish” jurnalida qayd etilgan holda pochta xizmati orqali mablagʻlarni toʻlovchining bankiga yuboriladi.
Elektron shakldagi inkasso topshiriqnomasi toʻlov hujjatlarini taqdim etish tizimi orqali mablagʻlarni toʻlovchining bankiga elektron raqamli imzo bilan tasdiqlangan holda ijro uchun yuboriladi.
73. Mablagʻlarni toʻlovchining banki tomonidan toʻliq bajarilgan qogʻoz shakldagi inkasso topshiriqnomasining:
birinchi nusxasi bankning buxgalteriya kunlik hujjatlar yigʻmajildiga tikib qoʻyiladi;
ikkinchi nusxasi shaxsiy hisobvaragʻidan koʻchirma bilan birga mablagʻlarni toʻlovchiga taqdim etiladi.
Elektron shaklda taqdim etilgan inkasso topshiriqnomalarning hisobi bankda dasturiy ravishda yuritiladi.
Mablagʻlarni toʻlovchining banki tomonidan toʻliq bajarilgan elektron shakldagi inkasso topshiriqnomasining nusxasini shaxsiy hisobvaragʻidan koʻchirma bilan birga mablagʻlarni toʻlovchiga taqdim etish tartibi bank va mijoz oʻrtasida tuziladigan shartnomada belgilanadi.
74. Mablagʻlarni oluvchining bankiga toʻlov tizimi orqali kelib tushgan elektron shakldagi inkasso topshiriqnomalari roʻyxat koʻrinishida chop etiladi va bankning buxgalteriya kunlik hujjatlar yigʻmajildiga tikib qoʻyiladi.
Elektron shakldagi inkasso topshiriqnomasining nusxasini mablagʻlarni oluvchiga uning shaxsiy hisobvaragʻidan koʻchirmaga ilova qilgan holda taqdim etish tartibi mijoz va bank oʻrtasida tuziladigan shartnomada belgilanadi.
75. Mablagʻlarni toʻlovchining hisobvaragʻida yetarli mablagʻ boʻlmagan taqdirda, inkasso topshiriqnomasi bank tomonidan 2-son kartotekada hisobga olinadi va mablagʻlarning yetarli boʻlgan qismi doirasida toʻlov amalga oshiriladi, bunda inkasso topshiriqnomasining orqa tomonida qisman toʻlov amalga oshirilgan sana, qisman toʻlangan summa va qoldiq koʻrsatilib, imzo qoʻyiladi.
Inkasso topshiriqnomasi boʻyicha summaning qolgan qismi mablagʻlarning kelib tushishiga qarab toʻlab boriladi.
Toʻlov hujjatlarini taqdim etish tizimi orqali yuborilgan inkasso topshiriqnomasi asosida amalga oshirilgan qisman toʻlovlar hisobi dasturiy ravishda yuritiladi.
76. Mablagʻlarni toʻlovchining hisobvaragʻida mablagʻlar mavjud boʻlmagan taqdirda, inkasso topshiriqnomasi 2-son kartotekada hisobga olinadi hamda mablagʻlarning kelib tushishiga qarab toʻlab boriladi.
77. Inkasso topshiriqnomasi 2-son kartotekada hisobga olinganligi va toʻlov summasi haqida u kelib tushgan kundan keyingi operatsiya kunidan kechikmay mablagʻlarni oluvchining bankiga yoki mablagʻlarni oluvchiga xabar beriladi.
78. Mablagʻlarni toʻlovchining banki inkasso topshiriqnomasining oʻz aybi bilan bajarilmaganligi yoki lozim darajada bajarilmaganligi uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.
7-bob. Akkreditivlar boʻyicha hisob-kitoblar
79. Akkreditivga ariza mablagʻlarni toʻlovchi tomonidan shartnomada koʻrsatilgan summani oluvchining akkreditiv boʻyicha hisob-kitoblar uchun ochilgan bank hisobvaragʻiga oʻtkazishida qoʻllaniladigan toʻlov hujjati.
Akkreditiv boʻyicha hisob-kitob qilinganida toʻlovchining topshirigʻi bilan va uning koʻrsatmalariga muvofiq akkreditiv ochgan bank (bank-emitent), mablagʻlarni oluvchi yoki u koʻrsatgan shaxs hujjatlarni taqdim etgan va akkreditivda nazarda tutilgan boshqa shartlarni bajargan taqdirda toʻlovni amalga oshirish majburiyatini oladi.
Akkreditiv boʻyicha xalqaro hisob-kitoblarda chet el banklari ishtirok etganda, ushbu operatsiyalar Xalqaro savdo palatasining standartlari asosida amalga oshiriladi.
80. Akkreditivning amal qilish muddati va u boʻyicha hisob-kitob qilish tartibi mablagʻlarni toʻlovchi va oluvchi oʻrtasidagi shartnomada belgilab qoʻyiladi.
Bunda shartnoma quyidagilarni oʻz ichiga olishi shart:
mablagʻlarni toʻlovchining banki nomi;
akkreditivning turi va uni bajarish usuli;
akkreditiv ochilganligi haqida mablagʻlarni oluvchini xabardor qilish usuli;
akkreditiv boʻyicha mablagʻlar olish uchun mablagʻlarni oluvchi tomonidan taqdim etiladigan hujjatlarning toʻliq roʻyxati va aniq tavsifi;
tovarlar joʻnatilganidan (xizmatlar koʻrsatilganidan, ishlar bajarilganidan) keyin hujjatlarni taqdim etish muddatlari, ularni rasmiylashtirishga qoʻyiladigan talablar.
Mazkur bandda nazarda tutilgan talablarga rioya qilinmaganda akkreditiv boʻyicha shartnoma tuzilmaydi va akkreditiv ochilmaydi.
81. Akkreditiv qoplangan (deponentlangan) va qoplanmagan boʻlishi mumkin.
Qoplangan (deponentlangan) akkreditiv ochilgan taqdirda mablagʻlarni toʻlovchining banki uni ochish vaqtida mijozning mablagʻlarini yoki unga berilgan kreditni toʻlovchining banki majburiyatlari amal qilib turadigan butun muddatga mablagʻlarni oluvchining banki ixtiyoriga oʻtkazadi.
Qoplanmagan akkreditiv ochilgan taqdirda mablagʻlarni toʻlovchining banki mablagʻlarni oluvchining bankiga akkreditivning butun summasini toʻlovchining bankiga mablagʻlarni oluvchining bankida yuritilayotgan hisobvaragʻidan oʻchirish huquqini beradi.
82. Akkreditivlar banklar tomonidan 1-son kartotekada va “Mijozlarning akkreditivlar boʻyicha depozitlari” 22602 balans hisobvaragʻida hisobga olinadi. Mablagʻlarni oluvchi uchun unga xizmat koʻrsatuvchi bankda akkreditivlar boʻyicha alohida depozit hisobvaraqlari ochiladi.
83. Qoplangan va qoplanmagan akkreditivlar oʻzgartirish kiritish tartibiga koʻra chaqirib olinadigan va chaqirib olinmaydigan turlarga boʻlinadi. Akkreditivda uning chaqirib olinmasligi nazarda tutilmagan boʻlsa, bunday akkreditiv chaqirib olinadigan akkreditiv hisoblanadi.
Chaqirib olinadigan akkreditiv mablagʻlarni toʻlovchining banki tomonidan mablagʻlarni oluvchi bilan oldindan kelishilmasdan oʻzgartirilishi yoki bekor qilinishi mumkin. Akkreditivning chaqirib olinishi toʻlovchining banki uchun hech qanday majburiyatni vujudga keltirmaydi.
Chaqirib olinadigan akkreditiv shartlarini oʻzgartirish yoki bekor qilish boʻyicha mablagʻlarni toʻlovchining topshiriqlari mablagʻlarni toʻlovchining banki orqali beriladi va mablagʻlarni toʻlovchining banki tomonidan mablagʻlarni oluvchining bankiga, oluvchining banki tomonidan esa mablagʻlarni oluvchiga xabar beriladi.
84. Mablagʻlarni oluvchining banki akkreditivni oʻzgartirish yoki bekor qilish boʻyicha xabarnoma olmagan taqdirda, chaqirib olinadigan akkreditiv boʻyicha barcha operatsiyalarni amalga oshirishga majbur.
85. Chaqirib olinmaydigan akkreditiv mablagʻlarni oluvchining roziligisiz oʻzgartirilishi yoki bekor qilinishi mumkin emas.
86. Mablagʻlarni oluvchining banki chaqirib olinmaydigan akkreditivni mablagʻlarni toʻlovchining banki bilan tuzilgan shartnoma asosida tasdiqlashi mumkin. Bunda chaqirib olinmaydigan akkreditiv tasdiqlangan akkreditiv hisoblanadi.
Tasdiqlangan akkreditivlarda mablagʻlarni oluvchining banki toʻlovni amalga oshirish boʻyicha qoʻshimcha majburiyatlar oladi. Tasdiqlangan akkreditiv mablagʻlarni oluvchining banki roziligisiz oʻzgartirilishi yoki bekor qilinishi mumkin emas.
87. Akkreditivlar boʻyicha hisob-kitoblar, agar qonunchilik hujjatlarida boshqacha tartib belgilab qoʻyilgan boʻlmasa, naqd pulsiz tartibda amalga oshiriladi.
Akkreditivni boshqa shaxslar nomiga qayta rasmiylashtirish taqiqlanadi.
88. Mablagʻlarni toʻlovchi akkreditiv ochish uchun unga xizmat koʻrsatuvchi bankka shartnomani ilova qilgan holda ikki nusxada akkreditivga ariza bilan murojaat qiladi. Bunda arizaning (toʻlov hujjatining):
birinchi nusxasi toʻlovlar amalga oshirilgandan soʻng bankning buxgalteriya kunlik hujjatlar yigʻmajildiga tikib qoʻyiladi;
ikkinchi nusxasi mablagʻlarni toʻlovchining shaxsiy hisobvaragʻidan koʻchirmaga ilova qilinadi.
Akkreditiv summasi bir vaqtning oʻzida koʻzda tutilmagan holatlar balansdan tashqari hisobvaragʻiga kirim qilinadi.
89. Qoplangan akkreditivda nazarda tutilgan summa mablagʻlarni oluvchining bankida ochilgan hisobvaraqqa mablagʻlarni toʻlovchining arizasiga (toʻlov hujjati bilan) asosan oʻtkaziladi. Bunda mablagʻlarni oluvchining banki akkreditivda nazarda tutilgan summa mablagʻlarni oluvchining hisobvaragʻiga kelib tushganligi haqida uni xabardor qiladi.
90. Mablagʻlarni oluvchining bankiga toʻlov tizimi orqali kelib tushgan akkreditivga arizalar bank tomonidan ikki nusxada chop etilib, uning bir nusxasi bankning buxgalteriya kunlik hujjatlar yigʻmajildiga tikib qoʻyiladi, ikkinchi nusxasi — 1-son kartotekada hisobga olinadi.
91. Akkreditivning muddati tugaguniga qadar mablagʻlarni oluvchi va toʻlovchi oʻrtasida tuzilgan shartnomada belgilangan va mablagʻlarni oluvchi tomonidan akkreditiv shartlari bajarilganligini tasdiqlovchi hujjatlar ikki nusxada taqdim qilingan taqdirda, tegishli summa uning hisobvaragʻiga oʻtkazib beriladi. Bunda bank tomonidan mablagʻlarni oluvchining akkreditiv shartlariga rioya qilganligi hamda ularning bajarilganligini tasdiqlovchi hujjatlarni toʻgʻri rasmiylashtirganligi tekshirilishi shart.
92. Mablagʻlarni toʻlovchi va oluvchi oʻrtasida tuzilgan akkreditiv boʻyicha shartnomada belgilangan shartlarning bittasi bajarilmagan taqdirda ham akkreditiv boʻyicha toʻlovlar amalga oshirilmaydi.
93. Mablagʻlarni oluvchining hisobvaragʻiga mablagʻlarni oʻtkazishda bank tomonidan toʻrt nusxada memorial order rasmiylashtirilib, uning “Toʻlov maqsadi” grafasida toʻlov qaysi shartnoma asosida amalga oshirilayotgan boʻlsa, shu shartnomaning tartib raqami va sanasi koʻrsatiladi. Bunda memorial orderning:
birinchi nusxasi tasdiqlovchi hujjatlar nusxasi bilan birga bankning buxgalteriya kunlik hujjatlari yigʻmajildiga tikib qoʻyiladi;
ikkinchi va uchinchi nusxalari ularga tasdiqlovchi hujjatlar nusxasi ilova qilingan holda mablagʻlarni toʻlovchining bankiga yuboriladi;
toʻrtinchi nusxasi shaxsiy hisobvaragʻidan koʻchirma bilan birga mablagʻlarni oluvchiga beriladi hamda akkreditiv boʻyicha toʻlangan summa 1-son kartotekadan hisobdan chiqariladi.
94. Mablagʻlarni toʻlovchining banki tomonidan akkreditivning ijro etilganligi toʻgʻrisidagi hujjat mablagʻlarni oluvchining bankidan olinganidan soʻng, akkreditiv summasi 1-son kartotekadan hisobdan chiqariladi va mablagʻlarni oluvchining banki tomonidan taqdim qilingan memorial orderning bir nusxasi tasdiqlovchi hujjatlar ilova qilingan holda mablagʻlarni toʻlovchiga beriladi.
95. Akkreditiv mablagʻlarni oluvchining bankida:
akkreditiv muddati tugagan boʻlsa;
mablagʻlarni oluvchining akkreditiv amal qilish muddati tugagunga qadar undan foydalanishdan voz kechishi haqidagi arizasiga koʻra, agar bunday voz kechish mumkinligi akkreditiv shartlarida nazarda tutilgan boʻlsa;
mablagʻlarni toʻlovchining akkreditivni butunlay yoki qisman chaqirib olish haqidagi talabiga muvofiq, agar bunday chaqirib olishga akkreditiv shartlari boʻyicha yoʻl qoʻyilsa, yopiladi.
Akkreditiv yopilganligi haqida mablagʻlarni oluvchining banki mablagʻlarni toʻlovchining bankini xabardor qilishi kerak.
96. Akkreditiv mablagʻlarni toʻlovchiga xizmat koʻrsatuvchi bank tomonidan xabarnoma olingan kunda “Mijozlarning akkreditivlar boʻyicha depozitlari” 22602 balans hisobvaragʻi tegishli summadan kam boʻlmagan summaga kamaytiriladi yoki yopiladi.
97. Qoplangan (deponentlangan) akkreditivning foydalanilmagan summasi akkreditiv yopilishi bilan bir vaqtda mablagʻlarni toʻlovchining bankiga qaytarib berilishi kerak. Mablagʻlarni toʻlovchining banki qaytarib berilgan summalarni mablagʻlarni toʻlovchining mablagʻlari deponentlangan hisobvaragʻiga kiritib qoʻyishi shart.
98. Akkreditivdan toʻliq foydalanilmaganligi sababli, mablagʻlar toʻlovchining bankiga qaytarilgan taqdirda, bank tomonidan ochilgan 1-son kartoteka qaytarilgan summaga teng miqdorda kamaytiriladi.
99. Akkreditiv boʻyicha qisman toʻlovlar amalga oshirilgan taqdirda, mablagʻlarni toʻlovchining banki va mablagʻlarni oluvchining banki amalga oshirilgan qisman toʻlovlarni 1-son kartotekadan hisobdan chiqarib boradi.
8-bob. Yuridik shaxsni qayta tashkil etish va tugatish vaqtida mablagʻlarni hisobdan chiqarish
100. Qayta tashkil etilayotgan (qoʻshib yuborish, qoʻshib olish, boʻlish, ajratib chiqarish, oʻzgartirish) yuridik shaxsning toʻlov hujjatlari boʻyicha toʻlovlar qonunchilik hujjatlariga muvofiq uning asosiy hisobvaragʻidan amalga oshiradi.
101. Kreditorlar va huquqiy voris oʻrtasida nizo yuzaga kelgan taqdirda, mablagʻlar sud qaroriga asosan huquqiy vorisning hisobvaragʻidan hisobdan chiqariladi.
102. Tugatilayotgan yuridik shaxsning hisobvaragʻidan mablagʻlar faqatgina tugatish komissiyasi tomonidan taqdim etiladigan toʻlov topshiriqnomalari asosida hisobdan chiqariladi hamda tugatilayotgan yuridik shaxsning barcha hisobvaraqlari tugatish komissiyasining ixtiyoriga oʻtadi.
Tugatilayotgan yuridik shaxsning shaxsiy varaqchasi oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilib, uning oʻrniga tugatish komissiyasi aʼzolarining imzo namunalari tushirilgan shaxsiy varaqcha rasmiylashtiriladi. Bunda imzo namunalari oʻz kuchini yoʻqotgan deb topilmagan shaxslarning topshiriqlariga asosan tugatilayotgan yuridik shaxsning hisobvaraqlaridan mablagʻlarning hisobdan chiqarilganligi uchun banklar javobgar boʻlmaydi.
9-bob. Yakuniy qoidalar
103. Toʻlov intizomiga rioya qilmagan banklar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.
104. Banklarning vakillik hisobvaraqlari orqali oʻtkaziladigan operatsiyalar, agar overdraft (qisqa muddatli kredit berish) nazarda tutilmagan boʻlsa, banklarning vakillik hisobvaragʻidagi mablagʻlar doirasida amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasida naqd pulsiz hisob-kitoblar toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasida naqd pulsiz hisob-kitoblar toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasida naqd pulsiz hisob-kitoblar toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasida naqd pulsiz hisob-kitoblar toʻgʻrisidagi nizomga 4-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasida naqd pulsiz hisob-kitoblar toʻgʻrisidagi nizomga 5-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasida naqd pulsiz hisob-kitoblar toʻgʻrisidagi nizomga 6-ILOVA
Markaziy bank raisi M. NURMURATOV
Toshkent sh.,
2020-yil 15-fevral,
3/12-son