UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 18-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 18 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 апреля 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 April 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

TEAM университетини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси , шунингдек, илғор жаҳон таълим стандартларига мувофиқ олий маълумотли юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш, ёшларнинг, айниқса, мамлакат минтақаларидаги ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ундан самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда «TEAM University» масъулияти чекланган жамиятининг ТЕАМ университетини (кейинги ўринларда Университет деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланиши инобатга олинсин:

республика иқтисодиёти реал секторининг эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, тадбиркорлик ва бошқарув, шунингдек, бошқа соҳаларда юқори малакали олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;

юқори малакали мутахассисларни, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимизни жалб этган ҳолда етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан кенг ҳамкорликни амалга ошириш;

республика ва хорижий давлатлар кадрларининг малакасини ошириш, илғор хорижий илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Университет «TEAM University» масъулияти чекланган жамияти муассислигидаги (кейинги ўринларда муассис деб аталади) устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлмаган нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Университетда ўқув-методик раҳбарлик ва таълим жараёнининг олиб борилиши тузиладиган битимлар асосида етакчи хорижий олий таълим муассасалари (кейинги ўринларда хорижий ҳамкорлар деб аталади) билан биргаликда таъминланади;

Университетда таълим жараёни Университет томонидан тасдиқланадиган ва хорижий ҳамкорларнинг ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ инглиз, ўзбек тилларида ва бошқа тилларда ташкил этилади;

Университетда таълим фаолияти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда лицензия берилганидан сўнг, 2020/2021 ўқув йилидан бошланади;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади;

Университетга абитуриентларни қабул қилиш ва битирувчиларни аттестациядан ўтказиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишган ҳолда белгиланади;

Университетда таълим рақамли технологиялар, масофавий таълим хизматлари, вебинарлар, онлайн-ўқитиш, «blended learning» ва бошқа замонавий таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида амалга оширилади;

Университетда таълим олиш тўлов-контракт асосида, шунингдек юридик шахслар — потенциал иш берувчилар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари, шунингдек, ёшларни ўқитиш учун ажратиладиган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари ҳамда тўлов-контракт миқдори ижтимоий-иқтисодий соҳадаги юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади.

4. Қуйидагилар:

муассис Университетда ўқув-услубий ва илмий йўналишда таълим жараёнини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича Times Higher Education ва Quacquarelli Symonds каби етакчи рейтинг агентликларининг ТОП-1000 рейтингига кирадиган дунёнинг етакчи университетлари билан битим тузиши;

муассис томонидан Университетни ривожлантириш режаларига мувофиқ, республиканинг бошқа вилоятларида масъулияти чекланган жамият шаклидаги Университетнинг филиаллари ташкил этилиши мумкинлиги маълумот учун қабул қилинсин.

5. Университет Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Темур Малик кўчаси, 146-уй манзилида жойлаштирилсин.

6. Университетга кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёжни ҳамда республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларини инобатга олган ҳолда мустақил равишда ва хорижий шериклар билан ҳамкорликда янги бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга рухсат берилсин.

7. Белгилаб қўйилсинки, Университетнинг жорий фаолиятини молиялаштириш, унинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, зарур ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари, мебель, компьютер техникаси, ўқув ва методик адабиётлар ҳамда бошқа моддий-техник воситалар билан таъминлаш:

муассис маблағлари;

тўлов-контракт асосида талабаларни ўқитишдан тушадиган маблағлар;

Университет томонидан шартнома асосида хизматлар кўрсатишда тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар, шу жумладан, хорижий ҳамкорларнинг маблағлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Университет буюртманомасига кўра мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига кириш визалари консуллик йиғимлари ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Университет буюртманомасига кўра мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этиладиган хорижлик профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига белгиланган тартибда кўп марталик визалар берилиши ва муддати узайтирилишини ҳамда Ўзбекистон Республикасида яшаш жойида вақтинча прописка қилиниши ва муддати узайтирилишини таъминласин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А. Абдухакимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 18 апрель,

241-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.04.2020 й., 09/20/241/0467-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TEAM universitetini tashkil etish toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2019-yil 8-oktabrdagi PF-5847-son Farmoni bilan tasdiqlangan Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tizimini 2030-yilgacha rivojlantirish konsepsiyasi , shuningdek, ilgʻor jahon taʼlim standartlariga muvofiq oliy maʼlumotli yuqori malakali mutaxassislar tayyorlashni tashkil etish, yoshlarning, ayniqsa, mamlakat mintaqalaridagi yoshlarning salohiyatini roʻyobga chiqarish va undan samarali foydalanish uchun shart-sharoitlar yaratish hamda Oʻzbekiston Respublikasining oliy taʼlim sohasidagi xalqaro hamkorligini yanada kengaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda “TEAM University” masʼuliyati cheklangan jamiyatining TEAM universitetini (keyingi oʻrinlarda Universitet deb ataladi) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

2. Quyidagilar Universitetning asosiy vazifalari va faoliyat yoʻnalishlari etib belgilanishi inobatga olinsin:

respublika iqtisodiyoti real sektorining ehtiyojini hisobga olgan holda, tadbirkorlik va boshqaruv, shuningdek, boshqa sohalarda yuqori malakali oliy maʼlumotli kadrlarni tayyorlash;

yuqori malakali mutaxassislarni, shu jumladan, xorijiy mutaxassislarni, shuningdek, xorijda faoliyat yuritayotgan vatandoshlarimizni jalb etgan holda yetakchi xorijiy oliy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalari bilan keng hamkorlikni amalga oshirish;

respublika va xorijiy davlatlar kadrlarining malakasini oshirish, ilgʻor xorijiy ilmiy-tadqiqot muassasalari bilan hamkorlik qilish asosida tajriba almashish dasturlarini amalga oshirish;

taʼlim jarayoniga zamonaviy pedagogik va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish;

ilmiy-tadqiqot faoliyatini amalga oshirish.

3. Belgilab qoʻyilsinki:

Universitet “TEAM University” masʼuliyati cheklangan jamiyati muassisligidagi (keyingi oʻrinlarda muassis deb ataladi) ustav fondida (ustav kapitalida) davlat ulushi boʻlmagan nodavlat oliy taʼlim tashkiloti hisoblanadi;

Universitetda oʻquv-metodik rahbarlik va taʼlim jarayonining olib borilishi tuziladigan bitimlar asosida yetakchi xorijiy oliy taʼlim muassasalari (keyingi oʻrinlarda xorijiy hamkorlar deb ataladi) bilan birgalikda taʼminlanadi;

Universitetda taʼlim jarayoni Universitet tomonidan tasdiqlanadigan va xorijiy hamkorlarning oʻquv rejalari va dasturlariga muvofiq ingliz, oʻzbek tillarida va boshqa tillarda tashkil etiladi;

Universitetda taʼlim faoliyati Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi tomonidan belgilangan tartibda litsenziya berilganidan soʻng, 2020/2021 oʻquv yilidan boshlanadi;

Universitet bitiruvchilariga Oʻzbekiston Respublikasida oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjat sifatida eʼtirof etiladigan belgilangan namunadagi diplom beriladi;

Universitetga abituriyentlarni qabul qilish va bitiruvchilarni attestatsiyadan oʻtkazish tartibi va qoidalari Universitet tomonidan xorijiy hamkorlar bilan kelishgan holda belgilanadi;

Universitetda taʼlim raqamli texnologiyalar, masofaviy taʼlim xizmatlari, vebinarlar, onlayn-oʻqitish, “blended learning” va boshqa zamonaviy taʼlim texnologiyalaridan foydalangan holda kunduzgi, sirtqi va kechki taʼlim shaklida amalga oshiriladi;

Universitetda taʼlim olish toʻlov-kontrakt asosida, shuningdek yuridik shaxslar — potensial ish beruvchilar tomonidan taqdim etiladigan taʼlim grantlari, shuningdek, yoshlarni oʻqitish uchun ajratiladigan yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobiga amalga oshiriladi;

bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklariga qabul parametrlari hamda toʻlov-kontrakt miqdori ijtimoiy-iqtisodiy sohadagi yuqori malakali mutaxassislarga boʻlgan ehtiyojdan kelib chiqqan holda Universitet tomonidan belgilanadi.

4. Quyidagilar:

muassis Universitetda oʻquv-uslubiy va ilmiy yoʻnalishda taʼlim jarayonini tashkil etishga koʻmaklashish boʻyicha Times Higher Education va Quacquarelli Symonds kabi yetakchi reyting agentliklarining TOP-1000 reytingiga kiradigan dunyoning yetakchi universitetlari bilan bitim tuzishi;

muassis tomonidan Universitetni rivojlantirish rejalariga muvofiq, respublikaning boshqa viloyatlarida masʼuliyati cheklangan jamiyat shaklidagi Universitetning filiallari tashkil etilishi mumkinligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

5. Universitet Toshkent shahar, Yashnobod tumani, Temur Malik koʻchasi, 146-uy manzilida joylashtirilsin.

6. Universitetga kadrlarga boʻlgan talab va ehtiyojni hamda respublikaning ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanish istiqbollarini inobatga olgan holda mustaqil ravishda va xorijiy sheriklar bilan hamkorlikda yangi bakalavriat yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarini ochishga ruxsat berilsin.

7. Belgilab qoʻyilsinki, Universitetning joriy faoliyatini moliyalashtirish, uning bino va inshootlarini qurish, rekonstruksiya qilish va kapital taʼmirlash, shuningdek, zarur oʻquv va laboratoriya asbob-uskunalari, mebel, kompyuter texnikasi, oʻquv va metodik adabiyotlar hamda boshqa moddiy-texnik vositalar bilan taʼminlash:

muassis mablagʻlari;

toʻlov-kontrakt asosida talabalarni oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;

Universitet tomonidan shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishda tushadigan mablagʻlar;

jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari;

xalqaro moliya institutlari va xorijiy tashkilotlar, shu jumladan, xorijiy hamkorlarning mablagʻlari;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobiga amalga oshiriladi.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi Universitet buyurtmanomasiga koʻra mazkur qarorni amalga oshirish doirasida jalb etiladigan xorijlik professor-oʻqituvchilar va maʼmuriy xodimlarga, shuningdek, ularning oila aʼzolariga kirish vizalari konsullik yigʻimlari va haqiqiy xarajatlarning oʻrnini qoplash hisobidan yigʻimlar undirilmasdan belgilangan tartibda rasmiylashtirilishini taʼminlasin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Universitet buyurtmanomasiga koʻra mazkur qarorni amalga oshirish doirasida jalb etiladigan xorijlik professor-oʻqituvchilar va maʼmuriy xodimlarga, shuningdek, ularning oila aʼzolariga belgilangan tartibda koʻp martalik vizalar berilishi va muddati uzaytirilishini hamda Oʻzbekiston Respublikasida yashash joyida vaqtincha propiska qilinishi va muddati uzaytirilishini taʼminlasin.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi raisi A.A. Abduxakimov, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi boshligʻi U.N. Tashkenbayev zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Taʼlim va sogʻliqni saqlash masalalari kotibiyatiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 18-aprel,

241-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 18.04.2020-y., 09/20/241/0467-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son)

lex.uz