UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 25-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 25 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 апреля 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 April 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТУЗИЛМАСИ

НИЗОМ

МЕЪЁРЛАРИ

НИЗОМ

Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга оид масалаларни мувофиқлашган ҳамкорлигини тартибга солиш ҳамда мазкур йўналишда давлат органларининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуа (кейинги ўринларда — карантин мажмуаси) барпо этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуасини бошқариш бўйича махсус марказ (кейинги ўринларда — Карантин маркази) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

3. Қуйидагилар:

Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуани бошқариш махсус марказининг тузилмаси 1-иловага ;

Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш вақтинчалик тартиби тўғрисида низом 2-иловага ;

Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштириш ва сақлаш вақтинчалик тартиби тўғрисида низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида карантин мажмуалари ташкил этилганда Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ чора-тадбирлар амалга оширилади.

Тошкент шаҳар ҳокимига карантин мажмуасида сақланаётган коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахслар сонидан келиб чиқиб Карантин марказининг тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Карантин марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни (кейинги ўринларда карантинга олинган шахслар деб аталади) қабул қилиш, сақлаш ва карантин мажмуасидан чиқаришни ташкил этиш;

карантин мажмуасини самарали бошқариш, карантин мажмуасида коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш ва карантинга олинган шахслар, шунингдек жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчилар тиббий назоратини тизимли равишда олиб бориш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан карантинга олинган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек уларга юклатилган мажбуриятларни бажаришларини назорат этилишида ҳамкорлик қилиш;

карантинга олинган шахсларни қабул қилиш, сақлаш ва карантин мажмуасидан марказлаштирилган тартибда чиқаришни ташкил этишда давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

карантин мажмуасида мунтазам, шу жумладан, карантин тадбирлари якунлангандан кейин дезинфекция ишларини амалга оширишни таъминлаш.

5. Белгилаб қўйилсинки, Карантин маркази:

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган давлат унитар корхонаси шаклидаги таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ҳисобварақларига эга бўлади;

директори Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

фаолияти манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ёрдамчи ва техник ходимларни жалб қилган ҳолда ташкил этилади;

мажмуадаги барча мол-мулклардан самарали фойдаланишни ва уларни бут сақланишини таъминлайди;

мажмуани сақлаш ва эксплуатация қилиш бўйича шартномалар тузади;

озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи навбатдаги дори воситалари, ниқоб, дезинфекция воситалари ва бошқа зарур товарларни истисно тариқасида, тендер савдоларисиз, ишлаб чиқарувчи (хизмат кўрсатувчи) лар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали харид қилади;

ўзининг фаолияти, юзага келаётган тизимли муаммолар, карантинга олинган шахслар, шунингдек жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчилар тиббий назорати тўғрисида ҳар кунлик маълумотлар ҳамда фавқулодда вазиятлар ҳақида дарҳол Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясига (кейинги ўринларда — Комиссия) электрон тарзда ахборот киритиб боради.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги карантин мажмуасига меҳнат ва хизмат фаолиятини олиб бориш мақсадида тегишли мутахассис, ходимлар ва ҳарбий хизматчиларнинг бириктирилишини таъминласин.

Белгилансинки, жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчилар меҳнат ва хизмат фаолиятини:

асосий иш жойидан ажралган ва ойлик иш ҳақи (пул таъминоти) сақланган ҳолда олиб борадилар ҳамда уларга тегишли вазирлик ва идоралар томонидан уларни қўшимча моддий рағбатлантириш чоралари кўрилади;

бевосита карантин мажмуасида истиқомат қилиб, унда ўрнатилган режимга риоя қилган ҳолда олиб борадилар.

7. Карантин марказининг моддий-техника базасини шакллантириш ва жорий сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва қўшимча моддий рағбатлантириш, шунингдек карантинга олинган шахсларни ҳамда жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчиларни озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи навбатдаги дори воситалари, ниқоб, дезинфекция воситалари ва бошқа зарур нарсалар билан таъминлаш харажатлари қуйидагилар ҳисобидан қопланади:

Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги:

Карантин марказининг уставини белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда карантин марказини компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига улаш ишларини тезлаштирсин.

9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Геология ва минерал ресурслар Давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмитаси билан биргаликда эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб карантин тадбирлари тугатилгандан сўнг 5 кун муддатда ушбу мажмуадаги иншоотлардан самарали фойдаланиш юзасидан Комиссияга таклиф киритсин.

10. Белгилансинки:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари — карантин марказларига умумий раҳбарлик қилиш ва жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчилар фаолиятини мувофиқлаштиришга;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги — карантинга олинган шахслар, шунингдек жалб қилинган мутахассис, ходим ва ҳарбий хизматчилар тиббий назоратини тизимли равишда олиб борган ҳолда уларни соғлиғини сақлашга ва карантин мажмуасида коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги — карантин мажмуалари периметри бўйлаб кеча-кундуз қўриқлашга;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияси — карантин мажмуаларида ички тартиб-қоидаларига риоя этилишини таъминлашга ва жамоат тартибини сақлашга;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги — карантин марказларини ўрнатилган тартибда Интернет жаҳон ахборот тармоғи билан таъминлашга масъул ҳисобланадилар.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 апрелдаги 254-сон қарорига 1-ИЛОВА

Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуани бошқариш махсус марказининг

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 апрелдаги 254-сон қарорига 2-ИЛОВА

Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш вақтинчалик тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада (кейинги ўринларда — карантин мажмуаси) эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

карантин — маълум ҳудудни коронавирус инфекцияси тарқатувчи манбадан муҳофаза қилиш ва уни йўқотишга ҳамда коронавирус инфекциясининг бир жойдан бошқа ҳудудларга тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган маъмурий ва санитария-эпидемиологик тадбирлар мажмуи;

марказ — карантин мажмуасини бошқариш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган махсус марказ;

назорат органлари — карантин мажмуасида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш юзасидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси (кейинги ўринларда — Санэпидқўм), Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг вакиллари;

санитария-карантин пунктлари — Давлат чегараларини қуруқликда (автомобиль ва темир йўллари), ҳаво ва сув йўллари орқали кесиб ўтиш жойларидаги чегара-божхона мажмуаларида ташкил этиладиган ихтисослашган профилактик муассаса;

қизил зона — карантин мажмуасининг қабулхонаси, карантинга олинган шахсларнинг яшаши учун мўлжалланган хоналари (шу жумладан, ювиниш хонаси ва ҳожатхона), биологик материал олиш учун мўлжалланган хоналар, карантинга олинган шахсларнинг шахсий буюмлари сақланиши учун мўлжалланган хоналар, тозалаш ва дезинфекция воситалари сақланиши учун мўлжалланган хоналар;

сариқ зона — қизил зонадан яшил зонага ёки яшил зонадан қизил зонага ўтиш учун уларнинг оралиғида жойлаштириладиган ҳамда у ерда бўлган шахсларнинг кийиниши, ювиниши ва кийимларини зарарсизлантирилишига мўлжалланган хоналар;

яшил зона — карантин мажмуасининг тиббиёт ва хизмат кўрсатувчи ходимлари ҳамда назорат органларининг ходимлари учун мўлжалланган хоналар, шунингдек дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа тиббиёт препаратлари захираси сақланиши учун мўлжалланган ҳамда ходимлар учун ювиниш ва кийиниш хоналари, ҳожатхона ва ошхона.

2-боб. Карантинга олинган шахсларни карантин мажмуасига жойлаштириш тартиби

1-§. Чегара божхона постларидан ўтаётган йўловчиларни карантин мажмуасига олиб бориш

3. Чегара божхона постларидан ўтаётган йўловчилар дастлаб санитария-карантин пунктларида навбатчи ходимлар томонидан коронавирус инфекциясининг белгиларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилган ҳолда тиббий-санитария кўригидан ўтказилгандан сўнг чегара ва божхона хизматлари назоратидан ўтказилади.

4. Чегара божхона постларидан ўтаётган йўловчилар орасидан коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахс аниқланганда ҳаракатланиш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

5. Санитария-карантин пунктларининг навбатчи ходимлари томонидан чегара божхона постларидан ўтаётган йўловчиларнинг рўйхати (кейинги ўринларда — чегарадан ўтаётган шахслар рўйхати) шакллантирилади ва электрон алоқа воситалари орқали марказга юборилади.

6. Марказ чегарадан ўтаётган шахслар рўйхати асосида карантинга олинадиган шахсларни жойлаштириш учун карантин мажмуасида уларнинг сонига мувофиқ тегишли хоналар ажратилишини таъминлайди.

7. Тегишли ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи чегарадан ўтаётган шахслар рўйхати асосида карантинга олинадиган шахсларни ҳамда уларга тегишли бўлган буюмларни карантин мажмуасига олиб борилиши учун уларнинг сонига мутаносиб равишда транспорт воситалари билан таъминлайди.

8. Карантинга олинадиган шахслар ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ходимлари кузатуви ва назорати остида карантин мажмуасига олиб борилади.

Карантинга олинадиган шахслар томонидан карантин мажмуасига боришдан бўйин товлаш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади ҳамда бундай ҳолларда шахс мажбурий тартибда карантин мажмуасига олиб борилади.

9. Карантинга олинадиган шахсларни карантин мажмуасига олиб боришда кузатиб борувчи ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари, шунингдек уларни олиб борувчи транспорт воситаси ҳайдовчиси шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши шарт.

10. Карантинга олинадиган шахсларни карантин мажмуасига олиб келган транспорт воситасида карантин мажмуаси ҳудудидан чиқиб кетишидан олдин махсус ажратилган майдончада дезинфекция тадбирлари ўтказилганидан сўнг унинг кетишига рухсат берилади.

2-§. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш ва уларни карантин мажмуасига олиб бориш

11. Коронавирус инфекцияси билан касалланган шахс аниқланганда ички ишлар органлари ҳамда Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари томонидан дарҳол коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан мулоқотда бўлганларнинг рўйхати шакллантирилади.

Бунда, коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан мулоқотда бўлганлар коронавирус инфекциясини юқтириш хавфи даражасига қараб Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган мезонлар асосида коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда ва мулоқотда бўлган шахсларга ажратилади.

12. Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлими шу вақтнинг ўзида коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлганларниниг рўйхатини электрон алоқа воситалари орқали тегишли ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органи, соғлиқни сақлаш органига ҳамда марказга юборади.

13. Ички ишлар органи томонидан коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар рўйхати тегишлилиги бўйича туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (ИИОФМБ, бўлимлари)га юборилади.

14. Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) дарҳол ўзларига тегишли ҳудудда яшайдиган коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлганларнинг рўйхатида кўрсатилган шахсларни уй шароитида «ўзини-ўзи яккалаш»ини таъминлайди.

15. Марказ коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлганларнинг рўйхати асосида карантинга олинадиган шахсларни жойлаштириш учун карантин мажмуасида уларнинг сонига мувофиқ тегишли хоналар ажратилишини таъминлайди.

16. Тегишли ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлганларниниг рўйхати асосида карантинга олинадиган шахсларни ҳамда уларга тегишли бўлган буюмларни карантин мажмуасига олиб борилиши учун уларнинг сонига мутаносиб равишда транспорт воситалари билан таъминлайди.

17. Карантинга олинадиган шахслар ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ходимлари кузатуви ва назорати остида карантин мажмуасига олиб борилади.

Карантинга олинадиган шахслар томонидан карантин мажмуасига боришдан бўйин товлаган тақдирда улар мажбурий тартибда карантин мажмуасига олиб борилади ва бундай ҳаракатлар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.

18. Карантинга олинадиган шахсларни карантин мажмуасига олиб боришда кузатиб борувчи ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари, шунингдек уларни олиб борувчи транспорт воситаси ҳайдовчиси шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши шарт.

19. Карантинга олинадиган шахсларни карантин мажмуасига олиб келган транспорт воситасида карантин мажмуаси ҳудудидан чиқиб кетишидан олдин махсус ажратилган майдончада дезинфекция тадбирлари ўтказилганидан сўнг унинг кетишига рухсат берилади.

3-§. Карантин мажмуасига жойлаштириш тартиби

20. Карантин мажмуасига чегара-божхона постидан ўтаётган ҳамда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар жойлаштирилади.

21. Карантин мажмуаси ҳудуди яшил, сариқ ва қизил зоналарга ажратилади.

22. Яшил зонага тиббиёт ва хизмат кўрсатувчи ходимлар, назорат органларининг ходимлари, шунингдек карантин мажмуасининг ёрдамчи бўлимлари ходимлари ва карантин мажмуаси маъмуриятининг рухсати бўлган бошқа шахслар жойлаштирилади.

23. Қизил зонага карантинга олинган шахслар жойлаштирилади.

24. Карантин мажмуасига киритиладиган хизмат кўрсатувчи ходимлар мавсумий гриппга қарши эмланган бўлиши тавсия этилади.

25. Карантинга олинган шахслар карантин мажмуасида 14 кун давомида ёки карантинга олинган шахснинг соғлиғи ҳолатига кўра соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида сақланади.

26. Карантин мажмуасига олиб келинган шахслар у ерга жойлаштирилишидан олдин бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиши, яъни тана ҳароратининг ўлчаниши, тиббий ниқоб билан таъминланиши ва қўлларини антисептик воситалари билан зарарсизлантирилиши ва шундан кейин тегишли хоналарга жойлаштирилиши керак.

27. Карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, кредит карталари ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар карантин мажмуасининг кириш жойида ички ишлар органлари ходимлари томонидан вақтинча олиб қўйилади.

28. Вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар ҳар бир шахснинг Ф.И.О. кўрсатилган ҳолда икки нусхада тузиладиган рўйхат асосида қабул қилиб олинади.

Бунда, рўйхатда ҳар бир топширилган буюм кўрсатилиши, шунингдек буюмларни топширган ва қабул қилган шахс томонидан имзо қўйиш орқали тасдиқланиши лозим. Рўйхатнинг бир нусхаси буюмларни топширган шахсга берилади ва иккинчи нусхаси марказнинг масъул ходимида сақланади.

29. Вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар карантинга олинган шахс карантин мажмуасидан чиқаётган вақтда ўзига қайтариб берилади ёки унинг яқин қариндошлари ёхуд қонуний вакилларига топширилади. Бунда буюмларни қабул қилиб олган шахс уларни қайтариб олганлигини ўз имзоси билан тасдиқлаши шарт.

Вақтинчалик олиб қўйилган буюмларни сақлаш (қўриқлаш) марказ томонидан ички ишлар ва миллий гвардия органлари билан биргаликда ташкиллаштирилади.

30. Вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар махсус хонада очиқ ультрабинафша нурлари (бактериоцид лампа) билан ёки стерилланган спиртли нам салфеткалар ёхуд антисептик воситалар билан дезинфекция қилинади.

31. Карантин мажмуасининг ҳар бир хонасига 4 тадан кўп бўлмаган шахслар уларнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилади. Бунда эркаклар ва аёллар ҳамда юқумли ва паразитар касалликларга чалинган ёки тиббий кузатувга муҳтож бўлган беморлар алоҳида хоналарда жойлаштирилиши шарт, бундан бир хонага бир оиланинг аъзоларини жойлаштириш ҳоллари мустасно.

32. Карантин мажмуасининг ҳар бир хонасига карантинга олинган шахсларни жойлаштириш бир вақтнинг ўзида амалга оширилиши шарт.

Агар хонага бир вақтнинг ўзида 4 тадан кам шахс жойлаштирилганда ёки бир хонага жойлаштирилган шахслар орасидан бири ёки бир нечтаси чиқарилганда ушбу хонада қолган шахсларнинг карантинда бўлиш муддати тугагунига қадар мазкур хонага бошқа шахсларни жойлаштириш тақиқланади.

33. Карантин мажмуасининг хонасида мавжуд жиҳоз ва буюмларнинг номи ва сони кўрсатилган рўйхат ҳар бир хонанинг ҳамма кўриши мумкин бўлган жойига осиб қўйилади.

3-боб. Карантин мажмуасида карантинда сақлашнинг ички тартиб қоидалари

1-§. Карантин мажмуасининг ички тартиб қоидалари

34. Карантинга олинган шахсларнинг кун тартиби марказ томонидан белгиланади. Кун тартиби карантин мажмуасининг ҳар бир хонасида ҳамма кўриши мумкин бўлган жойга осиб қўйилади.

35. Карантин мажмуасининг карантинга олинган шахслар жойлаштирилган ҳар бир хонаси эшигининг ташқи томонига ушбу хонада жойлаштирилган шахсларнинг Ф.И.О. кўринарли қилиб осиб қўйилиши зарур.

36. Карантинга олинган шахсларнинг шахсий вақтларида мутолаа қилишлари учун китоб ва даврий босма нашрлари билан таъминлаш марказ зиммасига юклатилади.

Бунда, бир хонадаги шахсларга берилган китоб ва даврий босма нашрларини бошқа хонадаги шахсларга беришга йўл қўйилмайди.

37. Карантинга олинган шахслар учун шахсий гигиена воситалари (шу жумладан, антисептик воситалар, тиббий ниқоб, совун) билан таъминланиши шарт.

38. Карантин мажмуасининг карантинга олинган шахслар жойлаштирилган ҳар бир хонаси барча зарур жиҳозлар билан таъминланган бўлиши керак. Бунда, хоналар мазкур Низомнинг иловасида белгиланган меъёрлардан кам бўлмаган ҳолда жиҳозланади.

Карантин мажмуаси ҳудудида жорий тозалов ишлари кунига бир маҳал, шунингдек ҳафтада камида бир маротаба дезинфекция воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Бунда карантинга олинган шахслар жойлаштирилган хонада жорий тозалов ишлари уларнинг ўзлари томонидан амалга оширилади.

Карантин мажмуаси ҳудудида, шу жумладан карантинга олинган шахслар жойлаштирилган хонада профилактик дезинсекция ва дератизация тадбирлари ҳар ойда камида бир марта амалга оширилиши талаб этилади.

Карантинга олинган шахсларнинг умумий ювиниш ва ҳожатхонадан фойдаланиши тақиқланади.

Ювиниш хонаси ва ҳожатхона карантинга олинган шахслар жойлашган хоналарининг таркибида бўлади.

39. Карантин мажмуасининг карантинга олинган шахслар жойлаштирилган ҳар бир хонаси тиббий ёрдам чақириш, карантин мажмуаси маъмурияти билан боғланиш ва ташқи алоқа учун узлуксиз равишда ишлайдиган телефон аппарати билан таъминланган бўлиши шарт.

Бунда, карантинга олинган шахсларнинг хонасидаги ювиниш хонаси ёки ҳожатхона ишламаслиги ёхуд шахсий гигиена воситаларининг (шу жумладан, антисептик воситалар, тиббий ниқоб, совун) мавжуд эмаслиги ҳақидаги талаблари карантин мажмуаси маъмурияти томонидан дарҳол бартараф этилиши шарт.

40. Карантин мажмуасида карантинга олинган шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва уларнинг тегишлилиги бўйича масъул ходимларга хабар берилишини таъминлаш мақсадида карантин мажмуасида алоҳида навбатчилик қисми ташкил этилади.

41. Карантинга олинган шахслар ташқаридан ҳар қандай кўринишдаги почта жўнатмалари, посилка ва бандероллар қабул қилиши тақиқланади, бундан қуйидаги жўнатмалар мустасно:

сурункали касалликларга чалинган карантинга олинган шахслар учун дори-дармон воситалари;

даволовчи шифокор тавсиясига кўра махсус парҳез маҳсулотлари;

болаларга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур гигиена воситалари;

қўшимча гигиена воситалари, кийим-кечаклар ва адабиётлар.

Мазкур жўнатмалар марказнинг махсус ходимларига топширилади. Бунда жўнатмаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб ультрабинафша нурлари (бактериоцид лампа) ёки стерилланган спиртли нам салфеткалар ёхуд антисептик воситалар билан дизинфекция қилинади ва карантинга олинган шахсларга етказилади.

42. Карантин мажмуасида карантинга олинган шахслар шахсий эҳтиёжлари ёки бошқа сабаблар туфайли улар ҳаракатланиши белгиланган ҳудуддан чиқиши қатъиян тақиқланади.

43. Карантинга олинган шахсларнинг чойшаблари ҳар етти кунда ва ифлосланишига қараб алмаштирилади.

Карантинда бўлиш муддати тугаганидан сўнг карантин мажмуасидан чиқарилган шахсларнинг фойдаланилган чойшаблари камерали дезинфекция усулида зарарсизлантирилади, каравот ва каравот олди тумбалар ҳамда хонадаги барча жиҳоз ва анжомлар дезинфекцияловчи эритмалар ёрдамида жорий тозалаш ва дезинфекция тадбирларидан ўтказилади.

44. Карантинга олинган шахслар ҳар куни икки маҳал (эрталаб ва кечқурун) тиббиёт ходимлари томонидан тана ҳарорати ўлчанади, коронавирус инфекцияси клиник белгилари (тана ҳароратининг меъёридан юқорилиги, қуруқ йўтал, ҳолсизланиш, нафас сиқилиши) кузатилганда дарҳол шифокор кўриги ташкил этилади.

Тиббий кузатув билан бир вақтда тиббиёт ходими карантинга олинган шахсларнинг ўз ўрнида бўлганликларини текшириб боради ва бу ҳақдаги маълумотларни алоҳида журналда мунтазам равишда (камида суткада икки маҳал (тун ва кун) қайд этиб боради.

45. Карантин мажмуасида коронавирус инфекцияси клиник белгилари кузатилган шахс аниқланганда, у дарҳол карантин мажмуасининг алоҳида хонасига (изоляторга) кўчирилади ва уни 6 соат ичида тегишли касалхонага (госпитал, провизор госпитал) юбориш чоралари кўрилади. Бу шахслар билан мулоқотда бўлганлар эса лаборатория таҳлили натижалари олингунга қадар, ўз хоналарида изоляция қилинади.

46. Карантин мажмуасида фаолият юритаётган барча тиббиёт ходимлари, шунингдек хизмат кўрсатувчи ва бошқа шахслар шахсий ҳимоя воситалари (комбинезон, этик, тиббий ниқоб, кўзойнак ва қўлқоп) туридан фойдаланади.

Карантин мажмуасида хизмат ўтовчи ички ишлар органлари ходимлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари зарур шахсий ҳимоя воситаларидан (тиббий ниқоб ва қўлқоп) фойдаланган ҳолда ўз хизмат фаолиятларини олиб борадилар.

47. Карантин мажмуасига жалб этилган ходимлар ушбу мажмуада 14 кун давомида қолиб ишлашлари (казарма ҳолатида бўлишлари) талаб этилади.

48. Марказ томонидан:

карантинга олинганлар ўртасида санитария-тарғибот ишлари мунтазам равишда олиб борилиши;

карантин мажмуаси масофадан ушбу тарғибот ишларини олиб бориш учун умумий ахборот етказувчи барча воситалар билан таъминланади.

49. Қизил зонага тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан бошқа ходимларнинг кириши ва карантинга олинган шахслар билан мулоқотга киришиши қатъиян тақиқланади.

Агар карантин мажмуасига жалб қилинган ходимлар фаолияти даврида уларда коронавирус инфекцияси белгилари қайд этилса, ушбу ходимлар карантин мажмуасидан чиқарилмасдан, алоҳида кузатувга олинади ва мазкур Низомнинг 45-бандига мувофиқ зарур тадбирлар амалга оширилади.

50. Карантин мажмуасининг қизил зонасидан яшил зонасига ўтиш ёки аксинча яшил зонадан қизил зонага ўтиш сариқ зона орқали амалга оширилади.

51. Санэпидқўмнинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ва ҳудудий ўлат, карантин ва ўта хавфли инфекцияларни профилактика қилиш марказлари карантин мажмуасида эпидемияга қарши режим талаблари бажарилишини мониторинг қилиш ва профилактик чора-тадбирларни ташкил этишга амалий ёрдам кўрсатади.

52. Карантинга олинган шахсларни овқатлантириш марказ томонидан аутсорсинг ёки кейтеринг шартлари асосида ташкил этилади.

Карантинга олинган шахслар бир кунда тўрт маҳал марказ ҳисобидан овқатлантирилади. Бунда карантинга олинган шахсларга озиқ-овқатларни тарқатиш тиббиёт ходими назорати остида амалга оширилиши шарт.

53. Марказ томонидан ҳар куни озиқ-овқат етказиб берувчи аутсорсинг (кейтеринг) ташкилотига карантин мажмуасида жойлаштирилганлар сони тўғрисидаги маълумотлар бериб борилиши лозим.

54. Карантин мажмуасига озиқ-овқатлар транспорт воситасида олиб келиниши, улар бир маротаба ишлатишга мўлжалланган, усти ёпиладиган махсус идишларга жойлаштирилган бўлиши керак.

Озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишда фойдаланиладиган барча буюмлар бир маротаба ишлатишга мўлжалланган бўлиши талаб этилади.

55. Аутсорсинг (кейтеринг) ташкилотлари томонидан карантин мажмуасига олиб келинган озиқ-овқатлар марказ фаолиятига жалб қилинган масъул ёрдамчи ходимлар томонидан қабул қилиб олинади ва тарқатилади.

56. Озиқ-овқатлар шу вақтнинг ўзида тиббиёт ходимлари назорати остида карантин мажмуасида хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан навбат билан қизил ва яшил зоналарда жойлаштирилган шахсларга тарқатилади.

57. Карантин мажмуасида хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан тарқатилган озиқ-овқат идишлари ва овқат қолдиқлари ҳар бир хонадан махсус полиэтилен қопларга йиғиб чиқилади.

Озиқ-овқат идишлари ва овқат қолдиқлари жойлаштирилган махсус полиэтилен қоплар сақлаб турилиши тақиқланади.

58. Барча озиқ-овқат идишлари ва овқат қолдиқлари жойлаштирилган махсус полиэтилен қоплар шу вақтнинг ўзида тегишли ҳудудга олиб борилиб, махсус (муфель) печларда куйдириб ташлаш орқали йўқ қилинади.

59. Карантин мажмуаси ҳудудига фақатгина марказ коменданти рухсати билан марказга хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари киритилишига йўл қўйилади.

60. Карантин мажмуаси ҳудудига киритиладиган ҳар бир транспорт воситаси ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари томонидан кўздан кечирилгандан кейингина киритилиши мумкин.

61. Карантин мажмуаси ҳудудига киритиладиган ва ушбу ҳудуддан чиқариладиган транспорт воситалари, уларнинг ҳайдовчиси ва бошқа шахслар тўғрисидаги, шунингдек ҳудудга олиб кириладиган буюм, маҳсулот ва бошқа воситалар ҳақидаги маълумотлар ички ишлар ва миллий гвардия органларининг ходимлари томонидан тизимлаштирилган тартибда карантин мажмуаси бўйича юритиладиган электрон маълумотлар базасига киритиб борилиши шарт.

62. Транспорт воситасини карантин мажмуаси ҳудудига киритишда ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари томонидан транспорт воситаси ҳайдовчисига олиб келинган буюм, маҳсулот ва воситаларни карантин мажмуасида қабул қилиб олиш учун мўлжалланган ҳудуд доирасида ҳаракатланиши ва ортга қайтиши лозимлиги тушунтирилиши керак.

63. Карантин мажмуаси ҳудудидан ҳар қандай буюм, маҳсулот ва бошқа воситаларнинг олиб чиқилиши тақиқланади, бундан яшил зонадан чиқариладиган маиший чиқиндилар мустасно.

64. Транспорт воситалари карантин мажмуаси ҳудудидан чиқиб кетишидан олдин махсус ажратилган майдончада дезинфекция тадбирлари ўтказилганидан сўнг унинг кетишига рухсат берилади.

65. Карантин мажмуасида фаолият юритаётган тиббиёт ва бошқа хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳар қандай ҳолатда 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани сақлашлари тавсия этилади.

2-§. Карантин мажмуасида назоратни таъминлаш

66. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санэпидқўм, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги:

карантинга олинган шахсларнинг санитария-эпидемиологик осойишталиги таъминланиши устидан белгиланган тартибда назорат олиб боришлари;

карантинга олинган шахслар томонидан эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузилишини олдини олишлари, уларни аниқлашлари ва бартараф этишлари;

карантинга олинган шахсларда коронавирус инфекцияси белгилари аниқланган ҳолларда коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморларни дарҳол карантинда олинган бошқа шахслардан ажратиш чораларини кўрилишини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлашлари шарт.

67. Бегона шахсларни, жониворларни ва автотранспорт воситаларни карантин мажмуаси ҳудудига киритмаслик мақсадида карантин мажмуаси ҳудуди ўраб олиниши, ҳудудни қўриқлаётган ходимлар учун махсус хоналар бўлиши, ҳудудда кузатув олиб бориш ва кириш учун махсус постлар белгиланиши лозим.

68. Карантин мажмуасида сақланаётган шахсларни назорат қилиш ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари ҳамда карантин мажмуаси ходимларидан иборат таркибда ташкил этиладиган навбатчилик гуруҳлари томонидан амалга оширилади.

Карантин мажмуасида карантинга олинган ҳар бир шахснинг хонаси ва унга туташ бўлган ҳудуд ушбу навбатчилик гуруҳлари томонидан алоҳида карантин ҳудуди сифатида қатъий назоратга олинади.

69. Карантин мажмуаси ҳудудини қўриқлаш Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари томонидан амалга оширилади.

Бунда, карантин мажмуаси бинолари ва унга туташ ҳудудни кеча-кундуз навбатчилик асосида қўриқланиши таъминланади.

70. Ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари томонидан:

карантинга олинган шахсларнинг карантин ички тартиб қоидаларига риоя қилишлари доимий назорат қилиб борилади;

карантин мажмуасининг ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилади.

71. Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ходимлари ҳамда марказ ходимлари томонидан карантинга олинган шахсларнинг карантин муддати давомида ўзбошимчалик билан карантин ҳудудини тарк этишга ҳар қандай уринишлар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш деб ҳисобланиши ва бу белгиланган тартибда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирилади.

72. Карантинга олинган шахсларни ўзбошимчалик билан карантин ҳудудини тарк этиш ёки шундай ҳаракатларни содир этишга уриниш, шунингдек тиббиёт ходимларига қаршилик кўрсатиш ҳолатлари содир этилса, бу тўғрисида ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ходимларига зудлик билан хабар берилади.

Бунда, ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари карантинга олинган шахсларни ўзбошимчалик билан карантин ҳудудини тарк этишларини олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришлари шарт.

73. Карантин ҳудудини ўзбошимчалик билан тарк этишга уринган ёки карантин ҳудудини тарк этган карантинга олинган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

4-боб. Карантин мажмуасида ёрдамчи бўлинмалар фаолиятини ташкил этиш ҳамда жиҳозлаш тартиби

74. Карантин мажмуасида полимеразия занжирли реакция (ПЗР) лабораторияси ва кирхона бўлинмалари ташкил этилади.

75. Полимеразия занжирли реакция (ПЗР) лаборотория бўлинмаси алоҳида бинода жойлашган ва хоналарни жойлаштиришда кетма-кетлик қоидаларига риоя этилади ва қуйидаги хоналардан иборат бўлиши керак:

намуналарни қабул қилиш ва рўйхатга олиш хонаси;

материалларни бирламчи зарарсизлантириш ва саралаш хонаси;

РНК-ДНКларни ажратиш хонаси;

реакцион аралашмаларни тайёрлаш хонаси;

таҳлил натижаларини ҳисоблаш хонаси;

лаборатория мудири хонаси;

ходимлар хонаси;

материаллар сақлаш хонаси;

инвентарь хонаси;

кислота ва ишқорларни сақлаш хонаси.

76. Полимеразия занжирли реакция (ПЗР) лаборатория бўлинмаси хоналари манфий босим остида ишлашга мўлжалланган механик вентиляция тизимига эга бўлиши керак.

77. Ҳар бир хона функционал вазифасидан келиб чиққан ҳолда асбоб-анжомлар, реактив ва сарфловчи материаллар билан таъминланиши керак, бунда:

а) РНК-ДНКларни ажратиш хонаси:

ламинар шкаф;

микроцентрифуга;

ультрапаст температурада ишлайдиган музлатгич;

реактивлар учун совутгич;

миксер/вортекс;

термомиксер;

б) реакцион аралашмаларни тайёрлаш хонаси:

биохавфсизлик шкафи;

реагентларни сақлаш учун совутгич;

в) таҳлил натижаларини ҳисоблаш хонаси:

полимеразия занжирли реакция (ПЗР) лабораторияси аппарати;

полимеразия занжирли реакция (ПЗР) лаборатория бўлинмасининг барча хоналари бактерицид лампалар билан таъминланган бўлиши керак.

78. Ҳар бир хона лаборатория мебели (стол, стул, шкаф), бир каналли ҳар хил ўлчамдаги дозаторлар, контейнерлар, дозатор ва пробиркалар учун штативлар, ультрапаст температурали музлатгичлар учун криоқўлқоплар билан таъминланган бўлиши керак.

79. Лаборатория биоматериалларни зарарсизлантириш учун автоклав билан таъминланади.

80. Қизил мажмуада жойлашган хоналарнинг чойшабларини, шунингдек тиббий ходимларнинг махсус кийимларини ювиш учун карантин мажмуаси ҳудудида кирхоналар ташкил этилади.

81. Кирхона санитария қоидалари ва меъёрлари талаблари асосида сув таъминоти, канализация ва вентиляция тизимига эга бўлиши керак. Кирхона хоналари алоҳида бинода жойлашган ва хоналарни жойлаштиришда кетма-кетлик қоидаларига риоя этилади ва қуйидаги хоналардан (цехлардан) иборат бўлиши керак:

қабул қилиш ва саралаш цехи;

кирларни ювиш цехи;

кирларни қуритиш цехи;

кирларни дазмоллаш цехи;

юмшоқ жиҳозларни сақлаш хонаси;

кирларни тарқатиш (экспедиция) хонаси;

ювувчи ва дезинфекция воситалари сақлаш хонаси;

ходимлар хонаси;

дам олиш хонаси;

ювиниш хонаси ва ҳожатхона.

82. Кирхоналар кирларни зарарсизлантириш учун ванналар, кир ювиш машиналари, центрифугалар, дазмоллаш ускуналари билан жиҳозланади.

83. Ювилган чойшаб ва махсус кийимларни сақлаш хонасида стеллажлар ўрнатилган бўлиши керак.

84. Кирларни қуритиш цехи кирларни қуритиш учун мўлжалланган ускуналар билан жиҳозланган бўлиши лозим.

5-боб. Карантинга олинган шахсларни карантин муддати тугаганидан сўнг карантин мажмуасидан чиқариш тартиби

85. Карантинга олинган шахсларда охирги 14 кунлик муддатда ёки уларнинг соғлиғи ҳолатига кўра соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгилаб берилган муддатда коронавирус инфекцияси аниқланмаса, уларни карантин мажмуасидан чиқариш бўйича соғлиқни сақлаш органлари томонидан қарор қабул қилинади.

Бунда, мазкур шахслар билан бир хонада бўлган бошқа шахслар орасида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда, қолган шахслар учун карантин муддати қайтадан бошланади.

86. Карантин мажмуасига жойлаштирилган шахсларни карантин мажмуасидан чиқаришда қуйидагилар инобатга олинади:

тана ҳарорати карантин муддатининг охирги 3 куни давомида меъёрдалиги;

нафас олиш белгиларининг яхшилиги;

касалликни бошқа белгилари мавжуд эмаслиги;

карантин муддатида жами уч маротаба полимеразия занжирли реакция (ПЗР) таҳлили ўрганишда манфий натижа чиққанлиги.

87. Карантин мажмуасидан чиқарилаётган шахсларнинг вақтинчалик олиб қўйилган буюмлари ички ишлар органлари ходимлари томонидан уларнинг ўзларига ёки уларнинг яқин қариндошлари ёхуд қонуний вакилларига карантин муддати тугаганидан кейин қайтариб берилади.

88. Карантин мажмуаси томонидан карантиндан чиққан шахслар ҳақида уларнинг яшаш жойларидаги поликлиникаларга ахборот берилади.

Карантинга олинган шахслар устидан кейинги 10 кун давомида яшаш жойидаги поликлиника шифокори томонидан телефон орқали кузатув ўрнатилади.

89. Карантин мажмуасидан чиқариладиган шахсларни махсус дезинфекцияланган транспорт воситаларида уларнинг яшаш жойларига олиб борилиши тегишли ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи томонидан таъминланади.

Бунда, уларни яшаш жойларига олиб борилиши ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари кузатуви ва назорати остида амалга оширилади.

90. Карантиндан чиқаётган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 2667, 2015 йил 17 апрель) мувофиқ эпидемиолог ёки санитар врач томонидан берилиши мумкин.

91. Карантиндан чиққан шахслар яшаган хоналарда жорий тозалаш ва дезинфекция тадбирлари ўтказилгандан сўнг соғлиқни сақлаш органлари томонидан хоналар тегишли ҳудуддаги марказга топширилади.

6-боб. Карантин мажмуасида товар-моддий захираларни ҳисобини юритиш ва сақлаш

92. Карантин мажмуасида товар-моддий захираларни қабул қилиш, сақлаш ва топшириш учун жавобгарлик марказ директорининг буйруғи билан тайинланган моддий жавобгар шахсларга юклатилади.

Моддий жавобгар шахсларнинг алмашиниши товар-моддий захираларнинг инвентаризацияси ва марказ директори томонидан тасдиқланадиган қабул қилиш-топшириш далолатномаларини тузиш билан амалга оширилади.

Товар-моддий захираларни сақлаш жойлари ушбу захираларнинг хусусиятидан келиб чиқиб уларни сақлашга мўлжалланган воситалар билан таъминланиши, шунингдек зарур ўлчов асбоблари, ўлчов идишлари ва бошқа назорат мосламалари билан таъминланиши лозим.

93. Карантин мажмуасида товар-моддий захиралар қуйидагилар натижасида марказга кирим қилинади:

етказиб бериш (олди-сотди) шартномаси бўйича харид қилиниши;

беғараз келиб тушиши (ҳадя шартномаси бўйича);

марказнинг ўзида тайёрланиши;

қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

94. Ҳисобдан чиқарилаётган товар-моддий захираларнинг қиймати чиқарилиш далилини аниқлаш пайтида балансдан чиқарилиши керак. Товар-моддий захиралар марказ балансидан:

сотиш;

беғараз бериш;

сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги сабабли жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида тугатиш (йўқ қилиш);

камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) аниқланиши;

бошқа операциялар ва ҳодисалар натижасида ҳисобдан чиқарилади.

95. Карантинга жойлаштирилган шахслар томонидан карантин мажмуасининг товар-моддий захираларига етказилган зарар ушбу шахслар маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.

96. Карантин мажмуасида товар-моддий захиралар жойлашган бинони қўриқлаш Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади.

7-боб. Карантин мажмуасига жойлаштирилган шахсларни марказлаштирилган ҳисобини юритиш тартиби

97. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан карантинга олинган шахсларнинг марказлашган ҳисоби ва карантин режими ҳолати устидан мониторингини олиб бориш имконини берадиган марказлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) ташкил этилади.

Ахборот тизимига жойлаштириладиган маълумотлар формати ўз ичига анкета, ҳисоботлар ва бошқа шаклларни олиши зарур.

98. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот тизими орқали карантин мажмуаларида жойлаштирилган шахслар тўғрисидаги маълумотларни жамлаш, ишлаш, умумлаштириш, сақлаш, таҳлил қилиш ва уларни рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш, шунингдек уларни тегишли давлат органларига тақдим этилишини таъминлайди.

99. Ахборот тизими Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси (кейинги ўринларда — ҳудудий соғлиқни сақлаш органи) томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида шакллантирилади.

100. Карантин мажмуасида ахборот тизимига киритиладиган маълумотларни ва карантинга олинган ва карантиндан чиқарилган шахслар ҳақидаги маълумотлар шакллантириш учун карантин мажмуасининг маълумотлар базаси (кейинги ўринларда — маълумотлар базаси) ташкил этилади.

Маълумотлар базасини юритиш учун марказ директорининг буйруғи билан масъул шахс тайинланади.

Маълумотлар базасига карантинга олинган шахслар ва карантиндан чиқарилган шахслар ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимида белгиланган маълумотларни йиғиш шаклига мувофиқ амалга оширилади.

Маълумотлар базасидаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун марказ масъул ҳисобланади.

101. Марказ маълумотлар базасига киритилган маълумотларни ҳар куни камида икки маротаба тегишлилиги бўйича ҳудудий соғлиқни сақлаш органига ахборот тизими орқали юборади.

102. Ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари марказ томонидан тақдим этилган маълумотларни қабул қилиб олади ва шу вақтнинг ўзида умумлаштирилган ҳолда ахборот тизими орқали Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳамда тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этиб боради.

103. Ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этиладиган маълумотлар ахборот тизимига масъул ходим томонидан умумлаштирилган ҳолда қайта киритилади.

104. Ахборот тизимида карантинга олинган ёки ундан чиқарилган шахсларни ҳисобга олиш ахборот тизимида ўрнатилган форматдаги шакл бўйича карантин мажмуасига жойлаштирилган шахсларни ҳисобга олиш карточкаси асосида амалга оширилади.

105. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот тизимидаги янгиланган маълумотни кунига камида икки марта Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига юборади.

106. Карантинга олинган шахслар ҳақидаги маълумотлардан фойдаланишда «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига қатъий амал қилиниши шарт.

Ахборот тизимидаги маълумотларнинг учинчи шахсларга ошкор этилиши оқибатида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари камситилишига олиб келган ёки ушбу маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланилган ҳолатларда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қатъий жавобгарлик чоралари қўлланилади.

8-боб. Якуний қоида

107. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисида низомга ИЛОВА

Карантинга олинган шахслар жойлаштириладиган хоналарда бўлиши лозим бўлган жиҳозларнинг энг кам

Т/р Жиҳозларнинг номи Жиҳозларнинг сони 1. Кийим жавони 1та 2. Тумба (оёқ кийимлар учун) 1та 3. Каравот 4та 4. Стол 1та 5. Стул 4та 6. Юмшоқ жиҳозлар учун жавон 1та 7. Ёстиқ 4та 8. Тўшак 4та 9. Кўрпа (жун ёки пахтали) 4та 10. Чойшаб 4та 11. Ёстиқ жилд 4та 12. Кўрпа жилд 4та 13. Хўжалик анжомлари учун жавон 1та 14. Сочиқ 4та 15. Қоғоз салфеткалари 4 та 16. Ахлат қутиси 1 та 17. Пол ювиш учун латта 1та 18. Челак 1та 19. Супурги 1та 20. Ҳокандоз 1та 21. Швабра 1та 22. Кондиционер 1та 23. Телевизор 1та 24. Термометр 4та 25. Деворда турадиган илгич (сочиқлар учун) 1та 26. Холодильник 1та

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 апрелдаги 254-сон қарорига 3-ИЛОВА

Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштириш ва сақлаш вақтинчалик тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштириш ва сақлаш тартибини белгилайди.

2. Коронавирус инфекцияси билан касалланган шахс аниқланганда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг (кейинги ўринларда — Санэпидқўм) туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) (кейинги ўринларда — ҳудудий ички ишлар органлари) ходимлари томонидан дарҳол коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан мулоқотда бўлганларнинг (кейинги ўринларда мулоқотда бўлган шахс деб юритилади) рўйхати шакллантирилади.

Бунда, коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан мулоқотда бўлганлар коронавирус инфекциясини юқтириш хавфи даражасига қараб Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган мезонлар асосида коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда ва мулоқотда бўлган шахсларга ажратилади.

3. Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлими ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари шу вақтнинг ўзида мулоқотда бўлган шахсларниниг рўйхатини электрон алоқа воситалари орқали тегишлича юқори турувчи соғлиқни сақлаш ҳамда ички ишлар органларига, шунингдек тегишли ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органига юборади.

Тақдим этилган рўйхатга асосан маҳаллий давлат ҳокимияти, соғлиқни сақлаш ҳамда ички ишлар органлари Миллий гвардия органлари билан ҳамкорликда тегишли ҳудудда эпидемияга қарши профилактик тадбирлари ташкил этилишини таъминлайди.

4. Ички ишлар органлари Миллий гвардия органлари ходимлари билан ҳамкорликда дарҳол мулоқотда бўлган шахсларниниг рўйхатида кўрсатилган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштирилиши ва сақланишини таъминлайди.

2-боб. Мулоқотда бўлган шахсларни уй шароитида карантинга жойлаштириш тартиби

5. Мулоқотда бўлган шахслар 14 кун давомида ёки уларнинг соғлиғи ҳолатига кўра соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида (кейинги ўринларда — карантин муддати) уй шароитида карантинга олинади.

6. Мулоқотда бўлган шахслар уй шароитида карантинига олинганда ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ходимларидан иборат таркибда тузилган наряд томонидан уларнинг карантин қоидаларига риоя қилиниши устидан кечаю-кундуз қатъий ва тизимли назорат ўрнатилади.

7. Мулоқотда бўлган шахс уй шароитида карантинга олинганда у билан бир уйда яшовчи барча шахслар карантинга олинади.

Мазкур уйда яшовчи шахсларнинг бири ёки бир нечтаси карантинга олинган уйдан ташқарида бўлган тақдирда, улар дарҳол тез тиббий ёрдам хизматининг махсус автотранспорт воситасидан фойдаланган ҳолда ички ишлар ва Миллий гвардия органлари кузатуви остида яшаш жойига олиб келинади. Бунда тез тиббий ёрдам хизматининг махсус автотранспорт воситасида бўладиган тиббиёт ходимлари ҳамда унинг ҳайдовчиси юқори ҳимоя даражасига эга бўлган шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши шарт.

Агар ушбу шахслар яшаш жойига боришдан бўйин товлаган тақдирда улар ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ходимлари томонидан мажбурий тартибда яшаш жойига олиб борилади ва бундай ҳаракатлар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.

3-боб. Мулоқотда бўлган шахсларни уй шароитида карантинда сақлаш тартиби

8. Уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг карантин муддати давомида уйларини тарк этишлари қатъиян ман этилади, бундан уларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкология ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳоллар мустасно.

Ушбу ҳолатда уй шароитида карантинга олинган шахсларга фақатгина тез тиббий ёрдам хизматининг махсус автотранспорт воситасидан фойдаланган ҳолда, шунингдек ички ишлар органлари кузатуви остида тиббиёт муассасасига олиб борилади. Бунда, тез тиббий ёрдам хизматининг махсус автотранспорт воситасида бўладиган тиббиёт ходимлари ҳамда унинг ҳайдовчиси юқори ҳимоя даражасига эга бўлган шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши шарт.

9. Уй шароитида карантинга олинган шахслардан уй шароитида карантинга олинган кундан бошлаб бир кун ичида Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари томонидан полимераза занжирли реакция (ПЗР) лаборатория тест синамаси олинади.

10. Полимераза занжирли реакция (ПЗР) лаборатория тест синамасининг таҳлили натижаси мусбат бўлганда, дарҳол уй шароитида карантинга олинган шахсни мазкур Низомнниг 8-банди иккинчи хатбошисида белгиланган шартларда тегишли касалхонага (госпитал, провизор госпитал) олиб бориш чоралари кўрилади.

Уй шароитида карантинга олинган шахс билан бир уйда бўлган бошқа шахслар орасида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда, қолган шахслар учун карантин муддати қайтадан бошланади.

11. Полимераза занжирли реакция (ПЗР) лаборатория тест синамасининг таҳлили натижаси манфий бўлганда, уй шароитида карантинга олинган шахслар белгиланган карантин муддати тугагунига қадар карантинда қолдирилади.

12. Уй шароитида карантинга олинган шахслар карантин муддати давомида яшаш жойидаги поликлиника тиббиёт ходимлари томонидан ҳар куни икки маҳал кўрикдан ўтказилади. Бунда биринчи кўрик соат 9:00 гача, иккинчи кўрик 16:00 гача амалга оширилиши лозим.

Ушбу шахсларни кўрикдан ўтказадиган поликлиника тиббиёт ходимлари юқори ҳимоя даражасига эга бўлган шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши шарт.

13. Поликлиника тиббиёт ходимлари томонидан ўтказилган кўрик натижалари обсервацион варақда қайд этилади. Тегишли ҳудудда ўтказилган барча кўрик натижалари ҳақидаги маълумотлар поликлиника томонидан умумлаштирилади ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига тақдим этиб борилади.

Агар поликлиника тиббиёт ходимлари томонидан ўтказилган кўрик натижасида уй шароитида карантинга олинган шахсларда коронавирус инфекцияси клиник белгилари кузатилганда, бу ҳақда поликлиника томонидан зудлик билан Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлимига хабар берилиши керак.

14. Уй шароитида карантинга олинган ва карантиндан чиқарилган шахсларнинг ҳисоби Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлимлари ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари томонидан юритилади.

15. Санэпидқўмнинг туман (шаҳар) бўлимлари ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари томонидан юритиладиган уй шароитида карантинга олинган ва карантиндан чиқарилган шахсларнинг ҳисоби ҳақидаги маълумотлар ҳар куни электрон ахборот тизими орқали уларнинг юқори турувчи органига, шунингдек тегишли ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органига тақдим этиб борилади.

16. Уй шароитида карантинга олинган шахсларга биринчи навбатдаги ҳаётий эҳтиёжлари учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, ниқоб ва тиббий буюмларини (дезинфекция воситалари ва бошқалар) етказиб бериш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва волонтёрлар гуруҳларини фаол жалб қилган ҳолда амалга оширилади. Бунда барча зарур маҳсулот ва воситалар карантинга олинган шахсларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

17. Уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг уйларидан чиқариладиган чиқиндилар уларнинг ўзлари томонидан уйнинг (кўп қаватли уйларда хонадоннинг) кириш эшиклар ташқарисига чиқариб қўйилади.

18. Уйнинг (кўп қаватли уйларда хонадоннинг) кириш эшиклари ташқарисига чиқариб қўйилган чиқиндилар «Тоза ҳудуд» ва «Махсустранс» давлат унитар корхоналари томонидан белгиланган тартибда санитария қоидаларига риоя этган ҳолда йиғиб чиқилади ва олиб кетилади.

Бунда, «Тоза ҳудуд» ва «Махсустранс» давлат унитар корхоналари ходимлари шахсий ҳимоя воситалари (тиббий ниқоб ва қўлқоп) билан таъминланган бўлиши шарт.

19. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан ҳафтада бир маротаба карантинга олинган уйнинг (хонадоннинг) теварак-атрофида дезинфекция тадбирлари ўтказилиши таъминланади.

4-боб. Уй шароитида карантинга олинган шахсларни карантин муддати тугаганидан сўнг карантиндан чиқариш тартиби

20. Уй шароитида карантинга олинган шахсларда карантин муддатида коронавирус инфекцияси аниқланмаса, уларни уй карантинидан чиқариш бўйича соғлиқни сақлаш органлари томонидан қарор қабул қилинади.

21. Уй шароитида карантинга олинган шахсларнинг яшаш жойидаги поликлиника шифокори томонидан уларда ва улар билан бирга яшовчи бошқа шахсларда коронавирус инфекцияси клиник белгилари йўқлиги тасдиқланган тақдирда уларни карантиндан чиқаришга рухсат этилади.

22. Поликлиника шифокори уй шароитида карантинга олинган шахс карантиндан чиқарилган кундан бошлаб 10 кун давомида унинг соғлиғи ҳолати ҳақида телефон орқали хабар олиб туриши лозим.

23. Уй шароитида карантинга олинган шахслар карантиндан чиқаётганда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси қонунчиликда белгиланган тартибда уларнинг яшаш жойидаги поликлиника томонидан берилади.

5-боб. Якуний қоида

24. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 25 апрель,

254-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.04.2020 й., 09/20/254/0500-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.11.2021 й., 09/21/694/1075-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 30.01.2025 й., 09/25/48/0093-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TUZILMASI

NIZOM

MEʼYORLARI

NIZOM

Oʻzbekiston Respublikasida koronavirus infeksiyasi tarqalishining oldini olishga doir qoʻshimcha tashkiliy chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasida koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni vaqtinchalik karantinda saqlashga oid masalalarni muvofiqlashgan hamkorligini tartibga solish hamda mazkur yoʻnalishda davlat organlarining oʻzaro hamkorligini tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Toshkent viloyatining Yuqori Chirchiq tumanida koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni vaqtinchalik karantinda saqlashga moslashtirilgan majmua (keyingi oʻrinlarda — karantin majmuasi) barpo etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Toshkent shahar va Toshkent viloyati hokimliklari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining Toshkent shahar hokimligi huzurida Koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni vaqtinchalik karantinda saqlashga moslashtirilgan majmuasini boshqarish boʻyicha maxsus markaz (keyingi oʻrinlarda — Karantin markazi) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

3. Quyidagilar:

Koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni vaqtinchalik karantinda saqlashga moslashtirilgan majmuani boshqarish maxsus markazining tuzilmasi 1-ilovaga ;

Koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni vaqtinchalik karantinda saqlashga moslashtirilgan majmuada epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish vaqtinchalik tartibi toʻgʻrisida nizom 2-ilovaga ;

Koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni uy sharoitida karantinga joylashtirish va saqlash vaqtinchalik tartibi toʻgʻrisida nizom 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Belgilansinki:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrida karantin majmualari tashkil etilganda Koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni vaqtinchalik karantinda saqlashga moslashtirilgan majmuada epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish vaqtinchalik tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq chora-tadbirlar amalga oshiriladi.

Toshkent shahar hokimiga karantin majmuasida saqlanayotgan koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslar sonidan kelib chiqib Karantin markazining tuzilmasiga oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.

4. Karantin markazining asosiy vazifalari etib quyidagilar belgilansin:

koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni (keyingi oʻrinlarda karantinga olingan shaxslar deb ataladi) qabul qilish, saqlash va karantin majmuasidan chiqarishni tashkil etish;

karantin majmuasini samarali boshqarish, karantin majmuasida koronavirus infeksiyasini tarqalishini oldini olish boʻyicha zarur choralar koʻrish va karantinga olingan shaxslar, shuningdek jalb qilingan mutaxassis, xodim va harbiy xizmatchilar tibbiy nazoratini tizimli ravishda olib borish;

huquqni muhofaza qiluvchi organlar tomonidan karantinga olingan shaxslarning huquqlari, erkinliklari va qonuniy manfaatlarini taʼminlash, shuningdek ularga yuklatilgan majburiyatlarni bajarishlarini nazorat etilishida hamkorlik qilish;

karantinga olingan shaxslarni qabul qilish, saqlash va karantin majmuasidan markazlashtirilgan tartibda chiqarishni tashkil etishda davlat organlari va tashkilotlari bilan oʻzaro hamkorlik qilish;

karantin majmuasida muntazam, shu jumladan, karantin tadbirlari yakunlangandan keyin dezinfeksiya ishlarini amalga oshirishni taʼminlash.

5. Belgilab qoʻyilsinki, Karantin markazi:

Toshkent shahar hokimligining yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan davlat unitar korxonasi shaklidagi tarkibiy boʻlinmasi hisoblanib, mustaqil balansga hamda Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligining Gʻaznachiligida shaxsiy hisobvaraqlariga ega boʻladi;

direktori Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan kelishilgan holda Toshkent shahar hokimi tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi;

faoliyati manfaatdor vazirlik va idoralar vakillari hamda yordamchi va texnik xodimlarni jalb qilgan holda tashkil etiladi;

majmuadagi barcha mol-mulklardan samarali foydalanishni va ularni but saqlanishini taʼminlaydi;

majmuani saqlash va ekspluatatsiya qilish boʻyicha shartnomalar tuzadi;

oziq-ovqat mahsulotlari, birinchi navbatdagi dori vositalari, niqob, dezinfeksiya vositalari va boshqa zarur tovarlarni istisno tariqasida, tender savdolarisiz, ishlab chiqaruvchi (xizmat koʻrsatuvchi) lar bilan toʻgʻridan-toʻgʻri shartnoma tuzish orqali xarid qiladi;

oʻzining faoliyati, yuzaga kelayotgan tizimli muammolar, karantinga olingan shaxslar, shuningdek jalb qilingan mutaxassis, xodim va harbiy xizmatchilar tibbiy nazorati toʻgʻrisida har kunlik maʼlumotlar hamda favqulodda vaziyatlar haqida darhol Oʻzbekiston Respublikasiga koronavirusning kirib kelishi va tarqalishining oldini olish boʻyicha chora-tadbirlar dasturini tayyorlash boʻyicha Respublika maxsus komissiyasiga (keyingi oʻrinlarda — Komissiya) elektron tarzda axborot kiritib boradi.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Mudofaa vazirligi, Milliy gvardiyasi hamda Toshkent shahar hokimligi karantin majmuasiga mehnat va xizmat faoliyatini olib borish maqsadida tegishli mutaxassis, xodimlar va harbiy xizmatchilarning biriktirilishini taʼminlasin.

Belgilansinki, jalb qilingan mutaxassis, xodim va harbiy xizmatchilar mehnat va xizmat faoliyatini:

asosiy ish joyidan ajralgan va oylik ish haqi (pul taʼminoti) saqlangan holda olib boradilar hamda ularga tegishli vazirlik va idoralar tomonidan ularni qoʻshimcha moddiy ragʻbatlantirish choralari koʻriladi;

bevosita karantin majmuasida istiqomat qilib, unda oʻrnatilgan rejimga rioya qilgan holda olib boradilar.

7. Karantin markazining moddiy-texnika bazasini shakllantirish va joriy saqlash, xodimlar mehnatiga haq toʻlash va qoʻshimcha moddiy ragʻbatlantirish, shuningdek karantinga olingan shaxslarni hamda jalb qilingan mutaxassis, xodim va harbiy xizmatchilarni oziq-ovqat mahsulotlari, birinchi navbatdagi dori vositalari, niqob, dezinfeksiya vositalari va boshqa zarur narsalar bilan taʼminlash xarajatlari quyidagilar hisobidan qoplanadi:

Toshkent shahar mahalliy budjeti mablagʻlari;

Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi huzuridagi Inqirozga qarshi kurashish jamgʻarmasi mablagʻlari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

8. Toshkent shahar hokimligi:

Karantin markazining ustavini belgilangan tartibda tasdiqlanishini taʼminlasin;

Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan birgalikda karantin markazini kompyuter texnikasi bilan taʼminlash hamda yuqori tezlikdagi Internet jahon axborot tarmogʻiga ulash ishlarini tezlashtirsin.

9. Toshkent shahar hokimligi Oʻzbekiston Respublikasi Oʻrmon xoʻjaligi davlat qoʻmitasi, Ekologiya va atrof-muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi, Geologiya va mineral resurslar Davlat qoʻmitasi, Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi va Davlat xavfsizlik xizmati Chegara qoʻshinlari qoʻmitasi bilan birgalikda epidemiologik vaziyatdan kelib chiqib karantin tadbirlari tugatilgandan soʻng 5 kun muddatda ushbu majmuadagi inshootlardan samarali foydalanish yuzasidan Komissiyaga taklif kiritsin.

10. Belgilansinki:

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari — karantin markazlariga umumiy rahbarlik qilish va jalb qilingan mutaxassis, xodim va harbiy xizmatchilar faoliyatini muvofiqlashtirishga;

Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi — karantinga olingan shaxslar, shuningdek jalb qilingan mutaxassis, xodim va harbiy xizmatchilar tibbiy nazoratini tizimli ravishda olib borgan holda ularni sogʻligʻini saqlashga va karantin majmuasida koronavirus infeksiyasi tarqalishini oldini olishga;

Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi — karantin majmualari perimetri boʻylab kecha-kunduz qoʻriqlashga;

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va Milliy gvardiyasi — karantin majmualarida ichki tartib-qoidalariga rioya etilishini taʼminlashga va jamoat tartibini saqlashga;

Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi — karantin markazlarini oʻrnatilgan tartibda Internet jahon axborot tarmogʻi bilan taʼminlashga masʼul hisoblanadilar.

11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov, Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri A.K. Shadmanov va Toshkent shahar hokimi J.A. Artikxodjayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 25-apreldagi 254-son qaroriga 1-ILOVA

Koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni vaqtinchalik karantinda saqlashga moslashtirilgan majmuani boshqarish maxsus markazining

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 25-apreldagi 254-son qaroriga 2-ILOVA

Koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni vaqtinchalik karantinda saqlashga moslashtirilgan majmuada epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish vaqtinchalik tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom Koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni vaqtinchalik karantinda saqlashga moslashtirilgan majmuada (keyingi oʻrinlarda — karantin majmuasi) epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish tartibini belgilaydi.

2. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

karantin — maʼlum hududni koronavirus infeksiyasi tarqatuvchi manbadan muhofaza qilish va uni yoʻqotishga hamda koronavirus infeksiyasining bir joydan boshqa hududlarga tarqalishiga yoʻl qoʻymaslikka qaratilgan maʼmuriy va sanitariya-epidemiologik tadbirlar majmui;

markaz — karantin majmuasini boshqarish uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari huzurida tashkil etiladigan maxsus markaz;

nazorat organlari — karantin majmuasida sanitariya-epidemiologik osoyishtalikni taʼminlash yuzasidan nazoratni amalga oshirishga masʼul boʻlgan Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi (keyingi oʻrinlarda — Sanepidqoʻm), Milliy gvardiya, Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining vakillari;

sanitariya-karantin punktlari — Davlat chegaralarini quruqlikda (avtomobil va temir yoʻllari), havo va suv yoʻllari orqali kesib oʻtish joylaridagi chegara-bojxona majmualarida tashkil etiladigan ixtisoslashgan profilaktik muassasa;

qizil zona — karantin majmuasining qabulxonasi, karantinga olingan shaxslarning yashashi uchun moʻljallangan xonalari (shu jumladan, yuvinish xonasi va hojatxona), biologik material olish uchun moʻljallangan xonalar, karantinga olingan shaxslarning shaxsiy buyumlari saqlanishi uchun moʻljallangan xonalar, tozalash va dezinfeksiya vositalari saqlanishi uchun moʻljallangan xonalar;

sariq zona — qizil zonadan yashil zonaga yoki yashil zonadan qizil zonaga oʻtish uchun ularning oraligʻida joylashtiriladigan hamda u yerda boʻlgan shaxslarning kiyinishi, yuvinishi va kiyimlarini zararsizlantirilishiga moʻljallangan xonalar;

yashil zona — karantin majmuasining tibbiyot va xizmat koʻrsatuvchi xodimlari hamda nazorat organlarining xodimlari uchun moʻljallangan xonalar, shuningdek dori vositalari, tibbiy buyumlar va boshqa tibbiyot preparatlari zaxirasi saqlanishi uchun moʻljallangan hamda xodimlar uchun yuvinish va kiyinish xonalari, hojatxona va oshxona.

2-bob. Karantinga olingan shaxslarni karantin majmuasiga joylashtirish tartibi

1-§. Chegara bojxona postlaridan oʻtayotgan yoʻlovchilarni karantin majmuasiga olib borish

3. Chegara bojxona postlaridan oʻtayotgan yoʻlovchilar dastlab sanitariya-karantin punktlarida navbatchi xodimlar tomonidan koronavirus infeksiyasining belgilarini aniqlashga alohida eʼtibor qaratilgan holda tibbiy-sanitariya koʻrigidan oʻtkazilgandan soʻng chegara va bojxona xizmatlari nazoratidan oʻtkaziladi.

4. Chegara bojxona postlaridan oʻtayotgan yoʻlovchilar orasidan koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan shaxs aniqlanganda harakatlanish Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 23-martdagi 176-son qarori bilan tasdiqlangan Koronavirus infeksiyasi aniqlanganda (gumon qilinganda) bajariladigan profilaktik va epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan tartibda amalga oshiriladi.

5. Sanitariya-karantin punktlarining navbatchi xodimlari tomonidan chegara bojxona postlaridan oʻtayotgan yoʻlovchilarning roʻyxati (keyingi oʻrinlarda — chegaradan oʻtayotgan shaxslar roʻyxati) shakllantiriladi va elektron aloqa vositalari orqali markazga yuboriladi.

6. Markaz chegaradan oʻtayotgan shaxslar roʻyxati asosida karantinga olinadigan shaxslarni joylashtirish uchun karantin majmuasida ularning soniga muvofiq tegishli xonalar ajratilishini taʼminlaydi.

7. Tegishli hududdagi mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi chegaradan oʻtayotgan shaxslar roʻyxati asosida karantinga olinadigan shaxslarni hamda ularga tegishli boʻlgan buyumlarni karantin majmuasiga olib borilishi uchun ularning soniga mutanosib ravishda transport vositalari bilan taʼminlaydi.

8. Karantinga olinadigan shaxslar ichki ishlar va Milliy gvardiya organlari xodimlari kuzatuvi va nazorati ostida karantin majmuasiga olib boriladi.

Karantinga olinadigan shaxslar tomonidan karantin majmuasiga borishdan boʻyin tovlash epidemiyalarga qarshi kurash qoidalarini buzish deb hisoblanadi hamda bunday hollarda shaxs majburiy tartibda karantin majmuasiga olib boriladi.

9. Karantinga olinadigan shaxslarni karantin majmuasiga olib borishda kuzatib boruvchi ichki ishlar va milliy gvardiya organlari xodimlari, shuningdek ularni olib boruvchi transport vositasi haydovchisi shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlanishi shart.

10. Karantinga olinadigan shaxslarni karantin majmuasiga olib kelgan transport vositasida karantin majmuasi hududidan chiqib ketishidan oldin maxsus ajratilgan maydonchada dezinfeksiya tadbirlari oʻtkazilganidan soʻng uning ketishiga ruxsat beriladi.

2-§. Koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxs bilan muloqotda boʻlganlarni aniqlash va ularni karantin majmuasiga olib borish

11. Koronavirus infeksiyasi bilan kasallangan shaxs aniqlanganda ichki ishlar organlari hamda Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimlari xodimlari tomonidan darhol koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxs bilan muloqotda boʻlganlarning roʻyxati shakllantiriladi.

Bunda, koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxs bilan muloqotda boʻlganlar koronavirus infeksiyasini yuqtirish xavfi darajasiga qarab Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 23-martdagi 176-son qarori bilan tasdiqlangan Koronavirus infeksiyasi aniqlanganda (gumon qilinganda) bajariladigan profilaktik va epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan mezonlar asosida koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan yaqin muloqotda va muloqotda boʻlgan shaxslarga ajratiladi.

12. Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimi shu vaqtning oʻzida koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan yaqin muloqotda boʻlganlarninig roʻyxatini elektron aloqa vositalari orqali tegishli hududdagi mahalliy davlat hokimiyati organi, sogʻliqni saqlash organiga hamda markazga yuboradi.

13. Ichki ishlar organi tomonidan koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan muloqotda boʻlgan shaxslar roʻyxati tegishliligi boʻyicha tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmalari (IIOFMB, boʻlimlari)ga yuboriladi.

14. Tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmalari (boʻlimlari) darhol oʻzlariga tegishli hududda yashaydigan koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan yaqin muloqotda boʻlganlarning roʻyxatida koʻrsatilgan shaxslarni uy sharoitida “oʻzini-oʻzi yakkalash”ini taʼminlaydi.

15. Markaz koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan yaqin muloqotda boʻlganlarning roʻyxati asosida karantinga olinadigan shaxslarni joylashtirish uchun karantin majmuasida ularning soniga muvofiq tegishli xonalar ajratilishini taʼminlaydi.

16. Tegishli hududdagi mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan yaqin muloqotda boʻlganlarninig roʻyxati asosida karantinga olinadigan shaxslarni hamda ularga tegishli boʻlgan buyumlarni karantin majmuasiga olib borilishi uchun ularning soniga mutanosib ravishda transport vositalari bilan taʼminlaydi.

17. Karantinga olinadigan shaxslar ichki ishlar va Milliy gvardiya organlari xodimlari kuzatuvi va nazorati ostida karantin majmuasiga olib boriladi.

Karantinga olinadigan shaxslar tomonidan karantin majmuasiga borishdan boʻyin tovlagan taqdirda ular majburiy tartibda karantin majmuasiga olib boriladi va bunday harakatlar epidemiyalarga qarshi kurash qoidalarini buzish deb hisoblanadi.

18. Karantinga olinadigan shaxslarni karantin majmuasiga olib borishda kuzatib boruvchi ichki ishlar va milliy gvardiya organlari xodimlari, shuningdek ularni olib boruvchi transport vositasi haydovchisi shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlanishi shart.

19. Karantinga olinadigan shaxslarni karantin majmuasiga olib kelgan transport vositasida karantin majmuasi hududidan chiqib ketishidan oldin maxsus ajratilgan maydonchada dezinfeksiya tadbirlari oʻtkazilganidan soʻng uning ketishiga ruxsat beriladi.

3-§. Karantin majmuasiga joylashtirish tartibi

20. Karantin majmuasiga chegara-bojxona postidan oʻtayotgan hamda koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan muloqotda boʻlgan shaxslar joylashtiriladi.

21. Karantin majmuasi hududi yashil, sariq va qizil zonalarga ajratiladi.

22. Yashil zonaga tibbiyot va xizmat koʻrsatuvchi xodimlar, nazorat organlarining xodimlari, shuningdek karantin majmuasining yordamchi boʻlimlari xodimlari va karantin majmuasi maʼmuriyatining ruxsati boʻlgan boshqa shaxslar joylashtiriladi.

23. Qizil zonaga karantinga olingan shaxslar joylashtiriladi.

24. Karantin majmuasiga kiritiladigan xizmat koʻrsatuvchi xodimlar mavsumiy grippga qarshi emlangan boʻlishi tavsiya etiladi.

25. Karantinga olingan shaxslar karantin majmuasida 14 kun davomida yoki karantinga olingan shaxsning sogʻligʻi holatiga koʻra sogʻliqni saqlash organlari tomonidan belgilab berilgan muddat davomida saqlanadi.

26. Karantin majmuasiga olib kelingan shaxslar u yerga joylashtirilishidan oldin birlamchi tibbiy koʻrikdan oʻtkazilishi, yaʼni tana haroratining oʻlchanishi, tibbiy niqob bilan taʼminlanishi va qoʻllarini antiseptik vositalari bilan zararsizlantirilishi va shundan keyin tegishli xonalarga joylashtirilishi kerak.

27. Karantinga joylashtirilgan shaxslarga tegishli boʻlgan mobil telefon, audio va video vositalar, kredit kartalari hamda boshqa axborot tashuvchi buyumlar karantin majmuasining kirish joyida ichki ishlar organlari xodimlari tomonidan vaqtincha olib qoʻyiladi.

28. Vaqtinchalik olib qoʻyilgan buyumlar har bir shaxsning F.I.O. koʻrsatilgan holda ikki nusxada tuziladigan roʻyxat asosida qabul qilib olinadi.

Bunda, roʻyxatda har bir topshirilgan buyum koʻrsatilishi, shuningdek buyumlarni topshirgan va qabul qilgan shaxs tomonidan imzo qoʻyish orqali tasdiqlanishi lozim. Roʻyxatning bir nusxasi buyumlarni topshirgan shaxsga beriladi va ikkinchi nusxasi markazning masʼul xodimida saqlanadi.

29. Vaqtinchalik olib qoʻyilgan buyumlar karantinga olingan shaxs karantin majmuasidan chiqayotgan vaqtda oʻziga qaytarib beriladi yoki uning yaqin qarindoshlari yoxud qonuniy vakillariga topshiriladi. Bunda buyumlarni qabul qilib olgan shaxs ularni qaytarib olganligini oʻz imzosi bilan tasdiqlashi shart.

Vaqtinchalik olib qoʻyilgan buyumlarni saqlash (qoʻriqlash) markaz tomonidan ichki ishlar va milliy gvardiya organlari bilan birgalikda tashkillashtiriladi.

30. Vaqtinchalik olib qoʻyilgan buyumlar maxsus xonada ochiq ultrabinafsha nurlari (bakteriotsid lampa) bilan yoki sterillangan spirtli nam salfetkalar yoxud antiseptik vositalar bilan dezinfeksiya qilinadi.

31. Karantin majmuasining har bir xonasiga 4 tadan koʻp boʻlmagan shaxslar ularning shaxsini hisobga olgan holda joylashtiriladi. Bunda erkaklar va ayollar hamda yuqumli va parazitar kasalliklarga chalingan yoki tibbiy kuzatuvga muhtoj boʻlgan bemorlar alohida xonalarda joylashtirilishi shart, bundan bir xonaga bir oilaning aʼzolarini joylashtirish hollari mustasno.

32. Karantin majmuasining har bir xonasiga karantinga olingan shaxslarni joylashtirish bir vaqtning oʻzida amalga oshirilishi shart.

Agar xonaga bir vaqtning oʻzida 4 tadan kam shaxs joylashtirilganda yoki bir xonaga joylashtirilgan shaxslar orasidan biri yoki bir nechtasi chiqarilganda ushbu xonada qolgan shaxslarning karantinda boʻlish muddati tugaguniga qadar mazkur xonaga boshqa shaxslarni joylashtirish taqiqlanadi.

33. Karantin majmuasining xonasida mavjud jihoz va buyumlarning nomi va soni koʻrsatilgan roʻyxat har bir xonaning hamma koʻrishi mumkin boʻlgan joyiga osib qoʻyiladi.

3-bob. Karantin majmuasida karantinda saqlashning ichki tartib qoidalari

1-§. Karantin majmuasining ichki tartib qoidalari

34. Karantinga olingan shaxslarning kun tartibi markaz tomonidan belgilanadi. Kun tartibi karantin majmuasining har bir xonasida hamma koʻrishi mumkin boʻlgan joyga osib qoʻyiladi.

35. Karantin majmuasining karantinga olingan shaxslar joylashtirilgan har bir xonasi eshigining tashqi tomoniga ushbu xonada joylashtirilgan shaxslarning F.I.O. koʻrinarli qilib osib qoʻyilishi zarur.

36. Karantinga olingan shaxslarning shaxsiy vaqtlarida mutolaa qilishlari uchun kitob va davriy bosma nashrlari bilan taʼminlash markaz zimmasiga yuklatiladi.

Bunda, bir xonadagi shaxslarga berilgan kitob va davriy bosma nashrlarini boshqa xonadagi shaxslarga berishga yoʻl qoʻyilmaydi.

37. Karantinga olingan shaxslar uchun shaxsiy gigiyena vositalari (shu jumladan, antiseptik vositalar, tibbiy niqob, sovun) bilan taʼminlanishi shart.

38. Karantin majmuasining karantinga olingan shaxslar joylashtirilgan har bir xonasi barcha zarur jihozlar bilan taʼminlangan boʻlishi kerak. Bunda, xonalar mazkur Nizomning ilovasida belgilangan meʼyorlardan kam boʻlmagan holda jihozlanadi.

Karantin majmuasi hududida joriy tozalov ishlari kuniga bir mahal, shuningdek haftada kamida bir marotaba dezinfeksiya vositalaridan foydalangan holda oʻtkaziladi. Bunda karantinga olingan shaxslar joylashtirilgan xonada joriy tozalov ishlari ularning oʻzlari tomonidan amalga oshiriladi.

Karantin majmuasi hududida, shu jumladan karantinga olingan shaxslar joylashtirilgan xonada profilaktik dezinseksiya va deratizatsiya tadbirlari har oyda kamida bir marta amalga oshirilishi talab etiladi.

Karantinga olingan shaxslarning umumiy yuvinish va hojatxonadan foydalanishi taqiqlanadi.

Yuvinish xonasi va hojatxona karantinga olingan shaxslar joylashgan xonalarining tarkibida boʻladi.

39. Karantin majmuasining karantinga olingan shaxslar joylashtirilgan har bir xonasi tibbiy yordam chaqirish, karantin majmuasi maʼmuriyati bilan bogʻlanish va tashqi aloqa uchun uzluksiz ravishda ishlaydigan telefon apparati bilan taʼminlangan boʻlishi shart.

Bunda, karantinga olingan shaxslarning xonasidagi yuvinish xonasi yoki hojatxona ishlamasligi yoxud shaxsiy gigiyena vositalarining (shu jumladan, antiseptik vositalar, tibbiy niqob, sovun) mavjud emasligi haqidagi talablari karantin majmuasi maʼmuriyati tomonidan darhol bartaraf etilishi shart.

40. Karantin majmuasida karantinga olingan shaxslarning murojaatlarini qabul qilish va ularning tegishliligi boʻyicha masʼul xodimlarga xabar berilishini taʼminlash maqsadida karantin majmuasida alohida navbatchilik qismi tashkil etiladi.

41. Karantinga olingan shaxslar tashqaridan har qanday koʻrinishdagi pochta joʻnatmalari, posilka va banderollar qabul qilishi taqiqlanadi, bundan quyidagi joʻnatmalar mustasno:

surunkali kasalliklarga chalingan karantinga olingan shaxslar uchun dori-darmon vositalari;

davolovchi shifokor tavsiyasiga koʻra maxsus parhez mahsulotlari;

bolalarga moʻljallangan oziq-ovqat mahsulotlari va zarur gigiyena vositalari;

qoʻshimcha gigiyena vositalari, kiyim-kechaklar va adabiyotlar.

Mazkur joʻnatmalar markazning maxsus xodimlariga topshiriladi. Bunda joʻnatmalarning xususiyatidan kelib chiqib ultrabinafsha nurlari (bakteriotsid lampa) yoki sterillangan spirtli nam salfetkalar yoxud antiseptik vositalar bilan dizinfeksiya qilinadi va karantinga olingan shaxslarga yetkaziladi.

42. Karantin majmuasida karantinga olingan shaxslar shaxsiy ehtiyojlari yoki boshqa sabablar tufayli ular harakatlanishi belgilangan hududdan chiqishi qatʼiyan taqiqlanadi.

43. Karantinga olingan shaxslarning choyshablari har yetti kunda va ifloslanishiga qarab almashtiriladi.

Karantinda boʻlish muddati tugaganidan soʻng karantin majmuasidan chiqarilgan shaxslarning foydalanilgan choyshablari kamerali dezinfeksiya usulida zararsizlantiriladi, karavot va karavot oldi tumbalar hamda xonadagi barcha jihoz va anjomlar dezinfeksiyalovchi eritmalar yordamida joriy tozalash va dezinfeksiya tadbirlaridan oʻtkaziladi.

44. Karantinga olingan shaxslar har kuni ikki mahal (ertalab va kechqurun) tibbiyot xodimlari tomonidan tana harorati oʻlchanadi, koronavirus infeksiyasi klinik belgilari (tana haroratining meʼyoridan yuqoriligi, quruq yoʻtal, holsizlanish, nafas siqilishi) kuzatilganda darhol shifokor koʻrigi tashkil etiladi.

Tibbiy kuzatuv bilan bir vaqtda tibbiyot xodimi karantinga olingan shaxslarning oʻz oʻrnida boʻlganliklarini tekshirib boradi va bu haqdagi maʼlumotlarni alohida jurnalda muntazam ravishda (kamida sutkada ikki mahal (tun va kun) qayd etib boradi.

45. Karantin majmuasida koronavirus infeksiyasi klinik belgilari kuzatilgan shaxs aniqlanganda, u darhol karantin majmuasining alohida xonasiga (izolyatorga) koʻchiriladi va uni 6 soat ichida tegishli kasalxonaga (gospital, provizor gospital) yuborish choralari koʻriladi. Bu shaxslar bilan muloqotda boʻlganlar esa laboratoriya tahlili natijalari olingunga qadar, oʻz xonalarida izolyatsiya qilinadi.

46. Karantin majmuasida faoliyat yuritayotgan barcha tibbiyot xodimlari, shuningdek xizmat koʻrsatuvchi va boshqa shaxslar shaxsiy himoya vositalari (kombinezon, etik, tibbiy niqob, koʻzoynak va qoʻlqop) turidan foydalanadi.

Karantin majmuasida xizmat oʻtovchi ichki ishlar organlari xodimlari, Milliy gvardiya va Mudofaa vazirligi harbiy xizmatchilari zarur shaxsiy himoya vositalaridan (tibbiy niqob va qoʻlqop) foydalangan holda oʻz xizmat faoliyatlarini olib boradilar.

47. Karantin majmuasiga jalb etilgan xodimlar ushbu majmuada 14 kun davomida qolib ishlashlari (kazarma holatida boʻlishlari) talab etiladi.

48. Markaz tomonidan:

karantinga olinganlar oʻrtasida sanitariya-targʻibot ishlari muntazam ravishda olib borilishi;

karantin majmuasi masofadan ushbu targʻibot ishlarini olib borish uchun umumiy axborot yetkazuvchi barcha vositalar bilan taʼminlanadi.

49. Qizil zonaga tibbiyot xodimlari va xizmat koʻrsatuvchi xodimlardan boshqa xodimlarning kirishi va karantinga olingan shaxslar bilan muloqotga kirishishi qatʼiyan taqiqlanadi.

Agar karantin majmuasiga jalb qilingan xodimlar faoliyati davrida ularda koronavirus infeksiyasi belgilari qayd etilsa, ushbu xodimlar karantin majmuasidan chiqarilmasdan, alohida kuzatuvga olinadi va mazkur Nizomning 45-bandiga muvofiq zarur tadbirlar amalga oshiriladi.

50. Karantin majmuasining qizil zonasidan yashil zonasiga oʻtish yoki aksincha yashil zonadan qizil zonaga oʻtish sariq zona orqali amalga oshiriladi.

51. Sanepidqoʻmning hududiy boshqarmalari va tuman (shahar) boʻlimlari va hududiy oʻlat, karantin va oʻta xavfli infeksiyalarni profilaktika qilish markazlari karantin majmuasida epidemiyaga qarshi rejim talablari bajarilishini monitoring qilish va profilaktik chora-tadbirlarni tashkil etishga amaliy yordam koʻrsatadi.

52. Karantinga olingan shaxslarni ovqatlantirish markaz tomonidan autsorsing yoki keytering shartlari asosida tashkil etiladi.

Karantinga olingan shaxslar bir kunda toʻrt mahal markaz hisobidan ovqatlantiriladi. Bunda karantinga olingan shaxslarga oziq-ovqatlarni tarqatish tibbiyot xodimi nazorati ostida amalga oshirilishi shart.

53. Markaz tomonidan har kuni oziq-ovqat yetkazib beruvchi autsorsing (keytering) tashkilotiga karantin majmuasida joylashtirilganlar soni toʻgʻrisidagi maʼlumotlar berib borilishi lozim.

54. Karantin majmuasiga oziq-ovqatlar transport vositasida olib kelinishi, ular bir marotaba ishlatishga moʻljallangan, usti yopiladigan maxsus idishlarga joylashtirilgan boʻlishi kerak.

Oziq-ovqat mahsulotlarini isteʼmol qilishda foydalaniladigan barcha buyumlar bir marotaba ishlatishga moʻljallangan boʻlishi talab etiladi.

55. Autsorsing (keytering) tashkilotlari tomonidan karantin majmuasiga olib kelingan oziq-ovqatlar markaz faoliyatiga jalb qilingan masʼul yordamchi xodimlar tomonidan qabul qilib olinadi va tarqatiladi.

56. Oziq-ovqatlar shu vaqtning oʻzida tibbiyot xodimlari nazorati ostida karantin majmuasida xizmat koʻrsatuvchi xodimlar tomonidan navbat bilan qizil va yashil zonalarda joylashtirilgan shaxslarga tarqatiladi.

57. Karantin majmuasida xizmat koʻrsatuvchi xodimlar tomonidan tarqatilgan oziq-ovqat idishlari va ovqat qoldiqlari har bir xonadan maxsus polietilen qoplarga yigʻib chiqiladi.

Oziq-ovqat idishlari va ovqat qoldiqlari joylashtirilgan maxsus polietilen qoplar saqlab turilishi taqiqlanadi.

58. Barcha oziq-ovqat idishlari va ovqat qoldiqlari joylashtirilgan maxsus polietilen qoplar shu vaqtning oʻzida tegishli hududga olib borilib, maxsus (mufel) pechlarda kuydirib tashlash orqali yoʻq qilinadi.

59. Karantin majmuasi hududiga faqatgina markaz komendanti ruxsati bilan markazga xizmat koʻrsatuvchi transport vositalari kiritilishiga yoʻl qoʻyiladi.

60. Karantin majmuasi hududiga kiritiladigan har bir transport vositasi ichki ishlar va milliy gvardiya organlari xodimlari tomonidan koʻzdan kechirilgandan keyingina kiritilishi mumkin.

61. Karantin majmuasi hududiga kiritiladigan va ushbu hududdan chiqariladigan transport vositalari, ularning haydovchisi va boshqa shaxslar toʻgʻrisidagi, shuningdek hududga olib kiriladigan buyum, mahsulot va boshqa vositalar haqidagi maʼlumotlar ichki ishlar va milliy gvardiya organlarining xodimlari tomonidan tizimlashtirilgan tartibda karantin majmuasi boʻyicha yuritiladigan elektron maʼlumotlar bazasiga kiritib borilishi shart.

62. Transport vositasini karantin majmuasi hududiga kiritishda ichki ishlar va milliy gvardiya organlari xodimlari tomonidan transport vositasi haydovchisiga olib kelingan buyum, mahsulot va vositalarni karantin majmuasida qabul qilib olish uchun moʻljallangan hudud doirasida harakatlanishi va ortga qaytishi lozimligi tushuntirilishi kerak.

63. Karantin majmuasi hududidan har qanday buyum, mahsulot va boshqa vositalarning olib chiqilishi taqiqlanadi, bundan yashil zonadan chiqariladigan maishiy chiqindilar mustasno.

64. Transport vositalari karantin majmuasi hududidan chiqib ketishidan oldin maxsus ajratilgan maydonchada dezinfeksiya tadbirlari oʻtkazilganidan soʻng uning ketishiga ruxsat beriladi.

65. Karantin majmuasida faoliyat yuritayotgan tibbiyot va boshqa xizmat koʻrsatuvchi xodimlar har qanday holatda 2 metrdan kam boʻlmagan ijtimoiy masofani saqlashlari tavsiya etiladi.

2-§. Karantin majmuasida nazoratni taʼminlash

66. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, Sanepidqoʻm, Milliy gvardiya, Mudofaa vazirligi, Ichki ishlar vazirligi:

karantinga olingan shaxslarning sanitariya-epidemiologik osoyishtaligi taʼminlanishi ustidan belgilangan tartibda nazorat olib borishlari;

karantinga olingan shaxslar tomonidan epidemiyalarga qarshi kurash qoidalarini buzilishini oldini olishlari, ularni aniqlashlari va bartaraf etishlari;

karantinga olingan shaxslarda koronavirus infeksiyasi belgilari aniqlangan hollarda koronavirus infeksiyasiga gumon qilingan bemorlarni darhol karantinda olingan boshqa shaxslardan ajratish choralarini koʻrilishini, ularga malakali tibbiy yordam koʻrsatilishini taʼminlashlari shart.

67. Begona shaxslarni, jonivorlarni va avtotransport vositalarni karantin majmuasi hududiga kiritmaslik maqsadida karantin majmuasi hududi oʻrab olinishi, hududni qoʻriqlayotgan xodimlar uchun maxsus xonalar boʻlishi, hududda kuzatuv olib borish va kirish uchun maxsus postlar belgilanishi lozim.

68. Karantin majmuasida saqlanayotgan shaxslarni nazorat qilish ichki ishlar va milliy gvardiya organlari xodimlari hamda karantin majmuasi xodimlaridan iborat tarkibda tashkil etiladigan navbatchilik guruhlari tomonidan amalga oshiriladi.

Karantin majmuasida karantinga olingan har bir shaxsning xonasi va unga tutash boʻlgan hudud ushbu navbatchilik guruhlari tomonidan alohida karantin hududi sifatida qatʼiy nazoratga olinadi.

69. Karantin majmuasi hududini qoʻriqlash Mudofaa vazirligining harbiy xizmatchilari tomonidan amalga oshiriladi.

Bunda, karantin majmuasi binolari va unga tutash hududni kecha-kunduz navbatchilik asosida qoʻriqlanishi taʼminlanadi.

70. Ichki ishlar va milliy gvardiya organlari xodimlari tomonidan:

karantinga olingan shaxslarning karantin ichki tartib qoidalariga rioya qilishlari doimiy nazorat qilib boriladi;

karantin majmuasining hududida jamoat tartibini saqlash va jamoat xavfsizligini taʼminlash choralari koʻriladi.

71. Ichki ishlar va Milliy gvardiya organlari xodimlari hamda markaz xodimlari tomonidan karantinga olingan shaxslarning karantin muddati davomida oʻzboshimchalik bilan karantin hududini tark etishga har qanday urinishlar epidemiyalarga qarshi kurash qoidalarini buzish deb hisoblanishi va bu belgilangan tartibda maʼmuriy yoki jinoiy javobgarlikka sabab boʻlishi haqida ogohlantiriladi.

72. Karantinga olingan shaxslarni oʻzboshimchalik bilan karantin hududini tark etish yoki shunday harakatlarni sodir etishga urinish, shuningdek tibbiyot xodimlariga qarshilik koʻrsatish holatlari sodir etilsa, bu toʻgʻrisida ichki ishlar va Milliy gvardiya organlari xodimlariga zudlik bilan xabar beriladi.

Bunda, ichki ishlar va milliy gvardiya organlari xodimlari karantinga olingan shaxslarni oʻzboshimchalik bilan karantin hududini tark etishlarini oldini olishga qaratilgan kechiktirib boʻlmaydigan choralarni koʻrishlari shart.

73. Karantin hududini oʻzboshimchalik bilan tark etishga uringan yoki karantin hududini tark etgan karantinga olingan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.

4-bob. Karantin majmuasida yordamchi boʻlinmalar faoliyatini tashkil etish hamda jihozlash tartibi

74. Karantin majmuasida polimeraziya zanjirli reaksiya (PZR) laboratoriyasi va kirxona boʻlinmalari tashkil etiladi.

75. Polimeraziya zanjirli reaksiya (PZR) laborotoriya boʻlinmasi alohida binoda joylashgan va xonalarni joylashtirishda ketma-ketlik qoidalariga rioya etiladi va quyidagi xonalardan iborat boʻlishi kerak:

namunalarni qabul qilish va roʻyxatga olish xonasi;

materiallarni birlamchi zararsizlantirish va saralash xonasi;

RNK-DNKlarni ajratish xonasi;

reaksion aralashmalarni tayyorlash xonasi;

tahlil natijalarini hisoblash xonasi;

laboratoriya mudiri xonasi;

xodimlar xonasi;

materiallar saqlash xonasi;

inventar xonasi;

kislota va ishqorlarni saqlash xonasi.

76. Polimeraziya zanjirli reaksiya (PZR) laboratoriya boʻlinmasi xonalari manfiy bosim ostida ishlashga moʻljallangan mexanik ventilyatsiya tizimiga ega boʻlishi kerak.

77. Har bir xona funksional vazifasidan kelib chiqqan holda asbob-anjomlar, reaktiv va sarflovchi materiallar bilan taʼminlanishi kerak, bunda:

a) RNK-DNKlarni ajratish xonasi:

laminar shkaf;

mikrotsentrifuga;

ultrapast temperaturada ishlaydigan muzlatgich;

reaktivlar uchun sovutgich;

mikser/vorteks;

termomikser;

b) reaksion aralashmalarni tayyorlash xonasi:

bioxavfsizlik shkafi;

reagentlarni saqlash uchun sovutgich;

v) tahlil natijalarini hisoblash xonasi:

polimeraziya zanjirli reaksiya (PZR) laboratoriyasi apparati;

polimeraziya zanjirli reaksiya (PZR) laboratoriya boʻlinmasining barcha xonalari bakteritsid lampalar bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.

78. Har bir xona laboratoriya mebeli (stol, stul, shkaf), bir kanalli har xil oʻlchamdagi dozatorlar, konteynerlar, dozator va probirkalar uchun shtativlar, ultrapast temperaturali muzlatgichlar uchun krioqoʻlqoplar bilan taʼminlangan boʻlishi kerak.

79. Laboratoriya biomateriallarni zararsizlantirish uchun avtoklav bilan taʼminlanadi.

80. Qizil majmuada joylashgan xonalarning choyshablarini, shuningdek tibbiy xodimlarning maxsus kiyimlarini yuvish uchun karantin majmuasi hududida kirxonalar tashkil etiladi.

81. Kirxona sanitariya qoidalari va meʼyorlari talablari asosida suv taʼminoti, kanalizatsiya va ventilyatsiya tizimiga ega boʻlishi kerak. Kirxona xonalari alohida binoda joylashgan va xonalarni joylashtirishda ketma-ketlik qoidalariga rioya etiladi va quyidagi xonalardan (sexlardan) iborat boʻlishi kerak:

qabul qilish va saralash sexi;

kirlarni yuvish sexi;

kirlarni quritish sexi;

kirlarni dazmollash sexi;

yumshoq jihozlarni saqlash xonasi;

kirlarni tarqatish (ekspeditsiya) xonasi;

yuvuvchi va dezinfeksiya vositalari saqlash xonasi;

xodimlar xonasi;

dam olish xonasi;

yuvinish xonasi va hojatxona.

82. Kirxonalar kirlarni zararsizlantirish uchun vannalar, kir yuvish mashinalari, sentrifugalar, dazmollash uskunalari bilan jihozlanadi.

83. Yuvilgan choyshab va maxsus kiyimlarni saqlash xonasida stellajlar oʻrnatilgan boʻlishi kerak.

84. Kirlarni quritish sexi kirlarni quritish uchun moʻljallangan uskunalar bilan jihozlangan boʻlishi lozim.

5-bob. Karantinga olingan shaxslarni karantin muddati tugaganidan soʻng karantin majmuasidan chiqarish tartibi

85. Karantinga olingan shaxslarda oxirgi 14 kunlik muddatda yoki ularning sogʻligʻi holatiga koʻra sogʻliqni saqlash organlari tomonidan belgilab berilgan muddatda koronavirus infeksiyasi aniqlanmasa, ularni karantin majmuasidan chiqarish boʻyicha sogʻliqni saqlash organlari tomonidan qaror qabul qilinadi.

Bunda, mazkur shaxslar bilan bir xonada boʻlgan boshqa shaxslar orasida koronavirus infeksiyasi aniqlangan taqdirda, qolgan shaxslar uchun karantin muddati qaytadan boshlanadi.

86. Karantin majmuasiga joylashtirilgan shaxslarni karantin majmuasidan chiqarishda quyidagilar inobatga olinadi:

tana harorati karantin muddatining oxirgi 3 kuni davomida meʼyordaligi;

nafas olish belgilarining yaxshiligi;

kasallikni boshqa belgilari mavjud emasligi;

karantin muddatida jami uch marotaba polimeraziya zanjirli reaksiya (PZR) tahlili oʻrganishda manfiy natija chiqqanligi.

87. Karantin majmuasidan chiqarilayotgan shaxslarning vaqtinchalik olib qoʻyilgan buyumlari ichki ishlar organlari xodimlari tomonidan ularning oʻzlariga yoki ularning yaqin qarindoshlari yoxud qonuniy vakillariga karantin muddati tugaganidan keyin qaytarib beriladi.

88. Karantin majmuasi tomonidan karantindan chiqqan shaxslar haqida ularning yashash joylaridagi poliklinikalarga axborot beriladi.

Karantinga olingan shaxslar ustidan keyingi 10 kun davomida yashash joyidagi poliklinika shifokori tomonidan telefon orqali kuzatuv oʻrnatiladi.

89. Karantin majmuasidan chiqariladigan shaxslarni maxsus dezinfeksiyalangan transport vositalarida ularning yashash joylariga olib borilishi tegishli hududdagi mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organi tomonidan taʼminlanadi.

Bunda, ularni yashash joylariga olib borilishi ichki ishlar va milliy gvardiya organlari xodimlari kuzatuvi va nazorati ostida amalga oshiriladi.

90. Karantindan chiqayotgan shaxslarga mehnatga layoqatsizlik varaqasi Mehnatga layoqatsizlik varaqalarini berish tartibi toʻgʻrisidagi yoʻriqnomaga (roʻyxat raqami 2667, 2015-yil 17-aprel) muvofiq epidemiolog yoki sanitar vrach tomonidan berilishi mumkin.

91. Karantindan chiqqan shaxslar yashagan xonalarda joriy tozalash va dezinfeksiya tadbirlari oʻtkazilgandan soʻng sogʻliqni saqlash organlari tomonidan xonalar tegishli hududdagi markazga topshiriladi.

6-bob. Karantin majmuasida tovar-moddiy zaxiralarni hisobini yuritish va saqlash

92. Karantin majmuasida tovar-moddiy zaxiralarni qabul qilish, saqlash va topshirish uchun javobgarlik markaz direktorining buyrugʻi bilan tayinlangan moddiy javobgar shaxslarga yuklatiladi.

Moddiy javobgar shaxslarning almashinishi tovar-moddiy zaxiralarning inventarizatsiyasi va markaz direktori tomonidan tasdiqlanadigan qabul qilish-topshirish dalolatnomalarini tuzish bilan amalga oshiriladi.

Tovar-moddiy zaxiralarni saqlash joylari ushbu zaxiralarning xususiyatidan kelib chiqib ularni saqlashga moʻljallangan vositalar bilan taʼminlanishi, shuningdek zarur oʻlchov asboblari, oʻlchov idishlari va boshqa nazorat moslamalari bilan taʼminlanishi lozim.

93. Karantin majmuasida tovar-moddiy zaxiralar quyidagilar natijasida markazga kirim qilinadi:

yetkazib berish (oldi-sotdi) shartnomasi boʻyicha xarid qilinishi;

begʻaraz kelib tushishi (hadya shartnomasi boʻyicha);

markazning oʻzida tayyorlanishi;

qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa hollarda.

94. Hisobdan chiqarilayotgan tovar-moddiy zaxiralarning qiymati chiqarilish dalilini aniqlash paytida balansdan chiqarilishi kerak. Tovar-moddiy zaxiralar markaz balansidan:

sotish;

begʻaraz berish;

saqlash muddati tugagach yaroqsizligi sababli jismonan va maʼnan eskirganligi natijasida tugatish (yoʻq qilish);

kamomad, yoʻqotish yoki shikastlanish (sinish, boʻlinish) aniqlanishi;

boshqa operatsiyalar va hodisalar natijasida hisobdan chiqariladi.

95. Karantinga joylashtirilgan shaxslar tomonidan karantin majmuasining tovar-moddiy zaxiralariga yetkazilgan zarar ushbu shaxslar mablagʻlari hisobidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda qoplanadi.

96. Karantin majmuasida tovar-moddiy zaxiralar joylashgan binoni qoʻriqlash Milliy gvardiya organlari tomonidan amalga oshiriladi.

7-bob. Karantin majmuasiga joylashtirilgan shaxslarni markazlashtirilgan hisobini yuritish tartibi

97. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan karantinga olingan shaxslarning markazlashgan hisobi va karantin rejimi holati ustidan monitoringini olib borish imkonini beradigan markazlashtirilgan axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) tashkil etiladi.

Axborot tizimiga joylashtiriladigan maʼlumotlar formati oʻz ichiga anketa, hisobotlar va boshqa shakllarni olishi zarur.

98. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi axborot tizimi orqali karantin majmualarida joylashtirilgan shaxslar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni jamlash, ishlash, umumlashtirish, saqlash, tahlil qilish va ularni ruxsatsiz foydalanishdan himoya qilish, shuningdek ularni tegishli davlat organlariga taqdim etilishini taʼminlaydi.

99. Axborot tizimi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi, viloyatlar sogʻliqni saqlash boshqarmalari va Toshkent shahar sogʻliqni saqlash bosh boshqarmasi (keyingi oʻrinlarda — hududiy sogʻliqni saqlash organi) tomonidan taqdim etiladigan maʼlumotlar asosida shakllantiriladi.

100. Karantin majmuasida axborot tizimiga kiritiladigan maʼlumotlarni va karantinga olingan va karantindan chiqarilgan shaxslar haqidagi maʼlumotlar shakllantirish uchun karantin majmuasining maʼlumotlar bazasi (keyingi oʻrinlarda — maʼlumotlar bazasi) tashkil etiladi.

Maʼlumotlar bazasini yuritish uchun markaz direktorining buyrugʻi bilan masʼul shaxs tayinlanadi.

Maʼlumotlar bazasiga karantinga olingan shaxslar va karantindan chiqarilgan shaxslar haqidagi maʼlumotlar axborot tizimida belgilangan maʼlumotlarni yigʻish shakliga muvofiq amalga oshiriladi.

Maʼlumotlar bazasidagi maʼlumotlarning toʻliqligi va toʻgʻriligi uchun markaz masʼul hisoblanadi.

101. Markaz maʼlumotlar bazasiga kiritilgan maʼlumotlarni har kuni kamida ikki marotaba tegishliligi boʻyicha hududiy sogʻliqni saqlash organiga axborot tizimi orqali yuboradi.

102. Hududiy sogʻliqni saqlash organlari markaz tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni qabul qilib oladi va shu vaqtning oʻzida umumlashtirilgan holda axborot tizimi orqali Sogʻliqni saqlash vazirligiga hamda tegishliligi boʻyicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklariga taqdim etib boradi.

103. Hududiy sogʻliqni saqlash organlari tomonidan Sogʻliqni saqlash vazirligiga taqdim etiladigan maʼlumotlar axborot tizimiga masʼul xodim tomonidan umumlashtirilgan holda qayta kiritiladi.

104. Axborot tizimida karantinga olingan yoki undan chiqarilgan shaxslarni hisobga olish axborot tizimida oʻrnatilgan formatdagi shakl boʻyicha karantin majmuasiga joylashtirilgan shaxslarni hisobga olish kartochkasi asosida amalga oshiriladi.

105. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi axborot tizimidagi yangilangan maʼlumotni kuniga kamida ikki marta Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi va Vazirlar Mahkamasiga yuboradi.

106. Karantinga olingan shaxslar haqidagi maʼlumotlardan foydalanishda “Shaxsga doir maʼlumotlar toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasining Qonuni talablariga qatʼiy amal qilinishi shart.

Axborot tizimidagi maʼlumotlarning uchinchi shaxslarga oshkor etilishi oqibatida shaxsning huquqlari, erkinliklari hamda qonuniy manfaatlari kamsitilishiga olib kelgan yoki ushbu maʼlumotlardan gʻarazli maqsadlarda foydalanilgan holatlarda qonunchilik hujjatlariga muvofiq qatʼiy javobgarlik choralari qoʻllaniladi.

8-bob. Yakuniy qoida

107. Mazkur Nizom talablarini buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.

Koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni vaqtinchalik karantinda saqlashga moslashtirilgan majmuada epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisida nizomga ILOVA

Karantinga olingan shaxslar joylashtiriladigan xonalarda boʻlishi lozim boʻlgan jihozlarning eng kam

T/r Jihozlarning nomi Jihozlarning soni 1. Kiyim javoni 1ta 2. Tumba (oyoq kiyimlar uchun) 1ta 3. Karavot 4ta 4. Stol 1ta 5. Stul 4ta 6. Yumshoq jihozlar uchun javon 1ta 7. Yostiq 4ta 8. Toʻshak 4ta 9. Koʻrpa (jun yoki paxtali) 4ta 10. Choyshab 4ta 11. Yostiq jild 4ta 12. Koʻrpa jild 4ta 13. Xoʻjalik anjomlari uchun javon 1ta 14. Sochiq 4ta 15. Qogʻoz salfetkalari 4 ta 16. Axlat qutisi 1 ta 17. Pol yuvish uchun latta 1ta 18. Chelak 1ta 19. Supurgi 1ta 20. Hokandoz 1ta 21. Shvabra 1ta 22. Konditsioner 1ta 23. Televizor 1ta 24. Termometr 4ta 25. Devorda turadigan ilgich (sochiqlar uchun) 1ta 26. Xolodilnik 1ta

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 25-apreldagi 254-son qaroriga 3-ILOVA

Koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni uy sharoitida karantinga joylashtirish va saqlash vaqtinchalik tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom koronavirus infeksiyasini yuqtirganlikda gumon qilingan shaxslarni uy sharoitida karantinga joylashtirish va saqlash tartibini belgilaydi.

2. Koronavirus infeksiyasi bilan kasallangan shaxs aniqlanganda Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Sanepidqoʻm) tuman (shahar) boʻlimlari hamda tuman (shahar) ichki ishlar boshqarmalari (boʻlimlari) (keyingi oʻrinlarda — hududiy ichki ishlar organlari) xodimlari tomonidan darhol koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxs bilan muloqotda boʻlganlarning (keyingi oʻrinlarda muloqotda boʻlgan shaxs deb yuritiladi) roʻyxati shakllantiriladi.

Bunda, koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxs bilan muloqotda boʻlganlar koronavirus infeksiyasini yuqtirish xavfi darajasiga qarab Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 23-martdagi 176-son qarori bilan tasdiqlangan Koronavirus infeksiyasi aniqlanganda (gumon qilinganda) bajariladigan profilaktik va epidemiyaga qarshi chora-tadbirlarni amalga oshirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomda belgilangan mezonlar asosida koronavirus infeksiyasi aniqlangan shaxslar bilan yaqin muloqotda va muloqotda boʻlgan shaxslarga ajratiladi.

3. Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimi hamda hududiy ichki ishlar organlari shu vaqtning oʻzida muloqotda boʻlgan shaxslarninig roʻyxatini elektron aloqa vositalari orqali tegishlicha yuqori turuvchi sogʻliqni saqlash hamda ichki ishlar organlariga, shuningdek tegishli hududdagi mahalliy davlat hokimiyati organiga yuboradi.

Taqdim etilgan roʻyxatga asosan mahalliy davlat hokimiyati, sogʻliqni saqlash hamda ichki ishlar organlari Milliy gvardiya organlari bilan hamkorlikda tegishli hududda epidemiyaga qarshi profilaktik tadbirlari tashkil etilishini taʼminlaydi.

4. Ichki ishlar organlari Milliy gvardiya organlari xodimlari bilan hamkorlikda darhol muloqotda boʻlgan shaxslarninig roʻyxatida koʻrsatilgan shaxslarni uy sharoitida karantinga joylashtirilishi va saqlanishini taʼminlaydi.

2-bob. Muloqotda boʻlgan shaxslarni uy sharoitida karantinga joylashtirish tartibi

5. Muloqotda boʻlgan shaxslar 14 kun davomida yoki ularning sogʻligʻi holatiga koʻra sogʻliqni saqlash organlari tomonidan belgilab berilgan muddat davomida (keyingi oʻrinlarda — karantin muddati) uy sharoitida karantinga olinadi.

6. Muloqotda boʻlgan shaxslar uy sharoitida karantiniga olinganda ichki ishlar va Milliy gvardiya organlari xodimlaridan iborat tarkibda tuzilgan naryad tomonidan ularning karantin qoidalariga rioya qilinishi ustidan kechayu-kunduz qatʼiy va tizimli nazorat oʻrnatiladi.

7. Muloqotda boʻlgan shaxs uy sharoitida karantinga olinganda u bilan bir uyda yashovchi barcha shaxslar karantinga olinadi.

Mazkur uyda yashovchi shaxslarning biri yoki bir nechtasi karantinga olingan uydan tashqarida boʻlgan taqdirda, ular darhol tez tibbiy yordam xizmatining maxsus avtotransport vositasidan foydalangan holda ichki ishlar va Milliy gvardiya organlari kuzatuvi ostida yashash joyiga olib kelinadi. Bunda tez tibbiy yordam xizmatining maxsus avtotransport vositasida boʻladigan tibbiyot xodimlari hamda uning haydovchisi yuqori himoya darajasiga ega boʻlgan shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlanishi shart.

Agar ushbu shaxslar yashash joyiga borishdan boʻyin tovlagan taqdirda ular ichki ishlar va Milliy gvardiya organlari xodimlari tomonidan majburiy tartibda yashash joyiga olib boriladi va bunday harakatlar epidemiyalarga qarshi kurash qoidalarini buzish deb hisoblanadi.

3-bob. Muloqotda boʻlgan shaxslarni uy sharoitida karantinda saqlash tartibi

8. Uy sharoitida karantinga olingan shaxslarning karantin muddati davomida uylarini tark etishlari qatʼiyan man etiladi, bundan ularga kechiktirib boʻlmaydigan tez tibbiy yordam koʻrsatish (homiladorlik, tugʻruq, tana jarohati, OIV/OITS, onkologiya yordam, nurlanish terapiyasi, gemodializ yordamini koʻrsatish, jarrohlik amaliyoti zarur boʻlganda, inson hayotiga xavf tugʻdirayotgan boshqa holatlar) bilan bogʻliq hollar mustasno.

Ushbu holatda uy sharoitida karantinga olingan shaxslarga faqatgina tez tibbiy yordam xizmatining maxsus avtotransport vositasidan foydalangan holda, shuningdek ichki ishlar organlari kuzatuvi ostida tibbiyot muassasasiga olib boriladi. Bunda, tez tibbiy yordam xizmatining maxsus avtotransport vositasida boʻladigan tibbiyot xodimlari hamda uning haydovchisi yuqori himoya darajasiga ega boʻlgan shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlanishi shart.

9. Uy sharoitida karantinga olingan shaxslardan uy sharoitida karantinga olingan kundan boshlab bir kun ichida Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimlari xodimlari tomonidan polimeraza zanjirli reaksiya (PZR) laboratoriya test sinamasi olinadi.

10. Polimeraza zanjirli reaksiya (PZR) laboratoriya test sinamasining tahlili natijasi musbat boʻlganda, darhol uy sharoitida karantinga olingan shaxsni mazkur Nizomnnig 8-bandi ikkinchi xatboshisida belgilangan shartlarda tegishli kasalxonaga (gospital, provizor gospital) olib borish choralari koʻriladi.

Uy sharoitida karantinga olingan shaxs bilan bir uyda boʻlgan boshqa shaxslar orasida koronavirus infeksiyasi aniqlangan taqdirda, qolgan shaxslar uchun karantin muddati qaytadan boshlanadi.

11. Polimeraza zanjirli reaksiya (PZR) laboratoriya test sinamasining tahlili natijasi manfiy boʻlganda, uy sharoitida karantinga olingan shaxslar belgilangan karantin muddati tugaguniga qadar karantinda qoldiriladi.

12. Uy sharoitida karantinga olingan shaxslar karantin muddati davomida yashash joyidagi poliklinika tibbiyot xodimlari tomonidan har kuni ikki mahal koʻrikdan oʻtkaziladi. Bunda birinchi koʻrik soat 9:00 gacha, ikkinchi koʻrik 16:00 gacha amalga oshirilishi lozim.

Ushbu shaxslarni koʻrikdan oʻtkazadigan poliklinika tibbiyot xodimlari yuqori himoya darajasiga ega boʻlgan shaxsiy himoya vositalari bilan taʼminlanishi shart.

13. Poliklinika tibbiyot xodimlari tomonidan oʻtkazilgan koʻrik natijalari observatsion varaqda qayd etiladi. Tegishli hududda oʻtkazilgan barcha koʻrik natijalari haqidagi maʼlumotlar poliklinika tomonidan umumlashtiriladi va tuman (shahar) tibbiyot birlashmasiga taqdim etib boriladi.

Agar poliklinika tibbiyot xodimlari tomonidan oʻtkazilgan koʻrik natijasida uy sharoitida karantinga olingan shaxslarda koronavirus infeksiyasi klinik belgilari kuzatilganda, bu haqda poliklinika tomonidan zudlik bilan Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimiga xabar berilishi kerak.

14. Uy sharoitida karantinga olingan va karantindan chiqarilgan shaxslarning hisobi Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimlari va tuman (shahar) tibbiyot birlashmalari tomonidan yuritiladi.

15. Sanepidqoʻmning tuman (shahar) boʻlimlari va tuman (shahar) tibbiyot birlashmalari tomonidan yuritiladigan uy sharoitida karantinga olingan va karantindan chiqarilgan shaxslarning hisobi haqidagi maʼlumotlar har kuni elektron axborot tizimi orqali ularning yuqori turuvchi organiga, shuningdek tegishli hududdagi mahalliy davlat hokimiyati organiga taqdim etib boriladi.

16. Uy sharoitida karantinga olingan shaxslarga birinchi navbatdagi hayotiy ehtiyojlari uchun zarur oziq-ovqat mahsulotlari, dori vositalari, niqob va tibbiy buyumlarini (dezinfeksiya vositalari va boshqalar) yetkazib berish mahalliy davlat hokimiyati organlari tomonidan fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va volontyorlar guruhlarini faol jalb qilgan holda amalga oshiriladi. Bunda barcha zarur mahsulot va vositalar karantinga olingan shaxslarning mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.

17. Uy sharoitida karantinga olingan shaxslarning uylaridan chiqariladigan chiqindilar ularning oʻzlari tomonidan uyning (koʻp qavatli uylarda xonadonning) kirish eshiklar tashqarisiga chiqarib qoʻyiladi.

18. Uyning (koʻp qavatli uylarda xonadonning) kirish eshiklari tashqarisiga chiqarib qoʻyilgan chiqindilar “Toza hudud” va “Maxsustrans” davlat unitar korxonalari tomonidan belgilangan tartibda sanitariya qoidalariga rioya etgan holda yigʻib chiqiladi va olib ketiladi.

Bunda, “Toza hudud” va “Maxsustrans” davlat unitar korxonalari xodimlari shaxsiy himoya vositalari (tibbiy niqob va qoʻlqop) bilan taʼminlangan boʻlishi shart.

19. Mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari tomonidan haftada bir marotaba karantinga olingan uyning (xonadonning) tevarak-atrofida dezinfeksiya tadbirlari oʻtkazilishi taʼminlanadi.

4-bob. Uy sharoitida karantinga olingan shaxslarni karantin muddati tugaganidan soʻng karantindan chiqarish tartibi

20. Uy sharoitida karantinga olingan shaxslarda karantin muddatida koronavirus infeksiyasi aniqlanmasa, ularni uy karantinidan chiqarish boʻyicha sogʻliqni saqlash organlari tomonidan qaror qabul qilinadi.

21. Uy sharoitida karantinga olingan shaxslarning yashash joyidagi poliklinika shifokori tomonidan ularda va ular bilan birga yashovchi boshqa shaxslarda koronavirus infeksiyasi klinik belgilari yoʻqligi tasdiqlangan taqdirda ularni karantindan chiqarishga ruxsat etiladi.

22. Poliklinika shifokori uy sharoitida karantinga olingan shaxs karantindan chiqarilgan kundan boshlab 10 kun davomida uning sogʻligʻi holati haqida telefon orqali xabar olib turishi lozim.

23. Uy sharoitida karantinga olingan shaxslar karantindan chiqayotganda mehnatga layoqatsizlik varaqasi qonunchilikda belgilangan tartibda ularning yashash joyidagi poliklinika tomonidan beriladi.

5-bob. Yakuniy qoida

24. Mazkur Nizom talablarini buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 25-aprel,

254-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 25.04.2020-y., 09/20/254/0500-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 20.11.2021-y., 09/21/694/1075-son; 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 30.01.2025-y., 09/25/48/0093-son; 16.12.2025-y., 09/25/791/1167-son)

lex.uz