UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 27-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 27 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 27 апреля 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 27 April 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ГРАФИГИ

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 9 июлдаги ПФ-5761-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни жадаллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

а) Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 13 апрелдаги 308-сон қарорига мувофиқ, республикада «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимини жорий этиш бошланган бўлиб, ушбу тизимнинг асосий мақсади аҳолига давлат томонидан ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва ёрдам бериш билан боғлиқ тартиб-таомилларни автоматлаштириш ҳамда ушбу соҳада аҳолига давлат хизматлари кўрсатишни янада соддалаштириш белгиланганлиги;

б) Вазирлар Маҳкамасининг «Электр энергетика тармоғида тариф сиёсатини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 13 апрелдаги 310-сон қарори билан тасдиқланган 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишларига мувофиқ:

тарифларни белгилашда такрорий субсидиялаш амалиётини босқичма-босқич бекор қилиш ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ манзилли субсидиялар бериш орқали аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш;

барча гуруҳлардаги истеъмолчиларда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини тўлиқ жорий этгандан кейин табақалаштирилган тарифни жорий этиш ҳамда ушбу йўналишларни амалга оширишнинг асосий принципларидан бири сифатида аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда электр энергиясининг базавий нормасини қўллаш ҳамда электр энергияси учун тарифлар ошганда компенсациялар бериш йўли билан таъминланиши белгиланганлиги;

в) электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳаси (кейинги ўринларда — ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳаси) доирасида:

ўрнатиладиган барча электр ҳисоблагич ва қўшимча асбоб-ускуналарга хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирокида ягона техник талаблар ишлаб чиқилганлиги;

ЭҲНАТнинг дастурий таъминоти ва Республика маълумотларни қайта ишлаш маркази Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан «KT Corporation» (Жанубий Корея) компанияси томонидан яратилганлиги ва мавжуд биллинг дастури билан боғланганлиги, республикада ўрнатилаётган барча электр ҳисоблагичлар ушбу дастурлар томонидан бошқарилиши;

г) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 23 октябрдаги ПҚ-3981-сон қарорига мувофиқ энг мақбул таклифлар асосида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар — «Toshelectroapparat» МЧЖ ва «Elektron Хisoblagich» МЧЖдан 2,1 млн дона электр ҳисоблагичлар ва қўшимча асбоб-ускуналар харид қилиниб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасига мувофиқ босқичма-босқич ўрнатилаётганлиги;

д) Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳаси доирасида 1,3 млн дона электрон ҳисоблагичлар ўрнатилганлиги;

е) лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари «Ўзинжиниринг» РЛИ томонидан ишлаб чиқилганлиги, шу билан бирга бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилиши лозимлиги;

ж) «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан етказиб берилаётган электр ҳисоблагич ва қўшимча асбоб-ускуналар учун тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилмай қолганлиги натижасида «Toshelectroapparat» МЧЖ олдида 323,3 млрд.сўм ва «Elektron Хisoblagich» МЧЖ олдида 313,6 млрд.сўм миқдорида кредитор қарздорлик юзага келганлиги;

з) Осиё тараққиёт банки ва Франция тараққиёт агентлиги томонидан электр энергетика соҳасидаги ислоҳотлар асосида Ўзбекистон Республикасига бюджетни қўллаб-қувватлаш учун, мос равишда 200 млн АҚШ доллари ҳамда 150 млн Евро миқдорида кредит (Policy Based Loan) ажратилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасининг асосий мақсад ва вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

республика бўйича барча электр энергияси истеъмолчилари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергиясини тўлиқ ҳисобга олишнинг ҳамда электр энергиясининг технологик сарф меъёрларини белгилашнинг шаффоф тизимини ўрнатиш;

тўловни белгиланган муддатларда тўлиқ амалга оширмаган истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб беришни тўхтатиш ҳамда электр тармоқларига ноқонуний уланган истеъмолчиларни аниқлаш;

истеъмолчилар гуруҳлари кесимида йиллик, ойлик ва кунлик истеъмол қилиш «хулқ-атвори»ни (consumer behaviour) таҳлил қилиб бориш ва ушбу таҳлиллар натижасида республика энергия тизимининг ишлаш режимини энг самарадор тарзда шакллантириш;

электр энергиясининг табақалаштирилган тарифларини қўллаш учун зарур бўлган аниқ маълумотлар билан таъминлаш;

электр тармоқларининг ишлаш режимларидаги нуқсонларни, шу жумладан электр энергиясининг технологик сарфининг меъёрдан ортиб кетиш ҳолатларини аниқлаш.

3. ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасининг:

дастлабки молиявий параметрлари 1-иловага мувофиқ;

молиялаштирилиши учун ажратиладиган маблағлар миқдори 2-иловага мувофиқ;

режалаштирилган чора-тадбирларини амалга ошириш графиги 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг мавжуд биллинг тизими ўрнига ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳаси доирасида энг замонавий тамойиллар асосида электр энергияси ҳисобини юритиш, таҳлил ва прогноз қилишнинг комплекс дастурий таъминотини яратиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

Ушбу комплекс дастурий таъминотини яратиш учун етакчи хорижий ва маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи компаниялар ўртасида танлов савдолари асосида шартнома тузилишига рухсат берилсин.

5. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳаси мувоффақиятли якунланиши учун Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасини биринчи босқичи доирасида жалб этилган «CESI S.P.A / AF Mercados Energy Markets International S.A / Sharifa.com» (Италия / Испания / Ўзбекистон) консалтинг компанияларининг консорциуми билан ўрнатилган тартибда қўшимча битим тузиш тавсия этилсин.

6. ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида Осиё тараққиёт банки ва Франция тараққиёт агентлиги томонидан ажратилаётган кредитлар келиб тушишини инобатга олиб:

а) Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўн кун муддатда Осиё тараққиёт банки ва Франция тараққиёт агентлиги билан электр энергетика соҳасидаги «ислоҳотлар матрицаси»ни келишиб, ижроси бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқласин;

б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорнинг 6-банди «а» кичик банди бўйича «йўл харитаси» тасдиқлангач, уч кун муддатда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБга ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасини молиялаштириш ҳаражатлари Осиё тараққиёт банки ва Франция тараққиёт агентлиги томонидан электр энергетика соҳасидаги ислоҳотлар асосида бюджетни қўллаб-қувватлаш (Policy Based Loan) учун ажратилиши режалаштирилган кредитлар ҳисобидан қопланишини тасдиқловчи хатни тақдим этсин;

в) «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБга ўн кун муддатда хорижий кредит линиялари ҳисобидан бир йил муддатга олти ойлик имтиёзли тўлов (фоиз тўловлари билан) даври билан йиллик етти фоиз устама тўлаш шарти асосида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасини молиялаштиришга 30 млн Евро миқдорида кредит ажратиш тавсия этилсин;

Бунда, кредит таъминоти сифатида Осиё тараққиёт банки ва Франция тараққиёт агентлиги томонидан электр энергетика соҳасидаги ислоҳотлар асосида бюджетни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредитларнинг ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасига йўналтириладиган миқдори белгилансин;

г) Осиё тараққиёт банки ва Франция тараққиёт агентлигининг кредити ажратилгунига қадар «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг кредити бўйича барча тўловлар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг 2020 йилга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида молиялаштириладиган лойиҳаларга йўналтириладиган ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилишига рухсат берилсин;

д) «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ томонидан ажратиладиган кредит тенг миқдорларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар — «Toshelectroapparat» МЧЖ ва «Elektron Хisoblagich» МЧЖдан янги харид қилинадиган электрон ҳисоблагичлар ва уларга зарур бўлган қўшимча асбоб-ускуналарни молиялаштиришга ўрнатилган тартибда йўналтирилиши белгилаб қўйилсин;

е) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Осиё тараққиёт банки ва Франция тараққиёт агентлиги томонидан электр энергетика соҳасидаги ислоҳотлар асосида бюджетни қўллаб-қувватлаш (Policy Based Loan) учун ажратиладиган кредитлар ҳисобидан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасини молиялаштиришдаги ҳақиқий ҳаражатларни қоплаш учун етарли, лекин 250 млн АҚШ долларидан ошмаган миқдорда, ўн беш йил муддатга уч йиллик имтиёзли даври билан олти ойлик SOFR + 1,25 фоиз (бунда 0,75 фоиз Молия вазирлиги устамаси) тўлаш шарти билан кредит ажратсин.

Бунда, 0,5 фоиз миқдоридаги мажбурият учун воситачилик ҳақи ва кредитнинг жами миқдоридан 0,5 фоизлик бир марталик тўловлар назарда тутилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Осиё тараққиёт банки ва Франция тараққиёт агентлиги томонидан электр энергетика соҳасидаги ислоҳотлар асосида бюджетни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган мос равишда, 200 млн АҚШ доллари ҳамда 150 млн Евро миқдорида кредитларни Ўзбекистон Республикаси номидан ёки кафолати остида ташқи қарзни жалб этиш бўйича 2020 йилда янги имзоланадиган дастур ва лойиҳалар рўйҳатига киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ўн беш кун муддатда:

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «Toshelectroapparat» МЧЖ ва «Elektron Хisoblagich» МЧЖ олдидаги кредитор қарздорликларини тўлаб беришнинг молиявий манбалари;

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг 2020 йил учун тасдиқланган инвестицион дастурини мақбуллаштириш ва молиялаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

9. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзинжиниринг» РЛИ икки ой муддатда ушбу қарорда келтирилган молиялаштириш шартлари асосида ЭҲНАТнинг техник-иқтисодий асосларини қайта ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Техник-иқтисодий асосларни қайта ишлаб чиқиш учун техник топшириқ Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари билан келишилган ҳолда тасдиқланиши таъминлансин.

10. ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасининг мувоффақиятли якунланиши, келгусида тизимнинг барқарор ишлаши ва жалб этилган кредитларнинг вақтида ва тўлиқ қайтарилиши бўйича «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раҳбарларининг масъулияти белгилаб қўйилсин.

11. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ЭҲНАТни жорий этиш лойиҳасини биринчи босқичи доирасида «KT Corporation» (Жанубий Корея) компанияси билан тузилган қарз шартнома шартларига кўра, лойиҳани тўлиқ амалга оширгандан сўнг, унинг кафолат синови ва муддатларидан кейин қолган қисми учун тўловлар амалга оширилишини инобатга олган ҳолда 2012 йил 8 ноябрдаги 2779-UZB-сон қарз битими муддатини узайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 апрелдаги 260-сон қарорига 1-ИЛОВА

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасининг дастлабки молиявий параметрлари

минг АҚШ долл. Т/р Харажатлар тури Харажатлар миқдори Жами 552 000 1. Ҳисоблагичлар ва бошқа асбоб-ускуналар 465 000 2. Маълумотларни қайта ишлаш маркази (бино, асбоб-ускуналар, дастурий таъминот ва бошқалар) 34 000 3. Электр энергияси ҳисобини юритиш, таҳлил ва прогноз қилишнинг комплекс дастурий таъминоти (ягона биллинг тизими) 15 000 4. Хорижий консультантлар ва ягона интеграторнинг хизмат ҳақи 13 000 5. Қолган харажатлар (иш ҳақи, материаллар, транспорт харажатлари ва бошқалар) 15 000 6. Кўзда тутилмаган харажатлар 10 000

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 апрелдаги 260-сон қарорига 2-ИЛОВА

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасининг молиялаштирилиши учун ажратиладиган маблағлар миқдори

минг АҚШ долл. Т/р Молиялаштириш манбаси Умумий миқдори Сарфланган миқдори Ажратиладиган миқдори Жами 552 000 136 377 415 623 1. Осиё тараққиёт банкининг кредит маблағлари (2779-UZB) 150 000 96 846 53 154 2. Осиё тараққиёт банки ва Франция тараққиёт агентлиги маблағлари (электр энергетика соҳасидаги ислоҳотлар асосида бюджетни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредит маблағларининг электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасига йўналтириладиган миқдори) 250 000 — 250 000 3. Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари 52 800 35 300 17 500 4. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг ўз маблағлари 99 200 4 231 94 969

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 апрелдаги 260-сон қарорига 3-ИЛОВА

Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасининг режалаштирилган чора-тадбирларини амалга ошириш

Т/р Чора-тадбирлар Амалга ошириш муддати 1. Маълумотларни қайта ишлаш марказини ишга тушириш 2020 йил 30 май 2. Электр ҳисоблагичлар ва қўшимча асбоб-ускуналарни харид қилиш учун молиялаштиришни очиш 2020 йил 30 май 3. Янги биллинг тизимини ишлаб чиқарувчисини аниқлаш (танловни якунлаш) 2020 йил 25 ноябрь 4. Электр ҳисоблагичлар ва қўшимча асбоб-ускуналарни ўрнатиш ишларини якунлаш 2021 йил 1 июль 5. Ўрнатилган электр ҳисоблагичларни электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига улаш ишларини якунлаш 2021 йил 20 сентябрь 6. Янги биллинг тизимини ишга тушириш 2022 йил 30 май

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 27 апрель,

260-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 28.04.2020 й., 09/20/260/0511-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 07/23/422/0994-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

GRAFIGI

Elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimini jadal joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoqilgʻi-energetika sohasida oʻzaro hisob-kitoblarni yanada takomillashtirish va moliyaviy barqarorlikni oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 9-iyuldagi PF-5761-son Farmonida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash hamda elektr energiyasi isteʼmolini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etishni jadallashtirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

a) Vazirlar Mahkamasining “Aholini ijtimoiy muhofaza qilish tizimini idoralararo elektron oʻzaro hamkorlikni qoʻllagan holda takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 13-apreldagi 308-son qaroriga muvofiq, respublikada “Ijtimoiy himoya yagona reyestri” axborot tizimini joriy etish boshlangan boʻlib, ushbu tizimning asosiy maqsadi aholiga davlat tomonidan ijtimoiy xizmatlar koʻrsatish va yordam berish bilan bogʻliq tartib-taomillarni avtomatlashtirish hamda ushbu sohada aholiga davlat xizmatlari koʻrsatishni yanada soddalashtirish belgilanganligi;

b) Vazirlar Mahkamasining “Elektr energetika tarmogʻida tarif siyosatini takomillashtirishga doir qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 13-apreldagi 310-son qarori bilan tasdiqlangan 2030-yilgacha boʻlgan davrda Oʻzbekiston Respublikasi elektr energetika tarmogʻidagi tarif siyosatining asosiy yoʻnalishlariga muvofiq:

tariflarni belgilashda takroriy subsidiyalash amaliyotini bosqichma-bosqich bekor qilish va Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi hamda Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan tartibga muvofiq manzilli subsidiyalar berish orqali aholining kam taʼminlangan va himoyaga muhtoj qatlamlarini ijtimoiy himoya qilishni taʼminlash;

barcha guruhlardagi isteʼmolchilarda elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimini toʻliq joriy etgandan keyin tabaqalashtirilgan tarifni joriy etish hamda ushbu yoʻnalishlarni amalga oshirishning asosiy prinsiplaridan biri sifatida aholining kam taʼminlangan va himoyaga muhtoj qatlamlarini davlat tomonidan qoʻllab-quvvatlashda elektr energiyasining bazaviy normasini qoʻllash hamda elektr energiyasi uchun tariflar oshganda kompensatsiyalar berish yoʻli bilan taʼminlanishi belgilanganligi;

v) elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish loyihasi (keyingi oʻrinlarda — EHNATni joriy etish loyihasi) doirasida:

oʻrnatiladigan barcha elektr hisoblagich va qoʻshimcha asbob-uskunalarga xorijiy va mahalliy ekspertlar ishtirokida yagona texnik talablar ishlab chiqilganligi;

EHNATning dasturiy taʼminoti va Respublika maʼlumotlarni qayta ishlash markazi Osiyo taraqqiyot banki tomonidan ajratilgan mablagʻlar hisobidan “KT Corporation” (Janubiy Koreya) kompaniyasi tomonidan yaratilganligi va mavjud billing dasturi bilan bogʻlanganligi, respublikada oʻrnatilayotgan barcha elektr hisoblagichlar ushbu dasturlar tomonidan boshqarilishi;

g) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Elektr energetikasi tarmogʻini jadal rivojlantirish va moliyaviy barqarorligini taʼminlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 23-oktabrdagi PQ-3981-son qaroriga muvofiq eng maqbul takliflar asosida “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ tomonidan mahalliy ishlab chiqaruvchilar — “Toshelectroapparat” MChJ va “Elektron Xisoblagich” MChJdan 2,1 mln dona elektr hisoblagichlar va qoʻshimcha asbob-uskunalar xarid qilinib, mamlakatimizning barcha hududlarida EHNATni joriy etish loyihasiga muvofiq bosqichma-bosqich oʻrnatilayotganligi;

d) Osiyo taraqqiyot banki tomonidan ajratilgan mablagʻlar hisobidan Buxoro, Jizzax va Samarqand viloyatlarida EHNATni joriy etish loyihasi doirasida 1,3 mln dona elektron hisoblagichlar oʻrnatilganligi;

e) loyihaning texnik-iqtisodiy asoslari “Oʻzinjiniring” RLI tomonidan ishlab chiqilganligi, shu bilan birga bugungi kun talablaridan kelib chiqqan holda qayta koʻrib chiqilishi lozimligi;

j) “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ tomonidan yetkazib berilayotgan elektr hisoblagich va qoʻshimcha asbob-uskunalar uchun toʻlovlar oʻz vaqtida va toʻliq amalga oshirilmay qolganligi natijasida “Toshelectroapparat” MChJ oldida 323,3 mlrd.soʻm va “Elektron Xisoblagich” MChJ oldida 313,6 mlrd.soʻm miqdorida kreditor qarzdorlik yuzaga kelganligi;

z) Osiyo taraqqiyot banki va Fransiya taraqqiyot agentligi tomonidan elektr energetika sohasidagi islohotlar asosida Oʻzbekiston Respublikasiga budjetni qoʻllab-quvvatlash uchun, mos ravishda 200 mln AQSh dollari hamda 150 mln Yevro miqdorida kredit (Policy Based Loan) ajratilayotganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. EHNATni joriy etish loyihasining asosiy maqsad va vazifalari etib quyidagilar belgilansin:

respublika boʻyicha barcha elektr energiyasi isteʼmolchilari tomonidan isteʼmol qilinadigan elektr energiyasini toʻliq hisobga olishning hamda elektr energiyasining texnologik sarf meʼyorlarini belgilashning shaffof tizimini oʻrnatish;

toʻlovni belgilangan muddatlarda toʻliq amalga oshirmagan isteʼmolchilarga elektr energiyasini yetkazib berishni toʻxtatish hamda elektr tarmoqlariga noqonuniy ulangan isteʼmolchilarni aniqlash;

isteʼmolchilar guruhlari kesimida yillik, oylik va kunlik isteʼmol qilish “xulq-atvori”ni (consumer behaviour) tahlil qilib borish va ushbu tahlillar natijasida respublika energiya tizimining ishlash rejimini eng samarador tarzda shakllantirish;

elektr energiyasining tabaqalashtirilgan tariflarini qoʻllash uchun zarur boʻlgan aniq maʼlumotlar bilan taʼminlash;

elektr tarmoqlarining ishlash rejimlaridagi nuqsonlarni, shu jumladan elektr energiyasining texnologik sarfining meʼyordan ortib ketish holatlarini aniqlash.

3. EHNATni joriy etish loyihasining:

dastlabki moliyaviy parametrlari 1-ilovaga muvofiq;

moliyalashtirilishi uchun ajratiladigan mablagʻlar miqdori 2-ilovaga muvofiq;

rejalashtirilgan chora-tadbirlarini amalga oshirish grafigi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

4. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning mavjud billing tizimi oʻrniga EHNATni joriy etish loyihasi doirasida eng zamonaviy tamoyillar asosida elektr energiyasi hisobini yuritish, tahlil va prognoz qilishning kompleks dasturiy taʼminotini yaratish haqidagi taklifi maʼqullansin.

Ushbu kompleks dasturiy taʼminotini yaratish uchun yetakchi xorijiy va mahalliy dasturiy taʼminot ishlab chiqaruvchi kompaniyalar oʻrtasida tanlov savdolari asosida shartnoma tuzilishiga ruxsat berilsin.

5. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJga EHNATni joriy etish loyihasi muvoffaqiyatli yakunlanishi uchun Buxoro, Jizzax va Samarqand viloyatlarida EHNATni joriy etish loyihasini birinchi bosqichi doirasida jalb etilgan “CESI S.P.A / AF Mercados Energy Markets International S.A / Sharifa.com” (Italiya / Ispaniya / Oʻzbekiston) konsalting kompaniyalarining konsorsiumi bilan oʻrnatilgan tartibda qoʻshimcha bitim tuzish tavsiya etilsin.

6. EHNATni joriy etish loyihasini amalga oshirishni jadallashtirish maqsadida Osiyo taraqqiyot banki va Fransiya taraqqiyot agentligi tomonidan ajratilayotgan kreditlar kelib tushishini inobatga olib:

a) Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi, Moliya vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi oʻn kun muddatda Osiyo taraqqiyot banki va Fransiya taraqqiyot agentligi bilan elektr energetika sohasidagi “islohotlar matritsasi”ni kelishib, ijrosi boʻyicha “yoʻl xaritasi”ni tasdiqlasin;

b) Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi mazkur qarorning 6-bandi “a” kichik bandi boʻyicha “yoʻl xaritasi” tasdiqlangach, uch kun muddatda “Oʻzsanoatqurilishbank” ATBga EHNATni joriy etish loyihasini moliyalashtirish harajatlari Osiyo taraqqiyot banki va Fransiya taraqqiyot agentligi tomonidan elektr energetika sohasidagi islohotlar asosida budjetni qoʻllab-quvvatlash (Policy Based Loan) uchun ajratilishi rejalashtirilgan kreditlar hisobidan qoplanishini tasdiqlovchi xatni taqdim etsin;

v) “Oʻzsanoatqurilishbank” ATBga oʻn kun muddatda xorijiy kredit liniyalari hisobidan bir yil muddatga olti oylik imtiyozli toʻlov (foiz toʻlovlari bilan) davri bilan yillik yetti foiz ustama toʻlash sharti asosida “Hududiy elektr tarmoqlari” AJga EHNATni joriy etish loyihasini moliyalashtirishga 30 mln Yevro miqdorida kredit ajratish tavsiya etilsin;

Bunda, kredit taʼminoti sifatida Osiyo taraqqiyot banki va Fransiya taraqqiyot agentligi tomonidan elektr energetika sohasidagi islohotlar asosida budjetni qoʻllab-quvvatlash uchun ajratilayotgan kreditlarning EHNATni joriy etish loyihasiga yoʻnaltiriladigan miqdori belgilansin;

g) Osiyo taraqqiyot banki va Fransiya taraqqiyot agentligining krediti ajratilguniga qadar “Oʻzsanoatqurilishbank” ATBning krediti boʻyicha barcha toʻlovlar “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning 2020-yilga moʻljallangan investitsiya dasturi doirasida moliyalashtiriladigan loyihalarga yoʻnaltiriladigan oʻz mablagʻlari hisobidan amalga oshirilishiga ruxsat berilsin;

d) “Oʻzsanoatqurilishbank” ATB tomonidan ajratiladigan kredit teng miqdorlarda mahalliy ishlab chiqaruvchilar — “Toshelectroapparat” MChJ va “Elektron Xisoblagich” MChJdan yangi xarid qilinadigan elektron hisoblagichlar va ularga zarur boʻlgan qoʻshimcha asbob-uskunalarni moliyalashtirishga oʻrnatilgan tartibda yoʻnaltirilishi belgilab qoʻyilsin;

e) Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Osiyo taraqqiyot banki va Fransiya taraqqiyot agentligi tomonidan elektr energetika sohasidagi islohotlar asosida budjetni qoʻllab-quvvatlash (Policy Based Loan) uchun ajratiladigan kreditlar hisobidan “Hududiy elektr tarmoqlari” AJga EHNATni joriy etish loyihasini moliyalashtirishdagi haqiqiy harajatlarni qoplash uchun yetarli, lekin 250 mln AQSh dollaridan oshmagan miqdorda, oʻn besh yil muddatga uch yillik imtiyozli davri bilan olti oylik SOFR + 1,25 foiz (bunda 0,75 foiz Moliya vazirligi ustamasi) toʻlash sharti bilan kredit ajratsin.

Bunda, 0,5 foiz miqdoridagi majburiyat uchun vositachilik haqi va kreditning jami miqdoridan 0,5 foizlik bir martalik toʻlovlar nazarda tutilsin.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi Osiyo taraqqiyot banki va Fransiya taraqqiyot agentligi tomonidan elektr energetika sohasidagi islohotlar asosida budjetni qoʻllab-quvvatlash uchun ajratilayotgan mos ravishda, 200 mln AQSh dollari hamda 150 mln Yevro miqdorida kreditlarni Oʻzbekiston Respublikasi nomidan yoki kafolati ostida tashqi qarzni jalb etish boʻyicha 2020-yilda yangi imzolanadigan dastur va loyihalar roʻyhatiga kiritsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi, Moliya vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi oʻn besh kun muddatda:

“Hududiy elektr tarmoqlari” AJning “Toshelectroapparat” MChJ va “Elektron Xisoblagich” MChJ oldidagi kreditor qarzdorliklarini toʻlab berishning moliyaviy manbalari;

“Hududiy elektr tarmoqlari” AJning 2020-yil uchun tasdiqlangan investitsion dasturini maqbullashtirish va moliyalashtirish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

9. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Oʻzinjiniring” RLI ikki oy muddatda ushbu qarorda keltirilgan moliyalashtirish shartlari asosida EHNATning texnik-iqtisodiy asoslarini qayta ishlab chiqib, tasdiqlash uchun oʻrnatilgan tartibda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

Texnik-iqtisodiy asoslarni qayta ishlab chiqish uchun texnik topshiriq Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi, Moliya vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirliklari bilan kelishilgan holda tasdiqlanishi taʼminlansin.

10. EHNATni joriy etish loyihasining muvoffaqiyatli yakunlanishi, kelgusida tizimning barqaror ishlashi va jalb etilgan kreditlarning vaqtida va toʻliq qaytarilishi boʻyicha “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ rahbarlarining masʼuliyati belgilab qoʻyilsin.

11. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi bilan birgalikda oʻn kun muddatda Buxoro, Jizzax va Samarqand viloyatlarida EHNATni joriy etish loyihasini birinchi bosqichi doirasida “KT Corporation” (Janubiy Koreya) kompaniyasi bilan tuzilgan qarz shartnoma shartlariga koʻra, loyihani toʻliq amalga oshirgandan soʻng, uning kafolat sinovi va muddatlaridan keyin qolgan qismi uchun toʻlovlar amalga oshirilishini inobatga olgan holda 2012-yil 8-noyabrdagi 2779-UZB-son qarz bitimi muddatini uzaytirish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga taklif kiritsin.

12. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi energetika vaziri A.S. Sultanov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 27-apreldagi 260-son qaroriga 1-ILOVA

Elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish loyihasining dastlabki moliyaviy parametrlari

ming AQSh doll. T/r Xarajatlar turi Xarajatlar miqdori Jami 552 000 1. Hisoblagichlar va boshqa asbob-uskunalar 465 000 2. Maʼlumotlarni qayta ishlash markazi (bino, asbob-uskunalar, dasturiy taʼminot va boshqalar) 34 000 3. Elektr energiyasi hisobini yuritish, tahlil va prognoz qilishning kompleks dasturiy taʼminoti (yagona billing tizimi) 15 000 4. Xorijiy konsultantlar va yagona integratorning xizmat haqi 13 000 5. Qolgan xarajatlar (ish haqi, materiallar, transport xarajatlari va boshqalar) 15 000 6. Koʻzda tutilmagan xarajatlar 10 000

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 27-apreldagi 260-son qaroriga 2-ILOVA

Elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish loyihasining moliyalashtirilishi uchun ajratiladigan mablagʻlar miqdori

ming AQSh doll. T/r Moliyalashtirish manbasi Umumiy miqdori Sarflangan miqdori Ajratiladigan miqdori Jami 552 000 136 377 415 623 1. Osiyo taraqqiyot bankining kredit mablagʻlari (2779-UZB) 150 000 96 846 53 154 2. Osiyo taraqqiyot banki va Fransiya taraqqiyot agentligi mablagʻlari (elektr energetika sohasidagi islohotlar asosida budjetni qoʻllab-quvvatlash uchun ajratilayotgan kredit mablagʻlarining elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish loyihasiga yoʻnaltiriladigan miqdori) 250 000 — 250 000 3. Majburiy ijro byurosini rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlari 52 800 35 300 17 500 4. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJning oʻz mablagʻlari 99 200 4 231 94 969

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 27-apreldagi 260-son qaroriga 3-ILOVA

Elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimini joriy etish loyihasining rejalashtirilgan chora-tadbirlarini amalga oshirish

T/r Chora-tadbirlar Amalga oshirish muddati 1. Maʼlumotlarni qayta ishlash markazini ishga tushirish 2020-yil 30 may 2. Elektr hisoblagichlar va qoʻshimcha asbob-uskunalarni xarid qilish uchun moliyalashtirishni ochish 2020-yil 30-may 3. Yangi billing tizimini ishlab chiqaruvchisini aniqlash (tanlovni yakunlash) 2020-yil 25-noyabr 4. Elektr hisoblagichlar va qoʻshimcha asbob-uskunalarni oʻrnatish ishlarini yakunlash 2021-yil 1 iyul 5. Oʻrnatilgan elektr hisoblagichlarni elektr energiyasini hisobga olish va nazorat qilishning avtomatlashtirilgan tizimiga ulash ishlarini yakunlash 2021-yil 20 sentyabr 6. Yangi billing tizimini ishga tushirish 2022-yil 30-may

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 27-aprel,

260-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 28.04.2020-y., 09/20/260/0511-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.12.2023-y., 07/23/422/0994-son)

lex.uz