UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 15-fevral · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 15 февраль · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 15 февраля 2020 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 15 February 2020 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг

Қарори

ҚОИДАЛАРИ

ҲИСОБОТ

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларнинг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги ҳамда « Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларнинг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 15 февралдаги 13/3-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларнинг чиқарилиши ва муомалада бўлиши

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларнинг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидаларини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

айирбошлаш операцияси — бир электрон пуллар эмитенти (бундан буён матнда эмитент деб юритилади) томонидан чиқарилган электрон пулларни бошқа эмитент томонидан чиқарилган электрон пулларга алмаштириш операцияси;

бир эмитентли электрон пуллар тизими — бир эмитент томонидан электрон пулларнинг чиқарилишини ва уларнинг электрон пуллар тизимида муомалада бўлишини таъминловчи электрон пуллар тизими;

кўп эмитентли электрон пуллар тизими — икки ва ундан ортиқ эмитентлар томонидан электрон пулларнинг чиқарилишини ва уларнинг ягона электрон пуллар тизимида муомалада бўлишини таъминловчи электрон пуллар тизими;

олдиндан тўланган карта (prepaid card) — персоналлаштирилмаган тўлов воситаси бўлиб, банк ҳисобварағига боғланмаган ҳолда олдиндан кирим қилинган электрон пул маблағларидан фойдаланиш имконини берувчи карта;

хавфсизлик тартиб-таомили — электрон пуллар эгасининг электрон ҳамёнга кириш ва электрон пуллар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқларини белгилашга мўлжалланган хавфсизлик ва ахборотни ҳимоя қилишни таъминловчи дастурий-техник воситалар ва чора-тадбирлар мажмуаси;

электрон пуллар тизимининг агентлари — эмитент ёки электрон пуллар тизимининг оператори (бундан буён матнда оператор деб юритилади) билан тузилган шартнома асосида электрон пулларни олиш ва жисмоний шахсларга реализация қилиш операцияларини амалга оширувчи банклар ёки тўлов агентлари;

электрон пуллар тизимининг ишлаш қоидалари (бундан буён матнда электрон пуллар тизимининг қоидалари деб юритилади) — электрон пулларни чиқариш, реализация қилиш, сотиб олиш, қоплаш, шунингдек электрон пуллардан фойдаланган ҳолда электрон пуллар тизимида операцияларни амалга оширишни назарда тутадиган ва оператор томонидан белгиланадиган тартиб-таомиллари;

электрон пуллар эгасининг шахсий кабинети — электрон пуллар эгасининг электрон пуллар тизимининг интернет ресурсидаги шахсий бўлими;

электрон пулларни қоплаш — эмитент томонидан ўзи чиқарган, электрон пуллар эгаси тақдим этган электрон пулларни уларнинг номинал қийматига тенг пул маблағлари суммасига алмаштириш операциясининг амалга оширилишини назарда тутувчи тўлов хизмати;

электрон пулларнинг чиқарилишини тугатиш — эмитент томонидан электрон пулларни чиқариш бўйича тўлов хизматларини кўрсатиш фаолиятининг тугатилиши;

электрон ҳамён — электрон пуллар тизимининг дастурий таъминоти, микропроцессор (чип), электрон пуллар сақланадиган ва улардан фойдаланиш имконини берадиган дастурий-техник қурилмаси;

электрон ҳамённи блоклаш — электрон ҳамёнга киришни ва электрон пуллардан фойдаланишни тақиқлаш;

эмитент — Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ва банклар электрон пулларнинг эмитентидир.

2-боб. Электрон пуллар тизимининг фаолиятини ташкил этиш

2. Эмитент, оператор, электрон пуллар тизимининг агенти, электрон пуллар эгаси, шунингдек эмитент билан шартнома тузган банклар, тўлов ташкилотлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахслар электрон пуллар тизимининг субъектлари ҳисобланади.

3. Электрон пуллар тизимининг ишлашини таъминлайдиган банк ва (ёки) тегишли лицензияга эга бўлган тўлов ташкилоти оператор ҳисобланади.

4. Эмитент ёки эмитент бўлмаган бошқа банк оператор билан тузилган шартнома асосида электрон пуллар тизимининг ҳисоб-китоб банки (бундан буён матнда ҳисоб-китоб банки деб юритилади) бўлиши мумкин.

5. Эмитент электрон пулларни чиқариш ва реализация қилиш бўйича фаолиятни бошлаши тўғрисида Марказий банкка мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда хабарнома юборади.

Хабарномада операторнинг (товар белгисининг) номланиши ва операторга берилган лицензия рақами, эмитент, операторнинг ҳисоб-китоб банки ва электрон пуллар тизими агентлари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

6. Эмитент Марказий банкка хабарнома билан биргаликда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

эмитент оператор бўлмаган ҳолларда ва унга электрон пуллар тизимининг товар белгиси тегишли бўлмаган тақдирда эмитентнинг электрон пуллар тизимидаги ўрнини тасдиқловчи ҳужжатларни (оператор билан тузилган шартнома);

электрон пуллар тизими субъектлари билан тузиладиган шартномалар намуналарини.

7. Марказий банк томонидан хабарнома олинганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилади ҳамда Марказий банкнинг расмий веб-сайтида юритиладиган Электрон пуллар тизими реестрига электрон пуллар чиқарилишининг бошланғич санаси ҳақида тегишли маълумот киритилади.

Эмитент Марказий банк бўлган тақдирда ўзининг электрон пулларни чиқариш ва реализация қилиш бўйича фаолиятини бошлаши ҳақида камида ўттиз кун олдин расмий веб-сайтида эълон беради ва Электрон пуллар тизими реестрига электрон пуллар чиқарилишининг бошланғич санаси ҳақида тегишли маълумот киритилади.

8. Эмитент ва оператор электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартнома шартларига мувофиқ, электрон пулларга рухсатсиз эга бўлиш ва (ёки) улардан рухсатсиз фойдаланиш, шунингдек электрон пуллар эмитентининг дастурий таъминоти ишидаги ёхуд электрон пуллар тизимининг фаолият кўрсатишидаги хатолар ёки узилишлар оқибатида электрон пуллар эгасига етказилган зарар бўйича электрон пулларнинг эгаси олдида жавобгар бўлади.

9. Оператор эмитент билан тузилган шартномага мувофиқ электрон пуллар тизимининг қоидаларини белгилайди. Кўп эмитентли электрон пуллар тизимида электрон пуллар тизимининг қоидалари ҳар бир эмитент билан келишилган бўлиши лозим. Бунда оператор электрон пуллар тизимининг қоидаларини Марказий банкка тақдим қилади.

10. Оператор электрон пуллар тизимида транзакцияларни электрон пуллар тизими қоидаларига мувофиқ амалга оширилишини таъминлайди.

11. Оператор қуйидаги ҳолларда эмитент(лар) номидан электрон пуллар тизимининг бошқа субъектлари билан шартномалар тузишга ҳақли:

бир эмитентли электрон пуллар тизимида — эмитент ва оператор ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган ҳолларда;

кўп эмитентли электрон пуллар тизимида — оператор билан ҳар бир эмитент ўртасида тузилган шартномаларда назарда тутилган ҳолларда.

Бунда, оператор электрон пуллар билан боғлиқ операцияларни ҳар бир эмитент бўйича электрон пуллар ҳисобининг алоҳида юритилишини таъминлайди.

3-боб. Электрон пулларни чиқариш ва реализация қилиш

12. Электрон пулларнинг чиқарилиши эмитент томонидан жисмоний шахс ёки электрон пуллар тизимининг агентидан қабул қилинган пул маблағлари доирасида, электрон пуллар тизими қоидалари ҳамда электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномага мувофиқ амалга оширилади.

13. Электрон пулларнинг ҳисоби эмитент томонидан ҳисоб-китоб банкида очиладиган махсус депозит ҳисобварағида юритилади. Махсус депозит ҳисобварағидан фақат электрон пулларни чиқаришда пул маблағларини кирим қилиш ва уларни қоплашда пул маблағларини ҳисобдан чиқариш бўйича операцияларни амалга ошириш учун фойдаланилади. Мазкур ҳисобварақдаги қолдиқ маблағ тегишли электрон пуллар тизимида чиқарилган барча электрон пуллар бўйича мажбуриятларнинг йиғиндисига тенг бўлиши шарт.

14. Электрон пулларни жисмоний шахсларга реализация қилиш ёки электрон пулларни жисмоний шахслардан сотиб олиш эмитент ёки оператор билан тузилган шартнома асосида электрон пуллар тизимининг агенти томонидан амалга оширилади, ушбу шартномада тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, электрон пулларни реализация қилиш ҳамда сотиб олиш тартиби ва шартлари белгиланади.

15. Эмитент ёки оператор электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартнома тузилгунига қадар электрон пуллар тизимида иштирок этадиган жисмоний шахсга:

эмитентнинг ва операторнинг номи ҳамда жойлашган ери (почта манзили), шунингдек оператор банк ҳисобланмаган ҳолларда эса, тўлов ташкилотининг лицензияси рақами;

электрон пуллардан фойдаланиш шартлари;

электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплашда эмитент ва (ёки) оператор томонидан электрон пуллар эгасидан воситачилик ҳақини ундириш тартиби ва миқдори;

эътирозларни бериш усуллари ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида, шу жумладан эмитент ёки оператор билан боғланиш учун ахборот тақдим этиши шарт.

16. Электрон пулларни жисмоний шахсга ва электрон пуллар тизимининг агентига реализация қилиш электрон пуллар тизими томонидан ҳар бир электрон пуллар эгаси учун шакллантириладиган электрон ҳамёнга эмитентдан сотиб олинган электрон пулларни кирим қилиш йўли билан амалга оширилади.

17. Эмитент ёки оператор билан тузилган шартнома асосида электрон пуллар тизимининг агенти электрон пуллар тизимида электрон ҳамёнга эга бўлган жисмоний шахсларга электрон пулларни реализация қилиш ёки уларни қоплаш мақсадида электрон пулларни номинал қиймати бўйича электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахсдан сотиб олиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эмитент томонидан чиқариладиган электрон пуллар фақат миллий валютада номиналлаштирилган бўлиши шарт.

18. Эмитент томонидан электрон пулларнинг чиқаришда электрон пулларнинг эгасига электрон пулларни реализация қилинганлиги ва электрон пулларнинг эгаси электрон пулларни сотиб олганлигини тасдиқловчи квитанция ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжат (бундан буён матнда квитанция деб юритилади) қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этилади.

19. Квитанция қуйидаги реквизитларга эга бўлиши шарт:

эмитент ва операторнинг номи;

операциянинг амалга оширилган санаси (кун, ой ва йил) ҳамда вақти (соат, минут ва сония);

операциянинг тартиб рақами;

чиқарилган электрон пуллар суммаси;

электрон пуллар эгасига тегишли бўлган электрон ҳамённинг идентификация коди;

ундириладиган воситачилик ҳақи миқдори (агар электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномада белгиланган бўлса).

Квитанцияга эмитент томонидан қўшимча реквизитлар киритилиши мумкин.

20. Электрон пуллар тизимининг агенти томонидан электрон пулларни реализация қилишда жисмоний шахсга ушбу пулларнинг реализация қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этилади.

Ушбу ҳужжат қуйидаги реквизитларга эга бўлиши шарт:

агент, эмитент ва операторнинг номи;

операциянинг амалга оширилган санаси (кун, ой ва йил) ҳамда вақти (соат, минут ва сония);

амалга оширилган операциянинг тартиб рақами;

реализация қилинган электрон пуллар суммаси;

электрон пуллар эгасига тегишли электрон ҳамённинг идентификация коди;

ундириладиган воситачилик ҳақи миқдори (агар электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномада белгиланган бўлса).

Мазкур ҳужжатга эмитент ёки оператор томонидан қўшимча реквизитлар киритилиши мумкин.

21. Электрон пуллар тизимининг агенти томонидан электрон пулларни сотиб олиш ва реализация қилиш, шунингдек электрон пулларни реализация қилишда жисмоний шахслардан қабул қилинган пул маблағлари ҳисобини юритиш тартиби ва шартлари агент ҳамда эмитент ёки оператор ўртасида тузилган шартномада кўрсатилади.

4-боб. Электрон пуллардан фойдаланиш

22. Электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс электрон пуллардан тўловларни ва электрон пуллар тизимининг қоидаларида белгиланган ҳамда қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган шартлар асосида эгасидан электрон пулларни электрон пуллар тизимининг бошқа иштирокчисига ўтказиш орқали бошқа операцияларни амалга ошириш мақсадида фойдаланади.

23. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўловларни тўлашда фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган электрон пуллар қабул қилиниши мумкин.

24. Якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахслар томонидан электрон пулларни битимларни амалга оширишда тўлов сифатида қабул қилиш эмитент ёхуд электрон пуллар тизимининг иштирокчиси бўлган бошқа банк билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади.

25. Электрон пулларнинг эгаси томонидан электрон пуллардан фойдаланиш электрон пуллар тизимининг қоидалари ҳамда электрон пулларнинг эгаси ва эмитент ёки оператор ўртасида тузилган электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномага мувофиқ амалга оширилади.

26. Электрон пуллардан фойдаланган ҳолда операцияларни амалга ошириш шартлари электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномада белгиланади.

27. Электрон пуллар тизимида битимлар бўйича тўловлар, электрон пуллар тизими қоидаларига мувофиқ бир электрон пуллар эгасининг электрон ҳамёнидан бошқа электрон пуллар эгасининг электрон ҳамёнига электрон пулларни ўтказиш орқали амалга оширилади.

28. Электрон пуллар электрон пуллар тизимида ҳар бир электрон пуллар эгасига электрон пуллар тизимининг қоидалари, электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартнома ҳамда эмитент ва оператор ўртасида тузилган шартномага мувофиқ электрон ҳамён шакллантирилади ёки олдиндан тўланган карта (prepaid card) кўринишида эмитент, оператор ёки электрон пуллар тизимининг агенти томонидан берилади.

29. Ҳар бир электрон ҳамёнга электрон пуллар тизими томонидан яратиладиган ва тизимда биринчи марта рўйхатдан ўтиш чоғида бериладиган ноёб идентификация рақами бириктирилади. Электрон ҳамён эгаси электрон ҳамённинг идентификация рақами бўйича аутентификация ўтказилгандан сўнг электрон ҳамёнга кириш ва электрон пуллар билан операцияларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади.

30. Оператор электрон пуллар тизимининг интернет ресурсидаги электрон пуллар эгасининг шахсий кабинети орқали аутентификация ўтказилганидан сўнг, унинг электрон ҳамёнга киришини таъминлайди.

Электрон пуллар эгасининг шахсий кабинети орқали кўрсатиладиган тўлов хизматлари рўйхати ва уларни кўрсатиш тартиби электрон пуллар тизими қоидалари ҳамда электрон пуллар эгаси ва эмитент ёки оператор ўртасида тузилган шартномага мувофиқ белгиланади.

31. Оператор электрон пулларни айирбошлаш операцияларини турли электрон пуллар тизимлари ҳамда кўп эмитентли электрон пуллар тизими доирасида амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан чиқарилган чет эл валютасида номиналлаштирилган электрон пулларни айирбошлаш операциялари эмитент томонидан Ўзбекистон Республикаси норезиденти билан шартномаси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

32. Электрон пуллардан мазкур электрон пуллар тизимининг субъекти бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслардан товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш учун фойдаланиш мумкин.

33. Эмитент ёки оператор томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахсларга махсус электрон ҳамёнлар шакллантирилади. Мазкур ҳамёнларга электрон пуллар фақат реализация қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар учун кейинчалик банк ҳисобварақларига уларнинг номинал қийматига тенг бўлган пул маблағлари суммасини ўтказиш мақсадида қабул қилинади. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахсларнинг махсус электрон ҳамёнларидаги электрон пуллар мазкур электрон пуллар тизимида қайта реализация қилинишига йўл қўйилмайди.

34. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг электрон пулларини қоплаш тартиби ва муддатлари эмитент билан якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахслар ўртасида тузилган шартномада белгиланади. Агар эмитент ва якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахс ўртасида тузилган шартномада бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, эмитент якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахс томонидан жисмоний шахслардан битим бўйича тўлов амалга оширилган вақтда олинган электрон пулларни қоплашни электрон пуллар келиб тушган кун давомида амалга оширади.

35. Электрон пуллар тизимида амалга оширилган ҳар қандай операция бўйича чек ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжат (бундан буён матнда тасдиқловчи ҳужжат деб юритилади) электрон пуллар эгасининг мобил алоқа воситаларига SMS-хабар ва (ёки) электрон почта манзилига хабар тарзида юборилиши шарт.

Тасдиқловчи ҳужжат қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

электрон ҳамённинг идентификация коди;

тўловни идентификацияловчи транзакция коди;

якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахснинг номи ва СТИРи;

тасдиқловчи ҳужжат рақами;

тўлов суммаси;

операциянинг амалга оширилган санаси (кун, ой ва йил) ҳамда вақти (соат, минут ва сония).

Тасдиқловчи ҳужжатда бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

36. Оператор электрон пуллар билан операциялар амалга оширилишида идентификация қилинган электрон пуллар эгасининг аниқланишини ва идентификация қилинмаган электрон пуллар эгасининг электрон ҳамёнидаги зарурий реквизитларини аниқланишини таъминлайди.

37. Ўзбекистон Республикасининг «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ оператор электрон пуллар тизимида амалга ошириладиган операцияларнинг энг кўп суммасига доир қуйидаги талаблар ўрнатилишини таъминлайди:

идентификация қилинган электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс томонидан амалга ошириладиган битта операциянинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараварига тенг бўлган суммадан ошмаслигини;

идентификация қилинмаган электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахснинг битта электрон ҳамёнида (қурилмасида) сақланадиган электрон пулларнинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараварига тенг бўлган суммадан ошмаслигини;

идентификация қилинмаган электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс томонидан амалга ошириладиган битта операциянинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлган суммадан ошмаслигини.

38. Электрон пуллар эгасининг сўровига кўра оператор унга электрон ҳамёндан фойдаланган ҳолда амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган электрон кўчирмани тақдим этади.

39. Электрон пуллар тизимида электрон ҳамён қуйидаги ҳолларда оператор ёки эмитент томонидан блокланади:

йўқолганлиги, ўғирланганлиги ёки электрон ҳамёндан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида электрон пуллар эгасидан хабарнома олинганда;

электрон пуллар эгаси томонидан электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилганда;

шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Электрон ҳамённи блоклашга сабаб бўлган омиллар тўлиқ бартараф этилгандан кейин электрон ҳамён фойдаланиш учун қайта тикланади (актив ҳолатга ўтказилади).

40. Оператор эмитентга электрон пуллар эгаси томонидан амалга оширилган операциялар ва транзакциялар ҳақидаги маълумотларни онлайн режимида олиш имкониятини таъминлайди.

41. Электрон ҳамён блокланган ҳолларда эмитент ҳамда оператор электрон пуллар эгасининг электрон ҳамёни блокланган вақтгача юзага келган мажбуриятларнинг тўлиқ ижро этилишини таъминлаши шарт.

42. Оператор бошқа электрон пуллар тизими оператори билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаши мумкин, агар бундай ҳамкорлик тартиби электрон пуллар тизими қоидаларида акс эттирилган бўлса.

5-боб. Электрон пулларни қоплаш

43. Эмитент электрон пуллар эгаси томонидан тақдим қилинган электрон пулларни электрон пуллар тизими қоидалари ҳамда эмитент ва электрон пуллар эгаси ўртасида тузилган электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномага мувофиқ нақд пулга алмаштириш ёки нақд пулсиз маблағларни электрон пуллар эгасининг банк ҳисобварағига кирим қилиш орқали қоплайди.

44. Эмитент электрон пуллар эгаси томонидан электрон пулларни қоплаш учун тақдим қилинган электрон пулларнинг муомаладан чиқарилишини таъминлайди.

45. Эмитент томонидан электрон пуллар қуйидаги ҳолларда қопланган ҳисобланади:

электрон пуллар эгаси — жисмоний шахснинг банк ҳисобварағига тегишли сумма кирим қилинган ёки унга нақд пул маблағи берилган пайтдан бошлаб;

электрон пуллар эгаси — якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахснинг банк ҳисобварағига тегишли маблағ кирим қилинган пайтдан бошлаб.

Эмитент томонидан электрон пулларни қоплаш операцияси амалга оширилганлиги тўғрисида электрон пуллар эгасига қоғоз ёки электрон шаклда квитанция берилади.

46. Эмитент электрон пулларни чиқариш бўйича фаолиятини тугатадиган тақдирда, камида ўттиз кун олдин Марказий банкка мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда хабарнома юборади ва бу ҳақида ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

Эмитент Марказий банк бўлган тақдирда, электрон пулларни чиқариш бўйича фаолиятини тугатишидан камида ўттиз кун олдин бу ҳақида ўзининг расмий веб-сайтида эълон бериши шарт.

47. Электрон пуллар тизимида эмитент электрон пулларни чиқариш бўйича фаолиятини тугатишидан камида ўттиз кун олдин электрон пуллар эгаларини ва электрон пуллар тизимининг бошқа субъектларини оммавий ахборот воситалари, шунингдек электрон воситалар орқали мазкур фаолиятни тугатаётганлиги ҳақида хабардор қилади. Бунда ушбу хабар бир неча бор такрорланиши мумкин ва электрон пулларни қоплаш муддатини ўз ичига олиши керак.

48. Электрон пулларни чиқариш фаолиятини тугатиш бўйича эмитент томонидан белгиланган муддат якунлангандан сўнг, электрон пуллар эгаси томонидан электрон пулларни қоплаш бўйича мурожаат қилинмаган тақдирда, уларнинг электрон ҳамёнидаги электрон пуллари эмитент томонидан мажбурий равишда қопланади. Бунда эмитент томонидан:

якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахсларнинг электрон пуллари — уларнинг банк ҳисобварақларига электрон ҳамёнидаги қолдиқ суммани тўлиқ ўтказиб бериш;

идентификация қилинган электрон пуллар эгаси бўлган жисмоний шахснинг электрон пуллари — банк ҳисобварағига электрон ҳамёнидаги қолдиқ суммани тўлиқ ўтказиб бериш;

идентификация қилинмаган электрон пуллар эгаси бўлган жисмоний шахснинг электрон пуллари — электрон ҳамёнидаги қолдиқ суммани эмитентнинг жисмоний шахс талаб қилгунига қадар сақланадиган махсус ҳисобварағига тўлиқ кирим қилиш орқали қопланади.

49. Электрон пулларни қоплаш бўйича мурожаат қилмаган жисмоний шахсларнинг электрон пуллари эмитент томонидан мажбурий равишда қопланганидан сўнг:

идентификация қилинган электрон пуллар эгаси ҳисобланган жисмоний шахслар — шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим қилиш;

идентификация қилинмаган электрон пуллар эгаси ҳисобланган жисмоний шахслар — эмитент томонидан электрон почта манзилларига ёки мобил алоқа воситаларига олдиндан юборилган кодли маълумотни тақдим этиш орқали пул маблағларини олишлари мумкин.

Бунда, эмитент жисмоний шахсларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжати асосида пул маблағларини олувчилар рўйхатини юритади.

50. Электрон пулларни қоплаш учун белгиланган муддат якунланганидан кейин, эмитент уч иш куни мобайнида Марказий банкка электрон пулларни қоплаш операцияси амалга оширилган электрон пуллар ҳисобига эмитентнинг банк ҳисобварағига кирим қилинган маблағлар, электрон пуллар эгалари сони ва электрон пуллар суммалари тўғрисида тегишли маълумот тақдим этади.

51. Эмитентлар кўп эмитентли электрон пуллар тизимида электрон пулларни чиқариш фаолиятини тугатганда:

электрон пуллар тизимининг бирор-бир эмитенти билан тузилган шартнома асосида унга чиқарилган электрон пуллар бўйича мажбуриятларни топширади;

чиқарилган электрон пуллар бўйича мажбуриятни кўп эмитентли электрон пуллар тизимининг бирор-бир эмитентига топшириш тўғрисида шартнома мавжуд бўлмаса, чиқарилган электрон пуллар бўйича мажбуриятларни бажариш ва қоплаш тартиби бир эмитентли тизим учун белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

52. Фаолиятини тугатган эмитентнинг мажбуриятларини ўз зиммасига олган эмитент томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахслар, шунингдек электрон пуллар тизимининг агентига электрон пуллар тизими қоидаларига ҳамда улар ўртасида тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ бошқа талаблар қўйилиши мумкин.

6-боб. Электрон пуллар тизимида хавфсизликни таъминлаш ва рискларни бошқариш

53. Эмитент ва оператор электрон пуллар тизимида фирибгарликни ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни аниқлаш, шунингдек уларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ ташкилий ҳамда тартиб-таомилга оид чора-тадбирларни таъминлаш ва жорий этиш чораларини кўради.

54. Рухсат этилмаган тўловлардан ҳимояланиш тартиб-таомиллари электрон пуллар тизимининг қоидалари ва электрон пуллар тизими субъектлари ўртасида тузилган шартномалар билан белгиланади.

55. Электрон пуллар тизимининг дастурий-техник воситалари ва электрон ҳамёнларига рухсатсиз киришнинг олдини олиш воситалари ва чоралари, шунингдек ташкилий чоралар ахборотни етарли даражада муҳофаза қилишини таъминлаши шарт.

56. Электрон пуллар тизимида қўлланиладиган ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасининг тартиб-таомиллари, электрон пуллар муомаласининг барча босқичларида ахборотнинг узлуксиз муҳофазасини таъминлаши шарт, шу жумладан:

электрон пуллар эгасининг электрон пуллар билан операцияларни амалга ошириш учун ҳуқуқларини аниқлаш;

электрон пуллар билан операцияларни амалга оширишда аниқланган инцидентларнинг сабабларини аниқлаш;

ахборотдан рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоялаш ва ахборотнинг яхлитлигини таъминлаш.

57. Эмитент ва оператор ўртасидаги шартномага мувофиқ эмитент ёки оператор электрон пуллар эгаларининг электрон ҳамёнларидаги электрон пуллар қолдиғи ва улар томонидан амалга оширилган операцияларга доир ахборот ҳисобини юритади.

Оператор электрон ҳамёнлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган барча операцияларнинг рўйхатга олинишини, операциялар тўғрисида статистик ва ахборот тарзидаги ҳисоботларнинг шакллантирилишини ва операциялар тўғрисидаги маълумотларни улар шакллантирилган, жўнатилган ёки қабул қилинган форматида, яхлитлиги ва ўзгармаслигига амал қилган ҳолда беш йилдан кам бўлмаган муддатда сақланишини таъминлайди.

58. Электрон пуллар тизимида рискларни бошқариш қуйидагиларнинг мавжудлигига асосланган бўлиши лозим:

тизим ишининг ички назорати ва аудити тартиб-таомиллари, тизимнинг ишлаши ва транзакциялар тўғрисида маълумотларни сақлаш;

ҳар бир транзакция бўйича маълумотларни ўз вақтида қайта ишлаш, ҳисобга олиш ва ахборотни сақлаш, тизимда маълумотларни ҳимоя қилиш ва сақлашни таъминловчи ахборот тизими;

малакали ходимларнинг мавжудлиги.

7-боб. Якуний қоидалар

59. Оператор ҳар ойнинг учинчи санасидан кечиктирмай, Марказий банкка электрон пуллар тизимининг ўтган ойдаги фаолияти тўғрисида мазкур Қоидаларнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда ҳисобот тақдим қилади.

60. Ушбу Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

61. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидаларига 1-ИЛОВА

№ _______ «___» __________20___ йил.‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Ўзбекистон Республикаси ‎Марказий банки ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Электрон пулларнинг чиқарилишини бошлаш (тугатиш) тўғрисида ‎ХАБАРНОМА ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Электрон пуллар эмитенти ______________________________________________________________________‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(банк номи) ________________________________________________________________________________‎‎ ‎‎20__ йил «____» _________ дан электрон пулларнинг чиқарилишини бошлаш (тугатиш) тўғрисида хабар беради. ‎‎Электрон пуллар тизимининг номи: _______________________________________________________________ ‎‎Электрон пуллар тизими операторининг номи: ______________________________________________________ ‎____________________________________________________________________________________________ Электрон пуллар тизими ҳисоб-китоб банкининг номи: ____________________________________‎‎___________ ‎‎Электрон пуллар тизимининг агентлари: ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Т/р‎ ‎‎‎Номи Почта манзили‎‎ 1.‎ ‎‎ ‎‎ 2.‎ ‎‎ ‎‎ ...‎ ...‎‎ ...‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Хабар берувчининг ваколатли вакили ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(лавозими) ‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(Ф.И.Ш.)‎‎ ‎ ‎

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидаларига 2-ИЛОВА

Электрон пулларни чиқарилиши ва муомалада бўлиши бўйича фаолият тўғрисида

20___ йил 1 ________ ҳолатига (ой) _____________________________________________ (Электрон пуллар тизими оператор номи) Т/р Эмитент номи Электрон ҳамёнлар сони ва улардаги қолдиқ миқдори (ой бошига) Электрон пуллар тизимида ой давомида амалга оширилган операциялар Электрон ҳамёнлар сони ва улардаги қолдиқ миқдори (ой охирига) кирим чиқим Электрон ҳамёнларни тўлдириш ЯТТ/ЮШ товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўлов Электрон пулларни қоплаш Электрон пуллар эгаси — жисмоний шахс ЯТТ/ЮШ, агент сони миқдори (сўмда) сони миқдори (сўмда) сони миқдори (сўмда) Электрон пуллар эгаси — жисмоний шахс ЯТТ/ЮШ, агент сони миқдори (сўмда) сони миқдори (сўмда) сони миқдор (сўмда) сони миқдор (сўмда) 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 1. 2.

Марказий банки раиси М. НУРМУРАТОВ

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. ИКРАМОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 15 февраль,

2020 йил 30 март

3/13-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.04.2020 й., 10/20/3231/0529-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон )

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining

Qarori

QOIDALARI

HISOBOT

Oʻzbekiston Respublikasi hududida elektron pullarning chiqarilishi va muomalada boʻlishi qoidalarini tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi hamda “ Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi hududida elektron pullarning chiqarilishi va muomalada boʻlishi qoidalari ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining 2020-yil 15-fevraldagi 13/3-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi hududida elektron pullarning chiqarilishi va muomalada boʻlishi

Mazkur Qoidalar Oʻzbekiston Respublikasining “Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi hududida elektron pullarning chiqarilishi va muomalada boʻlishi qoidalarini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Qoidalarda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ayirboshlash operatsiyasi — bir elektron pullar emitenti (bundan buyon matnda emitent deb yuritiladi) tomonidan chiqarilgan elektron pullarni boshqa emitent tomonidan chiqarilgan elektron pullarga almashtirish operatsiyasi;

bir emitentli elektron pullar tizimi — bir emitent tomonidan elektron pullarning chiqarilishini va ularning elektron pullar tizimida muomalada boʻlishini taʼminlovchi elektron pullar tizimi;

koʻp emitentli elektron pullar tizimi — ikki va undan ortiq emitentlar tomonidan elektron pullarning chiqarilishini va ularning yagona elektron pullar tizimida muomalada boʻlishini taʼminlovchi elektron pullar tizimi;

oldindan toʻlangan karta (prepaid card) — personallashtirilmagan toʻlov vositasi boʻlib, bank hisobvaragʻiga bogʻlanmagan holda oldindan kirim qilingan elektron pul mablagʻlaridan foydalanish imkonini beruvchi karta;

xavfsizlik tartib-taomili — elektron pullar egasining elektron hamyonga kirish va elektron pullar bilan operatsiyalarni amalga oshirish huquqlarini belgilashga moʻljallangan xavfsizlik va axborotni himoya qilishni taʼminlovchi dasturiy-texnik vositalar va chora-tadbirlar majmuasi;

elektron pullar tizimining agentlari — emitent yoki elektron pullar tizimining operatori (bundan buyon matnda operator deb yuritiladi) bilan tuzilgan shartnoma asosida elektron pullarni olish va jismoniy shaxslarga realizatsiya qilish operatsiyalarini amalga oshiruvchi banklar yoki toʻlov agentlari;

elektron pullar tizimining ishlash qoidalari (bundan buyon matnda elektron pullar tizimining qoidalari deb yuritiladi) — elektron pullarni chiqarish, realizatsiya qilish, sotib olish, qoplash, shuningdek elektron pullardan foydalangan holda elektron pullar tizimida operatsiyalarni amalga oshirishni nazarda tutadigan va operator tomonidan belgilanadigan tartib-taomillari;

elektron pullar egasining shaxsiy kabineti — elektron pullar egasining elektron pullar tizimining internet resursidagi shaxsiy boʻlimi;

elektron pullarni qoplash — emitent tomonidan oʻzi chiqargan, elektron pullar egasi taqdim etgan elektron pullarni ularning nominal qiymatiga teng pul mablagʻlari summasiga almashtirish operatsiyasining amalga oshirilishini nazarda tutuvchi toʻlov xizmati;

elektron pullarning chiqarilishini tugatish — emitent tomonidan elektron pullarni chiqarish boʻyicha toʻlov xizmatlarini koʻrsatish faoliyatining tugatilishi;

elektron hamyon — elektron pullar tizimining dasturiy taʼminoti, mikroprotsessor (chip), elektron pullar saqlanadigan va ulardan foydalanish imkonini beradigan dasturiy-texnik qurilmasi;

elektron hamyonni bloklash — elektron hamyonga kirishni va elektron pullardan foydalanishni taqiqlash;

emitent — Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki (bundan buyon matnda Markaziy bank deb yuritiladi) va banklar elektron pullarning emitentidir.

2-bob. Elektron pullar tizimining faoliyatini tashkil etish

2. Emitent, operator, elektron pullar tizimining agenti, elektron pullar egasi, shuningdek emitent bilan shartnoma tuzgan banklar, toʻlov tashkilotlari, yakka tartibdagi tadbirkorlar va (yoki) yuridik shaxslar elektron pullar tizimining subyektlari hisoblanadi.

3. Elektron pullar tizimining ishlashini taʼminlaydigan bank va (yoki) tegishli litsenziyaga ega boʻlgan toʻlov tashkiloti operator hisoblanadi.

4. Emitent yoki emitent boʻlmagan boshqa bank operator bilan tuzilgan shartnoma asosida elektron pullar tizimining hisob-kitob banki (bundan buyon matnda hisob-kitob banki deb yuritiladi) boʻlishi mumkin.

5. Emitent elektron pullarni chiqarish va realizatsiya qilish boʻyicha faoliyatni boshlashi toʻgʻrisida Markaziy bankka mazkur Qoidalarning 1-ilovasiga muvofiq shaklda xabarnoma yuboradi.

Xabarnomada operatorning (tovar belgisining) nomlanishi va operatorga berilgan litsenziya raqami, emitent, operatorning hisob-kitob banki va elektron pullar tizimi agentlari haqidagi maʼlumotlar koʻrsatiladi.

6. Emitent Markaziy bankka xabarnoma bilan birgalikda quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:

emitent operator boʻlmagan hollarda va unga elektron pullar tizimining tovar belgisi tegishli boʻlmagan taqdirda emitentning elektron pullar tizimidagi oʻrnini tasdiqlovchi hujjatlarni (operator bilan tuzilgan shartnoma);

elektron pullar tizimi subyektlari bilan tuziladigan shartnomalar namunalarini.

7. Markaziy bank tomonidan xabarnoma olinganidan keyin oʻn kun ichida taqdim etilgan hujjatlar koʻrib chiqiladi hamda Markaziy bankning rasmiy veb-saytida yuritiladigan Elektron pullar tizimi reyestriga elektron pullar chiqarilishining boshlangʻich sanasi haqida tegishli maʼlumot kiritiladi.

Emitent Markaziy bank boʻlgan taqdirda oʻzining elektron pullarni chiqarish va realizatsiya qilish boʻyicha faoliyatini boshlashi haqida kamida oʻttiz kun oldin rasmiy veb-saytida eʼlon beradi va Elektron pullar tizimi reyestriga elektron pullar chiqarilishining boshlangʻich sanasi haqida tegishli maʼlumot kiritiladi.

8. Emitent va operator elektron pullarni chiqarish, ulardan foydalanish va ularni qoplash toʻgʻrisidagi shartnoma shartlariga muvofiq, elektron pullarga ruxsatsiz ega boʻlish va (yoki) ulardan ruxsatsiz foydalanish, shuningdek elektron pullar emitentining dasturiy taʼminoti ishidagi yoxud elektron pullar tizimining faoliyat koʻrsatishidagi xatolar yoki uzilishlar oqibatida elektron pullar egasiga yetkazilgan zarar boʻyicha elektron pullarning egasi oldida javobgar boʻladi.

9. Operator emitent bilan tuzilgan shartnomaga muvofiq elektron pullar tizimining qoidalarini belgilaydi. Koʻp emitentli elektron pullar tizimida elektron pullar tizimining qoidalari har bir emitent bilan kelishilgan boʻlishi lozim. Bunda operator elektron pullar tizimining qoidalarini Markaziy bankka taqdim qiladi.

10. Operator elektron pullar tizimida tranzaksiyalarni elektron pullar tizimi qoidalariga muvofiq amalga oshirilishini taʼminlaydi.

11. Operator quyidagi hollarda emitent(lar) nomidan elektron pullar tizimining boshqa subyektlari bilan shartnomalar tuzishga haqli:

bir emitentli elektron pullar tizimida — emitent va operator oʻrtasida tuzilgan shartnomada nazarda tutilgan hollarda;

koʻp emitentli elektron pullar tizimida — operator bilan har bir emitent oʻrtasida tuzilgan shartnomalarda nazarda tutilgan hollarda.

Bunda, operator elektron pullar bilan bogʻliq operatsiyalarni har bir emitent boʻyicha elektron pullar hisobining alohida yuritilishini taʼminlaydi.

3-bob. Elektron pullarni chiqarish va realizatsiya qilish

12. Elektron pullarning chiqarilishi emitent tomonidan jismoniy shaxs yoki elektron pullar tizimining agentidan qabul qilingan pul mablagʻlari doirasida, elektron pullar tizimi qoidalari hamda elektron pullarni chiqarish, ulardan foydalanish va ularni qoplash toʻgʻrisidagi shartnomaga muvofiq amalga oshiriladi.

13. Elektron pullarning hisobi emitent tomonidan hisob-kitob bankida ochiladigan maxsus depozit hisobvaragʻida yuritiladi. Maxsus depozit hisobvaragʻidan faqat elektron pullarni chiqarishda pul mablagʻlarini kirim qilish va ularni qoplashda pul mablagʻlarini hisobdan chiqarish boʻyicha operatsiyalarni amalga oshirish uchun foydalaniladi. Mazkur hisobvaraqdagi qoldiq mablagʻ tegishli elektron pullar tizimida chiqarilgan barcha elektron pullar boʻyicha majburiyatlarning yigʻindisiga teng boʻlishi shart.

14. Elektron pullarni jismoniy shaxslarga realizatsiya qilish yoki elektron pullarni jismoniy shaxslardan sotib olish emitent yoki operator bilan tuzilgan shartnoma asosida elektron pullar tizimining agenti tomonidan amalga oshiriladi, ushbu shartnomada taraflarning huquq va majburiyatlari, elektron pullarni realizatsiya qilish hamda sotib olish tartibi va shartlari belgilanadi.

15. Emitent yoki operator elektron pullarni chiqarish, ulardan foydalanish va ularni qoplash toʻgʻrisidagi shartnoma tuzilguniga qadar elektron pullar tizimida ishtirok etadigan jismoniy shaxsga:

emitentning va operatorning nomi hamda joylashgan yeri (pochta manzili), shuningdek operator bank hisoblanmagan hollarda esa, toʻlov tashkilotining litsenziyasi raqami;

elektron pullardan foydalanish shartlari;

elektron pullarni chiqarish, ulardan foydalanish va ularni qoplashda emitent va (yoki) operator tomonidan elektron pullar egasidan vositachilik haqini undirish tartibi va miqdori;

eʼtirozlarni berish usullari va ularni koʻrib chiqish tartibi toʻgʻrisida, shu jumladan emitent yoki operator bilan bogʻlanish uchun axborot taqdim etishi shart.

16. Elektron pullarni jismoniy shaxsga va elektron pullar tizimining agentiga realizatsiya qilish elektron pullar tizimi tomonidan har bir elektron pullar egasi uchun shakllantiriladigan elektron hamyonga emitentdan sotib olingan elektron pullarni kirim qilish yoʻli bilan amalga oshiriladi.

17. Emitent yoki operator bilan tuzilgan shartnoma asosida elektron pullar tizimining agenti elektron pullar tizimida elektron hamyonga ega boʻlgan jismoniy shaxslarga elektron pullarni realizatsiya qilish yoki ularni qoplash maqsadida elektron pullarni nominal qiymati boʻyicha elektron pullarning egasi boʻlgan jismoniy shaxsdan sotib olishi mumkin.

Oʻzbekiston Respublikasi hududida emitent tomonidan chiqariladigan elektron pullar faqat milliy valyutada nominallashtirilgan boʻlishi shart.

18. Emitent tomonidan elektron pullarning chiqarishda elektron pullarning egasiga elektron pullarni realizatsiya qilinganligi va elektron pullarning egasi elektron pullarni sotib olganligini tasdiqlovchi kvitansiya yoki boshqa tasdiqlovchi hujjat (bundan buyon matnda kvitansiya deb yuritiladi) qogʻoz yoki elektron shaklda taqdim etiladi.

19. Kvitansiya quyidagi rekvizitlarga ega boʻlishi shart:

emitent va operatorning nomi;

operatsiyaning amalga oshirilgan sanasi (kun, oy va yil) hamda vaqti (soat, minut va soniya);

operatsiyaning tartib raqami;

chiqarilgan elektron pullar summasi;

elektron pullar egasiga tegishli boʻlgan elektron hamyonning identifikatsiya kodi;

undiriladigan vositachilik haqi miqdori (agar elektron pullarni chiqarish, ulardan foydalanish va ularni qoplash toʻgʻrisidagi shartnomada belgilangan boʻlsa).

Kvitansiyaga emitent tomonidan qoʻshimcha rekvizitlar kiritilishi mumkin.

20. Elektron pullar tizimining agenti tomonidan elektron pullarni realizatsiya qilishda jismoniy shaxsga ushbu pullarning realizatsiya qilinganligini tasdiqlovchi hujjat qogʻoz yoki elektron shaklda taqdim etiladi.

Ushbu hujjat quyidagi rekvizitlarga ega boʻlishi shart:

agent, emitent va operatorning nomi;

operatsiyaning amalga oshirilgan sanasi (kun, oy va yil) hamda vaqti (soat, minut va soniya);

amalga oshirilgan operatsiyaning tartib raqami;

realizatsiya qilingan elektron pullar summasi;

elektron pullar egasiga tegishli elektron hamyonning identifikatsiya kodi;

undiriladigan vositachilik haqi miqdori (agar elektron pullarni chiqarish, ulardan foydalanish va ularni qoplash toʻgʻrisidagi shartnomada belgilangan boʻlsa).

Mazkur hujjatga emitent yoki operator tomonidan qoʻshimcha rekvizitlar kiritilishi mumkin.

21. Elektron pullar tizimining agenti tomonidan elektron pullarni sotib olish va realizatsiya qilish, shuningdek elektron pullarni realizatsiya qilishda jismoniy shaxslardan qabul qilingan pul mablagʻlari hisobini yuritish tartibi va shartlari agent hamda emitent yoki operator oʻrtasida tuzilgan shartnomada koʻrsatiladi.

4-bob. Elektron pullardan foydalanish

22. Elektron pullarning egasi boʻlgan jismoniy shaxs elektron pullardan toʻlovlarni va elektron pullar tizimining qoidalarida belgilangan hamda qonunchilik hujjatlariga zid boʻlmagan shartlar asosida egasidan elektron pullarni elektron pullar tizimining boshqa ishtirokchisiga oʻtkazish orqali boshqa operatsiyalarni amalga oshirish maqsadida foydalanadi.

23. Oʻzbekiston Respublikasi hududida realizatsiya qilingan tovarlar, ishlar va xizmatlar uchun toʻlovlarni toʻlashda faqat Oʻzbekiston Respublikasi hududida chiqarilgan elektron pullar qabul qilinishi mumkin.

24. Yakka tartibdagi tadbirkor va (yoki) yuridik shaxslar tomonidan elektron pullarni bitimlarni amalga oshirishda toʻlov sifatida qabul qilish emitent yoxud elektron pullar tizimining ishtirokchisi boʻlgan boshqa bank bilan tuzilgan shartnoma asosida amalga oshiriladi.

25. Elektron pullarning egasi tomonidan elektron pullardan foydalanish elektron pullar tizimining qoidalari hamda elektron pullarning egasi va emitent yoki operator oʻrtasida tuzilgan elektron pullarni chiqarish, ulardan foydalanish va ularni qoplash toʻgʻrisidagi shartnomaga muvofiq amalga oshiriladi.

26. Elektron pullardan foydalangan holda operatsiyalarni amalga oshirish shartlari elektron pullarni chiqarish, ulardan foydalanish va ularni qoplash toʻgʻrisidagi shartnomada belgilanadi.

27. Elektron pullar tizimida bitimlar boʻyicha toʻlovlar, elektron pullar tizimi qoidalariga muvofiq bir elektron pullar egasining elektron hamyonidan boshqa elektron pullar egasining elektron hamyoniga elektron pullarni oʻtkazish orqali amalga oshiriladi.

28. Elektron pullar elektron pullar tizimida har bir elektron pullar egasiga elektron pullar tizimining qoidalari, elektron pullarni chiqarish, ulardan foydalanish va ularni qoplash toʻgʻrisidagi shartnoma hamda emitent va operator oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq elektron hamyon shakllantiriladi yoki oldindan toʻlangan karta (prepaid card) koʻrinishida emitent, operator yoki elektron pullar tizimining agenti tomonidan beriladi.

29. Har bir elektron hamyonga elektron pullar tizimi tomonidan yaratiladigan va tizimda birinchi marta roʻyxatdan oʻtish chogʻida beriladigan noyob identifikatsiya raqami biriktiriladi. Elektron hamyon egasi elektron hamyonning identifikatsiya raqami boʻyicha autentifikatsiya oʻtkazilgandan soʻng elektron hamyonga kirish va elektron pullar bilan operatsiyalarni amalga oshirish imkoniyatiga ega boʻladi.

30. Operator elektron pullar tizimining internet resursidagi elektron pullar egasining shaxsiy kabineti orqali autentifikatsiya oʻtkazilganidan soʻng, uning elektron hamyonga kirishini taʼminlaydi.

Elektron pullar egasining shaxsiy kabineti orqali koʻrsatiladigan toʻlov xizmatlari roʻyxati va ularni koʻrsatish tartibi elektron pullar tizimi qoidalari hamda elektron pullar egasi va emitent yoki operator oʻrtasida tuzilgan shartnomaga muvofiq belgilanadi.

31. Operator elektron pullarni ayirboshlash operatsiyalarini turli elektron pullar tizimlari hamda koʻp emitentli elektron pullar tizimi doirasida amalga oshirishi mumkin.

Oʻzbekiston Respublikasi norezidenti tomonidan chiqarilgan chet el valyutasida nominallashtirilgan elektron pullarni ayirboshlash operatsiyalari emitent tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi norezidenti bilan shartnomasi mavjud boʻlgan taqdirda amalga oshiriladi.

32. Elektron pullardan mazkur elektron pullar tizimining subyekti boʻlgan yakka tartibdagi tadbirkorlar va yuridik shaxslardan tovarlar, ishlar va xizmatlarni xarid qilish uchun foydalanish mumkin.

33. Emitent yoki operator tomonidan yakka tartibdagi tadbirkorlar va (yoki) yuridik shaxslarga maxsus elektron hamyonlar shakllantiriladi. Mazkur hamyonlarga elektron pullar faqat realizatsiya qilingan tovarlar, ishlar va xizmatlar uchun keyinchalik bank hisobvaraqlariga ularning nominal qiymatiga teng boʻlgan pul mablagʻlari summasini oʻtkazish maqsadida qabul qilinadi. Yakka tartibdagi tadbirkorlar va (yoki) yuridik shaxslarning maxsus elektron hamyonlaridagi elektron pullar mazkur elektron pullar tizimida qayta realizatsiya qilinishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

34. Yakka tartibdagi tadbirkorlar va yuridik shaxslarning elektron pullarini qoplash tartibi va muddatlari emitent bilan yakka tartibdagi tadbirkorlar va (yoki) yuridik shaxslar oʻrtasida tuzilgan shartnomada belgilanadi. Agar emitent va yakka tartibdagi tadbirkor va (yoki) yuridik shaxs oʻrtasida tuzilgan shartnomada boshqa muddat nazarda tutilmagan boʻlsa, emitent yakka tartibdagi tadbirkor va (yoki) yuridik shaxs tomonidan jismoniy shaxslardan bitim boʻyicha toʻlov amalga oshirilgan vaqtda olingan elektron pullarni qoplashni elektron pullar kelib tushgan kun davomida amalga oshiradi.

35. Elektron pullar tizimida amalga oshirilgan har qanday operatsiya boʻyicha chek yoki boshqa tasdiqlovchi hujjat (bundan buyon matnda tasdiqlovchi hujjat deb yuritiladi) elektron pullar egasining mobil aloqa vositalariga SMS-xabar va (yoki) elektron pochta manziliga xabar tarzida yuborilishi shart.

Tasdiqlovchi hujjat quyidagilarni oʻz ichiga olishi shart:

elektron hamyonning identifikatsiya kodi;

toʻlovni identifikatsiyalovchi tranzaksiya kodi;

yakka tartibdagi tadbirkor va (yoki) yuridik shaxsning nomi va STIRi;

tasdiqlovchi hujjat raqami;

toʻlov summasi;

operatsiyaning amalga oshirilgan sanasi (kun, oy va yil) hamda vaqti (soat, minut va soniya).

Tasdiqlovchi hujjatda boshqa maʼlumotlar ham koʻrsatilishi mumkin.

36. Operator elektron pullar bilan operatsiyalar amalga oshirilishida identifikatsiya qilingan elektron pullar egasining aniqlanishini va identifikatsiya qilinmagan elektron pullar egasining elektron hamyonidagi zaruriy rekvizitlarini aniqlanishini taʼminlaydi.

37. Oʻzbekiston Respublikasining “Toʻlovlar va toʻlov tizimlari toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq operator elektron pullar tizimida amalga oshiriladigan operatsiyalarning eng koʻp summasiga doir quyidagi talablar oʻrnatilishini taʼminlaydi:

identifikatsiya qilingan elektron pullarning egasi boʻlgan jismoniy shaxs tomonidan amalga oshiriladigan bitta operatsiyaning eng koʻp summasi bazaviy hisoblash miqdorining yuz baravariga teng boʻlgan summadan oshmasligini;

identifikatsiya qilinmagan elektron pullarning egasi boʻlgan jismoniy shaxsning bitta elektron hamyonida (qurilmasida) saqlanadigan elektron pullarning eng koʻp summasi bazaviy hisoblash miqdorining besh baravariga teng boʻlgan summadan oshmasligini;

identifikatsiya qilinmagan elektron pullarning egasi boʻlgan jismoniy shaxs tomonidan amalga oshiriladigan bitta operatsiyaning eng koʻp summasi bazaviy hisoblash miqdoriga teng boʻlgan summadan oshmasligini.

38. Elektron pullar egasining soʻroviga koʻra operator unga elektron hamyondan foydalangan holda amalga oshirilgan operatsiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oʻz ichiga olgan elektron koʻchirmani taqdim etadi.

39. Elektron pullar tizimida elektron hamyon quyidagi hollarda operator yoki emitent tomonidan bloklanadi:

yoʻqolganligi, oʻgʻirlanganligi yoki elektron hamyondan ruxsatsiz foydalanilganligi toʻgʻrisida elektron pullar egasidan xabarnoma olinganda;

elektron pullar egasi tomonidan elektron pullarni chiqarish, ulardan foydalanish va ularni qoplash toʻgʻrisidagi shartnoma shartlari buzilganda;

shartnomada nazarda tutilgan boshqa hollarda.

Elektron hamyonni bloklashga sabab boʻlgan omillar toʻliq bartaraf etilgandan keyin elektron hamyon foydalanish uchun qayta tiklanadi (aktiv holatga oʻtkaziladi).

40. Operator emitentga elektron pullar egasi tomonidan amalga oshirilgan operatsiyalar va tranzaksiyalar haqidagi maʼlumotlarni onlayn rejimida olish imkoniyatini taʼminlaydi.

41. Elektron hamyon bloklangan hollarda emitent hamda operator elektron pullar egasining elektron hamyoni bloklangan vaqtgacha yuzaga kelgan majburiyatlarning toʻliq ijro etilishini taʼminlashi shart.

42. Operator boshqa elektron pullar tizimi operatori bilan hamkorlik toʻgʻrisida shartnoma imzolashi mumkin, agar bunday hamkorlik tartibi elektron pullar tizimi qoidalarida aks ettirilgan boʻlsa.

5-bob. Elektron pullarni qoplash

43. Emitent elektron pullar egasi tomonidan taqdim qilingan elektron pullarni elektron pullar tizimi qoidalari hamda emitent va elektron pullar egasi oʻrtasida tuzilgan elektron pullarni chiqarish, ulardan foydalanish va ularni qoplash toʻgʻrisidagi shartnomaga muvofiq naqd pulga almashtirish yoki naqd pulsiz mablagʻlarni elektron pullar egasining bank hisobvaragʻiga kirim qilish orqali qoplaydi.

44. Emitent elektron pullar egasi tomonidan elektron pullarni qoplash uchun taqdim qilingan elektron pullarning muomaladan chiqarilishini taʼminlaydi.

45. Emitent tomonidan elektron pullar quyidagi hollarda qoplangan hisoblanadi:

elektron pullar egasi — jismoniy shaxsning bank hisobvaragʻiga tegishli summa kirim qilingan yoki unga naqd pul mablagʻi berilgan paytdan boshlab;

elektron pullar egasi — yakka tartibdagi tadbirkor va (yoki) yuridik shaxsning bank hisobvaragʻiga tegishli mablagʻ kirim qilingan paytdan boshlab.

Emitent tomonidan elektron pullarni qoplash operatsiyasi amalga oshirilganligi toʻgʻrisida elektron pullar egasiga qogʻoz yoki elektron shaklda kvitansiya beriladi.

46. Emitent elektron pullarni chiqarish boʻyicha faoliyatini tugatadigan taqdirda, kamida oʻttiz kun oldin Markaziy bankka mazkur Qoidalarning 1-ilovasiga muvofiq shaklda xabarnoma yuboradi va bu haqida oʻzining rasmiy veb-saytida eʼlon qiladi.

Emitent Markaziy bank boʻlgan taqdirda, elektron pullarni chiqarish boʻyicha faoliyatini tugatishidan kamida oʻttiz kun oldin bu haqida oʻzining rasmiy veb-saytida eʼlon berishi shart.

47. Elektron pullar tizimida emitent elektron pullarni chiqarish boʻyicha faoliyatini tugatishidan kamida oʻttiz kun oldin elektron pullar egalarini va elektron pullar tizimining boshqa subyektlarini ommaviy axborot vositalari, shuningdek elektron vositalar orqali mazkur faoliyatni tugatayotganligi haqida xabardor qiladi. Bunda ushbu xabar bir necha bor takrorlanishi mumkin va elektron pullarni qoplash muddatini oʻz ichiga olishi kerak.

48. Elektron pullarni chiqarish faoliyatini tugatish boʻyicha emitent tomonidan belgilangan muddat yakunlangandan soʻng, elektron pullar egasi tomonidan elektron pullarni qoplash boʻyicha murojaat qilinmagan taqdirda, ularning elektron hamyonidagi elektron pullari emitent tomonidan majburiy ravishda qoplanadi. Bunda emitent tomonidan:

yakka tartibdagi tadbirkorlar va (yoki) yuridik shaxslarning elektron pullari — ularning bank hisobvaraqlariga elektron hamyonidagi qoldiq summani toʻliq oʻtkazib berish;

identifikatsiya qilingan elektron pullar egasi boʻlgan jismoniy shaxsning elektron pullari — bank hisobvaragʻiga elektron hamyonidagi qoldiq summani toʻliq oʻtkazib berish;

identifikatsiya qilinmagan elektron pullar egasi boʻlgan jismoniy shaxsning elektron pullari — elektron hamyonidagi qoldiq summani emitentning jismoniy shaxs talab qilguniga qadar saqlanadigan maxsus hisobvaragʻiga toʻliq kirim qilish orqali qoplanadi.

49. Elektron pullarni qoplash boʻyicha murojaat qilmagan jismoniy shaxslarning elektron pullari emitent tomonidan majburiy ravishda qoplanganidan soʻng:

identifikatsiya qilingan elektron pullar egasi hisoblangan jismoniy shaxslar — shaxsini tasdiqlovchi hujjatini taqdim qilish;

identifikatsiya qilinmagan elektron pullar egasi hisoblangan jismoniy shaxslar — emitent tomonidan elektron pochta manzillariga yoki mobil aloqa vositalariga oldindan yuborilgan kodli maʼlumotni taqdim etish orqali pul mablagʻlarini olishlari mumkin.

Bunda, emitent jismoniy shaxslarning shaxsni tasdiqlovchi hujjati asosida pul mablagʻlarini oluvchilar roʻyxatini yuritadi.

50. Elektron pullarni qoplash uchun belgilangan muddat yakunlanganidan keyin, emitent uch ish kuni mobaynida Markaziy bankka elektron pullarni qoplash operatsiyasi amalga oshirilgan elektron pullar hisobiga emitentning bank hisobvaragʻiga kirim qilingan mablagʻlar, elektron pullar egalari soni va elektron pullar summalari toʻgʻrisida tegishli maʼlumot taqdim etadi.

51. Emitentlar koʻp emitentli elektron pullar tizimida elektron pullarni chiqarish faoliyatini tugatganda:

elektron pullar tizimining biror-bir emitenti bilan tuzilgan shartnoma asosida unga chiqarilgan elektron pullar boʻyicha majburiyatlarni topshiradi;

chiqarilgan elektron pullar boʻyicha majburiyatni koʻp emitentli elektron pullar tizimining biror-bir emitentiga topshirish toʻgʻrisida shartnoma mavjud boʻlmasa, chiqarilgan elektron pullar boʻyicha majburiyatlarni bajarish va qoplash tartibi bir emitentli tizim uchun belgilangan tartibga muvofiq amalga oshiriladi.

52. Faoliyatini tugatgan emitentning majburiyatlarini oʻz zimmasiga olgan emitent tomonidan yakka tartibdagi tadbirkorlar va (yoki) yuridik shaxslar, shuningdek elektron pullar tizimining agentiga elektron pullar tizimi qoidalariga hamda ular oʻrtasida tuziladigan shartnoma shartlariga muvofiq boshqa talablar qoʻyilishi mumkin.

6-bob. Elektron pullar tizimida xavfsizlikni taʼminlash va risklarni boshqarish

53. Emitent va operator elektron pullar tizimida firibgarlikni hamda jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishni, terrorizmni moliyalashtirishni va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishni aniqlash, shuningdek ularning oldini olish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasining “Jinoiy faoliyatdan olingan daromadlarni legallashtirishga, terrorizmni moliyalashtirishga va ommaviy qirgʻin qurolini tarqatishni moliyalashtirishga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Qonuni talablariga muvofiq tashkiliy hamda tartib-taomilga oid chora-tadbirlarni taʼminlash va joriy etish choralarini koʻradi.

54. Ruxsat etilmagan toʻlovlardan himoyalanish tartib-taomillari elektron pullar tizimining qoidalari va elektron pullar tizimi subyektlari oʻrtasida tuzilgan shartnomalar bilan belgilanadi.

55. Elektron pullar tizimining dasturiy-texnik vositalari va elektron hamyonlariga ruxsatsiz kirishning oldini olish vositalari va choralari, shuningdek tashkiliy choralar axborotni yetarli darajada muhofaza qilishini taʼminlashi shart.

56. Elektron pullar tizimida qoʻllaniladigan axborot xavfsizligi va muhofazasining tartib-taomillari, elektron pullar muomalasining barcha bosqichlarida axborotning uzluksiz muhofazasini taʼminlashi shart, shu jumladan:

elektron pullar egasining elektron pullar bilan operatsiyalarni amalga oshirish uchun huquqlarini aniqlash;

elektron pullar bilan operatsiyalarni amalga oshirishda aniqlangan insidentlarning sabablarini aniqlash;

axborotdan ruxsatsiz foydalanishdan himoyalash va axborotning yaxlitligini taʼminlash.

57. Emitent va operator oʻrtasidagi shartnomaga muvofiq emitent yoki operator elektron pullar egalarining elektron hamyonlaridagi elektron pullar qoldigʻi va ular tomonidan amalga oshirilgan operatsiyalarga doir axborot hisobini yuritadi.

Operator elektron hamyonlardan foydalangan holda amalga oshirilgan barcha operatsiyalarning roʻyxatga olinishini, operatsiyalar toʻgʻrisida statistik va axborot tarzidagi hisobotlarning shakllantirilishini va operatsiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni ular shakllantirilgan, joʻnatilgan yoki qabul qilingan formatida, yaxlitligi va oʻzgarmasligiga amal qilgan holda besh yildan kam boʻlmagan muddatda saqlanishini taʼminlaydi.

58. Elektron pullar tizimida risklarni boshqarish quyidagilarning mavjudligiga asoslangan boʻlishi lozim:

tizim ishining ichki nazorati va auditi tartib-taomillari, tizimning ishlashi va tranzaksiyalar toʻgʻrisida maʼlumotlarni saqlash;

har bir tranzaksiya boʻyicha maʼlumotlarni oʻz vaqtida qayta ishlash, hisobga olish va axborotni saqlash, tizimda maʼlumotlarni himoya qilish va saqlashni taʼminlovchi axborot tizimi;

malakali xodimlarning mavjudligi.

7-bob. Yakuniy qoidalar

59. Operator har oyning uchinchi sanasidan kechiktirmay, Markaziy bankka elektron pullar tizimining oʻtgan oydagi faoliyati toʻgʻrisida mazkur Qoidalarning 2-ilovasiga muvofiq shaklda hisobot taqdim qiladi.

60. Ushbu Qoidalar talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgar boʻladi.

61. Mazkur Qoidalar Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi bilan kelishilgan.

Oʻzbekiston Respublikasi hududida elektron pullarni chiqarilishi va muomalada boʻlishi qoidalariga 1-ILOVA

№ _______ “___” __________20___ yil.‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Oʻzbekiston Respublikasi ‎Markaziy banki ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Elektron pullarning chiqarilishini boshlash (tugatish) toʻgʻrisida ‎XABARNOMA ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ Elektron pullar emitenti ______________________________________________________________________‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(bank nomi) ________________________________________________________________________________‎‎ ‎‎20__ yil “____” _________ dan elektron pullarning chiqarilishini boshlash (tugatish) toʻgʻrisida xabar beradi. ‎‎Elektron pullar tizimining nomi: _______________________________________________________________ ‎‎Elektron pullar tizimi operatorining nomi: ______________________________________________________ ‎____________________________________________________________________________________________ Elektron pullar tizimi hisob-kitob bankining nomi: ____________________________________‎‎___________ ‎‎Elektron pullar tizimining agentlari: ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ T/r‎ ‎‎‎Nomi Pochta manzili‎‎ 1.‎ ‎‎ ‎‎ 2.‎ ‎‎ ‎‎ ...‎ ...‎‎ ...‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎Xabar beruvchining vakolatli vakili ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(lavozimi) ‎‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎ ‎‎(F.I.Sh.)‎‎ ‎ ‎

Oʻzbekiston Respublikasi hududida elektron pullarni chiqarilishi va muomalada boʻlishi qoidalariga 2-ILOVA

Elektron pullarni chiqarilishi va muomalada boʻlishi boʻyicha faoliyat toʻgʻrisida

20___ yil 1 ________ holatiga (oy) _____________________________________________ (Elektron pullar tizimi operator nomi) T/r Emitent nomi Elektron hamyonlar soni va ulardagi qoldiq miqdori (oy boshiga) Elektron pullar tizimida oy davomida amalga oshirilgan operatsiyalar Elektron hamyonlar soni va ulardagi qoldiq miqdori (oy oxiriga) kirim chiqim Elektron hamyonlarni toʻldirish YTT/YUSH tovarlar, ishlar va xizmatlar uchun toʻlov Elektron pullarni qoplash Elektron pullar egasi — jismoniy shaxs YTT/YUSH, agent soni miqdori (soʻmda) soni miqdori (soʻmda) soni miqdori (soʻmda) Elektron pullar egasi — jismoniy shaxs YTT/YUSH, agent soni miqdori (soʻmda) soni miqdori (soʻmda) soni miqdor (soʻmda) soni miqdor (soʻmda) 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 1. 2.

Markaziy banki raisi M. NURMURATOV

Oʻzbekiston Savdo-sanoat palatasi raisi A. IKRAMOV

Toshkent sh.,

2020-yil 15-fevral,

2020-yil 30-mart

3/13-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 29.04.2020-y., 10/20/3231/0529-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son )

lex.uz