📅 2020-yil 1-may · Prezident farmoyishlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 1-may · Prezident farmoyishlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 1 май · Президент фармойишлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 1 мая 2020 г. · Распоряжения Президента
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 1 May 2020 · Presidential orders
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармойиши
ТАРКИБИ
Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба сув омбори» тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида
2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятида эсган кучли шамол ва ёғингарчиликлар оқибатида табиий офат юз берди. Натижада Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани ҳудудидаги «Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошиб, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги бир қанча аҳоли пунктлари, ижтимоий соҳа объектлари, қишлоқ хўжалиги экинлари, шу жумладан, ғалла, пахта майдонлари ва бошқа экинлар жиддий талафот кўрди.
Юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, авария-тиклаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш, қишлоқ хўжалиги экинларини тез кунларда қайта жойлаштириш ва экишни, зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама тезкор амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда ҳодиса сабабларини чуқур ўрганиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида:
1. Сирдарё вилоятидаги «Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда — Ҳукумат комиссияси) иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
2. Ҳукумат комиссияси (А. Арипов) зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:
«Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошиши оқибатида иқтисодиёт тармоқларида, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги, йўл-транспорт ва ирригация тизимлари, ижтимоий соҳа, аҳоли уй-жой фонди, нотурар жой биноларига етказилган зарар ва йўқотишлар миқдорини аниқлаш ва баҳолаш;
сув тошқини оқибатида эвакуация қилинган ва зарар кўрган фуқароларга амалий кўмак кўрсатиш, вақтинча турар жой, озиқ-овқат, тиббий-психологик ёрдам ва бошқа зарур шароитларни яратиш;
сув тошиши оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик-транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги ва ирригация инфратузилмаси ҳамда бошқа ҳаётий муҳим объектлар ва тизимларни, уй-жой ва коммунал хўжалигини тиклаш ва ишчанлик ҳолатига келтириш;
қурилиш-тиклаш ишларига зарур бўладиган барча турдаги қурилиш материалларининг миқдорини аниқлаш ва уларни республиканинг турли ҳудудларидаги ишлаб чиқариш корхоналаридан керакли ҳажмда етказилишини таъминлаш;
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида етказилган зарарлар, экин майдонларидаги йўқотишлар ва нобудгарчиликлар ўрнини қоплаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини тиклаш чораларини кўриш;
тез кунларда нобуд бўлган экин майдонларини тўлиқ ўрганиб чиқиб, қисқа муддатларда бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экишни ташкил этиш, зарар кўрганқишлоқ хўжалиги объектларинитиклаш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш;
«Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошишига олиб келган сабабларни ҳар томонлама чуқур ва атрофлича ўрганиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларнинг республика миқёсида олдини олиш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқиш;
республикамизнинг бошқа ҳудудларида жойлашган гидротехника иншоотлари жисмоний хавфсизлиги, яхлитлиги ва бутлигини доимий мониторинг қилиш, ўз вақтида назорат-профилактика тадбирларини ташкил этиш, сув омборлари ва тўғонларга туташ ҳудудлар ва аҳоли пунктларида истиқомат қилаётган фуқароларни фавқулодда вазият юзага келиши хавфи ҳақида хабардор этиш тизимини такомиллаштириш юзасидан аниқ чоралар кўриш;
сув омборлари ва тўғонлардан сув тошиши даврида мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фавқулодда хизматлар, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат ташкилотларининг хатти-ҳаракатлар алгоритми ва ўзаро ҳамкорлигининг самарали механизмларини яратиш.
3. Ҳукумат комиссияси (А. Арипов) қуйидагиларни таъминласин:
Сирдарё вилоятининг сув босган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида бошқарув органлари ва сектор раҳбарларининг суткалик навбатчилигини ташкил этиш;
мутасадди вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида етказилган зарар ва йўқотишлар кўламини ҳамда ажратиладиган молиявий маблағларни инобатга олган ҳолда фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш;
сув босган ҳудудлардан эвакуация қилинган фуқароларни вақтинчалик яшаш манзилларига жойлаштириш, уларни озиқ-овқат ва дори воситалари, зарур гигиеник воситалар билан таъминлаш, тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эвакуация қилинган аҳолининг тиббий кўрикдан ўтказилиши, уларнинг вақтинчалик яшаш манзилларида санитар-эпидемиологик тадбирларни ўтказиш.
4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси (Н. Йўлдошев), Ички ишлар вазирлиги (Ш. Собиров), Миллий гвардияси (Р. Джураев) мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидаги зарур чораларни кўрсин:
яшаш жойларидан бошқа ҳудудларга эвакуация қилинган аҳолини узлуксиз зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари, ётоқ анжомлари, шунингдек, кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминлаш;
Сирдарё вилоятининг сув босган туманларида хавфли ҳудудлар қуршаб олиниши, блок-постлар, назорат-ўтказиш пунктлари ва патруллик хизматини ташкил этиш, ушбу ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;
аҳоли орасида ёлғон, нотўғри маълумот ва хабарлар ҳамда саросима кайфият тарқалишининг олдини олиш.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Т. Ишметов) уч кун муддатда юз берган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш, шу жумладан ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш ишларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджети параметрларида Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига дастлаб 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратсин.
Ҳукумат комиссияси фавқулодда ҳодиса оқибатларини ўрганиш натижаларига кўра, заруратга қараб, Сирдарё вилоятига қўшимча маблағлар ажратиш бўйича таклиф киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ў. Барноев) мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда туман ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда қишлоқ хўжалиги экинларига, жумладан ғалла, пахта, мева-сабзавот ва бошқа экин турлари бўйича зарар етказилган майдонларни аниқлаб, ҳар бир туман кесимида бажариладиган чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ҳамда тезкор тарзда амалга оширилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги (А. Султанов) беш кун муддатда ишлаб чиқариш, ижтимоий соҳа ва аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, авария-тиклаш ишларига, заруриятга қараб, республиканинг бошқа ҳудудларидан куч-восита ва махсус техникаларни жалб этиш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги (Б. Қурбонов) фавқулодда ҳодиса юз берган ҳудудларда муҳандислик, қидирув-қутқарув ва бошқа шошилинч ишларни бажариш, зарар кўрган одамларнинг ҳаёт фаолиятини биринчи навбатда таъминлаш, муҳим объект ва тизимларнинг ишчанлигини тезкорлик билан тиклаш ишларига ҳарбий қисм ва муассасаларининг ҳарбий хизматчилари ҳамда махсус техникаларини жалб қилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (Ш. Собиров) Миллий гвардия (Р. Джураев) билан биргаликда:
Сирдарё вилояти ҳудудида фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишларини амалга ошириш жараёнида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини ҳамда жисмоний ва юридик шахслар турар жойлари, бино-иншоотлари ҳамда мол-мулки муҳофаза қилинишини таъминлаш чораларини кўрсин;
таъмирлаш-қайта тиклаш бригадалари ва махсус хизматлар транспорт воситаларининг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминласин, зарур ҳолларда белгиланган йўналишларда Йўл-патрул хизмати кучлари ёрдамида уларнинг кузатувини ташкил этсин, транспорт таъминоти ва муайян ҳудудни қамраб олиш бўйича амалий ёрдам кўрсатсин;
Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда эвакуация қилинган аҳоли тўғрисида уларнинг исми-шарифи, яшаш манзили ва бошқа шахсий маълумотлари акс этган аниқ рўйхатни шакллантирсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Т. Худайбергенов, А. Қўлдошев):
фавқулодда ҳодиса оқибатида сақланиб қолаётган таҳдид ва хавфларни олдиндан аниқлаш ҳамда бартараф этиш, аҳоли турар-жойлари, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган объектларда ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш, моддий йўқотишларни камайтиришга қаратилган ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни ташкил этсин;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда сув босган ҳудудларнинг, айниқса мозорлар, канализация ва тозалаш иншоотлари, эпизоотиядан хавфли объектларнинг санитар-эпидемиологик ҳолатини баҳолаш, сув билан таъминлаш тизимларини текшириш ва ичимлик сувини етказиш, фуқаролар эвакуация қилинган аҳоли пунктларида санитар-гигиеник тадбирлар, шу жумладан тозалаш, бошқа зарур дезинфекция ва махсус тадбирларни амалга оширсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Садиков) ўн кун муддатда Сирдарё вилоятининг сув босган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида алоқа воситалари, Интернет тармоқлари ҳамда техник қурилмаларга етказилган зарарни аниқлаш ва барчасини ишчи ҳолатга келтириш, узилган алоқа кабеллари ва носоз ҳолга келган мобиль алоқа база станция антенналарини қайта тиклаш ҳамда уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш чораларини кўрсин.
12. Фавқулодда ҳодиса натижасида уй-жойларига жиддий зиён етказилган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида:
а) Ҳукумат комиссияси (А. Арипов), Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги қайд этилган туманларда 2020-2021 йиллар давомида кўп қаватли уй-жойларни муҳандислик-транспорт коммуникациялари билан бирга қуриш (кейинги ўринларда — кўп қаватли уй-жойлар) бўйича беш кун ичида таклиф киритсин;
б) Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси икки ҳафта муддатда кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини танласин ва уларни ажратиш бўйича материалларни тегишли вазирлик ва идоралар билан белгиланган тартибда келишсин;
в) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:
Сирдарё вилояти ҳокимлиги (Ғ. Мирзаев) билан биргаликда икки ҳафта муддатда кўп қаватли уй-жойлар қурилиши учун малакали пудрат ташкилотлари ўртасида танлов ўтказсин ва танлов ғолиблари билан кўп қаватли уй-жойларни қуриш бўйича шартнома имзоласин;
кўп қаватли уй-жойлар ва муҳандислик-транспорт коммуникациялари қурилишида қурилиш-монтаж ишлари ва лойиҳа ечимларининг бажарилиши сифати, шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назорати юритилишини таъминласин;
г) Сирдарё вилояти ҳокимлиги уй-жойларига сув тошқини оқибатида жиддий зиён етказилган фуқаролар рўйхатини тузсин ва уларга қурилган кўп қаватли уй-жойларда хонадонларни беғараз ажратиш чораларини кўрсин.
13. Белгилансинки, кўп қаватли уй-жойларни қуриш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун қўшимча манбаларни, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағларини, шу жумладан бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбаларни жалб қилсин.
14. Ҳукумат комиссияси (А. Арипов, Ғ. Мирзаев) ўн кун муддатда:
сув босган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари аҳолисига қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳоли пунктларини янада обод ва кўркам қилиш мақсадида маданий-маиший ҳамда бошқа ижтимоий объектлар қурилиши бўйича;
Сув хўжалиги вазирлиги (Ш. Хамраев) ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда «Сардоба сув омбори» фаолиятини тиклаш, тўғон орқали сув массаси сизиб чиқишини бартараф этиш ва сув омборининг ўпирилган қисмини реконструкция қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж. Қўчқоров ва Молия вазирлиги (Т. Ишметов) мазкур қурилиш ишларини молиялаштириш юзасидан таклиф киритсин.
15. Ҳукумат комиссияси (А. Арипов):
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов) билан биргаликда фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш давомида ҳамда эвакуация қилинган аҳолининг вақтинча яшаш жойларида ва ўз уйларига қайтган аҳоли томонидан коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан жорий қилинган карантин қоидаларига қатъий риоя этилишини, уларни махсус шахсий ҳимоя воситалари, зарур тиббий буюмлар ва дори воситалари билан таъминласин;
бир ой муддатда Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошиши сабаблари, тўғоннинг лойиҳалаштирилиши сифати ҳамда қурилиши меъёрлари ва қоидаларига риоя этилиши, сув омборидан фойдаланиш ва объектни бошқариш самарадорлиги баҳоси ва бошқа ёндош масалалар, аниқланган муаммо ва камчиликлар тўғрисида, шунингдек келгусида бундай ҳодисаларнинг такрорланмаслиги бўйича аниқ ва асослантирилган таклифларни ўз ичига олган якуний хулосани Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;
уч ой муддатда республикада фаолият кўрсатаётган гидротехника иншоотлари, шу жумладан сув омборлари ва тўғонлар, энергетика, транспорт, алоқа ва бошқа ҳаётий муҳим ҳамда стратегик инфратузилма объектлари ва тизимларининг ҳудудлар кесимида махсус ишчи гуруҳларини ташкил этган ҳолда тўлиқ текширилиши ва ҳар томонлама тафтишдан ўтказилиши, аниқланган хато ва камчиликларнинг тезкорлик билан бартараф этилишини таъминласин.
16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Сирдарё вилоятида сув тошқини оқибатида зарар кўрган ҳудудларда авария-тиклаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш, қишлоқ хўжалиги экинларини тез кунларда қайта жойлаштириш ва экишни, эвакуация қилинган ва зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама тезкор амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва молиявий ёрдамни ўз ичига олган «Мадад карвонлари»ни Сирдарё вилоятига юбориш ҳақидаги ташаббуслари қўллаб-қувватлансин.
17. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:
Сирдарё вилоятида сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш бўйича Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари ва фаол ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам хабардор этиб борилишини таъминласин;
бир кун муддатда Сирдарё вилоятида сув тошиши муносабати билан аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни доимий ва узлуксиз равишда қабул қилиш, фуқароларга зарур тушунтириш ишларини ташкил этиш мақсадида туну-кун ишлайдиган қисқа рақамли телефон линиясини ташкил этсин.
18. Мазкур фармойиш ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги Ф-5569-сон фармойишига ИЛОВА
Сирдарё вилоятидаги «Сардоба сув омбори» тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси
А.Н. Арипов — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Комиссия раиси Т.А. Худайбергенов — Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири, Комиссия раисининг ўринбосари Ў.И. Барноев — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Комиссия раисининг ўринбосари Б.Н. Қурбонов — Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, Комиссия раисининг ўринбосари Ғ.Ғ. Мирзаев — Сирдарё вилояти ҳокими, Комиссия раисининг ўринбосари Н.Т. Йўлдошев — Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ш.Ў. Собиров — Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Б.И. Закиров — Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири Т.А. Ишметов — Ўзбекистон Республикаси молия вазири Р.Т. Маматов — Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Ш.Р. Хамраев — Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири А.К. Шадманов — Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири М.Х. Салиев — Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Р.М. Джураев — Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони А.Х. Қўлдошев — Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари И.Р. Махкамов — Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи У.М. Мустафаев — «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Б.К. Зарипов — «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси раиси А.А. Сангинов — «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси Х.Н. Хасилов — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчиси А.М. Хидиров — Сардоба тумани ҳокими Д.Т. Фозилов — Оқолтин тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Х.К. Абдуллаев — Мирзаобод тумани ҳокими
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2020 йил 1 май,
Ф-5569-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining
Farmoyishi
TARKIBI
Sirdaryo viloyatida joylashgan “Sardoba suv ombori” toʻgʻonida yuzaga kelgan favqulodda hodisa oqibatlarini bartaraf etish boʻyicha kechiktirib boʻlmaydigan chora-tadbirlar toʻgʻrisida
2020-yil 1-may kuni Sirdaryo viloyatida esgan kuchli shamol va yogʻingarchiliklar oqibatida tabiiy ofat yuz berdi. Natijada Sirdaryo viloyatining Sardoba tumani hududidagi “Sardoba suv ombori” toʻgʻonidan suv toshib, Sardoba, Oqoltin va Mirzaobod tumanlaridagi bir qancha aholi punktlari, ijtimoiy soha obyektlari, qishloq xoʻjaligi ekinlari, shu jumladan, gʻalla, paxta maydonlari va boshqa ekinlar jiddiy talafot koʻrdi.
Yuz bergan favqulodda hodisa oqibatlarini zudlik bilan bartaraf etish, avariya-tiklash, qurilish-taʼmirlash ishlarini olib borish, qishloq xoʻjaligi ekinlarini tez kunlarda qayta joylashtirish va ekishni, zarar koʻrgan aholiga har tomonlama tezkor amaliy yordam koʻrsatish hamda hodisa sabablarini chuqur oʻrganish va kelgusida bunday holatlarning oldini olish boʻyicha amaliy takliflarni ishlab chiqish maqsadida:
1. Sirdaryo viloyatidagi “Sardoba suv ombori” toʻgʻonidan suv toshishi oqibatlarini bartaraf etish va hodisa sabablarini oʻrganish boʻyicha Hukumat komissiyasi (keyingi oʻrinlarda — Hukumat komissiyasi) ilovaga muvofiq tarkibda tashkil etilsin.
2. Hukumat komissiyasi (A. Aripov) zimmasiga quyidagi vazifalar yuklansin:
“Sardoba suv ombori” toʻgʻonidan suv toshishi oqibatida iqtisodiyot tarmoqlarida, birinchi navbatda, qishloq xoʻjaligi, yoʻl-transport va irrigatsiya tizimlari, ijtimoiy soha, aholi uy-joy fondi, noturar joy binolariga yetkazilgan zarar va yoʻqotishlar miqdorini aniqlash va baholash;
suv toshqini oqibatida evakuatsiya qilingan va zarar koʻrgan fuqarolarga amaliy koʻmak koʻrsatish, vaqtincha turar joy, oziq-ovqat, tibbiy-psixologik yordam va boshqa zarur sharoitlarni yaratish;
suv toshishi oqibatlarini tezkorlik bilan bartaraf etish, ijtimoiy-iqtisodiy, muhandislik-transport kommunikatsiyalari, qishloq xoʻjaligi va irrigatsiya infratuzilmasi hamda boshqa hayotiy muhim obyektlar va tizimlarni, uy-joy va kommunal xoʻjaligini tiklash va ishchanlik holatiga keltirish;
qurilish-tiklash ishlariga zarur boʻladigan barcha turdagi qurilish materiallarining miqdorini aniqlash va ularni respublikaning turli hududlaridagi ishlab chiqarish korxonalaridan kerakli hajmda yetkazilishini taʼminlash;
qishloq xoʻjaligi ishlab chiqarishida yetkazilgan zararlar, ekin maydonlaridagi yoʻqotishlar va nobudgarchiliklar oʻrnini qoplash, irrigatsiya va melioratsiya tarmoqlarini tiklash choralarini koʻrish;
tez kunlarda nobud boʻlgan ekin maydonlarini toʻliq oʻrganib chiqib, qisqa muddatlarda boshqa turdagi qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini ekishni tashkil etish, zarar koʻrganqishloq xoʻjaligi obyektlarinitiklash boʻyicha zarur chora-tadbirlarni belgilash;
“Sardoba suv ombori” toʻgʻonidan suv toshishiga olib kelgan sabablarni har tomonlama chuqur va atroflicha oʻrganish hamda kelgusida bunday holatlarning respublika miqyosida oldini olish boʻyicha amaliy takliflarni ishlab chiqish;
respublikamizning boshqa hududlarida joylashgan gidrotexnika inshootlari jismoniy xavfsizligi, yaxlitligi va butligini doimiy monitoring qilish, oʻz vaqtida nazorat-profilaktika tadbirlarini tashkil etish, suv omborlari va toʻgʻonlarga tutash hududlar va aholi punktlarida istiqomat qilayotgan fuqarolarni favqulodda vaziyat yuzaga kelishi xavfi haqida xabardor etish tizimini takomillashtirish yuzasidan aniq choralar koʻrish;
suv omborlari va toʻgʻonlardan suv toshishi davrida mutasaddi vazirlik va idoralar, huquqni muhofaza qiluvchi organlar va favqulodda xizmatlar, mahalliy davlat hokimiyati va boshqaruvi organlari, jamoat tashkilotlarining xatti-harakatlar algoritmi va oʻzaro hamkorligining samarali mexanizmlarini yaratish.
3. Hukumat komissiyasi (A. Aripov) quyidagilarni taʼminlasin:
Sirdaryo viloyatining suv bosgan Sardoba, Oqoltin va Mirzaobod tumanlarida boshqaruv organlari va sektor rahbarlarining sutkalik navbatchiligini tashkil etish;
mutasaddi vazirlik, idora va boshqa tashkilotlar bilan birgalikda Sirdaryo viloyatining Sardoba, Oqoltin va Mirzaobod tumanlarida yetkazilgan zarar va yoʻqotishlar koʻlamini hamda ajratiladigan moliyaviy mablagʻlarni inobatga olgan holda favqulodda hodisa oqibatlarini bartaraf etish boʻyicha kompleks chora-tadbirlar dasturini ishlab chiqib, amalga oshirish;
suv bosgan hududlardan evakuatsiya qilingan fuqarolarni vaqtinchalik yashash manzillariga joylashtirish, ularni oziq-ovqat va dori vositalari, zarur gigiyenik vositalar bilan taʼminlash, tibbiy-psixologik yordam koʻrsatish ishlarini tashkil etish;
Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi tomonidan evakuatsiya qilingan aholining tibbiy koʻrikdan oʻtkazilishi, ularning vaqtinchalik yashash manzillarida sanitar-epidemiologik tadbirlarni oʻtkazish.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi (N. Yoʻldoshev), Ichki ishlar vazirligi (Sh. Sobirov), Milliy gvardiyasi (R. Djurayev) mutasaddi vazirlik va idoralar bilan birgalikda quyidagi zarur choralarni koʻrsin:
yashash joylaridan boshqa hududlarga evakuatsiya qilingan aholini uzluksiz zarur oziq-ovqat mahsulotlari, shaxsiy himoya va gigiyena vositalari, yotoq anjomlari, shuningdek, kuniga uch mahal issiq ovqat bilan taʼminlash;
Sirdaryo viloyatining suv bosgan tumanlarida xavfli hududlar qurshab olinishi, blok-postlar, nazorat-oʻtkazish punktlari va patrullik xizmatini tashkil etish, ushbu hududlarda jinoyatchilikning oldini olish va yoʻl harakati xavfsizligini taʼminlash;
aholi orasida yolgʻon, notoʻgʻri maʼlumot va xabarlar hamda sarosima kayfiyat tarqalishining oldini olish.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi (T. Ishmetov) uch kun muddatda yuz bergan favqulodda hodisa oqibatlarini bartaraf etish, shu jumladan hodisa oqibatida jabrlanganlar va ularning oila aʼzolariga moddiy yordam koʻrsatish ishlariga Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti parametrlarida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti topshiriqlariga muvofiq hududlarni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish uchun koʻzda tutilgan mablagʻlar hisobidan Sirdaryo viloyati mahalliy budjetiga dastlab 100 milliard soʻm miqdorida mablagʻ ajratsin.
Hukumat komissiyasi favqulodda hodisa oqibatlarini oʻrganish natijalariga koʻra, zaruratga qarab, Sirdaryo viloyatiga qoʻshimcha mablagʻlar ajratish boʻyicha taklif kiritsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi (Oʻ. Barnoyev) mutasaddi vazirlik va idoralar hamda tuman hokimliklari bilan birgalikda bir hafta muddatda qishloq xoʻjaligi ekinlariga, jumladan gʻalla, paxta, meva-sabzavot va boshqa ekin turlari boʻyicha zarar yetkazilgan maydonlarni aniqlab, har bir tuman kesimida bajariladigan chora-tadbirlarni ishlab chiqsin hamda tezkor tarzda amalga oshirilishini taʼminlasin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Energetika vazirligi (A. Sultanov) besh kun muddatda ishlab chiqarish, ijtimoiy soha va aholini elektr energiyasi va tabiiy gaz bilan uzluksiz taʼminlash, shuningdek, avariya-tiklash ishlariga, zaruriyatga qarab, respublikaning boshqa hududlaridan kuch-vosita va maxsus texnikalarni jalb etish choralarini koʻrsin.
8. Oʻzbekiston Respublikasi Mudofaa vazirligi (B. Qurbonov) favqulodda hodisa yuz bergan hududlarda muhandislik, qidiruv-qutqaruv va boshqa shoshilinch ishlarni bajarish, zarar koʻrgan odamlarning hayot faoliyatini birinchi navbatda taʼminlash, muhim obyekt va tizimlarning ishchanligini tezkorlik bilan tiklash ishlariga harbiy qism va muassasalarining harbiy xizmatchilari hamda maxsus texnikalarini jalb qilsin.
9. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi (Sh. Sobirov) Milliy gvardiya (R. Djurayev) bilan birgalikda:
Sirdaryo viloyati hududida favqulodda hodisa oqibatlarini bartaraf etish ishlarini amalga oshirish jarayonida jamoat tartibini saqlash, fuqarolar xavfsizligini hamda jismoniy va yuridik shaxslar turar joylari, bino-inshootlari hamda mol-mulki muhofaza qilinishini taʼminlash choralarini koʻrsin;
taʼmirlash-qayta tiklash brigadalari va maxsus xizmatlar transport vositalarining toʻsiqsiz harakatlanishini taʼminlasin, zarur hollarda belgilangan yoʻnalishlarda Yoʻl-patrul xizmati kuchlari yordamida ularning kuzatuvini tashkil etsin, transport taʼminoti va muayyan hududni qamrab olish boʻyicha amaliy yordam koʻrsatsin;
Sirdaryo va Jizzax viloyatlari hokimliklari bilan birgalikda evakuatsiya qilingan aholi toʻgʻrisida ularning ismi-sharifi, yashash manzili va boshqa shaxsiy maʼlumotlari aks etgan aniq roʻyxatni shakllantirsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi (T. Xudaybergenov, A. Qoʻldoshev):
favqulodda hodisa oqibatida saqlanib qolayotgan tahdid va xavflarni oldindan aniqlash hamda bartaraf etish, aholi turar-joylari, ijtimoiy-iqtisodiy ahamiyatga ega boʻlgan obyektlarda yongʻinlar kelib chiqishining oldini olish, moddiy yoʻqotishlarni kamaytirishga qaratilgan va boshqa kechiktirib boʻlmaydigan ishlarni tashkil etsin;
Sogʻliqni saqlash vazirligi bilan birgalikda suv bosgan hududlarning, ayniqsa mozorlar, kanalizatsiya va tozalash inshootlari, epizootiyadan xavfli obyektlarning sanitar-epidemiologik holatini baholash, suv bilan taʼminlash tizimlarini tekshirish va ichimlik suvini yetkazish, fuqarolar evakuatsiya qilingan aholi punktlarida sanitar-gigiyenik tadbirlar, shu jumladan tozalash, boshqa zarur dezinfeksiya va maxsus tadbirlarni amalga oshirsin.
11. Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi (Sh. Sadikov) oʻn kun muddatda Sirdaryo viloyatining suv bosgan Sardoba, Oqoltin va Mirzaobod tumanlarida aloqa vositalari, Internet tarmoqlari hamda texnik qurilmalarga yetkazilgan zararni aniqlash va barchasini ishchi holatga keltirish, uzilgan aloqa kabellari va nosoz holga kelgan mobil aloqa baza stansiya antennalarini qayta tiklash hamda ularning uzluksiz ishlashini taʼminlash choralarini koʻrsin.
12. Favqulodda hodisa natijasida uy-joylariga jiddiy ziyon yetkazilgan aholini ijtimoiy muhofaza qilish maqsadida:
a) Hukumat komissiyasi (A. Aripov), Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Sirdaryo viloyati hokimligi qayd etilgan tumanlarda 2020-2021-yillar davomida koʻp qavatli uy-joylarni muhandislik-transport kommunikatsiyalari bilan birga qurish (keyingi oʻrinlarda — koʻp qavatli uy-joylar) boʻyicha besh kun ichida taklif kiritsin;
b) Oʻzbekiston Respublikasi Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi ikki hafta muddatda koʻp qavatli uy-joylar qurish uchun yer uchastkalarini tanlasin va ularni ajratish boʻyicha materiallarni tegishli vazirlik va idoralar bilan belgilangan tartibda kelishsin;
v) Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi:
Sirdaryo viloyati hokimligi (Gʻ. Mirzayev) bilan birgalikda ikki hafta muddatda koʻp qavatli uy-joylar qurilishi uchun malakali pudrat tashkilotlari oʻrtasida tanlov oʻtkazsin va tanlov gʻoliblari bilan koʻp qavatli uy-joylarni qurish boʻyicha shartnoma imzolasin;
koʻp qavatli uy-joylar va muhandislik-transport kommunikatsiyalari qurilishida qurilish-montaj ishlari va loyiha yechimlarining bajarilishi sifati, shuningdek, shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya etilishi ustidan davlat arxitektura-qurilish nazorati yuritilishini taʼminlasin;
g) Sirdaryo viloyati hokimligi uy-joylariga suv toshqini oqibatida jiddiy ziyon yetkazilgan fuqarolar roʻyxatini tuzsin va ularga qurilgan koʻp qavatli uy-joylarda xonadonlarni begʻaraz ajratish choralarini koʻrsin.
13. Belgilansinki, koʻp qavatli uy-joylarni qurish bilan bogʻliq xarajatlar Davlat budjeti mablagʻlari va boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi koʻp qavatli uy-joylarni qurish uchun qoʻshimcha manbalarni, xususan, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti va davlat maqsadli jamgʻarmalari mablagʻlarini, shu jumladan budjetni qoʻllab-quvvatlash uchun jalb qilinadigan xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlarining kreditlari va qonun bilan taqiqlanmagan boshqa manbalarni jalb qilsin.
14. Hukumat komissiyasi (A. Aripov, Gʻ. Mirzayev) oʻn kun muddatda:
suv bosgan Sardoba, Oqoltin va Mirzaobod tumanlari aholisiga qulay shart-sharoitlar yaratish, aholi punktlarini yanada obod va koʻrkam qilish maqsadida madaniy-maishiy hamda boshqa ijtimoiy obyektlar qurilishi boʻyicha;
Suv xoʻjaligi vazirligi (Sh. Xamrayev) va Qurilish vazirligi bilan birgalikda “Sardoba suv ombori” faoliyatini tiklash, toʻgʻon orqali suv massasi sizib chiqishini bartaraf etish va suv omborining oʻpirilgan qismini rekonstruksiya qilish boʻyicha chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqsin.
Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari J. Qoʻchqorov va Moliya vazirligi (T. Ishmetov) mazkur qurilish ishlarini moliyalashtirish yuzasidan taklif kiritsin.
15. Hukumat komissiyasi (A. Aripov):
Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi (A. Shodmonov) bilan birgalikda favqulodda hodisa oqibatlarini bartaraf etish ishlarini tashkil etish va amalga oshirish davomida hamda evakuatsiya qilingan aholining vaqtincha yashash joylarida va oʻz uylariga qaytgan aholi tomonidan koronavirus infeksiyasi tarqalishi munosabati bilan joriy qilingan karantin qoidalariga qatʼiy rioya etilishini, ularni maxsus shaxsiy himoya vositalari, zarur tibbiy buyumlar va dori vositalari bilan taʼminlasin;
bir oy muddatda Sirdaryo viloyatida joylashgan “Sardoba suv ombori” toʻgʻonidan suv toshishi sabablari, toʻgʻonning loyihalashtirilishi sifati hamda qurilishi meʼyorlari va qoidalariga rioya etilishi, suv omboridan foydalanish va obyektni boshqarish samaradorligi bahosi va boshqa yondosh masalalar, aniqlangan muammo va kamchiliklar toʻgʻrisida, shuningdek kelgusida bunday hodisalarning takrorlanmasligi boʻyicha aniq va asoslantirilgan takliflarni oʻz ichiga olgan yakuniy xulosani Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga kiritsin;
uch oy muddatda respublikada faoliyat koʻrsatayotgan gidrotexnika inshootlari, shu jumladan suv omborlari va toʻgʻonlar, energetika, transport, aloqa va boshqa hayotiy muhim hamda strategik infratuzilma obyektlari va tizimlarining hududlar kesimida maxsus ishchi guruhlarini tashkil etgan holda toʻliq tekshirilishi va har tomonlama taftishdan oʻtkazilishi, aniqlangan xato va kamchiliklarning tezkorlik bilan bartaraf etilishini taʼminlasin.
16. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklarining Sirdaryo viloyatida suv toshqini oqibatida zarar koʻrgan hududlarda avariya-tiklash, qurilish-taʼmirlash ishlarini olib borish, qishloq xoʻjaligi ekinlarini tez kunlarda qayta joylashtirish va ekishni, evakuatsiya qilingan va zarar koʻrgan aholiga har tomonlama tezkor amaliy yordam koʻrsatish maqsadida qurilish materiallari, oziq-ovqat mahsulotlari, dori vositalari va moliyaviy yordamni oʻz ichiga olgan “Madad karvonlari”ni Sirdaryo viloyatiga yuborish haqidagi tashabbuslari qoʻllab-quvvatlansin.
17. Oʻzbekiston Respublikasi Favqulodda vaziyatlar vazirligi:
Sirdaryo viloyatida suv toshishi oqibatlarini bartaraf etish va zarar koʻrgan aholiga yordam koʻrsatish boʻyicha Hukumat tomonidan amalga oshirilayotgan chora-tadbirlar haqida keng jamoatchilikni ommaviy axborot vositalari va faol ijtimoiy tarmoqlar orqali muntazam xabardor etib borilishini taʼminlasin;
bir kun muddatda Sirdaryo viloyatida suv toshishi munosabati bilan aholidan kelib tushayotgan murojaatlarni doimiy va uzluksiz ravishda qabul qilish, fuqarolarga zarur tushuntirish ishlarini tashkil etish maqsadida tunu-kun ishlaydigan qisqa raqamli telefon liniyasini tashkil etsin.
18. Mazkur farmoyish ijrosini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A.N. Aripov va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi rahbari Z.Sh. Nizomiddinov zimmasiga yuklansin.
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil 1-maydagi F-5569-son farmoyishiga ILOVA
Sirdaryo viloyatidagi “Sardoba suv ombori” toʻgʻonidan suv toshishi oqibatlarini bartaraf etish va hodisa sabablarini oʻrganish boʻyicha Hukumat komissiyasi
A.N. Aripov — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri, Komissiya raisi T.A. Xudaybergenov — Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vaziri, Komissiya raisining oʻrinbosari Oʻ.I. Barnoyev — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri oʻrinbosari, Komissiya raisining oʻrinbosari B.N. Qurbonov — Oʻzbekiston Respublikasi mudofaa vaziri, Komissiya raisining oʻrinbosari Gʻ.Gʻ. Mirzayev — Sirdaryo viloyati hokimi, Komissiya raisining oʻrinbosari N.T. Yoʻldoshev — Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurori Sh.Oʻ. Sobirov — Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vazirining birinchi oʻrinbosari B.I. Zakirov — Oʻzbekiston Respublikasi qurilish vaziri T.A. Ishmetov — Oʻzbekiston Respublikasi moliya vaziri R.T. Mamatov — Oʻzbekiston Respublikasi mahalla va oilani qoʻllab-quvvatlash vaziri Sh.R. Xamrayev — Oʻzbekiston Respublikasi suv xoʻjaligi vaziri A.K. Shadmanov — Oʻzbekiston Respublikasi sogʻliqni saqlash vaziri M.X. Saliyev — Oʻzbekiston Respublikasi uy-joy kommunal xizmat koʻrsatish vaziri R.M. Djurayev — Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi qoʻmondoni A.X. Qoʻldoshev — Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vazirining birinchi oʻrinbosari I.R. Maxkamov — Oʻzbekiston Respublikasi transport vazirining birinchi oʻrinbosari vazifasini bajaruvchi U.M. Mustafayev — “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ boshqaruvi raisi B.K. Zaripov — “Oʻzsanoatqurilishmateriallari” uyush�asi raisi A.A. Sanginov — “Oʻzbekgidroenergo” AJ boshqaruvi raisi X.N. Xasilov — “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ boshqaruvi raisi vazifasini bajaruvchisi A.M. Xidirov — Sardoba tumani hokimi D.T. Fozilov — Oqoltin tumani hokimi vazifasini bajaruvchi X.K. Abdullayev — Mirzaobod tumani hokimi
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2020-yil 1-may,
F-5569-son