UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 6-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 6 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 мая 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 May 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТУЗИЛМАСИ

УСТАВИ

«Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чироқчи» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 13 сентябрдаги ПФ-5825-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чироқчи» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида» 2019 йил 13 сентябрдаги ПФ-5825-сон Фармонига мувофиқ «Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

«Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси таркибига кирувчи ҳудудларнинг чегаралари 1-иловага мувофиқ;

«Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

«Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг устави 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан:

«Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасига келгуси йилларда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш шарти билан 2020-2021 йиллар даврида сақлаш харажатлари учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича зарур маблағлар ажратилишини;

«Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг устав фондини шакллантиришга 1,0 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилишини таъминласин.

4. Қашқадарё вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгашига «Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг (кейинги ўринларда — Дирекция) тасдиқланган тузилмасига ва ходимлари сонига инвестициялар ҳажми ва «Чироқчи» ЭИЗ (кейинги ўринларда — «Чироқчи» ЭИЗ) ҳудудида жойлаштирилган инвестиция лойиҳалари сонидан келиб чиқиб, заруратга кўра ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда унга «Чироқчи» ЭИЗнинг муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини босқичма-босқич ривожлантириш бўйича лойиҳалар киритилишини белгиланган тартибда назарда тутсин.

6. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда «Чироқчи» ЭИЗнинг бош режасини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан биргаликда тасдиқланган бош режа асосида «Чироқчи» ЭИЗ ҳудудида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жойлаштириш ва ташкил этиш дастурини Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ва Қашқадарё вилоятининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурини уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;

бир ой муддатда Дирекциянинг Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри, Мустақиллик майдони, 2-уй манзилидаги бинога текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилишини ҳамда зарур инвентарлар билан жиҳозланган хизмат хоналари ажратилишини ва кейинчалик Дирекция учун замонавий маъмурий бино қурилишини;

Дирекцияни малакали мутахассислар билан таъминлашни, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг мазкур йўналишдаги илғор тажрибаси асосида мутахассисларнинг малакасини мунтазам равишда ошириб боришни ҳамда Дирекцияга зарур инвентарлар, ташкилий техника ҳамда самарали фаолият олиб бориш учун талаб этиладиган воситаларни харид қилиш ва сақлаш учун маблағлар ажратилишини таъминласин.

7. Қашқадарё вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари билан биргаликда:

икки ой муддатда Қашқадарё вилояти иқтисодиётининг эҳтиёжлари, шунингдек, мавжуд минерал-хомашё, қишлоқ хўжалиги ресурсларини ва инфратузилмасини инобатга олган ҳолда, «Чироқчи» ЭИЗ ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

«Чироқчи» ЭИЗ ҳудудида ўзлаштириш учун таклиф қилинаётган импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турлари тўғрисидаги маълумотларнинг мунтазам равишда тадбиркорлик субъектларига етказилишини таъминласин;

«Чироқчи» ЭИЗ ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларини жалб этиш, улар билан тизимли ишларни олиб бориш, шунингдек, «Чироқчи» ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришларни жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомаларини сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқсин;

«Чироқчи» ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режаларини ишлаб чиқишда тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш бўйича тегишли чоралар кўрсин.

Амалга оширилган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига 2020 йил 15 июль ва 2021 йил 15 январга қадар ахборот берилсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ва Қашқадарё вилояти ҳокими З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 майдаги 267-сон қарорига 1-ИЛОВА

«Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси таркибига кирувчи ҳудудларнинг чегаралари

1-бошланғич нуқта Қарши шаҳри, Қарши Аэропортининг ҳимоя майдонидан ташқари ҳудудда жойлашган.

1-нуқтадан чегара Қарши шаҳри, Қарши Аэропортининг ҳимоя майдонининг жанубий ғарб томони йўналишда 3700 метр масофада 2-нуқтагача давом этади.

2-нуқтадан чегара очиқ майдон, турар ва нотурар жой объектлар билан 1500 метр масофада 3-нуқтагача давом этади.

3-нуқтадан чегара йўналишда 2700 метр масофада 4-нуқтагача давом этади.

4-нуқтадан чегара мавжуд объектлар ҳимоя зонаси билан 1500 метр масофада 1-нуқтагача давом этади.

«Чироқчи» ЭИЗнинг Қашқадарё вилояти Китоб тумани «Макрид» МФЙ ҳудудидаги 37,4 гектар ер майдони, қўйидаги чегаралар билан:

ғарб томондан — «Мухтор арзи Камол» фермер хўжалиги;

шимол томондан — «Юқори Чил» фермер хўжалиги ва «Абдул Вохид Муртазохон ўғиллари» фермер хўжалиги ер майдони;

шарқ томондан — яйлов ва дала йўли;

жануб томондан — аҳоли яшаш пункти ҳудуди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 майдаги 267-сон қарорига 2-ИЛОВА

«Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 майдаги 267-сон қарорига 3-ИЛОВА

«Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» давлат унитар корхонасининг

1-боб. Умумий қоидалар

1. «Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси» (кейинги ўринларда — Дирекция) оператив бошқарув учун ўзига берилган давлат мулки негизида давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилган тижорат ташкилоти ҳисобланади. У ўзига бириктирилган мулкка нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган доирада ўз фаолияти мақсадларига, мулкдор (ёки унинг топшириғига биноан масъул этиб тайинланган давлат органи — муассис) топшириқларига мувофиқ эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширади.

2. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.

3. Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисобварақларига, шу жумладан валюта ҳисобварақларига, эмблемага, штамплар ва бланкаларга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бошқа реквизитларга эга бўлади.

4. Дирекциянинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи — «Chiroqchi» erkin iqtisodiy zonasi direktsiyasi» davlat unitar korxonasi;

қисқартирилган номи — «Chiroqchi» EIZ direktsiyasi» DUK;

б) рус тилида:

тўлиқ номи — Государственное унитарное предприятие «Дирекция свободной экономической зоны «Чирокчи»;

қисқартирилган номи — ГУП «Дирекция СЭЗ «Чирокчи»;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи — «Directorate of free economic zone «Chirоkchi» State Unitary Company;

қисқартирилган номи — «Directorate of FEZ «Chirоkchi» SUC.

5. Дирекциянинг жойлашган жойи (почта манзили): Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри, Мустақиллик майдони, 2-уй.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси (кейинги ўринларда — Муассис) ҳисобланади.

7. Дирекция ўз номидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ва амалга ошириши, мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши, низоларни ҳал этишда бошқа органларда вакиллик қилиши мумкин.

8. Дирекция Муассиснинг розилигига кўра тижорат ташкилотларининг, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юридик шахсларнинг қатнашишига йўл қўйиладиган нотижорат ташкилотларда иштирокчи (акциядор, аъзо) бўлиши мумкин.

9. Дирекция бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиши мумкин эмас.

2-боб. Дирекция фаолиятининг мақсади ва асосий йўналишлари

10. «Чироқчи» эркин иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда — «Чироқчи» ЭИЗ) ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини, шунингдек, «Чироқчи» ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш орқали оператив бошқариш, «Чироқчи» ЭИЗ иштирокчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда ушбу Уставда назарда тутилган бошқа ишларни (хизматларни) бажаришдан (кўрсатишдан) фойда олиш Дирекция фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.

11. Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

«Чироқчи» ЭИЗ ҳудудида махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилишини таъминлаш;

салоҳиятли инвесторлар ва «Чироқчи» ЭИЗ иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорликни, шу жумладан инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш ва танлаб олиш учун қабул қилишни, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур рухсатномалар беришни «ягона дарча» принципи асосида ташкил этиш;

«Чироқчи» ЭИЗ ҳудудидаги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилади, шунингдек, «Чироқчи» ЭИЗ иштирокчилари томонидан инвестиция битимига киритилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш;

«Чироқчи» ЭИЗ ривожлантириш дастури амалга оширилишини таъминлаш;

«Чироқчи» эркин иқтисодий зонаси иштирокчиларининг реестрини юритиш;

«Чироқчи» ЭИЗ ҳудудида экологик назорат, шунингдек, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишининг назоратини ташкил этиш;

«Чироқчи» ЭИЗ иштирокчилари билан шартномалар асосида маркетинг хизматлари, шунингдек, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда тарғиб қилиш бўйича хизматлар кўрсатиш;

«Чироқчи» ЭИЗ инвесторларни жалб этиш тадбирларини амалга ошириш;

«Чироқчи» ЭИЗ ҳудудига қизиқиш билдирган инвесторларни, эркин иқтисодий зона иштирокчиларини ахборот билан таъминлаш, шу жумладан уларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари билан учрашувларини ташкил этиш;

«Чироқчи» ЭИЗ ҳудудидаги ер участкаларини, шунингдек, бинолар ва иншоотларни эркин иқтисодий зона иштирокчиларига эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага бериш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этиш.

«Чироқчи» ЭИЗ фаолиятини бошқариш бўйича бошқа функцияларни амалга оширишга ҳақлидир.

12. Дирекция қонунчилик ҳужжатларида фаолиятнинг тақиқланмаган бошқа турларини ҳам амалга ошириши мумкин.

3-боб. Дирекция фаолиятини бошқариш

13. Дирекция Муассисга ва Маъмурий кенгашга ҳисобот беради.

14. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Дирекция фаолиятининг мақсади ва йўналишларини белгилаш;

Дирекция Уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

Дирекциянинг ортиқча, фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ва тасарруф этиш;

Дирекцияга берилган мулкдан фойдаланишдан олинган соф фойданинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиш;

Дирекция мулки билан амалга оширилган битимларни ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш ва Дирекцияга етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;

Дирекцияни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ва оралиқ, тугатиш балансини тасдиқлаш;

меҳнатга оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Дирекция раҳбари билан меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатиш ёки бекор қилиш.

15. «Чироқчи» ЭИЗнинг мустақил бюджети ва «Чироқчи» ЭИЗни ривожлантириш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилиши Маъмурий кенгаш томонидан назорат қилинади.

16. Маъмурий кенгаш томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор Дирекциянинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилади.

Дирекцияга Маъмурий кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан келишилган тақдимномасига кўра, Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

17. Дирекция эркин иқтисодий зона иштирокчиларининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

18. Дирекция ижро этувчи орган ҳисобланади.

19. Директор:

қонунчилик ҳужжатлари талабларини бажаришга, Дирекция ходимларининг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқади ва жорий этади;

«Чироқчи» ЭИЗни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини ташкил қилади;

Дирекциянинг асосий фаолиятини такомиллаштиришга, бошқаришнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

Дирекция номидан ишончномасиз ҳаракат қилади, барча ташкилотларда, шу жумладан хорижий ташкилотларда унинг манфаатларини ифода этади;

ходимларни ишга қабул қилади, улар билан меҳнат шартномаларини (контрактларни) тузади, ўзгартиради ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;

қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончномалар беради;

кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади;

Дирекциянинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Дирекциянинг ички иш тартибини ва хўжалик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тасдиқлайди;

Дирекция томонидан қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинишини ташкил этиш ва назорат қилишни таъминлайди;

Дирекцияга юкланган мақсадлар ва вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа функцияларни амалга оширади.

20. Директор:

Муассисга Дирекция фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради;

ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларни бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракат қилиши лозим ҳамда бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи барча талабларнинг ва уларга тенглаштирилган тўловларнинг тўланишини, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ эҳтиёжларга маблағлар ўтказилмаганлиги, Дирекциянинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун, шу жумладан Дирекцияга берилган давлат мол-мулки йўқолган тақдирда, етказилган зарар юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради;

«Чироқчи» ЭИЗнинг Маъмурий кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланадиган мустақил бюджети маблағларининг тасарруф этувчиси ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига «Чироқчи» ЭИЗнинг мустақил бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботни келишиш учун белгиланган тартибда тақдим этади.

21. Директор ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши, шунингдек, Дирекцияга берилган давлат мулкининг сақланиши ва ундан мақсадли фойдаланилиши юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

4-боб. Дирекциянинг устав фонди

22. Дирекциянинг устав фонди «Чироқчи» ЭИЗ фаолиятини оператив бошқаришни амалга ошириш учун Муассис томонидан ўзига берилган маблағлар, мол-мулк ва бошқа активлар йиғиндисидан иборат бўлади.

23. Дирекция устав фондининг миқдори 1 млрд сўмни ташкил қилади.

5-боб. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш тартиби

24. Дирекциянинг устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда, Муассис қарорига биноан амалга оширилади.

6-боб. Дирекция мулкини тасарруф этиш

25. Муассис томонидан Дирекцияга оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган асосий фондлар ва айланма маблағлар Дирекция мол-мулкини ташкил қилади.

26. Дирекциянинг асосий фондлари ва айланма маблағлари бўлинмайди ва улушлар (ҳиссалар, пайлар) бўйича тақсимланиши мумкин эмас.

27. Маъмурий кенгаш Дирекцияга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг сақланишини, шунингдек, ўзгага берилишини Муассис номидан назорат қилади.

28. Директор Муассис билан келишган ҳолда, Дирекция мулкини қуйидагича тасарруф этиши мумкин:

асосий воситаларни сотиш, ижарага ёки гаровга бериш;

мол-мулкни бошқа хўжалик жамиятининг устав фондига улуш сифатида киритиш;

бошқа хўжалик жамиятларининг акцияларини (улушларини) сотиб олиш ва сотиш;

мол-мулкни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқача тарзда тасарруф этиш.

7-боб. Дирекция бюджетини шакллантириш

29. Қуйидагилар Дирекция фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

давлат мулки бўлган ва «Чироқчи» ЭИЗ ҳудудида жойлашган бинолар ва иншоотларни ижарага беришдан олинган даромадларнинг бир қисми;

хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

ЭИЗ иштирокчиларининг ажратмалари ва ЭИЗ иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтиш учун тўловлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.

8-боб. Захира фондини ва бошқа фондларни шакллантириш тартиби

30. Дирекция ўз тасарруфида қоладиган соф фойда ҳисобига захира фондини, шунингдек, бошқа фондларни ташкил этиши мумкин, уларнинг миқдори ва шакллантириш тартиби Муассис томонидан тасдиқланади.

9-боб. Даромадни (фойдани) тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби

31. Дирекциянинг соф фойдаси Дирекция тасарруфида қолади ва ундан Муассис қарорига биноан фойдаланилади.

32. Муассис ўз қарори билан бошқа юридик ва жисмоний шахсларга ҳомийлик хайрияси сифатида йўналтириладиган пул маблағларининг чекланган суммасини, уларни тасарруф этиш ҳуқуқини Директорга берган ҳолда белгилайди.

33. Дирекциянинг хўжалик фаолияти натижасида кўрилган зарарлари ушбу мақсадлар учун ташкил этилган захира фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.

10-боб. Ҳисоботларни тақдим этиш тартиби

34. Дирекция ҳисобот даври тугагач, ваколатли органларга молия ҳисоботини ва рўйхати қонунчилик ҳужжатларида белгиланадиган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг давлат томонидан сақлашга берилиши юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.

35. Дирекциянинг хўжалик субъекти сифатидаги фаолияти Маъмурий кенгаш томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилинади.

36. Директор ҳар чоракда Дирекция фаолиятининг натижалари ва тасдиқланган ривожлантириш дастурларининг амалга оширилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

11-боб. Дирекциянинг жавобгарлиги

37. Дирекция ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Муассис Дирекциянинг мулки етарли бўлмаган тақдирда, унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликни амалга оширади.

38. Дирекция Муассис мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

12-боб. Дирекцияни тугатиш ва қайта ташкил этиш

39. Дирекция Муассиснинг қарорига кўра, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ёки суд қарорига биноан тугатилиши ёхуд қайта ташкил этилиши мумкин.

40. Дирекцияни тугатиш Дирекция фаолиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда тўхтатилишига сабаб бўлади.

Дирекция қайта ташкил этилган тақдирда, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворисга ўтади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 6 май,

267-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.05.2020 й., 09/20/267/0536-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 27.08.2025 й., 09/25/538/0782-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TUZILMASI

USTAVI

“Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasini tashkil etish toʻgʻrisida” 2019-yil 13-sentabrdagi PF-5825-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasini tashkil etish toʻgʻrisida” 2019-yil 13-sentabrdagi PF-5825-son Farmoniga muvofiq “Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi tashkil etilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Quyidagilar:

“Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi tarkibiga kiruvchi hududlarning chegaralari 1-ilovaga muvofiq;

“Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining tuzilmasi 2-ilovaga muvofiq;

“Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining ustavi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Vazirlar Mahkamasining zaxira jamgʻarmasidan:

“Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasiga kelgusi yillarda oʻzini oʻzi moliyalashtirishga oʻtkazish sharti bilan 2020-2021-yillar davrida saqlash xarajatlari uchun asoslangan hisob-kitoblar boʻyicha zarur mablagʻlar ajratilishini;

“Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining ustav fondini shakllantirishga 1,0 mlrd soʻm miqdorida mablagʻ ajratilishini taʼminlasin.

4. Qashqadaryo viloyati erkin iqtisodiy zonalar va kichik sanoat zonalarining maʼmuriy kengashiga “Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) tasdiqlangan tuzilmasiga va xodimlari soniga investitsiyalar hajmi va “Chiroqchi” EIZ (keyingi oʻrinlarda — “Chiroqchi” EIZ) hududida joylashtirilgan investitsiya loyihalari sonidan kelib chiqib, zaruratga koʻra oʻzgartirish kiritish huquqi berilsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi Moliya vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan birgalikda har yili Oʻzbekiston Respublikasining Investitsiya dasturini shakllantirishda unga “Chiroqchi” EIZning muhandislik-kommunikatsiya va yoʻl-transport infratuzilmasini bosqichma-bosqich rivojlantirish boʻyicha loyihalar kiritilishini belgilangan tartibda nazarda tutsin.

6. Qashqadaryo viloyati hokimligi:

Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi hamda Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan birgalikda “Chiroqchi” EIZning bosh rejasini ikki oy muddatda ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Moliya vazirligi, Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligi, Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi, “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ, “Hududgaztaʼminot” AJ, “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ bilan birgalikda tasdiqlangan bosh reja asosida “Chiroqchi” EIZ hududida muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmasini joylashtirish va tashkil etish dasturini Oʻzbekiston Respublikasi respublika budjeti va Qashqadaryo viloyatining mahalliy budjeti mablagʻlari hisobidan teng ulushlarda moliyalashtirish boʻyicha chora-tadbirlar dasturini uch oy muddatda Vazirlar Mahkamasiga tasdiqlash uchun kiritsin;

bir oy muddatda Direksiyaning Qashqadaryo viloyati, Qarshi shahri, Mustaqillik maydoni, 2-uy manzilidagi binoga tekin foydalanish huquqi bilan joylashtirilishini hamda zarur inventarlar bilan jihozlangan xizmat xonalari ajratilishini va keyinchalik Direksiya uchun zamonaviy maʼmuriy bino qurilishini;

Direksiyani malakali mutaxassislar bilan taʼminlashni, shuningdek, xorijiy mamlakatlarning mazkur yoʻnalishdagi ilgʻor tajribasi asosida mutaxassislarning malakasini muntazam ravishda oshirib borishni hamda Direksiyaga zarur inventarlar, tashkiliy texnika hamda samarali faoliyat olib borish uchun talab etiladigan vositalarni xarid qilish va saqlash uchun mablagʻlar ajratilishini taʼminlasin.

7. Qashqadaryo viloyati erkin iqtisodiy zonalar va kichik sanoat zonalarining maʼmuriy kengashi Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi, Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Savdo-sanoat palatasi va tijorat banklari bilan birgalikda:

ikki oy muddatda Qashqadaryo viloyati iqtisodiyotining ehtiyojlari, shuningdek, mavjud mineral-xomashyo, qishloq xoʻjaligi resurslarini va infratuzilmasini inobatga olgan holda, “Chiroqchi” EIZ hududida import oʻrnini bosuvchi va eksportga yoʻnaltirilgan tayyor mahsulotlar, materiallar va butlovchi buyumlar turlarini ishlab chiqarish korxonalarini joylashtirish boʻyicha manzilli dasturni ishlab chiqsin va tasdiqlash uchun Vazirlar Mahkamasiga kiritsin;

“Chiroqchi” EIZ hududida oʻzlashtirish uchun taklif qilinayotgan import oʻrnini bosuvchi va eksportga yoʻnaltirilgan tayyor mahsulotlar, materiallar va butlovchi buyumlar turlari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning muntazam ravishda tadbirkorlik subyektlariga yetkazilishini taʼminlasin;

“Chiroqchi” EIZ hududida loyihalarni amalga oshirish uchun tadbirkorlik subyektlarini jalb etish, ular bilan tizimli ishlarni olib borish, shuningdek, “Chiroqchi” EIZ hududida ishlab chiqarishlarni joylashtirish boʻyicha investitsiya buyurtmanomalarini sifatli va oʻz vaqtida koʻrib chiqsin;

“Chiroqchi” EIZ hududida ishlab chiqarishlarni tashkil etish boʻyicha investitsiya loyihalarining biznes-rejalarini ishlab chiqishda tadbirkorlik subyektlariga koʻmaklashish boʻyicha tegishli choralar koʻrsin.

Amalga oshirilgan chora-tadbirlarning samaradorligi va natijadorligi toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga 2020-yil 15-iyul va 2021-yil 15-yanvarga qadar axborot berilsin.

8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov va Qashqadaryo viloyati hokimi Z.T. Mirzayev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 6-maydagi 267-son qaroriga 1-ILOVA

“Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi tarkibiga kiruvchi hududlarning chegaralari

1-boshlangʻich nuqta Qarshi shahri, Qarshi Aeroportining himoya maydonidan tashqari hududda joylashgan.

1-nuqtadan chegara Qarshi shahri, Qarshi Aeroportining himoya maydonining janubiy gʻarb tomoni yoʻnalishda 3700 metr masofada 2-nuqtagacha davom etadi.

2-nuqtadan chegara ochiq maydon, turar va noturar joy obyektlar bilan 1500 metr masofada 3-nuqtagacha davom etadi.

3-nuqtadan chegara yoʻnalishda 2700 metr masofada 4-nuqtagacha davom etadi.

4-nuqtadan chegara mavjud obyektlar himoya zonasi bilan 1500 metr masofada 1-nuqtagacha davom etadi.

“Chiroqchi” EIZning Qashqadaryo viloyati Kitob tumani “Makrid” MFY hududidagi 37,4 gektar yer maydoni, qoʻyidagi chegaralar bilan:

gʻarb tomondan — “Muxtor arzi Kamol” fermer xoʻjaligi;

shimol tomondan — “Yuqori Chil” fermer xoʻjaligi va “Abdul Voxid Murtazoxon oʻgʻillari” fermer xoʻjaligi yer maydoni;

sharq tomondan — yaylov va dala yoʻli;

janub tomondan — aholi yashash punkti hududi.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 6-maydagi 267-son qaroriga 2-ILOVA

“Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 6-maydagi 267-son qaroriga 3-ILOVA

“Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” davlat unitar korxonasining

1-bob. Umumiy qoidalar

1. “Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi direksiyasi” (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) operativ boshqaruv uchun oʻziga berilgan davlat mulki negizida davlat unitar korxonasi shaklida tashkil etilgan tijorat tashkiloti hisoblanadi. U oʻziga biriktirilgan mulkka nisbatan qonunchilik hujjatlarida belgilangan doirada oʻz faoliyati maqsadlariga, mulkdor (yoki uning topshirigʻiga binoan masʼul etib tayinlangan davlat organi — muassis) topshiriqlariga muvofiq egalik qilish, undan foydalanish va uni tasarruf etish huquqini amalga oshiradi.

2. Direksiya oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasiga va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, ushbu Ustavga hamda boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.

3. Direksiya yuridik shaxs hisoblanadi, alohida mulkka, mustaqil balansga, banklarda hisobvaraqlariga, shu jumladan valyuta hisobvaraqlariga, emblemaga, shtamplar va blankalarga, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan, oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va boshqa rekvizitlarga ega boʻladi.

4. Direksiyaning rasmiy nomi:

a) davlat tilida:

toʻliq nomi — “Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi direktsiyasi” davlat unitar korxonasi;

qisqartirilgan nomi — “Chiroqchi” EIZ direktsiyasi” DUK;

b) rus tilida:

toʻliq nomi — Gosudarstvennoye unitarnoye predpriyatiye “Direksiya svobodnoy ekonomicheskoy zoni “Chirokchi”;

qisqartirilgan nomi — GUP “Direksiya SEZ “Chirokchi”;

v) ingliz tilida:

toʻliq nomi — “Directorate of free economic zone “Chirokchi” State Unitary Company;

qisqartirilgan nomi — “Directorate of FEZ “Chirokchi” SUC.

5. Direksiyaning joylashgan joyi (pochta manzili): Qashqadaryo viloyati, Qarshi shahri, Mustaqillik maydoni, 2-uy.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Direksiyaning muassisi (keyingi oʻrinlarda — Muassis) hisoblanadi.

7. Direksiya oʻz nomidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda mulkiy va shaxsiy nomulkiy huquqlarni olishi va amalga oshirishi, majburiyatlar olishi, sudda daʼvogar va javobgar boʻlishi, nizolarni hal etishda boshqa organlarda vakillik qilishi mumkin.

8. Direksiya Muassisning roziligiga koʻra tijorat tashkilotlarining, shuningdek, qonunchilik hujjatlariga muvofiq yuridik shaxslarning qatnashishiga yoʻl qoʻyiladigan notijorat tashkilotlarda ishtirokchi (aksiyador, aʼzo) boʻlishi mumkin.

9. Direksiya boshqa davlat korxonasining muassisi boʻlishi mumkin emas.

2-bob. Direksiya faoliyatining maqsadi va asosiy yoʻnalishlari

10. “Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasini (keyingi oʻrinlarda — “Chiroqchi” EIZ) rivojlantirish davlat dasturlarining toʻliq va oʻz vaqtida bajarilishini, shuningdek, “Chiroqchi” EIZ hududida alohida huquqiy rejimga rioya etilishini taʼminlash orqali operativ boshqarish, “Chiroqchi” EIZ ishtirokchilariga xizmatlar koʻrsatishdan hamda ushbu Ustavda nazarda tutilgan boshqa ishlarni (xizmatlarni) bajarishdan (koʻrsatishdan) foyda olish Direksiya faoliyatining asosiy maqsadi hisoblanadi.

11. Quyidagilar Direksiya faoliyatining asosiy yoʻnalishlari hisoblanadi:

“Chiroqchi” EIZ hududida maxsus huquqiy rejimning amal qilishini taʼminlash;

salohiyatli investorlar va “Chiroqchi” EIZ ishtirokchilari bilan oʻzaro hamkorlikni, shu jumladan investitsiya buyurtmanomasini koʻrib chiqish va tanlab olish uchun qabul qilishni, muhandislik-kommunikatsiya infratuzilmasi tarmoqlariga ulanish uchun zarur ruxsatnomalar berishni “yagona darcha” prinsipi asosida tashkil etish;

“Chiroqchi” EIZ hududidagi investitsiya loyihalarining amalga oshirilishini monitoring qiladi, shuningdek, “Chiroqchi” EIZ ishtirokchilari tomonidan investitsiya bitimiga kiritilgan majburiyatlarning bajarilishini nazorat qilish;

“Chiroqchi” EIZ rivojlantirish dasturi amalga oshirilishini taʼminlash;

“Chiroqchi” erkin iqtisodiy zonasi ishtirokchilarining reyestrini yuritish;

“Chiroqchi” EIZ hududida ekologik nazorat, shuningdek, madaniy meros obyektlarini muhofaza qilish va ulardan foydalanish toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga rioya etilishining nazoratini tashkil etish;

“Chiroqchi” EIZ ishtirokchilari bilan shartnomalar asosida marketing xizmatlari, shuningdek, mahsulotlarni ichki va tashqi bozorlarda targʻib qilish boʻyicha xizmatlar koʻrsatish;

“Chiroqchi” EIZ investorlarni jalb etish tadbirlarini amalga oshirish;

“Chiroqchi” EIZ hududiga qiziqish bildirgan investorlarni, erkin iqtisodiy zona ishtirokchilarini axborot bilan taʼminlash, shu jumladan ularning davlat organlari va boshqa tashkilotlar vakillari bilan uchrashuvlarini tashkil etish;

“Chiroqchi” EIZ hududidagi yer uchastkalarini, shuningdek, binolar va inshootlarni erkin iqtisodiy zona ishtirokchilariga egalik qilishga, foydalanishga va ijaraga berish;

davlat-xususiy sheriklik loyihalarida ishtirok etish.

“Chiroqchi” EIZ faoliyatini boshqarish boʻyicha boshqa funksiyalarni amalga oshirishga haqlidir.

12. Direksiya qonunchilik hujjatlarida faoliyatning taqiqlanmagan boshqa turlarini ham amalga oshirishi mumkin.

3-bob. Direksiya faoliyatini boshqarish

13. Direksiya Muassisga va Maʼmuriy kengashga hisobot beradi.

14. Muassis quyidagi huquqlarga ega:

Direksiya faoliyatining maqsadi va yoʻnalishlarini belgilash;

Direksiya Ustaviga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish;

Direksiyaning ortiqcha, foydalanilmayotgan yoxud belgilangan maqsadda foydalanilmayotgan mulkini olib qoʻyish va tasarruf etish;

Direksiyaga berilgan mulkdan foydalanishdan olingan sof foydaning bir qismini yoki hammasini olish;

Direksiya mulki bilan amalga oshirilgan bitimlarni haqiqiy emas deb hisoblash va Direksiyaga yetkazilgan zararlarni qoplash toʻgʻrisida sudga daʼvo arizasi bilan murojaat qilish;

Direksiyani qayta tashkil etish yoki tugatish toʻgʻrisida qaror qabul qilish, tugatish komissiyasini tayinlash va oraliq, tugatish balansini tasdiqlash;

mehnatga oid qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda Direksiya rahbari bilan mehnat shartnomasini muddatidan oldin toʻxtatish yoki bekor qilish.

15. “Chiroqchi” EIZning mustaqil budjeti va “Chiroqchi” EIZni rivojlantirish jamgʻarmasi mablagʻlaridan maqsadli foydalanilishi Maʼmuriy kengash tomonidan nazorat qilinadi.

16. Maʼmuriy kengash tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan direktor Direksiyaning joriy faoliyatiga rahbarlik qiladi.

Direksiyaga Maʼmuriy kengashning Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligi bilan kelishilgan taqdimnomasiga koʻra, Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan direktor rahbarlik qiladi.

17. Direksiya erkin iqtisodiy zona ishtirokchilarining qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladigan faoliyatiga aralashishga haqli emas.

18. Direksiya ijro etuvchi organ hisoblanadi.

19. Direktor:

qonunchilik hujjatlari talablarini bajarishga, Direksiya xodimlarining mehnat sharoitlarini muhofaza qilish va yaxshilash, atrof-muhitni muhofaza qilish va tabiiy resurslardan oqilona foydalanish sohasidagi qonunchilik hujjatlariga rioya qilinishini taʼminlash tadbirlarini ishlab chiqadi va joriy etadi;

“Chiroqchi” EIZni rivojlantirish dasturlarining amalga oshirilishini tashkil qiladi;

Direksiyaning asosiy faoliyatini takomillashtirishga, boshqarishning zamonaviy usullarini joriy etishga doir chora-tadbirlarni amalga oshiradi;

Direksiya nomidan ishonchnomasiz harakat qiladi, barcha tashkilotlarda, shu jumladan xorijiy tashkilotlarda uning manfaatlarini ifoda etadi;

xodimlarni ishga qabul qiladi, ular bilan mehnat shartnomalarini (kontraktlarni) tuzadi, oʻzgartiradi va ularning amal qilishini toʻxtatadi;

qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ishonchnomalar beradi;

kadrlarni tayyorlash, ularning malakasini oshirish chora-tadbirlarini amalga oshiradi;

Direksiyaning barcha xodimlari uchun majburiy boʻlgan buyruqlar chiqaradi va koʻrsatmalar beradi;

Direksiyaning ichki ish tartibini va xoʻjalik faoliyatini tartibga soluvchi hujjatlarni tasdiqlaydi;

Direksiya tomonidan qonunchilik hujjatlariga rioya qilinishini tashkil etish va nazorat qilishni taʼminlaydi;

Direksiyaga yuklangan maqsadlar va vazifalarni bajarish uchun zarur boʻlgan boshqa funksiyalarni amalga oshiradi.

20. Direktor:

Muassisga Direksiya faoliyati toʻgʻrisida belgilangan tartibda hisobot beradi;

oʻz huquqlarini amalga oshirishda va vazifalarni bajarishda Direksiya manfaatlarini koʻzlagan holda harakat qilishi lozim hamda budjetga va budjetdan tashqari jamgʻarmalarga toʻlovlar, ish haqining oʻz vaqtida toʻlanishi, mehnatga oid huquqiy munosabatlardan kelib chiquvchi barcha talablarning va ularga tenglashtirilgan toʻlovlarning toʻlanishini, ishlab chiqarish faoliyati bilan bevosita bogʻliq ehtiyojlarga mablagʻlar oʻtkazilmaganligi, Direksiyaning xatti-harakatlari (harakatsizligi) uchun, shu jumladan Direksiyaga berilgan davlat mol-mulki yoʻqolgan taqdirda, yetkazilgan zarar yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi;

“Chiroqchi” EIZning Maʼmuriy kengash tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bilan kelishgan holda tasdiqlanadigan mustaqil budjeti mablagʻlarining tasarruf etuvchisi hisoblanadi;

Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligiga “Chiroqchi” EIZning mustaqil budjeti ijrosi toʻgʻrisidagi hisobotni kelishish uchun belgilangan tartibda taqdim etadi.

21. Direktor oʻz zimmasiga yuklangan vazifalarning bajarilishi, shuningdek, Direksiyaga berilgan davlat mulkining saqlanishi va undan maqsadli foydalanilishi yuzasidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradi.

4-bob. Direksiyaning ustav fondi

22. Direksiyaning ustav fondi “Chiroqchi” EIZ faoliyatini operativ boshqarishni amalga oshirish uchun Muassis tomonidan oʻziga berilgan mablagʻlar, mol-mulk va boshqa aktivlar yigʻindisidan iborat boʻladi.

23. Direksiya ustav fondining miqdori 1 mlrd soʻmni tashkil qiladi.

5-bob. Direksiyaning ustav fondini koʻpaytirish va kamaytirish tartibi

24. Direksiyaning ustav fondini koʻpaytirish yoki kamaytirish qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda, Muassis qaroriga binoan amalga oshiriladi.

6-bob. Direksiya mulkini tasarruf etish

25. Muassis tomonidan Direksiyaga operativ boshqaruv huquqi bilan berilgan asosiy fondlar va aylanma mablagʻlar Direksiya mol-mulkini tashkil qiladi.

26. Direksiyaning asosiy fondlari va aylanma mablagʻlari boʻlinmaydi va ulushlar (hissalar, paylar) boʻyicha taqsimlanishi mumkin emas.

27. Maʼmuriy kengash Direksiyaga berilgan davlat mulkidan belgilangan maqsadda foydalanilishini va uning saqlanishini, shuningdek, oʻzgaga berilishini Muassis nomidan nazorat qiladi.

28. Direktor Muassis bilan kelishgan holda, Direksiya mulkini quyidagicha tasarruf etishi mumkin:

asosiy vositalarni sotish, ijaraga yoki garovga berish;

mol-mulkni boshqa xoʻjalik jamiyatining ustav fondiga ulush sifatida kiritish;

boshqa xoʻjalik jamiyatlarining aksiyalarini (ulushlarini) sotib olish va sotish;

mol-mulkni qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda boshqacha tarzda tasarruf etish.

7-bob. Direksiya budjetini shakllantirish

29. Quyidagilar Direksiya faoliyatini moliyalashtirish manbalari hisoblanadi:

davlat mulki boʻlgan va “Chiroqchi” EIZ hududida joylashgan binolar va inshootlarni ijaraga berishdan olingan daromadlarning bir qismi;

xizmatlar koʻrsatishdan olingan daromadlar;

EIZ ishtirokchilarining ajratmalari va EIZ ishtirokchilari sifatida roʻyxatdan oʻtish uchun toʻlovlar;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa mablagʻlar.

8-bob. Zaxira fondini va boshqa fondlarni shakllantirish tartibi

30. Direksiya oʻz tasarrufida qoladigan sof foyda hisobiga zaxira fondini, shuningdek, boshqa fondlarni tashkil etishi mumkin, ularning miqdori va shakllantirish tartibi Muassis tomonidan tasdiqlanadi.

9-bob. Daromadni (foydani) taqsimlash va zararlarni qoplash tartibi

31. Direksiyaning sof foydasi Direksiya tasarrufida qoladi va undan Muassis qaroriga binoan foydalaniladi.

32. Muassis oʻz qarori bilan boshqa yuridik va jismoniy shaxslarga homiylik xayriyasi sifatida yoʻnaltiriladigan pul mablagʻlarining cheklangan summasini, ularni tasarruf etish huquqini Direktorga bergan holda belgilaydi.

33. Direksiyaning xoʻjalik faoliyati natijasida koʻrilgan zararlari ushbu maqsadlar uchun tashkil etilgan zaxira fondi mablagʻlari hisobidan qoplanishi mumkin.

10-bob. Hisobotlarni taqdim etish tartibi

34. Direksiya hisobot davri tugagach, vakolatli organlarga moliya hisobotini va roʻyxati qonunchilik hujjatlarida belgilanadigan boshqa hujjatlarni taqdim etadi hamda hujjatlarning saqlanishi va ularning davlat tomonidan saqlashga berilishi yuzasidan belgilangan tartibda javob beradi.

35. Direksiyaning xoʻjalik subyekti sifatidagi faoliyati Maʼmuriy kengash tomonidan qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda nazorat qilinadi.

36. Direktor har chorakda Direksiya faoliyatining natijalari va tasdiqlangan rivojlantirish dasturlarining amalga oshirilishi toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga hisobot beradi.

11-bob. Direksiyaning javobgarligi

37. Direksiya oʻz majburiyatlari boʻyicha oʻziga tegishli mulk bilan javob beradi. Muassis Direksiyaning mulki yetarli boʻlmagan taqdirda, uning majburiyatlari boʻyicha subsidiar javobgarlikni amalga oshiradi.

38. Direksiya Muassis majburiyatlari boʻyicha javob bermaydi.

12-bob. Direksiyani tugatish va qayta tashkil etish

39. Direksiya Muassisning qaroriga koʻra, qonunchilik hujjatlarida nazarda tutilgan tartibda yoki sud qaroriga binoan tugatilishi yoxud qayta tashkil etilishi mumkin.

40. Direksiyani tugatish Direksiya faoliyatining huquq va majburiyatlari huquqiy vorislik tartibida boshqa shaxslarga oʻtmagan holda toʻxtatilishiga sabab boʻladi.

Direksiya qayta tashkil etilgan taqdirda, uning huquq va majburiyatlari huquqiy vorisga oʻtadi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 6-may,

267-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 06.05.2020-y., 09/20/267/0536-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.12.2021-y., 09/21/786/1216-son, Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 27.08.2025-y., 09/25/538/0782-son)

lex.uz