📅 2020-yil 11-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 11-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 11 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 11 мая 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 11 May 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
СХЕМАСИ
МЕЗОНЛАРИ
Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 1 ноябрдаги ПҚ-3365-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, илмий ташкилотлар фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини рейтинг асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги республикада фаолият юритаётган илмий ташкилотлар рейтингини шакллантириш учун масъул этиб белгилансин.
3. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг илмий ташкилотлар рейтингини (кейинги ўринларда — рейтинг) аниқлаш соҳасидаги қўшимча вазифалари этиб белгилансин:
илмий ташкилотларнинг илмий-тадқиқот ва инновацион фаолияти даражаси, илмий-тадқиқот ишлари сифати, илмий-инновацион фаолият натижаларини тавсифловчи маълумотлар базасини тизимли асосда шакллантириш ҳамда уларни рейтинг кўрсаткичларига мувофиқ баҳолаш асосида ҳар йили республика илмий ташкилотлар рейтингини тузиш;
жаҳондаги етакчи рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва миллий илмий ташкилотларнинг дунёдаги нуфузли илмий марказлар рейтингига киришида амалий ёрдам кўрсатиш;
рейтинг натижалари асосида илмий ташкилотларда илмий-тадқиқот ва инновация ишлари сифатини оширишга қаратилган аниқ таклифларни назарда тутувчи республикадаги илмий ташкилотлар фаолияти тўғрисида таҳлилий ахборот тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
ҳар йили рейтинг натижаларини Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиш;
илғор халқаро тажриба асосида ҳамда фан ва технологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда рейтинг тузилмасига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб бориш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
бўйсунувида илмий ташкилотлар бўлган вазирликлар, идоралар ҳамда илмий ташкилотлар томонидан рейтингни аниқлашга оид маълумотлар ҳар йили 1 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади;
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига киритиладиган рейтингни аниқлашга доир маълумотларнинг асосланганлиги, ишончлилиги ва белгиланган муддатда тақдим этилиши учун тегишли вазирликлар ва идоралар ҳамда илмий ташкилотларнинг раҳбарлари шахсан жавоб берадилар.
5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бир ой муддатда:
рейтингни ҳисоблаш методикасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IT-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибиятига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 майдаги 274-сон қарорига ИЛОВА
Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом илмий ташкилотлар рейтингини (кейинги ўринларда — рейтинг) аниқлаш тартибини белгилайди.
2. Илмий ташкилотлар рейтинги Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳар йили холислик, ошкоралик ва адолат тамойилларига амал қилинган ҳолда аниқланади.
3. Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг илмий-инновацион фаолияти даражаси ва сифатини оширишни рағбатлантириш, илмий ходимларнинг илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари учун илмий ҳажмдор маҳсулотлар ва технологияларни тайёрлашга замин яратиш мақсадида амалга оширилади.
4. Қуйидагилар рейтингни аниқлашнинг вазифалари ҳисобланади:
илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни мунтазам такомиллаштириб бориш асосида талаб юқори бўлган илмий ҳажмдор маҳсулотларни тайёрлаш;
илмий ташкилотларда олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар ва инновация ишлари сифати, улардаги мавжуд имкониятлар, илмий лабораториялар, асбоб-ускуналар ҳақида илмий фаолиятни бошқариш бўйича ваколатли органлар, буюртмачилар ҳамда кенг жамоатчиликни холис ахборотлар билан таъминлаш;
илмий ташкилотларнинг жаҳондаги рейтинги юқори бўлган илмий-тадқиқот муассасалари билан изчил ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда уларнинг халқаро стандартларга мувофиқ юқори кўрсаткичларга эришишига кўмаклашиш;
миллий рейтинг тизимида юқори кўрсаткичларни қайд этган илмий ташкилотларнинг дунёдаги нуфузли илмий марказлар қаторига кириши учун зарур чора-тадбирларни амалга ошириб бориш.
5. Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш тартиби
6. Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ҳисобот йилидан кейинги йилнинг биринчи чорагида амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида тегишли намунадаги жадваллар ишлаб чиқилади ва рейтинг аниқланаётган йилнинг 20 декабрига қадар бўйсунувида илмий ташкилотлар бўлган вазирликлар ва идораларга ҳамда илмий ташкилотларга етказилади.
8. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда илмий ташкилотлар томонидан рейтингни аниқлашга оид маълумотлар асослантирувчи ҳужжатлари билан биргаликда 1 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади.
Асослантирувчи ҳужжатлар қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.
Асослантирувчи ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, маълумотлар рейтингни ҳисоблашда инобатга олинмайди.
9. Рейтингни аниқлашга оид маълумотларнинг ишончлилиги, тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан бир ҳафта муддатда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг мутахассислари, мустақил экспертлар ҳамда олимлардан иборат ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда — ишчи гуруҳ) тузилади.
10. Ишчи гуруҳ томонидан заруратга кўра, тақдим этилган рейтингни аниқлашга оид маълумотлар жойига чиққан ҳолда ўрганилиши мумкин. Бунда ишчи гуруҳ 1 апрелга қадар тегишли далолатнома асосида илмий ташкилотлар раҳбарлари имзоси билан тасдиқланган маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этади.
11. Ўзбекистон Респбликаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасини шакллантириш учун қуйидаги маълумотлар қўшимча равишда сўраб олиниши мумкин:
илмий ташкилот учун юқори турувчи давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларидан — илмий-тадқиқот ва инновация ишларига йўналтирилган хорижий грантлар ва хорижий жамғармалар маблағлари, иқтисодиётнинг тегишли тармоқлари буюртмалари асосида ўтказилган илмий-тадқиқотлар ёки хўжалик шартномалари асосида олинган маблағлар тўғрисидаги маълумотлар;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясидан — фан номзоди, фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларига ҳамда илмий даражага эга бўлмай доцент ёки профессор илмий унвонларига тасдиқланган илмий ташкилотлар илмий ходимлари томонидан ҳимоя қилинган диссертациялар тўғрисидаги маълумотлар;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигидан — илмий ташкилотлар ва уларда фаолият олиб бораётган илмий ходимларга тегишли ихтиро, фойдали модель, саноат намуналари ва селекция ютуқлари учун олинган патентлар, ахборот-коммуникация технологиялари учун дастурлар ва маълумотлар базалари учун олинган гувоҳномалар, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинадиган турли бошқа материаллар тўғрисидаги маълумотлар.
Илмий ташкилотларда танловлар асосида шакллантирилган ва давлат илмий-техника дастурларига киритилган фундаментал, амалий ва инновацион ҳамда стартап лойиҳаларга ажратилган маблағлар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан рейтингни аниқлашга оид маълумотлар базасига киритилади.
3-боб. Рейтинг натижаларини ҳисоблаш ва эълон қилиш тартиби
12. Рейтингни аниқлашга оид тўпланган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 1 майга қадар илмий ташкилотлар рейтинги аниқланади.
Бунда илмий ташкилотларнинг рейтинг натижалари асосида қуйидаги тоифаларга бўлинади:
I тоифа — етакчи (лидер) илмий ташкилотлар;
II тоифа — ўртача (қониқарли) натижадорликни намоён этувчи илмий ташкилотлар;
III тоифа — асосий илмий фаолиятни ҳамда ривожланиш истиқболини йўқотган (қониқарсиз) илмий ташкилотлар.
Рейтинг балларини ҳисоблаш ушбу Низомнинг 2-иловасида келтирилган Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш мезонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланган Илмий ташкилотлар рейтингини ҳисоблаш методикаси асосида амалга оширилади.
13. Рейтинг кўрсаткичлари учун балларни ҳисоблаш қуйидагича амалга оширилади:
тегишли рейтинг кўрсаткичи бўйича энг юқори кўрсаткичга эга илмий ташкилотлар аниқланади;
энг юқори кўрсаткичга эга бўлган илмий ташкилотларга шу кўрсаткич учун белгиланган энг кўп балл берилади;
бошқа барча илмий ташкилотларнинг баллари шу кўрсаткич бўйича энг юқори баллга эга бўлган илмий ташкилотларнинг кўрсаткичига нисбатан ҳисобланади;
ҳар бир кўрсаткич бўйича ҳисобланган баллар йиғиндиси илмий ташкилотлар рейтингини белгилайди.
14. Рейтинг натижалари ҳар йили июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
15. Рейтингни аниқлашга оид маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида сақланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
16. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
17. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартиби
Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Илмий ташкилотлар рейтингини аниқлаш
Т/р Индикаторлар Балл Жами 100 I. Кадрлар салоҳияти бўйича кўрсаткичлар 15 1. Илмий ходимларнинг илмий салоҳияти, шу жумладан 4 1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари 2. Фан доктори (DSc) 3. Фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) 2. Илмий ходимлар таркибидаги ёш олимлар улуши 2 3. Илмий ходимларнинг ўртача ёши 1 4. Педагогик фаолият билан шуғулланаётганлар улуши 1 5. Илмий ходимларнинг мобиллиги (хорижий илмий ташкилотларда маъруза ва семинар машғулотларини олиб бориш, хорижий илмий изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш) 1 6. Устоз-шогирд анъанаси асосида илмий кадрларни тайёрлаш тизимининг мавжудлиги 1 7. Докторлик (фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилиш самарадорлиги: 3 1. Жорий йилда ҳимоя қилганлар улуши 2. Ўтган йилда ҳимоя қилганлар улуши 3. Илмий ташкилотнинг илмий ходимлари раҳбарлигида ҳимоя қилинган докторлик диссертациялар улуши (жорий ва ўтган йилда) 8. Илмий унвон олиш самарадорлиги: 1 1. Профессор илмий унвони ёки етакчи (бош) илмий ходим унвони 2. Катта илмий ходим ёки доцент илмий унвони 9. Диссертациясини муддатида ҳимоя қилган докторант ёки мустақил изланувчилар (PhD ва DSc) улуши (ҳузурида докторантура мавжуд бўлса) 1 II. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари, халқаро грантлар ва хўжалик шартномалари доирасидаги илмий-инновацион лойиҳаларни амалга ошириш натижалари кўрсаткичи 30 10. Фундаментал лойиҳалар улуши 6 11. Амалий лойиҳалар улуши 4 12. Инновацион лойиҳалар улуши 4 13. Халқаро ҳамкорликдаги қўшма лойиҳалар улуши 6 14. Халқаро грантлар улуши 5 15. Бюджетдан ташқари маблағларнинг жалб қилинганлиги (хўжалик шартномаси) 5 III. Илмий фаолият натижаларини чоп этиш, ундан фойдаланиш, жорий этиш ва тижоратлаштириш кўрсаткичлари 55 16. Халқаро кўрсаткичларга кўра илмий ходимлар нашрларига иқтибослар, шу жумладан: 16 1. Scopus, Web of Science ёки бошқа умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базалари нашрларидаги улуши 2. Маҳаллий ва хорижий илмий журналлардаги улуши 3.Умумэътироф этилган индексацияланган маълумотлар базалари нашрларида битта илмий мақоланинг умумий иқтибослилик сони 17. Халқаро илмий журналларда, маҳаллий илмий нашларда чоп этилган мақолалар ва монографиялар улуши, шу жумладан: 16 1. Илмий ходимларнинг ўртача Scopus ва WebofScience маълумотлар базаларидаги «Хирш индекси» (h-index) 2. Чоп этилган монографиялар: босма нашрдаги илмий ишлар; электрон нашрдаги илмий ишлар (researchgate.com, science.com, pubmed.comва бошқалар) 3. Халқаро илмий журналлардаги мақолалар 4. Республика илмий журналлардаги мақолалар 5. Ҳалқаро анжуманларда чоп этилган тезислар 6. Республика миқёсида ўтказилган анжуманлар илмий тўпламларида чоп этилган тезислар 18. Илмий ташкилот томонидан конференция ёки семинарлар ташкил этилганлиги 2 1. Халқаро конференция ва семинарлар 2. Республика миқёсидаги конференция ва семинарлар 19. Илмий-тадқиқот ишлари натижаларини тижоратлаштириш ҳамда қўшимча нобюджет молиявий ресурсларни жалб этиш асосида олинган маблағлар ҳажми(млн сўмда), шу жумладан: 6 1. Илмий фаолият натижаларидан фойдаланган ҳолда яратилган ишланмаларни (бажарилган ишларни, кўрсатилган хизматларни) реализация қилишдан олинган маблағлар 2. Муассис ёки таъсисчиларнинг устав жамғармасига улуш сифатида интеллектуал мулк объекти ёки тайёр технологияни киритган ташкилот (ёки ихтисослаштирилган аффилланган ташкилот) иштирокида тижорат ташкилотларини ташкил этишдан олинган маблағлар 3. Интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини учинчи шахсга ўтказиш ва мазкур объектдан фойдаланиш ҳуқуқини роялти тўловларига асосан лицензия шартномаларини тузиш орқали, жумладан, уларни кейинчалик ушбу ҳуқуқлар олувчиси томонидан тижоратлаштириш шарти билан бериш ва бошқа усуллар орқали олинган маблағлар 4. Иқтисодиёт тармоқлари томонидан илмий ишланмаларга бўлган эҳтиёж улуши (лицензия шартномалари) 5. Хорижий инвесторлар томонидан сотиб олинган патентланган технология асосидаги лицензия шартномалари улуши 20. Илмий-тадқиқот натижаларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш 3 1. Интеллектуал мулк объектларига олинган муҳофаза ҳужжатлари (патентлар) 2. Дастурий маҳсулотларга гувоҳномалар 3. Интеллектуал мулк объектига талабномалар 21. Илмий-ҳажмдор маҳсулотларнинг ташқи бозорга йўналтирилганлик улуши (экспорт) 4 22. Илмий-тадқиқот фаолиятининг самарадорлигини бевосита амалда синаб, ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича ташкил этилган инфратузилмалар мавжудлиги: 1 1. Инновация марказлари 2. Технопарклар 23. Илмий ташкилот ҳузурида тажриба ишлаб чиқариш тузилмасининг мавжудлиги: 1 1. Синов-тажриба майдончалари (полигонлар), 2. Махсус лабораториялар 24. Илмий ташкилотда инновацион стартап акселератор ва инкубаторларнинг ташкил этилганлиги ҳамда тўлиқ фаолият юритаётганлиги 2 25. Ёш олимлар ижодий-тажриба устахонаси («Maker space») ташкил этилганлиги ҳамда тўлиқ фаолият юритаётганлиги 1 26. Илмий ташкилотнинг фаолият йўналишига оид лаборатория ва бошқалар билан таъминланганлик даражаси 27. Муассасанинг расмий веб-сайтининг Миллий қидирув тизимидаги ўрни 3
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 11 май,
274-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
SXEMASI
MEZONLARI
Ilmiy tashkilotlar reytingini aniqlash tartibini joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasining “Ilm-fan va ilmiy faoliyat toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq hamda Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ilmiy-tadqiqot muassasalarining infratuzilmasini yanada mustahkamlash va innovatsion faoliyatini rivojlantirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 1-noyabrdagi PQ-3365-son qarorida belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlash, shuningdek, ilmiy tashkilotlar faoliyatining samaradorligi va natijadorligini reyting asosida baholash tizimini joriy qilish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Ilmiy tashkilotlar reytingini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi respublikada faoliyat yuritayotgan ilmiy tashkilotlar reytingini shakllantirish uchun masʼul etib belgilansin.
3. Quyidagilar Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligining ilmiy tashkilotlar reytingini (keyingi oʻrinlarda — reyting) aniqlash sohasidagi qoʻshimcha vazifalari etib belgilansin:
ilmiy tashkilotlarning ilmiy-tadqiqot va innovatsion faoliyati darajasi, ilmiy-tadqiqot ishlari sifati, ilmiy-innovatsion faoliyat natijalarini tavsiflovchi maʼlumotlar bazasini tizimli asosda shakllantirish hamda ularni reyting koʻrsatkichlariga muvofiq baholash asosida har yili respublika ilmiy tashkilotlar reytingini tuzish;
jahondagi yetakchi reyting tashkilotlari bilan hamkorlik qilish va milliy ilmiy tashkilotlarning dunyodagi nufuzli ilmiy markazlar reytingiga kirishida amaliy yordam koʻrsatish;
reyting natijalari asosida ilmiy tashkilotlarda ilmiy-tadqiqot va innovatsiya ishlari sifatini oshirishga qaratilgan aniq takliflarni nazarda tutuvchi respublikadagi ilmiy tashkilotlar faoliyati toʻgʻrisida tahliliy axborot tayyorlash va Vazirlar Mahkamasiga kiritish;
har yili reyting natijalarini Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligining rasmiy veb-saytida eʼlon qilish;
ilgʻor xalqaro tajriba asosida hamda fan va texnologiyalarni rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlarini hisobga olgan holda reyting tuzilmasiga zarur oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish boʻyicha Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritib borish.
4. Belgilab qoʻyilsinki:
boʻysunuvida ilmiy tashkilotlar boʻlgan vazirliklar, idoralar hamda ilmiy tashkilotlar tomonidan reytingni aniqlashga oid maʼlumotlar har yili 1-fevralga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligiga taqdim etiladi;
Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligiga kiritiladigan reytingni aniqlashga doir maʼlumotlarning asoslanganligi, ishonchliligi va belgilangan muddatda taqdim etilishi uchun tegishli vazirliklar va idoralar hamda ilmiy tashkilotlarning rahbarlari shaxsan javob beradilar.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi bir oy muddatda:
reytingni hisoblash metodikasini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;
manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
6. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi innovatsion rivojlanish vaziri I.Y. Abdurahmonov zimmasiga hamda Vazirlar Mahkamasining Telekommunikatsiyalar, IT-texnologiyalar va innovatsion faoliyatni rivojlantirish, axborot xavfsizligini taʼminlash masalalari kotibiyatiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 11-maydagi 274-son qaroriga ILOVA
Ilmiy tashkilotlar reytingini aniqlash tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom ilmiy tashkilotlar reytingini (keyingi oʻrinlarda — reyting) aniqlash tartibini belgilaydi.
2. Ilmiy tashkilotlar reytingi Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan har yili xolislik, oshkoralik va adolat tamoyillariga amal qilingan holda aniqlanadi.
3. Ilmiy tashkilotlar reytingini aniqlash ular oʻrtasida sogʻlom raqobat muhitini shakllantirish, ularning ilmiy-innovatsion faoliyati darajasi va sifatini oshirishni ragʻbatlantirish, ilmiy xodimlarning ilmiy salohiyatidan samarali foydalanish, iqtisodiyotning real sektori tarmoqlari uchun ilmiy hajmdor mahsulotlar va texnologiyalarni tayyorlashga zamin yaratish maqsadida amalga oshiriladi.
4. Quyidagilar reytingni aniqlashning vazifalari hisoblanadi:
ilmiy-tadqiqot va innovatsion faoliyatni muntazam takomillashtirib borish asosida talab yuqori boʻlgan ilmiy hajmdor mahsulotlarni tayyorlash;
ilmiy tashkilotlarda olib borilayotgan ilmiy-tadqiqotlar va innovatsiya ishlari sifati, ulardagi mavjud imkoniyatlar, ilmiy laboratoriyalar, asbob-uskunalar haqida ilmiy faoliyatni boshqarish boʻyicha vakolatli organlar, buyurtmachilar hamda keng jamoatchilikni xolis axborotlar bilan taʼminlash;
ilmiy tashkilotlarning jahondagi reytingi yuqori boʻlgan ilmiy-tadqiqot muassasalari bilan izchil hamkorligini taʼminlash hamda ularning xalqaro standartlarga muvofiq yuqori koʻrsatkichlarga erishishiga koʻmaklashish;
milliy reyting tizimida yuqori koʻrsatkichlarni qayd etgan ilmiy tashkilotlarning dunyodagi nufuzli ilmiy markazlar qatoriga kirishi uchun zarur chora-tadbirlarni amalga oshirib borish.
5. Ilmiy tashkilotlar reytingini aniqlash mazkur Nizomning 1-ilovasida keltirilgan sxemaga muvofiq amalga oshiriladi.
2-bob. Reytingni aniqlashga oid maʼlumotlar bazasini shakllantirish tartibi
6. Reytingni aniqlashga oid maʼlumotlar bazasini shakllantirish Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan hisobot yilidan keyingi yilning birinchi choragida amalga oshiriladi.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan maʼlumotlar bazasini shakllantirish maqsadida tegishli namunadagi jadvallar ishlab chiqiladi va reyting aniqlanayotgan yilning 20-dekabriga qadar boʻysunuvida ilmiy tashkilotlar boʻlgan vazirliklar va idoralarga hamda ilmiy tashkilotlarga yetkaziladi.
8. Manfaatdor vazirliklar va idoralar hamda ilmiy tashkilotlar tomonidan reytingni aniqlashga oid maʼlumotlar asoslantiruvchi hujjatlari bilan birgalikda 1-fevralga qadar Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligiga taqdim etiladi.
Asoslantiruvchi hujjatlar qogʻoz yoki elektron shaklda taqdim etilishi mumkin.
Asoslantiruvchi hujjatlar taqdim etilmagan taqdirda, maʼlumotlar reytingni hisoblashda inobatga olinmaydi.
9. Reytingni aniqlashga oid maʼlumotlarning ishonchliligi, toʻliqligi va haqqoniyligini oʻrganish maqsadida Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan bir hafta muddatda manfaatdor vazirlik va idoralarning mutaxassislari, mustaqil ekspertlar hamda olimlardan iborat ishchi guruh (keyingi oʻrinlarda — ishchi guruh) tuziladi.
10. Ishchi guruh tomonidan zaruratga koʻra, taqdim etilgan reytingni aniqlashga oid maʼlumotlar joyiga chiqqan holda oʻrganilishi mumkin. Bunda ishchi guruh 1-aprelga qadar tegishli dalolatnoma asosida ilmiy tashkilotlar rahbarlari imzosi bilan tasdiqlangan maʼlumotlarni Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligiga taqdim etadi.
11. Oʻzbekiston Respblikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan reytingni aniqlashga oid maʼlumotlar bazasini shakllantirish uchun quyidagi maʼlumotlar qoʻshimcha ravishda soʻrab olinishi mumkin:
ilmiy tashkilot uchun yuqori turuvchi davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalaridan — ilmiy-tadqiqot va innovatsiya ishlariga yoʻnaltirilgan xorijiy grantlar va xorijiy jamgʻarmalar mablagʻlari, iqtisodiyotning tegishli tarmoqlari buyurtmalari asosida oʻtkazilgan ilmiy-tadqiqotlar yoki xoʻjalik shartnomalari asosida olingan mablagʻlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oliy attestatsiya komissiyasidan — fan nomzodi, falsafa doktori (PhD) va fan doktori (DSc) ilmiy darajalariga hamda ilmiy darajaga ega boʻlmay dotsent yoki professor ilmiy unvonlariga tasdiqlangan ilmiy tashkilotlar ilmiy xodimlari tomonidan himoya qilingan dissertatsiyalar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
Oʻzbekiston Respublikasi Adliya vazirligi huzuridagi Intellektual mulk agentligidan — ilmiy tashkilotlar va ularda faoliyat olib borayotgan ilmiy xodimlarga tegishli ixtiro, foydali model, sanoat namunalari va seleksiya yutuqlari uchun olingan patentlar, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari uchun dasturlar va maʼlumotlar bazalari uchun olingan guvohnomalar, mualliflik huquqi bilan himoya qilinadigan turli boshqa materiallar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar.
Ilmiy tashkilotlarda tanlovlar asosida shakllantirilgan va davlat ilmiy-texnika dasturlariga kiritilgan fundamental, amaliy va innovatsion hamda startap loyihalarga ajratilgan mablagʻlar toʻgʻrisidagi maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan reytingni aniqlashga oid maʼlumotlar bazasiga kiritiladi.
3-bob. Reyting natijalarini hisoblash va eʼlon qilish tartibi
12. Reytingni aniqlashga oid toʻplangan maʼlumotlar asosida Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan 1-mayga qadar ilmiy tashkilotlar reytingi aniqlanadi.
Bunda ilmiy tashkilotlarning reyting natijalari asosida quyidagi toifalarga boʻlinadi:
I toifa — yetakchi (lider) ilmiy tashkilotlar;
II toifa — oʻrtacha (qoniqarli) natijadorlikni namoyon etuvchi ilmiy tashkilotlar;
III toifa — asosiy ilmiy faoliyatni hamda rivojlanish istiqbolini yoʻqotgan (qoniqarsiz) ilmiy tashkilotlar.
Reyting ballarini hisoblash ushbu Nizomning 2-ilovasida keltirilgan Ilmiy tashkilotlar reytingini aniqlash mezonlari hamda Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligi tomonidan tasdiqlangan Ilmiy tashkilotlar reytingini hisoblash metodikasi asosida amalga oshiriladi.
13. Reyting koʻrsatkichlari uchun ballarni hisoblash quyidagicha amalga oshiriladi:
tegishli reyting koʻrsatkichi boʻyicha eng yuqori koʻrsatkichga ega ilmiy tashkilotlar aniqlanadi;
eng yuqori koʻrsatkichga ega boʻlgan ilmiy tashkilotlarga shu koʻrsatkich uchun belgilangan eng koʻp ball beriladi;
boshqa barcha ilmiy tashkilotlarning ballari shu koʻrsatkich boʻyicha eng yuqori ballga ega boʻlgan ilmiy tashkilotlarning koʻrsatkichiga nisbatan hisoblanadi;
har bir koʻrsatkich boʻyicha hisoblangan ballar yigʻindisi ilmiy tashkilotlar reytingini belgilaydi.
14. Reyting natijalari har yili iyun oyida Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligining rasmiy veb-saytida eʼlon qilinadi.
15. Reytingni aniqlashga oid maʼlumotlar Oʻzbekiston Respublikasi Innovatsion rivojlanish vazirligida saqlanadi.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
16. Ushbu Nizomni qoʻllashda yuzaga keladigan nizolar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda hal etiladi.
17. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.
Ilmiy tashkilotlar reytingini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Ilmiy tashkilotlar reytingini aniqlash tartibi
Ilmiy tashkilotlar reytingini aniqlash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Ilmiy tashkilotlar reytingini aniqlash
T/r Indikatorlar Ball Jami 100 I. Kadrlar salohiyati boʻyicha koʻrsatkichlar 15 1. Ilmiy xodimlarning ilmiy salohiyati, shu jumladan 4 1. Oʻzbekiston Respublikasi Fanlar akademiyasi akademiklari 2. Fan doktori (DSc) 3. Fan nomzodi yoki falsafa doktori (PhD) 2. Ilmiy xodimlar tarkibidagi yosh olimlar ulushi 2 3. Ilmiy xodimlarning oʻrtacha yoshi 1 4. Pedagogik faoliyat bilan shugʻullanayotganlar ulushi 1 5. Ilmiy xodimlarning mobilligi (xorijiy ilmiy tashkilotlarda maʼruza va seminar mashgʻulotlarini olib borish, xorijiy ilmiy izlanuvchilarga ilmiy rahbarlik qilish) 1 6. Ustoz-shogird anʼanasi asosida ilmiy kadrlarni tayyorlash tizimining mavjudligi 1 7. Doktorlik (fan doktori (DSc) va falsafa doktori (PhD) dissertatsiyasini himoya qilish samaradorligi: 3 1. Joriy yilda himoya qilganlar ulushi 2. Oʻtgan yilda himoya qilganlar ulushi 3. Ilmiy tashkilotning ilmiy xodimlari rahbarligida himoya qilingan doktorlik dissertatsiyalar ulushi (joriy va oʻtgan yilda) 8. Ilmiy unvon olish samaradorligi: 1 1. Professor ilmiy unvoni yoki yetakchi (bosh) ilmiy xodim unvoni 2. Katta ilmiy xodim yoki dotsent ilmiy unvoni 9. Dissertatsiyasini muddatida himoya qilgan doktorant yoki mustaqil izlanuvchilar (PhD va DSc) ulushi (huzurida doktorantura mavjud boʻlsa) 1 II. Ilmiy faoliyatga oid davlat dasturlari, xalqaro grantlar va xoʻjalik shartnomalari doirasidagi ilmiy-innovatsion loyihalarni amalga oshirish natijalari koʻrsatkichi 30 10. Fundamental loyihalar ulushi 6 11. Amaliy loyihalar ulushi 4 12. Innovatsion loyihalar ulushi 4 13. Xalqaro hamkorlikdagi qoʻshma loyihalar ulushi 6 14. Xalqaro grantlar ulushi 5 15. Budjetdan tashqari mablagʻlarning jalb qilinganligi (xoʻjalik shartnomasi) 5 III. Ilmiy faoliyat natijalarini chop etish, undan foydalanish, joriy etish va tijoratlashtirish koʻrsatkichlari 55 16. Xalqaro koʻrsatkichlarga koʻra ilmiy xodimlar nashrlariga iqtiboslar, shu jumladan: 16 1. Scopus, Web of Science yoki boshqa umumeʼtirof etilgan indeksatsiyalangan maʼlumotlar bazalari nashrlaridagi ulushi 2. Mahalliy va xorijiy ilmiy jurnallardagi ulushi 3.Umumeʼtirof etilgan indeksatsiyalangan maʼlumotlar bazalari nashrlarida bitta ilmiy maqolaning umumiy iqtiboslilik soni 17. Xalqaro ilmiy jurnallarda, mahalliy ilmiy nashlarda chop etilgan maqolalar va monografiyalar ulushi, shu jumladan: 16 1. Ilmiy xodimlarning oʻrtacha Scopus va WebofScience maʼlumotlar bazalaridagi “Xirsh indeksi” (h-index) 2. Chop etilgan monografiyalar: bosma nashrdagi ilmiy ishlar; elektron nashrdagi ilmiy ishlar (researchgate.com, science.com, pubmed.comva boshqalar) 3. Xalqaro ilmiy jurnallardagi maqolalar 4. Respublika ilmiy jurnallardagi maqolalar 5. Halqaro anjumanlarda chop etilgan tezislar 6. Respublika miqyosida oʻtkazilgan anjumanlar ilmiy toʻplamlarida chop etilgan tezislar 18. Ilmiy tashkilot tomonidan konferensiya yoki seminarlar tashkil etilganligi 2 1. Xalqaro konferensiya va seminarlar 2. Respublika miqyosidagi konferensiya va seminarlar 19. Ilmiy-tadqiqot ishlari natijalarini tijoratlashtirish hamda qoʻshimcha nobudjet moliyaviy resurslarni jalb etish asosida olingan mablagʻlar hajmi(mln soʻmda), shu jumladan: 6 1. Ilmiy faoliyat natijalaridan foydalangan holda yaratilgan ishlanmalarni (bajarilgan ishlarni, koʻrsatilgan xizmatlarni) realizatsiya qilishdan olingan mablagʻlar 2. Muassis yoki taʼsischilarning ustav jamgʻarmasiga ulush sifatida intellektual mulk obyekti yoki tayyor texnologiyani kiritgan tashkilot (yoki ixtisoslashtirilgan affillangan tashkilot) ishtirokida tijorat tashkilotlarini tashkil etishdan olingan mablagʻlar 3. Intellektual mulk obyektlariga boʻlgan huquqlarini uchinchi shaxsga oʻtkazish va mazkur obyektdan foydalanish huquqini royalti toʻlovlariga asosan litsenziya shartnomalarini tuzish orqali, jumladan, ularni keyinchalik ushbu huquqlar oluvchisi tomonidan tijoratlashtirish sharti bilan berish va boshqa usullar orqali olingan mablagʻlar 4. Iqtisodiyot tarmoqlari tomonidan ilmiy ishlanmalarga boʻlgan ehtiyoj ulushi (litsenziya shartnomalari) 5. Xorijiy investorlar tomonidan sotib olingan patentlangan texnologiya asosidagi litsenziya shartnomalari ulushi 20. Ilmiy-tadqiqot natijalarini huquqiy muhofaza qilish 3 1. Intellektual mulk obyektlariga olingan muhofaza hujjatlari (patentlar) 2. Dasturiy mahsulotlarga guvohnomalar 3. Intellektual mulk obyektiga talabnomalar 21. Ilmiy-hajmdor mahsulotlarning tashqi bozorga yoʻnaltirilganlik ulushi (eksport) 4 22. Ilmiy-tadqiqot faoliyatining samaradorligini bevosita amalda sinab, ishlab chiqarishga joriy etish boʻyicha tashkil etilgan infratuzilmalar mavjudligi: 1 1. Innovatsiya markazlari 2. Texnoparklar 23. Ilmiy tashkilot huzurida tajriba ishlab chiqarish tuzilmasining mavjudligi: 1 1. Sinov-tajriba maydonchalari (poligonlar), 2. Maxsus laboratoriyalar 24. Ilmiy tashkilotda innovatsion startap akselerator va inkubatorlarning tashkil etilganligi hamda toʻliq faoliyat yuritayotganligi 2 25. Yosh olimlar ijodiy-tajriba ustaxonasi (“Maker space”) tashkil etilganligi hamda toʻliq faoliyat yuritayotganligi 1 26. Ilmiy tashkilotning faoliyat yoʻnalishiga oid laboratoriya va boshqalar bilan taʼminlanganlik darajasi 27. Muassasaning rasmiy veb-saytining Milliy qidiruv tizimidagi oʻrni 3
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 11-may,
274-son