UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 18-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 18 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 18 мая 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 18 May 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаларидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастури бажарилишининг бориши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 январдаги ПФ-5644-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби, шунингдек, мазкур ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатаси ва Сенат қарорлари ижроси устидан назоратни амалга ошириш тартибини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаларидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастури бажарилишининг бориши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирликлар ва идоралар раҳбарларига Давлат дастури бажарилишининг бориши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини шакллантириш учун зарур маълумотларнинг ўз вақтида ва сифатли тайёрланиши ҳамда тақдим этилиши учун шахсий масъулият юклансин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 майдаги 290-сон қарорига ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаларидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг (кейинги ўринларда — Вазирлар Маҳкамаси/Ҳукумат) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномаларидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури (кейинги ўринларда — Давлат дастури) бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини Олий Мажлисга тақдим этиш тартибини белгилайди.

2. Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини (кейинги ўринларда — ҳисобот) тайёрлаш ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига (кейинги ўринларда — Олий Мажлис) тақдим этиш бўйича ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш Вазирлар Маҳкамаси аппарати томонидан таъминланади.

3. Ҳисоботни Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш ва муҳокама қилишда Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, Сенатнинг қўмиталари ҳамда Қонунчилик палатаси ва Сенат билан ўзаро муносабатларни ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили (кейинги ўринларда — Ваколатли вакил) томонидан таъминланади.

4. Ҳисоботни Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби мазкур Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.

2-боб. Ҳисоботни Олий Мажлисга тақдим этишда вазирликлар, идоралар ҳамда Вазирлар Маҳкамаси таркибий бўлинмаларининг асосий вазифалари

5. Давлат дастурида масъул ижрочи сифатида белгиланган вазирликлар ва идоралар:

Давлат дастурида белгиланган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилишини назоратга олади, уларни ўз вақтида самарали бажариш бўйича тезкор чора-тадбирларни амалга оширади;

Давлат дастурида юкланган вазифаларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан ушбу идора бўйича маълумотларни умумлаштириб, белгиланган тартибда масъул вазирликка тақдим этиб боришга масъул ходимни буйруқ асосида белгилайди;

Давлат дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадида тегишли ишчи гуруҳларни тузади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадида асосий ижрочиларнинг сўровига биноан тегишли ишчи гуруҳига киритиш учун малакали ходимларни ажратади ҳамда асосий ижрочи ихтиёрига юборади.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармонида унинг амалга оширилишининг тизимли мониторингини олиб бориш вазифаси юклатилган масъул вазирлик ва (ёки) идора (кейинги ўринларда — масъул вазирлик):

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотларни ўз вақтида қабул қилиб олади, уларни умумлаштириб, таҳлил қилади;

ҳисоботни тайёрлашда фойдаланиш учун манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини таҳлил қилади;

Давлат дастурида белгиланган вазифалар ва тадбирларни бажаришда, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқишда камчиликка йўл қўйган, шунингдек, маълумотларни тақдим этмаган ёки сифатсиз тақдим этган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, масъул ходимларига нисбатан тегишли таъсир чораларини кўриш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

7. Вазирлар Маҳкамасида ҳар йили Давлат дастури қабул қилинганидан сўнг Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси баёни билан:

Давлат дастурининг ҳар бир банди Вазирлар Маҳкамасининг тегишли таркибий бўлинмаларига бириктирилади;

Давлат дастури бажарилишининг боришини назорат қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмаси (бўлинмалари) (кейинги ўринларда — масъул таркибий бўлинма) белгиланади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳаракатлар стратегиясини тегишли йилда амалга оширишга оид давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармони ижросини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланади;

Давлат дастури ижросини Вазирлар Маҳкамасида таҳлил қилиш бўйича идоралараро мониторинг-таҳлил гуруҳи таркиби тасдиқланади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳаракатлар стратегиясини тегишли йилда амалга оширишга оид давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармони ижросини амалга ошириш бўйича назорат режаси тасдиқланади.

8. Вазирлар Маҳкамасининг мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи фаолиятига қоида тариқасида Бош вазир ўринбосари ёки Бош вазир маслаҳатчиси раҳбарлик қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи:

Давлат дастурининг бажарилишини назоратга олган ҳолда уларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича барча зарур ва тезкор чораларни кўради;

Давлат дастури ижроси тўғрисида ҳамда унинг ҳар бир банди ижроси юзасидан вужудга келаётган муаммоли масалалар ҳал этилиши бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олган маълумот тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлислари муҳокамасига киритиб боради;

Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида кўриб чиқишга тайёргарлик кўради;

Давлат дастури ижроси тўғрисида умумлаштирилган маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ўз вақтида киритилишини таъминлайди.

9. Давлат дастури ижросини Вазирлар Маҳкамасида таҳлил қилиш бўйича идоралараро мониторинг-таҳлил гуруҳи ишини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш масъул таркибий бўлинма томонидан амалга оширилади.

Давлат дастури ижросини Вазирлар Маҳкамасида таҳлил қилиш бўйича идоралараро мониторинг-таҳлил гуруҳи:

Давлат дастурининг бажарилиши ҳолати тўғрисида масъул вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотларни қабул қилиб олади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли таркибий бўлинмаларига тақдим қилади;

ҳисоботни тайёрлаш ва Олий Мажлисга тақдим этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси таркибий бўлинмалари, вазирликлар ва идораларнинг ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятини таъминлайди;

ҳисоботни тайёрлаш учун зарур бўлган қўшимча ахборот-таҳлилий, статистик ва бошқа материалларни вазирликлар ва идоралардан сўраб олади;

ҳисоботни тайёрлаш бўйича ишни самарали ташкил этиш юзасидан зарур чораларни кўради;

ҳисоботни тайёрлаш ва Олий Мажлисга тақдим этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ҳақида Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига мунтазам ҳисобот бериб боради;

ҳисоботни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг (кейинги ўринларда — Бош вазир) ҳисоботи материалларини тайёрлайди.

10. Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари:

Давлат дастурининг ўзларига бириктирилган бандлари бажарилишини шахсий назоратга олади ҳамда уларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича барча зарур ва тезкор чораларни кўради;

йил давомида Бош вазир ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчилари ҳузурларида бўлиб ўтадиган йиғилишларда Давлат дастурининг ижроси алоҳида масала сифатида кўриб борилишини ташкил этади;

Давлат дастурининг ўзларига бириктирилган бандлари бажарилиши билан боғлиқ аниқланган муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирларни кўради ҳамда бу ҳақда тегишли Бош вазир ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчиларига ахборот беради;

Вазирлар Маҳкамаси таркибига кирмайдиган бошқа давлат органлари ва ташкилотлари асосий ижрочи бўлган бандлар бўйича ҳамкорликдаги ишларни ташкил қилади, уларга амалий ёрдам кўрсатади ҳамда зарурат бўлганда ўзларига бириктирилган вазирликлар ва идоралар билан боғлиқ масалалар ҳал қилинишини таъминлайди;

Давлат дастури ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар ўзларига бириктирилган вазирликлар ва идоралар томонидан масъул вазирликка ўз вақтида ва сифатли тақдим этиб борилишини ташкил этади ва назоратга олади;

Давлат дастурининг ўзларига бириктирилган бандларининг бажарилиши ҳолати бўйича вазирликлар ва идоралар томонидан тақдим этилган маълумотларни пухта қайта ишлайди, тегишли Бош вазир ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчилари билан келишади ҳамда масъул таркибий бўлинмага тақдим этади.

11. Вазирлар Маҳкамасининг масъул таркибий бўлинмаси:

Давлат дастури бажарилиши ҳолати устидан мониторингни амалга оширади;

Давлат дастурининг тегишли бандлари ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари томонидан тақдим этилган ҳисоботларни ҳамда таҳлилий, статистик ва бошқа материалларни умумлаштиради.

3-боб. Ҳисоботни Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби

12. Давлат дастурида масъул ижрочи сифатида белгиланган вазирликлар ва идоралар:

ҳамижрочи бўлган бандлар бўйича — ҳар ойнинг 28 санасига қадар асосий ижрочига тадбирларнинг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ тақдим этиб боради;

асосий ижрочи бўлган бандлар бўйича — ҳар ойнинг 30 санасига қадар Давлат дастурининг ижроси тўғрисидаги маълумотларни биринчи раҳбарлари томонидан имзоланган ҳолда масъул вазирликка асословчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тўлиқ ва сифатли тарзда тақдим этиб боради.

13. Масъул вазирлик ҳар ойнинг 2 санасига қадар Давлат дастури амалга оширилиши мониторинги олиб борилиши натижалари бўйича умумлаштирилган, шу жумладан, ҳисобот даврида Давлат дастури ижроси доирасида амалга оширилган асосий чора-тадбирлар, эришилган энг муҳим кўрсаткичлар ва натижаларни назарда тутувчи маълумотларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади.

14. Масъул таркибий бўлинма Давлат дастурини Вазирлар Маҳкамасида таҳлил қилиш бўйича идоралараро мониторинг-таҳлил гуруҳи билан биргаликда масъул вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотларни қабул қилиб олади, таҳлил қилади ҳамда ҳар ойнинг 4 санасига қадар тегишли равишда Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмаларига тақдим қилади.

15. Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари ҳар ойнинг 5 санасига қадар маълумотларни кўриб чиқади, таҳлил қилади, улардаги маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлигини ўрганади, камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишларни ташкил қилади ҳамда тегишли Бош вазир ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчиларига тақдим қилади.

16. Ҳар ойнинг 6 санасига қадар Бош вазир ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчилари тақдим этилган маълумотларни кўриб чиқади, зарурат бўлганда уларнинг муҳокамаси бўйича йиғилишлар ташкил қилади, Давлат дастурининг ижроси юзасидан камчиликка йўл қўйган ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўради ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли таркибий бўлинмаларга зарур кўрсатмалар беради.

17. Ҳар ойнинг 6 санасига қадар Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари Бош вазир ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчилари кўрсатмалари ва таклифлари асосида қайта ишланган маълумотларни масъул таркибий бўлинмага тақдим қилади.

18. Масъул таркибий бўлинма Давлат дастурини Вазирлар Маҳкамасида таҳлил қилиш бўйича идоралараро мониторинг-таҳлил гуруҳи билан биргаликда:

а) ҳар ойнинг 7 санасига қадар таркибий бўлинмалар томонидан тақдим этилган ҳисобот ва таҳлилий маълумотни пухта қайта ишлайди ҳамда умумлаштирилган якуний маълумотни ҳамда ҳужжатлар тўпламини Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосарига тақдим қилади;

б) ҳар чоракда, кейинги ойнинг 7 санасига қадар Давлат дастури бажарилишининг боришини кўриб чиқиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси материалларини (Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг кун тартиби ва мажлис баёни лойиҳаси ҳамда ҳисобот берувчилар ва таклиф этилганлар рўйхати) ва Олий Мажлис палаталарида Давлат дастури бажарилиши тўғрисида Ҳукуматнинг ҳар чораклик ҳисоботлари материалларини (ҳисобот лойиҳаси, Бош вазирнинг ҳисобот материаллари, ҳисобот муҳокамасида қатнашувчилар рўйхати, ахборот-таҳлилий, статистик ва бошқа материаллар) тайёрлайди ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосарига тақдим қилади.

19. Ҳисобот лойиҳасини тайёрлашда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилади:

Давлат дастурининг барча бандлари ижроси ҳолатининг қисқача умумий йиғма таҳлили;

Давлат дастурининг йўналишлари бўйича ҳисобот давридаги тадбирлар ва уларнинг ижро этилиши ҳолати бўйича маълумот;

Давлат дастурида йил давомида амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар юзасидан ҳисобот даврида бажарилган ишлар тўғрисидаги таҳлилий маълумот;

Давлат дастурининг ижроси доирасида ҳисобот даврида қабул қилинган муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг аҳамияти;

Давлат дастурининг ижроси доирасида эришилган энг муҳим кўрсаткичлар (жалб этилган инвестиция ҳажми, яратилган иш ўринлари, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар, бу жараёнда жамоатчилик ва фуқаролик жамияти институтлари иштироки ва б.);

Давлат дастурининг ижроси доирасида ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ этиш бўйича амалга оширилган ишларнинг таҳлили;

Давлат дастурининг ижроси натижадорлигини янада оширишга қаратилган таклифлар;

Давлат дастурининг ижросига оид иқтисодий ва ижтимоий соҳаларга оид аниқ мисоллар таҳлили ва бошқалар.

20. Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошкарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари:

а) ҳар ойнинг 8 санасига қадар умумлаштирилган маълумотларни таҳлил қилади, зарурат бўлса қайта ишлаш учун масъул таркибий бўлинмага қайтаради ҳамда умумлаштирилган маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига тақдим қилади;

б) ҳар чоракда, кейинги ойнинг 8 санасига қадар Давлат дастури ижросини кўриб чиқиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси материалларини ва Олий Мажлис палаталарида Давлат дастури бажарилиши тўғрисида Ҳукуматнинг ҳар чораклик ҳисоботлари материалларини таҳлил қилади ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига тақдим қилади.

21. Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси:

а) ҳар ойнинг 10 санасига қадар тақдим қилинган умумлаштирилган маълумотларни кўриб чиқади ва Бош вазирга тақдим қилади;

б) ҳар чоракда, кейинги ойнинг 10 санасига қадар Давлат дастури ижросини кўриб чиқиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси материалларини ва Олий Мажлис палаталарида Давлат дастури бажарилиши тўғрисида Ҳукуматнинг ҳар чораклик ҳисоботлари материалларини кўриб чиқади, Бош вазирга тақдим қилади ҳамда ҳисоботни Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисида кўриб чиқиш муддатини келишади.

22. Масъул таркибий бўлинма идоралараро мониторинг-таҳлил гуруҳи билан биргаликда:

Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботнинг Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисида кўриб чиқилишини ташкил этади;

ҳисобот лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисида кўриб чиқиш учун ҳужжатлар тўпламини тайёрлайди;

Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисининг якунлари бўйича ҳисобот лойиҳаси ва ҳужжатлар тўплами бир кун муддатда билдирилган эътирозлардан келиб чиқиб пухта қайта ишланишини таъминлайди.

23. Ҳисобот пухта қайта ишланганидан сўнг бир кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (кейинги ўринларда — Қонунчилик палатаси) ва Сенатига тақдим этилади.

24. Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари Ваколатли вакил ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари билан биргаликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати билан ҳисоботни муҳокама қилишга тайёргарлик кўриш масалалари бўйича барвақт ишлашни ташкил этади.

25. Қонунчилик палатаси ва Сенат билан келишган ҳолда ҳисоботни Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, Сенат қўмиталари ҳамда Олий Мажлис палаталарининг ялпи мажлисларида муҳокама қилиш бўйича режа-график (кейинги ўринларда — режа-график) тайёрланади.

26. Ваколатли вакил:

ҳисоботни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати раҳбариятига тақдим этилишини ташкиллаштириш чораларини кўради;

ҳисоботни муҳокама қилиш куни ва форматини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати раҳбарияти билан келишишни ташкил этади;

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати девонлари раҳбарияти билан биргаликда режа-графикни тайёрлаш ва тасдиқлашни ташкиллаштиради;

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати девонлари раҳбарияти ҳамда масъул таркибий бўлинма билан биргаликда ҳисоботни Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этувчи Ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва идоралар вакиллари рўйхатини шакллантиради;

ҳисоботни Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш ва муҳокама қилишда Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмаларининг Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, Сенатнинг қўмиталари ҳамда Қонунчилик палатаси Девони ва Сенат Девони билан ўзаро мувофиқлашган ҳамкорлигини таъминлайди;

Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмаларига ҳисоботни Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш ва муҳокама қилишда Олий Мажлис палаталари ва уларнинг органлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлашга ҳамда ташкилий масалаларни ҳал қилишга ёрдам кўрсатади.

27. Ҳисоботни Қонунчилик палатасининг қўмиталари ва сиёсий партия фракцияларида, Сенатнинг қўмиталарида дастлабки тарзда кўриб чиқишда, шунингдек, Олий Мажлис палаталарининг ялпи мажлисларида муҳокама қилишда Давлат дастурининг тегишли бандлари бўйича масъул вазирлар ва давлат қўмиталари раислари пухта тайёргарлик кўрган ҳолда ўз вақтида ва қоида тариқасида шахсан иштирок этишлари шарт.

28. Зарур ҳолларда, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг топшириғига мувофиқ, Ҳукумат аъзоларининг муҳокамаларда ўз вақтида ва пухта тайёргарлик кўрган ҳолда иштирок этишини таъминлаш мақсадида Бош вазирнинг алоҳида топшириғи тайёрланиши мумкин.

29. Бош вазир ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчилари ҳамда масъул таркибий бўлинма Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари ҳамда Ваколатли вакил билан биргаликда ҳисоботни Қонунчилик палатасининг қўмиталарида, сиёсий партиялар фракцияларида, Сенатнинг қўмиталарида, Олий Мажлис палаталарининг ялпи мажлисларида кўриб чиқишда Давлат дастурининг тегишли бандлари бўйича масъул бўлган вазирлар ва давлат қўмиталари раисларининг иштирокини ташкил этади.

30. Ҳисобот Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ялпи мажлисида кўриб чиқилишида Олий Мажлис палаталари раҳбарияти билан келишилган ҳолда қоида тариқасида Бош вазир, Бош вазирнинг ўринбосарлари, Бош вазирнинг маслаҳатчилари ҳамда тегишли Ҳукумат аъзолари иштирок этадилар.

4-боб. Ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатаси ва Сенат қарорлари ижроси устидан назорат қилиш

31. Ҳисоботни муҳокама қилиш натижалари юзасидан Ваколатли вакил Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида ахборот беради.

32. Ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси ва Сенат қабул қилган қарорлар ижроси устидан назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси аппарати томонидан амалга оширилади.

33. Бош вазир ўринбосарлари, Бош вазир маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмалари Қонунчилик палатаси ва Сенат қабул қилган қарорлар бажарилишининг тизимли назорати ва таҳлилини таъминлайди.

34. Ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси ва Сенат қабул қилган қарорлар ижросини таъминлаш Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси баёни билан масъул вазирлик ва идоралар, Вазирлар Маҳкамаси таркибий бўлинмалари ҳамда бажариш муддатларини аниқ кўрсатган ҳолда чора-тадбирлар режаси (кейинги ўринларда — чора-тадбирлар режаси) тасдиқланади.

35. Масъул таркибий бўлинма Вазирлар Маҳкамасида таҳлил қилиш бўйича идоралараро мониторинг-таҳлил гуруҳи билан биргаликда:

чора-тадбирлар режасини ва уни тасдиқлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси материалларини тайёрлайди ва тегишли таркибий бўлинмалар, Ваколатли вакил ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари билан келишади;

чора-тадбирлар режаси ва Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси материаллари бўйича Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради ҳамда чора-тадбирлар режасининг Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида муҳокамасини ташкил этади;

чора-тадбирлар режасининг бажарилиши ҳолатини тизимли таҳлил қилиб боради ҳамда белгиланган муддатларда бу ҳақда Қонунчилик палатаси ва Сенатга ахборот киритиб борилишини таъминлайди.

36. Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари:

Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси баёни билан тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг бажарилишини ҳамда белгиланган муддатларда унинг ўзларига бириктирилган бандлари бажарилиши ҳолати тўғрисидаги маълумотларни масъул таркибий бўлинмага тақдим этилишини таъминлайдилар;

зарур ҳолларда чора-тадбирлар режасидаги ижроси кечикаётган ёки бажарилмаган бандларнинг тегишли Бош вазир ўринбосари ёки маслаҳатчиси ҳузурида масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларини таклиф қилган ҳолда танқидий муҳокама қилинишини ташкил этади.

37. Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Назорат ва ижро интизоми бўлими томонидан тизимли асосда Қонунчилик палатаси ва Сенат қабул қилган қарорлар бажарилиши жараёнининг мониторинги амалга оширилади.

5-боб. Якунловчи қоидалар

38. Ҳисоботни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида муҳокама қилиш жараёнини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш Бош вазирнинг Матбуот хизмати томонидан ташкил этилади.

39. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини Олий Мажлисга тақдим этиш тартиби

Босқичлар Субъектлар Тадбирлар Муддат I . Вазирликлар ва идораларнинг Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботларини тайёрлаш, умумлаштириш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш босқичи 1-босқич Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар 1. Давлат дастурида белгиланган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилишини назоратга олади, уларни ўз вақтида самарали бажариш бўйича тезкор чора-тадбирларни амалга оширади. 2. Давлат дастурида юклатилган вазифаларнинг бажарилиши ҳолати юзасидан ушбу идора бўйича маълумотларни умумлаштириб, белгиланган тартибда масъул вазирликка тақдим этиб боришга масъул ходимни буйруқ асосида белгилайди. 3. Давлат дастурида назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш мақсадида тегишли ишчи гуруҳларни тузади. 4. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга масъул қилиб белгиланган бандлар бўйича тегишли ишчи гуруҳига киритиш учун малакали ходимларни ажратади ҳамда асосий ижрочи ихтиёрига юборади. 5. Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради ва умумлаштиради. 6. Ҳамижрочи бўлган бандлар бўйича асосий ижрочига тадбирларнинг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ тақдим этиб боради. 7. Асосий ижрочи бўлган бандлар бўйича Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги маълумотларни қоғоз ва электрон шаклда умумлаштириш учун масъул вазирликка тақдим этади. Доимий Давлат дастури қабул қилинганидан сўнг уч кун муддатда Заруратга қараб Асосий ижрочиларнинг сўровига биноан Доимий Ҳар ойнинг 28 санасига қадар Ҳар ойнинг 30 санасига қадар 2- босқич Масъул вазирлик 1. Давлат дастурида белгиланган вазифалар ва тадбирларни бажаришда, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалар сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқилишида камчиликка йўл қўйган, маълумотларни тақдим этмаган ёки сифатсиз тақдим этган ташкилотлар раҳбарлари, масъул ходимларига нисбатан тегишли таъсир чораларини кўриш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради. 2. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотларни ўз вақтида қабул қилиб олади, уларни умумлаштириб, таҳлил қилади. 3. Умумлаштирилган маълумотни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади. Заруратга қараб Ҳар ойнинг 2 санасига қадар II. Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисобот бўйича Вазирлар Маҳкамасида ишлаш ҳамда ҳисоботни Олий Мажлис палаталарига киритиш босқичи 3-босқич Вазирлар Маҳкамаси Раёсати 1. Давлат дастурининг ҳар бир банди Вазирлар Маҳкамасининг тегишли таркибий бўлинмаларига бириктирилади. 2. Давлат дастури бажарилишининг боришини назорат қилиш учун Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг масъул таркибий бўлинмаси (бўлинмалари) (кейинги ўринларда — масъул таркибий бўлинма) белгиланади. 3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳаракатлар стратегиясини тегишли йилда амалга оширишга оид давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармони ижросини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланади. 4. Давлат дастури ижросини Вазирлар Маҳкамасида таҳлил қилиш бўйича идоралараро мониторинг-таҳлил гуруҳи таркиби тасдиқланади. 5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳаракатлар стратегиясини тегишли йилда амалга оширишга оид давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармони ижросини амалга ошириш бўйича назорат режаси тасдиқланади. Давлат дастури қабул қилинганидан сўнг 4-босқич Масъул таркибий бўлинма, Давлат дастурини Вазирлар Маҳкамасида таҳлил қилиш бўйича идоралараро мониторинг-таҳлил гуруҳи 1. Давлат дастури амалга оширилишининг бориши ҳақидаги маълумотни кўриб чиқади ва таҳлил қилади. 2. Таҳлил натижаси бўйича маълумотни ишончлилиги ва ҳаққонийлигини кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмаларига тақдим қилади. 3. Зарур ҳолларда вазирликлар ва идоралардан қўшимча маълумотларни олади. Ҳар ойнинг 4 санасига қадар 5-босқич Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари 1. Маълумотларни кўриб чиқади, таҳлил қилади, улардаги маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлигини ўрганади. 2. Камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишларни ташкил қилади. 3. Тегишли материалларни Бош вазир ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчиларига тақдим қилади ва келишади. Ҳар ойнинг 5 санасига қадар 6-босқич Бош вазир ўринбосарлари, Бош вазир маслаҳатчилари 1. Тақдим этилган маълумотларни кўриб чиқади, зарурат бўлганда уларнинг муҳокамаси бўйича йиғилишлар ташкил қилади. 2. Давлат дастурини ижроси юзасидан камчиликка йўл қўйган ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўради. 3. Мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли таркибий бўлинмаларга зарур кўрсатмалар беради. Ҳар ойнинг 6 санасига қадар 7-босқич Вазирлар Маҳкамасининг таркибий бўлинмалари Бош вазир ўринбосарлари ва Бош вазир маслаҳатчилари кўрсатмалари ва таклифлари асосида қайта ишланган маълумотларни Давлат дастурини масъул таркибий бўлинмагатақдим қилади. Ҳар ойнинг 6 санасига қадар 8-босқич Масъул таркибий бўлинма, Давлат дастурини Вазирлар Маҳкамасида таҳлил қилиш бўйича идоралараро мониторинг-таҳлил гуруҳи 1. Таркибий бўлинмалар томонидан тақдим этилган ҳисобот ва таҳлилий маълумотни пухта қайта ишлайди. 2. Умумлаштирилган якуний маълумотни ҳамда ҳужжатлар тўпламини Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосарига тақдим қилади. 3. Давлат дастури ижросини кўриб чиқиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси материалларини (Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг кун тартиби ва мажлис баёни лойиҳаси ҳамда ҳисобот берувчилар ва таклиф этилганлар рўйхати ) ва Олий Мажлис палаталарида Давлат дастури бажарилиши тўғрисида Ҳукуматнинг ҳар чораклик ҳисоботлари материалларини (ҳисобот лойиҳаси; Бош вазирнинг ҳисоботи материаллари; ҳисобот муҳокамасида қатнашувчилар рўйхати; ахборот-таҳлилий, статистик ва бошқа материаллар) тайёрлайди ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосарига тақдим қилади. Ҳар ойнинг 7 санасига қадар Ҳар чоракда, кейинги ойнинг 7 санасига қадар 9-босқич Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошкарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари 1. Умумлаштирилган маълумотларни таҳлил қилади, зарурат бўлса қайта ишлаш учун масъул таркибий бўлинмага қайтаради ҳамда умумлаштирилган маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига тақдим қилади. 2. Давлат дастури ижросини кўриб чиқиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси материалларини ва Олий Мажлис палаталарида Давлат дастури бажарилиши тўғрисида Ҳукуматнинг ҳар чораклик ҳисоботлари материалларини таҳлил қилади ва Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига тақдим қилади. Ҳар ойнинг 8 санасига қадар Ҳар чоракда, кейинги ойнинг 8 санасига қадар 10-босқич Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчиси 1. Тақдим қилинган умумлаштирилган маълумотларни кўриб чиқади ва Бош вазирга тақдим қилади . 2. Давлат дастури ижросини кўриб чиқиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси материалларини ва Олий Мажлис палаталарида Давлат дастури бажарилиши тўғрисида Ҳукуматнинг ҳар чораклик ҳисоботлари материалларини кўриб чиқади, Бош вазирга тақдим қилади ҳамда ҳисоботни Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида кўриб чиқиш муддатини келишади. Ҳар ойнинг 10 санасига қадар Ҳар чоракда, кейинги ойнинг 10 санасига қадар 11-босқич Масъул таркибий бўлинма, идоралараро мониторинг-таҳлил гуруҳи 1. Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботнинг Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида кўриб чиқилишини ташкил этади. 2. Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисининг якунлари бўйича ҳисобот лойиҳаси ва ҳужжатлар тўплами билдирилган эътирозлардан келиб чиқиб пухта қайта ишланишини таъминлайди. Ҳар чоракда, кейинги ойнинг 15 санасига қадар Бир кун муддатда 12-босқич Масъул таркибий бўлинма, Ваколатли вакил, Умумий бўлим Пухта қайта ишланган ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (кейинги ўринларда — Қонунчилик палатаси) ва Сенатига тақдим этади. Бир кун муддатда III. Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини Олий Мажлис палаталарида ҳимоя қилиш босқичи 13-босқич Таркибий бўлинмалар, Ваколатли вакил, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари 1. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати билан ҳисоботни муҳокама қилишга тайёргарлик кўриш масалалари бўйича барвақт ишлашни ташкил этади. 2. Қонунчилик палатаси ва Сенат билан келишган ҳолда ҳисоботни Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, Сенат қўмиталари ҳамда Олий Мажлис палаталарининг ялпи мажлисларида муҳокама қилиш бўйича режа-график тайёрланади. Ҳисобот Олий Мажлис палаталарига тақдим этилганидан сўнг 14-босқич Ваколатли вакил 1. Ҳисоботни Олий Мажлис палаталари раҳбариятига тақдим этилишини ташкиллаштириш чораларини кўради. 2. Ҳисоботни муҳокама қилиш куни ва форматини Олий Мажлис палаталари раҳбарияти билан келишишни ташкил этади. 3. Олий Мажлис палаталари девонлари раҳбарияти билан биргаликда режа-графикни тайёрлаш ва тасдиқлашни ташкиллаштиради. 4. Олий Мажлис палаталари девонлари раҳбарияти ҳамда масъул таркибий бўлинма билан биргаликда ҳисоботни Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этувчи Ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва идоралар вакиллари рўйхатини шакллантиради. 5. Ҳисоботни Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш ва муҳокама қилишда Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмаларининг Олий Мажлис палаталари органлари билан ўзаро мувофиқлашган ҳамкорлигини таъминлайди. Мунтазам равишда 15-босқич Бош вазир ўринбосарлари, Бош вазир маслаҳатчилари, масъул таркибий бўлинма, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари, Ваколатли вакил Ҳисоботни Қонунчилик палатасининг қўмиталарида, сиёсий партиялар фракцияларида, Сенатнинг қўмиталарида, Олий Мажлис палаталарининг ялпи мажлисларида кўриб чиқишда Давлат дастурининг тегишли бандлари бўйича масъул бўлган вазирлар ва давлат қўмиталари раисларининг иштирокини ташкил этади. Режа-графикка асосан 16-босқич Давлат дастурининг тегишли бандлари бўйича масъул вазирлар, давлат қўмиталари раислари Ҳисоботни Қонунчилик палатасининг қўмиталари ва сиёсий партиялар фракцияларида, Сенатнинг қўмиталарида дастлабки тарзда кўриб чиқишда, шунингдек, Олий Мажлис палаталарининг ялпи мажлисларида пухта тайёргарлик кўрган ҳолда ўз вақтида ва қоида тариқасида шахсан иштирок этадилар. Режа-графикка асосан 17- босқич Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари, Бош вазир маслаҳатчилари, Ҳукумат аъзолари Ҳисоботни Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ялпи мажлисида тақдим этади. Режа-графикка асосан I V . Вазирлар Маҳкамасининг Давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш босқичи 18-босқич Ваколатли вакил Ҳисоботни муҳокама қилиш натижалари юзасидан Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида ахборот беради. Ҳисобот Олий Мажлис палаталарида муҳокама қилингандан сўнг 19-босқич Масъул таркибий бўлинма, идоралараро мониторинг-таҳлил гуруҳи 1. Чора-тадбирлар режасини ва уни тасдиқлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси материалларини тайёрлайди ва тегишли таркибий бўлинмалар, Ваколатли вакил ҳамда Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари билан келишади. 2. Чора-тадбирлар режаси ва Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси материаллари бўйича Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига ахборот беради ҳамда чора-тадбирлар режасининг Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлисида муҳокамасини ташкил этади. 3. Чора-тадбирлар режасининг бажарилиши ҳолатини тизимли таҳлил қилиб боради ҳамда бу ҳақда Қонунчилик палатаси ва Сенатга ахборот киритиб борилишини таъминлайди. Белгиланган муддатларда 20-босқич Вазирлар Маҳкамаси таркибий бўлинмалари 1. Ҳисоботни кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси ва Сенат қабул қилган қарорлар ижроси устидан назоратни амалга оширади. 2. Вазирлар Маҳкамаси Раёсати мажлиси баёни билан тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг бажарилишини ҳамда белгиланган муддатларда унинг ўзларига бириктирилган бандлари бажарилиши ҳолати тўғрисидаги маълумотларни масъул таркибий бўлинмага тақдим этилишини таъминлайди. 2. Қонунчилик палатаси ва Сенат қабул қилган қарорлар бажарилишининг тизимли таҳлилини ҳамда Бош вазир ўринбосарлари, Бош вазир маслаҳатчилари ҳузурида муҳокама қилишни таъминлайди. Белгиланган муддатларда Зарур ҳолларда 21-босқич Назорат ва ижро интизоми бўлими Қонунчилик палатаси ва Сенат қабул қилган қарорлар бажарилиши жараёни мониторингини олиб боради. Тизимли асосда

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 18 май,

290-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.05.2020 й., 09/20/290/0603-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisiga Murojaatnomalaridan kelib chiqadigan, tegishli yilga moʻljallangan Davlat dasturi bajarilishining borishi yuzasidan Vazirlar Mahkamasining hisobotini Oliy Majlisga taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Mamlakatni ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirishning strategik vazifalari amalga oshirilishi samaradorligi uchun Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining masʼuliyatini oshirishga doir birinchi navbatdagi chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 28-yanvardagi PF-5644-son Farmoni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining yaqin muddatga va uzoq istiqbolga moʻljallangan Harakatlar dasturi ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Vazirlar Mahkamasining Davlat dasturi bajarilishining borishi toʻgʻrisidagi hisobotini Oliy Majlisga taqdim etish tartibi, shuningdek, mazkur hisobotni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha qabul qilingan Qonunchilik palatasi va Senat qarorlari ijrosi ustidan nazoratni amalga oshirish tartibini nazarda tutuvchi Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisiga Murojaatnomalaridan kelib chiqadigan, tegishli yilga moʻljallangan Davlat dasturi bajarilishining borishi yuzasidan Vazirlar Mahkamasining hisobotini Oliy Majlisga taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Vazirliklar va idoralar rahbarlariga Davlat dasturi bajarilishining borishi yuzasidan Vazirlar Mahkamasining hisobotini shakllantirish uchun zarur maʼlumotlarning oʻz vaqtida va sifatli tayyorlanishi hamda taqdim etilishi uchun shaxsiy masʼuliyat yuklansin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari va Bosh vazir maslahatchilari, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisi hamda Vazirlar Mahkamasining Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisidagi vakolatli vakili zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 18-maydagi 290-son qaroriga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisiga Murojaatnomalaridan kelib chiqadigan, tegishli yilga moʻljallangan davlat dasturi bajarilishining borishi yuzasidan Vazirlar Mahkamasining hisobotini Oliy Majlisga taqdim etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining (keyingi oʻrinlarda — Vazirlar Mahkamasi/Hukumat) Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisiga Murojaatnomalaridan kelib chiqadigan, tegishli yilga moʻljallangan davlat dasturi (keyingi oʻrinlarda — Davlat dasturi) bajarilishining borishi toʻgʻrisidagi hisobotini Oliy Majlisga taqdim etish tartibini belgilaydi.

2. Vazirlar Mahkamasining Davlat dasturi bajarilishining borishi toʻgʻrisidagi hisobotini (keyingi oʻrinlarda — hisobot) tayyorlash va koʻrib chiqish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisiga (keyingi oʻrinlarda — Oliy Majlis) taqdim etish boʻyicha tashkiliy-texnik, axborot-tahliliy va boshqa chora-tadbirlarni amalga oshirish Vazirlar Mahkamasi apparati tomonidan taʼminlanadi.

3. Hisobotni Oliy Majlis palatalarida koʻrib chiqish va muhokama qilishda Qonunchilik palatasining qoʻmitalari, siyosiy partiyalar fraksiyalari, Senatning qoʻmitalari hamda Qonunchilik palatasi va Senat bilan oʻzaro munosabatlarni tashkil etish Vazirlar Mahkamasining Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisidagi vakolatli vakili (keyingi oʻrinlarda — Vakolatli vakil) tomonidan taʼminlanadi.

4. Hisobotni Oliy Majlisga taqdim etish tartibi mazkur Nizomga ilovaga muvofiq sxema boʻyicha amalga oshiriladi.

2-bob. Hisobotni Oliy Majlisga taqdim etishda vazirliklar, idoralar hamda Vazirlar Mahkamasi tarkibiy boʻlinmalarining asosiy vazifalari

5. Davlat dasturida masʼul ijrochi sifatida belgilangan vazirliklar va idoralar:

Davlat dasturida belgilangan vazifalar va tadbirlarning bajarilishini nazoratga oladi, ularni oʻz vaqtida samarali bajarish boʻyicha tezkor chora-tadbirlarni amalga oshiradi;

Davlat dasturida yuklangan vazifalarning bajarilishi holati yuzasidan ushbu idora boʻyicha maʼlumotlarni umumlashtirib, belgilangan tartibda masʼul vazirlikka taqdim etib borishga masʼul xodimni buyruq asosida belgilaydi;

Davlat dasturida nazarda tutilgan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqish maqsadida tegishli ishchi guruhlarni tuzadi;

normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqish maqsadida asosiy ijrochilarning soʻroviga binoan tegishli ishchi guruhiga kiritish uchun malakali xodimlarni ajratadi hamda asosiy ijrochi ixtiyoriga yuboradi.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Davlat dasturini tasdiqlash toʻgʻrisidagi Farmonida uning amalga oshirilishining tizimli monitoringini olib borish vazifasi yuklatilgan masʼul vazirlik va (yoki) idora (keyingi oʻrinlarda — masʼul vazirlik):

davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari hamda boshqa tashkilotlar tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni oʻz vaqtida qabul qilib oladi, ularni umumlashtirib, tahlil qiladi;

hisobotni tayyorlashda foydalanish uchun manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda respublikani ijtimoiy-iqtisodiy rivojlantirish yakunlarini tahlil qiladi;

Davlat dasturida belgilangan vazifalar va tadbirlarni bajarishda, shu jumladan, normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini sifatli va oʻz vaqtida ishlab chiqishda kamchilikka yoʻl qoʻygan, shuningdek, maʼlumotlarni taqdim etmagan yoki sifatsiz taqdim etgan davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari va boshqa tashkilotlar rahbarlari, masʼul xodimlariga nisbatan tegishli taʼsir choralarini koʻrish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritadi.

7. Vazirlar Mahkamasida har yili Davlat dasturi qabul qilinganidan soʻng Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi bayoni bilan:

Davlat dasturining har bir bandi Vazirlar Mahkamasining tegishli tarkibiy boʻlinmalariga biriktiriladi;

Davlat dasturi bajarilishining borishini nazorat qilish uchun Vazirlar Mahkamasi apparatining masʼul tarkibiy boʻlinmasi (boʻlinmalari) (keyingi oʻrinlarda — masʼul tarkibiy boʻlinma) belgilanadi;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Harakatlar strategiyasini tegishli yilda amalga oshirishga oid davlat dasturini tasdiqlash toʻgʻrisidagi Farmoni ijrosini amalga oshirish boʻyicha Vazirlar Mahkamasining muvofiqlashtiruvchi ishchi guruhi tarkibi tasdiqlanadi;

Davlat dasturi ijrosini Vazirlar Mahkamasida tahlil qilish boʻyicha idoralararo monitoring-tahlil guruhi tarkibi tasdiqlanadi;

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Harakatlar strategiyasini tegishli yilda amalga oshirishga oid davlat dasturini tasdiqlash toʻgʻrisidagi Farmoni ijrosini amalga oshirish boʻyicha nazorat rejasi tasdiqlanadi.

8. Vazirlar Mahkamasining muvofiqlashtiruvchi ishchi guruhi faoliyatiga qoida tariqasida Bosh vazir oʻrinbosari yoki Bosh vazir maslahatchisi rahbarlik qiladi.

Vazirlar Mahkamasining muvofiqlashtiruvchi ishchi guruhi:

Davlat dasturining bajarilishini nazoratga olgan holda ularning oʻz vaqtida, toʻliq va sifatli bajarilishini taʼminlash boʻyicha barcha zarur va tezkor choralarni koʻradi;

Davlat dasturi ijrosi toʻgʻrisida hamda uning har bir bandi ijrosi yuzasidan vujudga kelayotgan muammoli masalalar hal etilishi boʻyicha aniq takliflarni oʻz ichiga olgan maʼlumot tayyorlab, Vazirlar Mahkamasining Rayosati majlislari muhokamasiga kiritib boradi;

Vazirlar Mahkamasining Davlat dasturi amalga oshirilishi toʻgʻrisidagi hisobotlarini Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasi va Senatida koʻrib chiqishga tayyorgarlik koʻradi;

Davlat dasturi ijrosi toʻgʻrisida umumlashtirilgan maʼlumotlarni Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasiga oʻz vaqtida kiritilishini taʼminlaydi.

9. Davlat dasturi ijrosini Vazirlar Mahkamasida tahlil qilish boʻyicha idoralararo monitoring-tahlil guruhi ishini tashkil qilish va muvofiqlashtirish masʼul tarkibiy boʻlinma tomonidan amalga oshiriladi.

Davlat dasturi ijrosini Vazirlar Mahkamasida tahlil qilish boʻyicha idoralararo monitoring-tahlil guruhi:

Davlat dasturining bajarilishi holati toʻgʻrisida masʼul vazirlik tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni qabul qilib oladi hamda Vazirlar Mahkamasining tegishli tarkibiy boʻlinmalariga taqdim qiladi;

hisobotni tayyorlash va Oliy Majlisga taqdim etish boʻyicha Vazirlar Mahkamasi tarkibiy boʻlinmalari, vazirliklar va idoralarning oʻzaro hamkorlikdagi faoliyatini taʼminlaydi;

hisobotni tayyorlash uchun zarur boʻlgan qoʻshimcha axborot-tahliliy, statistik va boshqa materiallarni vazirliklar va idoralardan soʻrab oladi;

hisobotni tayyorlash boʻyicha ishni samarali tashkil etish yuzasidan zarur choralarni koʻradi;

hisobotni tayyorlash va Oliy Majlisga taqdim etish borasida amalga oshirilayotgan ishlar holati hamda aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish yuzasidan takliflar haqida Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisiga muntazam hisobot berib boradi;

hisobotni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining (keyingi oʻrinlarda — Bosh vazir) hisoboti materiallarini tayyorlaydi.

10. Vazirlar Mahkamasining tarkibiy boʻlinmalari:

Davlat dasturining oʻzlariga biriktirilgan bandlari bajarilishini shaxsiy nazoratga oladi hamda ularning oʻz vaqtida, toʻliq va sifatli bajarilishini taʼminlash boʻyicha barcha zarur va tezkor choralarni koʻradi;

yil davomida Bosh vazir oʻrinbosarlari va Bosh vazir maslahatchilari huzurlarida boʻlib oʻtadigan yigʻilishlarda Davlat dasturining ijrosi alohida masala sifatida koʻrib borilishini tashkil etadi;

Davlat dasturining oʻzlariga biriktirilgan bandlari bajarilishi bilan bogʻliq aniqlangan muammoli masalalarni bartaraf etish boʻyicha aniq maqsadga yoʻnaltirilgan chora-tadbirlarni koʻradi hamda bu haqda tegishli Bosh vazir oʻrinbosarlari va Bosh vazir maslahatchilariga axborot beradi;

Vazirlar Mahkamasi tarkibiga kirmaydigan boshqa davlat organlari va tashkilotlari asosiy ijrochi boʻlgan bandlar boʻyicha hamkorlikdagi ishlarni tashkil qiladi, ularga amaliy yordam koʻrsatadi hamda zarurat boʻlganda oʻzlariga biriktirilgan vazirliklar va idoralar bilan bogʻliq masalalar hal qilinishini taʼminlaydi;

Davlat dasturi ijrosi boʻyicha amalga oshirilgan ishlar haqida maʼlumotlar oʻzlariga biriktirilgan vazirliklar va idoralar tomonidan masʼul vazirlikka oʻz vaqtida va sifatli taqdim etib borilishini tashkil etadi va nazoratga oladi;

Davlat dasturining oʻzlariga biriktirilgan bandlarining bajarilishi holati boʻyicha vazirliklar va idoralar tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni puxta qayta ishlaydi, tegishli Bosh vazir oʻrinbosarlari va Bosh vazir maslahatchilari bilan kelishadi hamda masʼul tarkibiy boʻlinmaga taqdim etadi.

11. Vazirlar Mahkamasining masʼul tarkibiy boʻlinmasi:

Davlat dasturi bajarilishi holati ustidan monitoringni amalga oshiradi;

Davlat dasturining tegishli bandlari ijrosi yuzasidan Vazirlar Mahkamasining tarkibiy boʻlinmalari tomonidan taqdim etilgan hisobotlarni hamda tahliliy, statistik va boshqa materiallarni umumlashtiradi.

3-bob. Hisobotni Oliy Majlisga taqdim etish tartibi

12. Davlat dasturida masʼul ijrochi sifatida belgilangan vazirliklar va idoralar:

hamijrochi boʻlgan bandlar boʻyicha — har oyning 28 sanasiga qadar asosiy ijrochiga tadbirlarning bajarilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni toʻliq taqdim etib boradi;

asosiy ijrochi boʻlgan bandlar boʻyicha — har oyning 30 sanasiga qadar Davlat dasturining ijrosi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni birinchi rahbarlari tomonidan imzolangan holda masʼul vazirlikka asoslovchi hujjatlarni ilova qilgan holda toʻliq va sifatli tarzda taqdim etib boradi.

13. Masʼul vazirlik har oyning 2 sanasiga qadar Davlat dasturi amalga oshirilishi monitoringi olib borilishi natijalari boʻyicha umumlashtirilgan, shu jumladan, hisobot davrida Davlat dasturi ijrosi doirasida amalga oshirilgan asosiy chora-tadbirlar, erishilgan eng muhim koʻrsatkichlar va natijalarni nazarda tutuvchi maʼlumotlarni Vazirlar Mahkamasiga taqdim etadi.

14. Masʼul tarkibiy boʻlinma Davlat dasturini Vazirlar Mahkamasida tahlil qilish boʻyicha idoralararo monitoring-tahlil guruhi bilan birgalikda masʼul vazirlik tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni qabul qilib oladi, tahlil qiladi hamda har oyning 4 sanasiga qadar tegishli ravishda Vazirlar Mahkamasining tarkibiy boʻlinmalariga taqdim qiladi.

15. Vazirlar Mahkamasining tarkibiy boʻlinmalari har oyning 5 sanasiga qadar maʼlumotlarni koʻrib chiqadi, tahlil qiladi, ulardagi maʼlumotlarning ishonchliligi va haqqoniyligini oʻrganadi, kamchilik va muammolarni bartaraf etish boʻyicha davlat organlari va tashkilotlar bilan hamkorlikda ishlarni tashkil qiladi hamda tegishli Bosh vazir oʻrinbosarlari va Bosh vazir maslahatchilariga taqdim qiladi.

16. Har oyning 6 sanasiga qadar Bosh vazir oʻrinbosarlari va Bosh vazir maslahatchilari taqdim etilgan maʼlumotlarni koʻrib chiqadi, zarurat boʻlganda ularning muhokamasi boʻyicha yigʻilishlar tashkil qiladi, Davlat dasturining ijrosi yuzasidan kamchilikka yoʻl qoʻygan xodimlarga nisbatan tegishli choralar koʻradi hamda mavjud muammolarni hal etish boʻyicha tegishli tarkibiy boʻlinmalarga zarur koʻrsatmalar beradi.

17. Har oyning 6 sanasiga qadar Vazirlar Mahkamasining tarkibiy boʻlinmalari Bosh vazir oʻrinbosarlari va Bosh vazir maslahatchilari koʻrsatmalari va takliflari asosida qayta ishlangan maʼlumotlarni masʼul tarkibiy boʻlinmaga taqdim qiladi.

18. Masʼul tarkibiy boʻlinma Davlat dasturini Vazirlar Mahkamasida tahlil qilish boʻyicha idoralararo monitoring-tahlil guruhi bilan birgalikda:

a) har oyning 7 sanasiga qadar tarkibiy boʻlinmalar tomonidan taqdim etilgan hisobot va tahliliy maʼlumotni puxta qayta ishlaydi hamda umumlashtirilgan yakuniy maʼlumotni hamda hujjatlar toʻplamini Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisining huquqiy ekspertiza masalalari boʻyicha oʻrinbosariga taqdim qiladi;

b) har chorakda, keyingi oyning 7 sanasiga qadar Davlat dasturi bajarilishining borishini koʻrib chiqish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi materiallarini (Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisining kun tartibi va majlis bayoni loyihasi hamda hisobot beruvchilar va taklif etilganlar roʻyxati) va Oliy Majlis palatalarida Davlat dasturi bajarilishi toʻgʻrisida Hukumatning har choraklik hisobotlari materiallarini (hisobot loyihasi, Bosh vazirning hisobot materiallari, hisobot muhokamasida qatnashuvchilar roʻyxati, axborot-tahliliy, statistik va boshqa materiallar) tayyorlaydi va Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisining huquqiy ekspertiza masalalari boʻyicha oʻrinbosariga taqdim qiladi.

19. Hisobot loyihasini tayyorlashda quyidagilarga alohida eʼtibor qaratiladi:

Davlat dasturining barcha bandlari ijrosi holatining qisqacha umumiy yigʻma tahlili;

Davlat dasturining yoʻnalishlari boʻyicha hisobot davridagi tadbirlar va ularning ijro etilishi holati boʻyicha maʼlumot;

Davlat dasturida yil davomida amalga oshirilishi belgilangan chora-tadbirlar yuzasidan hisobot davrida bajarilgan ishlar toʻgʻrisidagi tahliliy maʼlumot;

Davlat dasturining ijrosi doirasida hisobot davrida qabul qilingan muhim normativ-huquqiy hujjatlar va ularning ahamiyati;

Davlat dasturining ijrosi doirasida erishilgan eng muhim koʻrsatkichlar (jalb etilgan investitsiya hajmi, yaratilgan ish oʻrinlari, odamlarning turmush sharoitlarini yaxshilash boʻyicha amalga oshirilgan ishlar, bu jarayonda jamoatchilik va fuqarolik jamiyati institutlari ishtiroki va b.);

Davlat dasturining ijrosi doirasida hududlarni kompleks rivojlantirish hamda iqtisodiyot va ijtimoiy sohalarni isloh etish boʻyicha amalga oshirilgan ishlarning tahlili;

Davlat dasturining ijrosi natijadorligini yanada oshirishga qaratilgan takliflar;

Davlat dasturining ijrosiga oid iqtisodiy va ijtimoiy sohalarga oid aniq misollar tahlili va boshqalar.

20. Vazirlar Mahkamasi apparati boshkaruvchisining huquqiy ekspertiza masalalari boʻyicha oʻrinbosari:

a) har oyning 8 sanasiga qadar umumlashtirilgan maʼlumotlarni tahlil qiladi, zarurat boʻlsa qayta ishlash uchun masʼul tarkibiy boʻlinmaga qaytaradi hamda umumlashtirilgan maʼlumotlarni Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisiga taqdim qiladi;

b) har chorakda, keyingi oyning 8 sanasiga qadar Davlat dasturi ijrosini koʻrib chiqish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi materiallarini va Oliy Majlis palatalarida Davlat dasturi bajarilishi toʻgʻrisida Hukumatning har choraklik hisobotlari materiallarini tahlil qiladi va Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisiga taqdim qiladi.

21. Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisi:

a) har oyning 10 sanasiga qadar taqdim qilingan umumlashtirilgan maʼlumotlarni koʻrib chiqadi va Bosh vazirga taqdim qiladi;

b) har chorakda, keyingi oyning 10 sanasiga qadar Davlat dasturi ijrosini koʻrib chiqish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi materiallarini va Oliy Majlis palatalarida Davlat dasturi bajarilishi toʻgʻrisida Hukumatning har choraklik hisobotlari materiallarini koʻrib chiqadi, Bosh vazirga taqdim qiladi hamda hisobotni Vazirlar Mahkamasining Rayosati majlisida koʻrib chiqish muddatini kelishadi.

22. Masʼul tarkibiy boʻlinma idoralararo monitoring-tahlil guruhi bilan birgalikda:

Davlat dasturi bajarilishining borishi toʻgʻrisidagi hisobotning Vazirlar Mahkamasining Rayosati majlisida koʻrib chiqilishini tashkil etadi;

hisobot loyihasini Vazirlar Mahkamasining Rayosati majlisida koʻrib chiqish uchun hujjatlar toʻplamini tayyorlaydi;

Vazirlar Mahkamasining Rayosati majlisining yakunlari boʻyicha hisobot loyihasi va hujjatlar toʻplami bir kun muddatda bildirilgan eʼtirozlardan kelib chiqib puxta qayta ishlanishini taʼminlaydi.

23. Hisobot puxta qayta ishlanganidan soʻng bir kun muddatda Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Qonunchilik palatasi (keyingi oʻrinlarda — Qonunchilik palatasi) va Senatiga taqdim etiladi.

24. Vazirlar Mahkamasi apparatining tarkibiy boʻlinmalari Vakolatli vakil hamda Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisining huquqiy ekspertiza masalalari boʻyicha oʻrinbosari bilan birgalikda Oliy Majlis Qonunchilik palatasi va Senati bilan hisobotni muhokama qilishga tayyorgarlik koʻrish masalalari boʻyicha barvaqt ishlashni tashkil etadi.

25. Qonunchilik palatasi va Senat bilan kelishgan holda hisobotni Qonunchilik palatasining qoʻmitalari, siyosiy partiyalar fraksiyalari, Senat qoʻmitalari hamda Oliy Majlis palatalarining yalpi majlislarida muhokama qilish boʻyicha reja-grafik (keyingi oʻrinlarda — reja-grafik) tayyorlanadi.

26. Vakolatli vakil:

hisobotni Oliy Majlis Qonunchilik palatasi va Senati rahbariyatiga taqdim etilishini tashkillashtirish choralarini koʻradi;

hisobotni muhokama qilish kuni va formatini Oliy Majlis Qonunchilik palatasi va Senati rahbariyati bilan kelishishni tashkil etadi;

Oliy Majlis Qonunchilik palatasi va Senati devonlari rahbariyati bilan birgalikda reja-grafikni tayyorlash va tasdiqlashni tashkillashtiradi;

Oliy Majlis Qonunchilik palatasi va Senati devonlari rahbariyati hamda masʼul tarkibiy boʻlinma bilan birgalikda hisobotni Oliy Majlis palatalarida koʻrib chiqish va muhokama qilishda ishtirok etuvchi Hukumat aʼzolari, vazirliklar va idoralar vakillari roʻyxatini shakllantiradi;

hisobotni Oliy Majlis palatalarida koʻrib chiqish va muhokama qilishda Vazirlar Mahkamasi apparati tarkibiy boʻlinmalarining Qonunchilik palatasining qoʻmitalari, siyosiy partiyalar fraksiyalari, Senatning qoʻmitalari hamda Qonunchilik palatasi Devoni va Senat Devoni bilan oʻzaro muvofiqlashgan hamkorligini taʼminlaydi;

Vazirlar Mahkamasi apparati tarkibiy boʻlinmalariga hisobotni Oliy Majlis palatalarida koʻrib chiqish va muhokama qilishda Oliy Majlis palatalari va ularning organlari bilan oʻzaro hamkorlikni taʼminlashga hamda tashkiliy masalalarni hal qilishga yordam koʻrsatadi.

27. Hisobotni Qonunchilik palatasining qoʻmitalari va siyosiy partiya fraksiyalarida, Senatning qoʻmitalarida dastlabki tarzda koʻrib chiqishda, shuningdek, Oliy Majlis palatalarining yalpi majlislarida muhokama qilishda Davlat dasturining tegishli bandlari boʻyicha masʼul vazirlar va davlat qoʻmitalari raislari puxta tayyorgarlik koʻrgan holda oʻz vaqtida va qoida tariqasida shaxsan ishtirok etishlari shart.

28. Zarur hollarda, Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisining topshirigʻiga muvofiq, Hukumat aʼzolarining muhokamalarda oʻz vaqtida va puxta tayyorgarlik koʻrgan holda ishtirok etishini taʼminlash maqsadida Bosh vazirning alohida topshirigʻi tayyorlanishi mumkin.

29. Bosh vazir oʻrinbosarlari va Bosh vazir maslahatchilari hamda masʼul tarkibiy boʻlinma Vazirlar Mahkamasi apparatining tarkibiy boʻlinmalari hamda Vakolatli vakil bilan birgalikda hisobotni Qonunchilik palatasining qoʻmitalarida, siyosiy partiyalar fraksiyalarida, Senatning qoʻmitalarida, Oliy Majlis palatalarining yalpi majlislarida koʻrib chiqishda Davlat dasturining tegishli bandlari boʻyicha masʼul boʻlgan vazirlar va davlat qoʻmitalari raislarining ishtirokini tashkil etadi.

30. Hisobot Qonunchilik palatasi va Senatning yalpi majlisida koʻrib chiqilishida Oliy Majlis palatalari rahbariyati bilan kelishilgan holda qoida tariqasida Bosh vazir, Bosh vazirning oʻrinbosarlari, Bosh vazirning maslahatchilari hamda tegishli Hukumat aʼzolari ishtirok etadilar.

4-bob. Hisobotni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha qabul qilingan Qonunchilik palatasi va Senat qarorlari ijrosi ustidan nazorat qilish

31. Hisobotni muhokama qilish natijalari yuzasidan Vakolatli vakil Vazirlar Mahkamasi Rayosatida axborot beradi.

32. Hisobotni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Qonunchilik palatasi va Senat qabul qilgan qarorlar ijrosi ustidan nazorat qilish Vazirlar Mahkamasi apparati tomonidan amalga oshiriladi.

33. Bosh vazir oʻrinbosarlari, Bosh vazir maslahatchilari, Vazirlar Mahkamasi apparatining masʼul tarkibiy boʻlinmalari Qonunchilik palatasi va Senat qabul qilgan qarorlar bajarilishining tizimli nazorati va tahlilini taʼminlaydi.

34. Hisobotni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Qonunchilik palatasi va Senat qabul qilgan qarorlar ijrosini taʼminlash Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi bayoni bilan masʼul vazirlik va idoralar, Vazirlar Mahkamasi tarkibiy boʻlinmalari hamda bajarish muddatlarini aniq koʻrsatgan holda chora-tadbirlar rejasi (keyingi oʻrinlarda — chora-tadbirlar rejasi) tasdiqlanadi.

35. Masʼul tarkibiy boʻlinma Vazirlar Mahkamasida tahlil qilish boʻyicha idoralararo monitoring-tahlil guruhi bilan birgalikda:

chora-tadbirlar rejasini va uni tasdiqlash boʻyicha Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi materiallarini tayyorlaydi va tegishli tarkibiy boʻlinmalar, Vakolatli vakil hamda Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisining huquqiy ekspertiza masalalari boʻyicha oʻrinbosari bilan kelishadi;

chora-tadbirlar rejasi va Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi materiallari boʻyicha Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisiga axborot beradi hamda chora-tadbirlar rejasining Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisida muhokamasini tashkil etadi;

chora-tadbirlar rejasining bajarilishi holatini tizimli tahlil qilib boradi hamda belgilangan muddatlarda bu haqda Qonunchilik palatasi va Senatga axborot kiritib borilishini taʼminlaydi.

36. Vazirlar Mahkamasining tarkibiy boʻlinmalari:

Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi bayoni bilan tasdiqlangan chora-tadbirlar rejasining bajarilishini hamda belgilangan muddatlarda uning oʻzlariga biriktirilgan bandlari bajarilishi holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni masʼul tarkibiy boʻlinmaga taqdim etilishini taʼminlaydilar;

zarur hollarda chora-tadbirlar rejasidagi ijrosi kechikayotgan yoki bajarilmagan bandlarning tegishli Bosh vazir oʻrinbosari yoki maslahatchisi huzurida masʼul vazirlik va idoralar rahbarlarini taklif qilgan holda tanqidiy muhokama qilinishini tashkil etadi.

37. Vazirlar Mahkamasi apparatining Nazorat va ijro intizomi boʻlimi tomonidan tizimli asosda Qonunchilik palatasi va Senat qabul qilgan qarorlar bajarilishi jarayonining monitoringi amalga oshiriladi.

5-bob. Yakunlovchi qoidalar

38. Hisobotni Oliy Majlis Qonunchilik palatasi va Senatida muhokama qilish jarayonini ommaviy axborot vositalari orqali keng yoritish Bosh vazirning Matbuot xizmati tomonidan tashkil etiladi.

39. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlarida belgilangan tartibda javob beradilar.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisiga Murojaatnomasidan kelib chiqadigan, tegishli yilga moʻljallangan davlat dasturi bajarilishining borishi yuzasidan Vazirlar Mahkamasining hisobotini Oliy Majlisga taqdim etish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisiga Murojaatnomasidan kelib chiqadigan, tegishli yilga moʻljallangan davlat dasturi bajarilishining borishi yuzasidan Vazirlar Mahkamasining hisobotini Oliy Majlisga taqdim etish tartibi

Bosqichlar Subyektlar Tadbirlar Muddat I . Vazirliklar va idoralarning Davlat dasturi bajarilishining borishi toʻgʻrisidagi hisobotlarini tayyorlash, umumlashtirish va Vazirlar Mahkamasiga kiritish bosqichi 1-bosqich Davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy hokimliklar 1. Davlat dasturida belgilangan vazifalar va tadbirlarning bajarilishini nazoratga oladi, ularni oʻz vaqtida samarali bajarish boʻyicha tezkor chora-tadbirlarni amalga oshiradi. 2. Davlat dasturida yuklatilgan vazifalarning bajarilishi holati yuzasidan ushbu idora boʻyicha maʼlumotlarni umumlashtirib, belgilangan tartibda masʼul vazirlikka taqdim etib borishga masʼul xodimni buyruq asosida belgilaydi. 3. Davlat dasturida nazarda tutilgan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqish maqsadida tegishli ishchi guruhlarni tuzadi. 4. Normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishga masʼul qilib belgilangan bandlar boʻyicha tegishli ishchi guruhiga kiritish uchun malakali xodimlarni ajratadi hamda asosiy ijrochi ixtiyoriga yuboradi. 5. Davlat dasturi bajarilishining borishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni shakllantiradi va umumlashtiradi. 6. Hamijrochi boʻlgan bandlar boʻyicha asosiy ijrochiga tadbirlarning bajarilishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni toʻliq taqdim etib boradi. 7. Asosiy ijrochi boʻlgan bandlar boʻyicha Davlat dasturi bajarilishining borishi toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni qogʻoz va elektron shaklda umumlashtirish uchun masʼul vazirlikka taqdim etadi. Doimiy Davlat dasturi qabul qilinganidan soʻng uch kun muddatda Zaruratga qarab Asosiy ijrochilarning soʻroviga binoan Doimiy Har oyning 28 sanasiga qadar Har oyning 30 sanasiga qadar 2- bosqich Masʼul vazirlik 1. Davlat dasturida belgilangan vazifalar va tadbirlarni bajarishda, shu jumladan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalar sifatli va oʻz vaqtida ishlab chiqilishida kamchilikka yoʻl qoʻygan, maʼlumotlarni taqdim etmagan yoki sifatsiz taqdim etgan tashkilotlar rahbarlari, masʼul xodimlariga nisbatan tegishli taʼsir choralarini koʻrish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritib boradi. 2. Davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari hamda boshqa tashkilotlar tomonidan taqdim etilgan maʼlumotlarni oʻz vaqtida qabul qilib oladi, ularni umumlashtirib, tahlil qiladi. 3. Umumlashtirilgan maʼlumotni Vazirlar Mahkamasiga taqdim etadi. Zaruratga qarab Har oyning 2 sanasiga qadar II. Davlat dasturi bajarilishining borishi toʻgʻrisidagi hisobot boʻyicha Vazirlar Mahkamasida ishlash hamda hisobotni Oliy Majlis palatalariga kiritish bosqichi 3-bosqich Vazirlar Mahkamasi Rayosati 1. Davlat dasturining har bir bandi Vazirlar Mahkamasining tegishli tarkibiy boʻlinmalariga biriktiriladi. 2. Davlat dasturi bajarilishining borishini nazorat qilish uchun Vazirlar Mahkamasi apparatining masʼul tarkibiy boʻlinmasi (boʻlinmalari) (keyingi oʻrinlarda — masʼul tarkibiy boʻlinma) belgilanadi. 3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Harakatlar strategiyasini tegishli yilda amalga oshirishga oid davlat dasturini tasdiqlash toʻgʻrisidagi Farmoni ijrosini amalga oshirish boʻyicha Vazirlar Mahkamasining muvofiqlashtiruvchi ishchi guruhi tarkibi tasdiqlanadi. 4. Davlat dasturi ijrosini Vazirlar Mahkamasida tahlil qilish boʻyicha idoralararo monitoring-tahlil guruhi tarkibi tasdiqlanadi. 5. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Harakatlar strategiyasini tegishli yilda amalga oshirishga oid davlat dasturini tasdiqlash toʻgʻrisidagi Farmoni ijrosini amalga oshirish boʻyicha nazorat rejasi tasdiqlanadi. Davlat dasturi qabul qilinganidan soʻng 4-bosqich Masʼul tarkibiy boʻlinma, Davlat dasturini Vazirlar Mahkamasida tahlil qilish boʻyicha idoralararo monitoring-tahlil guruhi 1. Davlat dasturi amalga oshirilishining borishi haqidagi maʼlumotni koʻrib chiqadi va tahlil qiladi. 2. Tahlil natijasi boʻyicha maʼlumotni ishonchliligi va haqqoniyligini koʻrib chiqish uchun Vazirlar Mahkamasining tarkibiy boʻlinmalariga taqdim qiladi. 3. Zarur hollarda vazirliklar va idoralardan qoʻshimcha maʼlumotlarni oladi. Har oyning 4 sanasiga qadar 5-bosqich Vazirlar Mahkamasining tarkibiy boʻlinmalari 1. Maʼlumotlarni koʻrib chiqadi, tahlil qiladi, ulardagi maʼlumotlarning ishonchliligi va haqqoniyligini oʻrganadi. 2. Kamchilik va muammolarni bartaraf etish boʻyicha davlat organlari va tashkilotlar bilan hamkorlikda ishlarni tashkil qiladi. 3. Tegishli materiallarni Bosh vazir oʻrinbosarlari va Bosh vazir maslahatchilariga taqdim qiladi va kelishadi. Har oyning 5 sanasiga qadar 6-bosqich Bosh vazir oʻrinbosarlari, Bosh vazir maslahatchilari 1. Taqdim etilgan maʼlumotlarni koʻrib chiqadi, zarurat boʻlganda ularning muhokamasi boʻyicha yigʻilishlar tashkil qiladi. 2. Davlat dasturini ijrosi yuzasidan kamchilikka yoʻl qoʻygan xodimlarga nisbatan tegishli choralar koʻradi. 3. Mavjud muammolarni hal etish boʻyicha tegishli tarkibiy boʻlinmalarga zarur koʻrsatmalar beradi. Har oyning 6 sanasiga qadar 7-bosqich Vazirlar Mahkamasining tarkibiy boʻlinmalari Bosh vazir oʻrinbosarlari va Bosh vazir maslahatchilari koʻrsatmalari va takliflari asosida qayta ishlangan maʼlumotlarni Davlat dasturini masʼul tarkibiy boʻlinmagataqdim qiladi. Har oyning 6 sanasiga qadar 8-bosqich Masʼul tarkibiy boʻlinma, Davlat dasturini Vazirlar Mahkamasida tahlil qilish boʻyicha idoralararo monitoring-tahlil guruhi 1. Tarkibiy boʻlinmalar tomonidan taqdim etilgan hisobot va tahliliy maʼlumotni puxta qayta ishlaydi. 2. Umumlashtirilgan yakuniy maʼlumotni hamda hujjatlar toʻplamini Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisining huquqiy ekspertiza masalalari boʻyicha oʻrinbosariga taqdim qiladi. 3. Davlat dasturi ijrosini koʻrib chiqish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi materiallarini (Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisining kun tartibi va majlis bayoni loyihasi hamda hisobot beruvchilar va taklif etilganlar roʻyxati ) va Oliy Majlis palatalarida Davlat dasturi bajarilishi toʻgʻrisida Hukumatning har choraklik hisobotlari materiallarini (hisobot loyihasi; Bosh vazirning hisoboti materiallari; hisobot muhokamasida qatnashuvchilar roʻyxati; axborot-tahliliy, statistik va boshqa materiallar) tayyorlaydi va Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisining huquqiy ekspertiza masalalari boʻyicha oʻrinbosariga taqdim qiladi. Har oyning 7 sanasiga qadar Har chorakda, keyingi oyning 7 sanasiga qadar 9-bosqich Vazirlar Mahkamasi apparati boshkaruvchisining huquqiy ekspertiza masalalari boʻyicha oʻrinbosari 1. Umumlashtirilgan maʼlumotlarni tahlil qiladi, zarurat boʻlsa qayta ishlash uchun masʼul tarkibiy boʻlinmaga qaytaradi hamda umumlashtirilgan maʼlumotlarni Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisiga taqdim qiladi. 2. Davlat dasturi ijrosini koʻrib chiqish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi materiallarini va Oliy Majlis palatalarida Davlat dasturi bajarilishi toʻgʻrisida Hukumatning har choraklik hisobotlari materiallarini tahlil qiladi va Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisiga taqdim qiladi. Har oyning 8 sanasiga qadar Har chorakda, keyingi oyning 8 sanasiga qadar 10-bosqich Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisi 1. Taqdim qilingan umumlashtirilgan maʼlumotlarni koʻrib chiqadi va Bosh vazirga taqdim qiladi . 2. Davlat dasturi ijrosini koʻrib chiqish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi materiallarini va Oliy Majlis palatalarida Davlat dasturi bajarilishi toʻgʻrisida Hukumatning har choraklik hisobotlari materiallarini koʻrib chiqadi, Bosh vazirga taqdim qiladi hamda hisobotni Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisida koʻrib chiqish muddatini kelishadi. Har oyning 10 sanasiga qadar Har chorakda, keyingi oyning 10 sanasiga qadar 11-bosqich Masʼul tarkibiy boʻlinma, idoralararo monitoring-tahlil guruhi 1. Davlat dasturi bajarilishining borishi toʻgʻrisidagi hisobotning Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisida koʻrib chiqilishini tashkil etadi. 2. Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisining yakunlari boʻyicha hisobot loyihasi va hujjatlar toʻplami bildirilgan eʼtirozlardan kelib chiqib puxta qayta ishlanishini taʼminlaydi. Har chorakda, keyingi oyning 15 sanasiga qadar Bir kun muddatda 12-bosqich Masʼul tarkibiy boʻlinma, Vakolatli vakil, Umumiy boʻlim Puxta qayta ishlangan hisobotni Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisining Qonunchilik palatasi (keyingi oʻrinlarda — Qonunchilik palatasi) va Senatiga taqdim etadi. Bir kun muddatda III. Vazirlar Mahkamasining Davlat dasturi bajarilishining borishi toʻgʻrisidagi hisobotini Oliy Majlis palatalarida himoya qilish bosqichi 13-bosqich Tarkibiy boʻlinmalar, Vakolatli vakil, Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisining huquqiy ekspertiza masalalari boʻyicha oʻrinbosari 1. Oliy Majlis Qonunchilik palatasi va Senati bilan hisobotni muhokama qilishga tayyorgarlik koʻrish masalalari boʻyicha barvaqt ishlashni tashkil etadi. 2. Qonunchilik palatasi va Senat bilan kelishgan holda hisobotni Qonunchilik palatasining qoʻmitalari, siyosiy partiyalar fraksiyalari, Senat qoʻmitalari hamda Oliy Majlis palatalarining yalpi majlislarida muhokama qilish boʻyicha reja-grafik tayyorlanadi. Hisobot Oliy Majlis palatalariga taqdim etilganidan soʻng 14-bosqich Vakolatli vakil 1. Hisobotni Oliy Majlis palatalari rahbariyatiga taqdim etilishini tashkillashtirish choralarini koʻradi. 2. Hisobotni muhokama qilish kuni va formatini Oliy Majlis palatalari rahbariyati bilan kelishishni tashkil etadi. 3. Oliy Majlis palatalari devonlari rahbariyati bilan birgalikda reja-grafikni tayyorlash va tasdiqlashni tashkillashtiradi. 4. Oliy Majlis palatalari devonlari rahbariyati hamda masʼul tarkibiy boʻlinma bilan birgalikda hisobotni Oliy Majlis palatalarida koʻrib chiqish va muhokama qilishda ishtirok etuvchi Hukumat aʼzolari, vazirliklar va idoralar vakillari roʻyxatini shakllantiradi. 5. Hisobotni Oliy Majlis palatalarida koʻrib chiqish va muhokama qilishda Vazirlar Mahkamasi apparati tarkibiy boʻlinmalarining Oliy Majlis palatalari organlari bilan oʻzaro muvofiqlashgan hamkorligini taʼminlaydi. Muntazam ravishda 15-bosqich Bosh vazir oʻrinbosarlari, Bosh vazir maslahatchilari, masʼul tarkibiy boʻlinma, Vazirlar Mahkamasi apparatining tarkibiy boʻlinmalari, Vakolatli vakil Hisobotni Qonunchilik palatasining qoʻmitalarida, siyosiy partiyalar fraksiyalarida, Senatning qoʻmitalarida, Oliy Majlis palatalarining yalpi majlislarida koʻrib chiqishda Davlat dasturining tegishli bandlari boʻyicha masʼul boʻlgan vazirlar va davlat qoʻmitalari raislarining ishtirokini tashkil etadi. Reja-grafikka asosan 16-bosqich Davlat dasturining tegishli bandlari boʻyicha masʼul vazirlar, davlat qoʻmitalari raislari Hisobotni Qonunchilik palatasining qoʻmitalari va siyosiy partiyalar fraksiyalarida, Senatning qoʻmitalarida dastlabki tarzda koʻrib chiqishda, shuningdek, Oliy Majlis palatalarining yalpi majlislarida puxta tayyorgarlik koʻrgan holda oʻz vaqtida va qoida tariqasida shaxsan ishtirok etadilar. Reja-grafikka asosan 17- bosqich Bosh vazir, Bosh vazir oʻrinbosarlari, Bosh vazir maslahatchilari, Hukumat aʼzolari Hisobotni Qonunchilik palatasi va Senatning yalpi majlisida taqdim etadi. Reja-grafikka asosan I V . Vazirlar Mahkamasining Davlat dasturi bajarilishining borishi toʻgʻrisidagi hisobotini koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Qonunchilik palatasi va Senat tomonidan qabul qilingan qarorlar ijrosini taʼminlash bosqichi 18-bosqich Vakolatli vakil Hisobotni muhokama qilish natijalari yuzasidan Vazirlar Mahkamasi Rayosatida axborot beradi. Hisobot Oliy Majlis palatalarida muhokama qilingandan soʻng 19-bosqich Masʼul tarkibiy boʻlinma, idoralararo monitoring-tahlil guruhi 1. Chora-tadbirlar rejasini va uni tasdiqlash boʻyicha Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi materiallarini tayyorlaydi va tegishli tarkibiy boʻlinmalar, Vakolatli vakil hamda Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisining huquqiy ekspertiza masalalari boʻyicha oʻrinbosari bilan kelishadi. 2. Chora-tadbirlar rejasi va Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi materiallari boʻyicha Vazirlar Mahkamasi apparati boshqaruvchisiga axborot beradi hamda chora-tadbirlar rejasining Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisida muhokamasini tashkil etadi. 3. Chora-tadbirlar rejasining bajarilishi holatini tizimli tahlil qilib boradi hamda bu haqda Qonunchilik palatasi va Senatga axborot kiritib borilishini taʼminlaydi. Belgilangan muddatlarda 20-bosqich Vazirlar Mahkamasi tarkibiy boʻlinmalari 1. Hisobotni koʻrib chiqish yakunlari boʻyicha Qonunchilik palatasi va Senat qabul qilgan qarorlar ijrosi ustidan nazoratni amalga oshiradi. 2. Vazirlar Mahkamasi Rayosati majlisi bayoni bilan tasdiqlangan chora-tadbirlar rejasining bajarilishini hamda belgilangan muddatlarda uning oʻzlariga biriktirilgan bandlari bajarilishi holati toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni masʼul tarkibiy boʻlinmaga taqdim etilishini taʼminlaydi. 2. Qonunchilik palatasi va Senat qabul qilgan qarorlar bajarilishining tizimli tahlilini hamda Bosh vazir oʻrinbosarlari, Bosh vazir maslahatchilari huzurida muhokama qilishni taʼminlaydi. Belgilangan muddatlarda Zarur hollarda 21-bosqich Nazorat va ijro intizomi boʻlimi Qonunchilik palatasi va Senat qabul qilgan qarorlar bajarilishi jarayoni monitoringini olib boradi. Tizimli asosda

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 18-may,

290-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 19.05.2020-y., 09/20/290/0603-son; 16.12.2025-y., 09/25/791/1167-son)

lex.uz