📅 2020-yil 19-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 19-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 19 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 19 мая 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 19 May 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
РЎЙХАТИ
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси йўл хўжалиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 9 декабрдаги ПФ-5890-сон Фармони ва «Йўл соҳасини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ-4545-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Э.М. Ганиев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майдаги 295-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг (кейинги ўринларда — Қўмита) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва масъулиятини белгилайди.
2. Қўмита Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитасининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
3. Қўмита автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган бўлиб, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш бўйича ишларнинг ягона буюртмачиси ҳисобланади.
4. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги (кейинги ўринларда — Транспорт вазирлиги) қарорларига амал қилади.
5. Қўмитанинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шу жумладан, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
6. Қўмита ўз фаолиятини Транспорт вазирлиги бўлинмалари, шу жумладан, унинг ҳудудий бўлинмалари, давлат органлари ва ташкилотлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
7. Қўмита юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги банк ҳисобварақларига эгадир.
8. Қўмитанинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси;
қисқартирилган номи — Автомобиль йўллари қўмитаси;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Комитет по автомобильным дорогам при Министерстве транспорта Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Комитет по автомобильным дорогам;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — The Committee for roads under the Ministry of transport of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — The Committee for roads.
9. Қўмитанинг жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 68-уй.
2-боб. Қўмитанинг асосий вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш;
автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш;
автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини ташкил этиш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш;
автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириш;
хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш;
илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш;
автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш;
автомобиль йўлларининг ҳудудий архитектура-бадиий тузилишига ва ландшафт дизайнига тааллуқли замонавий ёндашувларни шакллантириш ҳамда амалга ошириш бўйича ягона давлат сиёсатини ўтказиш, автомобиль йўлларига туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш тадбирлари ўтказилишини ташкил этиш;
автомобиль йўлларини лойиҳалаш соҳасидаги нормалар ва стандартларга риоя этилишини таъминлаш;
йўл хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.
11. Қўмита ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини олиб бориш соҳасида:
йўл хўжалигида замонавий технологияларни ва хорижий мамлакатларнинг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш, шунингдек, йўл-қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкцияларни ишлаб чиқиш борасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;
сафарбарлик тайёргарлигини, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотларнинг сафарбарлик тайёргарлиги бўйича улар фаолиятини назорат қилади ва мувофиқлаштиради;
Қўмита ёки унинг тегишли буйруғи билан ваколат берилган идоравий мансуб ташкилотлар томонидан республика ҳудудида, шунингдек, республика ҳудудига кирадиган оғир ва йирик габаритли автотранспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилади ҳамда автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши учун йиғимлар ундиради ва уларнинг ҳаракатланиши (кириши) учун рухсатномалар беради;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида йўл ҳаракатини тартибга солишнинг техник воситалари ва уларнинг конструкциялари, шу жумладан фото ва видео қайд этиш техник воситаларининг ўрнатилишига техник шартлар беради;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари билан муҳандислик коммуникацияларининг кўндаланг кесишишига техник шартлар беради;
Қўмита ёки унинг тегишли қарори билан ваколат берилган идоравий мансуб ташкилотлар томонидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида жойлашган ер участкаларида ва иншоотларида ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуришга техник шартлар беради;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақасидаги ер участкаларида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, савдо, сервис объектлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти учун бошқа объектларни жойлаштириш ва қуриш учун техник шартлар беради;
юридик ва жисмоний шахслар томонидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига туташувчи йўллар (съездлар) қурилиши учун техник шартлар (рухсат) беради;
Қўмита ёки унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармалари (кейинги ўринларда — бош бошқармалар) томонидан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари четидаги ажратилган минтақаларда объектлар қурилиши учун, жумладан муҳандислик-коммуникация тармоқлари учун техник шартлар беради;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари тармоғини тегишли ҳолатда сақлаш ва ривожлантириш, уларнинг ўтказиш қобилиятини ошириш, автомобиль йўллари фойдаланувчиларига кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш, шунингдек, йўл ва йўл бўйи сервиси объектларини ривожлантиришни мувофиқлаштиради;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақаларида ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланишни белгиланган тартибда ташкил этади;
транспорт оқимларини бошқаришнинг замонавий рақамли автоматлаштирилган тизимларини жорий этади;
б) автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида:
автомобиль йўллари ҳўжалиги соҳасида амалдаги норматив ҳужжатлар ва ажратилган молия манбаалардан келиб чиқиб, республиканинг автомобиль йўллари тармоғини давлат иқтисодиёти билан ҳамоҳанг ривожланишини таъминлайдиган яқин ва ўрта муддатли давлат дастурини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
автомобиль йўлларининг техник ҳолатидан келиб чиққан ҳолда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашнинг ҳар йилги дастурларини шакллантиради ва амалга оширишни мувофиқлаштиради;
халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида, шунингдек, донорлар маблағларини жалб қилган ҳолда йўл қурилиши соҳасида лойиҳалар ишлаб чиқади ва амалга оширади;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш, қайта қуриш ва уларни лойиҳалаштириш, корхоналарни модернизация қилиш бўйича манзилли рўйхатларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди, ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;
автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш ва уларни лойиҳалаштириш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди, ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини қуриш, қайта қуриш ва уларни лойиҳалаштириш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни келишади;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни лойиҳалаштириш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни келишади;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида фавқулодда вазиятлар олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш ишлари бўйича объектларнинг манзилли рўйхатларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда тасдиқлайди, ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ва жорий таъмирлаш ишлари учун технологик асбоб-ускуналар, техникалар ва машина-механизмлар билан жиҳозлаш ишлари бўйича манзилли рўйхатларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди, ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ва жорий таъмирлашнинг вақтинчалик ва йиллик йиғма сметаларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди, ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;
в) автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилаш соҳасида:
Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатини шакллантириш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига киритади;
иқтисодиёт ва аҳолининг эҳтиёжларидан ҳамда давлатнинг стратегик вазифаларидан келиб чиққан холда, республика автомобиль йўллари тармоғини истиқболли режалаштириш, такомиллаштириш ва ривожлантириш чораларини кўради;
республика умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари тармоғини такомиллаштириш ва ривожлантириш чораларини кўради;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳисобини ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда давлат кадастрини юритади;
г) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантириш соҳасида:
махсус рухсатнома берган ҳолда, шу жумладан халқаро ташишларни амалга ошираётган йирик ўлчамли ва оғир юк кўтарадиган автотранспорт воситаларининг автомобиль йўллари бўйича ҳаракати йўналишларини белгилайди;
халқаро транспорт йўналишларидан фойдаланишда халқаро ташкилотлар ва компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўради;
тармоққа инвестицияларни жалб қилиш ва молиялаштиришнинг муқобил манбаларини, шу жумладан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш чораларини кўради;
д) автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш масалалари комплекс ҳал этилишини ташкил этиш ҳамда буюртмачи хизматининг самарали фаолиятини ташкил этиш соҳасида:
бош бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотларнинг муассиси функциясини амалга ошириш, улар фаолияти устидан назорат олиб бориш ва иқтисодий ривожланишини таҳлил қилиш, шунингдек, бош бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотларда молия-хўжалик фаолиятини ва мол-мулкдан фойдаланилишини назорат қилади;
замонавий менежмент тизимларини, илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ ишни ташкил этишнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш орқали тармоқни бошқаришни такомиллаштиради;
идоравий мансуб ташкилотларнинг молия-хўжалик фаолиятидан келиб чиқиб, йўл ишларини бажаришда зарурий фойда олинишини таъминлаш мақсадида рентабеллик даражасининг минимал миқдорларини белгилайди;
қулай ва хавфсиз ҳаракатни таъминлаш учун умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланишда йўл ҳаракати хавфсизлиги ва фавқулодда вазиятлар органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
йўл қурилишининг йирик лойиҳаларини молиялаштиришга халқаро молия институтларини ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларини жалб этади;
фуқароларни қабул қилишни ташкил этади, жисмоний ва юридик шахсларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлайди, улар бўйича қарорлар қабул қилади ва ариза берувчиларга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда жавоб беради;
е) автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга ошириш соҳасида:
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларнинг техник ҳолатини кўрикдан ўтказади;
автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш соҳасида сифат устидан назоратни амалга оширади;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш устидан техник кузатувни амалга оширади;
йўл қурилиши, йўл-қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкциялар ишлаб чиқариш соҳасини техник тартибга солишда норматив ҳужжатлар ва талабларга риоя этилишини таъминлайди;
ж) хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш соҳасида:
хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини таъмирлашнинг ҳар йилги дастурларини шакллантириш ва амалга оширишда иштирок этади;
хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғини таъмирлаш бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишини мувофиқлаштиради;
хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчалари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштириш юзасидан шаҳарлар ва туманларнинг бош режаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
з) илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида инновацион технологиялар ва замонавий стандартларни жорий этиш соҳасида:
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш борасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;
автомобиль йўллари ва йўл хўжалиги масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқади ва келишади;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этади ва олиб боради;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш соҳасида замонавий технологияларни ва янги материалларни жорий этиш бўйича тажриба ишларини олиб боради;
и) автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, чет элларда ўқув-амалиёт курслари ва семинарлар ташкил этиш соҳасида:
тармоқда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича базавий таълим дастурларини шакллантиришда бевосита иштирок этади ва келишади;
йўл қурилишини прогнозлаштириш, мувофиқлаштириш ва амалга оширишнинг замонавий усуллари талабларига мувофиқ автомобиль йўллари соҳасида малакали кадрлар тайёрлашни ва кадрларни қайта тайёрлашни ташкил этади;
талабаларнинг олинган назарий билимларини ишлаб чиқариш амалиётида мустаҳкамлаш мақсадида таълим муассасаларининг бош бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этади;
автомобиль йўллари соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлашни ва малакасини оширишни, шу жумладан, хорижий таълим муассасаларида амалиёт ўташини ва тажриба орттиришини ташкил этади;
к) автомобиль йўлларининг ҳудудий архитектура-бадиий тузилишига ва ландшафт дизайнига тааллуқли замонавий ёндашувларни шакллантириш ҳамда амалга ошириш бўйича ягона давлат сиёсатини ўтказиш, автомобиль йўлларига туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш тадбирлари ўтказилишини ташкил этиш соҳасида:
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ҳудудий архитектура-бадиий тузилиши ва ландшафт дизайни қисмида замонавий ёндашувларни шакллантириш ва амалга ошириш борасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш йўли билан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига ажратилган полосалардаги йўл бўйи ҳудудларни тегишли ҳолатда сақлаш ва кўкаламзорлаштириш билан боғлиқ ишларни ташкил этади ва амалга оширади;
республиканинг ҳар бир минтақасидаги иқлим шароитларидан келиб чиқиб умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини кўкаламзорлаштириш соҳасида замонавий технологиялар ва халқаро стандартларни қўллаш, замонавий кўчатхоналарни ташкил этиш, идоравий мансуб ташкилотларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради;
идоравий мансуб олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари негизида автомобиль йўлларини лойиҳалаш, архитектура-бадиий жиҳатдан тузиш ва ландшафт дизайни бўйича малакали кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этади;
л) автомобиль йўлларини лойиҳалаш соҳасидаги нормалар ва стандартларга риоя этилишини таъминлаш соҳасида:
автомобиль йўлларини лойиҳалаш соҳасида халқаро стандартлар ва энг яхши тажрибаларни қўлланилишини мувофиқлаштиради;
автомобиль йўлларини йўлларда ҳаракатланишни тартибга солишнинг техник воситалари билан жиҳозлаш соҳасида ягона техник сиёсатни амалга оширади;
стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ йўл белгилари, ахборот кўрсаткичлари, йўлларда ҳаракатланишни тартибга солишнинг бошқа техник воситалари ишлаб чиқарилишини ташкил этади;
автомобиль йўлларида узоқ муддат фойдаланишни таъминловчи йўл белгиларини ўрнатиш ва ётиқ йўл белгиларини чизиш чораларини кўради;
м) йўл хўжалиги соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш соҳасида:
ўз ваколатлари доирасида автомобиль йўллари масалалари бўйича халқаро ташкилотлар билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорликни амалга оширади ҳамда уларда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини ифода этади, Ўзбекистон Республикасининг автомобиль йўллари соҳасидаги халқаро шартномаларда иштирок этишини таъминлайди;
автомобиль йўллари соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, автомобиль йўллари масалалари бўйича халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари, шунингдек, хорижий компаниялар билан самарали ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади.
12. Қўмита унга юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ҳамда унинг бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари орқали амалга оширади.
Қўмита умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш ишлари бўйича ягона буюртмачиси ҳисобланиб:
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш ва жорий таъмирлаш, улардаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни амалга ошириш ҳамда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш эҳтиёжлари учун жиҳозлаш (технологик ускуна, техника ва машина-механизмлар харид қилиш) бўйича буюртмачи функциялари бош бошқармалар;
халқаро аҳамиятдаги А-373 «М39 автойўли-Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали-Ўш» автомобиль йўлининг 183 — 285 км участкаларини ҳамда уларга туташ умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, қишки қаров, кўкаламзорлаштириш, жорий таъмирлаш, улардаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни амалга ошириш бўйича буюртмачи функциялари «Қамчиқавтойул» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан амалга оширилади.
Автомобиль йўлларини ривожлантириш учун ажратиладиган маблағларни сарфлаш бўйича буюртмачи функциялари Қўмита раисининг қарори билан бошқа идоравий мансуб ташкилотларига юкланиши мумкин.
3-боб. Қўмитанинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
13. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрациясига ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
Қўмита ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича давлат бошқарув органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш чораларини кўриш;
давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда олиш;
давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларига автомобиль йўллари соҳасидаги аниқланган қонун бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
Қўмитанинг ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда белгиланган тартибда иштирок этиш;
хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари билан автомобиль йўллари соҳасида белгиланган тартибда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва музокаралар олиб бориш;
Қўмитанинг ваколатига тааллуқли масалаларни ҳал этишга илмий ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;
йўл хўжалиги соҳасини тартибга солиш масалаларини муҳокама қилиш учун экспертларни жалб қилиш, шунингдек, соҳадаги ислоҳотлар ижросини экспертлик жиҳатдан таъминлашнинг янги, самарали ва сифатли тизимини яратиш доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун малакали мутахассислардан иборат эксперт-таҳлил гуруҳларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этиш;
малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилиш, уларга ўрнатилган тартибда иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорларини белгилаш;
Қўмитанинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шакллантириш ва тасарруф этиш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини босқичма-босқич ривожлантириш тартиб-таомилларни амалга ошириш;
автомобиль йўлларидан фойдаланувчилардан автомобиль йўллари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этишни, шунингдек, автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва эксплуатация қилиш соҳасида фаолият кўрсатувчи ташкилотлардан шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига ҳамда автомобиль йўллари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этишни талаб қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналаридан хорижий мамлакатларда йўл хўжалигини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида таҳлилий материаллар, ҳисоботлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан йўл хўжалиги соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш юзасидан таклифларни сўраш ва олиш;
Қўмита, бош бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар мутахассисларини белгиланган тартибда хорижий мамлакатларга юбориш;
Қўмита, бош бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар ўртасида танлов ва тендер савдолари ўтказмасдан товарларни сотиш, харид қилиш ва етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш ҳамда ишларни бажариш;
Қўмита, бош бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотларига асосий воситаларни бириктириш;
автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва эксплуатация қилиш билан шуғулланувчи ҳамда йўл-қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи мустақил корхоналарни ва бошқа корхоналарни, шу жумладан, қўшма корхоналарни ташкил этиш, шунингдек, Қўмита тизимига кирувчи ташкилотларни бирлаштириш ва тугатиш;
ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий ҳисобланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, зарур ҳолларда бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари билан бирга қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиш;
ўз ташкилий тузилмаси доирасида бир ташкилотдан бошқасига оператив бошқариш (фойдаланиш) ҳуқуқи асосида давлат мулкини, жумладан, давлат кўчмас мулки объектларини ўтказиш;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган маблағлар ҳисобига жамғармалар, шунингдек, моддий рағбатлантирувчи бюджетдан ташқари жамғармалар ташкил этиш, уларнинг низомларини тасдиқлаш, Қўмита бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятидан олинган фойдани Қўмитанинг жамғармаларига йўналтириш;
соҳадаги ишчи-хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун уларга етарли даражада шароит яратиш мақсадида ижтимоий объектларни қуриш, ташкил этиш ва сақлаш;
Қўмита томонидан ташкил этиладиган қўшма корхоналарнинг ва жамиятларнинг таъсисчиси бўлиш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақаларида сервис хизматларини кўрсатиш мақсадида корхоналар ташкил этиш;
идоравий мансуб ташкилотларнинг муассиси функциясини амалга ошириш;
«Автойўлинвест» агентлиги таркибида лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳларини ташкил этиш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг ажратилган минтақасида ва йўл бўйи минтақасида ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш ҳамда йўл бўйи минтақасида сервис ва бошқа объектларни қуриш ишларини давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини, уларни эксплуатация қилиш талабларидан келиб чиққан ҳолда, буйруқлар билан тегишли эксплуатация қилувчи ташкилотларга бириктириш;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш ва жорий таъмирлаш ишлари учун ажратилган лимит маблағлари доирасида хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини таъмирлаш;
ўз ваколати доирасида анжуманлар, семинарлар, симпозиумлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш, жумладан хорижда ташкил этиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган шу каби тадбирларда иштирок этиш;
Қўмита фаолиятини амалга ошириш учун инвентарь ва хўжалик жиҳозлари, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер техникаси, асбоб-ускуналар, дастурий таъминот ва бошқа товарларни харид қилиш учун белгиланган тартибда шартномалар тузиш.
14. Қўмита қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.
15. Қўмита:
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатни самарали амалга оширилиши;
Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ҳамда самарали бажарилиши;
Қўмита таркибий бўлинмаларининг Қўмита фаолияти билан боғлиқ кўрсаткичларга эришишни таъминлаш бўйича ишларининг ташкил этилиши;
Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Қўмита қабул қиладиган буйруқлар ва бошқа ҳужжатларнинг сифатли тайёрланиши ва экспертизадан ўтказилиши;
йўл хўжалигини ривожлантириш бўйича дастурлар, чора-тадбирлар режалари, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатларнинг амалга оширилиши;
автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши бўйича жавобгар ҳисобланади.
4-боб. Қўмита раҳбариятининг асосий функционал вазифалари
16. Қуйидагилар Қўмита раисининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
йўл хўжалигини тартибга солиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;
Қўмита фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланган Қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилиш ҳолатини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг топшириқларини бажариш;
ўз ўринбосарлари ва Қўмитанинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Қўмита фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;
Қўмита фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, йўл хўжалиги соҳасини ривожлантириш тенденцияларидан келиб чиқиб, Қўмита ва ўз ўринбосарларининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш ва уларнинг бажарилиши назоратини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторинг олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, « Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида » 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ва Вазирлар Маҳкамасининг «Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш;
Қўмита ходимларини тизимли равишда қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;
Қўмитада кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Қўмитанинг кадрлар захирасини шакллантириш;
бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Қўмитага ишга қабул қилинаётган кадрларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;
« Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида », « Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида »ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг регламентлари талабларига мувофиқ йўл хўжалиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, уларнинг Транспорт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида пухта ишлаб чиқилишида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилиниши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;
« Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида », « Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида »ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 17 октябрдаги 345-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаси фаолиятининг намунавий регламентига мувофиқ Қўмитанинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;
фаолият соҳасидаги масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга раҳбарлик қилиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини ташкил этиш;
Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида » 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;
ўз ўринбосарларининг ва Қўмита таркибий бўлинмалари раҳбарлари фаолияти натижадорлиги ва самарадорлигини тизимли равишда ўрганиш, Қўмита йиғилишларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;
Қўмита ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини ва Қўмитанинг бошқа мансабдор шахсларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
Қўмита ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари асосида тасдиқланадиган Қўмита ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;
«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Қўмита тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;
Қўмита ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;
«Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, шу жумладан, Қўмита ахборот тизимининг самарадорлиги ва сифатини ошириш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Қўмита ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;
давлат сири сирасига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
Қўмита таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни, лавозим йўриқномалари ва Қўмитанинг бошқа локал ҳужжатларини белгиланган тартибда тасдиқлаш;
Қўмита марказий аппарати ходимларини, бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш;
Қўмита марказий аппарати, бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимлари томонидан бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг ижросини белгиланган тартибда назорат қилиш;
ходимларнинг умумий белгиланган сони доирасида Қўмита штатлар жадвалини, шунингдек, Қўмита харажатлар сметасини белгиланган тартибда тасдиқлаш;
бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида Қўмита марказий аппарати, бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари аппаратлари тузилмасига ўзгартиш киритиш;
Қўмита марказий аппарати, бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари мол-мулкини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш;
Қўмита бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари томонидан қонун ҳужжатларини бузган ҳолда қабул қилинган қарорларини (кўрсатмаларини) бекор қилиш;
алоҳида ўзини кўрсатган ходимларни уларга давлат мукофотлари бериш учун уларнинг номзодларини белгиланган тартибда тақдим этиш;
йўл хўжалиги соҳасида халқаро ва ҳукуматлараро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш бўйича халқаро тадбирларда иштирок этиш.
17. Қуйидагилар Қўмита раиси ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;
Қўмита раиси вақтинча бўлмаганда тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;
Қўмитанинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан тасдиқланган Қўмита фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва тадбирларнинг бажарилиши ҳолатини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;
мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш чора-тадбирларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;
мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларнинг иш режалари бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш, Қўмита фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида» 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, « Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида » 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ва Вазирлар Маҳкамасининг «Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш;
Транспорт вазирлиги ҳайъати, Транспорт вазири ва Қўмита раисининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш;
мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Қўмита раисига таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-аҳлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чора-тадбирларини кўриш, мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;
йўл хўжалиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, Қўмита таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва улар кейинчалик Қўмита раиси томонидан кўриб чиқилиши, имзоланиши (виза қўйилиши) учун виза қўйиш, кейинчалик уларни ўз вақтида Ўзбекистон Республикаси Президент Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
Қўмитага тақдим этилган йўл хўжалиги соҳасидаги таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш;
Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг « Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида » 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва «Хорижий хизмат сафарларида бўлишнинг самарадорлиги ва хорижий делегацияларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифини ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;
Қўмитанинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш;
йўл хўжалиги соҳасига тегишли масалалар бўйича Қўмита фаолиятини такомиллаштиришга доир амалий чора-тадбирлар кўриш, йўл хўжалиги соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Қўмита раисига киритиш;
мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифларни Қўмита раисига киритиш, функционал вазифалар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш;
Қўмита ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя қилишини, мутасаддилик қилинадиган бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларининг ушбу қоидаларга риоя этишини таъминлаш;
«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ Қўмита тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;
йўл хўжалиги соҳасини такомиллаштириш ва ривожлантириш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга доир таклифларни Қўмита раисига киритиш;
«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан жойларга бориб қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;
давлат сири сирасига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
йўл хўжалиги соҳасида хорижий давлатлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш;
автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш, кўкаламзорлаштириш ва бошқа зарурий тадбирларни ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлаш;
автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини ташкил этиш бўйича Қўмита ваколатига кирадиган тадбирларни амалга ошириш ва назорат қилиш;
автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш ва бошқа тадбирлар юзасидан норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва уларнинг бажарилишини назоратга олиш;
Қўмита ваколатига кирувчи бошқа вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш.
5-боб. Қўмита раҳбариятининг жавобгарлиги
18. Қўмита раиси:
Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;
ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган Қўмитанинг жавобгарлик соҳалари бўйича;
ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан масъулдир.
19. Қўмита раиси ўринбосарлари:
мутасаддилик қилинадиган Қўмита таркибий бўлинмаларида Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун;
Қўмитанинг мутасаддилик қилинадиган масалалар юзасидан ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган жавобгарлик соҳалари бўйича;
ушбу Низомнинг 17-бандида белгиланган ўз функционал вазифаларининг бажарилиши учун шахсан масъулдир.
6-боб. Қўмита фаолиятини ташкил этиш
20. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади.
21. Қўмита раиси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган беш нафар ўринбосарга, шу жумладан битта биринчи ўринбосарга эга.
Ишлаб чиқариш заруриятидан келиб чиқиб, раиснинг буйруғи билан бўш турган Қўмита раиси ўринбосари лавозими вазифасини вақтинча бажариш Қўмита раиси томонидан белгиланган шахсга юклатилиши мумкин.
22. Қўмита раиси бўлмаган вақтда унинг ваколатлари раиснинг буйруғи билан унинг ўринбосарларидан бирига юклатилади.
Қўмита раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, моддий таъминоти, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича мос равишда вазирга, вазирнинг биринчи ўринбосарига ва ўринбосарларига тенглаштирилади.
7-боб. Қўмитанинг Транспорт вазирлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари, унинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби
23. Қўмита ўзига юкланган вазифа ва функцияларни бевосита, шунингдек, Транспорт вазирлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда ҳал этади.
24. Қўмитанинг Транспорт вазирлиги марказий аппарати таркибий бўлинмалари, унинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, идоравий мансуб ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги бевосита Қўмита раиси ва унинг ўринбосарлари томонидан таъминланади.
8-боб. Қўмитанинг кенгаш, маслаҳат ва эксперт органлари
25. Қўмитада унинг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи раис ўринбосари (кенгаш раиси), Қўмита марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат Тармоқ илмий-техник кенгаши Қўмита раиси буйруғи билан ташкил этилади.
26. Тармоқ илмий-техник кенгаши низоми ва унинг шахсий таркиби Қўмита раисининг буйруғи билан тасдиқланади.
27. Қўмитада раис буйруғи билан кенгаш, маслаҳат ва эксперт органлари тузилиши мумкин.
Қўмитада тузиладиган кенгаш, маслаҳат ва эксперт органлари таркиби ва улар тўғрисидаги низомлар Қўмита раисининг буйруғи билан тасдиқланади.
9-боб. Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ҳамда иш индикаторлари
28. Қўмита фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳоланиб борилади.
29. Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.
30. Қўмита фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:
Қўмита раҳбарлари ва ходимларига нисбатан рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарлик чоралари;
Қўмита фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.
Қўмита фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан белгиланади.
10-боб. Қўмита фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш
31. Қўмита, унинг бош бошқармалари, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари, йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхоналари, кўприклардан фойдаланиш унитар корхоналари, «Автойўлинвест» агентлиги, «Ўзйўлкўкаламзорлаштириш» унитар корхонаси, «Республика диспетчерлик маркази» унитар корхонаси, «Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» унитар корхонаси фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси, моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси, бюджетдан ташқари жамғармалар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади ва моддий-техник таъминланади.
32. Ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, лавозим маошларига қўшимчалар ва устамалар, шунингдек, мукофотлар ва бошқа барча турдаги тўловлар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилган локал ҳужжатлар асосида:
Қўмита тузилмасига кирувчи йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхоналари, туман йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари, кўприклардан фойдаланиш унитар корхоналари, «Ўзйўлкўкаламзорлаштириш» унитар корхонаси таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий корхоналари, «Дўрмонавтойўл» ва «Қамчиқавтойўл» ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари, Қувасой йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси, Тошкент ҳалқа автомобиль йўли йўллардан фойдаланиш бошқармаси унитар корхонаси, Барданкўл йўллардан фойдаланиш бошқармаси унитар корхонаси — автомобиль йўлларини сақлаш ва кўкаламзорлаштириш харажатларига ажратилган маблағлар лимити доирасида амалга оширилади;
«Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси» давлат унитар корхонаси ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар бош бошқармалари таркибидаги «Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхоналари – буюртмачилик функциясини бажарган иш ҳажмларидан белгиланган тартибда ажратиладиган ажратмалар ҳисобидан амалга оширилади.
33. Қўмита марказий аппарати, бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.
Қўмита, унинг бош бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари ходимларининг лавозим маоши Ягона тариф сеткасининг тасдиқланган разрядлари бўйича белгиланади.
Қўмита марказий аппарати ходимларига Транспорт вазирлиги марказий аппарати ходимлари учун белгиланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари татбиқ этилади.
34. Бошқарув ходимлари сони камайиши ва бўш иш ўринлари мавжудлиги ҳисобига меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг бўшаб қолаётган маблағлари Қўмита ходимларини моддий рағбатлантириш учун йўналтирилади.
35. Қўмита марказий аппарати бошқармаларига енгил автотранспорт воситалари бириктирилади ва уларни сақлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
36. Қўмита ташкилий тузилмасига кирадиган ҳамда ушбу Низомнинг 31-бандида кўрсатилмаган идоравий мансуб ташкилотларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий-техник таъминоти, шунингдек, уларнинг ходимларини моддий рағбатлантириш идоравий мансуб ташкилотларнинг хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
37. Қўмита томонидан аъзо бўлган халқаро ташкилотларга аъзолик бадаллари ва вакиллик харажатлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
11-боб. Якунловчи қоида
38. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майдаги 295-сон қарорига 2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тадиқлаш ҳақида» 2017 йил 15 апрелдаги 221-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 4-сон, 48-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 14 февралдаги ПФ-4954-сон Фармони)» 2017 йил 7 июлдаги 472-сон қарорига 1-илованинг 13-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 28-сон, 649-модда).
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001-сон қарори)» 2017 йил 8 сентябрдаги 703-сон қарорига илованинг 47-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 37-сон, 990-модда).
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» 2017 йил 24 ноябрдаги 943-сон қарори .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 19 май,
295-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
ROʻYXATI
Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi yoʻl xoʻjaligi tizimini chuqur isloh qilish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 9-dekabrdagi PF-5890-son Farmoni va “Yoʻl sohasini boshqarish tizimini yanada takomillashtirishga oid chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 9-dekabrdagi PQ-4545-son qaroriga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi toʻgʻrisidagi nizom 1-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 2-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi transport vaziri E.M. Ganiyev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 19-maydagi 295-son qaroriga 1-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasining (keyingi oʻrinlarda — Qoʻmita) maqomi, asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari, javobgarligini, faoliyatini tashkil etish va hisobot berish tartibini, shuningdek, uning rahbarlarining funksional vazifalari va masʼuliyatini belgilaydi.
2. Qoʻmita Oʻzbekiston Respublikasi Avtomobil yoʻllari davlat qoʻmitasining barcha huquqlari, majburiyatlari va shartnomalari boʻyicha huquqiy vorisi hisoblanadi.
3. Qoʻmita avtomobil yoʻllari sohasidagi maxsus vakolatli organ boʻlib, umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va ekspluatatsiya qilish boʻyicha ishlarning yagona buyurtmachisi hisoblanadi.
4. Qoʻmita oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga hamda ushbu Nizomga va boshqa qonun hujjatlariga, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Transport vazirligi) qarorlariga amal qiladi.
5. Qoʻmitaning oʻz vakolatlari doirasida qabul qilingan qarorlari davlat boshqaruvi organlari va xoʻjalik birlashmalari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, boshqa tashkilotlar va ularning mansabdor shaxslari, shu jumladan, fuqarolar tomonidan bajarilishi majburiy hisoblanadi.
6. Qoʻmita oʻz faoliyatini Transport vazirligi boʻlinmalari, shu jumladan, uning hududiy boʻlinmalari, davlat organlari va tashkilotlari, nodavlat notijorat va boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlikda amalga oshiradi.
7. Qoʻmita yuridik shaxs hisoblanadi, Oʻzbekiston Respublikasi Davlat gerbi tasviri tushirilgan va oʻz nomi davlat tilida yozilgan muhrga va blankalarga, mustaqil balansga, shaxsiy gʻazna hisobvaraqlariga, bank hisobvaraqlariga, shu jumladan, xorijiy valyutadagi bank hisobvaraqlariga egadir.
8. Qoʻmitaning rasmiy nomi:
a) davlat tilida:
toʻliq nomi — Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi;
qisqartirilgan nomi — Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi;
b) rus tilida:
toʻliq nomi — Komitet po avtomobilnim dorogam pri Ministerstve transporta Respubliki Uzbekistan;
qisqartirilgan nomi — Komitet po avtomobilnim dorogam;
v) ingliz tilida:
toʻliq nomi — The Committee for roads under the Ministry of transport of the Republic of Uzbekistan;
qisqartirilgan nomi — The Committee for roads.
9. Qoʻmitaning joylashgan joyi (pochta manzili): Toshkent shahri, Mustaqillik shoh koʻchasi, 68-uy.
2-bob. Qoʻmitaning asosiy vazifalari va funksiyalari
10. Quyidagilar Qoʻmitaning asosiy vazifalari hisoblanadi:
avtomobil yoʻllari sohasida yagona texnika siyosatini olib borish;
avtomobil yoʻllarini rivojlantirish davlat dasturlarini ishlab chiqish va amalga oshirish;
avtomobil yoʻllari tarmoqlarini rivojlantirish va takomillashtirish istiqbollarini belgilash;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarining xalqaro tranzit yoʻlaklarini shakllantirish;
avtomobil yoʻllarini moliyalashtirish, loyihalashtirish, qurish, taʼmirlash va ulardan foydalanish masalalari kompleks hal etilishini tashkil etish hamda buyurtmachi xizmatining samarali faoliyatini tashkil etish;
avtomobil yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va saqlash sifati ustidan nazoratni amalga oshirish;
xoʻjaliklararo qishloq avtomobil yoʻllarining, shaharlar, shahar posyolkalari, qishloqlar va ovullar koʻchalarining mavjud tarmogʻi saqlanishini taʼminlash ishlarini muvofiqlashtirish;
ilmiy-tadqiqot ishlarini tashkil etish, umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va saqlash sohasida innovatsion texnologiyalar va zamonaviy standartlarni joriy etish;
avtomobil yoʻllari sohasida kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, shu jumladan, chet ellarda oʻquv-amaliyot kurslari va seminarlar tashkil etish;
avtomobil yoʻllarining hududiy arxitektura-badiiy tuzilishiga va landshaft dizayniga taalluqli zamonaviy yondashuvlarni shakllantirish hamda amalga oshirish boʻyicha yagona davlat siyosatini oʻtkazish, avtomobil yoʻllariga tutash hududlarni koʻkalamzorlashtirish tadbirlari oʻtkazilishini tashkil etish;
avtomobil yoʻllarini loyihalash sohasidagi normalar va standartlarga rioya etilishini taʼminlash;
yoʻl xoʻjaligi sohasida xalqaro hamkorlikni amalga oshirish.
11. Qoʻmita oʻziga yuklangan vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni amalga oshiradi:
a) avtomobil yoʻllari sohasida yagona texnika siyosatini olib borish sohasida:
yoʻl xoʻjaligida zamonaviy texnologiyalarni va xorijiy mamlakatlarning tajribasini hisobga olgan holda avtomobil yoʻllarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va saqlash, shuningdek, yoʻl-qurilish materiallari, buyumlar va konstruksiyalarni ishlab chiqish borasida texnik jihatdan tartibga solish borasidagi normativ hujjatlarni ishlab chiqadi;
safarbarlik tayyorgarligini, shuningdek, idoraviy mansub tashkilotlarning safarbarlik tayyorgarligi boʻyicha ular faoliyatini nazorat qiladi va muvofiqlashtiradi;
Qoʻmita yoki uning tegishli buyrugʻi bilan vakolat berilgan idoraviy mansub tashkilotlar tomonidan respublika hududida, shuningdek, respublika hududiga kiradigan ogʻir va yirik gabaritli avtotransport vositalarining vazn va hajm parametrlarini nazorat qiladi hamda avtomobil yoʻllari boʻylab harakatlanishi uchun yigʻimlar undiradi va ularning harakatlanishi (kirishi) uchun ruxsatnomalar beradi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarida yoʻl harakatini tartibga solishning texnik vositalari va ularning konstruksiyalari, shu jumladan foto va video qayd etish texnik vositalarining oʻrnatilishiga texnik shartlar beradi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari bilan muhandislik kommunikatsiyalarining koʻndalang kesishishiga texnik shartlar beradi;
Qoʻmita yoki uning tegishli qarori bilan vakolat berilgan idoraviy mansub tashkilotlar tomonidan umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarining ajratilgan mintaqalarida joylashgan yer uchastkalarida va inshootlarida tashqi reklama obyektlarini (konstruksiyalarini) qurishga texnik shartlar beradi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarining yoʻl boʻyi mintaqasidagi yer uchastkalarida ishlab chiqarish, xizmat koʻrsatish, savdo, servis obyektlari, shuningdek, tadbirkorlik faoliyati uchun boshqa obyektlarni joylashtirish va qurish uchun texnik shartlar beradi;
yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllariga tutashuvchi yoʻllar (syezdlar) qurilishi uchun texnik shartlar (ruxsat) beradi;
Qoʻmita yoki uning Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlar avtomobil yoʻllari bosh boshqarmalari (keyingi oʻrinlarda — bosh boshqarmalar) tomonidan umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari chetidagi ajratilgan mintaqalarda obyektlar qurilishi uchun, jumladan muhandislik-kommunikatsiya tarmoqlari uchun texnik shartlar beradi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari tarmogʻini tegishli holatda saqlash va rivojlantirish, ularning oʻtkazish qobiliyatini oshirish, avtomobil yoʻllari foydalanuvchilariga koʻrsatiladigan xizmatlar sifatini yaxshilash, shuningdek, yoʻl va yoʻl boʻyi servisi obyektlarini rivojlantirishni muvofiqlashtiradi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarining ajratilgan mintaqalarida yer uchastkalaridan oqilona va samarali foydalanishni belgilangan tartibda tashkil etadi;
transport oqimlarini boshqarishning zamonaviy raqamli avtomatlashtirilgan tizimlarini joriy etadi;
b) avtomobil yoʻllarini rivojlantirish davlat dasturlarini ishlab chiqish va amalga oshirish sohasida:
avtomobil yoʻllari hoʻjaligi sohasida amaldagi normativ hujjatlar va ajratilgan moliya manbaalardan kelib chiqib, respublikaning avtomobil yoʻllari tarmogʻini davlat iqtisodiyoti bilan hamohang rivojlanishini taʼminlaydigan yaqin va oʻrta muddatli davlat dasturini ishlab chiqadi va amalga oshiradi;
avtomobil yoʻllarining texnik holatidan kelib chiqqan holda avtomobil yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlashning har yilgi dasturlarini shakllantiradi va amalga oshirishni muvofiqlashtiradi;
xalqaro moliya institutlari va xorijiy hukumat moliya tashkilotlari ishtirokida, shuningdek, donorlar mablagʻlarini jalb qilgan holda yoʻl qurilishi sohasida loyihalar ishlab chiqadi va amalga oshiradi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini qurish, qayta qurish va ularni loyihalashtirish, korxonalarni modernizatsiya qilish boʻyicha manzilli roʻyxatlarni Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlaydi, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritadi;
avtomobil yoʻllarini mukammal taʼmirlash va ularni loyihalashtirish ishlari boʻyicha manzilli roʻyxatlarni Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlaydi, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritadi;
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan tasdiqlanadigan xoʻjaliklararo qishloq avtomobil yoʻllarini, shaharlar, shahar posyolkalari, qishloqlar va ovullar koʻchalarini qurish, qayta qurish va ularni loyihalashtirish ishlari boʻyicha manzilli roʻyxatlarni kelishadi;
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan tasdiqlanadigan xoʻjaliklararo qishloq avtomobil yoʻllarini, shaharlar, shahar posyolkalari, qishloqlar va ovullar koʻchalarini mukammal va joriy taʼmirlash hamda ularni loyihalashtirish ishlari boʻyicha manzilli roʻyxatlarni kelishadi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarida favqulodda vaziyatlar oldini olish va oqibatlarini bartaraf etish ishlari boʻyicha obyektlarning manzilli roʻyxatlarini Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi, Favqulodda vaziyatlar vazirligining hududiy boshqarmalari hamda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari bilan kelishilgan holda tasdiqlaydi, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritadi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini saqlash, qishki qarov, koʻkalamzorlashtirish va joriy taʼmirlash ishlari uchun texnologik asbob-uskunalar, texnikalar va mashina-mexanizmlar bilan jihozlash ishlari boʻyicha manzilli roʻyxatlarni Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlaydi, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritadi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini saqlash, qishki qarov, koʻkalamzorlashtirish va joriy taʼmirlashning vaqtinchalik va yillik yigʻma smetalarini Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi bilan kelishilgan holda tasdiqlaydi, oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritadi;
v) avtomobil yoʻllari tarmoqlarini rivojlantirish va takomillashtirish istiqbollarini belgilash sohasida:
Oʻzbekiston Respublikasining umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari roʻyxatini shakllantirish, unga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish yuzasidan takliflarni ishlab chiqadi va Vazirlar Mahkamasiga kiritadi;
iqtisodiyot va aholining ehtiyojlaridan hamda davlatning strategik vazifalaridan kelib chiqqan xolda, respublika avtomobil yoʻllari tarmogʻini istiqbolli rejalashtirish, takomillashtirish va rivojlantirish choralarini koʻradi;
respublika umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari tarmogʻini takomillashtirish va rivojlantirish choralarini koʻradi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari hisobini va Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Kadastr agentligi bilan birgalikda davlat kadastrini yuritadi;
g) umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarining xalqaro tranzit yoʻlaklarini shakllantirish sohasida:
maxsus ruxsatnoma bergan holda, shu jumladan xalqaro tashishlarni amalga oshirayotgan yirik oʻlchamli va ogʻir yuk koʻtaradigan avtotransport vositalarining avtomobil yoʻllari boʻyicha harakati yoʻnalishlarini belgilaydi;
xalqaro transport yoʻnalishlaridan foydalanishda xalqaro tashkilotlar va kompaniyalar bilan hamkorlikni kengaytirish choralarini koʻradi;
tarmoqqa investitsiyalarni jalb qilish va moliyalashtirishning muqobil manbalarini, shu jumladan, umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash uchun davlat-xususiy sheriklik mexanizmlarini joriy etish choralarini koʻradi;
d) avtomobil yoʻllarini moliyalashtirish, loyihalashtirish, qurish, taʼmirlash va ulardan foydalanish masalalari kompleks hal etilishini tashkil etish hamda buyurtmachi xizmatining samarali faoliyatini tashkil etish sohasida:
bosh boshqarmalar va idoraviy mansub tashkilotlarning muassisi funksiyasini amalga oshirish, ular faoliyati ustidan nazorat olib borish va iqtisodiy rivojlanishini tahlil qilish, shuningdek, bosh boshqarmalar va idoraviy mansub tashkilotlarda moliya-xoʻjalik faoliyatini va mol-mulkdan foydalanilishini nazorat qiladi;
zamonaviy menejment tizimlarini, ilgʻor xorijiy tajriba hamda xalqaro standartlarga muvofiq ishni tashkil etishning innovatsion shakllari va usullarini joriy etish orqali tarmoqni boshqarishni takomillashtiradi;
idoraviy mansub tashkilotlarning moliya-xoʻjalik faoliyatidan kelib chiqib, yoʻl ishlarini bajarishda zaruriy foyda olinishini taʼminlash maqsadida rentabellik darajasining minimal miqdorlarini belgilaydi;
qulay va xavfsiz harakatni taʼminlash uchun umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllaridan foydalanishda yoʻl harakati xavfsizligi va favqulodda vaziyatlar organlari bilan oʻzaro hamkorlik qiladi;
yoʻl qurilishining yirik loyihalarini moliyalashtirishga xalqaro moliya institutlarini va xorijiy hukumat moliya tashkilotlarini jalb etadi;
fuqarolarni qabul qilishni tashkil etadi, jismoniy va yuridik shaxslarning ogʻzaki va yozma murojaatlari oʻz vaqtida koʻrib chiqilishini taʼminlaydi, ular boʻyicha qarorlar qabul qiladi va ariza beruvchilarga qonun hujjatlarida belgilangan muddatda javob beradi;
e) avtomobil yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va saqlash sifati ustidan nazoratni amalga oshirish sohasida:
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari va sunʼiy inshootlarning texnik holatini koʻrikdan oʻtkazadi;
avtomobil yoʻllarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va ulardan foydalanish sohasida sifat ustidan nazoratni amalga oshiradi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va saqlash ustidan texnik kuzatuvni amalga oshiradi;
yoʻl qurilishi, yoʻl-qurilish materiallari, buyumlar va konstruksiyalar ishlab chiqarish sohasini texnik tartibga solishda normativ hujjatlar va talablarga rioya etilishini taʼminlaydi;
j) xoʻjaliklararo qishloq avtomobil yoʻllarining, shaharlar, shahar posyolkalari, qishloqlar va ovullar koʻchalarining mavjud tarmogʻi saqlanishini taʼminlash ishlarini muvofiqlashtirish sohasida:
xoʻjaliklararo qishloq avtomobil yoʻllarini, shaharlar, shahar posyolkalari, qishloqlar va ovullar koʻchalarini taʼmirlashning har yilgi dasturlarini shakllantirish va amalga oshirishda ishtirok etadi;
xoʻjaliklararo qishloq avtomobil yoʻllari, shaharlar, shahar posyolkalari, qishloqlar va ovullar koʻchalarining mavjud tarmogʻini taʼmirlash boʻyicha mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari ishini muvofiqlashtiradi;
xoʻjaliklararo qishloq avtomobil yoʻllari, shaharlar, shahar posyolkalari, qishloqlar va ovullar koʻchalari tarmogʻini rivojlantirish va takomillashtirish yuzasidan shaharlar va tumanlarning bosh rejalarini ishlab chiqishda ishtirok etadi;
z) ilmiy-tadqiqot ishlarini tashkil etish, umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va saqlash sohasida innovatsion texnologiyalar va zamonaviy standartlarni joriy etish sohasida:
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari sohasida texnik jihatdan tartibga solish borasidagi normativ hujjatlarni ishlab chiqadi va takomillashtiradi;
avtomobil yoʻllari va yoʻl xoʻjaligi masalalari boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini koʻrib chiqadi va kelishadi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va saqlash sohasida ilmiy-tadqiqot ishlarini tashkil etadi va olib boradi;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va saqlash sohasida zamonaviy texnologiyalarni va yangi materiallarni joriy etish boʻyicha tajriba ishlarini olib boradi;
i) avtomobil yoʻllari sohasida kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish, shu jumladan, chet ellarda oʻquv-amaliyot kurslari va seminarlar tashkil etish sohasida:
tarmoqda kadrlar tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish boʻyicha bazaviy taʼlim dasturlarini shakllantirishda bevosita ishtirok etadi va kelishadi;
yoʻl qurilishini prognozlashtirish, muvofiqlashtirish va amalga oshirishning zamonaviy usullari talablariga muvofiq avtomobil yoʻllari sohasida malakali kadrlar tayyorlashni va kadrlarni qayta tayyorlashni tashkil etadi;
talabalarning olingan nazariy bilimlarini ishlab chiqarish amaliyotida mustahkamlash maqsadida taʼlim muassasalarining bosh boshqarmalar va idoraviy mansub tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorligini tashkil etadi;
avtomobil yoʻllari sohasida kadrlar tayyorlash, ularni qayta tayyorlashni va malakasini oshirishni, shu jumladan, xorijiy taʼlim muassasalarida amaliyot oʻtashini va tajriba orttirishini tashkil etadi;
k) avtomobil yoʻllarining hududiy arxitektura-badiiy tuzilishiga va landshaft dizayniga taalluqli zamonaviy yondashuvlarni shakllantirish hamda amalga oshirish boʻyicha yagona davlat siyosatini oʻtkazish, avtomobil yoʻllariga tutash hududlarni koʻkalamzorlashtirish tadbirlari oʻtkazilishini tashkil etish sohasida:
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarining hududiy arxitektura-badiiy tuzilishi va landshaft dizayni qismida zamonaviy yondashuvlarni shakllantirish va amalga oshirish borasida yagona davlat siyosatini olib borish yoʻli bilan umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllariga ajratilgan polosalardagi yoʻl boʻyi hududlarni tegishli holatda saqlash va koʻkalamzorlashtirish bilan bogʻliq ishlarni tashkil etadi va amalga oshiradi;
respublikaning har bir mintaqasidagi iqlim sharoitlaridan kelib chiqib umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini koʻkalamzorlashtirish sohasida zamonaviy texnologiyalar va xalqaro standartlarni qoʻllash, zamonaviy koʻchatxonalarni tashkil etish, idoraviy mansub tashkilotlarning moddiy-texnik bazasini mustahkamlash choralarini koʻradi;
idoraviy mansub oliy va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalari negizida avtomobil yoʻllarini loyihalash, arxitektura-badiiy jihatdan tuzish va landshaft dizayni boʻyicha malakali kadrlar tayyorlash va ularni qayta tayyorlashni tashkil etadi;
l) avtomobil yoʻllarini loyihalash sohasidagi normalar va standartlarga rioya etilishini taʼminlash sohasida:
avtomobil yoʻllarini loyihalash sohasida xalqaro standartlar va eng yaxshi tajribalarni qoʻllanilishini muvofiqlashtiradi;
avtomobil yoʻllarini yoʻllarda harakatlanishni tartibga solishning texnik vositalari bilan jihozlash sohasida yagona texnik siyosatni amalga oshiradi;
standartlashtirishga doir normativ hujjatlar talablariga muvofiq yoʻl belgilari, axborot koʻrsatkichlari, yoʻllarda harakatlanishni tartibga solishning boshqa texnik vositalari ishlab chiqarilishini tashkil etadi;
avtomobil yoʻllarida uzoq muddat foydalanishni taʼminlovchi yoʻl belgilarini oʻrnatish va yotiq yoʻl belgilarini chizish choralarini koʻradi;
m) yoʻl xoʻjaligi sohasida xalqaro hamkorlikni amalga oshirish sohasida:
oʻz vakolatlari doirasida avtomobil yoʻllari masalalari boʻyicha xalqaro tashkilotlar bilan belgilangan tartibda oʻzaro hamkorlikni amalga oshiradi hamda ularda Oʻzbekiston Respublikasining milliy manfaatlarini ifoda etadi, Oʻzbekiston Respublikasining avtomobil yoʻllari sohasidagi xalqaro shartnomalarda ishtirok etishini taʼminlaydi;
avtomobil yoʻllari sohasida xalqaro hamkorlik qilish, avtomobil yoʻllari masalalari boʻyicha xalqaro tashkilotlar, xorijiy davlatlarning vakolatli organlari, shuningdek, xorijiy kompaniyalar bilan samarali oʻzaro hamkorlik mexanizmlarini takomillashtirish yuzasidan takliflar ishlab chiqishda ishtirok etadi.
12. Qoʻmita unga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bevosita hamda uning bosh boshqarmalari va idoraviy mansub tashkilotlari orqali amalga oshiradi.
Qoʻmita umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash va ekspluatatsiya qilish ishlari boʻyicha yagona buyurtmachisi hisoblanib:
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini saqlash, qishki qarov, koʻkalamzorlashtirish va joriy taʼmirlash, ulardagi favqulodda vaziyatlarning oldini olish va ularning oqibatlarini bartaraf etish boʻyicha ishlarni amalga oshirish hamda umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini ekspluatatsiya qilish ehtiyojlari uchun jihozlash (texnologik uskuna, texnika va mashina-mexanizmlar xarid qilish) boʻyicha buyurtmachi funksiyalari bosh boshqarmalar;
xalqaro ahamiyatdagi A-373 “M39 avtoyoʻli-Guliston-Boʻka-Angren-Qoʻqon va Andijon orqali-Oʻsh” avtomobil yoʻlining 183 — 285 km uchastkalarini hamda ularga tutash umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini saqlash, qishki qarov, koʻkalamzorlashtirish, joriy taʼmirlash, ulardagi favqulodda vaziyatlarning oldini olish va ularning oqibatlarini bartaraf etish boʻyicha ishlarni amalga oshirish boʻyicha buyurtmachi funksiyalari “Qamchiqavtoyul” ixtisoslashtirilgan yoʻllardan foydalanish unitar korxonasi tomonidan amalga oshiriladi.
Avtomobil yoʻllarini rivojlantirish uchun ajratiladigan mablagʻlarni sarflash boʻyicha buyurtmachi funksiyalari Qoʻmita raisining qarori bilan boshqa idoraviy mansub tashkilotlariga yuklanishi mumkin.
3-bob. Qoʻmitaning huquqlari va javobgarligi
13. Qoʻmita oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish uchun quyidagi huquqlarga egadir:
Qoʻmitaga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi bilan bogʻliq normativ-huquqiy hujjat loyihalarini ishlab chiqish va belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Prezident Administratsiyasiga hamda Vazirlar Mahkamasiga kiritish;
Qoʻmita vakolatlariga taalluqli masalalar boʻyicha davlat boshqaruv organlari, xoʻjalik birlashmalari hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari faoliyatini belgilangan tartibda muvofiqlashtirish choralarini koʻrish;
davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlaridan Qoʻmitaga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish uchun zarur boʻlgan axborotni belgilangan tartibda olish;
davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga, boshqa tashkilotlar va ularning mansabdor shaxslariga avtomobil yoʻllari sohasidagi aniqlangan qonun buzilishlari, ularga imkon beruvchi sabablar va shart-sharoitlarni bartaraf etish haqida koʻrib chiqilishi majburiy boʻlgan taqdimnomalar kiritish;
Qoʻmitaning vakolatiga taalluqli masalalar yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasining xalqaro shartnomalari loyihalarini ishlab chiqishda belgilangan tartibda ishtirok etish;
xorijiy davlatlar, xalqaro va xorijiy tashkilotlar vakillari bilan avtomobil yoʻllari sohasida belgilangan tartibda hamkorlik aloqalarini oʻrnatish va muzokaralar olib borish;
Qoʻmitaning vakolatiga taalluqli masalalarni hal etishga ilmiy tashkilotlar vakillari, olimlar va mutaxassislarni, shu jumladan xorijiy mutaxassislarni shartnoma asosida jalb etish;
yoʻl xoʻjaligi sohasini tartibga solish masalalarini muhokama qilish uchun ekspertlarni jalb qilish, shuningdek, sohadagi islohotlar ijrosini ekspertlik jihatdan taʼminlashning yangi, samarali va sifatli tizimini yaratish doirasida normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqish uchun malakali mutaxassislardan iborat ekspert-tahlil guruhlarini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda tashkil etish;
malakali xorijiy mutaxassislarni ishga qabul qilish, ularga oʻrnatilgan tartibda ish haqi va boshqa toʻlovlar miqdorlarini belgilash;
Qoʻmitaning budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlarini qonun hujjatlarida belgilangan tartibda shakllantirish va tasarruf etish;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini bosqichma-bosqich rivojlantirish tartib-taomillarni amalga oshirish;
avtomobil yoʻllaridan foydalanuvchilardan avtomobil yoʻllari sohasidagi qonun hujjatlariga rioya etishni, shuningdek, avtomobil yoʻllarini loyihalashtirish, qurish, rekonstruksiya qilish va ekspluatatsiya qilish sohasida faoliyat koʻrsatuvchi tashkilotlardan shaharsozlik normalari va qoidalariga hamda avtomobil yoʻllari sohasidagi qonun hujjatlariga rioya etishni talab qilish;
Oʻzbekiston Respublikasining chet davlatlardagi diplomatik vakolatxonalaridan xorijiy mamlakatlarda yoʻl xoʻjaligini rivojlantirish boʻyicha amalga oshirilgan ishlar toʻgʻrisida tahliliy materiallar, hisobotlar hamda Oʻzbekiston Respublikasining xorijiy davlatlar va xalqaro tashkilotlar bilan yoʻl xoʻjaligi sohasidagi oʻzaro hamkorligini yanada mustahkamlash va kengaytirish yuzasidan takliflarni soʻrash va olish;
Qoʻmita, bosh boshqarmalar va idoraviy mansub tashkilotlar mutaxassislarini belgilangan tartibda xorijiy mamlakatlarga yuborish;
Qoʻmita, bosh boshqarmalar va idoraviy mansub tashkilotlar oʻrtasida tanlov va tender savdolari oʻtkazmasdan tovarlarni sotish, xarid qilish va yetkazib berish, xizmatlar koʻrsatish hamda ishlarni bajarish;
Qoʻmita, bosh boshqarmalar va idoraviy mansub tashkilotlariga asosiy vositalarni biriktirish;
avtomobil yoʻllarini qurish, taʼmirlash va ekspluatatsiya qilish bilan shugʻullanuvchi hamda yoʻl-qurilish materiallarini ishlab chiqaruvchi mustaqil korxonalarni va boshqa korxonalarni, shu jumladan, qoʻshma korxonalarni tashkil etish, shuningdek, Qoʻmita tizimiga kiruvchi tashkilotlarni birlashtirish va tugatish;
oʻz vakolatlari doirasida davlat boshqaruvi organlari, xoʻjalik birlashmalari hamda mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, boshqa tashkilotlar, mansabdor shaxslar va fuqarolar uchun majburiy hisoblangan normativ-huquqiy hujjatlar qabul qilish, zarur hollarda boshqa vazirliklar, davlat qoʻmitalari va idoralari bilan birga qoʻshma qarorlar va boshqa hujjatlarni qabul qilish;
oʻz tashkiliy tuzilmasi doirasida bir tashkilotdan boshqasiga operativ boshqarish (foydalanish) huquqi asosida davlat mulkini, jumladan, davlat koʻchmas mulki obyektlarini oʻtkazish;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan mablagʻlar hisobiga jamgʻarmalar, shuningdek, moddiy ragʻbatlantiruvchi budjetdan tashqari jamgʻarmalar tashkil etish, ularning nizomlarini tasdiqlash, Qoʻmita bosh boshqarmalari va idoraviy mansub tashkilotlari faoliyatidan olingan foydani Qoʻmitaning jamgʻarmalariga yoʻnaltirish;
sohadagi ishchi-xizmatchilarni ijtimoiy himoya qilish uchun ularga yetarli darajada sharoit yaratish maqsadida ijtimoiy obyektlarni qurish, tashkil etish va saqlash;
Qoʻmita tomonidan tashkil etiladigan qoʻshma korxonalarning va jamiyatlarning taʼsischisi boʻlish;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarining yoʻl boʻyi mintaqalarida servis xizmatlarini koʻrsatish maqsadida korxonalar tashkil etish;
idoraviy mansub tashkilotlarning muassisi funksiyasini amalga oshirish;
“Avtoyoʻlinvest” agentligi tarkibida loyihalarni amalga oshirish guruhlarini tashkil etish;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarining ajratilgan mintaqasida va yoʻl boʻyi mintaqasida tashqi reklama obyektlarini (konstruksiyalarini) joylashtirish hamda yoʻl boʻyi mintaqasida servis va boshqa obyektlarni qurish ishlarini davlat-xususiy sheriklik asosida amalga oshirish;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini, ularni ekspluatatsiya qilish talablaridan kelib chiqqan holda, buyruqlar bilan tegishli ekspluatatsiya qiluvchi tashkilotlarga biriktirish;
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini saqlash va joriy taʼmirlash ishlari uchun ajratilgan limit mablagʻlari doirasida xoʻjaliklararo qishloq avtomobil yoʻllarining, shaharlar, shahar posyolkalari, qishloqlar va ovullar koʻchalarini taʼmirlash;
oʻz vakolati doirasida anjumanlar, seminarlar, simpoziumlar, koʻrgazmalar va boshqa tadbirlarni oʻtkazish, jumladan xorijda tashkil etish, shuningdek, boshqa tashkilotlar tomonidan oʻtkaziladigan shu kabi tadbirlarda ishtirok etish;
Qoʻmita faoliyatini amalga oshirish uchun inventar va xoʻjalik jihozlari, avtotransport, aloqa vositalari, hisoblash, kompyuter texnikasi, asbob-uskunalar, dasturiy taʼminot va boshqa tovarlarni xarid qilish uchun belgilangan tartibda shartnomalar tuzish.
14. Qoʻmita qonun hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ega boʻlishi mumkin.
15. Qoʻmita:
umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllari sohasida yagona texnika siyosatni samarali amalga oshirilishi;
Qoʻmitaga yuklangan vazifalar va funksiyalarning oʻz vaqtida hamda samarali bajarilishi;
Qoʻmita tarkibiy boʻlinmalarining Qoʻmita faoliyati bilan bogʻliq koʻrsatkichlarga erishishni taʼminlash boʻyicha ishlarining tashkil etilishi;
Qoʻmita tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi va Vazirlar Mahkamasiga koʻrib chiqish uchun kiritiladigan normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari, shuningdek, Qoʻmita qabul qiladigan buyruqlar va boshqa hujjatlarning sifatli tayyorlanishi va ekspertizadan oʻtkazilishi;
yoʻl xoʻjaligini rivojlantirish boʻyicha dasturlar, chora-tadbirlar rejalari, “yoʻl xaritalari” va boshqa dasturiy hujjatlarning amalga oshirilishi;
avtomobil yoʻllaridan foydalanuvchilar huquqlari himoya qilinishi boʻyicha javobgar hisoblanadi.
4-bob. Qoʻmita rahbariyatining asosiy funksional vazifalari
16. Quyidagilar Qoʻmita raisining asosiy funksional vazifalari hisoblanadi:
yoʻl xoʻjaligini tartibga solish sohasida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari, boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablariga rioya qilish;
Qoʻmita faoliyatiga yakka boshchilik asosida umumiy rahbarlik qilish, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Vazirlar Mahkamasining qarorlari va boshqa qonun hujjatlari bilan Qoʻmitaga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishini tashkil etish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Vazirlar Mahkamasi qarorlari bilan tasdiqlangan Qoʻmita faoliyatini yanada takomillashtirish boʻyicha kompleks dasturlar va tadbirlarning bajarilish holatini tanqidiy va chuqur tahlil qilish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri, uning oʻrinbosarlari va maslahatchilari, Oʻzbekiston Respublikasi transport vazirining topshiriqlarini bajarish;
oʻz oʻrinbosarlari va Qoʻmitaning boshqa mansabdor shaxslari vakolatlarini belgilash, ular oʻrtasida vazifalarni taqsimlash, Qoʻmita faoliyatining alohida uchastkalariga rahbarlik qilish uchun oʻz oʻrinbosarlari va boshqa mansabdor shaxslarning shaxsiy masʼuliyati darajasini belgilash;
Qoʻmita faoliyatini rejalashtirishni tashkil etish, yoʻl xoʻjaligi sohasini rivojlantirish tendensiyalaridan kelib chiqib, Qoʻmita va oʻz oʻrinbosarlarining har choraklik ish rejalarini tasdiqlash va ularning bajarilishi nazoratini taʼminlash;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va topshiriqlari ijrosini tashkil etish va monitoring olib borishning amaliy tizimini yaratish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari va topshiriqlari samarali va natijali ijro etilishi, shuningdek ijro intizomi mustahkamlanishi uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Davlat maslahatchilarining, Vazirlar Mahkamasi va uning komplekslari, davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari hamda barcha darajalardagi hokimliklar rahbarlarining shaxsiy javobgarligi toʻgʻrisida” 2017-yil 11-apreldagi PQ-2881-son, “ Davlat organlari va tashkilotlarida ijro intizomini yanada mustahkamlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2018-yil 5-oktabrdagi PQ-3962-son qarorlariga va Vazirlar Mahkamasining “Ijro intizomini mustahkamlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 1999-yil 12-yanvardagi 12-son qaroriga muvofiq ijro intizomini mustahkamlash boʻyicha kompleks amaliy chora-tadbirlarni bajarish;
Qoʻmita xodimlarini tizimli ravishda qayta tayyorlashni va ularning malakasini oshirishni tashkil etish;
Qoʻmitada kadrlarni tanlash va joy-joyiga qoʻyish, ularning samarali faoliyati uchun zarur shart-sharoitlar yaratish, Qoʻmitaning kadrlar zaxirasini shakllantirish;
boʻsh lavozimlarga taklif etilgan kadrlarning, shuningdek, Qoʻmitaga ishga qabul qilinayotgan kadrlarning professional, oʻz ishini bilishi, amaliy tajribaga, yuksak darajada ishlash xususiyatlariga va maʼnaviy-axloqiy fazilatlarga ega ekanligi kafolatini taʼminlash;
“ Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida ”, “ Qonunlar loyihalarini tayyorlash va ularni Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasiga kiritish tartibi toʻgʻrisida ”gi Oʻzbekiston Respublikasi qonunlari, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasining va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining reglamentlari talablariga muvofiq yoʻl xoʻjaligi sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalari sifatli ishlab chiqilishini tashkil etish, ularning Transport vazirligi va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi apparatida puxta ishlab chiqilishida, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi Rahbariyati huzurida himoya qilinishi va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasida koʻrib chiqilishida ishtirok etish;
“ Normativ-huquqiy hujjatlar toʻgʻrisida ”, “ Qonunlar loyihalarini tayyorlash va ularni Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi Qonunchilik palatasiga kiritish tartibi toʻgʻrisida ”gi Oʻzbekiston Respublikasi qonunlariga va Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 17-oktabrdagi 345-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlarining qonun loyihasi faoliyatining namunaviy reglamentiga muvofiq Qoʻmitaning qonun loyihalarini tayyorlash faoliyatini tashkil etish;
faoliyat sohasidagi masalalar boʻyicha normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini ishlab chiqishga rahbarlik qilish, ularning Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi, Vazirlar Mahkamasiga oʻz vaqtida kiritilishini tashkil etish;
Qoʻmita rahbarlari va xodimlarining xizmat safarlarini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Mansabdor shaxslarning xorijiy mamlakatlarga chiqish tartibini takomillashtirish choralari toʻgʻrisida ” 2014-yil 5-martdagi PQ-2142-son va “Xorijiy xizmat safarlarida boʻlishning samaradorligi va xorijiy delegatsiyalarning Oʻzbekiston Respublikasiga tashrifini tashkil etish uchun mansabdor shaxslarning shaxsiy javobgarligini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 3-avgustdagi PQ-3170-son qarorlari talablariga muvofiq tashkil etish, xizmat safarlarining asoslanganligi, samaradorligi va natijadorligini, safar uchun ajratiladigan mablagʻlardan maqsadli va oqilona foydalanishni taʼminlash;
oʻz oʻrinbosarlarining va Qoʻmita tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari faoliyati natijadorligi va samaradorligini tizimli ravishda oʻrganish, Qoʻmita yigʻilishlarida ularning shaxsiy hisobotlarini eshitish, yakunlari boʻyicha zarur choralar koʻrish;
Qoʻmita xodimlarini ragʻbatlantirish va intizomiy javobgarlikka tortish masalalarini hal qilish, oʻz oʻrinbosarlarini va Qoʻmitaning boshqa mansabdor shaxslarini ragʻbatlantirish va intizomiy javobgarlikka tortish, shu jumladan, ularning egallab turgan lavozimida qolishi maqsadga muvofiqligiga doir masalalarni koʻrib chiqish boʻyicha takliflar kiritish, ularning shaxsiy masʼuliyatini oshirishga doir tizimli chora-tadbirlarni amalga oshirish;
Qoʻmita xodimlari tomonidan Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 14-oktabrdagi 595-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat fuqarolik xizmatchilari odob-axloqining namunaviy qoidalari asosida tasdiqlanadigan Qoʻmita xodimlarining odob-axloq qoidalari talablariga rioya etilishini taʼminlash;
“Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablariga muvofiq Qoʻmita tizimida korrupsiya va boshqa huquqbuzarliklarning oldini olish choralarini koʻrish, shuningdek, huquqni qoʻllash amaliyotini va qonun hujjatlarini takomillashtirishga doir chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish orqali ularning sodir etilishiga koʻmaklashuvchi sabablar va shart-sharoitlarni aniqlash, tahlil qilish, bartaraf etish;
Qoʻmita ishini tashkil etishning zamonaviy shakllari joriy etilishini taʼminlash;
“Elektron hukumat toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunini amalga oshirish doirasida zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanish, shu jumladan, Qoʻmita axborot tizimining samaradorligi va sifatini oshirish;
jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqishga doir samarali ishlarni tashkil etish, aholi bilan toʻgʻridan-toʻgʻri va ochiq muloqotni yoʻlga qoʻyish, “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida belgilangan muddatlarda va tartibda jismoniy shaxslarni va yuridik shaxslar vakillarini muntazam ravishda shaxsan qabul qilish, shu jumladan, joylarga borib qabul qilish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Xalq qabulxonalari bilan samarali hamkorlikni, ularning faoliyatida Qoʻmita xodimlari va rahbarlarining faol ishtirok etishini tashkil etish, jismoniy va yuridik shaxslarning Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Virtual qabulxonasidan tushgan murojaatlari oʻz vaqtida va toʻliq koʻrib chiqilishini taʼminlash;
davlat siri sirasiga kiritilgan maʼlumotlar va maxfiy axborot bilan ishlashda qonun hujjatlari talablariga rioya qilish;
Qoʻmita tarkibiy boʻlinmalari toʻgʻrisidagi nizomni, lavozim yoʻriqnomalari va Qoʻmitaning boshqa lokal hujjatlarini belgilangan tartibda tasdiqlash;
Qoʻmita markaziy apparati xodimlarini, bosh boshqarmalari va idoraviy mansub tashkilotlari rahbarlarini lavozimga tayinlash va lavozimidan ozod etish, qonun hujjatlarida belgilangan tartibda mehnat shartnomalarini tuzish, oʻzgartirish va bekor qilish;
Qoʻmita markaziy apparati, bosh boshqarmalari va idoraviy mansub tashkilotlari xodimlari tomonidan bajarishi majburiy boʻlgan buyruqlar, farmoyishlar chiqarish va koʻrsatmalar berish, shuningdek, ularning ijrosini belgilangan tartibda nazorat qilish;
xodimlarning umumiy belgilangan soni doirasida Qoʻmita shtatlar jadvalini, shuningdek, Qoʻmita xarajatlar smetasini belgilangan tartibda tasdiqlash;
boshqaruv xodimlarining belgilangan cheklangan umumiy soni doirasida Qoʻmita markaziy apparati, bosh boshqarmalari va idoraviy mansub tashkilotlari apparatlari tuzilmasiga oʻzgartish kiritish;
Qoʻmita markaziy apparati, bosh boshqarmalari va idoraviy mansub tashkilotlari mol-mulkini qonun hujjatlarida belgilangan tartibda tasarruf etish;
Qoʻmita bosh boshqarmalari va idoraviy mansub tashkilotlari tomonidan qonun hujjatlarini buzgan holda qabul qilingan qarorlarini (koʻrsatmalarini) bekor qilish;
alohida oʻzini koʻrsatgan xodimlarni ularga davlat mukofotlari berish uchun ularning nomzodlarini belgilangan tartibda taqdim etish;
yoʻl xoʻjaligi sohasida xalqaro va hukumatlararo aloqalarni kengaytirish va mustahkamlash, xorijiy investitsiyalar va grantlarni jalb etish boʻyicha xalqaro tadbirlarda ishtirok etish.
17. Quyidagilar Qoʻmita raisi oʻrinbosarlarining asosiy funksional vazifalari hisoblanadi:
Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlari, shuningdek, boshqa normativ-huquqiy hujjatlar talablariga rioya qilish;
Qoʻmita raisi vaqtincha boʻlmaganda tegishli buyruq asosida uning vazifalarini bajarish;
Qoʻmitaning mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalari faoliyatini muvofiqlashtirish, nazorat qilish va ularga bevosita rahbarlik qilish, ularning xodimlari oʻrtasida vazifalarni taqsimlash;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi qarorlari bilan tasdiqlangan Qoʻmita faoliyatini yanada takomillashtirish boʻyicha kompleks dasturlar va tadbirlarning bajarilishi holatini tanqidiy va chuqur tahlil qilish;
mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalar tomonidan prognoz koʻrsatkichlariga erishishni soʻzsiz taʼminlash chora-tadbirlarini koʻrish, boʻlinmalar rahbarlarining hisobotlarini muntazam eshitish va ushbu koʻrsatkichlarga erishish uchun ularning shaxsiy javobgarligini oshirish;
mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalarning ish rejalari bajarilishi ustidan nazoratni taʼminlash;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti va Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va topshiriqlari ijrosini tashkil etish, Qoʻmita faoliyatida ijro intizomini mustahkamlash boʻyicha kompleks amaliy chora-tadbirlarni bajarish, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining hujjatlari va topshiriqlari samarali va natijali ijro etilishi, shuningdek ijro intizomi mustahkamlanishi uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Davlat maslahatchilarining, Vazirlar Mahkamasi va uning komplekslari, davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari hamda barcha darajalardagi hokimliklar rahbarlarining shaxsiy javobgarligi toʻgʻrisida” 2017-yil 11-apreldagi PQ-2881-son, “ Davlat organlari va tashkilotlarida ijro intizomini yanada mustahkamlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida ” 2018-yil 5-oktabrdagi PQ-3962-son qarorlariga va Vazirlar Mahkamasining “Ijro intizomini mustahkamlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 1999-yil 12-yanvardagi 12-son qaroriga muvofiq ijro intizomini mustahkamlash boʻyicha kompleks amaliy chora-tadbirlarni bajarish;
Transport vazirligi hayʼati, Transport vaziri va Qoʻmita raisining buyruqlari va topshiriqlari oʻz vaqtida hamda sifatli bajarilishini taʼminlash;
mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalarda kadrlarni tanlash va joy-joyiga qoʻyish boʻyicha Qoʻmita raisiga takliflar taqdim etish, ularning professionalligi, oʻz ishini bilishi, amaliy tajribaga, yuksak darajada ishlash xususiyatlariga va maʼnaviy-ahloqiy fazilatlarga ega ekanligi kafolatini taʼminlash, ularning kasbiy malakasini oshirish chora-tadbirlarini koʻrish, mutasaddilik qilinadigan boʻlinmalarda kadrlar zaxirasini shakllantirish;
yoʻl xoʻjaligi sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalar tomonidan sifatli ishlab chiqilishini tashkil etish, Qoʻmita tarkibiy boʻlinmalarida tayyorlangan hujjatlar loyihalarini koʻrib chiqish va ular keyinchalik Qoʻmita raisi tomonidan koʻrib chiqilishi, imzolanishi (viza qoʻyilishi) uchun viza qoʻyish, keyinchalik ularni oʻz vaqtida Oʻzbekiston Respublikasi Prezident Administratsiyasiga va Vazirlar Mahkamasiga kiritish;
Qoʻmitaga taqdim etilgan yoʻl xoʻjaligi sohasidagi takliflar va normativ-huquqiy hujjatlar loyihalarini koʻrib chiqish;
Qoʻmita rahbarlari va xodimlarining xizmat safarlarini Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “ Mansabdor shaxslarning xorijiy mamlakatlarga chiqish tartibini takomillashtirish choralari toʻgʻrisida ” 2014-yil 5-martdagi PQ-2142-son va “Xorijiy xizmat safarlarida boʻlishning samaradorligi va xorijiy delegatsiyalarning Oʻzbekiston Respublikasiga tashrifini tashkil etish uchun mansabdor shaxslarning shaxsiy javobgarligini yanada oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 3-avgustdagi PQ-3170-son qarorlari talablariga muvofiq tashkil etish, xizmat safarlarining asoslanganligi, samaradorligi va natijadorligini, safar uchun ajratiladigan mablagʻlardan maqsadli va oqilona foydalanishni taʼminlash;
Qoʻmitaning mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari va xodimlari faoliyati samaradorligi va natijadorligini muntazam tanqidiy tahlil qilish, ularning shaxsiy hisobotlarini eshitish;
yoʻl xoʻjaligi sohasiga tegishli masalalar boʻyicha Qoʻmita faoliyatini takomillashtirishga doir amaliy chora-tadbirlar koʻrish, yoʻl xoʻjaligi sohasidagi qonun hujjatlarini takomillashtirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish va ularni Qoʻmita raisiga kiritish;
mutasaddilik qilinadigan tarkibiy boʻlinmalar rahbarlari va xodimlarini ragʻbatlantirish va intizomiy javobgarlikka tortish, shu jumladan, ularning egallab turgan lavozimida qolishi maqsadga muvofiqligi masalasini koʻrib chiqish boʻyicha takliflarni Qoʻmita raisiga kiritish, funksional vazifalar va yuklangan vazifalar bajarilishi uchun ularning shaxsiy masʼuliyatini oshirish boʻyicha tizimli chora-tadbirlar koʻrish;
Qoʻmita xodimlarining odob-axloq qoidalari talablariga rioya qilishini, mutasaddilik qilinadigan boʻlinmalar rahbarlari va xodimlarining ushbu qoidalarga rioya etishini taʼminlash;
“Korrupsiyaga qarshi kurashish toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni talablariga muvofiq Qoʻmita tizimida korrupsiya va boshqa huquqbuzarliklarning oldini olish choralarini koʻrish, shuningdek, huquqni qoʻllash amaliyotini va qonun hujjatlarini takomillashtirishga doir chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish orqali ularning sodir etilishiga koʻmaklashuvchi sabablar va shart-sharoitlarni aniqlash, tahlil qilish, bartaraf etish;
yoʻl xoʻjaligi sohasini takomillashtirish va rivojlantirish, shuningdek, zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalanishga doir takliflarni Qoʻmita raisiga kiritish;
“Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonunida belgilangan muddatlarda va tartibda jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlarini koʻrib chiqish boʻyicha samarali ishlarni tashkil etish, aholi bilan toʻgʻridan-toʻgʻri va ochiq muloqotni yoʻlga qoʻyish, jismoniy shaxslarni va yuridik shaxslar vakillarini muntazam ravishda shaxsan qabul qilish, shu jumladan joylarga borib qabul qilish;
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Xalq qabulxonalari bilan samarali hamkorlik qilish, ularning faoliyatida faol ishtirok etish, jismoniy va yuridik shaxslar vakillarining Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Virtual qabulxonasidan tushgan murojaatlari oʻz vaqtida va toʻlaqonli koʻrib chiqilishini taʼminlash;
davlat siri sirasiga kiritilgan maʼlumotlar va maxfiy axborot bilan ishlashda qonun hujjatlari talablariga rioya qilish;
yoʻl xoʻjaligi sohasida xorijiy davlatlar, xalqaro va xorijiy tashkilotlar bilan hamkorlikni amalga oshirish;
avtomobil yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash, saqlash, koʻkalamzorlashtirish va boshqa zaruriy tadbirlarni oʻz vaqtida sifatli bajarilishini taʼminlash;
avtomobil yoʻllarida harakat xavfsizligini tashkil etish boʻyicha Qoʻmita vakolatiga kiradigan tadbirlarni amalga oshirish va nazorat qilish;
avtomobil yoʻllarini qurish, rekonstruksiya qilish, taʼmirlash, koʻkalamzorlashtirish va boshqa tadbirlar yuzasidan normativ hujjatlar ishlab chiqish va ularning bajarilishini nazoratga olish;
Qoʻmita vakolatiga kiruvchi boshqa vazifalarni oʻz vaqtida amalga oshirish.
5-bob. Qoʻmita rahbariyatining javobgarligi
18. Qoʻmita raisi:
Qoʻmitaga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi uchun;
ushbu Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan Qoʻmitaning javobgarlik sohalari boʻyicha;
ushbu Nizomning 16-bandida koʻrsatilgan oʻz funksional vazifalarining sifatli bajarilishi uchun shaxsan masʼuldir.
19. Qoʻmita raisi oʻrinbosarlari:
mutasaddilik qilinadigan Qoʻmita tarkibiy boʻlinmalarida Qoʻmitaga yuklangan vazifalar va funksiyalarning bajarilishi uchun;
Qoʻmitaning mutasaddilik qilinadigan masalalar yuzasidan ushbu Nizomning 15-bandida nazarda tutilgan javobgarlik sohalari boʻyicha;
ushbu Nizomning 17-bandida belgilangan oʻz funksional vazifalarining bajarilishi uchun shaxsan masʼuldir.
6-bob. Qoʻmita faoliyatini tashkil etish
20. Qoʻmitaga Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimidan ozod etiladigan rais rahbarlik qiladi.
21. Qoʻmita raisi Vazirlar Mahkamasi tomonidan lavozimga tayinlanadigan va lavozimdan ozod etiladigan besh nafar oʻrinbosarga, shu jumladan bitta birinchi oʻrinbosarga ega.
Ishlab chiqarish zaruriyatidan kelib chiqib, raisning buyrugʻi bilan boʻsh turgan Qoʻmita raisi oʻrinbosari lavozimi vazifasini vaqtincha bajarish Qoʻmita raisi tomonidan belgilangan shaxsga yuklatilishi mumkin.
22. Qoʻmita raisi boʻlmagan vaqtda uning vakolatlari raisning buyrugʻi bilan uning oʻrinbosarlaridan biriga yuklatiladi.
Qoʻmita raisi, uning birinchi oʻrinbosari va oʻrinbosarlari maqomi, mehnatga haq toʻlash shartlari, moddiy taʼminoti, tibbiy va transport xizmati koʻrsatish boʻyicha mos ravishda vazirga, vazirning birinchi oʻrinbosariga va oʻrinbosarlariga tenglashtiriladi.
7-bob. Qoʻmitaning Transport vazirligi markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari, uning hududiy boshqarmalari, shuningdek, idoraviy mansub tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorligi tartibi
23. Qoʻmita oʻziga yuklangan vazifa va funksiyalarni bevosita, shuningdek, Transport vazirligi markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari, uning hududiy boshqarmalari hamda idoraviy mansub tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlikda hal etadi.
24. Qoʻmitaning Transport vazirligi markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari, uning hududiy boshqarmalari, shuningdek, idoraviy mansub tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorligi bevosita Qoʻmita raisi va uning oʻrinbosarlari tomonidan taʼminlanadi.
8-bob. Qoʻmitaning kengash, maslahat va ekspert organlari
25. Qoʻmitada uning asosiy yoʻnalishlarini muvofiqlashtiruvchi rais oʻrinbosari (kengash raisi), Qoʻmita markaziy apparati tarkibiy boʻlinmalari rahbarlari va mutaxassislaridan iborat Tarmoq ilmiy-texnik kengashi Qoʻmita raisi buyrugʻi bilan tashkil etiladi.
26. Tarmoq ilmiy-texnik kengashi nizomi va uning shaxsiy tarkibi Qoʻmita raisining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
27. Qoʻmitada rais buyrugʻi bilan kengash, maslahat va ekspert organlari tuzilishi mumkin.
Qoʻmitada tuziladigan kengash, maslahat va ekspert organlari tarkibi va ular toʻgʻrisidagi nizomlar Qoʻmita raisining buyrugʻi bilan tasdiqlanadi.
9-bob. Qoʻmita faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash mezonlari hamda ish indikatorlari
28. Qoʻmita faoliyatining samaradorligi va natijadorligi muntazam baholanib boriladi.
29. Qoʻmita faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash Transport vazirligi tomonidan tasdiqlanadigan Qoʻmita faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash mezonlari va ish indikatorlariga asoslanadi.
30. Qoʻmita faoliyatining samaradorligi va natijadorligini baholash yakunlari boʻyicha:
Qoʻmita rahbarlari va xodimlariga nisbatan ragʻbatlantirish (mukofotlash) yoki intizomiy javobgarlik choralari;
Qoʻmita faoliyatida aniqlangan kamchiliklarni bartaraf etish va uning faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari koʻriladi.
Qoʻmita faoliyati samaradorligi va natijadorligini baholash tartibi va uslubi Oʻzbekiston Respublikasi transport vaziri tomonidan belgilanadi.
10-bob. Qoʻmita faoliyatini moliyalashtirish va moddiy-texnik taʼminlash, uning xodimlari mehnatiga haq toʻlash va ularni moddiy ragʻbatlantirish
31. Qoʻmita, uning bosh boshqarmalari, tuman yoʻllardan foydalanish unitar korxonalari, yoʻllardan muntazam foydalanish unitar korxonalari, koʻpriklardan foydalanish unitar korxonalari, “Avtoyoʻlinvest” agentligi, “Oʻzyoʻlkoʻkalamzorlashtirish” unitar korxonasi, “Respublika dispetcherlik markazi” unitar korxonasi, “Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish markazi” unitar korxonasi faoliyati Oʻzbekiston Respublikasi Davlat budjeti, Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi, moddiy ragʻbatlantirish maxsus jamgʻarmasi, budjetdan tashqari jamgʻarmalar va qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi va moddiy-texnik taʼminlanadi.
32. Xodimlarning mehnatiga haq toʻlash, lavozim maoshlariga qoʻshimchalar va ustamalar, shuningdek, mukofotlar va boshqa barcha turdagi toʻlovlar ish beruvchi tomonidan kasaba uyushmasi qoʻmitasi yoki xodimlarning boshqa vakillik organi bilan kelishib qabul qilgan lokal hujjatlar asosida:
Qoʻmita tuzilmasiga kiruvchi yoʻllardan muntazam foydalanish unitar korxonalari, tuman yoʻllardan foydalanish unitar korxonalari, koʻpriklardan foydalanish unitar korxonalari, “Oʻzyoʻlkoʻkalamzorlashtirish” unitar korxonasi tarkibidagi Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududiy korxonalari, “Doʻrmonavtoyoʻl” va “Qamchiqavtoyoʻl” ixtisoslashtirilgan yoʻllardan foydalanish unitar korxonalari, Quvasoy yoʻllardan foydalanish unitar korxonasi, Toshkent halqa avtomobil yoʻli yoʻllardan foydalanish boshqarmasi unitar korxonasi, Bardankoʻl yoʻllardan foydalanish boshqarmasi unitar korxonasi — avtomobil yoʻllarini saqlash va koʻkalamzorlashtirish xarajatlariga ajratilgan mablagʻlar limiti doirasida amalga oshiriladi;
“Umumiy foydalanishdagi avtomobil yoʻllarini qurish va rekonstruksiya qilish direksiyasi” davlat unitar korxonasi va Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar bosh boshqarmalari tarkibidagi “Mintaqaviy yoʻllarga buyurtmachi xizmati” davlat unitar korxonalari – buyurtmachilik funksiyasini bajargan ish hajmlaridan belgilangan tartibda ajratiladigan ajratmalar hisobidan amalga oshiriladi.
33. Qoʻmita markaziy apparati, bosh boshqarmalari va idoraviy mansub tashkilotlari xodimlarining ish haqi lavozim maoshi, mukofotlar, qoʻshimcha haqlar, ustamalar va qonun hujjatlarida nazarda tutilgan boshqa toʻlovlardan iborat.
Qoʻmita, uning bosh boshqarmalari va idoraviy mansub tashkilotlari xodimlarining lavozim maoshi Yagona tarif setkasining tasdiqlangan razryadlari boʻyicha belgilanadi.
Qoʻmita markaziy apparati xodimlariga Transport vazirligi markaziy apparati xodimlari uchun belgilangan Yagona tarif setkasi boʻyicha mehnatga haq toʻlash razryadlari tatbiq etiladi.
34. Boshqaruv xodimlari soni kamayishi va boʻsh ish oʻrinlari mavjudligi hisobiga mehnatga haq toʻlash jamgʻarmasining boʻshab qolayotgan mablagʻlari Qoʻmita xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish uchun yoʻnaltiriladi.
35. Qoʻmita markaziy apparati boshqarmalariga yengil avtotransport vositalari biriktiriladi va ularni saqlash xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
36. Qoʻmita tashkiliy tuzilmasiga kiradigan hamda ushbu Nizomning 31-bandida koʻrsatilmagan idoraviy mansub tashkilotlarning mehnatiga haq toʻlash va moddiy-texnik taʼminoti, shuningdek, ularning xodimlarini moddiy ragʻbatlantirish idoraviy mansub tashkilotlarning xoʻjalik faoliyatidan tushgan daromadlar hamda qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.
37. Qoʻmita tomonidan aʼzo boʻlgan xalqaro tashkilotlarga aʼzolik badallari va vakillik xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Avtomobil yoʻllari qoʻmitasi faoliyatini rivojlantirish va qoʻllab-quvvatlash jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan amalga oshiriladi.
11-bob. Yakunlovchi qoida
38. Qoʻmitani qayta tashkil etish va tugatish qonun hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshiriladi.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 19-maydagi 295-son qaroriga 2-ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblanayotgan ayrim qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Avtomobil yoʻllari davlat qoʻmitasi toʻgʻrisidagi nizomni tadiqlash haqida” 2017-yil 15-apreldagi 221-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2017-y., 4-son, 48-modda).
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek baʼzi qarorlarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Yoʻl xoʻjaligini boshqarish tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 14-fevraldagi PF-4954-son Farmoni)” 2017-yil 7-iyuldagi 472-son qaroriga 1-ilovaning 13-bandi (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2017-y., 28-son, 649-modda).
3. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Bandlik sohasida davlat siyosatini yanada takomillashtirish va mehnat organlari faoliyati samaradorligini tubdan oshirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 24-maydagi PF-5052-son Farmoni, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2017-yil 24-maydagi PQ-3001-son qarori)” 2017-yil 8-sentabrdagi 703-son qaroriga ilovaning 47-bandi (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2017-y., 37-son, 990-modda).
4. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Avtomobil yoʻllari davlat qoʻmitasi toʻgʻrisidagi nizomga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish haqida” 2017-yil 24-noyabrdagi 943-son qarori .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 19-may,
295-son