📅 2020-yil 22-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 22-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 22 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 22 мая 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 22 May 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЎЙХАТИ
Ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 4 декабрдаги ПФ-5887-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий футбол ассоциацияларига (кейинги ўринларда — ҳудудий футбол ассоциациялари) уларнинг асосий вазифалари сифатида қуйидаги йўналишларни ривожлантириш тавсия этилсин:
болалар ва ўсмирларнинг футбол билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор футболни оммалаштириш, бу борада умумтаълим мактаблари, спорт-таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда футбол бўйича мусобақаларни ташкил этиш;
юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тизимини тубдан такомиллаштириш;
футбол соҳасига хусусий инвестицияларни кенг жалб этишни ташкил қилиш;
футбол соҳасининг бозор механизмлари асосида бошқарилишини таъминлаш;
футбол клубларини хусусий секторга ўтказишни ташкил этиш ҳамда улар орасида соғлом спорт рақобати муҳити яратилишини таъминлаш;
футбол мусобақалари томошабоплигини ошириш ҳамда футболни ривожлантиришнинг янги тизимини самарали йўлга қўйиш орқали «ўзбек футболи» бренди яратилишини таъминлаш;
футбол соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишга илғор илмий-методик ва инновацион технологияларни жорий этиш;
футбол соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш юзасидан доимий равишда таклифлар ишлаб чиқиш;
футболни, шу жумладан ҳудудий футбол ассоциациялари аъзоларини, футболчилар, тренерлар ва ҳакамларни, футбол фахрийлари ва бошқа мутахассисларни илмий-методик ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга кўмаклашиш.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига:
ҳудудий футбол ассоциацияларининг молиявий ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тегишли ҳудудда футболни ривожлантириш учун ҳомийлар бириктириш, шунингдек, ҳудудий футбол ассоциацияларини жойлаштириш учун бино ва иншоотлар ажратиш;
ҳудуддаги футбол маҳорати мактаблари, шунингдек, футболга ихтисослаштирилган спорт мактабларини ривожлантиришни доимий назорат қилиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
«Спорт мактаблари футбол лигаси» ва «Профессионал футбол мактаблари лигаси» мусобақаларини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасига киритиш ва ажратилган маблағлар доирасида ўз вақтида молиялаштириш;
тегишли ҳудудда профессионал футболни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилиши, жумладан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси талабларига асосан ҳар бир тумандан (шаҳардан) ҳудудий биринчиликларда иштирок этувчи камида битта футбол жамоаси ва ўтказиладиган мусобақаларга мос равишда марказий стадион бўлишини таъминлаш вазифалари юклансин.
3. Белгилаб қўйилсинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудий футбол ассоциациялари фаолияти Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча даромадлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Бунда ҳудудий футбол ассоциациялари Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметаси ва штат жадвалига мувофиқ ҳар йили молиялаштирилади.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
бир ой муддатда ҳудудий футбол ассоциациялари инфратузилмаси ва моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича ҳар бир ҳудудда турли ёш тоифасидаги ҳудудий терма жамоаларга ўқув машғулотларини ташкил этиш учун жой ажратилишини;
Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда икки ой муддатда турли ёш тоифасидаги ҳудудий терма жамоалар ўқув-машғулот марказларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда тасдиқланишини;
турли ёш тоифасидаги ҳудудий терма жамоалар ўқув-машғулот марказларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси (ФИФА) талабларига мувофиқ футбол майдони, футзал (мини-футбол) бўйича мусобақалар ўтказишга мўлжалланган ёпиқ турдаги спорт зали, футболчилар, ҳакамлар ва тренерлар учун мўлжалланган кийиниш-ечиниш, ювиниш, фитнес, тиббиёт ва мажлис ўтказиш хоналарини ўз ичига олган маъмурий бинолар бўлишини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилишини;
2021 йилдан бошлаб тасдиқланадиган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан маблағ ажратилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларига ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятини кенг ёритиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон футбол ассоциациясига:
Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси (ФИФА) талабларига мувофиқ салоҳияти юқори футболчиларни профессионал даражада тайёрлаш, уларнинг хорижий давлатларнинг нуфузли футбол клубларида профессионал фаолият олиб боришини таъминлаш, шунингдек, футболчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Футбол бўйича агентлар (воситачилар) фаолиятини тартибга солиш ва уларни аккредитациядан ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;
Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси (ФИФА) ва Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) талабларига мувофиқ профессионал футбол клублари мақомини белгилаш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига киритиш;
бир ой муддатда ушбу қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудий ассоциацияларнинг намунавий тузилмаси ва уставини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Х. Набиев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги 311-сон қарорига ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган қарорлари
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида футболни ривожлантиришни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 3 декабрдаги 304-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 йил, 12-сон, 74-модда).
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 мартдаги ПФ-5368-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигини ташкил этиш тўғрисида» 2018 йил 5 мартдаги ПҚ-3583-сон қарори) » 2018 йил 5 июлдаги 508-сон қарорига 1-илованинг 12-банди .
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 22 май,
311-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
ROʻYXATI
Hududiy futbol assotsiatsiyalari faoliyatini yanada qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekistonda futbolni rivojlantirishni mutlaqo yangi bosqichga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2019-yil 4-dekabrdagi PF-5887-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududiy futbol assotsiatsiyalariga (keyingi oʻrinlarda — hududiy futbol assotsiatsiyalari) ularning asosiy vazifalari sifatida quyidagi yoʻnalishlarni rivojlantirish tavsiya etilsin:
bolalar va oʻsmirlarning futbol bilan shugʻullanishga qiziqishini oshirish, havaskor futbolni ommalashtirish, bu borada umumtaʼlim maktablari, sport-taʼlim muassasalari, mahalla va tashkilotlarda futbol boʻyicha musobaqalarni tashkil etish;
yuqori iqtidorga ega boʻlgan yosh futbolchilarni tanlash va saralab olish (seleksiya) tizimini tubdan takomillashtirish;
futbol sohasiga xususiy investitsiyalarni keng jalb etishni tashkil qilish;
futbol sohasining bozor mexanizmlari asosida boshqarilishini taʼminlash;
futbol klublarini xususiy sektorga oʻtkazishni tashkil etish hamda ular orasida sogʻlom sport raqobati muhiti yaratilishini taʼminlash;
futbol musobaqalari tomoshabopligini oshirish hamda futbolni rivojlantirishning yangi tizimini samarali yoʻlga qoʻyish orqali “oʻzbek futboli” brendi yaratilishini taʼminlash;
futbol sohasida malakali mutaxassislarni tayyorlash, qayta tayyorlash, ularning malakasini oshirishga ilgʻor ilmiy-metodik va innovatsion texnologiyalarni joriy etish;
futbol sohasidagi normativ-huquqiy bazani yanada takomillashtirish, futbol infratuzilmasini moddiy-texnik jihatdan yanada yaxshilash hamda xalqaro talablarga moslashtirish yuzasidan doimiy ravishda takliflar ishlab chiqish;
futbolni, shu jumladan hududiy futbol assotsiatsiyalari aʼzolarini, futbolchilar, trenerlar va hakamlarni, futbol faxriylari va boshqa mutaxassislarni ilmiy-metodik va moddiy-texnik jihatdan taʼminlashga koʻmaklashish.
2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklariga:
hududiy futbol assotsiatsiyalarining moliyaviy hamda moddiy-texnik bazasini mustahkamlash, tegishli hududda futbolni rivojlantirish uchun homiylar biriktirish, shuningdek, hududiy futbol assotsiatsiyalarini joylashtirish uchun bino va inshootlar ajratish;
hududdagi futbol mahorati maktablari, shuningdek, futbolga ixtisoslashtirilgan sport maktablarini rivojlantirishni doimiy nazorat qilish hamda moddiy-texnik bazasini mustahkamlashga koʻmaklashish;
“Sport maktablari futbol ligasi” va “Professional futbol maktablari ligasi” musobaqalarini Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar sport va ommaviy jismoniy tarbiya tadbirlari kalendar rejasiga kiritish va ajratilgan mablagʻlar doirasida oʻz vaqtida moliyalashtirish;
tegishli hududda professional futbolni rivojlantirish uchun zarur shart-sharoitlar yaratilishi, jumladan, Oʻzbekiston futbol assotsiatsiyasi talablariga asosan har bir tumandan (shahardan) hududiy birinchiliklarda ishtirok etuvchi kamida bitta futbol jamoasi va oʻtkaziladigan musobaqalarga mos ravishda markaziy stadion boʻlishini taʼminlash vazifalari yuklansin.
3. Belgilab qoʻyilsinki, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan hududiy futbol assotsiatsiyalari faoliyati Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjetining, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlarining qoʻshimcha daromadlari hisobidan moliyalashtiriladi.
Bunda hududiy futbol assotsiatsiyalari Oʻzbekiston futbol assotsiatsiyasi va Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari tomonidan tasdiqlanadigan xarajatlar smetasi va shtat jadvaliga muvofiq har yili moliyalashtiriladi.
4. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimliklari:
bir oy muddatda hududiy futbol assotsiatsiyalari infratuzilmasi va moddiy-texnik bazasini yanada mustahkamlash boʻyicha har bir hududda turli yosh toifasidagi hududiy terma jamoalarga oʻquv mashgʻulotlarini tashkil etish uchun joy ajratilishini;
Oʻzbekiston futbol assotsiatsiyasi bilan birgalikda ikki oy muddatda turli yosh toifasidagi hududiy terma jamoalar oʻquv-mashgʻulot markazlarining loyiha-smeta hujjatlari ishlab chiqilishi va belgilangan tartibda tasdiqlanishini;
turli yosh toifasidagi hududiy terma jamoalar oʻquv-mashgʻulot markazlarining loyiha-smeta hujjatlari Xalqaro Futbol Assotsiatsiyalari Federatsiyasi (FIFA) talablariga muvofiq futbol maydoni, futzal (mini-futbol) boʻyicha musobaqalar oʻtkazishga moʻljallangan yopiq turdagi sport zali, futbolchilar, hakamlar va trenerlar uchun moʻljallangan kiyinish-echinish, yuvinish, fitnes, tibbiyot va majlis oʻtkazish xonalarini oʻz ichiga olgan maʼmuriy binolar boʻlishini inobatga olgan holda ishlab chiqilishini;
2021-yildan boshlab tasdiqlanadigan loyiha-smeta hujjatlariga asosan Qoraqalpogʻiston Respublikasi budjetining, viloyatlar va Toshkent shahar mahalliy budjetlarining qoʻshimcha mablagʻlari, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari hamda qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan mablagʻ ajratilishini taʼminlasin.
5. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi hamda boshqa ommaviy axborot vositalariga hududiy futbol assotsiatsiyalari faoliyatini keng yoritish tavsiya etilsin.
6. Oʻzbekiston futbol assotsiatsiyasiga:
Xalqaro Futbol Assotsiatsiyalari Federatsiyasi (FIFA) talablariga muvofiq salohiyati yuqori futbolchilarni professional darajada tayyorlash, ularning xorijiy davlatlarning nufuzli futbol klublarida professional faoliyat olib borishini taʼminlash, shuningdek, futbolchilarning huquq va qonuniy manfaatlarini himoya qilish maqsadida Futbol boʻyicha agentlar (vositachilar) faoliyatini tartibga solish va ularni akkreditatsiyadan oʻtkazish tartibini ishlab chiqish va amaliyotga joriy etish;
Xalqaro Futbol Assotsiatsiyalari Federatsiyasi (FIFA) va Osiyo futbol konfederatsiyasi (OFK) talablariga muvofiq professional futbol klublari maqomini belgilash yuzasidan takliflarni ishlab chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport vazirligiga kiritish;
bir oy muddatda ushbu qaror talablaridan kelib chiqqan holda, hududiy assotsiatsiyalarning namunaviy tuzilmasi va ustavini ishlab chiqib, tasdiqlash tavsiya etilsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
8. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari — Turizmni rivojlantirish davlat qoʻmitasi raisi A.A. Abduxakimov hamda Oʻzbekiston Respublikasi jismoniy tarbiya va sport vaziri D.X. Nabiyev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 22-maydagi 311-son qaroriga ILOVA
Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan qarorlari
1. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasida futbolni rivojlantirishni davlat tomonidan yanada qoʻllab-quvvatlash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2009-yil 3-dekabrdagi 304-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2009-yil, 12-son, 74-modda).
2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, shuningdek, baʼzilarini oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblash toʻgʻrisida (Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jismoniy tarbiya va sport sohasida davlat boshqaruvi tizimini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 5-martdagi PF-5368-son Farmoni va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasi Jismoniy tarbiya va sport vazirligini tashkil etish toʻgʻrisida” 2018-yil 5-martdagi PQ-3583-son qarori) ” 2018-yil 5-iyuldagi 508-son qaroriga 1-ilovaning 12-bandi .
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 22-may,
311-son