📅 2020-yil 23-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 23-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 23 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 23 мая 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 23 May 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашлари (кейинги ўринларда — Нуронийлар кенгаши) ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар Нуронийлар кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
кексаларни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш;
нуронийларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли энг муҳим масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда — вазирлик) ҳудудий бўлинмалари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг, шу жумладан кексалар фикрини тизимли мониторинг ва ҳар томонлама таҳлил қилиш;
ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини комплекс ўрганиш ва бу борада таклифлар ишлаб чиқиш;
қабул қилинаётган қарорларда, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида кексалар манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг нуронийлар манфаатларига дахлдор вазифаларини бажариш билан боғлиқ фаолияти юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
маҳаллаларда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйишга кўмаклашиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармонининг 11-бандига мувофиқ вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг тегишли ўринбосарлари — нуронийлар кенгашлари раислари этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки:
Нуронийлар кенгаши вазирликнинг тегишли ҳудудий бўлинмаси раҳбари қарори билан ташкил этилади;
Нуронийлар кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади;
вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари нуронийлар кенгашларининг фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан жавобгар ҳисобланади.
4. Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Вазирлик бир ой муддатда белгиланган тартибда:
ушбу қарор билан тасдиқланган Намунавий низом асосида нуронийлар кенгашлари тўғрисидаги низомларнинг;
нуронийлар кенгашлари таркибининг;
нуронийлар кенгашларига юкланган асосий вазифалардан келиб чиқиб, уларнинг чораклик иш режаларининг тасдиқланишини таъминласин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарлар ҳокимликлари нуронийлар кенгашлари фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларнинг тезкор ва сифатли ҳал этилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ушбу қарорда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилишини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари С. Турдиев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 майдаги 326-сон қарорига ИЛОВА
Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Намунавий низом (кейинги ўринларда — Низом) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарлардаги нуронийлар жамоатчилик кенгашларининг (кейинги ўринларда — Нуронийлар кенгаши) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Нуронийлар кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида амалга оширадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.
3. Нуронийлар кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳужжатларига, мазкур Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
4. Нуронийлар кенгашининг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.
5. Нуронийлар кенгаши тўғрисидаги низом мазкур Низом асосида вазирликнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг қарорлари билан тасдиқланади.
6. Нуронийлар кенгашларининг таркиби тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармалари, туман (шаҳар) маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари (кейинги ўринларда — вазирлик ҳудудий бўлинмалари) бошлиқларининг қарорлари билан тасдиқланади.
7. Нуронийлар кенгаши қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш тамойиллари асосида фаолият юритади.
2-боб. Нуронийлар кенгашининг асосий вазифалари ва функциялари
8. Қуйидагилар Нуронийлар кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:
кексаларни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш;
нуронийларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли энг муҳим масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда — вазирлик) ҳудудий бўлинмалари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг, шу жумладан кексалар фикрини тизимли мониторинг ва ҳар томонлама таҳлил қилиш;
ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини комплекс ўрганиш ва бу борада таклифлар ишлаб чиқиш;
қабул қилинаётган қарорларда, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида кексалар манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг нуронийлар манфаатларига дахлдор вазифаларини бажариш билан боғлиқ фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
маҳаллаларда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйишга кўмаклашиш.
9. Нуронийлар кенгаши ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
а) кексаларни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш соҳасида:
кексалар учун қонунчиликда назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатларининг ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширади, ушбу соҳада вазирлик ҳудудий бўлинмаларига кўмаклашади;
қариялар, ногиронлиги бўлган нуронийлар ва ёлғиз кексаларни даволаш, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирлари билан қамраб олиш даражасини ўрганади ҳамда натижаси бўйича таклифлар тайёрлайди;
ёрдамга муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган нуронийларни сифатли ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини ошириш, уларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш чораларини кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;
б) нуронийларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли энг муҳим масалалар юзасидан вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг, шу жумладан кексалар фикрини тизимли мониторинг ва ҳар томонлама таҳлил қилиш соҳасида:
соҳага алоқадор бўлган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кексаларга доимий равишда тушунтириб боради;
вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан кексаларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш чораларини кўради;
маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг кексалар, шу жумладан ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийлар билан учрашувларини, шунингдек, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ишларни, шу жумладан жойларга бориб ташкил этишда қатнашади ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилади;
меҳнат фахрийларининг маҳаллаларда ҳамда оилаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини кенгайтириш ишларига ёрдамлашади;
в) ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини комплекс ўрганиш ва бу борада таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:
ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг уй-жой, ижтимоий-маиший шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини яхшилашда кўмаклашади;
ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларда тадбиркорлик руҳини уйғотиш ҳамда оилавий салоҳиятни рўёбга чиқаришда ҳаётий тажрибадан келиб чиқиб, йўл-йўриқ кўрсатади ҳамда оила аъзоларининг бандлигини таъминлашга кўмаклашади;
маҳаллаларда аҳоли, шу жумладан ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича «маҳалла — сектор — Халқ қабулхонаси — маҳалла» тамойили асосида ҳамкорлик тизимини самарали ташкил этишда фуқаролар йиғинларидаги «кексалар маслаҳати» гуруҳлари ва бошқа жамоатчилик тузилмалари аъзоларини, ижтимоий фаол меҳнат фахрийларини кенг жалб этади;
«Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида кексалар, шу жумладан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийларни мамлакатимиздаги тарихий жойлар билан таништириш учун сайёҳлик сафарларини, зиёрат туризмларини ташкил этиш бўйича таклифлар киритади;
г) қабул қилинаётган қарорларда, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида кексалар манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг нуронийлар манфаатларига дахлдор вазифаларини бажариш билан боғлиқ фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасида:
тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурлари, чора-тадбирлар режаларини, шу жумладан кексаларни қўллаб-қувватлашга оид бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
нуронийларнинг оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, оилавий қадриятларни, шу жумладан «Оила — муқаддас» деган эзгу ғоя тарғиботидаги ролини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ташкил этишда қатнашади;
маҳаллаларда ва оилаларда соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, оммавий спортни ривожлантириш ишларини «умуммиллий ҳаракат»га айлантиришда нуронийларнинг ташаббускор бўлишларини тарғиб қилади;
маҳаллаларда тўйлар ва бошқа маросимларнинг ихчам, кенг аҳоли манфаатларининг ҳисобга олган ҳолда ўтказилишини таъминлашда нуронийларнинг фаол иштирок этишларини таъминлаб боради;
фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишда ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи принципларига риоя этилишини таъминлашда иштирок этади;
д) маҳаллаларда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйишга кўмаклашиш соҳасида:
ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни уларнинг онгига сингдириш ҳамда уларнинг юксак маънавиятли ва садоқатли бўлиб вояга етишларида кексаларнинг ижтимоий фаоллигини оширади, бу борада ҳарбий округлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш чораларини кўради;
нуронийларнинг ёшлар ўртасида Ватанга муҳаббат, ёши катта инсонларни ҳурмат қилиш, мардлик, ҳалоллик, одиллик ва раҳмдиллик каби эзгу туйғуларни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларини ташкил этади;
ёшларни тўғри йўлга бошлаш, улар ўртасида лоқайдлик ва боқимандаликнинг олдини олиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ножўя хатти-ҳаракатлардан қайтариш каби тадбирларда нуронийларнинг фаоллигини оширади;
аҳоли ўртасида оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, оилаларда фарзандларни маънавий-аҳлоқий тарбиялаш ва жамият олдидаги масъулият ҳиссини оширишда нуроний отахон ва онахонларнинг ҳаётий тажрибаларидан кенг фойдаланишга қаратилган тарғибот тадбирларини уюштиришга кўмаклашади;
маҳаллалар, кўчалар, қабристонлар ва хонадонлар тозалиги ҳамда ободлигини таъминлашнинг аҳамиятини ёшларга ўргатиш, уларни ушбу ишларга сафарбар қилишда кексаларни ташаббускорликка чорлайди;
кексалар ва фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида «Нуронийлар масканлари»да ва маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
кексалар ўртасида тўрт босқичли «Ёшлар мураббийси» кўрик-танловининг маҳаллалараро (саралаш), туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларини ташкил этиш ва ўтказишда масъуллар ҳамда иштирокчилар томонидан қонунийлик, шаффофлик, ошкоралик, адолатлилик, тенглик каби принципларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.
3-боб. Нуронийлар кенгашининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
10. Нуронийлар кенгаши ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун:
вазирлик ҳудудий бўлинмалари йиғилишлари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисидаги ахборотни сўраб олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;
ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор кексаларни «Маҳалла ифтихори» ва «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишонлари билан тақдирлаш юзасидан вазирлик ҳудудий бўлинмаларига таклифлар киритиш;
ўзига юкланган вазифалар ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари томонидан ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари кенгашларига тақдим этиладиган ахборотларга таклифлар киритиш;
вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотлар, статистика ва бошқа материалларни белгиланган тартибда олиш;
вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ишлаб чиқилган дастур ва режалар лойиҳаларининг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш;
кексаларнинг мурожаатларига вазирлик ҳудудий бўлинмалари томонидан берилган жавобларнинг сифатини таҳлил қилиш;
фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари, «кексалар маслаҳати» гуруҳлари ва маҳаллалардаги бошқа жамоатчилик тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар бериш;
ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларнинг розилиги билан уларнинг уй-жой ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлари билан танишиш;
Нуронийлар кенгаши мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;
юкланган вазифаларни бажариш учун семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, зарур ҳолларда уларга давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимларини ҳамда маҳалла фаолларини таклиф этиш ҳуқуқига эга.
Нуронийлар кенгаши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Нуронийлар кенгаши ўз фаолиятини амалга оширишда:
жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиши;
вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатларида белгиланган қоидаларга амал қилиши;
давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги;
давлат органи ва унинг мансабдор шахслари фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслиги шарт.
Нуронийлар кенгашининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.
4-боб. Нуронийлар кенгашининг таркибини шакллантириш ва ишини ташкил этиш тартиби
12. Нуронийлар кенгашининг таркибига раис, раис ўринбосари ва аъзолари киради.
Вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг бошлиқларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида тегишли нуронийлар кенгашларига ҳам раислик қилади.
Вазирлик ҳудудий бўлинмалари кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича мутахассислари бир вақтнинг ўзида тегишли нуронийлар кенгашларининг котиблари ҳисобланади.
Нуронийлар кенгаши раисининг ўринбосарлари Нуронийлар кенгаши аъзолари орасидан йиғилиш иштирокчиларининг учдан икки қисми овози билан сайланади.
13. Нуронийлар кенгаши 15 нафар аъзодан иборат таркибда шакллантирилади.
Нуронийлар кенгаши таркиби, қоида тариқасида:
а) давлат органлари ва муассасаларида, нодавлат нотижорат ташкилотларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари;
б) давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари фахрийлар кенгашларининг фаол раислари;
в) жамоатчилик фаолияти соҳасида катта амалий тажрибага эга бўлган обрў-эътиборли ва ташаббускор зиёлилар;
г) нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг нуроний ходимлари;
д) намунали фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиларидан шакллантирилади.
Нуронийлар кенгаши аъзолигига давлат органлари ходимлари ва мансабдор шахсларининг киритилиши тақиқланади.
14. Нуронийлар кенгашининг таркиби вазирлик ҳудудий бўлинмаси бошлиғининг қарори билан ҳар 3 йилда тасдиқланади.
15. Қуйидаги ҳолатларда Нуронийлар кенгаши раисининг ўринбосарлари ва аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:
улар томонидан Нуронийлар кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берилганда;
Нуронийлар кенгашининг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаганда, мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;
Нуронийлар кенгашига юкланган вазифалар ижросини таъминлаш ишларида мунтазам қатнашмаганда;
уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
вафот этганда, шунингдек, суд қарорига кўра улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.
16. Нуронийлар кенгашининг таркиби тўғрисидаги маълумот ва киритилган ўзгартиришлар тасдиқланган кунда вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
17. Нуронийлар кенгашининг раиси:
Нуронийлар кенгашининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;
Нуронийлар кенгашининг мажлисларини чақиради ва кун тартибидаги масалаларни белгилайди;
Нуронийлар кенгашининг мажлисларида раислик қилади;
Нуронийлар кенгашининг иш режалари, мажлис баённомалари ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;
Нуронийлар кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилади;
Нуронийлар кенгаши аъзоларининг зиммасига юкланган вазифалар бажарилишини мувофиқлаштиради;
Вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг расмий веб-сайтларида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган Нуронийлар кенгашининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар таркиби бўйича таклифлар киритади ва уни вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари билан келишади;
Нуронийлар кенгашининг қарорларини бажариш масалалари юзасидан давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади;
Нуронийлар кенгашининг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.
18. Нуронийлар кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг вазифаларини раис ўринбосари бажаради.
19. Нуронийлар кенгаши раисининг ўринбосари:
раис йўқлигида Нуронийлар кенгашининг мажлисларида раислик қилади;
Нуронийлар кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилиш ишларини ташкил этади;
фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, Нуронийлар кенгаши фаолиятига тааллуқли мурожаатларни кўриб чиқиш ишларини ташкил этади;
Нуронийлар кенгашининг самарали ишларини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.
20. Нуронийлар кенгашининг котиби:
Нуронийлар кенгашининг фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;
Нуронийлар кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, вазирлик ҳудудий бўлинмалари ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;
кун тартибига мувофиқ Нуронийлар кенгашининг мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
Нуронийлар кенгаши мажлислари ўтказиладиган сана, жой ва уларга таклиф этиладиган шахслар рўйхатини Нуронийлар кенгашининг раиси билан келишади;
Нуронийлар кенгашининг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни Нуронийлар кенгаши мажлислари ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;
Нуронийлар кенгаши қарорлари бажарилишининг мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини Нуронийлар кенгашлари мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;
Нуронийлар кенгаши мажлисининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг Нуронийлар кенгаши аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга юборилишини таъминлайди;
Нуронийлар кенгашининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.
21. Нуронийлар кенгашининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.
Нуронийлар кенгашининг мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, Кенгаш аъзолари мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.
Нуронийлар кенгашининг аъзолари:
ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларида, фуқаролар йиғинларида ташкил этиладиган мажлисларда ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этади;
Нуронийлар кенгаши иш режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, уларни Нуронийлар кенгашида кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режалари бажарилишини таъминлайди;
вазирлик ҳудудий бўлинмалари ҳамда фуқаролар йиғинлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашади;
ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар билан учрашувлар ўтказади ва уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича таклифларни Нуронийлар кенгашига киритади;
Нуронийлар кенгашининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайди;
Нуронийлар кенгашининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;
Нуронийлар кенгашига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
22. Нуронийлар кенгаши фаолиятининг асосий масалалари унинг мажлисларида кўриб чиқилади. Нуронийлар кенгашининг мажлиси иш режалари асосида ҳар чоракда камида бир маротаба чақирилади.
Нуронийлар кенгаши раисининг ташаббуси, шунингдек, Нуронийлар кенгаши аъзолари учдан бир қисмининг ёзма мурожаати асосида унинг навбатдан ташқари мажлиси чақирилиши мумкин.
23. Нуронийлар кенгашининг мажлисларига давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг вакиллари, маҳалла фаоллари таклиф этилиши мумкин.
24. Нуронийлар кенгаши мажлиси кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан Нуронийлар кенгаши аъзоларининг таклифлари ва Нуронийлар кенгаши раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.
25. Нуронийлар кенгашининг мажлисини унинг раиси олиб боради.
Раис иштирок эта олмаган ҳолатларда, мажлисни унинг ўринбосари олиб боради.
Нуронийлар кенгашининг мажлисида вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва бошқа ходимлари иштирок этиши мумкин.
26. Нуронийлар кенгашининг мажлиси, агар унда Нуронийлар кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.
Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Нуронийлар кенгашининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.
27. Нуронийлар кенгаши қарорлари унинг аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
28. Нуронийлар кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг фикрини ёзма ва оғзаки шаклда ифодалашга ҳақли. Унинг фикри Нуронийлар кенгаши мажлисининг баённомасига мажбурий тартибда қўшиб қўйилади.
29. Нуронийлар кенгашининг мажлисида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади.
Нуронийлар кенгаши мажлисининг баённомаси котиб томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва уч кун муддатда вазирлик ҳудудий бўлинмаларига, фуқаролар йиғинларига, Нуронийлар кенгаши аъзоларига ва манфаатдор шахсларга юборилади.
30. Нуронийлар кенгашининг қарорини тезлик билан қабул қилиш зарурати туғилганда, қарор кенгаш раисининг ташаббуси билан Нуронийлар кенгашининг аъзолари билан келишилган ҳолда сўров йўли билан ҳам қабул қилиниши мумкин.
Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари Нуронийлар кенгашининг қабул қилган қарорига қўшилмаган ҳолларда, Нуронийлар кенгашининг қарорини олган кундан бошлаб ўн кун муддатдан кечикмай унга асослантирилган эътирозини ёзма шаклда юборади.
31. Нуронийлар кенгашининг котиби кенгаш аъзолари кўмагида Нуронийлар кенгашининг топшириқ ва қарорлари ижросининг ҳолатини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур бўлган ҳолларда, Нуронийлар кенгашининг раисига тегишли таклифлар киритади.
32. Вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарига бириктирилган таркибий бўлинма Нуронийлар кенгашига доимий равишда услубий ва амалий ёрдам кўрсатади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
33. Нуронийлар кенгашининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан вазирлик ҳудудий бўлинмаси томонидан, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан таъминланади.
34. Нуронийлар кенгашининг фаолияти унинг низомига ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ эканлиги вазирлик ҳудудий бўлинмаси раҳбари томонидан назорат қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 23 май,
326-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NAMUNAVIY NIZOM
Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar, Toshkent shahar hamda tuman va shaharlarda nuroniylar jamoatchilik kengashlarini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jamiyatda ijtimoiy-maʼnaviy muhitni sogʻlomlashtirish, mahalla institutini yanada qoʻllab-quvvatlash hamda oila va xotin-qizlar bilan ishlash tizimini yangi darajaga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 18-fevraldagi PF-5938-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar, Toshkent shahar hamda tuman va shaharlarda nuroniylar jamoatchilik kengashlari (keyingi oʻrinlarda — Nuroniylar kengashi) tashkil etilsin.
2. Quyidagilar Nuroniylar kengashining asosiy vazifalari etib belgilansin:
keksalarni qoʻllab-quvvatlash sohasiga oid qonunchilik hujjatlarining ijrosini taʼminlashga koʻmaklashish;
nuroniylarning huquqlari va qonuniy manfaatlariga taalluqli eng muhim masalalar yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligining (keyingi oʻrinlarda — vazirlik) hududiy boʻlinmalari faoliyati haqida jamoatchilikning, shu jumladan keksalar fikrini tizimli monitoring va har tomonlama tahlil qilish;
yolgʻiz keksalar, pensionerlar, nogironligi boʻlgan nuroniylarning muammolarini kompleks oʻrganish va bu borada takliflar ishlab chiqish;
qabul qilinayotgan qarorlarda, shuningdek, tarmoq va hududiy rivojlantirish dasturlarida keksalar manfaatlari va jamoatchilik fikri hisobga olinishi, vazirlik hududiy boʻlinmalarining nuroniylar manfaatlariga daxldor vazifalarini bajarish bilan bogʻliq faoliyati yuzasidan jamoatchilik nazoratini amalga oshirish;
mahallalarda nuroniylarning bilim va boy hayotiy tajribasidan yoshlar maʼnaviyatini yuksaltirish, ularda vatanparvarlik ruhini mustahkamlash masalalarida samarali foydalanish tizimini yoʻlga qoʻyishga koʻmaklashish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Jamiyatda ijtimoiy-maʼnaviy muhitni sogʻlomlashtirish, mahalla institutini yanada qoʻllab-quvvatlash hamda oila va xotin-qizlar bilan ishlash tizimini yangi darajaga olib chiqish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 18-fevraldagi PF-5938-son Farmonining 11-bandiga muvofiq vazirlik hududiy boʻlinmalari boshliqlarining tegishli oʻrinbosarlari — nuroniylar kengashlari raislari etib belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
Belgilansinki:
Nuroniylar kengashi vazirlikning tegishli hududiy boʻlinmasi rahbari qarori bilan tashkil etiladi;
Nuroniylar kengashi oʻz ishini jamoatchilik asosida olib boradigan, doimiy faoliyat yurituvchi maslahat-kengash organi hisoblanadi;
vazirlikning hududiy boʻlinmalari boshliqlarining keksalar va faxriylar ishlari boʻyicha oʻrinbosarlari nuroniylar kengashlarining faoliyatini samarali tashkil etishga shaxsan javobgar hisoblanadi.
4. Nuroniylar jamoatchilik kengashlari toʻgʻrisidagi namunaviy nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Vazirlik bir oy muddatda belgilangan tartibda:
ushbu qaror bilan tasdiqlangan Namunaviy nizom asosida nuroniylar kengashlari toʻgʻrisidagi nizomlarning;
nuroniylar kengashlari tarkibining;
nuroniylar kengashlariga yuklangan asosiy vazifalardan kelib chiqib, ularning choraklik ish rejalarining tasdiqlanishini taʼminlasin.
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar, Toshkent shahar hamda tuman va shaharlar hokimliklari nuroniylar kengashlari faoliyatini tashkil etish bilan bogʻliq masalalarning tezkor va sifatli hal etilishini taʼminlasin.
6. Oʻzbekiston Milliy teleradiokompaniyasi va Oʻzbekiston Milliy axborot agentligiga ushbu qarorda belgilangan vazifalarning amalga oshirilishini ommaviy axborot vositalarida keng yoritib borish tavsiya etilsin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Mahalla va oilani qoʻllab-quvvatlash vazirligi boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.
8. Ushbu qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirining birinchi oʻrinbosari S. Turdiyev zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 23-maydagi 326-son qaroriga ILOVA
Nuroniylar jamoatchilik kengashlari toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Namunaviy nizom (keyingi oʻrinlarda — Nizom) Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar, Toshkent shahar hamda tuman va shaharlardagi nuroniylar jamoatchilik kengashlarining (keyingi oʻrinlarda — Nuroniylar kengashi) asosiy vazifalari, funksiyalari, huquqlari va majburiyatlari hamda faoliyatini tashkil etish tartibini belgilaydi.
2. Nuroniylar kengashi oʻz ishini jamoatchilik asosida amalga oshiradigan, doimiy faoliyat yurituvchi maslahat-kengash organi hisoblanadi.
3. Nuroniylar kengashi oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligining hujjatlariga, mazkur Nizomga va boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
4. Nuroniylar kengashining qarorlari tavsiyaviy xususiyatga ega.
5. Nuroniylar kengashi toʻgʻrisidagi nizom mazkur Nizom asosida vazirlikning tegishli hududiy boʻlinmalari boshliqlarining qarorlari bilan tasdiqlanadi.
6. Nuroniylar kengashlarining tarkibi tegishlicha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash boshqarmalari, tuman (shahar) mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash boʻlimlari (keyingi oʻrinlarda — vazirlik hududiy boʻlinmalari) boshliqlarining qarorlari bilan tasdiqlanadi.
7. Nuroniylar kengashi qonuniylik, kollegiallik, oshkoralik, oʻzaro hurmat, teng huquqlilik, ixtiyoriylik va jamoatchilik fikrini hisobga olish tamoyillari asosida faoliyat yuritadi.
2-bob. Nuroniylar kengashining asosiy vazifalari va funksiyalari
8. Quyidagilar Nuroniylar kengashining asosiy vazifalari hisoblanadi:
keksalarni qoʻllab-quvvatlash sohasiga oid qonunchilik hujjatlarining ijrosini taʼminlashga koʻmaklashish;
nuroniylarning huquqlari va qonuniy manfaatlariga taalluqli eng muhim masalalar yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Mahalla va nuroniylarni qoʻllab-quvvatlash vazirligining (keyingi oʻrinlarda — vazirlik) hududiy boʻlinmalari faoliyati haqida jamoatchilikning, shu jumladan keksalar fikrini tizimli monitoring va har tomonlama tahlil qilish;
yolgʻiz keksalar, pensionerlar, nogironligi boʻlgan nuroniylarning muammolarini kompleks oʻrganish va bu borada takliflar ishlab chiqish;
qabul qilinayotgan qarorlarda, shuningdek, tarmoq va hududiy rivojlantirish dasturlarida keksalar manfaatlari va jamoatchilik fikri hisobga olinishi, vazirlik hududiy boʻlinmalarining nuroniylar manfaatlariga daxldor vazifalarini bajarish bilan bogʻliq faoliyati ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshirish;
mahallalarda nuroniylarning bilim va boy hayotiy tajribasidan yoshlar maʼnaviyatini yuksaltirish, ularda vatanparvarlik ruhini mustahkamlash masalalarida samarali foydalanish tizimini yoʻlga qoʻyishga koʻmaklashish.
9. Nuroniylar kengashi oʻziga yuklangan vazifalarga muvofiq quyidagi funksiyalarni bajaradi:
a) keksalarni qoʻllab-quvvatlash sohasiga oid qonunchilik hujjatlarining ijrosini taʼminlashga koʻmaklashish sohasida:
keksalar uchun qonunchilikda nazarda tutilgan pensiyalar va imtiyozlar boʻyicha qonun hujjatlarining ijrosi yuzasidan jamoatchilik nazoratini amalga oshiradi, ushbu sohada vazirlik hududiy boʻlinmalariga koʻmaklashadi;
qariyalar, nogironligi boʻlgan nuroniylar va yolgʻiz keksalarni davolash, tizimli sogʻlomlashtirishni tashkil etish, profilaktika tadbirlari bilan qamrab olish darajasini oʻrganadi hamda natijasi boʻyicha takliflar tayyorlaydi;
yordamga muhtoj keksalar va nogironligi boʻlgan nuroniylarni sifatli yordamchi va texnik reabilitatsiya vositalari bilan taʼminlash darajasini oshirish, ularni tibbiy-ijtimoiy reabilitatsiya qilish choralarini koʻrish boʻyicha tavsiyalar ishlab chiqadi;
b) nuroniylarning huquqlari va qonuniy manfaatlariga taalluqli eng muhim masalalar yuzasidan vazirlikning hududiy boʻlinmalari faoliyati haqida jamoatchilikning, shu jumladan keksalar fikrini tizimli monitoring va har tomonlama tahlil qilish sohasida:
sohaga aloqador boʻlgan islohotlarning mazmun-mohiyatini keksalarga doimiy ravishda tushuntirib boradi;
vazirlikning hududiy boʻlinmalari va boshqa tegishli tashkilotlar bilan keksalarning huquqiy madaniyatini oshirish choralarini koʻradi;
mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari rahbarlarining keksalar, shu jumladan yolgʻiz keksalar, pensionerlar, nogironligi boʻlgan nuroniylar bilan uchrashuvlarini, shuningdek, ularning murojaatlarini koʻrib chiqish bilan bogʻliq ishlarni, shu jumladan joylarga borib tashkil etishda qatnashadi va ularning amalga oshirilishini monitoring qiladi;
mehnat faxriylarining mahallalarda hamda oilalarda tinchlik va osoyishtalikni taʼminlash, yoshlar oʻrtasida huquqbuzarliklarning oldini olish, ijtimoiy-maʼnaviy muhitni sogʻlomlashtirishdagi ishtirokini kengaytirish ishlariga yordamlashadi;
v) yolgʻiz keksalar, pensionerlar, nogironligi boʻlgan nuroniylarning muammolarini kompleks oʻrganish va bu borada takliflar ishlab chiqish sohasida:
yolgʻiz keksalar, pensionerlar, nogironligi boʻlgan nuroniylarning uy-joy, ijtimoiy-maishiy shart-sharoitlarini, ularga malakali tibbiy yordam koʻrsatish sharoitlarini yaxshilashda koʻmaklashadi;
ijtimoiy himoyaga muhtoj va kam taʼminlangan oilalarda tadbirkorlik ruhini uygʻotish hamda oilaviy salohiyatni roʻyobga chiqarishda hayotiy tajribadan kelib chiqib, yoʻl-yoʻriq koʻrsatadi hamda oila aʼzolarining bandligini taʼminlashga koʻmaklashadi;
mahallalarda aholi, shu jumladan yolgʻiz keksalar, pensionerlar, nogironligi boʻlgan nuroniylarning muammolarini aniqlash va hal etish boʻyicha “mahalla — sektor — Xalq qabulxonasi — mahalla” tamoyili asosida hamkorlik tizimini samarali tashkil etishda fuqarolar yigʻinlaridagi “keksalar maslahati” guruhlari va boshqa jamoatchilik tuzilmalari aʼzolarini, ijtimoiy faol mehnat faxriylarini keng jalb etadi;
“Hech kim mehr va eʼtibordan chetda qolmasin” shiori ostida keksalar, shu jumladan kam taʼminlangan va ijtimoiy himoyaga muhtoj nuroniylarni mamlakatimizdagi tarixiy joylar bilan tanishtirish uchun sayyohlik safarlarini, ziyorat turizmlarini tashkil etish boʻyicha takliflar kiritadi;
g) qabul qilinayotgan qarorlarda, shuningdek, tarmoq va hududiy rivojlantirish dasturlarida keksalar manfaatlari va jamoatchilik fikri hisobga olinishi, vazirlik hududiy boʻlinmalarining nuroniylar manfaatlariga daxldor vazifalarini bajarish bilan bogʻliq faoliyati ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshirish sohasida:
tarmoq va hududiy rivojlantirish dasturlari, chora-tadbirlar rejalarini, shu jumladan keksalarni qoʻllab-quvvatlashga oid boshqa hujjatlarni ishlab chiqish yuzasidan takliflar tayyorlaydi;
nuroniylarning oilalarni mustahkamlash, ajrimlarning oldini olish, oilaviy qadriyatlarni, shu jumladan “Oila — muqaddas” degan ezgu gʻoya targʻibotidagi rolini oshirishga qaratilgan chora-tadbirlarni tashkil etishda qatnashadi;
mahallalarda va oilalarda sogʻlom turmush tarzini yoʻlga qoʻyish, ommaviy sportni rivojlantirish ishlarini “umummilliy harakat”ga aylantirishda nuroniylarning tashabbuskor boʻlishlarini targʻib qiladi;
mahallalarda toʻylar va boshqa marosimlarning ixcham, keng aholi manfaatlarining hisobga olgan holda oʻtkazilishini taʼminlashda nuroniylarning faol ishtirok etishlarini taʼminlab boradi;
fuqarolar yigʻinlari raislari saylovini tashkil etish va oʻtkazishda oshkoralik, muqobillik hamda teng saylov huquqi prinsiplariga rioya etilishini taʼminlashda ishtirok etadi;
d) mahallalarda nuroniylarning bilim va boy hayotiy tajribasidan yoshlar maʼnaviyatini yuksaltirish, ularda vatanparvarlik ruhini mustahkamlash masalalarida samarali foydalanish tizimini yoʻlga qoʻyishga koʻmaklashish sohasida:
oʻsib kelayotgan yosh avlodni harbiy-vatanparvarlik ruhida tarbiyalash, milliy va umuminsoniy qadriyatlarni ularning ongiga singdirish hamda ularning yuksak maʼnaviyatli va sadoqatli boʻlib voyaga yetishlarida keksalarning ijtimoiy faolligini oshiradi, bu borada harbiy okruglar bilan hamkorlikni mustahkamlash choralarini koʻradi;
nuroniylarning yoshlar oʻrtasida Vatanga muhabbat, yoshi katta insonlarni hurmat qilish, mardlik, halollik, odillik va rahmdillik kabi ezgu tuygʻularni shakllantirishga qaratilgan targʻibot tadbirlarini tashkil etadi;
yoshlarni toʻgʻri yoʻlga boshlash, ular oʻrtasida loqaydlik va boqimandalikning oldini olish, huquqiy madaniyatni oshirish va nojoʻya xatti-harakatlardan qaytarish kabi tadbirlarda nuroniylarning faolligini oshiradi;
aholi oʻrtasida oilaviy qadriyatlarni targʻib qilish, oilalarda farzandlarni maʼnaviy-ahloqiy tarbiyalash va jamiyat oldidagi masʼuliyat hissini oshirishda nuroniy otaxon va onaxonlarning hayotiy tajribalaridan keng foydalanishga qaratilgan targʻibot tadbirlarini uyushtirishga koʻmaklashadi;
mahallalar, koʻchalar, qabristonlar va xonadonlar tozaligi hamda obodligini taʼminlashning ahamiyatini yoshlarga oʻrgatish, ularni ushbu ishlarga safarbar qilishda keksalarni tashabbuskorlikka chorlaydi;
keksalar va faxriylarning ijtimoiy faolligini oshirish maqsadida “Nuroniylar maskanlari”da va mahallalarda turli madaniy-maʼrifiy tadbirlar, koʻrik-tanlovlar va sport musobaqalarini oʻtkazish yuzasidan takliflar ishlab chiqadi;
keksalar oʻrtasida toʻrt bosqichli “Yoshlar murabbiysi” koʻrik-tanlovining mahallalararo (saralash), tuman (shahar) va hududiy bosqichlarini tashkil etish va oʻtkazishda masʼullar hamda ishtirokchilar tomonidan qonuniylik, shaffoflik, oshkoralik, adolatlilik, tenglik kabi prinsiplarga rioya etilishi ustidan jamoatchilik nazoratini amalga oshiradi.
3-bob. Nuroniylar kengashining huquqlari va majburiyatlari
10. Nuroniylar kengashi oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish uchun:
vazirlik hududiy boʻlinmalari yigʻilishlari va boshqa ommaviy tadbirlar toʻgʻrisidagi axborotni soʻrab olish hamda mazkur tadbirlarda ishtirok etish;
yosh avlodni Vatanga muhabbat va milliy istiqlol gʻoyalariga sadoqat ruhida tarbiyalashga munosib hissa qoʻshib kelayotgan faol, tashabbuskor keksalarni “Mahalla iftixori” va “Mehnat faxriysi” koʻkrak nishonlari bilan taqdirlash yuzasidan vazirlik hududiy boʻlinmalariga takliflar kiritish;
oʻziga yuklangan vazifalar ijrosini taʼminlash bilan bogʻliq masalalar yuzasidan vazirlik hududiy boʻlinmalari boshliqlari tomonidan har chorakda tegishli xalq deputatlari kengashlariga taqdim etiladigan axborotlarga takliflar kiritish;
vazirlikning hududiy boʻlinmalari faoliyati samaradorligini oshirish boʻyicha takliflar va tavsiyalarni ishlab chiqish hamda amalga oshirish uchun zarur boʻlgan axborotlar, statistika va boshqa materiallarni belgilangan tartibda olish;
vazirlikning hududiy boʻlinmalari tomonidan ishlab chiqilgan dastur va rejalar loyihalarining jamoatchilik va mutaxassislar muhokamasini taʼminlashda ishtirok etish;
keksalarning murojaatlariga vazirlik hududiy boʻlinmalari tomonidan berilgan javoblarning sifatini tahlil qilish;
fuqarolar yigʻinlari raislarining keksalar va faxriylar ishlari boʻyicha maslahatchilari, “keksalar maslahati” guruhlari va mahallalardagi boshqa jamoatchilik tuzilmalari faoliyatini samarali tashkil etish boʻyicha tavsiyalar berish;
yolgʻiz keksalar, pensionerlar, nogironligi boʻlgan nuroniylar, ijtimoiy himoyaga muhtoj va kam taʼminlangan oilalarning roziligi bilan ularning uy-joy va ijtimoiy-maishiy shart-sharoitlari bilan tanishish;
Nuroniylar kengashi majlislarida muhokama qilinadigan masalalarni yoritish boʻyicha ommaviy axborot vositalari bilan hamkorlik qilish;
yuklangan vazifalarni bajarish uchun seminarlar, davra suhbatlari va boshqa tadbirlarni tashkil etish, zarur hollarda ularga davlat organlari va jamoat tashkilotlarining masʼul xodimlarini hamda mahalla faollarini taklif etish huquqiga ega.
Nuroniylar kengashi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.
11. Nuroniylar kengashi oʻz faoliyatini amalga oshirishda:
jamoatchilik nazorati toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlari talablariga rioya qilishi;
vazirlikning hududiy boʻlinmalari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari faoliyati bilan bogʻliq qonunchilik hujjatlarida belgilangan qoidalarga amal qilishi;
davlat organlari va mansabdor shaxslarning oʻz vakolatlari doirasida amalga oshiradigan faoliyatiga aralashmasligi;
davlat organi va uning mansabdor shaxslari faoliyat koʻrsatishi uchun toʻsqinlik qilmasligi shart.
Nuroniylar kengashining qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa majburiyatlari ham boʻlishi mumkin.
4-bob. Nuroniylar kengashining tarkibini shakllantirish va ishini tashkil etish tartibi
12. Nuroniylar kengashining tarkibiga rais, rais oʻrinbosari va aʼzolari kiradi.
Vazirlik hududiy boʻlinmalarining boshliqlarining keksalar va faxriylar ishlari boʻyicha oʻrinbosarlari bir vaqtning oʻzida tegishli nuroniylar kengashlariga ham raislik qiladi.
Vazirlik hududiy boʻlinmalari keksalar va faxriylarni qoʻllab-quvvatlash va ijtimoiy faolligini oshirish boʻyicha mutaxassislari bir vaqtning oʻzida tegishli nuroniylar kengashlarining kotiblari hisoblanadi.
Nuroniylar kengashi raisining oʻrinbosarlari Nuroniylar kengashi aʼzolari orasidan yigʻilish ishtirokchilarining uchdan ikki qismi ovozi bilan saylanadi.
13. Nuroniylar kengashi 15 nafar aʼzodan iborat tarkibda shakllantiriladi.
Nuroniylar kengashi tarkibi, qoida tariqasida:
a) davlat organlari va muassasalarida, nodavlat notijorat tashkilotlarida, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlarida namunali xizmat koʻrsatgan mehnat faxriylari;
b) davlat organlari va xoʻjalik birlashmalari faxriylar kengashlarining faol raislari;
v) jamoatchilik faoliyati sohasida katta amaliy tajribaga ega boʻlgan obroʻ-eʼtiborli va tashabbuskor ziyolilar;
g) nodavlat notijorat tashkilotlari, ommaviy axborot vositalari va fuqarolik jamiyatining boshqa institutlarining nuroniy xodimlari;
d) namunali fuqarolar yigʻinlari raislarining keksalar va faxriylar ishlari boʻyicha maslahatchilaridan shakllantiriladi.
Nuroniylar kengashi aʼzoligiga davlat organlari xodimlari va mansabdor shaxslarining kiritilishi taqiqlanadi.
14. Nuroniylar kengashining tarkibi vazirlik hududiy boʻlinmasi boshligʻining qarori bilan har 3 yilda tasdiqlanadi.
15. Quyidagi holatlarda Nuroniylar kengashi raisining oʻrinbosarlari va aʼzolari uning tarkibidan chiqarilishi mumkin:
ular tomonidan Nuroniylar kengashi tarkibidan chiqish toʻgʻrisida ariza berilganda;
Nuroniylar kengashining majlislarida muntazam ravishda ishtirok etmaganda, mazkur Nizomning 11-bandida nazarda tutilgan majburiyatlarni bajarmaganda;
Nuroniylar kengashiga yuklangan vazifalar ijrosini taʼminlash ishlarida muntazam qatnashmaganda;
ularga nisbatan chiqarilgan sudning ayblov hukmi qonuniy kuchga kirganda;
vafot etganda, shuningdek, sud qaroriga koʻra ular muomalaga layoqatsiz, bedarak yoʻqolgan yoki vafot etgan deb topilganda.
16. Nuroniylar kengashining tarkibi toʻgʻrisidagi maʼlumot va kiritilgan oʻzgartirishlar tasdiqlangan kunda vazirlik hududiy boʻlinmalarining Internet jahon axborot tarmogʻidagi rasmiy veb-saytlarida eʼlon qilinadi.
17. Nuroniylar kengashining raisi:
Nuroniylar kengashining faoliyatiga umumiy rahbarlik qiladi;
Nuroniylar kengashining majlislarini chaqiradi va kun tartibidagi masalalarni belgilaydi;
Nuroniylar kengashining majlislarida raislik qiladi;
Nuroniylar kengashining ish rejalari, majlis bayonnomalari va boshqa hujjatlarini tasdiqlaydi;
Nuroniylar kengashi qarorlarining ijrosini nazorat qiladi;
Nuroniylar kengashi aʼzolarining zimmasiga yuklangan vazifalar bajarilishini muvofiqlashtiradi;
Vazirlik hududiy boʻlinmalarining rasmiy veb-saytlarida va boshqa resurslarda joylashtiriladigan Nuroniylar kengashining faoliyati toʻgʻrisidagi maʼlumotlar tarkibi boʻyicha takliflar kiritadi va uni vazirlikning hududiy boʻlinmalari boshliqlari bilan kelishadi;
Nuroniylar kengashining qarorlarini bajarish masalalari yuzasidan davlat organlarining hududiy boʻlinmalari, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari va nodavlat notijorat tashkilotlari bilan hamkorlik qiladi;
Nuroniylar kengashining samarali ishini taʼminlash boʻyicha boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.
18. Nuroniylar kengashining raisi boʻlmagan taqdirda, uning vazifalarini rais oʻrinbosari bajaradi.
19. Nuroniylar kengashi raisining oʻrinbosari:
rais yoʻqligida Nuroniylar kengashining majlislarida raislik qiladi;
Nuroniylar kengashi qarorlarining ijrosini nazorat qilish ishlarini tashkil etadi;
fuqarolarni va yuridik shaxslarning vakillarini qabul qiladi, shuningdek, Nuroniylar kengashi faoliyatiga taalluqli murojaatlarni koʻrib chiqish ishlarini tashkil etadi;
Nuroniylar kengashining samarali ishlarini taʼminlash boʻyicha boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.
20. Nuroniylar kengashining kotibi:
Nuroniylar kengashining faoliyatini uslubiy, tashkiliy-huquqiy va tashkiliy-texnik jihatdan taʼminlash masalalarini hal qiladi;
Nuroniylar kengashining navbatdagi majlisiga barcha zarur materiallar oʻz vaqtida tayyorlanishini taʼminlaydi, vazirlik hududiy boʻlinmalari xodimlaridan zarur hujjatlar va maʼlumotlarni soʻrab oladi;
kun tartibiga muvofiq Nuroniylar kengashining majlislari oʻtkazilishini tashkil etadi;
Nuroniylar kengashi majlislari oʻtkaziladigan sana, joy va ularga taklif etiladigan shaxslar roʻyxatini Nuroniylar kengashining raisi bilan kelishadi;
Nuroniylar kengashining aʼzolarini va taklif etilgan shaxslarni Nuroniylar kengashi majlislari oʻtkaziladigan joy, sana va vaqt haqida xabardor qiladi;
Nuroniylar kengashi qarorlari bajarilishining monitoringini olib boradi va uning natijalarini Nuroniylar kengashlari majlisida koʻrib chiqish boʻyicha takliflar kiritadi;
Nuroniylar kengashi majlisining bayonnomasini rasmiylashtiradi va tasdiqlangan bayonnomaning Nuroniylar kengashi aʼzolari hamda boshqa manfaatdor shaxslarga yuborilishini taʼminlaydi;
Nuroniylar kengashining samarali ishlashini taʼminlash boʻyicha boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.
21. Nuroniylar kengashining aʼzolari oʻz majlislarida koʻrib chiqiladigan masalalarni muhokama qilish va hal qilishda oʻz vakolatini boshqalarga oʻtkazish huquqiga ega emas.
Nuroniylar kengashining majlisida ishtirok etish imkoni boʻlmagan holatlarda, Kengash aʼzolari majlis kun tartibidagi masalalar boʻyicha oʻz fikrini yozma shaklda yuborishi mumkin. Bunda uning fikri majlisda koʻrib chiqiladi va ovoz berishda hisobga olinadi.
Nuroniylar kengashining aʼzolari:
oʻz zimmasiga yuklangan vazifalarni bajarish uchun vazirlikning hududiy boʻlinmalarida, fuqarolar yigʻinlarida tashkil etiladigan majlislarda va boshqa ommaviy tadbirlarda ishtirok etadi;
Nuroniylar kengashi ish rejalarining loyihalarini tayyorlaydi, ularni Nuroniylar kengashida koʻrib chiqish uchun kiritadi va tasdiqlangan ish rejalari bajarilishini taʼminlaydi;
vazirlik hududiy boʻlinmalari hamda fuqarolar yigʻinlari faoliyatining samaradorligini oshirish boʻyicha takliflar va tavsiyalarni ishlab chiqishda hamda amalga oshirishda qatnashadi;
yolgʻiz keksalar, pensionerlar, nogironligi boʻlgan nuroniylar, ijtimoiy himoyaga muhtoj va kam taʼminlangan oilalar bilan uchrashuvlar oʻtkazadi va ularning huquqlari hamda qonuniy manfaatlarini taʼminlash boʻyicha takliflarni Nuroniylar kengashiga kiritadi;
Nuroniylar kengashining kun tartibiga kiritilgan masalalar yuzasidan tahliliy materiallar tayyorlaydi;
Nuroniylar kengashining vakolatiga kiradigan masalalar bilan bogʻliq murojaatlarni koʻrib chiqadi va natijalari boʻyicha tegishli hujjatlarni tayyorlaydi;
Nuroniylar kengashiga yuklangan vazifalar va funksiyalarga muvofiq boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.
22. Nuroniylar kengashi faoliyatining asosiy masalalari uning majlislarida koʻrib chiqiladi. Nuroniylar kengashining majlisi ish rejalari asosida har chorakda kamida bir marotaba chaqiriladi.
Nuroniylar kengashi raisining tashabbusi, shuningdek, Nuroniylar kengashi aʼzolari uchdan bir qismining yozma murojaati asosida uning navbatdan tashqari majlisi chaqirilishi mumkin.
23. Nuroniylar kengashining majlislariga davlat organlari, xoʻjalik birlashmalari va nodavlat notijorat tashkilotlari hamda fuqarolik jamiyatining boshqa institutlarining vakillari, mahalla faollari taklif etilishi mumkin.
24. Nuroniylar kengashi majlisi kun tartibining loyihasi kotib tomonidan Nuroniylar kengashi aʼzolarining takliflari va Nuroniylar kengashi raisining topshirigʻi asosida shakllantiriladi.
25. Nuroniylar kengashining majlisini uning raisi olib boradi.
Rais ishtirok eta olmagan holatlarda, majlisni uning oʻrinbosari olib boradi.
Nuroniylar kengashining majlisida vazirlikning hududiy boʻlinmalari boshliqlari, ularning oʻrinbosarlari va boshqa xodimlari ishtirok etishi mumkin.
26. Nuroniylar kengashining majlisi, agar unda Nuroniylar kengashi aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi (kvorum) ishtirok etgan taqdirda, vakolatli hisoblanadi.
Majlisni oʻtkazish uchun kvorum shakllanmagan taqdirda, Nuroniylar kengashining yangi majlisi oʻtkaziladigan sana eʼlon qilinadi.
27. Nuroniylar kengashi qarorlari uning aʼzolarining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi.
28. Nuroniylar kengashining har bir aʼzosi qabul qilinayotgan qarorlar boʻyicha oʻzining fikrini yozma va ogʻzaki shaklda ifodalashga haqli. Uning fikri Nuroniylar kengashi majlisining bayonnomasiga majburiy tartibda qoʻshib qoʻyiladi.
29. Nuroniylar kengashining majlisida qabul qilingan qaror bayonnoma bilan rasmiylashtiriladi.
Nuroniylar kengashi majlisining bayonnomasi kotib tomonidan imzolanadi, majlisga raislik qiluvchi tomonidan tasdiqlanadi va uch kun muddatda vazirlik hududiy boʻlinmalariga, fuqarolar yigʻinlariga, Nuroniylar kengashi aʼzolariga va manfaatdor shaxslarga yuboriladi.
30. Nuroniylar kengashining qarorini tezlik bilan qabul qilish zarurati tugʻilganda, qaror kengash raisining tashabbusi bilan Nuroniylar kengashining aʼzolari bilan kelishilgan holda soʻrov yoʻli bilan ham qabul qilinishi mumkin.
Vazirlikning hududiy boʻlinmalari Nuroniylar kengashining qabul qilgan qaroriga qoʻshilmagan hollarda, Nuroniylar kengashining qarorini olgan kundan boshlab oʻn kun muddatdan kechikmay unga asoslantirilgan eʼtirozini yozma shaklda yuboradi.
31. Nuroniylar kengashining kotibi kengash aʼzolari koʻmagida Nuroniylar kengashining topshiriq va qarorlari ijrosining holatini oʻrganadi va koʻrib chiqadi, zarur boʻlgan hollarda, Nuroniylar kengashining raisiga tegishli takliflar kiritadi.
32. Vazirlik hududiy boʻlinmalarining keksalar va faxriylar ishlari boʻyicha oʻrinbosariga biriktirilgan tarkibiy boʻlinma Nuroniylar kengashiga doimiy ravishda uslubiy va amaliy yordam koʻrsatadi.
5-bob. Yakunlovchi qoidalar
33. Nuroniylar kengashining faoliyatini moddiy-texnik jihatdan vazirlik hududiy boʻlinmasi tomonidan, shuningdek, qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan taʼminlanadi.
34. Nuroniylar kengashining faoliyati uning nizomiga va qonunchilik hujjatlariga muvofiq ekanligi vazirlik hududiy boʻlinmasi rahbari tomonidan nazorat qilinadi.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 23-may,
326-son