UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 23-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 23 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 23 мая 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 23 May 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

СХЕМАСИ

РЎЙХАТИ

Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 27 ноябрдаги ПФ-5584-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун сўровномани тақдим этиш ва рухсатнома бериш тартиби;

бир марталик парвозни амалга ошириш учун тақдим этилиши шарт бўлган маълумотлар рўйхати;

Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудуди орқали транзит парвозни амалга ошириш учун сўровномани тақдим этиш муддатлари.

2. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Э.М. Ганиев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 майдаги 324-сон қарорига ИЛОВА

Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантларига Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартибини белгилайди.

2. Ҳаво ҳудудидан фойдаланишга сўровнома тақдим қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Самовий ҳудудидан фойдаланиш тўғрисидаги низом билан белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Аэронавигация маълумотлари тўпламида эълон қилинади.

3. Хорижий давлатларнинг давлат ва экспериментал авиацияси ҳаво кемаларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида хорижий давлатлар ҳаво кемаларининг парвозларига махсус дипломатик рухсатномалар бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ариза берувчи — Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома олиш мақсадида Агентликка ёзма сўровнома билан мурожаат қилган хорижий давлат авиация маъмурияти, фуқаро авиацияси ҳаво кемасининг эксплуатанти ёки улар томонидан ваколат берилган вакил;

аэродром — қуруқликдаги ёки сув сатҳидаги махсус жиҳозланган, ҳаво кемаларининг келиб қўниши, жўнаши ва шу сатҳ бўйлаб ҳаракатланиши учун тўлиқ ёки қисман мўлжалланган, шунингдек, бинолар, иншоотлар ҳамда анжомлар жойлашган участка;

аэропорт — ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатишга, ҳаво транспортида ташишга хизмат кўрсатишга мўлжалланган ва шу мақсадларда аэродром, аэровокзал, бошқа иншоотлар, шунингдек зарур қурилмаларга эга бўлган иншоотлар мажмуаси;

бир марталик парвозни амалга ошириш учун сўровнома — ариза берувчининг Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома олиш мақсадида белгиланган муддатларда тақдим қилинган сўровномаси;

бир марталик парвоз — хорижий давлат фуқаро авиацияси ҳаво кемасининг Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига жадвалда назарда тутилмаган бир марталик парвози;

рухсатнома — хорижий давлат фуқаро авиацияси ҳаво кемасининг эксплуатантига Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун Агентлик томонидан берилган расмий ҳужжат;

транзит парвоз — ҳаво кемасининг Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудуди орқали қўнмасдан амалга оширган парвози;

ҳаво кемаси — атмосферада ўзининг ҳаво билан ўзаро таъсири ҳисобига ушлаб туриладиган ҳар қандай учиш аппарати, ер юзасидан қайтган ҳаво билан ўзаро таъсир бундан мустасно;

хавфли юк — ҳаво транспортида ташиш вақтида йўловчилар ёки экипаж аъзоларининг соғлиги, парвоз хавфсизлиги ёки ҳаво кемаси бортида жойлашган мол-мулк бутлигига хавф туғдирувчи буюмлар ёки моддалар;

ҳаво кемасининг эксплуатанти — хорижий давлатнинг ҳаво кемасидан фойдаланадиган юридик ёки жисмоний шахси.

5. Рухсатнома ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида берилади.

6. Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудуди орқали транзит парвозлар Ўзбекистон Республикаси Аэронавигация маълумотлари тўпламида эълон қилинган манзилга ариза берувчи томонидан парвозни амалга ошириш манзилидан режалаштирилган жўнаш вақтидан камида йигирма тўрт соат олдин тақдим этилган сўровномага ва камида тўрт соат олдин тақдим этилган учиш режасига (flight plan) асосан амалга оширилади.

2-боб. Сўровномаларни тақдим этиш ва рухсатнома бериш тартиби

7. Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун сўровномалар (кейинги ўринларда — сўровнома) хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантлари томонидан Агентликка бир марталик парвозни амалга оширишдан камида уч кун олдин тақдим этилади.

8. Ариза берувчи рухсатнома олиш учун Агентликка сўровномани инглиз ёки рус тилларда Ўзбекистон Республикаси Аэронавигация маълумотлари тўпламида эълон қилинган манзилларга мавжуд алоқа каналлари (Интернет жаҳон ахборот тармоғи, почта, телефон ва бошқа электрон алоқа воситалари) орқали ушбу Низомга 2-иловадаги рўйхатда назарда тутилган маълумотларни тақдим этади.

Ариза берувчидан ушбу Низомга 2-иловадаги рўйхатда назарда тутилмаган маълумотларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Агентлик рухсатнома олиш учун зарур бўлган маълумотлар рўйхатини ўз веб-сайтига жойлаштиради.

9. Ишончли бўлмаган ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун ариза берувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

10. Агентлик сўровнома келиб тушган кундан эътиборан уч кундан ошмаган муддатда сўровномани кўриб чиқади. Фавқулодда ҳолатларда, қидирув-қутқарув ишларини бажаришда, тиббий ёрдам, табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар рўй берган тақдирда, инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида бир марталик парвозни амалга ошириш учун сўровнома Агентлик томонидан ўн икки соат ичида кўриб чиқилади.

11. Агентлик тақдим этилган маълумотлар рўйхатини кўриб чиқади ва унинг нусхасини «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда «Oʼzaeronavigatsiya» Markazi» DUKга ҳаво кемасини қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш ва келишиш учун юборади.

12. «Uzbekistan Airports» АЖ бир кун ичида ҳаво кемасининг фуқаро авиацияси аэродромига учиб келиш вақти билан ер усти хизматлари учун тўлов ҳужжатларини кўриб чиқади ва ижобий қарор қабул қилинганда ҳаво кемасини қабул қилишга розилик беради.

13. «Oʼzaeronavigatsiya» Markazi» DUK бир кун ичида маълумотлар рўйхатини кўриб чиқади, ижобий қарор қабул қилинганда Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун розилик беради.

14. Агентлик сўровномани кўриб чиқиш ва тақдим қилинган маълумотларни текшириш натижаларига асосан рухсатномани ушбу Низомга 3-иловадаги шаклга мувофиқ бир кун муддатда расмийлаштиради.

15. Агентлик томонидан бир марталик парвозни амалга ошириш учун берилган рухсатнома бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланишга берилган рухсатнома ҳисобланади.

16. Сўровномани кўриб чиқиш натижалари бўйича Агентлик томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тўғрисида;

бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида.

Агентлик қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчига қабул қилинган санадан бошлаб, бир кундан кечиктирмай ёзма равишда хабар қилади.

17. Рухсатнома бериш қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:

талаб қилинган маълумотлар тўлиқ ҳажмда тақдим қилинмаса;

тақдим қилинган маълумотлар нотўғри ёки бузиб кўрсатилган бўлса;

«Uzbekistan Airports» АЖнинг ёки «Oʼzaeronavigatsiya» Markazi» DUKнинг ҳаво кемасини қабул қилиш имкони йўқлиги ҳақида асосланган салбий хулосаси мавжуд бўлса.

18. Агентлик томонидан бир марталик парвозни амалга ошириш учун сўровномани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.

19. Рухсатнома унда кўрсатилган ҳаво кемасининг учиш вақтидан эътиборан 72 соат давомида амал қилади.

3-боб. Якунловчи қоидалар

20. Агентликнинг қарори, шунингдек, Агентлик мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан ариза берувчи белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.

21. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш

Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун тақдим этилиши шарт бўлган маълумотлар

1. Ҳаво кемаси эксплуатантининг номи ва фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг таснифи бўйича уч ҳарфли белгиси.

2. Ҳаво кемаси ҳақида маълумотлар:

а) фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг таснифи бўйича ҳаво кемасининг тури;

б) ҳаво кемасининг танитувчи индекси (парвоз рақами);

в) ҳаво кемасининг рўйхатга олинган рақами;

г) ҳаво кемасининг учиш-қўниш оғирлиги;

д) навигация ва алоқа ускуналарининг тури;

е) ҳаво кемаси эксплуатанти ва унинг юридик манзили.

3. Экипаж ҳақида маълумотлар:

а) ҳаво кемасининг командири;

б) экипаж аъзоларининг сони (уларнинг фуқаролиги кўрсатилган ҳолда).

4. Режалаштирилаётган парвоз ҳақида ахборот:

а) парвоз мақсади;

б) учиш ва қўниш пункти (фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг кодларида), Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудига кириш ва ундан чиқиш нуқталари (пунктлари) ҳамда ҳисобланган вақти кўрсатилган ҳолда, универсал мувофиқлаштирилган вақтда парвозни амалга ошириш санаси ва жадвали;

в) Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидаги парвознинг йўналиши ва баландлиги;

г) йўловчилар (сони, рўйхати, мақоми, фуқаролиги);

д) ташилаётган юкнинг рўйхати ва тавсифи (хусусияти);

е) ҳаво кемасининг ижарачиси ва унинг манзили;

ж) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кутиб олувчи томон (реквизитлари);

з) юк жўнатувчи/юк олувчи (реквизитлари);

и) бортда қурол ва ўқ-дорилар мавжудлиги.

5. Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида аэронавигация хизматлари учун тўловчининг банк реквизитлари, манзили, телефон ва факс рақамлари кўрсатилган тўлов тури.

6. Ҳаво кемаси бортида хавфли юклар билан бир марталик парвоз амалга оширишилган тақдирда, ариза берувчи Агентликка Бирлашган Миллатлар Ташкилоти рўйхатига киритилган хавфли юкларнинг рақамини кўрсатган ҳолда, ҳаво орқали хавфли юкларни ташиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи сертификатнинг нусхасини тақдим этади.

Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомга 3-ИЛОВА

Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома рақамларини шакллантириш тартиби

Хорижий давлатларнинг фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун қуйидаги кўринишдаги рухсатнома берилади:

CAA UZB 123 / 08 / 2020 TAS, бунда:

CAA UZB — рухсатнома берувчи органнинг, ушбу ҳолатда Агентликнинг қисқартмаси 123 — жорий ойда берилган рухсатноманинг тартиб рақами 08 — рухсатнома берилган йилдаги ой рақами 2020 — рухсатнома берилган йил TAS — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўниш манзилининг, ушбу ҳолда Тошкентнинг, уч ҳарфли белгиси

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 23 май,

324-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.05.2020 й., 09/20/324/0648-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

SXEMASI

ROʻYXATI

Xorijiy davlatlar fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining ekspluatantlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Oʻzbekiston Respublikasining fuqaro aviatsiyasini tubdan takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2018-yil 27-noyabrdagi PF-5584-son Farmoniga muvofiq Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilarni nazarda tutuvchi Xorijiy davlatlar fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining ekspluatantlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin:

fuqaro aviatsiyasi aerodromlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun soʻrovnomani taqdim etish va ruxsatnoma berish tartibi;

bir martalik parvozni amalga oshirish uchun taqdim etilishi shart boʻlgan maʼlumotlar roʻyxati;

Oʻzbekiston Respublikasi havo hududi orqali tranzit parvozni amalga oshirish uchun soʻrovnomani taqdim etish muddatlari.

2. Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov hamda Oʻzbekiston Respublikasi transport vaziri E.M. Ganiyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 23-maydagi 324-son qaroriga ILOVA

Xorijiy davlatlar fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining ekspluatantlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma berish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Transport vazirligi huzuridagi Fuqaro aviatsiyasi agentligi (keyingi oʻrinlarda — Agentlik) tomonidan xorijiy davlatlar fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining ekspluatantlariga Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi aerodromlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma berish tartibini belgilaydi.

2. Havo hududidan foydalanishga soʻrovnoma taqdim qilish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Samoviy hududidan foydalanish toʻgʻrisidagi nizom bilan belgilanadi va Oʻzbekiston Respublikasi Aeronavigatsiya maʼlumotlari toʻplamida eʼlon qilinadi.

3. Xorijiy davlatlarning davlat va eksperimental aviatsiyasi havo kemalariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi havo hududida xorijiy davlatlar havo kemalarining parvozlariga maxsus diplomatik ruxsatnomalar berish tartibi Oʻzbekiston Respublikasi Tashqi ishlar vazirligi tomonidan belgilanadi.

4. Ushbu Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:

ariza beruvchi — Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi aerodromlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma olish maqsadida Agentlikka yozma soʻrovnoma bilan murojaat qilgan xorijiy davlat aviatsiya maʼmuriyati, fuqaro aviatsiyasi havo kemasining ekspluatanti yoki ular tomonidan vakolat berilgan vakil;

aerodrom — quruqlikdagi yoki suv sathidagi maxsus jihozlangan, havo kemalarining kelib qoʻnishi, joʻnashi va shu sath boʻylab harakatlanishi uchun toʻliq yoki qisman moʻljallangan, shuningdek, binolar, inshootlar hamda anjomlar joylashgan uchastka;

aeroport — havo kemalarini qabul qilish va joʻnatishga, havo transportida tashishga xizmat koʻrsatishga moʻljallangan va shu maqsadlarda aerodrom, aerovokzal, boshqa inshootlar, shuningdek zarur qurilmalarga ega boʻlgan inshootlar majmuasi;

bir martalik parvozni amalga oshirish uchun soʻrovnoma — ariza beruvchining Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi aerodromlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma olish maqsadida belgilangan muddatlarda taqdim qilingan soʻrovnomasi;

bir martalik parvoz — xorijiy davlat fuqaro aviatsiyasi havo kemasining Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi aerodromlariga jadvalda nazarda tutilmagan bir martalik parvozi;

ruxsatnoma — xorijiy davlat fuqaro aviatsiyasi havo kemasining ekspluatantiga Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi aerodromlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun Agentlik tomonidan berilgan rasmiy hujjat;

tranzit parvoz — havo kemasining Oʻzbekiston Respublikasi havo hududi orqali qoʻnmasdan amalga oshirgan parvozi;

havo kemasi — atmosferada oʻzining havo bilan oʻzaro taʼsiri hisobiga ushlab turiladigan har qanday uchish apparati, yer yuzasidan qaytgan havo bilan oʻzaro taʼsir bundan mustasno;

xavfli yuk — havo transportida tashish vaqtida yoʻlovchilar yoki ekipaj aʼzolarining sogʻligi, parvoz xavfsizligi yoki havo kemasi bortida joylashgan mol-mulk butligiga xavf tugʻdiruvchi buyumlar yoki moddalar;

havo kemasining ekspluatanti — xorijiy davlatning havo kemasidan foydalanadigan yuridik yoki jismoniy shaxsi.

5. Ruxsatnoma ushbu Nizomga 1-ilovaga muvofiq sxema asosida beriladi.

6. Oʻzbekiston Respublikasi havo hududi orqali tranzit parvozlar Oʻzbekiston Respublikasi Aeronavigatsiya maʼlumotlari toʻplamida eʼlon qilingan manzilga ariza beruvchi tomonidan parvozni amalga oshirish manzilidan rejalashtirilgan joʻnash vaqtidan kamida yigirma toʻrt soat oldin taqdim etilgan soʻrovnomaga va kamida toʻrt soat oldin taqdim etilgan uchish rejasiga (flight plan) asosan amalga oshiriladi.

2-bob. Soʻrovnomalarni taqdim etish va ruxsatnoma berish tartibi

7. Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi aerodromlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun soʻrovnomalar (keyingi oʻrinlarda — soʻrovnoma) xorijiy davlatlar fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining ekspluatantlari tomonidan Agentlikka bir martalik parvozni amalga oshirishdan kamida uch kun oldin taqdim etiladi.

8. Ariza beruvchi ruxsatnoma olish uchun Agentlikka soʻrovnomani ingliz yoki rus tillarda Oʻzbekiston Respublikasi Aeronavigatsiya maʼlumotlari toʻplamida eʼlon qilingan manzillarga mavjud aloqa kanallari (Internet jahon axborot tarmogʻi, pochta, telefon va boshqa elektron aloqa vositalari) orqali ushbu Nizomga 2-ilovadagi roʻyxatda nazarda tutilgan maʼlumotlarni taqdim etadi.

Ariza beruvchidan ushbu Nizomga 2-ilovadagi roʻyxatda nazarda tutilmagan maʼlumotlarni taqdim etishni talab qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.

Agentlik ruxsatnoma olish uchun zarur boʻlgan maʼlumotlar roʻyxatini oʻz veb-saytiga joylashtiradi.

9. Ishonchli boʻlmagan yoki buzilgan maʼlumotlar taqdim etilganligi uchun ariza beruvchi qonun hujjatlariga muvofiq javob beradi.

10. Agentlik soʻrovnoma kelib tushgan kundan eʼtiboran uch kundan oshmagan muddatda soʻrovnomani koʻrib chiqadi. Favqulodda holatlarda, qidiruv-qutqaruv ishlarini bajarishda, tibbiy yordam, tabiiy va texnogen xususiyatga ega favqulodda vaziyatlar roʻy bergan taqdirda, insonparvarlik yordami koʻrsatish maqsadida bir martalik parvozni amalga oshirish uchun soʻrovnoma Agentlik tomonidan oʻn ikki soat ichida koʻrib chiqiladi.

11. Agentlik taqdim etilgan maʼlumotlar roʻyxatini koʻrib chiqadi va uning nusxasini “Uzbekistan Airports” AJ hamda “Oʼzaeronavigatsiya” Markazi” DUKga havo kemasini qabul qilish masalasini koʻrib chiqish va kelishish uchun yuboradi.

12. “Uzbekistan Airports” AJ bir kun ichida havo kemasining fuqaro aviatsiyasi aerodromiga uchib kelish vaqti bilan yer usti xizmatlari uchun toʻlov hujjatlarini koʻrib chiqadi va ijobiy qaror qabul qilinganda havo kemasini qabul qilishga rozilik beradi.

13. “Oʼzaeronavigatsiya” Markazi” DUK bir kun ichida maʼlumotlar roʻyxatini koʻrib chiqadi, ijobiy qaror qabul qilinganda Oʻzbekiston Respublikasi havo hududidan foydalanish uchun rozilik beradi.

14. Agentlik soʻrovnomani koʻrib chiqish va taqdim qilingan maʼlumotlarni tekshirish natijalariga asosan ruxsatnomani ushbu Nizomga 3-ilovadagi shaklga muvofiq bir kun muddatda rasmiylashtiradi.

15. Agentlik tomonidan bir martalik parvozni amalga oshirish uchun berilgan ruxsatnoma bir vaqtning oʻzida Oʻzbekiston Respublikasi havo hududidan foydalanishga berilgan ruxsatnoma hisoblanadi.

16. Soʻrovnomani koʻrib chiqish natijalari boʻyicha Agentlik tomonidan quyidagi qarorlardan biri qabul qilinadi:

bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma berish toʻgʻrisida;

bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma berishni rad etish toʻgʻrisida.

Agentlik qabul qilingan qaror toʻgʻrisida ariza beruvchiga qabul qilingan sanadan boshlab, bir kundan kechiktirmay yozma ravishda xabar qiladi.

17. Ruxsatnoma berish quyidagi asoslarga koʻra rad etilishi mumkin:

talab qilingan maʼlumotlar toʻliq hajmda taqdim qilinmasa;

taqdim qilingan maʼlumotlar notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan boʻlsa;

“Uzbekistan Airports” AJning yoki “Oʼzaeronavigatsiya” Markazi” DUKning havo kemasini qabul qilish imkoni yoʻqligi haqida asoslangan salbiy xulosasi mavjud boʻlsa.

18. Agentlik tomonidan bir martalik parvozni amalga oshirish uchun soʻrovnomani koʻrib chiqqanlik uchun yigʻim undirilmaydi.

19. Ruxsatnoma unda koʻrsatilgan havo kemasining uchish vaqtidan eʼtiboran 72 soat davomida amal qiladi.

3-bob. Yakunlovchi qoidalar

20. Agentlikning qarori, shuningdek, Agentlik mansabdor shaxsining harakati (harakatsizligi) yuzasidan ariza beruvchi belgilangan tartibda shikoyat qilishi mumkin.

21. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonun hujjatlariga muvofiq javob beradilar.

Xorijiy davlatlar fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining ekspluatantlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi aerodromlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma berish

Xorijiy davlatlar fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining ekspluatantlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi aerodromlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun taqdim etilishi shart boʻlgan maʼlumotlar

1. Havo kemasi ekspluatantining nomi va fuqaro aviatsiyasi xalqaro tashkilotining tasnifi boʻyicha uch harfli belgisi.

2. Havo kemasi haqida maʼlumotlar:

a) fuqaro aviatsiyasi xalqaro tashkilotining tasnifi boʻyicha havo kemasining turi;

b) havo kemasining tanituvchi indeksi (parvoz raqami);

v) havo kemasining roʻyxatga olingan raqami;

g) havo kemasining uchish-qoʻnish ogʻirligi;

d) navigatsiya va aloqa uskunalarining turi;

e) havo kemasi ekspluatanti va uning yuridik manzili.

3. Ekipaj haqida maʼlumotlar:

a) havo kemasining komandiri;

b) ekipaj aʼzolarining soni (ularning fuqaroligi koʻrsatilgan holda).

4. Rejalashtirilayotgan parvoz haqida axborot:

a) parvoz maqsadi;

b) uchish va qoʻnish punkti (fuqaro aviatsiyasi xalqaro tashkilotining kodlarida), Oʻzbekiston Respublikasi havo hududiga kirish va undan chiqish nuqtalari (punktlari) hamda hisoblangan vaqti koʻrsatilgan holda, universal muvofiqlashtirilgan vaqtda parvozni amalga oshirish sanasi va jadvali;

v) Oʻzbekiston Respublikasi havo hududidagi parvozning yoʻnalishi va balandligi;

g) yoʻlovchilar (soni, roʻyxati, maqomi, fuqaroligi);

d) tashilayotgan yukning roʻyxati va tavsifi (xususiyati);

e) havo kemasining ijarachisi va uning manzili;

j) Oʻzbekiston Respublikasi hududida kutib oluvchi tomon (rekvizitlari);

z) yuk joʻnatuvchi/yuk oluvchi (rekvizitlari);

i) bortda qurol va oʻq-dorilar mavjudligi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi havo hududida aeronavigatsiya xizmatlari uchun toʻlovchining bank rekvizitlari, manzili, telefon va faks raqamlari koʻrsatilgan toʻlov turi.

6. Havo kemasi bortida xavfli yuklar bilan bir martalik parvoz amalga oshirishilgan taqdirda, ariza beruvchi Agentlikka Birlashgan Millatlar Tashkiloti roʻyxatiga kiritilgan xavfli yuklarning raqamini koʻrsatgan holda, havo orqali xavfli yuklarni tashish bilan bogʻliq faoliyatni amalga oshirish huquqini beruvchi sertifikatning nusxasini taqdim etadi.

Xorijiy davlatlar fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining ekspluatantlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 3-ILOVA

Xorijiy davlatlar fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining ekspluatantlari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi aerodromlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun ruxsatnoma raqamlarini shakllantirish tartibi

Xorijiy davlatlarning fuqaro aviatsiyasi havo kemalarining ekspluatantlari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi fuqaro aviatsiyasi aerodromlariga bir martalik parvozni amalga oshirish uchun quyidagi koʻrinishdagi ruxsatnoma beriladi:

CAA UZB 123 / 08 / 2020 TAS, bunda:

CAA UZB — ruxsatnoma beruvchi organning, ushbu holatda Agentlikning qisqartmasi 123 — joriy oyda berilgan ruxsatnomaning tartib raqami 08 — ruxsatnoma berilgan yildagi oy raqami 2020 — ruxsatnoma berilgan yil TAS — Oʻzbekiston Respublikasi hududida qoʻnish manzilining, ushbu holda Toshkentning, uch harfli belgisi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 23-may,

324-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 23.05.2020-y., 09/20/324/0648-son)

lex.uz