📅 2020-yil 28-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 28-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 28 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 28 мая 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 28 May 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Низом
Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия фаолиятини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиcсия тузиш тўғрисида» 1995 йил 10 февралдаги 45-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги 339-сон қарорига ИЛОВА
Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг (кейинги ўринларда — Идоралараро комиссия) вазифалари ва функциялари, таркиби, фаолиятини ташкил этиш ва ишлаш тартибини белгилайди.
2. Идоралараро комиссия Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига (кейинги ўринларда — ЖСТ) аъзо бўлиши бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи ва йўналишларни белгилайдиган коллегиал орган ҳисобланади.
3. Идоралараро комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қароролари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
4. Идоралараро комиссия ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, эксперт ҳамжамиятлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
5. Идоралараро комиссиянинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
2-боб. Идоралараро комиссиянинг вазифалари ва функциялари
6. Қуйидагилар Идоралараро комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ЖСТ Котибиятига ёки ЖСТга аъзо мамлакатларга келгусида юбориш учун Идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этилган ҳужжатларни келишиш ва тасдиқлаш;
ЖСТ қоидалари ва тамойилларига мувофиқлаштириш ва уйғунлаштириш мақсадида Идоралараро комиссия аъзолари ва соҳага оид ишчи гуруҳларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларини келишиш;
ЖСТ билан ишлаш бўйича музокаралар гуруҳи билан биргаликда стратегик масалалар бўйича, шу жумладан, Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши шартлари, шунингдек, ЖСТ аъзоси бўлган мамлакатлар билан икки томонлама, кўп томонлама ва ҳар тарафлама савдо музокаралари жараёнидаги келишувлар ва шартномалар бўйича Ўзбекистоннинг умумий позициясини ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Идоралараро комиссия фаолиятига тегишли бошқа фаолиятни амалга ошириш.
7. Идоралараро комиссия унга юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги асосий функцияларни амалга оширади:
ЖСТга аъзо бўлган мамлакатлар билан маслаҳатлар ва музокараларни ташкил этади ва ўтказади, шу жумладан, маслаҳатлар ва музокараларнинг формати, кун тартиби, муддатлари ва ўтказилиш жойи, бундай маслаҳатлар ва музокараларда Ўзбекистон Республикаси делегациясининг таркиби ва бошқа масалаларни кўриб чиқади;
ЖСТ билан ўзаро фаолият масалалари бўйича халқаро донорлар томонидан Ўзбекистон Республикасига берилаётган техник кўмакдан самарали фойдаланиш бўйича таклифларни баҳолайди ва ишлаб чиқади;
ЖСТ билан ишлаш бўйича музокаралар гуруҳи ва соҳага оид ишчи гуруҳларнинг ишини мувофиқлаштиради;
республиканинг масъул вазирлик ва идоралари вакилларидан иборат таркибда соҳага оид ишчи гуруҳларнинг таркибини шакллантиради ва тасдиқлайди;
Идоралараро комиссияга юкланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни, ҳужжатларни, маълумот ва материалларни давлат органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмаларидан белгиланган тартибда сўрайди ва олади;
Идоралараро комиссия таркибини ўзгартириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
зарур ҳолларда Идоралараро комиссия йиғилишларида иштирок этиш учун халқаро экспертларни, вазирликлар ва идораларнинг вакилларини, шунингдек, Идоралараро комиссия таркибига кирмайдиган бошқа шахсларни жалб қилади;
ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб бошқа функцияларни бажаради.
3-боб. Идоралараро комиссия таркиби ва унинг фаолиятини ташкил этиш
8. Юкланган вазифа ва функцияларни бажариш мақсадида Идоралараро комиссия раиси:
Идоралараро комиссия мажлисларида раислик қилади;
Идоралараро комиссия иш режасига таклифлар киритади;
Идоралараро комиссия мажлисларини чақиради, Идоралараро комиссия, унинг котибияти фаолиятини, мажлисларда кўриб чиқилаётган масалалар тайёрланишини ва қабул қилинган қарорлар ижросини ташкил этади, шунингдек, ҳар чоракда томонларни уларнинг бажарилиш жараёнидан хабардор қилади;
томонлар ҳамкорлигига ва Идоралараро комиссия қарорларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда улар ўртасида келишувга эришилишига кўмаклашади;
Идоралараро комиссия ишида иштирок этиш учун уларнинг таркибига кирмайдиган мансабдор ва бошқа шахсларни таклиф қилади;
ўз ваколатлари доирасида бошқа функцияларни бажаради.
9. Юкланган вазифалар ва функцияларини бажариш мақсадида Идоралараро комиссия котиби:
Идоралараро комиссиянинг раиси билан келишиш учун йиғилишларнинг муддатлари, ўтказилиш жойи ва кун тартиби бўйича таклифларни шакллантиради;
Идоралараро комиссия аъзоларини навбатдаги йиғилишнинг муддати, ўтказилиш жойи ва кун тартиби бўйича хабардор қилади, уларни зарур материаллар билан таъминлайди;
Идоралараро комиссиянинг баённомаларини юритади ва йиғилиш ўтказилишини ва иш юритишини ташкил этади;
тасдиқланган қарорларни Идоралараро комиссия аъзоларига тарқатади;
Идоралараро комиссия қарорларининг ижроси мониторингини олиб боради;
Идоралараро комиссия раисининг Идоралараро комиссия фаолиятига оид топшириқларини бажаради;
Идоралараро комиссиянинг кун тартиби масалалари бўйича таҳлилий материалларни тайёрлайди.
10. Юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш мақсадида Идоралараро комиссия аъзолари:
Идоралараро комиссия йиғилишида иштирок этади ва қарорларни қабул қилишда овоз беради;
Идоралараро комиссиянинг қарорларини ижро этиш натижалари бўйича Идоралараро комиссияга ҳисобот тақдим этади;
Идоралараро комиссия йиғилишининг кун тартиби ва масалаларни муҳокама қилиш тартиби бўйича таклифлар киритади;
Идоралараро комиссиянинг йиғилишларига материалларни тайёрлашда иштирок этади.
Идоралараро комиссия аъзолари Идоралараро комиссиянинг ўз вақтида ва самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.
4-боб. Идоралараро комиссия фаолиятини ташкил этиш ва қарорларни қабул қилиш тартиби
11. Идоралараро комиссия ўз фаолиятини йиғилишлар шаклида амалга оширади, Идоралараро комиссиянинг йиғилишлари бир йилда камида икки марта ўтказилади.
12. Идоралараро комиссиянинг йиғилишлари Идоралараро комиссия раисининг қарори, раис бўлмаган ҳолларда ўринбосарларининг қарори, шунингдек, Идоралараро комиссия раиси билан келишган ҳолда Идоралараро комиссия аъзоларининг ташаббуси бўйича чақирилади.
Идоралараро комиссия йиғилишларига материалларни тайёрлаш унинг Котибияти — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорликни мувофиқлаштириш бошқармаси (кейинги ўринларда Котибият деб аталади) томонидан амалга оширилади.
13. Идоралараро комиссия аъзолари йиғилишларда шахсан иштирок этадилар. Идоралараро комиссия аъзолари асоссиз сабабларга кўра уч мартадан ортиқ йиғилишларда иштирок этмаган ҳолларда Идоралараро комиссия Вазирлар Маҳкамасига Идоралараро комиссия аъзоларини ўзгартириш бўйича таклифларни киритиш ҳуқуқига эга.
14. Идоралараро комиссия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича ҳисобот киритади.
15. Идоралараро комиссия йиғилишда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.
16. Кўриладиган масалалар бўйича қарорлар очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Идоралараро комиссиянинг ҳар бир аъзоси, шу жумладан, раис ҳам битта овозга эга бўлади.
Идоралараро комиссиянинг қарорлари Идоралараро комиссиянинг барча аъзолари учун мажбурий хусусиятга эга.
17. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорини талаб қиладиган масалалар юзасидан тегишли таклифларни Идоралараро комиссия Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.
18. Идоралараро комиссиянинг йиғилишларида кўриб чиқилган масалалар ва қабул қилинган қарорлар йиғилиш баённомаси шаклида расмийлаштирилади.
19. Идоралараро комиссия томонидан қабул қилинган қарорга норози бўлган Идоралараро комиссия аъзолари (аъзоси) тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида ўз таклифлари ёки фикрларини ёзма равишда Котибиятга тақдим этишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 28 май,
339-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
Nizom
Jahon savdo tashkiloti bilan ishlash boʻyicha Idoralararo komissiya toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Jahon savdo tashkiloti bilan ishlash boʻyicha Idoralararo komissiya faoliyatini tartibga solish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Jahon savdo tashkiloti bilan ishlash boʻyicha Idoralararo komissiya toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Vazirlar Mahkamasining “Jahon savdo tashkiloti bilan ishlash boʻyicha Idoralararo komicsiya tuzish toʻgʻrisida” 1995-yil 10-fevraldagi 45-son qarori oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.
3. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining investitsiyalar va tashqi iqtisodiy aloqalar masalalari boʻyicha oʻrinbosari — Oʻzbekiston Respublikasi investitsiyalar va tashqi savdo vaziri S.U. Umurzakov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 28-maydagi 339-son qaroriga ILOVA
Jahon savdo tashkiloti bilan ishlash boʻyicha Idoralararo komissiya toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom Jahon savdo tashkiloti bilan ishlash boʻyicha Idoralararo komissiyaning (keyingi oʻrinlarda — Idoralararo komissiya) vazifalari va funksiyalari, tarkibi, faoliyatini tashkil etish va ishlash tartibini belgilaydi.
2. Idoralararo komissiya Oʻzbekiston Respublikasining Jahon savdo tashkilotiga (keyingi oʻrinlarda — JST) aʼzo boʻlishi boʻyicha ishlarni muvofiqlashtiruvchi va yoʻnalishlarni belgilaydigan kollegial organ hisoblanadi.
3. Idoralararo komissiya oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga hamda Vazirlar Mahkamasining qarorolari va farmoyishlariga, ushbu Nizomga, shuningdek, boshqa qonunchilik hujjatlariga amal qiladi.
4. Idoralararo komissiya oʻziga yuklangan vazifalar va funksiyalarni amalga oshirishda davlat organlari va tashkilotlari, mahalliy ijroiya hokimiyati organlari, jamoat birlashmalari, ekspert hamjamiyatlar va boshqa tashkilotlar bilan oʻzaro hamkorlik qiladi.
5. Idoralararo komissiyaning tarkibi Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi tomonidan tasdiqlanadi.
2-bob. Idoralararo komissiyaning vazifalari va funksiyalari
6. Quyidagilar Idoralararo komissiyaning asosiy vazifalari hisoblanadi:
JST Kotibiyatiga yoki JSTga aʼzo mamlakatlarga kelgusida yuborish uchun Idoralararo komissiyaga koʻrib chiqish uchun taqdim etilgan hujjatlarni kelishish va tasdiqlash;
JST qoidalari va tamoyillariga muvofiqlashtirish va uygʻunlashtirish maqsadida Idoralararo komissiya aʼzolari va sohaga oid ishchi guruhlarning Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlariga zarur oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisidagi takliflarini kelishish;
JST bilan ishlash boʻyicha muzokaralar guruhi bilan birgalikda strategik masalalar boʻyicha, shu jumladan, Oʻzbekistonning JSTga kirishi shartlari, shuningdek, JST aʼzosi boʻlgan mamlakatlar bilan ikki tomonlama, koʻp tomonlama va har taraflama savdo muzokaralari jarayonidagi kelishuvlar va shartnomalar boʻyicha Oʻzbekistonning umumiy pozitsiyasini ishlab chiqish;
Oʻzbekiston Respublikasi qonunchilik hujjatlariga muvofiq Idoralararo komissiya faoliyatiga tegishli boshqa faoliyatni amalga oshirish.
7. Idoralararo komissiya unga yuklangan vazifalarga muvofiq quyidagi asosiy funksiyalarni amalga oshiradi:
JSTga aʼzo boʻlgan mamlakatlar bilan maslahatlar va muzokaralarni tashkil etadi va oʻtkazadi, shu jumladan, maslahatlar va muzokaralarning formati, kun tartibi, muddatlari va oʻtkazilish joyi, bunday maslahatlar va muzokaralarda Oʻzbekiston Respublikasi delegatsiyasining tarkibi va boshqa masalalarni koʻrib chiqadi;
JST bilan oʻzaro faoliyat masalalari boʻyicha xalqaro donorlar tomonidan Oʻzbekiston Respublikasiga berilayotgan texnik koʻmakdan samarali foydalanish boʻyicha takliflarni baholaydi va ishlab chiqadi;
JST bilan ishlash boʻyicha muzokaralar guruhi va sohaga oid ishchi guruhlarning ishini muvofiqlashtiradi;
respublikaning masʼul vazirlik va idoralari vakillaridan iborat tarkibda sohaga oid ishchi guruhlarning tarkibini shakllantiradi va tasdiqlaydi;
Idoralararo komissiyaga yuklangan vazifalarni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan axborotni, hujjatlarni, maʼlumot va materiallarni davlat organlari, mahalliy ijroiya hokimiyati organlari va xoʻjalik birlashmalaridan belgilangan tartibda soʻraydi va oladi;
Idoralararo komissiya tarkibini oʻzgartirish yuzasidan Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritadi;
zarur hollarda Idoralararo komissiya yigʻilishlarida ishtirok etish uchun xalqaro ekspertlarni, vazirliklar va idoralarning vakillarini, shuningdek, Idoralararo komissiya tarkibiga kirmaydigan boshqa shaxslarni jalb qiladi;
oʻziga yuklangan vazifalardan kelib chiqib boshqa funksiyalarni bajaradi.
3-bob. Idoralararo komissiya tarkibi va uning faoliyatini tashkil etish
8. Yuklangan vazifa va funksiyalarni bajarish maqsadida Idoralararo komissiya raisi:
Idoralararo komissiya majlislarida raislik qiladi;
Idoralararo komissiya ish rejasiga takliflar kiritadi;
Idoralararo komissiya majlislarini chaqiradi, Idoralararo komissiya, uning kotibiyati faoliyatini, majlislarda koʻrib chiqilayotgan masalalar tayyorlanishini va qabul qilingan qarorlar ijrosini tashkil etadi, shuningdek, har chorakda tomonlarni ularning bajarilish jarayonidan xabardor qiladi;
tomonlar hamkorligiga va Idoralararo komissiya qarorlarini ishlab chiqish hamda amalga oshirishda ular oʻrtasida kelishuvga erishilishiga koʻmaklashadi;
Idoralararo komissiya ishida ishtirok etish uchun ularning tarkibiga kirmaydigan mansabdor va boshqa shaxslarni taklif qiladi;
oʻz vakolatlari doirasida boshqa funksiyalarni bajaradi.
9. Yuklangan vazifalar va funksiyalarini bajarish maqsadida Idoralararo komissiya kotibi:
Idoralararo komissiyaning raisi bilan kelishish uchun yigʻilishlarning muddatlari, oʻtkazilish joyi va kun tartibi boʻyicha takliflarni shakllantiradi;
Idoralararo komissiya aʼzolarini navbatdagi yigʻilishning muddati, oʻtkazilish joyi va kun tartibi boʻyicha xabardor qiladi, ularni zarur materiallar bilan taʼminlaydi;
Idoralararo komissiyaning bayonnomalarini yuritadi va yigʻilish oʻtkazilishini va ish yuritishini tashkil etadi;
tasdiqlangan qarorlarni Idoralararo komissiya aʼzolariga tarqatadi;
Idoralararo komissiya qarorlarining ijrosi monitoringini olib boradi;
Idoralararo komissiya raisining Idoralararo komissiya faoliyatiga oid topshiriqlarini bajaradi;
Idoralararo komissiyaning kun tartibi masalalari boʻyicha tahliliy materiallarni tayyorlaydi.
10. Yuklangan vazifalar va funksiyalarni bajarish maqsadida Idoralararo komissiya aʼzolari:
Idoralararo komissiya yigʻilishida ishtirok etadi va qarorlarni qabul qilishda ovoz beradi;
Idoralararo komissiyaning qarorlarini ijro etish natijalari boʻyicha Idoralararo komissiyaga hisobot taqdim etadi;
Idoralararo komissiya yigʻilishining kun tartibi va masalalarni muhokama qilish tartibi boʻyicha takliflar kiritadi;
Idoralararo komissiyaning yigʻilishlariga materiallarni tayyorlashda ishtirok etadi.
Idoralararo komissiya aʼzolari Idoralararo komissiyaning oʻz vaqtida va samarali ishlashini taʼminlash boʻyicha boshqa funksiyalarni ham bajarishi mumkin.
4-bob. Idoralararo komissiya faoliyatini tashkil etish va qarorlarni qabul qilish tartibi
11. Idoralararo komissiya oʻz faoliyatini yigʻilishlar shaklida amalga oshiradi, Idoralararo komissiyaning yigʻilishlari bir yilda kamida ikki marta oʻtkaziladi.
12. Idoralararo komissiyaning yigʻilishlari Idoralararo komissiya raisining qarori, rais boʻlmagan hollarda oʻrinbosarlarining qarori, shuningdek, Idoralararo komissiya raisi bilan kelishgan holda Idoralararo komissiya aʼzolarining tashabbusi boʻyicha chaqiriladi.
Idoralararo komissiya yigʻilishlariga materiallarni tayyorlash uning Kotibiyati — Oʻzbekiston Respublikasi Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligining Jahon savdo tashkiloti bilan hamkorlikni muvofiqlashtirish boshqarmasi (keyingi oʻrinlarda Kotibiyat deb ataladi) tomonidan amalga oshiriladi.
13. Idoralararo komissiya aʼzolari yigʻilishlarda shaxsan ishtirok etadilar. Idoralararo komissiya aʼzolari asossiz sabablarga koʻra uch martadan ortiq yigʻilishlarda ishtirok etmagan hollarda Idoralararo komissiya Vazirlar Mahkamasiga Idoralararo komissiya aʼzolarini oʻzgartirish boʻyicha takliflarni kiritish huquqiga ega.
14. Idoralararo komissiya Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga oʻtkazilgan yigʻilish yakunlari boʻyicha hisobot kiritadi.
15. Idoralararo komissiya yigʻilishda aʼzolarning kamida uchdan ikki qismi ishtirok etganda qaror qabul qilish huquqiga ega.
16. Koʻriladigan masalalar boʻyicha qarorlar ochiq ovoz berish orqali koʻpchilik ovoz bilan qabul qilinadi. Idoralararo komissiyaning har bir aʼzosi, shu jumladan, rais ham bitta ovozga ega boʻladi.
Idoralararo komissiyaning qarorlari Idoralararo komissiyaning barcha aʼzolari uchun majburiy xususiyatga ega.
17. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining qarorini talab qiladigan masalalar yuzasidan tegishli takliflarni Idoralararo komissiya Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga kiritadi.
18. Idoralararo komissiyaning yigʻilishlarida koʻrib chiqilgan masalalar va qabul qilingan qarorlar yigʻilish bayonnomasi shaklida rasmiylashtiriladi.
19. Idoralararo komissiya tomonidan qabul qilingan qarorga norozi boʻlgan Idoralararo komissiya aʼzolari (aʼzosi) tegishli qaror qabul qilingan kundan boshlab uch ish kuni mobaynida oʻz takliflari yoki fikrlarini yozma ravishda Kotibiyatga taqdim etishlari mumkin.
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 28-may,
339-son