📅 2020-yil 4-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 4-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 4 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 4 июня 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 4 June 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
НИЗОМ
ТАРКИБИ
СХЕМАСИ
Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қуришда тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловлар ўтказишни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йил 1 июлдан бошлаб:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ер участкалари қурилиши режалаштирилган уй-жойлар бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерлар ва ўрмон фонди ерлари тоифасига кирмайдиган ҳамда аҳолини мажбурий кўчириш хавфи бўлмаган тақдирда ажратилади;
туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг таркибига Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари киритилади ҳамда уларнинг хулосаси олинади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қуриш бўйича танлов савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектлари билан инвестиция шартномалари тузилади;
кўп квартирали уй-жойларни қуриш бўйича ажратилган ер массивлари (участкалари) ва локал оқава сув тозалаш иншоотларининг атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш хулосаси халқаро молия институтлари талабларидан келиб чиқиб тайёрланади ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан ҳар бир массив ва тозалаш иншоотлари бўйича давлат экологик экспертизаси хулосалари берилади;
кўп квартирали уй-жойларни қуриш жараёнида халқаро молия институтлари талабларидан келиб чиқиб, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ижтимоий бошқарув тизими жорий этилади.
3. Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловларни ташкил этиш ва ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказларига юклансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уй-жой қуриш жараёнида атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ижтимоий бошқарув тизимини татбиқ этиш бўйича халқаро молия институтлари талаблари асосида бир ой муддатда тартиб ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
тасдиқланган тартиб асосида атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва ижтимоий бошқарув тизими бўйича ҳисоботларни тайёрлаб, белгиланган муддатда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тақдим этсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойларни қуриш бўйича танланган тадбиркорлик субъектлари билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ўртасида тузиладиган кўп квартирали уй-жойларни фойдаланишга тайёр ҳолда қуришга доир намунавий инвестиция мажбуриятлари шартномасининг лойиҳасини бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги кўп квартирали уй-жойлар ва муҳандислик-транспорт коммуникацияларини қуриш бўйича лойиҳа ечимларининг ва бажарилаётган ишларнинг сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат қурилиш назоратини ўрнатсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири Б.И. Закиров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 июндаги 355-сон қарорига ИЛОВА
Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловлар ўтказиш тартиби тўғрисида
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектлари учун танловлар ўтказиш механизмини, мезонларини (жумладан «қиймат-миқдор» мезонларини) ҳамда қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини танлаб олиш бўйича танловларни ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан янги тартиб асосида қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловлар ўтказиш учун қуйидагилар талаб этилади:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан туман маъмурий марказларига туташ ҳудудларда кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармони (кейинги ўринларда — Фармон) талаблари асосида ер участкаларини ажратиш ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг ҳудудий бўлинмалари билан келишиш;
архитектура-режалаштириш топшириғини (кейинги ўринларда — АРТ) ишлаб чиқиш харажатларини туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан АРТ ишлаб чиқилган кунда тўлиқ тўлаб бериш;
тортиб келинадиган ва майдон ички сув таъминоти ва канализация тармоқлари ҳамда автомобиль йўлларини қуриш объектларини молиялаштириш манбаларини аниқлаш;
«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан тортиб келинадиган ва майдон ички электр ва газ таъминоти тармоқларини қуриш объектларини молиялаштириш манбаларини аниқлаш.
3. Ушбу низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
макромассив — вилоятлар шаҳарларига ва туман маъмурий марказларига туташ ҳудудларда камида 200 та квартирани ўз ичига олган кўп квартирали уй-жойлар қурилиши режалаштирилган ер участкаси;
танлов ташкилотчиси — Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказлари;
танлов предмети — қишлоқ жойларда ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан «фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш» шартларида кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектлари учун ҳудудий ҳокимликлар томонидан белгиланадиган талаблар (хизматлар) рўйхати;
лот — танловнинг бўлинмайдиган предмети;
намунавий танлов ҳужжатлари — белгиланган тартибда тасдиқланадиган талаблар ва ҳужжатлар (танловга таклифнома, унинг қатнашчиларига қўйиладиган малака талаблари, танлов таклифларини баҳолаш мезонлари ва уларни баҳолаш шакллари, инвестиция мажбуриятларининг шартнома шакллари);
танлов ҳужжатлари — намунавий танлов ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилган, танлов предметининг техник, молиявий, тижорат, ташкилий ва бошқа тавсифлари, танловни ташкил этиш шартлари ва ўтказиш тартиб-қоидаси ҳақидаги бошланғич маълумотлардан иборат бўлган ҳужжатлар туркуми;
танлов комиссияси — танлов ҳужжатлари талабларига мувофиқ тадбиркорлик субъектини аниқлаш учун мазкур Низомга мувофиқ ташкил этиладиган коллегиал орган;
талабгор — таклиф этилган шартлар асосида танловда қатнашиш тўғрисида ўз истагини билдирган ҳамда унинг офертаси танлов ташкилотчиси томонидан рўйхатдан ўтказилгунича танлов ҳужжатларини олган юридик шахс;
пудрат ташкилоти — талабгор томонидан танланадиган қурилиш-монтаж ишларини амалга оширувчи юридик шахс ёки талабгорнинг ўзи;
оферент — танлов ҳужжатлари шартларига мувофиқ тайёрланган ва танлов ташкилотчиси томонидан рўйхатдан ўтказилган ўз офертасини тақдим этган талабгор;
оферта — талабгорнинг танлов ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ тақдим этилган танлов предметига нисбатан таклифи;
баҳолаш мезонлари — оферталарни баҳолаш, талабгорларни танлаб олиш ва танлов ғолибини танлаб олиш учун фойдаланиладиган кўрсаткичлар;
офертанинг таъминланиши тўғрисидаги декларация — оферентнинг офертадаги барча талаблар ва шартларга риоя этиш юзасидан сўзсиз ва моддий мажбурияти;
квартира бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати — Фармонга асосан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Иқтисодий тараққиёт ва кабағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда тасдиқланадиган квартира бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати;
инвестиция мажбуриятлари шартномаси — ер участкасини кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун уй-жойлар қуриш муддати, квартира бир квадрат метрини тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қийматидан ошмаган ҳолда сотиш, техник назоратни амалга ошириш учун мутахассис жалб қилиш ва бошқа инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан тузилган икки томонлама шартнома.
2-боб. Тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танлов
1-§. Танлов қатнашчилари
4. Ҳудудий танлов комиссияси, танлов ташкилотчиси ва оферентлар — танлов қатнашчилари ҳисобланади.
5. Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танлов комиссияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг қарорлари билан ташкил этилади.
Танлов комиссиясига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари ва вилоятлар ҳокимларининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари (кейинги ўринларда — вилоятлар ҳокимларининг ўринбосарлари) раҳбарлик қилади.
6. Танлов ўтказиш учун мазкур Низомга 1-иловадаги таркибда комиссия тузилади.
7. Танлов комиссия аъзоси малакали, танлов соҳасида амалиёт ва кўникмага эга бўлиши лозим.
8. Танлов комиссияси аъзолари 9 кишидан иборат бўлиши ва агар, комиссия аъзоларининг камида тўртдан уч қисми мажлисда қатнашса, ўз функцияларини амалга ошириш учун ҳуқуқий ваколатли ҳисобланади.
2-§. Танлов комиссиясининг асосий функциялари
9. Қуйидагилар танлов комиссиясининг асосий функциялари ҳисобланади:
талабгорлар томонидан тақдим этилган лойиҳаларнинг танланган ернинг бош режасига мослигини инобатга олиши;
қишлоқ жойларда «фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш» шартларида кўп квартирали уй-жойлар қурилиши бўйича тадбиркорлик субъектларини аниқлаш юзасидан ўтказиладиган танловни ўз вақтида сифатли ўтказиш ишларини тизимли ташкил этиш;
танлов комиссиясининг регламенти, танлов ҳужжатларини ва талабгорларга қўйиладиган танлов таклифларини баҳолаш мезонларини тасдиқлаш;
танлов ҳужжатларида қайд этилган танловда қатнашишга буюртманомани таъминлаш шаклини тасдиқлаш;
офертани қабул қилишнинг охирги куни ва вақтини, конвертларни очиш вақтини ва жойини белгилаш;
оферентларнинг малака, техник ва тижорат таклифларини ўрганиш;
оферта солинган конвертларни очиш, конвертларни очиш тўғрисидаги баённи тасдиқлаш;
танлов таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш муддатларини тасдиқлаш;
танлов ҳужжатларида кўрсатилган мезонларга мувофиқ офертани ўрганиш, таҳлил қилиш ва кўриб чиқиш;
танлов натижаси бўйича қарор қабул қилиш;
танловни ўтказиш давомида юзага келадиган низолар ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш, тартибга солиш;
лойиҳани амалга ошириш жараёнида юзага келадиган танлов бўйича масалаларни кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш.
3-§. Оферентларнинг малака, техник ва тижорат таклифларини ўрганиш
10. Танлов комиссияси оферентларнинг малака, техник ва тижорат таклифларини ўрганади.
11. Оферентларнинг малака, техник ва тижорат таклифларини ўрганиш бўйича баҳолаш гуруҳларининг таркиби комиссия аъзоларидан шакллантирилади.
12. Зарурат бўлганда, танлов комиссиялари оферентларнинг танлов таклифларини баҳолаш учун эксперт ва маслаҳат ташкилотларининг вакилларини жалб этиши мумкин.
4-§. Танловни ўтказишга тайёргарлик ишлари
13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан аниқ макромассив (лот, қурилиш участкаси) бўйича танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон жойлаштирилгунга қадар режалаштирилган макромассивларни тайёр ҳолга келтириш бўйича қуйидагилар амалга оширилган бўлиши шарт:
макромассив кўринишида кўп квартирали уй-жой қурилиши учун ер участкаларининг танланиши;
бирламчи рухсат берувчи ҳужжатларни (танланган ер майдонининг топографик сурати ва геология хулосаси, АРТ ҳужжатлари) тайёрланиши;
қонунчиликда белгиланган тартибда тортиб келинадиган ва майдон ички сув таъминоти, канализация (локал оқава сув тозалаш иншоотлари), электр ва газ тармоқларини ҳамда автомобиль йўлларини қуриш ишларини молиялаштириш манбаси, техник топшириқлар ва бажарувчи тегишли ташкилотлар аниқланиши.
14. Танловни ўтказишга тайёргарлик давомида танлов комиссиясининг мурожаатномасига биноан танлов ташкилотчиси танлов ўтказилишидан 30 кун олдин Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида танлов ўтказиш тўғрисида эълон беради.
15. Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Қурилиш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказларининг номи, жойлашган жойи ҳамда электрон манзили;
танлов предметининг тавсифи ва у амалга ошириладиган жой;
танлов предметининг ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши;
танлов предметини амалга ошириш муддати;
талабгорларга қўйиладиган асосий шартлар (намунавий танлов ҳужжатларида кўрсатиб ўтилади);
талабгорлар томонидан танлов ҳужжатларининг электрон нусхасини олиш учун мурожаат этиладиган манзил;
оферта тақдим этиладиган жой, тақдим этишнинг охирги куни ва вақти;
офертани очиш жойи, куни, вақти.
5-§. Танлов ҳужжатларининг таркиби, тузилиши, уларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби
16. Танлов ҳужжатлари учта асосий қисмдан: рухсат берувчи (малака), техник ва тижорат қисмларидан иборат бўлади.
17. Танлов ҳужжатларининг рухсат берувчи (малака) қисми қуйидагилардан иборат бўлади:
танлов комиссияси таркибини тасдиқловчи ҳужжат;
танлов комиссиясининг иш низомини тасдиқлаш бўйича мажлис баёни;
бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар тайёрлиги бўйича комиссия қарори;
комиссиянинг танлов ўтказиш тўғрисидаги қарори;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган танлов ўтказиш тўғрисидаги эълоннинг матни.
18. Танлов ҳужжатларининг техник қисми қуйидагилардан иборат бўлади:
талабгорларнинг танловда қатнашиш учун буюртманомаси шакли;
талабгорнинг малакаси ҳамда техник ва молиявий ҳолатига баҳо беришга қўйиладиган талаблар ва мезонлар, таклифларни молиявий баҳолаш ва танлов ғолибини аниқлаш мезонлари, танлов тартиб-қоидасига тегишли бўлган бошқа ҳужжатлардан иборат йўриқнома;
бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар тўплами;
офертани тайёрлаш учун талаб этиладиган ҳужжатлар ва шакллар рўйхати.
19. Танлов ҳужжатларининг тижорат қисми қуйидагиларни ўз ичига олади:
илова қилинадиган нарх таклифи бўйича хатнинг шакли;
танлов таклифини таъминлаш тўғрисида кафолат шакли (декларациялар, банк кафолатлари, бўнаклар тарзида ёки қонунчиликда белгиланган бошқа шаклда);
оферент танловнинг ғолиби деб эътироф этилган тақдирда, инвестиция мажбуриятлари шартномасини бажариш кафолати;
кўп квартирали уй-жойларни жойлаштиришнинг бош режаси, техник тавсифи, лойиҳа эскизи;
тижорат таклифи (квартиранинг бир квадрат метрининг реализация нархи);
инвестиция мажбуриятлари шартномасининг лойиҳаси.
20. Офертани тақдим этиш тартиби танлов ҳужжатларида белгиланади. Тақдим этиладиган оферта танлов ҳужжатлари ва шартлари талабларига мувофиқ бўлиши керак.
21. Танлов ҳужжатларига, офертани ўраб-жойлашга ва маркировка қилишга, таклифларни техник ва молиявий баҳолаш мезонларига қўйиладиган шартлар ва талаблар ҳудудий танлов комиссиялари томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади.
Офертани тақдим этиш муддати тамом бўлгунга қадар танлов ташкилотчиси ҳудудий танлов комиссиясининг талабига кўра, танлов ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, бу тўғрисида танлов ҳужжатлари эълон қилинган электрон манзилда дарҳол хабар етказиш, офертага тузатиш киритиш учун етарли бўлган вақтда офертанинг тақдим этиш муддатини узайтириш ҳуқуқига эга.
22. Талабгорлардан таклифлар танлов ташкилотчилари томонидан қабул қилиб олинади ва танлов ўтказиладиган кунга қадар хавфсиз ва тўлиқ сақланишига масъул бўлади.
Қуйидагилар танлов ташкилотчисининг асосий вазифалари ҳисобланади:
танлов ўтказиш тартиб-қоидаларини белгилаш;
танлов предметига қўйиладиган махсус, техник ва тижорат талабларини ҳисобга олган ҳолда танлов ўтказиш учун танлов ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
белгиланган шакл бўйича танлов ўтказилиши тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида эълон бериш;
агар танлов ҳужжатларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, аризалар ва оферталарни қабул қилиш, уларнинг ҳисобга олиниши ва махфийлигини таъминлаш;
шартнома асосида мустақил экспертлар ёки маслаҳатчиларнинг ишларини ташкил этиш;
талабгорларга танлов ҳужжатларини тақдим этиш;
6-§. Талабгорга қўйиладиган талаблар
23. Талабгорга қуйидаги талаблар қўйилади:
кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун талаб этилаётган маблағларнинг (ўз маблағлари, тижорат банкларидан олинган кредитлар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар) мавжудлиги;
танлов савдоларига қўйилган объектларга ўхшаш объектларда иш тажрибасининг мавжудлиги;
олдин ўз кучи билан бажарилган ишлар ҳажми тўғрисидаги маълумотлар;
қурилишни амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник база ва меҳнат ресурсларининг мавжудлиги.
Юқорида келтириб ўтилган талаблар талабгорга ёки талабгор томонидан жалб этиладиган пудрат ташкилотига татбиқ этилади.
Техник таклифларнинг барча талаблари «мувофиқ/мувофиқ эмас» тамойилига асосан баҳоланади.
24. Танловда қатнашиш учун талабгорларга қўйиладиган талаблар бўйича мезонлар ҳудудий танлов комиссиясининг регламентида ва намунавий танлов ҳужжатларида келтирилади.
25. Қайта ташкил этиш (ажратиб чиқариш, бўлиб юбориш), тугатиш босқичидаги ёки мол-мулки хатланган тўловга қобилиятсизлик жараёнидаги талабгорлар танловда иштирок этишга қўйилмайди.
7-§. Офертани тақдим этиш
26. Талабгорнинг имзоси билан тасдиқланган оферта танлов ташкилотчисига елимланган ва муҳрланган конвертда юборилади.
27. Оферталарни тақдим этиш муддати Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида эълон берилган кундан бошлаб 30 кунни ташкил этади.
28. Офертани тақдим этиш муддати тамом бўлгандан кейин тақдим этилган талабгорларнинг оферталари қабул қилинмайди.
Офертани тақдим этиш санаси танлов ташкилотчисининг, оферта почта билдиришномаси олинганлиги тўғрисидаги қайди бўйича ёки танлов ташкилотчисининг оферентга берилган оферта олинганлиги тўғрисидаги билдиришномаси санаси бўйича (оферта чопар орқали етказилган тақдирда) аниқланади.
8-§. Таклифларни баҳолаш ва танлов якунлари бўйича ғолибни эълон қилиш
29. Оферталарни бериш муддати тамом бўлгандан кейин ҳудудий танлов комиссияси тушган ва рўйхатдан ўтказилган оферталарни оферентларнинг вакиллари иштирокида очади, бутлигини текширади, оферентларнинг номларини эълон қилади, танлов ҳужжатлари талабларига мувофиқ ҳужжатларнинг тақдим этилган туркумлари мазмунини текширади.
Ҳудудий танлов комиссияси мажлисининг натижалари тўғрисидаги ахборот қатнашмаган оферентга ёзма шаклда етказилади.
Танлов ташкилотчиси ҳудудий танлов комиссиясининг талабига кўра, ҳудудий танлов комиссиясининг мажлиси бошқа муддатга кўчирилган тақдирда, офертани тақдим этиш муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги билдиришномани Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида маълум қилади.
30. Офертанинг мазмунини ҳудудий танлов комиссияси мажлисида кўриб чиқиш давомида оферентларга тушунтириш беришга йўл қўйилади.
Бунда офертанинг мазмунини ўзгартирадиган, шу жумладан нархини ёки ижро этиш муддатини ўзгартирадиган тушунтириш беришга йўл қўйилмайди.
31. Танлов ғолиби ҳудудий танлов комиссиясининг ёпиқ мажлисида аниқланади.
Ҳудудий танлов комиссияси ғолибларни «қиймат-миқдор» (энг рақобатли нарх) мезонлари, ишларни (хизматларни) бажариш шартлари ва танлов ҳужжатларида белгиланган бошқа мезонлар бўйича аниқлайди.
32. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтида ҳудудий танлов комиссияси томонидан танлов ғолиби бўлган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги ахборотлар танлов ташкилотчиси томонидан 3 иш куни ичида эълон қилинади.
33. Ҳудудий танлов комиссиясининг ҳар бир мажлисида баённома юритилади.
Қоидага кўра, булар танлов ўтказиш тартиб-қоидаси билан боғлиқ конвертларни очиш, танлов ғолибини аниқлаш баёнлари ва бошқа баёнлар.
34. Танлов ташкилотчиси танлов ғолибига инвестиция мажбуриятлари шартномасини бериш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин беш кундан кеч бўлмаган муддатда ёзма билдиришнома юборади.
Танлов ташкил этиш ва ўтказиш схемаси ушбу Низомга 2-иловада келтирилган.
35. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва ғолиб ўртасида инвестиция мажбуриятлари тўғрисидаги шартнома тузилгандан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида танлов натижалари (предмет, ғолиб, шартномавий нарх ва лойиҳани амалга ошириш муддати) тўғрисида эълон берилгандан кейин танлов тугаган деб ҳисобланади.
36. Танлов ғолиби қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда объект қурилиши суғурта қилинишини таъминлайди.
37. Қуйидаги ҳолларда, агар:
танловга қатнашиш учун иккитадан кам оферта тушса;
тақдим этилган оферталар танлов ҳужжатлари шартларига мувофиқ бўлмаса;
оферентлар томонидан таклиф этилган нархлар танлов предметининг «қиймат-миқдор» мезонларидан ортиқ бўлса, танлов ўтказилмаган деб ҳисобланади.
38. Танлов ғолиби шартнома тузишни рад этган ёки шартнома белгиланган муддатда унинг бажарилиш кафолати тақдим этилмаган тақдирда, ҳудудий танлов комиссияси иккинчи ўринни олган оферентни эътироф этиши ёхуд такрорий танлов ўтказилишини тайинлаши мумкин.
39. Агар танлов пайтида овозлар сони тенг бўлса (яни қарши, рози, бетараф), ҳал қилувчи овоз танлов комиссияси раисида қолади.
9-§. Қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича танловлар
40. Тадбиркорлик субъектлари томонидан танлов шартларига риоя этилмаганлиги туфайли лойиҳалар муддатидан олдин бекор қилинган ҳолларда, қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича такрорий танловлар ўтказилишига йўл қўйилади.
Бунда ҳудудий танлов комиссия қарорига кўра бекор қилинган инвестиция мажбуриятлари шартномаси бўйича тугалланмаган ишлар ҳажмини аниқлаш мақсадида назорат ўлчови ўтказади.
41. Қурилиши тугалланмаган объект бўйича ўтказилган танлов якунлари бўйича ғолиб билан ишларнинг тугалланмаган қисмини бажариш юзасидан келишув тузилади.
42. Тадбиркорлик субъектлари томонидан танлов шартларига риоя этилмаганлиги туфайли лойиҳалар муддатидан олдин бекор қилинган ҳолларда, ҳосил бўлган қурилиши тугалланмаган объектлар бўйича талаблар инвестиция мажбуриятлари шартномасида келтирилади.
3-боб. Шартнома мажбуриятлари бажарилишининг мониторинги ва танловда ғолиб тадбиркорлик субъектига қўйиладиган талаблар
43. Тадбиркорлик субъекти техник-назоратчиси томонидан тақдим этиладиган ҳар ойлик ахборотни таҳлил қилиш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан мониторинг амалга оширилади.
44. Инвестиция мажбуриятлари шартномаси мажбуриятларининг бажарилиши бўйича назорат вилоятлар ва туманлар ҳокимликларига юкланади.
45. Танловда ғолиб бўлган тадбиркорлик субъекти қуйидагиларни амалга оширишни ўз вақтида таъминлайди:
лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тегишли ташкилотларда экспертизадан ўтказиш;
кундалик техник назоратни амалга ошириш учун мустақил мутахассис ёки ташкилот билан шартнома имзолаш;
ажратилган ер участкаси бўйича атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш аризаларини тайёрлаш;
уй-жойлар қурилиши учун танланган ҳар бир ер участкаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларининг давлат экологик экспертизаси хулосаларини олиш;
қурилиш материалларини харид қилиш;
уй-жойларни канализация тармоқларига ёки локал оқава сув тозалаш иншоотларига ва ташқи ичимлик сув тармоқларига улаш;
уй-жойларни ташқи газ ва электр тармоқларига улаш.
4-боб. Якунловчи қоидалар
46. Танлов тартиб-қоидасидан келиб чиқадиган келишмовчиликлар ва низолар, танлов ташкилотчиси ёки танловнинг бошқа қатнашчиларининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ва қарорлари юзасидан шикоятлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
47. Аризалар, мурожаатлар ва шикоятларни кўриб чиқишнинг батафсил механизми Танлов комиссиялари иши низомларида ва намунавий танлов ҳужжатларида келтирилган бўлиши керак.
48. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
49. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари кўп квартирали уй-жой қурилиши режалаштирилган макромассивларни тайёр ҳолга келтириш бўйича қуйидагилар учун жавобгар ҳисобланади:
макромассив кўринишида кўп квартирали уй-жой қурилиши учун ер участкаларининг танланиши;
бирламчи рухсат берувчи ҳужжатларнинг ўз вақтида берилиши;
тортиб келинадиган майдон ва ички сув, канализация, мухандислик — коммуникация тармоқларини ва автомобиль йўлларини қуриш;
танлов ўтказилиши учун барча шароитларнинг ўз вақтида яратилиши, танлов комиссияси ишларининг тўғри ташкил этилиши, танлов ўтказилиши ва натижалари тўғрисидаги маълумотларнинг тўлиқ ошкор этилиши.
50. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ тортиб келинадиган ва майдон ички электр таъминоти ва газ таъминоти тармоқларининг ўз вақтида қурилиши учун жавобгар ҳисобланади.
51. Танлов ташкилотчиси танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун жавобгар ҳисобланади.
Танлов ташкилотчиси танловга тегишли барча ҳужжатлар, жумладан, талабгорларнинг танлов таклифлари ички тартиб ҳужжатлари талабларига мувофиқ танлов тугагандан кейин камида уч йил мобайнида сақланишини таъминлаши шарт.
52. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу қарорга мувофиқ ўтказиладиган танлов иштирокчиларининг рақобатга қарши хатти-ҳаракатларининг олдини олиш, шунингдек, кўп квартирали уйларни қуриш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларда уй-жой сотиб олувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўради.
Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 1-ИЛОВА
Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектлари учун танлов ўтказиш комиссиясининг
1. Лавозимига кўра — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ёки вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, комиссияси раиси; 2. Лавозимига кўра — И қтисоди й тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бош бошқармасибошлиғи, комиссия раисининг ўринбосари; 3. Лавозимига кўра — Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳ удудий бошқармаси бошлиғи; 4. Лавозимига кўра — Қурилиш вазирлигининг ҳ удудий бош бошқармаси бошлиғи; 5 . Лавозимига кўра — Монополияга қарши курашиш қўмитаси нинг ҳудудий бошқармаси бошлиғи; 6.Лавозимига кўра — Марказий банк ҳудудий бошқармаси бошлиғи; 7. Лавозимига кўра — Давлат солиқ қўмитасининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи; 8. Лавозимига кўра — Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бошлиғи; 9. Лавозимига кўра — Ҳудудий соҳа вакили (тегишли шаҳар (туман) ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари); 10. Лавозимига кўра — Қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш ҳудудий консалтинг маркази раҳбари, комиссия котиби (овоз бериш ҳуқуқисиз)
Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектларини аниқлаш бўйича танловлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-ИЛОВА
Қишлоқ жойларда кўп квартирали уй-жойлар қурадиган тадбиркорлик субъектлари учун танлов ўтказиш
Босқичлар Масъуллар Амалга ошириш механизми Муддат 1-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари. Танлов комиссиялари таркиби ва уларнинг иш регламентини тасдиқлаш. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан макромассивлар учун ер майдонлари ажратилгандан сўнг 2-босқич Танлов комиссияси ва танлов ташкилотчиси. Танлов ҳужжатларини (жумладан, талабгорга бўлган талабларни) ишлаб чиқиш. 3 кун 3-босқич Танлов комиссияси ва танлов ташкилотчиси. Ҳар бир массив кесимида қуриладиган кўп қаватли уй-жойлар тўғрисидаги эълонни тасдиқлаш ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликларининг расмий веб-сайти ҳамда оммавий-ахборот воситаларида жойлаштириш. 3 кун 4-босқич Танлов ташкилотчиси. Эълон ва танлов ҳужжатларини талабгорга тарқатиш ва оферталарни қабул қилиш. 30 кун 5-босқич Танлов комиссияси ва танлов ташкилотчиси. Оферент (иштирокчилар) томонидан тақдим қилинган танлов оферталарини танлов комиссиясида кўриб чиқиш. 5 кун 6-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, танлов ғолиби бўлган оферент (иштирокчи). Танлов ғолиби бўлган оферент (иштирокчи) билан инвестиция шартномасини тузиш. 3 кун 7-босқич Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг расмий веб-сайтида ва оммавий-ахборот воситаларида танлов натижаларини эълон қилиш. 2 кун
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 4 июнь,
355-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
NIZOM
TARKIBI
SXEMASI
Qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylarni qurishda tadbirkorlik subyektlarini keng jalb etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ipoteka krediti mexanizmlarini takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 28-noyabrdagi PF-5886-son Farmoni ijrosini taʼminlash, shuningdek, qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylarni quradigan tadbirkorlik subyektlarini aniqlash boʻyicha tanlovlar oʻtkazishni tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylar quradigan tadbirkorlik subyektlarini aniqlash boʻyicha tanlovlar oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Belgilab qoʻyilsinki, 2020-yil 1-iyuldan boshlab:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan yer uchastkalari qurilishi rejalashtirilgan uy-joylar boʻyicha qishloq xoʻjaligiga moʻljallangan sugʻoriladigan yerlar va oʻrmon fondi yerlari toifasiga kirmaydigan hamda aholini majburiy koʻchirish xavfi boʻlmagan taqdirda ajratiladi;
tumanlar (shaharlar) hokimliklari huzuridagi yer uchastkalarini berish (realizatsiya qilish) masalalarini koʻrib chiquvchi komissiyaning tarkibiga Oʻzbekiston Respublikasi Gidrometeorologiya xizmati markazining hududiy boʻlinmalari vakillari kiritiladi hamda ularning xulosasi olinadi;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylarni qurish boʻyicha tanlov savdolarida gʻolib boʻlgan tadbirkorlik subyektlari bilan investitsiya shartnomalari tuziladi;
koʻp kvartirali uy-joylarni qurish boʻyicha ajratilgan yer massivlari (uchastkalari) va lokal oqava suv tozalash inshootlarining atrof-muhitga taʼsir koʻrsatish xulosasi xalqaro moliya institutlari talablaridan kelib chiqib tayyorlanadi va Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasining hududiy boshqarmalari tomonidan har bir massiv va tozalash inshootlari boʻyicha davlat ekologik ekspertizasi xulosalari beriladi;
koʻp kvartirali uy-joylarni qurish jarayonida xalqaro moliya institutlari talablaridan kelib chiqib, atrof-muhitni himoya qilish va ijtimoiy boshqaruv tizimi joriy etiladi.
3. Qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylarni qurish uchun tadbirkorlik subyektlarini aniqlash boʻyicha tanlovlarni tashkil etish va oʻtkazish Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar qurilishda tanlov savdolarini tashkil etish konsalting markazlariga yuklansin.
4. Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi:
Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi hamda boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda uy-joy qurish jarayonida atrof-muhitni himoya qilish va ijtimoiy boshqaruv tizimini tatbiq etish boʻyicha xalqaro moliya institutlari talablari asosida bir oy muddatda tartib ishlab chiqsin va tasdiqlasin;
tasdiqlangan tartib asosida atrof-muhitni himoya qilish va ijtimoiy boshqaruv tizimi boʻyicha hisobotlarni tayyorlab, belgilangan muddatda Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligiga taqdim etsin.
5. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi, Moliya vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylarni qurish boʻyicha tanlangan tadbirkorlik subyektlari bilan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari oʻrtasida tuziladigan koʻp kvartirali uy-joylarni foydalanishga tayyor holda qurishga doir namunaviy investitsiya majburiyatlari shartnomasining loyihasini bir oy muddatda Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi koʻp kvartirali uy-joylar va muhandislik-transport kommunikatsiyalarini qurish boʻyicha loyiha yechimlarining va bajarilayotgan ishlarning sifati, shaharsozlik normalari va qoidalariga rioya etilishi yuzasidan davlat qurilish nazoratini oʻrnatsin.
7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari A.J. Ramatov va Oʻzbekiston Respublikasi qurilish vaziri B.I. Zakirov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 4-iyundagi 355-son qaroriga ILOVA
Qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylar quradigan tadbirkorlik subyektlarini aniqlash boʻyicha tanlovlar oʻtkazish tartibi toʻgʻrisida
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Ushbu Nizom qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylar quradigan tadbirkorlik subyektlari uchun tanlovlar oʻtkazish mexanizmini, mezonlarini (jumladan “qiymat-miqdor” mezonlarini) hamda qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylar quradigan tadbirkorlik subyektlarini tanlab olish boʻyicha tanlovlarni oʻtkazish tartibini belgilaydi.
2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan yangi tartib asosida qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylar quradigan tadbirkorlik subyektlarini aniqlash boʻyicha tanlovlar oʻtkazish uchun quyidagilar talab etiladi:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan tuman maʼmuriy markazlariga tutash hududlarda koʻp kvartirali uy-joylar qurish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Ipoteka krediti mexanizmlarini takomillashtirishga oid qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2019-yil 28-noyabrdagi PF-5886-son Farmoni (keyingi oʻrinlarda — Farmon) talablari asosida yer uchastkalarini ajratish va Oʻzbekiston Respublikasi Gidrometeorologiya xizmati markazining hududiy boʻlinmalari bilan kelishish;
arxitektura-rejalashtirish topshirigʻini (keyingi oʻrinlarda — ART) ishlab chiqish xarajatlarini tuman (shahar) hokimligi tomonidan mahalliy budjetning qoʻshimcha manbalari hisobidan ART ishlab chiqilgan kunda toʻliq toʻlab berish;
tortib kelinadigan va maydon ichki suv taʼminoti va kanalizatsiya tarmoqlari hamda avtomobil yoʻllarini qurish obyektlarini moliyalashtirish manbalarini aniqlash;
“Hududiy elektr tarmoqlari” AJ va “Hududgaztaʼminot” AJ tomonidan tortib kelinadigan va maydon ichki elektr va gaz taʼminoti tarmoqlarini qurish obyektlarini moliyalashtirish manbalarini aniqlash.
3. Ushbu nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:
makromassiv — viloyatlar shaharlariga va tuman maʼmuriy markazlariga tutash hududlarda kamida 200 ta kvartirani oʻz ichiga olgan koʻp kvartirali uy-joylar qurilishi rejalashtirilgan yer uchastkasi;
tanlov tashkilotchisi — Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar qurilishda tanlov savdolarini tashkil etish konsalting markazlari;
tanlov predmeti — qishloq joylarda oʻz mablagʻlari, tijorat banklari kreditlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan “foydalanishga tayyor holda topshirish” shartlarida koʻp kvartirali uy-joylar quradigan tadbirkorlik subyektlari uchun hududiy hokimliklar tomonidan belgilanadigan talablar (xizmatlar) roʻyxati;
lot — tanlovning boʻlinmaydigan predmeti;
namunaviy tanlov hujjatlari — belgilangan tartibda tasdiqlanadigan talablar va hujjatlar (tanlovga taklifnoma, uning qatnashchilariga qoʻyiladigan malaka talablari, tanlov takliflarini baholash mezonlari va ularni baholash shakllari, investitsiya majburiyatlarining shartnoma shakllari);
tanlov hujjatlari — namunaviy tanlov hujjatlari asosida ishlab chiqilgan, tanlov predmetining texnik, moliyaviy, tijorat, tashkiliy va boshqa tavsiflari, tanlovni tashkil etish shartlari va oʻtkazish tartib-qoidasi haqidagi boshlangʻich maʼlumotlardan iborat boʻlgan hujjatlar turkumi;
tanlov komissiyasi — tanlov hujjatlari talablariga muvofiq tadbirkorlik subyektini aniqlash uchun mazkur Nizomga muvofiq tashkil etiladigan kollegial organ;
talabgor — taklif etilgan shartlar asosida tanlovda qatnashish toʻgʻrisida oʻz istagini bildirgan hamda uning ofertasi tanlov tashkilotchisi tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilgunicha tanlov hujjatlarini olgan yuridik shaxs;
pudrat tashkiloti — talabgor tomonidan tanlanadigan qurilish-montaj ishlarini amalga oshiruvchi yuridik shaxs yoki talabgorning oʻzi;
oferent — tanlov hujjatlari shartlariga muvofiq tayyorlangan va tanlov tashkilotchisi tomonidan roʻyxatdan oʻtkazilgan oʻz ofertasini taqdim etgan talabgor;
oferta — talabgorning tanlov hujjatlarida belgilangan shartlarga muvofiq taqdim etilgan tanlov predmetiga nisbatan taklifi;
baholash mezonlari — ofertalarni baholash, talabgorlarni tanlab olish va tanlov gʻolibini tanlab olish uchun foydalaniladigan koʻrsatkichlar;
ofertaning taʼminlanishi toʻgʻrisidagi deklaratsiya — oferentning ofertadagi barcha talablar va shartlarga rioya etish yuzasidan soʻzsiz va moddiy majburiyati;
kvartira bir kvadrat metrining tegishli hududdagi oʻrtacha bozor qiymati — Farmonga asosan har yili Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi tomonidan Iqtisodiy taraqqiyot va kabagʻallikni qisqartirish vazirligi hamda Qurilish vazirligi bilan birgalikda tasdiqlanadigan kvartira bir kvadrat metrining tegishli hududdagi oʻrtacha bozor qiymati;
investitsiya majburiyatlari shartnomasi — yer uchastkasini koʻp kvartirali uy-joylarni qurish uchun uy-joylar qurish muddati, kvartira bir kvadrat metrini tegishli hududdagi oʻrtacha bozor qiymatidan oshmagan holda sotish, texnik nazoratni amalga oshirish uchun mutaxassis jalb qilish va boshqa investitsiya majburiyatlarini qabul qilish sharti bilan tuzilgan ikki tomonlama shartnoma.
2-bob. Tadbirkorlik subyektlarini aniqlash boʻyicha tanlov
1-§. Tanlov qatnashchilari
4. Hududiy tanlov komissiyasi, tanlov tashkilotchisi va oferentlar — tanlov qatnashchilari hisoblanadi.
5. Qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylar quradigan tadbirkorlik subyektlarini aniqlash boʻyicha tanlov komissiyasi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi va viloyatlar hokimlarining qarorlari bilan tashkil etiladi.
Tanlov komissiyasiga Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisining oʻrinbosari va viloyatlar hokimlarining sanoatni rivojlantirish, kapital qurilish, kommunikatsiyalar va kommunal xoʻjaligi masalalari boʻyicha oʻrinbosarlari (keyingi oʻrinlarda — viloyatlar hokimlarining oʻrinbosarlari) rahbarlik qiladi.
6. Tanlov oʻtkazish uchun mazkur Nizomga 1-ilovadagi tarkibda komissiya tuziladi.
7. Tanlov komissiya aʼzosi malakali, tanlov sohasida amaliyot va koʻnikmaga ega boʻlishi lozim.
8. Tanlov komissiyasi aʼzolari 9 kishidan iborat boʻlishi va agar, komissiya aʼzolarining kamida toʻrtdan uch qismi majlisda qatnashsa, oʻz funksiyalarini amalga oshirish uchun huquqiy vakolatli hisoblanadi.
2-§. Tanlov komissiyasining asosiy funksiyalari
9. Quyidagilar tanlov komissiyasining asosiy funksiyalari hisoblanadi:
talabgorlar tomonidan taqdim etilgan loyihalarning tanlangan yerning bosh rejasiga mosligini inobatga olishi;
qishloq joylarda “foydalanishga tayyor holda topshirish” shartlarida koʻp kvartirali uy-joylar qurilishi boʻyicha tadbirkorlik subyektlarini aniqlash yuzasidan oʻtkaziladigan tanlovni oʻz vaqtida sifatli oʻtkazish ishlarini tizimli tashkil etish;
tanlov komissiyasining reglamenti, tanlov hujjatlarini va talabgorlarga qoʻyiladigan tanlov takliflarini baholash mezonlarini tasdiqlash;
tanlov hujjatlarida qayd etilgan tanlovda qatnashishga buyurtmanomani taʼminlash shaklini tasdiqlash;
ofertani qabul qilishning oxirgi kuni va vaqtini, konvertlarni ochish vaqtini va joyini belgilash;
oferentlarning malaka, texnik va tijorat takliflarini oʻrganish;
oferta solingan konvertlarni ochish, konvertlarni ochish toʻgʻrisidagi bayonni tasdiqlash;
tanlov takliflarini koʻrib chiqish va baholash muddatlarini tasdiqlash;
tanlov hujjatlarida koʻrsatilgan mezonlarga muvofiq ofertani oʻrganish, tahlil qilish va koʻrib chiqish;
tanlov natijasi boʻyicha qaror qabul qilish;
tanlovni oʻtkazish davomida yuzaga keladigan nizolar va kelishmovchiliklarni koʻrib chiqish, tartibga solish;
loyihani amalga oshirish jarayonida yuzaga keladigan tanlov boʻyicha masalalarni koʻrib chiqish va tegishli qaror qabul qilish.
3-§. Oferentlarning malaka, texnik va tijorat takliflarini oʻrganish
10. Tanlov komissiyasi oferentlarning malaka, texnik va tijorat takliflarini oʻrganadi.
11. Oferentlarning malaka, texnik va tijorat takliflarini oʻrganish boʻyicha baholash guruhlarining tarkibi komissiya aʼzolaridan shakllantiriladi.
12. Zarurat boʻlganda, tanlov komissiyalari oferentlarning tanlov takliflarini baholash uchun ekspert va maslahat tashkilotlarining vakillarini jalb etishi mumkin.
4-§. Tanlovni oʻtkazishga tayyorgarlik ishlari
13. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan aniq makromassiv (lot, qurilish uchastkasi) boʻyicha tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi eʼlon joylashtirilgunga qadar rejalashtirilgan makromassivlarni tayyor holga keltirish boʻyicha quyidagilar amalga oshirilgan boʻlishi shart:
makromassiv koʻrinishida koʻp kvartirali uy-joy qurilishi uchun yer uchastkalarining tanlanishi;
birlamchi ruxsat beruvchi hujjatlarni (tanlangan yer maydonining topografik surati va geologiya xulosasi, ART hujjatlari) tayyorlanishi;
qonunchilikda belgilangan tartibda tortib kelinadigan va maydon ichki suv taʼminoti, kanalizatsiya (lokal oqava suv tozalash inshootlari), elektr va gaz tarmoqlarini hamda avtomobil yoʻllarini qurish ishlarini moliyalashtirish manbasi, texnik topshiriqlar va bajaruvchi tegishli tashkilotlar aniqlanishi.
14. Tanlovni oʻtkazishga tayyorgarlik davomida tanlov komissiyasining murojaatnomasiga binoan tanlov tashkilotchisi tanlov oʻtkazilishidan 30 kun oldin Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklarining rasmiy veb-saytida va ommaviy axborot vositalarida tanlov oʻtkazish toʻgʻrisida eʼlon beradi.
15. Tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi eʼlonda quyidagi maʼlumotlar boʻlishi kerak:
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari hamda Qurilish vazirligining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar qurilishda tanlov savdolarini tashkil etish konsalting markazlarining nomi, joylashgan joyi hamda elektron manzili;
tanlov predmetining tavsifi va u amalga oshiriladigan joy;
tanlov predmetining oʻz mablagʻlari, tijorat banklari kreditlari va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtirilishi;
tanlov predmetini amalga oshirish muddati;
talabgorlarga qoʻyiladigan asosiy shartlar (namunaviy tanlov hujjatlarida koʻrsatib oʻtiladi);
talabgorlar tomonidan tanlov hujjatlarining elektron nusxasini olish uchun murojaat etiladigan manzil;
oferta taqdim etiladigan joy, taqdim etishning oxirgi kuni va vaqti;
ofertani ochish joyi, kuni, vaqti.
5-§. Tanlov hujjatlarining tarkibi, tuzilishi, ularni ishlab chiqish va tasdiqlash tartibi
16. Tanlov hujjatlari uchta asosiy qismdan: ruxsat beruvchi (malaka), texnik va tijorat qismlaridan iborat boʻladi.
17. Tanlov hujjatlarining ruxsat beruvchi (malaka) qismi quyidagilardan iborat boʻladi:
tanlov komissiyasi tarkibini tasdiqlovchi hujjat;
tanlov komissiyasining ish nizomini tasdiqlash boʻyicha majlis bayoni;
birlamchi ruxsat beruvchi hujjatlar tayyorligi boʻyicha komissiya qarori;
komissiyaning tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi qarori;
Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari rasmiy veb-saytida va ommaviy axborot vositalarida eʼlon qilinadigan tanlov oʻtkazish toʻgʻrisidagi eʼlonning matni.
18. Tanlov hujjatlarining texnik qismi quyidagilardan iborat boʻladi:
talabgorlarning tanlovda qatnashish uchun buyurtmanomasi shakli;
talabgorning malakasi hamda texnik va moliyaviy holatiga baho berishga qoʻyiladigan talablar va mezonlar, takliflarni moliyaviy baholash va tanlov gʻolibini aniqlash mezonlari, tanlov tartib-qoidasiga tegishli boʻlgan boshqa hujjatlardan iborat yoʻriqnoma;
birlamchi ruxsat beruvchi hujjatlar toʻplami;
ofertani tayyorlash uchun talab etiladigan hujjatlar va shakllar roʻyxati.
19. Tanlov hujjatlarining tijorat qismi quyidagilarni oʻz ichiga oladi:
ilova qilinadigan narx taklifi boʻyicha xatning shakli;
tanlov taklifini taʼminlash toʻgʻrisida kafolat shakli (deklaratsiyalar, bank kafolatlari, boʻnaklar tarzida yoki qonunchilikda belgilangan boshqa shaklda);
oferent tanlovning gʻolibi deb eʼtirof etilgan taqdirda, investitsiya majburiyatlari shartnomasini bajarish kafolati;
koʻp kvartirali uy-joylarni joylashtirishning bosh rejasi, texnik tavsifi, loyiha eskizi;
tijorat taklifi (kvartiraning bir kvadrat metrining realizatsiya narxi);
investitsiya majburiyatlari shartnomasining loyihasi.
20. Ofertani taqdim etish tartibi tanlov hujjatlarida belgilanadi. Taqdim etiladigan oferta tanlov hujjatlari va shartlari talablariga muvofiq boʻlishi kerak.
21. Tanlov hujjatlariga, ofertani oʻrab-joylashga va markirovka qilishga, takliflarni texnik va moliyaviy baholash mezonlariga qoʻyiladigan shartlar va talablar hududiy tanlov komissiyalari tomonidan koʻrib chiqiladi va tasdiqlanadi.
Ofertani taqdim etish muddati tamom boʻlgunga qadar tanlov tashkilotchisi hududiy tanlov komissiyasining talabiga koʻra, tanlov hujjatlariga oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish, bu toʻgʻrisida tanlov hujjatlari eʼlon qilingan elektron manzilda darhol xabar yetkazish, ofertaga tuzatish kiritish uchun yetarli boʻlgan vaqtda ofertaning taqdim etish muddatini uzaytirish huquqiga ega.
22. Talabgorlardan takliflar tanlov tashkilotchilari tomonidan qabul qilib olinadi va tanlov oʻtkaziladigan kunga qadar xavfsiz va toʻliq saqlanishiga masʼul boʻladi.
Quyidagilar tanlov tashkilotchisining asosiy vazifalari hisoblanadi:
tanlov oʻtkazish tartib-qoidalarini belgilash;
tanlov predmetiga qoʻyiladigan maxsus, texnik va tijorat talablarini hisobga olgan holda tanlov oʻtkazish uchun tanlov hujjatlarini ishlab chiqish;
belgilangan shakl boʻyicha tanlov oʻtkazilishi toʻgʻrisida Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari rasmiy veb-saytida va ommaviy axborot vositalarida eʼlon berish;
agar tanlov hujjatlarida oʻzgacha hol nazarda tutilmagan boʻlsa, arizalar va ofertalarni qabul qilish, ularning hisobga olinishi va maxfiyligini taʼminlash;
shartnoma asosida mustaqil ekspertlar yoki maslahatchilarning ishlarini tashkil etish;
talabgorlarga tanlov hujjatlarini taqdim etish;
6-§. Talabgorga qoʻyiladigan talablar
23. Talabgorga quyidagi talablar qoʻyiladi:
koʻp kvartirali uy-joylarni qurish uchun talab etilayotgan mablagʻlarning (oʻz mablagʻlari, tijorat banklaridan olingan kreditlar va qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar) mavjudligi;
tanlov savdolariga qoʻyilgan obyektlarga oʻxshash obyektlarda ish tajribasining mavjudligi;
oldin oʻz kuchi bilan bajarilgan ishlar hajmi toʻgʻrisidagi maʼlumotlar;
qurilishni amalga oshirish uchun zarur boʻlgan moddiy-texnik baza va mehnat resurslarining mavjudligi.
Yuqorida keltirib oʻtilgan talablar talabgorga yoki talabgor tomonidan jalb etiladigan pudrat tashkilotiga tatbiq etiladi.
Texnik takliflarning barcha talablari “muvofiq/muvofiq emas” tamoyiliga asosan baholanadi.
24. Tanlovda qatnashish uchun talabgorlarga qoʻyiladigan talablar boʻyicha mezonlar hududiy tanlov komissiyasining reglamentida va namunaviy tanlov hujjatlarida keltiriladi.
25. Qayta tashkil etish (ajratib chiqarish, boʻlib yuborish), tugatish bosqichidagi yoki mol-mulki xatlangan toʻlovga qobiliyatsizlik jarayonidagi talabgorlar tanlovda ishtirok etishga qoʻyilmaydi.
7-§. Ofertani taqdim etish
26. Talabgorning imzosi bilan tasdiqlangan oferta tanlov tashkilotchisiga yelimlangan va muhrlangan konvertda yuboriladi.
27. Ofertalarni taqdim etish muddati Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari rasmiy veb-saytida va ommaviy axborot vositalarida eʼlon berilgan kundan boshlab 30 kunni tashkil etadi.
28. Ofertani taqdim etish muddati tamom boʻlgandan keyin taqdim etilgan talabgorlarning ofertalari qabul qilinmaydi.
Ofertani taqdim etish sanasi tanlov tashkilotchisining, oferta pochta bildirishnomasi olinganligi toʻgʻrisidagi qaydi boʻyicha yoki tanlov tashkilotchisining oferentga berilgan oferta olinganligi toʻgʻrisidagi bildirishnomasi sanasi boʻyicha (oferta chopar orqali yetkazilgan taqdirda) aniqlanadi.
8-§. Takliflarni baholash va tanlov yakunlari boʻyicha gʻolibni eʼlon qilish
29. Ofertalarni berish muddati tamom boʻlgandan keyin hududiy tanlov komissiyasi tushgan va roʻyxatdan oʻtkazilgan ofertalarni oferentlarning vakillari ishtirokida ochadi, butligini tekshiradi, oferentlarning nomlarini eʼlon qiladi, tanlov hujjatlari talablariga muvofiq hujjatlarning taqdim etilgan turkumlari mazmunini tekshiradi.
Hududiy tanlov komissiyasi majlisining natijalari toʻgʻrisidagi axborot qatnashmagan oferentga yozma shaklda yetkaziladi.
Tanlov tashkilotchisi hududiy tanlov komissiyasining talabiga koʻra, hududiy tanlov komissiyasining majlisi boshqa muddatga koʻchirilgan taqdirda, ofertani taqdim etish muddati uzaytirilganligi toʻgʻrisidagi bildirishnomani Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari rasmiy veb-saytida va ommaviy axborot vositalarida maʼlum qiladi.
30. Ofertaning mazmunini hududiy tanlov komissiyasi majlisida koʻrib chiqish davomida oferentlarga tushuntirish berishga yoʻl qoʻyiladi.
Bunda ofertaning mazmunini oʻzgartiradigan, shu jumladan narxini yoki ijro etish muddatini oʻzgartiradigan tushuntirish berishga yoʻl qoʻyilmaydi.
31. Tanlov gʻolibi hududiy tanlov komissiyasining yopiq majlisida aniqlanadi.
Hududiy tanlov komissiyasi gʻoliblarni “qiymat-miqdor” (eng raqobatli narx) mezonlari, ishlarni (xizmatlarni) bajarish shartlari va tanlov hujjatlarida belgilangan boshqa mezonlar boʻyicha aniqlaydi.
32. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari rasmiy veb-saytida hududiy tanlov komissiyasi tomonidan tanlov gʻolibi boʻlgan tadbirkorlik subyektlari toʻgʻrisidagi axborotlar tanlov tashkilotchisi tomonidan 3 ish kuni ichida eʼlon qilinadi.
33. Hududiy tanlov komissiyasining har bir majlisida bayonnoma yuritiladi.
Qoidaga koʻra, bular tanlov oʻtkazish tartib-qoidasi bilan bogʻliq konvertlarni ochish, tanlov gʻolibini aniqlash bayonlari va boshqa bayonlar.
34. Tanlov tashkilotchisi tanlov gʻolibiga investitsiya majburiyatlari shartnomasini berish toʻgʻrisida qaror qabul qilingandan keyin besh kundan kech boʻlmagan muddatda yozma bildirishnoma yuboradi.
Tanlov tashkil etish va oʻtkazish sxemasi ushbu Nizomga 2-ilovada keltirilgan.
35. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari va gʻolib oʻrtasida investitsiya majburiyatlari toʻgʻrisidagi shartnoma tuzilgandan soʻng Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari rasmiy veb-saytida va ommaviy axborot vositalarida tanlov natijalari (predmet, gʻolib, shartnomaviy narx va loyihani amalga oshirish muddati) toʻgʻrisida eʼlon berilgandan keyin tanlov tugagan deb hisoblanadi.
36. Tanlov gʻolibi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda obyekt qurilishi sugʻurta qilinishini taʼminlaydi.
37. Quyidagi hollarda, agar:
tanlovga qatnashish uchun ikkitadan kam oferta tushsa;
taqdim etilgan ofertalar tanlov hujjatlari shartlariga muvofiq boʻlmasa;
oferentlar tomonidan taklif etilgan narxlar tanlov predmetining “qiymat-miqdor” mezonlaridan ortiq boʻlsa, tanlov oʻtkazilmagan deb hisoblanadi.
38. Tanlov gʻolibi shartnoma tuzishni rad etgan yoki shartnoma belgilangan muddatda uning bajarilish kafolati taqdim etilmagan taqdirda, hududiy tanlov komissiyasi ikkinchi oʻrinni olgan oferentni eʼtirof etishi yoxud takroriy tanlov oʻtkazilishini tayinlashi mumkin.
39. Agar tanlov paytida ovozlar soni teng boʻlsa (yani qarshi, rozi, betaraf), hal qiluvchi ovoz tanlov komissiyasi raisida qoladi.
9-§. Qurilishi tugallanmagan obyektlar boʻyicha tanlovlar
40. Tadbirkorlik subyektlari tomonidan tanlov shartlariga rioya etilmaganligi tufayli loyihalar muddatidan oldin bekor qilingan hollarda, qurilishi tugallanmagan obyektlar boʻyicha takroriy tanlovlar oʻtkazilishiga yoʻl qoʻyiladi.
Bunda hududiy tanlov komissiya qaroriga koʻra bekor qilingan investitsiya majburiyatlari shartnomasi boʻyicha tugallanmagan ishlar hajmini aniqlash maqsadida nazorat oʻlchovi oʻtkazadi.
41. Qurilishi tugallanmagan obyekt boʻyicha oʻtkazilgan tanlov yakunlari boʻyicha gʻolib bilan ishlarning tugallanmagan qismini bajarish yuzasidan kelishuv tuziladi.
42. Tadbirkorlik subyektlari tomonidan tanlov shartlariga rioya etilmaganligi tufayli loyihalar muddatidan oldin bekor qilingan hollarda, hosil boʻlgan qurilishi tugallanmagan obyektlar boʻyicha talablar investitsiya majburiyatlari shartnomasida keltiriladi.
3-bob. Shartnoma majburiyatlari bajarilishining monitoringi va tanlovda gʻolib tadbirkorlik subyektiga qoʻyiladigan talablar
43. Tadbirkorlik subyekti texnik-nazoratchisi tomonidan taqdim etiladigan har oylik axborotni tahlil qilish yoʻli bilan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari tomonidan monitoring amalga oshiriladi.
44. Investitsiya majburiyatlari shartnomasi majburiyatlarining bajarilishi boʻyicha nazorat viloyatlar va tumanlar hokimliklariga yuklanadi.
45. Tanlovda gʻolib boʻlgan tadbirkorlik subyekti quyidagilarni amalga oshirishni oʻz vaqtida taʼminlaydi:
loyiha-smeta hujjatlarini ishlab chiqish va tegishli tashkilotlarda ekspertizadan oʻtkazish;
kundalik texnik nazoratni amalga oshirish uchun mustaqil mutaxassis yoki tashkilot bilan shartnoma imzolash;
ajratilgan yer uchastkasi boʻyicha atrof-muhitga taʼsir koʻrsatish arizalarini tayyorlash;
uy-joylar qurilishi uchun tanlangan har bir yer uchastkasi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasining hududiy boʻlinmalarining davlat ekologik ekspertizasi xulosalarini olish;
qurilish materiallarini xarid qilish;
uy-joylarni kanalizatsiya tarmoqlariga yoki lokal oqava suv tozalash inshootlariga va tashqi ichimlik suv tarmoqlariga ulash;
uy-joylarni tashqi gaz va elektr tarmoqlariga ulash.
4-bob. Yakunlovchi qoidalar
46. Tanlov tartib-qoidasidan kelib chiqadigan kelishmovchiliklar va nizolar, tanlov tashkilotchisi yoki tanlovning boshqa qatnashchilarining xatti-harakati (harakatsizligi) va qarorlari yuzasidan shikoyatlar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda koʻrib chiqiladi.
47. Arizalar, murojaatlar va shikoyatlarni koʻrib chiqishning batafsil mexanizmi Tanlov komissiyalari ishi nizomlarida va namunaviy tanlov hujjatlarida keltirilgan boʻlishi kerak.
48. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.
49. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va tumanlar hokimliklari koʻp kvartirali uy-joy qurilishi rejalashtirilgan makromassivlarni tayyor holga keltirish boʻyicha quyidagilar uchun javobgar hisoblanadi:
makromassiv koʻrinishida koʻp kvartirali uy-joy qurilishi uchun yer uchastkalarining tanlanishi;
birlamchi ruxsat beruvchi hujjatlarning oʻz vaqtida berilishi;
tortib kelinadigan maydon va ichki suv, kanalizatsiya, muxandislik — kommunikatsiya tarmoqlarini va avtomobil yoʻllarini qurish;
tanlov oʻtkazilishi uchun barcha sharoitlarning oʻz vaqtida yaratilishi, tanlov komissiyasi ishlarining toʻgʻri tashkil etilishi, tanlov oʻtkazilishi va natijalari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarning toʻliq oshkor etilishi.
50. “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ va “Hududgaztaʼminot” AJ tortib kelinadigan va maydon ichki elektr taʼminoti va gaz taʼminoti tarmoqlarining oʻz vaqtida qurilishi uchun javobgar hisoblanadi.
51. Tanlov tashkilotchisi tanlovni tashkil etish va oʻtkazish uchun belgilangan chora-tadbirlarni amalga oshirish uchun javobgar hisoblanadi.
Tanlov tashkilotchisi tanlovga tegishli barcha hujjatlar, jumladan, talabgorlarning tanlov takliflari ichki tartib hujjatlari talablariga muvofiq tanlov tugagandan keyin kamida uch yil mobaynida saqlanishini taʼminlashi shart.
52. Oʻzbekiston Respublikasi Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi ushbu qarorga muvofiq oʻtkaziladigan tanlov ishtirokchilarining raqobatga qarshi xatti-harakatlarining oldini olish, shuningdek, koʻp kvartirali uylarni qurish bilan shugʻullanuvchi tadbirkorlik subyektlari bilan oʻzaro munosabatlarda uy-joy sotib oluvchilarning huquqlarini himoya qilish choralarini koʻradi.
Qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylar quradigan tadbirkorlik subyektlarini aniqlash boʻyicha tanlovlar oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 1-ILOVA
Qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylar quradigan tadbirkorlik subyektlari uchun tanlov oʻtkazish komissiyasining
1. Lavozimiga koʻra — Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi yoki viloyat hokimining sanoatni rivojlantirish, kapital qurilish, kommunikatsiyalar, kommunal xoʻjalik masalalari boʻyicha oʻrinbosari, komissiyasi raisi; 2. Lavozimiga koʻra — I qtisodi y taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligining hududiy bosh boshqarmasiboshligʻi, komissiya raisining oʻrinbosari; 3. Lavozimiga koʻra — Investitsiyalar va tashqi savdo vazirligining h ududiy boshqarmasi boshligʻi; 4. Lavozimiga koʻra — Qurilish vazirligining h ududiy bosh boshqarmasi boshligʻi; 5 . Lavozimiga koʻra — Monopoliyaga qarshi kurashish qoʻmitasi ning hududiy boshqarmasi boshligʻi; 6.Lavozimiga koʻra — Markaziy bank hududiy boshqarmasi boshligʻi; 7. Lavozimiga koʻra — Davlat soliq qoʻmitasining hududiy boshqarmasi boshligʻi; 8. Lavozimiga koʻra — Qurilish sohasida hududiy nazorat inspeksiyasi boshligʻi; 9. Lavozimiga koʻra — Hududiy soha vakili (tegishli shahar (tuman) hokimining qurilish masalalari boʻyicha oʻrinbosari); 10. Lavozimiga koʻra — Qurilishda tanlov savdolarini tashkil etish hududiy konsalting markazi rahbari, komissiya kotibi (ovoz berish huquqisiz)
Qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylar quradigan tadbirkorlik subyektlarini aniqlash boʻyicha tanlovlar oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga 2-ILOVA
Qishloq joylarda koʻp kvartirali uy-joylar quradigan tadbirkorlik subyektlari uchun tanlov oʻtkazish
Bosqichlar Masʼullar Amalga oshirish mexanizmi Muddat 1-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari. Tanlov komissiyalari tarkibi va ularning ish reglamentini tasdiqlash. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari tomonidan makromassivlar uchun yer maydonlari ajratilgandan soʻng 2-bosqich Tanlov komissiyasi va tanlov tashkilotchisi. Tanlov hujjatlarini (jumladan, talabgorga boʻlgan talablarni) ishlab chiqish. 3 kun 3-bosqich Tanlov komissiyasi va tanlov tashkilotchisi. Har bir massiv kesimida quriladigan koʻp qavatli uy-joylar toʻgʻrisidagi eʼlonni tasdiqlash va Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyat hokimliklarining rasmiy veb-sayti hamda ommaviy-axborot vositalarida joylashtirish. 3 kun 4-bosqich Tanlov tashkilotchisi. Eʼlon va tanlov hujjatlarini talabgorga tarqatish va ofertalarni qabul qilish. 30 kun 5-bosqich Tanlov komissiyasi va tanlov tashkilotchisi. Oferent (ishtirokchilar) tomonidan taqdim qilingan tanlov ofertalarini tanlov komissiyasida koʻrib chiqish. 5 kun 6-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari, tanlov gʻolibi boʻlgan oferent (ishtirokchi). Tanlov gʻolibi boʻlgan oferent (ishtirokchi) bilan investitsiya shartnomasini tuzish. 3 kun 7-bosqich Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklarining rasmiy veb-saytida va ommaviy-axborot vositalarida tanlov natijalarini eʼlon qilish. 2 kun
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 4-iyun,
355-son