📅 2020-yil 17-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020-yil 17-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2020 йил 17 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 17 июня 2020 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 17 June 2020 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ТАРКИБИ
ТАРКИБИ
Тошкент шаҳрида Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университети филиалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Тадбиркорлик соҳасида умумэътироф этилган халқаро талаб ва таълим стандартлари даражасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, ундан самарали фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил февраль ойида Туркия Республикасига ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқининг нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳрида филиалини (кейинги ўринларда — Филиал) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:
таълим ва илм-фаннинг узлуксизлиги ва изчиллиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга уйғун интеграциялашиш асосида мутахассислар, илмий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш;
республика олий таълим тизимига замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнини жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;
иқтисодиёт тармоқларига инновацияларни жорий қилишни рағбатлантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш, таълим олувчиларнинг инновацион ғояларини амалга ошириш учун инвестицияларни жалб этиш;
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш ва уни минтақавий таълим маркази сифатида танитиш;
мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг истиқболларига мувофиқ тадбиркорлик, иқтисодиёт, молия, корпоратив ҳуқуқ, ахборот-коммуникация технологиялари, психология соҳаларида халқаро стандартлар даражасида, жумладан, дуал таълим технологияларини қўллаган ҳолда, юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш;
таълим ва илмий соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш;
юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш соҳасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳар томонлама ҳамкорлик муносабатларини қўллаб-қувватлаш;
педагог кадрларнинг профессионал маҳорати даражаси ва сифатини узлуксиз ошириб бориш, Филиал профессор-ўқитувчиларининг хорижий мамлакатлардаги етакчи олий таълим муассасаларида малака оширишини ва стажировка ўташини таъминлаш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Филиал нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;
Филиал ректори Филиал муассислари (кейинги ўринларда — муассислар) томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
Филиал кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда ўқитишнинг Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган асосий бакалавриат йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича барча даражадаги мутахассисларни, шу жумладан, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи юридик шахс мақомига эга бўлган олий таълим ташкилоти — Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади;
Филиал алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга эга бўлган, тасарруфидаги пул маблағлари ва мол-мулки билан ўз мажбуриятлари бўйича жавобгар ҳисобланади;
Филиалда ўқитиш кундузги таълим шаклида, давлат ва инглиз тилида, жумладан, дуал таълим, электрон ва масофавий таълим технологияларини қўллаган ҳолда Филиал томонидан тасдиқланган ўқув режалари ҳамда дастурларга мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади;
Филиалда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб амалга оширилади;
Филиалга абитуриентлар қабули ва битирувчилар аттестацияси амалдаги қонунчиликка, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда, Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университети (кейинги ўринларда — Университет) томонидан белгиланган талаб, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;
Филиалнинг битирувчиларига:
Университет таълим дастурлари бўйича таълим олганда, Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган белгиланган намунадаги Филиал дипломи;
Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандарти асосида таълим олганда, Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган белгиланган намунадаги диплом берилади.
Филиалга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олгандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишига рухсат этилади.
4. Қуйидагилар:
Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳридаги филиалининг васийлик кенгаши таркиби 1-иловага ;
Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳрида филиалини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби (кейинги ўринларда — ишчи гуруҳ) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қуйидагилар Филиал васийлик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Филиал фаолиятининг ташкил этилишини таъминлаш, унинг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий, молиявий, юридик, иқтисодий, ўқув-методик, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этиш;
Филиал фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича Туркия савдо палаталари ва биржалар иттифоқи раҳбарияти билан музокаралар олиб бориш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш;
зарур лойиҳа, қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш, Филиални жиҳозлаш, инфратузилмасини яратиш, моддий-техник таъминлашга доир графикларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
Филиал фаолиятини ташкил этиш бўйича тасдиқланган графикларда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан мунтазам назорат қилиш ва мониторинг олиб бориш;
таълим жараёнини, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш ва такомиллаштириш, бакалавр ва магистрлар тайёрлаш сифатини тизимли равишда ошириш, Филиал битирувчиларини ишга жойлаштириш, меҳнат бозорининг кейинги ривожини ҳисобга олган ҳолда, мутахассислар ва илмий-техник кадрлар тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини белгилашда кўмаклашиш;
Филиал фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш учун хайрия, техник кўмак маблағларини (грантларни) ва бошқа бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;
Филиалнинг моддий-техник, ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, уни замонавий ўқув-лаборатория ускуналари ва ўқув-методик адабиётлар билан жиҳозлаш, ижтимоий инфратузилмасини яхшилашга кўмаклашиш;
талабаларни, энг аввало, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, иқтидорли талабаларни ўқитиш учун стипендиялар ажратиш, талабаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва яшаш жойларида бўш вақтларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, шунингдек, уларнинг дам олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш;
кенг истиқболли талабаларни танлов асосида, келажакда Университетга ва соҳага ихтисослашган хориждаги бошқа етакчи таълим муассасаларига стажировка ўташга юбориш учун танлаб олишни ҳамда уларга хорижда таҳсил олиш учун махсус стипендиялар ажратишни ташкил этиш.
6. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси муассислар билан биргаликда бир ой муддатда Филиалнинг устави ва тузилмаси ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
7. Ишчи гуруҳ (А. Икрамов):
2020 йил 1 августга қадар Филиалнинг бино ва иншоотлари реконструкция қилиниши, шунингдек, Филиал профессор-ўқитувчилари учун яшаш жойлари тайёрланишини;
2020 йил 31 августга қадар Филиал замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер ва ташкилий техника, ўқитишнинг техник воситалари, адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, инвентарь, мебель ва бошқа моддий-техник воситалар билан жиҳозланишини;
Филиал танлов асосида ишга қабул қилинадиган юқори малакали профессор-ўқитувчилар ва менторлар билан тўлдирилишини таъминласин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
а) Филиалга қабул қилиш параметрлари манфаатдор вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тегишли кадрларга бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, муассисларнинг қўшма қарорига биноан тасдиқланади;
б) Филиал фаолияти:
талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
Филиалнинг васийлик кенгаши қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтларининг грантлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
в) Филиални ташкил этиш, шунингдек, таъмирлаш-тиклаш, бино ва иншоотларни зарур мебель, компьютер ва бошқа ташкилий техникалар билан жиҳозлаш бўйича ташкилий-амалий чора-тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира фонди маблағлари ҳисобидан;
г) Филиал профессор-ўқитувчилари, шу жумладан хориждан жалб қилинадиган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва хизмат сафари харажатлари Филиал, муассислар маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
д) Филиалда ўқитишнинг тўлов-контракт миқдори муассислар билан келишилган ҳолда Филиал томонидан белгиланади.
9. Филиалга:
кадрларга бўлган эҳтиёж ва мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишган ҳолда таълимнинг бакалавриат босқичи асосий йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга;
профессор-ўқитувчи ходимлар, шунингдек, педагогик ва илмий иш олиб боришга жалб этиладиган бошқа шахсларнинг меҳнати, яшаши ҳамда транспорт харажатлари учун уларга белгиланган тарифлар бўйича тўловни амалга оширишга рухсат берилсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда истиқболда Филиалга ўз кампусини ташкил қилиш учун касб-ҳунар коллежларидан бирининг бино ва иншоотларини белгиланган тартибда текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш юзасидан икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклиф киритсин.
11. Филиал ўз кампуси ташкил қилингунига қадар Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 49-уй манзилидаги Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 7-биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштирилсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Филиалда таълим сифатини ва қонунчиликка риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.
13. Манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 июндаги 389-сон қарорига 1-ИЛОВА
Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳридаги филиалининг васийлик кенгаши
1. А.И. Икрамов — Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ректори, Васийлик кенгаши раиси 2. Юсуф Саринай — Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқининг Иқтисодиёт ва технологиялар университети ректори, Васийлик кенгаши ҳамраиси 3. Д.А. Вахабов — Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси 4. С.М. Бузрукхонов — Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари 5. Олган Бекар — Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчиси (келишув асосида) 6. Али Риза Тазжан — Туркиянинг Ҳамкорлик ва мувофиқлаш агентлигининг (TIKA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари (келишув асосида) 7. О.Р. Рижиченко — «U-ENTER» инновацион тадбиркорлик маркази директори 8. Волкан Гюлдермез — «Ziraat Bank Uzbekistan» АЖ бошқаруви раиси
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 июндаги 389-сон қарорига 2-ИЛОВА
Туркиянинг Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкент шаҳрида филиалини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ
1. А.И. Икрамов — Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси, Ишчи гуруҳ раҳбари 2. С.М. Бузрукхонов — Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазиринингўринбосари 3. Ш.Ш. Шарахметов — Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари 4. С.Х. Бекенов — Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори 5. У.Н. Ташкенбаев — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи 6. К.А. Шарипов — Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори 7. Ш.И. Асадов — Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари 8. У.М. Камалетдинов — Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази директори 9. А.А. Агзамходжаев — Ўзбекистон Республикасининг Туркия Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси 10. Юсуф Саринай — Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқининг Иқтисодиёт ва технологиялар университети проректори (келишув асосида) 11. Хакки Арда Токат — Туркия савдо палаталари ва товар биржалари иттифоқининг Иқтисодиёт ва технологиялар университети «Халқаро тадбиркорлик» кафедраси мудири 12. Д.Б. Бегматова — Тошкент давлат иқтисодиёт унверситети Халқаро хамкорлик бўйича проректор 13. Э.Э. Рустамов — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими, давлат активларини бошқариш, рақоб?тни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибияти мудирининг биринчи ўринбосари, Ишчи гуруҳ котиби
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 17 июнь,
389-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
TARKIBI
TARKIBI
Toshkent shahrida Turkiyaning Iqtisodiyot va texnologiyalar universiteti filialini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Tadbirkorlik sohasida umumeʼtirof etilgan xalqaro talab va taʼlim standartlari darajasida yuqori malakali mutaxassislar tayyorlashni yanada rivojlantirish va takomillashtirish, yoshlarning tadbirkorlik salohiyatini roʻyobga chiqarish, undan samarali foydalanish uchun shart-sharoitlar yaratish, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2020-yil fevral oyida Turkiya Respublikasiga tashrifi davomida erishilgan kelishuvlarni amalga oshirish maqsadida, shuningdek, 2017 — 2021-yillarda Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasini “Ilm, maʼrifat va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish yili”da amalga oshirishga oid davlat dasturi ijrosi yuzasidan Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi, Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi hamda Turkiya savdo palatalari va tovar birjalari ittifoqining nodavlat taʼlim xizmatlarini koʻrsatuvchi Turkiyaning Iqtisodiyot va texnologiyalar universitetining Toshkent shahrida filialini (keyingi oʻrinlarda — Filial) tashkil etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.
2. Quyidagilar Filialning asosiy vazifalari va faoliyati yoʻnalishlari etib belgilansin:
taʼlim va ilm-fanning uzluksizligi va izchilligi tamoyili, shuningdek, jahon taʼlimi va ilmiy hamjamiyatga uygʻun integratsiyalashish asosida mutaxassislar, ilmiy kadrlarni tayyorlash va qayta tayyorlash tizimini rivojlantirish;
respublika oliy taʼlim tizimiga zamonaviy taʼlim texnologiyalariga asoslangan oʻquv jarayonini joriy qilish boʻyicha ilgʻor xorijiy tajribalarni tatbiq etish, ochiq axborot-taʼlim muhitini rivojlantirishga koʻmaklashish;
iqtisodiyot tarmoqlariga innovatsiyalarni joriy qilishni ragʻbatlantirish, ilmiy tadqiqotlar natijalarini tijoratlashtirish imkoniyatlarini kengaytirish, taʼlim oluvchilarning innovatsion gʻoyalarini amalga oshirish uchun investitsiyalarni jalb etish;
Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim tizimining xalqaro nufuzini mustahkamlash va uni mintaqaviy taʼlim markazi sifatida tanitish;
mamlakat ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanishining istiqbollariga muvofiq tadbirkorlik, iqtisodiyot, moliya, korporativ huquq, axborot-kommunikatsiya texnologiyalari, psixologiya sohalarida xalqaro standartlar darajasida, jumladan, dual taʼlim texnologiyalarini qoʻllagan holda, yuqori malakali mutaxassislar tayyorlashni taʼminlash;
taʼlim va ilmiy sohalarda xorijiy mamlakatlarning yetakchi taʼlim muassasalari, ilmiy-tadqiqot markazlari bilan uzoq muddatli aloqalarni rivojlantirish va mustahkamlash;
yuqori malakali mutaxassislarni tayyorlash sohasida Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti bilan har tomonlama hamkorlik munosabatlarini qoʻllab-quvvatlash;
pedagog kadrlarning professional mahorati darajasi va sifatini uzluksiz oshirib borish, Filial professor-oʻqituvchilarining xorijiy mamlakatlardagi yetakchi oliy taʼlim muassasalarida malaka oshirishini va stajirovka oʻtashini taʼminlash.
3. Belgilab qoʻyilsinki:
Filial nodavlat oliy taʼlim tashkiloti hisoblanadi;
Filial rektori Filial muassislari (keyingi oʻrinlarda — muassislar) tomonidan lavozimga tayinlanadi va lavozimdan ozod etiladi;
Filial kadrlarga boʻlgan ehtiyojni hisobga olgan holda oʻqitishning Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan asosiy bakalavriat yoʻnalishlari (magistratura mutaxassisliklari) boʻyicha barcha darajadagi mutaxassislarni, shu jumladan, oliy malakali ilmiy va ilmiy-pedagog kadrlarni tayyorlash, qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirishni amalga oshiruvchi yuridik shaxs maqomiga ega boʻlgan oliy taʼlim tashkiloti — Oʻzbekiston Respublikasi rezidenti hisoblanadi;
Filial alohida mol-mulkka, mustaqil balansga ega boʻlgan, tasarrufidagi pul mablagʻlari va mol-mulki bilan oʻz majburiyatlari boʻyicha javobgar hisoblanadi;
Filialda oʻqitish kunduzgi taʼlim shaklida, davlat va ingliz tilida, jumladan, dual taʼlim, elektron va masofaviy taʼlim texnologiyalarini qoʻllagan holda Filial tomonidan tasdiqlangan oʻquv rejalari hamda dasturlarga muvofiq toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi;
Filialda taʼlim faoliyati 2020/2021 oʻquv yilidan boshlab amalga oshiriladi;
Filialga abituriyentlar qabuli va bitiruvchilar attestatsiyasi amaldagi qonunchilikka, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishilgan holda, Turkiyaning Iqtisodiyot va texnologiyalar universiteti (keyingi oʻrinlarda — Universitet) tomonidan belgilangan talab, tartib va muddatlarga muvofiq amalga oshiriladi;
Filialning bitiruvchilariga:
Universitet taʼlim dasturlari boʻyicha taʼlim olganda, Oʻzbekiston Respublikasi va Turkiya Respublikasida oliy taʼlim toʻgʻrisidagi hujjat sifatida tan olinadigan belgilangan namunadagi Filial diplomi;
Oʻzbekiston Respublikasining davlat taʼlim standarti asosida taʼlim olganda, Oʻzbekiston Respublikasida oliy maʼlumot toʻgʻrisidagi hujjat sifatida tan olinadigan belgilangan namunadagi diplom beriladi.
Filialga belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasidan litsenziya olgandan soʻng taʼlim faoliyati bilan shugʻullanishiga ruxsat etiladi.
4. Quyidagilar:
Turkiyaning Iqtisodiyot va texnologiyalar universitetining Toshkent shahridagi filialining vasiylik kengashi tarkibi 1-ilovaga ;
Turkiyaning Iqtisodiyot va texnologiyalar universitetining Toshkent shahrida filialini tashkil etish boʻyicha ishchi guruh tarkibi (keyingi oʻrinlarda — ishchi guruh) 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
5. Quyidagilar Filial vasiylik kengashining asosiy vazifalari etib belgilansin:
Filial faoliyatining tashkil etilishini taʼminlash, uning toʻlaqonli faoliyatini yoʻlga qoʻyish bilan bogʻliq tashkiliy, moliyaviy, yuridik, iqtisodiy, oʻquv-metodik, moddiy-texnik va boshqa masalalarni hal etish;
Filial faoliyatini tashkil etish masalalari boʻyicha Turkiya savdo palatalari va birjalar ittifoqi rahbariyati bilan muzokaralar olib borish va oʻzaro hamkorlik qilish;
zarur loyiha, qurilish-montaj va taʼmirlash-tiklash ishlarini amalga oshirish, Filialni jihozlash, infratuzilmasini yaratish, moddiy-texnik taʼminlashga doir grafiklarni ishlab chiqish va tasdiqlash;
Filial faoliyatini tashkil etish boʻyicha tasdiqlangan grafiklarda belgilangan vazifalarning bajarilishi yuzasidan muntazam nazorat qilish va monitoring olib borish;
taʼlim jarayonini, talabalarning ishlab chiqarish amaliyotini samarali tashkil etish va takomillashtirish, bakalavr va magistrlar tayyorlash sifatini tizimli ravishda oshirish, Filial bitiruvchilarini ishga joylashtirish, mehnat bozorining keyingi rivojini hisobga olgan holda, mutaxassislar va ilmiy-texnik kadrlar tayyorlashning istiqbolli yoʻnalishlarini belgilashda koʻmaklashish;
Filial faoliyatining jadal rivojlanishini taʼminlash uchun xayriya, texnik koʻmak mablagʻlarini (grantlarni) va boshqa budjetdan tashqari mablagʻlarni jalb etish;
Filialning moddiy-texnik, oʻquv-metodik bazasini mustahkamlash, uni zamonaviy oʻquv-laboratoriya uskunalari va oʻquv-metodik adabiyotlar bilan jihozlash, ijtimoiy infratuzilmasini yaxshilashga koʻmaklashish;
talabalarni, eng avvalo, yetim va ota-ona qaramogʻidan mahrum boʻlgan bolalarni ijtimoiy himoya qilishni taʼminlash, iqtidorli talabalarni oʻqitish uchun stipendiyalar ajratish, talabalarning yashash sharoitlarini yaxshilash va yashash joylarida boʻsh vaqtlaridan samarali foydalanishni tashkil etish, shuningdek, ularning dam olishlari uchun zarur shart-sharoitlar yaratishga koʻmaklashish;
keng istiqbolli talabalarni tanlov asosida, kelajakda Universitetga va sohaga ixtisoslashgan xorijdagi boshqa yetakchi taʼlim muassasalariga stajirovka oʻtashga yuborish uchun tanlab olishni hamda ularga xorijda tahsil olish uchun maxsus stipendiyalar ajratishni tashkil etish.
6. Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi muassislar bilan birgalikda bir oy muddatda Filialning ustavi va tuzilmasi ishlab chiqilishi, tasdiqlanishi, belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin.
7. Ishchi guruh (A. Ikramov):
2020-yil 1-avgustga qadar Filialning bino va inshootlari rekonstruksiya qilinishi, shuningdek, Filial professor-oʻqituvchilari uchun yashash joylari tayyorlanishini;
2020-yil 31-avgustga qadar Filial zamonaviy oʻquv-laboratoriya jihozlari, kompyuter va tashkiliy texnika, oʻqitishning texnik vositalari, adabiyotlar, multimedia mahsulotlari, inventar, mebel va boshqa moddiy-texnik vositalar bilan jihozlanishini;
Filial tanlov asosida ishga qabul qilinadigan yuqori malakali professor-oʻqituvchilar va mentorlar bilan toʻldirilishini taʼminlasin.
8. Belgilab qoʻyilsinki:
a) Filialga qabul qilish parametrlari manfaatdor vazirlik, idora va boshqa tashkilotlarning tegishli kadrlarga boʻlgan ehtiyojini hisobga olgan holda, muassislarning qoʻshma qaroriga binoan tasdiqlanadi;
b) Filial faoliyati:
talabalarni toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;
Filialning vasiylik kengashi qarorlari asosida shakllantiriladigan pul mablagʻlari, yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;
xalqaro moliya institutlarining grantlari;
qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan moliyalashtiriladi;
v) Filialni tashkil etish, shuningdek, taʼmirlash-tiklash, bino va inshootlarni zarur mebel, kompyuter va boshqa tashkiliy texnikalar bilan jihozlash boʻyicha tashkiliy-amaliy chora-tadbirlarni moliyalashtirish Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining zaxira fondi mablagʻlari hisobidan;
g) Filial professor-oʻqituvchilari, shu jumladan xorijdan jalb qilinadigan xodimlarning mehnatiga haq toʻlash va xizmat safari xarajatlari Filial, muassislar mablagʻlari, shuningdek, qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi;
d) Filialda oʻqitishning toʻlov-kontrakt miqdori muassislar bilan kelishilgan holda Filial tomonidan belgilanadi.
9. Filialga:
kadrlarga boʻlgan ehtiyoj va mamlakatning ijtimoiy-iqtisodiy rivojlanish istiqbolidan kelib chiqib, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi bilan kelishgan holda taʼlimning bakalavriat bosqichi asosiy yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklarini ochishga;
professor-oʻqituvchi xodimlar, shuningdek, pedagogik va ilmiy ish olib borishga jalb etiladigan boshqa shaxslarning mehnati, yashashi hamda transport xarajatlari uchun ularga belgilangan tariflar boʻyicha toʻlovni amalga oshirishga ruxsat berilsin.
10. Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Davlat aktivlarini boshqarish agentligi bilan birgalikda istiqbolda Filialga oʻz kampusini tashkil qilish uchun kasb-hunar kollejlaridan birining bino va inshootlarini belgilangan tartibda tekin foydalanish huquqi asosida berish yuzasidan ikki oy muddatda Vazirlar Mahkamasiga asoslantirilgan taklif kiritsin.
11. Filial oʻz kampusi tashkil qilinguniga qadar Toshkent shahri, Islom Karimov koʻchasi, 49-uy manzilidagi Toshkent davlat iqtisodiyot universitetining 7-binosiga tekin foydalanish huquqi asosida vaqtinchalik joylashtirilsin.
12. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi Filialda taʼlim sifatini va qonunchilikka rioya etilishini belgilangan tartibda nazorat qilsin.
13. Manfaatdor vazirlik va idoralar oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.
14. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining moliya-iqtisodiyot va kambagʻallikni qisqartirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari — iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vaziri J.A. Qoʻchqorov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 17-iyundagi 389-son qaroriga 1-ILOVA
Turkiyaning Iqtisodiyot va texnologiyalar universitetining Toshkent shahridagi filialining vasiylik kengashi
1. A.I. Ikramov — Turkiyaning Iqtisodiyot va texnologiyalar universitetining Toshkent shahridagi filiali rektori, Vasiylik kengashi raisi 2. Yusuf Sarinay — Turkiya savdo palatalari va tovar birjalari ittifoqining Iqtisodiyot va texnologiyalar universiteti rektori, Vasiylik kengashi hamraisi 3. D.A. Vaxabov — Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi raisi 4. S.M. Buzrukxonov — Oʻzbekiston Respublikasi oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vaziri oʻrinbosari 5. Olgan Bekar — Turkiya Respublikasining Oʻzbekiston Respublikasidagi Elchisi (kelishuv asosida) 6. Ali Riza Tazjan — Turkiyaning Hamkorlik va muvofiqlash agentligining (TIKA) Oʻzbekistondagi vakolatxonasi rahbari (kelishuv asosida) 7. O.R. Rijichenko — “U-ENTER” innovatsion tadbirkorlik markazi direktori 8. Volkan Gyuldermez — “Ziraat Bank Uzbekistan” AJ boshqaruvi raisi
Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 17-iyundagi 389-son qaroriga 2-ILOVA
Turkiyaning Iqtisodiyot va texnologiyalar universitetining Toshkent shahrida filialini tashkil etish boʻyicha ishchi guruh
1. A.I. Ikramov — Oʻzbekiston Respublikasi Savdo-sanoat palatasi raisi, Ishchi guruh rahbari 2. S.M. Buzrukxonov — Oʻzbekiston Respublikasi oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziriningoʻrinbosari 3. Sh.Sh. Sharaxmetov — Oʻzbekiston Respublikasi moliya vazirining oʻrinbosari 4. S.X. Bekenov — Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori 5. U.N. Tashkenbayev — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi boshligʻi 6. K.A. Sharipov — Toshkent davlat iqtisodiyot universiteti rektori 7. Sh.I. Asadov — Oʻzbekiston Respublikasi tashqi ishlar vazirining oʻrinbosari 8. U.M. Kamaletdinov — Tadbirkorlik faoliyati asoslarini oʻqitish respublika markazi direktori 9. A.A. Agzamxodjayev — Oʻzbekiston Respublikasining Turkiya Respublikasidagi Favqulodda va Muxtor elchisi 10. Yusuf Sarinay — Turkiya savdo palatalari va tovar birjalari ittifoqining Iqtisodiyot va texnologiyalar universiteti prorektori (kelishuv asosida) 11. Xakki Arda Tokat — Turkiya savdo palatalari va tovar birjalari ittifoqining Iqtisodiyot va texnologiyalar universiteti “Xalqaro tadbirkorlik” kafedrasi mudiri 12. D.B. Begmatova — Toshkent davlat iqtisodiyot unversiteti Xalqaro xamkorlik boʻyicha prorektor 13. E.E. Rustamov — Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Makroiqtisodiy tahlil, tarkibiy oʻzgartirishlar, moliya-bank tizimi, davlat aktivlarini boshqarish, raqob?tni rivojlantirish, tadbirkorlikni qoʻllab-quvvatlash va kambagʻallikni qisqartirish masalalari kotibiyati mudirining birinchi oʻrinbosari, Ishchi guruh kotibi
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV
Toshkent sh.,
2020-yil 17-iyun,
389-son