UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 23-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 23 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 23 июня 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 23 June 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

«Tashkent International University of Education» ҳалқаро университетини ташкил этиш тўғрисида

Республика иқтисодиёти тармоқларини малакали кадрлар билан таъминлаш имкониятларини ошириш ҳамда таълим тизимига жаҳоннинг илғор стандартлари ҳамда замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш учун зарур бўлган олий маълумотли педагог ва бошқарув кадрларини тайёрлаш, ривожланган мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳрида «Tashkent International University of Education» халқаро университетини (кейинги ўринларда Университет деб аталади) ташкил этиш тўгрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

Университетда етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини жорий этиш;

республика иқтисодиёти реал секторининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш;

хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

ўкув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;

таълим жараёнига етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олимлари ва мутахассисларини кенг жалб қилиш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан, нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида уларнинг стажировкасини ташкил этиш;

республика иқтисодиёти тармоқларига инновацияларни жорий қилишни рағбатлантириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имкониятларини кенгайтириш;

республика олий таълим тизимига замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнини ташкил қилиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш;

таълим ва илм-фаннинг узлуксизлиги ва изчиллиги тамойили, шунингдек, жаҳон таълими ва илмий ҳамжамиятга уйғун интеграциялашуви асосида мутахассис ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

таълим ва илмий соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига, истисно тариқасида, Университет фаолиятини йўлга қўйиш учун энг яхши шартларни таклиф этган потенциал инвесторни танлаш ҳамда инвестициявий ва ижтимоий мажбурият шартларини белгилаш ҳуқуқи берилсин.

Бунда:

а) потенциал инвесторга Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, «Ғалабанинг 40 йиллиги» 2-мавзесида жойлашган фаолият кўрсатмаётган (қурилиши тугалланмаган) Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти бино ва иншоотлари инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан «ноль» харид қийматида берилсин;

б) потенциал инвесторга куйидаги инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар юклансин:

ўз маблағлари ҳисобидан Университетнинг фаолиятини молиялаштириш, объектларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва фойдаланишга топшириш, шунингдек, уларга тегишли ҳудудни ободонлаштириш;

Университет томонидан белгиланган қабул параметрлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги буюртмасига кўра «The Times Higher Education World University Rankings» рейтингидаги дунёнинг 1000 таликка кирувчи хорижий олий таълим муассасалари дастурлари асосида имтиёзли грантлар ажратиш йўли билан тегишли йўналишлар бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни амалга ошириш;

Университетга берилаётган объектда таълим хизматлари кўрсатиш юзасидан фаолиятни амалга ошириш.

в) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги потенциал инвестор танлангандан сўнг:

бир ой муддатда ушбу банднинг «б» кичик бандида белгиланган шартлар асосида инвестор билан объектни «ноль» харид қийматида сотиш бўйича олди-сотди шартномаси тузилишини;

ўн кун муддатда объектни топшириш-қабул қилиш далолатномаси тақдим этилгандан кейин беш иш куни мобайнида потенциал инвесторга «тасарруф этиш ҳуқуқисиз» белгиси билан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери берилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига илтимоснома юборилишини;

потенциал инвестор томонидан қабул қилинган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилиши юзасидан мониторинг олиб борилишини;

инвестициявий мажбуриятлар тўлиқ бажарилган деб эътироф этилган пайтдан ва пеня (юзага келган тақдирда) тўлиқ ҳажмда тўланган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда белгиланган тартибда объектни «тасарруф этиш ҳуқуқи» белгиси киритилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига илтимоснома юборилишини таъминласин;

г) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Халқ таълими вазирлигининг илтимосномаси асосида объектни потенциал инвесторга сотиш бўйича вазирлик ва потенциал инвестор ўртасида тузилган шартнома ва топшириш-қабул қилиш далолатномаси тақдим этилгандан кейин беш иш куни мобайнида потенциал инвесторга «тасарруф этиш ҳуқуқисиз» белгиси билан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини, шунингдек, ушбу шартнома бўйича потенциал инвестор томонидан инвестициявий мажбуриятлар қабул қилинганлиги тўғрисида баённома ва потенциал инвестор томонидан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерининг асли тақдим қилинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда «тасарруф этиш ҳуқуқи билан» белгиси киритилишини таъминласин;

д) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2014 йил 6 октябрдаги 279-сон қарори , истисно тариқасида, мазкур қарорнинг бажарилиши доирасида татбиқ этилмаслиги белгилансин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Университет масъулияти чекланган жамият шаклидаги нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади;

Университетга ўқув-методик раҳбарликни таъминлаш, фаолияти ва ўқув жараёнини ташкил этиш ва юритиш, ўқув адабиётлари билан таъминлаш, шунингдек ўқишга қабул қилиш учун кириш имтиҳонларини ўтказиш ва чет эллик юкори малакали мутахассисларни жалб этиш учун хорижий ҳамкор сифатида «The Times Higher Education World University Rankings» рейтингидаги дунёнинг 1000 таликка кирувчи хорижий олий таълим муассасаларини белгилаш ва Университет базасида уларнинг филиалларини очиш ҳуқуқи берилсин;

Университетда ўкитиш Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда, Университет ва унинг хорижий ҳамкори томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

Университетда кадрлар тайёрлаш кундузги, сиртқи, кечки, махсус сиртқи ва масофавий таълим шакллари бўйича ўзбек, инглиз ҳамда бошқа тилларда амалга оширилади;

Университет битирувчиларига унинг хорижий ҳамкор университетларининг Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжати сифатида тан олинадиган халқаро даражадаги ёки белгиланган намунадаги дипломи берилади;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари Университет томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда белгиланади;

Университетнинг магистратура таълим босқичи битирувчилари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг раҳбар кадрлари захирасига киритилади;

умумтаълим муассасаларида фаолиятини бошлаган Университет бакалавриат босқичи битирувчиларига тўғридан-тўғри иккинчи малака тоифаси, магистратура битирувчиларига биринчи малака тоифаси берилади;

Университетга белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясидан лицензия олгандан сўнг таълим фаолияти билан шуғулланишига рухсат этилади.

5. Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда Университетнинг таъсис ҳужжатлари ишлаб чиқилишида ва улар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишида кўмаклашсин.

7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Университет ҳудудида барпо этилаётган кампусни ташқи муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси билан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига таъминлаш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Университетда таълим сифатини ва қонунчиликка риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 23 июнь,

404-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.06.2020 й., 09/20/404/0799-сон; 28.04.2021 й., 09/21/243/0388-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

“Tashkent International University of Education” halqaro universitetini tashkil etish toʻgʻrisida

Respublika iqtisodiyoti tarmoqlarini malakali kadrlar bilan taʼminlash imkoniyatlarini oshirish hamda taʼlim tizimiga jahonning ilgʻor standartlari hamda zamonaviy boshqaruv mexanizmlarini joriy etish uchun zarur boʻlgan oliy maʼlumotli pedagog va boshqaruv kadrlarini tayyorlash, rivojlangan mamlakatlarning yetakchi oliy taʼlim muassasalari bilan hamkorlikni yanada kengaytirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Prezident, ijod va ixtisoslashtirilgan maktablarni rivojlantirish agentligining Toshkent shahrida “Tashkent International University of Education” xalqaro universitetini (keyingi oʻrinlarda Universitet deb ataladi) tashkil etish toʻgrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

2. Quyidagilar Universitetning asosiy vazifalari va faoliyati yoʻnalishlari etib belgilansin:

Universitetda yetakchi xorijiy oliy taʼlim muassasalarining taʼlim dasturlarini joriy etish;

respublika iqtisodiyoti real sektorining ehtiyojlarini hisobga olgan holda yuqori malakali oliy maʼlumotli mutaxassislar tayyorlash;

xorijning ilgʻor oliy taʼlim muassasalari bilan hamkorlik asosida tajriba almashish dasturlarini amalga oshirish;

oʻkuv rejalariga zamonaviy fanlarni kiritib borish, innovatsion hamda ilm-fanga asoslangan texnologiyalarni tatbiq qilish;

taʼlim jarayoniga yetakchi xorijiy oliy taʼlim muassasalarining malakali professor-oʻqituvchilari, olimlari va mutaxassislarini keng jalb qilish;

taʼlim jarayoniga zamonaviy pedagogik va axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini, ilm-fan va texnikaning yangi yutuqlarini joriy etish;

professor-oʻqituvchilar malakasini oshirish va qayta tayyorlash, shu jumladan, nufuzli xorijiy oliy taʼlim va ilmiy-tadqiqot muassasalarida ularning stajirovkasini tashkil etish;

respublika iqtisodiyoti tarmoqlariga innovatsiyalarni joriy qilishni ragʻbatlantirish, ilmiy tadqiqotlar natijalarini tijoratlashtirish imkoniyatlarini kengaytirish;

respublika oliy taʼlim tizimiga zamonaviy taʼlim texnologiyalariga asoslangan oʻquv jarayonini tashkil qilish boʻyicha ilgʻor xorijiy tajribalarni tatbiq etish, ochiq axborot-taʼlim muhitini rivojlantirishga koʻmaklashish;

taʼlim va ilm-fanning uzluksizligi va izchilligi tamoyili, shuningdek, jahon taʼlimi va ilmiy hamjamiyatga uygʻun integratsiyalashuvi asosida mutaxassis va ilmiy-pedagog kadrlar tayyorlash tizimini rivojlantirish;

taʼlim va ilmiy sohalarda xorijiy mamlakatlarning yetakchi oliy taʼlim muassasalari, ilmiy-tadqiqot markazlari bilan uzoq muddatli aloqalarni rivojlantirish va mustahkamlash.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligiga, istisno tariqasida, Universitet faoliyatini yoʻlga qoʻyish uchun eng yaxshi shartlarni taklif etgan potensial investorni tanlash hamda investitsiyaviy va ijtimoiy majburiyat shartlarini belgilash huquqi berilsin.

Bunda:

a) potensial investorga Toshkent shahar, Yashnobod tumani, “Gʻalabaning 40 yilligi” 2-mavzesida joylashgan faoliyat koʻrsatmayotgan (qurilishi tugallanmagan) Pedagog kadrlarni qayta tayyorlash va malakasini oshirish instituti bino va inshootlari investitsiyaviy va ijtimoiy majburiyatlarni bajarish sharti bilan “nol” xarid qiymatida berilsin;

b) potensial investorga kuyidagi investitsiyaviy va ijtimoiy majburiyatlar yuklansin:

oʻz mablagʻlari hisobidan Universitetning faoliyatini moliyalashtirish, obyektlarni rekonstruksiya qilish, kapital taʼmirlash, jihozlash va foydalanishga topshirish, shuningdek, ularga tegishli hududni obodonlashtirish;

Universitet tomonidan belgilangan qabul parametrlari doirasida Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Prezident, ijod va ixtisoslashtirilgan maktablarni rivojlantirish agentligi buyurtmasiga koʻra “The Times Higher Education World University Rankings” reytingidagi dunyoning 1000 talikka kiruvchi xorijiy oliy taʼlim muassasalari dasturlari asosida imtiyozli grantlar ajratish yoʻli bilan tegishli yoʻnalishlar boʻyicha mutaxassislarni tayyorlash va qayta tayyorlashni amalga oshirish;

Universitetga berilayotgan obyektda taʼlim xizmatlari koʻrsatish yuzasidan faoliyatni amalga oshirish.

v) Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi potensial investor tanlangandan soʻng:

bir oy muddatda ushbu bandning “b” kichik bandida belgilangan shartlar asosida investor bilan obyektni “nol” xarid qiymatida sotish boʻyicha oldi-sotdi shartnomasi tuzilishini;

oʻn kun muddatda obyektni topshirish-qabul qilish dalolatnomasi taqdim etilgandan keyin besh ish kuni mobaynida potensial investorga “tasarruf etish huquqisiz” belgisi bilan mulk huquqini tasdiqlovchi davlat orderi berilishi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligiga iltimosnoma yuborilishini;

potensial investor tomonidan qabul qilingan investitsiyaviy va ijtimoiy majburiyatlar bajarilishi yuzasidan monitoring olib borilishini;

investitsiyaviy majburiyatlar toʻliq bajarilgan deb eʼtirof etilgan paytdan va penya (yuzaga kelgan taqdirda) toʻliq hajmda toʻlangan kundan boshlab besh ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda belgilangan tartibda obyektni “tasarruf etish huquqi” belgisi kiritilishi boʻyicha Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligiga iltimosnoma yuborilishini taʼminlasin;

g) Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi Xalq taʼlimi vazirligining iltimosnomasi asosida obyektni potensial investorga sotish boʻyicha vazirlik va potensial investor oʻrtasida tuzilgan shartnoma va topshirish-qabul qilish dalolatnomasi taqdim etilgandan keyin besh ish kuni mobaynida potensial investorga “tasarruf etish huquqisiz” belgisi bilan mulk huquqini tasdiqlovchi davlat orderini, shuningdek, ushbu shartnoma boʻyicha potensial investor tomonidan investitsiyaviy majburiyatlar qabul qilinganligi toʻgʻrisida bayonnoma va potensial investor tomonidan mulk huquqini tasdiqlovchi davlat orderining asli taqdim qilingan kundan boshlab besh ish kunidan ortiq boʻlmagan muddatda “tasarruf etish huquqi bilan” belgisi kiritilishini taʼminlasin;

d) Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “Davlat mulki obyektlarini xususiylashtirish tartibi toʻgʻrisidagi nizomlarni tasdiqlash haqida” 2014-yil 6-oktabrdagi 279-son qarori , istisno tariqasida, mazkur qarorning bajarilishi doirasida tatbiq etilmasligi belgilansin.

4. Belgilab qoʻyilsinki:

Universitet masʼuliyati cheklangan jamiyat shaklidagi nodavlat oliy taʼlim tashkiloti hisoblanadi;

Universitetga oʻquv-metodik rahbarlikni taʼminlash, faoliyati va oʻquv jarayonini tashkil etish va yuritish, oʻquv adabiyotlari bilan taʼminlash, shuningdek oʻqishga qabul qilish uchun kirish imtihonlarini oʻtkazish va chet ellik yukori malakali mutaxassislarni jalb etish uchun xorijiy hamkor sifatida “The Times Higher Education World University Rankings” reytingidagi dunyoning 1000 talikka kiruvchi xorijiy oliy taʼlim muassasalarini belgilash va Universitet bazasida ularning filiallarini ochish huquqi berilsin;

Universitetda oʻkitish Oʻzbekiston Respublikasi davlat taʼlim standartlari talablarini inobatga olgan holda, Universitet va uning xorijiy hamkori tomonidan tasdiqlanadigan oʻquv rejalari va dasturlariga muvofiq toʻlov-kontrakt asosida amalga oshiriladi;

Universitetda kadrlar tayyorlash kunduzgi, sirtqi, kechki, maxsus sirtqi va masofaviy taʼlim shakllari boʻyicha oʻzbek, ingliz hamda boshqa tillarda amalga oshiriladi;

Universitet bitiruvchilariga uning xorijiy hamkor universitetlarining Oʻzbekiston Respublikasida oliy taʼlim toʻgʻrisidagi hujjati sifatida tan olinadigan xalqaro darajadagi yoki belgilangan namunadagi diplomi beriladi;

bakalavriat taʼlim yoʻnalishlari va magistratura mutaxassisliklariga qabul parametrlari Universitet tomonidan xorijiy hamkorlar bilan kelishilgan holda belgilanadi;

Universitetning magistratura taʼlim bosqichi bitiruvchilari Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi hamda Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Prezident, ijod va ixtisoslashtirilgan maktablarni rivojlantirish agentligining rahbar kadrlari zaxirasiga kiritiladi;

umumtaʼlim muassasalarida faoliyatini boshlagan Universitet bakalavriat bosqichi bitiruvchilariga toʻgʻridan-toʻgʻri ikkinchi malaka toifasi, magistratura bitiruvchilariga birinchi malaka toifasi beriladi;

Universitetga belgilangan tartibda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasidan litsenziya olgandan soʻng taʼlim faoliyati bilan shugʻullanishiga ruxsat etiladi.

5. Quyidagilar Universitet faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

talabalarni toʻlov-kontrakt asosida oʻqitishdan tushadigan mablagʻlar;

xoʻjalik faoliyatidan va shartnoma asosida xizmatlar koʻrsatishdan olinadigan daromadlar;

yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari;

xalqaro moliya institutlari va tashkilotlarining grantlari;

qonunchilik hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa manbalar.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi bilan birgalikda Universitetning taʼsis hujjatlari ishlab chiqilishida va ular belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishida koʻmaklashsin.

7. Toshkent shahar hokimligi Universitet hududida barpo etilayotgan kampusni tashqi muhandislik-kommunikatsiya va yoʻl-transport infratuzilmasi bilan mahalliy budjet mablagʻlari hisobiga taʼminlash choralarini koʻrsin.

8. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi Universitetda taʼlim sifatini va qonunchilikka rioya etilishini belgilangan tartibda nazorat qilsin.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev, Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri Sh.X. Shermatov hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Taʼlim sifatini nazorat qilish davlat inspeksiyasi boshligʻi U.N. Tashkenbayev zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 23-iyun,

404-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 23.06.2020-y., 09/20/404/0799-son; 28.04.2021-y., 09/21/243/0388-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son)

lex.uz