UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 26-aprel · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 26 апрель · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 26 апреля 2018 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 26 April 2018 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги «Обод қишлоқ» жамғармаси маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида» 2018 йил 29 мартдаги ПФ-5386-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида» 2018 йил 29 мартдаги ПФ-5386-сон Фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида «Обод қишлоқ» Жамғармалари тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги «Обод қишлоқ» Жамғармаси маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом иловага мувофик тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари билан биргаликда бир ой муддатда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари ― «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 апрелдаги 301-сон қарорига ИЛОВА

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги «Обод қишлоқ» Жамғармаси маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги «Обод қишлоқ» жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

2. Жамғарма ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган «Обод қишлоқ» дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш мақсадида ташкил этилади.

Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари (кейинги ўринларда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари деб аталади) шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади ҳамда ушбу Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.

3. Тошкент шаҳрида жойлашган маҳаллаларда «Обод қишлоқ» дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш мақсадида мазкур Низомга мувофик Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида «Обод қишлоқ» Жамғармаси тузилиши мумкин.

2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардаи фойдаланиш тартиби

4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

республика бюджети ва мақсадли Жамғармалар маблағлари;

маҳаллий бюджет ва унинг қўшимча маблағлари;

тармоқ ташкилотларининг маблағлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий давлатларнинг грант маблағлари;

«Маҳалла» Жамғармасининг ва бошқа ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари;

ташаббускор тадбиркорлар маблағлари;

хашарлар ва хайрия тадбирларини ўтказиш ҳисобидан тушадиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари Жамғармаси маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Жамғарма маблағлари:

аҳолини мунтазам тарзда ичимлик суви билан таъминлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, ариқларни тозалаш, оқава сув ҳандақлари, канализация (ифлосланган сувларни тозалаш иншоотлари) ва ирригация тизимларини барпо этиш;

қишлоқлардан туман марказига олиб борувчи йўлларда қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишларини бажариш, транспорт тўхташ бекатларини қуриш ҳамда лизинг асосида автобус қатновини йўлга қўйиш;

қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш;

аҳоли электр таъминотини яхшилаш, суюлтирилган газ ва кўмир ёқилғисини узлуксиз етказиб бериш ҳамда алоқа тизимини модернизация қилиш;

таълим ва тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

бозор инфратузилмаси объектларини ва сервис шохобчаларини, шу жумладан ҳаммом, кичик бозор ва савдо шохобчалар барпо этиш;

уй-жойларни таъмирлашда хонадон эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш, айниқса, қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш ҳамда муҳтож оилалар учун уй қуриб бериш (таъмирлаш);

ҳар йилги белгиланган тартибда тасдиқланадиган «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилади.

6. Жамғарма маблағларини мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилмаган бошқа мақсадларга йўналтирилишига йўл қўйилмайди.

3-боб. Жамғарма маблағларини бошқариш

7. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари раислик қилувчи Жамғарма фаолиятини бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) томонидан амалга оширилади.

8. Кенгаш таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари томонидан тасдиқланади. Бунда Кенгаш таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳудудий сектор раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда вазирлик ва идоралар, хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари киритилади.

9. Кенгаш мажлиси аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Қарор қабул қилишда овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Кенгаш раиси томонидан ҳал қилувчи қарор қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.

10. Кенгаш мажлиси ҳар чоракда камида бир маротаба чақирилади.

11. Кенгаш:

Жамғармага келиб тушган маблағлар доирасида даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлайди;

зарур ҳолларда тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;

Жамғарманинг чорак якуни бўйича даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди; .

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимларининг бухгалтерия хизмати Жамғарманинг ишчи органи (кейинги ўринларда Ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.

13. Ишчи орган:

Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасини тайёрлайди;

Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Жамғарманинг тушумлар манбалари ҳамда асосий харажатлар йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;

ҳар чоракда Жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ва Кенгашга такдим этади.

4-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан ҳисобот ва назорат

14. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.

15. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тузилади (чораклар, даромадлар манбалари ва улардан фойдаланиш йўналишлари бўйича).

16. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаларининг бажарилиши бўйича йиллик ҳисобот Кенгаш мажлисида кўриб чиқилади ва ҳар йили 15 мартгача Кенгаш томонидан тасдиқланади.

17. Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаларининг бажарилиши Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг масъул ходимларидан тузилган ташқи аудит гуруҳи томонидан ўрганилади ҳамда тегишли хулоса тайёрланади.

18. Кенгаш томонидан ҳар чоракда Жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

19. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва мазкур маблағлар бошқа мақсадлар учун олиб кўйилмайди.

5-боб. Якунловчи қоида

20.Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 26 апрель,

301-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.04.2018 й., 09/20/301/0810-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari huzuridagi “Obod qishloq” jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish hamda ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Obod qishloq” dasturi toʻgʻrisida” 2018-yil 29-martdagi PF-5386-son Farmoni ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Obod qishloq” dasturi toʻgʻrisida” 2018-yil 29-martdagi PF-5386-son Farmoni bilan Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari huzurida “Obod qishloq” Jamgʻarmalari tuzilganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari huzuridagi “Obod qishloq” Jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish hamda ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisida nizom ilovaga muvofik tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi Moliya vazirligi, Investitsiyalar boʻyicha davlat qoʻmitasi, boshqa manfaatdor vazirliklar, idoralar va mahalliy ijroiya hokimiyati organlari bilan birgalikda bir oy muddatda tegishli normativ-huquqiy hujjatlarini ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.

4. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining birinchi oʻrinbosari ― “Oʻzbekiston temir yoʻllari” AJ boshqaruvi raisi A.J. Ramatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2018-yil 26-apreldagi 301-son qaroriga ILOVA

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari huzuridagi “Obod qishloq” Jamgʻarmasi mablagʻlarini shakllantirish hamda ulardan foydalanish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Ushbu Nizom Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari huzuridagi “Obod qishloq” jamgʻarmasi (keyingi oʻrinlarda Jamgʻarma deb ataladi) mablagʻlarini shakllantirish hamda ulardan foydalanish tartibini belgilaydi.

2. Jamgʻarma har yili belgilangan tartibda tasdiqlanadigan “Obod qishloq” dasturida nazarda tutilgan tadbirlarni amalga oshirish maqsadida tashkil etiladi.

Jamgʻarma yuridik shaxs hisoblanmaydi va uning mablagʻlari Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimliklari (keyingi oʻrinlarda mahalliy ijro hokimiyati organlari deb ataladi) shaxsiy gʻazna hisobvaraqlarida jamlanadi hamda ushbu Nizomda belgilangan maqsadlarga sarflanadi.

3. Toshkent shahrida joylashgan mahallalarda “Obod qishloq” dasturida nazarda tutilgan tadbirlarni amalga oshirish maqsadida mazkur Nizomga muvofik Toshkent shahar hokimligi huzurida “Obod qishloq” Jamgʻarmasi tuzilishi mumkin.

2-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardai foydalanish tartibi

4. Jamgʻarma mablagʻlari quyidagi manbalar hisobidan shakllantiriladi:

respublika budjeti va maqsadli Jamgʻarmalar mablagʻlari;

mahalliy budjet va uning qoʻshimcha mablagʻlari;

tarmoq tashkilotlarining mablagʻlari;

xalqaro moliya institutlari va xorijiy davlatlarning grant mablagʻlari;

“Mahalla” Jamgʻarmasining va boshqa tashkilotlarning homiylik xayriyalari;

tashabbuskor tadbirkorlar mablagʻlari;

xasharlar va xayriya tadbirlarini oʻtkazish hisobidan tushadigan mablagʻlar;

Oʻzbekiston Respublikasi Bandlik va mehnat munosabatlari vazirligi huzuridagi Jamoat ishlari Jamgʻarmasi mablagʻlari;

qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar.

5. Jamgʻarma mablagʻlari:

aholini muntazam tarzda ichimlik suvi bilan taʼminlash, sizot suvlar sathini pasaytirish, ariqlarni tozalash, oqava suv handaqlari, kanalizatsiya (ifloslangan suvlarni tozalash inshootlari) va irrigatsiya tizimlarini barpo etish;

qishloqlardan tuman markaziga olib boruvchi yoʻllarda qurilish, rekonstruksiya va taʼmirlash ishlarini bajarish, transport toʻxtash bekatlarini qurish hamda lizing asosida avtobus qatnovini yoʻlga qoʻyish;

qishloq ichki yoʻllari va piyodalar yoʻlaklarini barpo etish va taʼmirlash, obodonlashtirish va koʻkalamzorlashtirish;

aholi elektr taʼminotini yaxshilash, suyultirilgan gaz va koʻmir yoqilgʻisini uzluksiz yetkazib berish hamda aloqa tizimini modernizatsiya qilish;

taʼlim va tibbiyot muassasalarini qurish, rekonstruksiya qilish va taʼmirlash ishlarini amalga oshirish;

bozor infratuzilmasi obyektlarini va servis shoxobchalarini, shu jumladan hammom, kichik bozor va savdo shoxobchalar barpo etish;

uy-joylarni taʼmirlashda xonadon egalariga amaliy yordam koʻrsatish, ayniqsa, qurilish materiallari bilan markazlashgan holda taʼminlash hamda muhtoj oilalar uchun uy qurib berish (taʼmirlash);

har yilgi belgilangan tartibda tasdiqlanadigan “Obod qishloq” dasturini amalga oshirish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlarni moliyalashtirish uchun yoʻnaltiriladi.

6. Jamgʻarma mablagʻlarini mazkur Nizomning 5-bandida nazarda tutilmagan boshqa maqsadlarga yoʻnaltirilishiga yoʻl qoʻyilmaydi.

3-bob. Jamgʻarma mablagʻlarini boshqarish

7. Jamgʻarma faoliyatini boshqarish va uning mablagʻlarini taqsimlash Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi va viloyatlar hokimlari raislik qiluvchi Jamgʻarma faoliyatini boshqarish kengashi (keyingi oʻrinlarda Kengash deb ataladi) tomonidan amalga oshiriladi.

8. Kengash tarkibi Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi Raisi va viloyatlar hokimlari tomonidan tasdiqlanadi. Bunda Kengash tarkibiga Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hududiy sektor rahbarlari, shahar va tuman hokimlari hamda vazirlik va idoralar, xoʻjalik boshqaruvi organlarining hududiy boʻlinmalari rahbarlari kiritiladi.

9. Kengash majlisi aʼzolarining yarmidan koʻpi qatnashgan taqdirda vakolatli hisoblanadi. Koʻrib chiqilayotgan masalalar boʻyicha qarorlar oddiy koʻpchilik ovoz berish yoʻli bilan qabul qilinadi.

Qaror qabul qilishda ovozlar teng boʻlib qolgan taqdirda, Kengash raisi tomonidan hal qiluvchi qaror qabul qilinadi. Qabul qilingan qaror bayonnoma shaklida rasmiylashtiriladi.

10. Kengash majlisi har chorakda kamida bir marotaba chaqiriladi.

11. Kengash:

Jamgʻarmaga kelib tushgan mablagʻlar doirasida daromadlar va xarajatlar smetasini tasdiqlaydi;

zarur hollarda tasdiqlangan daromadlar va xarajatlar smetasiga tegishli oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritadi;

Jamgʻarma mablagʻlaridan maqsadli va samarali foydalanilishini nazorat qiladi;

Jamgʻarmaning chorak yakuni boʻyicha daromadlari va xarajatlari ijrosi toʻgʻrisidagi hisobotini koʻrib chiqadi hamda tasdiqlaydi; .

Jamgʻarma mablagʻlarini shakllantirish va ulardan foydalanish bilan bogʻliq boshqa vakolatlarni amalga oshiradi.

12. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi va viloyatlar hokimlarining buxgalteriya xizmati Jamgʻarmaning ishchi organi (keyingi oʻrinlarda Ishchi organ deb ataladi) hisoblanadi.

13. Ishchi organ:

Jamgʻarmaning daromadlar va xarajatlar smetasini tayyorlaydi;

Jamgʻarma tushumlarini koʻpaytirish va uning mablagʻlaridan samarali foydalanish boʻyicha takliflar tayyorlaydi;

Jamgʻarmaning tushumlar manbalari hamda asosiy xarajatlar yoʻnalishlari boʻyicha hisobini yuritadi;

har chorakda Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari ijrosi toʻgʻrisida hisobot tayyorlaydi va Kengashga takdim etadi.

4-bob. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish yuzasidan hisobot va nazorat

14. Jamgʻarma mablagʻlaridan foydalanish boʻyicha hisob va hisobotlar mahalliy ijro hokimiyati organlarining budjetdan tashqari boshqa mablagʻlaridan alohida yuritiladi.

15. Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlari smetasi budjet tashkilotlari uchun budjetdan tashqari mablagʻlar boʻyicha qonunchilikda belgilangan tartibda tuziladi (choraklar, daromadlar manbalari va ulardan foydalanish yoʻnalishlari boʻyicha).

16. Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlari smetalarining bajarilishi boʻyicha yillik hisobot Kengash majlisida koʻrib chiqiladi va har yili 15-martgacha Kengash tomonidan tasdiqlanadi.

17. Jamgʻarmaning daromadlari va xarajatlari smetalarining bajarilishi Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Iqtisodiyot vazirligi, Investitsiyalar boʻyicha davlat qoʻmitasi va boshqa manfaatdor tashkilotlarning masʼul xodimlaridan tuzilgan tashqi audit guruhi tomonidan oʻrganiladi hamda tegishli xulosa tayyorlanadi.

18. Kengash tomonidan har chorakda Jamgʻarma daromadlari va xarajatlari ijrosi toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga hisobot beradi.

19. Jamgʻarmaning joriy yilda foydalanilmay qolgan mablagʻlari keyingi yilga oʻtadi va mazkur mablagʻlar boshqa maqsadlar uchun olib koʻyilmaydi.

5-bob. Yakunlovchi qoida

20.Ushbu Nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilikda belgilangan tartibda javobgar boʻladilar.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2018-yil 26-aprel,

301-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 26.04.2018-y., 09/20/301/0810-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son)

lex.uz