UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 24-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 24 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 24 июня 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 24 June 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТАРКИБИ

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қонунийликни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида самарали тизимни яратиш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, фуқаролик, иқтисодий ва жиноят процессида ишларни соддалаштирилган тартибда кўриш амалиёти, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда мурожаат этиш ҳамда суд ишларини электрон шакллантириш механизмлари муваффақиятли жорий этилди.

Шу билан бирга, қонунчиликда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни тезкор ҳал этиш учун ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш имконини берадиган ҳуқуқий механизм мавжуд эмас.

«Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий изчиллигини таъминлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар юритувини рақамлаштириш, жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали мазкур ишларни кўриб чиқишда ортиқча сансалорликка йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг қуйидагиларни назарда тутувчи «Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона электрон иш юритув» лойиҳасини (кейинги ўринларда ― лойиҳа) босқичма-босқич амалиётга жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қўзғатиш, кўриб чиқиш ва баённома тузишга ваколатли органлар, судлар ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг электрон ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграциялаштириш;

маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш юритишда фойдаланиладиган процессуал ҳужжатларнинг ягона электрон базасини шакллантириш;

маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритишда ортиқча босқичларни бекор қилиш ва муддатларни қисқартириш орқали иш юритиш тартибини соддалаштириш;

автоматлаштирилган дактилоскопик таққослаш тизими, шахсни идентификация қилишнинг автоматлаштирилган тизими ҳамда Биометрик паспорт тизимини модернизация қилиш.

2. «Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона электрон иш юритув» лойиҳасини амалиётга жорий қилиш бўйича идоралараро комиссиянинг (кейинги ўринларда ― Идоралараро комиссия) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Идоралараро комиссиянинг ишчи органи ҳамда лойиҳани амалга ошириш ва юритиш учун масъул ваколатли орган этиб белгилансин.

3. Идоралараро комиссия (П. Бобожонов) бир ой муддатда «Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона электрон иш юритув» лойиҳасини 2021 йил 1 январга қадар Тошкент шаҳри ҳудудида амалга ошириш бўйича иш режасини ҳамда Идоралараро комиссия аъзолари ўртасида иш тақсимотини тасдиқласин.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ лойиҳани Тошкент шаҳри ҳудудида амалга ошириш доирасида қуйидагиларни назарда тутувчи маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилади:

ваколатли мансабдор шахс ҳуқуқбузарликни аниқлаши билан биргаликда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш учун махсус дастурий таъминот ўрнатилган мобиль қурилма (кейинги ўринларда — планшет) орқали маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузади ва ҳуқуқбузарга ахборот-телекоммуникация тармоғи орқали ушбу баённоманинг электрон ёки қоғоз шаклини тақдим этади;

баённомани тузувчи мансабдор шахс ҳуқуқбузарнинг биометрик ҳужжатларини планшет ёрдамида ёки юз тузилишини расмга олиб ёхуд бармоқ изларини тушириш орқали реал вақт режимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги базасидан унинг шахсини аниқлайди;

ҳуқуқбузар баённомада кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни ўзи содир этганлигига эътироз билдирмаган тақдирда, у баённомани планшетдаги махсус сканерловчи ускуна орқали бармоқ изларини тушириш йўли ёки электрон график имзоси билан тасдиқлайди. Ҳуқуқбузар ўзининг жисмоний нуқсони туфайли баённомани ўқиш ёки имзолаш имкониятига эга бўлмаса, баённома унга ўқиб эшиттирилади ва ваколатли мансабдор шахс томонидан бу ҳақда баённомага белги қўйилади;

ҳуқуқбузарнинг тайинланган жарима суммасини ихтиёрий тарзда тўлаганлиги ҳақидаги маълумот лойиҳани Тошкент шаҳри ҳудудида амалга ошириш доирасида яратиладиган электрон базага баённома топширилган санадан эътиборан ўн беш кун ичида келиб тушмаган тақдирда, баённома автоматик тарзда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни умумий асосларда кўриб чиқиш учун тегишли ваколатли органга ёки судга жўнатилади;

ҳуқуқбузарга тайинланган жаримани «Электрон ҳукумат»нинг ягона биллинг тизими орқали масофавий тўлаш имконияти яратилади.

5. Белгилансинки, қуйидаги ҳолатларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган тартибда юритилмайди:

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишнинг соддалаштирилган тартибда юритилишига ҳуқуқбузар ёки жабрланувчининг эътирози бўлганда;

содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун белгиланган санкцияда жарима жазосидан бошқа турдаги маъмурий жазо қўлланилиши назарда тутилган бўлса;

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда;

иш бўйича моддий ва маънавий зарар кўрган тараф ёки унинг вакили зарарни ундиришни талаб қилган ҳолларда;

маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бир неча шахслардан лоақал биттаси ҳуқуқбузарлик содир этганлигини рад этганда.

Бир йил давомида такроран содир этилиши оқибатида жиноий жавобгарлик келиб чиқиши назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича соддалаштирилган тартибда юритилаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишда шахснинг муқаддам маъмурий ҳуқуқбузарликка оид жавобгарликка тортилганлиги ҳақидаги маълумотни дарҳол олишнинг имкони бўлмаса, иш юритиш тегишли маълумотлар олингунга қадар умумий тартибда давом эттирилади.

6. Белгилаб қўйилсинки:

планшет ёрдамида баённомаларни расмийлаштириш ушбу қурилмалар билан таъминланган органлар (мансабдор шахслар) томонидан;

соддалаштирилган тартибда ишни ҳал қилиш эса барча ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан амалга оширилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар автоматлаштирилган мультибиометрик идентификация қилиш тизими учун 40 миллион нафар шахснинг анкета маълумотлари, ташқи юз қиёфаси ва қўл излари маълумотларини қайта ишлашга мўлжалланган дастурий таъминот ва сервер қурилмаларини ҳамда «Паспорт-виза» автоматлаштирилган ахборот тизими мажмуаси учун сервер қурилмаларини харид қилиш учун зарур ташкилий чора-тадбирларни амалга оширсин.

Лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган техник ускуналар, сервер, планшет, бошқа моддий-техника ашёлари ва дастурларни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгилансин.

8. Идоралараро комиссия лойиҳани Тошкент шаҳрида амалга ошириш натижаларини инобатга олган ҳолда, 2021 йил 1 ноябрга қадар:

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишнинг соддалаштирилган тартибини республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш;

лойиҳа доирасида иштирок этувчи бошқа вазирлик ва идораларни планшет ҳамда бошқа моддий-техника ашёлари билан таъминлашнинг молиявий манбаларини аниқлаш;

қонун ҳужжатларига ушбу қарор талабларидан келиб чиқидиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпанияси ва Миллий ахборот агентлиги ушбу қарор қоидаларини аҳоли орасида кенг ёритиш бўйича оммавий ахборот воситаларида материаллар эълон қилиниши ҳамда мавзуга оид кўрсатувлар ва эшиттиришлар берилишини таъминласинлар.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси ― IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 июндаги 407-сон қарорига ИЛОВА

«Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ягона электрон иш юритув» лойиҳасини амалиётга жорий қилиш бўйича идоралараро комиссиянинг

1 . Бобожонов П.Р. ― Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, Комиссия раиси 2. Ёдгоров Х.Б. (келишув асосида) ― Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари, Комиссия раисининг ўринбосари 3. Артикова С.Б. (келишув асосида) ― Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари, Комиссия раисининг ўринбосари 4. лавозими бўйича (келишув асосида) ― Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари 5. Туробов Б.Т. (келишув асосида) ― Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари 6. Хусанов Н.Б. ― Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири 7. Садиков Ш.М. ― Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири 8. Қўлдошев А.Ҳ. ― Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари 9. Эргашев П.И. ― Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари 10. Ганиев М.Ж. ― Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосари 11. Мирзаев М.М. ― Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари 12. Мелиев Х.Х. ― Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари 13. Дехканов Д.Т. ― Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг ўринбосари 14. Азимов М.Б. ― Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси 15. Исламов Б.Ф. ― Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси раиси 16. Норқобилов Б.Т. ― Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси 17. Гулямов Б.В. ― Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси 18. Абдуллаев А.Х. ― Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси 19. Б.С. Ҳамраев ― Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси раиси 20. Абдуразаков Ш.Ш. ― Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси 21. Саттаров Д.Н. ― Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги директори 22. Бекенов С.Х. ― Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори 23. Холжигитов Ғ.А. ― Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори 24. Вахабов А.Д. ― Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 24 июнь,

407-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.06.2020 й., 09/20/407/0916-сон; 07.10.2025 й., 09/25/627/0901-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TARKIBI

Huquqbuzarliklarning oldini olishda zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan keng foydalanish boʻyicha qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida

Soʻnggi yillarda mamlakatimizda qonuniylikni mustahkamlash, huquqbuzarliklarning oldini olish borasida samarali tizimni yaratish hamda sud-huquq sohasida zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini joriy etish boʻyicha salmoqli ishlar amalga oshirildi.

Xususan, fuqarolik, iqtisodiy va jinoyat protsessida ishlarni soddalashtirilgan tartibda koʻrish amaliyoti, shuningdek, zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda murojaat etish hamda sud ishlarini elektron shakllantirish mexanizmlari muvaffaqiyatli joriy etildi.

Shu bilan birga, qonunchilikda maʼmuriy huquqbuzarlikka oid ishlarni tezkor hal etish uchun axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan keng foydalanish imkonini beradigan huquqiy mexanizm mavjud emas.

“Ilm, maʼrifat va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish yili”da amalga oshirilayotgan islohotlarning mantiqiy izchilligini taʼminlash, maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar yurituvini raqamlashtirish, jumladan zamonaviy axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini keng joriy etish orqali mazkur ishlarni koʻrib chiqishda ortiqcha sansalorlikka yoʻl qoʻyilishining oldini olish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi, Adliya vazirligi hamda Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vazirligining quyidagilarni nazarda tutuvchi “Maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisida yagona elektron ish yurituv” loyihasini (keyingi oʻrinlarda ― loyiha) bosqichma-bosqich amaliyotga joriy etish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin:

maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlarni qoʻzgʻatish, koʻrib chiqish va bayonnoma tuzishga vakolatli organlar, sudlar va Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokuraturasi huzuridagi Majburiy ijro byurosi, shuningdek, boshqa tashkilotlarning elektron axborot tizimlari va maʼlumotlar bazalarini integratsiyalashtirish;

maʼmuriy huquqbuzarlikka oid ish yuritishda foydalaniladigan protsessual hujjatlarning yagona elektron bazasini shakllantirish;

maʼmuriy huquqbuzarlikka oid ishlarni yuritishda ortiqcha bosqichlarni bekor qilish va muddatlarni qisqartirish orqali ish yuritish tartibini soddalashtirish;

avtomatlashtirilgan daktiloskopik taqqoslash tizimi, shaxsni identifikatsiya qilishning avtomatlashtirilgan tizimi hamda Biometrik pasport tizimini modernizatsiya qilish.

2. “Maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisida yagona elektron ish yurituv” loyihasini amaliyotga joriy qilish boʻyicha idoralararo komissiyaning (keyingi oʻrinlarda ― Idoralararo komissiya) tarkibi ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi Idoralararo komissiyaning ishchi organi hamda loyihani amalga oshirish va yuritish uchun masʼul vakolatli organ etib belgilansin.

3. Idoralararo komissiya (P. Bobojonov) bir oy muddatda “Maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisida yagona elektron ish yurituv” loyihasini 2021-yil 1-yanvarga qadar Toshkent shahri hududida amalga oshirish boʻyicha ish rejasini hamda Idoralararo komissiya aʼzolari oʻrtasida ish taqsimotini tasdiqlasin.

4. Shunday tartib oʻrnatilsinki, unga muvofiq loyihani Toshkent shahri hududida amalga oshirish doirasida quyidagilarni nazarda tutuvchi maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlarni yuritishning soddalashtirilgan tartibi qoʻllaniladi:

vakolatli mansabdor shaxs huquqbuzarlikni aniqlashi bilan birgalikda maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlarni rasmiylashtirish va koʻrib chiqish uchun maxsus dasturiy taʼminot oʻrnatilgan mobil qurilma (keyingi oʻrinlarda — planshet) orqali maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi bayonnomani tuzadi va huquqbuzarga axborot-telekommunikatsiya tarmogʻi orqali ushbu bayonnomaning elektron yoki qogʻoz shaklini taqdim etadi;

bayonnomani tuzuvchi mansabdor shaxs huquqbuzarning biometrik hujjatlarini planshet yordamida yoki yuz tuzilishini rasmga olib yoxud barmoq izlarini tushirish orqali real vaqt rejimida Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi bazasidan uning shaxsini aniqlaydi;

huquqbuzar bayonnomada koʻrsatilgan maʼmuriy huquqbuzarlikni oʻzi sodir etganligiga eʼtiroz bildirmagan taqdirda, u bayonnomani planshetdagi maxsus skanerlovchi uskuna orqali barmoq izlarini tushirish yoʻli yoki elektron grafik imzosi bilan tasdiqlaydi. Huquqbuzar oʻzining jismoniy nuqsoni tufayli bayonnomani oʻqish yoki imzolash imkoniyatiga ega boʻlmasa, bayonnoma unga oʻqib eshittiriladi va vakolatli mansabdor shaxs tomonidan bu haqda bayonnomaga belgi qoʻyiladi;

huquqbuzarning tayinlangan jarima summasini ixtiyoriy tarzda toʻlaganligi haqidagi maʼlumot loyihani Toshkent shahri hududida amalga oshirish doirasida yaratiladigan elektron bazaga bayonnoma topshirilgan sanadan eʼtiboran oʻn besh kun ichida kelib tushmagan taqdirda, bayonnoma avtomatik tarzda maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishni umumiy asoslarda koʻrib chiqish uchun tegishli vakolatli organga yoki sudga joʻnatiladi;

huquqbuzarga tayinlangan jarimani “Elektron hukumat”ning yagona billing tizimi orqali masofaviy toʻlash imkoniyati yaratiladi.

5. Belgilansinki, quyidagi holatlarda maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlar soddalashtirilgan tartibda yuritilmaydi:

maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishning soddalashtirilgan tartibda yuritilishiga huquqbuzar yoki jabrlanuvchining eʼtirozi boʻlganda;

sodir etilgan maʼmuriy huquqbuzarlik uchun belgilangan sanksiyada jarima jazosidan boshqa turdagi maʼmuriy jazo qoʻllanilishi nazarda tutilgan boʻlsa;

chet el fuqarolari va fuqaroligi boʻlmagan shaxslarni Oʻzbekiston Respublikasi hududidan maʼmuriy tarzda chiqarib yuborish bilan bogʻliq boʻlgan huquqbuzarliklar toʻgʻrisidagi ishlar koʻrib chiqilayotganda;

ish boʻyicha moddiy va maʼnaviy zarar koʻrgan taraf yoki uning vakili zararni undirishni talab qilgan hollarda;

maʼmuriy huquqbuzarlik sodir etgan bir necha shaxslardan loaqal bittasi huquqbuzarlik sodir etganligini rad etganda.

Bir yil davomida takroran sodir etilishi oqibatida jinoiy javobgarlik kelib chiqishi nazarda tutilgan huquqbuzarliklar boʻyicha soddalashtirilgan tartibda yuritilayotgan maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishda shaxsning muqaddam maʼmuriy huquqbuzarlikka oid javobgarlikka tortilganligi haqidagi maʼlumotni darhol olishning imkoni boʻlmasa, ish yuritish tegishli maʼlumotlar olingunga qadar umumiy tartibda davom ettiriladi.

6. Belgilab qoʻyilsinki:

planshet yordamida bayonnomalarni rasmiylashtirish ushbu qurilmalar bilan taʼminlangan organlar (mansabdor shaxslar) tomonidan;

soddalashtirilgan tartibda ishni hal qilish esa barcha vakolatli organlar (mansabdor shaxslar) tomonidan amalga oshiriladi.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda 2021-yil 1-yanvarga qadar avtomatlashtirilgan multibiometrik identifikatsiya qilish tizimi uchun 40 million nafar shaxsning anketa maʼlumotlari, tashqi yuz qiyofasi va qoʻl izlari maʼlumotlarini qayta ishlashga moʻljallangan dasturiy taʼminot va server qurilmalarini hamda “Pasport-viza” avtomatlashtirilgan axborot tizimi majmuasi uchun server qurilmalarini xarid qilish uchun zarur tashkiliy chora-tadbirlarni amalga oshirsin.

Loyihani amalga oshirish uchun zarur boʻlgan texnik uskunalar, server, planshet, boshqa moddiy-texnika ashyolari va dasturlarni xarid qilish bilan bogʻliq xarajatlar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligining budjetdan tashqari jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanishi belgilansin.

8. Idoralararo komissiya loyihani Toshkent shahrida amalga oshirish natijalarini inobatga olgan holda, 2021-yil 1-noyabrga qadar:

maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisidagi ishlarni yuritishning soddalashtirilgan tartibini respublikaning boshqa hududlarida qoʻllash;

loyiha doirasida ishtirok etuvchi boshqa vazirlik va idoralarni planshet hamda boshqa moddiy-texnika ashyolari bilan taʼminlashning moliyaviy manbalarini aniqlash;

qonun hujjatlariga ushbu qaror talablaridan kelib chiqidigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar kiritish toʻgʻrisida Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Milliy teleradiokompaniyasi va Milliy axborot agentligi ushbu qaror qoidalarini aholi orasida keng yoritish boʻyicha ommaviy axborot vositalarida materiallar eʼlon qilinishi hamda mavzuga oid koʻrsatuvlar va eshittirishlar berilishini taʼminlasinlar.

10. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining maslahatchisi ― IT-texnologiyalar, telekommunikatsiyalar va innovatsion faoliyatni rivojlantirish masalalari departamenti boshligʻi O.M. Umarov hamda Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri P.R. Bobojonov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 24-iyundagi 407-son qaroriga ILOVA

“Maʼmuriy huquqbuzarlik toʻgʻrisida yagona elektron ish yurituv” loyihasini amaliyotga joriy qilish boʻyicha idoralararo komissiyaning

1 . Bobojonov P.R. ― Oʻzbekiston Respublikasi ichki ishlar vaziri, Komissiya raisi 2. Yodgorov X.B. (kelishuv asosida) ― Oʻzbekiston Respublikasi Oliy sudi raisining oʻrinbosari, Komissiya raisining oʻrinbosari 3. Artikova S.B. (kelishuv asosida) ― Oʻzbekiston Respublikasi Bosh prokurorining oʻrinbosari, Komissiya raisining oʻrinbosari 4. lavozimi boʻyicha (kelishuv asosida) ― Oʻzbekiston Respublikasi Davlat xavfsizlik xizmati raisining oʻrinbosari 5. Turobov B.T. (kelishuv asosida) ― Oʻzbekiston Respublikasi Hisob palatasi raisining oʻrinbosari 6. Xusanov N.B. ― Oʻzbekiston Respublikasi bandlik va mehnat munosabatlari vaziri 7. Sadikov Sh.M. ― Oʻzbekiston Respublikasi axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vaziri 8. Qoʻldoshev A.H. ― Oʻzbekiston Respublikasi favqulodda vaziyatlar vazirining birinchi oʻrinbosari 9. Ergashev P.I. ― Oʻzbekiston Respublikasi mudofaa vazirining birinchi oʻrinbosari 10. Ganiyev M.J. ― Oʻzbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi qoʻmondonining oʻrinbosari 11. Mirzayev M.M. ― Oʻzbekiston Respublikasi Davlat soliq qoʻmitasi raisining birinchi oʻrinbosari 12. Meliyev X.X. ― Oʻzbekiston Respublikasi adliya vazirining oʻrinbosari 13. Dexkanov D.T. ― Oʻzbekiston Respublikasi transport vazirining oʻrinbosari 14. Azimov M.B. ― Oʻzbekiston Respublikasi Davlat bojxona qoʻmitasi raisi 15. Islamov B.F. ― Oʻzbekiston Respublikasi Geologiya va mineral resurslar davlat qoʻmitasi raisi 16. Norqobilov B.T. ― Oʻzbekiston Respublikasi Veterinariya va chorvachilikni rivojlantirish davlat qoʻmitasi raisi 17. Gulyamov B.V. ― Oʻzbekiston Respublikasi Sanoat xavfsizligi davlat qoʻmitasi raisi 18. Abdullayev A.X. ― Oʻzbekiston Respublikasi Yer resurslari, geodeziya, kartografiya va davlat kadastri davlat qoʻmitasi raisi 19. B.S. Hamrayev ― Oʻzbekiston Respublikasi Milliy statistika qoʻmitasi raisi 20. Abdurazakov Sh.Sh. ― Oʻzbekiston Respublikasi Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish davlat qoʻmitasi raisi 21. Sattarov D.N. ― Oʻzbekiston standartlashtirish, metrologiya va sertifikatlashtirish agentligi direktori 22. Bekenov S.X. ― Oʻzbekiston Respublikasi Davlat aktivlarini boshqarish agentligi direktori 23. Xoljigitov Gʻ.A. ― Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi huzuridagi Davlat-xususiy sheriklikni rivojlantirish agentligi direktori 24. Vaxabov A.D. ― Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Agrosanoat majmui ustidan nazorat qilish inspeksiyasi boshligʻi

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 24-iyun,

407-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 25.06.2020-y., 09/20/407/0916-son; 07.10.2025-y., 09/25/627/0901-son)

lex.uz