UzbekAI

← Qonunlar

📅 2018-yil 5-aprel · Prezident qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2018 йил 5 апрель · Президент қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 5 апреля 2018 г. · Постановления Президента

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 5 April 2018 · Presidential resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбек адабиётининг бугунги тараққиётида 80 йилдан зиёд тарихга эга бўлган, мамлакатимиздаги нуфузли ижодий ташкилотлардан бири ҳисобланадиган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг муносиб ўрни бор. Мустабид тузум давридаги турли мафкуравий тазйиқларга қарамасдан, ушбу ижодий уюшма миллатимизнинг руҳи бўлган она тилимиз, азалий қадриятларимизни сақлаб қолиш ва авлодларга безавол етказиш, халқимизнинг онгу тафаккурини юксалтириш, мустақиллигимизнинг маънавий асосларини яратиш, сўз санъаткорларини бирлаштириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида катта ишларни амалга оширди.

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар каби миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтариш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Дўрмон» ижод уйи ва поликлиникаси тубдан реконструкция қилинди. Уюшма қошида «Ижод» жамоат фонди тузилди. Пойтахтимизда Адиблар хиёбони барпо этилди, Ёзувчилар уюшмаси учун янги бино қурилиб, ҳудудларда улуғ адибларимиз номлари билан аталган ижод мактаблари, маданият ва истироҳат боғлари бунёд қилинмоқда. Адабиётимиз атоқли намояндаларининг юбилей саналари муносиб нишонланмоқда, истеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли ижодий анжуманлар ўтказилмоқда. Ёш шоир ва ёзувчиларнинг биринчи китоблари давлат ҳисобидан кўп минг нусхаларда нашр этилиб, таълим масканлари ва кутубхоналарга етказиб берилмоқда.

Айни вақтда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг асосий фаолият йўналишлари, унинг Низоми ва таркибий тузилмаси бугунги шиддатли давр талабларига тўла жавоб бермаяпти. Бозор иқтисодиёти ва глобаллашув жараёнлари билан боғлиқ ҳозирги мураккаб шароитда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият тараққиёти учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган машаққатли ижодий меҳнатини муносиб қадрлаш, адабиёт ва санъат соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш, бадиий ижод аҳлининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, истеъдодли ёш ижодкорларни тизимли асосда тарбиялаш ва бошқа ўта муҳим йўналишларда оқсоқликка йўл қўйилмоқда.

Ўзбекистон Республикасини 2017 ― 2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган асосий вазифаларни, жумладан, «Давлат ― маънавиятнинг бош ҳомийси», деган устувор тамойилни ҳаётга изчил жорий қилиш, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш ва унинг иш самарадорлигини янада ошириш мақсадида:

1. Республика Маънавият ва маърифат кенгаши, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда ижодий жамоатчиликнинг:

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг (кейинги ўринларда — Уюшма деб аталади) жамиятимизда миллий ғоя, янгича тафаккур ва дунёқарашни ривожлантириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;

Уюшма аъзоларининг ижтимоий-маънавий фаоллиги ва масъулиятини ошириш, уларни халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини, эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан эришилаётган туб ўзгаришларни теран акс эттиришга қаратилган юксак бадиий асарлар яратишга рағбатлантириш;

Уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун ҳар томонлама шароит яратиб бериш, машаққатли ижодий меҳнатини адолатли баҳолаш;

Уюшманинг обрў-эътибори ва юксак мақомини муносиб сақлаш, унинг сифат таркибини яхшилаш мақсадида ушбу ташкилотга аъзоликка қабул қилиш бўйича замонавий ва таъсирчан мезонларни белгилаш;

катта истеъдод ва юксак гражданлик позициясига эга бўлган кекса авлод вакилларининг ижодий салоҳияти ва маҳоратидан ёшларни кенг баҳраманд этиш;

ёш истеъдод соҳибларини излаб топиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш учун чуқур ўйланган, замонавий илм-фан ютуқларига асосланган инновацион усулларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

дунё адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш, мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг энг сара намуналарини хорижий тилларга ўгириш ва чет элларда тарғиб этиш тизимини яратиш;

ўзбек тилидаги Интернет адабиётини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

мумтоз адабиётимизни, хусусан, Алишер Навоий асарларини халқимизга янада яқинлаштириш, бу ноёб меросни маънавиятимизнинг ҳаётбахш манбаи ва таркибий қисмига айлантириш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг олий органи — Конференциясининг Уюшманинг таркибий тузилишини қайта кўриб чиқиш ва янги таҳрирдаги Низомини тасдиқлаш, унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимларига қўшимча штатлар ажратиш ҳақидаги қарори маълумот учун қабул қилинсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини таъминлашни кучайтириш мақсадида:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Уюшма билан биргаликда ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк шаклидан қатъи назар, барча оммавий ахборот воситалари, жумладан, электрон ОАВ, нашриётлар томонидан муаллифлик гонорари тўлашни қонуний асосда таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва уларнинг ижросини қатъий назоратга олсин;

китоб савдоси тизимини такомиллаштириш, жумладан, Уюшма аъзоларининг янги нашр этилган асарлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ўқувчиларга ўз вақтида етиб боришини, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари ишлаб топилган маблағлари, шунингдек, корхона ва ташкилотлар, хўжалик бирлашмаларининг ўз маблағлари ҳисобидан ушбу китобларни сотиб олишини ва улар билан ўз тасарруфидаги ахборот-ресурс марказлари, кутубхоналар, маданият саройлари, маънавият хоналарини таъминлаши бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 23 октябрдаги ПҚ-3350-сон қарорига мувофиқ Уюшма аъзолари учун:

Тошкент шаҳрида имтиёзли ипотека кредити асосида 110 та квартирали уй-жой қуриш ишлари бошлангани маълумот учун қабул қилинсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда вилоятлар ҳокимликлари 2018 ― 2021 йилларда ҳудудларда яшаб фаол ижод қилаётган, уй-жойга муҳтож Уюшма аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жойлар ажратиш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин. Вазирлар Маҳкамаси мазкур режаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини қатъий назоратга олсин;

Мазкур уй-жойларни тақсимлашда қонунийлик ва адолат мезонларига қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Уюшма аъзолари, жумладан, вилоятларда яшаётган ижодкорларга сифатли ва имтиёзли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплекси бир ой муддатда Уюшмага қарашли ижод уйлари ва ошхоналарни арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича аниқ режа ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.

7. Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳокимликлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда «Дўрмон» ижод уйи ҳамда янги бунёд этилаётган «Паркент» ва «Зомин» ижод уйларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва «Ижод» жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ушбу фонднинг ҳудудий бўлимларини тузиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Амалдаги тартибга биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири «Ижод» жамоат фонди Васийлик кенгашига раислик қилишини инобатга олган ҳолда, фонднинг ҳудудий бўлимлари Васийлик кенгашларига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ва вилоятлар ҳокимлари раис, ҳудудий университет ва институтлар ректорлари раис ўринбосарлари сифатида бириктирилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда «Ижод» жамоат фонди ҳудудий бўлимларининг молиявий манбаларини аниқласин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

Уюшманинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш;

ўз ҳудудида яшаётган Уюшма аъзолари ҳамда истеъдодли ва истиқболли ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

Уюшма аъзолари иштирокида маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ва таълим муассасаларида мунтазам маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналарида шартнома асосида ижодий учрашувлар ташкил этиш ишларига шахсан масъул экани белгилаб қўйилсин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Уюшма билан биргаликда бир ой муддатда Уюшма ҳудудий бўлимларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси билан биргаликда Уюшма ҳузуридаги «Ижод» жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ҳудудий бўлимларни 1 та (битта)дан енгил хизмат автотранспорт воситалари билан таъминлаш чораларини кўриш тавсия этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда Уюшма муассислигида нашр этиладиган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, «Шарқ юлдузи» — «Звезда Востока», «Жаҳон адабиёти», «Ёшлик», «Амударё» журналлари таҳририятларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда ушбу нашрларни қоғоз билан таъминлаш, босмахона харажатларини қоплаш ва уларнинг обунасига кўмаклашиш учун «Ижод» жамоат фондига қўшимча маблағлар ажратиш назарда тутилсин.

Мамлакатимиздаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари, хўжалик бирлашмалари, компаниялар ва банклар билан маданият ва санъат ташкилотлари ўртасида йўлга қўйилган «Дўстлар клублари» фаолиятининг ижобий самара бераётганини инобатга олган ҳолда:

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси ва «АKFA» МЧЖ;

«Шарқ юлдузи» ― «Звезда Востока» журналлари ва «IMZO» МЧЖ;

«Жаҳон адабиёти» журнали ва «Delta-Qurmah» МЧЖ;

«Ёшлик» журнали ва «Universal Paсking Masters» МЧЖ;

«Амударё» журнали ва «Ўзқурилишматериаллари» АЖ ўртасида «Дўстлар клублари»ни тузиш, шартнома асосида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифлар қўллаб-қувватлансин.

13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Дўстлар клублари»ни ташкил этиш бўйича тажрибани Уюшманинг ҳудудий бўлимлари учун ҳам жорий этсин ва бир ой муддатда бу масала бўйича аниқ чоралар кўрсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Уюшманинг ҳудудий бўлимлари ўз тадбирларини ўтказиш учун тегишли бино ва залларга эга эмаслигини инобатга олиб, уларнинг жойлардаги университет ва институтлар имкониятларидан беғараз фойдаланишини таъминласин;

Уюшманинг ҳудудлардаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ижодкор ёшлар ва талабалар жамоалари билан фаол маънавий-маърифий иш олиб бориш ҳақидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.

15. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда:

бир ой муддатда ҳудудларда ташкил этилган Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуф номлари билан аталган ижод мактабларининг ўқув дастурларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин. Бунда Ёзувчилар уюшмаси ўқув дастурларини илмий ва ижодий жиҳатдан шакллантириш, мазкур мактабларга иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиш, кўзга кўринган ёзувчи ва шоирлар томонидан ижодий семинарлар олиб боришни таъминлаш бўйича асосий ижрочи ва жавобгар экани белгилаб қўйилсин.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги фаолиятини кучайтириш, ҳарбий қисмлар, ҳарбий йўналишдаги билим юртлари, хусусан, «Темурбеклар мактаблари»да тизимли равишда маънавий-маърифий ишларни ташкил этишга доир таклифлари маъқуллансин.

16. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Уюшма ҳузурида «Зулфияхоним қизлари» клубини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

«Зулфияхоним қизлари» клуби аъзоларининг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг таклифига асосан Тошкент шаҳрига клуб машғулотларига ҳар чоракда бир марта келиб-кетиши билан боғлиқ харажатлар «Ижод» жамоат фонди маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида Олий адабиёт курсини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2018 йилнинг 1 августига қадар Олий адабиёт курси мутахассисликлари бўйича тегишли малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

18. Белгилаб қўйилсинки, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Олий адабиёт курсига бакалавр даражасига эга бўлган ва адабиёт соҳасида ўз ижодий қобилиятини намоён этган ижодкорлар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ танлов асосида қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан келишилган ҳолда, Олий адабиёт курсига йиллик қабул квоталарини (40 фоизи бюджет ва 60 фоизи тўлов-контракт бўйича) белгиланган тартибда шакллантирсин.

19. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан биргаликда бир ой муддатда Адиблар хиёбонида мунтазам маънавият дарслари, китоб мутолааси соатлари, ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ўтказиш, ушбу ҳудудда жойлашган Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси биносида атоқли ижодкорларга бағишланган экспозициялар уюштириш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш тавсия этилсин.

20. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг:

истеъдодли ижодкорларга «Ижод» жамоат фонди маблағлари ҳисобидан аниқ ижтимоий буюртмалар бериш тизимини шакллантириш;

бадиий асарларни хорижий тилларга таржима қилиш мақсадида миллий адабиётимизнинг энг яхши намуналарини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузиш;

комиссия томонидан сараланган асарларни «Ижод» жамоат фонди маблағлари ҳисобидан хорижий тилларга юқори сифат билан таржима қилиш ва чет элларда нашр эттириш;

бадиий адабиёт бўйича ёш таржимонларни тайёрлаш, фаолият кўрсатаётган таржимонларнинг профессионал малакаси ва маҳоратини оширишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

республика бўйича «Китоб акцияси» тадбирларини мунтазам йўлга қўйган ҳолда, маҳалла ва мактаблар, «Меҳрибонлик уйлари»га «Ижод» жамоат фонди ҳомийлигида чоп этилган китобларни бепул етказиб бериш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

21. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда Интернет тармоғи орқали миллий адабиётимизни кенг тарғиб этиш чораларини кўрсин.

22. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Жаҳон» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда аудиокитоблар ишлаб чиқариш ва уларни тарқатиш, шунингдек, ўзбек адабиёти тарғиботига бағишланган телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни тизимли равишда эълон қилиб бориш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.

23. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

24. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2018 йил 5 апрель,

ПҚ-3652-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.04.2018 й., 07/20/3652/0882-сон; 11.12.2019 й., 06/19/5892/4134-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining

Qarori

Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi faoliyatini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbek adabiyotining bugungi taraqqiyotida 80 yildan ziyod tarixga ega boʻlgan, mamlakatimizdagi nufuzli ijodiy tashkilotlardan biri hisoblanadigan Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasining munosib oʻrni bor. Mustabid tuzum davridagi turli mafkuraviy tazyiqlarga qaramasdan, ushbu ijodiy uyushma millatimizning ruhi boʻlgan ona tilimiz, azaliy qadriyatlarimizni saqlab qolish va avlodlarga bezavol yetkazish, xalqimizning ongu tafakkurini yuksaltirish, mustaqilligimizning maʼnaviy asoslarini yaratish, soʻz sanʼatkorlarini birlashtirish, ularning manfaatlarini himoya qilish, yosh isteʼdod egalarining salohiyatini roʻyobga chiqarish borasida katta ishlarni amalga oshirdi.

Bugungi kunda mamlakatimizda barcha sohalar kabi milliy adabiyotimiz rivojini yangi bosqichga koʻtarish boʻyicha ham keng koʻlamli ishlar olib borilmoqda. Jumladan, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasining “Doʻrmon” ijod uyi va poliklinikasi tubdan rekonstruksiya qilindi. Uyushma qoshida “Ijod” jamoat fondi tuzildi. Poytaxtimizda Adiblar xiyoboni barpo etildi, Yozuvchilar uyushmasi uchun yangi bino qurilib, hududlarda ulugʻ adiblarimiz nomlari bilan atalgan ijod maktablari, madaniyat va istirohat bogʻlari bunyod qilinmoqda. Adabiyotimiz atoqli namoyandalarining yubiley sanalari munosib nishonlanmoqda, isteʼdodli yoshlarni tarbiyalash, ularni qoʻllab-quvvatlash maqsadida turli ijodiy anjumanlar oʻtkazilmoqda. Yosh shoir va yozuvchilarning birinchi kitoblari davlat hisobidan koʻp ming nusxalarda nashr etilib, taʼlim maskanlari va kutubxonalarga yetkazib berilmoqda.

Ayni vaqtda taʼkidlash joizki, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasining asosiy faoliyat yoʻnalishlari, uning Nizomi va tarkibiy tuzilmasi bugungi shiddatli davr talablariga toʻla javob bermayapti. Bozor iqtisodiyoti va globallashuv jarayonlari bilan bogʻliq hozirgi murakkab sharoitda Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzolarining hayotiy manfaatlarini taʼminlash, ularning jamiyat taraqqiyoti uchun beqiyos ahamiyatga ega boʻlgan mashaqqatli ijodiy mehnatini munosib qadrlash, adabiyot va sanʼat sohasini har tomonlama rivojlantirish, badiiy ijod ahlining jamiyatimiz hayotidagi oʻrni va taʼsirini kuchaytirish, isteʼdodli yosh ijodkorlarni tizimli asosda tarbiyalash va boshqa oʻta muhim yoʻnalishlarda oqsoqlikka yoʻl qoʻyilmoqda.

Oʻzbekiston Respublikasini 2017 ― 2021-yillarda rivojlantirish boʻyicha Harakatlar strategiyasida belgilab berilgan asosiy vazifalarni, jumladan, “Davlat ― maʼnaviyatning bosh homiysi”, degan ustuvor tamoyilni hayotga izchil joriy qilish, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi faoliyatini takomillashtirish va uning ish samaradorligini yanada oshirish maqsadida:

1. Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat kengashi, Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi, Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat vazirligi hamda ijodiy jamoatchilikning:

Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasining (keyingi oʻrinlarda — Uyushma deb ataladi) jamiyatimizda milliy gʻoya, yangicha tafakkur va dunyoqarashni rivojlantirish, yosh avlodni Vatanga muhabbat va sadoqat, milliy va umuminsoniy qadriyatlarga hurmat ruhida tarbiyalash;

Uyushma aʼzolarining ijtimoiy-maʼnaviy faolligi va masʼuliyatini oshirish, ularni xalqimizning qadimiy tarixi va boy madaniyatini, el-yurtimizning fidokorona mehnati bilan erishilayotgan tub oʻzgarishlarni teran aks ettirishga qaratilgan yuksak badiiy asarlar yaratishga ragʻbatlantirish;

Uyushma aʼzolarining moddiy va maʼnaviy manfaatlarini, mualliflik huquqlarini himoya qilish, ular uchun har tomonlama sharoit yaratib berish, mashaqqatli ijodiy mehnatini adolatli baholash;

Uyushmaning obroʻ-eʼtibori va yuksak maqomini munosib saqlash, uning sifat tarkibini yaxshilash maqsadida ushbu tashkilotga aʼzolikka qabul qilish boʻyicha zamonaviy va taʼsirchan mezonlarni belgilash;

katta isteʼdod va yuksak grajdanlik pozitsiyasiga ega boʻlgan keksa avlod vakillarining ijodiy salohiyati va mahoratidan yoshlarni keng bahramand etish;

yosh isteʼdod sohiblarini izlab topish, ularning iqtidorini roʻyobga chiqarish uchun chuqur oʻylangan, zamonaviy ilm-fan yutuqlariga asoslangan innovatsion usullarni ishlab chiqish va joriy etish;

dunyo adabiyotining eng yaxshi namunalarini oʻzbek tiliga tarjima qilish va chop etish, mumtoz va zamonaviy adabiyotimizning eng sara namunalarini xorijiy tillarga oʻgirish va chet ellarda targʻib etish tizimini yaratish;

oʻzbek tilidagi Internet adabiyotini shakllantirish boʻyicha chora-tadbirlar dasturini ishlab chiqish va amalga oshirish;

mumtoz adabiyotimizni, xususan, Alisher Navoiy asarlarini xalqimizga yanada yaqinlashtirish, bu noyob merosni maʼnaviyatimizning hayotbaxsh manbai va tarkibiy qismiga aylantirish haqidagi takliflari maʼqullansin.

2. Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasining oliy organi — Konferensiyasining Uyushmaning tarkibiy tuzilishini qayta koʻrib chiqish va yangi tahrirdagi Nizomini tasdiqlash, uning Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlardagi boʻlimlariga qoʻshimcha shtatlar ajratish haqidagi qarori maʼlumot uchun qabul qilinsin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi bir oy muddatda Uyushma aʼzolarining moddiy va maʼnaviy manfaatlarini taʼminlashni kuchaytirish maqsadida:

Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi, Intellektual mulk agentligi, Matbuot va axborot agentligi hamda Uyushma bilan birgalikda ijodkorlarning mualliflik huquqlarini himoya qilish, mulk shaklidan qatʼi nazar, barcha ommaviy axborot vositalari, jumladan, elektron OAV, nashriyotlar tomonidan mualliflik gonorari toʻlashni qonuniy asosda taʼminlash yuzasidan chora-tadbirlar ishlab chiqsin va ularning ijrosini qatʼiy nazoratga olsin;

kitob savdosi tizimini takomillashtirish, jumladan, Uyushma aʼzolarining yangi nashr etilgan asarlari mamlakatimizning barcha hududlaridagi oʻquvchilarga oʻz vaqtida yetib borishini, budjet tashkilotlarining budjetdan tashqari ishlab topilgan mablagʻlari, shuningdek, korxona va tashkilotlar, xoʻjalik birlashmalarining oʻz mablagʻlari hisobidan ushbu kitoblarni sotib olishini va ular bilan oʻz tasarrufidagi axborot-resurs markazlari, kutubxonalar, madaniyat saroylari, maʼnaviyat xonalarini taʼminlashi boʻyicha chora-tadbirlar ishlab chiqsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “2017 — 2020-yillarda shaharlarda arzon koʻp kvartirali uylarni qurish va rekonstruksiya qilish dasturini samarali amalga oshirish borasidagi qoʻshimcha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2017-yil 23-oktabrdagi PQ-3350-son qaroriga muvofiq Uyushma aʼzolari uchun:

Toshkent shahrida imtiyozli ipoteka krediti asosida 110 ta kvartirali uy-joy qurish ishlari boshlangani maʼlumot uchun qabul qilinsin;

Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi hamda viloyatlar hokimliklari 2018 ― 2021-yillarda hududlarda yashab faol ijod qilayotgan, uy-joyga muhtoj Uyushma aʼzolari uchun imtiyozli ipoteka krediti asosida uy-joylar ajratish boʻyicha aniq rejalar ishlab chiqsin va Vazirlar Mahkamasiga taqdim etsin. Vazirlar Mahkamasi mazkur rejalarning oʻz vaqtida va sifatli bajarilishini qatʼiy nazoratga olsin;

Mazkur uy-joylarni taqsimlashda qonuniylik va adolat mezonlariga qatʼiy amal qilishga alohida eʼtibor qaratilsin.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi bir oy muddatda Uyushma aʼzolari, jumladan, viloyatlarda yashayotgan ijodkorlarga sifatli va imtiyozli tibbiy xizmat koʻrsatish boʻyicha aniq chora-tadbirlar ishlab chiqsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining Qishloq va suv xoʻjaligi, qishloq xoʻjaligi va oziq-ovqat mahsulotlarini qayta ishlash masalalari kompleksi bir oy muddatda Uyushmaga qarashli ijod uylari va oshxonalarni arzon va sifatli oziq-ovqat mahsulotlari bilan taʼminlash boʻyicha aniq reja ishlab chiqsin va amalga oshirsin.

7. Toshkent va Jizzax viloyatlari hokimliklari Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi bilan birgalikda bir oy muddatda “Doʻrmon” ijod uyi hamda yangi bunyod etilayotgan “Parkent” va “Zomin” ijod uylaridan maqsadli va samarali foydalanish chora-tadbirlarini ishlab chiqib, Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

8. Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi va “Ijod” jamoat fondining Qoraqalpogʻiston Respublikasi va viloyatlarda ushbu fondning hududiy boʻlimlarini tuzish toʻgʻrisidagi taklifi maʼqullansin.

Amaldagi tartibga binoan Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vaziri “Ijod” jamoat fondi Vasiylik kengashiga raislik qilishini inobatga olgan holda, fondning hududiy boʻlimlari Vasiylik kengashlariga Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi raisi va viloyatlar hokimlari rais, hududiy universitet va institutlar rektorlari rais oʻrinbosarlari sifatida biriktirilsin.

9. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi bir oy muddatda “Ijod” jamoat fondi hududiy boʻlimlarining moliyaviy manbalarini aniqlasin.

10. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Joʻqorgʻi Kengesi raisi, viloyatlar va Toshkent shahar hokimlari:

Uyushmaning hududiy boʻlimlari faoliyatini samarali tashkil etishga koʻmaklashish;

oʻz hududida yashayotgan Uyushma aʼzolari hamda isteʼdodli va istiqbolli yosh ijodkorlarni har tomonlama qoʻllab-quvvatlash;

Uyushma aʼzolari ishtirokida mahallalar, harbiy qismlar va taʼlim muassasalarida muntazam maʼnaviy-maʼrifiy tadbirlar oʻtkazish, shuningdek, ishlab chiqarish korxonalarida shartnoma asosida ijodiy uchrashuvlar tashkil etish ishlariga shaxsan masʼul ekani belgilab qoʻyilsin.

11. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari Uyushma bilan birgalikda bir oy muddatda Uyushma hududiy boʻlimlarining moddiy-texnik bazasini mustahkamlash yuzasidan chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqsin va amalga oshirsin.

Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasiga “Oʻzavtosanoat” aksiyadorlik kompaniyasi bilan birgalikda Uyushma huzuridagi “Ijod” jamoat fondi mablagʻlari hisobidan hududiy boʻlimlarni 1 ta (bitta)dan yengil xizmat avtotransport vositalari bilan taʼminlash choralarini koʻrish tavsiya etilsin.

12. Oʻzbekiston Respublikasi Moliya vazirligi Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi bilan birgalikda bir oy muddatda Uyushma muassisligida nashr etiladigan “Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati” gazetasi, “Sharq yulduzi” — “Zvezda Vostoka”, “Jahon adabiyoti”, “Yoshlik”, “Amudaryo” jurnallari tahririyatlarining moddiy-texnik bazasini mustahkamlash yuzasidan chora-tadbirlar dasturini ishlab chiqib, Vazirlar Mahkamasiga kiritsin.

Bunda ushbu nashrlarni qogʻoz bilan taʼminlash, bosmaxona xarajatlarini qoplash va ularning obunasiga koʻmaklashish uchun “Ijod” jamoat fondiga qoʻshimcha mablagʻlar ajratish nazarda tutilsin.

Mamlakatimizdagi bir qator ishlab chiqarish korxonalari, xoʻjalik birlashmalari, kompaniyalar va banklar bilan madaniyat va sanʼat tashkilotlari oʻrtasida yoʻlga qoʻyilgan “Doʻstlar klublari” faoliyatining ijobiy samara berayotganini inobatga olgan holda:

“Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati” gazetasi va “AKFA” MCHJ;

“Sharq yulduzi” ― “Zvezda Vostoka” jurnallari va “IMZO” MCHJ;

“Jahon adabiyoti” jurnali va “Delta-Qurmah” MCHJ;

“Yoshlik” jurnali va “Universal Pasking Masters” MCHJ;

“Amudaryo” jurnali va “Oʻzqurilishmateriallari” AJ oʻrtasida “Doʻstlar klublari”ni tuzish, shartnoma asosida doimiy hamkorlikni yoʻlga qoʻyish toʻgʻrisidagi takliflar qoʻllab-quvvatlansin.

13. Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi “Doʻstlar klublari”ni tashkil etish boʻyicha tajribani Uyushmaning hududiy boʻlimlari uchun ham joriy etsin va bir oy muddatda bu masala boʻyicha aniq choralar koʻrsin.

14. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi:

Uyushmaning hududiy boʻlimlari oʻz tadbirlarini oʻtkazish uchun tegishli bino va zallarga ega emasligini inobatga olib, ularning joylardagi universitet va institutlar imkoniyatlaridan begʻaraz foydalanishini taʼminlasin;

Uyushmaning hududlardagi oliy va oʻrta maxsus taʼlim muassasalarida ijodkor yoshlar va talabalar jamoalari bilan faol maʼnaviy-maʼrifiy ish olib borish haqidagi tashabbusi qoʻllab-quvvatlansin.

15. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi bilan birgalikda:

bir oy muddatda hududlarda tashkil etilgan Isʼhoqxon Ibrat, Hamid Olimjon va Zulfiya, Ibroyim Yusupov, Erkin Vohidov, Abdulla Oripov, Muhammad Yusuf nomlari bilan atalgan ijod maktablarining oʻquv dasturlarini takomillashtirish boʻyicha chora-tadbirlar rejasini ishlab chiqsin. Bunda Yozuvchilar uyushmasi oʻquv dasturlarini ilmiy va ijodiy jihatdan shakllantirish, mazkur maktablarga iqtidorli oʻquvchilarni tanlab olish, koʻzga koʻringan yozuvchi va shoirlar tomonidan ijodiy seminarlar olib borishni taʼminlash boʻyicha asosiy ijrochi va javobgar ekani belgilab qoʻyilsin.

Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasining tegishli vazirlik va idoralar bilan birgalikda yoshlarni harbiy-vatanparvarlik ruhida tarbiyalash borasidagi faoliyatini kuchaytirish, harbiy qismlar, harbiy yoʻnalishdagi bilim yurtlari, xususan, “Temurbeklar maktablari”da tizimli ravishda maʼnaviy-maʼrifiy ishlarni tashkil etishga doir takliflari maʼqullansin.

16. Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi va Oʻzbekiston Xotin-qizlar qoʻmitasining Uyushma huzurida “Zulfiyaxonim qizlari” klubini tashkil etish haqidagi taklifi maʼqullansin.

“Zulfiyaxonim qizlari” klubi aʼzolarining Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasining taklifiga asosan Toshkent shahriga klub mashgʻulotlariga har chorakda bir marta kelib-ketishi bilan bogʻliq xarajatlar “Ijod” jamoat fondi mablagʻlari hisobidan qoplanishi inobatga olinsin.

17. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasining Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat oʻzbek tili va adabiyoti universiteti qoshida Oliy adabiyot kursini tashkil etish haqidagi taklifi maʼqullansin.

Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi 2018-yilning 1-avgustiga qadar Oliy adabiyot kursi mutaxassisliklari boʻyicha tegishli malaka talablari, oʻquv rejalari va dasturlarini ishlab chiqsin va belgilangan tartibda tasdiqlasin.

18. Belgilab qoʻyilsinki, 2018/2019 oʻquv yilidan boshlab Oliy adabiyot kursiga bakalavr darajasiga ega boʻlgan va adabiyot sohasida oʻz ijodiy qobiliyatini namoyon etgan ijodkorlar Vazirlar Mahkamasining 2017-yil 20-iyundagi 393-son qarori bilan tasdiqlangan Oliy taʼlim muassasalarining magistraturasiga oʻqishga qabul qilish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq tanlov asosida qabul qilinadi.

Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Iqtisodiyot vazirligi, Moliya vazirligi Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi bilan kelishilgan holda, Oliy adabiyot kursiga yillik qabul kvotalarini (40 foizi budjet va 60 foizi toʻlov-kontrakt boʻyicha) belgilangan tartibda shakllantirsin.

19. Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasiga Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi, Madaniyat vazirligi, Oʻzbekiston Yoshlar ittifoqi bilan birgalikda bir oy muddatda Adiblar xiyobonida muntazam maʼnaviyat darslari, kitob mutolaasi soatlari, yoshlar oʻrtasida kitobxonlik tanlovlarini oʻtkazish, ushbu hududda joylashgan Oʻzbekiston madaniyati va sanʼati koʻrgazmasi binosida atoqli ijodkorlarga bagʻishlangan ekspozitsiyalar uyushtirish yuzasidan chora-tadbirlar dasturini ishlab chiqish va uni amalga oshirish tavsiya etilsin.

20. Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi, Oʻzbekiston Matbuot va axborot agentligi, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi hamda Tashqi ishlar vazirligining:

isteʼdodli ijodkorlarga “Ijod” jamoat fondi mablagʻlari hisobidan aniq ijtimoiy buyurtmalar berish tizimini shakllantirish;

badiiy asarlarni xorijiy tillarga tarjima qilish maqsadida milliy adabiyotimizning eng yaxshi namunalarini aniqlash boʻyicha maxsus komissiya tuzish;

komissiya tomonidan saralangan asarlarni “Ijod” jamoat fondi mablagʻlari hisobidan xorijiy tillarga yuqori sifat bilan tarjima qilish va chet ellarda nashr ettirish;

badiiy adabiyot boʻyicha yosh tarjimonlarni tayyorlash, faoliyat koʻrsatayotgan tarjimonlarning professional malakasi va mahoratini oshirishga doir chora-tadbirlarni ishlab chiqish va amalga oshirish;

respublika boʻyicha “Kitob aksiyasi” tadbirlarini muntazam yoʻlga qoʻygan holda, mahalla va maktablar, “Mehribonlik uylari”ga “Ijod” jamoat fondi homiyligida chop etilgan kitoblarni bepul yetkazib berish haqidagi takliflari maʼqullansin.

21. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Axborot va ommaviy kommunikatsiyalar agentligi Oʻzbekiston Respublikasi Axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarni rivojlantirish vazirligi hamda Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi bilan birgalikda Internet tarmogʻi orqali milliy adabiyotimizni keng targʻib etish choralarini koʻrsin.

22. Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, “Jahon” axborot agentligi va boshqa ommaviy axborot vositalariga Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi bilan birgalikda bir oy muddatda audiokitoblar ishlab chiqarish va ularni tarqatish, shuningdek, oʻzbek adabiyoti targʻibotiga bagʻishlangan telekoʻrsatuv va radioeshittirishlarni tizimli ravishda eʼlon qilib borish yuzasidan qoʻshimcha chora-tadbirlar ishlab chiqish va tasdiqlash tavsiya etilsin.

23. Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot vazirligi tegishli vazirlik va idoralar bilan birgalikda bir oy muddatda qonun hujjatlariga mazkur qarordan kelib chiqadigan oʻzgartirish va qoʻshimchalar toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasiga takliflar kiritsin.

24. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. Aripov va Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining Davlat maslahatchisi X. Sultonov zimmasiga yuklansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2018-yil 5-aprel,

PQ-3652-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2018-y., 07/20/3652/0882-son; 11.12.2019-y., 06/19/5892/4134-son)

lex.uz