UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 25-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 25 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 июня 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 June 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТУЗИЛМАСИ

ТУЗИЛМАСИ

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги айрим ташкилотларнинг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 апрелдаги ПҚ-4699-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 28 апрелдаги ПҚ-4699-сон қарорига мувофиқ «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази», шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» 2024 йил 14 октябрдаги ПҚ-358-сон қарори билан «Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» давлат муассасаси (кейинги ўринларда — Марказлар) ташкил этилганлиги ва уларнинг асосий вазифалари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Марказларнинг асосий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда:

а) «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг функциялари этиб қуйидагилар белгилансин:

электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини амалга оширишда ягона технологик ёндашувни таъминлаш, шу жумладан лойиҳавий-техник ҳужжатларни комплекс экспертизадан ўтказиш;

ахборот технологияларидан фойдаланишнинг самарадорлиги ва электрон давлат хизматларини жорий этишни таҳлил қилиш орқали давлат органлари ва ташкилотларида рақамли ривожланишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш;

рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича давлат органлари ва ташкилотларга услубий-амалий ёрдам кўрсатиш;

давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомининг идоралараро ягона электрон тизимини, идоралараро ахборот тизимларини, манбалар ва бошқа дастурий маҳсулотларни жорий этиш;

электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш босқичларини мувофиқлаштириш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида ахборот технологияларининг жорий этилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш;

электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳасидаги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича мақсадли индикаторлар ва самарадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш;

электрон ҳукумат инфратузилмасини янада ривожлантиришни таъминлаш, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали, давлат хизматлари ва бошқа электрон ҳукумат ахборот тизимлари хизматларини кўрсатганлик учун тўланган давлат божи ва йиғимлар миқдорини ҳисобга олишнинг ягона биллинг тизимини ривожлантириш;

«Digital office» тизимини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, узлуксиз ишлаши ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

«Электрон ҳукумат» тизимининг маълумотларни қайта ишлаш маркази фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат ахборот тизимлари ва ресурсларини жойлаштириш, сақлаш ва қайта ишлаш;

б) «Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» давлат муассасасининг функциялари этиб қуйидагилар белгилансин:

ҳар томонлама таҳлилий ва амалий тадқиқотлар асосида рақамлаштириш жараёнларининг ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини баҳолаш ҳамда келгусида мамлакат иқтисодиётининг рақамли трансформациясини кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

давлат органлари ва иқтисодиёт тармоқлари фаолиятида рақамли иқтисодиётни кенг жорий этишда юзага келадиган муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг ечимлари бўйича ҳар томонлама асосланган таклифлар тайёрлаш;

экспертлар ҳамжамияти билан биргаликда давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятига рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат соҳаларидаги янги йўналиш ва замонавий технологияларни чуқур ўрганиш орқали кенг жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматнинг ривожланганлик даражаси бўйича етакчи мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ҳамда уларни давлат органлари, ташкилотлар ва иқтисодиёт тармоқларига татбиқ этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

«ақлли» ва бошқа истиқболли технологияларни, шунингдек иқтисодиётнинг турли соҳаларида катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш технологияларини жорий қилишнинг концептуал ва услубий асосларини шакллантириш;

рақамли технологияларни жорий этишнинг устувор йўналишлари бўйича илмий-техник ва тадқиқот фаолиятини амалга оширишга асосланган электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришнинг узоқ муддатли истиқболларини ишлаб чиқиш;

сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, халқаро стандартлар ва методологияларни жорий этиш бўйича ягона технологик ёндашувни таъминлаш;

маълумотларни қайта ишлаш учун технологик инфратузилмани ривожлантириш ҳамда ижтимоий ва иқтисодий соҳаларида сунъий интеллект технологиялари асосида устувор лойиҳаларни амалга ошириш;

сунъий интеллект технологиялари асосида рақобатбардош дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ҳамда уларнинг ташқи бозорларга чиқишини қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

электрон давлат хизматларини кўрсатиш тизимида сунъий интеллект технологияларини жорий этишнинг устувор йўналишларини белгилаш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;

сунъий интеллект соҳасида кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, аҳолини сунъий интеллект имкониятларидан амалий фойдаланишга кенг ўргатиш, шунингдек, ушбу йўналишда илмий салоҳиятни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» давлат муассасасининг тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирига Марказларнинг тузилмаларига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида «Бинолардан фойдаланиш ва капитал қурилиш дирекцияси» (кейинги ўринларда — Дирекция) ташкил этилсин.

Қуйидагилар Дирекциянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ва унинг тизимидаги ташкилотларнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларига буюртмачи вазифасини бажариш;

Вазирлик ва унинг таркибидаги ташкилотларнинг бино ва иншоотларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш;

Вазирлик ва унинг таркибидаги ташкилотларни транспорт хизмати билан таъминлаш ҳамда уларнинг моддий-техник таъминотини ташкил қилиш.

5. Қуйидагилар:

а) «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармасининг мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов суммасининг тақсимлангунига қадар бўлган 35 фоизидан шакллантириладиган махсус ҳисобварағига келиб тушган маблағлар;

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларини кўрсатганлик учун тўланган давлат божлари, йиғимлар ва барча турдаги тўловларнинг 11,75 фоизи (шундан 0,5 фоизи — Ягона биллинг тизими орқали давлат хизматлари кўрсатилганда) — Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги махсус ҳисобварағига келиб тушган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

б) «Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» давлат муассасасининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси;

хўжалик шартномалари доирасида кўрсатилган хизматлар ҳамда лойиҳаларни амалга оширишдан тушган маблағлар;

зарур техник инфратузилмани тақдим этиш эвазига шартномавий асосда стартап-лойиҳалардаги ўз улушларини сотишдан тушган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

в) Дирекциянинг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Вазирлик тизимидаги ташкилотлар маблағлари;

хўжалик фаолиятидан олинган маблағлар;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

5 1 . Белгилаб қўйилсинки, 2030 йил 1 январдан бошлаб «Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» давлат муассасаси ўзи кўрсатган хизматлар доирасидаги тушумлар ҳисобидан босқичма-босқич мустақил молиялаштиришга ўтади.

6. Белгилансинки, Марказлар ва Дирекция ходимларининг меҳнатини моддий рағбатлантириш, Вазирлик билан келишилган ҳолда, Марказлар ва Дирекция томонидан тасдиқланадиган тегишли низомларга мувофиқ харажатлар сметалари доирасида амалга оширилади.

Бунда, Марказлар ва Дирекция ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш тўғрисидаги низомларда уларнинг лавозим маошларига 100 фоиз қўшимча ойлик устама қўлланилиши назарда тутилади.

7. Вазирлик:

бир ой муддатда Марказларнинг ва Дирекциянинг уставларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек уларнинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Марказларни ва Дирекцияни зарур мутахассисликка эга тажрибали кадрлар билан тўлдириш, шунингдек уларнинг моддий-техника базасини шакллантириш чораларини кўрсин.

8. Марказлар қуйидаги манзилдаги биноларда текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин:

«Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси Тошкент шаҳрининг, Мирзо Улуғбек тумани И. Мўминова кўчасидаги 4-уй;

«Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» давлат муассасаси Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани Махтумқули кўчасидаги 114А-уй.

Бунда, биноларни сақлаш бўйича жорий харажатлар фойдаланувчилар томонидан қопланади.

9. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 декабрдаги 356-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 12-сон, 87-модда) билан тасдиқланган Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 5-бандининг «б» кичик бандига қуйидаги мазмундаги йигирма олтинчи хатбоши қўшилсин:

«электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётнинг идоралараро лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» ва «Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази» давлат муассасаларининг жорий таъминоти, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг ходимлари меҳнатини қўшимча моддий рағбатлантириш бўйича ажратиладиган харажатлар ҳамда «Бинолардан фойдаланиш ва капитал қурилиш дирекцияси» давлат муассасаси фаолиятини молиялаштириш».

10. Вазирлик бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси — IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М. Умаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.

Вазир Маҳкамасининг 2020 йил 25 июндаги 409-сон қарорига 1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг

Директор Директорнинг биринчи ўринбосари Директор ўринбосари Директор ўринбосари Директор ўринбосари Директор ўринбосари Назорат ва ижро интизоми бўлими 2 Ахборот тизимлари ва ресурсларини ривожлантириш бошқармаси 1 Ташқи иқтисодий алоқалар, молия, инвестициялар ва банк ишлари соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш бўлими 6 Транспорт, ёқилғи-энергетика комплекси ва уй-жой, коммунал хўжалик соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш бўлими 8 Ижтимоий, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида рақамли технологияларни жорий этиш бўлими 8 Маълумотлар маркази инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш ва эксплуатация қилиш бўлими 8 Юридик бўлим 3 Кадрлар бўлими 2 Марказлашган маълумотлар базалари ва ахборот тизимларини ривожлантириш бўлими 5 Илм-фан, ёшлар, оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш тизимида рақамли иқтисодиётни жорий этиш бўлими 6 Маълумотлар марказининг муҳандислик инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш бўлими 10 Харидлар, бюджет, божхона ва солиқ соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш бўлими 6 Бухгалтерия 2 Кўчмас мулк, кадастр, геология ва қурилиш соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш бўлими 6 Махсус ишлар бўлими 2 Маълумотлар марказининг ахборот ва ички хавфсизлик бўлими 4 Маълумотномалар ва таснифлагичларни ривожлантириш бўлими 4 Давлат бошқаруви ва адлия органларида рақамли технологияларни жорий этиш бўлими 6 Маданият, таълим соҳаси ва кутубхона ишларида рақамли технологияларни жорий этиш бўлими 4 Харид ва шартномалар бўлими 2 Қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш бўлими 6 Маълумотлар маркази тизимлари мониторинги бўлими 7 Электрон давлат хизматларини ривожлантириш бошқармаси 1 Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш бўлими 4 Электрон парламент тизимини ривожлантириш бўлими 4 Ҳудудларда рақамли технологияларни жорий этишни мувофиқлаштириш бўлими 5 Операцион ва функционал жараёнларни мувофиқлаштириш бўлими 4 Меҳнат ва архив иши соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш бўлими 4 Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ривожлантириш бўлими 4 Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат лойиҳаларини аудит ва экспертиза қилиш бўлими 10

Вазир Маҳкамасининг 2020 йил 25 июндаги 409-сон қарорига 2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги «Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази» давлат муассасасининг

Директор Директорнинг биринчи ўринбосари Директорнинг ўринбосари Маркетинг ва савдолар бўлими 2 Маъмурий-хўжалик ишлари бўйича бош мутахассис 1 Инфратузилма бўлими 4 Стратегик ривожлантириш ва рейтинглар бўлими 3 Бухгалтерия 2 Иқтисодий ишлар бўйича бош мутахассис 1 Катта маълумотларни шакллантириш бўлими 4 «Рақамли иқтисодиёт» илмий-электрон журнали таҳририяти 3 Кадрлар бўлими 2 Ички аудит ва коррупцияга қарши курашиш бўйича бош мутахассис 1 Давлат ва хўжалик секторларига сунъий интеллектни жорий этиш бўлими 4 Рақамли иқтисодиёт бўлими 3 Юридик бўлим 2 Техника хавфсизлиги ва меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассис 1 IТ-компаниялар ва стартаплар билан ишлаш бўлими 3 Сунъий интеллект соҳасида саводхонликни ошириш бўлими 3 Назорат ва ижро интизоми бўлими 2 Махсус ишлар бўйича бош мутахассис 1 Ахборот хавфсизлиги бўлими 2 Харидлар бўйича бош мутахассис 1 Халқаро муносабатлар бўйича бош мутахассис 1 Ахборот хизмати 1

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 25 июнь,

409-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.06.2020 й., 09/20/409/0955-сон; 14.03.2023 й., 09/23/107/0146-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2023 й., 09/23/688/0996-сон; 11.07.2025 й., 09/25/425/0597-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TUZILMASI

TUZILMASI

Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi tizimidagi ayrim tashkilotlarning faoliyatini tashkil etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Raqamli iqtisodiyot va elektron hukumatni keng joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 28-apreldagi PQ-4699-son qarori ijrosini taʼminlash maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Raqamli iqtisodiyot va elektron hukumatni keng joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2020-yil 28-apreldagi PQ-4699-son qaroriga muvofiq “Elektron hukumat loyihalarini boshqarish markazi”, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining “Sunʼiy intellekt texnologiyalarini 2030-yilga qadar rivojlantirish strategiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2024-yil 14-oktabrdagi PQ-358-son qarori bilan “Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi” davlat muassasasi (keyingi oʻrinlarda — Markazlar) tashkil etilganligi va ularning asosiy vazifalari belgilanganligi maʼlumot uchun qabul qilinsin.

2. Markazlarning asosiy vazifalaridan kelib chiqqan holda:

a) “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining funksiyalari etib quyidagilar belgilansin:

elektron hukumat va raqamli iqtisodiyot loyihalarini amalga oshirishda yagona texnologik yondashuvni taʼminlash, shu jumladan loyihaviy-texnik hujjatlarni kompleks ekspertizadan oʻtkazish;

axborot texnologiyalaridan foydalanishning samaradorligi va elektron davlat xizmatlarini joriy etishni tahlil qilish orqali davlat organlari va tashkilotlarida raqamli rivojlanishning ustuvor yoʻnalishlarini ishlab chiqish;

raqamli iqtisodiyot va elektron hukumatni rivojlantirish boʻyicha davlat organlari va tashkilotlarga uslubiy-amaliy yordam koʻrsatish;

davlat organlari va tashkilotlarida ijro intizomining idoralararo yagona elektron tizimini, idoralararo axborot tizimlarini, manbalar va boshqa dasturiy mahsulotlarni joriy etish;

elektron hukumat va raqamli iqtisodiyot sohasidagi loyihalarni samarali amalga oshirish uchun normativ-huquqiy bazani takomillashtirish boʻyicha takliflar tayyorlash;

elektron hukumat va raqamli iqtisodiyot sohasidagi loyihalarni amalga oshirish bosqichlarini muvofiqlashtirish, shuningdek davlat organlari va tashkilotlari faoliyatida axborot texnologiyalarining joriy etilishini monitoring qilish va baholash;

elektron hukumat va raqamli iqtisodiyot sohasidagi loyihalarni amaliyotga tatbiq etish boʻyicha maqsadli indikatorlar va samaradorlik koʻrsatkichlarini ishlab chiqish;

elektron hukumat infratuzilmasini yanada rivojlantirishni taʼminlash, shu jumladan Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali, davlat xizmatlari va boshqa elektron hukumat axborot tizimlari xizmatlarini koʻrsatganlik uchun toʻlangan davlat boji va yigʻimlar miqdorini hisobga olishning yagona billing tizimini rivojlantirish;

“Digital office” tizimini texnik jihatdan qoʻllab-quvvatlash, uzluksiz ishlashi va axborot xavfsizligini taʼminlash;

“Elektron hukumat” tizimining maʼlumotlarni qayta ishlash markazi faoliyatini muvofiqlashtirish, davlat axborot tizimlari va resurslarini joylashtirish, saqlash va qayta ishlash;

b) “Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi” davlat muassasasining funksiyalari etib quyidagilar belgilansin:

har tomonlama tahliliy va amaliy tadqiqotlar asosida raqamlashtirish jarayonlarining ishlab chiqarish va iqtisodiyot tarmoqlariga taʼsirini baholash hamda kelgusida mamlakat iqtisodiyotining raqamli transformatsiyasini kengaytirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;

davlat organlari va iqtisodiyot tarmoqlari faoliyatida raqamli iqtisodiyotni keng joriy etishda yuzaga keladigan muammolarni oʻrganish, tahlil qilish va ularning yechimlari boʻyicha har tomonlama asoslangan takliflar tayyorlash;

ekspertlar hamjamiyati bilan birgalikda davlat organlari va tashkilotlarining faoliyatiga raqamli iqtisodiyot va elektron hukumat sohalaridagi yangi yoʻnalish va zamonaviy texnologiyalarni chuqur oʻrganish orqali keng joriy etish boʻyicha takliflar ishlab chiqish;

raqamli iqtisodiyot va elektron hukumatning rivojlanganlik darajasi boʻyicha yetakchi mamlakatlar tajribasini oʻrganish hamda ularni davlat organlari, tashkilotlar va iqtisodiyot tarmoqlariga tatbiq etish yuzasidan takliflar tayyorlash;

“aqlli” va boshqa istiqbolli texnologiyalarni, shuningdek iqtisodiyotning turli sohalarida katta hajmdagi maʼlumotlarni qayta ishlash texnologiyalarini joriy qilishning konseptual va uslubiy asoslarini shakllantirish;

raqamli texnologiyalarni joriy etishning ustuvor yoʻnalishlari boʻyicha ilmiy-texnik va tadqiqot faoliyatini amalga oshirishga asoslangan elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirishning uzoq muddatli istiqbollarini ishlab chiqish;

sunʼiy intellekt texnologiyalarini joriy etish va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish, shu jumladan, normativ-huquqiy bazani shakllantirish, xalqaro standartlar va metodologiyalarni joriy etish boʻyicha yagona texnologik yondashuvni taʼminlash;

maʼlumotlarni qayta ishlash uchun texnologik infratuzilmani rivojlantirish hamda ijtimoiy va iqtisodiy sohalarida sunʼiy intellekt texnologiyalari asosida ustuvor loyihalarni amalga oshirish;

sunʼiy intellekt texnologiyalari asosida raqobatbardosh dasturiy mahsulotlar ishlab chiqarishni ragʻbatlantirish hamda ularning tashqi bozorlarga chiqishini qoʻllab-quvvatlash boʻyicha takliflar tayyorlash;

elektron davlat xizmatlarini koʻrsatish tizimida sunʼiy intellekt texnologiyalarini joriy etishning ustuvor yoʻnalishlarini belgilash yuzasidan takliflarni ishlab chiqish;

sunʼiy intellekt sohasida kadrlar salohiyatini rivojlantirish, aholini sunʼiy intellekt imkoniyatlaridan amaliy foydalanishga keng oʻrgatish, shuningdek, ushbu yoʻnalishda ilmiy salohiyatni rivojlantirish boʻyicha takliflar ishlab chiqish.

3. Quyidagilar:

Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining tuzilmasi 1-ilovaga muvofiq;

Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi” davlat muassasasining tuzilmasi 2-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vaziriga Markazlarning tuzilmalariga xodimlarning belgilangan umumiy cheklangan soni doirasida oʻzgartirishlar kiritish huquqi berilsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzurida davlat muassasasi shaklida “Binolardan foydalanish va kapital qurilish direksiyasi” (keyingi oʻrinlarda — Direksiya) tashkil etilsin.

Quyidagilar Direksiyaning asosiy vazifalari etib belgilansin:

Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi (keyingi oʻrinlarda — Vazirlik) va uning tizimidagi tashkilotlarning bino va inshootlarini qurish, rekonstruksiya qilish va kapital taʼmirlash ishlariga buyurtmachi vazifasini bajarish;

Vazirlik va uning tarkibidagi tashkilotlarning bino va inshootlaridan foydalanish va ularga xizmat koʻrsatish;

Vazirlik va uning tarkibidagi tashkilotlarni transport xizmati bilan taʼminlash hamda ularning moddiy-texnik taʼminotini tashkil qilish.

5. Quyidagilar:

a) “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasining mobil aloqa xizmatlarini koʻrsatuvchi yuridik shaxslar (uyali aloqa kompaniyalari) tomonidan abonent raqamidan foydalanganlik uchun toʻlanadigan toʻlov summasining taqsimlanguniga qadar boʻlgan 35 foizidan shakllantiriladigan maxsus hisobvaragʻiga kelib tushgan mablagʻlar;

Yagona interaktiv davlat xizmatlari portali orqali davlat xizmatlarini koʻrsatganlik uchun toʻlangan davlat bojlari, yigʻimlar va barcha turdagi toʻlovlarning 11,75 foizi (shundan 0,5 foizi — Yagona billing tizimi orqali davlat xizmatlari koʻrsatilganda) — Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining Iqtisodiyot va moliya vazirligi huzuridagi Gʻaznachilik xizmati qoʻmitasidagi maxsus hisobvaragʻiga kelib tushgan mablagʻlar;

xalqaro moliya institutlari va boshqa institutlar, xorijiy tashkilotlarning grantlari;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar;

b) “Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi” davlat muassasasining faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi;

xoʻjalik shartnomalari doirasida koʻrsatilgan xizmatlar hamda loyihalarni amalga oshirishdan tushgan mablagʻlar;

zarur texnik infratuzilmani taqdim etish evaziga shartnomaviy asosda startap-loyihalardagi oʻz ulushlarini sotishdan tushgan mablagʻlar;

xalqaro moliya institutlari va boshqa institutlar, xorijiy tashkilotlarning grantlari;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar;

v) Direksiyaning faoliyatini moliyalashtirish manbalari etib belgilansin:

Raqamli texnologiyalarni rivojlantirish jamgʻarmasi hamda Vazirlik tizimidagi tashkilotlar mablagʻlari;

xoʻjalik faoliyatidan olingan mablagʻlar;

qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar.

5 1 . Belgilab qoʻyilsinki, 2030-yil 1-yanvardan boshlab “Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi” davlat muassasasi oʻzi koʻrsatgan xizmatlar doirasidagi tushumlar hisobidan bosqichma-bosqich mustaqil moliyalashtirishga oʻtadi.

6. Belgilansinki, Markazlar va Direksiya xodimlarining mehnatini moddiy ragʻbatlantirish, Vazirlik bilan kelishilgan holda, Markazlar va Direksiya tomonidan tasdiqlanadigan tegishli nizomlarga muvofiq xarajatlar smetalari doirasida amalga oshiriladi.

Bunda, Markazlar va Direksiya xodimlarining mehnatini ragʻbatlantirish toʻgʻrisidagi nizomlarda ularning lavozim maoshlariga 100 foiz qoʻshimcha oylik ustama qoʻllanilishi nazarda tutiladi.

7. Vazirlik:

bir oy muddatda Markazlarning va Direksiyaning ustavlarini ishlab chiqsin va tasdiqlasin, shuningdek ularning belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin;

Markazlarni va Direksiyani zarur mutaxassislikka ega tajribali kadrlar bilan toʻldirish, shuningdek ularning moddiy-texnika bazasini shakllantirish choralarini koʻrsin.

8. Markazlar quyidagi manzildagi binolarda tekin foydalanish huquqi asosida joylashtirilsin:

“Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasi Toshkent shahrining, Mirzo Ulugʻbek tumani I. Moʻminova koʻchasidagi 4-uy;

“Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi” davlat muassasasi Toshkent shahrining Yashnobod tumani Maxtumquli koʻchasidagi 114A-uy.

Bunda, binolarni saqlash boʻyicha joriy xarajatlar foydalanuvchilar tomonidan qoplanadi.

9. Vazirlar Mahkamasining 2012-yil 19-dekabrdagi 356-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi QT, 2012-y., 12-son, 87-modda) bilan tasdiqlangan Axborot-kommunikatsiya texnologiyalarini rivojlantirish jamgʻarmasi toʻgʻrisidagi nizom 5-bandining “b” kichik bandiga quyidagi mazmundagi yigirma oltinchi xatboshi qoʻshilsin:

“elektron hukumat va raqamli iqtisodiyotning idoralararo loyihalarini moliyalashtirish maqsadida “Elektron hukumat loyihalarini boshqarish markazi” va “Raqamli iqtisodiyot tadqiqotlari markazi” davlat muassasalarining joriy taʼminoti, moddiy-texnik bazasini mustahkamlash hamda ularning xodimlari mehnatini qoʻshimcha moddiy ragʻbatlantirish boʻyicha ajratiladigan xarajatlar hamda “Binolardan foydalanish va kapital qurilish direksiyasi” davlat muassasasi faoliyatini moliyalashtirish”.

10. Vazirlik boshqa manfaatdor vazirlik va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

11. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining maslahatchisi — IT-texnologiyalar, telekommunikatsiyalar va innovatsion faoliyatni rivojlantirish masalalari departamenti boshligʻi O.M. Umarov hamda Oʻzbekiston Respublikasi axborot texnologiyalari va kommunikatsiyalarini rivojlantirish vaziri Sh.M. Sadikov zimmasiga yuklansin.

Vazir Mahkamasining 2020-yil 25-iyundagi 409-son qaroriga 1-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Raqamli hukumat loyihalarini boshqarish markazi” davlat muassasasining

Direktor Direktorning birinchi oʻrinbosari Direktor oʻrinbosari Direktor oʻrinbosari Direktor oʻrinbosari Direktor oʻrinbosari Nazorat va ijro intizomi boʻlimi 2 Axborot tizimlari va resurslarini rivojlantirish boshqarmasi 1 Tashqi iqtisodiy aloqalar, moliya, investitsiyalar va bank ishlari sohasida raqamli texnologiyalarni joriy etish boʻlimi 6 Transport, yoqilgʻi-energetika kompleksi va uy-joy, kommunal xoʻjalik sohasida raqamli texnologiyalarni joriy etish boʻlimi 8 Ijtimoiy, taʼlim va sogʻliqni saqlash tizimida raqamli texnologiyalarni joriy etish boʻlimi 8 Maʼlumotlar markazi infratuzilmasini qoʻllab-quvvatlash va ekspluatatsiya qilish boʻlimi 8 Yuridik boʻlim 3 Kadrlar boʻlimi 2 Markazlashgan maʼlumotlar bazalari va axborot tizimlarini rivojlantirish boʻlimi 5 Ilm-fan, yoshlar, oila va mahallani qoʻllab-quvvatlash tizimida raqamli iqtisodiyotni joriy etish boʻlimi 6 Maʼlumotlar markazining muhandislik infratuzilmasini qoʻllab-quvvatlash boʻlimi 10 Xaridlar, budjet, bojxona va soliq sohasida raqamli texnologiyalarni joriy etish boʻlimi 6 Buxgalteriya 2 Koʻchmas mulk, kadastr, geologiya va qurilish sohasida raqamli texnologiyalarni joriy etish boʻlimi 6 Maxsus ishlar boʻlimi 2 Maʼlumotlar markazining axborot va ichki xavfsizlik boʻlimi 4 Maʼlumotnomalar va tasniflagichlarni rivojlantirish boʻlimi 4 Davlat boshqaruvi va adliya organlarida raqamli texnologiyalarni joriy etish boʻlimi 6 Madaniyat, taʼlim sohasi va kutubxona ishlarida raqamli texnologiyalarni joriy etish boʻlimi 4 Xarid va shartnomalar boʻlimi 2 Qishloq va suv xoʻjaligi, oziq-ovqat xavfsizligi sohasida raqamli texnologiyalarni joriy etish boʻlimi 6 Maʼlumotlar markazi tizimlari monitoringi boʻlimi 7 Elektron davlat xizmatlarini rivojlantirish boshqarmasi 1 Ekologiya va atrof muhitni muhofaza qilish sohasida raqamli texnologiyalarni joriy etish boʻlimi 4 Elektron parlament tizimini rivojlantirish boʻlimi 4 Hududlarda raqamli texnologiyalarni joriy etishni muvofiqlashtirish boʻlimi 5 Operatsion va funksional jarayonlarni muvofiqlashtirish boʻlimi 4 Mehnat va arxiv ishi sohasida raqamli texnologiyalarni joriy etish boʻlimi 4 Yagona interaktiv davlat xizmatlari portalini rivojlantirish boʻlimi 4 Raqamli iqtisodiyot va elektron hukumat loyihalarini audit va ekspertiza qilish boʻlimi 10

Vazir Mahkamasining 2020-yil 25-iyundagi 409-son qaroriga 2-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Raqamli texnologiyalar vazirligi huzuridagi “Sunʼiy intellekt va raqamli iqtisodiyotni rivojlantirish markazi” davlat muassasasining

Direktor Direktorning birinchi oʻrinbosari Direktorning oʻrinbosari Marketing va savdolar boʻlimi 2 Maʼmuriy-xoʻjalik ishlari boʻyicha bosh mutaxassis 1 Infratuzilma boʻlimi 4 Strategik rivojlantirish va reytinglar boʻlimi 3 Buxgalteriya 2 Iqtisodiy ishlar boʻyicha bosh mutaxassis 1 Katta maʼlumotlarni shakllantirish boʻlimi 4 “Raqamli iqtisodiyot” ilmiy-elektron jurnali tahririyati 3 Kadrlar boʻlimi 2 Ichki audit va korrupsiyaga qarshi kurashish boʻyicha bosh mutaxassis 1 Davlat va xoʻjalik sektorlariga sunʼiy intellektni joriy etish boʻlimi 4 Raqamli iqtisodiyot boʻlimi 3 Yuridik boʻlim 2 Texnika xavfsizligi va mehnat muhofazasi boʻyicha bosh mutaxassis 1 IT-kompaniyalar va startaplar bilan ishlash boʻlimi 3 Sunʼiy intellekt sohasida savodxonlikni oshirish boʻlimi 3 Nazorat va ijro intizomi boʻlimi 2 Maxsus ishlar boʻyicha bosh mutaxassis 1 Axborot xavfsizligi boʻlimi 2 Xaridlar boʻyicha bosh mutaxassis 1 Xalqaro munosabatlar boʻyicha bosh mutaxassis 1 Axborot xizmati 1

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 25-iyun,

409-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 26.06.2020-y., 09/20/409/0955-son; 14.03.2023-y., 09/23/107/0146-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 29.12.2023-y., 09/23/688/0996-son; 11.07.2025-y., 09/25/425/0597-son)

lex.uz