UzbekAI

← Qonunlar

📅 2020-yil 6-iyul · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2020 йил 6 июль · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 6 июля 2020 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 6 July 2020 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

ТАРКИБИ

ТАРКИБИ

КОНЦЕПЦИЯСИ

Умумий ўрта таълим муассасаларида «Тарбия» фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг ёши ва психофизиологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларнинг онгига умуминсоний қадриятлар ва юксак маънавиятни янада чуқур сингдириш, уларни ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, умумий ўрта таълим муассасаларидаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Умумий ўрта таълим муассасаларида «Одобнома», «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари» ҳамда «Дунё динлари тарихи» фанларини бирлаштирган ҳолда ягона «Тарбия» фани 1 — 9-синфларда — 2020/2021 ўқув йилидан, 10 — 11-синфларда эса — 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб фанларга ажратилган умумий соатлар доирасида босқичма-босқич амалиётга жорий этилсин.

2. Қуйидагилар:

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун «Тарбия» фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг яратилишини мувофиқлаштирувчи гуруҳ таркиби 1-иловага мувофиқ;

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун «Тарбия» фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш бўйича тузувчилар гуруҳи таркиби 2-иловага мувофиқ;

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун «Тарбия» фани концепцияси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

«Тарбия» фани бўйича умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартини ва ўқув дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

2020 йил 10 июлга қадар 2020/2021 ўқув йилига умумий ўрта таълим муассасаларининг 1 — 9-синфлари учун ҳамда 1 декабрга қадар 2021/2022 ўқув йилига 10 — 11-синфлар учун мўлжалланган «Тарбия» фани бўйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларга буюртмаларни шакллантирсин;

2020 йил 15 июлга қадар 1 — 9-синфлар ҳамда 2021 йил 1 майга қадар 10 — 11-синфлар учун мўлжалланган «Тарбия» фани бўйича дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни чоп этиш бўйича истисно тариқасида декларация қилинган нархлар асосида давлат ва хусусий нашриёт-матбаа ташкилотлари билан шартномалар тузсин;

«Тарбия» фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни янги ўқув йили бошлангунга қадар чоп этишни ташкил этсин ва уларнинг жойларга етказилишини таъминласин;

2020 йил июль ойидан бошлаб янги ўқув йили бошлангунга қадар «Тарбия» фани бўйича тайёрланган ўқув дастурлари ва дарсликлар асосида умумтаълим мактабларидаги «Бошланғич таълим», «Миллий ғоя ва ҳуқуқ», «Тарих» ва «Диншунослик» мутахассислигига эга фан ўқитувчилари учун халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказларида «Тарбия» фанидан онлайн шаклда мақсадли малака ошириш курсларини ташкил этсин;

малака ошириш курслари давомида «Тарбия» фанидан тайёрланган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни тажриба-синовдан ўтказсин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

«Тарбия» фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш (дарсликларни нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва етказиб бериш, тузувчиларга ҳақ тўлаш) билан боғлиқ харажатлар дарслик ва ўқув-методик мажмуаларнинг умумий нархига киритилади;

«Тарбия» фанидан дарсликлар ва ўқув мажмуаларини харид қилиш ва етказиб бериш харажатлари:

умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-синф, Меҳрибонлик уйлари, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлари ўқувчиларини, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар фарзандларини ҳамда ўқитувчилар учун «Тарбия» фанидан дарсликлар, мультимедиа иловалари ва ўқув-методик мажмуалар нашр этилиши, шунингдек, ижара асосида дарсликлар билан бирламчи таъминлаш — Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан;

ўқувчиларни ижара асосида дарсликлар билан таъминлаш — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дин ишлари қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги:

2020 — 2023 йилларда республика олий таълим муассасаларининг «Бошланғич таълим», «Тарих» (мамлакатлар ва минтақалар бўйича), «Тарих ўқитиш методикаси», «Филология ва тилларни ўқитиш: Ўзбек тили», «Ўзбек тили ва адабиёти», «Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими», «Педагогика ва психология», «Диншунослик» ва Исломшунослик (Ислом тарихи ва манбашунослиги)», «Психология (Дин социопсихологияси)» таълим йўналишлари битирувчиларига умумий ўрта таълим мактабларида «Тарбия» фанини ўқитиш ҳуқуқи берилиши юзасидан зарур чораларни кўрсин ва мазкур таълим йўналишлари ўқув режаларига 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тегишли ўзгартиришлар киритсин;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда умумий ўрта таълим мактабларида «Тарбия» фанини ўқитиш учун кадрлар тайёрланадиган янги таълим йўналиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифларни киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 июндаги 422-сон қарорига 1-ИЛОВА

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун «Тарбия» фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг яратилишини мувофиқлаштирувчи гуруҳ

1. Ш. Шерматов — халқ таълими вазири, гуруҳ раҳбари 2. Д. Кенжаев — халқ таълими вазири ўринбосари, гуруҳ раҳбари ўринбосари 3. Лавозимига кўра — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, гуруҳ раҳбари ўринбосари 4. Д. Махсудов — Дин ишлари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари 5. А. Тагаев — Халқ таълими вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи 6. Ш. Сатторов — Республика таълим маркази директори 7. Л. Гайнутдинова — Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази директори 8. Ҳ. Тўйчиева — Халқаро ислом академияси ижтимоий-гуманитар фанлар кафедраси мудири 9. О. Эрназаров — Халқаро ислом академияси илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш шуъбаси бошлиғи 10. И. Камолов — Тошкент шаҳридаги Президент мактаби тарих, миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ фанлари ўқитувчиси 11. З. Рашидова — Тошкент шаҳридаги Президент мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси 12. Ш. Тошмирзаева — Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Филология фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси 13. Б. Хасанова — Тошкент шаҳар Яккасарой тумани 48-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси 14. З. Жабборова — Республика таълим маркази методисти, гуруҳ котиби

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 июндаги 422-сон қарорига 2-ИЛОВА

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун «Тарбия» фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш бўйича тузувчилар гуруҳи

1. Д. Кенжаев — халқ таълими вазири ўринбосари, гуруҳ раҳбари 2. М. Қуронов — Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари, гуруҳ раҳбари ўринбосари 3. О. Махмудов — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги матбуот котиби 4. З. Исломов — Халқаро ислом академияси профессори 5. Д. Раҳимжонов — Халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси 6. Д. Рўзиева — Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети профессори 7. З. Замонов — Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети кичик илмий ходими 8. Ш. Сатторов — Республика таълим маркази директори 9. Н. Исматова — Халқаро ислом академияси ҳузуридаги «Зиё-зукко таълим маскани»директори 10. С. Мадалиева — Халқаро ислом академияси ҳузуридаги «Зиё-зукко таълим маскани» психологи 11. С. Зокирова — Халқаро ислом академияси ҳузуридаги «Зиё-зукко таълим маскани» ўқитувчиси 12. С. Шермухамедова — Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази катта ўқитувчиси 13. С. Аккулова — Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази катта ўқитувчиси 14. Ю. Рысюкова — «O'qituvchi» давлат унитар корхонаси илмий-методик нашриёт маркази директорининг инновация ва ривожлантириш бўйича ўринбосари 15. С. Хафизов — «O'qituvchi» давлат унитар корхонаси илмий-методик нашриёт маркази бўлим бошлиғи 16. К. Жалилов — «O'qituvchi» давлат унитар корхонаси илмий-методик нашриёт маркази бўлим бошлиғи 17. О. Усманова — «O'qituvchi» давлат унитар корхонаси илмий-методик нашриёт маркази етакчи мутахассиси 18. Н. Холмуҳамедова — Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани 49-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси 19. Л. Мўминова — Тошкент шаҳар Олмазор тумани 29-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 июндаги 422-сон қарорига 3-ИЛОВА

Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун «Тарбия» фани

1-боб. Умумий қоидалар

1. Бугунги глобаллашув жараёнлари, фан-техника тараққиёти, инновацион жамиятга бўлган эҳтиёж ёшлар учун кўплаб имкониятлар яратмоқда. Улар олдига тезкор қарорлар қабул қилиш, инновацион тафаккурни шакллантириш, интеллектуал салоҳиятни ошириш билан бирга миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ бўлишдек ҳаётий талабларни қўймоқда.

Шу боис, Ўзбекистон Республикасида «Тарбия» фани концепцияси мазкур фанни давлатнинг таълим-тарбия соҳасидаги сиёсатини амалга оширишда мавжуд бўлган долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилади. Концепция ёш авлод тарбиясидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган устувор вазифалар, асосий мақсад ва йўналишларни белгилаб беради.

Шунингдек, Концепцияда белгиланган йўналишлар мамлакат ёшларини маънан ва жисмонан баркамол қилиб тарбиялаш, иқтидори ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни давлат ва жамиятнинг ривожига кенг жалб этиш, ташаббусларини етарли даражада қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳуқуқий асослар, иқтисодий имкониятлар ва ташкилий механизмларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

2. Мазкур Концепция Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган ҳужжатлари, хусусан «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги конвенциялар, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Ёшлар-2030» стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига асосланади.

3. Концепцияда белгиланган вазифалар Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси талаблари, Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси, миллий ва жаҳондаги илғор тажрибалар, мамлакатимиздаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда амалга оширилади.

4. Концепция умумий ўрта таълим тизимида ўқувчиларнинг ёшига мос маънавий ривожланишини таъминлаш ва фаол фуқаролик компетенцияларини шакллантириш мақсадида умумий ўрта таълим мактабларида ўқитилаётган «Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар» туркумига кирувчи фанлар «Одобнома», «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари», «Маънавият асослари», «Дунё динлари тарихи» фанларини бирлаштирган ягона Тарбия фанининг асосий йўналишларини белгилаб беради. Шу мақсадда, Хитой Халқ Республикаси, Сингапур, Япония, Корея Республикаси, Австралия, Германия, Буюк Британия, Франция ва Россия Федерацияси каби давлатларнинг тажрибалари ўрганилди, амалдаги фанларнинг ўқув дастурлари ҳар томонлама қиёсий таҳлил қилинди.

5. Концепция асосида яратилган дастур амалдаги Соғлом авлод асослари, Саломатлик, Йўл ҳаракати қоидалари, Ҳаёт хавфсизлиги асослари, Саломатлик дарслари, Ҳуқуқий тарбия, Экологик тарбия, Медиа маданияти, Иқтисод ва солиқ сабоқлари каби бир қанча факультатив ўқув курслари дастурларини бирлаштиради.

6. Концепция умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларида белгиланган талабларнинг (кейинги ўринларда — Малака талаблари) негизи ҳисобланади. Концепция «Тарбия» фанини ўрганиш босқичлари, ўқув фани бўйича таълим мазмуни ва малака талабларининг тузилишини белгилайди.

2-боб. Концепциянинг долзарблиги ва зарурати

7. Бугунги кунда ривожланган давлатларда ёшлар билан ишлашнинг янгича моделларини яратишда инновацион механизм ва технологияларни қўллашга доир кўплаб амалий ишлар қилинмоқда.

8. Шиддат билан ўзгараётган дунёда ўқувчи-ёшларни муваффақиятли ижтимоий ҳаётга тайёрлашда масъулият, мажбурият, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, теран дунёқараш, соғлом эътиқодлилик, маърифатлилик, диний ва миллий бағрикенглик, маънавий, фуқаровий, маданиятлараро, ижтимоий каби фазилатларни шакллантириш кун тартибидаги асосий масалаларга айланиб бормоқда.

Шу боис ёшлар тарбиясига бевосита таъсир кўрсатадиган «Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар» туркумига кирувчи фанларни ўқитиш таълим жараёнига янгича ёндашувни тақозо этмоқда. Жумладан, ёшлар тарбиясида дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва мафкуравий жараёнларга тўғри баҳо бера олиш, ижтимоий муаммоларни ҳал этишда тўғри қарор қабул қилиш, ҳаётда ўз ўрнини топиш билан боғлиқ бўлган аниқ мақсадларни шакллантира олишга ўргатиш, бунинг натижаси ўлароқ, оила-жамият ўртасидаги муносабатларнинг узилиб қолишининг олдини олиш, лоқайдлик, ҳуқуқбузарлик, «оммавий маданият»нинг турли кўринишларидан сақлаш имкони яратилади.

Бу, ўз ўрнида, Ўзбекистон Республикасини сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маънавий ривожлантиришнинг муҳим омили бўлган ёшлар тарбияси шахсан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббускорлигида давлат сиёсати даражасига кўтарилганини инобатга олиб, ушбу йўналишдаги принципиал ёндашувларни такомиллаштириш, стратегик мақсад ва вазифаларнинг концептуал асосларини ишлаб чиқиш заруратини талаб қилди.

3-боб. Концепцияни жорий этишнинг асос ва принциплари

9. Концепцияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашдаги асосий принциплар қуйидагилар ҳисобланади:

миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлиги;

онгли ватанпарварлик руҳини ривожлантириш;

соҳадаги замонавий илмий-тадқиқотларга асосланиш;

очиқлик ва шаффофлик;

тарбия соҳасига оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш;

тарбия соҳасига доир сиёсатни амалга оширишда иштирок этувчи давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусий сектор фаолиятининг мувофиқлиги ва мутаносиблиги.

10. Ҳуқуқий асослари:

Концепцияни амалга ошириш орқали шахс тарбиясида миллий норматив-ҳуқуқий базани мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқ шакллантириш;

вазирликлар ва идоралар, муассасалар, давлат ҳамда нодавлат корхона ва ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари «Тарбия» фани концепциясининг амалга ошириш тизимини ташкил этади.

11. Ташкилий-бошқарув асослари:

Концепцияни амалга оширишнинг комплекс чора-тадбирлар режаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг қўшма қарорларни ишлаб чиқиш;

илғор педагогик тажрибаларни аниқлаш, ўрганиш ва уларни оммалаштириш, рағбатлантиришни ташкил этиш;

«Тарбия» фани концепциясининг самарадорлигини мониторинг қилиш.

12. Илмий-методик асослари:

шахснинг ижтимоийлашуви ва тарбиясига оид илмий-тадқиқот изланишларини амалга оширилишини таъминлаш;

«Тарбия» фани малака талаблари, ўқув дастурлари ва ўқув режаларини шакллантириш;

«Тарбия» фани дарсликларини яратишда самарали тарбия технологияларини жорий этиш;

«Тарбия» фани ўқув-методик мажмуасини яратиш ва амалиётга йўналтириш;

давлат таълим стандартлари талаблари асосида ўқувчилар томонидан одоб-ахлоқ, билим, кўникма ва малака ҳамда компетенцияларнинг тўлиқ ўзлаштирилишига эришиш;

ўқувчиларда мустақил ва эркин фикрлашни ҳамда уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш;

ўқувчиларда илмий дунёқараш ва глобал тафаккур юритиш компетентлигини шакллантириш;

умумтаълим фанларини ўқитишнинг принципиал янги методологияси асосида таълим-тарбиянинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш.

13. Фаннинг таркиби, мазмуни, ўқув-методик таъминоти:

умумий ўрта таълим мактабларида Тарбия фанини ўқитиш талаблари қуйидаги босқичларда ишлаб чиқилиши зарур:

бошланғич синф (А2), тўққизинчи синф (А2+), ўн биринчи синф (В1) битирувчисига қўйиладиган минимал малака талаблари, компетенциялар, баҳолаш тартиби ва ўқув дастурлари. Ҳар бир босқич маънавий-ахлоқий, тафаккур, ҳуқуқий, фуқаровий, иқтисодий, жисмоний, экологик, эстетик тарбия турларини ўз ичига олиши лозим;

ҳар бир босқичда ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш;

ўқувчилар тарбиясида оиланинг мактаб билан ўзаро самарали ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ота-оналарга, бошқа миллат ва маданият вакилларига бўлган ҳурматни умуминсоний тамойилдан келиб чиқиб шакллантиришни қўллаб-қувватлаш;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш;

узлуксиз таълим тизимига «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» тамойилига асосланган миллий қадриятларни сингдириш;

ўқувчиларни ҳар томонлама, жисмоний, руҳий, маънавий-ахлоқий ривожлантириш орқали ижтимоий ҳаётга мослаштириш ва турли мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилишга ўргатиш;

болада фаол фуқаролик позицияларини шакллантириш;

дунё динларининг кўп асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган маънавий қадрият эканини тушунтириш билан бир қаторда, ҳеч бир дунё динида зўравонлик, терроризм ва экстремизм ғоялари тарғиб этилмаслигини тушунтириш;

шахс фаолиятида ижтимоий-маърифий институтлар билан ҳамкорликни кучайтириш;

маънавий-ахлоқий жиҳатдан муаммоси бор ёки тарбиясида бўшлиқлар мавжуд бўлган ёки нотинч оила фарзандлари, жиноятчиликка мойил бўлган ёки профилактик рўйхатда турадиган ёшлар билан индивидуал тарзда ишлаш тизимини такомиллаштириш.

4-боб. Ўқув-методик мажмуага қўйиладиган талаблар

14. Ўқув-методик мажмуанинг янги авлодини ишлаб чиқиш принциплари ҳамда уларнинг мазмуни ва сифатига қўйиладиган талаблар:

ўқувчиларда таянч компетенцияларни шакллантириш;

«Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» принципи мазмун ва моҳиятини ўқувчиларнинг онгу тафаккурига сингдириш;

ўқувчиларни муваффақиятли ижтимоий ҳаётга тайёрлаш;

фаол фуқаролик позицияларини мустаҳкамлаш;

масъулият, мажбурият, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, теран дунёқараш, соғлом эътиқодлилик, теран маърифатлилик, бағрикенглик каби фазилатларни шакллантириш вазифаларини белгилайди.

Тарбия фани ўқувчиларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, уларнинг ҳар томонлама ижтимоийлашувига кўмаклашиш, самарали ҳамкорлик қилиш, вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий, маънавий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш, ўзларининг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

15. Шу билан бирга, ёшлар ўртасида учраётган салбий ҳолатларнинг асл сабабларини аниқлаш ва олдини олиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни кескин камайтиришга қаратилган қуйидаги профилактик ишлар натижадорлигини оширишга замин яратади:

ўқувчиларда миллий ғурур ва ифтихор, моддий ва маънавий меросни асраб-авайлашга қаратилган инсонпарварлик туйғусини таркиб топтириш;

давлат таълим стандартлари талаблари асосида ўқувчилар томонидан билим ва ҳаётий кўникмаларнинг тўлиқ ўзлаштирилишига эришиш;

ўқувчиларда мустақил ва эркин фикрлашни ҳамда уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш;

янги авлод ўқув-методик мажмуаларини яратиш ва амалиётга жорий этиш;

умумтаълим фанларининг ўқитиш методологиясини такомиллаштириш асосида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш.

16. Ўқув-методик мажмуани ишлаб чиқиш принциплари:

мазкур фан бўйича ўқувчиларга сифатли билим бериш, уларни тўғри тарбия йўлига йўналтириш, зарур билим ва ҳаётий кўникмаларга эга бўлишларига, мустақил ҳаётга мослашишларига кўмак кўрсатиш, турли вазиятларда ҳуқуқий, маънавий мезонларга асосланган ҳолда қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган эстетик жиҳатдан замонавий безатилган, қизиқарли ва психологик-педагогик материалларга бой қуйидаги ўқув-методик мажмуалар комплексини талаб қилади:

ўқув-методик мажмуа таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари асосида яратилганлиги;

ўқувчиларнинг ақлий ва жисмоний имкониятлари, ёши, психофизиологик хусусиятлари, билим даражаси, қизиқишлари, лаёқатлари ҳисобга олинганлиги;

ўқувчиларда ватанпарварлик ва миллий ифтихор туйғусини шакллантиришга қаратилганлиги;

умумий ўрта таълимининг зарур ҳажми берилганлиги, ўқувчиларда мустақил ижодий фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилганлиги;

мавзуларнинг мазмунан изчиллиги, илғор педагогик технологиялар, медиа-маҳсулотлардан унумли фойдаланилганлиги.

17. Дарсликка қўйиладиган дидактик талаблар:

ўқувчилар томонидан ўқув материалларининг тўлиқ ўзлаштирилишини таъминлаш;

матнлар ахборот беришга эмас, балки ўқув фани мазмун-моҳиятининг ўқувчилар томонидан англаш ва ҳаётга татбиқ қилиш мақсадларига хизмат қилиши;

қизиқарли, лўнда ва ҳамма учун қулай ва табақалаштирилган бўлиши;

илмий дунёқарашни шакллантириш, ватанпарварлик ва миллатлараро тотувлик талабларига жавоб бериши, аниқ далилларга асосланган материаллардан таркиб топиши;

таълимнинг кундалик ҳаёт ва амалиёт ўртасидаги боғлиқлигини таъминлашга, олинган билимларни амалиётда қўллай олиш иқтидори шакллантирилишига, бошқа ўқув фанлари билан узвий боғлиқликни таъминлашга йўналтирилган бўлиши;

расмлар кўринишидаги иллюстрациялар: хариталар, чизмалар, схемалар, жадваллар, диаграммалар, фотосуратлар, инфографикалардан иборат медиамаҳсулотлар билан безатилган бўлиши;

ўқувчилар психо-физиологик ривожланиш даражасига мос янги тушунчалар, атамалар, қоидалар, таърифлар ва шу каби луғат кўринишида ифодаланган бўлиши лозим.

18. Дарсликка қўйиладиган илмий-методик талаблар:

фан-техниканинг сўнгги ютуқларини ўзида акс эттириши;

ўқув фани мавзуларининг мазмунан яхлитлиги таъминланган бўлиши;

ўқув фани мавзулари адабий тил қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда оддий, содда, тушунарли ва равон тилда баён қилиниши;

мантиқий кетма-кетлик ва изчилликка амал қилиниши;

Ўзбекистон халқининг менталитетига зид бўлмаган тегишли иллюстрациялар билан бойитилиши;

савол ва топшириқларнинг аниқ ифодаланган бўлиши;

ўқувчиларни фикрлашга, ёзишга, тасвирлашга, чизма чизишга, ҳисоблашга, амалий ишларни бажаришга, тажрибалар ўтказишга ўргатишда педагогик технологиялардан фойдаланиш назарда тутилган бўлиши;

бир тушунчанинг икки хил атама билан ифодаланишига, саналарни келтиришда ноаниқликка йўл қўйилмаслиги;

ўқувчиларни муваффақиятли ижтимоий ҳаётга йўналтиришга оид матн ва расмлар, изоҳли луғат, техник ижодкорлик, мантиқий ва инновацион тафаккурни ўстиришга қаратилган лойиҳалаш ҳамда моделлаштириш топшириқларини қамраб олган бўлиши лозим.

19. Дарсликка қўйиладиган педагогик-психологик талаблар:

кенг жамоатчилик томонидан тан олинган илмий асосланган маълумотлар, ўқувчиларнинг билим даражалари, эслаб қолиш қобилиятлари, тафаккури инобатга олинган ҳолда, воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятини англашга ҳамда амалий қизиқишларини ривожлантиришга, билим олиш ва амалий фаолият билан шуғулланишга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга йўналтирилган бўлиши;

ўқув фани мавзуларининг ўқувчи ёши ва психо-физиологик хусусиятларига мос ҳолда берилиши, маълум бир фактлар, тушунчалар, қоидалар ва фанлараро боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда тушунарли баён қилиниши;

ўқувчиларнинг янгиликларни қабул қилиш қобилиятлари, олдин олган билимларини ўзлаштирганлик даражаси ҳисобга олиниши лозим.

20. Дарсликка қўйиладиган эстетик талаблар:

белгиланган талаблар даражасида ёрқин, рангли, чиройли безатилган, замонавий дизайнига мос бўлиши;

матнлар ва иллюстрацияларнинг уйғунлиги ва ўқувчилар ёшига мослиги;

бўлим, боб, мавзулар матнларининг турли шакл ва ранглар билан ажратилиши, уларнинг мутаносиблиги таъминланиши лозим.

21. Дарсликка қўйиладиган гигиеник талаблар:

матн ва иллюстрациялар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мос бўлиши;

ҳарфларнинг катталиги ва қоғознинг сифати (оғирлиги, қалинлиги, оқлиги ва шаффофлиги) таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламенти талабларига мос бўлиши лозим.

5-боб. Якунловчи қоида

22. Концепцияда назарда тутилган мақсад ва вазифаларга эришишнинг молиявий харажатлари Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2020 йил 6 июль,

422-сон

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.07.2020 й., 09/20/422/1033-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 08.05.2023 й., 09/23/193/0260-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

TARKIBI

TARKIBI

KONSEPSIYASI

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida “Tarbiya” fanini bosqichma-bosqich amaliyotga joriy etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilarining yoshi va psixofiziologik xususiyatlarini inobatga olgan holda ularning ongiga umuminsoniy qadriyatlar va yuksak maʼnaviyatni yanada chuqur singdirish, ularni vatanparvarlik va insonparvarlik ruhida tarbiyalash, umumiy oʻrta taʼlim muassasalaridagi maʼnaviy-tarbiyaviy ishlarni yangicha asosda tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida “Odobnoma”, “Vatan tuygʻusi”, “Milliy istiqlol gʻoyasi va maʼnaviyat asoslari” hamda “Dunyo dinlari tarixi” fanlarini birlashtirgan holda yagona “Tarbiya” fani 1 — 9-sinflarda — 2020/2021 oʻquv yilidan, 10 — 11-sinflarda esa — 2021/2022 oʻquv yilidan boshlab fanlarga ajratilgan umumiy soatlar doirasida bosqichma-bosqich amaliyotga joriy etilsin.

2. Quyidagilar:

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun “Tarbiya” fanidan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning yaratilishini muvofiqlashtiruvchi guruh tarkibi 1-ilovaga muvofiq;

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun “Tarbiya” fanidan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni yaratish boʻyicha tuzuvchilar guruhi tarkibi 2-ilovaga muvofiq;

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun “Tarbiya” fani konsepsiyasi 3-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi:

“Tarbiya” fani boʻyicha umumiy oʻrta taʼlimning davlat taʼlim standartini va oʻquv dasturlarini ishlab chiqsin va tasdiqlasin;

2020-yil 10-iyulga qadar 2020/2021 oʻquv yiliga umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 1 — 9-sinflari uchun hamda 1-dekabrga qadar 2021/2022 oʻquv yiliga 10 — 11-sinflar uchun moʻljallangan “Tarbiya” fani boʻyicha darsliklar va oʻquv-metodik majmualarga buyurtmalarni shakllantirsin;

2020-yil 15-iyulga qadar 1 — 9-sinflar hamda 2021-yil 1-mayga qadar 10 — 11-sinflar uchun moʻljallangan “Tarbiya” fani boʻyicha darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni chop etish boʻyicha istisno tariqasida deklaratsiya qilingan narxlar asosida davlat va xususiy nashriyot-matbaa tashkilotlari bilan shartnomalar tuzsin;

“Tarbiya” fanidan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni yangi oʻquv yili boshlangunga qadar chop etishni tashkil etsin va ularning joylarga yetkazilishini taʼminlasin;

2020-yil iyul oyidan boshlab yangi oʻquv yili boshlangunga qadar “Tarbiya” fani boʻyicha tayyorlangan oʻquv dasturlari va darsliklar asosida umumtaʼlim maktablaridagi “Boshlangʻich taʼlim”, “Milliy gʻoya va huquq”, “Tarix” va “Dinshunoslik” mutaxassisligiga ega fan oʻqituvchilari uchun xalq taʼlimi xodimlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish hududiy markazlarida “Tarbiya” fanidan onlayn shaklda maqsadli malaka oshirish kurslarini tashkil etsin;

malaka oshirish kurslari davomida “Tarbiya” fanidan tayyorlangan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni tajriba-sinovdan oʻtkazsin.

4. Belgilab qoʻyilsinki:

“Tarbiya” fanidan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni nashrga tayyorlash va chop etish (darsliklarni nashrga tayyorlash, chop etish va yetkazib berish, tuzuvchilarga haq toʻlash) bilan bogʻliq xarajatlar darslik va oʻquv-metodik majmualarning umumiy narxiga kiritiladi;

“Tarbiya” fanidan darsliklar va oʻquv majmualarini xarid qilish va yetkazib berish xarajatlari:

umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining 1-sinf, Mehribonlik uylari, jismoniy yoki ruhiy rivojlanishida nuqsoni boʻlgan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan maktablar va maktab-internatlari oʻquvchilarini, ijtimoiy yordamga muhtoj oilalar farzandlarini hamda oʻqituvchilar uchun “Tarbiya” fanidan darsliklar, multimedia ilovalari va oʻquv-metodik majmualar nashr etilishi, shuningdek, ijara asosida darsliklar bilan birlamchi taʼminlash — Oʻzbekiston Respublikasining respublika budjeti mablagʻlari hisobidan;

oʻquvchilarni ijara asosida darsliklar bilan taʼminlash — Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi huzuridagi Respublika maqsadli kitob jamgʻarmasi mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

5. Oʻzbekiston Respublikasi Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Din ishlari qoʻmitasi, Xalq taʼlimi vazirligi:

2020 — 2023-yillarda respublika oliy taʼlim muassasalarining “Boshlangʻich taʼlim”, “Tarix” (mamlakatlar va mintaqalar boʻyicha), “Tarix oʻqitish metodikasi”, “Filologiya va tillarni oʻqitish: Oʻzbek tili”, “Oʻzbek tili va adabiyoti”, “Milliy gʻoya, maʼnaviyat asoslari va huquq taʼlimi”, “Pedagogika va psixologiya”, “Dinshunoslik” va Islomshunoslik (Islom tarixi va manbashunosligi)”, “Psixologiya (Din sotsiopsixologiyasi)” taʼlim yoʻnalishlari bitiruvchilariga umumiy oʻrta taʼlim maktablarida “Tarbiya” fanini oʻqitish huquqi berilishi yuzasidan zarur choralarni koʻrsin va mazkur taʼlim yoʻnalishlari oʻquv rejalariga 2020/2021 oʻquv yilidan boshlab tegishli oʻzgartirishlar kiritsin;

Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi bilan birgalikda bir oy muddatda umumiy oʻrta taʼlim maktablarida “Tarbiya” fanini oʻqitish uchun kadrlar tayyorlanadigan yangi taʼlim yoʻnalishi yuzasidan Vazirlar Mahkamasiga asoslangan takliflarni kiritsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan birgalikda oʻzlari qabul qilgan normativ-huquqiy hujjatlarni bir oy muddatda ushbu qarorga muvofiqlashtirsin.

7. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining ijtimoiy rivojlantirish masalalari boʻyicha oʻrinbosari B.A. Musayev va Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vaziri Sh.X. Shermatov zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 6-iyundagi 422-son qaroriga 1-ILOVA

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun “Tarbiya” fanidan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarning yaratilishini muvofiqlashtiruvchi guruh

1. Sh. Shermatov — xalq taʼlimi vaziri, guruh rahbari 2. D. Kenjayev — xalq taʼlimi vaziri oʻrinbosari, guruh rahbari oʻrinbosari 3. Lavozimiga koʻra — Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Prezident, ijod va ixtisoslashtirilgan maktablarni rivojlantirish agentligi direktorining birinchi oʻrinbosari, guruh rahbari oʻrinbosari 4. D. Maxsudov — Din ishlari qoʻmitasi raisining birinchi oʻrinbosari 5. A. Tagayev — Xalq taʼlimi vazirligi Maʼnaviy-axloqiy tarbiya boshqarmasi boshligʻi 6. Sh. Sattorov — Respublika taʼlim markazi direktori 7. L. Gaynutdinova — Oʻquvchilarni kasb-hunarga yoʻnaltirish va psixologik-pedagogik respublika tashxis markazi direktori 8. H. Toʻychiyeva — Xalqaro islom akademiyasi ijtimoiy-gumanitar fanlar kafedrasi mudiri 9. O. Ernazarov — Xalqaro islom akademiyasi ilmiy tadqiqotlar, innovatsiyalar va ilmiy-pedagogik kadrlar tayyorlash shuʼbasi boshligʻi 10. I. Kamolov — Toshkent shahridagi Prezident maktabi tarix, milliy gʻoya, maʼnaviyat asoslari va huquq fanlari oʻqituvchisi 11. Z. Rashidova — Toshkent shahridagi Prezident maktabi ona tili va adabiyoti fani oʻqituvchisi 12. Sh. Toshmirzayeva — Xalq taʼlimi vazirligi tasarrufidagi Filologiya fanlariga ixtisoslashtirilgan davlat umumtaʼlim maktabi oʻqituvchisi 13. B. Xasanova — Toshkent shahar Yakkasaroy tumani 48-sonli umumtaʼlim maktabi oʻqituvchisi 14. Z. Jabborova — Respublika taʼlim markazi metodisti, guruh kotibi

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 6-iyundagi 422-son qaroriga 2-ILOVA

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun “Tarbiya” fanidan darsliklar va oʻquv-metodik majmualarni yaratish boʻyicha tuzuvchilar guruhi

1. D. Kenjayev — xalq taʼlimi vaziri oʻrinbosari, guruh rahbari 2. M. Quronov — Respublika Maʼnaviyat va maʼrifat markazi rahbarining birinchi oʻrinbosari, guruh rahbari oʻrinbosari 3. O. Maxmudov — Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi matbuot kotibi 4. Z. Islomov — Xalqaro islom akademiyasi professori 5. D. Rahimjonov — Xalqaro islom akademiyasi katta oʻqituvchisi 6. D. Roʻziyeva — Nizomiy nomidagi Toshkent davlat pedagogika universiteti professori 7. Z. Zamonov — Oʻzbekiston davlat jahon tillari universiteti kichik ilmiy xodimi 8. Sh. Sattorov — Respublika taʼlim markazi direktori 9. N. Ismatova — Xalqaro islom akademiyasi huzuridagi “Ziyo-zukko taʼlim maskani”direktori 10. S. Madaliyeva — Xalqaro islom akademiyasi huzuridagi “Ziyo-zukko taʼlim maskani” psixologi 11. S. Zokirova — Xalqaro islom akademiyasi huzuridagi “Ziyo-zukko taʼlim maskani” oʻqituvchisi 12. S. Shermuxamedova — Toshkent shahar xalq taʼlimi xodimlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazi katta oʻqituvchisi 13. S. Akkulova — Toshkent shahar xalq taʼlimi xodimlarini qayta tayyorlash va ularning malakasini oshirish markazi katta oʻqituvchisi 14. Yu. Risyukova — “O'qituvchi” davlat unitar korxonasi ilmiy-metodik nashriyot markazi direktorining innovatsiya va rivojlantirish boʻyicha oʻrinbosari 15. S. Xafizov — “O'qituvchi” davlat unitar korxonasi ilmiy-metodik nashriyot markazi boʻlim boshligʻi 16. K. Jalilov — “O'qituvchi” davlat unitar korxonasi ilmiy-metodik nashriyot markazi boʻlim boshligʻi 17. O. Usmanova — “O'qituvchi” davlat unitar korxonasi ilmiy-metodik nashriyot markazi yetakchi mutaxassisi 18. N. Xolmuhamedova — Toshkent shahar Mirzo Ulugʻbek tumani 49-sonli umumtaʼlim maktabi oʻqituvchisi 19. L. Moʻminova — Toshkent shahar Olmazor tumani 29-sonli umumtaʼlim maktabi oʻqituvchisi

Vazirlar Mahkamasining 2020-yil 6-iyundagi 422-son qaroriga 3-ILOVA

Umumiy oʻrta taʼlim muassasalari oʻquvchilari uchun “Tarbiya” fani

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Bugungi globallashuv jarayonlari, fan-texnika taraqqiyoti, innovatsion jamiyatga boʻlgan ehtiyoj yoshlar uchun koʻplab imkoniyatlar yaratmoqda. Ular oldiga tezkor qarorlar qabul qilish, innovatsion tafakkurni shakllantirish, intellektual salohiyatni oshirish bilan birga milliy va umuminsoniy qadriyatlarga sodiq boʻlishdek hayotiy talablarni qoʻymoqda.

Shu bois, Oʻzbekiston Respublikasida “Tarbiya” fani konsepsiyasi mazkur fanni davlatning taʼlim-tarbiya sohasidagi siyosatini amalga oshirishda mavjud boʻlgan dolzarb muammolarni hal etishga yoʻnaltiriladi. Konsepsiya yosh avlod tarbiyasidagi ishlarni yangi bosqichga olib chiqishga qaratilgan ustuvor vazifalar, asosiy maqsad va yoʻnalishlarni belgilab beradi.

Shuningdek, Konsepsiyada belgilangan yoʻnalishlar mamlakat yoshlarini maʼnan va jismonan barkamol qilib tarbiyalash, iqtidori va salohiyatini roʻyobga chiqarish, ularni davlat va jamiyatning rivojiga keng jalb etish, tashabbuslarini yetarli darajada qoʻllab-quvvatlash maqsadida huquqiy asoslar, iqtisodiy imkoniyatlar va tashkiliy mexanizmlarni yanada kengaytirishga xizmat qiladi.

2. Mazkur Konsepsiya Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi, Oʻzbekiston Respublikasining “Taʼlim toʻgʻrisida”gi, “Yoshlarga oid davlat siyosati toʻgʻrisida”gi qonunlari, xalqaro huquqning umumeʼtirof etilgan hujjatlari, xususan “Bola huquqlari toʻgʻrisida”gi, “Bola huquqlarining kafolatlari toʻgʻrisida”gi konvensiyalar, Birlashgan Millatlar Tashkilotining “Yoshlar-2030” strategiyasi hamda Oʻzbekiston Respublikasining taʼlim toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga asoslanadi.

3. Konsepsiyada belgilangan vazifalar Oʻzbekiston Respublikasini rivojlantirishning beshta ustuvor yoʻnalishi boʻyicha Harakatlar strategiyasi talablari, Uzluksiz maʼnaviy tarbiya konsepsiyasi, milliy va jahondagi ilgʻor tajribalar, mamlakatimizdagi ijtimoiy-siyosiy oʻzgarishlar bilan uygʻun ravishda amalga oshiriladi.

4. Konsepsiya umumiy oʻrta taʼlim tizimida oʻquvchilarning yoshiga mos maʼnaviy rivojlanishini taʼminlash va faol fuqarolik kompetensiyalarini shakllantirish maqsadida umumiy oʻrta taʼlim maktablarida oʻqitilayotgan “Milliy istiqlol gʻoyasi: asosiy tushuncha va tamoyillar” turkumiga kiruvchi fanlar “Odobnoma”, “Vatan tuygʻusi”, “Milliy istiqlol gʻoyasi va maʼnaviyat asoslari”, “Maʼnaviyat asoslari”, “Dunyo dinlari tarixi” fanlarini birlashtirgan yagona Tarbiya fanining asosiy yoʻnalishlarini belgilab beradi. Shu maqsadda, Xitoy Xalq Respublikasi, Singapur, Yaponiya, Koreya Respublikasi, Avstraliya, Germaniya, Buyuk Britaniya, Fransiya va Rossiya Federatsiyasi kabi davlatlarning tajribalari oʻrganildi, amaldagi fanlarning oʻquv dasturlari har tomonlama qiyosiy tahlil qilindi.

5. Konsepsiya asosida yaratilgan dastur amaldagi Sogʻlom avlod asoslari, Salomatlik, Yoʻl harakati qoidalari, Hayot xavfsizligi asoslari, Salomatlik darslari, Huquqiy tarbiya, Ekologik tarbiya, Media madaniyati, Iqtisod va soliq saboqlari kabi bir qancha fakultativ oʻquv kurslari dasturlarini birlashtiradi.

6. Konsepsiya umumiy oʻrta taʼlimning davlat taʼlim standartlarida belgilangan talablarning (keyingi oʻrinlarda — Malaka talablari) negizi hisoblanadi. Konsepsiya “Tarbiya” fanini oʻrganish bosqichlari, oʻquv fani boʻyicha taʼlim mazmuni va malaka talablarining tuzilishini belgilaydi.

2-bob. Konsepsiyaning dolzarbligi va zarurati

7. Bugungi kunda rivojlangan davlatlarda yoshlar bilan ishlashning yangicha modellarini yaratishda innovatsion mexanizm va texnologiyalarni qoʻllashga doir koʻplab amaliy ishlar qilinmoqda.

8. Shiddat bilan oʻzgarayotgan dunyoda oʻquvchi-yoshlarni muvaffaqiyatli ijtimoiy hayotga tayyorlashda masʼuliyat, majburiyat, huquqiy ong va huquqiy madaniyat, teran dunyoqarash, sogʻlom eʼtiqodlilik, maʼrifatlilik, diniy va milliy bagʻrikenglik, maʼnaviy, fuqaroviy, madaniyatlararo, ijtimoiy kabi fazilatlarni shakllantirish kun tartibidagi asosiy masalalarga aylanib bormoqda.

Shu bois yoshlar tarbiyasiga bevosita taʼsir koʻrsatadigan “Milliy istiqlol gʻoyasi: asosiy tushuncha va tamoyillar” turkumiga kiruvchi fanlarni oʻqitish taʼlim jarayoniga yangicha yondashuvni taqozo etmoqda. Jumladan, yoshlar tarbiyasida dunyoda yuz berayotgan murakkab geosiyosiy va mafkuraviy jarayonlarga toʻgʻri baho bera olish, ijtimoiy muammolarni hal etishda toʻgʻri qaror qabul qilish, hayotda oʻz oʻrnini topish bilan bogʻliq boʻlgan aniq maqsadlarni shakllantira olishga oʻrgatish, buning natijasi oʻlaroq, oila-jamiyat oʻrtasidagi munosabatlarning uzilib qolishining oldini olish, loqaydlik, huquqbuzarlik, “ommaviy madaniyat”ning turli koʻrinishlaridan saqlash imkoni yaratiladi.

Bu, oʻz oʻrnida, Oʻzbekiston Respublikasini siyosiy, ijtimoiy-iqtisodiy va madaniy-maʼnaviy rivojlantirishning muhim omili boʻlgan yoshlar tarbiyasi shaxsan Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining tashabbuskorligida davlat siyosati darajasiga koʻtarilganini inobatga olib, ushbu yoʻnalishdagi prinsipial yondashuvlarni takomillashtirish, strategik maqsad va vazifalarning konseptual asoslarini ishlab chiqish zaruratini talab qildi.

3-bob. Konsepsiyani joriy etishning asos va prinsiplari

9. Konsepsiyada belgilangan vazifalar ijrosini taʼminlashdagi asosiy prinsiplar quyidagilar hisoblanadi:

milliy va umuminsoniy qadriyatlarning ustuvorligi;

ongli vatanparvarlik ruhini rivojlantirish;

sohadagi zamonaviy ilmiy-tadqiqotlarga asoslanish;

ochiqlik va shaffoflik;

tarbiya sohasiga oid tashabbuslarni qoʻllab-quvvatlash va ragʻbatlantirish;

tarbiya sohasiga doir siyosatni amalga oshirishda ishtirok etuvchi davlat organlari, nodavlat notijorat tashkilotlari, xususiy sektor faoliyatining muvofiqligi va mutanosibligi.

10. Huquqiy asoslari:

Konsepsiyani amalga oshirish orqali shaxs tarbiyasida milliy normativ-huquqiy bazani mamlakatda amalga oshirilayotgan islohotlarga muvofiq shakllantirish;

vazirliklar va idoralar, muassasalar, davlat hamda nodavlat korxona va tashkilotlari, fuqarolik jamiyati institutlari, shuningdek, Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari “Tarbiya” fani konsepsiyasining amalga oshirish tizimini tashkil etadi.

11. Tashkiliy-boshqaruv asoslari:

Konsepsiyani amalga oshirishning kompleks chora-tadbirlar rejasi hamda tegishli vazirlik va idoralarning qoʻshma qarorlarni ishlab chiqish;

ilgʻor pedagogik tajribalarni aniqlash, oʻrganish va ularni ommalashtirish, ragʻbatlantirishni tashkil etish;

“Tarbiya” fani konsepsiyasining samaradorligini monitoring qilish.

12. Ilmiy-metodik asoslari:

shaxsning ijtimoiylashuvi va tarbiyasiga oid ilmiy-tadqiqot izlanishlarini amalga oshirilishini taʼminlash;

“Tarbiya” fani malaka talablari, oʻquv dasturlari va oʻquv rejalarini shakllantirish;

“Tarbiya” fani darsliklarini yaratishda samarali tarbiya texnologiyalarini joriy etish;

“Tarbiya” fani oʻquv-metodik majmuasini yaratish va amaliyotga yoʻnaltirish;

davlat taʼlim standartlari talablari asosida oʻquvchilar tomonidan odob-axloq, bilim, koʻnikma va malaka hamda kompetensiyalarning toʻliq oʻzlashtirilishiga erishish;

oʻquvchilarda mustaqil va erkin fikrlashni hamda ularning ijodiy qobiliyatlarini rivojlantirish;

oʻquvchilarda ilmiy dunyoqarash va global tafakkur yuritish kompetentligini shakllantirish;

umumtaʼlim fanlarini oʻqitishning prinsipial yangi metodologiyasi asosida taʼlim-tarbiyaning uzviyligi va uzluksizligini taʼminlash.

13. Fanning tarkibi, mazmuni, oʻquv-metodik taʼminoti:

umumiy oʻrta taʼlim maktablarida Tarbiya fanini oʻqitish talablari quyidagi bosqichlarda ishlab chiqilishi zarur:

boshlangʻich sinf (A2), toʻqqizinchi sinf (A2+), oʻn birinchi sinf (V1) bitiruvchisiga qoʻyiladigan minimal malaka talablari, kompetensiyalar, baholash tartibi va oʻquv dasturlari. Har bir bosqich maʼnaviy-axloqiy, tafakkur, huquqiy, fuqaroviy, iqtisodiy, jismoniy, ekologik, estetik tarbiya turlarini oʻz ichiga olishi lozim;

har bir bosqichda oʻquvchilarni milliy va umuminsoniy qadriyatlarni hurmat qilish ruhida tarbiyalash;

oʻquvchilar tarbiyasida oilaning maktab bilan oʻzaro samarali hamkorligini mustahkamlash, ota-onalarga, boshqa millat va madaniyat vakillariga boʻlgan hurmatni umuminsoniy tamoyildan kelib chiqib shakllantirishni qoʻllab-quvvatlash;

bola huquqlarini himoya qilish va ularning qonuniy manfaatlarini taʼminlash;

uzluksiz taʼlim tizimiga “Milliy tiklanishdan — milliy yuksalish sari” tamoyiliga asoslangan milliy qadriyatlarni singdirish;

oʻquvchilarni har tomonlama, jismoniy, ruhiy, maʼnaviy-axloqiy rivojlantirish orqali ijtimoiy hayotga moslashtirish va turli murakkab vaziyatlarda toʻgʻri qaror qabul qilishga oʻrgatish;

bolada faol fuqarolik pozitsiyalarini shakllantirish;

dunyo dinlarining koʻp asrlar davomida avloddan avlodga oʻtib kelayotgan maʼnaviy qadriyat ekanini tushuntirish bilan bir qatorda, hech bir dunyo dinida zoʻravonlik, terrorizm va ekstremizm gʻoyalari targʻib etilmasligini tushuntirish;

shaxs faoliyatida ijtimoiy-maʼrifiy institutlar bilan hamkorlikni kuchaytirish;

maʼnaviy-axloqiy jihatdan muammosi bor yoki tarbiyasida boʻshliqlar mavjud boʻlgan yoki notinch oila farzandlari, jinoyatchilikka moyil boʻlgan yoki profilaktik roʻyxatda turadigan yoshlar bilan individual tarzda ishlash tizimini takomillashtirish.

4-bob. Oʻquv-metodik majmuaga qoʻyiladigan talablar

14. Oʻquv-metodik majmuaning yangi avlodini ishlab chiqish prinsiplari hamda ularning mazmuni va sifatiga qoʻyiladigan talablar:

oʻquvchilarda tayanch kompetensiyalarni shakllantirish;

“Milliy tiklanishdan — milliy yuksalish sari” prinsipi mazmun va mohiyatini oʻquvchilarning ongu tafakkuriga singdirish;

oʻquvchilarni muvaffaqiyatli ijtimoiy hayotga tayyorlash;

faol fuqarolik pozitsiyalarini mustahkamlash;

masʼuliyat, majburiyat, huquqiy ong va huquqiy madaniyat, teran dunyoqarash, sogʻlom eʼtiqodlilik, teran maʼrifatlilik, bagʻrikenglik kabi fazilatlarni shakllantirish vazifalarini belgilaydi.

Tarbiya fani oʻquvchilarda faol fuqarolik pozitsiyasini shakllantirish, ularning har tomonlama ijtimoiylashuviga koʻmaklashish, samarali hamkorlik qilish, vaqtini mazmunli tashkil etish, milliy, maʼnaviy va umuminsoniy qadriyatlarni hurmat qilish, oʻzlarining intellektual va ijodiy salohiyatini roʻyobga chiqarishga xizmat qiladi.

15. Shu bilan birga, yoshlar oʻrtasida uchrayotgan salbiy holatlarning asl sabablarini aniqlash va oldini olish, huquqbuzarlik va jinoyatchilikni keskin kamaytirishga qaratilgan quyidagi profilaktik ishlar natijadorligini oshirishga zamin yaratadi:

oʻquvchilarda milliy gʻurur va iftixor, moddiy va maʼnaviy merosni asrab-avaylashga qaratilgan insonparvarlik tuygʻusini tarkib toptirish;

davlat taʼlim standartlari talablari asosida oʻquvchilar tomonidan bilim va hayotiy koʻnikmalarning toʻliq oʻzlashtirilishiga erishish;

oʻquvchilarda mustaqil va erkin fikrlashni hamda ularning ijodiy qobiliyatlarini rivojlantirish;

yangi avlod oʻquv-metodik majmualarini yaratish va amaliyotga joriy etish;

umumtaʼlim fanlarining oʻqitish metodologiyasini takomillashtirish asosida taʼlim-tarbiya samaradorligini oshirish.

16. Oʻquv-metodik majmuani ishlab chiqish prinsiplari:

mazkur fan boʻyicha oʻquvchilarga sifatli bilim berish, ularni toʻgʻri tarbiya yoʻliga yoʻnaltirish, zarur bilim va hayotiy koʻnikmalarga ega boʻlishlariga, mustaqil hayotga moslashishlariga koʻmak koʻrsatish, turli vaziyatlarda huquqiy, maʼnaviy mezonlarga asoslangan holda qaror qabul qilish koʻnikmalarini shakllantirishga qaratilgan estetik jihatdan zamonaviy bezatilgan, qiziqarli va psixologik-pedagogik materiallarga boy quyidagi oʻquv-metodik majmualar kompleksini talab qiladi:

oʻquv-metodik majmua taʼlim sohasidagi davlat siyosatining asosiy prinsiplari asosida yaratilganligi;

oʻquvchilarning aqliy va jismoniy imkoniyatlari, yoshi, psixofiziologik xususiyatlari, bilim darajasi, qiziqishlari, layoqatlari hisobga olinganligi;

oʻquvchilarda vatanparvarlik va milliy iftixor tuygʻusini shakllantirishga qaratilganligi;

umumiy oʻrta taʼlimining zarur hajmi berilganligi, oʻquvchilarda mustaqil ijodiy fikrlash, tashkilotchilik qobiliyati va amaliy tajriba koʻnikmalarini rivojlantirishga yoʻnaltirilganligi;

mavzularning mazmunan izchilligi, ilgʻor pedagogik texnologiyalar, media-mahsulotlardan unumli foydalanilganligi.

17. Darslikka qoʻyiladigan didaktik talablar:

oʻquvchilar tomonidan oʻquv materiallarining toʻliq oʻzlashtirilishini taʼminlash;

matnlar axborot berishga emas, balki oʻquv fani mazmun-mohiyatining oʻquvchilar tomonidan anglash va hayotga tatbiq qilish maqsadlariga xizmat qilishi;

qiziqarli, loʻnda va hamma uchun qulay va tabaqalashtirilgan boʻlishi;

ilmiy dunyoqarashni shakllantirish, vatanparvarlik va millatlararo totuvlik talablariga javob berishi, aniq dalillarga asoslangan materiallardan tarkib topishi;

taʼlimning kundalik hayot va amaliyot oʻrtasidagi bogʻliqligini taʼminlashga, olingan bilimlarni amaliyotda qoʻllay olish iqtidori shakllantirilishiga, boshqa oʻquv fanlari bilan uzviy bogʻliqlikni taʼminlashga yoʻnaltirilgan boʻlishi;

rasmlar koʻrinishidagi illustratsiyalar: xaritalar, chizmalar, sxemalar, jadvallar, diagrammalar, fotosuratlar, infografikalardan iborat mediamahsulotlar bilan bezatilgan boʻlishi;

oʻquvchilar psixo-fiziologik rivojlanish darajasiga mos yangi tushunchalar, atamalar, qoidalar, taʼriflar va shu kabi lugʻat koʻrinishida ifodalangan boʻlishi lozim.

18. Darslikka qoʻyiladigan ilmiy-metodik talablar:

fan-texnikaning soʻnggi yutuqlarini oʻzida aks ettirishi;

oʻquv fani mavzularining mazmunan yaxlitligi taʼminlangan boʻlishi;

oʻquv fani mavzulari adabiy til qoidalariga qatʼiy rioya qilgan holda oddiy, sodda, tushunarli va ravon tilda bayon qilinishi;

mantiqiy ketma-ketlik va izchillikka amal qilinishi;

Oʻzbekiston xalqining mentalitetiga zid boʻlmagan tegishli illustratsiyalar bilan boyitilishi;

savol va topshiriqlarning aniq ifodalangan boʻlishi;

oʻquvchilarni fikrlashga, yozishga, tasvirlashga, chizma chizishga, hisoblashga, amaliy ishlarni bajarishga, tajribalar oʻtkazishga oʻrgatishda pedagogik texnologiyalardan foydalanish nazarda tutilgan boʻlishi;

bir tushunchaning ikki xil atama bilan ifodalanishiga, sanalarni keltirishda noaniqlikka yoʻl qoʻyilmasligi;

oʻquvchilarni muvaffaqiyatli ijtimoiy hayotga yoʻnaltirishga oid matn va rasmlar, izohli lugʻat, texnik ijodkorlik, mantiqiy va innovatsion tafakkurni oʻstirishga qaratilgan loyihalash hamda modellashtirish topshiriqlarini qamrab olgan boʻlishi lozim.

19. Darslikka qoʻyiladigan pedagogik-psixologik talablar:

keng jamoatchilik tomonidan tan olingan ilmiy asoslangan maʼlumotlar, oʻquvchilarning bilim darajalari, eslab qolish qobiliyatlari, tafakkuri inobatga olingan holda, voqea va hodisalarning mohiyatini anglashga hamda amaliy qiziqishlarini rivojlantirishga, bilim olish va amaliy faoliyat bilan shugʻullanishga boʻlgan ehtiyojlarini toʻlaqonli qondirishga yoʻnaltirilgan boʻlishi;

oʻquv fani mavzularining oʻquvchi yoshi va psixo-fiziologik xususiyatlariga mos holda berilishi, maʼlum bir faktlar, tushunchalar, qoidalar va fanlararo bogʻliqlikni hisobga olgan holda tushunarli bayon qilinishi;

oʻquvchilarning yangiliklarni qabul qilish qobiliyatlari, oldin olgan bilimlarini oʻzlashtirganlik darajasi hisobga olinishi lozim.

20. Darslikka qoʻyiladigan estetik talablar:

belgilangan talablar darajasida yorqin, rangli, chiroyli bezatilgan, zamonaviy dizayniga mos boʻlishi;

matnlar va illustratsiyalarning uygʻunligi va oʻquvchilar yoshiga mosligi;

boʻlim, bob, mavzular matnlarining turli shakl va ranglar bilan ajratilishi, ularning mutanosibligi taʼminlanishi lozim.

21. Darslikka qoʻyiladigan gigiyenik talablar:

matn va illustratsiyalar sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga mos boʻlishi;

harflarning kattaligi va qogʻozning sifati (ogʻirligi, qalinligi, oqligi va shaffofligi) taʼlim muassasalari uchun matbaa mahsulotlarining xavfsizligi toʻgʻrisidagi umumiy texnik reglamenti talablariga mos boʻlishi lozim.

5-bob. Yakunlovchi qoida

22. Konsepsiyada nazarda tutilgan maqsad va vazifalarga erishishning moliyaviy xarajatlari Oʻzbekiston Respublikasining davlat budjeti, yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari va qonunchilikda taqiqlanmagan boshqa manbalar hisobidan amalga oshiriladi.

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri A. ARIPOV

Toshkent sh.,

2020-yil 6-iyul,

422-son

(Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 07.07.2020-y., 09/20/422/1033-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 08.05.2023-y., 09/23/193/0260-son)

lex.uz